Саналар
30.12.2024
Баннер
Кулликдан хазар килган...
PDF Босма E-mail

XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб Чор Россияси Туркистонни забт этиб, маҳаллий аҳолини зулм остида ушлаб келарди. Туркистонликлар кўтарган бир неча қўзғолонлар аёвсизларча бостирилган, жуда кўп қон тўкилган эди.

I Жаҳон уруши ва ўша даврдаги сиёсий воқеалар Чор Россияси ҳукмронлиги дарз кетаётганини кўрсатиб қўйди. 1917 йил февралида ўлкага Николай тахтдан воз кечганмиш, янги ҳукумат урушни тўхтатармиш деган хабарлар кела бошлади.

Қаҳрамонимиз нима бўлдию, Бешболалик Ота-бой ғиштчининг мулла Сулаймон деган маҳрами билан гап талашиб қолди ва унга бир-икки шапати қўйиб юборди. Отабой ғиштчи бу шапатини ўзининг бетига тушгандай ғазабланиб қаҳрамонимиз устидан туҳмат ва бўхтонлар ташкиллаб Сибирнинг Нерчинск деган жойига 14 йилга қаматтириб юборади. Мадаминбек Сибирда оқ-қорани таниди. Рус сиёсий маҳбусларидан империядаги сиёсий вазият, урушда Россия кўраётган катта талофатлар, инқилобчилар мақсад ва ниятларини сўраб ўрганди. У русча ўқиш, гапиришни, ҳатто француз тилини тушунадиган бўлди. У сургундалигида ҳам беш вақт намозини, Рамазон ойида рўзасини ҳеч канда қилмади.
1917 йил баҳорида Николай II тахтдан туширилгач, янги тузилган Муваққат ҳукумат сургундагиларни авф этди. Мадаминбек Марғилонга қайтиб келади.
Алғов-далғов замонлар бошланиб кетган, вақтли ҳукумат деганлари жамиятда тартиб-интизомни сақлашга ожизлик қилиб қолган эди. Илгари шунчаки ёпиқ турадиган дўконлар ва хонадон эшикларига катта-катта қулфлар тушган, шунга қарамай ўғрилик, босқинчилик авж олган эди.
Мадаминбек бу воқеаларга лоқайд қараб тура олмади. У ўзига ўхшаш имонли, инсоф-диёнатли йигитларни йиғиб, маҳалла хонадонларини жиноятчилардан ҳимоя қилишга киришди.
1918 йил бошларида бир тўда босқинчилар Марғилонда анчагина кўзга кўринган Абдураззоқ закончини сўйиб кетишди. Мадаминбек ўз йигитлари билан бу ўта хавфли жиноятчилар тўдасини қўлга олиб, жазолади. Кейинчалик у Абдураззоқ закончининг қизига совчи жўнатади. Бой-бадавлат хонадонлардан устма-уст келаётган совчиларга рози бўлмаётган Саодатхоннинг волидаси кутилмаганда бек совчиларига оқ ўратиб юборади.
Мадаминбекўз назоратига олган ҳудудда тартиб-интизом ўрнатилиб, аҳоли тинч ҳаёт тарзига қайтади. Кеч кузда Марғилонга янги бир хабар етиб келди: оқ подшо ўрнига келган ҳукуматни большевойлар ағдарибди, улар барча ерларда ўз ҳукуматларини тузиб, ҳукмларини ўтказаётган эмиш. Вақтли ҳукуматни ағдариб ҳокимиятни ўз қўлига олган Ленин бошлиқ большевойлар оддий ҳалқни ўз томонига огдириб олиш учун дарҳол урушни тўхтатиш, сулҳ тузиш, ерни камбағалларга тақсимлаб, очарчиликни тугатиш масалалари ҳақида қарорлар эълон қилди. Энг асосийси ҳамма миллатларнинг тенг ҳуқуқлилигини (бу қарор қоғозда қолиб кетган) эълон қилиниши жуда кўпчиликни чалғиттан. Лениннинг ҳар бир халқ ва элат ўз истаганидек давлат тузишга, ўз урф-одат ва анъаналарига биноан яшашига тўла хаққи борлигини эълон қилиши ҳам эркпарвар туркистонликлар қалбида умид учқунларини ёқди.
Мадаминбек кўплар қатори янги ҳокимият миллат манфаатлари учун ҳизмат қилади деб ишониб, унинг таркибида ишлашга рози бўлади. У1917 йил охиридан Марғилон милицияси бошлиғи сифатида ишлай бошлади. Айни чоғда «Шўрои Исломия» жамияти фаоллари қаторида бўлган.
Вазиятга бошқа кўз билан қарайдиган бўлсак, чор ҳокимияти даврида ҳокимият 100 фоиз руслар қўлида бўлган. Негадир халқпарвар большевойлар ҳам ҳокимиятга келганда Туркистон ҳукуматида битта ҳам мусулмон вакилига «жой топилмади». 1917 йил 15 ноябркуни большевиклар ташаббуси билан Тошкентда янги давлат ташкил этилиб (Туркистон Автоном Совет Республикаси-ТАСР), унинг 15 та раҳбари «сайланди». Янги давлат раҳбарларининг барчаси русийзабон аҳоли вакиллари бўлиб чиқди.
Бундай адолатсизликка рози бўлмаган миллатпарвар кучлар, 1917 йилнинг 26-28 ноябр кунлари Қўқонда йиғилиш ўтказиб Туркистон Мухториятини тузганликларини (Ленин томонидан эълон қилинган қарорларга мувофиқ!) эълон қиладилар. Барча янги тузилган мухториятни қутлаб, табрик телеграммаларини жўната бошлаганда, тили бошқаю дили бошқа Ленин ўлкадаги ўз вакилларигаТуркистон Мухториятини керак бўлса, қурол кучи билан йўқ қилиш ҳақида телеграмма жўнатади. 1918 йил 14 февралида ТАСР ҳукумати Фарғона вилоятини қамал ҳолатида деб эълон қилади. Совет ҳокимияти Фарғона водийсига бутун кучларини тўплай бошлайди. Бундай шароитда Туркистон Мухторияти раҳбарияти асосий эътиборини очарчиликни тугатиш, саноат ва қишлоқ хўжалигини тиклашга қаратган. Қўқон Мухторияти ўртадаги тушунмовчиликни (ахир, бир неча ой олдин Лениннинг ўзи халқларга ўз тақдирларини ўзлари белгилашга тўла ҳаққи бор, деб қарор эълон қилган эди) тинч йўл билан бартараф этишга уринган. Аммо 72 кун яшаган мухторият қизил армия кучи билан тугатилди. Унинг омон қолган ҳарбий қисмлари миллий-озодлик қўшинларига қўшилиб кетди.
Бу вақтда Мадаминбек Марғилонда эди. Рафиқаси Абдураҳмон закончининг қизи ўзбек хотин-қизларига хос энг яхши феъл-атвор эгаси эди. Мадаминбек бундай оқила умри йўлдош бергани учун Яратганга тинмай дуо қилар, инсонларга қилган барча яхшиликлари эвазига уни ўзига берилган бир туфҳа деб биларди.
Мадаминбек кичикроқ бир савдо дўкончаси очиб, тинч ҳаёт кечиришни режа-лаштирар, ўзининг 40 нафар қуролдош йигитларини яқин кунларда уйларига қайтаришни ўйлаётган эди. Аммо охирги кунларда большевиклар олиб бораётган сиёсат барча режаларни бузиб ташлади. У ўз йигитлари билан милиция марказидаги қуролларнинг барчасини олиб истиқлолчилик ҳаракатига қўшилиб, ҳақиқий босмачилар - қизилларга қарши курашни бошлаб юборди. Бир куни у ўз йигитлари билан Марғилонга бостириб кириб, тинч аҳолини отиб, қиличдан ўтказаётган арман дашноқлари устига қўққисдан ҳужум қилиб барчасини қириб ташлайди. Мадаминбек ғалабасини эшитиб водийнинг турли бурчакларидан унга ёрдам истаб чопарлар кела бошлайди. Табиийки, қаҳрамонимиз уларга ёрдамга ошиқади.
Чор Россияси даврида Туркистонга кўчириб келтирилган рус мужиклари ҳам большевик ҳокимиятидан норози эдилар. Советлар уларнинг ерлари ва мол-мулкларини давлат ихтиёрига тортиб олаётган, қаршилик кўрсатганларни эса отиб ташлаётган эди. Мадаминбек «Рус деҳқон армияси»қўмондони генерал Монстров билан яширин алоқа ўрнатиб, биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида келишиб олади.
Моҳир саркарда эканини қисқа вақтда исботлаган Мадаминбек ҳузурига Англия ҳукумати ёрдам таклиф қилиб элчи жўнатади. Урал ва Сибирда қизил армияга қарши курашаётган Колчак эса 2 та рус ва 2 та инглиз генералларини унинг ҳузурига ёрдамга юборади. Бундан ташқари Туркия ва Германиядан ҳам ёрдам таклифлари кела бошлади.
Афсус ва надоматлар бўлсинки, четэлликлар Мадаминбек шахсиятида кўра олган етакчилик ва саркардалик салоҳиятини Қўқон атрофида Катта Эргаш бошчилигида ҳаракат қилаётган қўрбошилар кўра ол-мадилар. Улар Мадаминбекнинг бутун кучларни бирлаштириш таклифига рози бўлмадилар.
Мадаминбек маҳаллий бойлар воситачилигида Англия, Германия ваТуркиядан қурол-яроқлар сотиб олиб, қўл остидагиларни яхшироқ қуроллантира бошлади.
Мадаминбекнинг Туркистонда ҳаракат қилаётган озодлик кучлари раҳбарларидан устивор томони шу эдики, унинг ҳарбий штабида ўқимишли, сиёсатни тушунадиган рус ва инглиз офицерлари бор эди. Улар Россия ва унинг атрофидаги воқеаларни синчиклаб кузатиб, ўрганиб борар ва бу ҳақда Мадаминбекка зарур маълумотларни беришарди. Ишончли ва зарур маълумотларга эга бўлган Мадаминбек уларни ўзича таҳлил этар ва аниқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда тегишли бир тўхтамга келарди.
Архив маълумотларида кўрсатилишича, у Скобелев (ҳозирги Фарғона шаҳри), Наманган, Андижон, Ўш қўрбошиларини бирлаштириб 25 минг кишилик армияга қўмондонлик қилган.
Совет қўмондонлиги Мадаминбек билан водийда қандай жанг қилишни режалаштираётганда, у ўз йигитлари билан русларнинг асосий истеҳкоми, Скобелев шаҳрига, 1919 йил бошида тўсатдан бостириб киради. Кўча жангларида русларни мағлуб этгач, шаҳар турмасига ҳужум қилиб, 200 дан зиёд сафдошларини ва рус офицерларини озод этадилар.
Истиқлолчилик ҳаракати қўшинлари қисқа вақт ичида Ўш, Андижон, Марғилон, Қува, Жалолобод ва бошқа йирик шаҳарларни ўз назоратига олади. Ўш озод этилгач, Мадаминбек халқ олдида генерал Монстров ва Алексеевларнинг елкаларига қўлини қўйиб жуда чиройли қалблар тубидан ўрин оладиган, самимий бир нутқ сўзлайди. Уни Ўш аҳли қуйидагичатаърифлаган: «У ўрта бўйли, тўладан келган, қизил юзли, чарақлаб турган қора кўзли, жуда хотиржам гапирадиган киши эди. Унинг унча ўсмаган сочлари устига кийган Марғилон дўпписи ҳам, қилич ва наганини елкасидан белига қараб тортилган тасмаси ҳам, қолаверса, шойи бел-боғи ҳам ўзига жуда ярашиқли эди».
1919 йил сентябр ойи ўрталарида Марғилонда Ислом қўшинлари ва «Рус деҳқон армияси» раҳбарларининг бирлашган қурултойи бўлди. Қурултой Мадаминбекнинг салоҳиятли амир ал-муслимин эканини яна бир бор эътироф этиб, унинг Фарғона водийсида чинакам адолатли, меҳнаткашпарвар мусулмон ҳукумати тузиш тўғрисидаги дастурини маъқуллади. Қурултойда ўлкада Таъсис Мажлиси (парламент) чақириб, тенг ва эркин сайловлар асосида қоннуний ҳукумат тузиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳукуматдаги жойларнинг 2/3 қисми ерли аҳоли вакилларига, қолган бир қисми русийзабон халқ вакилларига ажратилиши назарда тутилган эди.
Жангу-жадаллар билан банд бўлган Мадаминбек севикли ёри Саодатхон билан кам кўришарди. Мадаминбек билан бу аёл анчагина машаққатлар чеккан. Саодатхон опа назарида ўзининг беги (у Мадаминбекка «бегим» деб мурожаат этарди) улуғ ишлар билан бандлиги, миллат севгиси унинг бошқа ҳис-туйғуларидан устивор турганидан сира ҳам ҳафа бўлмас, аксинча, бу билан ғурурланиб юрар, ўзи ҳам янги бир олам кишиси бўлиб бораётганидан мамнунлигини яшира олмас эди.
Туркистон чоризмнинг муҳим хом-ашё базаси эди. Ленин ва унинг сафдошларининг қаттиқ эътиқодича, Туркистонда Совет ҳокимиятини ўрнатиш Хитой ва Ҳиндистон каби йирик давлатларга «инқилобни» экспорт қилиш имкониятини туғдирарди. Шунинг учун ҳам большевиклар Туркистонни қўлдан чиқаришни истамас эдилар.
Иккиюзламачи Ленин 1918 йил бошида Туркистон аҳлига ўзлари истаганларидек давлат тузиш ҳуқуқи берилишини эълон қилиб, ўша йилнинг сентябр ойида Турккомиссия номи остида фавқулодда ваколатларга эга коммунистлар гуруҳини Тошкентга йўллаган. Уларга Туркистонда большевик тузумни қандай қилиб бўлмасин сақлаб қолиш ва кучайтириш вазифасини юклаган эди. Айнан шу комиссия қарори билан Туркистон Мухторияти тугатилган, мусулмонларга қарши «қизил террор» сиёсати ишга солинган эди. Бу сиёсат қурбони бир неча юз минг киши бўлди.
Россиянинг марказий вилоятларида фуқаролар уруши большевикларга Урта Осиёда ҳокимиятни қўлга олишга имкон бермаган. 1920 йилга келиб «оқ армия» қўшинлари мағлуб этилиб, асосий кучлар Туркистонга йўналтирилди. Қирғизистонда туғилиб ўсган Фрунзе бу қўшин қўмондонлигини қайтадан ўз қўлига олади. Янги ва урушларда чиниққан кучлар етиб келиши билан истиқлолчилик ҳаракати аъзоларига қарши кураш анча кесқин тус олади.
Кечагина Осиё халқларига ўз давлатини тузишга рухсат берган Ленин иккиюзламачилик қилиб биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ Туркистонда ҳокимиятни қўлга олиш ишини бошлади. Қизил армия нафақат Фарғона мухтор давлатини, балки Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини ҳам тугатган.
Мадаминбек тузган давлат ўша даврдаги кўплаб Осиё мамлакатлари каби диний давлат бўлмай, диний ва миллий анъаналаримиз қадрланадиган дунёвий давлат эди. Фарғона водийсига Хитой, Англия, Эрон, Туркия ва АҚШдан элчи ва вакиллар келиб ўз давлатларининг ёрдамларини таклиф этган эди.
Мустақилликка эришгач, ноҳақ қораланган ота-боболаримизни халқимизга танитиш имконияти пайдо бўлди. Советлар бу йўлдаги фаолиятларини 80 йиллар охиригача давмм эттирдилар. Ҳатто, «Узбекфильм» киностудияси «босмачилар» тўғрисида шунчалик хўп фильм суратга олганки, собиқ Иттифоқда «Басмач-фильм» деган ном билан танилиб қолган.
Англиядан чиққан Робин Гуд номли бир қароқчи ҳақида бир қанча фильм суратга олинган. Корея киночиларига тан берасан киши, «Денгиз ҳукмдори», «Сўнгги қиролича» ва «Жумонг» сериаллари орқали ўз тарихларини дунёга танитмоқда. Бизлар ҳақиқий юрт ўғлонлари ҳақида бадиий фильм олиб, чиройли тарзда ўз халқимйзга танитсак, кўчада ўйнаётган болаларимиз пешонасига латта боғлаб кореялик қаҳрамонларга эмас, белига белбоғ боғлаб Амир Темур, Мадаминбек, Намоз Пирумқуловларга тақлид қилган бўларди.

Жамшид КОМИЛОВ

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин