Саналар
24.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Сарт сўзи мажҳулдур (1915)
13.03.2014 23:48    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ул зоти анвар амири Бухоро ҳазратларининг ҳузури ҳумоюн русча таржимони муҳтарам Баҳромбек қоровулбеги жаноблари: «Биз Туркистон ва Бухоро халқининг турклиги маълум бўлуб туруб... на учун сарт атайдурлар?» — деб мўътабар «Шўро» мажалласининг 1911 йил 16-ададинда савол этиб эдилар. Мазкур мажалланинг 19-ададинда «Ойна» муҳаррири тарафидан «Сарт сўзи мажҳулдур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди.

«Шўро»нинг 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохўжа тарафидан «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди. Мўътабар «Таржумон» муҳаррири муҳтарам Исмоилбек жаноблари «Таржумон»да «сарт» атамоқни дуруст эмаслиги тўғрисинда бир неча дафъа ёзиб эдилар. Сарт ҳақиндаги туркий мақолаларнинг натижасини мўътабар устод Исмоилбек жаноблари тафсили илан Тошканда чиқатургон «Туркестанский курьер» русча жаридасинда ҳам ёзиб нашр қилдуруб эдилар. «Ойна»нинг (?) рақаминда яна ушбу тўғридан жаноб Баҳромбек қоровулбеги сўз қўзғотиб эдилар.

Тотор муаррихи муҳтарам Аҳмад Заки Валидий жанобларининг Самарқандда келганларинда сарт сўзи ҳақинда баъзи муколималар ҳам бўлуб эди. Туркистон ёшларидан ушбу тўғрида бир неча эътироз — «прўтест» номалар ҳам келиб, у жумладан Тошкандникини. «Ойна»да ёзилди. Яна ушбу тўғридан идорада саволлар келган сабабли «Сарт масаласи» ҳақинда қисқалик ила минбаъд ёзилатургон нимарсалар хулоса қилинди. Ва ушбу тўғридан асослик нимарсалар ёзатургон азизлар учун «Ойна» саҳифалари очуқдур.

Энди матлабға келайлук. «Ойна» муҳаррири тарафидан 19-адад «Шўро»да ёзилғон сўзларни мазмуни шул эди: фикри ожизича, туркистонийларнинг сарт аталишини сабаби маълум йўқдур. Бу исм шимол халқи яъни қозоқ ва тотор қардошларимиз тарафидан Туркистоннинг шаҳар халқиға берилган исмдур. Ушбу бобдаги мулоҳазалар шул тариқа хулоса бўлунур:

1) қазоқ ва тоторлар Туркистон халқининг хоҳ турк ва тожик ё араб бўлсун, сарт дерлар;

2) (ўқиб бўлмади);

3) Туркистон жанубидаги Балх, Бадахшон ва Чаҳор-вилоят халқики, аксаран туркча сўйлашурлар ва ўзлари Афғонистон табъасидурлар, туркистонийларни ўзбек дер, Афғонистоннинг афғон, тожик, ўзбекча сўйлайдургон барча халқи туркистонийлариинг ўзбак ва турк дер... Сарт деган сўзни абадан билмайдурлар;

4) Кафкоз, Эрон ва Ҳиндистон халқи сарт калимасини билмайдурлар, фақат туркистоний, турк ё тожик дерлар;

5) туркистонийлар бир-бири ила сўрашганда: «Ўзбекмисан тожик?», «Мулломисан хожа?» — деб сўрайдурлар. Туркистонда саййидларни «хожа» дерлар. Хожасиз араблар-да бордур;

6) Туркистонда машҳур 92 қабила — уруғнинг исми машҳур бўлуб, онинг ичинда «сарт» йўқдур.

Хонлар замонинда жулус ҳангомида бу 92 қабиладан мурраххас ва оқсоқоллар Самарқандда жамланиб янги амири(нг) «хон» кўтариб «жулус» маросимини ижро этардилар. Самарқанд Тахти Темурийсинда жулус этган Бухоро хонларининг энг охиргиси амири ҳозирнинг жадди Музаффархондур. Самарқанд Бухоро ҳукуматининг Маскови эрди.

Амир Музаффар марҳумнинг таърихи жулуси:

Баҳри таърихи жулусаш омад.

Шанбау моҳ раббиус-соний. (1277 ҳижрия.);

Туркча таърих шеърияси:

Шоҳ мулку иқбол ила

Ўлтурди Кўктош устина.

Кўктош амир жаҳонгир Темур Соҳибқирондан қолма тош — бир тахтдурки, Туркистондаги турк элларидан 92 уруғнинг оқсоқол ва баковуллари йиғилиб, янги хонни оқ бир намад — кача устинда ўткузуб, 92 уруғ мураххаслари качани бирдан кўтариб, янги хонни Кўктош тахтина миндурарлар эди. Ва бу ондан эътиборан хон ва амир эълон қилиниб, нақора, карнай қоқилиб чолинарди. Амир ушбу 92 нинг оқсоқоллариға олтун ва хилъат, от ва туғлар бериб, алардан байъат оларди. Ва хон кўтармоқдан аввал 92 нинг оқсоқоллари баъзи бир сўзу одатларни риояти учун амирдан ваъда ва сўз олар эканлар. Бу 92 сўзи ал-он халқ оғзинда мавжуд ва мақоллар ҳукминдадур. «Тўқсон иккини ичинда... деди», «Бу ер 92 ни йиғилган ери, сўзингни билиб сўйла», «Сан бадзот, шажаранг 92 ға етмайдур».

7) «Темурнома» ва амсолий китобларда сарт исми мавжуд (ва) уруғлар ичинда кўрулмайдур;

8) Туркистон шимолиға охирги вақтларда сарт сўзи эшитилиб, аммо Туркистон жануби ва ғарбида халқ оғзинда йўқдурки, Туркистон шимолиға бу сўзни жорий бўлғони қазоқ, тотор ва руслар сабабидандур. Масалан, Тошканда «сарт арбаси», «сарт чойи», «сарт одати»... дейилган ҳолда Самарқандда «мусулмони ароба», «мусулмон шаҳри», «мусулмон одати» дерлар;

9) Бухоро ўлкасинда сарт сўзи мутлоқ йўқ. Халқ ўзбек, тожик, қазоқ, туркман, араб қабилалариға мансуб кишилар бўлуб ва шу исмлар ила аталурлар;

10) Туркистоннинг қаю бир чўл ва тоғ ё маъмур ериндаги 60—70—100 ға киргон кишидан «сарт» сўзи сўралсун, билмайдур. Аммо олчин, барлос, туёқли, қипчоқ, хитой, турк, қавчин, сарой, манғит, қорақалпоқ, минг, юз, қирқ, ўроқли, ойтамғали, қўштамғали, найман, қангли, мўғул ва буларға ўхшаш асомаи қабила, уруғ исмларининг машҳури ва аларнинг туганмас шўъба ва шохаларини баён қилган ҳолда бу «мажҳур сарт»ни аслан тилға олмайдур. Қари кишилар: фалона аслан ўзбек ё тожикдур, дер. Асло сарт демас ва сартни билмас, сарт деган қабиладан бехабардур;

11) сарт сўзини ҳозирги мафҳумидан хабардор туркистонлилар гумон қиладурларки, сарт сўзи туркистоний деган сўзни русча таржимаси бўлса;

12) матбуотдан бохабар Туркистон ўзбек ва ё тожик ва ё арабға «сарт» деб хитоб қилинса, ўзлариға ор ҳис этарлар. Албатта, бир кишини ота-онаси берган исми бўлуб ва они мансуб бўлгон қабила ва уруғи бўлуб туруб, они бошқа бир исм ила чақириб ва номаълум ва ё маълум бир қабила исмини онга тақилса, они хушланмасға ва эътироз қилмоқға ҳақи бўлса керак;

13) Туркистон халқидан ўзини билатургонлари қабила ва уруғига у қадар биноси борки, бошқа қабилаға қиз бермайтурғонлари бордур. Қизни ўзи хоҳлаб теккан бўлса, қабила орасидан ақча жамлаб даъволашиб чиқориб оладурлар. Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтургонларни қул — марқуқ дерлар.

«Шўро» мажалласининг 1911 санадаги 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохожа жаноблари «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзиб эдики, андан минбаъд ёзилатургон моддаларни хулоса қилармиз:

1) ўтган саналарда сарт сўзи ҳақинда руслар орасиға мубоҳаса бўлуб, «Туркестански ведомости» русча — жаридасида ҳар ким ҳар нима ёзиб ва ҳар навъ фаразиётлар жорий қилиниб эди. Қазоқ биродарларимиздан даъво вакили жаноб Шерали Лапин[1] ёзиб эканки, сарт сўзи ҳақорат сўзларидан бўлуб, «сариғ ит»дан ахуз муҳаққақдур. Бу лафзни истеъмол қилмасға керак. Ҳозир Туркистонда жорий турки — ўзбаки шевани «сартски» ёинки «сарт тили» демасдан «ўзбаки тил» деб аталсун;

2) Астрўмуф2 жаноблари «Сартлар» исминда тахми-нан 300 саҳифалик русча бир китоб тасниф қилгандурлар. Ушбу китобға мазкур жаноб Шерали Лапин тара-фидан бир неча эътироз ва баҳслар бўлгандур. Аммо жаноб Астрўмўф, сартлар ким эканлигини исбот қилиб бир жойға қарор берганлари йўқ ва китоблари ҳар нафъ ихтилоф ва фаразиёт ила тўладур;

3) Астрўмўф[2] жанобларини «Сартлар» китобидан ва бошқа бир неча русларни ёзган китобидан маълум бўлурки, Фарғона ва Сирдарё вилоятларининг халқи «сарт» бўлуб, Самарқанд ва Бухоро ўлка — вилоятларининг халқи ўзбек ва тожикдурлар;

(«Ойна»: Аммо тарих ва адабиётдан бехабар рус ва тотора рабта беш вилоят Туркистони Русий ва Бухоро хонлиги халқини(нг) айирмасдан «сарт» дерларки, бир маҳзи асари ғафлат ва бутун ғалати фоҳишдур. Фарғона ва Сирдарё халқининг сартлиғи маълум йўқдур).

4) Гейер[3] жаноблари «Туркистон саёҳатномаси»да ёзадурки: «Сартларни асл ва насаблари масаласиға ҳозиргача уламо тарафидан файсал берилган йўқдур. Аларни насаблариға тейишли ҳар нав баёнотдан сиҳҳатға яқини шулки, Туркистоннинг асл халқи тожик бўлуб, сўнгра турк — ўзбек халқи тасхир қилиб олиб ва бу икки халқни бирлашганидан пайдо бўлган халқларни «сарт» аталиши тахмин ва гумон қилинур;

5) Вамбери жаноблари ёзадурки: «Сартларни Бухоро ва Ҳўқандда тожик атайдурлар. Инчунин жаноб Лазар Будагўфни[4] ва Шайх Сулаймон Бухорий[5] жанобларининг луғатларидан маълум бўлурки, сартлар аҳли форс ва тожик эронийлардан иборат бўлса, ҳолбуки эронийлар форс ва тожикдурлар;

6) Логофет[6] жанобларининг «Бухоро хонлиғи» ном русча китобинда Туркистонда мавжуд турк-ўзбек қабилаларини теъдод этибдурки, «сарт» қабиласи йўқдур;

7) «Шайбонийнома» соҳиби Муҳаммад Солиҳ, Алишер Навоий, Бобурхон, Абулғозихонлар туркдурлар, буларнинг таълифотлариндаги сартлар ким бўлур, ажабо? Албатта, булар Туркистоннинг тамом ўзбек ва турк халқини(нг) ва ўз жинсдошларини(нг) сарт демаганлар. Бунлар эронийларни ва ё бошқа бир тоифани (уруш замонидаги душманларини) мақоми таҳқир ва очиқда сарт деган бўлсалар керакки, «Шайбонийнома»дан шундай билунур;

8) (ўқиб бўлмади);

9) алҳосил, ушбу кун Туркистони Русийнинг беш вилоятини ва Бухоро хонлигининг барча турк ва ўзбек халқини «сарт» демак ва ёзмак инсофсизлик, истибдод-ройъи боиси шубҳа ва тафриқадур, буюк хатодур, вассалом.

Марҳум Бақохожанинг сўзи мунда тамом бўлди.

Юқоридаги ёзилган сўзларға қараганда, маълум бўлурки, сарт сўзи ҳақиқатан номаълум ва сарт аталмиш кишилар ёинки сартлар букунги Туркистони Русий ёинки Турон, Хоразм ва Бухорода абадан йўқдур, балки бир замонлар бор эмишлар-да, қавми табъ ёинки ҳун, ҳамирий, осурий, бобилий... лардек дунёдан бил-кулли сафар этиб, жойларида бошқалар келубдурлар. Тарихға қаралса, букун мусаммаси йўқ кўб исмларға учралурки, сарт исмида Туркистонда «исми бемусамма» ҳукминдадур. Сартликни бутун Туркистони Русий ва Бухоронинг турк, тожик ва арабдан иборат халқиға тоқатурғонлардан далил сўралса, айтатургонлари албатта шундан иборатдурки:

1. «Шайбонийнома», «Бобурнома», Абулғозихон китобларинда баъзи бир туркистонийларни(нг) сарт аталибдур.

2. Оврупонинг баъзи сайёҳлари ёзибдурларки, Туркистонда шаҳар халқини ёинки форс халқини ё тожирни номаълум замонда сарт атардилар.

3. Номуайян бир замонда Дашти Қипчоқ ёинки Хитой ҳудудидан «сарт» исминда бир тоифа келиб, Туркистонға ерлашиб, сўнгра бошқалар тарафидан ютулуб ва бошқа уруғлар ила аталиб кетгандурлар.

Ана, Туркистони Русий ва Бухоро халқиға сартлик исмини тоқатургонларни далили шундан иборатдур. Биз такрор айтармизки, мазкур уч эҳтимолни қайси бири чин бўлган суръатда ҳам нафсул амрда бугун Туронда сарт йўқдур. Ҳамчунонки, бу кун Оврупода ва Озиёда исман «ҳун» йўқдур. Тарих ҳун қавмини сартдан кўра яхши забт этган. Маа фиҳи букун на Оврупо ва (на) Осиёда «ҳун» исмлик уруғ йўқ. Фаразан, сарт қабиласинда бир вақт бор экан, аммо энди сарт уруғи йўқдур. Бу қадар машҳур уруғлар Туркистонда бўлуб ва аталиб туруб, аммо сарт уруғини йўқлиги ва ҳеч бир қабилани «ман сарт» демагани бу кунда сартни йўқлигини ва замонида бўлса-да, мунқариз бўлганини далилидур. Хўб, туронийларни сартлигини даъво этатургонларни далили бўлса, лутфан баён этмоқларини илтимос этармиз. Ва далиллариға қараб, албатта, аҳли қалам муҳокама жорий этарлар. «Сарт» атамоқға ошиқ бўлганлардан баъзан дерларки: «Ҳар ҳолда туркистоний ва бухорийлар охирги замонларда сарт аталиб ва бу исм машҳур бўлубдурки, мунинг тарк этмоғи мумкин йўқдур».

Бу сўз бир неча важҳдан тўғри эмас. Масалан, усули жадидчи ёинки тараққийпарвар ва маданияти ҳозира толибларини Туркистонда баъзан кофир «бобий», Истанбулда «мосун», Эронда ҳоказо «бобий» атабдурлар. Ҳолбуки, «бобий» ва «мосун» бошқа, тараққийпарвар мусулмон бошқадур. Бобий ва мосунлик ила фахр қилатургон номусулмонлар бўлганидек, тараққийпарвар мусулмон бобий ва мосунликни ўзиға нисбат беришни абадан қабул қилмэ6айдур.

Энди маданиятпарвар мусулмонларнинг «бобий», «фарра», «мосун» исмлари баъзи халқ тарафидан бизға берилибдур, деб мусулмон исмини қўюб, ўзини «бобий» ва «фарра мосун» атамоғи ва шул номағруб исмларни ўзиға тоқмағи муносибми? Албатта, йўқ дерсиз. Бас, туронийларнинг ўзиға махсус ва машҳур уруғлари бўлуб туруб, мажҳул бир уруғ исмини ўзлариға тоқмасликлари табиийдур, албатта. Дерларки, сарт демайлук-да, на дейлук? Жавоби ниҳоят осон! Туркистон ўзбеклари, тожиклари, араблари, турклари, руслари, яҳудийлари агарда десаларки, биз Туркистонни турк, араб ва форсийни ташхисдан ожиз ва барчасиға умумий бир исм керак. Бул суратда дермиз. Ундай бўлса тўғри «Туркистонли», «Туркистон мусулмонлари» ёзингиз. Йўқ! Бўлмаса, балки бир аср сўнгра Туркистонда мавжуд яҳудий, рус, турк, тожик ва араблар бир либос ва бир ҳайъатға кирар-да, сиз яна барчасини «сарт» атарсиз.

Тотор муаррихларидан муҳтарам Заки Валидий афанди «сарт» иборати тўғрисинда тақрибан шундай деюр: «Бир замонлар Туркистон халқи сарт бўлганлар. Аммо Чингизлар ва мўғулларни истилоси сабаби-ла исмлари алмашгандур. Самарқанд ва Бухорода сарт йўқ ва ҳам тожик ва араб ва ўзбеклар сарт эмас. Ҳўқанд ва Тошканд халқи сартдур, азбаски, алар уруғини билмайдур ва ҳам алар на турк ва на ўзбек ва на тожик ва арабға ўхшайдур. Сарт исмлик қабила Туронда бўлмаса-да, эски китобларда бор».

Юқоридаги рўзлар мунга жавобдур.

(Бақияси бор)

Маҳмудхўжа

«Ойна» журнали, 1915 йил, 22-, 23-, 25-, 26-сонлар, 314—315-, 338—340-, 386—388-, 478—480-бетлар.



[1] Шерали Лапин — 1917 йилдаги «Шўройи уламо»нинг муассисларидан, сўнг муҳожир. 1895 йилда русча «Ўзбек тили грамматикаси», 1900 йилда «Самарқандда Шоҳизинда» китобларини чоп эттирган.

[2] Машҳур миссионер Н. П. Остроумовнинг 1890—1895 йилдаги босилган «Сарты» китоби кўзда тутилмоқда.

[3] И. И. Гейер — сайёҳ.

[4] Л. З. Будагов (1812—1878) — шарқшунос.

[5] Шайх Сулаймон Бухорий (1821—1880) — луғатшунос.

[6] Д. Н. Логофет — шарқшунос.

 
Ислом душманлари Исломга кирди
11.09.2014 13:23    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ислом дунёси тарихидаги энг ваҳшиёна босқинчиликни мўғуллар қилишган. Ибн Асир айтади: «Бу мусибат шунчалик даҳшатли эдики, бу ҳақда гапиришга узоқ вақт иккиланиб юрдим. Унга ўхшагани тарихда умуман бўлмаган. Одам алайҳиссалом давридан то ҳозирги кунимизгача инсоният бунақасини асло кўрмаган. Яъжуж-Маъжуж босқинини истисно қилганда эҳтимол то қиёматгача бунга ўхшаши бўлмас ҳам. Босқинчилар ҳеч кимни аяб ўтиришмасди, ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб ташлар, болаларни бачадонида ўлдиришар эди. Бу умумжаҳон миқёсидаги фожиа эди» («Ал-Комил»дан).

Батафсил ... Янгиланди ( 11.09.2014 13:25 )
 
Чўлпон (1897- 1938)
12.02.2014 08:07    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди»

Чўлпон XX аср ўзбек шеъриятининг энг йирик вакили. У ўткир шеърияти, юксак таржималари, кучли драмалари, мумтоз романи ва куюнчаклик билан ёзилган публицистик мақолалари ҳамда жанговар ижтимой фаолияти билан ўзбек адабиёти, ўзбек маданияти ва ўзбек миллий тафаккури ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Адабиётга маърифатпарвар сифатида кириб келган Чўлпон озодлик, тенглик, адолат, мустақилликнинг қўрқмас куйчиси ва зулм, ёвузлик, босқинчилик, талончиликнинг ашаддий душмани сифатида шуҳрат қозонди, ҳатто, «чўлпончилик» деган йўналишнинг сардорига айланди (совет мафкурачилари «чўлпончилик» иборасини аслида салбий, яъни «миллатчилик» маъносида қўллаган, ҳақиқатда эса у миллатпарварлик, адолатпарварлик тушунчасини ифодалаган).
Чўлпон шоирнинг тахаллуси бўлиб исми-фамилияси Абдулҳамид Сулаймоновдир. У 1897 йилда Андижон шаҳрининг Қатортерак маҳалласида дунёга келди. Шоирнинг синглиси Фоиқа ая, «Абдулҳамиднинг йили сак эди, демак, 1898 йилда туғилган», дейди. «Садои Туркистон»-нинг 1914 йил 18 апрель сонида Абдулҳамид имзоси билан «Туркистонлик қардошларимизга» ва 24 сентябрь сонида «Маорифпарвар» бобомиз муҳтарам Исмоил Гаспиринский ҳазратлари ҳақида таъзияномамиз» деган шеърлари босилади. Биринчи шеър остига Абдулҳамидни 15 ёшда, иккинчи шеър остига 16 ёшда, деб қўйилган. В. Ян томонидан «Катта совет қомуси» учун ёзилган мақолада (улар дўст бўлишган, мақоладаги далилларни бевосита Чўлпондан сўраб ишлатган) ва НКВД ҳужжатларида 1897 йилда туғилган дейилган.
Чўлпоннинг отаси Сулаймон Мулла Муҳаммад Юнус ўғли ўз даврининг илғор, ўқимишли зиёлиси бўлган. У аввал деҳқончилик билан шуғулланган бўлса-да, кейинча савдо-тижорат ишлари билан машғул бўлган, Сулаймон баззоз деб ном чиқарган. Гарчанд у руҳоний бўлса-да, жаҳолатга қарши турган, вақтли матбуотни мунтазам ўқиб борган, шеърлар битган, ғазалларига «Расво» тахаллусини қўйган. Абдулҳамидни ҳам мулла қилмоқчи бўлади, эски мактабда, сўнгра мадрасада ўқитади. Бўлғуси шоир рус-тузем мактабида таълим олиб, рус тилини ўрганади. Абдулҳамиднинг онаси Ойша аянинг саводи бўлмаса-да, ўткир зеҳнли, халқ ижодини яхши билган шуурли аёл бўлган. Чўлпон ўша вақтда Тошкентда, Самарқандда, Қозонда, Бокуда ва Туркияда чиқиб турган газета, журналларни ўқиб борган. Исмоил Гаспиринский, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ҳамза, айниқса, Фитрат асарларини, уларнинг ижтимоий-сиёсий қарашларини ўрганади, улардан руҳланади. «Улуғ ҳинди» мақоласида ёзишича, Чўлпон, Навоий, Лутфий, Ҳусайн Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийдан тортиб Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, А. Қодирий, Авлоний, Тавалло, Сиддиқий, Ҳамзагача ҳар хил даражадаги ва йўналишдаги ижодкорларни, шунингдек Тўқай, Ҳ. Жовид, Алиф Сайфи, Ризо Тавфиқ, Яҳё Камол, Тагор каби ҳинд, озарбайжон, турк, татар ёзувчиларини ўқийди-ўрганади. Булардан Ризо Тавфиқ, Яҳё Камол, айниқса, Тагор дилига яқин туюлади.
Чўлпоннинг сиёсий онги, ижтимоий қарашлари ва миллий бадиий тафаккурининг ўсишида унинг ижтимоий ҳаётда фаол иштироки муҳим аҳамиятга молик бўлди. Барча вақтли матбуотларда ўз мақолалари, фельетонлари, шеърлари билан иштирок эта бошлайди. Аҳмад Закий Валидий Чўлпоннинг 1917 — 1918 йилларда Бошқирдистонда ҳукумат раисининг котиби бўлиб ишлаганини айтади. 1919 йилда Фарғонада чиқадиган «Янги Шарқ» газетасида ишлайди. 1921 — 1922 йилларда «Ахбори Бухоро» газетасида муҳаррирлик қилади. 1923 йилда Андижонда «Дархон» газетасида масъул муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. 1924 йилда Москвада ўзбек маориф уйида ўзбек театр студияси ташкил этилади. Унда А. Ҳидоятов, Л. Назруллаев, Уйғур, Е. Бобожонов, М, Муҳамедов, С. Эшонтўраева каби ёшлар таълим олишган. Чўлпон шу студияда раҳбар, адабий эмакдош сифатида ишлаган, «Ревизор», «Маликаи Турандот» асарларини таржима қилиб берди ва ўзбек артистлари уларни саҳналаштирди. Студия талабалари 1927 йилда ўқишни тамомлаб Тошкентга қайтишди. Москвада катта ижодий муҳитда сиёсий онги ва эстетик диди ўсиб, камол топиб келган Чўлпон большевиклар учун янада хавфлироқ туюла бошлади. 20-йиллар бошларида Чўлпонга қарши бошланган кураш энди авжига чиқди, матбуотда кетма-кет уни миллатчидан олиб миллатчига солишди. Олим Шарафиддинов «Чўлпон йўқсул халқнинг шоири эмас. У — миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир», деди. 1927 йил 4—5 октябрда Ўзбекистон маданияти ходимлари II қурултойи бўлади, унда Чўлпонни ҳатто Акмал Икромов ҳам танқид қилади, қурултойдан у ҳайдаб чиқарилади. Чўлпон шу қурултой раёсатига мактуб ёзиб, «ўз хатоларимга ўзим тушундим. У ёзган нарсаларим ва сўзлаган сўзларим камбағал ва йўқсуллар душманларининг фойдасига хизмат қилганини билдим», деб йўқ айбини бўйнига олади ва театр соҳасида ишлар қилиб «айбини ювишга» ваъда беради. 1928 йилда «Замона хотини», яъни «Муштумзўр» пьесасини шу ваъдасини устидан чиқиш учун ёзган эди.
Чўлпонга бўлган хуруж, тазйиқ кучайса кучаядики, лекин сусаймайди. У Файзулло Хўжаев маслаҳати бўйича 1932 йилда Москвага кетади ва у ерда СССР Халқ Комиссарлари Кенгашида таржимон бўлиб ишлайди. Чўлпон 1923 йилда Солиҳа деган қизга уйланган эди, шоир ўзидан фарзанд бўлмаслигини аниқлаганидан сўнг унга жавоб беради ва 1932 йилда Москвада Екатерина Ивановна деган аёлга уйланади. Солиҳа бошқага турмушга чиқиб, тўққиз фарзанд кўради.
Чўлпон шеър ёзадими, пьеса ёзадими ёки романми — нима ёзса, матбуот уни дўппослайверади. Ҳатто унинг маҳорат билан таржима қилган «Ҳамлет» ёки «Она» романларини ҳам қадрламайдилар. 1937 йил 7 — 8 апрелда Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмасининг мажлиси бўлади. Чўлпон сўзга чиқиб имкони борича меҳнат қилиб, янги асарлар ёзгани, кўплаб таржималар қилгани, бироқ улар адолатсизларча танқид қилинганини айтиб, «мен миллатчи эмасман», дейди. Бу вақтда Чўлпон Ҳамза театрида адабий эмакдош эди. «Муштум»да ҳам адабий ходим эди. Чўлпон совет тузумини, компартияни, Ленинни мақтаб «Соз» тўпламини чиқарди, «Жўр» тўпламини нашрга топширди, «Кеча ва кундуз» романида ўтмишни фош этди, «Борис Годунов», «Она» каби асарларни таржима қилди, «Замона хотини» пьесасида аёллар озодлиги масаласини ҳимоя этди. Лекин уринишлари уни фожиадан сақлаб қололмади. 1937 йилда уни ҳибсга олишди, 1938 йил 4 октябрда отиб ташлашди.
Чўлпонда ижод туйғуси эрта уйғонди. Ҳали талабалик йилларидаёқ унинг шеър, мақола, фельетон ва ҳикоялари матбуотда кўрина бошлайди. 1914 йилда унинг-«Бизнинг халқ» шеъри, «Қурбони жаҳолат» ҳикояси, «Дўхтур Муҳаммадёр» ҳикояси («Садои Туркистон») ва «Мадрасаларимиз аҳволи» («Садои Фарғона»), «Мактаб» («Садои Туркистон») каби мақола, хабарлари босилди. Буларда маърифатпарвар ёзувчи сифатида кўринади. Чўлпон бадиий адабиётнинг вазифаси халқни жаҳолат уйқусидан уйғотиш, жамиятнинг ривожига ва инсон баркамоллигига халақит берувчи иллатлардан халос бўлиш — руҳий, маънавий фориғланишдан иборат деб билди. У «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 15-сонида босилган «Адабиёт надур?» мақоласида «Бас, масала бу тариқ экондур, ҳаётимизнинг бетўхтов ҳаракат қилиб турмоғи учун сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, кундалик маишатимиз йўлида руҳимиз ва вужудимизни заҳматкаш фалакнинг қора кирлари, аччиқ қурумларидан ювиб турмоқ учун адабиёт шу қадар зарурдир», дейди. «Қор қўйнида» ҳикоясида қари чолга учинчи хотин қилиб берилган ўн етти яшар Шарофатнинг қора куни — қора тақдирини кўрсатади. Тўй бўлиб ўтган кўчани «қоп-қоронғи жимжит бир гўристон», «бу кеча худди эшон бобонинг кўнглидек бўлиб қолган», деб таърифлайди. Мамат қоровул бу фожиали ҳолни «Дунё ўзи шу қадар тескари дунё экан... лоланинг устига қор ёғди», дейди. Чўлпон ижодига фожиали мавзу шу ҳикоясидан кириб келди ва охир-оқибатда ижодининг ўқ томирига айланди. Фожиали вазият, фожиали муҳит ва шароит, фожиали қаҳрамонни тасвирлаш унинг шеъриятию, ҳикоя, пьеса ва романининг марказий масаласига айланди. «Қурбони жаҳолат»ни ёзганда Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесаси юртда жуда машҳур эди. «Падаркуш» фарзанднинг ўғирлик йўлига кириши ва оқибатда ўз отасининг қотилига айланишининг сабаби жаҳолат ва илмсизликка боғланган эди, бир ўринда қурбони жаҳолат бўлди, дейилади. Чўлпон ҳикоясида ҳам ўғрилик қилган йигит, унинг касофатига айбсиз йигитнинг ўзини ўлдириши ҳақида ҳикоя қилинади. Шу жаҳолат қурбони Эшмурод «Биз одам бўлмаймиз... Битамиз... Инқироз бўламиз... Оҳ жаҳолат. Жаҳолат, битдук, битдук. Ўлдук... тирилмайман....», деб фикрлайди. Чўлпон кейин ҳам «Ойдин кечалар» (1922), «Новвой қиз» (1927) каби ҳикояларни ёзди. Булар бадиий жиҳатдан пишиқ. Аммо илк катта ҳикояси «Дўхтур Муҳаммадёр» ҳикоясида қолоқлик, жаҳолат танқид қилиниб, илм орқали бахт-саодатга эришиш мумкинлигини кўрсатувчи бу ҳикоя эса бадиий жиҳатдан суст. Унда публицистик тафаккур устун, ёзувчи ғояси қаҳрамон тақдирига, образ мағзига сингдирилмаган. Албатта, бу ҳикоя Чўлпон ижодининг илк даври, илк босқичига мансуб.
Дарвоқе, Чўлпон ижодий йўлини бир неча босқичга бўлиш мумкин. Ҳаётдаги воқеалар, таъсирида унинг дунёқараши, нуқтаи назарида ўзгаришлар юз бериб турди. Биринчи босқичи ўша маърифатпарварлик, жадидчилик руҳидаги асарларини ўз ичига олса, иккинчи босқичи Октябрь тўнтариши кунларида ёзган шеърларидир. Чўлпон Октябрь инқилоби халққа орзу қилинган озодликни, тенгликни, мустақилликни беради, деб умид қилди ва ишонди. Унинг «Қизил байроқ» (1917), «Шарқ нури», (1918), «Қизил байналмилал» (1920) каби шеърлари шу руҳга йўғрилган. Кўп ўтмай ўйлаган орзулари сароб бўлиб чиққанлигини англади. Юртда мустамлакачиликка қарши озодлик ҳаракати авж олди. Чўлпон бу курашдан ғоят руҳланди, зулм, босқинчилик, тенгсизликни фош этиб, чин озодликка чақирди. «Пўртана», «Ёруғ юлдузга», «Тортишув тонги», «Халқ», «Мен қочмадим», «Бузилган ўлкага» (булар 1920-1921 йилларда ёзилган шеърлар бўлиб, шу йўналишдадир). Тўртинчи босқичдаги шеърлари 1921-1923 йил ўрталарига тўғри келади. Бу даврда босмачилик ҳаракати мағлубиятга учрай боради. Шундан сўнг Чўлпон «Амолимнинг ўлими», «Ёнғин», «Кураш», «Виждон эрки», «Қўзғалиш», «Кўнгил», «Бас энди» каби шеърларини яратади. 1923 йилга келиб Туркистонда «босмачилик» ҳаракати тор-мор этилади, шу туфайли Чўлпон руҳий таслим йўналишидаги шеърларини ёзади. «Сомон парча», «Хазон» (1923) шеърлари мана шу бешинчи босқичга доир. Шоир ижодининг олтинчи босқичи эса, унинг совет позициясига ўтиши, «қизиллашиши» давридир. «Созим», «Мен шоирман», «Ўн олти», «Октябрь», «Яна олдим созимни», «Янги мен» каби шеърлар ана шу руҳдаги асарлардир.
Ҳақиқий ижодкор яратган образларда қалбининг таржимаи ҳолини ҳамда у мансуб бўлган халқнинг ҳаёт йўлини ўқиш мумкин. Агар Чўлпон образларига назар ташланса, Октябрь инқилобига болаларча самимий ишонишидан туғилган романтик шеърларидан тортиб, то умидларининг сароб бўлиб чиққан пайтларидаги мунгли, фожиавий руҳдаги шеърларигача, халқни ёвдан ўч олишга, эзгу ният учун жонини қурбон қилишга чорловчи ва ниҳоят руҳий тушкунликка тушган муҳит, замон — тузум ҳукмига таслим бўлган онларидаги кайфияти — ҳолатигача билиш, сезиш мумкин. Чунки Чўлпон ўзини халқнинг бир зарраси, унинг дилинйнг ифодачиси ва унинг халоскори деб ҳис этар эди. У ниҳоятда таъсирчан, эҳтиросли, қайноқ, ёниқ шоир эди. Унинг ўз ибораси билан айтганда, «туйғуси сел шоир» эди, инсоннинг «руҳига кириш»га муваффақ бўларди. Чўлпоннинг ҳамлетона руҳдаги — «Улуғ, қаттиқ ағдарувчи бир кураш. Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш: йўқ яраш», деган мисралари эътиборга лойиқ. Чўлпон ўз виждонини «илоҳий виждон», севгисини шунчаки муҳаббат эмас, балки «илоҳий муҳаббат», дейди, юртини, халқини шунчаки яхши кўрмайди, балки «фақат Мажнун бўлиб севади» ва «бошимни у учун дорга қўяман», дейди, душманининг қудратини ҳам яхши билади ва шунинг учун «улуғ ёв» дейди. Чўлпон воқеликдан, ҳаётдан қандай қаттиқ таъсирланган, қандай ҳолатга ва кайфиятга тушган бўлса, айтайлик ё қаттиқ қаҳрланса, ё чексиз изтиробга тушса, ё руҳи инқилоб қилса, шу ҳолатини, шу кайфиятини борлиғича шеърга кўчиришга эришади. «Мен шоирми?» шеърида «Шундай гўзалликни, аттанг, агар мен рассом бўлсам эди, чизиб берардим», «ҳар бир тушунчамни ёза олмагач, рассомдек хаёлга чиза олмагач», «шоирлик менда бир соями дейман», дейди. Аслида Чўлпон инсоннинг руҳий ҳолатини равшан чизиб берувчи, ҳар бир тушунчанинг ҳам суратини ола билувчи буюк рассомдир. Шеърларининг ўқувчини сеҳрлаб, мафтун қилиб қўйишининг боиси шу ерда. Унинг аксарий шеърлари ё ўзининг — «Мен»нинг бевосита дардини изҳор этади ёки кўпроқ иккинчи шахсга қаратилиб, ҳам унинг, ҳам сўзловчининг руҳияти, кайфиятини ифодалайди. Шунинг учун очиқ, самимий, рост ва гоҳ сўроқ, гоҳ мурожаат, гоҳ ундов, гоҳ суҳбат оҳангини олиб туради. Такрор ва синонимлар, ҳар хил таъкидларнинг кўплиги ҳам шу туйғуни, ниятини мукаммал бермоғидан, «Қиз қўшиғи» шеърида банднинг бешинчи мисрасида «Қора кунлар тушди менинг бошимга» деган жумланинг фақат биринчи сўзи алмаштирилиб, ҳар сафар такрорланиб келади (ёмон, оғир, қийин, қонли, ўтли, ёрсиз кунлар тушди менинг бошимга) ва қиз ҳолатини бор бўйича гавдалантиради. «Қизил байроқ»да, «Энди қора яқин келмас нурлар сачратган оққа», деган мисра бор. Чўлпон зулмни, адолатсизликни, тенгсизликни, бахтсизликни қора рангда ва эзгулик, поклик, бахтиёрлик, адолатни оқ рангда идрок этади. Бу шеърни ёзган пайтида Октябр инқилоби халқни қора кундан — ўтмишдан, бахтсизликдан халос этди, деб тушунган эди. Кўп ўтмай бу шодлиги шунчаки бир сароб, хаёл бўлиб чиққанини сезади ва энди ўзбек халқининг қайтадан бахтсиз бўлиб қолганини ифодаловчи «кўланка», «булут», «парда», қисқаси «қора» образи янгича маънода фаоллашади, бу образлар то «Кеча ва кундуз» романи ёзилгунча шу маънода қўлланади. Бу роман ёзилган пайтда Чўлпон руҳий енгилган, совет тузумига таслим бўлиб, яна ўтмишни қоронғу, яъни кеча тусида идрок этишга мажбур бўлган эди. Чўлпон романни «Кеча ва кундуз» деб, «Кема» қисмида ўтмишнинг қоронғу манзарасини чизган бўлса (ёзувчилик таланти билан чоризмнинг мустамлакачилик башарасини ҳаққоний очган ва ўзбек халқи орасида миллий уйғониш юз бераётганини кўрсатган бўлса), ёзилмаган ёки ёзилган бўлсада топилмаган «Кундуз» қисмида, эҳтимол, халқнинг Октябрь инқилобидан кейинги ҳаётини бахтиёр кўринишда бермоқчи ва шу йўл билан ўзини таъқиб-сиртмоқдан сақлаб қолмоқчи бўлгандир. Чўлпон «Кеча» романида ўша тузумни «сиқиқ муҳит», «кишанли жамият», «қоронғи муҳит» дейди, бир қаҳрамони «кеча-кундуз ишлаб қорнинг тўймаса, бу қандай замон бўлди?» дейди. Чўлпон «Қизил байроқ» шеъридаги Октябрь инқилоби халқнинг қора кунини ёруғ қилди, деган фикрдан тезда қайтади: юртда авж олган талончилик, қирғин, бузғунчилик, адолатсизлик, тенгсизликни кўргандан кейин икки ўт ичида қолади, ўртанади, ёнади, йиғлайди. Энди «ўшал эски, жароҳатли қалбини сатрларнинг наштарила тилади», «йиғловчи чолғувлари-ла» ўша фожиали муҳитни таҳлил қилади:

Бир кўз йўқми қонли ёши томмаган,
Бутун кўнгил умидсизми, синиқми?
(«Ёнғин»)

Ёки:

Кўз ёшимда ювсам
Юртнинг бағрини,
Тилим билан сўрсам
Оққан қонини...
Қонли кунлар тушди менинг бошимга.
(«Қиз қўшиғи»)

Чўлпонни ўша 20-йиллари йиғлоқи шоир, деб тилини қисишган, ижодини бўғишган. Ёнаётган юртини кўриб туриб, халқ бошига тушган катта фожианинг гувоҳи бўла туриб, фожиавий шеърлар ёзмасдан иложи йўқ эди.
Чўлпон Тагор тўғрисидаги мақоласида унинг бошига тушган кулфатни — аввал биродарининг хотини, кейин ўзининг хотини, икки қизи, икки ўғли ва отаси ўлганини айтиб туриб, бундай дейди: «Тагорга ўлимнинг зарбаси ҳам жуда қаттиқ бўлғон. Шунинг учун унинг асарларида ўлим тўғрисида кўп учратиларди». Мана, Чўлпон ўз кўз ёшларининг сабабини — ижодининг фожиавий пардада бўлганлигининг сабабини қандай равшан очиб беради. Чўлпон халқни бир жигаридек ҳис этган ва унинг фожиаларини ўз бошига тушган фожиа деб билган. Чўлпон «Менинг ўйимми қора? Ёки юрт кўкида булут?» «Йўқса унга мангуликми қора тун?» деяр экан, ўз танқидчиларига жавоб бергандай бўлади, яъни уни йиғлатган юртдаги аҳвол эканлигини таъкидлайди. Шоир зулмга бутун халқ қаршидир, яъни «халқ истаги: озод бўлсин, бу ўлка, кетсин унинг бошидаги кўланка» дейди. Чўлпон халқни озодликка, мустақилликка чақирувчи жарчига айланади: янги тузумни бир кишан ва халқимизни қул тарзида идрок этади.

Тириксан, ўлмагайсан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан,
Кишан кийма,
Бўйии эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилгансан.
(«Кўнгил»)

Чўлпоннинг «Гўзал Фарғона», «Бузилган ўлкага» шеърлари шу қадар халқ орасига кенг ёйилдики, унга шу қадар катта руҳий мадад бердики, совет тузумининг ҳимоячилари бу асарга қарши қанчадан-қанча шеърлар, мақолалар ёғдиришди (Ғайратийнинг «Тузалган ўлка» каби). Бироқ шеър озодлик мадҳиясига айланиб кетди. Боймирза Ҳайит бундай ёзади:
. «Миллий қўмита (Олмонияда тузилган Миллий Туркистон Миллий қўмитаси — С.М.) Чўлпоннинг «Гўзал Фарғона» шеъри ва унинг куйи асосида бироз ўзгартиш билан миллий Туркистон миллий маршининг пайдо бўлишига ташаббусчи бўлди. Бу «Гўзал Туркистон» бугунги кунда чет мамлакатларда яшаган муҳожирларимиздан бугунга қадар ажралмаган севикли бир миллий куй бўлиб хизмат этмакдадир...»
Чўлпоннинг образлари орасида «бўри», «қарға», «бой-қуш», «шайтон» каби рамзлар тез-тез учраб туради. Қаранг: «Бўрилардан омон кутмак тентакларнинг ишидир», «Кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар бойқушларга бузуқ кўксин очганми?». Бу образлар остида шоир рус халқини эмас, балки рус босқинчиларини, большевикларни, чоризм сиёсатини давом эттирувчиларни фош этмоқчи. Чўлпон рус халқи, рус адабиёти ва маданиятини ғоят севар, қадрлар эди: рус тилини зўр билган, рус ёзувчиларининг шоҳ асарларини ўзбекчага ағдарган, рус аёлига уйланган. «Кеча ва кундуз» романида рус аёлининг ижобий образини яратган ва ҳ.к.
«Аслида большевизм Чор Русиясининг Туркистон сиёсатини мураккаб равишдаги давомидир, — деб ёзади Боймирза Ҳайит. — Биз бу ерда нима учун бундай фикрда бўлмоқдамиз, дейилган саволга жавоб бериш ўрнига мужоҳид ва шаҳид шоиримиз Чўлпон шеърларидан бир байтини хотирласак, масала аниқ бўлса керак, деб ўйлаймиз: Чўлпон шундай ёзган эди:

На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт.
Кўзимда оғир бир таслим нури бор.
Эй ўтли кечмишим, юзингни беркит,
Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.

Миллатимиз Чўлпон орқали билдирилган туйғуни кўп вақтдан бери англаган эди. Миллатимиз шайтонларнинг зўрлигидан қутулмоқ йўлига кирди. Туркистон Русияни истило этмади, аксинча Русия Туркистонни ишғол этди. Бунинг билан икки халқ орасида тарихий рақобатлар бошланди. Рус миллати империалист эмасдир. Аммо унинг империалистик табиатини ташиган вакиллари бутун дунёдаги империализмнинг устозларидир. Русиянинг шундай бир тўдаси Русиянинг ҳам ҳокимидир. Туркистон Русиянинг Салтиков-Шчедрин айтганидек «абадий ейдиган, лекин тўймаган» («вечно жирюших, но не сытых») табиатидан қутулмоқни истайди. Туркистон ҳеч бир вақт рус халқининг душмани бўлмагандир».
Чўлпон худди шу позицияда турди. Чўлпон ҳам рус халқининг душмани бўлмаган, аксинча унинг маданиятини, эркиилик руҳини ўзбеклар орасида тарғиб этган. Аммо босмачилик даврида золим большевик руслар элни шафқатсиз қирди, талади. Туркистон Халқ Комиссарлар Кенгашининг раиси Қ. Отабоев 1922 йил 18 июлда Туркистон коммунистларининг тўртинчи пленумида қилган докладида Қўқонга дашноқлардан тузилган отряд юборилганини айтади. Улар савдогарлардан тортиб шаҳарнинг оддий косибларигача ҳаммасининг бор-будини тортиб олади, ўзларини отиб ўлдиради, мачит-мадрасаларни, Куръони Каримни ёндириб юборадилар, ҳатто намоз ўқиётганларни ўққа тутадилар, хотин-халажларни зўрлайдилар, қози-уламоларни ҳибсга оладилар, деҳқонларнинг овқатидан тортиб уруғликларигача ҳаммасини тортиб оладилар. Шу туфайли «бутун омма совет тартибига қар-ши қўзғолон кўтарди», дейди Отабоев. Чўлпоннинг большевизмга, рус босқинчиликларига қарши исёни қонуний ва адолатли эди:

Қўлимда сўнгги тош қолди,
Ёвимга отмоқ истайман.
Кўзимда сўнгги ёш қолди,
Амалга етмоқ истайман.

Бу қаҳрамон, жасур шоирнинг рост сўзлари эди. Ҳаёт, воқелик шу қадар қайноқ, алғов-далғовли эдики, бу ҳолат Чўлпон шеърларида «денгиз», «тўлқин», «пўртана», «қиёмат» каби образларни туғдирди. «Қанот» образида эса эрксизлик ва озодлик учун интилиш туйғусини беради: «Менда қанот бор, лекин боғланган», «Чарчаган қанотим куч сезди» дейди. Шоирнинг «чечак», «кўклам», «баҳор», «гул» образларида ҳам унинг олий орзу-армони — озодлик, мустақиллик туйғуси ётади. Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига ёзган шеърида «Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг мотам гули эканини билмайсан, шодлик гули кўпдан бери сўлганин», дейди «Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди», деб орзу қилади. Шоирнинг «тилак юлдузи», «нажот юлдузи», «чиқадиган қуёш» иборалари остида ҳам унинг умиди ётади.
Чўлпоннинг қалби, орзу-армони шеъриятигагина эмас, балки бутун ижодига синггиб кетган эди. Ҳатто «Ҳамлет» ёки «Она» романи таржимасида ҳам Чўлпоннинг эрк, адолат, одамийлик ва ҳақиқатга бўлган чексиз ташналиги мавж уради. Зероки, бундай асарлар худди шундай руҳ билан Чўлпонни мафтун этган эди.
Чўлпон ўнлаб драмалар ёзди, кўплари ўз вақтида саҳналаштирилди. Афсуски, уларнинг талайгинаси босилмаган эди, қўлёзмалари ҳам йўқ бўлиб кетган. «Бой», «Ҳалил фаранг», «Чўпон севгиси», «Чўрининг исёни», «Узун қулоқ бобо» каби саҳна асарларини ёзган. «Ўртоқ Қаршибоев» пьесаси қўйилганда матбуотда қизғин мунозаралар бўлган. «Ёрқиной» пьесаси нашр этилган, 1992 йилда Чўлпоннинг «Замона хотини» (ўз вақтида «Муштумзўр» сарлавҳасида саҳналаштирилган) асари топилиб нашр этилди. Чўлпон В. Яннинг «Ҳужум» пьесасини ўзбек тилига таржима қилиш ва қайта ишлаш, тўлдириш орқали ҳам ўзбек театри шуҳратини Москвада ёйилишига ўз улушини қўшди (1930 йилда Москвада ўзбекистонлик артистлар уни намойиш қилди ва ижобий баҳоланди). В. Ян ўз «Кундалиги»да «Ҳужум»ни биз Чўлпон билан бирга ёзганмиз», деб таъкидлаган. Асар тили ғоят жозибали, халқ қўшиқларига бой, ҳазил, мутойиба, аскиялар сингдирилган унга. 1921 йилда саҳна юзини кўрган «Ёрқиной»ни танқидчилик найза билан кутиб олган ва ҳатто «бугундан бошлаб пролетариат саҳнасидан кўтариб ташлансин», деб ҳукм қилинган эди матбуотда. Аслида эртак асосида ёзилган бу асарда зулм, адолатсизлик, эрксизлик, қонхўрлик қаттиқ танқид қилиниб, унга қарши фаол курашган одамлар улуғланган, адолатли, фозил тузум, адолатпарвар шоҳ, чин севги-садоқат идеали олға сурилган эди. Ёрқиной ва Пўлатлар адолат учун курашчилар тимсоли сифатида берилади. «Замона хотини» (1928) пьесасида аёллар эрки ва уларнинг жамиятни бошқаришдаги иштироки масаласи кўтарилган бўлса-да, асар моҳиятида адолатли тузум, ҳақиқатпарвар ва инсонпарвар жамият орзуси етади. Бош қаҳрамони Раҳима хола тили орқали Чўлпон «Билингки, ҳукумат чироғ: сизнинг қўлингизда ўғирликка ишласа, менинг қўлимда тўғриликка ишлайди», деб ёзади. Қаҳрамонлардан бири «Қандай қилайлик шуларнинг қўлида қул эканмиз», бошқаси «илоҳим, ер ютсин большовойни. Ҳаммани қон қақшатиб кетди. Бу ҳукумат ўзининг амалдорини ҳам ҳеч аямайди. Қанча катталарни ўзи отиб юборди» дейди. Кўриниб турибдики, Чўлпон ўша тузум, ўша тартибга жуда танқидий ёндашади, ўзи қаттиқ тазйиқда бўлса ҳам ҳақиқатни айтишдан қайтмайди. Чўлпоннинг жамият, тузум қандай бўлиши керак, халқ қандай яшаши кераклиги ва зулм, зўравонлик, тенгсизлик, мустақиллик хусусидаги қарашлари унинг «Кеча ва кундуз» романида янада кенг, атрофлича ўртага ташланди. Биринчи жаҳон уруши пайтидаги Туркистон халқининг аҳволини, турмуш тарзини, чоризм мустамлакачилигининг мудҳиш оқибатларини, чор амалдорларининг маънавий бузуқлигини ва халқнинг зулмга, зўравонликка қарши исёни, маърифат, нурга интилишини акс эттирган бу роман Чўлпон талантининг яна бир ёрқин қиррасини намойиш қилади. Романдажадид Шарафиддин Хўжаев Мирёқубга чор амалдорларини назарда тутиб: «Биз буларни ёмон кўрамиз. Булар — бизнинг душманлар», «Бизнинг мамлакатимизга рус ҳукумати бир «мустамлака» деб қарайди, яъни мамлакатларнинг ўгайи сингари... Шу учун бу ерга яхши амалдорларни юбормайди», дейди. Чоризм вакили Нойиб тўра ҳам чоризмнинг инқироз сари юз тутганини ҳис қилади. У «буюк империя даҳшатли тўлқинлар ичида зулматга, белгисизликка, йўқликка қараб кетаётир», дейди. Мирёқуб империянинг нима эканлигини сўраганда, Тўра подшоҳнинг девордаги суратини, сўнгра ўзини ва елкасидаги погонини кўрсатади. Чўлпон романда шу империянинг ҳалокат сари йўл тутганига китобхонни ишонтиради: биринчи жаҳон урушида Россиянинг толиқиши, мустамлака ўлкаларда маҳаллий халқнинг чор зулмига қарши исёнлар кўтаришини кўрсатади. Тўра юзлаб одамларни қириб ташлайди, қамоққа олади, сургун қилади, қишлоқларни ер билан яксон этади, оддий халқни одам ўрнида кўрмай, бой-амалдорларга ён босиши, миллат манфаатини ўйламайдиган лаёқатсиз, қўғирчоқ одамларни (Акбарали каби) раҳбар қилиб тайинлаши, ахлоқий тубанлиги (Тўра ҳам бузуқ, хотини эса хизматкор Зуннун, кейин Мирёқуб билан ишрат қилади) ва ҳ.к. Ҳатто кундошлар можароси билан тасодифан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган Акбарали мингбоши ўлимини (унинг учинчи хотини Султонхон Зебини заҳарлаш учун тайёрлаган сувни тунда Зеби билмасдан эри Акбарали мингбошига чириб қўяди) ҳам Зебини суд қилаётганда прокурор «Руия давлатига ва подшога садоқат билан танилган одами» қасддан ўлдирган деб сиёсий тус беради ва Зебини ўлимга ҳукм қилинишини талаб қилади.
Романда Чўлпон ўлканинг мустақилликка эришиши оясини («Кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб» яшаётганини айтади), туркий халқларнинг бирлашишида «тилда, фикрда, ишда бирлик» керак дейди ва иқтисодий бирдамликка эришиш учун шахсий ташаббусга, ишбилармонликка кенг йўл очиб бериш, эркин савдони ривожлантириш лозимлиги тўғрисида фикр юритади. Бу фикр-армонларни жадид Шарафуддин Хўжаев образи орқали, Мирёқуб тақдири орқали олға суради. Илгари Акбарали мингбошининг суянчиғи, айтиш мумкин, ақли, тили-забони бўлган, ниҳоятда эпчил, ишбилармон, аммо ахлоқий бузуқ Мирёқуб жадид Шарафуддин Хўжаев билан суҳбатлашгач, жадидликни англайди, «кўзим очилди», дейди ва бундан кейинги ҳаётини жадидлар каби миллат манфаатига бағишлашини айтади. Ёзувчи Мирёқубни унинг виждони орқали тергов қилади. Мирёқуб барча қилмиш-қидирмишларининг сабабларини айтади. Шу тергов ва кундалик дафтари орқали Мирёқубнинг, Марямнинг руҳиятида содир бўлаётган ўзгаришларни кўрсатиб беради. Бундай ўринлар драмага ўхшаб кетади. Дарвоқе, романда кўрсатиш, ҳаракат, саҳнавийлик кучли. Ҳамма воқеа ва қаҳрамонларнинг ҳолати, хатти-ҳаракати, кураши бевосита кўз олдингизда намоён бўлади. Роман мустақил, аммо бир-бирини тақозо этиб турган саҳналардан ташкил топгандай. Бу саҳналар ўткир Драматизм билан суғорилган. Роман заминида фожиавийлик ётади. Асар бошиданоқ, табиат ҳам, Зебилар ҳам эркинликка талпинишади. Ёзувчи Зебини тутқун — қафасдаги қушга ўхшатади. У бир оз озодликка чиққан қушдай қишлоқда озод нафас олади ва худди шу ерда тузоққа илинади — Акбарали мингбошига тўртинчи хотин бўлиб, кундошлар жанжалининг ўпқонига тушади. Бойнинг учала хотинининг тақдири ҳам фожиали, ўша тузум уларни ахлоқий майиб қилган. Зебининг суд қилиниши жараёни романнинг энг юксак нуқтасидир. Мустамлакачилар Зебини сиёсий жиноятчига чиқариб, Сибирга сургун қилади. Зеби ўзининг айбсиз эканлигига қаттиқ ишонади, бу содда қиз суд қўйиб юборганда уйга қандай кетишини ўйлаб ўтиради. Ҳукмни эшитгач, лол, карахт бўлиб қолади ва уларга бўлган бутун ишончини йўқотади. Отаси Раззоқ сўфи аёлларга паст назар билан қарар ва бойлар, амалдорлар, айниқса, пири эшонларнинг соясига салом берар эди. Зеби тақдирини эшитиб, эшонга ёрдам сўраб боради, у ашула айтиб, хурсанд ҳолда кутиб олади, далда бериш ўрнига уни сургун қилмаганликлари учун афсусланади. Шунда Раззоқ сўфининг кўзи очилади, унга қарши қўл кўтаради. Эшон уни дарра билан савалатиб, музлаган ҳовузга ташлатади. Кейинча сўфи барибир эшонни ўлдириб кетади. Зеби ҳажрида онаси ҳам жинни бўлиб қолади. Зебининг илк муҳаббати ҳам ғунчалигидаёқ ер билан яксон бўлади. Ёзувчи фожиалар ўтмиш — «кеча» туфайлидир, демоқчи бўлади.
Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи А. Кодирийнинг «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларидан кейин ўзбек адабиётида яратилган етук романлардан бўлиб қолди. Чўлпон шеърияти, прозаси, драматургияси ва бебаҳо таржималари доим маҳорат мактаби бўлиб қолади.

АМАЛНИНГ ЎЛИМИ

Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда йиғлаган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасинг инсонларими?

На учун уларнинг товушларида
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларида
Ҳар юриш кўнглимни наштардек тиғлар?

Кенглик ҳаёллари учдими кўка
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка?
Хаёлда порлаган шамларми сўнди?

Кечанинг жон олғич қоронғулиги,
Нажод юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?

Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар,
Шарқнинг кўкрагида бир топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар,
Уҳлаган дилларга кулиб боқмасму?

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми,
Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

 
Ўрта Осиёнинг қадимги тарихининг Хитой манбаларида ёритилиши
20.01.2014 10:27    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Жаҳон халқлари тарихидан маълумки, Ўрта Осиё жуда қадим-қадим замонлардан Шарқнинг Ғарбга томон дарвозаси, иқтисодий ва маданий алоқалар узатувчи узели ролини ўйнаб келган. Шарқ халқлари Ғарбга томон турли мақсад сари интилишларида ҳеч қачон Ўрта Осиё ҳудудларини четлаб ўтмаганлар. Қадимда ва ўрта асрларда Евразия даштлари аҳолиси, айниқса Олтой, Жанубий Сибир, Шимолий Хитой ҳудудлари нафақат иқтисодий, балки этномаданий жиҳатдан ҳам Ўрта Осиё билан ўзаро узвий алоқада бўлган. Бу ҳақда археологик манбалар кўп фактологик материаллар беради. Археолог А.В. Виноградов бу алоқа натижаларини неолит ва энеолит даври Ўралорти, шимолий ва шарқий Қозоқистон ёдгорликлари билан қадимги Хоразмнинг калтаминор маданияти материаллари мисолида яхши кузатади. Бронза даврига келганда, айниқса йилқичилик ривожланиб, от ва туядан тез юрувчи транспорт ҳайвони сифатида фойдаланиш кашф этилгач, жанубий Сибир ва Ўрта Осиё қабилалари ўртасидаги алоқалар жонланиб кетди.

Милоддан аввалги II – минг йилликнинг ўрталарига келганда Марказий Осиёнинг чўл ва дашт минтақаларида, айниқса унинг Жанубий Сибир, Тоғли Олтой, жанубий – шарқий Ўрол орти районларида, Қозоқистон даштларида чорвадор қабилалар ҳаётида туб социал-иқтисодий ва этномаданий ўзгаришлар юз бердики, дашт аҳолиси орасида мулкий табақаланиш жадал кечди, дашт аҳолисининг асосий бойлиги ҳисобланган чорвага бўлган мулкчилик ўша даврнинг ҳарбий аслзодалари – сардорлар: қабила ва уруғ бошлиқлари қўлида тўплана бошланди, ўша давр жамиятининг аристократия табақаси, озод ва эркин мулк эгалари пайдо бўлди. Ем-хашак заҳиралари етарли бўлган минтақаларда чорва молларини тез кўпайиши бу табиий ҳол. Буни яхши тушунган мулк эгаларининг эътибори ўша давр тақозасига кўра, отлик ҳарбий қўриқчилар,жангавор суворийлар отрядини ташкил этишга қаратилди. Эндиликда чорвадор аслзодаларнинг иқтисодий юксалишидаги асосий омил чорва молларини мунтазам ем-хашак захиралари билан таъминлаб бориш бўлиб қолди. Дашт аҳолисининг ҳали давлат тузилмалари шаклланмаган, қабилавий тартиб-қоидалари хукм сурган жамиятида янги яйловларни ўзлаштириш учун ўзаро курашлар муқаррар эди. Ўша давр талабига кўра, чорвадорлар жамоаларида жангавор суворийлар, яъни эркин, озод ҳарбийлар табақаси пайдо бўлди. Улар қадимги Эрон ва Турон халқларининг муқаддас китоби Авестода турлар деб аталган мулкдор чорвадорлар, яъни орийлар эди. Орийлар бронза ва илк темир даври ижтимоий табақаси, шаклланиб бораётган дастлабки синфий жамиятнинг мулкдорлар синфи.

Археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, милоддан аввалги II-минг йилликнинг ўрталаридан бошлаб, Ўрта Осиёнинг шимолий – шарқидан Сирдарёнинг қуйи ҳавзаларига Марказий Осиёнинг дашт аҳолиси жадал кириб келабошлайди. Дастлаб улар Амударёнинг куйи ҳавзаларига жойлашадилар (тозабоғёб маданияти), Уларнинг бир қисми Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси, яъни Жанубий Қозоқистон ва Тошкент воҳасига кириб келадилар, Еттисув орқали қадимги Фарғонага (қайроққум маданияти), ундан Қайроққум орқали Уструшона ва Суғдиёна ҳудудларига кириб борадилар. Ҳозирги кунда уларнинг моддий маданият излари бутун Ўрта Осиё ҳудудлари бўйлаб кенг тарқалган. Уларнинг излари хатто Ўрта Осиёнинг қадимги деҳқончилик минтақаларида, айнан Мурғоб воҳаси ёдгорликларида ҳам учрайди. Бронза давридан бошланган бу миграция жараёнлари моддий маданият ва қадимги ёзма манбалар таҳлилига кўра, мунтазам равишда то сўнгги ўрта асрларгача давом этган.

Таъкидлаш жоизки, Ўрта Осиё туб жойли аҳолисининг айнан икки қутб билан, яъни шимолий – шарқ ва жанубий минтақалар билан анъанавий узвий боғликлигининг заминида муҳим бир омил ётади. Бу ҳам бўлса, улар ўртасида қадим-қадим замонлардан давом этиб келган этник алоқалар эди. Биз юқорида такрор-такрор таъкидлаганимиздек, ўзбек халқи этник асосини эронзабон ва туркийгўй компонентлар ташкил этган экан, тарихий жараённи шундай кечиши табиий ҳол эди.

Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг қадимги аҳолиси Хитой ёзма манбаларига кўра туркийгўй бўлган. Бу ҳақда кейинроқ алоҳида тўхтаб ўтамиз. Ўрта Осиёнинг жанубий чегараларида эса қадимдан эроний тилли аҳолилар яшаб келган. Бу икки тилли аҳолининг учрашув нуқтаси, чегара ҳудудлари қадимда Сирдарёнинг куйи ҳавзалари бўлса, илк ўрта асрлардан бошлаб бу чегара Амударёнинг ўрта ҳавзаларига кўчди. Бу тарихий жараёнда туркий кабилаларнинг фаоллиги, уларнинг мунтазам равишда давом этган миграцияси бош ролни ўйнаган. Айнан шу даврдан бошлаб, жанубий Турон ҳудудлари аҳолисининг этник таркибига кўра, аксарият кўпчиллиги туркий халқлардан ташкил топганлиги учун Туркистонга айланди.

Туркистон тарихининг қадимги даврлари, унинг халқи ва хўжалиги, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида, айниқса Қанғ давлати ва қадимги Фарғона-Даван ҳақида ҳамда Дахя тўғрисида Хитой ёзма манбаларида бизгача қизиқарли маълумотлар етиб келган. Бу маълумотлар қадимги Хитой тарихчилари Си Ма Цяннинг (милоддан аввалги II-I асрлар) “Тарихий хотиралар” ва Бан Гунинг (милоддан аввалги I аср) “Биринчи Хан династиясининг тарихи” асарлари орқали етиб келган. Биринчи асар (“Ши Жи”) милоддан аввалги 138-90 йилларда бўлиб ўтган воқеаларни ўз ичига олган бўлса, иккинчи асар (“Ханшу”) милоддан аввалги 138-23 йилларда бўлиб ўтган вокеаларни қамраб олган. Унинг муаллифи ўз асарини ёзишда “Ши Жи” да баён этилган маълумотлардан тўлиқ фойдаланиб, уни янги воқеалар баёни билан бойитган.

Ушбу манбалар маълумотига кўра, Хан сулоласи даврида Хитой империяси билан Хунлар ўртасида муносабатлар ёмонлашиб, Хан хукмдори Уди (милоддан аввалги 140-87 йиллар) хунларга қарши ҳарбий иттифоқчи қидириб, бир замонлари Орол бўйларидан Шарқий Туркистон томон бориб қолган, аммо, у ерларнинг эгалари хунлар билан келиша олмай, улар билан яйлов талашиб, бир неча бор ўзаро тўқнашувлардан сўнг, Ғарбга чекинишга мажбур бўлган Юечжи (массагетлар қабила иттифоқи) қабилалари орқасидан милоддан аввалги 138 йилда ҳарбий зобит, айғоқчи Чжан Цянни юбаради. Чжан Цяннинг ўз императорига ёзган ҳисоботномасига қараганда, у Шарқий Туркистонда хунлар томонидан қўлга олиниб, 10 йил асирликдан сўнг қочишга улгуриб, ўз саёхатини давом эттиради. У Қашғар орқали Қадимги Фарғона (аслида Дайюан, рус адабиётида Даван бўлиб кетган) давлатига келади. Довонликлар уни яхши кутиб олишиб, Хитойдек буюк давлат билан савдо-сотиқ қилиш, ўзаро муносабатларни ривожлантиришга, дўстлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканликларини баён қилишиб, улардан шимолда кудратли Кангуй давлати борлиги ва улар билан тинч-тотув яшаётганликларини билдирадилар. Агар лозим бўлса элчи жанобларини Кангуй чегарасигача кузатиб қўйишларини билдирадилар. Довонликларнинг илиқ муомилаю-илтифотларидан мамнун бўлган зобит Чжан Цян довонлик ҳамрох кузатувида Кангуйга жўнайди. Аммо, Кангуй хукмдори билан тил топаолмай, Юечжиларни қидириб, саёхатини давом эттиради.

Милоддан аввалги 126 йилгача Юечжи қабилалари Бақтрия (Хитой манбаларида “Дахя”)га бориб жойлашиб олган эдилар. Юечжиларнинг Гуйшуан қабиласи етакчилигидаги ҳукмдори билан учрашувда: “биз поёни йўқ жангу-жадаллардан чарчадик, энди унумдор ерларга бой мамлакатда тинч-тотув яшамоқчимиз” деб, ундан рад жавобини олади. Ниҳоят, Чжан Цян ўз мақсадига эриша олмай, Бадахшон ва Помир орқали ўз юртига қайтиб кетади. У Шарқий Туркистонда хунлар томонидан яна қўлга олиниб, бир йил асирликда бўлиб, сўнг Хитойга етиб боради.

Шундан сўнг 11 йил ўтди. Чжан Цян милоддан аввалги 114 йилда император топшириги билан Ўрта Осиёга иккинчи марта саёхатга рухсат олади. Энди у 300 кишидан иборат карвонга бош бўлиб, йўлга чиқади. Карвонда бир неча минг пулга тенг олтин ва кумуш, қимматбаҳо шойи-атласлар Ўрта Осиё подшоликларига савға-салом учун олиб олади. Сафар қатнашчиларининг озиқ-овқатлари учун ўн мингдан ортиқ сигир ва қўйлар карвон билан жўнатилади. Сафардагиларнинг ҳар бирига иккитадан от берилади. Чжан Цяннинг ўзи Усун, Кангуй ва Дайюанга йўл олган карвонга бош бўлади. У Ҳиндистон ва Араб мамлакатларигача борадиган карвонлар ажратиб, уларни ҳам кўп моллар билан таъминлаб, махсус элчиларни юбаради[1] Улар Иссиқ қўл орқали усунларга бориб, у ердан ғарбий мамлакатларга махсус топшириқлар билан ўз айғоқчиларини карвонларга қўшиб юбаради. Унинг айғоқчилари Парфиягача кириб борадилар ва турли маълумотлар олиб келадилар.Чжан Цяннинг ёзишича, ўша кезларда Кангуй давлатининг жанубий чегара районлари Бақтрияни эгаллаган Юечжилар таъсирида, унинг шимолий-шарқий чегара районлари эса хунлар таъсирига тушиб қолган эди. Зобит берган маълумотлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, милоддан аввалги II – асрнинг охирларида Кангуй давлатида иқтисодий ва ҳарбий танглик юз беради. Чунки, Хитой билан хунлар ўртасида бошланган жангларга Кангуй ҳам (хунлар томонида) тортилган бўлиб, бу урушда хунлар енгилади, аммо Кангуй, ҳар қалай, ўз мустақиллигини сақлаб қолган эди.

Милоддан аввалги I – асрдан бошлаб Кангуй яна ўзини ўнглаб олади. Мана шу воқеалар таъсири бўлса керак, Хитой элчиси Чжан Цян император саройига юбарган ҳисобатида Кангуй ҳақида шундай ёзади: “Кангуй мағрур ва қўрс. У бизнинг элчиларимиз олдида таьзим қилишни ўзига эп кўрмади ва бутун фел-атвори билан ҳоким номидан унинг олдига юбарилган бизни амалдорларимизни кўпгина давлат элчиларидан, хатто усун элчиларидан ҳам куйига ўтказди”. Чжан Цян маълумотларига асосланиб, Си Ма Цян ўзининг “Тарихий хотиралар” асарида қанғлиларнинг турмуш тарзи ҳақида фикр юритиб, “улар урф – одатлари бўйича юечжиларга ўхшаб кетади”, деб ёзади.

Хуллос, хитойликлар айғоқчи дипломат, собиқ ҳарбий зобит Чжан Цяннинг ҳар икки саёхати давомида император саройига юбарган ҳисобатидан сўнг, Ўрта Осиё, айниқса қадимги Фарғона ва Қанғ давлати, бу давлатлар аҳолисининг урф-одатлари, турмуш тарзи, хўжалиги ва ҳаёти ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўладилар.

Қанғ давлати. Хитой манбаларида Қанғ давлати Кангуй ёки Канцуй деб аталган. Хитой тарихчиси Си Ма Цян ўз хотираларида кангуйларнинг жойлашиши, ҳарбий кучи, урф-одати, уларга қўшни халқлар ҳақида қисқача маълумот беради. Кангуйлар ҳақида батафсил маълумот Бан Гу асарида ва бошқа Хитой муаллифларининг асарларида берилган.

Кангуйларнинг хўжалиги, маданияти ва турмуш тарзи ҳақида археолог олимларнинг қовунчи маданиятига оид ёдгорликларда олиб борган илмий тадқиқот ишлари тахсинга сазовар. Қангуй давлати ва унинг ташкил топган ҳудуди масаласида яқингача С.П.Толстов фикрига суянган ҳолда Ўзбекистон тарихида нотўғри тасаввурлар хукмрон бўлиб келди. Аммо, кейинги йилларда Тошкент воҳаси ва Жанубий Қозоқистонда олиб борилган кенг кўламли археологик қозишмалар Кангуй давлатининг жойлашган ҳудуди ҳақида тарихий ҳақиқатни юзага чиқарди. Бу масалада Я.Ғ Ғуломов, С. Г. Кляшторний, Ю.Ф.Буряков, К.Ш.Шониёзов, М.И.Филанович ва бошқалар катта иш қилдилар.

Авестода Канха, Птолемейда “кандар” (қанғар), “Шохнома”да турлар деб номланган қабила аслида саклар эди. Турон подшоларининг бош шаҳри Қанғдиз – ҳозирги Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Қанға шаҳар харобаси эканлиги аниқланди. Хитой манбаларига кўра, қанғарларда давлат бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Искандар ҳарбий юришларидан кейин Ўрта Осиёнинг қадимги эрксевар кўчманчи қабилалари жанубда Юнон-Бақтрия давлати ташкил топгач, дарҳол шимолда кўчманчи қабилалар ва ўтроқ аҳоли маҳаллий хокимликлари иттифоқи асосида ўз давлатини тузадилар. Бу давлат ярим ўтроқ, ярим кўчманчи қабилалар конфедерацияси сифатида ташкил топган Қанғ давлати эди. Мунтазам ҳарбий кучга эга бўлган бу давлат Ўрта Осиё жанубида таркиб топган юнонлар хукмронлигига қарши қаратилган эди.

Шуниси алоҳида тахсинга сазоварки, бу давлат аҳолиси икки тилда (суғдий ва туркий) сўзлашувчи қабила ва элатлардан ташкил топган бўлиб, бу заминда яшовчи қадимги эроний тилларда сўзлашувчи туб жойли халқларнинг Жанубий Сибир, Олтой, жанубий-шарқий Ўралорти, Шарқий Туркистон ва Еттисув вилоятларида яшавчи туркий қабилалар билан алоқалари, яқинлашиш жараёнлари жадаллашади. Натижада, милоддан аввалги III – асрдан бошлаб Сирдарёнинг ўрта оқими районларида туркий тилда сўзлашувчи янги этнос вужудга кела бошлайди. Милодий эранинг бошларига келганда бу янги этнос сон жиҳатидан кўпайиб, Ўрта Осиёнинг икки азим дарёлари оралиғида ва уларнинг теварак-атроф районларида ўз устунлигини таъминлайди ва улар алоҳида қанғар элати бўлиб шаклланади. Ана шу элат бирлиги асосида таркиб топган сиёсий уюшма, яъни ўзбек давлатчилик тизимининг бошлангич куртаги мана шу Қанғ давлати эди.

Қадимги манбаларда Қанғ давлатининг қандай идора қилинганлиги, давлат тузилиши қандай бўлганлиги тўғрисида маълумотлар етиб келмаган. Аммо, тўнғич Хан сулоласи тарихида (милоддан аввалги II-I асрларда) Кангуй подшоси ўз оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб иш тутиши ҳақида эслаб ўтилади. Осиёча ишлаб чиқариш принциплари асосида ташкил топган Қанғ давлатида оқсоқоллар кенгаши катта рол ўйнаган. Бу кенгашда қабила бошлиқлари, ҳарбий саркардалар фаол қатнашиб, муҳим давлат аҳамиятига молик масалалар ҳал этилган. Подшо ҳокимияти маслахат мажлиси (анчумана) билан ҳамнафасликда иш юритган. Бундай бошқарув услуби тарихда ҳарбий демократия принциплари асосида ташкил топган давлат тизими деб ном олган.

Қанғ давлатига қарашли ерлар бир неча вилоятлардан ташкил топган эди. Улар агар чорвадор қабилаларга тегишли минтақалар бўлса, уларни бошқариш жабғу (ябғу)ларга топширилган. Қанғ ҳоконлари мамлакатни ана шу жабғуларга таяниб бошқарар экан, улар, одатда, ҳоконларга яқин кишилардан, уларнинг қавму-қориндошларидан, йирик уруғ ва қабила бошликларидан тайинланган. Қанғ давлати таркибида бўлган ўтроқ аҳоли вилоятларини бошқариш эса маҳаллий ҳокимликлар тасарруфида қолдирилиб, улар ҳокон томонидан тайинланган тудунлар назоратида марказий ҳокимиятга мунтазам равишда солиқ (бож) тўлаб турган. Ана шундай тобе вилоятларга қадимги Хоразм, Суғд вилоятлари, Ўрол тоғолди районлари (аланлар, ян қабилалари) кирган.

Қадимги Хитой манбаларида Қанғ давлатининг чегаралари аниқ кўрсатилмасада, аммо, милоддан аввалги II- асрда Қанғ давлати Довоннинг шимолий-ғарбида бўлганлиги эслатиб ўтилади, яъни “Кангуй Даван билан чегарадош” дейилган. Милодий I-III асрларга оид кичик Хан сулоласи тарихида эса Шарқий Туркистон вилояти шимолда “канғуйлар билан чегарадош” дейилган. Хитой элчиси Чжан Цян берган маълумотларда ғарбий меридионал йўли ҳақида гап кетганда, бу йўл аввал Давандан, сўнгра Кангуйдан ўтиб, Янцай (аланлар) ерига ўтиб боради, дейилган. Хитой манбаларига кўра, Қанғ давлатининг асосий ерлари Тошкент воҳаси, Жанубий Қозоқистон , Талос водийси, Чу дарёсининг қуйи оқимлари, ундан то Сарисув дарёсигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган. Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар “ асарида ёзилишича Қанғ давлатининг пойтахти иккита бўлган. Манбада ҳабар берилишича, Кангуйнинг пойтахти Битьянда бўлган дейилади. С П. Толстов уларни дастлаб қадимги Хоразмдан қидирди. Аммо, ёзма манбаларни археологик ёдгорликлар билан қиёсий ўрганиш натижасида олимлар Битьян (Қанғдиз) Хоразмда эмас, балки Тошкент воҳасида жойлашганлигини исботладилар. Дарҳақиқат, Қанғ давлатининг қишки пойтахти сифатида Битьян айнан Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Канкатепа шаҳар ҳаробаси эканлиги аниқланди.

Канка, яъни қадимги Қанғдиз (Битьян) қадимги ипак йўли йўналишида жойлашган, милоддан аввалги III- асрда қад кўтарган йирик шаҳар бўлиб, унинг бизгача сақланиб қолган майдони 150 га. Унинг атрофи мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Шаҳар майдонида Қанғ ҳоконининг ўрдаси, шаҳар ибодатхонаси, савдо-сотиқ ва хунармандчилик мавзелари, йўллар, хавузлар, бозор майдонлари, турор-жой массивлари очиб ўрганилган. V аср ўрталарига келиб Қанғ давлати парчаланиб кетади, Канка эса энди Чоч маликларининг пойтахти бўлиб қолади. Бундай хулосага келишга гувоҳлик берувчи қўлимизда ашёвий далиллар бор, яъни Канкадан V асрга оид Чоч маликаларининг расми туширилган тангалар, лойга Чоч маликаларининг суръати босилган буйумлар топилган. Хитой манбаларида Қанғ давлати ҳоқонларининг қишки пойтахти Битьяндан бошқа ёзги қароргоҳи ҳам бўлган дейилади. Қанғ давлатининг ёзги қароргоҳи манбаларда эслатиб ўтилган Тарбанд (ҳозирги Ўтрор шаҳри ҳаробаси) шаҳри эди. Тарбанд топоними VIII асрга оид туркий тош ёзувида “Қанғу-Тарбанд” деб эслатилади.Тарбанд (Ўтрор) Қанғ давлати парчаланиб кетгач (V аср ўрталари), Чоч давлатининг таркибида қолади.

Шундай қилиб, Қанғ давлатининг иккита маркази бўлган. Улардан бири Канка (Қанғдиз) бўлиб, у Тошкент воҳасида, Сирдарёга яқин ерда жойлашган. Бу шаҳар археологик тадқиқот натижаларига кўра, милоддан аввалги III – асрда бунёд этилган бўлиб, у Қанғ подшоларининг доимий қароргоҳи бўлган. Арис дарёсининг куйи оқимида жойлашган Ўтрор (Тарбанд) эса Қанғ давлати ҳоқонларининг ёзги қароргоҳи бўлган. Қадимги Хитой манбаларида қанғарларга қарашли 5 та вилоят тилга олинади. Улар Сусие, Фуму, Юни,Ги, Юеган бўлиб, бу номлар Хитой тарихчилари томонидан берилган маҳаллий номларнинг хитойча таржималаридир. Тарихий жойлар ва шаҳарлар номларини хитойлаштириш (шундай ҳолат юнон тарихчиларида ҳам учрайди) хансуларга хос улуғ Хитой шовинизмининг асосий мақсади эди. Афсуски, маҳаллий номлар бизгача етиб келмаган. Улар ҳақидаги маълумотлар хитойча ном билан қадимги хитой манбаларида учрайди.

Милоддан аввалги I аср ўрталарида тўнғич Хан сулоласига мансуб Хитой императорлари буюк ипак йўлининг барча бўғинларида ўз назоратини ўрнатиш мақсадида аввало ҳунларни, сўнгра усунларни ўзига бўй сундириш йўлида сиёсат юритадилар. Милоддан аввалги 59 йилга келиб, улар Тяншан орқали ўтган шимолий йўлнинг Ёркентгача бўлган қисмини эгаллайдилар. Худди шу кезларда усун ва ҳун муносабатлари кескинлашган эди. Бундан фойдаланган Хитой усунларни ўзига иттифоқчи қилади. Қанғарлар эса ҳунлар билан иттифоқда бўлиб, усунлар устига қўшин тортиб боради. Натижада Хитой-Кангуй муносабатлари янада ёмонлашади. Чунки бу адоват милоддан аввалги II аср охиридан бошланган, яъни Қанғ давлати ўз ташқи сиёсатида Хитойнинг Довонга уюштирган (милоддан аввалги 104 ва 101 йиллар) ҳар икки юришида Довонга мадад бўлиб турган. Милоддан аввалги 65 йилги Ёркент қўзғолончиларига ҳам қанғарлар ёрдам қиладилар. Ўша кезларда қанғарларга халқаро майдонда оғир йиллар бўлди. Кейинроқ қанғарлар билан хунлар ўртасидаги дўстлик иттифоқига зил кетади. Бунга ҳун ҳукмдорининг парфянлар билан дўстлик аҳдини тузилиши сабаб бўлади. Чунки парфянлар билан қанғарлар ўртасидаги алоқа ёмон эди. Натижада ҳунлар қанғарларнинг ашаддий душмонига айланади. Энди қанғарлар Хитойга яқинлашиш йўлини ахтаради. Аммо, Кангуйга келган Хитой элчисига кўрсатилган муносабатни эслаб, Хитой сийсатдонлари Хитой-Қанғ ўртасида дўстлик алоқаларини тиклашга йўл қўймайдилар. Ҳатто улар қанғарларнинг ҳунлар билан иттифоқини ҳам бузишга муяссар бўладилар.

Хитой императорларининг қанғарларга нисбатан ташки сиёсатининг заминида қудратли Қанғ давлатини халқаро мавкеини заифлаштиришга қаратилган эди. Буни яхши тушунган қанғар аслзодалари хитойликларнинг босқинчилик ташқи сиёсатига доима қарши турадилар. Милодий асрнинг 80 йилларида Хитой қўшинлари Қанғ ва Довонни эгаллаш учун юриш бошлайди. Довонликлар Қанғ подшоларига ёрдам сўраб мурожат қиладилар. Қанғ ҳарбий қўшинлари душманни Қашғарда кутиб олади ва орада қаттиқ жанглар бўлади. Жангда қанғарларнинг қўли баланд келади. Саросимага тушган Хитой дарҳол ёрдам сўраб кушонларга чопар юбаради. Ҳудди шу кезларда қанғарлар кушонларга хирож тўлар эдилар. Ушбу мажорага кушонлар аралашгач, қанғарлар Қашғарни ташлаб чиқиб кетадилар. Хитой эса шармандаликдан қутилиб қолади. Биринчи асрда қанғарлар Бухоро ва Хоразмни эгаллайди. Аммо, бу вилоятлар тезда Қанғ давлати таъсиридан чиқиб, Кушон салтанати таркибига ўтади. Ғарбда эса қанғарлар Парфиянинг кучсизланиб қолишидан фойдаланиб, Янцайни (аланлар юртини) эгаллайди.

Қанғ давлатини иқтисодий ҳаётига келсак, Хитой тарихчиси Си Ма Цян уни кўчманчилар давлати деб ёзади. Аммо, милодий эранинг бошларига оид тўнғич Хан сулоласининг тарихида кангуйларни ўтроқ халқ эканлигига ишора қилинади. Кангуйларда қора мол ва қўйлар кўп бўлган, улар зотли отларни кўплаб етиштирганлар,чорва молларининг кўпчиллиги Қанғ подшолари ва уларнинг яқинларига қараган, деб эслатилади Хитой манбаларида. Шунинг учун бўлса керак, Қанғ ҳоқони ва унинг уруғлари баҳор келиши билан қишки қароргоҳдан ёзги қароргоҳга кўчиб юрган. Чорваси кам овам аҳоли эса воҳадан чиқиб кетаолмаган. Бу вазият қанғарларнинг қамбағал қисмини ўтроқ ёки ярим ўтроқ ҳаёт кечиришга мажбур этган. Хитой манбалари таҳлилига асосланган бундай хулосалар қовунчи ва жети асар маданиятлари ёдгорликларида олиб борилган археологик тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланади.

Дайюан (Даван) подшолиги. Қадимги Хитой манбаларида Қанғ давлатига нисбатан ҳам Даван подшолиги ҳақида кўпроқ маълумотлар келтирилади. Қадимги Хитой тарихчиси Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар” (Ши Жи“) асарида ёзишича: “Даван Хан сулоласидан 10 минг ли (Ли қадимда тахминан 0,5 км га тенг бўлган, ҳозир эса – 576 м. деб қабул қилинган) олисда бўлиб, ҳунларнинг ғарбий-жанубига, Хан (сулоласи) нинг айнан ғарбига тўғри келади. Даванликлар авлоддан авлодга ўтроқ ҳаёт кечириб келган экан. (Улар) деҳқончилик билан шуғулланиб, шоли, буғдой экар экан. Узум шароби чиқарар экан. Даванда асл отлар кўп бўлиб, мазкур отларнинг ҳаммаси тулпор отлардан экан. Баданидан қизил тер томчилари (ялтираб) чиқиб турар экан. (Даванда) шаҳар, қалъа, уй – иморатлари бор, катта-кичик 70 дан ортиқ шаҳарлар бор экан. Уларда 60 минг оила (300 минг одам) яшар экан. Бу давлат аскарлари ўқ-ёй, найза ишлатар экан ва улар отга минишга, ўқ-ёйдан фойдаланишда моҳир мерган экан. Шимолда Қангуй, ғарбда Да-юечжилар, жанубий—ғарбда Бақтрия, шимолий–шарқда Усун, шарқда Дандан уйлик, Удун бор экан”[2].

Бу асарда яъни “Ши Жи”да Даваннинг иккита пойтахти бўлганлиги, уларнинг бири Эрши бўлса, иккинчиси Ю (Ючен) эканлиги тилга олинади. Бу икки шаҳарнинг локализацияси масаласида олимлар ўртасида ҳозиргача илмий мунозара ва баҳслар давом этади. Ўзбекистон тарихининг 1950 йилда чоп этилган нашрида Даван хукмдорининг қароргохи Гушан (Ю-чен) ни Ўзган шаҳри билан таққосланади, Эршини эса А.Н.Бернштамга асосланиб Андижон вилоятининг Мархамат районида жойлашган Мингтепа деб кўрсатилади[3], Ўз даврида Н.Я.Бичурин Эрши бу Қўқон бўлиши керак, деган ғояни ўртага ташлаган. Э.Шаванна таҳлилига кўра, Эрши шаҳри Ўратепа ёки Жиззах бўлиши керак. Эрши шаҳрининг локализацияси масаласида А,Н,Бернштам таҳлилининг тарафдорлари кўпроқ[4]. Аммо, кейинги йилларда Эршини локализацияси масаласида А.Анорбоев янги ғоя билан чиқиб, Эрши бу Эски Ахсикентдир[5], деган асосли хулосага келади. Гушан (Ю-чен) эса Даван подшосининг ёзги қароргоҳи сифатида Косон ёдгорлиги ўрнида бўлган, деган фикрга кўпчиллик олимлар келган.

Милоддан аввалги II асрда, яъни Хитой элчиси Чжан Цян қадимги Фарғонага келганда, у бу юрт қишлоқ ва шаҳарлари обод, суғорма деҳқончилик ва хунармандчилик хўжаликлари юксак даражада ривожланган, кучли қўшинга эга мамлакат эди. Чжан Цян император саройига юборган ҳисобатида бу мамлакатни Дайюан деб атайди ва унинг аҳолиси жуда хуш муомилали, меҳмондўст, кўнгли очиқ одамлар эканлиги, улар қишлоқ хўжалиги экинларидан арпа, буғдой, шоли, беда, момиқ (пахта) экиб, улардан юқори ҳосил олишларини ёзади. Дайюанликларда боғдорчилик ривожланганлиги, улар узумдан кишини кайфиятини кўтарувчи ичимлик тайёрлашлари, ҳар бир хонадоннинг ер тўласида бир нечалаб катта хумларда бу ичимлик борлиги ҳақида шундай ёзади: “Дайюаннинг барча жойларида узум виноси тайёрлайдилар. Бой хонадонлар уни катта миқдорда тайёрлайди, бу ичимлик хумларда бир неча ўн йилларда ҳам бузилмай сақланади”[6]дейди. Дайюанликлар боғларида узумдан бошқа анор, бодринг, ёнғоқ ва бошқа мевали дарахтлар кўп бўлиб, Хитой тарихчилари бу меваларнинг Хитойда пойдо бўлишини Дайюан билан боғлайдилар.

Хитой элчиси Дайюанда кучли давлат тизими шаклланганлиги, унинг аҳолиси 60 минг оиладан (300 минг кишидан) иборат эканлиги, ҳар бир оила мамлакат мудофаасига биттадан, жаҳми 60 минг ўқ-ёй ва найза билан қуролланган, от устида камондан ўқ узувчи, найза санчгувчи моҳир жангчилар ажратиши мумкинлиги, давлат тепасида маҳаллий аслзодалардан чиққан хукмдор туришини ёзиб, улардан баъзи бирларини номини хитойчага ағдариб, Мугуа, Чан Фин, Янғлю деб атайди. Хитой ёзма манбаларига кўра, хукмдорнинг ёнида унинг энг яқин қориндошларидан иккита ёрдамчиси бўлган. Хукмдор давлат ишларини олиб боришда оқсоқоллар кенгашига суянган. Оқсоқоллар кенгаши хукмдор билан биргаликда давлат аҳамиятига молик ижтимоий, сиёсий ва диний масалаларни ҳал этган. Шу билан бирга, оқсоқоллар кенгаши ҳукмдор фаолиятини муҳим масалаларда назорат қилиб борган. Демак, Олий кенгаш олдида ҳукмдорнинг ҳуқуқи чекланган эди. Айниқса, уруш ва тинчлик, дипломатик масалаларда ҳал этувчи куч ва ҳуқуқ олий кенгаш қўлида эди.

Хитой манбаларининг хабар беришига қараганда, ўзга давлат ва унинг қўшини билан бўлган жангларда даванликларнинг мағлубияти учун олий ҳокимият эгаси-ҳукмдор оқсоқоллар кенгаши қарори билан ўлим жазосига тортилган. Император Удининг “Самовий дулдуллар” васвасаси ва Даванга уюштирилган икки ҳарбий юриши Чжан Цян Дайюанда бўлганида “самовий дулдуллар”га алоҳида эътибор берган. Унинг таҳрифлашича, бундай отлар гўёки қон терлайди. Чжан Цяннинг ташаббуси билан император саройига ҳар йили иккитадан аргумақ отлар юбариб туриш учун Дайюан подшоси Чанғфин билан шартнома тузилади. Хитой тарихидаги бир ривоятга кўра, “Самовий тулпор”ларни кўрган Хитой императори Уди ( мил.авв.140-87 йиллар) машҳур Хитой подшоси Мувонг (мил. авв. 1001- 947 й.) каби тулпор отларга миниб, ғарбга саёхат қилишни орзу қилади. Орзуга етиш иштиёқида Император Уди фол очтирганда, фолбин: “”Ҳосиятли отлар қуёш ботиш томондан чиқади”деб кўрсатганмиш. Удининг Хитой манбаларидаги Мувонг қилган ишларга қизиқиши бежис эмас эди. Чунки, Мувонг хитой тарихида кўп ғаройиб ишлари билан машхур улуғ инсон сифатида тасвирланади. Ривоятларда у Мутайзи номи билан 8 та тулпор отлар қўшилган соябонли аравада Ғарбга саёхат қилиб, авлиё она Шивангму ҳузурида меҳмон бўлган. Хитой тадқиқотчилари таҳлилига кўра, Шивонгму шимолий Ҳиндистон ва жанубий Туркистон заминида 4-5 минг йиллар муқаддам (Ҳиндистонда “Ума”, Туркистонда “Умай” номи билан) боқий ҳаёт рамзи, илоҳийлашган она образи сифатида тасвирланади. Умай онани зиёрат қилиш учун “тулпор отлар” ёрдамида қушдай учиб, булутларни ёриб ўтиб, минг чақирим йўллар босиб, у (Умай она) турган манзилга етиб бориши мумкин эди”[7]. Ривоятни тарихий ҳақиқат деб тушунган император Уди машҳур Дайюан тулпорларини қўлга қиритиб, Ҳоқонлигини шухратини оширса “Дунё ҳукмдори”, “Тангрининг ўғли” деб танилишига ёрдам беради деган орзу-ҳавасга берилади. Шу боис, у ашаддий душмони ҳунларга қарши ҳарбий иттифоқчи қидириш билан бирга айғоқчи зобит Чжан Цянни ғарбий мамлакатларга юбарган. Зобит Чжан Цяннинг вазифасига нафақат иттифоқчи топиш ва зотли отларга эга бўлиш кирган, балки у Дайюан, Да-юечжилар, Кангуй, Парфия каби мамлакатларнинг ҳудудий чегаралари, уларнинг бойлиги, иқтисодий қудрати, ҳарбий кучи, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида маълумотлар тўплашни кўзда тутган. Чжан Цян ахборатларида Да-юечжилар билан Кангуй подшоликлари ҳарбий куч жиҳатидан Хитойдан кучлироқ эканлиги, қолган подшоликлар эса улардан ҳарбий жиҳатдан кучсизроқ булиб, ҳунлар таъсирида эканлиги, аммо, уларнинг барчасида Хитой молларига катта қизиқиш мавжудлиги, айниқса Дайюан Хитой билан савдо-сотиқ қилишга иштиёқ билдириб, бу масалада улар мустақил сиёсат олиб боришлари мумкинлиги баён этилади[8]. Чжан Цянни Дайюанда бўлиши Хитой-Дайюан муносабатларини ривожланишига олиб келди. Хитойлилар император Удининг махсус истироҳат боғларида бедазорлар ташкил этиб, Фарғона тулпорларини боқабошлайдилар. Карвонлар усун мамлакатидан ҳам зотли отларни Хитойга олиб бориб, император Удини ҳурсонд қилишган эди. Уларни ҳам Ҳокон тулпор отлар сифатида эьзозлаган. Аммо, Фарғона “самовий тулпорлари”ни кўрганда, усун зотли отларини “тулпор” деб аташдан воз кечиб, уларни “узоқ қуёш ботиш оти” деб атай бошлади, Дайюан отларига эса ҳақиқий “тулпор от” деган ном беради[9]

Хитой савдо карвонининг Ўрта Осиё мамлакатларига борган элчилари ўз ахборатларида Хитойдан ғарбда жойлашган кўпгина давлатлар, жумладан Дайюан подшолигининг ҳарбий кучлари Хитойникига нисбатан заиф эканлиги, озгина куч билан бир ҳамла қилинса, улар ҳисобига буюк Хан сулоласининг территорияси кенгайиши мумкинлиги ҳақида хабар берадилар. Масалан, Дайюанга борган элчи Яв Дингхан “Даван ҳарбий куч жиҳатидан ожиз. Агар 3 минг аскар юбарилса, кучли ўқ-ёйлар ёрдамида Дайюанни тор-мор қилса бўлади[10] деб ёзади. Даван билан урушни тезроқ келтириб чиқариш мақсадида сафардан қайтган элчилар: “Дайюанда яхши отлар бор. (Уни) Эрши шаҳрига яшириб қўйиб, Хан элчиларига бермаётир” деб арз қиладилар[11]. Энди Хитой императори Даванга уруш очиш учун баҳона қидира бошлайди. Император Уди аёнлари билан маслохатлашиб, Дайюан подшолигидан “самовий тулпорлар” талаб қилиб, файқулодда ҳуқуқлар билан Че Ли бошчиллигида махсус элчилар гурухи ташкил қилади. Элчиларга Фарғона аргумақларини сотиб олиш учун олтин ва мисдан ишланган 600 га яқин “Зар от” ҳайкаллари бериб, шуларга “самовий тулпорлар”ни олмаштириб келишликни топширади[12]. Элчилар Эршига келиб, совға-саломни топширсада, Дайюан подшоси улар талаб қилган миқдорда тулпорларни бериб юбариши мумкин эмас эди. Шу боис, Хитой элчилари рад жавоб оладилар[13].

Мақсадларига эриша олмаган элчилар Фарғона ҳукмдорига ҳурматсизлик қилиб, уни ҳақоратлайдилар, унинг кўз ўнгида “зар от”ларни синдириб ташлайдилар[14]. Аммо, подшо мулойимлик билан оқилона жавоб қилиб, элчиларни пойтахтдан чиқариб юбаради ва Юченг (Ўзган) шаҳри ҳокимининг қўли билан уларни йўқ қилган[15]. Шундай қилиб, Хитой-Фарғона урушлари бошланиб кетди.

Хитой қўшинлари то Даванга етиб келгунларича ҳар бир қишлоқ ёки шаҳарда қаршиликка учрайди ва Юченг (Ўзган) да қаттиқ жанглар бўлиб, хитойлилар катта талофат кўради. Вазиатни Хитой қўшинлари учун танглигини тушунган бош кўмондон Ли Гуангли қолган-қутган кучларини йиғиштириб, Дўн Хуанга қайтиб кетади[16].

Улар қайтишда ҳам кўп қаршиликларга учрайди. Икки йил давом этган хитойликларнинг бу биринчи юриши ҳақида манбада шундай дейилган: “Улар Дўн Хуанга қайтиб келганида қўшиннинг ўндан бир қисмигина қолган эди. Ли Гуангли Хитой ҳоқонига аҳволни маълум қилади[17] . Мағлубиятдан хабар топган император Уди дарғазаб бўлиб, бу нохуш хабарни мамлакатда тарқалиб кетишидан чўчиб, Буюк Хитой деворидан ичқарига кириб олган сипоҳ бекларининг калласини олишга, қўшинни эса Хитойга киритмасликка фармон беради[18]. Хитой манбаларида бу мағлубият ҳақида император Удининг фикрлари келтирилган: “У Давандек кичик бир мамлакатни бўйсундира олмасак, унинг атрофидаги давлатлар яна Хан сулоласини менсимай қўяди. Усун, Бугун эллари ҳам Хан сулоласини назарга илмас бўлиб олади. Чет элликларнинг олдида масхара бўламиз, деб ўйлар эди”[19].Шармандаларча мағлубиятдан ғазабланган император Уди айбдорларни жазолаб[20], Даванга қарши иккинчи юришга жиддий тайёргарликни бошлаб юбаради.

Манбаларда хабар қилинишича, дастлаб Хитой қўшинига қарши Даванга ҳайрихоҳ қишлоқ ва шаҳарлар қаршилик кўрсатишмаган. Аммо, Хитой қўшини Бугур хонлигига келганда (Шарқий Туркистондаги кичик бир шаҳар-давлат) улар биринчи қаттиқ қаршиликка учрайди, таслим бўлишни истамаган шаҳар аҳолиси ва аскарлари икки кун давом этган қаттиқ жангларда қириб ташланади[21] Аммо, Хитой қўшинларидан Эршига 30 минг лашкар етиб келган эди ҳолос[22]. Демак, Бугурдан то Эршига боргунга қадар ҳам Хитой қўшинлари маҳаллий хокимликлар қаршилигига учраган ва йўл-йўлакай талофатлар кўрган, деган хулоса келиб чиқади.

Эрши ҳимоячилари шаҳар деворлари тепасига чиқиб, шинаклардан душмонни ўққа тутишган. Қамал узоққа чўзилиб (40 кун), Эрши мудофачилари таслим бўлавермагач, Хитойдан қўшин билан бирга келтирилган сув иншоатлари мутахасислари шаҳарга кирадиган сув йўлини тўсиб, шаҳарни сувсизликдан таслим қилмоққа киришадилар[23]. Қала бошлиги қудуқлар қаздириб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаб туради. (Бу тадбир “Бобирномада” Бобир эслатган “Обидуз”, яъни яширин сув йўлини эслатади).

Қамал жараёнида мудофаачилар Кангуй қўшинлари даванликларга ёрдамга келаётганлигини хабар қилиб, Хитой қўшинини ташвишга сола бошлайдилар. Лекин, қанқаликлар негадир ёрдамга шошилмас эдилар. 40 кунлик қамалдан сўнг Хитой қўшинлари девор тешар қуроллари ёрдамида шаҳар ташқи мудофаа деворини бузиб киришга эришадилар. Шаҳар аҳолиси ва мудофаачилар эса ички шаҳарга кириб олишга улгурадилар.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, археолог А. Анорбоев “Эрши-бу Эски Ахсининг ўзгинасидир,” деган хулосага келганда, у ҳақли эди. Чунки Ахсикент шаҳри Даван ҳокони қароргохи жойлашган арки аҳлодан ташқари мудофаа деворлари билан ўралган икки қисмдан, яъни ички ва ташки шаҳристонлардан иборат. Хитойлилар ташки шаҳристон деворларини бузиб, шаҳар ичқарисига кирганда, улар фақат ташқи шаҳристонни эгаллаган, мудофаачилар эса шаҳар аҳолиси билан ички шаҳристонга жойлашиб олишган. Бироқ, узоқ давом этган қамал таъсирида даванлик аслзодалар орасида, орқадан Кангуйдан амалий ёрдам келавермагач, ховотирланиш бошланади.

Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар” асарида ёзилишича, “Дайюан аслзодалари ўзаро кенгашиб” душма хужумининг асосида, биринчи навбатда, элчи Че Лининг ўлими ва “самовий тулпорлар”га эришиш ётганлигини муҳокама қиладилар. Ҳокон Мугуа ва унинг тарафдорлари душмонга тулпорлар бермасликка аҳд қилиб, қаршилик кўрсатишни давом эттириш керак, кангуйдан келадиган ёрдамни кутиш керак, деб қатғий туриб оладилар. Ташқи ёрдамдан умидини узган аслзодалар (улар кўпчиллик бўлган кўринади) эса вазиатни мудофаачиларга жуда оғирлигини айтиб, хитойликлар талабини қондириш кераклигини таъкидлайдилар. Кўпчиллик аслзода ва мудофаа сардорларининг “агар душмон қуршовни бўшатмаса, кучларимиз яна бир марта қаттиқ жанг қилишга етади ҳолос”, сўнг эса иложсизликдан таслим бўламиз. Хитойликларнинг талабидан келиб чиқиб, қайсар Мугуани ўлдириб, тулпорларни уларга чиқариб бермасак бўлмайди, деган қарорга келадилар.

Ниҳоят, оқсоқоллар кенгаши бир қарорга келади. Бунга кўра, Мугуа ва “самовий тулпорлар”ни душмонга топширишга келишилди. Аслзодалар биргаликда Мугуани ўлдирди[24]. Сўнг эса Хитой манбаларида хабар беришига қараганда, “Аслзодалар Мугуани калласини кўтариб келиб, “Эрши сангун” (Эрши юришининг кўмондони) билан кўришди ва шарт қўйиб, “Хан қўшинлари бизга хужум қилмасин! Биз асл отларни чиқариб берамиз. Ўзларинг танлаб оласизлар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаймиз. Агар гапимизга кирмасаларинг барча “тулпорлар”ни ўлдириб ташлаймиз. Кангуйдан келадиган қўшин ҳам келиш олдида турибди. Улар етиб келиши ҳамон, бизнинг қўшинларимиз ички томондан, Кангуй қўшинлари ташқаридан Хан қўшинларига хужум қилади. Қайси бирига розисизлар”дейдилар[25].

Эрши мудафаачилари томонидан таклиф қилинган шартларни Ли Гуангли штабида ҳар томонлама муҳокама қилган кўринади. Даванликлар ваъдага вафо қилиб, хитойликларга 3 минг зотли отларни танлаб олишларига имкон беради. Бош кўмондон Ли Гуангли Фарғона давлатининг собиқ хукмдори кекса Моцайни Даванга подшо этиб тайинлайди. Ли Гуангли армияси тегишли озиқ-овқат захираларини олиб, бир неча гурухларга бўлиниб, Эршини тўлиқ эгаллай олмай, Хитойга қайтади[26]. Гурухларга бўлиниб, Хитойга қайтган қўшин ичида қаттиқ тартиб бўлмаганлигидан, армия сафига олинган собиқ жиноятчилар йўл-йўлакай қишлоқ ва шаҳарларни талайдилар. Ўзган аҳолиси хитойликлар талаб қилган озиқ-овқат ва ем-хашак етказиб беришдан бош тортиб, Ўзганда талончилик билан шуғулланаётган Хитой отрядини бутунлай қириб ташлайди. Теварак-атрофни талаш билан банд ҳарбий қисмлар яна Ўзганга қайтиб, икки орада қаттиқ жанглар бўлади. Ўзган мудофаачиларидан Қанғ давлатига қочиб кетган шаҳар ҳокимини хитойликларга топширишни талаб қилинади ва уни қўлга киритгач, бошини танасидан жудо қиладилар. Бироқ бу ҳам Хитой қўмондонлигини қаноатлантирмайди. Ўзган мудофаачилари янада қаттиқ қаршилик кўрсатишга ўтадилар. Натижада Хитой отряди катта талофат кўради. Қочиб қутилган душман аскарларининг қолдиқлари зўрға “Эрши сангун” қўшинига бориб қўшилади[27]. Хитой армияси Давандан чиқиб кетиши биланоқ, аҳоли кекса Моцайни тахтдан тушуриб, Мугуанинг инисини ҳукмдор қилиб кўтарадилар.

Фарғона юришида Хитой учун катта талофатлар бўлишига қарамай, ҳокон Уди Ли Гуанглини катта ғалаба билан табриклаб, унга “Хансу тўраси” унвонини беради ва 8 минг хонадонли ер суюрғол қилинади. Урушда қатнашган 3 ҳарбий амалдор вазир этиб тайинланади, 1000 қопдан ортиқ маош оладиган одамлар сони мингдан ошиб кетади. Урушга сафарбар қилинган бандитлар гуноҳидан ўтилиб, уларга берилган жазо хукмлари бекор қилинади. Аскарларга 40 минг пул ёки ўша пулга тенг келадиган молу-дунё инъом қилинади[28]

Шундай қилиб, Хитой қадимги Фарғона подшолигига қарши ҳар иккала юришида ҳам амалда ғолиб чиққан эмас. Биринчи юришда Эршига етиб кела олмай, Лубнорда қаттиқ қаршиликка учраб, Ўзганда катта талофат кўриб, Хитойга қайтиб кетган. Иккинчи юришда урушга пухта тайёргарлик кўришига қарамай, Эршини батомом таслим этаолмай, атиги 3 минг от ва Мугуани ўлимига эришиб, 50 мингдан ортиқ аскардан ажраб ватанига қайтиб кетди. Даван эса дипламатияни ишлатиб, она Ватанни мардларча ҳимоя қила олди, Хитой олдида мустақилликни сақлаб қолди. Кичик бир подшолик антик даврининг буюк империяларидан бири Хан сулоласини кўзини очиб кўйди. Бу даванликларнинг буюк ғалабаси эди. Аждодларимизга хос ватан озодлиги, ватан қайғуси билан яшаш, унинг парлоқ келажаги йўлида мардларча курашга доим тайёр бўлган халқнинг она-ватанга бўлган садоқатининг бир намунаси эди.

Кушонлар антик даврининг қудратли давлатларидан бири сифатида Хувишка, Васидева (Васишка) даврида ҳам Канишка олиб борган давлат сиёсатини давом этдирадилар. Негадир, Кушон империясининг III-IV асрлар давридаги сиёсий ҳаёти ҳақида ёзма манбалар деярли маълумот бермайди. Археологик манбаларни камёб ёзма манбалар билан қиёсий ўрганиш натижаларига асосланиб, тарих фанида кушонлар III асрдан бошлаб орқага кетабошлайди, деган тасаввур шаклланган. IV аср охирларига келиб, бир томондан сосонийлар, иккинчи томондан хионийлар ва кидарийлар томонидан берилган зарбалар натижасида кушон давлати парчаланиб, фақатгина Марғиёнадаги сосоний хукмдорида “кушоншоҳ” унвони сақланиб қолди ҳолос.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, қадимги Бақтрияда бошланган кушонлар даври тарихи милоддан аввалги I аср охирларидан (Гуйшуан князи Кудзуло Кадфис ўзини Гуйшуан подшоси деб эълон қилгандан) милодий IV аср охирларигача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу давр икки босқичдан иборат. Биринчи босқич илк кушонлар (Кадфис 1, Вима Такто ва Кадфис 2) даври бўлиб, бу даврдаги кушонлар тарихи асосан Ўрта Осиё ҳудудлари билан боғлик. Иккинчи давр-Канишка ва унинг ворислари даври бўлиб, кушонлар тарихининг сиёсий майдони асосан шимолий-ғарбий Ҳиндистон бўлиб қолади.



[1] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. Ханнома. Ўримчи-1994, 452 бет.

[2] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. Тарихий хотиралар (“24 тарих” даги Ўрта Осиёга оид материаллар тўплами) . Урумчи- 1989, 489-490 бетлар.

[3] История народов Узбекистана, том 1, стр.110. Ташкент-1950.

[4] Матбобоев Б.Х. Ўзбек давлатчилигининг илк босқичларида Фарғона. 35-36 бетлар. Тошкент-2001/

[5] Анорбоев А. Қадимги ва ўрта асрларда Ахсикент. «Ўзбекистон тарихида қадимги Фарғона» тщплам.. !0-11 бетлар. Тошкент-2001.

[6] История народов Узбекистана. Том 1, Ташкент-1950, стр.110.

[7] Қурбон Вали. “Шивонгму” ривояти ҳақида янги мулоҳаза. “Бизнинг тарихий ёзувларимиз” Уримчи-1986, 37 бет.

[8] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. Ханнома. Ўримчи-1994, 447-449 бетлар.

[9] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. Тарихий хотиралар. 526 бет.

[10] Си Ма Цян. Ўша асар, 508 бет.

[11] Си Ма Цян. Ўша асар, 508 бет.

[12] Ўша асар, 508, 527 бетлар; Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли..., 457 бет.

[13] Си Ма Цян, ўша асар, 508 бет.

[14] Ўша асар, 508 бет.

[15] Си Ма Цян. Ўша асар, 508; Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ...., 458 бет.

[16] Ўша асар, 510 бет.

[17] Си Ма Цян. Ўша асар, 510 бет.

[18] Ўша асар, 510 бет.

[19] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ..., 460 бет.

[20] Си Ма Цян. Тарихий хотиралар, 511 бет.

[21] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ..., 462 бет.

[22] Си Ма Цян. Фарғона таскираси. Тарихий хотиралар. 1 жилд. Ўримчи-1989. 512 бет.

[23] Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли таржимаи ҳоли. ..., 462 бет.

[24] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”, 512-513 бетлар.

[25] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси.”Тарихий хотиралар.” 513 бет.

[26] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”, 513-514 бетлар.

[27] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”. 515-516 бетлар.

[28] Си Ма Цян. Фарғона тазкираси. “Тарихий хотиралар”, 516 бет; Бан Гу. Чжан Цян, Ли Гуангли...466 бет.

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Бизни кемиргувчи иллатлар (1915)
13.03.2014 23:48    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.

Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда «Ло талаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи», яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврузи кофири учун сайр этармиз.

Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент қасабасидаги наврўз сайриға мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ўндан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати малъунонасиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйиға озуқаси йўқ, ҳўкузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндидек парастиш этибу ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрға кўпкари чопмоқ учун. Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди-кетди. Экин биргина кун кейин сепилган учун пишмай қолар. Биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирманлар чириб кетар.

Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элтиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ҳолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар. Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни нафъимизға амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан[1] ташқарими, Худо учун сўйлангиз. Биз нима?!

Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларға: «Ўлукни молидан аввалан ўлукға керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан -қилиб, дафн қилмоқға сарф қилинсун, сўнгра қарзини берилур. Сўнгра ортган молларни варасасиға мувофиқи шариат тақсим қилиниб берилур», — дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзға бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8—10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими? Беш-олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга адрас, азойи ва ғаниларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, ҳам отадан, ҳам ватандан айрилди-кетди. Бир ўртаҳол, бир бечора фақир ўлар. Онинг ғани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обрўй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар. Эй, уйинг обод, обрўй қилғувчи! Ўлган ул, санга нима? Сан, ғани, ўз ўлукингға обрў қилгонинг бас эмасми?

Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Ўзи сотмаганда судға сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемир-гувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур.

Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20—30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларға ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасига инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма — ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиёдаси ватансиз, ерсиз, дарбадар бўлатургони маълум ва ошкордур.

Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бириға никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурға, маҳкамаға, бонкаға кириб вазифа олса. Энди ноилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса, муздурлик ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни тўядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устиға тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорға ёниб кул бўлмоқдан бошқа илож йўқдур. Эллик сана муқаддам бир қариш ер бир пул экан, энди бир олтун ва келарға ер олтунға ҳам топилмайдур. Қирим ва Қафкоз мусулмонлари-да бизлардек ер қадрини билмаслар экан. Энди Қиримда бир таноб (600 сажин) ер ўн минг сўмдан ўттуз минг сўмғачадур.

Биз бир таноб еримизни 200 сўм сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «ерни хўб пулға урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишидек муқаррардур.

Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи фақру заруратдан, тўғриси, ақл ноқислигидан ҳавлиларини пулға қизиқиб яҳудийларға сотган учун маҳаллаға оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжиди-да яқинда йўқолур. Мана, бизни ақлсизлигимизни охири ва исрофларимизни хотимаси динимизға футур келмоқиға сабаб бўлур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва-дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.

Қо эътабару йо аввал ул-абсар![2]

«Ойна» журнали, 1915 йил, 13-сон, 338—342-бетлар.

 


25 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин