Саналар
21.11.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Сарт сўзи мажҳулдур (1915)
PDF Босма E-mail

Ул зоти анвар амири Бухоро ҳазратларининг ҳузури ҳумоюн русча таржимони муҳтарам Баҳромбек қоровулбеги жаноблари: «Биз Туркистон ва Бухоро халқининг турклиги маълум бўлуб туруб... на учун сарт атайдурлар?» — деб мўътабар «Шўро» мажалласининг 1911 йил 16-ададинда савол этиб эдилар. Мазкур мажалланинг 19-ададинда «Ойна» муҳаррири тарафидан «Сарт сўзи мажҳулдур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди.

«Шўро»нинг 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохўжа тарафидан «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди. Мўътабар «Таржумон» муҳаррири муҳтарам Исмоилбек жаноблари «Таржумон»да «сарт» атамоқни дуруст эмаслиги тўғрисинда бир неча дафъа ёзиб эдилар. Сарт ҳақиндаги туркий мақолаларнинг натижасини мўътабар устод Исмоилбек жаноблари тафсили илан Тошканда чиқатургон «Туркестанский курьер» русча жаридасинда ҳам ёзиб нашр қилдуруб эдилар. «Ойна»нинг (?) рақаминда яна ушбу тўғридан жаноб Баҳромбек қоровулбеги сўз қўзғотиб эдилар.

Тотор муаррихи муҳтарам Аҳмад Заки Валидий жанобларининг Самарқандда келганларинда сарт сўзи ҳақинда баъзи муколималар ҳам бўлуб эди. Туркистон ёшларидан ушбу тўғрида бир неча эътироз — «прўтест» номалар ҳам келиб, у жумладан Тошкандникини. «Ойна»да ёзилди. Яна ушбу тўғридан идорада саволлар келган сабабли «Сарт масаласи» ҳақинда қисқалик ила минбаъд ёзилатургон нимарсалар хулоса қилинди. Ва ушбу тўғридан асослик нимарсалар ёзатургон азизлар учун «Ойна» саҳифалари очуқдур.

Энди матлабға келайлук. «Ойна» муҳаррири тарафидан 19-адад «Шўро»да ёзилғон сўзларни мазмуни шул эди: фикри ожизича, туркистонийларнинг сарт аталишини сабаби маълум йўқдур. Бу исм шимол халқи яъни қозоқ ва тотор қардошларимиз тарафидан Туркистоннинг шаҳар халқиға берилган исмдур. Ушбу бобдаги мулоҳазалар шул тариқа хулоса бўлунур:

1) қазоқ ва тоторлар Туркистон халқининг хоҳ турк ва тожик ё араб бўлсун, сарт дерлар;

2) (ўқиб бўлмади);

3) Туркистон жанубидаги Балх, Бадахшон ва Чаҳор-вилоят халқики, аксаран туркча сўйлашурлар ва ўзлари Афғонистон табъасидурлар, туркистонийларни ўзбек дер, Афғонистоннинг афғон, тожик, ўзбекча сўйлайдургон барча халқи туркистонийлариинг ўзбак ва турк дер... Сарт деган сўзни абадан билмайдурлар;

4) Кафкоз, Эрон ва Ҳиндистон халқи сарт калимасини билмайдурлар, фақат туркистоний, турк ё тожик дерлар;

5) туркистонийлар бир-бири ила сўрашганда: «Ўзбекмисан тожик?», «Мулломисан хожа?» — деб сўрайдурлар. Туркистонда саййидларни «хожа» дерлар. Хожасиз араблар-да бордур;

6) Туркистонда машҳур 92 қабила — уруғнинг исми машҳур бўлуб, онинг ичинда «сарт» йўқдур.

Хонлар замонинда жулус ҳангомида бу 92 қабиладан мурраххас ва оқсоқоллар Самарқандда жамланиб янги амири(нг) «хон» кўтариб «жулус» маросимини ижро этардилар. Самарқанд Тахти Темурийсинда жулус этган Бухоро хонларининг энг охиргиси амири ҳозирнинг жадди Музаффархондур. Самарқанд Бухоро ҳукуматининг Маскови эрди.

Амир Музаффар марҳумнинг таърихи жулуси:

Баҳри таърихи жулусаш омад.

Шанбау моҳ раббиус-соний. (1277 ҳижрия.);

Туркча таърих шеърияси:

Шоҳ мулку иқбол ила

Ўлтурди Кўктош устина.

Кўктош амир жаҳонгир Темур Соҳибқирондан қолма тош — бир тахтдурки, Туркистондаги турк элларидан 92 уруғнинг оқсоқол ва баковуллари йиғилиб, янги хонни оқ бир намад — кача устинда ўткузуб, 92 уруғ мураххаслари качани бирдан кўтариб, янги хонни Кўктош тахтина миндурарлар эди. Ва бу ондан эътиборан хон ва амир эълон қилиниб, нақора, карнай қоқилиб чолинарди. Амир ушбу 92 нинг оқсоқоллариға олтун ва хилъат, от ва туғлар бериб, алардан байъат оларди. Ва хон кўтармоқдан аввал 92 нинг оқсоқоллари баъзи бир сўзу одатларни риояти учун амирдан ваъда ва сўз олар эканлар. Бу 92 сўзи ал-он халқ оғзинда мавжуд ва мақоллар ҳукминдадур. «Тўқсон иккини ичинда... деди», «Бу ер 92 ни йиғилган ери, сўзингни билиб сўйла», «Сан бадзот, шажаранг 92 ға етмайдур».

7) «Темурнома» ва амсолий китобларда сарт исми мавжуд (ва) уруғлар ичинда кўрулмайдур;

8) Туркистон шимолиға охирги вақтларда сарт сўзи эшитилиб, аммо Туркистон жануби ва ғарбида халқ оғзинда йўқдурки, Туркистон шимолиға бу сўзни жорий бўлғони қазоқ, тотор ва руслар сабабидандур. Масалан, Тошканда «сарт арбаси», «сарт чойи», «сарт одати»... дейилган ҳолда Самарқандда «мусулмони ароба», «мусулмон шаҳри», «мусулмон одати» дерлар;

9) Бухоро ўлкасинда сарт сўзи мутлоқ йўқ. Халқ ўзбек, тожик, қазоқ, туркман, араб қабилалариға мансуб кишилар бўлуб ва шу исмлар ила аталурлар;

10) Туркистоннинг қаю бир чўл ва тоғ ё маъмур ериндаги 60—70—100 ға киргон кишидан «сарт» сўзи сўралсун, билмайдур. Аммо олчин, барлос, туёқли, қипчоқ, хитой, турк, қавчин, сарой, манғит, қорақалпоқ, минг, юз, қирқ, ўроқли, ойтамғали, қўштамғали, найман, қангли, мўғул ва буларға ўхшаш асомаи қабила, уруғ исмларининг машҳури ва аларнинг туганмас шўъба ва шохаларини баён қилган ҳолда бу «мажҳур сарт»ни аслан тилға олмайдур. Қари кишилар: фалона аслан ўзбек ё тожикдур, дер. Асло сарт демас ва сартни билмас, сарт деган қабиладан бехабардур;

11) сарт сўзини ҳозирги мафҳумидан хабардор туркистонлилар гумон қиладурларки, сарт сўзи туркистоний деган сўзни русча таржимаси бўлса;

12) матбуотдан бохабар Туркистон ўзбек ва ё тожик ва ё арабға «сарт» деб хитоб қилинса, ўзлариға ор ҳис этарлар. Албатта, бир кишини ота-онаси берган исми бўлуб ва они мансуб бўлгон қабила ва уруғи бўлуб туруб, они бошқа бир исм ила чақириб ва номаълум ва ё маълум бир қабила исмини онга тақилса, они хушланмасға ва эътироз қилмоқға ҳақи бўлса керак;

13) Туркистон халқидан ўзини билатургонлари қабила ва уруғига у қадар биноси борки, бошқа қабилаға қиз бермайтурғонлари бордур. Қизни ўзи хоҳлаб теккан бўлса, қабила орасидан ақча жамлаб даъволашиб чиқориб оладурлар. Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтургонларни қул — марқуқ дерлар.

«Шўро» мажалласининг 1911 санадаги 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохожа жаноблари «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзиб эдики, андан минбаъд ёзилатургон моддаларни хулоса қилармиз:

1) ўтган саналарда сарт сўзи ҳақинда руслар орасиға мубоҳаса бўлуб, «Туркестански ведомости» русча — жаридасида ҳар ким ҳар нима ёзиб ва ҳар навъ фаразиётлар жорий қилиниб эди. Қазоқ биродарларимиздан даъво вакили жаноб Шерали Лапин[1] ёзиб эканки, сарт сўзи ҳақорат сўзларидан бўлуб, «сариғ ит»дан ахуз муҳаққақдур. Бу лафзни истеъмол қилмасға керак. Ҳозир Туркистонда жорий турки — ўзбаки шевани «сартски» ёинки «сарт тили» демасдан «ўзбаки тил» деб аталсун;

2) Астрўмуф2 жаноблари «Сартлар» исминда тахми-нан 300 саҳифалик русча бир китоб тасниф қилгандурлар. Ушбу китобға мазкур жаноб Шерали Лапин тара-фидан бир неча эътироз ва баҳслар бўлгандур. Аммо жаноб Астрўмўф, сартлар ким эканлигини исбот қилиб бир жойға қарор берганлари йўқ ва китоблари ҳар нафъ ихтилоф ва фаразиёт ила тўладур;

3) Астрўмўф[2] жанобларини «Сартлар» китобидан ва бошқа бир неча русларни ёзган китобидан маълум бўлурки, Фарғона ва Сирдарё вилоятларининг халқи «сарт» бўлуб, Самарқанд ва Бухоро ўлка — вилоятларининг халқи ўзбек ва тожикдурлар;

(«Ойна»: Аммо тарих ва адабиётдан бехабар рус ва тотора рабта беш вилоят Туркистони Русий ва Бухоро хонлиги халқини(нг) айирмасдан «сарт» дерларки, бир маҳзи асари ғафлат ва бутун ғалати фоҳишдур. Фарғона ва Сирдарё халқининг сартлиғи маълум йўқдур).

4) Гейер[3] жаноблари «Туркистон саёҳатномаси»да ёзадурки: «Сартларни асл ва насаблари масаласиға ҳозиргача уламо тарафидан файсал берилган йўқдур. Аларни насаблариға тейишли ҳар нав баёнотдан сиҳҳатға яқини шулки, Туркистоннинг асл халқи тожик бўлуб, сўнгра турк — ўзбек халқи тасхир қилиб олиб ва бу икки халқни бирлашганидан пайдо бўлган халқларни «сарт» аталиши тахмин ва гумон қилинур;

5) Вамбери жаноблари ёзадурки: «Сартларни Бухоро ва Ҳўқандда тожик атайдурлар. Инчунин жаноб Лазар Будагўфни[4] ва Шайх Сулаймон Бухорий[5] жанобларининг луғатларидан маълум бўлурки, сартлар аҳли форс ва тожик эронийлардан иборат бўлса, ҳолбуки эронийлар форс ва тожикдурлар;

6) Логофет[6] жанобларининг «Бухоро хонлиғи» ном русча китобинда Туркистонда мавжуд турк-ўзбек қабилаларини теъдод этибдурки, «сарт» қабиласи йўқдур;

7) «Шайбонийнома» соҳиби Муҳаммад Солиҳ, Алишер Навоий, Бобурхон, Абулғозихонлар туркдурлар, буларнинг таълифотлариндаги сартлар ким бўлур, ажабо? Албатта, булар Туркистоннинг тамом ўзбек ва турк халқини(нг) ва ўз жинсдошларини(нг) сарт демаганлар. Бунлар эронийларни ва ё бошқа бир тоифани (уруш замонидаги душманларини) мақоми таҳқир ва очиқда сарт деган бўлсалар керакки, «Шайбонийнома»дан шундай билунур;

8) (ўқиб бўлмади);

9) алҳосил, ушбу кун Туркистони Русийнинг беш вилоятини ва Бухоро хонлигининг барча турк ва ўзбек халқини «сарт» демак ва ёзмак инсофсизлик, истибдод-ройъи боиси шубҳа ва тафриқадур, буюк хатодур, вассалом.

Марҳум Бақохожанинг сўзи мунда тамом бўлди.

Юқоридаги ёзилган сўзларға қараганда, маълум бўлурки, сарт сўзи ҳақиқатан номаълум ва сарт аталмиш кишилар ёинки сартлар букунги Туркистони Русий ёинки Турон, Хоразм ва Бухорода абадан йўқдур, балки бир замонлар бор эмишлар-да, қавми табъ ёинки ҳун, ҳамирий, осурий, бобилий... лардек дунёдан бил-кулли сафар этиб, жойларида бошқалар келубдурлар. Тарихға қаралса, букун мусаммаси йўқ кўб исмларға учралурки, сарт исмида Туркистонда «исми бемусамма» ҳукминдадур. Сартликни бутун Туркистони Русий ва Бухоронинг турк, тожик ва арабдан иборат халқиға тоқатурғонлардан далил сўралса, айтатургонлари албатта шундан иборатдурки:

1. «Шайбонийнома», «Бобурнома», Абулғозихон китобларинда баъзи бир туркистонийларни(нг) сарт аталибдур.

2. Оврупонинг баъзи сайёҳлари ёзибдурларки, Туркистонда шаҳар халқини ёинки форс халқини ё тожирни номаълум замонда сарт атардилар.

3. Номуайян бир замонда Дашти Қипчоқ ёинки Хитой ҳудудидан «сарт» исминда бир тоифа келиб, Туркистонға ерлашиб, сўнгра бошқалар тарафидан ютулуб ва бошқа уруғлар ила аталиб кетгандурлар.

Ана, Туркистони Русий ва Бухоро халқиға сартлик исмини тоқатургонларни далили шундан иборатдур. Биз такрор айтармизки, мазкур уч эҳтимолни қайси бири чин бўлган суръатда ҳам нафсул амрда бугун Туронда сарт йўқдур. Ҳамчунонки, бу кун Оврупода ва Озиёда исман «ҳун» йўқдур. Тарих ҳун қавмини сартдан кўра яхши забт этган. Маа фиҳи букун на Оврупо ва (на) Осиёда «ҳун» исмлик уруғ йўқ. Фаразан, сарт қабиласинда бир вақт бор экан, аммо энди сарт уруғи йўқдур. Бу қадар машҳур уруғлар Туркистонда бўлуб ва аталиб туруб, аммо сарт уруғини йўқлиги ва ҳеч бир қабилани «ман сарт» демагани бу кунда сартни йўқлигини ва замонида бўлса-да, мунқариз бўлганини далилидур. Хўб, туронийларни сартлигини даъво этатургонларни далили бўлса, лутфан баён этмоқларини илтимос этармиз. Ва далиллариға қараб, албатта, аҳли қалам муҳокама жорий этарлар. «Сарт» атамоқға ошиқ бўлганлардан баъзан дерларки: «Ҳар ҳолда туркистоний ва бухорийлар охирги замонларда сарт аталиб ва бу исм машҳур бўлубдурки, мунинг тарк этмоғи мумкин йўқдур».

Бу сўз бир неча важҳдан тўғри эмас. Масалан, усули жадидчи ёинки тараққийпарвар ва маданияти ҳозира толибларини Туркистонда баъзан кофир «бобий», Истанбулда «мосун», Эронда ҳоказо «бобий» атабдурлар. Ҳолбуки, «бобий» ва «мосун» бошқа, тараққийпарвар мусулмон бошқадур. Бобий ва мосунлик ила фахр қилатургон номусулмонлар бўлганидек, тараққийпарвар мусулмон бобий ва мосунликни ўзиға нисбат беришни абадан қабул қилмэ6айдур.

Энди маданиятпарвар мусулмонларнинг «бобий», «фарра», «мосун» исмлари баъзи халқ тарафидан бизға берилибдур, деб мусулмон исмини қўюб, ўзини «бобий» ва «фарра мосун» атамоғи ва шул номағруб исмларни ўзиға тоқмағи муносибми? Албатта, йўқ дерсиз. Бас, туронийларнинг ўзиға махсус ва машҳур уруғлари бўлуб туруб, мажҳул бир уруғ исмини ўзлариға тоқмасликлари табиийдур, албатта. Дерларки, сарт демайлук-да, на дейлук? Жавоби ниҳоят осон! Туркистон ўзбеклари, тожиклари, араблари, турклари, руслари, яҳудийлари агарда десаларки, биз Туркистонни турк, араб ва форсийни ташхисдан ожиз ва барчасиға умумий бир исм керак. Бул суратда дермиз. Ундай бўлса тўғри «Туркистонли», «Туркистон мусулмонлари» ёзингиз. Йўқ! Бўлмаса, балки бир аср сўнгра Туркистонда мавжуд яҳудий, рус, турк, тожик ва араблар бир либос ва бир ҳайъатға кирар-да, сиз яна барчасини «сарт» атарсиз.

Тотор муаррихларидан муҳтарам Заки Валидий афанди «сарт» иборати тўғрисинда тақрибан шундай деюр: «Бир замонлар Туркистон халқи сарт бўлганлар. Аммо Чингизлар ва мўғулларни истилоси сабаби-ла исмлари алмашгандур. Самарқанд ва Бухорода сарт йўқ ва ҳам тожик ва араб ва ўзбеклар сарт эмас. Ҳўқанд ва Тошканд халқи сартдур, азбаски, алар уруғини билмайдур ва ҳам алар на турк ва на ўзбек ва на тожик ва арабға ўхшайдур. Сарт исмлик қабила Туронда бўлмаса-да, эски китобларда бор».

Юқоридаги рўзлар мунга жавобдур.

(Бақияси бор)

Маҳмудхўжа

«Ойна» журнали, 1915 йил, 22-, 23-, 25-, 26-сонлар, 314—315-, 338—340-, 386—388-, 478—480-бетлар.



[1] Шерали Лапин — 1917 йилдаги «Шўройи уламо»нинг муассисларидан, сўнг муҳожир. 1895 йилда русча «Ўзбек тили грамматикаси», 1900 йилда «Самарқандда Шоҳизинда» китобларини чоп эттирган.

[2] Машҳур миссионер Н. П. Остроумовнинг 1890—1895 йилдаги босилган «Сарты» китоби кўзда тутилмоқда.

[3] И. И. Гейер — сайёҳ.

[4] Л. З. Будагов (1812—1878) — шарқшунос.

[5] Шайх Сулаймон Бухорий (1821—1880) — луғатшунос.

[6] Д. Н. Логофет — шарқшунос.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин