Саналар
24.12.2024
Баннер
Андижондан келган саволга жавоб
07.02.2014 06:11    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Андижон собиқ Хўқанд хонлигининг муҳим шаҳарларидан бири. Ҳинд-мўғул давлати олийсининг асосчиси, қаҳрамон ва адиб султон Бобурнинг ватани ва ҳозирда Фарғона ўбластининг уезд марказидир. Усмонлича айтганда, қойим мақомлик макон.
Ушбу шаҳардан олган ажойиб бир мактубнинг босилиши диққатга лойиқ, деб билдик. Соҳиби мактуб биздан ҳам гўзалроқ сўйлаганидан ёзганларини айнан нақл қиламиз.

Ёзади:
«Муҳтарам устозимиз Исмоилбек жаноблари! Андижоннинг баъзи буюклари менга айтадилар:
- «Сен Шалола, Турк Юрду, Шаҳбал, Таржимон, Вақт ва Иқбол ўқийсан. Нима учун «Мирзо Бедил» ва «Хўжа Ҳофиз»ларни ўқимайсан?»
Бу саволга жавоб бўлгудек бир нарса айта олмадим. Агар жавоби бўлса «Таржимон»да босилишини ўтиниб сўрайман. Агар жавоби бўлмаса, «бу янги адабиётни» сувга, оташга отиб, вактим борича «Мирзо Бедил» ва «Хўжа Ҳофиз» мутолаасидан бош кўтармайман.

Сулаймонзода Абдулҳамид Чўлпон

Эй, менинг шўрпешона шогирдим, сенга ва сенга ўхшаганларга дарҳол жавоб берамиз... Илтимос қиламан, ҳамон адабиётни ўтда ёндирманг, сувга ботирманг! Мени «мухтарам устоз» деманг! Ўттиз йил дарс бериб, «адабиёт»ни ёндирилиши тўғрисида эшитган бир «устоз» мухтарам бўлмайди, хам устоз дейилишига ҳаққи йўқ. У, у бир бадбахт муаллимдир!

«Мирзо Бедил» Ҳиндистоннинг Шайх Саъдийси. Ёзган тамсилларида берадиган насиҳатлари, дарҳақиқат гўзал ва фойдали нарсалар. Хўжа Ҳофиз эса маълум...
Уларни бир, икки, беш марта ўқинг!
Уларда янги ва ёки эски адабиётга қарши айтилган бир сатр кўрсангиз, менга хабарини беринг... Улар инсон каламидан тўкилмиш улуғ девонлар. Локин улар «Қуръон» эмас! Қуръони азимуш-шаъннинг қирқ жилддан иборат ўн бир турли тафсири борки, улар «Куръон адабиёти» дейилади.
Қардошим, «адабиёт» ўтда ёқиладиган нарсалардан эмас, ружуъ ила тавба қилинг!
Мирзо Бедил, Шайх Саъдий, Хўжа Ҳофиз ўқитилади, ўқитилиши керак. Лекин, уларда бўлмаган нарсаларни ўқимоқ ва ўрганмоқ керак эмасми?
Улар тўрт-беш юз йил муқаддам ёзилган нарсалар: ҳозирги асрга доир бирор сўз йўқ. Бу кунни, бу асрни билишни хохласангиз на Шайх Саъдий раҳбарлик қилади, на Мирзо Бедил далолат беради. Замонамизнинг тижорати, рақобати, идораси ва сиёсатидан, эҳтиёжи ва заруратидан, уруши ва талашидан хабар ва маълумот Мирзо Бедил ёки Хўжа Ҳофизда йўқ.
Буларни билиш керак бўлса иқболларни, таржимонларни, вақтларни, турк юрдуларни ва булардан бошкаларини ўқимоқ керак. Агар, керак бўлмаса, осмонга қараб, юлдуз-ларга, сайёраларга боққанингизча тураверинг! Лекин, «адабиётни ёндирманг - айб... Адабиёт сизга: - Жохил бўлинг, демас.
- Сафил бўлинг, демас.
- Оламга кулгу бўлинг, демас.
- Дунёсевар киши бўлинг, демас.
- Бошқа инсонларга нисбатан ҳайвон қолинг, демас. Адабиёт ўтда ёнмас, сувга ботмас. Лекин, ёндирганларни ёндиради, ботирганларни ботиради, сувга эмас, лойга, балчиққа ботиради!
Ботганимиз, ётганимиз оз бўлдимики, яна хоҳлайсиз?
Мирзо Бедил, Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий, «Гулистон» ёки «Анварул-ошиқийн» хўб улуғ номлар, хўб марғуб асарлар. Улар ўқилиши керак. Лекин, улар етарли эмас. Замонамиз бошқа замона, гурунгларимиз бошқа гурунглар. Асрнинг, замоннинг камолот ва ирфони эски адабиётда эмас, янги адабиётда бўлади. Аср, замоннинг ҳол ва садоларига қулоқ беринг. Шухратли ислом олами бу кун бир «дорул-ожизийн, макони ғофилийн» ҳолига келган... Бу доиранинг бир маҳалласи Андижон, иккинчи маҳалласи Боғчасарой харобаларидир.
Бу жавобни ҳар кимга айтишинг мумкин. Махфий эмас.

Исмоил Гаспринский, «Таржимон», 1913 йил 27 ноябрь

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Муҳтарам ёшларға мурожаат (1914)
13.03.2014 23:45    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

МУҲТАРАМ ЁШЛАРҒА МУРОЖААТ

Ҳар бир мамлакатда ислоҳот ва маданият асбобиға тавассул ва ташаббус этмоқлик ҳаракати у мамлакатнинг ёшлари тарафидан зуҳур эта бошлагани каби, бизнинг Туркистонда ҳам маданият эшиги манзаласида бўлган макотиби ибтидоийя ила интибоҳ ва ислоҳот жарчиси бўлган миллий матбуот ғайратлу ёшларнинг ҳаракоти маорифпарвароналари соясида вужудга келди. Шунинг учун ҳар бир миллий ҳавойижимиздан бўлган мушкул ишларда ёлғиз ёшларимизни маржаъ ва умидгоҳ тутиб, алардан ёрдам сўраймиз (моллари ёки сўзлари ила миллат фоидасиға ёрдамлари текган баъзи уламоу ағниёмиз ҳам ёшлар қаторидадурлар).

Муҳтарам биродарлар! Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб— тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса, дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас. «Муборизаи ҳаёт» майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур, диний, иқтисодий ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора-бора миллият ва диёнатини ҳам ҳўлдан берур. Ана ушбу йўллар ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар.

Биноан алайҳ, ер юзидаги барча миллатлар ўз болаларини ибтидоий тарбиясиға ва мактабларнинг ҳар жиҳатдан интизом ва акмолиға аҳамият беруб болаларини миллий ва диний руҳда мукаммал суратда етушдурарлар. Анинг учундурки, ўзга миллатлар диний ва миллий ҳиссиётға молик бўлуб, ҳар ишда диёнат ва миллиятни муқаддам тутарлар. Ва лузуми келганда бу йўлда молу жонларини фидо этмоқға ҳозир турарлар. Мана, ҳозирги урушлар ва иқтисодий тортишлар диёнат ва миллият ҳиссиёти натижасидур.

Эиди, бизни Туркистонда мундай ҳиссиётлар қайда? Модомики, биз туркистонийлар нлму маорифдан ҳаққинча истифода этмаймиз. Фазойили инсониядан саналган шайлар қандай ҳосил бўлур? Чин инсоният нимадан иборат эканлигини қайдан билурмиз?

Бизларда бир фазилат бор бўлса, ул ҳам фақат таассуботи жоҳилонадан иборатдур. Демак, бизлар ҳозирги нимокла диёнатимизни ёлғуз таассуб соясида сақлаб турубмиз. Лекин ушбу тамаддун асрида илмсиз қуруқ таассуб ила ҳам яшаб бўлмас. Чунки замонамиз шундай зўрки, озгина фурсатда чурук таассуботимизни асосидан қўпаруб ташлайдур. Шунинг учун замонанинг муҳлик асбобиға қаршу муқовамат этадургон бир нарса бор бўлса, ул-да маорифдур.

Таҳсили маорифни ибтидоий қисми мунтазам мактаблар бўлган учун энди биз Туркистон мусулмонлариға ибтидоий мактабларни кўпайтурмоқ лозимдур. Табиий, мактаб муаллимсиз кўпаймас. Ҳозирда эса Туркистонда муаллим оз бўлуб, муаллимларга эҳтиёжимиз шадиддур. Чунки бу кунларда янги мактаб ҳаваскорони кундан-кун зиёдалашмоқдадурки, муаллимлар мавжуд бўлган тақдирда ҳар йил Туркистоида юзларча мактаб очмоқ мумкиндур.

Энди ушбу мушкул ҳолларни назари эътиборга олуб, Туркистон ёшлари муаллим етушдурмоқнинг чорасини топмоқлари лозимдур. Агар букунги ёшларимиз ушбу муҳим вазифа ва хизматни ифо этмакга қасд эта бошласалар, муаллим етушдурмоқни чораси ҳам топилса керак. Чунончи, Туркистонда муаллим чиқормак учун дорилмуаллимин бўлмаса ҳам, ҳар шаҳарда усули таълимдан хабардор бир-икки нафар муаллим, албатта, бордур. Ана, муаллимликка толиб кишиларни аларнинг ҳузуриға юборуб, 3-4 ой зарфида усули таълимдан хабардор қилдурмоқ мумкиндур. Агар бояфарз, ушбу хидматни муаллимларимиз илтизом қилмасалар, ул ҳолда муаллимликка ҳаваскор ёшларни бироз заҳматлик бўлса ҳам, тўғридан-тўғри Тошкандда Мунаввар-қори жанобларининг мактабиға юбормоқ керакдурки, мушорун алайҳнинг мундай толибларни маалмамнуният қабул этмоқлариға аминдурмиз. Ишта, муҳтарам қариндошлар, миллатимизнинг тилаги ва энг зўр эҳтиёжи ушбу шайлар эдики, назари олийларингиза арзу тақдим этдук. Энди ғайрат сизлардан, тавфиқ Олдодандур.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 41-сон, 970—972-бетлар.

Янгиланди ( 13.03.2014 23:46 )
 
Мовароуннаҳрни маҳв этган хато
26.08.2013 19:02    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XXI асрда Хоразмшохлар давлати дунёнинг энг бой давлати эди. Бугунги Эрон, Покистон, Афғонистон ва Ўрта Осиёнинг каттагина худуди бу давлат чегаралари ичида қолиб кетарди. Буюк давлатнинг буюк ташвишлари бўлишини Муҳаммад Хоразмшох биларди...

Буюк Ипак йўли Хоразмшоҳлар хазинасига жуда катта даромад келтирадиган манба бўлган. Хитой, Ҳиндистон, Олд Осиё, Рус ерлари ҳатто Ғарбий Европадан савдогарлар савдо-сотиқ марказига айланиб улгурган Марв, Бухоро ва Самарқандга кўплаб ташриф буюрарди. Самарқанд ярим миллиондан ортиқ аҳолига эга йирик шаҳарга (ўша замонларда Париж ва Лондон аҳолиси нари борса 30-40 мингга зўрға етган) айланиб улгурган, бозорида дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган маҳсулотлар кўп эди.
Шунингдек, у Ислом дунёсида илм-фан ва маданият маркази сифатида шуҳрат қозонган эди. Иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда бақувват бу юртнинг кетма-кет муваффақиятли юришлар натижасида сарҳадлари анча кенгайиб, деярли бутун Европа ҳудудига тенг келар эди. Салб юришлари даврида Франция, Германия, Англия каби ўлкаларнинг умумий қўшини 50 минг кишидан иборат бир пайтда Хоразмшоҳ ихтиёрида жуда яхши қуролланган 500 минг зирҳли қўшин шай турарди.
Бир куни шоҳга нохуш хабар келади. Эътиборсиз кўринган бу хабар ҳукмдорни ўйлантириб қўйди. Шарқда 3000 км узоқликда янги бир куч пайдо бўлганди. Бу куч насл-насабининг тайини йўқ, чодирларда яшовчи кўчманчи мўғуллар қироллиги эди.
Бу ярим ёввойи қабилаларни 1206 йили ўзини «хонлар хони» деб эълон қилган Чингизхон (Темучин) бирлаштирган эди. У қўшини билан Шимолий Хитойнинг бой вилоят ва шаҳарларини забт этиб улгурган эди. Қорахитойлар Қушлуқ бошчилигида Чингизхонга қарши исён кўтарганда Хоразмшоҳ қорахитойларни яширинча дастаклаш билан мўғуллар давлатини парчалаб ташламоқчи бўлади. Чингизхон 20 минг кишилик қўшин жўнатиб қаттиққўллик билан исённи бостиради. Қорахитойлар исёни бостирилгач, Хоразмшоҳ жиддий ташвишга тушади.
Ўша кезлари Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси Турконхотун ўз атрофига қанғли-қипчоқ зодагонларидан ҳукмдорга қарши фитна гуруҳи тўплаб, тахтни эгалламоқчи бўлади. Сарой аҳли орасида ҳукмдорнинг обрўси кун сайин тушиб борар эди. Савдогарлар қиёфасида Ўрта Осиёга келиб кетаётган мўғул жосуслари қалъа, дарё кечувлари ва вилоят ҳокимлари ўртасидаги муносабатларни яхшилаб ўрганиб чиқадилар. Хоразм лашкари сони ва жойлашган ерлари ҳақидаги аниқ ва қимматли маълумотлардан кейин Чингизхон узоқ ўйлаб, Ўрта Осиё юришига тайёрланиш учун фармон беради. 100 мингдан сал кўпроқ қўшини бўлган Чингизхон нима сабабдан бундай нозик қарорга борган эди? Буни қуйидаги сабабларда кўриш мумкин:

1. Хоразмшоҳлар давлатида марказий ҳокимият билан вилоят ҳокимлари ўртасида бирлик йўқ эди (кўп вилоят ҳокимлари Турконхотуннинг қабиладошлари бўлган).
2. Саркардалар ичида ўзига қарши гуруҳ вакиллари борлигидан шубҳаланган Хоразм ҳукмдори қўшинни бир неча қисмга бўлиб, мамлакатнинг турли томонларига ҳар хил баҳоналар билан жўнатиб юборган эди.
3. Чингизхон тарихда биринчи бўлиб қўшинни ўнлик, юзлик, минглик ва ўн минглйк қисмларга бўлиб чиққан эди.

Бу усул жанг мобайнида аниқ бир қисмни қийинчиликсиз бошқариш имконини яратди. Чингизхон фақат қайси бўлинмани жангнинг қайси қисмига бориши кераклигини, қайси қисм ёлғондан чекиниши, ёки қайси қйсм душман қўшинига орқадан зарба бериши лозим эканини бир оғиз гап билан тушунтира оларди. Ҳар бир мўғул жангчиси жанговор тартибда ўз ўрнини аниқ билган. Деярли 100 фоиз суворийлардан ташкил топган қўшин жангга ўз ўнлиги билан бирга кирган. Агар ҳарбий қисмдагилар чекиниб, бир қисм аскарлар асирга тушса, қочиб келганларнинг барчаси биродарини жанг майдонида ташлаб қочгани учун қатл этиларди. Шу сабабдан мўғул қўшинида деярли чекиниш бўлмаган.

4. Шимолий Хитойни қўлга киритган Чингизхон қўшинини Хитойнинг илғор техник қуроллари - манжаниқ, нафтандоз ва замбараклар билан қайта жиҳозлаган эди. Унинг қўшинига Хоразмшоҳлар давлатининг қалъа деворлари тўсиқ бўлолмасди.
5. Кўпинча Чингизхон лашкарни икки зарбдор қисмга бўларди. Бири жанг қилаётганда иккинчиси ҳордиқ чиқарар, кейин эса ўрин алмашиниш орқали душманга дам олиш, кучларни қайта ташкиллашга фурсат берил-мас эди.
6. Чингизхон ўз қўшинининг тезкорлигига қаттиқ ишонар эди. Душман мўғул лашкарини олти кундан кейин етиб келишини кутаркан, уларни икки-уч кунда қаршиларида кўргач жиддий саросимага тушиб қоларди.

1218 йили Чигизхон Урганчга кўп миқдорда қимматбаҳо моллар ортилган 500 туя ҳамда 450 мусулмон савдогардан иборат жуда катта савдо карвони ва элчиларини жўнатади. Карвон Урганчга етиб бормай чегара шаҳри Ўтрор ҳокими Инолчиқ томонидан талон-тарож қилинади. Урушга ҳар томонлама таиёргарлик кўрган мўғуллар ҳукмдорига Ўрта Осиёнинг бой ва обод вилоятларига бостириб кириши учун бир баҳона етишмаётган эди холос. У қимматбаҳо моллар ортилган карвонни соқчиларсиз, золим ва очкўз ҳокими билан танилган Ўтрор орқали жўнатилишини олдиндан режалаштирган эди.
Чингизхон Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига Ибн Кафрож Буғрони элчи сифатида юбориб Хоразм маъмурларидан ҳисобланган Ўтрор ноибининг хатти-ҳаракатидан норозилигини, Инолчиқни туттириб, унинг ихтиёрига жўнатишини талаб қилади. Қабул қилиб бўлмас бу талабларни эшиттан Муҳаммад Хоразмшоҳ элчини ўлдиришни, у билан бирга келган икки мулозимининг соқол-мўйловини қириб, шармандаларча қайтариб юборишни буюради. Шу билан элчилик алоқалари узилиб, уруш бошланади.
Шарқий Туркистон ва Еттисувда пайдо бўлган уруш таҳликасига қарши чора-тадбирлар кўриш учун дарҳол тайёрланиш зарур эди. Хоразм давлатида қамал қуроллари ва уларни ишлатишни яхши биладиган моҳир сарбозлар кўп эди. Уруш узоқ муддатга чўзилгудек бўлса ҳам мудофаачилар учун етарли даражада озиқ-овқат ва ем-хашак мавжуд эди. Аскарларнинг умумий сони жиҳатдан шубҳасиз Хоразмшоҳ бирмунча устунроқ ҳам эди. Афсуски, подшоҳ билан саркардалар ўртасида мавжуд ихтилофлар аввал бошданоқ бундай устунликдан фойдаланишга имкон бермади. Ҳарбий кенгашда улар ўртасидаги ихтилоф яққол намоён бўлди. Кенгашда душманга зарба беришнинг ягона режасини якдиллик билан белгилаб олиш ўрнига фикрлар бўлиниб кетди. Хива вакили саркарда Шаҳобиддин Хивакий бор қўшинни Сирдарё бўйига тўплаб, мўғулларни қарши олиш, узоқ йўлдан толиқиб келаётган душманга ўзини ўнглаб олмасдан туриб, янги куч билан тўсатдан зарба бериш ҳақида ягона тўғри фикрни баён қилади. Бироқ Хоразмшоҳ бундай маслаҳатни қабул қилмайди. Чунки у ўзининг олий лашкарбошилари бўлган қипчоқ саркардаларига тамоман ишончсизлик билан қарар эди. Ҳарбий кенгашда бўлажак урушда мудофаа тактикасини қўллашга қарор қилинди. Хоразмшоҳ мўғулларнинг асосий зарбаси Мовароуннаҳрнинг маркази - Зарафшон водийсига қаратилса керак деб ўйлаган эди. Шунинг учун ҳам Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини мустаҳкамлашга буйруқ берди. Самарқанднинг ташқи деворини қайта қуриш мақсадида шаҳар аҳолисидан ҳатто бир йил ичида уч марта хирож йиғилди. Шунга қарамай Хоразмшоҳ мудофаага тайёр эмас эди.
1219 йилнинг кузида Чингизхон 200 минглик қўшин блан Хоразмшоҳга қарши юриш бошлади. Шаҳарлар мудофаасига бўлиб юборилган тарқоқ лашкар тезкор ва шавқатсиз душман томонидан бирин-кетин қириб ташланади. Дастлабки зарба Ўтрорга берилади. Чингизхон қўшинни бир неча қисмга бўлиб, турли йўналишларда юриш бошлайди. Бир вақтнинг ўзида мўғул лашкари бир неча шаҳарни қамал қилиб забт этади.
Аҳоли орасида «мўғулларни енгиш имконсиз, яхшиси жангсиз таслим бўлсак, бизларга шафқат қилишади», деган ваҳимали гаплар тарқатила бошланди. Душманга жангсиз таслим бўлган Зеринуқ, Нур қалъалари ва Ўзган шаҳри талон-торож қилинади. Қаршилик кўрсатган бир неча шаҳар аҳолиси бутунлай қириб ташланади. Баъзи шаҳарларда эса қуролланган аҳоли қиличдан ўтказилиб, қолганлари қул қилиб сотилади.
Шаҳарларнинг бирин-кетин таслим бўлгани ҳақидаги хабарлардан эсанкираб қолган Муҳаммад Хоразмшоҳ ваҳимага тушиб, ҳокимият жиловини қўлдан чиқариб юборади. Чингизхон моҳир қўмондони Субутайга сара жангчилардан иборат 20 минг кишилик лашкари билан Муҳаммад Хоразмшоҳнинг калласини олиб келиш вазифасини юклаганидан хабар топгач, ортига қарамай қочади. Бу «қувлашмачоқ» Хуросон, Эрон орқали давом этади. Охири Муҳаммад Хоразмшоҳ тахтдан воз кечиб, Каспий денгизи жанубидаги Ашура оролига қочиб боради. Шу оролда у руҳий касалликдан вафот этади.
Тахт вориси Жалолиддин Мангуберди, Хўжанд ҳокими Темурмалик, Урганч аҳолиси орасида обрўи баланд шайх Нажмиддин Кубролар мўғулларга қарши мудофаани тиклашга қанчалар уринмасинлар фурсат қўлдан бой берилган эди. Турконхотун ва қипчоқ лашкарбошилари тайёрлаётган навбатдаги фитнадан хабар топган Жалолиддин Урганчни ҳам тарк этиб, Хуросонга кетади. Моҳир саркарда сифатида танилиб улгурган Жалолиддин Парвона даштида Шики Хутуху Нўъённи 45 минг кишилик аскари билан қириб ташлайди. Жангдан кейин ўлжа тақсимлашда лашкарбошилар ўртасида келишмовчилик келиб чиқиб, қўшин парчаланиб кетади. Фурсатдан фойдаланган Чингизхон Жалолиддин устига қўшин бошлаб келади. 1221 йилнинг 25 ноябрида Ҳинд дарёси бўйидаги жангда Жалолиддин Чингизхон қароргоҳига бостириб киради. Чингизхонни муқаррар ўлимдан ёрдамга етиб келган «кешик» деган сара қўшин қутқариб қолади. Мағлубиятга учраган саркарда онасининг олдиндан қилган васиятига кўра рафиқаси, онаси ва болаларини дарёга ташлашга амр этади. Ўзи эса 4 минг кишилик аскари билан Ҳинд дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб олади (дарёнинг бу жойи ҳозирда «от сакраш» деб аталади). У Эрон ва Кавказда кучли давлат тузмоқчи бўлади, лекин ҳар иккала жойдаги илк ғалабадан кейиноқ ўлжа тақсимлаш масаласида келишмовчиликлар сабабли қўшин тарқалиб кетаверган. Жалолиддин 1231 йили вафот этгунча мўғулларга қарши курашини давом эттиради.
Мўғуллар истилоси оқибатида Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг гавжум ва кўркам шаҳарлари харобазорга айланди. Самарқандни ичимлик суви билан таъминлаб турувчи ягона сув иншоот - Қўрғошин новаси ва қалъа деворлари (кейинчалик Амир Темур томонидан тикланган), Марв воҳаси суғориш тармоқларининг бош тўғони - машҳур Султонбанд бузиб ташланди. Самарқандликлар 1750-1800 йил давомида ота-боболари яшаб келган ўз она шаҳарларини тарк этиб чиқиб кетишди. Марв аҳолиси эса сувсизлиқдан қуриб бораётган қишлоқларни ташлаб, ўзга ерларга бориб жойлашди. Воҳа кимсасиз даштга айланди. Урганч сувга бостирилиб, батамом вайрон этилди. Зироатчи аҳолининг кескин камайиб кетиши оқибатида деҳқончилик таназзулга юз тутди. Юз минглаб моҳир ҳунарманд ва усталар Мўғулистонга ҳайдаб олиб кетилди. Осиёнинг ҳеч бир ўлкаси мўғул босқинини Жайхун ва Сайхун оралиғидаги вилоятлар каби даҳшатли даражада ҳис этмади. Чунки бу жангари кўчманчилар Мовароуннаҳрда юксак ҳунармандчилик, ички ва ташқи тижорат ҳамда суғорма зироатчилик билан касб этилган асосли идора усулини биринчи марта кўрдилар. Талон-торож, зўрлашга бўлган чанқоқларини илк бор шу ерда қондирдилар.
Асрлар давомида Хитой ва Ҳиндистондан Улуғ Туркистон орқали Кичик Осиё ва Европа томон кесиб ўтган машҳур «Ипак йўли» мўғуллар босқини даврида бутунлай барҳам топди. Бу даврда илм ва маърифатга етказилган жароҳат ҳам оз бўлмади.
Бу босқинда Ўрта Осиё аҳолисининг 75 фоизи қиличдан ўтказилган эди. Биргина нотўғри берилган қарор сабабли Хоразмшоҳлар давлати барҳам топди. Урта Осиё тараққиёт борасида бир неча юз йилга ортга қайтди. Қизиқарли бир факт: мўғуллар бутун тарих давомида бир марта - Чингизхон ҳукмронлиги даврида босқинчилик урушлари олиб боришган экан холос.
Агар Хоразмшоҳлар салтанати мудофаани тўғри ташкиллаштирганда XIV асрнинг 70-йилларигача давом этган истило ҳам бўлмас эди. Рус халқи 1480 йилгача мўғулларга бош эгмаган, марказий Европанинг қоқ ўртасидаги Вена шаҳри (ҳозирги Австрия республикаси пойтахти) мўғул лашкари ҳужумидан дағ-дағ титрамаган бўларди. Шу биргина хато сабабли миллионлаб одамнинг ёстиғи қуриб, йирик маданият марказлари вайрон қилинди.

Каримжон МАМАЖОНОВ

 
Биринчи жаҳон уруши ва ўзбеклар
21.07.2014 07:11    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўзбек халқи кўп минг йиллик тарихнинг муайян бир даврларида чет эл босқинчиларига қарши олиб борган курашларида юз минглаб одамлари ва бойликларидан айрилди. Кўп шаҳар ва қишлоқлар вайронага айлантирилди. Аммо халқимиз ўтмиш замонларда чоризм ва шўро давлатининг 130 йиллик ҳукмронлиги давридагидек қирғин-барот, талон-тарож ва азоб-уқубатларни бошидан кечирмаган эди. Босқинчилар ўлкани қонга белаб, ўз хоҳиш ва режаларига монанд тарзда янги шаҳар ва қасабаларни, темир йўллар ва саноат корхоналарини қуриб, ўлкада мустаҳкам ўрнашиб олдилар. Юз минглаб одамларини кўчиртириб келиб, серунум ва обод ерларни эгалладилар. Олтин, газ, кўмир ва бошқа хилма-хил табиий бойликларни ўзлаштириб турдилар. Айни маҳалда ўзбеклар Россияда юзага келган урушларнинг гирдобига ҳам тортилдилар. Хусусан, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари шулар жумласидандир.
ХХ аср ибтидосида нуфузли давлатлар ўртасида дунёни қайтадан тақсимлаб, эгалик қилиш мақсадида бошланган ўзаро кураш охир-оқибатда 1914-17 йилларда кенг қулоч ёйган Биринчи жаҳон урушига олиб келганди. Унда 1,5 миллиард аҳолини қамраб олган 38 давлат қатнашди. Улар бир-бирига душман икки гуруҳдан ташкил топганди: бир томонда Англия, Франсия ва Россия, иккинчи томонда эса Олмония, Австрия ва Венгрия бошчиликларида тузилган ҳарбий иттифоқлар.
Даставвал Европада аланга олган уруш сўнгроқ Узоқ ва Яқин Шарқ, Африка, Атлантика, Тинч ва Ҳинд уммонлари бўйлаб тарқалди. Уруш ҳаракатларида 1914 йили 480 дивизия қатнашган бўлса, 1917 йилда у 889тага етди. Жанг майдонларида 10 милён киши ҳалок бўлди, 20 милён киши дунёдан кўз юмди. Чор ҳукумати урушда кетма-кет мағлубиятга учраб, ўн минглаб аскарлари ўлдирилди ва ярадор қилинди. Урушнинг акс садоси Туркистон ўлкасини ҳам қамраб, оғир сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада кескинлаштириб юборди. Чор ҳукумати уруш баҳонасида мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмга зўр берди. Хусусан, ўлкадан фронтга ёрдам тариқасида 41 милён пуд пахта, 3 милён пуд пахта ёғи, 200 милён пуд совун, 70 минг бош от, 1279 бош туя, 300 минг пуд гўшт, 474 минг пуд балиқ, 270 арава, 1344 ўтов, кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари, қуруқ мевалар Россияга олиб кетилди. Биргина 1915 йилда фақат Сирдарё ва Еттисув вилоятларидан бир милён бош қўй жўнатилди. Оқибатда ўлканинг ўзида озиқ-овқат, кийим-кечак, газлама ва қурилиш ускуналарининг нархи жуда ошиб кетди. Масалан, газламалар нархи 300-400, кийим-кечаклар 200-300 фоизга кўтарилди. Фарғона водийсида илгари 15 сўм турадиган отнинг нархи 100-200, 5 сўмдан ошмайдиган қўйнинг нархи 30-35 сўмга чиқди. Турли солиқ ва йиғинларнинг ҳажми ҳам кўтарилиб, меҳнаткаш омманинг аҳволи ниҳоятда оғирлашди. Бир пуд пахта толасига 2 сўм 50 тийин қўшимча солиқ олиш жорий қилинди. 1915 йил январидан бошлаб аҳолига (ҳарбий хизматни ўтамаганликлари эвазига) даромадлардан қўшимча 21 фоиз солиқ солинди. Чор ҳукумати асирга тушган 150 минг кишини Туркистонга кўчириши ҳам иқтисодий ҳаётнинг оғирлашишига олиб келди. Оқибатда озиқ-овқат етишмовчилиги орқасида ўзбекларнинг тортаётган азобига азоб қўшилди. Болтиқбўйи, Полша ва бошқа жойлардан кўчирилган 70.000 киши ҳам Туркистонга жойлаштирилди. Кўчириб келтирилганлар олмонлар, австрияликлар, венгерлар, поляклар, чехлар, латишлар, словаклар ва бошқа миллатлардан ташкил топган эди. Ҳар томонлама таланган туб аҳоли қулоғигача қарзга ботиб, хонавайрон бўлди. 1916 йилги маълумотга кўра, деҳқонларнинг бўйнидаги қарзи ўз замонаси учун жуда катта маблағ — 156,7 милён сўмни ташкил этган. Ўлкадаги қашшоқликни ва унинг оқибатларини шоир Завқий шундай тасвирлайди:

Қаҳатчилик бўлди, бу Фарғонамизда
Топилмас парча нон вайронамизда.
Ўлим хавфи ўраб қишлоқларни,
На қишлоқу жибоз овлоқларни.
Қирилди қанча одамлар вабодан,
Нишона қолмади меҳру вафодан.

Мана шундай чидаб бўлмас шароитда 1916 йил 25 июнда император Николай IIнинг имзоси билан “Империядаги рус бўлмаган эркакларни ҳаракатдаги қўшин ҳудудидаги мудофаа иншоотлари ва ҳарбий алоқа йўлларини қуриш ишларига, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган ҳар қандай юмушларига жалб қилиш ҳақидаги” фармони эълон қилинди. Унга кўра Туркистон генерал-губернаторлигидаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркаклар Россияга жўнатилиши керак эди. Бу фармон туб аҳоли орасида “мардикорликка олиш” ибораси билан кенг тарқалди. Аслида у “ишчи батальони” маъносини билдирарди. Сафарбар этиладиган одамларнинг сони эса қуйидагича белгиланди:
Фарғона вилоятидан — 51.233 киши; Сирдарё вилоятидан — 60.000 киши; Самарқанд вилоятидан — 32.407 киши; Еттисув вилоятидан — 43.000 киши; Каспий вилоятидан — 13.830 киши. Ҳаммаси — 200.470 киши.
Минглаб ишга яроқли кишиларнинг олиб кетилиши кўп оилаларнинг боқувчисиз қолишларига олиб келди. Бир умр четга чиқмаган одамларнинг узоқ ва совуқ жойларга юборилиши маҳаллий халқ учун ғайритабиий бир ҳол, даҳшатли фожеа эди. Ҳатто, ҳукумат мардикорлик ноқобил кишиларни тўғри жанг майдонига олиб кетади, деган сўзлар халқни янада қаттиқроқ ташвишга солди. Булардан ташқари сафарбар этиш — ҳосилни, хусусан пахтани териб олиш вақтига тўғри келди. Шу боис уни амалга ошириш деҳқонларни даромаддан тамомила маҳрум қилди. Улар эса мана шу пахта ҳисобига банк ва судхўрлардан олган қарзларини узишга умид боғлаган эдилар.
Ўн минглаб кишиларни тўплаш ва жўнатишга мутлақо тайёргарлик кўрилмай, фармон тўсатдан пайдо бўлди. Халқнинг узоқ жойларга бориши учун моддий имконият мутлақо йўқ эди. Буни кейинчалик Россия Ҳарбий вазири ўринбосари А.П.Фролов ҳам тан олган эди: “Туб аҳоли ва маъмурият бегона жойларга мардикорларни жўнатишга тайёр эмас эди, аммо шунга қарамай бу ишга шошилинч равишда киришилиши катта тартибсизликни юзага келтириб, қон тўкилишига ва қурол ишлатилишига сабаб бўлди”.
Император фармони мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулм гирдобида эзилиб ётган халқнинг бош кўтаришига олиб келди. 1916 йил 4 июлда Самарқанд вилоятига қарашли Хўжанд шаҳрида оломон билан аскарлар ўртасида тўқнашув бўлиб, улардан бир нечтаси ўлдирилди. Шундан кейин вилоятнинг деярли барча туманларида халқ қўзғолонлари кўтарилиб, “мардикорликка бермаймиз”, “очмиз” ва “урушга бормаймиз”, деган азму қарорга келдилар.
Қўзғолон, айниқса, Жиззах шаҳри ва уездида қизғин тус олган эди. Абдураҳмон Абдужабборов, Назирхўжа, Мулла Маҳамат Райим, Шарифбойвачча Худойбердиев, Бобобек Абдужабборов ва бошқалар қўзғолонга бошчилик қилдилар. Қўзғолон шиддатли ўтиб, тўқнашувларда чор маъмуриятининг вакиллари ва аскарлари ўлдирилди. Халқ озодлиги учун кураш Жиззах уездининг 22 туманига ёйилди. Бу кураш Сирдарё вилоятида ҳам кенг қулоч отди.
1916 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида биринчи бўлиб ўзбек аёллари чоризм сиёсатига қарши қўзғолон кўтаришди. Уларга эркаклар ҳам қўшилиб, 2000-3000 кишилик оломон темир-терсак, тош ва қўлга илинган нарсалар билан қуролланган ҳолда Эски шаҳар полиция бошқармасига ҳужум қилди. Ёрдамга етиб келган аскарлар билан тўқнашувда бир аёл ўлди, иккинчиси жароҳатланди. Эркакларнинг орасида ҳам ўлган ва жароҳатланганлар бор эди. Қўзғолон вилоятнинг бошқа жойларида ҳам кўтарилди. Ғалаён Андижон, Марғилон, Наманган, Қўқон шаҳарлари ва атрофдаги қишлоқларга кенг тарқалиб, Марғилон шаҳрининг ўзида қўзғолончилар сони 20-25 мингга етган. Бундай шиддатли ҳаракатлар водийнинг деярли барча туманларида кечиб, уларда аёллар ҳам қатнашдилар. Хуллас, озодлик кураши ўн мингларча кишини жалб этди.
Шуни айтиш лозимки, бу курашларда туб аҳоли билан бирга тожик, қозоқ, қирғиз ва туркманлар қатнашиб, бирдамлик намуналарини намоён қилдилар. Бу ҳақда ҳозирги Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳудудларида кўтарилган халқ қўзғолонлари гувоҳлик беради.
Ғоят кенг ёйилган 1916 йилги қўзғолонларни бостириш учун чор ҳукумати 14 батальон, 33 казак ҳарбий бўлими, 42 артеллерия ва 69 пулемёт жалб қилгани маълум. Зобит ва аскарлардан 97 киши ўлдирилиб, 86 киши яраланди ва 76 киши эса дараксиз йўқолди. Шаҳар ва қишлоқлар вайронага айлантирилди. Айниқса, Жиззах шаҳри остин-устун қилиниб, харобага юз тутган эди. Бу фожеа халқ оғзаки ижодида ҳам ўз аксини топган:

Тахта кўприк битдими?
Николай пошоҳ ўтдими?
Жиззах шаҳрини вайрон
Қилиб муродига етдими?
Ош кади, палов кади
Томга чиқиб дод айлади.
Намозгоҳни аскар босиб,
Жиззахни вайрон айлади.

Фаол қўзғолончиларнинг мол-мулки мусодара қилинди. Масалан, Жиззахда 2000 гектар унумли ер давлат фойдасига тортиб олинди.
Қўзғолончилардан 3000 дан ортиқ киши терговга тортилиб, шафқатсизларча муносабатда бўлинди. Ҳибсга олинганлар орасида аёллар ҳам бор эди. Маҳбусларнинг аянчли аҳволи ҳақида рус аёли Коршунова шундай ёзади: “Тошкент қамоқхонаси ҳовлисида очликдан ўлган фарғоналикларнинг мурдаларини кўплаб араваларга солиб қўйилганлигини кўрдим. Сўнгра маҳбуслар жойлаштирилган қамоқхона ертўласига тушдик. Бу ерда одамлар қалашиб ётганидан оёқ босишга ҳам жой топиш қийин эди. Бизни эркак ва аёлларнинг кир босган ориқ ва заъфарон юзлари, қўрқув ва шу билан бирга нафрат билан боқувчи кўзлари ҳаяжонга солди. Ёши улғайган бир аёл менинг оёғимдан тутиб, ёш ва ғамга тўлган қора кўзлари билан боққанча, нималарнидир гапирди. Бироқ мен тил билмаганлигим боис унинг ҳўнграб йиғлаган ҳолда айтган сўзларини тушунмадим. Мен эски чопонидан бир тутам пахтани юлиб олиб чайнаётган бир новча кишини кўрдим. Одамлардан баъзилари эса қўлларини кемираётган эди. Маҳбуслар орасида кўпчилигининг нафас олиши сезилмас, афтидан улар жон бериш арафасида эдилар. Маҳбуслар орасида эс-хушларини йўқотиб қўйганлар ҳам бор эди”.
Мазкур сатрларни кўз ёшларисиз ўқиб бўлмайди, албатта. Мустамлакачилар шунчалик ёвуз бўлишганки, ҳатто эркак ва аёлларни бир хонага қамаб қўйишгача борганлар. Бундай фожеа ҳеч қаерда ҳеч қачон содир бўлган эмас. Қўзғолон қатнашчиларидан 347 киши осиб ўлдиришга, бир неча юз киши узоқ муддатли қамоқ ва сургунга ҳукм қилинди. Шу тариқа қўзғолон шафқатсизларча бостирилди. Чор маъмурияти императорнинг мардикорликка олиш ҳақидаги фармонини бажаришга киришди. Эндиликда оммавий равишда жазолаш ва ўлдиришлар, очлик таъқиблардан тинкаси қуриган ва толиққан халқнинг фармоннинг амалга оширилишига қаршилик кўрсатишга ҳоли қолмаганди. Шунга қарамай мардикорликка олиш жуда қийинчилик билан кечди. Белгиланган 200.470 киши ўрнига 120 мингдан ортиқ одам сафарбар этилди. Улардан 101600 киши Россиянинг Европа қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилди. 10 мингдан зиёд киши Туркистон ўлкасида ишлатилди. Мардикорларнинг аниқ ўрнашган жойлари қуйидагича бўлган: Москва, Петербург, Рязан, Тула, Орел, Смоленск, Пенза, Брянск, Двинок, Нижний Новгород, Қозон, Самара, Перм, Екатеринбург, Оренбург, Киев, Харков, Екатеринслав, Одесса, Запарожье, Керч, Тбилиси, Ботуми ва бошқалар. Усти юпун мардикорлар ҳарбий ва оддий саноат корхоналарида, конларда, темир йўл қурилишларида, ўрмонларда ва айрим нуфузли кишиларнинг хўжаликларида ишлатилди. Улар очлик, хўрлик ва машаққатли меҳнатдан кўп азоб-уқубатларни бошларидан кечирдилар. Кўпчилик силласи қуриб касалланди ва ҳаёт билан видолашди.
Бундайин зулм оғзаки ижодида ҳам ўз тажассумини топган:

Поезднинг ғилдираги,
Ўтхонаси билан дўнгалаги,
Двинскага кетишди.
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинскага кетмас эди.
Двинскага кетгазган,
Николай золимнинг замбараги.
Двинскага йўл бўлсин,
Қарағайзоринг кул бўлсин.
Йигитларни қийнаган,
Николайинг йўқ бўлсин.
Сўк ошингни ичмайман,
Этигимни ечмайман,
Қорда қарағай кесганман,
Ҳеч ҳақимдан кечмайман.

Куч ва ҳолдан тойган мардикорлар 1917 йилда чор ҳукумати ағдарилгандан кейин ватанига қайтгандилар.
Шундай қилиб, Биринчи жаҳон уруши вақтида ўзбек халқи аёвсиз таланди ва эзилди. Мардикорликка олинган одамларнинг талай қисмидан, беҳисоб бойликларидан айрилди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 19-сонидан олинди

 
Мақбул қурбонлар
05.02.2014 22:19    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бутун дунёдаги ҳурриятчилар орасида бир сўз бор: «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат Қон ва қурбон илагина олуб бўлур». Мана бу жумлалар Ҳақиқатга шул қадар мувофиқдурки, ҳазрати Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур. Балки, ҳар замон ва ерда ҳуррият берилмаган, олинган ҳам кўп қон ва қурбонлар баробаринагина олинган.

Бизнинг Руссияда ҳам ҳозирги ҳуррият 1772 йил (Пугачёв ихтилоли) дан давом этуб келган тортишувлар, тўкилган қонлар, берилган қурбонлар баробаринагина олинди. Ушбу 145 йил ичинда Русияда ҳуррият учун мингларча олимларнинг баданлари турма ва зиндонларда чуриди. Мингларча файласуфлар қўл ва оёқлари боғланган ҳолда Сибирия саҳроларида умр ўтказдилар. Мингларча доҳийлар азиз ватанларидан айрилиб, чет мамлакатларда қочиб юрмакка мажбур бўлдилар. Мингларча қаҳрамонлар кўкракларин ўққа, бўйинларин дор арқонларина қурбон этдилар. Мингларча гуноҳсиз мазлумлар ва мазлумалар ўзларининг маъсум қонлари ила ер юзини лолазор этдилар. Лекин ҳуррият учун кўрилган шундай жабр ва жафолар, тўкилган қонлар ва берилган қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида шул кунгача қабул бўлмаған тусли ҳуррият йўлида кўрилган бутун плон-лар емирилиб келди. Ҳурриятчиларни тутмоқ, қамамоқ, осмоқ, кесмоқ ҳозиргача давом этди.

Бутун Русияда ҳуррият учун қилинган саъй ва ҳаракат, тўкилган қон ва берилган қурбонларга энг оз қўшилғон ва ҳуррият йўлида энг оз зарар курган бир миллат бор эса, ул ҳам ёлғиз Туркистон мусулмонлари эди.
Эски ҳукуматнинг 1916 йил 25 июн фармони хоинона ва золимонаси (Туркистонда ҳарбий мардикор олмоқ фармони) Туркистон мусулмонларининг ҳам кўзларин очуб, билмажбур ҳурриятчилар қаторина киритди. Зотан, аввал фармон шундай ҳикматсиз, мантиқсиз ва нодонлик ила берилғон эдики, телеғромни ўқиғон ҳар бир киши ҳеч ўйла-масдан: «Бу фармон Туркистон мусулмонларини ҳукуматға қарши оёқландуруб, қирмак ва ерларини қочокларға бермак учун махсус чиқорилғон интибоҳнома», — деб ҳукм қилмоққа мажбур эди. Чунки аввал фармонда на халқни ҳозирламоқ йўллари бор ва на мардикорликни неча ададлиги бор ва на муҳлат бор? Фақат «Фронт орқасидаги хизматлар учун Туркистон, Сибирия ва Қофқоз инонародецларидан 19 дан 31 ёшгача бўлган эр кишиларни чақираман», деган қисқача сўздан иборат бўлган ул фармоннинг ҳозиргача аскарий хизмат хаёлларина ҳам келмаган бир халқ орасида қандай ҳаяжон туғдирмоғи ишлар бошидағи кишиларға, албатта, маълум бўлса керак эди. Тўсатдан чиқарилғон бундай оғир фармон ёлғиз инсонларнигина эмас, ҳайвонларни ҳаракатга, қаршуликка мажбур этмоғи табиий эди. Шуни билиб туриб аввал фармонни истисносиз, шарҳсиз, плонсиз бутун Русияга нашр этдилар. Ҳам амалий суратда халққа ҳеч бир тушунтирмасдан, ишга киришдилар. Ишнинг ҳақиқатини билмоқ учун маҳкамаларға борған гуноҳсиз мусулмонларни отдилар, тутдилар, алҳосил, Туркистоннинг золим маъмурлари маълум 1916 йил июл фожиасини қўлдан ясаб майдонға чиқардилар.

Бу фожиада Тошкандда Калкин, Колесников ва Мочаловлар, Жиззахда Ивановлар, Семиречинский вилоятида, билмайман, тағин кимлар шул қадар «қаҳрамонлиқ» кўрсатдиларки, уйдаги хотун-қиз, бешикдаги болалар, ҳеч нарса қўлидан келмайдурғон чол ва кампирлар, тилсиз ҳайвонлар, жонсиз иморатлар ва моллар ҳеч бири истисносиз суратда отилди, кесилди, ёқилди, ёндурилди.
Фақат, баракат берсунга баъзи кишиларнинг саъй-ҳаракатлари соясида Туркистонга генерал Куропаткин, Тевкелев ва Керенскийлар келуб, ишнинг бир оз олдини тўсдилар. Аввалги юқорида исмлари ёзилғон «қаҳрамон»-лар шул қадар ғазабға минғон эдиларки, мусулмонларнинг гўштларин кабоб қилиб емак ул «қаҳрамонлар»нинг ошкора ва раъдзабонлари ўлмиш эди. Агарда яна бир ой булар ўз ҳолларина қўйилганда, эҳтимолки, Туркистоннинг кўп шаҳар ва қишлоқлари ҳозирда кишисиз, бўш харобазорлардангина иборат бўлиб қоларди.
Алҳосил, Туркистон мусулмонлари зулм панжасининг остида шул қадар эзилдилар ва ҳуррият, ҳуқуқ йўлида шул қадар кўп қурбон бердиларки, бир-икки ой ичида бошқа миллатларнинг 145 йил ичида берган қурбонларига қувлаб етишдилар.
Мана бу қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида энг мақбул қурбонлар бўлди. Чунки бу шаҳидларнинг отилғон, кесилғон, осилғонда тўкилғон ва мазлумларнинг кўзлариндан оққан ёшлари ҳануз қуримағон, ҳуқуматға қаршулик туҳмат ила зиндонларга солинғон мингларча мусулмонларнинг судлари ҳануз тамом бўлмағон, военний судларнинг адолатсиз ҳукмлари ила осилғон шаҳидларнинг баданлари ҳануз чурумағон эдики, жаноби Ҳақ бу зулм ва истибдодларнинг амирларидан тортиб, маъмурлариғача, шоҳларидан тортиб, қоровуллариғача ер билан яксон қилди.
145 йилдан бери тортишиб келғон ҳуррият қаҳрамонлари ишчилар ва аскарлар ила баробар Туркистон мусулмонларини ҳам онларнинг ваҳшиёна зулм ва жабрларидан Қутқариб, Ҳуррият, Мусовот ва Адолат замонлар яна бита кўрди: «мақбул қурбонлар».

Мунаввар қори Абдурашидхонов
«Нажот» газетаси, 1917 йил, 26 март

 


30 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин