Саналар
21.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Миллатлар қандай тараққий этарлар? (1913)
PDF Босма E-mail

МИЛЛАТЛАР ҚАНДАЙ ТАРАҚҚИЙ ЭТАРЛАР?

Миллатлар тараққийиға бир неча сабаблар бўлуб, туб сабаби уламо ила ағниёнинг ҳамийят ва ғайратларидур. Тараққий қилғон ва ё энди тараққий қилгувчи миллатлар аҳволиға диққат қилинса, мазкур икки синф муҳтарамни ўз миллатлариға сўз ва оқча ила хидмат этганлари фавран зоҳир бўлур.

Ҳар миллатнинг уламоси, аҳли қалами, мутафаккири ўз миллатининг ояндаси учун йўл кўрсатур, машварат берур, миллат ахлоқининг ислоҳи учун масжидларда панд ва насиҳат берур, мактаб ва мадрасаларда дунё ва охиратда керак илм ва фан, таълим берарлар, китоб ва газет ила умматни муслиҳи учун баҳс ва муколамалар қилурлар.

Тараққий қилгувчи миллатларнинг уламоси замондин бохабар бўлиб, ўз миллатининг "масолиҳа замонийя"си учун саъй этар, миллатни пешрафтиға оқча ила, ҳайрат ила иона қилмоқни миллат бойлариға таклиф этар, ташвиқ ва таҳрис этар. Хулоса, ҳар миллатни уламоси, аҳли қалами миллат учун сўйлар, ёзар ва ҳавоижи миллийа ва замонияни ўз миллат мансубасиға билдирарлар. Замона ағниёлари ўз миллатларини замонийча кераклиги йўлинда оқча сарф этарлар, масалан, янги усулда замонавий мактаблар бино этиб, замонийча одам тайёрламоқ учун ҳаракат этарлар.

Ҳукуматни ўрта ва олий мактабларига ўқийдурғон ўз миллат болалариға ионат этарлар. Ва бечора ҳамжинсларини диний ва дунёвий мактаблариға беруб, ўз харажатлари ила ўқутадурлар.

Рус, армани, яҳудий ва бошқа Русиядаги ватандошларимизни бойлари доимо ўз миллатлари учун катта хайр ва эҳсонлар қиладурлар, инчунин, Қафкоз, Қирим, Қозондаки мусулмон биродарларимизни бойлари, уламоси ва аҳли қалами, соҳиби фикри ўз биродарлариға мол, оқча, қалам ва илм ила кўб иона қиладурлар.

Аммо бизни Туркистонда бу ишлардин сўйламоққа ҳануз навбат келган йўқ. Ҳар ким ўз нафъи ва ўз шахсий иши ила саргардон, умумий ёинки диний ва миллий ишларни ояндаси учун, миллатни замона одамларидек тараққий этмоғи учун, халойиқни ислоҳ ахлоқи учун ғам тортувчи ва ҳаракат этгувчи йўқдир.

Бир карра диққат қилиб, маҳалла-кўй ва қишлоқ халқларига қаралсун. Авомлик, беилмлик нақадар кўпайган. Биз мусулмонмиз. Мусулмонликға илм лозим, амал лозим. Ўқумоқ керак, нима учун бошқа миллатларда юза бир нафар бесавод йўқ экан, биза юза бир нафар саводлик йўқ?

Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомға тобеъдур? Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик, илм ва одоб ила қоим миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур.

Бугун ислоҳи мактаб-мадраса, яъни ислоҳи миллатға кўшиш қилинмаса раби аср сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бугунгиларға қолур, бу масъулиятдин қутулмоқ учун миллатни диний илм ва дунёвий илм-фанлар ўқумоқ учун тарғиб қилмоқ керакдур. Диний илм ва фанларнинг ўрни мактаб ва мадрасадур.

Дунёвий фанларни ўрни ҳукумат мактабларидур, иккисиға ўқумоқ учун оқча лозимки, ул оқча бойларни киссайи ҳамиятидан чиқса керак.

Ҳар замон учун асбоби ислоҳ ва тараққийи ионат бошқарур. Миллатға ионат этмоқ учун, ислоҳи мактаб ва мударрис учун, русий мактаблариға бола тайёрламоқ учун, деҳқон ва санъаткорларни ривож бермоқ учун "ҳамийяти хайрия", "нашри маориф", қироатхоналар, фўндлар, куружуклар, жаридалар, мажаллалар, нашриётлар... керакдур. Миллатлар тараққийси шул ила бўлур ва бу ишларға оқча керакдур, оқча бойларда ва афродда!

Маро ба тажриба маълум шуд даро ҳар кор,

Ки қадри мард ба илм аст қадри илм ба мол.

(Маъноси: менга тажрибадан маълум бўлдики, одамда қанчалик илм бўлса ҳам илмнинг қадри молдадур).

"Самарқанд" газетаси, 1913 йил, 30 июл.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин