Саналар
23.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Ёшларға мурожаат (1913)
13.03.2014 23:44    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЁШЛАРҒА МУРОЖААТ

Бизни Туркистон ва Бухорода бир синф муҳтарам ёшлар мавжуддурки, ҳукумат маҳкамаларинда тижоратхона, бонка ва корхоналарға котиб, таржимон, молфуруш ва даллоллик ёинки насячинлик ила машғулдурлар ва бу синф аҳлининг адади бугун Бухоро ва Туркистонда мингларчадур. Ана ёшларға мурожаатдан мурод шу синф аҳлидан бўлган ҳамватанларимизға бир неча калима арз қилмоқдур. Лутфан сўзимизни тингласалар, деб илтимос қиламиз. Ва камоли эҳтиром ила ул жанобларға баён қилармизки, сизлардан аксарингиз савқи қадар ва ёинки савқи табиат ила бир навъи бўлуб, русча бир оз ўқуб-ёзмоқға ва ёинки фақат сўйламоқға қодир бўлубсиз ва бу озгина замоний билгу сабабидан вазифа олиб, енгиллик ва бир оз рифоҳият ила умр ўткарурсизки, Тангрим зиёда этсун!

Ва сизларни озгина илми замоний билганингиз, албатта, нафъ келтурди ва алҳамдулиллоҳ дини мубинға ҳам яхши муътақидсиз ва бу илмий замоний эътиқодингизни бузмади. Зотан исломият шундай бир дини матин ва қобили тараққийдурки, на қадар илми замоний кўб ўқуса, инсонни яна дини исломға шунча ақидаси мустаҳкам бўлур. Чунончи, илми замоний кўб ўқуғон Оврупо уламоларини(нг) энг номдор ва давлатликларидан мусулмон бўлуб тургонлари жаридахонларға маълумдур. Бас, сабаб бўлдики, илми замоний исломиятға зарар қилмоқ нари турсун фойда этар, энди матлабға келайлук.

Муҳтарам биродарлар! Сиз хидмат қилатургон доираларда сиздан катта ва сиздан оз ишлайдургон ва сизларға иш буюратурғон кишилар борки, сиздан беш, ҳатто, йигирма дафъа зиёда вазифа олур. (Баъзи бонка ва тижоратхоналарда ойинда беш юз сўм, ҳатто минг сўм олатургон кишилар бор ва аларни тижорат мактабиға ўқугони беш-олти йилгинадур.) Мунинг сабаби надур? Сизнинг қўл остингизда сиздан кўп ишлайдургон ва қаттиғ хидмат қилатургон ва юк кўтара тургон мусулмон ва ё ўруслар борки, сиздан ҳам оз вазифа олур. Мунинг сабаби надур? Албатта, мунга жавоб берурсизки, бизни устимиздан қарайдургонларни(нг) «илми замоний»си биздан зиёда ва меҳнаткашларни илми бизга ҳам эмас. Мана сабаб шудур. Биз ҳам дермизки, жавобингиз дуруст. Бас, маълум бўлдики, ҳозирги замон ишлариға хоҳ тижорат ва ҳукумат ва санъатхоналарга бўлсун, кириб вазифа олмоқға ва иш қилмоқға илми замоний деган нимарса лозим экан ва ҳар ким бақадар билгуси вазифа олур экан. Бас, сиз муҳтарамлар ҳам ўз авлодингизни ва азиз болаларингизни, агарда хоҳласангизки, сиздан кўра тараққий этса, дин ва миллатға хизмат этса. (Дин ва миллатға хизмат илм ва оқча ила бўлур.) Шу илми замонийни таҳсил қилмоқ учун ҳаракат қилмоғингиз лозимдур. Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек сиз-да, ҳатто, лозим бўлганда мулкингизни сотсангизда ўғлингизни замонча ўқумоқиға саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз! Замонча ўқутмоқ тариқасидан бошқа мақолада арз қилинур.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 21-сон, 390391-бетлар.

 
Қаҳрамон Ражабов. Биз билган ва билмаган Мадаминбек
21.07.2014 07:07    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

уркистон истиқлоли учун фидойи курашчи Мадаминбекнинг улуғ номини халқимиз доимо меҳр-муҳаббат билан тилга олиб келмоқда, унинг хотирасини қалбининг тўрида сақламоқда.
Мадаминбекнинг асл исми Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли бўлиб, у 1892 йили Марғилон атрофида – ҳозирги Тошлоқ туманининг Садда қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Сўкчилик қишлоғида ўртаҳол оилада туғилди.

Мадаминбекнинг отаси Аҳмадбек ўрта бўйли, тўладан келган чиройли одам бўлганлигини марғилонликлар яхши эслашади. Аҳмадбекнинг беш фарзанди бўлиб, Мадаминбек уларнинг энг кенжаси эди. Мадаминбекнинг Мақсудали ва Мамадали исмли икки акаси, Меҳринисо ва Майрамнисо исмли икки опаси бўлган. Ота-онаси ўз даврининг саводли ва билимдон кишилари, маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар даврасида бообрў одамлар бўлишган. Ана шундай маърифатли оилада вояга етган Мадаминбек тўғри сўзли, дўстларига садоқатли, мулоҳазали ва диёнатли йигит бўлиб ўсди.

Мадаминбек Биринчи жаҳон уруши арафасида чор Россияси ҳукмронлигига қарши бош кўтаради. 1914 йили қамоққа олинади. Суд Мадаминбекнинг ўзи тан олмаган айблар – қотиллик ва ўғриликни ҳам унга тўнкаб, 14 йилга Сибирдаги Нерчинск деган жойга каторгага ҳукм қилади.
1917 йил Феврал инқилобидан кейин сиё сий маҳбус сифатида Мадаминбек озодликка чиқади ва Марғилонга қайтиб келади. «Шўрои уламо» жамиятининг раҳбарлари Мадаминбекни шаҳар миршаблари бошлиғи – қўрбошиси лавозимига бежиз тавсия этишмайди. Агар у қотил ва ўғри бўлганида нуфузли уламолар ва зиёлилар унга бу лавозимни таклиф қилишмас эдилар. Совет режими йилларида Мадаминбек ва бошқа қўрбошиларга «ўғри», «босқинчи», «бандит» деган сунъий ёрлиқларни ёпиштириш одат тусига кирган эди.
Туркистонда болшевиклар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллагач, Фарғона вилояти ҳарбий комиссари К.Осипов Мадаминбекни Марғилон милицияси бошлиғи этиб тайинлаш ҳақидаги буйруққа қўл қўяди ва уни қурол-яроғ билан таъминлайди. 1918 йил январ ойининг охиригача Мадаминбек шу лавозимда хизмат қилади.
Бироқ совет режимининг халққа қарши сиёсати Мадаминбекни озодлик учун курашга ундади. 1918 йил март ойининг бошларида Мадаминбек ўз милиционерлари билан истиқлолчилар сафига ўтди. Мадаминбек айрим сиёсатдонлар ва тарихчилар ҳозир ҳам даъво қилаётганларидек, Қўқон хони бўлиш учун эмас, балки юртида тинчлик ўрнатиш ва босқинчиларга қарши курашиш учун қўлига қурол тутди. Мадаминбек атрофида Марғилон ва Тошлоқдаги жасур чапани йигитлар тўпландилар. «Яккатут бўлиси Гарбува (Гарбобо) қишлоғидаги Мадаминбек гуруҳининг қароргоҳига оммавий равишда маҳаллий ёшлар келиб қўшиларди», – деб ёзилади 1918 йилги расмий ҳужжатларнинг бирида.
1918 йил баҳорида Мадаминбек қўл остида даставвал 1000-1500 йигит тўпланди. «Деҳ қондан сўнгги яктагини ҳам тортиб олган» шўро ҳокимиятига қарши курашиш Мадаминбекнинг асосий матлаби бўлган. Миллий-озодлик ҳаракати сафига Мадаминбек сингари салоҳиятли саркарданинг қўшилиши жуда катта аҳамиятга эга эди.
«Ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Фарғона Мухториятини тиклаш вазифаларини қўйган Мадаминбек тадбиркор сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчи фазилатларига эга эди», – деб тан олинади ўша даврга оид расмий ҳужжатларнинг яна бирида.
Мадаминбек йигитлари ўртасида ҳарбий интизом кучли эди. Мадаминбекчилар босқинчи ва ўғриларни ўзлари ушлаб жазосини беришарди. Масалан, «1919 йил бошида Тошлоқда Исҳоқ ишбоши ва Тожибек кунжарафуруш майда босқинчилик гуруҳларини тузгани учун Мадаминбек юборган одамлар томонидан отиб ташланди».
Мадаминбек сиймосида саркардалик, давлат ва сиёсат арбобига хос сифатлар ўзаро мужассам бўлган. У Фарғона водийсидаги истиқлолчиларнинг тан олинган йўлбошчиси эди. Мадаминбек водийдаги совет ҳокимияти органларига муқобил равишда ўз сиёсий бошқарув усулини ўрнатди. Бундай бошқарув усулини яна Фарғона водийсида Катта Эргаш ва Шермуҳаммадбек, Бухоро республикасида Иброҳимбек, Мулла Абдулқаҳҳор, Анвар Пошо ва Салим Пошо, Хоразм республикаcида эса фақат Жунаидхон каби сардорларгина жорий этган эдилар.
1918 йил ноябр ойининг бошида Андижон уездидаги Ойимқишлоқда (ҳозирги Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани) бўлган Фарғона водийси қўрбошиларининг қурултойида Катта Эргаш қўрбоши ўрнига истиқлолчиларнинг Олий бош қўмондони қилиб Мадаминбек сайланди. Унинг ўринбосарлари қилиб Катта Эргаш (тахминан 1882 – 1921) ва Шермуҳаммадбек (1893 – 1970) тайинланди.
Мадаминбек 1918 йилнинг охиридаёқ мустақилликка уринаётган йирик қўрбошиларнинг фаолиятини бошқаришга муваффақ бўлди. Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек, Холхўжа Эшон, Маҳкам Ҳожи, Раҳмонқул, Омон Полвон ва қирғиз мужоҳидларининг бошлиғи Муҳиддинбек сингари қўрбошиларни ягона қўмондонлик остига бирлаштириш ундан жуда катта куч-ғайратни талаб этди. Ўз қишлоғи ва туманида «ўзи бек» бўлган бу қўрбошиларнинг қаршилиги ва ўзбошимчалигини Мадаминбек синдиришга эришди. У Холхўжа Эшоннинг шуҳратпарастлиги ва калтабинлигига қарши анча курашди. Катта Эргаш қўрбоши билан Мадаминбекнинг муносабатлари ҳам тез-тез ўзгариб турарди.
Мадаминбек қўшини сафида халқнинг барча табақаларига мансуб кишилар бор эди. «Мадаминбек бойлар ва маҳаллий аҳоли томонидан тўла равишда қўллаб-қувватланмоқда», – деб айтган эди 1918 йил октябрда Марғилон шаҳрининг фавқулодда комиссари Сугрубов. «Мадаминбек ҳар қандай аксилинқилобчи ва советлардан норози одамни, у қайси миллат вакили эканлиги ва диний эътиқодидан қатъи назар, хурсандлик билан кутиб оларди», – дейилади бошқа бир расмий ҳужжатда.
Мадаминбек қисқа муддат ичида ўз атрофига ақлли маслаҳатчиларни тўплади ва улар кўмагида яхши тайёрланган ходимларни Фар ғона водийсининг ҳамма жойларига ўз вакиллари сифатида юборди. Мадаминбек юборган бундай вакиллар водийнинг барча шаҳарлари, катта қишлоқларида бўлиб туб халқларни мустабид совет режими ва босқинчи қизил армияга қарши курашга оёқлантирдилар.
«Мадаминбек турли сиёсий оқимдаги кишиларни бирлаштира олди. Шунинг учун ҳам ҳеч қайси қўрбоши унингчалик куч-қудратга эга бўлмаган эди», – деб ўша пайтдаёқ ёзган эди унинг ғоявий мухолифларидан бири совет ҳарбий тарихчиси В.Кувшинов.
«1919 йил январида Мадаминбек қўл остида 16000 кишидан иборат армия бўлган», – деб таъкидланади Фарғона вилояти совети номига 1919 йил 27 январда йўлланган ўта шошилинч маълумотномада. Ўша йил ўрталарига келиб эса Мадаминбек қўл остида 25.000 йигит совет режими ва қизил армияга қарши истиқлол жангларини олиб борган. Бу пайтда Шермуҳаммадбекда 20000 йигит, Катта Эргаш қўрбошида бўлса 15000=16000 йигит бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1998 йил август ойида Фарғона шаҳрида бўлган митингда Мадаминбек шахсига, унинг суронли ҳаётига, бу миллатпарвар, исёнкор, оқил инсоннинг тақдирига муносиб баҳо бериб. совет тузуми даврида адолат ва ҳақиқат учун тинмай кураш олиб борган юртпарварнинг суронли ҳаётига қуйидаги тарзда муносабат билдирди: «Мадаминбек муттаҳам, ўғри бўлмаган. Озодлик, адолат учун курашган» («Халқ сўзи», 1998 йил, 11 август).
Ёш Мадаминбек тадбиркор лашкарбоши бўлиш билан бирга, уста сиёсатчи, моҳир дипломат ҳам эди. У Фарғона водийсидаги қўрбошиларни ягона қўмондонлик остига бирлаштирди, Бухоро амири Саид Олимхон (1881 – 1944) ва Хива хонлигининг амалдаги ҳукмдори Жунаидхон (1857 – 1938) билан қизил армияга қарши биргаликда курашиш учун музокаралар олиб борди. Самарқанд вилояти истиқлолчиларнинг раҳбарлари Баҳромбек (? – 1922) ва Очилбек (тахминан 1883 – 1923) ҳузурига ўз вакилларини жўнатди. Афғонистон ва Туркияга ҳам ишонч ли кишилар юборилди. Мадаминбек Россиянинг Кошғардаги собиқ консули Успенский ва Буюк Британиянинг бош консули П.Эсертон орқали жаҳон саҳнасига чиқишга, Европа давлатлари ҳамда АҚШдан болшевикларга қарши кураш олиб бориш учун иқтисодий ва ҳарбий ёрдам олишга интилди. Мадаминбекнинг бу саъй-ҳаракатлари халқаро майдонда сезиларли ютуққа олиб келмаса ҳам, лекин Фарғона водийсининг ўзида мустабид совет режимига қарши кучларни бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мадаминбек томонидан моҳирона дипломатик сиёсат юритилганлиги натижасида 1919 йил 22 октябрда унинг бошчилигида Фарғона Муваққат мухторият ҳукумати тузилгани водийдаги вазиятни истиқлолчилар фойдасига ўзгартириб юборди. Ягона, кучли ва малакали замонавий мусулмон армияси тузиш ишлари қизиб кетди. 1919 йилнинг кеч кузига келиб, «Мадаминбек қўл остида салкам 30000 йигит» қизил армияга қарши истиқлол жангларини олиб борди. Бу пайтда «Шермуҳаммадбекда 20000 йигит», «Катта Эргаш қўрбошида 8000 йигит бўлган». Ана шу лашкарбошилар водийдаги жанговар ҳаракатларни йўналтириб турдилар.
Совет режими ва болшевиклар истиқлолчиларга қарши курашиш учун барча воситаларни ишга солди. Туркистон фронти, Турккомиссия, Туркбюро, кейинчалик РК(б)П марказий комитети Ўрта Осиё бюроси каби турли ташкилотлар, комиссия ва бюролар тузилиб, боз устига Россия марказидан доимий равишда Туркистон минтақасига янги-янги қизил аскар қисмлари ташлаб турилди. Бу ҳолат, хусусан, Оренбург тиқини тугатилгач, авж олиб кетди. 1920 йил январ ойининг ўрталарига келиб, жанговар ташаббус қизил армия қўлига ўтди.
Ҳарбий ташаббус қўлдан кетганлигини, ҳар қадамда хиёнат таъқиб қилаётганини кўрган Мадаминбек ўз йигитлари ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Фарғонадаги совет қўшинлари қўмондонлигига яраш музокаралари бошлашни таклиф этди. Истиқлолчилар қўшинининг Бош қўмондони Мадаминбек билан 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Н.А.Верёвкин-Рохалский ўртасида 1920 йил 6 мартда Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрида яраш битими имзоланди. Мадаминбек билан бирга совет ҳокимияти томонига унинг ўнлаб қўрбошилари ва 3500 йигити ҳам ўтган эди.
Лекин Мадаминбекнинг дипломатик тадбирлари бу гал самарасиз тугади. Совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар орасига юборилган Мадаминбек Шермуҳаммадбекнинг розилиги билан Холхўжа Эшон томонидан 1920 йил 14 майда қирғизларнинг Қоровул қишлоғи атрофида хиёнаткорона ўлдирилди.
Мадаминбек билимдонлиги ва ташаббускорлиги, ўзининг демократик қарашлари ва ҳарбий салоҳияти билан бошқа қўрбошилардан анча устун турган. У халқ орасида кучли меҳр-муҳаббат ва катта обрўга сазовор эди. Табиийки, миллат мустақиллиги учун курашган Мадаминбек сингари юртпарварлар совет режими учун жуда хавфли эди. Шу сабабли ҳам Мадаминбекнинг ҳалок бўлишидан биринчи навбатда шўролар манфаатдор бўлган. Адолат юзасидан айтганда, Мадаминбекнинг айрим ишлари баъзи ўзбилармон қўрбошилар ва уламоларга ҳам ёқмас эди. Истиқлолчилик ҳаракатидаги бундай зиддиятли ҳолатлар Мадаминбек қисматининг фожиали тугашида ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Мадаминбек фожиали равишда ҳалок бўлган бўлса ҳам, унинг порлоқ номи Туркис тон истиқлолчилари ўртасида тилларда достон бўлди. Мадаминбек ҳақида турли қўшиқлар тўқилиб, истиқлолчилар томонидан куйланди. Махфий архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, ана шундай қўшиқ матнларининг бирига Мунаввар Қори анча сайқал бергач, бу қўшиқ яна ҳам машҳур бўлиб кетади.
Мадаминбекнинг қабри ҳозирги Қирғиз истон Республикаси ҳудудида, Олой воҳасидаги Шиғай қишлоғидадир. Бу манзил ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб ўзбек, қирғиз ва бошқа туркий халқларнинг зиёратгоҳ масканига айланган. Қабр устига ўрнатилган мармартошда «Туринг бегим, гуноҳларни ювайлик, босқинчини Она юртдан қувайлик!» деган шеърий битик лотин имлосида ўзбек тилида ўйиб ёзилган. Шеърий матн остида қиличнинг расми акс эттирилган.
Мадаминбек юрт озодлиги ва истиқлоли учун курашда қурбон бўлди. У ўз ўлими билан бугунги Мустақиллигимизга пойдевор қўйди, ҳозирги истиқлол кунларимизни яқинлаштирди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 21-сонидан олинди.

 
Тутанхамон хазинаси
21.07.2014 07:06    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1893 йил Франция археологи Лорет Аменофис II мақбарасини топган ва унинг атрофида яна 13 та бошқа жасадлар бўлганлигини аниқлаган. Энг фантастик кашфиёт малакали мисршунос олим Картер ва унинг бой ҳомийси Лорд Карнавонлар томонидан 1922 йилда содир бўлган. 1903 йилдан бошлаб кейинги бир неча йиллар давомида америкалик сайёҳ Теодор Девис Шоҳлар водийсида қўл тегмаган бирорта мақбара топиш умидида тинмасдан қидирув ишлари олиб борган, лекин натижа бўлмаган.



1914 йилда у текшириш ишларини тугади деб ҳисоблаб, ижарага олган  Водийни Картер билан Карнавонга топширади.

Улар қарийб 9 йил изланишда бўладилар. Бу давр ичида бир неча юз тонна қум ва тошларни жойдан-жойга сурадилар. Текширилмаган ҳеч бир нарса қолмайди. Ҳатто кичкинагина тешик ҳам улар эътиборини четлаб ўтмаиди. Аммо натижа йўқ эди. Охири улар ҳам умидларини уза бошлайдилар. Тоқати тоқ бўлган Карнавон 1922 йилда ишларни давом эттиришдан воз кечганлигини маълум қилади. Аммо Картер ҳеч бўлмаса яна бир-икки ой ишларни давом эттиришни ундан ўтиниб сўрайди. Чунки Картер нима учундир бир кичкинагина учбурчак шаклидаги тешикка эътибор берган эди.

Туристларнинг Рамзес ВИ мақбарасига ўтадиган йўлини тўсмаслик мақсадида бу ерда ҳеч ким қазиш ишларини олиб бормаган эди. Шунинг учун ҳам Картер: «Мана шу бўшлиқ текширилмас экан, барча чоралар кўрилди деб бўлмайди», деган хулосага келади.

Карнавон рози бўлади. Картер эса яна Мисрга қаняди ва ўша учбурчак бўшлиқни тозалашга киришади.

Бир неча кундан кейин у ҳаяжон билан қояни ичкарисига кириб кетган зинани кўриб қолади. Зина бўйлаб пастга тушади. Унинг кўз олдида мутлақо шикастланмаган девор пайдо бўлади. Картер девор олдида бир дақиқа сукут сақлайди. Деворда эса Тутанхамондан далолат берувчи шоҳ муҳри бор эди. Картер шу заҳотиёқ хўжайинига қўнғироқ қилади. Карнавон зудлик билан Мисрга етиб келади. Улар деворни бузиб кирадилар. Бу ерда қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилган тор йўлак, унда яна бир шоҳ муҳри билан белгиланган девор бор эди. Ҳал қилувчи дамлар бошланди. Карнавон ва бир нечта кишилар коридорда сабрсизлик билап кутиб турадилар, бу вақтда Картер деворнинг юқорисида кичик тешик очади. Кўрадики девор орқаси бўшлиқ. У электр чироғини ўша томонга йўналтиради. Картер бир неча дақиқа қотиб қолади.

«Сиз бирон нарса кўряпсизми?», деб сўрайди Карнавон.

«Ҳа, - деб жавоб беради Картер. - Ажойиб нарсалар, худди эртаклардагидек».

Бу тарих ҳақида ўз вақтида ва ундан кейин ҳам жуда кўп гапирилганди, чунки у такрор ва такрор гапиришга арзийдиган тарихдир.

Картер  топган хона  аслида хазина билан тўлдирилган даҳлиз эди. Унда иккита эшик бўлиб, бири омборхона, иккинчиси гўрхона билан боғланган.

Бу ердаги мўъжизалардан бири шоҳнинг тилла пластинка билан копланган тахтидир. Дарҳақиқат у ажойиб таассурот туғдиради. Тилла пластинка тахтга суянчиқ сифатида ишланган бўлиб, унда шоҳ ва малика кўринишича, боғда тасвирланган. Ёш ҳукмдор тахтда ўтирибди. Малика Анхеснамон эса унинг елкасига мой суркамоқда. Шакл ва безаклар пластинкага Ляпис-лазур ва сердолик каби қимматбаҳо тошлардан инкрустация қилиш йўли бнлан ишланган. Бу астойдил изланган гўзал релефлардан биридир.

Кароватлар, курсилар ва креслолар билан бирга шоҳнинг қутилари, сандиғи ва бошқа кундалик буюмлари, ҳатто Тутанхамон ёшлигида тутган эбен дарахти ва фил суягидан ишланган кичик стул ҳам ана шу хонадан жой олган (30-31-расмлар).

Бу нарсаларнинг ҳаммаси тартибсиз равишда бир тўда қилиб уйиб ташланган. Афтидан бу кичик мақбарага мебел шошилинч равишда қўйилган бўлса керак. Мақбарани ўғирлашга бир марта ҳаракат ҳам қилинган.

Далил тариқасида айтиб ўтиш мумкинки, тахтнинг олтин оёқлари узиб олинган бўлиб, улар бир парча газмолга ўраб қўйилган ҳолда топилган.

Кўриниб турибдики, ўғрилар буюмларни олиб чиқиб кетишга улгурмаганлар. Уларга кимдир ҳалақит берган. Эҳтимол ўғрилар ўз жиноятларини амалга ошираётган пайтларида қўлга тушганлар. Хуллас, 1923 йилда йўлак буюмлардан бўшатилиб, шоҳ муҳри босилган иккинчи девор бузилганда, унинг орқасида худо ва маъбудалар шакллари  билан  безатилган  олтин лавҳа  топилган.

Аслида эса у тўғри бурчакли катта ҳажмдаги ёғочдан ишланган ва сирти соф тилладан инкрустация қилинган бутхона бўлиб, у бир томони 5,5 метр, иккинчи томони 3,5 метрга тенг келадиган дафн хонасини буткул эгаллаб турган.

Картер бутхона эшигини очганда, унга таниш бўлган ўша шоҳлик тамғаси бўлган, ўша соф олтин билан қопланган лекин бошқа бутхонага дуч келган.

Маълум бўлишича, бу ерда бир-бирининг ичига мослаштирилган тўртта бутхона бўлиб археологларнинг билишича, шоҳ уларнинг энг охиргисининг тубидан жой олиши лозим бўлган.

Дарҳақиқат Картернинг ўта профессионал моҳирлиги талаб этгандек, бутхоналар қисмларга ажратиб олинганда у ерда гўрхона борлиги маълум бўлган. Гўрхонада бир-бирининг устига қўйилган учта саркофаг сақланган. Уларнинг дастлабки иккитаси олтин, рангли паста ва қимматбаҳо тошлар билан нақшланган. Мўмиё сақланган учинчи саркофаг соф олтиндан қилинган ва уни ердан қўзғатиш учун камида тўрт киши керак бўлган.

Гўрхона орқасида учинчи хона жойлашган. У ҳам бошқалари каби ҳар хил ажойиб буюмлар: қути ва кийим солинган сандиқ ҳамда чиябўри - худо Анубиснинг тилла суви билан қопланган ялтироқ шакли, қайиқда қўлига узун арқонга боғланган найза ушлаб турган шоҳнинг тасвири, икки ғилдиракли жанг араваларининг бўлаклари ва бошқа нарсалар билан тўлдирилган.

Мақбаралар бўйича катта мутахассис Алан Гардинернинг ҳикоя қилишича, Картер ўша учинчи хонадаги қутини очганда, унинг ичида патли елпиғич бўлган. «Унинг парлари - деган эди у, - шунчалик гўзал ва кишини эсанкиратадиган даражада  нафис ва  кўркам  эдики, гўё улар   ҳозиргина   туяқуш   қанотидан   юлиб олингандек, шоҳ ҳам эрамиздан уч минг йил аввал эмас, балки яқинда дафн этилгандек туюларди. Улар менда кутилмаганда кучли таассурот қолдирди. Бундай ҳолатни мен ҳеч қачон   бошимдан  кечирмаган  эдим  ва   бундан  кейин   ҳам кечирмасам   керак»    (33-расм).   Энди   биз   буюк   жангчи фиръавнлар Сети И ва Рамзес ИИ ларнинг мақбараларида, агар улар ўғирланмагапнда,  шубҳасиз  қандай бойликлар мавжуд бўлганини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин. Нима учун Тутанхамон қабри ўғирланмай қолган, деган саволга баъзилар уни ўғрилар тополмаганлар деган фикрни сабаб қилиб кўрсатдилар. Бу ҳақиқатдан йироқдир. Қабрнинг ўғирланмай қолганлиги уни ўғрилар тополмаганлигида
эмас аксинча, Тутанхамоннинг бедарак шахслиги мақбарани ўғрилардан сақлаб қолган.

Ахенатон билан қариндош тутинган Тутанхамон тез орада унутилган. Уни зудлик билан кичик, кўримсиз мақбарага дафн этганлар.

Кейинчалик Рамзес ИИ мақбарасини очиш пайтида ҳосил бўлган тупроқ Тутанхамон қабрига кирадиган йўлни беркитиб қўйган.

Агарда мақбера 1922 йил археолог Картер томонидан тасодифан топилмаганда, у биз учун ҳанузгача ечилмаган бир сир бўлиб қолар эди.

Хулоса  қилиб   айтганда,  қабрдаги  нарсалар  бир-бирларидан ашёларининг бойлиги ва хилма-хиллиги, бажариш техникасининг мукаммаллиги, беқиёс чиройи ва безаги билан ажралиб туради ҳамда 18-сулола давридаги ҳунармандчилик санъатининг юқори даражада ривожланганлигидан далолат беради.

Ҳозирги кунгача Тутанхамоннинг мўмиёланган жасади, ўз қабридаги саркофагда сақланмоқда. Қолганлари қимматбаҳо нарслар билан бирга, Қоҳира музейига қўйилган.

Шоҳлар водийсидаги мақбараларни кўздан кечирар эканмиз, уларда қадимги Миср ҳаётини кўрсатувчи лавҳалар ҳам талайгина. Бу лавҳалар асосан қояларнинг шарқий қисмидан топилган аслзода кишиларнинг мақбараларида мавжуддир.

Маълумки, ўлган кишиларнинг таналари қўйилган гўрхоналар катта чуқурликда жойлашган. Уларнинг устида эса зиёратхоналар бўлган. Қадимги мисрликлар ҳаётини кўрсатувчи суратли лавҳалар ана шу зиёратхоналар деворида тасвирланган.

Мана Небамон мақбараси. Деворга ишланган суратлардан бирида қандайдир аслзода папирусдан ишланган қайиқда хотини ва қизи билан ов қилаётгани кўрсатилган. У қайиқда тик турган ҳолда қўлида найза билан ёввойи ҳайвонларни овламоқда. Хотини эса чўққаниб ўтирган ҳолда эрини йиқилиб кетмаслиги учун оёқларидан маҳкам ушлаб турибди.

Бошқа кўринишда шоҳлар водийсида худолар ва марҳумларга бағишланиб уюштирилган дабдабали байрам акс эттирилган. Қабул маросимларининг мухлислари, мисрлик зодагонлар меҳмонлар билан бирга кичик курси атрофида олдиларига қўйилган илвасин, балиқ ва ҳар хил ширинликлардан тотиб ўтиришибди. Шу билан бирга уларга қизиқарли томоша ҳам кўрсатиляпти. Одатда аёллардан тузилган созандалар куй ижро этмоқдалар. Ёш раққосалар эса рақсга тушмоқдалар. Суратда кўрсатилтан икки ўйинчининг бадан ҳаракатидаги уйғунликнинг камолот даражасига кўтарилганлиги, рассомнинг моҳирлигидан далолат бериб турибди.

Икки созанданинг юзи олд томонга қаратилган. Киши юзини олд томондан кўрсатиш бутун Миср рассомчилик санъатидаги одатдан ташқари ҳолдир Маросимда ўтирганларга хизматкорлар май тутаётганларини ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, Мисрликлар майни жуда қадрлаганлар.

Масалан,  бир  аёл  портретида  худди., ҳозирги  замон ҳазил расмларида бўлганидек қуйидаги ёзув битилган: «Менинг қорним очликдан сомондек қуруқ бўлса ҳам, ичиб маст бўлгим келади».

Булардан ташқари, оддий инсон ҳаётига бағишланган қатор лавҳаларни ҳам кўришимиз мумкин. Мана деҳқон меҳнат даласида ер ҳайдаётгани, ҳосилни йиғиштираётгани, молни бошқараётгани ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланаётгани (36-расм) жонли ифода этилган.

Тутмос ВИ ва Фивалик ер ўлчовчи Мена мақбараларидаги деворларга ишланган суратлар ҳам ҳаётийлнги билан киши фикрини ўзига жалб этади.

Тутмос ИИИ нинг вазири Рехмир қабрида эса қандайдир завод тасвирланган бўлиб, унда ишчилар таянма курси, тахт, бутхона ва бошқа нарсалар тайёрлаётганлари акс эттирилган. Айнан шу нарсалар Тутанхамон мақбарасидан топилган эди. Яна бошқа бир қатор суратларда Амон-Ре ибодатхонаси учун бронзадан улкан эшикларни қуйиб ясаш жараёни кўрсатилган. Унда ишчилар ўчоқни ёқиш учун нафасларини ҳаракатга келтираётганликлари тасвирланган. Юқорида кишилар эритиш қошиқларида эритилган метални оташкурак ёрдамида катта тўртбурчак шаклга қуймоқдалар. Ундан наридаги бошқа суратда Рехмир - энди у Миср фиръавни сифатида атрофни ўраб олган ҳомийлари билан адолат судида раислик қилмоқда.

Юқорида баён этилган фикрларга якун ясаб шуни айтиш мумкинки, янги подшолик даврида Миср давлати ва унинг меъморчилик санъати ўзининг энг юксак камолот чўққисига кўтарилди. Ана шу чўққидан эса ривожланган қўшни давлатлар таъсири остида анъанавий маданиятнинг парчаланаётгани сезилиб турарди.

Х. А. Салохуддинов “Фиръавнлар мамлакати” («Меҳнат» - 1992) китобидан олинди.

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Оҳ, бонкалар бизни барбод этди (1914)
13.03.2014 23:43    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ОҲ, БОНКАЛАР БИЗНИ БАРБОД ЭТДИ

— Шундайми?

— Албатта йўқ.

— Бас, нима бизни барбод этди?

— Нозоалла, ҳисобсизлик. Тўғри, ақл ва тарбиясизлик бизни барбод этди. Айб бонкада йўқ, бизда. Чунки бошқа миллатлар бонкалар сабаби ила обод бўлур. Давлати ва мулки ортур. Аммо биз, зоҳиран бонкалар сабаби ила барбод ва фақир бўлармиз. Аввалги бор мулкимиз қўлдан кетарки, мунинг асл сабаби бонка эмас, ўзимизни тарбиясизлигимиз ва донишсизлигимиз ва беҳисоблигимиз ҳамда нафъ ва зараримизни билмаганимиз, тижорат иши ва аҳли замонадан бехабарлигимиздан, хулоса, жаҳолат ва нодонлигимиздандур.

Бонка сабаби ила яҳудий, армани ва бошқалар давлатлик бўлур. Биз бўлса, болакс давлатимиздан, мулк ва обрўйимиздан айрилармиз. Чунончи, қўлдаги бор нимарсамизни тўй ва азоға, беҳуда одатларға сарф этармиз. Кўрпамизга қараб оёқ узатмаймиз. Қарз ила иморат, тўй, фисқ ва бойлик қилармиз. Исроф қилармиз. Охири «Хаср ад-дунё ва-л охира»[1] бўлурмиз. Бу сабаб ила фақирлик даражасинда тушуб, сўнгра бонкадан Додхоҳлик қилармиз. Бир карра диққат қилинсун, бир яҳудий, бир ўрус, бир армани ҳеч вақт тўй деган балоға беш минг сўм, ҳатто, бир-икки минг сўм сарф қилгани эшитилмайдур. Биз бўлса, йигирма минг сўмлаб сарф этармиз. Қошки бу пул ўзимизники бўлса эдики, ялғуз исроф гуноҳи ила қутулардук. Йўқ, балки биз ҳақ-ул-абд[2]дан қўрқатургон мусулмонлар бошқалар оқчасини барбод этиб, охиратға қарзи дунёға кулфат ортдурармиз. Мундан номаъқул ҳаракот, албатта, шаръан ва ақлан гуноҳи азимдур, девоналикдур.

Ҳўқанддан жаноб М. Д. Р. М. афанди ёзадурларки, бонкадан фойдалик оқча олмоқ дурустми? Ва биз, мусулмонлар нима учун бонкадан пул олиб синармиз? Аввалги савол учун жавоб берармизки, шаръан бонкадан пул қарз олмоқ тўғрисинда мўътабар «Шўро» мажалласинда тафсили илан кўб ёзилди. Хоҳласангиз «Шўро»дан ўқуб огоҳ бўларсиз ва ул сиз учун ҳозиржавобдур. 2-саволға қисқалик ила шуни ёзармиз: масалан, Абдуллабой баззозни ўзидан беш минг сўм сармояси бор. Дўконидан 500 сўмлик молни олти ой ваъда ила нася сотди. Албатта, бу сотилган молға ақлан 50 сўм фойда қўюб эдики, юз-да ўн юзасидан бўлур. Энди дўкондаги мол оз эди, яна мол олмоқ учун оқча йўқ. Қантурдан нася олса, аввалда нақдаға нисбатан 7—8 ҳисса қиммат қилиб берур, Масалан, 400 сўмлик молни олти ойға 470 сўм, балки зиёда қилиб берар ҳамда яхши молға ямонни қўшар, агарда Абдуллабой баззоз бонкаға сотган моли учун олган векселини қўйса, олти ойға бонка 500 сўм нақд бериб, фақат 15 ё 20 сўмгина фойда сахлайдурки, бизни баззозимиз ушбу пулға 4—5 кантурдан чеккасиға чертиб, сийлаб молни арзон нархга олур. Ана бонка ҳикмати ва кераклиги шундан иборатдур ва ҳам шундай ўлчав ила муомала қилинса, ҳар ким бонкадан фойда кўрар. Йўқ, бонка уни учун эмаски, бир пулсиз дўкон ўлтуруб ва бонка пулини нася қилиб, тўй ва зиёфат ва иморат ва шароратға, кўбкари ва азоға сарф қилиб ё бонкадан қарз олиб, ҳаж бориб, дунёға баобрў ва охиратға қарз юклаб кетмоқ учун эмасдур.

Муҳтарам М. Д. Р. М. афанди! Мундан бошқа яна синмоқимизға сабаб тарийқи тижоратни, молни олиш ва сотиш жойини билмаганимиз, пахта ва бошқа ғалла тўғрисинда Амриқо, Африқо ва Оврупо бозор ва зироатларини ҳолидан, бўлган ва бўлмаганидан бехабарлигимиздур. Бизни тожирлар аксарият ила ҳеч жойдан бехабар «таваккал» деб иш қиладурларки, ташаббуссиз таваккал ила иш қилмоқни шаръан манҳийлигидан бехабарлигимиз боисдур. Энг охирги сабаб синмоқимизға шулки, тижорат майдонинда нодонлигимиздан бошқалар тарафидан алданармиз. Хулоса, бизлар коммерсант, яъни тожири замоний эмас, балки бизларға деҳқонлик лозим. Аммо маатаассуф унга ҳам илми басират ва ҳисоб лозимки, бизға шу илми замоний йўқ, бинобарин келаримиз ниҳоят қоронғудур. Мулкларимиз аксари қўлдан кетар ва қора меҳнаткаш бўлуб қолурмиз. Аллоҳ басират берсун. Шайх Саъдий деюр: «... мадоҳили ўн саккиз ва махорижи йигирмалик киши ҳолиға йиғламоқ керак. Кундуз чироғ ёққан аблаҳнинг оқшом қоронғуда ўлтурганини яқинда кўрарсан».

«Ойна» журнали, 1914 йил, 19-сон, 342—344-бетлар.



[1] Дунё ва охиратни барбод этиш.

[2] Киши ҳақи.

 
Салбчилар - ўз динларини оёқости қилган ваҳшийлар
15.01.2014 23:11    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Тарихдан маълумки, илоҳий диний таълимотнинг асл маъноси унинг сохталаштирувчилари томонидан жуда кўп марта бузиб, нотўғри талқин қилиб келинган. Насронийлик тарихида инсоният учун энг фожиали ва аянчли давр ҳисобланган Салб юришлари бунга ёрқин мисол бўла олади.

Батафсил ...
 


33 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин