Саналар
25.12.2024
Баннер
Араб дунёсининг парчаланиши
13.08.2015 22:36    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Босқинчилик ва қўзғолон ҳаракатларининг натижасида Араб дунёсида бугунги миллий давлатлар пайдо бўлди. Юз йил аввал арабларнинг кўпчилиги пойтахти Истанбул бўлган Усмонийлар империясининг қарамоғида яшар эдилар. Араб дунёсининг бугунги сиёсий харитаси эса турлича парчалардан ташкил топган расм-топишмоқ(пазл)га ўхшаб кетади. 20-асрнинг иккинчи ярмидаги қийин ва чигал воқеалар Усмонийлар империясининг якун топиши, Яқин Шарқда янги миллатлар ва бир умматни парчалаб ташлаган чегараларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу воқеалар турли сабабларга содир бўлганига қарамай, бошқа барча давлатларга қараганда Британия бу воқеаларнинг ривожида кўпроқ тер тўкди. Британияликларнинг бир-бирига зид бўлган уч хил келишувга кўра иш кўриши сиёсий бошбошдоқликни юзага келтириб, Ислом дунёсининг йирик ҳудудида мусулмонларнинг бўлиниб кетишига олиб келди.

Биринчи жаҳон урушининг бошланиши

1914 йилнинг ёз ойида Европада уриш бошланиб кетди. Тўрт йил давом этган вайронакор урушда 12 миллион одам қурбон бўлди. Ўта мураккаб иттифоқлар, милитарист ва мустамлакачиларнинг карнайдек иштаҳалари ва, умуман олганда, мамлакат юқори даражадаги раҳбариятининг хатолари ушбу уруш келиб чиқишига сабаб бўлди. Рақибларнинг бир тарафи “Атланта” бўлиб, унга Британия, Франция, Россия ва унинг итифоқчилари кирган бўлса, иккинчи тарафда – “Уч давлат ўртасидаги иттифоқ” эди ва унга Олмония, Австро-Венгрия ва Италия (кейинчалик бетараф бўлиб олган) каби мамлакатлар аъзо эди; уруш ҳаракатлари бошланиб кетганида бу блокка Усмонийлар салтанати ва Болгария ҳам қўшилди.
Дастлабки вақт Усмонийлар салтанати бетарафлик (нейтралитет)ни сақлашга ҳаракат қилган. У куч жиҳатидан урушда қатнашаётган бошқа мамлакатлардан заиф бўлиб, бир қатор ички ва ташқи таҳдидларга қарши курашишга мажбур ҳолатда эди. Айни вақтда, Усмонийлар султони номигагина ҳукмдор бўлган. Энг сўнгги ҳақиқий иқтидор соҳиби бўлган султон Абдулхамид II 1908 йилда тахтдан ағдарилган эди ва унинг ўрнида ҳарбийлардан иборат ҳукумат – “Уч поша” ҳукмронлик қилган. Улар дунёвийликни даъво қилган “Ёш турклар” ҳаракатига тааллуқли бўлишган. Усмонийларнинг Европа мамлакатлари олдида жиддий молиявий мажбуриятлари бўлиб, Усмоний турк салтанати уни тўлай олмаган. Даставвал у “Антанта” сафига қўшилмоқчи ҳам бўлди, лекин уни қабул қилишмагач, 1914 йил октябрида “Уч давлат ўртасидаги иттифоқ” тарафида урушга кирди.
Британияликлар дарҳол Яқин Шарқ ерларини босиб олиш ҳамда Усмонийларни йўқ қилиш режаси устида ишлай бошлашди. 1857 йилда Ҳиндистонни босиб олган Британия 1888 йилга келиб Мисрни ҳам назорат қила бошлади. Усмонийлар султонлиги айнан Британиянинг икки мустамлакаси ўртасида жойлашган эди ва инглизлар жаҳон урушидан фойдаланиб, Усмонийлар давлатини йўқ қилишга киришишди.

Араблар қўзғолони

Британияликларнинг тактик қадамларидан бири Усмонийлар салтанатидаги арабларни марказий ҳукуматга қарши қилишдан иборат бўлган. Араб яриморолининг ғарбида, Ҳижозда, уларга бу масалада ёрдам берадиганларни топишди. Макканинг ўша пайтдаги амири Шариф Ҳусайн бин Али Британия ҳукумати билан усмонийларга қарши қўзғолон кўтариш ҳақида тил бириктирди. У нега ғайридинлар билан мусулмонларга қарши тил бириктиргани ҳали-ҳануз бизга маълум эмас. Қўзғолон қилишга унинг турк миллий ғояларига қарши бўлганлиги, қандайдир шахсий адоват ёки ҳокимиятга ўч бўлгани сабабдир, эҳтимол. Нима бўлган тақдирда ҳам, Шариф Ҳусайн британияликлар билан иттифоқ тузган ҳолда, усмонийларга қарши бош кўтарди. Инглизлар қўзғолончиларга қурол-аслаҳа, пул етказиб бериш мажбуриятини олишди. Бундан ташқари, Британия урушдан сўнг Шариф Ҳусайнга шахсий араб қироллигини ваъда қилишди. Мазкур қиролликка бутун Араб яримороли ҳамда Ироқ ва Сурия ҳудудлари ҳам ваъда қилинди.
Тарафлар қўзғолон кўтаришга тайёргарликларни муҳокама қилган мактуб “МакМагон-Ҳусайн ёзишмалари” номи билан машҳур. (Ҳенри МакМагон ўша вақтда Британиянинг Мисрдаги олий комиссари эди).
1916 йил Ҳижозда қуролланган кўчманчи араблар Шариф Ҳусайн бошчилигида усмонийларга қарши урушни бошлаб юборади. Орадан бир неча ой ўтиб, қўзғолончилар Британия армияси ҳамда флоти ёрдамида Ҳижоздаги муҳим бўлган бир-икки шаҳарни босиб олишади, шу жумладан Жидда ва Маккаи Мукаррамани ҳам. Британияликлар аскарлар, қурол-аслаҳа, пул ва маслаҳатчилар (масалан, машҳур Лоуренс Арабий (Аравийский)) билан ёрдам бериб туради. Қўзғолончиларга ҳатто байроқ ҳам ясаб берадилар. Британияликлар мазкур байроқни Мисрда махсус тайёрлашган, кейинчалик бу байроқ “араб қўзғолони байроғи” билан машҳур бўлди. Сўнг бу байроқ Урдун, Фаластин, Судан, Сурия ва Қувайт байроқларининг асоси бўлган.
Биринчи жаҳон уруши 1918 йилгача давом этди. Бу орада араб қўзғолончилари усмонийлардан жуда кўп шаҳарларни тортиб олишга муваффақ бўлишди. Британияликлар Фаластин ва Ироқ бўйлаб юриш қилдилар, Қуддуси шариф ва Бағдодни ҳам босиб олдилар. Араблар уларга Аммон ва Дамашқни ҳам босиб олишга ёрдам беришди. Араблар қўзғолонини кенг аҳоли қўллаб-қувватламаганини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. Бу ишлар асосан ўз ҳокимиятини кенгайтирмоқчи бўлган бир нечта раҳбарлар бошчилигида озчилик ҳаракати тарафидан амалга оширилган. Халқ мазкур низодан четда турган, улар на қўзғолончиларнинг ва на усмонийларнинг тарафини олишган. Агар британияликларнинг бошқаларга берган ваъдаси бўлмаганида, Шариф Ҳусайннинг араб давлатини тузиши режаси муваффақият қозониш эҳтимоли катта эди.
Араблар қўзғолони бошланмасдан туриб, ҳамда Шариф Ҳусайн араб давлатини ташкил қилмасидан олдин инглиз ва французларнинг ўз режалари бор эди. 1915‒1916 йилларнинг қишида британиялик дипломат Марк Сайкс ва франциялик дипломат Франсуа Жорж-Пико ўртасида махфий учрашув бўлиб ўтади. Ўша учрашувда Усмонийлар салтанати мағлуб бўлганидан сўнг Араб дунёсининг тақдири ҳақида музокаралар бўлди. Уларнинг “Сайкса‒Пико келишуви” деб ном олган битимига кўра, араб дунёси Британия ва Франция ўртасида бўлиб олинган. Британияликларга ҳозирги Ироқ, Қувайт ва Урдун ҳудудлари ўтиши керак эди, ҳозирги Сурия, Ливан ва Туркиянинг жануби эса Францияга ўтиши белгиланган эди. Фаластин тақдири эса кейинга қолдирилиб, уни ҳал қилишда саҳюнчиларнинг манфаатини ҳисобга олиш назарда тутилган эди. Келишувда баъзи ҳудудларни европаликлар назоратидаги ўзини ўзи бошқариш услубида идора этиш режа қилинган бўлса, қолганларини Британия ва Франция ўзларининг тўлиқ назоратларига олиши керак эди.
Биринчи жаҳон урушидан сўнг Яқин Шарқни парчалаш режаси сир сақланиши керак бўлган, бироқ 1917 йилда Россиядаги “большевик”лар туфайли бу режа овоза бўлиб кетди. “Сайкса‒Пико келишуви” Шариф Ҳусайнга ваъда қилинган нарсаларни инкор қилар эди. Шунинг учун инглиз-араб муносабатлари сезиларли даражада таранглашиб кетди. Бироқ, бу британияликларнинг олдинги аҳд ва ваъдаларига хилоф равишда тузган ягона битими эмас эди.

Бальфур декларацияси

Яқин Шарқ сиёсий ландшафти бўйича ўз фикрига эга бўлган яна бир гуруҳ мавжуд бўлган. Булар саҳюнчилар эди. Саҳюнчилик – сиёсий ҳаракат бўлиб, Фаластиннинг муқаддас ерларида яҳудийлар давлатини тузишга чақирган. Бу ҳаракат 19-асрда ташкил топган ҳамда Олмония, Польша ва Россияда истиқомат қилаётган яҳудийларнинг Фаластин заминига кўчиб ўтишларини рағбатлантириб турган. Биринчи жаҳон урушидан сўнг, алалоқибат, саҳюнчилар Британия ҳукуматидан яҳудийларни Фаластинга кўчишлари учун рухсат олишга ҳаракат қилди. Британиянинг жуда кўп сиёсатчилари бу сиёсий ҳаракатнинг тарафдорлари бўлишган. Улар орасида ички ишлар вазири Артур Бальфур ҳам бор эди. 1917 йил 2 ноябрь куни у саҳюнчилар пешвоси бўлган Ротшильдга мактуб юбориб, Британия ҳукумати Фаластинда саҳюнчилар давлатини тузиш ғоясини расмий равишда қўллаб-қувватлашини маълум қилди:
“Олий ҳазратларининг ҳукумати яҳудийларнинг Фаластинда ўзлапрининг миллий ўчоқларини ташкил этиш таклифини ижобий маънода кўриб чиқмоқда ва бу мақсадга етиш учун ўзининг бор имкониятларини йўлга солади; Фаластинда истиқомат қиладиган ва яҳудий бўлмаган жамоаларнинг на фуқаровий ва на диний ҳуқуқлари бузилмаслиги керак, ҳамда исталган бошқа мамлакатлардаги яҳудийлар фойдаланиб келаётган ҳуқуқ ва сиёсий мақомлари ҳам ўзгармай қолади”.

Ихтилофли шартномалар

Шундай қилиб, 1917 йилга келиб, британияликлар турли бўлган учта тараф билан тил бириктирганлар. Унда инглизлар араб дунёси учун турли хил сиёсий келажакларни ваъда қилишган. Араблар Шариф Ҳусайнга ваъда қилинган араб қироллигини исташган; французлар (британияликлар ҳам) бу ерларни ўзаро бўлиб олишни ўйлашган, саҳюнлар эса, Бальфурнинг айтганидан келиб чиқиб, Фаластинни олишга интизор бўлишган.
1918 йилга келиб, уруш “Антанта” мамлакатларининг ғолиблиги ҳамда Усмонийлар салтанатининг мағлубияти билан якун топди. 1922 йилгача Усмонийлар расмий тарзда мавжуд бўлган (давлати эса 1924 йилгача) бўлса-да, салтанатнинг бутун ҳудуди европаликлар тарафидан аллақачон босиб олинган эди. Уруш тугади, аммо уч тараф Яқин Шарқ келажаги бўйича ҳали ҳам узил-кесил келиша олмадилар.
Ким ғолиб бўлди? Аслида, ҳеч бир тараф ўзи истаган нарсага тўлиқ эриша олмади. Урушдан бироз вақт ўтиб Миллатлар Лигаси ташкил этилди. Унинг вазифаларидан бири собиқ Усмонийларга тегишли ерларни бўлиш эди. Бу халқаро ташкилот араб ҳудудлари учун ўз “мандат”ларини чиқарди. Мандатга кўра, “ўзлари тўлиқ мустақил бўлмагунига қадар” бу ерларни Британия ёки Франциянинг бошқарувида бўлиши кўзда тутилган эди. 
Шундай қилиб, Миллатлар Лигаси ҳозирги Яқин Шарқ минтақаси мамлакатларининг сиёсий харитасини белгилашда бевосита иштирок этди. Чегараларни белгилашда маҳаллий аҳолининг манфаатлари, этник, жуғрофий ва диний хусусиятлар умумун эътиборга олинмади. Ҳаммаси шунчаки ўзбошимча тарзда амалга оширилди. Бугунги Яқин Шарқнинг сиёсий чегаралари аҳолининг миллий-диний таркибига умуман алоқаси йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Мандат тизими ёрдамида британияликлар билан французлар анчадан бери орзу қилишган Яқин Шарқ минтақасини ўз назоратларига олишга муваффақ бўлишди. Шариф Ҳусайнга келсак, унга ва унинг фарзандларига британияликларнинг қўл остидаги ҳудудларни бошқаришга рухсат берилди. Шу йўсин, шаҳзода Файсал Ироқ ва Сурия қироли деб эълон қилинди, шаҳзода Абдуллоҳ эса Урдун қиролига айланди. Амалда эса, ҳокимият британияликлар билан французларнинг қўлида эди.
Саҳюнчиларга эса британияликлар баъзи чекловлар билан Фаластинга кўчиб келишларига рухсат беришди. Британияликлар бу ерда яшаётган арабларни ортиқча қўзғамаслик учун яҳудийлар кўчиб келишини маълум маънода чеклалашга ҳаракат қилишди. Бу эса саҳюнчилар норозилигига сабаб бўлиб, улар турли хил ноқонуний йўллар билан 1920-1940 йиллар мобайнида Фаластин заминига оммавий тарзда оқиб кела бошлади. Араблар ҳам бу кўчиб келишларни ерларига ҳамда 1187 йилдан бери мусулмонлар қўлида бўлган Қуддуси шарифга бўлган таҳдид дея баҳолашди.
Биринчи жаҳон урушидан сўнг британияликлар томонидан экилган сиёсий тартибсизлик уруғи бугунда ҳам ўз ечимини топган эмас. Бир-бирига зид бўлган битимлар асосида ташкил қилинган давлатлар Яқин Шарқ минтақасини сиёсий жиҳатдан барқарорсиз этиб қўйди. Мусулмонларнинг тарқоқлиги ортидан саҳюнчиларнинг кўтарилиши ҳукумат идораларида коррупциянинг авж олишига ва бутун минтақанинг иқтисодий инқирозга юз тутишига олиб келди. Юз йил олдин сунъий равишда амалга оширилган тарқоқлик ҳали-ҳануз мавжудлигича қолмоқда ва, ҳатто, янада кучайиб, илдиз отиб бормоқда.

Абу Муслим таржимаси
Манба: “Lost Islamic History”

Янгиланди ( 13.08.2015 22:48 )
 
Фасиҳ Ҳавофий (1375-1442)
18.01.2014 22:34    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Темур ва Темурийлар даврида яшаб ижод этган алломалардан бири Фасиҳ Аҳмад Жалолиддин Муҳаммад Ҳавофий 1375 йилнинг 28 сентябрида Хиротда туғилиб, шу ерда таълим-тарбия олгандан сўнг, 1405 йили давлат ишлари билан Самарқандга жўнатилгач, 1415 йилгача нуфузли амирлардан Алоуддин Али Тархон, кейин Шоҳрух Мирзо саройида хизмат қилган.

Таржимаи ҳол

Ҳаётининг сўнгги йилларида Шоҳрухнинг ўғли Бойсунқур Баҳодирхон саройида девонлик мансабига тайинланган. Бироқ кўп вақт ўтмай Темурийлар саройидаги хизматдан бутунлай четлаштирилган ва бизга маълум бўлган бирдан-бир асари "Мужма ут-таворих" ("Тарихий саналар йиғиндиси")ни ёзишга киришган. (Бу асар "Мужмаи Фасиҳий" ҳам деб юритилган).

Гарчи Ҳавовий ушбу тўпламни сарой ишларидан четлатилгандан кейин, яъни 1433-1442 йилларда тузган бўлса-да, бироқ китоб дебочасидаги ёзувда асардаги маълумотларни муаллиф илгарироқ тарихий китобларни ўқиб юрган кезларида қисқа-қисқа тарзда қаламга олиб юрган. "Бу нусхани, - дейди муаллиф дебочада, - узоқ йиллар давомида улуғларнинг тарихларидан ва салафларнинг китобларидан жамладим".

"Мужма ут-таворих" бизнинг давргача кам нусхада етиб келган. Шундай асар мавжудлиги ҳақида фақат XIX аср охирларидагина илмий адабиётда қисқача маълумотлар келтирилган. Бу асар В. В. Бартольд, Э. Браун, В. Розен, Дорн, X. Раверти сингари олимлар эътиборини тортган эди. Китоб муқаддима, икки мақола ва хотимадан иборат бўлиб, муқаддима Одам Атодан тортиб Муҳаммад пайгамбарнинг таваллудигача (570-580) бўлган тарихни ўз ичига олади.

Биринчи мақола "Муқаддима"нинг бевосита давоми бўлиб, "Пайғамбарнинг 53 ёшигача, яъни унинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратига (622 йил) қадар бўлган тарихдан ҳикоя қилади. Асарнинг асосий ва катта қисми иккинчи мақола бўлиб, 622 йилдан 1442 йилгача бўлган воқеалар шарҳидан иборат.

Бизга маълум бошқа қўлёзма нусхаларда хотима учрамайди. Бу қисм муаллиф ватани бўлмиш Хирот шаҳри ҳақидаги баъзи маълу¬мотларни ўз ичига олиши кўзда тутилган.

Шунингдек, "Мужма ут-таворих"да Амир Темур авлодига бағишланган "Фойда" деб аталувчи бўлим бор. Асарда тарихий фактлар ўзига хос бир йўсинда шарҳланганки, воқеалар жараёни бир-бирига узвий боғланган, турли-туман тафсилотлар жуда қисқа тарзда баён қилиниб, содир бўлган йиллари тартиби билан жойлаштирилган. Биз учун "Мужма ут-таворих"нинг Ҳавовий яшаган даврга ва бунга бевосита яқин бўлган йилларга оид маълумотлари, яъни асар иккинчи мақоласининг охирги қисми қимматлироқдир. Шунинг учун бўлса керак, асарни нашрга тайёрлаган Маҳмуд Фарруҳ асар¬даги 1301-1442 йиллар воқеаларинигина ўз нашрига киритган. Шу йилларда содир бўлган сиёсий воқеаларга келсак, асарда Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ мамлакатларида муғуллар ҳукмронлигининг инқирозга учраб, аста-секин емирилиб бориши, ажнабий ҳукмдорлар зулмига қарши ерли халқлар орасида норозлик ҳаракатлари акс эттирилган. 1365 йили Самарқандда тарқалган сарбадорлар ҳаракати тобора кучайиб, муғуллар ҳукмронлиги инқирозини тезлаштирганлиги, муғуллар давлати ўрнида Темур давлатининг ташкил топиши ва юксалиши каби муҳим воқеаларнинг хулосаси қисқа-қисқа баён этилиб, ой ва йиллари билан кўрсатилган.

"Мужма ут-таворих"да маданий турмушга, шоирлар, олимлар каби ўз даврининг кўзга кўринган зиёлилари ҳаётига оид маълу¬мотлар ҳам жуда куп учрайди. Ҳавовий айрим шахслар тўғрисида гапирар экан, уларнинг ёзиб қолдирган асарлари, вафот қилган йили, баъзан туғилган йилларини ҳам албатта эслатиб ўтади. Масалан, "Нузҳат ал-арвоҳ" ("Руҳлар ҳузурида") асарининг муаллифи Амир Саййид Олим ал-Ҳусайний вафот қилган йилини (1318 йил, 11 де¬кабрь) келтириб, шу билан бирга Хиротда ўлганлигини айтади унинг тасаввуфда шуҳрат топганлигини, Баҳовуддин Закариё Мултонийнинг муриди бўлганлигини ва бир қанча асар ёзганлигини эслатади.

Темур ва Темурийлар даврида олиб борилган ободончилик ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовордир. Бу даврда бунёд этилган йирик мадрасалар, қазилган ариқлар ва бошқа ишларнинг бажарилган йилларини ҳам Ҳавовий мунтазам равишда қайд қилиб боради. Унинг маълумот беришича, Амир Темур Чингизхон даври¬да харобага учраган Банокат мавзеидаги шаҳарни 1382 йилда қайтадан тиклаб, унга Шоҳрухия деб ном берган. Шунингдек, 1403 йили Темур Байлакон шаҳрини (Аракс дарёсининг Курага қўшиладиган ерида жойлашган) ҳам қайтадан тиклаган ва у шаҳарга сув келадиган Барлос каналини қаздирган. 1404 йили эса Шоҳрух фармони билан Хирот шаҳри, унинг дарвозалари ва буржлари қайта тикланган.

Булардан ташқари, ҳар хил табиий офатлар, халқ бошига тушган қийинчиликлар ҳам алломанинг диққатидан четда қолмаган. "Мужма ут-таворих"да 1337 йили Хирот вилоятларидан бири бўлмиш Ҳавофда, 1363 йили Хиротда, 1405 йили Нишопурда содир бўлган зилзилалар, 1350 йили Яздда, 1388 йили Табризда, 1406 йили Хиротда воқе бўлган очарчилик ва қаҳатчилик, 1345 йили Хоразмнинг Журжониясида (Кўҳна Урганчга яқин), 1346 йили Табризда, 1459 йили Озарбайжонда тарқалган вабо касаллиги ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилган.

Шуниси эътиборга сазоворки, "Мужма ут-таворих" муаллифи ўзи яшаган даврга оид маълумотларни кўп ҳолларда кўриб-билганлари асосида ёзган, чунки у умрининг анчагина қисмини Темурий ҳукмдорлар хизматида ўтказганлиги учун, ўз даври ҳаёти билан яқиндан таниш бўлган, Темурийлар қўли остидаги вилоятларнинг аксариятини иш жараёнида бориб кўрган.

Ҳавовий воқеаларни бетараф туриб ёритишга ҳаракат қилганлигини тадқиқотчилар бир неча бор қайд этиб ўтганлар. В. В. Бартольд бу ҳақда шундай ёзган эди: "Шоҳрух даврида Аҳмад ибн Муҳаммад Фасиҳ ал-Ҳавовий ўзининг сарой кирдикорларидан холи бўлган "Мужмаи Фасиҳий" номли асарини яратди. Бу асар... катта бир тарихий жараённи ўз ичига олган бўлиб, унда воқеалар йилма-йил, бирин-кетин баён этилган. Асар мухтасар бўлишига қарамай, жуда фойдалидир, у бизга Ўрта Осиё ва Эрон шайхлари ҳамда адиблари ҳақида янги маълумотлар беради".

Шундай қилиб, Ҳавовийнинг "Мужма ут-таворих" асари XIV- XV асрдаги Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий ва маданий ҳаётига оид қимматли манбадир. Унда келтирилган тарихий воқеалар, саналар ва бошқа маълумотлар Темур ва Темурийлар даврини янада ойдинлаштиришга, бу давр тарихини янада яхшироқ билишга катта ёрдам беради.

 
Қатағон даҳшатлари
05.02.2014 22:20    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Жаҳон тарихи одамзод ўзи яшаб турган маконида кўп миқдорда ёвузлик, жиноий ҳаракатлар ижод этганига шоҳиддир.

Француз олими Лайнус Полинга ўзининг "Ҳеч қандай уруш бўлмасин"' номли асарида ер юзида кейинги 5,5 минг йил давомида 14500 та катта ва кичик урушлар бўлиб, уларда 4 миллиардга яқин одам ҳалок бўлган, бу бундан бир неча ўн йил олдин ер куррасида яшаётган одамлар миқдорига тенгдир», деб ёзган эди.
Ҳарбий ҳаракатлар юз бериши ва юз бермаслигидан қатьи назар турли мамлакатларнинг у ёки бу ҳудудида қотилликлар, портлашлар, ёнғинлар, заҳарланишлар, одамларни ўғирлаш ва бошқа ҳаракатлар юз берган ва ҳозирда ҳам содир бўлмоқда.

Октябр тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи Советлар тузуми биринчи кундан бошлаб халкдаримиз бошига сон-саноқсиз қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Бу даҳшатли режимни ўлкамиз халқлари қабул қилмадилар. Улар истикдол учун, эрк ва миллий-озодлик учун 16 йил мобайнида қуролли кураш олиб бордилар. Бу кураш давомида, айрим хориждаги муаррихлар ҳисобича, 1 миллион 900 минг ватандошимиз Туркистондан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди ва 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибирга, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказга, Уралга, Қозоғистонга, Узоқ Шарққа, Кавказга, Волгабўйи районларига бадарға қилинди.

Россия Федерацияси марказий телевиденияси "Культура" канали 2007 йил 4 июлда "Расстрельные списки Сталина" номли кўрсатув берди. Уни тарих фанлари доктори Н. Петров, тарихчи А. Виноградов олиб бордилар. Унда «катта террор»нинг 1937 йил 30 июлдан бошланиб 1938 йил ноябрига қадар давом этганлиги айтиб ўтилган. Шу вакт ичида 1,5 миллион киши қамоққа олинган, шундан 700 минги отиб юборилган. "Катта террор"нинг қаҳрли тиғи жамият аъзоларининг барча тоифаларини ўз домига тортган. Айниқса, "катта террор"дан аҳолининг қуйи табақасидагилар кўп жабр-зулм кўрганлар.

НКВДнинг 00486-сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги "Алжир" (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида "Ватан хоинларининг оила аъзолари"дан 6500 аёл жазони ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқорида бўлган болалар "ижтимоий хавфли" ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.
Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганларида 1507 нафар фарзанд кўрганлар, бу болалар кўпинча севги асосида эмас, зўрлик асосвда дунёга келганлар.

Мудҳиш воқеалар 1937 йил июлдан бошланиб, 1938 йил ноябргача давом этган. Шу вақт ичида совет империяси бўйича бир ярим миллион киши қамоққа олинган, шундан етти юз минги отилган. Ўзбекистонда эса 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача ўн минг етти юз киши қамоққа олинган. Булардан уч минг олти юз ўн уч киши отилди, етти минг саксон етти киши саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди.
Ўша йиллари аҳолининг барча қатламлари қатағон гирдобига тушган. Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қарши қаратилган эди.
Факат 1937 йил декабр ойида "учлик" қарори билан ҳукм қилинган уч минг олти юз қирқ тўрт кишидан бир минг тўрт юз олтмиш тўрт нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган. 1938 йилнинг февралида "учлик" йиғилишларида 2491 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган, шундан 2086 маҳбус отувга, 398 маҳбус ўн йил муддатга, икки маҳбус саккиз йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Тўрт маҳбус тергов вақтида вафот этган, бир кишигина озод этилган. Улар асосан ўзига тўк деҳқонлар, ишчи-хизматчилар, 153 нафари уламолар, 72 нафари собиқ савдогарлар бўлган.
Қатағон қилинган юртдош уламоларнинг қисматига дойр айрим маълумотларни келтирмоқдамиз:

Абдураҳмон Бердиалиев (1888 йили Андижан округи, Балиқчи тумани, Тумор қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — босмачилик ва бошқа аксил-инқилобий ҳаракатларда қатнашган, колхоз
тузумига қарши тарғибот олиб борган деган туҳмат билан "учлик" томонидан 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм қилинган.

Ашур Солиев (Бухоро округи Шофиркон тумани, Қилмакон кишлоғида 1903 шли туғилган, олим, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — миллатчи, аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида колхозчилар орасида совет ҳокимиятига қарши норозилик уйғотган, деган сохта айблов билан "учлик"нинг 1938 йил 7 февралдаги қарори билан отувга ҳукм қилинган. Ҳайдар Ҳазратқулов (1868 йили ҳозирги Жиззах вилояти Жиззах туманы Етимтак қишлоғида туғилган, дин хизматчиси, имом)
— аксилинқилобий миллатчи ташкилот аъзоси, аҳоли орасида колхозга қарши тарғибот олиб борган, деган уйдирма билан "учлик" -нинг 1938 йил 9 феврал қарорига кўра ўн йил меҳнат-тузатиш лагерига ҳукм қилинган.

Абдулла Бойкотов (1888 йили ҳозирги Наманган шаҳрида туғилган, дин хизматчиси, эшон, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) — аксилинқилобий гуруҳ аъзоси, совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатларда қатнашган, халқ душманларини қўллаб-қувватлаган, деган туҳмат билан "учлик" қарорига кўра 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм этилган.

Нажмиддин Иномов (1882 йили ҳозирги Наманган вилояти Наманган туманы Шўрқўрғон қишлоғида туғилган, дин хизматчиси, имом, ҳибсга олинган вақтда ишсиз) — аҳоли орасида аксилинқилобий ташвиқот олиб борган, колхозчиларни совет ҳокимиятига қарши чиқишга тарғиб этган, деган бўҳтонлар билан, "учлик" қарорига кўра 1938 йил 9 февралда отувга ҳукм қилинган.

Соат Турдиев (1890 йили Сурхондарё округи Бойсун тумани Пулҳаким қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — аксилинқилобий гуруҳ раҳбари, ноқонуний йиғинларда иштирок этган, колхозларни тарқатиб юборишга, қуролли ҳаракатларга тарғиб қилган, деган уйдирма билан "учлик" 1938 йил 4 февралда отувга ҳукм қилган.

Иброҳим Муқимов (1873 йили Сурхондарё округи Бойсун тумани Қумбулоқ қишлоғида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда ишсиз)
— миллатчи, совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатларни уюштириш сохта айблови билан айблаб, "учлик" 1938 йил 4 февралда отувга ҳукм қилган.

Алихўжа Примбетов (1888 йили Тошкент вилояти Чирчиқ тумани Кас қишлоғида туғилган, имом) — аҳоли орасида доимий равишда миш-мишлар тарқатган, коммунистларни ёмонлаган деган туҳмат билан "учлик" 1938 йил 14 февралда отувга, мол-мулкини мусодара этишга ҳукм қилган.

Али Махсум Содиқов (1900 йили Крра-қалпоғистон АССР Кипчоқ тумани 5-овулида туғилган, дин хизматчиси) — ноқонуний йиғинларда иштирок этган, бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган, халқ орасида колхозчиларга қарши ташвиқотлар олиб борган, деган туҳмат билан айбланиб, 1938 йил 7 февралда отувга ҳукм қилинган.

Мамут Юсупов (1885 йили Қорақалпоғистон АССР Кипчоқ тумани 5-овулда туғилган, савдогар, дин хизматчиси, имом) — аксил-инқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинлар ташкил этиб, аҳоли орасида советларга қарши тарғибот олиб борган, деган туҳмат билан "учлик" 1938 йил 7 февралда отувга ҳукм қилган.

Муса Исаев (1900 йили Хоразм округи Хива шаҳрида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — аксилинқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинлар ташкил этган, аҳоли орасида аксилинқилобий ташвиқот олиб борган, деган уйдирма билан айбланиб, "учлик" қарорига кўра 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм қилинган.

Худойберган Абдалов (1896 йили Хоразм округи Хива тумани Молотов қишлоқ советида туғилган, имом, ҳибсга олинган вақтда колхозчи) — аксилинқилобий диний гуруҳ аъзоси, ноқонуний йиғинларда иштирок этган, аксил-инқилобий мағлубиятчилик ташвиқотларини олиб борган, деган уйдирма билан 1938 йил 10 февралда отувга ҳукм қилинган.

Бу ўринда бор-йўғи ўн икки нафар қатағон қурбони ҳақида қисқа маълумотларни келтирдик. Уларнинг барчаси кейинчалик айби йўқлиги учун оқланган.

Рустамбек Шамсутдиновнинг "Қатағон қурбонлари" китоби асосида тайёрланди


 
Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳокимият тепасига келиши
20.01.2014 10:34    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Жавоҳирлаъл Неру(1889-1964)-Ҳиндистон давлат, сиёсий ва жамоат арбоби миллий озодлик ҳаракати курашида М.К.Гандининг сафдоши сифатида фаолият кўрсата бошлади. Жавоҳирлаъл Неру тарихда "Янги Ҳиндистон бунёдкори" номи билан машҳур бўлди.  Жавоҳирлаъл Неру 1947 йил 15 августда Деҳлида машхур Лал Қалъада Ҳиндистон Миллий мустақилликни қўлга киритганлигини эълон қилди. 1947 йилдан бошлаб Ҳиндистон Республикаси бош вазири ва ташқи ишлар вазири сифатида фаолият олиб борди. Жавоҳирлаъл Неру раҳбарлиги даврида Ҳиндистон жуда катта муваффақиятга эришди. Жумладан, халқ хўжалиги, фан ва маданиятнинг ривожида ўз ҳиссасини қўша олди. Жавоҳирлаъл Неру ташқи сиёсат асосларини яратди, халқаро чигал масалаларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатган эди.Унинг мустамлакачилик, ирқчиликка қарши изчил кураши, ёппасига қуролланишга чек қўйиш, халқлар ўртасида тенглик, ҳамкорлик сиёсати халқаро майдонда Ҳиндистон нуфузини оширди. Жавоҳирлаъл Неру қўшилмаслик сиёсатини яратди. Қўшилмаслик сиёсати ва фалсафасини яратувчиларидан бири Жавоҳирлаъл Неру халқларнинг моддий фаровонлигини фақат тинчлик шароитида бунёдга келтириш мумкин, деб оир неча бор уқтирган эди. Тинчлик-бу фақат урушдан холи бўлиш эмас, балки давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамдир. Ҳиндистон ва шу каби давлатлар халқаро миқёсда муҳим роль ўйнаш учун ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги керак, деган эди у. Жавоҳирлаъл Нерунинг олиб борган сиёсат унинг ажойиб шахе эканлигини билдирди. Жавоҳирлаъл Неру отаси билимларини пухта эгаллади ва аста-секин сиёсат оламига кириб кела бошлади. Гарб маълумотини олган ва бу унинг дунёқарашйга катта таъсир кўрсатса-да, у Ҳиндистон маданиятига жуда қизиқар эди. Брахманлар кастасига тегишли бўлса-да, у ўзини индус деб ҳисобламас, унинг кўпгина
урф-одатларига танқидий қарар эди. Конгресснинг бошқа номоёндаларидан фарқли   у   ижтимоий   ўзгаришлар   ва   адолатга   қаттиқ   ишонарди. Кастачиликнинг душмани бўлган Жавоҳирлаъл Неру ҳинд жамиятидаги тенгсизликни сабабларини сиқиб чиқариш, эркак ва аёлларнинг ҳуқуқи тенг бўлган давлат ташкил қилишни орзу қилган. Жавоҳирлаъл Неру ҳинд халқининг ҳаётини ғарб билан тенглаштиришни истарди. Тажрибага эга бўлган социалист буларни амалга ошириш учун замонавий технология асосида саноат ишлаб чиқаришни амалга ошириш керак деб ўйлайди. Бироқ, собиқ Совет Иттифоқига қанчалик ҳавас қилмасин, Жавоҳирлаъл Неру демократия тарафдори бўлиб қолди. У "иқтисодий ажойибот"ни демократик йўл билан қурмоқчи бўлди. Мамлакатдаги улкан иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга қарамасдан ҳинд демократик кучларини бирлаштира олди. Хитой ва собиқ СССРга ўхшаган йирик мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши анча юқори бўлган мамлакатлардан фарклироқ Жавоҳирлаъл Неру ҳар бир инсон озодлигига босим ўтказмасдан ва зарар келтирмаган ҳолда ривожлантиришни ваъда қилди. Жавоҳирлаъл Неру Ҳиндистон бош вазирлигининг биринчи икки ярим йили давомида қудратли ички ишлар министри Валмебхан Патель билан ишлади. Валмебхан Патель партия ташкилотини назорат қиларди ва у ҳукуматдаги иккинчи муҳим шахс эди. Патель консерватив характерга эга бўлиб, индуслар манфаатини қўллаб қувватларди.  У Жавоҳирлаъл  Нерунинг кўпгина таклифларига  қарши чиқарди. Бу икки сиёсатчи ўртасидаги келишмовчиликлар тез орада ўсиб, партия  ишларини  назорат қилиш  бўйича масалаларда кураш  бошлаб юбордилар. Ғалабани Патель қўлга киритди. 1950 йилда унинг таклифи билан П.Д.Тандон Конгресс партиясининг президанти бўлиб сайланди. Тез орада Патель вафот этди. Жавоҳирлаъл Неру эса партияни қўлга киритиш учун фаол ҳаракат бошлаб юборди. П.Д.Тандон истеъфога чиқишга мажбур бўлди, Жавоҳирлаъл Неру эса президентликни ўз қўлига олди. 1952 йилги сайловларда Жавоҳирлаъл Неру ғалаба қозонди ва умрининг охиригача партия ва ҳукуматнинг бошлиғи бўлиб, умрининг охиригача фаолият кўрсатди.
1950 йил 26 январда Ҳиндистон ўзини республика деб эълон қилди. Британ парламенти модели бўйича ўзининг янги конституциясини қабул қилди. Бу моделга кўра давлат бошлиғи қоғозда президент бўлди, лекин республиканинг асосий етакчиси бўлиб, бош вазир, парламентда кўпчилик партиясининг бошлиғи Лок Сабха бўлиб қолди. Лок Сабха ("Халқ палата"си) умумий овоз билан 5 йилда бир марта сайланадиган 500 кишидан иборат эди. Республика шаклига кўра давлатчилик тизими федерал бўлиб, Янги Деҳлидаги марказий ва ҳар бир штатдаги маҳаллий ҳокимиятдан иборат бўлган икки ҳукуматнинг ўзаро алоқасидан иборат эди. Ҳар бир щтатнинг ўз бош вазири бўлиб, у маҳаллий партияни ва штатнинг қонунчилик ҳокимиятини бошқарар эди. Марказий ҳокимиятни бошқариш кучайтириш мақсадида Янги Деҳли штатлар бўйича баъзи қарорларни бажариш ҳуқуқини қўлга олди. Алоҳида вазиятларда президент штат маъмуриятини бошқариш мумкин бўлди. Ҳукумат олдидаги вазифалар марказ ва штатлар ўртасида бўлинди. Марказий ҳокимият мудофаа, ташқи сиёсат, алоқа, темир йўл транспорта ва молия ишларини бошқарарди. Штатлар эса соғлиқни сақлаш, маориф, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий ҳокимият органларининг иши, полиция ва суд ишларига жавоб берар эди. Жавоҳирлаъл Нерунинг ғояларига асосланган ҳолда янги республика тўлалигича мустақил давлат деб эълон килинди. Индуизм динига сиғинадиган аҳоли кўп бўлишига қарамасдан мамлакатнинг асосий дини йўқ эди. Черковлар давлатдан ажратилди, мактаблар эса черковдан ажратилиб, уларни давлат қўлламасди. Жавоҳирлаъл Неру ва унинг издошлари фикрига кўра, бу йўл билан аҳолини янги Ҳиндистон маданиятига ўтказиш осон кечарди.
Мустақилликдан   сўнг   Ҳиндистон   таркибига   кирган   мустақил князликлар асосий муаммо бўлиб қолди. Маунбеттен режасига кўра 550 дан ортиқ князликлар Ҳиндистон таркибига ёки Покистон таркибига киришни танлашлари лозим эди. Порахўрлик, алдов ва куч билан Патель уларни Ҳиндистон таркибига киритишга муваффақ бўлди. Бироқ мўғуллар давридан ҳукм суриб келаётган улуғ Хайдаробод князлиги Ҳиндистонга қўшилишдан бош тортди. Патель мамлакатнинг қоқ ўртасида бўлган ярим мустақил ва душманчилик ниятидаги бу давлатга 1948 йил 13 сентябрда қўшин жўнатди. Ундан ҳам қийин муаммони Ҳиндистон билан Ғарбий Покистон чегараси ўртасидаги Кашмир келтириб чиқарди. Мамлакатнинг тўртдан уч қисмини
мусулмонлар ташкил қилсада, унинг ҳукмдори Махараджа Хари Сингх эди. У ё хохламаслиги, ёки Ҳиндистон ва Покистондан бирига ўтишни танлашни орқага сурар эди. Покистон чегара бўйлаб мусулмонлар дан ташкил топган ихтиёрий қисмларини шай қилиб қўйди. 1947 йил октябрда улар Кашмирга кирдилар. Босиб олиш мақсадида унинг пойтахти Сринагаруга йўл олдилар. Ҳокимиятни қўлдан бой беришдан қўрққан Хари Сингх Ҳиндистонни танлади ва Янги Деҳлидан ёрдам сўради. Сринагаруга самолётларда ҳинд аскарлари ташланди. Шиддатли жанглардан сўнг Покистон қўшинлари чекиндилар.   Сринагар   ва   Кашмир   водийси   Ҳиндистонга   қўшилди. Кашмирнинг ғарбий қисми Покистонликлар қўлида қолди. Штат раҳбарлари аста-секин ҳинд жамиятига қўшилиб кетдилар. Махаражлик ҳуқуқлари ўрнига Ҳиндистон конституциясида уларга бир қанча ҳуқуқлар берилди.
Уларга мерос ерлари, унвонлари ва ҳар йили бериладиган пул микдори белгиланди.    Уларнинг    баъзилари    сиёсатчи,    элчи,    бизнесмен    ва Ҳиндистоннинг энг бой кишиларига айланиб қолдилар.
1951-1952 йиллардаги умумий сайловлар Ҳиндистонни дунёдаги йирик демократик мамлакат эканлигини тасдиклади.  Марказий  ва  маҳаллий ҳокимиятдаги 4 минг ўринга рақобатлашган 17 минг депутат учун ҳинд кишилари ўзларининг овозларини бердилар. Бу Жавоҳирлаъл Нерунинг диндан алоҳида бўлган ўта маданиятли Ҳиндистон йўлини текшириш омили бўлди. Натижада миллионлаб ҳинд халкининг ишончига сазовор бўлган Жавоҳирлаъл Неру ва унинг Ҳиндистон Миллий Конгресс партияси Лок Сабхада 499 та ўриндан 364 тасига эга бўлди. Маҳаллий сайловларда бу партия 26 та штатдан 22 тасини эгаллади. Бу эса Жавоҳирлаъл Нерунинг мавқеини мустаҳкамлаб берди. Уларнинг душманлари коммунистлар бўлиб, атиги 3 та -Анухра, Прадеш, ғарбий Бенгалия ва Керал штатлари уларни қўлладилар. 1957 йилги сайлоаларда конгресс партияси янада кўпроқ овозга эга бўлди. Унинг тарафдорлари 183 миллионни ташкил қилди. Лок Сабхадаги 500 ўриндан 365 та овозга эга бўлдилар. Фақат Кералда ҳокимият тепасида коммунистлар қолдилар. Коммунистлар дан ташқари мухолифатнинг бир қисмини ўнглар партияси Бхаратия раҳбари Жан Санх ("Ҳинд халқлари партияси") ва Сватантра ("Озодлик партияси") ташкил этар эдилар, лекин улар коммунистларча ҳам оммабопликни қўлга киритмадилар.
Жамиятни кўпроқ ўйлантирадиган асосий масалалардан бири, бу мамлакат ичкарисидаги сиёсат эди. Бош вазир Жавоҳирлаъл Неру бу масалага жиддий эътибор қаратарди. Ҳиндистонга ўхшаган кўп миллатли ва кўп маданиятли мамлакатни бирлаштириш кийинчилигини билган Жавоҳирлаъл Неру мамлакатни "тил" жиҳатидан бўлишга бўлган харакат эди. 1950-1956 йиллар давомида Ҳиндистон харитасини тил принципи бўйича тўхтатиб қўйиш учун кураш бошланиб кетди. Турли тилларда: маратха, панжобча, гужаратча, тамилча, телуча гапирадиган ўзларининг махсус штатларини ташкил топишини талаб қилардилар. Ҳинду тилида гапирадиганлар уни инглиз тили ўрнига давлат тили деб тан олишини исташарди. Жавоҳирлаъл Неру бундай бўлиниш мамлакат бирлигини йўқолишига олиб келишини яхши биларди, шунинг учун бунга иложи борича тўсқинлик қилди. Шимолий Ҳиндистонда ҳинду тили кенг ёйилишига қарамасдан, мамлакатнинг турли бурчакларида ҳамма тушунадиган қадимги тиллар: инглиз, санскрит ва эронча тил ҳам мавжуд эди. Жавоҳирлаъл Неру инглиз тилига кўпроқ ён босарди, чунки у бир томондан мамлакатга керакли янгиликларни олиб келар, иккинчи томондан мамлакатни бирлаштирувчи буюк куч деб қарарди. 1952 йилда у биринчи алоҳида "тил штати", "Андхра Прадеш"ни одамлар телуча тилида гаплашадиган штатга розилик беришга мажбур бўлди. У ўз фикрида қолиб: "Ҳали кўрасиз, арини уйини бузиб, кўпларни қаттиқ чақишига дучор қиламиз," -деган гаплар ҳозирги кунда ўз ифодасини топди. Шундан сўнг алоҳида тилда гапирадиган янги штатлар пайдо бўлди.
Жавоҳирлаъл Неру ва Ҳиндистон Миллий Конгресс партияси мамлакатнинг асосий масаласи-камбағалчилик эканлигини яхши биларди. Уларнинг олдида қийин вазифа: тез ўсиб бораётган мамлакатни турмуш тарзини ҳамда ҳаёт даражасини кўтариш турарди. 1941 йилда Ҳиндистонда 389 миллион аҳоли бўлса, 1961 йилга келиб 434 миллионга етди. Бу вазифани ҳал қилиш учун Жавоҳирлаъл Неру режали иқтисодий ривожланиш сиёсатини илгари сурди. У собиқ СССР ва Ғарб мамлакатларини энг яхши ютуқларини ўзига олган ҳолда Ҳиндистонга тўғри келадиган учинчи йўлни топиш керак эди. У Ғарб фан ва техникаси асосида социалистик принцип бўйича оғир саноат ривожлантиришни ният қилган эди. Бу эса ривожланган капитализмни социалистик "тенглаштирув" билан мослаштиришга ёрдам берарди. Социализмни ёқтиришига қарамасдан Конгресс партиясини доимо йирик саноатчилар қўллашардилар. Ҳинд саноатининг гигантлари Г.Д.Бирла ва Дж.Р.Д.Тата ўзларининг асосий кучларини миллий оқимларни қўллаб қўвватлаш учун сарф қилардилар, чунки шу оқимлар иқтисодий манфаатларни заминини ташкил қилади деб ҳисоблардилар. Иқтисодни режалаштириш ва координациялаштириш зарурлиги, инвеститциянинг кўлами, ривожланишига туртки бўла олиши хусусий сектор имкониятларидан узоққа чиқишида Г.Д.Бирла ва Дж.Р.Д.Тата Жавоҳирлаъл Неру билан ҳамфикр эди. Давлат капиталининг согломлаштирувчи оқимигина Ҳиндистон иқтисодини оёққа турғизишига ишонардилар. Иқтисод жамоат ва хусусий секторга бўлинган эди. Саноатни ривожини хусусий қўлларда қолдирилди, аммо ирригацион қурилмалари, электростанцияларни қуришни давлат бошқарарди. Саноатни ривожланиши бўйича назорат қилиш учун янги қонунлар қабул қилинди ва улар хусусий компаниялар фаолиятинибошқарар эди. Улардан энг муҳимлари 1951 йилдаги "Саноат ҳақидаги қонун" ва 1956 йилдаги "Компаниялар ҳақидаги қонун" эди.  Биринчиси, давлатга хусусий фирмалар устидан ҳукмронлигини берарди. Ўзини эски саноатини янгиламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлса давлатдан лицензия олиши керак эди. Иккинчиси эса, монополияларни жиловларди. Текширув ва чекланишлар ривожланишни сиқиб қўйган эди Монополиялар эса назоратсиз қолганидан ташқари яна ривожланди. 1961 йилда 86% компанияларда хусусий капиталнинг 14,6% ига тўғри келса, кичкина компанияларда 53% тўғри келарди. Лицензия олиш учун катта микдорда пора бериш керак эди. Коррупция ўзининг энг юқори чўққисига чикди.
Ҳиндистон иқтисодий ривожланланишини режалаштириш ва координациялаш учун Жавоҳирлаъл Неру 1950 йилда Миллий комиссияни ташкил эттирди. Яшаш даражасини кўтаришнинг асосий сабаби қилиб саноатни ривожлантириш керак деб топилди. Ҳиндистонга кучли ва қаттиқ иқтисод керак эди. Буларни амалга ошириш учун учта беш йиллик режа ишлаб чиқилди. Биринчиси, 1951 йилдан бошланиб, асосий эътибор қишлоқ хўжалигига қаратилган эди. Инглизлар Ҳиндистонда йирик сугориш иншоотлар системасини курган эдилар, лекин катта ерлар, ўзлаштирилмасдан қолиб кетган эди. Андхра Прадеш ва Майсур штатларининг чегарасидаги Тунгабхара тўгони 1,03 миллион акр ерни сугорар эди. Бу ва бунга ўхшаш тўғонлар Ҳиндистон энергетикасига катта ҳисса қўшардилар. Биринчи беш йиллик режа ҳисоб-китобларга қараганда катта ютуқлар олиб келди. Озик-овқат маҳсулотлари 25%га миллий даромад эса 18% га ошди. Бу Жавоҳирлаъл Неру олиб бораётган сиёсатиниг самараси эди.
Иккинчи беш йиллик режа (1956-1961 йиллар) саноатни ривожлантиришга қаратилган эди. У миллий даромадни 25% кўтариши керак эди. Иккинчи беш йилликка уч баравар кўп маҳсулот сарфланди, лекин натижа кутилгандан ёмон бўлди. Шунга қарамасдан, электрокувват ишлаб чиқариш икки баравар ўсди. Кумир қазиб чикариш, пўлат ишлаб чиқариш ўсди. Ҳиндистон саноат соҳасида анча ютуққа эришди. Янги Ҳиндистонда Жавоҳирлаъл Нерунинг беш йиллик режалари мамлакатни замонавий саноатлашган ривожланишига асос солди. Улардан сўнг мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ ўзини-ўзи таъминлай бошлади. Кутилган натижани беш йиллик режалар бермасада, уларнинг ёрдамида 1951-1961 йилларда миллий даромад 42% ўсди. Жавоҳирлаъл Нерунинг бош вазирлиги даврида демографик кўрсатувлар ўсди. Мамлакатда ўлим суратлари икки баравар камайди. Бу ғалабаларга қарама-қарши бўлган асосий муаммо аҳолини ўсиши бўлиб, бир йилда 5-6 миллионга купая бошлади. Жавоҳирлаъл Неру буни билсада, лекин уни ҳал қила олмади. 1959 йилдагина ҳинд ҳукумати Жавоҳирлаъл Неру бошчилигида "оилани режалаштириш бўйича лойиҳалар"ни ишлаб чиқди.  Бу лойиҳалар ҳеч қандай натижа бермади. Демографик портлаш саводсизлик билан боғланган эди. Кўпайиб бораётган университетлар, институтлар, коллежлар саводсизликка қарши курашишга ёрдам бера олмади. 1947 йилда 86% аҳоли саводсиз эди, 30 йилдан сўнг, 1979 йил 70% аҳоли аввалгидек ўқиш ва ёзишни билмасдилар. Ҳозирги кунга қадар Ҳиндистоннинг асосий муаммоси аҳолини тез суръатлар билан ўсиши ва саводсизлик бўлиб қолмади. Жавоҳирлаъл Нерунинг зиммасига юкланган жамоатчилик ишончи бу муаммоларни биринчи навбатда ҳал қилиши лозим эди. Унинг ҳаракатлари мамлакат жамият қурилишини тубдан ўзгартирди. Бунинг учун асосни Махатма Ганди тайёрлаб кетган эди, лекин бунга қарамасдан жамият қонунлари ўтмишга бориб тақаларди.    Жавоҳирлаъл Неру Ҳиндистондаги мавжуд бўлган муаммоларни иложи борича тинч ва осойишталик билан амалга ошириш учун тинимсизҳаракат қилар эди. У ҳақиқий ва том маънодаги ватанпарвар шахе сифатида халқ кўз ўнгида гавдаланарди.

Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳаракати билан "аёллар ҳуқуқи тўғрисида" қонунлар қабул қилинди . Бу олти йиллик кураш маҳсули бўлиб, аёллар ҳаётини янгилаш борасида инқилоб ҳисобланарди. Мустақилликдан сўнг аёллар ҳуқуқи қоғоздагина эркаклар ҳуқуқи билан тенглашди. Амалда эса эскича хотин-қизларга муносабат қолаверди. 1955 ва 1956 йилларда Жавоҳирлаъл Неру муҳим қонунларни қабул қилишга муваффақ бўлди. Улардан биринчи ҳинд никоҳи тўгрисида бўлиб, ҳинд аёлига никоҳни бекор қилишга рухсат берилди. Бундан ташқари, у эркакларда 18, қизларда 15 ёш деб белгилашга муваффақ бўлди. Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳаракатлари орқалигина ҳинд аёллари эркаклар билан баравар юридик ҳуқуқларга эга бўлдилар. Шу билан бирга Жавоҳирлаъл Неру бошқаруви даврида Ҳиндистон дунё саҳнасида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Қўшилмаслик сиёсатининг асоси мазмунини биринчи марта Жавоҳирлаъл Неру 1947 йил 4 декабрда Ҳиндистон таъсис мажлисида таърифлаган эди. "Бизнинг давримизда, деганди у,- ташқи сиёсатнинг моҳияти битта умумий саволга бориб тақалади: "Ким қайси гуруҳга мансуб?" Бу албатта масалани ниҳоятда соддалаштириб кўрсатишдир...Биз эса ташқи сиёсатда ўзимизни бирорта томон билан боғлаб қўймасликка интилдик ва шунинг учун ҳеч қандай блокка қўшилмадик. Биз ҳар бир халқаро масалани моҳиятига кўра ўз шахсий фикримиз билан ҳал этишга киришамиз" .

Жавоҳирлаъл Неру халқаро алоқалар бобида катта эркинлик билан ҳаракат қилди. Ҳинд халқи ва уларнинг мустақил мамлакатлари дунё саҳнасида тўла ҳуқуқли бўлиши ва бошқа мамлакат унга ҳурмат билан қарашини хохлардилар. Халқ Жавоҳирлаъл Неруга ташқи сиёсатни амалга ошириш режасини ишлаб чиқишига рози эди. Сезиларли ҳолда Жавоҳирлаъл Неру бу халқ хохишини амалда бажара олди. Қолоқлиги ва камбағаллигига қарамасдан Жавоҳирлаъл Неру бошчилигидаги Ҳиндистон халқаро майдонда муҳим роль ўйновчи мамлакатга айлана олди. АКШ, собиқ СССР ва Буюк Британия ҳарбий альянси тарқалди. Дунё икки қарама-қарши лагерга бўлинди. Улар ўртасидаги қарама-қаршиликни юмшатиш учун Жавоҳирлаъл Неру "Қўшилмаслик сиёсатини" тутди. У АҚШ ва собиқ СССР ўртасидаги муносабатларга аралашмасликка чақирди. Қанча мамлакат кўшилса улар ўртасидаги муаммо катталашишини тушунтирди. Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳаракатлари янги факторни "Қўшилмаслик ҳаракати"ни келтириб чиқарди. Унинг ўзи ва қизи Индира Гандининг фаолиятлари ва ҳаракатлари натижасида халқаро муносабатларда Ҳиндистоннинг обрўси кўтарилди. 1947 йилдаёқ Ҳиндистон ҳукуматининг раҳбари "Мен яқин орада, айтайлик 2-3 йилдан сўнг дунё қўшилмаслик позициясини маъқул кўришига ишонаман... ва ҳозирда кучсиз бўлган талайгина кичик мамлакатлар бу масалада эҳтимол Ҳиндистондан ўрнак олсалар керак", деганди.  1947 йилда ҳарбий блокларга қўшилмаган мамлакат биргина Ҳиндистон ҳисобланган бўлса, ҳозирда қўшилмаслик ҳаракатида 120 дан ортиқ Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатлари иштирок этмокда.

Жавоҳирлаъл Неру бутун дунёда тинч-тотув яшаш ғоялари асосида тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш халқаро ҳамкорлик муҳимлигини бир неча бор таъкидларди, ҳал этилмаган халқаро муаммолар тинч воситалар билан бартараф этилиши мумкин ва лозим эканлигини уқтирарди.                Ҳиндистоннинг қўшнилари бўлмиш Хитой ва Покистон ўртасидаги алоқаларни яхшилаш борасида Жавоҳирлаъл Нерунинг омади келмади. 1948 йилги воқеалардан сўнг Покистон билан Ҳиндистон алоқаси ёмонлигича қолди. Кашмир масаласи Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги муаммоли ҳудуд бўлиб қолмокда. Бу икки мамлакат ўртасидаги келишмовчилик ҳозирги кунгача давом этиб келяпти.    Жавоҳирлаъл Нерунинг Ҳиндистон билан Хитой ўртасидаги алоқаларини ўрнатишига қилган ҳаракатлари яхши натижа бермади.Шимоли-шарқий тоғли чегараларда бўлиб ўтган 1962 йилги воқеалар Хитой билан урушни келтириб чиқарди. 15 минг фунт тепаликларда бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатларда ёмон қуролланган, кучсиз тайёрланган ҳинд қўшинлари урушга тайёр эмасликларини намоён қилдилар. Хитойликлар ҳинд қўшинларини катта қисмини асирга олдилар. Уларнинг турган ерларидан суриб чиқардилар. Ҳатто шимоли-шаркда жойлашган Ассам штати хитойликлар томонидан босиб олиниши мумкинлигидан штатдаги аҳоли ўртасида қўрқув пайдо бўлган эди. Ҳиндистон бахтига хитойликлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, қўшинларини олиб чиқиб кетдилар. Бу воқеа Ҳиндистон обрўсига катта путур етказди. Хитой билан алоқаларни яхшилашга уринаётган Жавоҳирлаъл Нерунинг сиёсий ҳаётида, бош вазирлик давридаги катта сиёсий инқирозни келтириб чиқарди.

1964 йил 27 майда Жавоҳирлаъл Неру вафот этди. Унинг вафоти Ҳиндистон учун катта талофат эди. 17,5 йил давомида Ҳиндистон давлати ишлари учун жавобгар шахе, уч марта қайта сайланган шахс эди. Демократик мамлакатлар учун бу рекорд натижа эди. Шуни тан олиш керакки, XXI асрда Жанубий Осиёда бундай обрўга эга бўлган бошқа шахс ҳали йўқ.Унинг бошчилигида Ҳиндистон халқаро саҳнада ўз ўрнини топди. У ҳақиқий ватанпарвар инсон эди. Жавоҳирлаъл Неру ҳокимият тепасига келиши билан ўз олдига энг биринчи мақсад қилиб қўлга киритилган мустақилликни мустаҳкамлаш, Маҳатма Ганди асос солган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни давом эттириш масаласини қўйди. Хуллас, Жавоҳирлаъл Неру жонажон ватанини мустақил тараққиёт йўлида забардаст бўлиб туриши, уни қудратли, мустаҳкам ва халқларини қаттиқ жипслашган ҳолда кўришни юрак қўри билан чин дилдан истарди. Ҳинд халқи ва жаҳондаги тинчликсевар кучлар Жавоҳирлаъл Нерунинг олиб борган ишларини ҳеч қачон унутмайди.

Тўхтаева Раъно Нортўхтаевна

 
Абдурауф Фитрат. Сиёсий ҳоллар (1917)
13.03.2014 23:53    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Мусибат устина мусибат! Русиянинг ҳозирги ҳолини очиқ тасвир этмак учун мундан ярашароқ[1] сўз йўқдир. Ўзгаришдан[2] сўнг Русиянинг ҳар тарафиндан очлиқлар, ёнғинлар, талонлар, ўлумлар, ўлдурмалар бўлуб турған чоғда бирда чиқиб қолған ғолибия мағлублиғи билан бунинг устиға тортилмас бир юк бўлуб чўкган Риғо[3] кетишини кўзда олсак ва бунлар орқасиндан босиб келган Болтиқ мағлублигини ўйласак, Русияни мусибат устинда мусибат босаётибдир. Русия амринда эмдиги туёкларин остинда ётибдир деярға бизни мажбур қилур. Воқеа Риғо каби чидамли бир қўрғоннинг уч кунда кетмаси Болтиқдаги кимсаларнинг чопибғина англамаси, ёлғуз иштаҳаларни эмас, ўз истиқболларидан русларнинг ўзларини даҳи маъюс қилур, рус кучиндаги эътимод[4] ва эътиборларни тубиндан чурутур ҳодисалардан эди. Ортиқ русларнинг охирлари қолған бўлса, бутун-бутун муттафиқлариға[5] қолған эди. Руслар «эҳтимолки, муттафиқларимиз ўз майдонларина орқаси айсимас[6] юрушлар қилиб, бизни ўзигагина ундурурлар» деб ўйлай эдилар.

Рус сиёсийлари шундай бир умид билан уруниб турмоқда экан, бирдан Италия қўшуни бузулди. Олмонлар Италия узра темур юмруқларини ундирдилар[7] ва Италия қўшуни ўз бошини олиб, Олп тоғлари орқасига чиқорға мажбур бўлади. Олмонлар, йўллари узра Италия қўшуниндан минг бўйла кучлироқ бир монеъ[8] бўлған Олп тоғларин ошиб, Италия саҳролариға индилар. Ортиқ Италия ўлкасининг ҳар ёнига олмон қўшуни учун йўллар очилди...

Италиянинг бу қўрқунч мағлублиғи ёлғиз италёнлар учун эмас, руслар учун дахи буюк бир мусибат бўлди. Чунки ёнғинларинда, бадбахтлик лойқаларинда ботиб қолған Италиянинг қўлиндан ололмаған муттафиқлар қўшуниндан Русия учун кўмак кўзлайикнинг маъносиз бир эдугини янгидан исбот қилиб берди. Бунинг натижасинда Русияда янги бир бало бош кўтарди, большевик балоси!

Большевиклар иккинчи йўла қўзғалдилар. Бу қўзғалишлари биринчиси каби бўлмади. Бу дафъа буюк иш қурдилар. Петроғрадни олиб, Керенскийни Русиянинг содиқ болаларини охтариб топиб, тўплаб кетурмак учун майдонлариғача кетарға мажбур этдилар. Сўнг хабарларга кўра, Керенский теваракдан тўплаб кетурдиги қўшун билан большевикларни енгмиш ва Петроғрадни унларнинг қўлиндан янгидан олмишдир.

Олмиш, аммо большевик балоси бошқа бир тарафдан бош кўтарди: Тошкандда тўрт кунлик қонли бир урушмадан сўнг, у ерни керенскийчилардан бўшатди. Эҳтимолки, Керенскийнинг Петроғраддаги ғолиблиғи Тошканд мағлублиғини эътибордаи тушурар; эҳтимолки, Керенский Петроғрад ишини тузатгандан кейин Тошкандни дахи янадан олур. Лекин шунларгина билан большевик кучининг йўқ бўлурини умид этмак тўғри эмас. Большевикларнинг иккинчи чиқишлари билан биринчи чиқишлари орасидаги айирбодни кўрган кимсалар учинчи бир чиқишнинг қандай бўлурини онглаб олсалар керак.

Биз туркистонийлар учун ҳар ҳолда керенскийчилар билан большевиклар орасиндағи курашнинг битиб кетмадигини кўзда тутиб, ўз йўлларимизни шунга кўра тайин этмак керакдир. Биламизки, ҳозирда курашиб турган бу ойги фирқанинг ҳар бири ҳурриятчидир. Иккисининг ҳам бизга зарарли тушунчалари охирда йўқдир. Зеро, бунлардан биронтаси истибдод тарафдори эмасдир. Телбалик қилиб чопибғина бунлардан бирини ёқламоқ фойдали бўлиб чиқмас. Русияда истибдод тарафдорлари чиқмагунча мусулмон кучини сарф этмак хатодир. Ҳурриятчи икки партия орасинда бўлатурған урушларға қотишмоқ, бунлардан бирини ёқлаб ўзгасидан юз қайтармоқ эҳтиётсизлиқдир. Бунларнинг ҳам бизнинг сўзимиз шу бўлғулидирки: биз мусулмонлар сизнинг ҳеч бирингиздан нафрат қилмаймиз. Бизнинг миллий ватаний ҳақларимизни ғасб этмак фикрига тушмагунча биз ҳеч бирингизга душман бўлмаймиз.

Мана ҳозирда туркистонийлар учун хатарсиз йўл шу йўлдир.

(«Ҳуррият», 1917 йил, 49-сон)

[1] ярашароқ — ярашиқлироқ.

[2] ўзгариш — Октябр инқилоби.

[3] Риғо — Рига шаҳри. Русиянинг Болтиқбўйини эгаллаш илинжидаги жанглардаги муваффақиятсизлиги назарда тутилади.

[4] эътимод — юпанч, таянч.

[5] муттафиқ — бирлашган, иттифоқчи.

[6] орқаси айсимас — натижасиз.

[7] Биринчи жаҳон урушидаги Олмония ва Италия қўшинларининг ўзаро курашлари назарда тутилган. Италян қўшинлари Алп тоғларини ошиб ўтиши билан ўз ички мудофаасидан узоқлашиб кетади. Олмониянинг Италия ичкарисига йўл очиши воқеалари назарда тутилмоқда.

[8] монеъ - тўсиқ.

 


14 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин