Саналар
21.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Бизни ҳоллар ва ишлар (1914)
PDF Босма E-mail

БИЗНИ ҲОЛЛАР ВА ИШЛАР

12-адад «Ойна»да Самарқанднинг Мирзо Улуғбек ҳазратлари жомеъинда муаззин тарафидан усули жадид мактабинда ва ҳам русча ўқумоқни ямонлиги ҳақинда жумаъдаги мусулмонларға нутқ қилингони ва ҳар ким усули жадида мактабиға бала берса, ўзи кофир, хотуни талоқ дегани ва бир неча самарқандийни от тутуб, «алар кофир ва ўрус» дегани ёзилиб эди.

Ушбу нутқ ҳукуматға маълум бўлуб, ҳукумат тарафидан Мадрасаи Тиллакори ва Мадрасаи Мирзо Улуғбек мударрислари жаноб Мулло Имомназар ва жаноб Мулло Салим ва ҳам нутқ қилгон муаззиндан сўралибдур. Жаноб мударрислар ушбу нутқдан хабаримиз йўқ дебдурлар. Муаззин айтибдурки, «Ман усули жадид ва ё русча ўқумоқ ва ё усули жадидчилар ҳақинда ҳеч бир нимарса айтганим йўқ. Фақат "Анжумани арвоҳ" исмлидаги янги чиқғон рисолаға эътиқод қилманглар, дедим» деб бошқа айтганлариға мункир бўлубдур.

Ҳукумат тарафидан билдурулубдурки, баъзинда мундай ямон ҳаракатлар воқеъ бўлса, сабабчини беш йиллик бадарға қилинур. Китоб тўғрисинда закун бўйинча ҳаракат лозим. Бечора муаззин масжиди жомеъда ва бир неча минг киши ҳузуринда айтғон сўзиға мункир бўлгани, ани қайси даражадаги одамлигини кўрсатур. “Ойна” муҳаррири имониға ҳам ўшал муаззин чанг солибдур деган сўзлар ҳам эшитиладур. Бул сўз собит бўлганда, «Ойна» муҳаррири, албатта, анга даъво (қазаф) қилур. Аълон муаззин сўзиға умумий тарафдан қараб бир оз муҳокама қилармиз. Усули жадид ва русча ўқумоқ раддиға сўйлагани собитдур. Биз, аввалан, шуни ёзармизки, на усули жадида мактабиға ўқуғон сабабли ва на русча ўқуғон важҳидан киши кофир бўлмайдур. Муаззин мунга ҳеч далили шаръий ва ақлий кўрсатолмайдур.

Мундан қатъи назар муаззинни устози муҳтарам Ҳожи Мулло Тўрахўжа мударрис жаноблари усули жадид мактабининг бонийси ҳисобланурлар. Усули жадидчиларни ва русча ўқугонларни «маълум мажлис»да куфр қудуғи бўйиғача судраган самарқандий муҳтарам Мулло Саидаҳмад Васлий шоир жаноблари ва Ҳожиаҳмад мударрис жанобларининг устодлари муҳтарам Ҳожи Мулло Тўрахўжа жанобларига: «Истанбул шайхулисломи Туркистон ва Бухорода усули жадид мактабларини ривож бермоқға ва Русия мактаблариға бола бермоқға уламонинг саъйи ва ҳаракати лозимдур», — деб айтганларини мазкур муҳтарам Ҳожи Мулло Аҳмад мударрис жаноблари нақл қилиб эдилар ҳамда Ҳожи Мулло Аҳмад афанди айтиб эдиларки: «Истанбул шайхулисломини устодим Эшон Тўра илан зиёрат қилдим. Шайхул-ислом жаноблари дедиларки, биз эшитармизки, Бухоро ва Туркистон уламоси усули жадидни ямон дер эмишлар, ажабо! Далиллари надур? деб мавоҳаза қилмоқчи бўлганда, ман, Мулло Ҳожиаҳмад, дедимки, — афандим, бизни шайхимиз (Эшон Тўрахўжа домлани мурод этар) усули жадидни мудофеъи ва ҳомийсидурлар»,—деб қутулдик. Ажабо, Ҳожи Мулло Аҳмад мударрис жаноблари Истанбулдан шул қадар сўзлаб, яна қандай номи киромийлари илан бир-икки жадидчини «маълум мажлис»да алар ғойибонасиға жаноб устоди муҳтарам Ҳожи Мулло Абдужалил махдум мударрис ва Ҳожи Мулло Тўрахўжа мударрис ҳузурларинда куфрға нисбат бериб, бадном этарлар. Ҳолбуки куфрға нисбат берган одамлариданки, бири руси ўқугон, расмий омури ҳукумат, дигари русча билмайдургон оддий бир кишидур. Алар ҳақинда ҳурмат ва риоят, балки ионатдан бошқа бир нимарса содир бўлгон йўқдур.

Ўтайлук. Ҳануз олти ой бўлган йўқ усули жадид мактабинда волийи вилоят ҳузуринда Самарқанд қозиси ва Самарқандни акбари уламо ва содотидан жаноб Қози Мулло Муҳаммад Исохўжа мударрис ва қози Абдулҳайхўжа ва қози Мулло Абулқосим ва қози Мулло Бақохўжа жаноблари усули жадид мактабини айни шариат ва усули қадимдан кўра нофеълигини баён қилиб эдиларки, «Самарқанд» жаридаси ёзиб эди. Ажабо, олти ой ўтмасдан, қандай бўлдики, усули жадид мактаби ва усули жадидчилар мажлисларда, ҳатто, жомеъи шарифда такфир қилинадур? «Анжумани арвоҳ» рисоласи ҳақинда ҳам жаноб Қози Мулло Муҳаммад Исохўжани «сўзлари ҳамма(си) тўғри ва дуруст» дегонлари ривоят қилинур. Ҳаммадан ажойиби булки, муаззин минглар ила киши ҳузуринда айтгон сўзиға ҳукумат ҳузуринда ҳамда ўзини устоди ҳузуринда мункир бўлур. Биз бу сўзни ёзмас эдук ва аммо бутун халқ орасинда шуҳрат тобгани ва жомеъи шарифда сўйлангани учун ва Туркистондаги юз минг оталарга болалари усули жадид мактабиға ўқуйдур. Аларға дафъи иштибоҳ қилмоқ учун ва халойиқни ҳар нимарсадан азиз имониға чанг урулгон учун ёзиб фурсатимизни фавт қилармиз. Валлоҳ айтиб туруб, мункир бўлгучи киши сўзини бир пуллик эътибори йўқдур. Оҳ! Биз қандай кейин қолганмиз. Халқи олам усули жадид ва илми замоний ила осмонларға учар, биз ҳануз бир-биримизни такфир ва талъин ила вақт ўткарармиз.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 13-сон, 200202-бетлар.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин