Саналар
19.04.2024
Баннер
Абадий ҳаёт эликсирини излаганлар қисмати
09.08.2013 01:43    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Инсон умрини имкон қадар узайтириш, иложи топилса, мангу ҳаётга эришиш орзуси башариятни ҳеч қачон тарк этмаган. Бироқ қизиғи шундаки, бу борадаги ҳар бир омадли тажриба, жиндек муваффақият ҳам ҳаммадан сир тутилган. Ҳолбуки, мангу ҳаётга интилиш жараёнида инсн умрини муайян даражада узайтирувчи воситаларни топа олган одамлар ҳам бўлган. Тарихий манбаларда бу ҳақда узуқ-юлуқ ва унчалик ишонарли бўлмаган маълумотлар учрайди.
Шунга қарамай, ақл бовар қилмас даражада узоқ яшаган одамларнинг номи тарихда сақланиб қолган. Бу бежиз эмас, албатта. Демак, узоқ умр кўришга қандайдир асос бўлган.
1278 йил вафот этган епископ Аллен де Лисл табобат билан шуғулланган, тарихий солномаларда унинг номи «жамики дардларга шифо бахш этувчи ҳаким» дея улуғланган. Айрим манбаларда қайд этилишича, руҳоний умрни узайтирувчи дорини кашф этган экан. У қариб қолганида ана шу малҳам ёрдамида қайтадан яшариб, яна 60 йил умр кўрган эмиш.
Яна бир бошқа тарихий шахс, қадимги Хитойда дао фалсафасига асос солган, 34-156 йилларда яшаб ўтган Чжан Даолин ҳам ҳаётини қарийб шу муддатга узайтира олган. У узоқ йиллар мобайнида қунт ва тиришқоқлик билан узланишлар олиб бориб, умрни узайтирадиган мўъжизавий дорини яратишга муваффақ бўлган. Хуллас, тарихий манбаларга ишонадиган бўлсак, файласуф 60 ёшида қайтадан яшариб, 122 йил умр кўрган экан.
Тўғриси, қадимги хитой манбаларида узоқ умр кўрган зоҳидлар ва авлиёлар ҳақидаги маълумотлар жуда кўп учрайди. «Чжуан-цзи» риосласида қайд этилишича, дао таълимотининг ҳаётни узайтириш бўйича ўзига хос усуллари мавжуд бўлиб, бу қоидаларга амал қилган Пэн-Цзу нақ 800 йил яшаган. Гуан Чэнцзи деган одам эса, ўзини ҳаяжонланиш, ғам чекиш ва ҳатто билим олишдан олиб қочгани туфайли нақ 1200 йил умр кўрган экан.
Шу ўринда Дмитрий Пашковнинг «Бошқалар учун яшашни билмаган одамгина бошқалардан узоқроқ яшайди», деган аччиқ кинояси ёдга тушади. Ахир, ҳеч нарсага қизиқмаган, биров учун жон куйдирмаган, ҳис-туйғу нималигини билмаган ва ҳатто энг бебаҳо неъмат — билим олишдан ҳам юз ўгирган ўша одам 1200 йил яшаб нима топди экан?!
Юнонистонлик тарихчи-файласуф Аристотель ва бошқа муаллифларнинг хабар беришича, Крит оролида яшаган коҳин ҳамда таниқли шоир Эпименид ўз умрини 300 йилга узайтиришга муваффақ бўлган эмиш.
Умрзоқлар орасида бу ёш чегара эмас, албатта. Португалиялик тарихчи ўз солномасида бир ҳинд билан учрашиб суҳбатлашгани ва у ўша вақтда 370 ёшда бўлгани тўғрисида ёзиб қолдирган. Ҳиндистоннинг португаллар эгаллаган ғарбий соҳили — Гоа вилоятида яшаган яна бир ҳинд, 1613 йили Туринда нашр этилган бир китобда келтирилишича, нақ 400 йил яшаган эмиш.
«Умрзоқ одамлар фақат ўтмишда яшаб ўтган экан-да!» — деб ўйлаётгандирсиз, ҳойнаҳой. Йўқ, бундай кишилар яқин-яқинларда ҳам ўзларининг узоқ яшаганига оид кутилмаган далиллар билан кўпчиликни танг қолдирган. Масалан, XX аср бошларидаги рус журналларидан бири ўша пайтда 200 ёшга кирган чол ҳақида хабар беради. Томскда яшовчи бу қарияда кўпгина ҳужжатлари қатори 1763 йилда олган паспорти ҳам сақланиб қолган экан. Қария Пётр I ва Екатеринани ўз кўзи билан кўргани ҳақида ҳикоя қилиб беради. Бу пайтга келиб умрзоқ чолнинг танаси бағоят заифлашиб кетган, аммо ақлий қобилиятлари сақланган, хотираси мустаҳкам эди.
XX асрда узоқ яшаган хитойлик Ли Цанюнга оид маълумотлар ҳам қизиқарлидир. У 1936 йили вафот этганида бева қолган хотини, расмий далолатномаларга кўра, Лининг 26-умр йўлдоши экан. Маълум бўлишича, Ли Цанюн 1690  йили туғилган, бундан кўринадики, у 246 йил яшаган.
Айтиш керакки, умрзоқларга оид ақл бовар қилмас яна бир хабар 186 йил умр кўрган (1770-1956) ҳиндистонлик Тапасвижига тааллуқлидир.
Унинг ҳикоя қилишича, Ҳимолай тоғларида бир гал кекса руҳонийни учратиб қолибди. Бу одам фақат мева ва сут билан кун кўрар, шунга қарамай бағоят серғайрат, бардам-тетик кўринар экан. Бироқ энг ажойиб жиҳати шундаки, замонавий ҳинд тилларининг биронтасини ҳам билмас, қадимги ҳинд тили — соф санскритча сўзлашар эди! Руҳоний бу ерга келганидан буён 500 йил ўтганини айтибди! У умрини шу қадар узайтира олишга гўёки бир сирли малҳам ёрдамида эришган экан.
Гарчанд 5 асрлик ҳаёт ҳайратомуз туюлса-да, аммо бу муддат ҳам абадият олдида ҳеч нарса эмас. Шу боис азал-азалдан барҳаётлик эликсири — мангу ҳаёт бағишловчи малҳамни топиш устидаги тажрибалар тўхтамайди. Ҳатто тарихда бундай изланишларга бутун умрини тиккан одамлар ҳам ўтган.
Шу ўринда тасаввуримизга эркинлик бериб, Германия шаҳарчаларидан бирига сайр қилсак, готик услубидаги уйлардан бирида кольба, реторта, тигел каби кимёвий асбоб-анжомларга кўмилиб ўтирган серғайрат бир йигитга дуч келамиз. Абадият эликсирини излаш билан банд бўлган бу одам — ёш Гёте эди!
Ҳа, буюк немис шоири ва мутафаккири Иоганн Вольфганг Гёте ҳаётининг бир неча йилини мангу ҳаёт воситасини ахтаришга бағишлаган. У мазкур соҳада ўзидан аввал ўтганларнинг хатоларини такрорлашни, улар сингари боши берк кўчага кириб қолишни истамасди. Шу сабабли ҳам ёш Гёте кимёгарларнинг тадқиқотларини ҳар томонлама пишиқ-пухта ўрганади, энг махфий, ҳатто унутилиб кетган асарларни ҳам излаб топиб, синчиклаб тадқиқ этади.
—Мен бу иш билан астойдил шуғулланяпман, — деб ёзган эди у бир дўстига, — зотан, улуғ китоблардан жиндек бўлса ҳам бирон фойдали маълумот олишдек орзуим бор.
Улуғ шоир ана шу тариқа абадий ҳаёт эликсирини изловчи кимёгарлар. Шу йўлда сарсон-саргардон бўлиб юрган беҳисоб инсонлар қаторига тушиб қолади. Барҳаётлик сири оҳанрабо янглиғ ҳаммани ўзига жалб этарди.

Қ.САЙИДМУРОДОВ тайёрлади

 
Эйфель вақтинчалик минорами?..
25.07.2013 19:00    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бугунги кунда бутун жаҳонга машҳур бўлган Эйфель минорасини 1889 йилда, Парижда ўтказилган Бутунжаҳон кўргазмаси учун қурувчи-муҳандис Александр Гюстав Эйфель тиклаган эди. Эйфелнинг фикрича, бу минора вақтинчалик, яъни, 20 йил туриб бериши керак эди. Бироқ Франциянинг рамзига айланган минора орадан 123 йил ўтдики, ҳамон ўша-ўша...

Европанинг энг қиммат иншооти
Яқинда Европанинг энг қиммат тарихий иншооти сифатида Париждаги Эйфель минораси танланди. 344 млрд. фунт-стерлингга баҳоланган ва баландлиги 324 метр, оғирлиги 10 100 тонна бўлган ушбу минора Италиядаги Колизей иншоотидан 6 баробар қиммат экан.
Ушбу тадқиқот Италияда ўтказилди. Шунингдек, бир йилда 7 миллион инсон ташриф буюрадиган Эйфель минораси дунёда энг кўп зиёрат қилинадиган тарихий макон деб тан олинди. Шу пайтгача бу минорани 200 миллион инсон зиёрат қилган. Италиядаги Колизей майдонига йилига 4 миллион сайёҳ ташриф буюради.

Эйфель дарахтга айланмоқда
Сайёҳларни ўзига жалб қилувчи машҳур минорани темир қафас кўринишидан воз кечиб, дунёнинг экологик рамзига айлантириш борасида улкан қадам ташланди. Минора янги лойиҳага кўра дунёдаги энг кўркам дарахтга айлантирилади. У 600 минг туб турли ўсимликлар билан қопланади. “Le Figaro” газетасининг хабарига кўра, лойиҳа режаси 7 декабрда якунига етказилади. Лойиҳани амалга ошириш учун 72 миллион евро сарфланиши белгиланган. Ўсимликлар 2013 йилнинг июн ойидан бошлаб жойлаштирилади. 2014 йилга бориб, Эйфель минораси ям-яшил тусга киради.

Миноранинг рафиқаси бор
Сан-Францискода яшовчи 37 ёшли Эрика ля Тур ҳамма аёллар каби оддий бир аёл. Аммо у ғайриоддий севги асираси. Эрика Эйфель минорасини севиб қолган. Ёшлигидан таъқиб этиб келган ана шу муҳаббат таъсирида Эйфель фамилиясини ҳам олди. Унга ўхшаган ғайриоддий севги асирларининг 40 таси фанга маълум.

Эйфелни сотган фирибгар
Бугун Франция рамзи бўлган Эйфель минораси бир пайтлар бир уюм темир сифатида металлоломга топширилишига бир баҳя қолган. Дунёдаги энг истеъдодли товламачи деб тан олинган Виктор Люстиг ўтган асрнинг бошларида Эйфель телеминорасини сотди...
Франция почта ва телеграф вазирининг ўринбосари эканлигини ҳеч шубҳасиз тасдиқлайдиган сохта ҳужжат билан у металл парчаларини сотиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган олтита йирик фирмаларнинг вакилларига расмий мактуб юборди. Икки кундан сўнг эрталаб қора металлни иккиламчи қайта ишлаш бўйича беш нафар дилер «Крийон»нинг ҳашаматли саройида тўпланди. Чаққон официантлар меҳмонларни коктейллар ва таомлар билан сийлашар, ниҳоят, ёқасига «Фахрий Легион» ордени белгисини таққан Люстиг пайдо бўлди. У тўғри вакил жанобларининг олдига келиб, республика президенти ва шаҳар мэрияси номидан бизнесменларга амалий таклиф билан мурожаат қилди. Уч кундан сўнг пулдорлар бузиладиган минорани сотиб олиш учун кимошди савдосида қатнашишга ариза беришди...
Битимлар жуда тез ва ҳеч қандай тўсиқсиз тузилди. Томонлар ёқимтой табассум билан бир-бирларининг қўлларини сиқиб хайрлашишди. Минора «Пуассон» фирмасининг эгаси Андре Пуассонга сотилди.
Эйфелнинг бузилмаслиги маълум бўлганда эса Люстиг чамадон тўла пул билан аллақачон Венага қочиб кетганди. Қизиғи шундаки, орадан бир неча йил ўтиб, Люстиг яна Парижга қайтади ва иккинчи марта Эйфелни сотиш ҳаракатига тушади. Ўша усул, ўша қоидалар билан. Аммо бу гал унинг иши юришмайди.

Фарғонада ҳам эйфель минораси бор
Фарғоналик Комилжон Жўраев Эйфель минорасининг нусхасини ясаган. Мазкур минорани қуриш учун 10 тонна арматура ишлатилган бўлиб, унинг бўйи 21 метр ва тепасига 1,5 метр диаметрдаги футбол тўпи ўрнатилган. Қурилишга 45 кун сарфланган. Чет элдан келган сайёҳлар, хусусан, французлар ҳам Ўзбекистондаги Эйфель минорасини томоша қилмоқда. Бугун дунёда Эйфель минорасининг кўплаб нусхалари, макетлари мавжуд. Юртдошимиз тиклаган иншоот ҳақидаги маълумотлар ва миноранинг сурати ҳам “ҳақиқий Эйфель минораси” сайтига киритилган.

Шоҳ Жаҳон тайёрлади

 

 
Автомобил тарихидан
23.07.2013 00:37    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

“АВТОМОБИЛЛАР ҚИРОЛИ”НИНГ ОРЗУСИ — АРЗОН ВА ТЕЗЮРАР МАШИНА
Кўп йиллар давомида дунёда бу автомобилларни фақат бадавлат одамларгина сотиб олишлари мумкин эди. Бироқ уни яратувчи Генри Форд эса ҳаммада машина бўлишини истарди... Дунёнинг турли бурчакларидаги миллионлаб автомобил ишқибозлари яхши билишадики, АҚШнинг икки юз йиллик тарихидан юз йили автомобиллар даврига тўғри келади. Бу тарихга катта ҳисса қўшган Генри Форднинг шижоати ҳаммани ҳайратга солган...

1863 йил, 30 июл. АҚШ. Мичиган.

Оддийгина фермер оиласида дунёга келган Генри ёши улғайган сари худди отасидек фермер бўлишни ҳам, фермада ишлашни ҳам  истамаганди. У кўпроқ турли машиналар яратишдан завқланар, 16 ёшга кирганида мактабни ташлаб, Детройт шаҳрига боради ва ўзи учун қизиқарли иш ахтара бошлайди. Чунки бу шаҳар ҳозирги кунда бежизга Американинг “автомобиллар пойтахти” деб аталмайди. АҚШга ташриф буюрадиган сайёҳларни доим ҳайратга солган Детройт ёш ва бўлажак “автомобиллар қироли”ни ҳам қучоқ очиб кутиб олади. 

1896 йил, Дейтрот: “Тўрт оёқли велосипед”
Дастлаб бу ерда механик бўлиб ишлай бошлаган Генри худди шу йили ўзининг дастлабки машинасини яратади. Энг қизиғи, бу машина шу пайтгача яратилган машиналардан бутунлай фарқ қиларди. У ушбу машинасини “квадрисайкль”, яъни – “тўрт оёқли велосипед” деб атайди. Чунки бу машинанинг оёқлари худди велосипедникига ўхшаш эди.
1902 йили Генри Форд ўзи ясаган машинаси билан машҳур пойгада ғолиб деб топилади. Чунки унинг мазкур машинаси шу вақтгача яратилган машиналар ичидаги «энг тезюрар машина» деб тан олинади. Бу машина соатига етмиш милл йўл босар эди.
Ва ниҳоят, Генри Форд «Ford Motor Company»га  асос солиш учун етарли маблағга эга бўлади.

АРЗОН ВА ТЕЗЮРАР
Дунёдаги барча одамларда машина бўлишини чин дилдан истаган Генри Форд кейинги яратадиган машиналарини арзонроқ бўлишини хоҳлайди. У ўйлардики, агар машиналар бир хил қилиб яратилса, уларга камроқ сарф-харажат ва вақт талаб қилинади. Натижада  машиналар шубҳасиз арзон бўлади. Шундай қилиб у ўзининг яна бир янги моделини яратди. Генри Форд ишонардики, бу бошқа машиналарга қараганда анча арзон бўлади. Ниҳоят у кутган «А-модель» дунёга келди.
1908 йилда эса Генри Форд ўзининг энг машҳур «Т-Форд» моделини яратди. Бу машиналар миллионлаб сотувга чиқарилди. Машҳур автомагнатнинг бу машинаси ўша вақтларда сотувга чиқарилган машиналарнинг энг арзони, яъни уни бор-йўғи 850 долларга сотиб олиш мумкин эди.

ЯНГИ УСУЛ: ЯНАДА ТЕЗ ВА ҚУЛАЙ
Америка тарихидан Генри Форд йирик маркетологлардан бири сифатида ҳам ўрин олган. У йиғадиган конвейрни ташкил қилиб, нархларни янада туширишга эришди ва ўзининг арзон ва тезюрар  автомобилларини миллионлаб реализация қилди...
Кунлардан бир кун Генри Форд тасодифан гўшт қадоқлайдиган фабрикага кириб қолади ва бу ерда у гўшт бўлакларини «конвейр» усулида қадоқлашаётганини кўриб, худди шу усулни машиналар ясайдиган цехда ҳам фойдаланса қандай бўлиши ҳақида ўйлаб қолади. Ахир бу айни у орзу қилганидек, ҳар бир ишчи бир вазифани бажариши, натижада иш тез ва қулай бажарилиши мумкин бўлган усул эди.
Шундай қилиб, машиналар Генри Форд ўйлаб топган «конвейр» усулида муваффақиятли йиғила бошлайди. Бу усул шундан иборат эдики, машинанинг ўзи ишчининг олдига келар, ишчи эса жойида турганча, унга маълум бир қисмни ўрнатарди. Натижада иш тез фурсатда бажариларди. Шу вақтгача бир машинани йиғиш учун 14 соатдан кўпроқ вақт талаб қилинган бўлса, энди бу вақт икки соатни ташкил қилаётганди. Ўз навбатида, Форд ҳам машиналар нархини туширади. Энди одамлар «Т-Форд» моделини 250 долларга сотиб олишлари мумкин эди.

ОРЗУ АМАЛГА ОШДИ
Ҳеч шубҳасиз, XX асрнинг энг муваффақиятли тадбиркорларидан бири саналган Генри Форд техника ихтироларидан тижорат мақсадида жуда юксак самара билан фойдаланди. Ниҳоят “автомобиллар қироли”нинг орзулари амалга ошди. Одамлар арзон ва тезюрар машиналарда ўзлари кўзлаган манзилларига етиб борардилар. У ўзининг машҳур «Т-Форд» моделини ишлаб чиқаришни тўхтатган вақтда 15 миллиондан ортиқ машина аллақачон ўз эгаларини топган эди...
Бироқ бугунги кунда харидорлар учун танлов имкониятлари янада кўпаймокда. Буюк компаниялар ўзларининг жорий имкониятлари билан ҳеч қачон қониқмайдилар. Форд автомашиналари бугун янада замонавий тус олиб, компания дунёнинг энг йирик ишлаб чиқарувчилари қаторида ўз моделларини такомиллаштириш йўлида тинимсиз иш олиб бормоқда.

ҚИЗИҚАРЛИ ТАДҚИҚОТ
MCN портали келажакка назар ташлаб, 2020 йилда автомобиллар қандай бўлиши ҳақида ўз тахминларини эълон қилди. Портал мутахассисларининг таъкидлашича, келажакда ҳам хавфсизликка катта эътибор қаратилади ва тўқнашувларни камайтиришга имкон берадиган тизимлар янада такомиллаштирилади.
Масалан, радар маълумотлари асосида ишлайдиган адаптив круиз-назорат сизнинг машинангиз ва олдинда ҳаракатланаётган автомобил орасида хавфсиз масофани сақлашга кўмаклашади. Айни пайтда бундай назорат фақатгина ВМW, Ауди ва Форд машиналарида мавжуд.
Шунингдек, 2020 йилга бориб автомобил шунчаки транспорт воситаси бўлибгина қолмай, «ақлли қурилма»га ҳам айланади. Яъни, машиналар симсиз алоқа тизими орқали бир-бири билан боғланади. Ҳозирда Форд компанияси машинангиз турган жойни ва атрофдаги транспорт воситаларини аниқлайдиган ана шундай тизим устида ишламоқда. Бу тизим қарши томондан келаётган ёки қизил чироқда ўтиб кетган машина ҳақида маълумот узатади ҳамда олдиндаги машинани қувиб ўтишингизга ёрдам беради.

Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади

 
Пуллар тарихидан
23.07.2013 00:39    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

“БИР ЧАҚАГА ЎН УЧ ТИЙИН ёхуд лосос балиғи, “мурч пуллар” ва дастрўмол

Аввало, пул яшаш учун бир восита холос. Қадимдан у турли кўринишларда мавжуд бўлган. Бироқ у қаерда қандай аталишидан қатъи назар, ҳар доим бир номга эга хусусиятини йўқотмаган: пул... У ҳамма учун доимо керак ва ўзига хос қимматга эга.

ПУЛ ЎРНИДА...
Қадимги Новгород шаҳрида (Россия) пул ўрнига лосос балиғи ишлатилган.
Ўрта асрларда Сейлон ва Ява ороллари ҳамда Ҳиндистонда қора мурч олтиндек қиммат бўлгани учун мурч донаси танга ўрнига ўтган. Перу ва Боливияда ҳам "мурч пуллар" бўлгани ҳақида маълумотлар бор.
Индонезиянинг Бутунг ороли аҳолиси эса бундан бир неча аср олдин пахта ипидан тўқилган дастрўмолни пул ўрнида ишлатишган.

ЭНГ КАТТА ПУЛЛАР
Энг катта қоғоз пул 1368-1399 йиллари Хитойда чиқарилган, қиймати бир кванга тенг бу пул 22,8х33,0 см. ўлчамли қоғозга босилган.
Дунёдаги энг оғир танга шведларнинг 1644 йили зарб қилинган ўн талерли мис тангаси бўлиб, унинг вазни 19,7 килодир.
Яқинда эса Австралияда пластмасса пластинкалардан ясалган, қиймати ўн долларлик пуллар муомалага чиқарилди.

ТУРКИЯ

Турк лираси 100 қурушга баробардир. Айирбошлаш курси тез-тез ўзгариб туради. Шу сабабли, бу ерда пулнинг ҳаммасини алмаштириш шарт эмас. Деярли ҳамма жойда тўловлар учун евро ва АҚШ доллари қабул қилинади. Меҳмонхона ва дўконларда асосан кредит карталари, улар: Visa, American Express, Master Card ва бошқалар.
Биласизми?
Япониядаги барча қоғоз пуллар бир жойга тахлаб чиқилса, унинг баландлиги 3776 метрли Фудзияма тоғидан 153 марта баланд бўлар экан. Японлар бежизга биринчилардан бўлиб нақдсиз тўлов усулига ўтишмаган экан-да!

ҲИНДИСТОН
Пул бирлиги – ҳинд рупияси, 100 пайсага тенг. Хорижий валютани олиб кириш чегараланмаган, миллий валютани олиб чиқиб кетиш эса таъқиқланган. Пулни алмаштирганлик квитанциясини сақлаш лозим. Мазкур квитациялар чипта олиш ва рупияни валютага алмаштириш вақтида керак бўлади.

МАЛАЙЗИЯ

Миллий пул бирлиги - малайзия ринггитидир. 1 ринггитда 100 цент бор. Йирик банкларда, меҳмонхона, савдо марказларида кредит карталари ишлатилади. Валютани расмий курсда ҳар қандай банк, аэропорт, меҳмонхона ва айирбошлаш шохобчасида алмаштириш мумкин.

БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ
БААнинг пул бирлиги - дирҳам, у 100 филсга баробар. Шунингдек, АҚШ доллари ҳам тўлов учун қабул қилинади, бироқ бу ерда дирҳамда пул тўлаш бирмунча фойдалироқ.

МИСР
Мамлакатнинг пул бирлиги – миср фунти. Пиастр – айирбошланадиган танга пул. Битта миср фунтида 100 пиастр бор. Хорижий валютани банкларда, меҳмонхонларда алмаштириш мумкин. Банкдаги айирбошлаш курси гранд-отеллардагига нисбатан бирмунча фойдалироқ. Кредит карточкаларини асосан йирик меҳмонхоналар қабул қиладилар, дўконларда ҳар доим ҳам қабул қилмайдилар. Мисрда фунтларга алмаштирилган маълумотномаларни ташлаб юборманг, негаки, улар меҳмонхона билан ҳисоб–китоб амалга оширилганида ва қолган фунтларни долларга алмашатиришда керак бўлади.

ИНДОНЕЗИЯ
Миллий пул бирлиги - индонезия рупияси ҳисобланади. Пулни банкларда айирбошлаш тавсия этилади, бу ерда энг фойдали айирбошлаш курси бор. Квитанцияларни сақлаб қўйинг, негаки, мамлакатдан чиқиб кетишингизда ва индонезия рупиясини бошқа валютага айирбошлаш вақтида керак бўлади.
Бристол мустақил валютасига эга бўлди
Англиянинг Бристол шаҳрида янги пул муомалага чиқарилади. У “Бристол фунти” деб номланди. Уни ишлаб чиқишдан мақсад мамлакатда давом этаётган глобал молиявий инқирозга қарши курашишга қаратилган. Шунингдек, маҳаллий компанияларнинг халқаро корпорациялар билан муваффақиятли рақобат қилишига, шаҳарнинг савдо-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Сентабр ойидан муомалага чиқариладиган бу валютанинг ҳозирча “1”, “5”, “10” ва “20” фунтлик банкнотлари чиқарилади.

“ЭНГ ЧИРОЙЛИ ПУЛЛАР”
Қадимги Юнонистонда кумуш тангаларга бошоқ расми, ҳозирги Ливан тангасида кедр дарахти, Въетнамнинг ўн донгли тангасида шоли попуги, Малининг юз франкли тангасида эса маккажўхори сўтаси тасвири туширилган.
1967 йилдан бошлаб кенг муомалага киритилган Сингапур доллари қушлар, кемалар, гуллар ва бошқа нарсалар билан безатилган. Бу пул дунё пуллари ичида ҳам энг чиройли бўлишга даъвогарлик қилади.

“БИР ЧАҚАГА 13 ТИЙИН”
Россия зарбхонаси маълумотига кўра, битта беш рублли тангани тайёрлашга 67 тийин, икки рублли тангага – 79 тийин, бир рубллига – 35 тийин, эллик тийинликка – 26 тийин, бир тийинлик чақани ясашга эса 13 тийин маблағ сарф бўларкан.

Шоҳ Жаҳон тайёрлади

 
Бешигида бўғилган мухторият (3)
04.07.2013 23:18    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

(«Куч – сиз томонда, биз томонда эса –
адолат ва эркинлик ҳуқуқи»
(М. Чўқаев, Мухторият президенти).

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Мухторият ҳукумати биринчи ўринда ҳарбий қисмлар тузишга киришди. Чунончи Мухторият ҳукумати чор ҳукумати даврида қамалиб чиққан Эргашга ншонч билдириб, уни ҳарбий қўшинларга бошлиқ этиб тайинлади. Қисқа вақт ичида у тўрт мингга яқин йигит тўплади ва уларни қуроллантирди. Аммо у тўплаган ҳарбий қисмларнинг малакаси паст ва тажрибаси йўқ йигитлар эди.
Мухторият ҳукуматини ағдариб ташлаш учун Тошкентда кескин чоралар кўриш мақсадида ҳарбий режа тузилаётган вақтда Бутуниттифоқ Таъсис Мажлисига Фарғонадан вакил этиб сайланган В. Чайкин Туркистонда ҳокимиятни зудлик билан маҳаллий (мусулмонлар демоқчи – Й. Қ.) ишчи ва деҳқонлар қўлига ўтишининг ғоявий зарурлиги хусусида Миллатлар Халқ Комиссарн И. В. Сталинга телеграф орқали мурожаат қилганида у шундай жавоб қилган: «Советлар ўз ички ишларида мухтордир ва улар тегишли реал кучларга таяниб ҳаракат қилади. Шу боис Туркистонда маҳаллий пролетарларнинг марказий Совет ҳокимиятига Туркистон Совнаркоми ҳарбий қисмларидан бегона кучларга таянганларни тарқатиб юбориш ҳақида арз этиб, мурожаат қилиши лозим эмас, балки агар маҳаллий пролетар ва деҳқонларда куч топилса, уни шу куч билан тарқатилсин».
Большевик Е. П. Бабушкин бошчилигидаги Қўқон шаҳар Ишчи ва аскарлар Кенгаши марказдан мадад олиб, Мухторият ҳукуматига қарши курашни кучайтирди. Бабушкин Кенгашнинг пленумини чақиириб, унда мухториятчиларни қуролсизлантириш ва унинг ҳарбий қисмларини тарқатиб юборишни талаб қилувчи кескин талаб (ултиматум) тарзидаги қарорлар қабул қилди. Пленум қарорига асосан мухториятчиларга қарши курашни кучайтириш мақсадида Ҳарбий Инқилобий қўмита тузилди. Инқилобий қўмита ҳам ўз навбатида қуролланишни кучайтирди. Мухториятчиларга зарба беришнинг аниқ режаси тузилди. Зудлик билан ёрдам юбориш учун Тошкентга мурожаат қилинди. Тошкентдан ёрдам ҳам кела бошлади.
1918    йилнинг 28-29 январь кунлари Қўқонда вазият ниҳоятда кескинлашди. Мухториятчилар ва уларнинг тарафдорлари Шўроларнинг шаҳар кенгаши кўрган чора-тадбирларга жавобан иш кўриб, уларнинг қора ниятларини амалга оширишга йўл қўймаслик учун ҳаракат қилдилар. Шўроларнинг Ҳарбий Инқилобий қўмитаси собиқ хон ўрдасига жойлашиб олган эди. Мухториятчилар қўшини ана шу қароргоҳга ҳужум қилди. Бироқ аниқ режа асосида амалга оширилмаган бу ҳужум муваффақиятсизликка учради. Аммо шаҳар телефон станцияси узиб ташланди. Мана шу вақтда Шўролар Кенгашига ёрдам учун Тошкентдан, Скобелевдан, Ардижондан, Перовскдан ва бошқа ерлардан ёрдам қўшинлари Қўқонга кириб келди.
Вазиятни ҳисобга олган Туркистон Халқ Комиссарлар Совети 1918    йилнинг 14 феврали куни бутун Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, Фарғона темир йўлида эса қамал ҳолати жорий этилди. Митинг ва намойишлар ўтказиш таъқиқланди. Ҳукумат қарорида: «Бу қарорни бузганлар пулемёт ва милтиқ ўқи билан қарши олинади», деб алоҳида кўрсатиб ўтилди. Аммо Тошкентда ва умуман Туркистонда ҳарбий-сиёсий вазият оғирлиги учун ҳам Тошкентдан кўп ёрдам бериш қийин эди. Шунинг учун ҳам Скобелев шаҳар думаси раиси Дармоедовнинг қаршилигига қарамай, Фарғона шаҳар ҳарбий дружинасининг командири комиссар К. Осипов Шўролар Советининг қарорига амал қилиб 4 та пулемёт, 4 та замбарак ва 140 та аскари билан Қўқонга ёрдамга келган эди. Ўзича, у ўз отряди билан Мухторият ҳукуматини қамоққа олмоқчи ҳам бўлди. Аммо бунинг акси бўлиб чиқди. Уларнинг ўзлари мухториятчиларнииг қўшини томонидан ўққа тутилди. Ва ҳатто мухториятчилар қалъани олиш учун жанг бошлаганларида болта, таёқ, тош, чўкич ва бошқа нарсалар ушлаган оломон уларга мадад бермоқда эди. Уларнинг сони ўн мингдан ошган эди, деган маълумотлар ҳам бор. Улар ўзларини мужоҳидлар деб эълон қилдилар. Бу вақтда осиповчилар яшириниб олишган эди. Оломон қалъани штурм қила бошлади. Аммо қизил қўшинлар яхши қуролланган ва ҳарбий тактикага эга эди. Шунинг учун ҳам улар қалъани мустаҳкам туриб ҳимоя қилдилар.
18 йил 17 февралда Мухторият ҳукумати билан Шўролар ҳукумати вакиллари ўртасида музокара бошланди. Бу музокара Мухторият ҳукумати раҳбариятининг таклифи билан бошланди Музокара вақтида мухториятчилар қуйидаги шартларни қўйдилар: 1. Шаҳарни биргаликда бошқариш ва унинг таркибида мухториятчиларнинг кўпроқ вакиллари бўлиши. 2. Ҳарбий қалъани шу органиинг назорати остига олиш. 3. Милициядан бошқа барча кучларни қуролсизлантириш. 4. Ўлка Шўролар ҳукуматининг шариатга зид декретларини бекор қилиш.
Ҳарбий Инқилобий қўмита бу таклифларни рад этди. Шундай кейин 18 февралда музокаралар яна давом эттирилди. Мухторият ҳзкумати нима қилиб бўлсада ўртада қон тўкилмаслиги учун ҳаракат қилди. Мухторият ҳукуматининг ҳарбий вазири полковник М. Чанишев Ревком олдига ҳатто ултиматум қўйиб соат тўртгача қалъанинг топширилишини талаб қилди. Аммо Мусулмон ишчи ва деҳқонлар конференцияси қатнашчилари талаб қўйиб, ултиматумни қайтариб олишга мажбур қилдилар. Ана шундай кескин вазият содир бўлиб турган кезларда «Шўройи уламо»чилар ва уларнинг тарафдорлари каттиқ қаршилик кўрсатдилар. Мухторият ҳукумати аъзолари ичида ўзаро ихтилоф пайдо бўлди. Ҳукумат раҳбари М. Чўқаевни истеъфога чиқишга мажбур этдилар. Натижада унинг ҳукумат кабииети тарқатилди. М. Чўқаев ўзига яқин кишилари билан ҳукуматни ташлаб, Қўқонни тарк этишга мажбур бўлди.
Ҳарбий вазир М. Чанишев қамоққа олинди. М. Чўқаев эса қўрқоқликда айбланди. «Уламо»чиларнинг ёрдами билан Эргаш полвон ҳукумат раҳбари ва Бош қўмондон этиб тайинланди. Кисқача қилиб айтганда, бўлиб ўтган воқеалар ўз навбатида давлат тўнтариши эди.
Худди шу вақтда Тошкентдаги большевистик ҳукуматнинг ҳарбий вазири сўл эсэр, генерал Е. Перефильев бошчилигида пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларининг иккинчи эшелони  Қўқонга кириб келди. Қўқон уч тарафдан қуршаб олинди. Артиллерия қисмлари жанговар ҳолатда буйруқни кутиб турар эди. Шу тариқа Кўқонда мудҳиш воқеаларнинг содир бўлиши аниқ бўлиб қолган эди.
19 февраль куни қизил қўшинлар раҳбарияти Мухторият ҳукуматининг раиси, қЎмондон Эргашга ултиматум юборди. Унда қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш талаб этилди. Аммо Эргаш ултиматумни қабул қилмади. Шундан кейин генерал Перефильев ёндирадиган барча снарядларии ишга солишга ва 12 та замбаракдан ўт очишга буйруқ берди. Кундуз соат бирдан бошлаб Қўқон осмонини қора булут, замбараклар овози ва тутун қуршаб олди. Бегуноҳ одамлар ҳам тўп-замбараклар ўқи остида қолди. Шу ҳужумнинг иштирокчисн М. Шкорупанинг хотирлашича: «Тинч аҳо-лининг уйлари, Туркистон, Россия учун ҳам танқис бўлиб қолган мануфактура ва ғалла омборлари ёнарди. Қўқон уч кун бутунлай ўт ичида қолди». А. Т. Каравайцевнииг эсдаликларига қараганда, айниқса «Коновалов тўдасидаги арман дашноқлари ўзбошимчаликни ҳаддан ошириб юбордилар. Улар Қўқонга келгунча тинч аҳолини талаб, қирғин қилган» (“Воспоминания”. Ташкент, 1957).
«Наша газета»нинг ёзишича, ўрус қўшинлари мусулмонларнинг ибодатхоналари бўлмиш масжидларни ва ўқув юртлари бўлмиш мадрасаларни ҳам тўплар ёрдамида хонавайрон қилган. Генерал Перефильевнинг эсдаликларида мақтаниб ёзишига қараганда «...Мен  12 замбаракдан ўқ очдира бошладим. Биринчи отишмадан кейиноқ исёнчилар (мухториятчиларни кўзда тутаётир — Й. Қ.) Эски шаҳарга қараб қочишди».
Шиддатли жанглар ва қирғинбарот уруш ҳаракатлари 20 фев-ралда ҳам давом этди. Шу куни шаҳар ичкарисига арманлардан иборат «Дашноқцутюн» коми билан аталган каллакесар жанговар қисмлар кнриб келди. Эндиги жанглар Қўқоннинг Эски шаҳар қис-мига кўчди. Бу ерда ҳам мудҳиш фожиалар рўй берди. Мухторият-чилар ва уларнинг тарафдорлари томонидан ҳар бир уй, бино, омбор, савдо корхоналари учун яккама-якка жанглар бўлган. Бу ҳақда шу воқеаларнинг иштирокчилари ўз эсдаликларида ёзиб қол-дирганлар ва архив ҳужжатлари ҳам бор.
Эргаш бошчилигидаги мухториятчилар армияси Эски шаҳарни ўраб, уч кун қаттиқ мудофаа қилди. Шу уч кун ичида бутун-бутун бинолар, савдо расталари, дўконлар, омборхоналар, масжид-мадрасалар, мануфактура корхоналари вайрон бўлган. Шу кунлар ичида уч мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Халқ Комиссарлар Совети томонидан юборилган қизил қўшинлар ёрдамида ва иштирокида ўтказилган бу ҳарбий операция уларнинг ғалабаси билан якунланди («Улуғ Туркистон», 1918 йил, 2 март).
19 февраль куни Мухториятнинг ўн беш раҳбари — А. Ўразаев, Я. Агеев, М. Мираҳмедов, М. Чанишев, Кушбегиев ва бошқалар Скобелев – Фарғонага жўнаб кетишган эди. Улар Фарғонада ва унинг атрофларида ҳам бўлиб, халқни Мухториятни ҳимоя қилишга даъват этдилар. Жойларда намойишлар уюштирдилар. Бироқ улар айғоқчилар томонидан ушлаб олиниб, сўроқсиз ва айбсиз равишда ўз жойларида отиб ташланди. Ноилож қолган Эргаш ўзининг г^ин отряди ва бошқа мухториятчилар шаҳарни ташлаб чиқиб кетдилар. Мухтор ҳукуматнинг қўлга тушган ҳар бир аъзоси отиб ташланди. «Улуғ Туркистон» рўзномасининг ёзишича, ҳукумат хазиначиси Саидносир Миржалилов қамоққа олинган ва унинг ихтиёридаги хазина мусодара қилинган ва таланган (1918 йил 21 февраль).
Шу вақтларда Тошкентда қозоқ тилида чиқиб турган «Бирлик туғи» рўзномаси «Қўқон воқеалари»ни шундай шарҳлайди: «Яқинда у (большевикларнинг қизил ҳокимияти ва унинг қуролли кучларини кўзда тутмоқда  – Й. Қ.) Қўқон кўчаларини инсонларнинг қони билан бўяди. Мусулмонлар яшайдиган Эски шаҳарни ер билан яксон қилиб текислаб ташлади, минглаб айбсиз ва ҳимоясиз мусулмонларни ўлдирди, уларнинг мол-мулкларини талон-тарож этди... Аммо буларни у оддий қилиб эмас, қизил байроқ, озодлик ва инқилоб шиорлари остида амалга оширди».
Шундай қилиб, Туркистон Мухторияти ағдариб ташланди. У бешигида бўғилди. Шўроларнинг Қизил қўшинлари ва ҳокимият раҳбарияти тарихда кечирилмайдигаи гуноҳи азимга ботди. Буни тарих ҳеч қачон унутмайди. Аммо мухториятчиларнинг курашлари изсиз кетмади. Орадан етмиш уч йилгина ўтиб, улар орзу қилган замон етиб келди. Ўзбекистон мустақил бўлди.

Йўлчи ҚОСИМОВ,
тарих фанлари номзоди.

 


63 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин