Саналар
23.12.2024
Баннер
Кўҳна Тошкент дарвозалари
12.04.2014 18:37    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Дунёда шаҳарлар кўп - Рим, Лондон, Москва, Истанбул, Теҳрон, Мадрид, Душанбе, Нью-Йорк, Тошкент... Уларнинг рўйхатини яна анча давом эттириш мумкин. Бу шаҳарларга турли хил маъноларни англатувчи таърифлар берилган. Рим - модалар шаҳри, Лондон - туманлар шаҳри, Париж - гўзаллар шаҳри, Лиссабон - денгизчилар шаҳри... Ватанимиз пойтахти Тошкентни эса нон шаҳри ёки деворлар қуршовидаги шаҳар дея эътироф этишади.

Тошкент қадимий тарихга эга бўлиб, у ўтган давр мобайнида кўпдан-кўп босқинчилик ва шафқатсизликларни бошидан кечирди. Шу сабабдан шаҳар халқи озодлик ва мустақиллик йўлида узоқ йиллар қаҳрамонона кураш олиб борди. Тошкент қулай географик ўринда жойлашганлиги боис доим ўзга давлатларнинг эътиборини ўзига тортиб келган. Шаҳар ташқи душманлардан сақланиш учун ўша даврлардаёқ девор билан ўраб олинган эди. Тарихий маълумотларга кўра, 19 асрдаёқ Тошкент уч қатор айланма девор билан қуршаб олинган.

Ҳусниддин Нурмуҳаммедовнинг «Тошкентнинг қадимги дарвозалари» деб номланган асарида Тошкент девори ҳақида қуйидаги маълумотлар келтириб ўтилган: «18 асрнинг охирларида шаҳар мудофаа деворининг баландлиги салкам 8 метр, тепа қисмининг кенглиги 2 метргача бўлган. Девор айланасининг узунлиги 18,2 км., шаҳарнинг умумий майдони эса 26,4 кв. км.ни ташкил этган».

Тўхтовсиз урушлар натижасида шаҳар девори яроқсиз ҳолга келиб, қайта қуришни талаб қилгани боис ХИХ асрнинг ўрталарида Тошкент шаҳрининг беклар беги шаҳар деворини қайтадан таъмирлатади. Бу вақтда девор баландлиги 10 метрдан ошиб, деворнинг юқори қисмида душманга ўқ отиш учун кўплаб шинаклар очилган эди. Шаҳар мудофаа деворининг 12 та дарвозаси (Тахтапул, Лабзак, Қашқар, Қўқон, Қўймас, Беш­ёғоч, Камолон, Самарқанд, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой) ва иккита қоф­қаси (яъни, 1 нафар отлиқ кириб чиқадиган туйнукчаси) бўлган.

Бу 12 дарвозанинг ҳаммаси катта йўл устида қурилган бўлиб, дарвозалар мустаҳкам, қаттиқ ёғоч - тоғ арчасидан ясалган ва уст томонига нақшинкор безаклар берилган. Ҳар бир дарвозада жуфт халқалар ва калитлар бўлган. Калитлар дарвозабонлар қўлида сақланган. Дарвозабонлар дарвозани тонгда очиб, қуёш ботганда беркитганлар. Дарвоза ёпилгандан сўнг, уни очишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Фақатгина шаҳар ҳокимининг ўта зарур фармойиши бўлгандагина дарвозани очишга рухсат берилган. Дарвозадан ичкарига кирганда узун йўлак бўлиб, унинг икки томонида ҳужралар жойлашган. Ҳужраларнинг бири овқатланиш жойи бўлса, иккинчиси дам олиш хонаси бўлган. Дарвозабонлар вақти-вақти билан алмашиниб навбатчилик қилганлар. Шаҳарнинг ўн икки дарвозаси ортида ҳаёт қизғин давом этган.

Маълумотларга кўра, шаҳарда боғдорчилик яхши ривожланган. Бу ерда ёнғоқ, олма, нок, шафтоли, узум етиштирилган. Шафтолининг шундай бир машҳур нави бўлганки, унинг бир донасидан бир пиёла шарбат чиққан. Ёнғоқнинг, айниқса, ғалвир деб номланган нави кўп бўлиб, унинг мағзи кўриниб турган. Тошкент ўзининг ажойиб манзараси ва гуллари билан ҳам ажралиб турган. Гуллар орасида, айниқса, Тошкент лоласи машҳурдир. Лоланинг бу нави саккиз, ўн икки япроқли бўлиб, улар бир-бирига ўхшамайдиган турли ранглар билан қопланган.

Тарихчи Ҳамид Зиёэвнинг «Тарих - ўтмиш ва келажак кўзгуси» асарида 1741 йили Тошкентга келган татар савдогари Шубай Арслоновнинг Тошкент ҳақидаги маълумотлари келтирилиб, шаҳарнинг ўша даврдаги таш­қи ва ички манзараси қу­йидагича тасвирланади: «Тошкент шаҳри қалин пахса девор ва зовурлар билан ўраб олинган. Шаҳар катталиги жиҳатидан Қозон шаҳрига тенг келади. Унинг ўн икки дарвозаси бор. Бу ерда иморатлар тартибсиз ҳолда пахса девор билан қурилган. Шаҳарда боғ ва масжидлар кўп. Катта масжидларда кўпчилик бўлиб намоз ўқиганлар. Дарвозалар олдида алоҳида миршаблар туради. Уларда тўп йўқ, узоққа отадиган милтиқлар бор. Бундай милтиқлар Тошкентда ясалади. Шаҳарни ўн икки кишидан ташкил топган кенгаш бошқарган. Ҳукумат қароргоҳи Кўкча дарвозаси ёнидаги қалъада иш юритади. Тошкентдан Туркистонгача бўлган йўлни юк карвони олти кунда босиб ўтган. Иргиз дарёсидан Уфагача уч кун, Бухорогача ўн кун, Балхга йигирма кун, Бадахшонгача ўн беш кун юрилган».

1865 йил 16 июнда чор Россияси қўшинлари шаҳарни босиб олгандан сўнг, ўн икки дарвозанинг рамзий олтин калитларини генерал Черняэв 1865 йилда Петербургдаги ҳарбий музейга топширган. Калитлар 1933 йил 14 июнда Ўзбекистонга олиб келиниб, Ўзбекистоннинг Москвадаги доимий вакили Муҳиддин Турсунхўжаэв томонидан қабул қилинган ва улар ёдгорликларни сақлаш қўмитасининг раиси Низомиддин Хўжаэвга топширилган. Бу ҳақдаги далолатнома Ўзбекистон ­халқлари тарихи музейида сақланмоқда. Низомиддин Хўжаэв ташаббуси билан калитлар устида текширувлар ўтказилганда, тахмин қилинганидек, кумушдан ясалиб, устига олтин суви юритилган бўлмай, балки соф олтиндан ясалганлиги аниқланган. Ҳозирда бу калитларнинг ўн биттаси Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкида сақланаётган бўлса, биттаси Ўзбекистон халқлари тарихи музейида кўргазмага қўйилган. Бу калитларнинг ҳар бирида ясалган вақти (ҳижрий 1282 йил) ва дарвозалар номи ёзиб қўйилган.

Шуниси эътиборга моликки, барча дарвозаларнинг чиқаверишида қабристонлар бўлиб, уларнинг аксарияти ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Баъзиларидан бугунги кунда ҳозир ҳам фойдаланилади. Бу қабристонларга шаҳар мудофаасида қаҳрамонона кураш олиб борган юртнинг мард ўғлонлари дафн этилган.

Наргиза Убайдуллаева

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. Никоҳ тўғрисида (1906)
13.03.2014 23:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Жаноб муаллиф ва муҳаррири «Тараққий»дин илтимос қилурманким, никоҳ масаласи хусусида мани бу беш-олти калима сўзимға «Тараққий» саҳифасидан жой берсалар.

Қола набиййи саллоллоҳи алайҳи васаллам никоҳ суннати «Фаман рағба ан суннати фолис мани» мазмунича бир оқил ва болиғ кишига тазаввиж, яъни уйланмоқ суннат муаъкадаларини бири бўлмоқиға ҳеч шубҳа йўқдур. Бунга биноан ҳар ким ўз кафуввини топиб, оли қадарал ол тўй-томоша қилиб, имом афандиларимиз фасиҳ ва мавзун иборатлар бирла ақди шаръий қилиб, бир важҳи суннат хутба ўқилиб, қизни куёв қўлиға таслим қилурлар. Хўб яхши, аммо икки-уч моддаи мувассафаси бордурки, анинг фасхига кўшиш қилмоқ уламойи зулэҳтиромларимизға ва ағниёларимизға вожиб даражасида муҳим ва зарурдир. Биринчиси, қалмоқ ва хитой тоифаларидан қолғон бир расми қабиҳадурким, никоҳдан бир кун муқаддам беш-ўн нафар созанда ва жувонларни жам қилиб, неча хил афъоли қабиҳа, ғайримашруълар бирла ўз ёру биродарлариға базм қилиб кўрсатиб, офаринлар уюштирар эдилар. Бу ишни шаръан ҳаромлиғи изҳори минал шамсдир. Аммо авомунносға чинон шойиъ бўлмишдирки, мартабаи истиҳлолдин ўтуб, суннат, балки вожиб даражасиға етубдур.

Закот бермоқ бўлғон ҳолда бир бой закот бермаса, ҳеч кимнинг иши йўқ, аммо ўғлини уйлантириб, базм бермаса, авомлар ўртасида маломатга мустаҳиқ бўлур.

Иккинчи никоҳ куни келинни куёв ҳовлисиға олиб борурда кўриладиргон бир расми шаниъадурки, бир аробаға келинни солиб, ул аробанинг олдида икки-уч нафар хотунлар беибо чирманда чалиб ва ҳофизлик қилиб бормоқлари. Агарчи куллиятан бўлмаса ҳам аксар жойда кўрилмоқдадур. Бу бадбахтларнинг аврат овозини эшитиб, кўп мусулмонлар гунаҳкор бўлмоқдадур.

Учинчи, даллол ва ялочи масаласидурким, муни ҳаромлиғидин зиёда зарарлари ҳам бор. Чунончи бир ҳовлида ялочи ўйнаса, жамиъ хотунлар ани атрофида туруб ўртаға маъжусий оташпарастлардек оташ ёқурлар, баъзи жойларда ул бадкирдорларнинг ўйинини эркаклар ҳам бир тарафда туруб томошо қилурлар ва баъзи нодонлар қўллариға танга олиб ўюнчисини чоқириб, бир аъло фоҳишабозлик қилурлар. Буларнинг бу ишларини бўлак мастура хотунлар кўриб турурлар. Мазкур эркакларнинг бир кўзлари ўюнчида бўлса ҳам, бир кўзлари бошқа хотунларда бўлур, ҳосили калом, тоқати исломиятдан хориж бир хилоф шаръидурки, буни шафеъи ва давоми аҳолии исломни ғайрат ва ҳамиятдин бутун-бутун жудо қилур. Бас, бу афъоли қабойиҳларни фасхига уламолар кўшиш қилмасалар, бу ишларни шаръан жоиз эконлиғини авомунносға билдурмасалар, авомуннос бул хилофи шаръий ишларни истиҳлол ва истиҳфонида мудовомат қилсалар керак ва бул эътиқод фосидалари бора-бора уламоларға ҳам таъсир қилса, бул хилофи шаръиларда авомунносға мутобаат қилсалар керак, балки мутобаатлари ҳам кўринмакдадир. Ҳаттоки баъзи аҳли илмлар бу ишларни жавозият ва шаръилигини таважжуҳ қилмоқдадурлар. Ё раб, мундай фасо ахлоқ ва мундай беҳамиятликдурки, шундай хилофи шаръиларни манъиға эллик-олтмиш минг мусулмондин бир ғайрат соҳиби топилмас.

«Тараққий», 1906 йил, 3 феврал

Ҳар беша гумон мубарки холист, шоядки паланг хуфта бошад[1]. Мазмунича: ғайрат ва ҳамият соҳиблари алҳамдулиллоҳ мавжуддурлар. Чунки бундин муқаддам базм ва ялочилар ҳақида ёзғон мақоламизни «Тараққий» саҳифасида ўқуғон кишилар хаттики муҳофизи шаръийи шариф бўлғон қозийи исломимиз бул тўғрида изҳори мамнуният қилдилар. Баъзи маҳаллаларда ижтимоъ бўлиб, ҳар ким тўйида бачча ва ялочи ўйнатса, маҳаллаға қўшилмасун ва аралашмасун деб фотиҳа ўқуғонлари эшитилди. Бул жанобларнинг амсоллари кўпаймоғини самим бирла вожибул вужуддин тилаб ва истидоъ қилиб дермизки, бораколлоҳ, яшосун ғайрат, яшосун ҳамият, олами исломият. Бул тариқа хилофи шаръиларни манъиға энг аввал ғайрат қилғон жанобларни табрик ва таҳсин қилиб, бошқа маҳаллаларнинг ҳам бул жанобларға лоҳақ бўлмоқларини илтижо қилурмиз. Аммо фуқароларни соҳиби ғайратлари «паланг хуфта» манзалласидадурларки, «паланг хуфта»ни қуввати ҳеч ерга етмас. Мисола, бир маҳалла имоми ё элликбошиси бош бўлиб манъ қилсалар, иккинчи маҳаллаға таъсир қилмас, иккинчи маҳаллаға таъсир қилса, учинчи маҳаллаға йўл топилмас ва бул хилофи шаръилар чунон шойиъ бўлмишдирки, баъзи беҳамиятлар маҳаллаға қўшилмасликға рози бўлиб, базм ва ялочини таркиға рози бўлмас, чунки ота-боболаридин қолғон расм эмиш, бас, бул расми қабиҳаларни манъ ва фасхи уламойи зулэҳтиром ва қуззоти ислом ва ҳукуматдорон некномларимизға лозимдурки, бул жаноблар ҳар бир ижтимоъларида иттифоқ қилиб, фалон ва фалон ишларни мухолифи шаръиййи шариф бўлгон важҳидин манъ қилдук ва ҳар ким қилса фалон жазоға мустаҳиқ бўлур, деб ҳукм қилмоқлари бирла бул хилофи шаръилар бутун орамиздин кўтарилиб ва бул ишларни сабаби бирла дунёъи ва охиратда сазовори охири азим бўлмокларида шаръан ва ақлан ҳеч шубҳа йўқдир. Яҳудийлар забиҳни ман қилмоқ тўғрисида қилғон ҳамият ва жасоратлари бутун Туркистон мамлакатиға таъсир қилғондек буни ҳам таъсири бутун Туркистон мамлакатиға хусусан, Фарғона музофотлариға таъсири маълумимиздур. «Хайрун нос ман янфаън нос» — ҳадиси шариф маолинча, сифоти хайруннослик бирла мутассиф бўлмоқларида ҳам шак йўқдир. Зероки, бул ишларни ман қилмоқ — мусулмонларни дин ва дунёлариға фойда еткурмакдур. Дунёлариға фойда шулки, бул хилофи шаръиларини сабабидин охиратда тортадурғон дўзах азобларидин холос бўлурлар, дунёлариға фойда шулки, бачча ва ялочини бир кечалик муздиға берадурғон ўттуз-қирқ сўмлари ўз киссаларининг манфаатиға қолур.

Ҳамадин бул моддаси ажаброқдурки, мухолифи шариат ва бидъат бўлғон бадбахт ва баччаларни муздлари ўттиз сўм, қирқ сўм бўлиб, куёв-келин қўшулмоқларини хилтиға энг амада зарур бўладурғон хутба ўқуғувчи имом афандиларимизни муздлари йигирма тийин ё ўттиз тийин бирла бир ўн тийинлик даструймолдир. Ё раб, мундай бетартиб ва бенизомлик бўлурму.
Фарёд аз замонаи бемеҳр каж ҳаром,
Хунрези жонистони ғамангез бенизом[2].

«Тараққий», 1906 йил, 7 феврал
Ўзинг бедор қил, ё раб, бизни бу хоби ғафлатдан,
Ҳидоят қил тариқи ҳақ сори роҳи залолатдан.

1905 нчи, 17 нчи октябрда берилмиш манифест, яъни ҳуррият жумла Русия фуқароларини асирлик зиндонидан озод қилиб, ўз ҳуқуқи диния ва дунявияларини талаб қилмоқда ва ўз мамлакатларини ислоҳида ва ўз мактаб ва мадрасалариға тартиб ва низом ижро қилмакда. Ҳурлик, мухторлик ато қилинди ва бул ҳуррият воситаси ва соясида жумла Русия фуқаролари оли алалхусус неча замонлардин бери ҳар гўшада сиқилиб ётқон мусулмонлар қафасдин озод бўлғон қушлардек ҳар тарафға парвоз қилиб, ўз ҳуқуқи миллия ва маолияларини талабида чунон ғайрат ва ҳамият қила бошладиларки, ёлғуз мусулмонлардин Петербурғ шаҳриға юборилган аризалар 500 дин зиёдаға болиғ бўлди. Ҳеч бир шаҳар, вилоят қолмадики, давлат Думасиға мусулмонлар тарафидин вакиллар сайланмоққа маслаҳат ва машварат қилинмағон бўлса ва ҳеч бир вилоят қолмадики, ислоҳи мамлакат ва ижройи аҳкоми шариат хусусида мажлис-мушоваралар қурулмоғон бўлса. Аммо биз Туркистон вилоятининг мусулмонлари ҳануз асирлик зиндонида туфроғ емакдамиз. Жумла вилоятлардин миллати-миллати садолари эшитилмакдадур. Аммо бизнинг вилоятимизда нафси-нафси наволари тараннум этилмакдадир. Ҳаммада изҳори ҳаққоният, бизларда исрори нафсоният, ҳаммада ғайрат ва ҳамият зуҳури, бизларда ихтилоф ва ғафлат ҳузури.
Биза нечун иттифоқ ўрниға одати ихтилоф ўлмиш,
Магар бизларға рўзи ўлмамиш миллатда ғайратдан.

Ҳамманинг мактаб ва мадрасалари мураттиб ва мунзим, бизларға усул ва тартиб макруҳ ва маҳрум, оли алалхусус биз Тошканд мусулмонлариға суннат ўрниға бидъат, уфоқ ўрниға нифоқ, ваъз ва насиҳат ўрниға жанг ва шикоят, ғайрат ва ҳамият ўрниға хавфу ғафлат. Истеъмоли мажлисларимизнинг энг амада заруриётидин ўлмиш ибодат учун бино қилинғон масжидларимизнинг дарвозахонаси шикоятхонаға мубаддал ўлмиш. Ваҳоланки, шикоятни рамлиғида шак ва шубҳа йўқдир. Имомларимизнинг вазифалари қавмлариға ваъз ва насиҳат бирла аҳком шариатни билдируб, ғайри-машруъ ишлардин қайтармоқ бўлғон ҳолда ўз вазифаларини адо қилмоққа тўй ва маърака ахтармоқдин қўллари бўшамас. Агар қавмларини олдиға тушуб тўй ва маъракаға юрмасалар ўшал куни имоматдин маъзул бўлур эмишлар. Чунки авомунноснинг эътиқодида имомлик қавмнинг олдиға тушуб тўй ва маърака ахтармоқдин иборатдур ва аъёни қавмға хушомад қилиб, гирдин экмакдан киноятдур.

Ваҳоланки, имомлар ноиби Расуллулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдурлар. Оллоҳ таолий анбиё алайҳим-ус-саломға ўз аҳкомларини бандалариға еткузмакни ваъз ва насиҳат бирла одамларни динга ва яхши амалларға далолат қилмакни амр қилди. Ул жаноблар ҳар қайсилари маъмур бўлғон вазифаларини адо қилмак учун ўз нафслариға турлук-турлук жафоларни раво кўрдилар. Ҳаргиз ва ваъз насиҳатдин забони муборакларида қусурлик кўрулмади, хусусан, ҳазрат Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васалламнинг даҳани муборакларидин тўти руҳлари парвоз қилғунча «умматим», «миллатим» калималарини забони муборакларидин қўймадилар. Қани бизларда ул жанобларға мутобақат, қани ул жанобларға мувофақат. Қачонки ул жаноб «Кулли нафси зоиқатул мавт» мазмунича дорулфанодин дорулбақоға риҳлат қилдилар. Умури ҳидоят ва муҳофазатдин ва миллати хулафойи рошидин алайҳим ар-ризвонни вазифалари ўлди. Ул жаноблар ҳам ҳар қайсилари ўз замонларида миллат учун чунон ғайрат ва жасорат кўрсатдиларки, бутун Форс ва Туркистон балки, аксар Ҳиндистон мамлакатлари бул жанобларнинг замонларида шарафи Ислом бирла мушарраф бўлди. Ҳаммалари ўзларини миллатға қурбон қилдилар. Бас, бул жанобларни ноиб ва ворислари уламойи киром ва умаройи зулэҳтиромлар ўлдилар.

Бул жанобларда ҳам яқин замонларғача ўзлариға лозим бўлғон вазифаларни адосида қусурлик кўрилмади. Аммо бул замондин юз йилдин зиёдроқ муқаддам замондин бошлаб оҳиста-оҳиста миллат деворининг ҳар тарафиға раҳналар пайдо бўлди. Мунга сабаб уламо ва умароларимизнинг ўз нафсларини риоясида ҳаракат қилмоқлари бўлди. Подшоҳ ва хонларимиз бўлса, миллатға қилғон хизматлари танҳо хотун олмоқ ва кучук уруштирмоқ ва беғайрат ва ҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмоқ ва тутуб ўлдирмоқ бўлди. Миллат нима, шариат нима, билмадилар ва қарамадилар. Шунинг учун миллат деворини раҳналари тобора зиёда бўлди. Бўзахўрлик, қиморбозлик, баччабозлик, базм қилмоқ ва ялочи ўйнатмоқ, эркакни хотун қилмоқ ва хотунни эркак қилмоқ, зино қилмоқ, шикоят қилмоқ ва бир-бирларини ҳақорат қилмоқ, хусусан, оғизга ҳақорат қилмоқким, куфри сариҳдур ва шуларға ўхшаш ҳаром амаллар ўрталарида чунон шойиъ бўлдики, ҳаромлиғи ҳеч кимнинг дилидин хатир қилмади. Бу ишларни алҳол бизларнинг ота-боболаримиз расмларидур, деб истеъмол қилмоқдадурлар, ҳаттики баъзи мўйисафедларимиз бизлар йигитлик вақтимизда мундай ишларни қилар эрдук ва мундай базмларни қилур эрдук, бизларнинг баччаларимиз мундай ўюнчи эрди, қани ул баччалар, замона фосид бўлди, йигитлар хотун бўлди, деб ўтган замонларға фахр ва бу замонға афсус ва надомат қилурлар. «Инноллоҳа йағирмо ба қавми йағир мо ба нафсиҳум». Мазмунича: охирул амр бу афъоли қабиҳаларимизни сабабидан мулк-мамлакатимиз тағаййур ва табаддул бўлиб, асир-у, хор-у залил бўлдук.

Вақтики ҳукуматдорларимиз бизларни бул тариқа ғафлатда ва жаҳолатда топдилар. Миллатимиз деворининг қолғон ерлариға раҳна солиб, шариатимизни ободлиғина энг амада сабаб бўладургон масжид ва мадраса вақфларини таваққуф қилиниб, қозиларимизнинг номларини «народний судья» ном қўйилиб, уч юз сўмдан васиқа қилмоқ қозиларимиздин олинди. Қозиларимиз ҳукмларини положениега мувофиқ қилмоққа мажбур бўлдилар ва соира-соира раҳналар пайдо бўлди. Аммо ўз ҳукуматдорларимизнинг кўзларини ғафлат чунон қопламишки, ҳануз ўз нафсларининг фойдасини ахтармоққа машғулдирлар ва ул фойдадин миллат ва шариатға хоҳ фойда ўлсун, хоҳ зарар ўлсун ҳар бир ҳаракатларидин манфаати шахсиялари мақсуддир. Ва ҳар фикрларида риояни нафслари мавжуддир.

Уламоларимизда ҳукумат йўқки, миллат деворини раҳналарини ислоҳ қилсунлар ва ҳукуматдорларимизда ғайрат йўқки, бу ислоҳда уламоларимизға ёрдам берсалар, алалхусус, ҳар миллат соҳиблари ўз ҳуқуқи миллия ва маолияларини талабида ҳур ва мухтор бўлғон бу замонда ва ҳар вилоятда ислоҳи мамлакат учун мажлис, мушоваралари қурулғон бу асрда бизнинг Тошканд шаҳрида ислоҳи мамлакат хусусида на бир ижтимоъимиз бор ва на бир маслаҳатимиз бор ва на ҳуқуқи диния ва дунявиямизни талабида бир ариза бердук ва на давлат Думасиға вакил сайламоқ хаёлимизға келур. Ёлғон бўлмасун, мундин бир-икки ой муқаддам уламо ва ҳукуматдорларимизнинг ғайрат то-мурлари ҳаракатга кириб, ўз ҳуқуқларини талабида ариза бермоқ учун икки-уч бор ижтимоъ қилдилар. Афсуски, ул ижтимоълари ҳам ёлғуз палов ва зиёфатхўрлик бирла нафсониятдин иборат бир мажлис бўлди. Ариза бермоқ мунда турсун, аризани тартибиға ҳам иттифоқ қила олмадилар. Чунки ҳар ким ўз манфаати шахсиясини мулоҳазасида сўз сўзлади.

Қўрқурманки, биз бечоралар шул ғафлат ва шул ихтилоф ва шул нафсоният соясида ҳама мустафид бўлғон ҳурриятнинг неъматларидин ҳам маҳрум қолмасак деб. Агар шундан ҳам маҳрум бўлсак, миллатимизнинг девориға солинган раҳналар тобора зиёда бўлмоғида ҳеч шубҳа йўқдир. Агар шул ҳол бирла кетсак, тонгла қиёматда биз, аҳли исломни қўлларимиз кимнинг яқоларида бўлса керак.

Биз фуқаролар, қўйдек мусулмония, амалдорларимиз чўпон мисллик бўлиб, тонгла бизларнинг аҳволимиз борасида масъул бўлсалар керак. «Кулликум раоъ ва кулликум масъул ан раията», орамизда бўлган раҳналарни ислоҳи ҳукуматдорларимизнинг қувват ва ғайратлари бирла мумкиндир. Лоақал шунга ҳам бир ғайрат қилмасалар, мисола бу раҳналарни бир нечаси бачча ва ялочиларни ўйнатмоқдурки, мундан муқаддам газетларда ёзилиб эрди ва ул газеталарни ўқуғон кишилар ғайрат ва ҳамият қилишиб, неча ерларда бу ишларни манъиға фуқароларни ўзлари кўшиш қилишлари, аммо ерларда манъиға мувофиқ ўлсалар ҳам баъзи жойларда қўлларида ҳукумат бўлмағон важҳидин манъ қилмоққа қодир бўлмадилар. Агар ҳукуматдорларимиз бул ишларда уламо ва фуқароларга ёрдам бериб бош қўшсалар эрди, бутун Туркистон вилоятидин бу ишларни барҳам бермоқ мумкин эрди. Бас, бу ишларни тўғрисидин қиёматда савол ўлса, кимнинг доманин тутармиз. Иккинчи дўхтур масаласидурки, боқияси бор[3].

«Тараққий» газетаси, 1906 йил, 7 март



[1] Ўрмонни тинч деб ўйлама, шоядки бир йўлбарс ухлаб ётгандур.

[2] Бемеҳр, ҳаром, жонлар қонини қонунсиз тўкиб, ғамга ботирувчи замондан фарёд.

[3] Газетада Мунаввар қорининг дўхтирларга бағишланган мақоласи босилмаган.— С. А.

 
Абдурауф Фитрат. Тилимиз (1919)
13.03.2014 23:27    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1918 йили Туркистон Компартиясининг топшириғига кўра, Фитрат (Шокиржон Раҳимий ва Қаюм Рамазон билан ҳамкорликда) дастлабки она тили дарслигини яратади (бу ҳақда «Иштирокиюн» рўзномасининг 1918 йил 1 май сонида «Биринчи она тили курси» деган мақола ҳам чиққан). Кейинроқ олим бу соҳадаги ишларини мукаммаллаштириб «Ўзбек тилининг сарфи» (грамматикаси)ни эълон қилади. Ўзбекистон Маориф нозирлиги томонидан тасдиқланган бу дарслик 1925—30 йиллар давомида беш марта нашр этилган.

Фитрат асарлари ҳақида фикр юритилганда, унинг зуллисонайн экани қайта-қайта тилга олинади. Бу бежиз эмас. Фитрат икки халқ тақдирининг тарихи, бирлигини теран англарди. Шунинг учун ҳам. у айрим асарларини тожик тилида ёзди. 1926 йили Тожик тили грамматкасиани эълон қилди.

Фитрат ўзбек тилининг тарғиботчиси сифатида вақтли матбуот саҳифаларида мақолалар билан ҳам чиқди.

Устоднинг ўзбек адабиёти тарихи, назарияси, ўзбек мусиқаси ва Шарқ шахматига оид асарларини кузатганда ҳам, унинг нечоғли  улкан тилшунос экани маълум бўлади. Бу фикрни тўлдириш мақсадида, Маҳмуд Қошғарийнинг машҳур «Девону луғатит-турк» асарини дастлабкилардан бўлиб, ўрганиб чиқиб, нашрга тайёрлаганини эслаш мумкин. Яна айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, Фитрат олтой тиллари гуруҳига кирувчи тиллар табиатини узоқ ўрганган ва 30-йилларнинг ўрталарида «Қадимги мўғул тили луғати»ни тузиб, нашрга тайёрлаган. Бироқ бу асарлар ҳали эълон этилганича йўқ.

Фитратнинг бундан 71 йил бурун эълон қилинган ушбу мақоласи тилимиз Ўзбекистон давлат тили мақомини олган ҳозирги пайтда ҳам долзарб ҳисобланади. Фитрат ўзбек тилининг, Навоий каби, араб ва форс тиллари унсурларидан тоза бўлиши учун курашган бўлса, кейинги йилларда уни Европа тиллари исканжасидан қутқариш зарурати туғилмоқдаки, бу йўлда ҳам бизга Навоий ва Фитрат руҳи ҳамроҳ бўлгай.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ



Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сўзнинг тўғриси шудир. Дунёнинг эиг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили ёнаҳўл (яна шу) туркчадир. Бойларнинг бахтсизлиги совет ҳукумати чоғинда бўлғон бир ишдир, бундан бурун бахтли эдилар деганлар тилимизнинг ҳолини билмасдан гапирарлар.

Бир тилнинг бойлиги у тилдаги сўзнинг кўплиги (касрати калимот), ундирлик (ундириш) кенглиги (вусъати иштиқоқ), юсуп тугаллиги (мукамаллияти қавоид) билан бўлур. Туркчада сўз кўплиги борми?) (Арабчиларимизча айтганда, касрати калимот мавжудми? Бу сўз букун эмас, неча юз йил бурун ўрга чиқмиш, дея Навоийнинг китоби туркчанинг бойлигини очибгина билдира олмаса ҳам, туркчада сўз кўплигини яхши биладир. Навоий ёлғиз йиғламоқнинг турларини кўрсататурғон туркча сўзларнинг шунчасини ёзадир: Инграмоқ, синграмоқ, ингичқирмоқ, йиғламоқ, йиғламсинмоқ, ўкирмоқ, сиқтамоқ.

Мана сизга бир ҳодисанинг етти тури учун отким, ораларинда ингичка айирмалар бордир. Туркчада бу ҳол оз эмас. Арабча нуфуз, мурур, убур; у тўғрисинда туркчамизда ўтмоқ, кечмоқ, ошмоқ, ортонмоқ бор. Арабча қанд, азм, амал, қаршусинда туркча тилак, истов, орхан бор. Арабча зарф ёнинда туркча идиш бор, совут бор. Арабча фанда манфаат ўрнинда туркча тосих бор, унум бор. Арабча қалб ўтрусинда туркча юрак билан кўнгул бор. Арабча садр учун туркча кўкс ва кўкрак бор. Туркча луғат ёзмоқчи бўлғонимда, туркча сўз бойлиги тўғрисида бундан ортиқ ёзолмайман. Сўзни туркчада ундирик кенглиги (яъни вусъати иштиқоқ)га кўчираман. Илм ишининг туркчасидан ундирилган сўзлар шулардир: Бил, билгай, билажак, билгуси, билар, билса, билса-чи, билай, билди, билибдир, билган, била бошлади, била ёзди, била олди, била турди, била бержи, билиб, билгач, билгали, билмак, билиш, билув, билмов, билим, билги, билик, билмас, билмаслик.

Мана сизга ёлғиз феъллардан 13 феъл, қўшма феъллардан 6 феъл. Қўшма феъллардан ҳар бирининг буйруғи бўлиши (феълнинг бўлишлилик категорияси), Ҳоли, келажаги, шарти, қўзғови бор. 13*6=78 бўлур. Бунларга уфт (феъллари — феълнинг замон категорияси), вақт, сабаб феъллари қўшилса, 81 та бўлур. Бунга Исм ва сифат ёзилғон 18 қўшилғонда 99 сўз бўлур. Бу 99-тасидаги сўз толлуғи (ўзак маъносида) буйруқдир (яъни бил сўзидир). Демак, туркчада бир томирдан 98 сўз ундиринг эмиш. Эмди юсуп тугаллигига (мукаммалияти қавоидга) боқайлик.

Араб, форс, рус, немис, француз тилларидан қай бирининг сарф (грамматика) китобларини олиб қарасак, кўрамизким, бир сўзни ясамоқ учун бир қанча ёзилғон, ундан сўнг шул қоидадан ташқари қолғон (мустасно) сўзлар деб тўрт-беш сўз кўрсатилган. Турк сўзларинда эса, бундай сўз топилмайдур. Юсупсизлик деган ҳоллар туркча сарфда сира йўқдур. Тилимизнинг авжи тўғрисида ҳам бойлиги, тугаллиги билиндими? Эмди сўзни туркчанинг бахтсизликдан қутула олмамишдир. Турк тили дунёнинг энг бахтсиз тилидир. Туркчанинг бахтсизлиги араб босқини билан боғланмишдир. Араблар босдиқлари (босиб олган маъносида) ўлкага ёлғиз ҳукуматларини эмас, динларини, йўсинларинида танитғон, олинғон эдилар. Мусулмонликнинг туби, томири қуръон билан ҳадисдир. Шунинг учун янги мусулмонлар арабча ўрганишни ўзларига важоб деб билдилар, ўқидилар, ўргандилар, севдилар. Бундан кейин форсча ва туркча арабча бўғувига кириб қолдилар. Форс тилининг ҳол бутунлай ёмонлашди. Форслар ўз тилларини ташладилар. Ёлғуз китобларини эмас, ўзаро ёзувларини ҳам арабча ёза бошладилар. Лекин бу иш кўп чўзилмади. Форс тили бир силкиниш билан ўзини араб бўғувидан қутқара олди. Форс тилининг бу силкиниши Эрон шоири Фирдавсийнинг арабчаликка қарши қайнаған, қизиғон эронли бир миллатчи эди. Ўттиз йил тиришди, донгли «Шоҳнома» китобини ёзиб чиқарди. «Шоҳнома» ёзиб чиқарувдан Фирдавсийнинг иккита тилаги бор эди: Эрон улусининг арабдан совутиб, эронли туйғусини бермак ва араб тилини Эрондан суриб чиқармоқ. Шунинг учун «Шоҳнома»нинг ҳар бир еринда эронлини мақтаган шоир арабликка келганда:
Заҳир шутур хўрдан сусимор,
Арабро бажойи расидаст кор,
Ки тахти Каянро кўнад орзу,
Туфу, бар ту, чарх кардан туфу! —

деб қийқирмишдир. Бу сўзларнинг туркчаси шудир: Туь сути билан илон эти емакдан бошқа иш билмаган арабнинг иши, шу ерга чиқмишким, Эрон императорининг тахтини истайдилар. О, шу ишга сабаб бўлган фалак, туфу сенга, туфу!

Яна шунинг учундирки, Эронда арабча ҳоким бўлғон ир замонда ёзилғон «Шоҳнома»да арабча сўзлар йўқ даражада оздир. Фирдавсий бу икки тилакни билиб, онглаб, ишга киришганини билдирмакчи ўлиб, ёзадирким:
Бас, ранж бурдам соли си,
Амам зинда кардам ба дини форсий —

демишдир. Туркчаси: Бу ўттиз йил ичида кўп эмкардим (азоб чекмоқ), Эронни форсича ёзганим шу китоб ила тургиздим, демакдир. Форси ишда шундай қилиб ёқасини қутқормиш. Лекин, бизнинг бахтсиз туркчамиз бир Фирдавсий етиштира олмамиш.

Дунёнинг энг бой тили бўлғон туркчамиз ёлғуз арабча қумруқлар (зуғум) билан эмас, форсича тепкилари билан даҳи эзилмишдир. Кўзларимизни тўрт очиб қарайлик, дунёнинг энг буюк ҳакими бўлғон Ибн Сино туркдир. Иккинчи Арасту атолғон Форобий туркдир. Араб тилини мангулик тиргизиб келган Жавҳарий туркдир. Ваҳдати вужуд фалсафасининг имомларидан ўлган Жалолиддин Румий туркдир. Форсий адабиётнинг пайғамбарларидан бўлган Низомий даҳи туркдир. Шу ерда отлари ёзилғон кимсаларда ёлғуз турк улусини эмас, бутун дунёнинг улуғ кишилариндан эрурлар. Икки турк улуси бунларнинг асарлариндан оснилонолмай (ажралмоқ) қолмиш, балки ўзларини ҳам яхшигина таниёлмай қолмишдир. Бунлари ўз биликларини туркча ёзсалар эди, букун турк улусининг ҳоли эҳтимолки бошқа турли бўлар эди. Бахтсизлик бунданда ортиқ бўлурмикан?! Турк ўғли турк бўлғон Маҳмуд Ғазнавий Фирдавсийни чақириб, турк эзилишини кўрсатган «Шоҳнома»ни ёздурсун, дея ҳар йўлига бир олтун берсун. Шу бахтсизликдирки, турк ўғли бўлғон усмонли ҳоқонларига ўз туйғуларини форсича шеър билан сўй латми иедир.

Яна шул бахтсизликдирким: Кафказия туркларининг Қаларин тутмиш дея форс тилининг ҳурматиучун саксон ёринда сўзи ўрнида ҳаштот дедирмишдир.

Туркча бахтсиздир. Минг йилдан бери эзила келмишдир. Лекин битмамишдир. Битмас, яшамишдир, яшар. Негаким, бойдир. Туркча яшамишдир. Яшар, лекин ўзини араб, форс тиллариндан қутқара олурми, йўқми? Сўзни бу ерга етиргач, бармоғимни яранинг ўзагина босмнш бўлдим. Бу сурдиғимға икки турли жавоб келари белгиликдир. Ҳа, йўқ. Эмди шу йўқ деганлар билан юришайлик. Бунлар деяларким, туркча араб форс тиллариндан қутулолмас, нечун? Мана далиллари: а) чунки, араб, форс тиллари бойдир. Бунин жавобини бердикким, туркча ҳам бойдир. Чунки, букунги турк дунёсининг билимли улуғ ёзувчилари шу йўлга кирмишдир. Бунга жавоб берамизким: Турк дунёсининг улуғ ҳакамлари бўлғон Форобий билан Абу Али ўз асарларини арабча ёзорга қўл қўйган эдилар. Сиз нечун уларнинг изидан чиқдингиз? Сиз Абу Али нинг изидан чиққанда, бизда сизнинг изингнздан чиқа олсак керак; в) чунки, тилимизда кўп нарсанинг оти йўқдир. Жавобимиз: Бу сўздан тилагингиз нимадир? Шул чоқда тилингиздаги араб, форс сўзларининг туркчаси топилмайдур демоқчи бўлсангиз, сўзингиз янглишдир. Туркчани билмас экансиз. Ўрганинг. Ҳозирги сўзларимиздаги арабча, форсчалардан бир нечаси учу туркча топилмайдир, десангиз тўғридир. Биз ҳам уларн чиқармоқчи эмасмиз. Унларни олурмиз, лекин ўзи мизники қилурмиз. Туркчалаштирурмиз. Қоиданинг туркчаси йўқдур. Сарфнингда туркчасин тополмадик Иккисин даҳи олурмиз. Лекин, сиз каби Қавоиди сарфия демасдан, Сарф қоидалари дермиз: е) чунки, илмий истилоҳларнинг туркчаси йўқдир. Ким деди буни? Шамснинг туркчаси қуёшдир. Кавокибнинг туркчаси юлдузлардир. Меъонорининг туркчаси суюқ ўтдир. Саҳоби маъни— ёруғ булут, ҳандаса — ўлчов хат чизиқ, зовия — бурчак, пучмоқдир. Кавоҳи собита турғувчи юлдуздир. Кавкаби зузаиб — қуйруқли юлдузлардир.

Тузук, бир неча истилоҳларнинг туркчасини б, кунгача тополмағонмиз, уларни сақлармиз. Чунки, туркчамиз қабо (орқада)дир, дўққи (қўпол), адабиёт тили эмасдир.

Сўз бу ерга келдими? Чидамоқ қўлдан келмас. Қаболик, дўққилик кўрсатмоқчи бўлиб деймизки: Сиз улусингизни севмайсиз. Шунинг учун турк улуси ва турк тилининг сиз билан иши йўқдир. Қаршингиздаги кишилар бу сўзни эшитиб ўтирмаслар, қиларини қиларлар. Мен улусимни жонимдан ортиқ севаман дерлар. Бунларнинг мана шу сўзлари кўмучдир, (ёлғон). Тушунгизда сиз бир хотинни севсангиз, тиришиб, жон чекишиб, куч билан уйига кирибсиз, ёнига суқулгандан кейин, юзига қараб: Мен сйзни кўп севаман, сиз кўн чиройлисиз, лекип шу кўзингиз кўп дўққидкр, шуни чиқариб ташланг, бурнингиз ёмон ис берадир, шуни кесиб отинг, десангиз севгилингиз бўлғон хотин икки-уч таёқ уриб сизни қувмасми? Албатта, қувар. Турк тилини севамиз, лекин тили қабодир, мусиқаси тотсиздир, таризи қоронғудир, деганларнинг ҳам бир-икки таёқ еб, қувилмоқлари керакдир, лекин, турк тили бахтсиздир.

«Иштирокиюн» рўзномасининг

1919 йил 12 июндаги 32 сони.

Нашрга тайёрловчи: Ҳ. Болтабоев

 
Ёзувчи М.Бузурук. Меҳробдан чаён: мавзуи, синфий туси ва тузулиши жиҳатидан текширилмишдир (1929)
13.03.2014 23:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

I. Рўмончилиқда таржима

Асрий адабиётға янгидан кира бошлағон халқлар адабиётнинг рўмон қисмини таржима билан очқонлар. Яъни қайу бир халқнинг адабиётида яхши рўмон бўлса, уни таржима билан халқни ва ёзувчиларни у йўлга ўргата борғонлар. Сўнгра-сўнгра ундай рўмонларнинг тақлидини ўз ҳаётлариға уйдириб чиқора борғонлар.
Ўзбеклар билан ҳаёт шериги ва маданият ўртоғи бўлғон рус адабиётида бу кайфият ўн еттинчи асрнинг ярмидан бошлаб ўн тўққузинчи асрнинг авваларигача — Пушкиннинг “Руслан ва Лудмила” номли асари чиққанча(1821)ға қадар давом эткан. Бу замонғача рус адабиёти Ёврупо адабиётини таржима ва тақлидлар билан бу кунги оламшумул вазиятга ҳозирлик кўрган.

II. Ўзбек адабиётида рўмон

Ўзбек янги адабиётининг ҳали юртмачоқ ҳолда бўлғонини айтишка ҳам ҳожат йўқ. Айниқса, рўмончиликда ҳеч бир турли ҳозирлиғи ва тажрибаси йўқдур. Ўзбек адабиётининг рўмон жиҳатида таржимачилик ҳам сўнг замонғача бошланмағон эди. Ярим асрдан ошиқ русларнинг руҳли ва аслий адабиётлари билан ёнма-ён яшағонимиз ҳолда у адабиётдан ўзбек тилига ҳеч рўмон ўтмаган. У чексиз файз, ирфон денгизидан баҳра олмоқ учун йўл очилмағон.
Сўнг замонғача ўзбек адабиётида рўмон номиға “Баҳордониш”, “Юсуф-Зулайхо” ва бошқалар каби ишқий, дин, қаҳрамонлик, вафокорлиқларниғина ғоя қилғон хаёлий эски асарлардан бошқа бир нарса йўқ эди. Унинг каби асарлар ўз даврларига кўра бирор рўмон бўлсалар-да, ҳозирғи замоннинг эҳтиёжиға ярарлик қобилиятлари ҳеч йўқ бўлиши билан баробар, зарарлик ҳам эдилар. Демак, ўзбек янги адабиёти табиатини тасвир қилувчи асрий рўмончиликда ҳеч ҳозирлиқ ва ҳеч тажриба ўткармаган эди. Ўзбек адабий вазияти бу даражада бўлғон замонда Жулқунбойнинг оригинал бўлғон “Ўткан кунлар” рўмони чиқмишди. Орадан беш-олти йил ўткандан кейин “Меҳробдан чаён” рўмони-да тарқалди.
“Меҳробдан чаён” ёлғуз Жулқунбойнинг иккинчи асари эмас, балки ўзбек янги адабиёти учун ҳам иккинчи рўмон эди. Ҳамза Ҳакимзоданинг “Миллий рўмон” номли кичик бир асари бўлса-да, унга бу кунги рўмончилиқ шароитида рўмон демак тўғри бўлмасди. Янги рўмон ва ҳикояларға муштоқ-чанқоғ бўлғон давримизда “Ўткан кунлар”и билан танилғон Жулқунбойнинг “Меҳробдан чаён”и жуда ҳам шошилиб кутилар эди ва жуда аҳамият билан қаршуланғони-да кўрилди. Бу ҳол бир даража табиий ҳам эди. Чунки биринчи асарида анча муваффаққият кўрсаткан Жулқунбойдан бир неча йил сўнгра чиқодиғон асарининг яна ҳам комил ва гўзал бўлиши керак эди. Локин “Меҳробдан чаён” у истаклар-орзуларға жавоб бера олмади. Унинг “Ўткан кунлар”га нисбатан ҳам анча кучсиз ҳолда чиққанини бошдаёқ айта оламиз.

III. Рўмоннинг хулосаси

Асарни нуқта-нуқта танқид қилишдан бурун унинг бир хулосасини тақдим била ўқувчиларнинг диққатларини яна бир дафъа рўмон устига тортамиз: “Меҳробдан чаён”нинг энг катта ва ёқимли қаҳрамони Анвардур. Ҳамма воқеа унинг атрофида айланади.
Анвар камбағал бир оиланинг ташланди ва кенжа боласи. Кичик бола экан ота ва онасидан етим қолади. Опасининг қарамоғида ўн бир ёшқа етганда поччасининг оғирсиниши сабабидин Солиҳ маҳзум уйига боқинди ва сиғинди бўлиб киради.
Солиҳ маҳзум каби риёчи, виждонсиз, хоин, хасис, аҳмоқ, лақма бир киши қўлида ва тарбиясида Анвар ахлоқли, виждонли, шоир, ёзувчи, мафкурачи, сахий, яъни жуда ҳам комил бир киши бўлиб етиша боради(?).
Ахлоқли ва яхши маълумотли бўлиш соясида Худоёрхоннинг бош мирзоси Ражаббек Мирзоға ёқади. Ражаббек воситаси билан ўрда мирзоларидан бўлиб олади. Вазифасида содиқлиғи ва холислиғи хонға ҳам ёқади. Ражаббекдан сўнгра бош мирзолиқ Анварга берилади.
Анвар бош мирзолиқни жуда истиғно ва кўнгилсизлик билан дўстлари ва Солиҳ маҳзумнинг ялиниш ва зўрлашлари билан қабул қилғон бўлади. Анвар бу мансабга: “Бундай булғанч муҳитда ташлашлиқ вазифани ўз устимга олишдан ҳазар қиламен” (47 с.), деярлик даражада кўнгилсиз ва бу сўзни бир ифлос закотчи олдида сўзлайдиган даражада жасур бўлади. (?)
Мирзобоши бўлғондан сўнгра-да эски содда одатини бузмайди, ғурур ва такаллуф асари кўрсатмайди. Ўрда одатича ҳаракат қилмоғи сабабли Ўрда мирзолари қошларида унча менсимагани каби Султонали мирзо каби холис дўсти томонидан ҳам танқидға учрайди.
Анвар бош мирзо бўлғонда ҳам қоронғу қолғон бир сабаб (Раъноға бўлғон ишқ ёки яхшилиққа қилғон вафо?) билан Солиҳ маҳзумнинг таъсири остида туради. Солиҳ маҳзумнинг ифлослиғи ва аҳмоқлиғи ўзига маълум бўлғони ҳолда, унинг далолати билан Абдураҳмон домла каби ўз душмани бўлғон бир кишини била туриб мирзолиққа олади. Сўнгра уни бекор қилиб адоватини қувватлантиради.
Ёшлиқдан бошлаб ўзи билан баробар ўсган Солиҳ маҳзумнинг қизи Раъно билан қаршима-қарши кўнгил боғлашадилар. Бу Раъно ҳам Анвар каби шоир, ахлоқли, маълумотли, закий, жасур бир дилрабо. (Тўғриси, Солиҳ маҳзум каби ифлос бир типнинг тарбиясидан иккинчи дафъа бу дилрабонинг етишиши бир муаммо?) Оила орасида Анвар билан Раъно фотиҳалик саналадилар. Анвар ва Раъно балоғатға етишган бўлсалар-да, оила ичида баробар кўришиб, ўйнашиб, ёлғуз ерларда баробар қолиб юраберадилар(?). Муҳитдаги одат ва қаттиқ таассуб хилофида бўлғон бу ҳаракат ҳеч бир томондан танқид ва қаршулиққа учрамасдан давом этади. Қиз билан йигитнинг бирлашишларига оилада ҳеч бир қаршулиқ йўқ. Балки бирлашишлари истанилади. Локин ошиқ ва маъшуқ тўй-никоҳ масаласини бир фожеани кутган каби ҳеч бир сабабсиз ва иттифоқ билан тааххирга туширадилар. Бу тааххир натижасида Анварнинг ишқ рақиби ва мансаб душмани бўлғон Абдураҳмон домла ва бошқа душманлари бирлашиб қизни хонға олдириш учун фитна очадилар. Бу фитнанинг шакли қоронғу қолмиш бўлса-да, қизнинг хон тарафидан сўралиши ва Солиҳ маҳзумнинг бу ҳолға фахр билан рози бўлиши кўрилади. Қизни хонға узатув замонида ошиқ ва маъшуқ баробар давлат ва мансаблардан кечиб биргалашиб қочадилар.
Бу қочиш билан ўрдадан Анварнинг алоқаси узилади. Тадбир билан Султонали мирзони ўз ерига мирзобоши қилиб кетади. Лекин Анварнинг душманлари Абдураҳмон, Шаҳодат, Калоншоҳ мирзо Султоналига ҳам қарши ишлайдилар. Бу ишларнинг туси қоронғу қолмиш бўлса-да, натижада Султонали мирзонинг Анварга баримта бўлиб қолғони ва охир Анвар ерида ўлумга ҳукм қилинғони кўрилади.
Бу хабарни Анвар сақланғон ерида эшитиб тоқат қилолмайди. Ўзи учун бир дўстнинг қурбон бўлишини истамайди. Ортиқ ишқини, ёрини ва ўзини вафокорлик йўлида фидо қилади, ўзи таслим бўлиб дўстини қутқармоқни мақсад қилиб олади. Ёнида бўлғон ёрини алдағонсимол бир ҳолда бошқа томонға юбориб ўзи хонға таслим бўлади.
Худоёрхон уни ўз олдиға чақириб сўроқ қилади. Анвар хоннинг саволиға бошданоқ маъюсона жавоблар бера бошлайди. Ўлумга чиқорилиб турғон замонда, “Сизда адолат борми? Жаноб?” сўзи билан Худоёрдан адолат тилаб Султонали мирзонинг ўз кўзи олдида озод қилинувини сўрайди ва тиралиб туриб олади. Бу сўздан Худоёр инсофқа келади. Жаллодларни тўқтатиб Султонали мирзони келтиришга буюради. Султонали келтирилгунча Анвар хон олдида тўхтаб қолади. Султоналининг озодлиғини кўргандан сўнгра-да Анвар ўз қўлини боғлатади. Бу замон хоннинг олдидағи домлалардан бири туриб хондан афв сўрайди. Хон қабул қилмайди. Анвар хонға ва мусоҳиблариға таъзим қилғондан сўнгра жаллодлар билан чиқади.
Бозорда халқ орасида жаллоднинг пичоғи Анварнинг бўғзиға борғон чоқда Анвар ўз акаси Қобил томонидан ҳужум билан қутқорилади. Бир неча кун сўнгра Худоёрхон тупроғидан ошиқ ва маъшуқ баробар чиқадилар.

IV. Шартлар


Асрий рўмончилиқда эски “рўмантик” (хаёлий рўмончилик) даврининг асослари битгандур. У даврнинг “идиёлизм”и ерига “реализм ва натурализм” асослари қўйилғондир. Яъни белгили бир ғоя ва мақсад билан турмуш — ҳаётдағи воқеаларнинг бўлғонлари каби тасвир этмак асоси қабул қилинғондур. Бу кун асрий рўмонлар учун қуйидағича асос шартларни кўзда тутмоқ албатта керак саналади:
1. Рўмондағи воқеаларнинг чин ва ҳақиқатга ўхшашлари, воқеаларнинг тусларида сунъийлик ва ғайритабиийликнинг сезилмаслиги.
2. Рўмондағи шахсларнинг ўрнак ва ишларининг яшаб турғон турмушда учрашлари, яъни типларнинг характерларининг зеҳнларга яқин бўлишлари.
3. Руҳий таҳлил ва табиий тасвирларда андоза — ўрталиқ (эътидол) бўлиши, яъни қоронғу бир таҳлил қандай тўғри бўлмаса муболағалиқ тасвир ва таҳлиллар ҳам шундай тўғри бўлмайди.
4. Рўмоннинг мавзуи билан яқин алоқаси бўлмоғон ва ёки бўлса-да рўмонни бўш ерга узайтирадиғон тасвир ва таҳлиллардан сақланмоқ.
5. Воқеаларнинг бошдан-оёққа тўғри тобора куч олаборғон таъсир билан сакта ва аризасиз бориши, воқеаларнинг бир-бирларига боғланиб боришлари.
6. Воқеаларнинг ораларида ёзувчининг ҳеч кўринмаслиги, яъни ёзувчининг ўз тилидан изоҳ, ишорат ва танбеҳлар кўрсатмаслиги.
7. Рўмоннинг умум руҳидан бирор ибрат ва дарснигоҳи сезилиши.
Мавзу баҳсимиз бўлғон ва хулосаси тақдим қилинғон “Меҳробдан чаён” у шартларга мувофиқ тусда ёзилғон комил бир асарми? Ёки камчиликлари борми? Бу саволларға сўнгғи сўзларимиз жавоб ўрнида тизилиб борадилар.

Тузук жиҳатлари

“Меҳробдан чаён” тус ва тузилиш томонидан “янги” рўмон сифатига эга бўла олади. Унинг баъзи мувофиқ ва оригинал жиҳатлари бор: мавзуи халқнинг зеҳниятидан узоқ эмас. Бу ҳол рўмоннинг англашилиқ бўлишиға ёрдам эткан. Тили сучук, адоси тотли ва жумла тузилишлари енгилдур. “Сафо келдингиз, бош устига, алайҳига” каби ўзбекча бўлмағон таъбирлари бўлиш билан баробар, омма тилига анча яқинлашқон бир услуб билан ёзилғон.
“Ҳой етди, ҳуй етди, икки коски тўй кетди” каби омма, халқ мақолларини ўрунлиқ ерларда ёпишдуриб кетиши тақдирға лойиқ жиҳатлардур.
Рўмон қаҳрамонларидан Солиҳ маҳзум, Оғача ойим, аскиялар, қирқ қизлар каби типларни яхши кўрсаткан. Уларнинг типларини табиий демак мумкин.

Камчиликлари

“Меҳробдан чаён” унинг каби баъзи яхши кайфиятларга эга бўлмоқ билан баробар, унга бош-оёқ тўкис, тўрт кўз тугал бир рўмон дейиш, албатта, шошилиброқ берилган юзаки бир ҳукм бўлиб қолади. Чунки бу асарга рўмончилиқ шартлари ва усули ва адабиёт қоидалари билан қарағанда анча катта камчиликларни кўрмак мумкин. Зотан, рўмончилиқда таржима ва таржима даври ўткармаган бир муҳитда бирдан-бирга комил бир рўмоннинг чиқуви мушкул бир ишдур.
Бунинг каби асарларнинг усталаридан бетарафона ва холис тусда усул ва қоида айнаклари билан қараб танқидларнинг юрушлари рўмончилик навъининг камол ва тараққийси учун ёрдам қила борадилар. Ва ҳозирда ягона рўмончи бўлиб танилғон истеъдодли ёзувчини огоҳ қилиш керак бўлади. Бунинг билан асарининг иккинчи табъи ва ёки ёзадиғон бошқа асарида ҳозирда кўрилган камчиликларнинг йўқола бориши мумкин. Бизда бу андиша билан “Меҳробдан чаён”да камчилик деб ўйлоғон нуқталаримизни кўрсатиб ўтмакчи бўламиз.

V. Мафкура жиҳати

Ҳозирги кунда ҳар бир асар, хусусан, адабий ва ижтимоий асарларда мафкура жиҳати жуда ҳам зийраклик билан текширилади. Бунинг билан маданиятда орқада қолғон ва фикрий йўлда ўсиб етмаган бир халққа фикрий ташвиш ва бузуқлик берадиган ҳолларға йўл қўймаслиқ учун саъй қилинади. Бу яхши. Асосли ва идиалний бир тадбир.
Локин янги мафкура ва янги йўлнинг руҳ ва моҳиятини англаб ва уни ҳазм қилиб ва унга комил тусда риоя қила бориш учун илмий ва адабий кучлар кифоя қилмай турадилар. Бу йўлда кучланиб ва кучаниб, тақлид билан қилинғон ишлар кўплари муваффақиятли чиқмоғонларини кўрамиз.
Бу кайфиятни “Меҳробдан чаён” асарида ҳам кўрамиз. Асар эгаси рўмонини янги мафкурага хизмат қилдирмоқчи ва унга риоя билан ёзмоқчи бўлғон. У ўз муқаддимасида “...Иккинчи тарафда мазкур қора куч уламо алайҳига чиқиш, меҳнаткаш камбағалларнинг ахлоқ, сажия, оила, турмуш, бир-бирига алоқаси ва самимияти...” каби сўзларни ёзади. Бундан рўмонға синфий бир ранг бермакчи бўлғони кўрилади.
Локин бу хоҳиш ва истак қуруқ даъво ҳолида қолғон. Амалда ўзини кўрсата олмоғон. Ёзувчининг ўзи-да бу ҳолни сезган: “Уларнинг хон ва уламоға қарши исёни табиий — шаърийдур. Чунки ундан ортиғи сохта бўлиши билан баробар китобнинг қадрини туширар эди” дейди. Бу сўз билан ўтмишдаги синфий курашнинг шу даража ва шу зеҳниятдан ошиқча бир кайфиятга эга бўлғонини сўзлаб ўзини маъзур кўрсатмакчи бўлади.
Демак, Жулқунбой асарининг синфий тусда бўлғони ва унга ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган даражада синфий тусни бера олғони даъвосидадур. Ҳақиқатда бўлса асарда синфий тус ҳеч кўринмайди. Ҳатто ўзбек тарихида ва турмушида мавжуд бўлғон қадаринда тасвир қилишға ҳам муваффақият кўрсата олмайди. Мени асарнинг мафкура жиҳатидан баҳс этувга боғлағонда бу сўнгғи нуқта бўлди.
Бу сўзларимизни қуруқ даъво ҳолида қолдирмаслиқ учун “Меҳробдан чаён”нинг ўзига мурожаат қиламиз:
1. Асарнинг марғуб қаҳрамонларидан Сафар бўзчи бор. Бу камбағал типдур. Сафар бўзчи Анварни ёқлаб Абдураҳмон имом ва Самад бўқоқ каби ифлос типлар билан муноқашаларда бўлғонини кўрамиз. Локин у муноқашаларға камбағаллиқ ва руҳонийлиқ кураш рангини бериш мумкин эмас. Чунки Сафар бўзчини ҳамма ҳаракати икки қари бўзнинг Анвар томонидан пора — ришват учун олинмағони атрофида туғилиб туради: “Икки қари бўзни олмағони рост” деб Самад бўқоқ билан ижакилашади, имом билан кекирдак керишади. Агар орадағи курашнинг бош сабаби ва иллати бу бўлса, Сафар бўзчи бошқа бир ифлос кишидан ҳам шундай бир яхшилиқ ва эҳсонни кўрса унга ҳам тарафдор бўлиши мумкин, инсонлик зеҳни Сафар бўзчининг кайфиятидан курашнинг камбағаллиқ ҳисси билан бориши ҳеч бир турлик чиқариб ололмайди. Сафар бўзчининг оғзидан бир-икки ерда Анвар тўғрисида “фуқаропарвар” сифати айтилган бўлса-да, биринчидан, бу сўз ўринсизрак ерда аҳамиятсиз тусдагина айтилади. Асл муноқашанинг кўпинча фазлу камол атрофида айланиб қолиши у икки калима сўзнинг бор аҳамиятини ҳам йўқотиб юборғон. Бунинг билан баробар “фуқаропарвар” сифати бир хон, бир бек, бир улуғ руҳоний ва бир катта бойға ҳам берилиб кетган маълум сифатларнинг биридур. Бу сифат уларнинг ғурур ва кибрларини қитиқлаб ва юқори табақа эканларини сездириб туради.
Тарихимизда бундай сифатларни олғон хонлар ва қанча беклар ва қанча руҳонийларни кўрамиз. Кечалари шаҳарни айланиб учраган муҳтожларга ёрдамлар қилиб юрган подшоҳларни биламиз. Бунинг билан у аристукрат синфи пралетар синфидан бўлиб қоладиларми? Юз марта йўқ. Балки, у кайфият уларнинг яна ҳам уста ва айёр тулки эканларини кўрсатувчи бир кайфиятдур.
Хулоса рўмоннинг қувватли камбағал типи бўлғон Сафар бўзчининг ҳаракатларидан синфий кураш сезгиси берарлик бир кайфият англашилмайди.
Ҳолбуки, Сафар бўзчи тилидан Анварни ёқлашда “ўзи камбағалдан чиққан, қаттиқликларни кўб-кўб кўрган, етимлик ила ўсган, унинг учун бизлар каби камбағалларга кўб қайишади, бизнинг қаттиқ аҳволимизни яхши билгани учун юраги ачийди, бунинг мисолларини унда кўб кўрамиз...” каби ўзбек халқи орасида шуурсизча ва руҳдагина бўлғон исёнларни кўрсатувчи сўзлар сўзласа эди ва энг қувватли иллат ва сабаб бунинг каби сўзлар бўлса эди, албатта, бир даражада бўлсин синфий ҳис берилган бўлар эди. Бу шакл яна ҳам табиий, яна ҳам чуқурроқ сезги берур эди.
2. Абдураҳмон домла (“Меҳробдан чаён” шудур), Шаҳодат муфти, Калоншоҳ мирзолар Анварга қаршу эдилар. Локин қаршулуқнинг боши ва энг кучли иллати “хотун талаш”, мансаб талашдур. Сўнгра мубоҳасада Анварга юклатилган айбнинг ҳамма куч ва қуввати фазлу камол мубоҳасасидур: “Ўрда ичида шунчалиқ оқил ва донолар туриб ётқон бир фурсатда таҳсил кўрмаган нодон бир гўдакка бундай улуғ бир вазифа валлоҳи аълам топширилмас деб ўйлаймен. Бу вазифани уҳда қилмоқ учун кўп гап керак. Аввало аҳли солим, сониян таҳсили том лозим, ваҳоланки, сиз айткан йигит ўткан саналар Солиҳ маҳзумда савод ўқиб биздан ҳижча ўрганиб юрар эди. Баҳарҳол бу хабарға ақл бовар қилмайди” (78-саҳифа). Биз Абдураҳмоннинг бу сўзларидан фазлу камол мубоҳасасидан бошқа нимани англаймиз?
Абдураҳмон домла Солиҳ махзумнинг қизини Анвар олиш эҳтимолиға кўра уни жек кўради. Сўнгра Анвар томонидан мирзоликдан ҳайдалиши у жекни адоватга айлантириб юборади.
Шаҳодат муфти, Калоншох мирзолар Анварнинг ўрниға ўзларини лойиқ кўрадилар, чунки мирзолиқдағина умр ўтказиб келганлар, унинг учун Анварга душманликлари табиий деярлик даражададур.
Мана бу уч мутаффиқ киши Анварга айб ақтарадилар. Топқон айблари ҳам нодонлиқ, таҳсилсизликдир.
Ўртадаги курашнинг бош иллати бунинг каби шахсий адоватлар ва фазлу камол тортишмачоғи бўлса, энди курашнинг икки имом, икки муфти яна аллақандай икки золим ва ифлос ораларида ҳам бўлмоғи жуда мумкин, балки жуда кўбдур.
Бу мақомда бу уч киши томонидан Анварга яна ҳам табиий, Анварнинг ҳолиға зид тушмайдиган, ўрда маросимларига мувофиқроқ бўладиғон ва ўрта халқнинг чиркин ишларига яна аралашадирғон ва айни замонда синфий ҳис берувчи маълум ва машҳур сабаблардан сайлаш керак эди. Масалан: “Анвар пас ва тексиз бир кишидир, чилласи чироқ кўрмаган, назари пастдир. Солиҳ маҳзум каби яна бир паст одам эшигида қаттиқ панжшанба нон еб, кўртик кўриб ўсган бир сиғинди етимдир. Ўрда маросимларига ҳеч лойиқ бўлолмайди. Бундай паст кишини шундай улуғ ўринға ўткариларми? Хусусан, у ўринға мустаҳиқлар ва муносиб кишилар турғонда” каби сўзлар билан айбламак мумкин эди. Бунинг каби маълум сўзлар халқнинг зеҳнига яна ҳам яқин, қулоғиға яна ҳам ошна, айни замонда синфий бир сезги берувга қобилиятли бўлар эдилар ва айни замонда табиий ҳам эдилар. Чунки эскида бир мансаб бериладиган бўлғонда бу мансабга лаёқатни фазлу камолда ақтарилмас эди.
Энг аввал шуҳрат, ижтимоий аҳвол ва насаб суриштирилар эди. Бунинг учун битмас, туганмас интиригалар ўйнанилар эди. Тубан синфдан бирининг фазлу камол ва ахлоқи билан кўтарилиши хонлиқ даврларида йўқ эди. Ҳамда у даврга бу кайфият ярашмас эди.
3. Рўмоннинг улуғ ва севимли қаҳрамонларидан бири Султонали мирзодур. Унинг ижтимоий мавқеи тамом қоронғу қолғон. Унинг ўз сўзидан ҳунарида ихтисоссизрак, катта мансабларга чиқа олишдан умидсизрак, фақат оқ кўнгул, ахлоқли бир киши бўлғони сезилади. Локин Анвар билан бу қадар жонажон, қил ўтмас ва жон фидо дўст бўлиб қолишининг сабаби тамом қоронғу, уни ҳеч бир ердан сезмаймиз.
Ҳолбуки, бу икки дўстнинг мунчалиқ қаттиқ боғланишлариға кучли сабаблар кўрсатиш керак эди. Масалан: “Султоналининг фақир оиладан бўлиши, ўрдадаги асилзода маъмурлар, муфтилар, шоирлар билан яқинлаша олмаслиғи, улар ўз оралариға уни олмаслиқлари, бу ҳоли билан Анвар билан шерик ва бир вазиятда бўлғони...” каби кайфиятларни сабаб қилиб кўрсатиш керак эди. Бунинг билан бир синфга мансуб икки киши иккинчи синф қаршусида бирлашган бўлар эдилар. Бу ҳол ҳам табиий ва воқеийликдан узоққа кетмас эди.
4. Худоёрхон суҳбатида аскиялар-артистлар тамошо берадилар. Улар бекларни, мударрисларни, ўрда аҳлини, ҳатто хоннинг ўзини турлик оғир ва маънидор сўзлар билан масхара қиладилар. Хоннинг энг яқин бир мударрисининг маҳаллийчилик сирини очиб шарманда қиладилар.
Модомики аскиялар бунчалиқ жасорат қила оладилар, уларнинг ўюнларидан яна ҳам маънидор нуқталар олинса бўлмас эдими? Масалан, мударрисни маҳаллийчилик билан ўз шаҳрларини ёқламоқ ва қўлламоқ билан айблайдилар. Мударриснинг бу ҳоли ерида уни синфий бир тусда бўлғон айбини олмоқ лозим эди. Яъни бек ва бой болаларини эркалаб қабул қилиш, ҳадя келтирмаган камбағал болаларини мадрасага қабул қилмайин касб ўрганишга далолат қилиб қайтариш ҳоллари билан айбламак жуда мумкин эди. Бу тус ҳам табиий бўла олади. Чунки хон олдида бундай тамошо берилиб ўтганини у даврни кўрган бир неча кишилардан неча дафъа эшитган эдим.
5. Анварнинг Қобил номлиқ бир акаси пайдо бўлади. Унинг икки адад ишчи йўлдоши ҳам бўлади. Булар ҳам Худоёрнинг феълини ёқтирмайдилар. Локин Худоёрнинг хонлиғини эмас, ёмон хон бўлғонини сўзлаб сўкадилар: “Бу хон эмас, даюс” сўзи ерида “хон ва бекларнинг ҳаммаси шунақа даюс” демайдилар. У қадар сўзни деган Раҳим бу сўзни деялмас эдими? У сўз табиий воқеий бўлади-да, бу сўз ғайритабиий ва ғайривоқеий бўлармиди?
Рўмонда бунинг каби аҳволни яна кўрмак учун йўллар бор. Бу қадар ҳам бир фикр берарлиқ бўлғони уларнинг изоҳидан кўз юмдик.

Хулоса:
“Меҳробдан чаён” ўз муқаддимасида “мумкин қадар синфий бўлишға уринғони”ни билдирса-да, ва табиий бўлғон қадар эскидаги синфий аҳволни кўрсатганини хабар берса-да ҳақиқатда, эски турмушда шуурсиз тусда давом эткан ва бор бўлғон синфий сезгиларни том мавзулари келганда ҳам кўрсата олмайин ўткан. Модомики, рўмон, синфий бўлишқа уринғон албатта ундай нуқталарға эътибор қилмаслиғи улуғ камчиликлардан саналади. Рўмон ёзувчисининг янги мафкурага руҳан таниш ва йўлдош бўлиб етмаганини очиқ изоҳ этади. Қуйида рўмоннинг тузилишидаги камчиликларини кўрсатканда ҳам бу кайфиятка далолат қилурлиқ нуқталарға учрай оламиз.

VI. Тузилиш  хатолари

Рўмончиликда риояси лозим бўлғон шартларнинг бири бу эди: воқеаларнинг орасида ёзувчининг ҳеч кўринмаслиги лозим. Ёзувчининг сўз орасида ўқувчиларға хитоб қилиб ўз тилида сўзлар қўшиши ҳеч тўғри бўлмайди. Асрий рўмончиликда бу кайфият жуда катта айбдур. Рўмон ёзиш усулидан хабарсизлиқ саналади. Ёзувчида бу ҳол “хаёлий рўмончилиқ” замоналаридаёқ тугаб кетган.
“Меҳробдан чаён”да бу кайфият жуда кўб ерда ва жуда очиқ ҳолда кўринади. Улардан бир қисмини ўзича ва бир қисмларини ишоратлар билан қайд этиб ўтамиз:
1. “Мунинг можароси эса қуйидағичадур: Туркистон хонлиғи тарихидан хабардор кишиларга маълумдурки” (саҳифа,8).
2. “Юқорида ўқувчиларға бир даража англашилғон бўлса керакки... ҳар ҳолда бизнинг мундаги вазифамиз маҳзумни таҳлил қилиш эмас балки...” (14-саҳифа).
3. “Шу ергача бир неча саҳифаларни махдумнинг таърифи билан тўлдирдиқ. Эҳтимолки, домланинг ғийбатини ҳам қилдик ва қилармиз...” (19-саҳ.).
4. “Бу ақчалар хусусида кейин сўз бўлади” (21-саҳифа).
5. “Муҳтарам ўқувчини қаҳрамонларимизнинг бир қисми билан таништиришни шу ерда тўхтатаиз...” (26-саҳифа).
Бунинг каби сакта сўзлардан йигирма ерда қайд этканман. Буларнинг ораларида шундай узун ва ўрунсиз тушганлари борки, у ерни ўқуғон вақтда инсон асарни рўмон эмас, жиддий бир асар бўлғонини ўйлаб қолади. Бундай жуда ўрунсиз бўлиб тушкан сакталардан бири-да 95-нчи саҳифададур.
“Меҳробдан чаён” ёзувчиси ўқувчиларға масаланинг англашилмай қолишини андиша қилади. Унинг учун танбеҳ ўрнида шундай изоҳотларни бергиси келади.
Бу шакл қай тусда бўлса-бўлсин, рўмончиликда жуда катта айбдур. Асрий ва реалист рўмонларда ҳукмлар воқеанинг бошиға ҳавола қилиниб қўйиладилар. Ёзувчилар ўз тилларидан ҳеч бир нарсани сўзламайдилар, ўзларини тамом ўртадан чиқарадилар.
Рўмонда бу кайфиятнинг хунуклик даражаси саҳнада туриб ўйин орасида халққа қараб, хато қилиб сўзлаб кетган артистнинг ҳаракатидан ҳам кучли саналади. Бу кайфият ҳунарсизлик аломати саналади. Эски ҳикоя китобларидаги: “Шу ерда ҳодиса..., энди бир шингил сўзни доғулидан эшитинг...” каби сўзларға ўхшағон бу кайфиятнинг янги рўмонларда бўлишлари ҳеч тўғри эмас.

VII. Ғайритабиий жиҳатлари

Рўмондаги воқеаларнинг табиий тусда бўлишлари кераклигини рўмоннинг шартларидан санағон эдик.
“Меҳробдан чаён”да ундай ғайритабиий ҳолларни анчағина учратдик. Бу ҳолни биз рўмоннинг бир неча қаҳрамонларида кўрамиз:
1. Анвар каби “олим, шоир, ахлоқли, виждонли, тарбияли, мафкурачи, жасур” бир киши Солиҳ маҳзум каби “риёчи, мунофиқ, виждонсиз, хасис, аҳмоқ...” бир кишининг тарибиясидан етишади. Яна бу Солиҳ маҳзум тарбиясидан Раъно каби “олима, шоира, виждонли, тарбияли, жасур, озод фикрли” бир қиз ҳам етишади. Бу иккисининг бу тусда комил бўлишлариға ҳеч бир тур турлик бошқа таъсир кўрсатилмайди. Буларнинг тарбияларини “тикондин гул, аридан бол” чиққанини мисол келтириб ғайбий таъсирларгагина боғлағони кўрилади.
Бу ҳол тарбиянинг таъсиридан ва идеянинг идеяга таъсир қилишидан хабарсизлик натижасида туғилғон бир кайфиятдур. Солиҳ маҳзум каби ифлос типдан Анвар ва Раъно каби икки комил шахсларнинг чиқувлариға инонмоқ учун “аътой ғайбий, фазли илоҳий”га инонмоқ ижоб этади. Шу ҳолда Анвар ва Раъно каби комил типларнинг Солиҳ маҳзум тарбиясидан етишишлари тамом ғайритабиий бир ҳолдур.
Бу ғайритабиийликка йўл қўймаслик учун уларнинг тарбияларига бошқа бир таъсир яратиш керак эди ва ёки Солиҳ маҳзумни улар билан савияда баробар, кулфат ва фалокатда шерик бўлғон севикли типлардан қилиб кўрсатиш лозим эди. Зотан, етим Анварни тарбиясига қабул қилиш билан унинг яхшилиги бошланғон эди.
2. Сафар бўзчи асардаги изоҳотнинг ифодасига кўра содда, билимсиз ва лекин тоза кўнгил бир киши. Бундай содда бир кишининг Абдураҳмон имом ҳужрасидаги сир сўзларни олдирув учун ўйноғон рўли тамом ғайритабиийдур. Чунки у рўлни ўйнамоқ учун Сафар бўзчининг катта бир сиёсий ва тажрибада-да бир қўмитачи бўлиши лозим бўлади.
Бу воқеадан кейин ҳам Сафар бўзчининг соддалиқ типида қолиши у ғайритабиийликни яна қувватлаб тушади.
3. Том бир эски оила ва эски одат ва анъаналардан фойдаланиб турғон Солиҳ маҳзум оиласида Анвар билан Раънонинг муносабатлари тамом ғайритабиийдур. Чунки рўмондағи воқеанинг замони замонимиз эмасдур, таассуб анъана ва одатларнинг ҳукм сурган замонидур. У замонда икки етишган йигит ва қиз ўртада никоҳ раво бўлған ҳолда қизнинг қочмасдан юриши, хусусан, уларнинг фотиҳалиқ бўлғонлари маълум бўлғон замонда у кайфиятнинг давом этиши мумкин бўлмағон бир даражададур.
Йигит ва қизни фотиҳалиқ эканлари хорижда маълум бўлмаса, балки Солиҳ маҳзумнинг бу ҳам киши билмас ишларидан биридур демак мумкин эди. Локин бу ҳол ҳар томонда, ҳатто ёш болалар ораларида ҳам маълум. Масалан, Раънонинг укаси “миллатанинг хотини” деб Раънони сўкади.
Шу ҳолда Солиҳ маҳзум ҳеч бўлмаса юртнинг маломатидан андиша қилиб Раънони Анвардан узоқ тутиши лозим бўлар эди. Бу ҳол ўрниға Анвар билан Раъно тамом озода қўйилғон. Кечалари, кундузлари ёлғуз боғ ва ёлғиз ҳовлиларда ёлғиз қолишадилар. Бунга на оила тарафидан ва на маҳалла, қавму-қариндошларнинг таъналари таъсиридан ҳеч монеъ йўқ. Локин ўзлари эскидаги ахлоқ зеҳниятига тамом садоқат кўрсатиб жинси муносабат бошламайдилар. Бизча, бу кайфият эски турмуш шароитига нисбатан тамом ғайритабиийдур.
4. Анвар дўсти Султоналини ўлумдан қутқариш учун ўзи хонға таслим бўлади. У тўғрида ишқ ва ёрни фидо қилади. Бу кайфият бизга ошиқ ва бир даража инқилобчи Анвар эмас, балки эски ҳинд адабиётидаги ва “баҳоридониш” ҳикояларидағи вафони ҳар нарсадан юқори тутғон вафодорни кўрсатади.
“Меҳробдан чаён” севимли қаҳрамони учун бу тусдаги вафокор муносиб эмасди. Балки ўзи хонға таслим бўлғонда дўсти билан баробар қурбон бўлишини тушунган, ўз акаси Қобилнинг таклифини қабул қилиб дўстини тадбир билан қутқариш йўлини ўйлаган, бул бўлмағон тақдирда интиқом учун фурсат кутган инқилобий фидокор керак эди. Ўзини пичоқ остидан қутқарғунча ўзи ҳам бошқалар билан баробар дўстини пичоқ остидан қутқариши ёки бу замон баробар ўлиб кетиши яна ҳам муносиброқ тушар эди.
5. Анвар Худоёрхонға таслим бўлади. Хон уни ўз олдиға ундаб сўроқ қилади. Бу ҳолнинг Анвар тилидан бир неча жумла жонли сўз сўзлатмоқ учун яратилғони сезилиб туради. Бу ҳол бошқачароқ яна ҳам табиийрак тусда бўлиши керак эди. Анварнинг хонға қаршу сўзлаган сўзларида берган жавобларида ва кўрсатган ҳаракатида ҳам табиийлик йўқ. Сунъийлик сезилиб туради.
Худоёр Анварни ўлимга ҳукм қилғон замонда Анвар чексиз бир қувватга эга бир киши эмиш каби ҳокимона бир вазият олади. Хоннинг адолатига мурожаат қилиб Султонали мирзонинг озод қилинишини талаб қилади ва тиралиб туриб олади.
Хон ҳам инсофға келиб Султоналини Анварнинг кўз олдида озод қилдиради.
Бу кайфият золим бир хонға нисбатан тамом ғайритабиийдур. Чунки бу мақомда Худоёрға Султоналини ҳам баробар ўлумга юбориш яна ҳам муносиброқ бўлур эди. Бир хонға ярашадиғон ҳол бу эди. Қўллари қонли бир хон шу замонғина кўзларда жонланар эди.
Бу замон Анварнинг хонға қарши ҳар бир истаганини сўзлаб чиқиши яна ҳам табиийроқ бўлур эди.
Бу нуқталар каби бошқа нуқталарда ҳам диққат қилинса эски турмуш шароитиға нисбатан анча ғайритабиийликлар учрайдилар.

VIII. Сакталар

1. Абдураҳмон домланинг “меҳробдан чаён” бўлиши қийинлиқ билан англашилади. Агар Абдураҳмонға бир-икки ерда “чаён” дейилмаган бўлса эди воқеанинг боришидан ва унинг ўйнағон рўлларидан “чаён” деб қабул қилиш мушкул эди.
Воқеа рўмоннинг аввалида Бухорода қўлдан-қўлға нозу ишва сотиб юрган Абдураҳмон номлиқ бир болани яхшигина таниймиз. Унинг охирида фазлукамолиға мағрур бир домла бўлиб қайтишдағи аҳволини-да яхши англаймиз. Локин Абдураҳмоннинг у аҳволи “меҳробдан чаён” бўлишиға сабаб бўладиғон аҳвол эмасдур. Бунинг билан баробар у аҳвол Абдураҳмоннинг ёшлиқ чоғида бўлади. Рўмон ёзувчининг мўътариза сўзлари қаторида “Таассуфки, бузғон эдилар” дегани каби Абдураҳмон бошқаларнинг адаштиришлари билан у бузуқ маиший йўлга ўргатилган эди. Зоҳирий, жисмоний ва маиший, хусусан, ёшлиқ чоғидағи бузуқ аҳволнинг у шахснинг табиатига ҳар бир жиҳатдан ҳоким бўлиб қолиши ҳеч бўлмағон гап. У аҳволнинг асл табиатга таъсир қилишини ҳеч бир олим ва ҳеч бир фаннинг айтиши у ёқда турсин, ўйламаган-да. Шунчалик борки, агар биз Абдураҳмоннинг сўнгги аҳволини яхши таниғон бўлсақ эди, у аҳвол ҳам бизга ёрдамчи маълумот бўла олардилар.
Локин Абдураҳмоннинг сўнгги фаолияти ва рўли қоронғу тусда қолиб кетади. Унинг тилидан нақл этилган сўзлар фитна ва фасод бўлишдан кўра тадбир ва зако сезгисини берадилар. Айни замонда, унинг ўйнағон рўли Шаҳодат муфти ва Калоншо мирзоларнинг рўлларидан ошиқча бўлмайди.
Бизча, Абдураҳмоннинг қизни хонға хабар бердириш нуқтасини жуда очиқ ва тафсил билан англатилиши керак эди. Солиҳ маҳзум каби иккинчи даражадаги қаҳрамонға бир неча фасл айирган рўмоннинг бу энг керакли нуқтаға-да бир-икки саҳифани бериши керак эди.
Сўнгра Анвар қочқондан сўнгра Султонали мирзони ҳам бадном қилиш учун ариза ва унинг усуллари, мазмуни керакли ва жонли нуқталар эдилар. Улар қоронғу қолиб кетадилар. “Чақангиз сийқа эмасми” учун махсус фасл берган ва Шаҳид закотчи каби воқеада рўли бўлмағон бир кишига узун изоҳот бағишлағон рўмоннинг “Меҳробдан чаён” белгилаш учун ҳам бир неча фасл бермаги керак эди.
Мана, Абдураҳмон каби катта қаҳрамоннинг том фаол бўларлиқ замонидағи қоронғу қолғон ҳоли рўмон учун каттагина сакта ва аризадур.
2. Султонали мирзонинг уйига Анвар Раънони олиб боради. Бундан сўнгра воқеа ҳатланиб кетилади. Бирдан-бирга Султоналини тунқатор ёнида чақимчи ва хоин ҳолда кўрамиз. Бу ҳол шундай бир тусда кўрсатиладики, Султонали Анварга чиндан хиёнат қилғон.
Сўнгра рўмон бу сактани сезади. Айрим бир фасл билан Султоналини оқламоқчи бўлади: “Биз ўтган 51нчи фаслда Анвар билан Раънони Султоналининг дарбозасида қўйиб 52нчи фаслга сакраган эдик. Шунда чала қолғон бир неча аҳволни ҳозир айтиб кечмасак муҳтарам ўқувчиға Султонали масаласи бир оз англашилмай қоладиғон кўринади” бошламаси билан у хатони тузатиб ўтмакчи бўлади. Аввалги туҳматини бу ерда Султонали устида отмоқчи бўлади.
Бу ҳол жуда очиқ сакта ва аризадур. Султоналининг бирдан-бирга хоин тусига ўтиб кетишидан “ногиҳон тушкан тўғондан қаёққа оқарини билмай шошиб қолғон оқин сув” каби зеҳнлар ўз оқим ва интизомларини йўқотиб қўядилар.
Сўнградан қилинғон тузатишда “ҳайтдан кейин сурма” навъидан бўлғон ва келишмаган бир кайфият. Айниқса, уни ёзувчининг ўз тилидан нақл қилинғон тусда англатилиши катта хатоларидандур.

IX. Типлар

1. Рўмонда кўрсатилган типларнинг кўрсатилишлари турли зид ҳоллар ва кучсиз кайфиятларни кўрсатадилар. Солиҳ маҳзум, ўрда қизлари, аскиялардан бошқа типларда камчиликлар жуда кўб. Энг катта қаҳрамон Анвар инқилобчими? Ошиқми, мафкурачими? Ёки ҳар нарсани дўст учун фидо қилувчи “вафокор”ларданми? Белгилаб бўлмайди. Бу сифатларнинг ҳар бирига Анварнинг эга бўлғон нуқталарини турлик ерда кўриб турамиз. Рўмон бу сифатлардан қайси бирини Анварга асосий фикр қилиб бергани қаронғу. Воқеа тўғри келган тусда ўзгариб, аралашиб кетаберади.
Анвар каби фикрли, тадбирли, доно киши учун Солиҳ махзум каби ифлос типнинг доимо таъсири остида бўлмағон бир кайфият. Ундай бир кайфиятни зарур кўрсатувчи бирор нуқта йўқ.
2. Раъно типда йўқ бир нарсадур. Ўзбек эски ҳаётида мунчалик ўзига эга, маъшуқи билан оиласи кўзида ойларча бирга қолиб мумонеъат кўрмаган бир қизни хаёлдағина яратмоқ мумкин. Эски “Баҳоридониш”да ҳам типни мунчалиқ хаёлий қилиб қўймайди.
Сўнгра Раънони мунчалиқ фидокор, вафокор ошиқ билганимиз ҳолда, Анвардан айрилган замонда унинг ҳажрини тараннум қилмайди. Балки Анварнинг фалокат замонида ёнида туриб тасалли бермаганини хотирлаб хафа бўлади. Бу ҳол бизнинг шоира, жасур, яна аллақандай сифатлар билан таниғон Раъномизға ярашмайди.
3. Энг кучли, ёмон ва золим тип қилиб Худоёрхонни жонлантирмоқ лозим эди. Лекин хоннинг шахсияти жуда бузуқ кўрсатилган. Худоёр гоҳ “Онангиз арабми?” деб мирзоларни арабчани кўб ёзғонлари учун итоб қилади. Демак, бунда миллий сезги кўрсатилмакчи бўлинади. Гоҳ русларга қарши кучлик кўринмак учун маданий ишлар кўрувни лозим кўради. Демак, Худоёр мудаббир ватанпарвар бир сиёсий (?).
Гоҳ фазлу камолини тақдир қилиб ўз ўрдасининг маросимлариға риоя қилмайин Анварни мирзобоши қилади. Демак, Худоёр ҳақиқатчи.
Гоҳ Анварни ўлумга ҳукм қилғонда унинг талаби бўйинча инсофқа келиб Султонали каби ноҳақ ерга зиндонға тушган кишини озод қилади. Демак, Худоёр адолатчи. Ва Анварга берилган жазода адолат тақозоси. Ҳоказо...
Рўмон ёзувчиси балки буларни билиб ва шуур билан қилмайди. Унинг мақсади балки Худоёр типини золим ва ифлос қилиб кўрсатмакдур. Буни кўрсатувчи ерлари-да бор. Локин у у кайфиятларнинг ўз мақсадига зид тушишларини англая олмайди.
Бизча, хоннинг типи доимо зулм ва қон билан бўёлғон бўлиши керак эди. Уни доимо қизларнинг олдида, доимо ғафлатда кўрмагимиз керак эди. Анварнинг талаби билан Султоналини инсофқа келиб озод қилиш эмас, балки Султоналини-да қўшиб жаллодға топшириши керак эди. Чунки Худоёр бир дафъа Султоналини бадгумон билан зиндонға солмишди. Анвар уни ёқламоқ билан у гумонни қувватлаб тушган эди. (Зотан, хонға данус қилғон Абдураҳмон ва шериклари бу эҳтимолларни тушинган эдилар. Уларнинг бизга қоронғу қолғон аризаларида албатта уларни айтган бўлишлари керак.)
Шу замондағина қўллари қонли зулм ҳайкали бўлғон бир хонни гавдалантирмак мумкин эди. Шу замондағина бир хон типи яратилғон бўлар эди.
Бунинг каби рўмоннинг кўб типларига синчиклаб қаралса, кўб ярашмағон ва бир-бирига тўғри келмаган ҳоллар кўрилиб турадилар.

X. Таъсири

Рўмоннинг воқеаларида чуқур маъно йўқ. “Ўткан кунлар” рўмонидағича “Тошкент — Фарғона орасида чўл, биёбонларда ёлғуз фироқни тушинган”, “дабдабали қиёфа билан қиз юртининг атрофида висолни ўйлаган”, “фалокат замонида ёрини қуруғлағон” Отабек ҳолидағи чуқур маъноларнинг ишларини биз “Меҳробдан чаён”да кўролмаймиз. “Отасининг ва анъананинг таъсири билан узун замон жудолиқ мотамини тутқон”; “ёрини ўлумдан қутқармоқ учун қалъа беги дарвозаларида азоблар тотқон ва тадбирлар ҳозирлағон” Кумушбибининг кайфиятининг мисолини “Меҳробдан чаён”да учрата олмаймиз.
Анвар билан Раъно доимо висол ичида юрадилар. Никоҳнинг таъхири, айрилишнинг туғилиши ҳеч сабабсиз ва маъносиз суратда туғилғон бир кайфиятдур. Бунинг каби анчагина ҳоллар рўмонда ғиромий кайфиятларнинг бўлмағонларини кўрсатадилар. Ғиромий кайфият эрса рўмон учун лозим эди, шарт эди.

XI. Хулоса

Хулласки: “Меҳробдан чаён” тили, услуби, янги рўмон бўлиши ва ёлғуз-ёлғуз қарағонда баъзи тақдирға лойиқ нуқталарға эгалик эътибори биландур. Сийрак жиҳатларга эга бўлса-да, асл рўмончилиқ шартлари ва усули жиҳатидан қарағонда унинг ҳар бир фаслида ва ҳар бир типида ва ҳар бир воқеасида хато ва камчиликлар кўбдур. Ғоя ва мафкура эътибори билан-да белгили бир йўл тута олмағон. Ўзининг даъвосича, “мумкин қадар синфий бўлиши” масаласи-да қуруқ даъво ҳолида қолғон.
Бу ҳоллар билан баробар мавзуи гўзал ва бир даража ишланғон бўлғониға кўра асослироқ бир тузатиш билан гўзал рўмон бўла олишини айтмак мумкин. (Битди).

Бошқармадан: Мақолани фикр олиш йўли билан босамиз.

“Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил, 1 — 2 апрель.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 16-17-сонларидан олинди.

 
Абдулҳамид Чўлпон. Нутқ (1937)
13.03.2014 23:26    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1937 йил, 7-8 апрель

ЗУҒУМ

РКП(б) МКнинг 1925 йил 18 июндаги «Партиянинг бадиий адабиёт соҳасидаги сиёсати ҳақида» деб чиқарган қароридан кейин, адабиётда пролетариат ғоясининг гегемонлиги ва ёт мафкурага қарши курашнинг кескин қнлиб қўйилиши муносабати билан Фитрат, Чўлпон каби ижодкорлар ҳақида адолатсиз танқидий мақолалар босила бошлади (Айн. «Ўзбек шоирлари». «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси, 1927, 14 февраль; Комил Алиев, «Ақлли жинни». Ўша рўзнома, 1927, 12 октябрь ва бошқалар). Чўлпон бунга жавобан «сўнгги икки-уч йил орасида шоирлик ва ёшлик майллари билан» баъзи бир хатолари бўлганлиги, Москвада ўқиган вақтларида бу хатоларини тушуна бошлагани ва «Ҳақ ҳам ҳақиқатнинг камбағал ва йўқсуллар томонида эканига қаноат ҳосил қилганини (Чўлпон, «Эътироз». «Маориф ва ўқитувчи» ойномаси, 1927, 12-сон) очиқ ёзган бўлса-да, унга бўлган хуружлар сусаймай, аксинча, тобора кучайиб борди (Усмон Ёдгоров, «Ола қарғалар». «Янги Фарғона» рўзномаси, 1930, 27 март; Олтой, «Чўлпончилик кайфиятлари билан курашайлик». «Ёш ленинчи» рўзномаси, 1930, 27 июль...)

Партиянинг 1932 йил 23 апрель қароридан ксйингина адабиётдан суриб қўйилган Абдулла Қодирий, Фитрат, Элбек каби ёзувчилар қатори, Чўлпон ҳам адабиёт майдонига тортила бошлади. Лекин бу ғамхўрликнипг умри унча чўзилмай, 1936 йилдан кейин, яна Чўлпон ва Фитратларни шафқатсиз фош қилувчи мақолалар пайдо бўла бошлади. (Н. Тўрақулов. «Ҳамлет»га туҳмат». «Қизил Ўзбекистон» рўзномаси, 1936, 27 июль; Туйғун, «Душманни битта ҳам қолдирмай фош қиламиз», «Ёш ленинчи» рўзиомаси, 1937, 6 апрель ва бошқалар). Бу дағдағали мақолалар кейинчалик мазкур адибларни ўринсиз туҳмат ва ҳужумларга жавоб қайтаришга мажбур этди. Чўлпоннинг 1937 йилнинг 7—8 апрель кунлари сўзлаган бир нутқи шу жиҳатдан диққатга моликдир.

Унда Чўлпоннинг 20—30 йиллардаги ўз ижтимоий, адабий фаолияти, таржимачилик ишлари, бу соҳада бошдан кечирган қийинчиликлари, уларни англашда мазкур давр адабий танқидининг қўпол камчиликлари, адолатсиз баҳолар, ёшлар тарбиясидаги нуқсонлар, бадиий маҳорат ва услуб сирларини эгаллаш, классиклар меросини ўрганиш ва тўғри тушуниш ҳақидаги муҳим фикрлари ўз аксини топгандир. Ўзбекистон ССР Марказий Давлат архивида сақланаётган бу нутқ ҳали матбуотда эълон қилинмаган. Нутқ машинкада жами 14 саҳифадан иборат. «Стенограмма выступления Чулпана на собрании писателей 7-8 апрель 1937 года», деб қўйилган. Стенограмманинг 1—5-саҳифалари рус тилида бўлиб, қолган 6—14-саҳифалари ўзбек тилида (лотин ёзувида). Муқова очилиши билан, бошланадиган биринчи саҳифадан олдин, Ўзбекистон совет ёзувчилари ноҳия қўмитаси (Сталин кўчаси, 25-уй) томонидан Чўлпон номига 1937 йилнинг 6 апрелида юборилган махсус хат ёпиштирилган. Унда:

«Тов. Чулпан!

При сем препроваждаем стенограмму Вашего выступления на собрании писателей 7-8 апреля и просим проверить и вернуть не позже 25. IV апреля в ССПУз.

Управделами РК ССП Уз», дейилади. Чўлпон русча ва ўзбекча стенограмма матнлари билан танишиб чиққач, 14-саҳифанинг орқасига ўз қўли билан сиёҳда фикрини ёзиб, санасини кўрсатади ва имзо қўяди.

Чўлпон нутқининг русча стенограммаси матнига сиёҳда баъзи жузъий таҳрирлар киритган бўлса-да, ўзбекча нутқ матнига қалам тегизмаган. Гарчи адиб айтганидек, ўзбекча матн саводли ва малакали ёзилмаган бўлсада, бизга бирмунча батафсилроқ кўринди. Шу сабабли нашр учун асос қилиб Чўлпоннинг ўзбекча нутқи матнини олиб, ундаги айрим ғализ, мавҳум ўринларни русча матнга солиштириб тўлдирдик. Мутлақо англаб бўлмайдиган ўринларни русчасига солиштириб тўлдирдик ё, бунинг иложи бўлмаганда, ташлаб кетишга тўғри келди. Бошига энаётган қатағон қиличини илғаған улуғ шоиримиз сўзларидаги аччиқ киноя, ўткир истеҳзони зукко ўқувчи англаб олар, деган умиддамиз.

Шерали ТУРДИЕВ,

адабиётшунос

17-смена. Неъматуллина. Келгуси сўз ўртоқ Чўлпонга берилади.

Чўлпон: — Ўртоқлар, мени кечирасизлар, мен ўзимда бўлмаған сабаб билан, доимо бошим оғриқ ҳолатда чиқишга мажбурман. Шунинг учун балки, истаган фикримни гапира олмасман. Мен шу ердаги ўртоқ Берегиннинг айтилган сўзларидаги 3 нарсани ўзимнинг жавобимни бериб кетишим керак. Кейин ўзимнинг айтатурғон сўзларимни айтарман. Ўртоқ Берегин, хатоларимни кўрсатиб бериб, яхши иш қилди, мен шу хатоларни шу мажлисда ўз устимга оламан.

Модомики, биз ўзимизни танқид қилар эканмиз, албатта, мен ҳам ўзимнинг айбларимни бўйнимга олишим керак. Ўз-ўзини танқид қилишни шундай англаш керакки, биз ҳеч қайсимиз хатодан холи эмасмиз. Ким бўлмасин, хато қилмайман, деса бу нотўғри бўлади. Бизнинг бу мажлисларимиз ўзимизда бўлган хатоларни айтиб бериш учун чиқарилган, шунинг учун бор хатоларни айтиб, ўз-ўзимизни танқид қилишимиз керак. Бу ерда бир нарсани айтиш керак. Ёзувчилар ўртасида 2 хил хато тушунишлик бор:

1) мажлис;

2) хусусий гаплашиш.

Биз ҳамма вақт ўзаро ўтирганда, бир-биримизнинг камчиликларимизни кўрсатамиз, айтамиз. Лекин бу ерга чиққан вақтда, ҳаммамизнинг тилимиз тутилади, холос. Мен бу ерда ўтрган ўртоқлар орасида Уйғуннинг гапини жуда яхши тингладим. Ул кўп нарсалар айтди. Лекин шунда ҳам, Уйғуннинг айтмасдан қолдирган нарсалари кўп. Чунки, сўзлаганда айтилган нарсаларни мажлисларда чиққанда ҳам очиб ташлаш керак.

...Ғулом Зафарий ҳусусида айтиб ўтишим керак. Бу одам мени Союз боғига борган вақтда излаб келган. У кишини меникига нима учун келганликлари сабабини тушунтириб бераман. Менда қанд касали бор. Мен ўзимнинг касалимни тузатиш устида, Москвада ва бошқа жойларда тиббий масалаларда бўлдим, шу касалимга ҳеч қайда яхши даво топа олмаганимдан кейин, табиблар шотут ейишни тавсия қилдилар. Мен ўзимни зиёли деб ҳисоблашимга қарамай, шу маслаҳатга ишониб, Зафарийдан шу тутни олиб келишни сўраганман. У мен ухлаб қолганимдан кейин, кеч келиб, менга кирмай Сўфизоданинг олдига кирган...

Эртаси куни мени Сўфизоданикига айтиб чиқишди, биз бу ерда суҳбатлашиб ўтирдик. Шу вақт ўртоқ Шамс бу ишнинг ярамаслигини билдирган. Бунинг танбеҳи тўғри эди. Мана шундан кейин, улар билан учрашмадим. Бу сўздан кейин ўртоқ Шамс чақириб менга танбеҳ қилган. Мен ўзимдаги камчиликларни тугатиш учун, одамларнинг танқидига ва ёрдамига муҳтожман, деб ўртоқ Шамсга шу вақтда айтдим. Бу иккинчи мартаба бўлган ўзини тузатиш масаласи.

Агар бизнинг эски хатоларимизни шу икки-уч кундагина тузатиб одам қиламиз, десангиз ёлғон бўлади. Бизни сиз чақириб, англатиб, жамият ичига олиб кириб тузатингиз. Биз турмушга йўл солганмиз. Лекин бу йўлда камчилик бўлса, сизлар жавобгар. Зафарий масаласи шундан иборат. Буни у вақтда ўртоқ Берегин билгани йўқ...

Иккинчидан цитаталар тўғрисида бир нарса айтдилар, мен буни англамадим, билсам эдим, жавоб қайтарар эдим. Мен классик асарларни кўп ўқийман, форс шоирларининг энг гўзал нарсаларини ёзиб олганман. Шунинг баъзи бир жойларини ўқиб бераман. Агар шу зарарли бўлса, мен буни бўйнимга оламан. Мен Ҳофиз ва бошқа шоирларнинг асарларидан ўқийман.

Энди, энг оғир масала — Чўлпон ўзини кўрсатмади, деган нозик масала.

Москвадан келганимга икки йил бўлди. Бунинг 50 процентини скидка қиласиз. Чунки, мен кўп вақт касал бўламан. Мен ярим одамликдан чиққанман, буни ҳам билиш керак. Мана 2 йил орасида мен нима иш қилдим? «Она»нинг 2 нчи бўлимини таржима қилдим. Бу тўғрида ҳаммадан мақтов эшитаман. Бу ҳам биринчи бўлимча келади. Жуда катта нарса. Ундан кейин Горькийнинг «Егор Буличев»ини, А. С. Пушкиннинг «Дубровский», «Борис Годунов»ини таржима қилдим. «Жўр» деган шеър тўпламимни топширдим. Лоҳутийнинг «Оврупа сафари»ни таржима қилдим. Ундан ташқари, эски шаҳарда чиқатурғон театру газетасига қатнашаман, ундан кейин «Муштум»да ишлайман, агар сизлар шуни ҳам кам десаларингиз, мени халтурага тортган бўласиз. Мен сизлардан тарбия кутаман, халтурага олиб боришни кутмайман. Менинг хатоларим кўп, лекин сизларнинг ташаббусларингиз билан, мен шу хатоларни тузатаман.

Энди мени 21 йилдан берли қандай тарбия қилдиларингиз? Мен ҳозирги кунгача Союзнинг аъзоси эмасман, бунинг сабабини англамайман, ариза берганимга анча вақт бўлди. Бунинг учун менинг асарларимни таҳлил қилиш керак экан, мен келганимдан бир ой кейин «Соз» деган шеърим чиқди. Мен миллатчи бўлсам, қора бўлсам, нима учун шу асарни сўзбошисиз чиқардингиз. Бу ерда сўкиш керак эди, ёшлар Чўлпоннинг асарини бевосита олиб ўқимасдан, восита билан ўқиши керак эди. Мен ўзим бошсўз ёзиб чиқарсам бўлармиди? Бўлмас эди. Нима учун шу милатчининг асари сўзбошисиз чиқди. Ундан кейин менинг романим чнқди. Роман сотилиб ҳам бўлди, ҳозир ҳеч қаерда йўқ. Бу ҳам сўзбошисиз чиқди. Мана шунга ярим йил бўлди, ҳеч қаерда бир оғиз бир нарса йўқ. «Ёш ленинчи»да, бир нарса ўқидим, у ҳам мақтовдан иборат. Мен унга раҳмат айтмайман, чунки менга ҳеч нарса бергани йўқ. Мен Москвадан келгандан кейин, шу асарни Союзда ўқимоқчи бўлдик. Биринчи мажлисда 11 киши, иккинчи маротаба 7 киши, 3-маротаба 4 киши келди. Шунда ҳам раҳбарликдан ҳеч ким бўлгани йўқ. Фақат ўртоқ Ойдин бўлди. Мана бу ҳам эски миллатчини тарбия қилиш. Мен хато қилмасдан, ишлай олмайман. Менинг хатоларимни тузатишларингиз керак. Мен айтдимки, менга фикрларингизни айтиб беринглар, мен буни ўзим тузатиб чиқаман, дедим. Менга яширин мажозларни тузатишни топширди. Мен уни тузатиб чиқдим. Ҳар ҳолда шу роман босилиб чиққандан кейин ҳам шунча замон бўлди. Мана шунинг хусусида бир нарса йўқ. Шунинг учун бир кеча бу тўғрида қолиб, мени яхши танқид қилиш керак эди. Мен ҳам бир кеча қолишга рози турғон эдим, шуни мен ҳозиргача кутаман. Ҳеч нарса бўлмаётир.

19-смена. Неъматуллина.

Энди шеърлар хусусида. Мен қўлимдан келганча шеър ёзиб келаётирман. Бу баъзибир журналларда, баъзи бир газеталарда босилиб келаётибди. Мен такрор айтаман, бу шеърнинг руҳини ўзгартириш тез бўлатурғон процесс эмас, шу қийинчиликни енгиб олиш керак. Бу нарса, масалан, «Соз»да озроқ бўлса, «Жўр»да кўпроқ. «Октябрь инқилобини қарши олганда» тўғрисида ўртоқ Усмонов «дуруст», деди. Лекин босилмасдан ётади. Лекин шу чиққунча сизлар мени сўкиб турасизлар, аммо у чиққандан кейин, бироз масала енгиллик топар, деб ўйлайман (кулги овозлари). Чунки, у кейингида, аввалгига қараганда, хийла ўзгаришлар бор.

Мен Москвадан келганимда, Акмал ака мени қабул қилди. Аайтдики, сиз ҳозир шеърларингизнинг художественной томонини қўйиб, кўпроқ сиёсий томонларга аҳамият беринг деб, шундан кейин сайловларга бағишлаб мен ёзиб олиб борганимда, сиз лирик томонлардан ёзмабсиз, дейишди. Бу қийин бир нарса бўлди. Лекин мен бу қийинчиликларни ҳали ўтаман. Сизнинг танқидингиз, аямаслигингиз орқасида «домулла» деб ул ёғини айтмасдан қўйишингиз орқасида мен тузаламан.

Энди икки оғиз сўз «Ҳамлет» тўғрисида. «Ҳамлет» Лондонда довруғланди. У ҳақда кўп гапирдилар, лекин  ҳеч қаерда таржимоннинг номини эсламадилар. Мен ўзим ҳақимда кўп гапиринглар, деб талаб қилмайман, лекин таржимонни ҳам ранжитяпсизлар, ахир. Кўп  вақтлар ўзим юриб, таржимага фамилиямни қўйинглар, деб юрдим. «Она»нинг таржимасида бўлса, таржимоннинг номини техник редакторнинг фамилияси қаторига қўйишган.

Яна бир нарса устида ўртоқ Берегинга айтаман. «Ҳамлет»ни менга бергандан илгари, бошқа бировга берилган экан, лекин у истамаган экан. Сўнгра «Ҳамлет»нинг таржимасини менга берганлар. Биз уни Уйғур  билан бирга ишладик. Охирида газетага чиқдики, «Ҳамлет»нинг таржимаси Чўлпоннинг ҳеч бир иштирокисиз театрга чиқди, деб тўғри эмасми, Зиё ака (Зиё Саидийга қараб).

Зиё Саидий: — Уйғур билан сиз ўртангизда сўз бўлган.

Чўлпон: — Кейин араб сўзлари устида ҳам гап бўлган, лекин бу ёлғон, мен араб эмасман, мен миллатчи эмасман. Мен арабчани ёмон кўраман, қурсин араб сўзлари (кулги).

«Ҳамлет» театрда қўйилгандан кейин, ҳамма вақт Шекспирнинг асарида таржимоннинг номи чиқмайди. Москвада таржимон хусусида ҳеч бир нарса ёзилмади. Тўғри, менинг тўғримда ёзманглар, лекин ёш ёзувчилар ёзганда, улардаги таржимоннинг номи технический редактор қаторида туради. Охири, ўзларингиз ёзмагандан кейин, мен келиб таржимоннинг номини ёзингиз деб, Зиё Саидийга ялиниб юрдим.

20-смена. 2 нчи мажлис. Стеног, Шораҳмедов.

Мана шу «Ҳамлет» ўйналиб бўлгандан кейин, «Ҳамлет» Ўзбекистонда, Москвада катта муваффақият қозониб турган бир вақтда, ўртоқ Назир Тўрақуловнинг мақоласи пайдо бўлди. Мен русча насрий таржимадан ўгирган бўлсам, у Лозинский таржимасини олиб, таржима ҳеч нарсага ярамайди, деб мени сўкди... Менга эса газетада ўзимни ҳимоя қилишга керакли ўрин бермай, фақат қисқача хатимни босдилар ва ҳатто Союзга жавоб ёзишга ҳам имкон берилмади ...Шундай сўкадики, мени «отбоқар», деб сўкади. Мени «миршаб», деб сўкади. Кейин қарасам, ўртоқ Берегиндан ҳеч бир овоз чиққани йўқ. Ахир, ўртоқ Берегин шу асарнинг редактори эди. Редактор ҳам жавобгарми, йўқми? Мен минг жойга бош урдим, хайрият, Санжар бор экан, топиб, таржиманинг оригинали бошқа эканлигини айтиб берди. Шунинг учун бу ерда редакторларга ҳам «жавобгарлик» деган сўзни тушунтириб қўйиш керак.

Энди, ўртоқлар, ёшлар ижоди хусусида бир нарсани айтмоқчиман. Ҳали ўртоқ Туйғун шундай гапирди. Ўртоқ Туйғун менга бир шеърини берди. Шу тўғрида фикрингизни беринг, мен яқинда бостираман, дейди. Мен ёлғон гапирсам, бу мажлиснинг шаънига келишмас эди. Унинг ижоди бадиий жиҳатдан ииҳоятда паст савияда туради. Агар у вақтда шуни айтиб берсам, у мендан аразлаб қолар эди.

Ўртоқ Туйғун бу ерда, менинг 7 та асарим бор, дейди. Мана, шу ёшларга тарбия бермаслик, ҳали ёш ёзувчилар — энди ёза бошлаган кишиларнинг 7 та асари бостирилади. Ҳолбуки, ёшларга берган вақтда шу ёшлар кўтаратурғон нарса бериш керак. Битта шеър ўйлаб келадими, уни танқид қилмасдан бостира беради. Масалан, биз саноатни қайтадан қурдик. У ерга жуда сложний машиналар келтирилган, уни квалификацияси кўтарилмаган бир рабочийга бериладими?

Шунинг учун шеърни ҳам танлаб, ўйлаб чиқариш керак эди. Мен ўйлайманки, ўртоқ Туйғун асло хафа бўлмайди. Кўпроқ уни тарбия қилиш ўрнига, ҳадеб шеърини нашриётга бериб бостираберган... Шунинг учун бундан кейин ёшларни ҳам текширишимиз, ҳам соз асарларни чиқариш керак. Мана бунда ҳам раҳбарларимизга кўпроқ сўзлашга тўғри келади.

Энди икки оғиз сўз шеър техникаси тўғрисида. Боя Уйғун тарафидан мисолга келтирилган Элбекнинг формалистик тарафларини айтмоқчиман. Биз кўп шоирларнинг шеърини олиб қараган вақтимизда вазн масаласи чатоқ. Ҳатто, Ғ. Ғуломда ҳам вазн масаласида чатоқликлар учрайди, У менга «…» деган шеърини ўқиб берди. Шунда вазнни қаттиқ бузатурғон нарсалар бор. Мен шуни тузатиб чиқинг десам, бу тўпламимни бериб олай, 1937 йилда чиқатурғон тўпламимни хатосиз чиқараман, дейди. Демак, ҳалиги тўплам хато билан кетса мумкин эди. «Бу бўлмайди», десам: «Йўқ, мен буни мана бундай қилиб айтиб бераман», дейди. «Ахир мен ҳам ўқувчиман, мени қийнаманг», дейди. Демак Ғафур Ғуломдек катта бир шоирларимизда ҳам шундай камчиликлар бор, лекин бу ифрот тарафига олиб бормасин.

Мана бундай хиллари ҳам бор (ўқиб беради):

………. тўқиладир,

………. сўкиладир.

«Тўқиладир» «сўкиладир» деганда шеърни ҳар хил иборага солиб беришга мажбур. Шеърда қофия, вазн керак. Лекин руҳи ҳам эсдан чиқарилмасдан бирга бориши керак. Руҳдан ажралган шеър — шеър бўлмайди. Менинг ўзимнинг қийналганим шундан бўлса керак.

2-сўз Машраб хусусида. Бу хусусда яхшн нарса чиқди. Машраб ўша жамиятнинг камчиликларини қаттиқ танқид қилган одам. Шу нарсани ҳозирга қадар ёлғон, деб келганлар. Лекин Машраб ҳаммага тарқалди десак, газетадаги мақолалар билан кифояланиб бўлмайди. Ҳозир Союз ва (...) институт бу нарсага аҳамият бериши керак. Унда «Бухоронинг битта дарвозасини қинғир деганлар кофир бўлади», деган шеър бор. Бу шеър мутавозий. Лекин кўриб туриб, ҳар хил таклифларни тўплаб, кўрсатиб, яхшилаб танқид қилиб, ундан кейингина халқнинг қўлиға берилсин. Бўлмаса, халқ адашиб қолиши мумкин. Бу ёшларга ёмон таъсир қилиши мумкин.

Нашрга тайёрловчи: Ш. Турдиев

ИЗОҲЛАР

Қурбон Берегин (1905, Хева —1938)—Ўша йиллари Узкомпартия МКнинг тарғибот ва маданият бўлими мудири. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви аъзоси бўлган. Таржимон ва публицист. Сталин шахсига сиғиниш даврининг қурбони.

Ғулом Зафарий (1889—1944) — Ўзбек совет драматурги, машҳур «Ҳалима» (1919) номли биринчи миллий мўзикали драма муаллифи. Сталин репрессияси қурбони бўлган.

Ҳусайн Шамс (1903, Қўқон — 1943) — Совет ёзувчиси. 1936 йилдан ЎзССЖ Ёзувчилар уюшмаси котиби бўлиб ишлаган.

Мўмин Усмонов (1904, Қўқон — 1938) — Партия ва давлат арбоби, журналист. 1926—1930 йиллари Москва Шарқ халқлари дорилфунунида ўқиган. 1931—1934 йиллари ЎзК (б) П МК тарғибот ва ташвиқот бўлимининг мудири бўлиб ишлаган. Респрессия қурбони бўлган.

Зиё Саид (1901—1938) — Ўзбек совет драматурги, актёри ва журналисти. Шахсга сиғиниш қурбони бўлган.

Назир Тўрақулов (1892, Қўқон — 1939) — Партия ва давлат арбоби, публицист, таржимон. Шахсга сиғиниш даври қурбони.

Санжар Сиддиқ (Сиддиқов Босит— 1902, Тошкент — 1938) — Машҳур таржимон ва журналист. Сталин шахсига сиғиниш даврининг қурбони.

Туйғун (тахаллуси; асли исми Шукуржон Худойқулов. 1908, Андижон—1979) — Шоир ва драматург. 1934—1938 йиллари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишчи муаллифлар билан ишлаш мудири бўлиб ишлаган.

 


47 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин