Саналар
24.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Шердор мадрасаси (1913)
13.03.2014 23:41    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ШЕРДОР МАДРАСАСИ

Ушбу мадрасаи олия Туркистон подшоларидан Имомқулихон ҳазратларининг давринда сипоҳсолор ва ҳам Самарқандға волий бўлғон Абдулкарим Ялангтўш Баҳодир тарафиндан бино қилингандур.

Ялангтўш Баҳодир Самарқанд аскари ила Хуросон ва Машҳадни истило этиб, ул тарафдан келтурғон амвол, ғанойим ила Самарқандға ушбу Шердор ва ҳам Тиллакори мадрасаларини бино этибдур. Бу мадрасалар дохилан ва хорижан чиний мулавви коши ила зийнат берилиб кошиларини аксари гўё бугун усто ва санъаткор қўлидин чиқғон кабидур.

Тарих биноси Шердор мадрасасини дохилий ва ғарбий тоқинда чиний музойиқ ила зердаги важҳ узра назман ёзилгандур...

Шердор мадрасасининг мадхали ва жабҳаси ғарбдаги Мадрасаи Мирзо Улуғбек Кўрагоний мадрасаси моҳазисинда мутаважжиҳ ва иккиси юз ба юз бир шаклда бино қилинган. Иккиси фосиласи юз аршин ва ораси тош фарш қилинган васиъ бир майдондурки, Регистон аталур.

Регистоннинг шимоли ва жануби катта йўл бўлуб, шимолидаги каноринда болода зикр қилингон икки мадраса рукн ва зовияларига муқобил Тиллакори мадрасаси мабнидур. Шердорнинг самти хориждан ҳадди ғарбия ва шарқияси 82 аршиндан, шимолий ва жанубий жиҳатлари 95 аршиндан бўлуб, жамъан 779 мураббаъ аршин ерни муҳтавийдур.

Шердорни саҳни дохилиясининг ғарбий ва шарқий ҳадлари 54 аршиндан, шимолий ва жанубий тарафлари 52 аршиндан бўлуб, вусъати 2808 мураббаъ аршин ва ери мармар тош ила фарш бўлуб, тўрт жиҳатдан ҳужралар ва тўрт катта равоқнинг жабҳаси ушбу мураббаъ саҳнга мутаважжиҳ ва нафси иморатни ўрни 4910 мураббаъ аршин ерни шоғилдур. Мадраса икки ошиёна бўлуб, 64 ҳужра, икки катта дарсхона, дохилан тўрт катта тоқни мужтамилдур...

Пештоқнинг хорижий жабҳасинда меҳробнинг икки тарафинда бир-бириға муқобил йкки шер (арслон) шаклини мусаттаҳ чиний ва кошилар ила арслон рангида мулавван тасвир қилингани учун Мадрасаи Шердор аталибдур. Арслон нақшасининг асари бу кунда ҳам маълумдур. Мадраса ва миноранинг бошқа жиҳатларинда тасвир йўқ ва аксарият ила ояти ҳадис ва тарихи абётни мармарларға музойиқланган ва коши мулавван чинийлар ила ёзилгандур. Мадраса минора ва қуббаларининг бутун сатҳини араб, эрон, ҳинд услуб наққошиси узра мулаввун чиний ва рангоранг коши ила ниҳоят нафис суратда нақшлангандурки, тўрт аср бўлган бўлса ҳам кошилар офтоб ва ой нурини акс этдурар ва кўзни қамашдурар.

Минора мадхалиға етгандан сўнгра минора ичиндаги 56 зина воситасила миноранинг шарафаси устинда минилур. Энди ушбу буюк минора устидан Самарқанд фирдавсмонандининг зумурраддин боғу бўстонлари, хушоҳанг латиф наҳрлари, тўғри ва аважожлик йўлларини тамошо этиб, Самарқанд шаҳри офоқнинг атрошом, соғлом, нафис ҳавосини шимитмали ва бу муборак офоқдаги юзлар ила тариз тоғ парчаларидек мадраса, дахма, қубба, масжидларни сайр қилмали.

У муборак қубба, дахма ва буқъалар боний ва сокинларининг мозийға мадфун ва мужассам тарихий ва диний қаҳрамонликларини ёд этиб, баҳри таоммиқиға маҳв ва ғарқ ўлмали.

«Ойна» журнали, 1913 йил, 1-сон, 69-бетлар.

 
Помпейнинг сўнгги куни
21.07.2014 07:01    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«Қанчадан-қанча қишлоқ-шаҳарлар борки, ўз Парвардигорлари ва Унинг пайғамбарлари амридан бош тортгандирлар, бас, Биз улардан қаттиқ ҳисоб-китоб олганмиз ва ёмон азоб билан азоблаганмиз. Бас, у (қишлоқ-шаҳарларнинг) аҳли ўз иш-қилмишларининг зиёнини тотдилар ва бу ишларининг оқибати зиён тортиш – ҳалокат бўлди». (Талоқ сураси, 8-9)

Бу даҳшатли фожиа ёз кунларининг бирида рўй берди. Тинимсиз пишқираётган Везувий оғзидан отилиб чиққан қайноқ кул ва лава одамларни тириклайин жизғанакка айлантирар, қочишга улгурмаган жонзот борки, мислсиз азобга дучор бўлар эди. Помпейликларнинг тўкин-сочин ва шод-хуррам ҳаётлари якун топди, улар қурган ахлоқсиз жамият ер юзидан йўқ бўлиб кетди.

Помпейга эрамиздан аввалги ВИ асрда асос солинган. Савдо йўлида жойлашганлиги шаҳарнинг қисқа муддат ичида ривож топишига туртки бўлди, муҳим савдо-сотиқ ва саноат марказига айланди. Шаҳар бир неча даҳалардан иборат бўлиб, илғор меъморчилик услубларидан фойдаланилган ҳолда барпо этилган эди.
Турли маъбудларга бағишланган ҳашаматли ибодатхоналар, театрлар, 20 000 томошабинга мўлжалланган амфитеатр шаҳар кўрки ҳисобланарди. Помпейда ўттиздан ортиқ новвойхоналар ишлар, у ерларда ёпилган нонлар сотиш учун ён атрофдаги шаҳарларга ҳам жўнатиб турилган. Шунингдек, бу ерда жун газламалар ишлаб чиқариш ҳам яхши йўлга қўйилган эди.

Помпейликлар айш-ишратга муккасидан кетган халқ эди, фоҳишахоналар очиқ ишлар, баччавозлик ва ахлоқсизликнинг ҳар қандай кўриниши уят саналмасди. Қазишмалардан маълум бўлишича, помпейликлар хонадонлари эшигига шаҳвоний расмлар илиб қўйишни жуда яхши кўришган экан, бундан ташқари, уйларини турли ҳайкаллар билан безашган, кундалик ишлатадиган буюмларини ҳам шаҳвоний кўринишда ясаттиришган. Помпейнинг донғи бутун Рим империясига, қўйингки, қўшни салтанатларга ҳам ёйилган эди. Ишрат излаган одамлар бу ерга оқиб келарди. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, машҳур саркарда Ганнибал Италияга ҳужум қилган пайт унга Помпейни ҳам ишғол қилишни таклиф қилишади. Саркарда йўлга тушади, аммо манзилнинг ярмига етганида ортга қайтишга қарор қилади. Чунки Помпейни ҳеч бир қўшин ишғол қила олмаган эди. Ишғол қилганлари ҳам кейинчалик жанг қилишдан бош тортиб қолишарди. Сабаби оддий – ҳеч бир аскар «лаззат макони»ни ташлаб кетгиси келмасди.
Одамлар бу кайфу сафо ҳеч қачон тугамаслигини жуда-жуда исташар эди.

Эрамизнинг 62 йилида Помпейда кучли зилзила юз берди, кейинги йиллар давомида бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Бу эса ўз навбатида юз йиллардан бери ухлаб ётган Везувийнинг яқин орада уйғонишидан дарак эди. 79 йилнинг 24 август тонгида Помпей осмонида кул булути пайдо бўлди. Ҳа, Везувий ўз қаҳрини ён атрофга соча бошлаган эди. Шундоққина вулқон этагида жойлашган Геркуланум шаҳри қайноқ лава остида қолди. Дам-бадам ернинг титраши, осмонда қора булутларнинг сузиб юриши помпейликларни кўпам ташвишга солмади. Улар ўзларини фалокатдан узоқ санаб, бу ваҳималар тез орада ўтиб кетишига ишонишган эди. Шунинг учун ҳам барча ўз юмуши билан овора бўлди: новвойлар нон ёпишга тушиб кетишди, сотувчилар савдога тайёрланишди, фоҳишалар эса мижоз кутиб олишга. Ана шу ғафлат уларни ҳалокат томон етаклаб келди. 25 август тонгида Помпейда тирик жон қолмаган, шаҳар уч метрли кул қатлами остига кўмилиб қолган эди. Одамларнинг қочишга улгурмаганидан тушуниш мумкинки, ҳалокат жуда қисқа муддат ичида юз берган.

Помпейда олиб борилган қазишма ишлари бу шаҳарда яшаган одамларнинг ахлоқан тубан қиёфасини очиб берди: фалокат яқинлашганини билса ҳам одамлар айш-ишратни тарк этишмаган эди. Кўпчилик – ёшлар (ҳатто болалар) ҳам, қарилар ҳам бузуқчилик устида тошдай қотиб қолган эди.

Аброр Машарипов тайёрлади.

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Туркистон (1913)
13.03.2014 23:40    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ТУРКИСТОН

Туркистон Осиё васати ва ёинки Туронзаминдан иборат ва турк қавмининг мухталиф уруғлари ила маскун бўлуб, ҳол-ҳозирда Туркистони Русий ва Туркистони Чиний қисмлариға бўлунур. Туркистоннинг бир қисми Афғонистон ҳукуматининг тасарруфида бўлуб, Туркистон ёинки Чаҳор вилоят аталур. Қирғиз-Қозоқистон ва ёинки Арози саҳроия ҳам Туркистондан ҳисоб қилинодур. Аммо мунда ҳозирги тақсимоти сиёсияси юзасидан фақат Туркистони Русийни баён қилинадур.

Туркистон музофотининг ҳудуди ғарбан Баҳри Ҳазар (Каспий) денгизи, шимолан Урол ерлари ва Арал денгизи ва аксарият Туркистоннинг Қирғиз-Қозоқистон қитъаи васиъяси, шарқан Туркистон Чини, жанубан Афғонистон ва Эрон мамлакатлариға муттасилдур.

Бухоро ва Хива хонликлари ушбу ҳудудға дохил ва Туркистоннинг жанубий тарафинда воқеъ бўлуб, Бухоронинг ерлари Афғонистонға муттасилдур.

Туркистон вилоятлиғи облустларға бўлунуб, вилоятлар санжоқ уездлардан ташкил топилиб, баҳор вилоятға ҳарбий волий (военной губернотир) мансуб бўлуб, ва бутун Туркистон музофотини бир бош волий генерал-губернотир идора этиб, маркази ҳукумат Тошканд шаҳридур.

Туркистон музофотининг ҳозирги тақсимоти ушбудур:

Вилоят ва уезд ери

Мураббаъ чақирим

1902 йилдаги барча халқи

Закаспийский (Моваробаҳри ҳазар)

501 696

409 000

Ишқобод уезди

86 650

102 000

Красноводский

101 000

59 000

Манғишлоқ

160 254

67 000

Марв

110 795

131 000

Тажанд

33 997

50 000

1910 йилда

Самарқанд вилояти

81 891

900 202

Самарқанд санжоқи

17 060

362 217

Диззах

43 410

241 343

Каттақўрғон

4 994

135 567

Хўжанд

14 477

221 245

1904 йилда

Сирдарё вилояти

441 837

1 629 000

Тошканд уезди

48 090

492 000

Авлиёота

62 144

307 000

Ғаззолий

58 528

155 000

Оқ масжид (Серовский)

90 134

148 000

Чимкент

95 820

314 000

Амударё қитъаси

97 098

213 000

Фарғона вилояти

140 668

1 726 000

Марғилон санжоқи

14 069

359 000

Андижон

13 333

386 000

Хўқанд

13 110

402 000

Наманган

15 273

392 000

Ўш

24 880

174 000

Помир

60 000

2 700

Семиречинский (Еттисув вилояти)

228 966

1 090 000

Верний (Олмати уезди)

45 588

248 000

Жаркент

25 587

136 000

Лепсинский

43 876

200 000

Қапол

75 797

150 000

Пишпак

77 683

194 000

Пржевальский

40 435

163 000

Жами

1 395 057

5 604 362

Туркистонда халойиқдан юзда тўқсон бешдан зиёдаси мусулмон бўлуб, ҳар бир юз нафар одамдан тўрт нафар қадари насоро ва яҳудийдур.

Туркистон халқини(нг) юқоридаги адади оздур. Орий, 1897 йилинда Русия ҳукумати амри ила умуми таҳрири нуфус бўлуб эди. Аммо бир тарафдан, рўйхатчи мирзоларни(нг) танбаллиги, дигар тарафдан мусулмонларни «Русия ҳукумати аскар оладур» ёинки «Жон бошидан солиқ оқча оладур» деб ҳақиқий ададни кўрсатмаганлари сабабли ҳисобни натижаси оз зоҳир бўлгандур. Болодаги рақамға бир сулс ва ақлан бир рабъ яна қўшмоқ керакдур.

«Ойна» журнали, 1913 йил, 1-сон, 2—5-бетлар.

 
Ҳақни олиш истаги
12.09.2013 22:20    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўтган асрнинг йирик шахсларидан Алихонтўра Соғуний қазратлари ўткир зеҳн соҳиби, тарих илмининг, айниқса, Ислом тарихи ва Туркистон тарихининг зукко билимдонларидан эди. Сермазмун ҳаётининг охирги 30 йили давомида Соғуний ёзиб қолдирган улкан илмий мерос ичида «Туркистон қайғуси» тарихий асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарда у зотнинг йигитлик ва камолотга етган даври хотиралари асосида ўз эътиқоди, дунёқараши, Ватанимиз тарихи сабоқлари, кейинги авлодлар улардан қандай хулосалар чиқармоғи лозимлиги тўғрисида ўй-фикрлар ифодасини топтан. Қуйида мазкур асардан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Ватаним мени суймас экан, мен уни севганлигимдан, улусим мени танимас экан, мен уни таниганлигимдан, Ватан устида бўлаётган тарихий ўзгаришларни ва ҳам бунинг келажакдаги яхши-ёмон натижаларини кўрсатиб, Ватан болаларига улгу (намуна) бўлғудек, бошқалар ундан ибрат олғудек тарихий бир асар ёзишга киришдим. Бироқ, мен ёлғизгина исломпараст эмас эдим, балки яралишимдаёқ инсонпараст эдим. Халққа қайси йўллиқ яхшилик қила олғайман деб, ёшлик-йигитлик даврларимни ғам-ғусса кунлари билан ўтказдим. Энди соч-соқолим оқариб, қарилигим етди. Ёшим саксонга эришиб, ички-ташқи кучларим орқага чекинди, қарилик юки остида букула туриб, олдимизда кўрина бошлаган ҳалокат чуқури яқинлашётганига чидаёлмай, келажак бўғин наслларимиз ғамхўрлиги учун, ҳар ёқлама қийинчиликлар бўлса ҳам, шу тарихни ёзишга бошладим. Қаламим тилидан дардлик сўзларим қонлик кўз ёшима қўшилиб, бу китоб варақлари юзига тўкилмиш эди. Шунинг учун бунинг отини « Туркистон қайғуси» қўйдим...

Агар маданият деб кўринишда ободон, ҳақиқатда хароб, шу динсизлар, одоб-ахлоқсизлар (яъни, Оврупо) маданиятини айтадиган бўлсак, улуғ хато қилган бўламиз. Чунки дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам етказиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқараётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса, шубҳасиз, шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас тармоғидир...

Агар қўлида шароит бўлатуриб, бир қонуний мамлакатда ўз қонуний ҳаққига эга бўлолмаганлар кишилик шарафидан ажраган, инсоният ҳаққини танимаган, одам суратлик ҳайвонлардир. Чунки шароити топилса ҳам, ўз ҳаққига етолмаслик эса ожизлик устига ишга ярамаслик демакдир. Бундай одамларни ўтган донишмандлар мисол келтириб, оғзидаги нонини итга олдирган қўл-оёғи соғ, қуроллик кишига ўхшатадилар.

Мана шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тубандаги уч нарсадан бек (қаттиқ) сақланишга буюрмишдир: ожизлик, қўрқоқлик, дангасалик. Шароити бўлатуриб, ўз ҳаққига эга бўла олмаган кишини арабчада «ожиз» дейилади. Киши нима нарсадан қўрқса, шу нарса қўрқувчи бошига бало бўлиб, анинг олдида мағлубиятга учрайди. Қўрқоқлар кўп яхшиликдан қуруқ қоладилар. «Тани соғ бўлса ҳам, бекорчи, дангаса одамлардан Худо безор», дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом. Яна Пайғамбаримиз айтишларича, ҳар бир ақли бор одамлар ўз ҳолатларини текшириб туришлари, ўз замонасига тўлиқ, яхши тушунишлари, албатта, лозимдир».

Муҳаммад Собир тайёрлади

 
Николай II тирикми?
21.07.2014 07:00    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Тарихда ёзилишича ва биз шу кунга қадар ишониб келган маълумотларга кўра, Россиянинг энг сўнгги подшоси Николай II ва ўша даврнинг сарой маликалари бўлмиш буюк княгинялар - шоҳнинг хотини ва қизлари 1918 йилнинг июлида болшевиклар ҳукумати томонидан отиб ташланган эди. Аммо буни қарангки, буларнинг барчаси уйдирмага ўхшаб қолди.

Маълум бўлишича, Русиянинг сўнгги ҳукмдори яқин йилларга қадар ҳам Серпухово яқинидаги 17-ўта махфий объектда яшаб келган. Бундан ташқари, ҳукмдорнинг қизи, улуғ княгиня Олганинг ўлимидан сўнг дафн этилиш сирини эса Ватикан узоқ йиллар махфий сақлаган.

Гап шундаки, Дания Қироллигидаги Петропавловск ибодатхонасидан Александр учинчининг хотини, яъни Николай II нинг онаси бўлмиш императритса Мария Фёдоровнанинг хоки кўчирилиб, қайта дафн этилади.Бу норасмий маросим 1998 йилда ўтказилиб, айнан Николай II ва унинг оила аъзоларининг қайта дафн этилиш вақтига тўғри келади.Лекин шунга қарамай, ҳамон кўп нарсалар мавҳумлигича қолиб келмоқда.Уларнинг энг муҳими эса қуйидагича : ҳақиқатан ҳам сўнгги рус подшоси илгариги салафдошлари билан айнан шу улуғ ибодатхонага дафн этилганмиди? Матбуотда бу мавзу жуда кўплаб бир-бирига зид бўлган маълумотлар берилгани, илмий тадқиқотлар ўтказилганига қарамай, ҳамон бир хулосага келинганича йўқ.

Аммо бу воқеаларга доир «Мир новостей» газетасига парижлик фоторепортёр, 70-йилларда СССРдан муҳожир бўлиб кетган Владимир Сичевнинг берган интервюсидаги тахмин ва гумонлар шундан далолат берадики, буюк княгинялардан бири Олга Николаэвна 1976 йилга қадар Ватикан раҳнамолигида яшаб келган. Бу эса Колчак топшириғига кўра подшо оиласининг аъзоларини битта қолдирмай қириб ташлаш тўғрисидаги буйруғининг бажарилиши натижалари тўғрисида янгича тахминларни юзага келтиради.

- 1970 йилнинг охирида мен тақдир тақозоси билан Россиядан Ғарбга кетиб қолдим. Айни пайтда Парижда истиқомат қиламан. СИПА агентлигида фаолият кўрсатмоқдаман, - деб ўзини таништирган Владимир Сичев қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди:

- 1983 йилнинг ноябрида мен Венетсияга хизмат сафари билан боргандим. Бу ерда йирик давлатларнинг бошлиқлари учрашиши керак эди. Ушбу саммитда бир италян журналисти билан танишиб қолдим. Менинг ўзига ҳамкасаба эканлигим ва айниқса руслигимни билгач, у қўлимга бир газета тутқазди. Унда Николай II нинг отиб ўлдирилишдан қандай сақлаб қолиниши тўғрисида мақола чоп этилганди. Мазкур мақолада Швейтсариянинг хусусий клиникаларидан бирида бутун католик дунёсининг диний ҳамшираси Паскалинанинг вафот этгани, бу роҳиба Пия ХII (1939-1958й.) папалиги даврида муҳим бир вазифада ишлагани ва энг асосий қарорларни қабул қилишда папага кучли таъсир кўрсата олиши билан машҳур бўлган. Католик мазҳабининг маркази бўлмиш бу юртда уни «Ватиканнинг темир хоними» деб аташарди. Шундай қилиб, Паскалина она ўлимидан олдин ёнига адвокат ва гувоҳларни чақиртириб, ўзининг умри давомида шоҳиди бўлган бир сирни қабрига олиб кетишни истамаслигини билдирган. У Италия шимолида жойлашган Маркотти қишлоғи яқинида дафн қилинган номаълум аёлнинг майити аслида рус подшоси Николайнинг қизи Олганики эканлиги ва у асло 1918 йилнинг 16 чидан 17 июлига ўтар кечаси болшевиклар томонидан отиб ўлдирилмагани тўғрисида гапириб бергани тўғрисида сўз борарди. Шунда В.Сичев италян журналистидан у билан бирга ўша қишлоққа бирга боришни, бу қабрнинг мавжудлигини ўз кўзлари билан кўриб ишонч ҳосил қилиши кераклигини сўраб, туриб олади. Тўрт соатлик йўлдан кейин улар қишлоққа етиб келишади. Маҳаллий гўрков уларни ҳеч қандай иккиланишсиз бир қабрга бошлаб боради. Дарҳақиқат, қабртошда «Олга Николаэвна, рус подшоси Николай II Романовнинг катта қизи, (1895-1976 йиллар)» деган битик бор эди. Қабртошда марҳуманинг фамилияси қайд этилмаган бўлиб, бу унинг шунча вақт бошқа ном остида яшаганидан далолат берарди.

- Бунинг бари мен учун ниҳоятда кутилмаган янгилик эди, - ҳикоясида давом этади Владимир Сичев, - ва шу сабаб ҳамон ҳаяжонимни босолмай, таржимон ёрдамида қабристон қоровулидан бу аёл қишлоқда қачондан бери яшай бошлаганини сурадим.

- У бу ерга 1948 йилда, урушдан кейин кўчиб келганди, - деди ишонч билан қоровул.

- Бу ерда яшаб юрган вақтида у ўзи тўғрисида бирор бир маълумотлар берганмиди?

- Албатта , Олга келиши билан бу ердагиларга ўзининг сўнгги рус шоҳининг қизи эканлигини айтганди.

- Унинг бу гаплари матбуотга ҳам чиқармиди?

- Ҳа, чиқарди.

- Бу кутилмаган арзга бошқа Романовларнинг муносабати қандай бўлди?

- Улар аёлни судга беришди.

- Ва ҳар сафар суд жараёнида ютқазармиди?

- Ҳа, шундай.

- Унда, - деб овоз чиқариб мулоҳаза юрита бошладим мен,- бу аёл ғолиб келган тарафнинг адвокатларининг харажатларини тўлаши керак эди-ку. Бунга у пулни қаэрдан оларди? У бирор жойда ишлармиди?

- Йўқ, у ҳеч қаэрда ишламасди.

- Унда бу харажатларни ким тўлаган?

Қоровул хотиржам , шуни ҳам билмайсизми дегандек жавоб берди:

- Ахир қишлоқдагиларнинг ҳаммаси унинг Ватикан ҳомийлигида эканлигидан хабардор эдилар.

Парижга қайтгач, В.Сичев марҳумага тегишли бор ҳужжатларни титкилашга тушади. Ва махфий ҳужжатлардан ҳақиқатдан ҳам шоҳ оиласини ёппасига отиб ташлаш қатли содир этилмаганини билиб олади.

«ҚАТЛ» НОМЛИ СПEКТАКЛ

Бизга етиб келган маълумотларга кўра, ўз топшириғининг қай даражада тоза бажарилганини аниқлаб келиш учун ўша пайтларда адмирал Колчак қандайдир Наметкин деган кимсани шу ишни ўрганиш бўйича изқуварликка ёллайди. Терговчи вазифасига тайинланган ва бу иш билан уч ой машғул бўлган Наметкиннниг фикрича, бу иш ўта жўн бўлиб, у қуйидаги хулосага келади: ҳеч қанақанги қатл отишмаси содир этилмаган, шунчаки ғазот инстсенировкаси намойиш этилган холос.

Бундай хулоса Колчакни қаноатлантирмайди ва Наметкиннинг берган ёзма ахборотини тортмага ташлаб қўйиб, бошқа бир, Сергеэв фамилияли изқуварни ёллайди. Айнан Сергеэв ҳақиқатни охиригача очиши керак эди.

Худди ана шу ерда биз ҳозирги замон ўқувчиларига айрим нарсалар янада ойдин бўлиши учун бироз чекиниш қилишимизга тўғри келади. Инчунун ўша даврдаги воқеаларга шоҳид бўлган руслар 1917 йилдаги мазкур воқеалар ҳақидаку яхши билишарди, аммо франтсузларнинг кинояли таъкидларига кўра шоҳни Ленин қатл эттирган деб ҳисобланиб келинган. Ваҳоланки, ўша пайтда Ленин эндигина чет элдан, Германиядан қайтиб келган, шоҳни эса оқ республикачилар ғорат қилишганди. Эндиликда уларга тирик шоҳнинг ҳечам кераги йўқ ва подшоҳ тўғрисидаги қолган-қутган афсоналар эса шунчаки тўқиб-бичиб ташланган эди. Аслида эса ҳаммаси бошқача бўлган. Яъни изқувар Сергеэв уч ой мобайнида Колчакка қуйидагиларни маълум қилиб туради: «Мен профессионалман ва бу воқеаларнинг ҳаммасини таҳлил қилиб чиқиш учун менга кўп вақтнинг кераги ҳам йўқ. Шунинг учун таъкидлайманки, ҳеч қанақанги қатл содир этилмаган ва бу «хунрезлик» саҳна кўриниши бўлган холос.» Аммо бу кўрсатмалардан ҳам қаноатланмаган Колчак мазкур ишга ўз одами - юрист Николай Соколовни жалб этади. Соколов 1919 йил февралининг охиридан май ойининг сўнгигача бу иш билан шуғулланади. Бироқ қидирув ишларини якунлашга улгуролмай қолади: сабаби қизиллар Екатеринбургни ишғол қилгандилар. Оқ армия билан бирга архив ҳужжатларини ҳам ўзи билан олганча чекинган Соколов Парижга келиб қолади ва ниҳоят 30-йилга келиб «Шоҳ оиласининг қатли» номли китобча чоп эттиради.

(Шу ерда аниқлик киритиб ўтадиган бўлсак, Соколовнинг мазкур китоби аслида 1925 йилда чоп этилагн бўлиб,унинг муаллифи 1924 йилнинг 23 ноябрида «маълум бўлмаган сабабларга кўра» вафот этганди. Бу инсоннинг кўримсизгина қабрига дўстлари томонидан ўрнатилган лавҳга эса қуйидаги сўзлар зикр этилган: «Сенинг Ҳақиқатинг- Абадий Ҳақиқат». Россияда бу китоб 1990 йилдагина «Советский писател» нашриёти томонидан чоп этилади.

Бундан ташқари, шуни таъкидлашим мумкинки, айнан ўша даврга келиб, Париждаги рус антиквар магазинларида Соколов тадқиқотларининг бирининг нусхасини сотиб олишни таклиф қилишди. Мазкур нусха қадимги машинкада терилган бўлиб, шоҳнинг ўлдирилган оила аъзоларининг суратлари , Коптягада ёндириб юборилган бу мурдаларни излаш схемалари, Соколов дастхатлари ва ўша пайтда бор-йўғи бир нечагина нусхада бўлган ашёлардан иборат эди. Магазин хўжайини мазкур бебаҳо ҳужжатлар учун беш минг доллар сўради. Афсуски, ўша пайтда Парижда мен бу миқдордаги пулни топишнинг иложини қилолмадим. Бундай ноёб ҳужжатларнинг ўз баҳосига нисбатан бу қадар арзон бўлишининг сабаби шунда эдики, ашёвий ҳужжатлар тўплами ичида битта боб етишмасди.

- Шундай қилиб, ҳар иккала изқуварнинг хулосалари, - давом этади Сичев, - фавқулодда кутилмаган бир нарсани, яъни ҳеч қандай қатли ом бўлмаганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, шу пайтгача ўлдирилганларнинг танаси топилмаган, демак мурдалар юқ-ки, қатл ҳам бўлмаган. Бундан келиб чиқадики, бутун бошли подшоҳ оиласи изсиз ғойиб бўлганми?

Расмий тахминларнинг мантиққа тўғри келмаслиги сабаби - оқлар Екатеринбургга саккизинчи куни кириб келгани маълум бўлади. Император поэзди ваҳима ва қўрқув билан бу ердан чиқиб кетади. Ўлдирилганларнинг жасадлари юк машинасидаги иккита солдатга топширилади.Ўлкашунослик музейидаги маълумотларга кўра, бу ҳайдовчиларнинг машина бакида жами 78 литр бензин борлиги маълум бўлади. Бу ёнилғи миқдори шу қадар кўпки, хас-хашаклар билан ёпилган мурданинг устига бир карра учқун беришнинг ўзи бутун таналарнинг кулини кунпаякун қилиши турган гап. Бундан ташқари, мурдаларни дафн этиш - бу уларни ўлдирганларнинг иши эмасми, буларга тақдирнинг ҳукмида номаълум қолдирилган иккита худобехабар аскарнинг нима алоқаси бор?

Шундай қилиб, Николай IIни 1998 йилда Романовлар билан эмас, унинг ёнидаги қардошлик қабристонига қайта дафн этдилар. Мазкур тантанада «Романовлар - императорлар оиласи» деган иборалар жарангламади. Бунда фақат улуғ азобга гирифтор бўлганлар, айбсиз қатл этилганлар ҳақидагина сўз борди.

Яқинда эса Николай ва унинг қавм-қариндошларининг майитидан қолган суякларни экспертиза қилиш ишларида иштирок этган японияликлар бизнинг ўтказган текширувларимиз хатолиги, Петропавловскда дафн этилган суяклар бошқа бировларники эканлигини таъкидлашди. Бунга қўшимча қилиб яна шуни айтиш мумкинки, дафн этилганлар орасида Анастасия ва Алексейнинг суяклари йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, шоҳ оиласининг ёппасига отиб ўлдирилгани тўғрисидаги тахмин ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Мутахассислар таъкидлашмоқдаки, бундай отишмадан омон қолиш умуман мумкин эмас.
Бундан келиб чиқадики, ёхуд Ипатевский ертўласида ўтказилган қатлда бу бахтиқароларнинг ҳаммаси битта қолмай қириб битирилган ёхуд умуман бу қатл содир этилмаган .

Сичев бу воқеларни гапириб беришни якунлаганда, махфий 17-объектдан тортиб, Коншин реквизитларигача унинг компютерида шу мавзуда бирор бир маълумот топилмасмикин, деб қизиқиб қолади. Буни қарангки, уч минутга қолар-қолмас, компютердан шундай жавоб олинади: Ҳа, Сталин икки бор Кремлни тарк этиб, зиёратга чиққан. Биринчи бор - чет эл ёзувчиси, яъни Жон Риднинг дачасига, иккинчи бор эса Оржоникидзенинг дачасига.

- Менимча эса, - дея шубҳаланишда давом этади Сичев, - Сталиннинг Москвадан аллақандай чет эллик ёзувчини зиёрат қилиш учун бориши ёхуд Оржоникидзеникига меҳмондорчиликка киришига ишониш қийин. Ва шундан келиб чиқадики, агар шоҳнинг катта қизи Олга 1976 йилда вафот этганини ҳисобга оладиган бўлсак, демак Россиянинг сўнгги подшоси 30-йиллар охирида вафот этган ва Россиянинг ғарбий ҳудудларининг бирлаштирилиши рус императорининг ўзи билан бамаслаҳат ҳолда амалга оширилган бўлиши ҳам мумкиндир. Бошқача қилиб айтганда, мазкур қайта очилган далиллар қандайдир ақл бовар қилмас маънога эга. Хўш, Николай II аслида ким? Ким ўзи бу темир ниқобли одам?

Ҳамкасабаси билан бўлган янги учрашувида Париж репортёри унга Сталиннинг Коншинога қилган ташрифлари тўғрисида гапириб беради. Бунга жавобан у ҳаяжон билан қуйидагиларни ҳикоя қилади: «1983 йилда биз хотиним билан худди ана шу именияга ташриф буюргандик. Мен худди банклардаги каби пўлат деворлару бураб очиладиган тутқичли эшикларни ҳали -ҳали эслайман. Назарий нуқтаи назардан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам бу ерда шу нарса кўринардики, бундай темир бетон девор ортида исталган одам қўриқланиши мумкин эди. Дарвоқе, ҳозир, бир дақиқа, шошмай туринг, мен хотинимга бирров қўнғироқ қилиб боқайчи», деди у ва телефон рақамларини терди. У ёқдан гўшак олингач, сўради: «Ирина, эсингдами, биз 1983 йилда Коншинларнинг имениясига боргандик.У ерда ҳаммасидан ҳам кўра нималар сени лол қолдирганди?» Ва гўшакни менга узатади. Гўшакдан аёл кишининг «У ерда мени ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса бу - Коншинлар қабрининг очиб ташлангани бўлганди» дегани эшитилди.

- Ғалати, шундай эмасми? - сўрайди мендан Сичев.

- Бунинг нимаси ажабланарли. Шунчаки гўрковлар иши ёки бирор хазина қидирувчининг ўзбошимчалигидир-да.

- Ҳечам бундай эмас! Аниқ тахмин шундан иборатки, 17-махфий объектнинг қабристони, боз устига Сталиннинг бу ерга икки бор сирли тарзда келиб кетганини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, бу жой полковник Романовнинг хокини сақлаган, яъни унинг кимнингдир нимадандир ниҳоятда хавотирланишига сабаб бўлган суякларини! Ва афсуски бу хавотир ҳали ҳамон йўқолмаган кўринади.

Дилфуза таржимаси

 


37 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин