Саналар
22.12.2024
Баннер
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Шўройи ислом» қарорномаси (1917)
13.03.2014 23:32    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Муҳтарам мусулмонлар!

Ҳозирғи қийматчилиқ ва озиқсизлиқ шул қадар қўрқинчилуқ даражаға бордики, кўп оилалар, фақир ва бечоралар пулга ҳам озуқтополмасдан, кўчаба-кўча саргардон бўлиб, неча кунларғача оч турмоққа мажбурият кўрурлар. Ҳозирда давом этуб турғон даҳшатлиқ уруш, бу йилғи сувсизлиқ ва чогирдка балолари бу ҳолни минбаъд яна қўрқинчлироқ даражаға олиб борадирғонға ўхшаб кўринадур. Туркистон мусулмонларининг съезди мана шул ҳолни эътиборға олинмак орамизда бўлуб турғон баъзи бидъат ва исрофот ишларини, чунончи, тўй, маърака, гап, базм, ялочи, қозоқлар орасидаги улоқ, пойга ва жаноза куни бўладурғон исрофотни билкуллия барҳам бермоқға қарор берди.

«Шўройи исломия»нинг 12 апрелда воқеъ умумий мажлисида Тошканднинг қозилари ва уламолари ҳам бу ишнинг аксарини шариатға хилоф топдилар ва ўз оралариндан бир комиссия сайлаб, тўй ва маъракаларни шул комиссияларға топшурдилар.

Биринчи. Жаноза куни имом ва уламоларға йиртиш ва чопонлар улашмоқ, қариндош-уруғларға қора кийимликлардек нимарсалар бермоқ, йуғучи ва отунларға ижройи хизматларидан зиёда ҳар хил кийимлар бермоқ, отунлар келиб товуш чиқориб ўқимоқ, садр қилмоқ, хотунларға улашиладирғон етти, гул, қовоқоши, қор ёғди, лайлак келди, қовун-тарвуз, йигирма, қирқ, ҳайит, фотиҳа ва йил ошидек халққа ош бериладурғон исрофдир; қозоқлар орасидаги йил оши, пойгалар ва аҳли касабалар тарафидан арвоҳ, пари исми билан бериладурғон ош ва зиёфатларни йўқ қилинди ва булар бадалиға жаноза куни давлатлик кишилар уламо-имомларға пул бериш, хайрот қилмоқлари ҳам юқорида мазкур маърака кунларида маҳалладан уч-тўрт киши чақириб, хатми Қуръон қилдирмоқлари мумкиндир.

Иккинчи. Қиз тўйларида совчигарчилик, патир, кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй, базм ва кеча исрофлари ва юз кўрар, ҳайитларда мол ёйиб, келин кўрмоқ, қиз оши бермоқ ва никоҳ кунларида ялочилар ўйнамоқ, ёр-ёр айтмоқ, хотунларнинг ҳар бириға алоҳида нон ва ошлар тортмоқ, «тўққиз-тўққиз», сандуқларда чуриб кетадурғон гулкўрпа, фалак, кўрпалардек фойдасиз моллар, кўчалардин миёнча кўтариб ёки ароба ва туяларга ғалла ва бошқа хил нарсалар ортиб тўй юбормоқ, қозоқлардаги қалин олмоқ ва шунга ўхшаш исрофот ва бидъатлар билкуллия мамнуъдир. Бунлар ўрниға келин ва куёв тарафлари кийим ва зарурият уй асбоблари тўғрисинда пул ила битишсунлар, ҳам никоҳ куни куёв ўзи ошналари ва маҳалла кишилари бирлан бекарнай, фақат сурнай билан боруб, никоҳ қилурлар ва келин тараф ўз қариндошлари бирлан келинни олиб борурлар. Фақат куёв ила борадурғон кишиларнинг йигирма-қирқ кишидан ошмаслиғи лозимдур. Чорлари ҳам мартаба куни бўлиб, куёв ила бирга борадурғон кишилардин келин ила борадурғон хотунлар ҳам ўн кишидан ортуқ бўлмасун. Чорлари фақат таом емоқ учунгина бўлиб, тугиб олиб кетмоқлари ва яна бешик тўйи, чиллагаризонлар бутунлай йўқолиб битсунлар.

Учинчи. Ўғил тўйида атрофдаги маҳаллалардан одамлар чақируб, ош бермоқ, улоқ бермоқ, хотун оши бермоқ, хатна қилинадурғон болаларға наша ва ҳам кўчаба-кўча саргардон қилиб, оқча йиғмоқ ва шунларға ўхшағон исрофлар билкуллия мамнуъдир. Фақат давлатлик кишилар уламо ва имомларни чақируб, кичикроқ бир мавлуд мажлиси ясаб ва фақир кишилар маҳалладан уч-тўрт кишинигина чақируб, ўғилларини хатна қилдирурлар.

«Шўройи исломия» давлатлик кишилардин илтимос қиладурки, мавлуд мажлисини ҳам кўб катта юбормасдан, мумкин қадар қасди риоя қилсалар (тежаб сарф қилсалар) ҳам тўйда... пул ва ғалла сарфи маҳаллаларидағи оч ва яланғоч, бева-бечораларға, мактаб ва мадраса ва «Жамияти хайрия»ларға берсалар.

Ушбу тартибға мухолифат қилғон кишиларнинг маърака ва тўйлари тўхтамли ва айбнома (протокол) ёзуб, қозиларға топшурмоқ ва шаҳар бошлуқлариға ҳавола қилинади. Бундай кишиларға иттифоқи муслиминни бу ким омилини ва шаръан ҳаром бўлғон исрофгарчилиғини белги учун муҳтарам қозилар шариатға мувофиқ қаттиғ жазоға мустаҳиқ қиладурлар. Муҳтарам маҳалла имомлари ва маҳалла комитетларидин илтимос қиладурки, ушбу эълонномани халққа тушунтириб, халқни ушбу тартибдан чиқмаслигига тарғиб ва ташвиқ қилсалар эди. Чунки жаноби Ҳақ таъолий исроф қилғувчиларни суймас.

«Шўройи ислом» раиси муовини Мунаввар қори

Комиссиялар: Мулло Саид Аҳрорхон маҳзум, Мулло Муродхўжа эшон, Мулло Абдусамеъ қори.

«Нажот» газетаси, 1917 й., 27 апрел

 
Аббосийлар давлати
05.06.2014 23:51    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ислом тарихига умавийлардан кейин қадам қўйган сулола номи “аббосийлар” деб аталади. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб зурриёдларидир. Унга Абул Аббос ас-Саффоҳ асос солган, охирги халифа Мустаъсим бўлган. Аббосийлар ҳижрий 132-656 (милодий 750-1259) йилларда, яҳни беш асрдан зиёд халифалик қилишган. Шиорлари қора байроқ бўлган. Улар даврида халифалик пойтахти Дамашқдан Бағдодга кўчирилган, иқтисод-савдо ва маданий соҳалар гуллаб-яшнаган. Охирги халифани мўғуллар хони Ҳалоку (Хулогу) қатл эттирган. Аббосийлардан машҳурлари Маҳдий (775-785), Ҳорун ар-Рашид (786-809). Маъмун ((813-833), Муҳтасим (833-842) лардир. Аббосий халифалар (тахтга ўтирган йили билан) қуйидагилар: Саффоҳ – ҳижрий 132/ милодий 750. Мансур – ҳижрий 136/ милодий 754. Маҳдий – ҳижрий 158/ милодий 775. Ҳодий – ҳижрий 169/ милодий 785. Ҳорун ар-Рашид – ҳижрий 170/ милодий 786. Амин – ҳижрий 193/милодий 809. Маъмун – ҳижрий 198/ милодий 813. Муътасим – ҳижрий 218/ милодий 833. Восиқ – ҳижрий 227/ милодий 842. Мутаваккил – ҳижрий 232/ милодий 847. Мунтасир – ҳижрий 247/ милодий 861. Мустаҳин – ҳижрий 248/ милодий 862. Муътазз – ҳижрий 252/ милодий 866. Муътадий – ҳижрий 255/ милодий 869. Муътамид – ҳижрий 256/ милодий 870. Муътазид – ҳижрий 279/ милодий 892. Муктафий – ҳижрий 289/ милодий 902 . Муқтадир – ҳижрий 295/ милодий 908. Қоҳир – ҳижрий 320/ милодий 932. Розий – ҳижрий 322/ милодий 934. Муттақий – ҳижрий 329/ милодий 940. Мустакфий – ҳижрий 333/ милодий 944. Мутеҳ – ҳижрий 334/ милодий 946. Тоиҳ – ҳижрий 363/ милодий 974. Қодир – ҳижрий 381/ милодий 991. Қоим – ҳижрий 422/ милодий 1031. Муқтадий – ҳижрий 467/ милодий 1075. Мустазҳир – ҳижрий 487/ милодий 1094. Мустаршид – ҳижрий 512/ милодий 1118. Рашид – ҳижрий 529/ милодий 1135. Муқтафий – ҳижрий 530/ милодий 1136. Мустанжид – ҳижрий 555/ милодий 1160. Мустазиҳ – ҳижрий 566/ милодий 1170. Носир – ҳижрий 575/ милодий 1180. Зоҳир – ҳижрий 622/ милодий 1225. Мустансир – ҳижрий 623/ милодий 1226. Мустаҳсим – ҳижрий 640-656/ милодий 1242-1258.

 
Ислом тарихига доир энг муҳим воқеа-ҳодисалар солномаси
30.05.2014 20:47    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Исломгача бўлган муҳим воқеалар:

Милоддан 2000 йил аввал._Иброҳим алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари даври.

1500 йил аввал. Мисрда Фиръавнлар подшолигининг иккинчи Теб даврида Ҳазрати Мусонинг пайғамбарликлари даври.

1000 йил аввал. Фаластинда Қуддусни бошшаҳар қилган Ҳазрати Довуднинг пайғамбарликлари даври.

700 йил аввал. Ҳиндистонда Браҳма маданияти. Самарқанд шаҳрининг тилга олиниши.

600 йил аввал. Эронда Зардушт исмли бир файласуф томонидан оташпарастлик (мажусийлик) мазҳабининг ўртага қўйилиши.

571 йил аввал. Хитойликларга ўз мазҳабини ўргатган Конфутсийнинг туғилиши.

555 йил аввал. Ҳиндистонда Шақйо Моуни исмли файласуф томонидан Будда деб аталган янги бир мазҳабнинг чиқарилиши.

329 йил аввал. Македонияли Искандарнинг Мовароуннаҳрда (Бақтрия ва Сўғдиёнада) пайдо бўлиши.

200 йил аввал. Тошкент ҳақидаги илк маълумотлар милоддан аввалги иккинчи асрга оид қадимий Хитой қўлёзмаларида тилга олинган.

Милоддан кейинги йилларда бўлиб ўтган асосий воқеалар :

1 йил + Рум императори Август даврида Қуддусда Ҳазрати Исонинг туғилган йили сифатида қабул қилиниши, милодий тақвимнинг бошланиши.

4 йил + Ҳазрати Исонинг ҳақиқий туғилган йили (инглиз тарихчиси Велега кўра).

13 йил + Рум императори Тибарюс замонида насронийларга кўра Ҳазрати Исонинг, Ислом ишончига кўра Исога ўхшатилган Йуданинг Қуддусда хочга михланиши.

395 йил + Буюк Рум империясининг иккига бўлиниши ва Шарқий Рум (Византия) тарихининг бошланиши, 1453 йилда тугаган.

571 йил 20 апрел + Маккада ҳошимийлар маҳалласида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилишлари (12-робиъул-аввал, душанба куни)

577 йил + Пайғамбаримизнинг оналари билан Мадинага бориб, ота қабрини ва тоғаларини зиёрат қилишлари ҳамда қайтишда Абво қишлоғида оналарининг вафоти.

579 йил + Пайғамбар алайҳиссаломни тарбиялаётган боболари Абдулмутталибнинг вафоти ва у зот амакилари Абу Толиб кафолатига ўтишлари.

583 йил + Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан Шомга тижорат карвонида кетишлари ва Бусро шаҳрида насроний руҳонийи Буҳайронинг кутилаётган пайғамбар шу бола эканини сезиши.

591 йил + Муҳаммад алайҳиссаломнинг Канона ва Қайс қабилалари ўртасида тўрт йил давом этган Фужжор ҳарбида бетараф қолишлари ва Ҳилфул-Фузул сулҳида иштирок этишлари.

595 йил + Пайғамбаримизнинг Ҳазрати Хадичанинг қули Майсара билан Шомга тижорат сафари қилишлари.

596 йил + Муҳаммад алайҳиссаломнинг Макканинг баобрў аёлларидан Хадича бинти Ҳувайлид билан оила қуришлари.

606 йил + Пайғамбаримизнинг Каъбани қайта қуришда қатнашишлари.

Биъсод - пайғамбарлик даврининг асосий воқеалари:

610 йил (пайғамбарликнинг биринчи йили Рамазон ойида) + Пайғамбаримизнинг қирқ ёшларида Хиро (Нур) тоғида илк ваҳийнинг келиши ҳамда у зотнинг Маккадаги пайғамбарлик даврларининг бошланиши, энг яқинларини Исломга даъват қилишлари ва Ҳазрати Хадича, Али, Зайд ва Абу Бакрларнинг мусулмон бўлишлари. Византияда эса Ҳирақл сулоласининг бошланиши (717 йилда тугаган).

613 йил (пайғамбарликнинг тўртинчи йили) + уч йиллик яширинча даъватдан сўнг Сафо тепалигига чиқиб Исломга очиқ даъватнинг бошланиши.

614 йил (пайғамбарликнинг бешинчи йили) + Макка мушрикларининг тазйиқи туфайли бир гуруҳ мусулмонларнинг Ҳабашистонга биринчи ҳижрати.

615 йил (пайғамбарликнинг олтинчи йили) + Ҳазрати Ҳамза ва Ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишлари. Мусулмонлар иккинчи гуруҳининг Ҳабашистонга ҳижрати.

616 йил (пайғамбарликнинг еттинчи йили) + Қурайшийларнинг Ҳошимийлар билан муносабатларни узиши ва уларга қарши қамал эълон қилиши

618 йил (пайғамбарликнинг тўққизинчи йили) + қурайшийлар томонидан уч йиллик қамалнинг бекор қилиниши.

619 йил (пайғамбарликнинг ўнинчи йили) + Ҳазрати Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари, бу йилни Расулуллоҳ «омул ҳузн» (ғам-ғусса йили) деб аташлари. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Савда бинти Замъага уйланишлари. Қурайшнинг Пайғамбаримизга озори кучайиши. Расули акрамнинг тоифликларни Исломга даъват қилиш учун Тоифга боришлари.

620 йил (пайғамбарликнинг ўн биринчи йили) + Пайғамбаримизнинг одамлар кўп тўпланадиган Мино, Арафотда ва машҳур бозорларда қабилаларни ўзларига эргашишга даъват этишлари. Ҳазрати Оиша билан никоҳ ақди қилинишлари. Биринчи Ақоба байъати.

621 йил (пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили) + Расулуллоҳнинг Исро (кўчиш) ва Меърож (кўтарилиш) воқеалари, намознинг фарз қилиниши. Иккинчи Ақоба байъати. Мусъаб ибн Умайрнинг даъват учун Мадинага юборилиши.

Ҳижрий сана бошланганидан кейинги асосий воқеалар:

622 йил (пайғамбарликнинг ўн учинчи йили, биринчи ҳижрий сана) + Сафар ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг эллик уч ёшларида Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари (кўчишлари). Ҳижрий тақвимнинг бошланиши. Абу Айюб Ансорий ҳовлисида Қубо масжиди ва Расулуллоҳ масканлари барпо қилиниши. Қубодан Мадинага кетишдаги Бани Салим юртида илк бор жума намози ва хутба ўқилиши. Масжиди Набавий ва Хонаи саодатнинг қурилиши. Азоннинг жорий қилиниши. Мусулмонларни биродарлаштириш. Урушга изн берилиши. Пайғамбаримизнинг Ҳазрати Оишага уйланишлари. Расулуллоҳнинг эмикдош биродарлари Усмон ибн Маъзуннинг вафоти.

623 йил + ҳижрий 2 йил. Вадон, Бувот, Ушайра ғазотлари. Қибланинг Қуддусдаги Ақсо масжидидан Маккадаги Масжидул-Ҳаромга ўзгартирилиши. Рамазон рўзаси ва закотнинг фарз қилиниши. Исломда илк уруш ҳисобланган Бадр ғазоти (12-Рамазон) нинг зафари. Рамазон ва қурбон Ийд (ҳайит)ларининг расман байрам қилиниши. Яҳудийлар билан сиёсий муносабатлар ўрнатилиши. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Маккада унаштирилган Ҳазрати Оиша билан оила қуришлари. Шаввол ойида Бани Қайнуқоъ ғазотининг бўлиши. Зул-ҳижжа ойида Сувайқ (Талқон) ғазоти. Ҳазрати Алининг Пайғамбаримиз қизлари Фотимаи Заҳро билан никоҳланишлари. Муҳожирлардан илк чақалоқ Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳамда ансорийлардан илк бола Нўъмон ибн Баширнинг туғилиши. Расулуллоҳнинг қизлари ва Ҳазрати Усмоннинг завжалари Руқайянинг вафоти.

624 йил + ҳижрий 3 йил. Рабиъул-аввал ойида Ғатафон ғазотининг бўлиши. Жумадул-аввалнинг 6-кунида Буҳрон ғазоти. Шаввол ойида (милодий 625 йил 27 март) Уҳуд ғазоти ва бу жангда Пайғамбаримиз амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг шаҳид бўлиши. Расулуллоҳнинг Ҳазрати Умарнинг қизлари Ҳафса онамиз, Зайнаб бинти Хузайма ва Ҳазрати Усмоннинг қизлари Умму Кулсумга уйланишлари. Ҳазрати Али ва Фотиманинг тўнғич фарзанди, Пайғамбаримиз набиралари Ҳазрати Ҳасаннинг туғилиши. Яҳудийлар томонидан мусулмонларга қарши душманлик ҳаракатлари бошланиши ва мунофиқларнинг ўртага чиқиши. Ҳамроул-Асад ғазоти.

625 йил + ҳижрий 4 йил. Рожиъ ва Биъри Мауна фожиаларининг содир бўлиши. Бани Назир ғазоти. Хамрнинг ҳаром қилиниши. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Умму Салама онамизга уйланишлари. Шаъбон ойида Ҳазрати Ҳусайннинг туғилишлари.

626 йил + ҳижрий 5 йил. Давматул-Жандал ғазоти. Бани Мустаълиқ ғазоти. Ҳазрати Оишага нисбатан Ифк (туҳмат) ҳодисаси. Таяммумнинг машруъ бўлиши. Пайғамбаримизнинг Зайнаб бинти Жаҳш ҳамда Жувайрия бинти Хорисга уйланишлари. Шаввол ойида Ҳандақ ёки Аҳзоб жанги. Зул-қаъда ойида Бани Қурайза ғазоти.

628 йил + ҳижрий 6 йил. Шартлари оғир кўринса-да Ислом учун зафар ҳозирлаган Ҳудайбия сулҳининг имзоланиши. Шаъбон ойида Мурайсий ғазотининг бўлиши.

628 йил + ҳижрий 7 йил. Муҳаррам ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг Византия, Эрон, Миср, Ҳабашистон, Уммон, Яман, Баҳрайн, Ямома ҳукмдорларига расмий мактуб юборишлари. Ҳайбарнинг фатҳ этилиш жанги. Пайғамбаримизнинг София бинти Ҳуяй ҳамда Умму Ҳабиба бинти Абу Суфёнга уйланишлари. Зотур Риқоъ ғазоти. Зул-қаъда ойида қазо умрасининг адо этилиши. Шу ой охирида Пайғамбаримизнинг Маймуна бинти Ҳорисга уйланишлари.

629-630 йиллар + ҳижрий 8 йил. Жумадул-ула ойида Мута ғазоти. Рамазон ойида Ҳунайн (Ҳавозин) ғазоти. Шу ойда хамр ва ўлимтик сотиш, мутъа (вақтинча) никоҳнинг ҳаром қилиниши. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб вафоти. 10-Рамазон (10 январ) куни Макканинг фатҳ этилиши. Тоиф ғазоти. Жиърона умрасининг адо этилиши. Зулҳижжа ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутоҳҳаралари Ҳазрати Зайнабнинг вафоти ва ўғиллари Иброҳимнинг туғилиши.

630-631 йиллар + ҳижрий 9 йил. Ражаб ойида Табук ғазоти ва қайтишда фитна уяси бўлган Дирор масжидининг ёқиб юборилиши. Шу ойда Ҳабашистон нажошийининг вафоти ва унга ғойибона жаноза ўқилиши. Шаъбон ойида Умму Кулсумнинг вафотлари. Бутун қабилалардан вакиллар келиб мусулмон бўлганларини билдириши ва Исломнинг Арабистон ярим оролига батамом ёйилиши. Рибонинг ҳаром қилиниши. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ амирликларида кишиларнинг ҳаж қилишлари.

632 йил + ҳижрий 10 йил. 8 март куни (зулҳижжа ойининг 9-жумаси) вадо (хайрлашув) ҳажи ва Маккада тўпланган 124 минг кишилик жамоатга Расулуллоҳнинг машҳур Вадо хутбасини қилишлари. Ҳақнинг ғолиб, ботилнинг мағлуб бўлиши. Шу ойда Қуръони карим оятлари нозил бўлишининг тамомланиши. Пайғамбаримиз ўғиллари Иброҳимнинг вафоти. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Бақиъ қабристонида марҳум мўминларга салом йўллаб, шаҳидлар ҳаққига дуо қилишлари.

632 йил майида (ёки 8 июнда), ҳижрий 11 йил Робиъул-аввал ойиинг 2-кунида Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотлари ва Ҳужраи Саодатга дафн этилишлари. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг халифаликка сайланишлари ва «Хулафои рошидин» дейилувчи беш халифа даврининг бошланиши.

633 йил + ҳижрий 12 йил. Расулуллоҳ замонларида тарқоқ ҳолда ёзиб олинган Қуръони карим оятларининг Ҳазрати Абу Бакр халифалиги даврида тўплаб, Мусҳаф ҳолига келтирилиши. Муртадлар ва сохта «пайғамбар»ларнинг тор-мор қилиниши. Шом фатҳи.

634 йил + ҳижрий 13 йил. Икки йилу уч ой халифалик қилган Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг вафотлари. Умар ибн Хаттоб халифалигининг бошланиши. Ажнодайнда византияликлар устидан ғалаба қозонилиши.

635 йил + ҳижрий 14 йил. Дамашқнинг мусулмонлар томонидан фатҳ этилиши.

636 йил + ҳижрий 15 йил. Ислом лашкарларининг Ярмуқ яқинида византияликларни тор-мор қилиши ва Қодисияда форслар билан шиддатли жангларнинг бўлиши.

638 йил + ҳижрий 17 йил. Ҳазрати Умар томонидан Пайғамбаримизнинг Маккадан Мадинага ҳижратлари Ислом оламининг йилбошиси ва ҳижрий тақвимнинг бошланиши деб қабул қилиниши (ҳижрий 1 йилнинг биринчи куни 622 йилнинг 16 июлига тўғри келади). Миср фатҳи ва Форс ўлкасининг мағлубияти.

644 йил +ҳижрий 23 йил. Зулҳижжа ойида ўн йил халифалик қилган Ҳазрати Умарнинг шаҳид этилиши. Усмон ибн Аффон халифалик даврининг бошланиши. Ислом фотиҳларининг Хуросон ва Мовароуннаҳрга юборилиши.

649 йил + ҳижрий 28 йил. Византияга қарши мусулмонларнинг денгиз жанги бошлагани ва Қибрис (Кипр) нинг фатҳ қилиниши.

651 йил + ҳижрий 30 йил. Сўнгги сосоний ҳукмдор Ёздигирднинг ҳалокати ва араб фотиҳларининг Марвни фатҳ этиши.

655 йил + ҳижрий 34 йил. Қуръон нусхаларини Мусҳаф ҳолида кўпайтириб, Ислом ўлкаларига юборилиши.

656 йил + ҳижрий 35 йил. 18-Зулҳижжа куни ўн икки йил халифалик қилган Усмон ибн Аффоннинг шаҳид этилиши. Али ибн Абу Толиб халифалигининг бошланиши.

657 йил + ҳижрий 36 йил. Халифа Ҳазрати Али билан Шом волийи Муовия ибн Абу Суфён ўртасида юз берган Сиффийн ҳамда Ҳакам (ҳижрий 37 йилда) воқеаларидан сўнг икки томонлама сулҳ тузилиб, қонли ички урушларга барҳам берилиши. Ражаб ойида Жамал (туя) воқеасининг содир бўлиши.

661 йил + ҳижрий 40 йил. 17-Рамазон куни беш йил халифалик қилган Али ибн Абу Толибнинг шаҳид этилиши ва халифаликнинг унинг ўғли Ҳазрати Ҳасанга ўтиши. Ҳижрий 41 йил 25-Рабиъул-аввалда Ҳазрати Ҳасаннинг халифаликни Муовияга топшириши, Хулафои рошидин даврининг тугаши ва умавийлар салтанатининг бошланиши.

670 йил + ҳижрий 49 йил. Барбарларга қарши жанг ҳаракатларининг бошланиши ва Уқба ибн Нофиъ томонидан Шимолий Африқонинг фатҳ этилиши.

678 йил + ҳижрий 57 йил. Пайғамбаримизнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша бинти Абу Бакрнинг вафотлари.

680 йил + ҳижрий 59 йил. Карбало яқинида Имом Ҳусайн ибн Алининг шаҳид этилиши (10 октябр)

691 йил + ҳижрий 72 йил. Қуддусда Ҳазрати Умар масжидларининг барпо қилиниши.

699 йил + ҳижрий 80 йил. Ҳанафий мазҳаби бошлиғи Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг Куфада туғилиши (милодий 767 + ҳижрий 150 йилда вафот этган).

707 йил. Мовароуннаҳр (Ўрта Осиё)да Ислом динининг ёйила бошлаши, Қутайба ибн Муслимнинг Мовароуннаҳрга юриши.

711 йил + ҳижрий 93 ёки 99 йил. Моликий мазҳабининг бошлиғи имом Молик ибн Анаснинг Мадинада таваллуди (милодий 795, ҳижрий 179 йилда 84 ёшда вафот этган).

712-713 йиллар + ҳижрий 95 йил. Қутайба ибн Муслимнинг Самарқанд, Шош ва Фарғонани фатҳ этиши.

750 йил + ҳижрий 132 йил. Заб жанги билан умавийлар салтанатининг тугатилиши ва Хуросонда Абу Муслим бошчилигидаги қонли тўқнашувлар билан Ироқда аббосийлар салтанатининг барпо этилиши (милодий 1258 йили йиқилган).

751 йил. Марказий Осиёга юборилган Хитой армиясининг Талас водийида бўлган жангларда қақшатғич мағлубиятга учраши. Хитойликлардан ўрганилган қоғоз ишлаб чиқариш санъатининг самарқандликлардан мусулмон арабларга ўтиши.

756 йил. Умавийларнинг бошқа бир уруғи тарафидан Испанияда Андалусия умавий салтанатининг қурилиши (милодий 1031 йилда парчаланган).

767 йил + ҳижрий 150 йил. Шофеъий мазҳаби бошлиғи Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийнинг таваллуди (вафоти милодий 819, ҳижрий 204 йил).

780 йил + ҳижрий 164 йил. Ҳанбалий мазҳаби бошлиғи Имом Аҳмад ибн Ҳанбал таваллуди (вафоти милодий 855, ҳижрий 241 йил).

786-809 йиллар. Ҳорун ар-Рашид раҳбарлигида умавий салтанатининг ва араб маданиятининг гуллаб-яшнаши.

810-869 йиллар + ҳижрий 194-256 йиллар. Атоқли муҳаддис, “Саҳиҳи Бухорий” муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳаёти.

813-833 йиллар. Умавий халифа Маъмун даврида Ислом илм-фани ва маданиятининг тараққий этиши.

819/820 йиллар. Самарқанд, Шош, Уструшона ва Фарғонада Сомонийлар сулоласи ҳукмронлигининг бошланиши.

821 йил. Тоҳирийлар сулоласига асос солган Тоҳир ибн Ҳусайннинг Мовароуннаҳр ва Хуросон ноиби этиб тайинланиши.

824-892 йиллар. Улуғ муҳаддис олим, “Сунани Термизий” муаллифи Абу Исо ат-Термизий ҳаёти.

847-861 йиллар. Халифа ал-Мутаваккил даврида мўътазила қозисининг ҳайдалиши ва сунний ақидага қайтилиши.

848 йил. Оқ денгизда кемачилик билан шуҳрат топган ағлабийларнинг Италия соҳилларига ёйилиши, яъни Ислом маданиятининг жанубдан Оврупага ўтиши.

873-950 йиллар. Улуғ турк-Ислом қомусий олими Абу Наср Форобий яшаб ўтди (ҳижрий 339 йили Шомда вафот этган). 873 йилда шиаларнинг ўн иккинчи имоми Маҳдийнинг ғойиб бўлиши. Шу йили улуғ араб файласуфи ал-Киндийнинг вафоти.

875-999 йиллар. Бухорода сомонийлар ҳукмронлиги ва маданиятнинг гуллаб-яшнаши.

890 йил. Ироқда мулк умумийлигини ёқлаб чиққан қарматийлар яширин оқимининг пайдо бўлиши (Қарматийлар 930 йили Каъбадан «Ҳажар ул-асвад»ни ўғирлаб кетган).

923 йил. Атоқли муфассир ва муаррих, «Тарихи Табарий» муаллифи ат-Табарийнинг вафоти.

931 йил + ҳижрий 319 йил. Қуртубада Андалус умавий давлатининг энг машҳур ҳукмдори Абдураҳмон Учинчи томонидан дунёга машҳур Мадинат уз-Заҳро саройининг барпо этилиши.

937 йил. Бухорода илк мадраса қурилиши ҳақидаги маълумотларнинг пайдо бўлиши.

944 йил + ҳижрий 333 йил. Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асосчиларидан бири Имом Абу Мансур Мотуридийнинг вафоти.

972 йил + ҳижрий 362 йил. Фотимий ҳукмдорлар томонидан Қоҳира (Миср)да машҳур «Ал-Азҳар» жомеъининг барпо этилиши.

973-1048 йиллар. Улуғ қомусий олим, Ислом оламининг буюк математиги Абу Райҳон Беруний ҳаёти (ҳижрий 440 йилда вафот этган).

980-1037 йиллар. Машҳур қомусий олим, файласуф ва ҳаким, “Шайхур-раис” Абу Али ибн Сино яшаб ўтди (ҳижрий 428 йилда Ҳамадонда вафот этган).

999 йил. Сомонийлар давлатининг парчаланиши ва ҳокимият тепасига қорахонийларнинг келиши (1212 йилда ҳукмронлиги тугатилган).

998-1030 йиллар. Ғазналик Маҳмуд ҳукмдори бўлган ғазнавийлар салтанатининг ҳукмронлиги.

1010 йил. Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга юриши, Ислом динининг Ҳиндистон заминига кира бошлаши.

1029 йил. Турк амирларидан Сабуқтегин ўғли Наср томонидан илк «Носирийя» мадрасаларининг очилиши.

1031 йил. Испаниядаги умавийлар давлатининг қулаши ва халифаликнинг майда давлатларга парчаланиб кетиши.

1040 йил. Эронда буюк Салжуқ турк давлатининг қурилиши ( милодий 1157 йили парчаланган).

1065 йил + ҳижрий 458 йил. Буюк Салжуқ вазири Низомулмулк тарафидан Бағдодда «Низомийя» мадрасаларининг қурилиши.

1071 йил 26 август. Буюк Салжуқ подшоҳи Алп Арслоннинг Малазгирт урушида Византия императори Ромен Дийожен устидан ғалаба қозониши, Онадўлида Туркия салтанатининг бошланиши.

1096 йил. Ислом ва турк олами устига салиб юришлари (хочли урушлар) нинг бошланиши, милодий 1270 йилда тугаган.

1099 йил. Қуддуси шарифнинг салибчилар томонидан босиб олиниши ва уни лотин қироллигига айлантирилиши.

1111 йил + ҳижрий 505 йил. Машҳур Ислом олими ва мутафаккири, «Ҳужжат ул-Ислом» Имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг 55 ёшда Тусда вафоти.

1143 йил + ҳижрий 538 йил. Мовароуннаҳрнинг улуғ олими, «Кашшоф» тафсири муаллифи Абулқосим аз-Замахшарийнинг 71 ёшда Журжонда вафоти.

1175 йил. Салоҳиддин Айюбийни Миср, Фаластин ва Шом ўлкалари султони деб тан олиниши.

1187 йил. Хаттин яқинида Салоҳиддин Айюбийнинг франкларни қақшатғич мағлубиятга учратиб, Қуддусни фатҳ қилиши.

1198 йил + ҳижрий 595 йил. Ислом дунёсининг атоқли файласуфи андалуслик Ибн Рушднинг Марокашда вафоти.

1199-1220 йиллар. Хоразмшоҳ Муҳаммад Иккинчи салтанатининг гуллаб-яшнаши ва таназзулга учраши.

1209 йил + ҳижрий 606 йил. Мовароуннаҳрнинг машҳур олими, «Тафсири Кабир» муаллифи Имом Фахруддин ар-Розийнинг Ҳиротда вафоти.

1219 йил. Мўғулларнинг ҳукмдори Чингизхоннинг Мовароуннаҳрга бостириб келиши ва бир йил ичида Ўтрор, Бухоро ва Самарқандни истило қилиши.

1232 йил + ҳижрий 630 йил. Атоқли Ислом муаррихи Ибн Асирнинг вафоти.

1235 йил. Андалусда 400 йилдан кўпроқ мусулмонларнинг бошшаҳри бўлган Қуртуба (Кордова) нинг насронийлар тарафидан забт этилиши ва Ғарбда испанлар томонидан Ислом маданиятининг йўқ қилиниши.

1250 йил. Испаниянинг Ғарнота (Гренада) шаҳрида мусулмон ҳукмдорлар ва меъморлар томонидан жаҳонда тенги йўқ ал-Ҳамро саройининг тикланиши.

1258 йил. Аббосий халифаларнинг пойтахти Бағдоднинг мўғуллар ҳукмдори Ҳалоку (Хулогу) томонидан босиб олиниши; сўнгги халифа Мустаъсимнинг фожеавий ўлдирилиши, ёзма китобларнинг Дажлага улоқтирилиши ва Шарқда Ислом маданиятининг йиқилиши.

1261 йил. Мисрда турк мамлукларининг ҳукмдори, улуғ сиёсатчи малик Зоҳир Бийбарс ҳимоясида аббосий халифаликнинг такрор бошланиши (милодий 1517 йилда тугатилган).

1273 йил + ҳижрий 672 йил. Атоқли адиб, «Маснавийи маънавий» муаллифи Мавлоно Жалолиддин Румийнинг 69 ёшда Қўнияда вафоти.

1286 йил + ҳижрий 685 йил. Тафсир соҳиби Қози Байзовийнинг Табризда вафоти.

1291 йил + ҳижрий 691 йил. Атоқли форс шоири, «Гулистон» ва «Бўстон» асарлари соҳиби Шайх Саъдийнинг 102 ёшда Шерозда вафоти.

1299 йил. Қўнияда Онадўли Салжуқ подшоҳлигининг мўғуллар томонидан тугатилиши, Усмон Бейнинг мустақилликни эълон қилиши, Усмонли турк салтанатининг бошланиши (милодий 1922 йилда тугатилган).

1307 йил + ҳижрий 707 йил. Ошиқ Юнус номи билан танилган машҳур тасаввуф шоири Юнус Эмронинг вафоти.

1331 йил + ҳижрий 732 йил. Таниқли Ислом муаррихи Абул Фидонинг вафоти.

1337 йил + ҳижрий 738 йил. Туркиянинг машҳур тасаввуф шайхи, яничарлар пири Ҳожи Бектош Валининг вафоти.

1370-1405 йиллар. Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг ҳукмронлиги.

1389 йил + ҳижрий 791 йил. Мовароуннаҳрнинг атоқли олими Саъдуддин Тафтазонийнинг Самарқандда вафоти.

1390 йил. Русияда Москва князлигини истило қилиб турган Олтин Ўрда хонлигининг Амир Темур томонидан парчаланиши, русларнинг бу борада жонланишга йўл очилиши.

1402 йил. Соҳибқирон Амир Темур билан Эдирна подшоҳи Боязид Йилдирим ўртасидаги Анқара жангида Боязиднинг енгилиб, асир олиниши, Онадўлида қурилган «Миллий турк бирлиги»нинг парчаланиши.

1405 йил + ҳижрий 808 йил. Атоқли Ислом муаррихи тунислик Ибн Халдуннинг вафоти.

1413 йил + ҳижрий 816 йил. Араб тилидаги «Қомус» муаллифи Феруз Ободийнинг вафоти.

1417-1425 йиллар. Бухоро ва Самарқандда Мирзо Улуғбек мадрасаларининг барпо этилиши.

1453 йил. Фотиҳ Султон Меҳмет Хоннинг 53 кунли Истанбул жангида ғалабаси ва ўрта аср характеридаги Византия императорлиги ўрнига янги асрга хос Усмонли турк салтанатининг бошланиши (1918 йилда тугатилган).

1491 йил. Испанияда 262 йил давом этган Бани Аҳмар (Андалусия) Ислом давлатининг йиқилиши, давлат маркази Ғарнота (Гренада) да даҳшатли испан зулмларининг бошланиши.

1517 йил. Турк ҳукмдори Султон Салим Ёвуз томонидан Мисрнинг олиниши, сўнг аббосий халифа Учинчи Мутаваккилнинг Аё-Софияда тўпланган турк-араб олимлари ҳузурида халифаликни тарк этиб, уни Султон Салимга бериши, шу тариқа Ислом халифалигининг араблардан туркларга ўтиши (халифалик 1924 йил 3 мартда тугатилган).

1536 йил. Бухородаги Мир Араб мадрасаси қуриб битказилди, 1945 йилдан фаолиятини янгидан бошлаган.

1582 йил. Юлиан тақвимининг хатоси ислоҳ этилиб, папа томонидан Григориан дейилувчи Ғарб тақвимининг жорий қилиниши.

1656 йил + ҳижрий 1067 йил. Атоқли турк олими, «Кашфуз-зунун» асари муаллифи Котиб Чалабий (Ҳожи Мустафо Халифа) вафоти.

1850 йил. Тошкентда 270 та маҳалла, 310 та масжид, 17 та мадраса, 11 та ҳаммом, 15 та карвонсарой, 11 минг ҳовли ва 150 минг аҳоли бўлган.

1864 йил. Чор қўшинларининг Туркистонга юриши ва Авлиёота ва Чимкентнинг эгаллаши.

1865 йил 17 май. Тошкентнинг Чор Россияси қўшинлари томонидан босиб олиниши.

1902 йил. Тошкентдаги мадраса мудири Саидрасул Саидазиз ўғли биринчи ўзбек алифбоси - «Устоди аввал»ни тузди ва у кейинчалик ўн олти марта қайта нашр этилди.

1904 йил + ҳижрий 1322 йил. Жаҳонга машҳур «Қомус ул-аълом» соҳиби Шамсиддин Сомийнинг вафоти.

1943 йил 20 октябр. Тошкентда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон мусулмонлари вакилларининг қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (идораси) нинг ташкил этилиши.

1948 йил. Ўзбекистонда илк марта ҳижрий-қамарий ҳисоб билан мусулмонлар тақвими нашр этилиши.

1968 йил. Қуръони карим нозил бўла бошлаганининг 1400 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан икки хил кўринишдаги Қуръони карим нашр қилиниши.

1968 йил. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қошида беш тилда «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали нашр этила бошлаши, кейинчалик у «Мовароуннаҳр мусулмонлари», «Ўзбекистон мусулмонлари», ҳозирда «Ҳидоят» номи билан чоп этиляпти.

1971 йил. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (маъҳади) ташкил этилиши.

1974 йил. Тошкентда атоқли муҳаддис Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тантана ва анжуманлар бўлиши. 1998 йили эса улуғ олимнинг 1225 йиллик тўйи ўтказилди.

1990 йил, март. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ислом нури» ҳафталик диний-ижтимоий газетаси чоп этила бошлаши.

1992 йил 3 июл. Шу куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида байрам кунлари тўғрисида»ги Қонунига биноан жумладан «Рўза ҳайити» (ийдал-фитр) ва «Қурбон ҳайити» (ийдал адҳа) диний байрамларининг биринчи куни байрам (дам олиш) кунлари этиб белгиланди.

1996 йил. Ўзбекистон Республикасининг Халқаро Ислом Конференсияси Ташкилотига аъзо бўлиши.

1999 йил 7 апрел. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан Тошкент Ислом университетининг ташкил этилиши.

2007 йил. Ислом Конференсияси Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти АЙСЕСКО (ISESCO) Тошкентни Ислом маданияти Умумжаҳон пойтахтларидан бири, деб эълон қилди.

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. Мақбул қурбонлар (1917)
13.03.2014 23:31    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бутун дунёдаги ҳурриятчилар орасида бир сўз бор: «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олуб бўлур». Мана бу жумлалар ҳақиқатга шул қадар мувофиқдурки, ҳазрати Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур. Балки, ҳар замон ва ерда ҳуррият берилмаган, олинган ҳам кўп қон ва қурбонлар баробаринагина олинган. Бизнинг Руссияда ҳам ҳозирги ҳуррият 1772 йил (Пугачёв ихтилоли) дан давом этуб келган тортишувлар, тўкилган қонлар, берилган қурбонлар баробаринагина олинди. Ушбу 145 йил ичинда Русияда ҳуррият учун мингларча олимларнинг баданлари турма ва зиндонларда чуриди. Мингларча файласуфлар қўл ва оёқлари боғланган ҳолда Сибирия саҳроларида умр ўтказдилар. Мингларча доҳийлар азиз ватанларидан айрилиб, чет мамлакатларда қочиб юрмакка мажбур бўлдилар. Мингларча қаҳрамонлар кўкракларин ўққа, бўйинларин дор арқонларина қурбон этдилар. Мингларча гуноҳсиз мазлумлар ва мазлумалар ўзларининг маъсум қонлари ила ер юзини лолазор этдилар. Лекин ҳуррият учун кўрилган шундай жабр ва жафолар, тўкилган қонлар ва берилган қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида шул кунгача қабул бўлмаған тусли ҳуррият йўлида кўрилган бутун плонлар емирилиб келди. Ҳурриятчиларни тутмоқ, қамамоқ, осмоқ, кесмоқ ҳозиргача давом этди.

Бутун Русияда ҳуррият учун қилинган саъй ва ҳаракат, тўкилган қон ва берилган қурбонларга энг оз қўшилғон ва ҳуррият йўлида энг оз зарар кўрган бир миллат бор эса, ул ҳам ёлғиз Туркистон мусулмонлари эди.

Эски ҳукуматнинг 1916 йил 25 июн фармони хоинона ва золимонаси (Туркистонда ҳарбий мардикор олмоқ фармони) Туркистон мусулмонларининг ҳам кўзларин очуб, билмажбур ҳурриятчилар қаторина киритди. Зотан, аввал фармон шундай ҳикматсиз, мантиқсиз ва нодонлик ила берилғон эдики, телеғромни ўқигон ҳар бир киши ҳеч ўйламасдан: «Бу фармон Туркистон мусулмонларини ҳукуматға қарши оёқландуруб, қирмак ва ерларини қочоқларға бермак учун махсус чиқорилғон интибоҳнома», — деб ҳукм қилмоққа мажбур эди. Чунки аввал фармонда на халқни ҳозирламоқ йўллари бор ва на мардикорликни неча ададлиги бор ва на муҳлат бор? Фақат «Фронт орқасидаги хизматлар учун Туркистон, Сибирия ва Қофқоз инонародецларидан 19 дан 31 ёшгача бўлган эр кишиларни чақираман», деган қисқача сўздан иборат бўлган ул фармоннинг ҳозиргача аскарий хизмат хаёлларина ҳам келмаган бир халқ орасида қандай ҳаяжон туғдирмоғи ишлар бошидағи кишиларға, албатта, маълум бўлса керак эди. Тўсатдан чиқарилғон бундай оғир фармон ёлғиз инсонларнигина эмас, ҳайвонларни ҳаракатга, қаршуликка мажбур этмоғи табиий эди. Шуни билиб туриб аввал фармонни истисносиз, шарҳсиз, плонсиз бутун Русияга нашр этдилар. Ҳам амалий суратда халққа ҳеч бир тушунтирмасдан, ишга киришдилар. Ишнинг ҳақиқатини билмоқучун маҳкамаларға борған гуноҳсиз мусулмонларни отдилар, тутдилар, алҳосил, Туркистоннинг золим маъмурлари маълум 1916 йил июл фожиасини қўлдан ясаб майдонға чиқардилар.

Бу фожиада Тошкандда Калкин, Колесников ва Мочаловлар, Жиззахда Ивановлар, Семиречинский вилоятида, билмайман, тағин кимлар шул қадар «қаҳрамонлиқ» кўрсатдиларки, уйдаги хотун-қиз, бешикдаги болалар, ҳеч нарса қўлидан келмайдурғон чол ва кампирлар, тилсиз ҳайвонлар, жонсиз иморатлар ва моллар ҳеч бири истисносиз суратда отилди, кесилди, ёқилди, ёндурилди.

Фақат, баракат берсунга баъзи кишиларнинг саъй-ҳаракатлари соясида Туркистонга генерал Куропаткин, Тевкелев ва Керенскийлар келуб, ишнинг бир оз олдини тўсдилар. Аввалги юқорида исмлари ёзилғон «қаҳрамон»лар шул қадар ғазабға минғон эдиларки, мусулмонларнинг гўштларин кабоб қилиб емак ул «қаҳрамонлар»нинг ошкора ва раъдзабонлари ўлмиш эди. Агарда яна бир ой булар ўз ҳолларина қўйилганда, эҳтимолки, Туркистоннинг кўп шаҳар ва қишлоқлари ҳозирда кишисиз, бўш харобазорлардангина иборат бўлиб қоларди.

Алҳосил, Туркистон мусулмонлари зулм панжасининг остида шул қадар эзилдилар ва ҳуррият, ҳуқуқ йўлида шул қадар кўп қурбон бердиларки, бир-икки ой ичида бошқа миллатларнинг 145 йил ичида берган қурбонларига қувлаб етишдилар.

Мана бу қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида энг мақбул қурбонлар бўлди. Чунки бу шаҳидларнинг отилғон, кесилғон, осилғонда тўкилғон ва мазлумларнинг кўзлариндан оққан ёшлари ҳануз қуримағон, ҳуқуматға қаршулик туҳмат ила зиндонларга солинғон мингларча мусулмонларнинг судлари ҳануз тамом бўлмағон, военний судларнинг адолатсиз ҳукмлари ила осилғон шаҳидларнинг баданлари ҳануз чурумағон эдики, жаноби Ҳақ бу зулм ва истибдодларнинг амирларидан тортиб, маъмурлариғача, шоҳларидан тортиб, қоровуллариғача ер билан яксон қилди.

145 йилдан бери тортишиб келғон ҳуррият қаҳрамонлари ишчилар ва аскарлар ила баробар Туркистон мусулмонларини ҳам онларнинг ваҳшиёна зулм ва жабрларидан қутқариб, Ҳуррият, Мусовот ва Адолат замонлар яна бита кўрди: «мақбул қурбонлар».

«Нажот» газетаси, 1917 йил, 26 март

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Турон» театри очилишида сўзланган нутқ (1914)
13.03.2014 23:31    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

(1914 йил 27 февралда Тошкандда «Колизей» театри биносида «Турон» труппасининг расмий очилиши муносибатила сўзланган нутқ.)

Жамоат!

Сиз ҳурматлуларга тиётр хусусида бир неча сўз айтмакка жасорат қилиб, қаршуларингизга чиқдим. Бу хусусда маним густоҳона ҳаракатимни афу этмаганингизни ожизона рижо қилурман.

Бизни Тошканд шаҳрида бир неча мартаба миллий тиётрлар ўйналган бўлса ҳам, холис Туркистон тилида ҳануз бир тиётр ўйналмағонлиғи барчамизга маълумдир. Шул сабабли баъзи кишиларимиз тиётрға, эҳтимолки, ўйинбозлиқ ёхуд масхарабозлиқ кўзлари ила боқурлар. Ҳолбуки, тиётрнинг асл маъноси ибратхона ёки улуғлар мактаби, деган сўздур. Тиётр сахнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинғон бир уйға ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса, ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўруб ибрат олур. Ва бу саҳнада кўзига ёмон кўрунган паст одатлардин ва бузуқ ахлоқлардин узр қилмоқға ҳаракат қилур. Биноаналайҳ тиётрни бузуқ ахлоқ касалларининг энг ёқимли давосига ўхшатган киши ёлғончи бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Тиётр саҳнасига чиқиб, юзига ун суртиб, бир масхарабоз шаклига киргон зотлар гўёки табиби ҳозиқ мисолиндадурлар. Бунлар аччиқ роман[1]ларни ширин даволари ила халқға едирурлар ва аччиқ насиҳатларни сучук сўзлари ила халқға эшитдурурлар. Биз шу зотларга ва тиётрларга қандай кўз ила боқмоғимиз керак? Муни ўрганмак учун биз ўзимиздан бошқа мутараққий мамлакатларга боқайлик. Мисли устимизга ҳоким бўлуб турғон русларга, туркларга, немисларга, франсузларга, яҳудийларга ва бошқаларга, кўб узоқ кетмайлук, энг яқин қўшниларимиз бўлғон Қофқоз мусулмонлариға. Бундан ўттиз йил муқаддам Қофқоз мусулмонларидин энг аввал чиқиб тиётр китоблари ёзған ва юзига ун суртиб тиётр саҳнасига чиқғон, адиби шаҳид Мирза Фатҳали Охундов жаноблариға халқ қандай кўз ила қаради? Марҳум Охундов халқнинг нуқсонини кўрсатғон, миллат тараққийсиға ва мамлакат ободлиғиға хизмат қилгон, исми ҳар ерда ҳақорат ила зикр қилинурди ва ўзидан ҳар ким нафрат қилурди. Лекин ўттиз йил ўтгандин сўнг марҳум Охундов жанобларининг чеккан машаққатлари ва тортгон заҳматларини миллат ўйлаб, тақдир қилуб, онинг хотираси ва руҳининг шодлиги учун улуғ бир юбилей, яъни дуо мажлиси ясадиларки, ҳозирға қадар бундай улуғ мажлис мусулмонлардин ҳеч бир киши учун ясалғони йўқдур. Марҳум Охундов тутган йўлнинг улуғ фойдалари ҳозирда кўринмакда бошлади. Қофқозиянинг ҳар бир ерида жамияти хайриялар очилуб, аларнинг тиётру шуъбалари ташкил топди, буларнинг энг машҳурлари Бокуда «Нажот жамияти»дурки, бу жамият тиётр воситасила Қофқоз халқининг ахлоқини хийла ислоҳ қилди, ғафлатдин уйғонтирди, тараққий ва маорифга ҳавасларин ортдирди. Ҳозирда тиётр воситасила ҳар йил мингларча ақча жамъ қилур. Юзларча мусулмон фақир ва ожизларга ёрдам берур. Қўлидан келгунча миллатининг номус ва обрўсини ҳифз қилур ва шаҳарнинг атрофида бўлғон қишлоқларда ўттузға яқин мак-таблар очуб, ислом болаларини тарбия ва таълим қилур. Юзларча миллат болаларини тарбия қилуб, ўқитуб, ҳақиқий миллат ва ватан ходимлари этиб майдонға чиқарур.

Модомики, бизим энг яқин қўшниларимиз ва ватандошларимиз ва диндошларимиз бўлғон тоторлар ва Қофқоз мусулмонлари бу тариқа тараққий ва тамаддунга қадам қўйдилар. Ва ёлғиз тиётр воситасила ўз миллат ва ватанларина бунча хизматлар кўрсатдилар. Биз, туркистонликлар на учун онлардин ибрат олмаймиз? На учун ўз тилимизда тиётрлар ясаб, орамизда бўлғон бузуқ одатларни йўқ қилмоқға ҳаракат қилмаймиз? На учун Туркистонда биргина бўлғон жамиятимизни ва фақирликдин инқирозга юз тутган мактаб ва маорифимизни ободлиғига саъй ва кўшиш қилмаймиз?

Бизим Туркистон мамлакати туфроғ, сув ва ҳаво жиҳатидин энг бой мамлакатлардин бўла туруб, на учун ўзумиз бундан фойдалана олмаймиз?

Мана, кетба-кет етган бундай саволларга жавоб бермак учун нодонлиқ ва оламдин хабарсизлик, демакдин бошқа чора йўқдур. Бу нодонлиқ ва дунёдин хабарсизлик балосидан қутулмак учун энг аввал орамизда ҳукм сурган бузуқ одатларнинг бузуқлиғини билмак ва ўрганмак керакдур.

Бас, бизга бу билдурғувчи ва ўргатувчи ёлғиз тиётр саҳнасидур. Сониян онларни тарк қилмак керақдурки, они тарк қилдирувчи яна жамият ва тиётр воситасила очилгон мактаб ва мадарасамиздур. Шул сабабли ҳимматли ёшларимиздан ва ҳимматли бойларимиздан бу тиётрларга фақат ўюн ва масхарабозлик кўзила боқмасдан, миллат ва ахлоқ жиҳатидан энг ибратли бир манзара ва улуғлар учун очилғон фойдали бир мактаб назари ила боқмоқларини ожизона арз ва истирҳом қилурман.

«Туркистон вилоятининг газети», 1914 йил, 2 март

 


45 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин