Саналар
24.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Икки эмас, тўрт тил лозим (1913)
13.03.2014 23:37    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ИККИ ЭМАС, ТЎРТ ТИЛ ЛОЗИМ

Биз туркистонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур. Туркий, яъни ўзбекини сабаби шулки, Туркистон халқининг аксари ўзбакий сўйлашур. Форсий бўлса, мадраса ва удабо тилидур. Букунғача Туркистонни ҳар тарафиндаги эски ва янги мактабларинда форсий назм ва наср китоблари таълим берилиб келгандур.

Барча мадрасаларда шаръий ва диний китоблар арабий таълим берилса ҳам, мударрисларни тақриру таржималари форсчадур. Бу қоида, яъни дарс китоби —арабий, муаллим — туркий, тақриру таржимани форсийлиги хила ажибдур.

Туркистонда қадимдан бери бу уч тил жорийдур. Чунончи, эски ёрлиқлардан маълум бўлурки, Туркистонда эски амир ва хонларни амри фармойиш ва муборак номалари доимо туркий, яна айни замонда дорулқазоу адабиёт таҳрирлари форсий ёзилар экан. Бу қоидалар зотан яхшидур. Аммо бора-бора ёинки кела-кела усули таълим ва китобатға эҳмол пайдо бўлуб, ҳозир бир даражаға келибдурки, аҳли савод ёинки аҳли илмни юздан тўқсон тўққузи бу уч тилда мукаммал таҳрири адабийға молик йўқдур. Яъни усули таълим ва тадрисни ислоҳ этмак керак. Ўтайлук.

Туркистоннинг Самарқанд ва Фарғона вилоятларинда форсча сўйлайтурган бир неча шаҳар ва қишлоқлар бордур. Бухоро ҳукуматининг тили форсийдур.

Форс шоиру удабоси асарлари қиёматғача лаззати кетмайтурган хазинаи маънавийдурки, мундан фойдаланмоқ учун оврупойилар милярдлар сарф этарлар.

Бизға саодатдурки, туркий ва форсийни таҳсилсиз билурмиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркин билмоғи лозимдур.

Форсий билган киши Фирдавсий, Бедил, Саъдий, «Маснавий»дан қандай лаззат олса, туркий билганлар Фузулий, Навоий, Боқий, Сомий, Абдулҳақ Ҳомид, Акрамбек, Санойи, Нобий, Ножийлардан, яна Толстўй, Жул Верн ва уламои замоний асарини туркий таржимасидан лаззат шундай оладур.

Фаранг ва рус донишмандларининг асарларидан фойдаланмоқ туркий ё русий ва фарангий билмак ила мумкин бўлур, на учунки бугун усмонли, Кафказ ва Қазон турклари замона уламоси асарини туркийға таржима қилиб, кўпайтиргандурлар, яъни туркий билган киши замонни билур. Турк тилиға ҳар бир янги ва нафълик китоблар барча тилда таржима бўлгандур. Араб маданияти юноний Суқрот, Буқрот, Фалотунлардан фойдаланганидек, замони ҳозира маданияти Толстўй, Жул Верн, Кеплер, Коперник, Ньютонлардан фойдаланур. Мақсаддан узоқ тушдик.

Бизға лозимки ўз нафъимиз учун русча билайлук, ҳукумат мактабларинда ўқуйлик. Давлат мансаблариға кирайлук. Ватанимизға ва ўз динимизға хидмат этайлук. Мусулмон бўлуб туриб тараққий қилайлук. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто, дини ислом ва миллатга хидмат илмсиз бўлмайдур. Масалан, бугунги «подшолик дума»ға ўз дин ва миллатимиз нафъиға сўзламоқ бизлар учун мумкин бўлур. Аммо анда бориб сўйлагувчи киши бизға йўқ. Анда бориб нафъи бир ўн-сана ўқумоқ керак, замондан, қонундан хабардор бўлмоқ керакдур.

Хулоса, бугун бизларга тўрт тилга таҳрир ва тақрир этгувчилар керак, яъни арабий, русий, туркий ва форсий.

Арабий тил дин учун на даража лозим бўлса, русий ҳам тириклик ва дунё учун лозимдур.

Ҳадиси шарифдан маълум бўладурки, жаноби пайғамбар ўз саҳобаларидан Зайд бин Собит(ға) яҳудий хатини ўқуб-ўрганмоқға буюрган эканлар. Ва ул жаноб Умар ҳазрат нубувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб ҳазрат пайғамбарға яҳудийлардан келатургон хатларни ўқуб берар эканлар (Саҳиҳи Бухорий, жуз 4, саҳифа 156).

Ҳолбуки, ул зоти бобарокот пайғамбаримиз қуввати ҳокима эгаси эдилар. Яҳудийлар маҳкум ва тобеъ эди. Ал-он Русия ҳоким, бизлар анга тобеъ ва ўз тириклигимиз учун алар хатини билмоқ зарур ва ҳадиси шариф далолатинча дурустлигиға жойи инкор бўлмаса керакдур.

«Ойна» журнали, 1913 йил, 1-сон, 12—14-бетлар.

 
Китобхон халқ...
21.06.2014 03:38    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Араб тарихчиси Ёқут Ҳамавий: «Мовароуннаҳрнинг Марв шаҳрида бўлганимда у ердаги кутубхоналар, улуғ донишмандларнинг асарларидан фойдаланишдаги завқ-шавқ билан бола-чақа, ёру дўстларимни ҳам унутиб юбордим.  Марвда илмий аҳамиятга эга бўлган қимматли китоблар жуда кўп эди. Мен у ердан кетган вақтимда (1220 йилда) вақф қилинган, яъни текинга хизмат қиладиган ўнта кутубхона бор эди. Дунёда китобининг кўплиги ва яхшилиги жиҳатидан ундай жойни кўрмаганман. Масалан, Катта Жомеъ (дорилфунун мажмуи)га қарашли иккита кутубхона бўлиб, бири Султон Санжар ходимларидан Азизиддин Абу Бакр Занжоний номига қўйилган. Унда ўн икки минг жилдга яқин қўлёзма китоблар сақланади». (Машҳур файласуф Ибн Қибтийга ёзган мактубидан).
Араб олими Мустафо Ҳусний:  «Ибн Надиймнинг айтишича, Маъмун билан Рум подшоҳи ўртасида ўзаро алоқа бор эди. Маъмун уни айрим урушларда мағлуб этган бўлиб, ўрталарида тузилган сулҳга кўра Рум подшоҳи ўз хазинасидаги китобларни таржима қилишга Маъмун жўнатган одамларга рухсат бериши керак эди. Рум подшоҳи ҳам ушбу шартни бажонидил бажаради. Ғолиб ҳоким ғалаба учун миллатининг фарзандларига мамлакатига келтириладиган илмий китоблардан кўра қийматлироқ нарсани кўрмади. Тарих сўзлаган бундан ҳам буюк ҳодиса борми?». («Ислом ҳазораси» китоби,  Тошкент, 2004 йил).
Бухоролик олим Шарифжон Махдум: «Бухородаги Мозори Шариф дарвозасининг ташқариси «Гулзор»да қаландарона ҳаёт кечирувчи Фозил девона форсий китобларни кўчирадиган кучли хаттотлардан эди. 1803 йилда бир савдогар Ҳиндистондан Бухорога Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ўз қўли билан ёзилган девонини олиб келди. Бу хабар Бухоро амирига ҳам етиб, у китобни кўриш ва сотиб олиб мулкига айлантириш ҳавасига тушди. Лекин савдогар уни ҳар қандай қиммат баҳога сотишга ҳам, жуз бандини бузиб нусха кўчиртиришга ҳам рози бўлмади. Бухорода бир ой туришни режалаган савдогарни қирқ кун қолишга мажбурлашди. Чунки амир шу муддат ичида ундан бир нусха кўчиртириб олмоқчи эди. Ҳамма ёққа жар солиб, «қайси котиб шу ишни қирқ кун ичида уддаласа, минг тилло пул, яна инъом ва ҳадялар берилиши» овоза қилинди. Оз муддатда катта бир ишни бажариш қийинлигидан бирор хаттотнинг нафаси чиқмади. Шунда тўсатдан пайдо бўлиб қолган Фозил девона бу шартга кўнди. «Гулзор»даги ҳужрасининг эшигини ёпиб, китобатга киришди. Қирқ кун деганда амирнинг одамлари уни тантана билан аркка олиб келишди. У кўрсатилган муддатда икки нусха кўчирган бўлиб, бирини амирга тақдим қилди, иккинчисини ўзига қолдирди. Нусхаларнинг ҳар бири  икки варақли қоғозга кўчирилган, тахминан 500 га яқин жуз (табоқ) бўлар эди. Амир хаттотга илтифотлар кўрсатиб, бир минг қизил олтин, бош-оёқ сарпо, турли ҳадялар берди. Фозил девона пулга сув лабида бир бино қурган эди». («Рисолаи хаттотон» асари қўлёзмаси, 264-бет).
Ўтмишдаги ватандошларимиз ва диндошларимиз китобга бугунги муносабатимизни кўрганда не аҳволга тушишаркин?

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хайрул умури авсатуҳо (1906)
13.03.2014 23:36    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ХАЙРУЛ УМУРИ АВСАТУҲО[1]

«Хуршид»ни қориайни киром ва муштарийи аъзомиға арз қилунурки, замонимизни сиёсий (пўлитик) замонлигини кимса инкор этмайдур. Ҳозир Русия давлати(нинг) тариқи ҳукмронлиги(ни) ноқис эканлигига ҳар бир хабарлик киши иқрор этар. Давлат қонунларини(нг) ислоҳ ва таждидиға ҳар ким мойилдур. Аммо Русиядаги барча халойиқ бошлуча неча аслу асосға бўлунгандурлар. Бу сиёсий фирқаларни(нг) ҳар бириға ҳар бир мазҳаб ва дин аҳлидан қўшулгандур. Чунончи, насоро, яҳуд, муслим ва мажусий тоифаларини(нг) ичида бу сиёсий маслакларға мойил кишилар бордур. Ва яна ҳар тоифа ичида фирқасиз, маслаксизлар ҳам топилур.

Биз, туркистонийлар, замондан камхабарлигимиз учун бир неча минг кишидан бошқа ҳаммамизни ҳеч бир фирқага мансуб эмас, маслаксиз нодон фирқаси деб аталса ҳам сазодур. Ани учун биз бу 3—4 фирқа — партияларни асос ва маслак сипоҳийларисидин мухтасар баён қилармиз. Чунончи, биринчи — «Буйрўкратияи мустабид» фирқасики, булар эски тарз ҳукумат давомини хоҳлайдур. Русияни(нг) эски ҳукмронлиги(ни) тариқи шундай эди. Импиротуримизни(нг) ҳар бир амри ва ҳукму ройи — «закун» аталиб, ҳеч лоу наамсиз барча волий, суд, вузаро ва булар қўл остида турганлар воситаси-ла ўрниға келадур. Ҳар хил низом ва закун-китобларни Синод (Военний совет) деган мажлис аъзолари тузатиб, тўқуб подшо ҳазратлариға Вазирлар мажлиси воситаси ила манзур қилурлар. Импиротуримизни(нг) имзоларидан сўнгра закун аталиб, барча вузаро ва вилоят маҳкамаларини ва суд мажлисларини мутассиддийлари тарафидан халқ устига жорий қилинур. Бу қоидани идораи мустақила (самодержовний) аталадурки, ҳозир Еврупо қитъасидаги Русия ва Туркиядан бошқа қирқ қадар катта ва кичик давлатларда йўқдур.

Идораи мустақила қўл остидаги фуқароларни ҳар қанча ҳукумат одамлари ва тўраларға яқин ва муносабати ўлса ҳам аҳволи сиёсия, диния ва дунявия ва олияси дуруст бўлмай, кундан-кун таназзулдадур. Хусусан, мазкур 2 (икки) мажлисға катталари дохил бўлмайдурган тоифаларни аҳволи ниҳоятда забунроқ бўлуб, дин ва дунё, илм ва маърифат, тамаддун ва адолат, мусовот тўғрисннда ҳаммадан кейин қолур. Чунончи, биз, мусулмонларни(нг), диний ва қавмий ҳуқуқимизни(нг) камчиликлари подшоҳ ҳазратларига етмай, етганда ҳам мажлис членлари тарафидан радд бўлуб ё илтифотсиз қолур. Буни(нг) сабаби ила биз ва бизга ўхшаш тоифалар таназзул қилуб; оҳисталик ила фирқаси, тоифаси, ватани хор ва хароб бўлуб батадриж йўқ бўлмоқ хавфи вордур. Бу масалада аҳли хабар наздиға тажрибаи тарихия ила собит бўлгандурки, дунё сиёсийлари ва сипоҳийгаридан хабарлик кишилар, албатта, мунга тасдиқ қилурлар. Ал-он биз, туркистонийлар, шу ҳол мақдамасиғамиз.

Албатта, савол келадурки, Туркистон обод бўлди, илгари бой кам эди, милйўнир йўқ эди, яхши иморат ва либос ва палос йўқ эди. Боз, бас, на учун инсофсиз муҳаррири маъразлар харобмиз дея жоҳилона ёзадур деб, анга шундай жавоб бермоқ керакки, 6 милйўн туркистонийларға 3 милйўнир борлиги маълум. Йўқ, бойман деганлар банк ва фабрикантларни хизматчиси ва мадюнидур. Шаҳар ва қаръялардаги катта иморат ва казармахоналар ҳамма яҳудий ва Оврупойиларникидур.

Оврупо имтаасийлари ерли имтааларни синдурди. Деҳқонлар, эса, агарчи бир вақт қўли, бир оз ақча кўрарина Оврупо имтааларини бириға икки ва беш хом бериб, бир пишиқни зўрга олар. Бир даража диний ва илмий жиҳатга атф назар қилинса, вақфлар кетди, мадрасалар хароб бўлди. Борига ҳам тартиб, фехрист, мухтасиб, мумтахин, муназзам йўқ. Эски тартиб ва жадвал ва даррус кундан-кун мударрислар тарафидан таржеъ қилинур.

Икки милйўн туркистонийлар мадрасасиға Худодан бошқа нозир йўқ. Бир раиси диний ва мумайизи илмий йўқ. Ўзимизда эса инсоф ва хавфи ҳақ йўқ, асло йўқ. Ва Оллоҳ, на учун саводсиз қози, илмсиз мударрис, инсофдан хабарсиз муфтий, қироатсиз имомлар оламни босди. Бунга сабаб бирор раиси диний ва мумайизни илмиға молик ўлмағанимиз эмасму? Худо сақласун, яна 25 йил шундай бўлса, ҳозирги муҳтарам уламоларимиз кетсалар, Туркистонға қиёмат қўпқон, илм ва амалға фотиҳа тортилғон ҳисобланур. Басират ила 25 йил мақдамни ҳозир ила ва ҳозирни 25 санаи сония ила қиёс қилган хушманд бизни бу баёнимизни муболаға ва хатои зуъм қилолмаса керак... Биз яна масдар баҳс бўлган партиялар баёниға ружўъ қилармиз.

Иккинчи фирқа партияни кадет (конститусионий демократически машрута аъвомия маъишат) машрута фирқаси аталадур. Бу партияни(нг) муроди шулки, «Миллат мажлиси» хоҳ Дума очилиб ҳар бир милйўн халқдан 3—4 вакил пойтахтга бориб, мажлис қуруб, бирча закун ва қонунларни ҳар бир вилоятни аҳволи ва ҳар дин ва миллатни озод ва сарбастлигига ақл ва инсофига қараб таассуби ҳуқуқи башария ва риояи динияга мувофиқ тузатиб, подшоҳ ҳазратлариға топширилса. Ва импиротуримиз ҳам ўшал халқ вакиллари тайёрлаган закунларни ўрниға келмоқиға ҳумоюн фармойишларини қилсалар. Барча дин ва уруғ халқ хартухар ўлуб, то қозий ва судиялар ҳукм қилмағунча, чиновниклар ўз ройлари ила... ёйинки мол, жон, фикр ва ҳаракат расмиясига монеъ бўлмасалар. Ҳар тоифаки ўз китоби, эътиқоди ва масоили динияси ўз орасига жорий бўлуб, Русиядағи барча халқ Русияни ҳар бир нуқтасиға баробар бўлуб, ҳуррияти диния, ҳуррияти шахсия, ҳуррияти ижтимоия, ҳуррияти иттифоқия ваъз ўлунуб бўлатурган қонуни жадида доиралари онинг мўътодича жорий ва мустаъмил тутулса, халойиқ вакилларини(нг) қароридан хориж ҳеч закунлар бўлмай ва вакиллари хоҳламайдурган эски закунлар ислоҳ этилса...

Ҳозир Русияда бу — кадетлар фирқасиға мансуб халқ ҳар дин ва миллат аҳлидан ниҳоятда кўпдир. Собиқ Миллат мажлиси аъзоларини(нг) аксари бу фирқадан эдилар. Бу фирқа ҳақиқатда ўрта фирқадур. Мўътадил ал-мизож халқлар бу партияни хоҳлагандурлар. Бу фирқа ифрот ва тағрит ўртасиға, соғ ила сўл васатиға, ҳар бир фикр ва матлабни авсати ва марказиға бирлашган бир ҳизби мутавасситдур. Русия мамлакатиға мундин беҳроқ ҳизб йўқдур. Ифрот ва тағрит, яъни Иштирокийун, Инқилобийун ва Қора гуруҳ дегаи ҳизблар сабаби ила Русияға ҳар кун ва ҳар соат фасод ва инқилоб, бузуқлик жорий бўлуб турубдур. Фақат саломатлик ва амният бу кун кадетлар ҳизби соясида ватанимиз Русияға жорий бўлса керак...

Учинчи «сосиал-демократически» — иштирокийун оъмийун — маъишияти муштарака фирқасидурки, бул ҳам дохилан икки фирқага бўлунур. Бири сотсиёл демократ - иштирокийун оъмийўн, дигари сотсиёл револутсийонер — инқилобийундур. Буларни бошлуча муроди ҳозирги барча закун, мулкият қоидаларини бутун бузуб, мол ва ерларни ҳамма халойиқ ўртасиға муштарак қилиб, анинг манфаатини бутун халойиқ ўртасида мусовий этмоқчидур. Бойлик ва камбағалликни йўқ қилиб, дунё моли(ни) роҳатидан ҳаммани баробар фойдалантуруб, масъуд ва роҳат умр ўтказилмоқиға ва ҳар ким ўз истиқболидан амин бўлмоқига закун ва қоида жорий қилмоқчидурлар. Буларни прўграмини жорий бўлмоғига ҳозирги асримиз мусоид эмас. Балки неча асрларга таваққуфи бордур. Дунёға нелар бўлмади. Ким билур, балки замони келиб, буларни(нг) прўғрами қонуний жорий бўлса, ҳамма минкулл ал-вужуҳ баробар бўлуб, сир-китоб раъиға ёзилган Жобулса ва Жобулқо тартиб маъишати ер юзиға балки жорий бўлур. Ҳар ҳолда, бу партияни муроди мумкин лойиқиъ ёйинки хаёлийдек кўрунуб, бу тоифаға қўшулмоқ биз Мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур. Прўғрамларини(нг) молия моддаларина бир оз тағйир бермағунча, шариатға мувофиқ ўлмағони каби жоний ва оила бобидаги фикрлари ҳам асло-асло тўғри келмайдур...

Тўртинчи «Русия мусулмонлари иттифоқи» ҳизбидурки, буларни партия суратиға кирғаниға бир йил бўлди. Аввали ўтган сана Нижнийда парахўдга ўлтуруб, мусулмон пешравлари сув устида мажлис ясадилар. Иккинчи ушбу йил аввалида Питрбургда ғайри расмий яна бир мажлис — съезд ясаб, қарорнома нашр этдилар. Учинчи ушбу ўтган августда яна Нижпий ёрмонкасида уч-тўрт кун давомат ила бо рухсати расмия неча минг мўъминлар бир-умумий надва (обсчий съезд) этдилар. Қарорларини ижмоли, Туркия газеталаридан маълум бўлишига қараганда, Русия мусулмонлари диний ва илмий важҳдан алоҳида бир партияйи махсусадурлар. Аммо сиёсий ва умумий талаб ва маслаклар тўғрисинда кадетларға қўшилатурганға ўхшайдурлар.

Русия мусулмонлари ҳизби ҳам ўзга тоифалардек комитет барпо айламоқчидурлар. Идораи марказия—сентралний комитетлари Питрбурғда бўладур. Бу партия 31 кишини аъзои марказия сайлаб, аларға Боди Кубодаги Алимардонбек Тўпчибошев жанобларини садрнишин ва Қозондагн Юсуф афанди Оқчурин жанобларини мусташор сайлабдурлар. Бу муҳтарам аъзолар, албатта, бир неча шўъбаға бўлунадурки, шўъбаи илмий, шўъбаи сиёсийлардан иборат бўлса керак. Бу 31 нафар аъзоларина Русиядаги аҳли мусулмонлардан бир неча аъзо интиҳоб қилиб олмоқға қарор бермишлар. Аммо бу бобдаги жароид ва тасвидотға қарағанда, бизни Туркистондан бир нафар аъзо интиҳоб қилмоқға қарор бермишлар. Лекин 6 милйўнлик Туркистон мусулмонларидан бир аъзо оздур. Беш облустдан 30 нафар ҳам Бухоро ва Хева ва Туркистони Чинийдаги мусулмонлардан биртадан аъзо олмоқ лозимдур. Бу комитет ва аъзолар вақт-бавақт жамъланиб, диний ва илмий маъоши тўғрисинда машварат қилиб, мусулмонларни илман ва молан, динан тараққий ва таолилариға хидмат қиладурлар. Сиёсатан бўлса, умумий партияларни бири ила қўшулуб иш кўрадурлар...

Бу тўрт партияни(нг) матлаби миллий ва маслаки сиёсийларини мадомики, бир неча саҳифа ила баён ва шарҳ қилинмаса, камхабар киши тушунмайдур. Ани учун биз, Туркистон мусулмонлари, 23инчи августда Нижний шаҳринда бўлган Русия мусулмонлари ҳизбиға байъат қилиб, сиёсатан кадетларға қўшулўб, динан ва илман мазкур съезд иттифоқи ҳукмиға мутеъ ва мунқод бўлсак керак. Яқинда мазкур надваи исломия қарорномаси босилиб, олами матбуот ила нашр қилинадур. Туркистоннинг муҳтарам муаллиф, муҳаррирлари ғараз, нафсоний ҳасад, баҳс ва мунозараи шахсияларини тарк этиб, шу маслак ва шу жамиятға тобеъ ва ходим бўлмоқлари хидмати дин ва давлат, обрўйи Ватан ва Миллатдур... Биз ояндаға бул бобларға, Иншооллоҳ муфассал ёзмоқ амалиндамиз...

«Хуршид» газетаси, 1906 йил, 11 октябрь 6-сон.

[1] Иш (амал)ларнинг яхшиси ўртачасидир.

 
Аҳволимиз баёнида
29.08.2013 12:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ҳаётнинг (яккама-якка) кураш майдонида ва жаҳон халқлари орасида ислом оламининг фарсах-фарсах орқада қолганлигини баён қилишга эҳтиёж йўқдир. Биз туркистонлилар эса бошқа исломий жамиятларга нисбатан дунёи жаҳон паришонликка тушиб, йўлимиздан адашганмиз. Ажабо, бу паришонликнинг сабаби недир?

Туркистонлиларнинг аксарияти бу саволга жавоб беришда икки тоифага бўлинадилар! Миллат ва ватанлари учун қайғурган бир тоифа бу паришонликни илмсизлик ва танбаллик оқибати деб билади. Ҳақиқатан ҳам, тушкунлик ва хароблигимизнинг сабабларидан бири илмсизлик ва ҳаракатсизликдир. Лекин буларнинг ҳам асл сабаби, ана ўша тушкунлигимизнинг асосий сабабидир. Ажабо, бу сабаб нима экан?
Бу масала хусусида иккинчи тоифа туркистонлиларнинг нуқтаи назарини баҳс мавзуига киритсак, уларнинг нима дейишлари маълум бўлади. Орқада қолганлигимиз хусусида бу томоннинг асосий қисми қуйидаги фикрларни келтирадилар:
1. Паришонлигимиз ва тушкунлигимизга сабаб йўқ, бу илоҳий хоҳишдир.
2. Худо бу дунёни кофирлар учун жаннат, мўъминлар учун дўзах қилиб яратгандир.
3. Қиёмат яқиндир, мусулмонлар бу дунёда аста-секин камайиб бормоқдалар.
4. Ҳазрат Пайғамбаримиз «кулли явмин бадтар»6 деб айтганларидек, мусулмонларнинг куни кундан баттар бўлиб бормоқда.
Маълумки, бу мулоҳазалар билкул пуч ва ботилдир.

Унга жавоб бериш у ёқда турсин, балки уларни эшитмоқлик ўзи тўғри эмас. Банда ҳам маълум муддат халқ ва миллатнинг хароблиги сабабларини излаб топиш учун ҳар тарафга югуриб, кўп кишини сўроққа тутдим, аммо ҳеч кимдан қониқарли жавоб ола билмадим. Оқибат, биз туркистонлиларнинг мусулмонлигимиз ва муқаддас Китобга эга эканлигимиз ва шу Китобни ягона раҳнамойимиз деб тасдиқлашимиз хотирамга келди. Энди шу муаззам ва мукаррам дастуруламал бўлмиш Китобга таважжуҳ қилишдан бошқа чора қолмади. Бу хусусда У (Куръони карим) бизга раҳнамолик қиладими-йўқми деб, камоли қалб ва вужуди бебизоат ила Куръони азим мутолаасига машғул бўлдим ва матлабимга эришдим. Қуръони карим аввал менинг саволимга шу тариқа жавоб берди: «Албатта, неъмат берилган қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас».
Инсоф юзасидан ислом оламига диққат билан қарасак: оз сонли араб қабилалари Расули айлайҳиссалом ҳидояти билан шараф топгувчи ислом динига кириб, 23 йил мобайнида, яъни Ҳазрати набий замонларидан то ҳазрати Умар вафотларигача бўлган муддатда дунёнинг икки йирик давлати бўлган Эрону Румни мағлуб қилдилар. Шундан бани Умайя халифалиги асригача ислом салтанати-нинг худудлари Чин (Хитой)дан Ҳиндгача, Мисрдан Андалусиягача чўзилди. Уммавий ва аббосий халифалари Бағдоду Андалусияда ажойиб мадрасаю файзлик мактаблар очдилар. Ўз замонасининг олим ва фан арбобларини дину мазҳабига қарамай бир жойда жамладилар. Қисқа вақт орасида бу икки улуғ ислом пойтахтлари дунёдаги илм ва маърифат марказига айланди. Нафақат туркистонли мусулмонлар, балки фарангистонли насронийлар ҳам илм таҳсили ва билим олиб яшаш учун Бағдоду Андалусияга кела бошладилар.
Ажабо, шунча буюклик (не ҳолда?). Шунча азимат ва улуғлик қаерга йўқолди? Нечун аҳли исломнинг дунёи жаҳон дониши илмларининг шарофати шу қадар бахтсизлик ва жаҳолатга дучор бўлди?!
Ҳозир умумий ислом оламининг аҳволидан ўтиб, ўзимизнинг (шу кунги) ҳолимизни тадқиқ қилсак. Бир вақтлар мамлакатимиз маданият қуёшининг мабдаи, маърифат дарёсининг манбаи сифатида танилган эди. Форобийлар, Бухорийлар, Абу Али ибн Синолар, Улуғбеклар мамлакатимизни жаҳон саҳнасига чиқарган эдилар. Бизнинг мамлакатимиз минглаб машҳур олимларни чор-атрофга стказиб бериб, қўшниларининг ҳам шарафини овоза қилиб, дунёга таратган эди. Саноатимиз шу даражада эди-ки, халифалар шунча азимат ва шавкатли бўлишларига қарамай, либос, кийим-кечакларини бизнинг мамлакатимиздан олиб кетардилар.
Ажабо, бу меросу саодатнинг баланд чўққисидан қандай қилиб тушиб қолдик? Бу хусусда ўзимизнинг уламоларимиздан сўрасак, «кулли явмин бадтар», «бу хоҳиши илоҳий» ва «қиёмат яқиндир» деган гаплардан бошқасини айтмайдилар. Лекин Қуръони каримга мурожаат қилсак, тўғри, яхши жавобга юзма-юз қилиб, бизга уни кўрсатиб қўяди. Агар шунга ҳам қаноат қилмасак, унда мана жавоби: сабаб шуки, ўтган қавмларнинг бошларига азоб юборилди. (Негаки) ҳар қавм солиҳ амалларини ёмон одатларга алиштирар экан, Аллоҳ ўз неъматларини улардан тортиб олиб, ўрнига азоб юборар.
Хўш, ҳозир қайси далилни қабул қиламиз? Уламоларимизнинг сўзларини қабул қилиб, бошимизга келган ва келаётган ҳар балони илоҳий ризо деб кетаверамизми, ё Қуръони карим фармойишларини жон қулоғимиз билан эшитиб, шу бахтсизликларимизга сабаб ёмон амалларимиздан деб ҳисоблаймизми?!
Бу саволга ҳам Қуръони карим камоли қатьият ва маҳобат билан жавоб беради: «Аллоҳ одамларга зулм қилмайди, балки улар ўзлари ўзларига зулм қилувчилардандир...» «Сизларга етган ҳар бир мусибат ўзларингизнинг носоз феълу амалларингиздандир, гуноҳларингизнинг кўпларини Аллоҳ афв этади. Агар гуноҳларингиз эвазига мусибатлар юборилса, ҳолингизга войдир! Сизларнинг амалингиз туфайли бу дунё мусибатлардан халос бўлмас эди. Сизларга Аллохдан ўзга ҳимоячи мададкор, балоларни даф этувчи йўқдир».
Чунончи, тарих китобларида мана бу воқеа муфассал келтирилган: «Уҳуд жангининг бошланишидан олдин ис-лом лашкари тоққа чиқиб кофирларга қарши юзма-юз туриб саф турдилар, ислом аскарининг чап тарафида бир ингичка дара (йўл) бор эди. Ҳазрати Расули алайҳиссалом жанг қизиган пайтда кофирлар шу дарадан ҳужумча даврадан тушган эмас эдилар. Ҳинд мусулмонлари ислом ҳақойиқларини хурофот ва бани Исроилнинг афсоналари эвазига фидо қилмаса, мажусийлардан ҳам баттар ҳолга тушмас эдилар...
Ахир инсоф ва тааммул қилиб айтиш керакки, биз ўзимизни мусулмон деб биламиз-у, лекин ислоҳот амрларини кўриб, билиб туриб кўпларига амал қилмаймиз, илоҳий ҳукмлардан камоли бебошлик билан чиқиб кетамиз, иттифоқимиз йўқ, тақво қилмаймиз; ўртамизда ўзаро ёрдам йўқ, ҳақ талабини бажариш йўлида бирга қадам босмай-миз; рибохўрлик қиламиз, шароб ичамиз, ғийбат ва ҳасад қиламиз. Шариат манъ этган барча ишларни қиламиз ва (шунинг учун ҳам) ахлоқий разилликларга гирифтормиз. Вужудимиздаги шунча нуқсон билан ўзимизни комил мусулмон деб биламиз, биров бизни бу инсофсизликлардан манъ қилса, уни кофир деймиз. Ҳар нафасда 70 марта мусулмонман, деб лоф урамиз-у, хаёлимизга эса, «бир комил мусулмончалик амал қилайлик» деган ўй келмайди.
Бир мулоҳаза қилинг: мусулмон киши Аллоҳ таоло-нинг ягоналигига, анбиёларнинг нубувватига, самовий китобларга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, яъни буларнинг барчасига ишонса, биз ҳаммамиз буларнинг барига иймон келтирганмиз, дейди. Ҳа, биламиз, сиз бу-ларнинг барчасига иймон келтиргансиз ва арабча «оман-ту биллоҳи ва малоикатиҳи» (яъни Аллоҳ ва унинг малои-каларига иймон келтирдим)ни яхши уқиб тушунасиз. Ле-кин афсуслар бўлсинки, мен сизнинг иймонингиз сама-расини кўрмаяпман, яъни иймонингизга мувофиқ амал қилмайсиз. Ваҳоланки, ҳазрати Пайғамбаримиз буюрган-лар: «Иймону амал бир-бири билан яқиндир (вобастадир), бири иккинчисиз тўғри бўлмайди» («Ал-жомеъ ас-сағир»-дан).
Шу масала юзасидан яна бир мисол келтирайлик. Сиз Бухорода миршаб борлигига ва унинг амрига хилоф борган ҳар бир кишини ҳибсга олишига шубҳасиз ишонасиз. Энди қаранг, шу миршаб «кечки вақт уйдан чиқманглар», - деб буйруқ берса, сиз мазкур ҳукмга қарши кеч-қурун уйдан чиқасизми ёки йўқ? Албатта, чиқмайсиз. Зеро, миршаб ва ҳибсхонани ҳақ деб биласиз. Ҳар ким унинг ҳукмига қарши борса, қамоқ жазосига мубтало бўлишига ишонасиз. Мусулмонлик лофини уриб юрасиз-у, назарингизда, ёмон кўринган одамни кофирликда айблайсиз. Агар Ҳақ таолога, қиёматнинг ҳақлигига шу миршабга ва ҳибсхонага иймон келтиргандек иймон келтирсангиз, агар илоҳий ҳукмларга шу миршаб ва ҳибсхонага эътибор берганчалик эътибор қилсангиз, нега илоҳий амрларга хилоф иш қиласиз?!
Тарсам караси ба Каъба эй аъроби,
К-ин раҳ ки ту мерави ба Туркистон аст.
[Эй аъробий, қўрқаманки, бу йўл билан Каъбага етмассан,
Бу сени элтаётган йўл Туркистон йўлидир!].
Банданинг бадбахтлигимиз сабабларига бағишлаб айтган шунча маърузасидан кейин муҳтарам ўқувчилардан бирон фикр чиқишига шубҳа қиламан. Лекин бу хасталикларимизга қарши қандай чора кўриш керак? Бу харобот ва жаҳлу ғафлат гирдобидан халос бўлиб, тараққиёт, саодат ва тинчликка эришмоқ учун нима қилмоқ керак? Бу хусусда ҳам катта-катта уламоларимиздан баъзилари «аҳли ислом бу ҳолатдан халос топмайди, зеро бизнинг замон — ислом заифлашган охир замондир» деб айтадилар. Улардан гапларига далил келтиришларини сўрасак, дарҳол «кулли явмин бадтар» иборасини пеш қиладилар. Лекин биз уларнинг гапларига қулоқ солмай, масала ечи-мини Қуръони каримдан излайлик.
«Ушбу Қуръон икки дунё саодатидан баён қилгувчи-дир. Бу очиқ-ойдин Китобнинг далолат ва маъвизаларидан баҳра олганлар, ана ўшалар Аллоҳдан қўрқувчилардир. Сизга ҳар бир мусибат етса, ўзингизни ҳақир сананг (ҳисобланг, яъни ўзингизга ишончсизлик қилманг, беэътибор бўлманг) ва маҳзун бўлманг (хафа бўлманг), агар Аллоҳга иймонингиз комил бўлса (Қуръон амрларига му-вофиқ амал қилсангиз) икки карра саодати аълога эришасиз». «Эй иймон келтирганлар, (менинг томонимдан) Пайғамбар келтирган ҳар бир амрни қабул қилинг ва сизларга манъ қилинган нарсаларга яқин борманг, амри илоҳийга хилоф иш қилишдан қўрқингки, зеро, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». Бу ояти карималардан маълум бўладики, агарда биз Қуръон ҳукмларига амал қилсак, паришонлик ва тарқоқликдан Аллоҳ ризолиги билан халос бўламиз.
Гапни мухтасар қилсак, бугун бошимизга келган фалокат ва бадбахтликларнинг ягона сабаби шуки, ҳикматли ҳукмлардан ва Куръон натижаларидан узоқлашиб кетдик. Агар биз дунё ва охират саодати талабида бўлсак, барча ғаразли ва фасод ишларимизни бир тарафга қўииб, самимий қалб билан унга мутеъ бўлиб, Куръон ҳукмларига бўйсуниб, ижтимоий ҳаётимизни шунга мувофиқ тарзда тартиблайлик. Бандаи ожизнинг кучсизлиги ва бу (хабарларни) билмаганлигидан юқоридаги мақсад учун Куръон ҳукмлари ва ҳадисларни жамъ қилиб, шу варақлардан бир рисола тартиб бердим. Агарчи бу рисола (менинг ожиз қаламимга мансубдир) эътиборсиз бўлса ҳам, бироқ Куръон оятлари ва ҳадислардан иборатлигидан арбоби диёнат назарига тушади, деб умид қилурман.
Мен танийдиганлардан баъзилари шу жойга етганда кулиб: «Сен хоҳлаганингни ёзиб, қудратинг етгунча дод-фарёд қилсанг ҳам Туркистонимизда сенинг сўзларингга эътибор берадиган одам топилмайди», — дейдилар. Бу биродарларимга берадиган жавобим ҳам Қуръони каримдандир: «Кофир ва гуноҳкорлар Куръони карим оятларини ўқиб, уни тушуниб, шундан кейин ҳам такаббурлик қилиб, (айтилганларга) писанд қилмай қулоқларини кар қилиб олсалар ва шу гуноҳларида (қаттиқ) туриб олсалар, хабар бергинки, эй Муҳаммад, уларга шиддатли азоб бордир».
Шу билан банда (Аллоҳ, барчамизга тавфиқ берсин) ўз вазифамни адо этишга киришаман.

Абдурауф Фитрат. "Нажот йўли" китобидан
 
Тарих ибрати билан гўзалдир
21.06.2014 03:31    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ёзувчи Фозил Зоҳиднинг келтиришича, 1873 йилнинг 29 май куни Хоразм тарихи саҳифасига қора ҳарфлар билан ёзилди. Босқинчиларнинг ҳарбий юришлар ва қирғинбаротлар оловида тобланган кўпсонли қўшинлари хонлик пойтахти Хива қалъасига бостириб кирди, муқаддас жойларни оёқ ости қилди, асосий зарба диний ва миллий қадриятларга қаратилди.
Тарихий манбаларда келтирилишича, қалъани истило қилишда 44 та замбарак, бошқа ўт очиш қуроллари ишга солиниб, масжид-мадрасаларга, мақбара ва минораларга қарата ўқ отилган. Жума масжидига тўп отилган пайтда масжид минорасида азон айтаётган муаззин овози янграган. Шу куни олов халқасида қолган 17 та масжидда жамоат бўлиб намоз ўқилган. 22 та мадрасада машғулот давом этган.

(«Мусулмонлар тақвим китоби», 1999 йил, 4-чорак)

 


39 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин