Саналар
25.12.2024
Баннер
Шарафиддин Али Яздий (вафоти — 1454 йил)
20.01.2014 10:20    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Шарафиддин Али Яздий Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларининг XIV ва XV аср бошларидаги тарихидан баҳс юритувчи машҳур «Зафарнома» асарининг муаллифи сифатида тарих зарварақларида мангу муҳрланган муаррихлардан бўлиб, унинг ҳаёти ва фаолияти асосан XV асрнинг биринчи ярмига тўғри келади.

Шарафиддин Али Яздий Эроннинг Язд шаҳрига қарашли Тафт мавзеида (Тафт-и-Язд деб ҳам аталган), тахминан XIV асрнинг охирги чорагида туғилган. Унинг таржимаи ҳоли ҳақидаги маълумотлар ўз асарлари ва замондошларининг асарларида келтирилган далиллар-дан иборат. Унинг отаси — Шайх Ҳожи ўз даврининг йирик олимларидан саналиб, тариқат аҳли — сўфийлар билан ҳамфикр бўлган. Манбаларда айтилишича, Шарафиддин Али ҳам ёшлигида Язд сўфийлари билан яқин алоқада бўлган.

Шарафиддин Али Яздийнинг бундан кейинги фаолияти ҳақидаги маълумотлар, унинг Шерозда Темурийлар саройида хизматда бўлганлиги билан боғлиқ. Шоҳрухнинг ўғли Мирзо Иброҳим Султон 1414 йили отаси томонидан Эроннинг Форс вилоятига (маркази Шероз) ҳоким қилиб тайинланади. 1435 йилгача Шарафиддин Али ана шу шаҳзоданинг саройида хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шарафиддин Алидан қолган илмий-адабий мерос, адабиёт ва тил услуби, шеърият назарияси, илми нужум, фалсафа, тасаввуфнинг назарий масалалари бўйича ёзилган асарлардир. «Шараф» тахаллуси билан шеърлар ёзганлиги ҳам маълум.

Яздийнинг 1446 йили Ҳиротга келгани, бу ердан Самарқандга Улуғбек хузурига борганлигини ҳам тахмин қилиш мумкин бўлса-да бироқ бу узоқ вақг давом этган эмас. Афтидан, Шоҳрух вафотидан (1447) кейин тез орада Шарафиддин Али ўз ватани Тафтга қайтиб келади ва бу ерда хонақоҳга жойлашиб, умрининг охиригача шундай яшайди. У ҳижрий 858 (1454) йили вафот этади, шу хонақоҳга дафн этилади.

Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб илми нужум, шеърият ва тариқат назариясига оид бир қанча асарлар борки, уларни бирма-бир санаб ўтишни лозим топдик:

1.    «Ҳулал-и мутарраз дар муаммо ва луғаз» («Муаммо ва топишмоқлар борасида безакли жома»).
2.    «Мунтахиб-и Ҳулал» (Мазкур асарнинг қисқартирилган баёни).
3.    «Мавотин ё манозир дар муаммо» («Муаммо фанида турар жой ва манзаралар»).
4.    «Қунҳ уз-зод дар илм-и вақф-и аъдод» («Ададлар мувофиқлиги илмида ҳақиқат чўққиси»).
5.    «Ал-Китоб фи илм-и устурлоб» («Устурлоб илми бўйича китоб»).
6.    «Девон-и Шараф-и Яздий» («Шарафи Яздийнинг шеърлар тўпла-ми»).
7.    «Ҳақойиқ ат-таҳлил» («Таҳяил, яъни «Ло илоҳа илла-л-лоҳ» нинг ҳақиқатлари»).
8.    «Шарҳ-и «Қасида-и бурда» («Қасида-и бурда»нинг шарҳи).
9.    «Шарҳ-и «Асамо-и Аллоҳ» («Аллоҳ исмлари»нинг шарҳи»).
10.    «Туҳфат ул-фақир ва ҳадят ул-ҳақир» («Фақирнинг туҳфасию ҳақирнинг ҳадяси»).
11.    «Муншаот» («Хатлар тўплами»).
12.    Махсус номга эга бўлмаган, аммо Амир Темурнинг тарихини шеърий баён этилган асар.

Ушбу асар номларидан кўриниб турибдики, Шарафиддин Али Яздий ўз даврининг анчагина билимлари бўйича озми-кўпми маълумотга эга бўлган. Шунинг учун ҳам у Темурий шаҳзодалар саройида хизматга таклиф этилиб, замондошлари орасида маълум даражада шуҳрат қозонган. Унинг тарихнавислик фани намояндалари қаторидан ўрин эгаллашига сабаб бўлган «Зарафнома» асарининг битилиш тарихи ҳам муаллифнинг ўз даврининг етакчи муаррихларидан бири бўлганлигини кўрсатиб турибди.

«Зарафнома» асари — «Фатҳномайи соҳибқирон», «Тарихи жаҳокушойи Темурий» деган номлар билан ҳам аталади, лекин тарих фанида у кўпроқ «Зафарнома» номи билан машҳур. Асар тузилиши жиҳатидан икки қисмга: Темурдан олдинги давр тарихидан умумий тарзда сўзловчи «Муқаддима» ва бевосита Темур даври тарихини ёритувчи асосий қисмга бўлинади. Ҳар бир қисм учун алоҳида-алоҳида ёзилган, кўп жиҳатдан муштаракликка эга бўлган сўз бошиларда муаллиф мазкур қисмларнинг ёзилиш тарихини ёритиб беради. У ҳар икки қисм ҳам Шоҳрухнинг ўғли Иброҳим Султоннинг ташаббуси билан ёзилди, деб кўрсатади.

Муаллифнинг таъкидлашича, Иброҳим Султон ўз бобоси Амир Темур ҳақида махсус китоб ёзилишини ният қилган ва ҳижрий 822 (1419-20) йилда ўз вақтида бахший ва муншийлар томонидан Темур ҳақида туркий, форсий тилларда ёзиб қолдирилган мавжуд маълумотларни йиғиб келтириш ҳақида фармон чиқарган. Бу иш амалга ошгандан сўнг мазкур маълумот-ҳужжатларни ўрганишга киришилган.

«Муқаддима»да бу ҳол қуйидагича баён этилган: «Тўпланилган маълумотлар воқеаларни ўз кўзи билан кўрган кишилар ҳикояси билан таққослаб бўлингач, бу маълумотлар билан Шарафиддин Али танишиб чиқиб, Иброҳим Султонга ахборот бериши лозим бўлган. Иброҳим Султон маъқуллагандан кейин эса Яздий «Муқаддима»ни тузишга киришган».

Темур давридан баҳс этувчи қисм — «Зафарнома»нинг бош сўзбошидан қуйидагиларни билиб оламиз: «Подшоҳликнинг барча томонларидан Темур ҳақидаги туркий ва форсий тилларда баён қилинган ҳикояларнинг ҳамма шеърий ва насрий нусхалари тўпланиб бўлингач, маълумотлар билан танишиш учун учта гуруҳ тузилган. Туркий ва форсий тилларнинг билимдонлари икки гуруҳни, воқеаларни ўз кўзи билан кўрганлар эса бир гуруҳни ташкил этганлар. Дастлаб Темур ҳақидаги ҳар бир ҳикоя ўқилган, агар унинг мазмуни воқеаларни ўз кўзи билан кўрган кишининг талқинига тўғри келмай қолса, Иброҳим Султон ҳақиқатни тиклаш учун турли шаҳарларга чопарлар юбориб, мазкур воқеани Темурнинг яна бошқа замондошларидан суриштирган ёки қўшимча маълумотлар тўпланган. Ана шу қўшимча гувоҳлар ҳикоятларини ҳам тинглагач, Иброҳим Султон айтиб турган ва котиблар ёзиб борган. Шу тарзда асарнинг дастлабки хома-ки нусхаси тузиб чиқилган. Сўнг ана шу хомаки нусха асосида Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарини ёзган. Иброҳим Султоннинг қатъий буйруғига асосан китобни ёзиш вақтида саналар, жой номлари, улар орасидаги масофа ўлчовлари ҳақидаги барча маълумотлар жуда синчиклаб текширилиши лозим бўлган. Шарафиддин Али Яздийдан эса асарни жонли тил билан тушунарли қилиб ёзиш талаб этилган ва шунингдек, ҳужжатларга қатъий риоя қилиши, Иброҳим Султоннинг бевосита шахсий назорати остида тузилган дастлабки хомаки ёзувдан асло четга чиқмаслиги ҳамда ҳеч нарсани бўяб кўрсатмаслиги шарт қилиб қўйилган».
«Зафарнома» асарини ўқир эканмиз, Шарафиддин Али Яздий далилий маълумотларни келтириш борасида ҳақиқатан ҳам Иброҳим Султон қўйган шартларга риоя қилганлигини кўрамиз. Бироқ бу шартни асарнинг тил услуби, айрим шахсларнинг сифатларини ҳаддан зиёд тавсифлаш ҳолларига нисбатан риоя қилинган деб бўлмайди. Асар тил услуби жиҳатидан форс тилининг ўша XV аср адабий услубини мукаммал билган саводхон учун мўлжалланган, ҳатто уни ўз даври учун тарихий воқеалар асосида ёзилган бадиий асар сифатида ҳам қабул қилиш мумкин.

Асарнинг «Муқаддима» қисмини Шарафиддин Али Яздийнинг ўзи «Тарихи жаҳонгир» деб номлаган, лекин фанда «Муқаддима» номи билан машҳур ва «Зафарнома»нинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳажми катта бўлганлиги туфайли бўлса керак, қўлёзма нусхалари алоҳида мустақил асар сифатида ҳам тарқалган. У сўзбоши, икки фасл ва хотимадан иборат.

«Муқаддима»дан кўзда тутилган мақсад Темур шажарасини баён этиш ва унинг ўзидан олдин ўтган ҳукмдорлардан давлат арбоби ва лашкарбоши сифатидаги устунлигини исботлаб беришдан иборатдир. Шу муносабат билан муаллиф туркий қабилаларнинг келиб чиқиш тарихи ва Чингизхоннинг тўрт улус тарихини, XIV аср биринчи ярмида Марказий Осиё ва унга қўшни мамлакатлардаги сиёсий вазиятни баён этади, тарқоқлик ва ўзаро урушларнинг кучайишини ва бу ҳол Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузган Темурнинг тарих майдонида пайдо бўлишига бир қадар шарт-шароит яратилганлигини кўрсатиб беради. Шу нуқтаи назардан қараганда Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»га Темур даври тарихидан ташқари, ундан олдинги асрлардаги тарихни ҳам (гарчи умумий тарзда бўлса ҳам) киритиши тасодифий эмас.

«Зафарнома» асарининг асосий қисми эса муаллифнинг дастлабки режасига кўра, учта мақоладан иборат бўлмоғи лозим бўлган. Биринчи мақола Темурга, иккинчиси, унинг ўғли Шоҳрухга ва учинчиси, Шоҳрухнинг ўғли ва Шарафиддин Али Яздийнинг ҳомийси Иброҳим Султонга бағишланиши кўзда тутилган. Бинобарин, «Зафарнома» асари фақат Темурнигина эмас, балки Темурий шаҳозадалар Шоҳрух (1405—1447) ва Иброҳим Султон (1414—1435) лар ҳукмронлик даври тарихини ҳам ёритиши керак бўлган. Бироқ «Зафарнома»нинг ҳозирда, фанда маълум бўлган қўлёзма нусхаларида кейинги икки мақола йўқ, улар ёзилмаган ёки бизгача етиб келмаган.

Шарқ тарихнавислигининг энг нодир ёдгорликларидан бири ва Амир Темур даври тарихининг бирламчи манбаларидан бўлган «Зафарнома» узоқ вақтдан буён шарқшунос тадқиқотчилар диққатини ўзига жалб этиб келмоқда. Далилий маълумотларнинг тўлиқлиги ҳамда ишончлилиги туфайли у ўша давр манбалари орасида ҳанузгача муҳим ўрин эгаллайди.

XV ва XVI асрларда «Зафарнома» қаҳрамонлик қиссаси жанрида икки марта шеърий йўл билан ўзбек тилида Лутфий, форс тилида Абдураҳмон Жомийнинг жияни Хотифий (вафоти — 1521) томонидан куйланган эди. XVI аср бошларида Шайбонийларнинг дастлабки вакилларидан Кучкунчихон (1510—1530) топшириғига мувофиқ Муҳаммад Али ибн Дарвеш Али Бухорий томонидан «Зафарнома» ўзбек тилига таржима қилинган. Адабиётларда Ҳофиз Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Ажамий томонидан асарнинг турк тилига таржима қилинганлиги ҳақида ҳам маълумот бор. Булардан ташқари «Зафарнома» 1822-1823 йилларда Хивада Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Сўфи ал-Хивоқий томонидан ўзбек тилига қисқартириб таржима қилинганлиги ҳам маълум.

XVIII асрдан бошлаб «Зафарнома»нинг айрим қисмлари француз (Пети де ла Кроа, 1713), инглиз (Ж. Дарби, 1723) ва рус тилига ҳам таржима қилинган. Асарнинг форсча матни эса 1887—88 йилларда Калькуттада (Ҳиндистон), 1958 йили Теҳронда (Эрон) чоп этилган. Бироқ бу нашрларда асарнинг «Муқаддима» қисми ҳамда зарурий кўрсаткичлар берилмаган. 1972 йили Тошкентда асарнинг ҳар икки қисмини қамраган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган 4472-рақамли қўлёзманинг факсимил нашри амалга оширилди. Бунда тарихий манбалар илмий нашри учун зарурий бўлган сўзбоши ва турли кўрсаткичлар билан бирга асар матнининг ҳар хил нусхалари ва нашрлари орасидаги фарқлар ҳам қайд этилди.

Кейинги йилларда Шарқшунослик институтида «Зафарнома»ни ҳозирги ўзбек тилида илмий изоҳпи таржимасини нашрга тайёрлаш устида ишлар олиб борилмоқда. Асарнинг кичик бир қисми соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги олдидан, 1994 йилда чоп этилди.

А. Ўринбоев

 
Абдурауф Фитрат. Бухоронинг ҳоли (1918)
13.03.2014 23:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бухоро ҳукумати ва Бухоро амирининг уч юзи букун ўртаға чиққан, «мафъиу-л-замири[1]» маълум бўлғайдир.

Русия инқилоби. Императорнинг тахтдан тушгани, рус ҳукуматининг халқ қўлиға қўчдиги Бухоро ҳукуматиға инқилобнинг ҳақиқати ва инқилобчиларнинг тилакларини билдурди. Инқилобчиларнинг ҳимоясиға сиғинған ёшлардан Бухоро ҳукумати бироқ қўрқди. Кўб ўйловлар, тушунчалар ва қарорсизликлардан сўнг белгули бир қарорға келди. Ўзи учун икки йўл тайин этди: виждон ва имонларини сотатурған «оқча қули» афандиларни сотиб олмоқ ва олтун тузоқға тушмас ёхуд олтунға қарамасларини турли баҳоналар билан у дунёға юбормак!

Бундан биринчи йўлни амирнинг ўзи қабул қилиб, иккинчисини қушбегисига[2] ҳавола этди.

Амир жаноблари юборған «эҳсон»нинг қобуғини очиб ярамас, арзимас кимсаларга меҳрохўрлик[3], тўхсобалиқ[4] рутбаларини бағишламоқ, ҳатто фоҳиша хотунлариға мадраса мутаваллиликларини бермак йўли билан ўзига тарафдор тўплаб турубдир. Қушбегиси эса, ангиз исийун[5] мазмунини эсга келтирур йўллар билан ёзиқсиз, гуноҳсиз кимсаларни маҳв қилмоқ ила машғул!

Ҳукуматдан бўлмаған ва кўнглидагини тилинда олған мазлумларни ўғрилик туҳматила тутдириб, қинаб[6] иқрор қилдирмоқ баҳонаси билан яланғоч қоринлариға юз-икки юз таёқ урғандан кейин тарбуз суйи ичирадир. Бечоралар тарбуз суйини ичкандан сўнг шишиб ўларлар!.. Сўнг бир ой муддатда шу сурат билан ўлганларнинг сони юз элликдан ортмишдир.

Яқинларда яна қушбегининг пилони[7] билан бўғдирилған икки ёш бухорийнинг шаҳодатларини газитга ёзған эдик[8], бу кун олдигимиз хабарға кўра, Бухоро амири амлокига, иккинчисининг аклиға буюк бир муосийлар[9] берибдир. Яъни бу жиноятнинг ўз иши ва ҳуқуқини ҳаракати билан исбот қилибдур. Мана шу сўнг ҳодисалар, зулмлар ва инсофсизлиқлар Бухоро ҳукуматининг «маъфиу-л-за-мири»ни онглатадир. Ортиқ Бухоро ислоҳоти йўлинда чин кўнгил ва ўз тилаги билан баённома чиқарған бир «жинояли»[10] ва у баённомани юрутмоқ учун тайин бўлған бир «вазуротпаноҳи»[11] йўқдир. Бунлар ёлғон ва бўш сўзлардир. Бунлар зулм қуллари билан қурулған тузоқлардир. Бунларға ишонмоқ ўзимизни алдамоқдир.

Энди Бухоро ёшлари учун лозимдирким «баённома – ҳамма бунга кўмак этмак»[12] шиорини мияларидан чиқарғайлар. Бухоро инқилобини истар эсалар, инқилобчиларға ярашур ҳаракатлар қилғайлар. Яхши сўзлар билан, тавозелар билан, ёлборишлар билан Бухоро ҳукуматини йўлга кетурмак бўлмас. Золимнинг «...» табиатига ўхшаш бир табиати бордир: қочғанга қувар, қувғанга қочар. Золимларнинг шу табиатларини, шу «аҳволи руҳия»ларини кўзда тутмайин ҳаракат қилатурғанлар(нинг) хато йўлдадирлар, зарар кўрарлар. Қўрқмайин, тортинмайин кескинроқ ҳаракат қилмоқ керак бу кун: Русия харобаларидан чиқған Қафқос, Туркман, Тотор, Туркистоннинг мухтор ҳукуматлари Бухоро ёшлиғига[13] ҳар жиҳатдан кўмак қиларлар. Адолат, ҳуррият ва машварат билан идора бўлатурған бу мухториятли ислом ўлкалари ёнинда Бухородағи зулм ҳимоянинг йиқилури муқаррардир. Мунча адолат ва ҳаққоният қуёшлари билан ёруған, ойдинлашған бир қитъанинг ўта сохта, инсофсизлиқ қоронғуси туролмас, йўқолур.

(«Ҳуррият», 1918 йил, 62-сон)

[1] мафъиу-л-замири — замирига (остига) яширилган нарса.

[2] қушбегиси — Бухоро амири Олимхоннинг қушбегиси Насруллоҳбий парвоначи назардатутилади. Ҳозирги бош вазирга яқин лавозим.

[3] меҳрохўр — йиғилган солиқларни қабул қилувчи.

[4] тўхсобалиқ — Бухоро амирлигидаги олий ҳарбий вазифалардан. Негадир луғатларда «тўқсабо» деб форсча талаффуз билан берилган. Бу асл туркча сўз «Фарҳанги забони точики»да нисбатан тўғри ёзилган: Фарҳанги забони точики, 2-жилд, Москва, 1969, 383-бет.

[5] ангиз исийун — «ангиз» қасд, қасос. Қасос олишни тезлатиш маъносида.

[6] қинаб — қийноқ, азоб бериш.

[7] пилон — режа, план.

[8] «Ҳуррият» газетасининг 57—58-сонларидаги Бухородаги аҳволга тааллуқли мақолалар назарда тутилади.

[9] муосий — гуноҳкорлик.

[10] жинояли — жинояткорона демоқчи. Бухоро амири Олимхоннинг 1918 йил 17 март Фармони назарда тутилади. Фармоннинг тўла матни учун қаранг: Ф. Хўжаев. Танланган асарлар, уч томлик, 1-том, Тошкент, 1976, 108— 109-бетлар.

[11] вазуротпаноҳ — вазирлар кенгаши.

[12] «баённома — ҳамма бунга кўмак этмак» шиори ёш бухоролилар партиясининг «Колесов воқеалари» деб номланган воқеаларгача бўлган шиори бўлиб, дастлаб улар амирдан ислоҳот талаб қилган эдилар. Кейинроқ март воқеаларида амир гарчи ислоҳот ваъда қилган юқоридаги баённомани чиқарган бўлса-да, воқеалар рус ҳарбийларининг аралашуви билан жанговар тус олиб кетганди.

[13] Бухоро ёшлиғи — еш бухоролилар партияси.

 
Мағоки Аттори масжиди (XII—XVI асрлар)
03.05.2014 17:03    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бухородаги архитектура ёдгорлиги. Қадимги шаҳристоннинг жанубида қурилган. Масжид ўрнида дастлаб оташпарастлар ибодатхонаси бўлган. Ибодатхона атро-фи пастроқ ерга жойлашган ва унинг ёнида бозор бўлган (форсча мағоки — чуқурлик номи ҳам шундан). Вақт ўтиши билан масжид кўмилиб кетган. 1934—1935 йиллари В.А.Шишкин раҳбарлигида археологик қазишлар ўтказилди. Масжид, айниқса, унинг жанубий пештоқи фақат Бухоронинг эмас, балки бутун Марказий Осиё бадиий маданиятининг қимматбаҳо ёдгорлиги сифатида қадрланади.

 
Шаробни ким ўйлаб топган?
20.03.2014 15:53    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Қадимий Эрон ҳукмдори Жамшид Жамнинг номи биринчи бўлиб шаробни ўйлаб топган киши сифатида тарихда қолган. Жамшиднинг шаробни ўйлаб топиши бундай содир бўлган:
У бир куни ов қилиш учун аъёнлари билан тоққа йўл олди. Кетаётиб тасодифан ғарқ пишиб ётган узумзорга дуч келди. Узумдан тердириб, ачитқисини ўлимга маҳкум қилинган қотилларни кўпроқ қийнаб ўлдириш учун уларга беришни буюрди. Унинг фармонига биноан ачитқидан сиқиб олинган шарбатни ўлимга маҳкумларга зўрлаб ичиришди. Шунда маҳкумларнинг бири қаттиқ уйқуга кетди. Бир қанча вақт ўтганидан кейин уйғониб, ўзига келди ва яна озгина ичиришларини сўради. Иккинчи марта шаробга тўйиб олгач,  хурсандчиликдан кўзлари завқ-шавқ билан порлай бошлади. Бу ҳолатни ҳайрат билан кузатиб турган Жамшид шарбатдан татиб кўришга жазм этади. Ундан кейин аъёнлар ҳам ичиб кўришади. Ҳаммалари ичкиликнинг кайфи билан эс-ҳушларини йўқотишади.
Шундай қилиб, ҳукмдорнинг барча маросимларида узумдан тайёрланадиган ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Ҳар гал дастурхон тузалиб, Жамшид ёронлари билан давра қурар экан, албатта маст бўлиб, вақтичоғлик қилишар эди. Унга «Жам анъанаси, Жам маросими» номини беришди.
Жамшид Эронда зардуштийлардан ҳам олдин шароб ичиш маросимини ўтказган, йиғинларда турли хил ичкиликлар билан фуқароларини «сийлаган». Аста-секин шароб ичиш урфга кириб, инсонлар шаробхўрлик ва мастлик балосига йўлиқишган, ахлоқсизлика юз тутишган. Ўлкада бора-бора жирканч ва қабиҳ бир ҳаёт тарзи вужудга келган.
Кейинчалик асма дарахтининг узумлари ажратиб олиниб, ачитқисидан тайёрланган шароб қўшни халқларга ҳам тарқатилган. Қадимги мисрликлар, ибронийлар, юнонлар шу тариқа ичкиликка мубтало бўлишган эди. Бора-бора Ҳиндистон, Рум, Хитой, Арабистон, Шом (Сурия), Мисрда турли кўринишларда ичкиликлар пайдо бўлди, инсоният мастлик ва хорлик сари шиддат билан кета бошлади.
Асрлар ўтиб, Жамшид базмлари тилларда достон бўлган («Базми Жамшид» ибораси ҳатто бизда ҳозиргача ҳам ишлатиб келинади). Инсонлар бир-бирларини шароб билан сийлаб, ўша базмларни ёдга олишган, ичкилик мажлислари, зиёфатлари уюштириб, гуноҳларга ботишган. Шу тариқа шаробни ўйлаб топган Жамшид Жамнинг номи одамлар орасида машҳур бўлиб кетган. Майхўрлар доим Жамнинг шарафига ичишган, уни хотирлаб, май қадаҳини «Жоми Жам» деб номлашган. Майпараст шоирлар уни шарафлаб, ашъор ёзишган, инсонлар орасига ёмонлик уруғларини сочишган, қанча авлодларни разолатга бошлашган (Муҳаммад Камол. «Барча ёмонликларнинг боши» китоби, 21-23-бетлар).

 
Масжидул ҳаромнинг босиб олиниши
13.08.2015 22:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XX асрнинг сўнги чораги “мусулмон дунёсининг уйғониши” деб ҳисобланишига барча асослар бор. Бунгача бирмунча вақт давомида устуворлик қилган миллий ва энг аввало араб социализм мафкураси деярли таназзулга юз тутди. Бироқ узоқ вақт давом этган тарихий сукунатдан сўнг ислом сиёсий тафаккури Суданда, Эронда ва қисман Покистонда ўзини намоён эта бошлади. Мазкур жараёнларга параллел равишда фаровон Саудия қироллиги сезиларли даражада кучайиб, ҳатто ўз ҳудудларидан минглаб чақиримлар нарида ҳам ўз манфаатларини баралла овоз билан билдира бошлади. Ар-Риёд ўзининг ўта анъанадор ғояларини тарқатишни қўллашга қаратилган мафкуравий платформасини оммавийлаштириб, фойдалана бошлади. Бироқ бу каби сиёсат Исломнинг энг асосий қадамжоси - муқаддас Каъба ёнида содир бўлган даҳшатли фожиага айланиб, Саудлар хонадонининг шон-шарафини кўтаришга қаратилган режаларига қарата қаттиқ зарба берди.

Масжидул-ҳаромнинг босиб олиниши ва уни француз махсус кучлари тарафидан озод қилиниши

1979 йил 20 ноябр куни Ислом оламининг муқаддас марказида дунёни ҳайратга солган ҳодиса бўлиб ўтди. Ўша куни – XV ҳижрий асрнинг биринчи куни – Жуҳайман Утайбий бошчилигида бир неча юз экстремистлар Масжидул-ҳаромга бостириб кириб, уни босиб олдилар. Масжидни озод қилишга бўлган уринишлар икки ҳафтача давом этди. Шу вақт ичида саудияликлар масжидни назоратларига олиш бўйича ўз кучлари билан бир-икки муваффақиятсиз ҳужум қилиб ҳам кўрдилар. Сўнг саудияликлар ташқаридан ёрдам бўлмаса, ўзлари бу ишни уддалай олмаслигига амин бўлишди.
Одатга кўра, Ар-Риёд энг аввало ўз диндошларига мурожаат қилишлари керак эди, масалан, покистонлик ёки урдунликларга. Чунки уларнинг мамлакатлари ўзига яраша камчиликларига қарамай, керакли ҳарбий бўлинмаларга эга эдилар. Ҳарқалай, ҳарам ҳудудига кириши ман қилинган европалик ва америкаликлардан фарқли равишда улар мусулмонлардан эди. Шунинг учун ҳам мусулмон мамлакатларининг махсус ҳарбий кучлари ҳеч қандай муаммоларсиз радикалларнинг исёнини бостириши мумкин эди.
Бироқ Саудлар урдунликлар “Исломнинг муқаддас ерлари халоскори” сифатида Ислом оламида Ар-Риёдга жиддий рақиб бўлиб кетишини яхши тушунишган. Шунинг учун ҳам ҳукумат нигоҳи бошқа тарафга, яъни Ғарб тарафига қараб боқди, чунки улар Ислом оламида Саудия мақомига раҳна солиши мумкин эмас эди.
Саудия Арабистонининг Ғарбдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири АҚШ эди, бироқ улар яқинда шоҳ режимининг йиқилиши билан Эронда қовун тушириб қўйишган эди. Ўша вақт яъни, 1970 йилларда Франция Саудия Арабистонига қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича асосий шерикларига айланган эди. Бунинг устига уларнинг ҳарбий мутахассислари Саудия армиясининг махсус кучларига сабоқ бериб, уларнинг ҳарбий маҳоратларини оширишда жуда фаол эди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, саудияликлар айнан уларни танлаб олишди ва 4 декабр куни Франциянинг махсус ҳарбий бўлинмалари Масжидул-ҳаром устидан Ар-Риёд назоратини ўрнатишга муваффақ бўлишди. Қанча зиёратчилар ҳалок бўлгани ҳақида ҳалигача бирон бир аниқ маълумот йўқ. Одамларнинг гап-сўзига сўзига қараганда, 4000 га яқин одам қурбон бўлган экан.
Экстремистлар устидан маҳкама ва уларга ўқилган ҳукм тез бўлиб ўтди. Олтмишдан ошиқ террорчилар қатл қилинди, бошқаларига эса узоқ муддатли қамоқ жазоси берилди. Орадан оз вақт ўтиб, Саудия Арабистонида Жуҳайманий гуруҳи деярли тўлиқ йўқ қилинди.

Бўлиб ўтган воқеаларга мусулмонларнинг муносабати

Маккадаги воқеаларга умматнинг муносабати ўта кескин тарзда бўлди. Лекин ўша пайтда алоқа технологиялари ҳали анча заифлиги ва Ар-Риёд ҳақиқий аҳволни беркитганлиги боис мусулмонларнинг ғазаби асосан АҚШга қаратилди. Гап шунда эдики, ҳужум бошланган куни бутун дунё бўйлаб "Америкаликлар Исломнинг муқаддас ерларини эгаллабди", деган миш-мишлар тарқалиб кетди.
Покистонда бу АҚШ элчихонаси намойишчилар томонидан ишғол қилинишига олиб келди. Бошқа давлатларда ҳам шу каби тартибсизликлар тўлқини юз берди. Бангладеш, Туркия, Ливия, Ҳиндистон каби мамлакатларда вазият беқарорлашиб, АҚШ банкларининг жойлардаги бўлимлари, элчихона ва консулхоналари, ахборот агентликлари идоралари, маданий марказлари ҳужумга тутилди.
Ўша вақтнинг ўзида, Маккада бўлаётган воқеалар асосидаги турли миш-мишлар таъсирида Саудия Арабистонининг асосан шиалар истиқомат қиладиган шарқий вилоятларида норозиликлар бошланди. Масжидул-ҳаромнинг босиб олинишини яшириб бўлмасди, чунки бўлиб ўтган воқеалар ҳақиқатдан ҳам катта аҳамиятга эга эди.

Саудия Арабистонининг сиёсатда узоқни кўра билмаслиги

УтайбийТурли гуруҳларнинг диний кайфиятдаги қўзғолонлари “Масжидул-Ҳаром”ни эгаллаб олишга бўлган интилишнинг олдини ололмаслигини билдириб қўйди. Улар узоқ йиллар давомида панарабизм, социалистлар ёки шиалар томонидан бўладиган таҳдидни кутиб яшашди. Саудияликларнинг ўзи ҳам, АҚШ томони ҳам бу ишларнинг барига Эронни айбдор ҳисоблашарди. Ар-Риёд мобода шунга ўхшаш ҳолат кузатилса ҳар қандай тажовузкор ҳатти-ҳаракатни ўз кучимиз билан бостира оламиз, деган фикрда эди. Бироқ вазият шундай тус олдики, ўта анъанадор бадавийлар Жуҳайман бошчилигида қўзғолон кўтарди. Энг қизиғи, айнан Жуҳайман қўл остидагилар ана шундай қўзғолонларни бостирувчи махсус бўлинма эди. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Жуҳайман Саудия Арабистони миллий гвардиясида деярли 20 йилдан буён хизмат қилиб келаётган эди.
Бундай парадоксга (соғлом ақлга зид нарсага) олиб келган асосий сабабларнинг бири, Саудия Арабистони режимининг анъанадор кучларга таяниш кераклигига ўта кучли ишончи эди. Айнан шу нарсани энг яхши ижтимоий назорат воситаси сифатида кўришаётган эди. Мамлакат учун хавфли деб кўрилган социалистлар ва уларга яқин гуруҳлар, уларнинг бир қатор исёнлари, уларга қарши курашиш учун давлат бюджетидан катта миқдорда пул ажратилиши бутун мамлакат бўйлаб консерватив кучлар ва уларга тобе бўлган ташкилотларнинг таъсир кўлами ошишига олиб келди. Ўшанда, Ар-Риёд бошлаб юборган тарғибот-ташвиқотдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Саудлар сулоласи ва уларнинг мамлакатларини мустаҳкамлашга қаратилган эди. Бундай сиёсат, охир-оқибатда маҳаллий радикал оқимларнинг ривожланишига яхши муҳит бўлиб хизмат қилди. Кейинчалик булардан ўта анъанадор гуруҳлар оқиб чиқа бошлади.
Қайд этиш керакки, Утайбий ва Масжидул-ҳаромга босқинчилик қилган яна бир муҳим шахс бўлган Қаҳтоний кейинчалик Саудия Арабистонининг бош муфтийси бўлган Абдулазиз бин Бознинг шогирдларидан бўлган. Утайбий маълум бир вақт давлатга тегишли университетларнинг бирида дарс ҳам беришга улгурган эди. Шунинг учун ҳам Макка воқеалари, шубҳасиз, барча кучини сўнгиларга қаратган режимга катта зарба берди, яъни душман режим ўзига таянч деб билган муҳитдан чиқиши асло кутилмаган воқеа бўлди.
Масжидул-ҳаромни қўлга олган гуруҳ 60-йилларда Мадинада пайдо бўлган "Жамоат ас-Салафийя ал-Мухтасиба" (ЖСМ) радикал фракциясининг бир бўлаги ҳисобланади. ЖСМ ва унинг радикал тарафдорлари бўлган "Жухайман биродарлиги" Саудияда биринчи ультраконсервативлар ҳисобланади. Бу гуруҳлар Жухайманнинг сақланиб қолишига асосий роль ўйнашди ва улар ҳозирги кунда Саудия сиёсатида асосий куч ҳисобланади.

Консерватив изоляционизм мафкураси

Ультраконсервативлар оқими ўзларини дунёқарашлари, хоҳиш-истакларига эга. Булар: а) четдан кирувчи ташқи диний маросимлар ва урф-одатларга қаттиқ қаршилик кўрсатиш; б) ҳар қандай диний маросимлардан четда туриш; в) очиқдан-очиқ сиёсатга қаршилик, давлатга ва унинг институтларига қўшилмаслик; г) бошқача фикрга эга бўлганларни ёқтирмаслик, жанжалгача бориш ёки нафақат фикр юритиш балки фикрларни ўзгача талқин этишга ҳам қаршилик кўрсатиш. Масалан, Жухайман тарафдорларининг умумий фикрича Ислом дунёсидаги оқимлар ва мактаблар ҳамда Саудия Арабистонининг асосий диний йўналиши ҳам тозаланишга муҳтож ва йўлдан озган адашганлардир. Яна улар давлатчилик тузумини йўқ қилиш, деган фикрда бўлиб, буни Саудия паспортларини йиртиб ташлаш ва шунга ўхшаш ҳаракатлари билан намойиш этишди. Уларнинг ёпиқ тушунчалари ва фикрлари бошқа оқимлардан яққол ажралиб туради. Саудиянинг "Ас Сахва" ("Уйғониш") мухолифат форумларида ультраконсервативларга яқин бўлган гуруҳ "Ал Қоида" экстремистик гуруҳи ҳисобланади. Аммо уларни бир хил деб бўлмаса ҳам, айрим фикрлари бир-бирига мос келади. Шулардан бири улар сиёсий рақобат ёки сиёсий қараш, деган тушунчаларни рад этади. Ва кимки уларнинг дунёқараши ва фикрларига қарши бўлса ёки адашганлар ёки дин душманлари ва ҳокозалар ҳисобланишади. Ҳар бири бу айблов рўйхатини жуда узун давом эттириши мумкин. "Жамоат ас-Салафийя ал-Мухтасиба" жамоаси ўз раҳбарига ёки ижро органига эга бўлмаган гуруҳ бўлиб, бу ердаги қарорларни беш ёки олти кишидан иборат маслаҳат кенгаши қабул қилган. Аммо 70-йилларда Жухайман ибн Мухаммад ибн Сайф ал-Утайбий бу жамода йўлбошчи бўлиб олди. Жухайман ЖСМда машҳурликка, биринчи навбатда, ўз аждодларининг келиб чиқиши туфайли эришди. Гап шундаки, унинг оиласи машҳур ва энг катта бўлган Утайба қабиласидан эди. Жухайман жуда қаттиққўл консерватив одатларга эга бўлган бадавийлар оиласида улғайди. Энг қизиғи унинг исми ҳам бу экстремистик гуруҳни қаттиққўллик йўналишига мос келарди. Араб тилида "Жухайман" - қаттиққўл, қовоқли, кайфиятсиз, қўшилмаслик маъноларини англатади.

Тарихий маълумотлар

Жухайманнинг фойдасига ишлаган яна бир факт унинг оила аъзолари ихванлар ҳаракатининг фаол иштирокчилари бўлишган. Бу ҳаракат Саудия Арабистони тарихида жуда катта роль ўйнаган. Саудия ихванларини ноқиёсий биродарлик — "Ихван ал-муслимин" бирлаштириб туради. Таъкидлаб ўтиш керакки, уларнинг мусулмон биродарларга ўхшаш томони фақат номларида холос, курашиш услубларида эмас. Саудия ихванлари худди Утайба ва Мутайр каби жуда катта Неджда қабиласидан эди. Улар ўзларининг ўта диндорликлари билан ажралиб туришарди. Доим қалтис ҳаракат қилишарди. Улар жуда катта ҳарбий кучга эга бўлиб, Саудийлар давлати тузумида фаол иштирок этишди. Саудийлар улардан ўз ҳудудларини эгаллашда фойдаланишди. Жухайманнинг бобоси Сайфиддин бадавийлар билан бирга қирол Абдулазиз қўл остида кўплаб жангларда иштирок этди. Саудия давлати ташкил топгунча у доим қирол Абдулазиз қўли остида хизмат қилди. Саудийлар давлат чегаралари Буюк Британия колониялари чегарасига етгач, қирол Абдулазиз уруш ҳаракатлари ниҳоясига етганини эълон қилди. Воқеалар бундай якун топганидан ҳайрон бўлган шундай ҳам Абдулазизни Ғарб билан алоқа ўрнатиб, уларнинг янги технологияларини олиб келаётганидан ва бундан ташқари айрим бадавий раҳбарлари ўз сиёсий қарашлари билан ибн Сауднинг бекор қилган нарсаларидан норози бўлиб турган кескин қаршилик кўрсатишди. Шу сабаб қуролларни йиғиштиришдан бош тортишди. 1920 йили Утайба ва Мутайр қабилалари оқсоқоллари Султон ибн Биджад ва Файсало ад-Давиш бошчилигидаги бадавийлар қўзғолон кўтаришди. Бир неча жанглардан сўнг Сбиле жангида 1929 йилда бадавийлар қўшини тор-мор келтирилди. Бу жангда Жухайманнинг бобоси қатнашмади. Лекин отаси қўзғолончиларнинг бошлиғи Султон ибн Биджад томонида туриб жанг қилди. Жухайман ўз биродарлари орасида доим ихванларнинг жасорати ва отасининг қаҳрамонлиги ҳақида гапириб, ундан фахрланиб юрган. У сўзсиз уларнинг дунёқараши билан фикр юритар эди. Аммо ЖСМнинг кўп аъзолари бадавийлардан эмас эди. Бадавийлари эса ўша жангларда иштирок этган қабилалардан эмас эдилар. Шу сабаб ўша эски қабилаларгина саудийларни Сариқ уйига қарши бўлган, деган фикр хато бўларди. Тарихий хотираларни тиклаш Жухайман гуруҳининг режасининг бир қисмигина эди холос. Шундай қилиб ЖСМ ва Жухайман биродарлиги 1970 йилларда Саудия Арабистонида ўтказилаётган сиёсий ўзгаришларни ва мустаҳкам сиёсий жараёнларни тўғри кўра олди.

Бўлиб ўтган фожеа сабаблари

Расмий Ар Риёд Жухайманда чет эл таъсири борлигини айтиб ўтди. Улар буни кўп қўлга олинаётган экстремистларнинг келиб чиқишлари мисрлик экани билан изоҳлашди. Агар ЖСМ чет эл билан ҳамкорлик қилаётган бўлса, Покистоннинг "Ахли ал-Ҳадис" ва Мисрнинг "Ансор ас-Сунна" гуруҳлари куч ишлатмайдиган гуруҳлар ҳисобланишади. Бу эса Жухайманнинг радикаллигига ҳеч қандай ўз таъсирини ўтказмайди. Бу ҳаракатни ҳар ҳолда Саудия Арабистонининг ички муаммоси дейиш мумкин. Бошқа бир фикрга кўра Жухайман қўзғолони бу унинг гуруҳ раҳбарларини реал ҳаётдан узилиб, ўз эътиқодларига чуқур шўнғиб кетиб, қиёмат бошланишига ҳеч қандай шубҳа қолмади, деб ишонишларида. Ҳамма гап Маҳдиийнинг келиши билан боғлиқ бўлган фикрнинг Жухайманда туғилишида бўлди. Унинг бир мурожаати тўлиқ шу мавзуда ўтди. Мурожаатда Маҳдий ҳақида саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтирилди ва бу Арабистон ярим оролида содир бўлаётган воқеалар билан боғланди. Бундан шу нарса аён бўлдики, Жухайман ва унинг атрофидагилар ўзларини ростан танланганликларига ишонишди ва улар ўзларини ҳадисда айтилган одамлар эканликларини намойиш эта бошлашди. 1978 йилнинг охирларида Жухайман тушида унинг яқин ҳамфикри ал-Кахтаний ростан "Маҳдий" экани хабарини олганини эълон қилди. Уни Маҳдий деб эълон қилинишининг асосий сабаби, у башорат қилинган белгиларнинг кўпига мос келарди. Аслида Маҳдий радикал экстемистик услубда ва қаттиққўл ультраконсерватив йўналишда бўлмаслиги ҳақидаги сўзлар эътиборга олинмади. Яна ёзилган башоратлардан бири, бу Жухайманнинг Масжидул Ҳаромга ҳужуми айнан мусурмонлар тақвими билан янги юз йилликнинг бошланишига тўғри келди. Буни Жухайман айнан шу санага мўлжаллаб амалга оширган эди. Бу Ислом дунёсида ҳар юз йилда катта олим пайдо бўлади ва у динда янгиланиш олиб киради, деган фикри билан боғлиқ бўлса керак. Асосан, бундай фикр "мужаддийлар" таълимотига тўғри келади. Шунга кўра Жухайман икки концепсияни аралаштириб, бу янги юз йиллик аль-Кахтанийни Махдий сифатида келиши билан изоҳлади. Вақт ўтиши билан уюшма раҳнамосининг ал-Кахтанийнинг Маҳдий эканлигига бўлган чуқур ишончи хато бўлиб чиқди. Айнан мана шу факт ҳам унинг режалари тезлашишига ҳам асос бўлгандир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўша пайтларга бориб, гуруҳ аъзолари ҳам уни танланганлигига шубҳа қила бошлашганди. Шундай бўлса ҳам улар гуруҳдан кетишни исташмасди. Чунки улар “илоҳий” Жухайманга ва унинг йўналишига қаттиқ ишонишарди. Яна улар ўша танланган деган фикрддан бошқа қолган барча фикрларни тўғри, деб ҳисоблашарди. Бундан ташқари "Жухайман биродарлиги" айнан ўша тарихий санада бундай катта кучга эга бўлиши хамманинг эътиборига тушганди.
Бу масалага бир нечта сабаблар келтириш мумкин. Масаланган бунга ўша пайтларга келиб Саудия Арабистонида ишчилар ҳақ-ҳуқуларидан маҳрум бўлишини ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Натижада улар бой табақага қарши қўзғолон кўтаришади. Саудияда бўлаётган воқеалардан бир неча кун ўтиб, Арабистон социал ишчилар партияси раҳбари қўзғолончиларни ўз томонига чақирди. Халқ иттифоқи раҳбари эса Арабистон ярим оролига қилинган ҳужумни халқ инқилобининг бир кўриниши, деб баҳолади. У булардан мақсад давлатда эркин демократик республика тузиш эканини таъкидлаб ўтди. У яна жанглар Табукда, Мадинада, Нажранда, Наждада бўлаётганини таъкидлади ҳам. Маккадаги масжидни қўлга олганларнинг кўпчилиги камбағал ва жиноятчилар тоифасидан чиққанлар эди.
"Жухайман биродарлиги" ростан ўз сафларига эътибордан четда қолган гуруҳ аъзолари, Саудияда яшовчи муқим кўчманчилар ва келиб чиқиши чет эллик бўлган фуқароларни қўшиб олишди. Шундан келиб чиқиб Жухайманнинг давлатга йўллаган мурожаати ғалати тус олди. Экстремистлар раҳбари унда юриталаётган режим, уларнинг хоҳиш-истаклари динга ва мусурмонларга ёмонлик ҳамда коррупцияга олиб келаётганини, Қурайш қабиласидан бўлмаганларни сиёсатга аралаштириш, қурайшийларнинг мусурмонлар устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этаётганини таъкидлаб ўтганди. Унинг фикрича, қурайш қабиласидан бўлмаганлар мусурмонлар устидан раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак. Бу масалада тортишиш қийин. Уларни псевдомессианча эътиқод билан қарашлари мазҳабликкача бориб етди ва уларнинг экстремизм ҳамда терроризм услуби Жухайман ва унинг ҳамтовоқларини жиноятчига айлантирди.

Жухайман мероси

Ҳайрон қоларлиси Жухайман ҳақидаги хотиралар ҳозиргача сақланиб қолган. Айрим радикал гуруҳларда уни ҳаракатини қайта тиклаш хоҳиш-истаклари ҳам бор. 1979 йилги воқеаларнинг тасодифий гувоҳи бўлган мисрлик зиёратчи уйига қайтгунча гуруҳнинг кўпгина варақаларини олиб келган. 90-йилларга келиб, Жухайман йўналиши Саудия Арабистонининг айрим ҳудудларида қайта туғилди. Шулардан бири Ар Риёдда пайдо бўлган ёш радикаллардан ташкил топган Жухайман ғояларининг давомчиларидир. Бу ҳаракат давлатни ва унинг ўқитиш тизимини ҳалоллик ва мустаҳкам деб баҳолади. Бу Саудиядаги кўп бўлган гуруҳлар ёки доираларнинг биттаси эди холос.

Хулосалар

Чуқур таҳлил қилиб, 1979 йилда Маккада содир бўлган фожеани оддий сабаблар билан тушунтириб беришнинг иложиси йўқ. Таҳлилнинг асосийси бир томондан ЖСМ билан иккинчи томондан "Жухайман биродарлиги" гуруҳларининг фарқини ажратишдир. ЖСМга келсак унинг пайдо бўлишига 1960-70-йилларда Саудия Арабистонида уч ҳолат сабаб бўлди. Биринчиси: секин аммо ишонч билан диний қатлам томонидан консерватизмнинг ривожланиб бориши ва уларнинг давлат бошқарув тизимини сусайиб боришларини ҳис қилишлари. Иккинчиси: янги диний сиёсий муқобилга эга бўлган ғояларнинг кириб келиши. Учинчиси: сиёсий-иқтисодий таранглик. Бу тезроқ тизимни қайта кўриб чиқиш ёки қайта тиклашга ундарди. Жухайман гуруҳининг пайдо бўлишига сабаб қилиб эса шуларни айтиш мумкин: бу гуруҳ радикализмни классик услубда ривожлантириб борган. Кичик бир гуруҳ каттароқ гуруҳ билан алоқа ўрнатади ва ўртада сиёсий қарашлардаги тортишув вужудга келади. Бундай келишмовчиликларни фракция раҳабарларининг иқтисодий-сиёсий ўзгача дунёқарашга эга эканликлари билан изоҳлаш мумкин. Маккада бўлиб ўтган воқеаларнинг давлатни шарқида содир бўлган шиалар қўзғолонига алоқаси йўқ. Фақат вақтлар бир-бирига тўғри келиб қолган холос. Аммо бўлиб ўтган воқеалар Саудия Арабистони раҳбарларини дунёқарашларини ўзгартиргани аниқ. Бундан ташқари минтақада содир бўлаётган воқеалар, Эрондаги инқилоб, собиқ иттифоқнинг Афғонистонга бостириб кириши, асосийси бу воқеларнинг жуда қисқа вақт ичида содир бўлиши ҳамда ички воқеалар Саудия Арабистони раҳбарларини теранроқ фикр юритишга ундади. Яна шуни таъкидлаб айтиш керакки, Жухайман ғоялари одамлар орасида биз ўйлаётгандан анча чуқурроқ жой олган. Бундай гуруҳлар олдин ҳам бўлишган. Ҳозир ҳам Саудияда бор. Бунга Саудия раҳбарларининг ўзи имкон туғдириб бермоқда. Маккада бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, улар шундай хулосага келишдики, диний қатламларнинг позициясини мустаҳкамлаш ва халқни тўғри назорат қилиш йўли билан бундай фожеаларнинг олдини олиш мумкин. Лекин Маккада содир бўлган воқеалар шуни кўрсатдики, бу йўл билан кафолатланган барқарор натижага эришиб бўлмайди. Агар кимгадир ўз юртида эмас, ҳатто чет элда бўлса ҳам ишонч билдирилса, бу сиёсат яна қайтиб тикланмайди, деб бўлмайди. ИШИД гуруҳи бунга очиқ-ойдин мисол бўла олади.

Muslim Politic материаллари асосида
Абу МУСЛИМ тайёрлади

 


12 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин