Саналар
14.11.2024
Баннер
Мунавварқори Абдурашидхонов. Маҳбусдан ариза (1930)
PDF Босма E-mail

Восточний отдел уполномочени ўртоқ Агидулинга таржимаси: ўртоқ Карутскийга ҳам Московдан келган меҳмон ўртоққа

Маҳбус Мунаввар қори Абдурашидхоновдан

АРИЗА

Бугун ман маҳбусларнинг гуноҳкори ва энг ҳақсизи сифатинда ҳар ҳуқуқдан маҳрум ва ҳатто энг оғир гуноҳлилар ҳам фойдаланадурғон уборний ва ювинишға ҳам чиқорилмасдан, одиночкада яшайман. Бунга сабаб, эҳтимолким, показаниеларимға ишонилмағонлиғи, нотўғри деб гумон қилинмоғлиғи бўлса керак. Ҳолбуки, ман ҳар нима сўроқлар бўлса ҳам тўғри ва очиқ жавоб бера бошлағонимдан, бошқаларға ўхшаб, ойлаб айбимдан тониб сизни ва ўзимни (масалан, Салимхон) қийнаб турғоним йўқ. Бунинг учун сиздан олғон мукофотим бу кунги одиночний қийноғи бўлди. Ушбу аризам ила баробар сизга Наманган ва Тошканд ташкилотлари тўғрисинда энг сўнгғи маълумотимни топшураман. Эҳтимолки, бу запискамга ҳам инонмассиз, нотўғри гумон қиларсиз, арестантлик ҳуқуқимни бундан ҳам озайтирасиз, лекин, чорам йўқ, асирман сизнинг қошингизда. Бир пашша қадар қувватга эга эмасман. Бир бармоғингиз билан андак боссангиз, эзилиб ҳалок бўлишимға кўзим етадир. Шу ҳолимни била туриб, нима мақсадда сизга нотўғри маълумот бераман? Ўлумдан қўрққаним йўқ. Чунки ҳозирги ҳаётдан ўлимни минг мартаба яхши, деб биламан. Ҳар минутда ўзимға ўлим тилайман. Фақат ҳозир ўлум ҳам мандан ҳазар қиладур. Нотўғри маълумот билан сиёсий идорани алдаб, ўзимни оқлаб, қутулмоқчи бўламанми? Йўқ. Ёлғон билан сиёсий идорани алдолмаслиғимни ва ҳар бир ёлғоннинг мани айб ва гуноҳ ботқоғига ортиқроқ ботира боришлиғини жуда яхши англайман.

Бунда ўтурғон наманганлик ўртоқлар: «Бизнинг сиримизни бошлаб очқан шу бўлди», деб манга қарши тиш қайраб ўтурадурлар. Салимхон кўп сизга яхши кўринмоқ учун манга хат ёзиб, хизматчи бола орқали камеранинг тешигидан манга ташлағондир. Ва шу бола орқали икки кун қистаб, мандан жавоб ёздириб оладир. Ва ул жавобни тўғри сизга чиқариб берадир. У мани ҳозирғи положениега тушишимға, балки, сабаб бўладир. Маним сизга берган нотўғри маълумотимни қувватлайтурғон «дўст»ларим шуларми? Буларнинг ҳар бирлари мумкин бўлса, ўзлари учун мани қурбон қилишга ва ўз айбларин ҳам маним устимға оғдаришға тайёрдурлар. Шунинг учун маним олдимда биргина йўл қолғон, ул ҳам бўлса, бу бутун қолғон ва билғон ишларимни ҳеч бир қўрқмасдан ва яширмасдан, очиб ўртоға ташлаш ва бошимни сиёсий идоранинг остонасига қўйиб, ундан ушбу Тошканд ва Наманган кишиларини маним эски исмим ва шуҳратимга қарамасдан туриб текширишни ўтуниш ва ўзимни бутунлай шул идоранинг ҳимоясига таслим этиш. Манга бундан бошқа нажот йўли йўқ эконлиғиға иймон келтирғанман. Агарда умумий сиёсат талаб этар экан, сиёсий идоранинг кўрсатуви бўйича гарча ўз зараримга бўлса, баъзи фидокорликлар кўрсатмакка ҳам ҳозирман. Сиёсий идоранинг мақсади ҳам, албатта, манга ўхшаш бир неча ерлик зиёлиларни бор-йўқ айблар билан айблаб йўқотиш бўлмасдан, шул Тошканд ва Наманган ташкилотларининг ҳақиқий юзларин очиш бўлса керак, деб ўйлайман. Мана шу юқоридағи иймон ва ишончлар ила ёзган ушбу сўнгғи заявкамдаги ҳар бир жумланинг тўғри ва самимийлигига жавобгарман. Фақат бу заявкамга ул машҳур миллатчи Мунаввар қорининг «эски ашуласи», деб қаралмасдан, оддий бир гуноҳкорнинг очиқюрак билан қилғон иқрори, берган маълумоти, деб қаралмоғини ва шул асосда текширишға такрор илтимос қиламан. Чунки бу икки саҳнага ман сўнгдан-да, содда ва нодон ва алданувчи ролда чиққанлиғимни ҳозир сезиб ўтураман.

Бу «запискам» билан ман ўзимни ташкилотчилиқдан оқламоқчи эмасман. Балки, сўнгғи Наманган ва Тошканд ташкилотларидағи ролим ва иштироким сизнинг қошингизда иқрор ва амалан айтмакчиман, ҳақиқатда эса ўзим ҳам бир ташкилотда бўлғон эдим. Бутун идораларни ерли тилда юргизиш ва булардан ишловчи овруполиларни ҳам ерли тилда сўзлашга ва ёзишга мажбур этиш ва бунга тўсқинлик кўрсататурғон буюк рус миллатчилари ила курашмак учун бутун ерли зиёлиларни бир ташкилот байроғи остиға тўплаш каби хаёллар ила доим бош қотирардим, фақат 24—25-нчи йиллардан бошлаб маним фикримда ўзгариш пайдо бўлди. Ҳали ерли халқнинг маданий даражаси бутун идора ишларини ерли тилда юргиза олатурғон бир даражага етмаганлиғиға қаноат ҳосил қилдим. Ҳар қандай бир махфий ташкилот бўлмасин, сиёсий идорадан қутилолмаслиғига кўзим етди, ҳам ман ўйлағон ишларни ҳукуматнинг ўзи ишлаб, яхшироқ бажаришлиғига иймон келтирдим. Шунинг учун 24—25-нчи йилдан бошлаб ўзимни эски ташкилотдан тортиб олиш ила баробар, бошқаларни ҳам шундан қайтариш фикрига тушғон эдим. Лазиз ва Салимхонларға шул фикрлар ва шул йўлда муомала қила бошлағон бўлсам ҳам, Наманган масаласиға келганда «запискам»да ёзилғон бўш хаёллар мани йўлдан адаштирди. Қартайған ҳолимда бу кунги фалокатга мани дучор этди. Энди ихтиёрим сизнинг қўлингизда, ўлдирсангиз, мана бошим, агарда ўз ҳимоячангизға олиб ишлатаман, десангиз, қолғон умримни фирқанинг ва шўроларнинг сиёсат манфаатигагина сарф этиб, эски гуноҳларимни ўз қўлим билан тозаламоққа тайёрман.

Мани ҳаётимга келганда, энг камбағал бир оиладан бўлиб, бутун умримни халқ манфаати ва халқ фойдасиға сарф этган бир жамоат ходимиман, умримда пулга, молга, амалга қизиқмадим. Билиб туриб, бир хаёлот ва жиноят қилиб айбланган эмасман. Энг фақирона бир турмушқа қаноат қилдим. Бисотимда биргина ҳовлим бўлса, унинг ҳам оиламдан зиёдасини халқ фойдасиға, маорифға ҳадя қилдим. Унда ҳозир «Биринчи май» мактаби давом этадир. 20-йил ўрталариға қадар Туркистоннинг биринчи инқи-лобчиларидан саналардим. 20-нчи йидда «рисқуловшина»лар группасига кириб, аксилинқилобчилик ботқоғиға ботдим. Бунинг тафсилини кейинги «заявлениям»да ёзаман. Ул чоқларда ман билан бирга ишлаганларнинг баъзилари чиндан ва баъзилари пул ва амал тамаъида мунофиқлик сотиб, исмларини ул ботқоқдан тортиб олдилар. Ман бўлсам, ул вақтларда фирқанинг баъзи сиёсатига қўшила олмадим. Мунофиқлиқ қилишға виждоним қабул этмади. Шунинг учун аксилинқилобчилик ботқоғидан жисмимни тортиб олғон бўлсам, исмимни тортиб ололғоним йўқ. Агарда ёрдам қилар эканман, шўроларнинг дохилий ва хорижий сиёсатига хизмат қилиб, исмимни ҳам ул ботқоқдан тортиб оларман, умидидаман.

1930 йил, 13 май

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин