Саналар
22.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. "Чин севиш" (1920)
13.03.2014 23:13    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЧИН СЕВИШ

(Фитрат асари)

Яқинда ўзбек саҳнаси улуғ ва улуғлиги қадар юксак ва гўзал бир томоша (пиеса) кўрди.

Мен ўзум иқрор қиларға тейишманким, унинг ўзини ва ўйналишини тегишинча танқид ва ё тақриз қилувни мен бажара олмайман. Бироқ бу йўли ва тўғрида ёзмоқлик вазифаси менга тушканликдан кўб чуқур бўлмағон қарашимни ёзиб кетамен.

Воқеа Ҳиндистондадир. Ҳиндистон ўзгаришчиларидан бўлғон Каримбахшхоннинг ўқимишли ва гўзал қизи Зулайҳоға икки киши бирдан ошиқдир: бири ўзгаришчи, юртчи шоир Нуритдинхон. Иккинчиси — эгри юракли, англизпараст — Раҳматуллахон. Қизнинг отаси ўзгаришчи ва ҳинднинг буюк шоири бўлған Нуриддинни суяр ва қизини унга бермак истар; қизнинг онаси эса, ўйдан, армондан кўра кийим ва қиёфатка кўз солғонлиғидан ёмон кийингувчи ва дарвеш каби юргувчи Нуриддинга эмас, яхши кийинувчи ва соддаларни алдай олувчи Раҳматуллахонға бермакчи.

Қизнинг ўзида Нуриддинни севар.

Нуриддин қизни «чин севиш» билан суйганлигидан қизга ҳурмат қилиб, «суйдим» деб айта олмайдир. Раҳматуллахон эса ундан илгари ҳам бир неча ёш қизларнинг бошиға етканлигидан муни қўлға туширувға ҳам қўлидан келганни қиладир: қизнинг онаси билан сийқа муносабатда бўлинадир. Нуриддин бор вақтда қизнинг кўнмаслигини билиб Нуриддинни орадан кўтармак истаб, ёлғон бир туҳмат билан англиз қамоғига олдирадир. Ундада бўлмағоч, ўлдирмак учун одам ёллаб зиндонға юборадир. У одам зиндонға кириб Нуриддиннинг ичатурғон сувига оғу солса ҳам, Нуриддин Зулайхонинг хаёллари билан ўралашнб, ичмай қоладир. Ҳинд ўзгариш қўмитаси зиндончи билан келишиб Нуриддинни қутқарадир ва Каримбахшхоннинг уйида яширин бир жойга жойлайдир. У ерга жойланғоч, Нуриддин билан Зулайҳонинг ораси «василат» жойиға етадур. Гўзал-гўзал шоирона сўзлар билан иккаласи ҳар вақт сўйлашалар.

Бир кун бунлар бир неча киши (ичларида Зулайҳо ҳам) «Ўзгариш қўмитаси»нинг мажлисини кўруб, Ҳиндистоннинг ҳар ерида англизларга қарши ялпи қўзғалиш ясов тўғрисида сўйлашиб турғонларида Раҳматуллахон бошлиқ англизлар пўлисалари келиб босалар. Кучли олишмадан сўнг бирмунча англиз пўлисалари билан бирга Зулайҳодан бошқа ҳамма ўзгаришчилар ўладир: Зулайҳони олиб кеталар.

Англиз пўлисалари Зулайҳони тутмоқ истаркан, Раҳматуллахон: «теймангиз, у меним суйгилимдир» дегач, англизлар «қўмитачими сенинг суйгилинг» деб ўзини ҳам отиб ўлдиралар.

Бу улуғ томошанинг энг оғир вазифалари икки кишида эдиким, бири Зулайҳо, бири — Нуриддин. Ундан қадар кучли бўлғон Раҳматуллахон вазифаси, асосан унларча оғир эмасдир.

Боя айтганимдай Нуриддин «чин севиш»га еткан бир ошиқдир ва шунинг учун у хаёллидир, Машрабдир, Девонадир. Зулайҳони у не қадар суйгани ҳолда, «суйдим» деб кўб чоғларғача айта олмағон. Ёлғиз йироқдан «эсонмисиз?» деган, суюклиси ҳам «эсонмисиз?» деса чидай олмағон. Қочқон. Бекиниб-бекиниб йиғлағон. Ҳўнграган». Ўзи суйиб, куйиб ётқони ҳолда, ўзи зўр бир дардга айланғон ҳолда, «ишқ дард эмас, даводир», дейдир ва ҳар ерда шуни айтадир.

Бу ролни атоқли ўхшатғувчимиз Уйғур муни яхши ўйнади. Айниқса, учинчи пардада кўрсаткан қилиғлари тўғри ва жойли эдилар. Тўғрисини айтмоқ керак бўлса, 4 нчи пардада Нуриддин рўли етарли чиқмади: аллақандай кўзга ярашмаган ва оддий қилиғлар кўрилди. Мунда кўпроқ айб бизнинг саҳнамизнинг камбағаллигига тушадир. Негаким, ўзининг амплуласи ботир — қаҳрамон рўллари ва ўткур кулги бўлғон Уйғур севгига, севгидан қийнала билувға юмшоқдир. Бироқ севгувчи файласуф табиатли ишларни 3 нчи пардада яхши кўрсатуб эди.

Зулайҳо ҳам яхши: бироқ унга кўброқ севги ҳаракати бермоқ керак эди. Тушунув, узоқ вақт сўзсиз тушунув (биринчи пардада) тўғри ва табиий эмасдир. У нарса Нуриддинга келишар. Уни ўйновчи Саъдия Туташға бундан ҳам оғирроқ (агар бўлса!) ва кўб ҳаракатли роллар бериб, унинг ўхшатувчилик кучини ортдирмак керакдир.

Ундан кейинги Раҳматуллахон ролини ўртоқ Қори яхши ўйнади ва тўлуғ бир тип (тус) бера билди. Бошқа қаҳрамонларда ҳам бўлғон майда камчиликларни айтув ортиқча. У биринчи пардада юмшоқроқ эди. Шоирона айтмак истаган сўзларини тегишинча таъсирлик қилиб айта олмади. Иккинчи пардада унинг қилиғлари кўб гўзал эди. Айниқса, қизнинг отасидан битик келгач чиқиб кетиб, қайтиб киришлари — бу ўхшатувчини тўлуғ тип берганлар орасиға киритадир.

Ўзгаришчи Сарвар билан Нуриддиннинг оғаси чин ўқимишли ёш йигитлар тусини тўлуғ бера олурлар эди, агарда бир оз оғир ва шошилмай қимирласалар.

Нуриддинни қаматдирғон ва ўлдирмакка юрган йигит тўғриси, у қадар хоин тоифали эмас эди.

Қизнинг отаси (Ўктам) зўр бир оила эгаси. Мунинг устига, юқори фикрли юрт болаларини ўз ўғли каби кўра билатурғон ўзгаришчи бир муҳтарам ота тусини кўрсатди.

Раҳматуллахоннинг ўртоқларидан Аюбхоннинг рўлини олғон ўртоқ О. жуда бўш ва янглиш чиқарди. Айниқса ролини билмаслиги на зўр камчилик!

Бошқалар кўмакчи бўлушуб, теккиз ўйнадилар. Пўлисалар таппончани ўз бошлиқлариға дўлайдилар; бу энг зўр эътиборсизликларнинг бири. Саҳна орқасидан отилувлар ўз вақтида чиқмади ва шунинг натижасида Раҳматуллахон ўқ тегмасданоқ ўла берди.

Умуман, сўнг пардада руҳли бўлишка тегиш экан, руҳсиз чиқди.

Ўзбек саҳнаси ёшдир. Унинг учун мундай зўр нарсалар балки оғир бўлур эди. Шундай бўла туриб «Карл Маркс» тўдаси ўртоқ Уйғурнинг тинмаслиги ва берилишлиги орқасида зўр нарсаларни ҳам саҳнага чиқара ва яхши муваффақ бўладир.

Асар тўғрисида фикр юритувдан қочмоққа ва ўзимни тортишға мажбурман. Негаким — шу ёзилғонлардан ортиғи меним учун ортиқдир.

«Карл Маркс» бу асарни тағин 1—2 маротаба такрорларға керакдир. Халқ, томошачи халқимиз буюк армонли, соф адабий нарсаларга ҳам тушуниб келадир. Бу ўзбек саҳнасининг зўр енгиши, мундан фойдаланув керак.

Энди бу бир қўйилиб ўткан ва қўшилиб, бутунланиб босдирилғон ўртоқ Ғози Юнуснинг «Заҳҳоки морон»ини куришга тилаймиз. Бу асарнинг қўйилғаниға кўб бўлди. Халқ соғинғондир. Шунингдек, зўр нарсалар яна ёзилиб туралар шекилли, «Чин севиш»нинг ёзғувчиси унинг давоми дейилса бўлатурғон «Ҳинд ихтилоли»ни ёзиб битирган. Яна бошқа кишиларда бошқа нарсалар ҳам бор эмиш.

Саҳнамиз жонлана, юксала. Бироқ Эски шаҳар халқининг бошида турғонлар қишлиқ яхши бир бинони қайғуртмасалар, чиндан жиноят қилғон бўлурлар...


______________

Чин севиш. — мақола «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 25 ноябрь сонида эълон қилинган.

Василат — ар., висол сўзининг кўплиги.

Уйғур — тахаллуси, ҳақиқий исми-шарифи Маннон Мажидов (1897 — 1955), ўзбек театрининг асосчиларидан бири, талантли режиссер ва актёр. Ўзбекистон ССР халқ артисти.

Ампула — фр., фойдаланиш, актёр имкониятига мос тушадиган роллар туркуми.

Саъдия Туташ, Робия Туташ — ўзбек театрининг илк даврларида аёллар ролларини гоҳ эркаклар, гоҳ бошқа миллат вакиллари (мас. М. Кузнецова) ўйнашга мажбур бўлган. Жумладан, татар актрисалари Р. ва С. Туташлар бу йилларда катта хизмат қилганлар.

«Ўртоқ Қори» — бизнингча, бунда Сайфиқори назарда тутилмоқда Сайфиқори Олимов (1901 йилда туғилган) ижодий фаолиятини Карл Маркс труппасида бошлаган. Умрининг охиригача ҳозирги Ҳамза номли театрда ишлаган талантли актёр, ЎзССР ҳалқ артисти.

Карл Маркс тўда — 1918 йилда Тошкентда М. Уйғур раҳбарлигида ташкил топган театр труппаси. Ярим профессионал характерга эга бўлган бу труппа шу йилнинг ўзидаёқ Туркфронт сиёсий бошқармаси ихтиёрига ўтган ва Карл Маркс номини олган. Кейинча, бу труппа Ҳамза тузган труппа билап қўшилиб, ҳозирги Ҳамза номли театрнинг асосини ташкил қилган.

Ғози Юнус (1893—1939) — 20—30-йилларининг энг фаол зиёлиларидан, журналист ва драматург, «Муштум» журналнни ташкил қилиш ва оёққа турғазишда А. Қодирий ва Чўлпон билан бақамти ишлаган заҳматкаш инсон. Ғ. Юнус Фирдавсийнинг «Шоҳпома»си асосида «Заҳҳоки морон» пьесасини ёзган ва у ўз вақтида кенг шуҳрат қозонган. Қатағон қурбонларидан.

«Ҳинд иҳтилоли» — Фитратнинг «Ҳинд иҳтилолчилари» асари назарда тутилмоқда.

 
Абдулҳамид Чўлпон. Эътироз (1927)
13.03.2014 23:13    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЎЗБЕКИСТОН ИЖТИМОИЙ ШЎРОЛАР ЖУМҲУРИЯТИНИНГ ИККИНЧИ ҚУРУЛТОЙИ МУҲТАРАМ РАЁСАТ ҲАЙЪАТИГА ЧЎЛПОН (АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН) ТОМОНИДАН ЭЪТИРОЗ

Муҳтарам қурултойнинг ишларига маъзур важҳлар билан бўлиб, яқиндан аралаша олмаганим учун таассуф қиламан ва сиз муҳтарам ҳайъатдан ўтинаманким, менинг қуйидаги аризамни муҳтарам қурултойга етказсангиз экан.

Улуғ Октябрнинг аввалларидан бери ишчи-деҳқонларнинг инқилобий ҳукуматлари томонида бўлиб маориф ва маданият соҳаларида қўлимдан келган қадар самимият билан ишлаб келганим маълумдир. Ватандошлар урушининг энг қизғин даврларида, шонли қизил аскарнинг «Перекоп» музаффарияти дамларида коммунистлар фирқаси томонидан ишлатилган бир газетанинг (ўша вақтнинг энг сўл газетаси) — «Роста»нинг бошида туриб, қўлдан келган қадар инқилобга ва унинг енгишига хизмат қилганман. Бу Тошкентнинг хамма шўро ва фирқа ишчиларнга маълумдир. Ундан сўнг бошқа газета, журналлар ва ниҳоят театр ишларида ҳам, шу ишларнинг раҳбари бўлган сиёсий идоралар назоратида, ўшаларнинг кўрсатган йўллари билан пшлаб келганман. Булар ҳам ҳар қайсиси ўз кишиларига маълум.

Сўнгги икки-уч йил орасида шоирлик ва ёшлик майллари билан баъзи бир хатоларим бўлди. Чунончи, миллатчилик ва ватанпарастлик руҳида шеърлар ва нарсалар ёзиб, баъзи жойда шу йўлда сўзлаганларим ҳам бўлди. Сўнг вақтда, айниқса, Москвада ўқиган вақтларимнинг сўнгида ўз хатоларимга ўзим ҳам тушундим.

У ёзган нарсаларим ва сўзлаган сўзларим, камбағал ва йўқсуллар душманларининг фойдасига хизмат қилганини билдим. Башариятнинг умумий саодати, эзганлар ва бойларга қарши эзилганлар ва йўқсулларнинг курашида эканини англадим. Дунёда асосан икки қарама-қарши жабҳага бўлинган бойлар билан камбағалларнинг курашида ҳақ ва ҳақиқатнинг камбағал ва йўқсуллар томонида эканига қаноат қилдим. Мундан сўнгги ишимда шу қаноат ва ишончимни асос қилиб тутмакка қарор бердим.

Мундан сўнг шу йўлдаги азмимни иш билан кўрсатиб, иш орқасида ҳалиги хатоларни ишчи-деҳқоннииг кўнглидан кетказишга ҳаракат қиламан.

Мундан сўнг ўз фаолиятим учун ўзим севган театр соҳасини олиб, унда яқинда (шу йил) РКП(б) Марказий Комитети ташвиқот-тарғибот шўъбаси ёнида бўлган театр маслаҳат мажлисининг қарори асосида, ўшани дастур қилиб иш қилишимни арз қиламан.


________

Эътироз. — Мазкур хат «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1927 йил 12-сонида эълон қилинган. 20-йилларнинг ўрталарига келиб Чўлпон ижодидан ғоявий хатолар қидириш, уни йиғлоқиликда, буржуа мафкурачилигида айблаш руҳи билан суғорилган қатор мақолалар эълон қилинди. Умуман, шу вақтга келиб сиёсий вазият анча кескннлашган, вульгар социологик танқид ҳужумга ўтган эди. Адиб А. Қодирийнинг айни шу вақтда ҳибсга олинганини эътиборга олсак, булар келгусидаги қатағонларнинг бош репетицияси эканини англаш қийин эмас. Айни шу шароитда Чўлпон маданиятчилар қурултойи раёсатига ушбу хат билан мурожаат қилиб, ўлгаинг хизматларини эслатади, «гуноҳлариға тавба» қилади.

«Қурултойнинг ишларига маъзур сабаблар билан бўлиб, яқиндан аралашолмаганим учун таассуф қиламан...» — албатта, курултой соғлом вазиятда, ижодий фикр алмашишда ўтганида Чўлпоп «маъзур сабаб»ларни рўкач қилмасдан, қурултойда жон-дилдан иштирок этган бўлар эди.

«Перекоп музаффарияти дамларида...» — 1920 йил 7 ноябрда Қизил Армия қўшинлари Сиваш қўлтиғидан кечиб ўтиб Перекопни эгалладилар ва Врангелнинг қўшинлари 16 ноябрга келиб батамом тор-мор қилинди. Бу вақтда Чўлпон Тошкентда «РосТА» газетасига (бир саҳифалик деворий газета) муҳаррирлик қилар эди.

 
Сталин ўлимининг сирлари
05.02.2014 22:15    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1953 йилнинг 13 январи Сталин учун машъум кун бўлди—у «тескари даволаш йўли билан Совет Иттифоқининг фаол арбобларининг умрини қирқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган террорчи дўхтирлар гуруҳи"ни давлат хавфсизлик идоралари фош этгани тўғрисида «ТАСС хабари»ни эълон қилдирди.

Бунинг қандай содир бўлганини тушуниб етиш учун биз ўзимизга «Дўхтирлар иши» Сталинга нимага керак бўлиб қолди? деган сўроқни беришимиз керак. Бу саволга Сталин ўша 13-куни эълон этилган «Профессор-дўхтирлар ниқоби остидаги ифлос айғоқчилар ва қотиллар» деган мақоласида бехосдан оппа-ойдин жавоб бериб қўйган. Мақоланинг тагида имзо йўқ, аммо тил ва услубининг ўзига хос хусусиятига кўра, унинг муаллифи Сталин экани равшандир.

«ТАСС хабари»да айтилишича, «зараркунандачи-дўхтирлар» амриқо (профессор дўхтирлар М. С. Вовси, Б. Б. Коган, А. И. Фелдман, А. М. Гринштейн, Я. Г. Этингер ва бошқалар) ва инглиз (академик Виноградов В. Н., профессор дўхтирлар М. Б. Коган, П. И. Егоров) айғоқчилик идораларининг топшириғи бўйича ишлаганлар. Виноградов билан Егоровдан бошқа барча ҳибсга олинганлар жуҳудлардир. Ҳаммаси Кремл поликлиникасининг дўхтирлари ва Сиёсий бюро, ҳукумат аъзолари ҳамда олий ҳарбий амалдорларнинг хос дўхтирлари ҳисобланишади. Биринчи гуруҳдаги барча жуҳудлар амриқо айғоқчилигига «Жойнт» номида ўзини меҳр-шафқат ташкилоти қилиб кўрсатадиган жуҳудларнинг халқаро буржуача миллатчилик ташкилоти ёрдамида «ёлланган» бўлиб чиқишди, Виноградов гуруҳининг аъзолари эса «илгаридан инглиз разведкасининг айғоқчилари» эканлар.

«ТАСС хабарлари»да дўхтирлар ўз айбларига иқрор бўлганлари тўғрисида ҳам маълумот бор. Улар гўё «тескари даволаш йўли билан» МҚ котиблари Жданов ва Шчербаковни ўлдирганларини, маршаллар Василевский, Говоров, Коневни, армия генерали Штеменкони, адмирал Левченкони ўлдирмоқчи бўлганларини тан олган эдилар. Профессор Вовси тергов чоғида «СССРнинг раҳбар кадрларини қириб юбориш тўғрисида» гўё «Жойнт»даги сионистлардан топшириқ олганман», деганмиш (эътибор беринг: мўлжалланган қурбонлар орасида Жуков ва Булганин сингари энг йирик маршаллар ҳамда Маленков, Берия, Хрушчёв сингари энг йирик партия арбоблари номлари йўқ).

Агар Сталин шу «ТАСС хабари» билан чекланганида эди, унда бу ҳодисани семитизмга қарши кайфиятнинг галдаги портлаши деб, «дўхтирлар иши»ни эса «сионистлар ишивнинг бир кўриниши деб ўйлаш мумкин эди. Аммо «Правда» рўзномасидаги (ўша, 13-кунги сонидаги) мақола билан Сталин ҳовлиқиб (натижада эҳтиётсизлик қилиб) ниятини фош қилиб қўйди. Сиёсий бюро аъзоларининг хос дўхтирларига қарши бошланган иш худди Сиёсий бюронинг ўзига қарши уюштирилгандай кўринарди.
Жиноий айблар ўйлаб топишда Сталиннинг ҳамиша бой бўлган қувваи ҳофизаси, «дўхтирлар иши»га келганда, ажабки, янгича айб тополмай оқсаб қолди. Натижада у осон йўлдан бориб, архивдан Бухарин, Риков, Ягодаларнинг ҳамда улар билан бирга судланган Кремл «қўпорувчи-дўхтирлари» профессор Плетнёв, тиббиёт дўхтири Лёвин, Максимов ва Казаковларнинг ишларини кўтарди-да, эски исмларнинг ўрнига янгиларини қўйиб, айбномани ҳам сал-пал янгилаб, Сиёсий бюронинг муҳокамасига киритди. Бундан ташқари, Сталин синфлар ва социализмда синфий курашлар ҳақидаги, социализм қанча муваффақият қозонгани сари шунчалик кўпайиб борадиган «ўнг оппортунистлар», халқ душманлари» ҳақидаги ўзининг эски сиёсий фалсафасини тағин ишга солди. Архивни кўтариб, дўхтирларни ўз қотилликларига иқрор қилишда ўша вақтда биринчи бор қўлланган усулни ҳам кавлаб топди. (Ўз вақтида Плетнёв, Лёвин, Максимов ва Казаковлар ҳам чет эл разведкалари айғоқчилари бўлмиш Сиёсий бюронинг собиқ аъзолари Риков, Бухарин, НКВДнинг бошлиғи Ягодаларнинг топшириғи билан Сиёсий бюро аъзоси Куйбишевни, МҚ аъзоси Менженскийни ҳамда «пролетар» ёзувчиси Максим Горкийни тескари даволаб ўлдирганларига иқрор бўлган эдилар.)

Сиёсий бюрога нисбатан ғазаби Сталиннинг кўзини шу қадар кўр қилиб қўйган ёки у шу қадар эсини еб қўйган эдики, эски оқ иплар билан янги қора ишни тикаётганини ўзи кўрмасди: «...айримлар зараркунандачилик, қўпорувчилик, айғоқчилик хавфи энди батамом ариди, деган хулосага келиб қолдилар. Фақат ўнг оппортунистларгина, синфий кураш «сўниб боради» деган марксизмга зид нуқтаи назарда турувчи одамларгина шундай деб ўйлашлари мумкин. Бизнинг ғалабаларимиз курашнинг сўнишига эмас, балки кучайишига олиб келишини, қанчалик муваффақият билан олдинга бораверсак, халқ душманларининг кураши шунчалик кескинлашаверишини ундай кимсалар тушунишмайди ёки тушунишни исташмайди». («Правда», 13.01.53).

Номи айтилмаган бу «ўнг оппортунистлар» кимлар эди? Албатта, колхозчилар ёки ҳатто «зараркунандачи дўхтирлар» ҳам эмас, балки, Совет ҳукуматининг аъзолари ва давлат хавфсизлиги идораларининг раҳбарлари эдилар ва булар ҳам, худди «ўнг оппортунистлар Бухарин, Риков ҳамда Ягода сингари, осонгина чекистларнинг ўқига тўғрилаб қўйилиши мумкин эди.
Ҳарҳолда, Сталин «халқ душманлари» кимлар эканига тўппадан-тўғри ишора қилади:

1. «Бизнинг айрим Совет идораларимиз ва уларнинг раҳбарлари ҳушёрликни йўқотдилар, боқибеғам бўлиб қолдилар»;
2. «Давлат хавфсизлиги идоралари дўхтирлар орасидаги зараркунандачи, террорчи ташкилотни вақтида очиб ташлай олмади».

Сталин Кремл дўхтирларини қора курсиларга ўтирғизиб, ўтмишдаги найрангни ношудларча такрорлаётганини ўйламайди. У уларнинг «зараркунандачилиги»ни қарийб қонуният деб билади: «...ифлос қотиллар ва Ватан хоинларининг дўхтир ниқобида иш кўрганларига тарихда мисоллар топилади. Лёвин, Плетнёв каби «дўхтирлар» Совет Иттифоқининг душманлари топшириғи билан атай тескари даволаб, улуғ ўрис ёзувчиси А. М. Горкийни, Совет давлатининг атоқли арбоблари В. В. Куйбишев ва В. Р. Менжинскийни ўлдирганлар».

Лёвин ўша пайтлар, худди Виноградовга ўхшаб, Сталиннинг шахсий дўхтири бўлган эди. Булар иккаласи ҳам чет эл разведкаси хизматига кирган «ўнг оппортунистлар» билан «халқ душманлари»нинг топшириғига биноан Сталинни ўлдирмоқчи бўлдилар. Агар Сталин омон қолган бўлса, ўзининг ҳушёрлиги, сергаклиги туфайли омон қолди, НКВД идоралари эса ўша вақтда (Ягода) ҳам, ҳозир (Берия) ҳам «дўхтирлар орасидаги зараркунандачи, террорчи ташкилот»ни ўз вақтида фош эта олмади.
Нимага?
Ягода, ўзи ҳам «ўнг оппортунист», ҳам «халқ душмани» бўлгани учун фош этмаган. Берия-чи? Берия нимага фош этмаганини Сталин мана энди билиб олмоқчи.
Сталин мақолани дўқ-пўписага тўла огоҳлантириш билан тугаллайди: «Совет халқи қотилларнинг бу жиноятчи тўдасини ва уларнинг чет эллардаги эгаларини қаҳр-ғазаб билан лаънатлайди. Доллар ва стерлингларга сотилган жирканч малайларни разил маразлар сифатида янчиб ташлайди. Бу ёлланган қотилларнинг илҳомчилари масаласига келсак, имонлари комил бўлсинки, қасос уларнида унутмайди, ўзининг асосли сўзи-ни айтиш учун уларгада йўл топади» («Правда», 13.01.53).

Мақоланинг тил услуби ежовчилик замонини эслатади. Ўшанда Сталин Лёвин билан Плетнёвларнинг "илҳомчилари"га томон «йўл топган», Сиёсий бюронинг ярмини, МҚ аъзоларининг 70 фоизини оттириб юборган эди. Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинлар (Молотов билан Ворошиловни, Микояну Каганович билан Андреевни айтмагандаёқ) бу тил услубини-да, Сталин ҳокимият тепасида яна бир неча ой турса ўзларининг тақдирлари ҳам ҳал бўлиши мумкинлигини-да, «жуда яхши билардилар. КПССнинг XX съездида шу ҳақда гапирилди:
«Зараркунандачи дўхтирлар иши»ни эслайлик. Аслида ҳеч қанақа «иш-пиш» бўлмаган, Тимашук деган аёл дўхтирнинг аризаси бўлган, холос. Уни ҳам кимдир Сталинга хат ёзишга ё гиж-гижлаган, ё тўппадан-тўғри буюрган (дарвоқе, у аёл давлат хавфсизлиги идорасининг норасмий ходими эди).

Дўхтирлар қамалганидан кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай, биз—Сиёсий бюро аъзолари — дўхтирларнинг ўз айбларига иқрор бўлгани кўрсатилган қарорларни олдик... Иш шундай чалкаштирилган эдики, ундан тергов қайси далиллерга асосланганини аниқлаб ё текшириб булмасди... Сталин ўлимидан кейин бу «иш»ни қайта кўриб чиққанимизда, у бошдан-охир тўқиб чиқарилган деган, хулосага келдик. Бу шармандали «иш»ни Сталин яратган эди. Аммо у бу ишни ўзи истаган ниҳояга олиб боролмади, улгурмай қолди» (Н. С. Хрушчёв. «КПСС XX съезди ёпиқ мажлисида қилинган маъруза», 41-бет).

Хўш, ниҳояни Сталин ўзича қандай тасаввур қилган эди?
Бу саволга-да ўша маърузада очиқ ва қатъий жавоб берилган: «Афтидан, Сталин Сиёсий бюронинг ҳамма эски аъзоларини бир ёқли қилмоқчи бўлгаи кўринади», «келгусида Сиёсий бюронинг эски аъзоларини гумдон қилишни» кўнглига тугиб қўйган» (58-бет).

Сиёсий бюро ўттиз йил кечикиб, архивдан Лениннинг Сталин ҳокимиятни кўтара олмаслиги, лавозимини суиистеъмол қилиши мумкинлиги, бинобарин, уни Бош котибликдан олиш лозимлиги таклиф этилган «Васиятнома»сини кавлаштириб топди. «Сталиннинг бу салбий хислати... умрининг охирларига келиб мутлақо чидаб бўлмас даражадаги феълга айланди», деб қайд қилди Сиёсий бюро (8-бет).

Сиёсий бюро аъзолари Сталин ўзларини йўқ қилишни истаётганига ва унинг феъли «мутлақо чидаб бўлмас» ҳолга етганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, улар Сталинга нафакат дўхтирларни озод этиш тўғрисида, балки ҳамма лавозимлардан кетиши ҳақида кескин талаб қўйишга қарор қилдилар. Буни қўлида аниқ ҳокимият бўлган Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинларгина армияга (Жуков, Захаров, Москаленко, Соколовский, Ерёменко) ҳамда полицияга (Игнатев) суянган ҳолда амалга ошира олардилар. Ўзларининг иғволари билан «ички кабинет»нинг тор-мор этилиши уларга қатъий талабни қўйишга имкон очди. Фитначиларнинг бошлиғи, шубҳасиз, Берия эди.

Энди Сталин билан Бериянинг ўзаро муносабатларига қайтамиз. Сталиннинг Бериядан қўрққани ва ҳатто унинг фитна уюштириб қолишидан чўчиши тўғрисидаги Хрушчёвнинг ҳикоясини китобимизнинг бошроғида келтирдик. «Мингрел иши» аслида Берияга қарши қаратилганини ҳам кўрдик. Ниҳоят, «дўхтирлар иши» ҳам энг аввало «Берия иши» эканини билдик. Шуларни ҳисобга олганда Сталин уни нега эркин қўйиб қўйгани бизни ажаблантиради. Ахир, у Сиёсий бюронинг эски аъзолари Молотов, Ворошилов ва бошқаларни уйига яқинлаштирмай қўйган эди, нега Берияга нисбатан ҳам шу чорани кўрмади? Берия Сталиннинг уйига кўнгли тусаган пайтда—кечасими, кундузими демай, исталгак маҳалда келаверарди. Берия бу хонадонга Сталиннинг аввалги хотини Надежда Аллилуева тириклигида ҳам келиб-кетиб юрарди. Айнан ўша аёл Берияни ярамас деб эрини биринчи бор огоҳлантирган. Қизлари Светлана Аллилуева бу ҳақда шундай ёзади:
«Барчамиз бу одамдан бирдай жирканар ва ҳайиқар эдик. Отамнинг ўзи менга айтишича, онам ҳў ўша замонлардаёқ (29-йилларда) «бизнинг уйга бу одамнинг оёғи тегмасин», деган талаб билан ҳар хил машмашалар кўрсатган экан. Отам буларни менга анча кейин, катта бўлганимда айтган ва кетидан бундай изоҳ берган: «Мен онангдан, нима гап ўзи, далиллар келтир, сен мени ишонтира олмаяпсан, мен ҳеч қанақа далил-исбот кўрмаяпман, деб сўраганимда, онанг фақат бақирарди: сенга яна қанақа исбот кераклигини билмайман-у, лекин мен унинг ярамаслигини кўриб турибман, дерди. Ўшанда мен онангга: «Ундай бўлса, ўзинг йўқол! Бу менинг ўртоғим, яхши чекист, у бизга Гуржистонда Мингрелчиларнинг исёни бўлишини олдиндан кўрсатиб берди, мен унга ишонаман. Менга далил, далиллар керак!» деганман» («Дўстимга йигирма мактуб», 18-бет).

Бора-бора Сталин Берия ҳақидаги фикрини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бир гал қизи Светлана Бериянинг уйида меҳмон бўлиб, ўша ерда ётиб қолганида бундай воқеа рўй берди: «...эртасига эрта билан отам сим қоқиб қолди ва мени уят сўзлар билан сўкиб, «ҳозироқ уйга жўна! Мен Берияга ишонмайман!» деб бақириб берди», деб ёзади Аллилуева ва отасининг бу сўзларидан қанчалик ҳайратга тушганини айтади («Фақат бир йил», 327-бет).
Буларни аллақачон Берия кўриб-сезиб юрарди. «Тақдири доимий хавф остида эканини Берия жуда яхши биларди» (ўша асар, 325-бет),

Бироқ, Берия ҳақида фикрини ўзгартириб ҳам Сталин ундан дарров қутула олмади, шунинг учун ташидан сир бой бермай юраверди. Сталин нафақат зимдан иш кўриш-да устаси фаранг, балки юксак маҳоратли найрангбоз ҳам эди. Ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам, Сталин жиноий фаолиятининг биринчи қоидаси бундай эди: у кўз остига олган қурбонининг ишончини аввал қозониб оларди-да, кейин унга туйқусдан, довдиратиб қўядиган зарба берарди.
Сталин мўлжалдаги зарбасини ниқоблаш учун нимадир-янгича бир баҳона ўйлаб топишга ҳаракат қиларди, лекин сира ўйлаб топа олмасди. Кунсевода бот-бот уюштириб турилган ичкиликбозликлар, улфатчиликлар қандайдир маънода унинг тадбиркорлигига завол етказган бўлиши ҳам мумкин. Бу улфатчиликлар чоғи Сталин соқийликни намойишкорона Берияга топшириб қўярди. Натижада, Қофқоз одатига кўра, соқий Бериями, демак, Сталинга ҳатто унинг уйида ҳам хўжайинлик қила оларди.

Сталин ўзи алданиб қолишини ҳам, бу ҳол галдаги (ва охирги) зиёфат чоғи рўй беришини ҳам кутмаган эди.
Сталин ўзининг ҳар бир жиноятини мафкуравий жиҳатдан асослашни хуш кўрарди. Ўнғай бирор кўчирма бор бўлса, Ленинга суянади, унақа кўчирма топилмаса, янги ақида тўқирди. Бундай мафкуравий далил асосида синфлар ва синфий курашлар ҳақидаги дунёқараш ётиши керак. Бироқ, Ленин худди Маркс сингари тарихий жараён ва одамларнинг хатти-ҳаракатлари фақат синфий жамиятда синфлар ва синфий курашлар манфаатидан иборат бўлади, деб тушунтирган. Социализм эса синфсиз жамият ҳисобланарди. (1936 йили Сталиннинг ўзи шундай деб эълон қилган) ва шунинг учун бу жамиятдаги бирон-бир ижтимоий-сиёсий ҳодисани синфий курашга суяниб асослаб бўлмасди. Хўш, унақада ҳар йили 10 милёни конслагерларда ўтирган қотилларнинг, қўпорувчиларнинг, зараркунандачиларнинг СССРда ғиж-ғиж тўлиб ётганини қандай тушунтириш керак? 13 январдаги (юқорида эслатилган) мақоласида Сталин одамларни ўтирғизиб қўядиган содда жавобини берди: «СССРда эзувчи синфлар аллақачон янчиб ташланган ва тугатилган, аммо... буржуача қарашларни ва буржуача ахлоқни ўзида ташувчи тирик одамлар, халқимизнинг яширин душманлари сақланиб қопган». Мана шу «тирик одамлар» синфсиз жамиятда ўзлари бир синф бўлиб уюшиб олиб, Сталин билан ҳаёт-мамот курашини олиб бормоқдалар.

Сталиннинг бу фикрлари бутун январ ва феврал ойлари «Правда»нинг мафкуравий жазавасига асос бўлди.
«Правда» 18 январ сонида Сталиннинг синфлар ва «халқ душманлари» тўғрисида ежовчилик замонида билдирган фикрларини қўшимча тарзда келтириб, ўрис вилоятларида шунақа «халқ душманлари»ни, миллий жумҳуриятларда эса, «буржуа миллатчилари»ни фош этишга чорлайди.

Ур-сур айни қайнаган дамда—21 январ куни СССР Олий Совети Ҳайъатининг «Зараркунандачи дўхтирларни фош қилиш ишида ҳукуматга ёрдам кўрсатгани учун дўхтир Лидия Федосеевна Тимашук Ленин ордени билан тақдирлансин», деган Фармони эълон қилинди. Бу энди маҳаллий чақимчи тимашукларга очиқдан-очиқ чақириқ—яъни, чақувларни кўпроқ-кўпроқ ёзинглар, сизлар ҳам орден оласизлар, деган гап эди.
22 январ куни «Правда» МҚ котиби Михайловнинг Ленин ўлимининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган маърузасини босди. Маърузани кимга топширишни Сталин биларди: Михайлов унинг 13 январдаги мақоласида билдирилган фикрларни сўзма-сўз такрорлабгина қолмай, ежовчилик замонида айтган бошқа бир қанча ўткир мулоҳазаларини-да қўшимча қилган эди.

24 январ куни «Правда» маҳаллий Советларга сайловлар муносабати билан ўлиб-тирилиб халқни ҳушёрликка, Ленин—Сталин партияси теварагида бирикишга чорлади.
25 январ куни «Правда» Куйбишевнинг «зараркунандачи дўхтирлар» томонидан заҳарлаб ўлдирилганининг йиллигини атай бўрттириб нишонлади.
31 январ куни «Правда» «Меҳнаткашларни юксак сиёсий ҳушёрлик руҳида тарбиялаш» деган бош мақолани босди. Мақола «сўнгги йилларда Булғория, Можористон (Венгрия), Чехословакия, Полша ва бошқа халқ-демократик мамлакатларида айғоқчи ва зараркунандачилар тўдаси устидан бўлиб ўтган судлов ишларига ҳамда СССРга уя қуриб олган ифлос айғоқчи ва қотилларнинг фош этилганига орқа қилиб туриб, бутун мамлакатни «халқимизнинг яширин душманлари»ни қатъий фош этишга чақиради. Рўзнома Украина вазирликларининг раҳбар идораларидаги «ёт унсурлар»ни ва «космополитлар»ни, Литвада литвалик ва жуҳуд «буржуа миллатчилари»нинг фош этилишига оид мисоллар келтиради.

6 феврал куни «Правда» давлат хавфсизлиги идоралари СССРнинг турли жойларида кўпларни ҳибсга олгани тўғрисида катта мақола босди. Мақола махфий ҳужжатларнинг ўғирланиши (Поскребишев!) тўғрисидаги мисоллар билан тўла эди. Унинг устига, бу ўғирланган ҳужжатлар ҳам нимагадир албатта «душманлар» ва «сотқинларининг қўлига тушиб қолаверарди!
11 феврал куни Тимашук «Правда»га хат ёзиб, «совет халқининг душманларини» фош этгани муносабати билан олган «кўплаб табрикнома ва тилгиромлар» учун миннатдорлигини издор этди.
Сталин «дўхтирлар иши»ни мана шу «ўз юртининг ватанпарвари» етказган чақувга асосланиб яратди. Аммо Тимашук фақат битта дўхтир-академик Виноградовнинг устидан чаққан эди, холос. Аввалги саҳифаларда эслаганимиздек, Берия бу чақувни Сталинни ҳалол ва содиқ дўхтиридан жудо қилиш ниятида уюштирган бўлиши ҳам мумкин, Келгусида Сталиннинг саломатлигини ёмонлаштириш режасига академик Виноградов айнан шу ҳалоллиги ва содиқлиги туфайли халақит берарди. Берия кейин Сталинга ўз одамини бириктириб қўймоқчи бўлди, лекин қўя олмади — Сталин ҳеч қанақа дўхтир-пўхтирни ўзига яқинлаштирмади ва уйида бор дори-дармон билан қаноатланиб, ўзига ўзи тиббий хизмат қилиш йўлига ўтиб олди. Албатта, Берия бундай бўлиб чиқишини кўзламаган эди, бироқ унга Сталиннинг тиббий назоратдан холи қолганининг ўзи ҳам етарли эди.

«Правда» рўзномасининг «қотиллар»га қарши бошлаган жазаваси айни авжига минган кунлари яна иккита қотиллик содир бўлади. У пайтлар бу иккаласини ҳам табиий ўлим сифатида талқин этишган, лекин энди бизга маълумки, ўликларнинг биттаси Сталинга, иккинчиси Берияга керак бўлган.

17 феврал куни «Известия» рўзномаси Кремл комендатурасининг бошлиғи «Сталин хавфсизлигига масъул бўлган генерал Косинкиннинг «бевақт» ўлгани тўғрисида хабар берди. Генерал бу лавозимига тўппадан-тўғри Сталиннинг соқчилигидан кўтарилган эди. Нисбатан ёш, ҳали бақувват, Сталинга мутаассибларча содиқ ва мустақил Косинкин Бериянинг қўлидан ҳар иш келиши мумкинлигини англаб етмади ва шунинг учун ҳам «бевақт» ўлиб кетди. Лекин Сталинга керак бўлган қотиллик ҳамма «бу одам жанговар постида ўлди» деб ўйласин, деган мақсадда анча табиий ҳатто тантанали равишда ташкил этилди. Гап Лев Мехлис устида боряпти.

Мустабид Сталиннинг тарихий оёққа туришида полицияга боғлиқлик томондан Ежов билан Берия қандай хизмат кўрсатган бўлса, мафкуравий жиҳатдан Мехлис ҳам шундай хизмат қилган эди. Мехлис МҚнинг: «Мен Сталинга Лениннинг ҳамма эски сафдошлари жасадлари устидан ҳокимиятга элтувчи мафкура йўлини тўшаб қўйганман, уни партиянинг улуғ доҳийси қилган ҳам, ҳамма фанларнинг буюк саркори қилган ҳам менман!» дея оладиган ягона аъзоси эди. Дарҳақиқат, «Правда»нинг муҳаррири сифатида Мехлис бу мақсадга эришишда қанчалар иш қилганини кўриш учун рўзноманинг 20- ва 30-йиллардаги ҳамма сонларини варақлаб чиқиш кифоя. Миннатдор Сталин унинг бу хизматларини ерда қолдирмади: Қизил профессура институтининг собиқ тингловчиси Мехлисни аввал «Правда» рўзномаси бош муҳаррирининг ўринбосари, кейин бош муҳаррири қилиб қўйди, «улуғ тозалаш»дан кейин эса Сталин уни МҚга ва унинг партия ва давлатнинг олий ўринларига кадрлар тақсимловчи ташкилий бюросига киритди. Уруш пайти Сталин унга генерал-полковник унвонини бериб (ҳолбуки, ҳатто Сиёсий бюро аъзоси Хрушчёв ҳам бор-йўғи гене-раллейтенат эди), ўзининг мудофаа халқ комиссарлиги бўйича ўринбосари ва Қизил Армия Бош бошқармасининг бошлиғи этиб тайинлади. Урушдан кейин Сталин Мехлисни Давлат назорати вазири ҳамда тағин МҚ (XIX съездда) аъзоси қилиб қўйди. «Сионистлар иши»дан ва янги «зараркунандачи дўхтирлар иши»дан кейин Сталин унинг бир «лекин»ини эслаб қолди: Мехлис жуҳуд эди. Жуҳуд зотини жинидан баттар ёмон кўрадиган Сталинга бу ёғи ҳал: у жуҳудми, демак сионист, модомики сионист экан, демак, сионист дўхтирларга ўзининг эски рақиби ва Қизил Армия Бош сиёсий бошқармасига ўзидан кейин бошлиқ бўлиб келган Қизил профессура институти бўйича курсдоши бўлмиш А. Шчербаковни ўлдириш тўғрисида топшириқ берган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, «зараркунандачи дўхтирлар» ҳали судни кутиб ўтирганларида, Сталин Мехлисни «муҳим топшириқ» билан Саратовга юборди. Ўша ерда уни шовқин-суронсиз ва гувоҳларсиз қўлга олишди. Масковдаги Лефортово қамоқхонасининг касалхонасига ўтказилган Мехлис Сталин талаб этган кўргазмаларни беради ва 1953 йил февралининг 13-куни ўлади.

Мехлисни Қизил майдонга Сиёсий бюронинг кўплаб аъзолари, маршаллар, вазирлар иштирокида тантанали равишда кўмдилар. Аммо маросимда Сталин иштирок этмади. Афтидан, Сталин риёкорликнинг ҳам чегараси бўлиши керак, деган қарорга келган шекилли. Ҳарҳолда, у ўша кунлари касал эмас эди, чунки 17 феврал куни Ҳиндистоннинг элчиси К. Менонни қабул қилган ва узоқ суҳбатлашган. К. Меноннинг сўзига қараганда, Сталин етмиш уч ёшга кирганига қарамай, кўринишидан ҳали анча тетик, соппа-соғ бўлган. Суҳбат чоғида Сталин ён дафтар саҳифасига бўриларнинг расмини чизган ва нафақат дипломатик суҳбатга, балки нодипломатик суҳбатга ҳам алоқаси бўлмаган фикрларни айтган эди. Ўзи чизган суратларни шарҳлаётгандай, қутурган бўриларни ўлдириб деҳқонлар тўғри қилишади, деб қўйган. Албатта, Сталин Сиёсий бюродаги «қутурган бўрилар»ни назарда тутган!

Бу орада «Правда» мамлакатда сиёсий ва руҳий муҳитни қиздириш йўлидаги кампанияни давом эттирарди. Рўзноманинг 8, 9, 11, 12, 16, 18, 19, 20, 22, 23, 26, 27 феврал сонларида чиққан мақола ва хабарлар «қотиллар»га, «айғоқчилар»га, «зараркунандачилар»га, «халқ душманлари»га ҳамда «буржуа миллатчилари»га бағишланган эди. «Правда»нинг ҳеч қайси сиёсий бош мақоласи «ҳушёрлик» ва «халқ душманлари» сингари истилоҳларсиз чиқмай қўйди. «Правда» ежовчилик даврининг йўл-йўриқларидан оғишмай, атай ва узлуксиз равишда оммавий жосуслик васвасасини қўзғаб турди.

28 феврал кечаси «Правда»нинг 1 март сони босмадан чиқади. Унда КПСС МҚнинг 8 Март аёллар байрами тўғрисидаги қарори босилади. Шу қарорда ҳам «жосуслар», «қотиллар», «совет халқининг пинҳона душманлари» ҳақида гаплар бор...

Эртаси кундан бошлаб эса ғалати ва тушунтириб бўлмас ҳодиса рўй беради: «Правда» бирдан «халқ душманлари» ҳақидаги ҳар қанақа гап-сўзни тўхтатади. Боз устига, «халқ душманлари» ҳатто сиёсий мақола ва шарҳларда ҳам тилга олинмай қўяди. «Правда»нинг 2 март сонидаги («Социалистик миллатларнинг гуллаб-яшнаши») ва 3 март сонидаги («Тарғиботни кўтаришнинг энг муҳим, шартлари») бош мақолаларда «буржуа миллатчилари», «халқ душманлари», «жосуслар», «қотиллар» ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ!

«Халқ душманлари»га қарши уюштирилган кампания бекор қилинган эди. «Правда» рўзномаси таҳририятида эмас, албатта, балки юқорида бекор қилинган эди. Уни 1953 йил 1 мартидан бошлаб Сталиннинг ўлимини пойлаб турганлар бекор қилган эди. Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганиндан иборат тўртлик тимсолидаги бу «қоровуллар» 1953 йилнинг 28 февралидан 1 мартига ўтар кечаси давлат тўнтариши қилган ва бу тўнтаришлари «Сталин касаллиги туфайли ҳокимиятни «вақтинча» бошқара олмайди, деган баҳона билан пардаланган эди. Тўртлик КПСС МҚ Ҳайъатини четлаб ўтиб, ҳокимиятни зудлик билан ўзаро тақсимлаб олди. Сталиннинг Сиёсий бюродаги бошқа барча ворисларига эса, улар тўнтаришда иштирок этмаганлари учун, иккинчи даражали ўринлар тегди. Тўртлик «Ҳукумат хабариини чиқарди. Унда бундай сўзлар битилган эди: «Марказий Қўмита ва СССР Вазирлар Кенгаши бутун партия ва бутун совет халқимиз сингари ўртоқ Сталин оғир касаллиги туфайли анча муддат раҳбарлик фаолиятида иштирок эта олмаслигини чуқур англайди. Марказий Қўмита, Вазирлар Кенгаши партия ва мамлакатни бошқаришда ўртоқ Сталиннинг партия ва давлат раҳбарлигидан вақтинча четлашгани билан боғлиқ ҳамма шарт-шароитларни ғоят масъулият ила ҳисобга олади» («Правда», 4.03.53).

Бу паллада Сталиннинг ажали яқинлашиб келарди. Совуқ нияти ўзига уриб, «тескари даволовчилар» қўлига тушган ва мана энди аста-секинлик билан, аммо муқаррар ўлим сари борар эди... Дарвоқе, биринчи «Ҳукумат хабари»да бошқа ёлғон ҳам бор эди. Унда айтилишича, Сталинга касаллик (мияга қон қуйилиши) 2 мартга ўтар кечаси Масковдаги уйида ётганида хуруж қилган. Аслида эса, кейинчалик маълум бўлишича, бу воқеа Масковда эмас, Кунсевода содир бўлган. Агар ҳаммаси табиий кечган ва Сталин шогирдларининг виждонлари тоза бўлса, унда нимага улар устозларининг ҳақиқий ўлган жойини яширадилар? Нимага МҚ ва Вазирлар Кенгаши номидан ўз»партияларини ва халқларини бу қадар алдайдилар? Жиноят содир бўлган жойда биз йўқ эдик, дейиш учун эмасмикан?

Сталин Масковда ўлмаганини Хрушчёвдан биринчи бўлиб Нью-Йорк шаҳрининг собиқ ҳокими, уруш пайтида АҚШнинг Масковдаги элчиси бўлиб ишлаган Аверёлл Ҳарриман эшитиб билган. Тўртовининг Сталиннинг ўлимини қандай пойлаб туришганини ҳам Хрушчёв ўша одамга айтган. Бу ҳақда Ҳарриманнинг ўзи бундай ҳикоя қилади:
«Айрим раҳбар коммунистларни ўлдириш ниятида бир неча дўхтирнинг тил бириктирганликда айбланишига олиб келган «дўхтирларнинг фитнаси» деган иш, афтидан, янги тозалашни бошлаш учун Сталин наридан-бери тўқиган уйдирма шекилли. Айрим хорижлик ўрусияшунослар Сталинни ўзининг теварагидаги одамлар ўлдирган деб шама қилишади ва бу тахминларини, янги оммавий қирғин муносабати билан ўз жони-дан айрилиб қолишдан чўчиб, улар қарияни ўзлари ўлдириб қўя қолишган, деб асослашади. Мен нуқул шунга жавоб ахтардим. Яқинда Хрушчёв билан узоқ суҳбатлашганим-да, у Сталин ўлими масаласида ўзининг ривоятини айтиб берди. Кейинроқ, илтимосимга биноан, ўша ҳикояни эълон қилишимга ҳам рухсат этди.

Сталин сўнгги йилларда ҳар нарсадан шубҳаланаверадиган, зулмкор ва шафқатсиз бўлиб қолди, деди Хрушчёв менга. «У ҳеч кимга ишонмасди, биздан ҳам ҳёч ким унга ишонмасди. Анчадан бери ўзи бир ишни эплаёлмасди, биз қилайлик десак, қўймасди. Жуда қийналиб кетдик. Бир шанба кечаси у бизни далаҳовлисига зиёфатга чақирди. Сталиннинг кайфияти яхши эди. Зиёфат хушчақчақлик билан ўтди, кўнгилли ўтириш бўлди. Кейин уй-уйларимизга тарқалдик. Якшанба кунлари у одатда бизларга сим қоқиб чиқар, ул-бул ишни гаплашиб олар эдик, аммо ўша якшанба сим қоқмади. Биз ажабландик. Душанба куни ҳам у шаҳарга тушмади. Душанба куни кечқурун шахсий соқчиларининг бошлиғи сим қоқиб, Сталин касал, деди. Биз ҳаммамиз — Берия, Маленков, Булганин ва мен зудлик билан унинг далаҳовлисига жўнадик. Биз борганимизда у ҳушсиз ётарди. Бир қўл, бир оёғи шол, тилдан қолган. Биз унинг ёнида уч кун турдик, лекин ҳушига қайтмади. Кейин маълум муддатга ҳуши жойига келди, биз у ётган хонага кирдик. Ҳамшира унга қошиқда чой ичирди. У бир-бир қўлларимизни сиқди, зўр бериб ҳазиллашмоқчи бўлди, соғ қўли билан девордаги расмни кўрсатди. Расмда кичкинагина қизалоқ эчки боласини қошиқда овқатлантираётгани тасвирланган эди. Мана, энди мен ҳам худди шу эчки боласига ўхшаб нотавонман, демоқчи бўларди гўё. Сал вақт ўтиб жони узилди. Мен йиғладим. Ахир, энг аввало, биз унинг шогирдларимиз ва ундан кўп жиҳатдан қарздор эдик».
Мен Хрушчёвдан, Сталин ўзига ворис танлаганмиди, деб сўрадим. «У ҳеч кимни танлагани йўқ. У абадий яшайман деб ўйларди!» деб чўрт кесди Хрушчёв» (Аверем Ҳарриман. 1959).

Бу ҳикоядан биз қуйидаги муҳим маълумотларни билиб оламиз:

1) Сталин Масковда эмас, ўзининг далаҳовлисида жон берган (кейинчалик биз Аллилуева китобидан ҳам унинг Кунсеводаги далаҳовлисида вафот қилганини биламиз);
2) Сталиннинг олдида сўнгги марта Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинлар бўлишган ва улар 1953 йил 28 февралида кечаси билан Сталиннинг далаҳовлисида ичкиликхўрлик қилишган;
3) 2 март душанба кунигача соқчилар бу тўртовлонга Сталиннинг касаллиги тўғрисида хабар беради ва булар у ерга бориб, Сталиннинг ўлимини бамайлихотир кутиб, уч кун унинг боши тепасида турадилар:
4) дўхтирлар тўғрисида гап-сўз йўқ.
Бу ривоятни Хрушчёв кейин турли одамларга кўп бор қайтарган. Хотираномаларида андак кенгайтирилган. Сталиннинг касал бўлган куни санаси 28 февралга кўчирилган лекин моҳият ўзгармаган. Фақат, афтидан, кимдир лоақал касалликнинг иккинчи куни дўхтирлар ҳақида ҳам қистириб ўтиш керак, деб Хрушчёвга ақл ўргатган кўринади. Натижада ҳикоя ўзгариб-ўзгариб, ниҳоят, бундай ҳолга келган:
«Сталин 1953 йил февралида (яъни, 28 феврал куни. — А. А.) касал бўлди. Маленков, Берия, Булганин ва мен унинг далаҳовлисида шанба куни бирга бўлган эдик. Одатдагидек, зиёфат тонгги соат беш-олтиларгача давом этди. Зиёфат тугаганда Сталин росмана маст бўлган, жуда баланд кайфиятда эди... Зиёфат яхши ўтганидан хурсанд ҳолда ҳаммамиз уй-уйимизга тарқалдик... Эртаси якшанба куни Сталин бизни ҳузурига чақиришига амин эдим, аммо ҳадеганда сим қоқавермади. Бирдан телефон жиринглаб қолди. Маленков экан: «Ҳозиргина Сталиннинг далаҳовлисидан соқчилари сим қоқишди. Улар, Сталинга бир нима бўлган, деб ўйлашяпти, ўша ёққа борсак, яхши бўларди. Берия билан Булганинга айтиб қўйдим. Сен ҳам тезроқ йўлга чиқсанг девдим...» Тезгина кийиндим-да, Сталиннинг далаҳовлисига жўнадим... 15 дақиқадан кейин мен ўша ерда эдим. Ҳаммамиз йиғилганимиздан сўнг, Сталин ётган хонага кирмасдан олдин, навбатчи офицерларга учрадик. Офицерлар нимага ҳаммани оёққа турғизишганининг сабабини тушунтиришди: «Ўртоқ Сталин одатда деярли соат 11 ларда қимнидир чақирарди ва чойми, бирор егуликми сўрарди. Бугун шундай қилмади», дейишди. Кейин улар гап нимадалигини билиш учун Матрёна Петровнани киритишибди. Матрёна Петровна деганлари жуда эскидан Сталин хизматида ишлаб келаётган қари қиз эди, Бировлардан ажралиб турадиган фавқулодда қобилияти йўғ-у, аммо ҳалол ва Сталинга содиқ эди. Шу аёл қайтиб келиб, офицерларга Сталиннинг одатда ўзи ётиб юрадиган катта хонада ерда йиқилиб ётганини айтади. Афтидан, Сталин катдан қулаб тушган шекилли. Соқчилар уни ердан кўтариб, кичик хонадаги диванга ётқизишибди. Шуларни эшитганимиздан кейин биз бундай хунук ҳолдалик чоғида Сталиннинг олдига киришни ноқулай деб топдик ва уй-уйимизга қайтиб кетдик».
Демак:
1) 28 феврал куни зиёфатда Сталин билан шу тўртовлон бўлган;
2) улар Сталин ёнидан 1 март куни эрталаб кетишган;
3) ўша куни оқшом чоғи Сталин оғир касалга чалинган (катдан қулаган, ўзи ўрнидан туролмаган, овқат талаб қилмаган, хизматчилар билан гаплашмаган, эҳтимол, тилдан қолган);
4) тўрттовлон касал Сталиннинг ҳузурига 1 март куни кечқурун чақирилган, аммо улар дўхтир чақириб ўтиришмаган, касални кўришдан ҳам воз кечишган ва уй-уйларига тарқалишган.
Хрушчёв ҳикоясини бундай давом эттиради:
«Кеч тунда Маленков иккинчи марта сим қоқди: «Сталиннинг соқчилари қўнғироқ қилишди. Сталиннинг аҳволи қандайдир чатоқ, дейишяпти», деди...
Сталиннинг ҳолидан хабар олчи, деб Матрёна Петровнани тағин киритганимизда, у қайтиб чиқиб: «Қаттиқ ухлаяпти, аммо уйқуси ғалатироқ», деди. Яхшиси, кетганимиз маъқул, деган қарорга келдик. Маленковга Каганович билан Ворошиловни ҳамда дўх-тирларни чақиришни юкладик».
Ва ниҳоят дўхтирларни ҳам чақиришди! Дўхтирлар Сталинни ечинтиришади ва уни ёруғроқ бўлган катта хонага қайтариб олиб чиқишади. Дўхтирлар бизга «бунақа касаллик узоққа бормайди, оқибати ўлим билан тугайди, дейишди», деб ҳикоя қилади Хрушчёв.

Ким ўзи бу дўхтирлар? Уларни ҳеч ким билмайди. Кейинроқ билишимизча, улардан ҳеч қайсисини Светлана Аллилуева ҳам танимайди.
Нафақат Сталинкинг шахсий дўхтири Виноградов, балки бунақа шароитларда зудлик билан касал Сталин тепасига етиб келиши лозим бўлганлар ҳам йўқ эди: Даволаш бошқармасининг бошлиғи Егоров ҳам Виноградов билан бирга қамоққа тиқилган; СССР Соғлиқни сақлаш вазири, Сталиннинг сафдош улфати Смирнов эса айни Сталин касал бўлиши арафасида изсиз йўқолиб қолди, ўрнига тайинланган Третяковни ҳам ҳеч ким танимасди.
Хрушчёвнинг Матрёна Петровнадан Сталин аҳволини сўраб-суриштиргач, касални ҳатто кўргани кирмаганлари ва дўхтир чақирмаганлари тўғрисидаги ҳикоясидан ке-йин яна «Сталинни оёққа турғизиш учун ҳамма чорани кўрдик», дейиши Сталин устидан ҳақоратдай бўлиб эшитилади. Дўхтирларни (агар улар ҳақиқатан ҳам дўхтир бўлса) Сталин буткул чорасиз ҳолга тушгандан кейингина чақиришган ва ўшандагина уни ечинтиришган!
Хрушчёв яна ҳикоясини давом эттириб, Сталиннинг ўлимини фақат битта одам — Берия истаган эди, дейди. Берия ўлаётган Сталинни очиқдан-очиқ хўрлади, дейди. Аммо-лекин Хрушчёвнинг мана бу иқрори муҳим:
«Мен бошқаларга қараганда Булганин билан очиқроқ гаплашар эдим. Шунинг учун ундан:
— Сталин ўлса, нима бўлади, биласанми? Берия қанақа лавозимни мўлжаллаётганини тасаввур қиласанми? — деб сўрадим.
— Қанақа лавозимни? —- деди Булганин.
— У давлат хавфсизлиги вазири бўлмоқчи. Агар у шу ўринни эгалласа, ҳаммамизнинг кунимиз битди деявер. Нима бўлганда ҳам биз бунга асло йўл қўймаслигимиз керак.
Булганин фикримга қўшилганини айтди ва бундан буён бу ёғига нима қилишимиз лозимлигини гаплашиб ола бошладик. Маленков билан ўзим гаплашаман, фикримизга қўшилса керак, дедим мен» (344-бет).

Агар Хрушчёв гоҳида самимий бўлса, айни дамда у икки баробар самимийдир: Сталиннинг сиёсий меросини бўлиб олиш учун кураш ўлаётган «доҳийининг боши устидаёқ бошланган ва биринчи қурбон сифатида Берия кўз остига олинган эди. Шунга қарамай, давлат хавфсизлиги вазири лавозими барибир унга насиб этди — бу ўринни у шунчаки эгаллади-қўйди, камига ички ишлар вазири лавозимини ҳам қўшиб олди.
Сталин касалининг бошланган санаси масаласига қайтайлик.
Шундай қилиб, аслида, Сталинга касаллик қачон хуруж қилган—тўртовлон унинг меҳмони бўлган 28 феврал шанба куними ёки улар тарқаб кетгандан кейин — 1 март куними (бу иккала санани ҳам Хрушчёв келтирган) ёхуд «Ҳукумат хабари»да таъкидланиши бўйича, 2 мартга ўтар кечасими?.. «Хабар»да Сталиннинг касал бўлган жойи нотўғри кўрсатилган, куни ҳам ёлғон бўлиши мумкин) ёки Хрушчёв Ҳарриманга айтганидек, ўша 2 март куни оқшомдами?

Тўрт сана тилга олинди, шунинг учун улардан қай бири рост эканини ишонч билан айтиш қийин. Мен 28 феврални кўрсатишга мойилман, чунки, юқорироқда айтилганидек, 1 мартдаёқ ҳокимият амалда тўртликнинг қўлида эди (бунинг холис далили "Правда"нинг 1—2 март кунлари «халқ душманларипга қарши кампанияси тўсатдан тўхтаб қолганидир). Лекин фитначилар тўнтаришни ҳеч бир қаршиликсиз ва муваффақиятли амалга ошириб олиш учун Сталиннинг аҳволини нафақат халқдан, балки айниқса партиядан ва армиядан яширишга катта аҳамият берадилар. Ўзларини айбсиз ва Сталиннинг касаллигига алоқасиз қилиб кўрсатишдан қаттиқ манфаатдор бўлганлари учун фитначилар ўлаётган Сталиннинг тепасига иккинчи ё учинчи куни унинг фарзандларини ва Сиёсий бюронинг икки аъзосини (Ворошилов билан Кагановични) чорлашади, халққа эса тўртинчи ё бешинчи куни эълон қилишади. Бу палла Сталиннинг ўлими муқаррар бўлиб қолган эди.

Энди Светлана Аллилуеванинг хотираларига мурожаат қилайлик. Унинг таъкидлашича, Сталин Масковда эмас, Кунсеводаги далаҳовлисида ўлган: Василий Сталин билан иккалаларини ўлаётган оталарининг олдига у буткул ҳушини йўқотганидан кейин, яъни 2 март кунигина чақиришган. «Касални биринчи марта кўриб турган бегона дўхтирлар ғоятда типирчилаб қолдилар. Бўйни билан гарданига зулук қўйишди, юрак уришини аппаратга солишди, ўпкани рентген қилишди, ҳамшира тинимсиз қандайдир уколлар қиларди, дўхтирлардан биттаси кассаллик жараёнини тўхтовсиз ёзиб борарди... Ҳамма сақлаб қолиш мумкин бўлмаган ҳаётни сақлаб қолишга овора эди...» («Дўстимга йигирма мактуб», 6—7-бет). Бор дўхтирларнинг орасида Светлана Аллилуевага фақат битта аёл дўхтир танишга ўхшаб туюлади. «Мен бирдан мана шу ёш дўхтир аёлни биладиганга ўхшадим. Қаерда кўрган эканман? Биз бир-биримизга бош қимирлатиб қўйдик, лекин гаплашмадик» (7-бет). (Шу дўхтир аёлни эслаб қолиш даркор.)

Сталиннинг ҳушга келгандаги қилиқлари тўғрисидаги Аллилуеванинг кузатишлари Хрушчёвнинг ёзганидан буткул бошқача, Хрушчёв, Сталинга эс-ҳуш қайтганида, «у бир-бир ҳаммамизнинг қўлимизни сиқиб қўя бошлади...» деб ёзган бўлса, Аллилуева мана бўндай ҳикоя қилади: «Талвасаси қўрқинчли эди. Шу талваса уни ҳамманинг кўзи ўнгида бўғарди... Бир пайт... у бирдан кўзини очди ва атрофида турганларга бир-бир қараб чиқди. Нигоҳи телбаворми, ғазабнокми — қандайдир даҳшатли эди... Шу нигоҳ дақиқанинг бирор улуши ичида ҳаммани айланиб чиқди. Шунда тўсатдан у чап қўлини (қимирлайдиганини) юқорига кўтарди — бу ҳаракати тушунарсиз ва ваҳимали эди, мен ҳалигача тушунмайман, лекин эсимдан ҳам чиқара олмайман: тепада ниманидир кўрсатдими (Хрушчёв икки марта такрорлайдики, Сталин эчки боласи билан қизалоқнинг суратига ишора қилди, деб. — А. А.) ёки ҳаммамизга пўписа қилдими... Ҳаракати тушунарсиз, аммо таҳдидли ва кимга ё нимага қаратилгани номаълум эди» (9—10-бет).
Шундай экан, Хрушчёв тасвирлаганидек, Сталин ўз сафдошлари билан хотиржам видолашмаган. Аксинча, видолашув «ғазабнок», «таҳдидли» бўлган.

Лекин Хрушчёв билан Аллилуеванинг Берия қилиқлари хусусидаги кузатишлари асосан бир-бирига мувофиқ келади.
«Фақат битта одам ўзини одобсизларча тутди — бу одам Берия эди, — деб ёзади Аллилуева. — У ҳаддан ташқари асабийлашарди... туйғулари тўлиб-тошганидан унинг юзи тез-тез буришиб кетарди. Унинг дили эса шуҳратпарастлик, раҳмсизлик, айёрлик, ҳокимият, фақат ҳокимиятга интилиш туйғулари билан тўла эди...
У кўрпага яқин келиб, отамнинг юзига узоқ тикиларди: отам гоҳида кўзини очарди, лекин барибир ҳушсиз эди... Шунда Берия бу хира тортган кўзга еб қўйтудек бўлиб қарарди... Масала ҳал бўлганда эса, биринчи бўлиб йўлакка отилиб чиқди ва катта хонадаги сукунатни унинг «Хрусталёв! Машинани тайёрла!» деган тантанали, баланд овози бузди. Бу одам маккор сарой аъёнининг ажойиб замонавий кўриниши, шарқона маккорлик, тилёғмалик, иккиюзламачиликнинг қуйма тимсоли эди. Бундай хислатлар ҳатто отамни ҳам чулғаб олган, шунинг учун уни алдаш умуман қийин бўлган, аммо кўп жиҳатдан Лаврентий отамга ҳам фириб бериб кетарди... Ундан жуда ҳайиқишар ва отам ўлаётган пайтда Ўрусияда ҳеч ким шу даҳшатли одамчалик хокимиятга эга эмаслигини билишар эди. (7—8-бет)».

Бундан келиб чиқадики, Сталиндан кейин ҳокимият амалда Берияга ўтган, модомики ҳозир Сталин ҳушсиз ётар экан, демак, тақдири Бериянинг қўлида эди. Бу масалада Хрушчёв ҳам, Аллилуева ҳам бир хил хулосага келганлар: Берия Сталиннинг ўлимини истаган, у ўлганида эса, тантана қилган эди. Ана энди биз энг сирли-жумбоқли масалага келиб тақалдик. Сталинни, ўзи Кремл дўхтирларини айблаганидай, тескари ташхис (диагноз) қўйиш, акс дорилар бериш усули билан «даволаш»мадимикан? Бизнинг ғоят муҳим бир гувоҳимиз бор. У доҳий ўлими тепасида турган ва қатъиян, ҳаммага эшиттириб туриб: «Отамни заҳарлашди, отамни ўлдиришди!» деб айтган генерал-лейтенант Василий Сталин — Сталиннинг ўғлидир.

Светлана Аллилуеванинг китобларидан кўриниб турибдики, қиз ўз отасининг назарияларига ва совет воқелигига аввалдан танқидий муносабатда бўлган, лекин сиёсий масалалар билан жиддий шуғуллангани ёки отаси билан сиёсий мавзуда бирон-бир суҳбатлар қилгани тўғрисида у китобларда бирон-бир гап йўқ. Аёл киши билан сиёсат тўғрисида гаплашишни одобсизлик деб биладиган қофқозликлар анъанасига содиқ Сталин, афтидан, қизи билан ҳам сиёсат тўғрисида суҳбатлашмаган кўринади. Боз устига, қиз отасининг ҳузурида охирги икки-уч йил давомида жуда кам бўлган.
Бу борада ўғилнинг ҳолати бошқача эди. Василий Сталин уруш арафасида ҳарбий учувчилик мактабини тугаллади. Бутун уруш давомида фронтларда бўлди, қирувчи учоқларда учди, дивизияга, корпусга, урушдан кейин Олмониядаги учувчилар қўшини-га қўмондонлик қилди. Кейин Масков ҳарбий округи Ҳарбий ҳаво кучларининг қўмондони этиб тайинланди. Масков атрофида, байрам кунлари эса Қизил майдон тепасида ўтказиладиган барча анъанавий ҳаво намойишларига у қўмондонлик қиларди. Албатта, йигирма беш-йигирма олти ёшда офицерлар ўз-ўзидан генерал бўлиб қолишмайди, бундан Наполеоннигина истисно қилиш мумкин (шунинг учун ҳам у Наполеон-да!), аммо Василийни ҳам шунақа истисно деб ҳисоблаш керак, чунки у Сталиннинг ўғли эди. Ўша давр маршаллари Бош қўмондоннинг кўнглини овлаш учун унинг олдида қуллуқ қилиб туришар ва унга кетма-кет унвонлар ва нишонлар ёғдиришар эди. Аммо, Василий ичишни ёқтирарди деб қанча гап-сўз қилишмасин, ҳеч ким унинг уруш чоғи кўрсатган жасорати ва мардлигини рад қилолмасди. Қўрқоқлар реактив қирувчи учоқларда хизмат қилишмайди, ахир!

Сталин Сиёсий бюродаги сафдошлари тўғрисида кўнглида пинҳон сақлаб келган ўйларини қачондир, кимгадир айтган бўлса, буни ўзининг содиқ ўғлига айтган. Ота билан ўғил ўртасидаги муносабатлар Василий лавозимидан олингандан кейин ҳам яхши бўлиб қолаверди. Бу лоақал шунда ҳам кўринадики, отасининг маслаҳати билан у Бош штаб Академиясига ўқишга киради. Опаси сингари, Василий Сталинни ҳам отанинг тўсатдан касал бўлгани тўғрисида иккинчи ё учинчи куни — Сталин тилдан қолгандан кейингина хабардор этишди. Ўлаётган одам бунақа аҳволда зорланолмайди-да.

Аммо кўнгил сезар экан. Қандайдир бегона куч (балки, шунчаки ички туйғудир) Аллилуевани айни ўша якшанба куни — 1953 йилнинг 1 мартида отага сим қоқишга ундади. «Мен якшанба куни яна бир бор отамнинг ёнига бормоқчи бўлган эдим, лекин кўп сим қоқдим, ҳеч тушолмадим» («Дўстимга йигирма мактуб», 195-бет). Туша олмас-ди ҳам! Сталиннинг ҳамма телефонлари Бериянинг қўлида, у алоқа йўлларини тўсиб қўйган эди, лекин Аллилуеванинг бу шаҳодати тарихий аҳамиятга эгадир. «2 март куни эрта билан эса мени дарсимдан Академиядан — чақириб, Кунсевога боришим лозимлигини айтишди, — деб давом этади Аллилуева. — Укам Василийни ҳам 1953 йил 2 март куни чақиришган. У ҳам катта хонада бир неча соат ўтирди... Хизматчилар уйида роса ичиб олиб, шовқин кўтарди, дўхтирларни сўкди, «отамни ўлдирдилар», «ўлдиряптилар», деб бақира бошлади» (ўша китоб, 195—196-бетлар). Афтидан, Аллилуева укам ичкилик таъсирида қутуряпти, деб ўйлашга мойил кўринади. Бироқ, Василий кўмиш куни мутлақо ҳушёр ҳолатда отасининг тобутини Молотов билан ёнма-ён кўтариб бораётиб, яна «отамни ўлдиришди» деб такрорлайди.

«Отамнинг ўлими уни ларзага келтирди, — деб давом этади Аллилуева. — У даҳшат ичида қолган эди. Отамизни «заҳарлашган»ига, «ўлдиришган»ига унинг ишончи комил эди. Отам унинг учун борлиқ олам эди, бу оламсиз у ўзини тасаввур эта олмасди, энди шу оламнинг қулаётганини кўриб турарди... Мотам кунлари у даҳшатли аҳвол-да эди ва ўзини ҳам шунга яраша тутарди: ҳаммага маломат қиларди, ҳукуматни, дўхтирларни, кимларни айблаш мумкин бўлса, ҳаммасини лозим даражада даволамаганлари учун айбларди... У ўзини меросхўр шаҳзода каби ҳис этарди» (198-бет).

Василии дуч келган одамга отасини ўлдиришгани тўғрисида қайта-қайта гапираверар, дарҳақиқат шундай бўлганлигига ишончи комил ва бу ишонч асло маст одамнинг босинқирашига ўхшамас эди. У кўп нарсани — фитначилар Сталиннинг «касалини ташкиллаштиришганини» ҳам, отаси ўзининг устидан тайёрланаётган фитна тўғрисида ўйлаганини ҳам биларди. Отасининг ўлими сирларидан воқиф ёш генерал ҳокимиятни тортиб олаётганларга қарши янги тўнтаришнинг байроқдори ва ҳатто ташкилотчиси бўлиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун уни эркинликда қолдириб бўлмасди.

Аввалига яхшиликчасига қутулмоқчи бўлишди. Мудофаа вазири Булганин уни ҳузурига чақириб, чеккага, ҳарбий округлардан бирига боришни таклиф қилди, лекин Василий Масковда қолишни истаб, бу таклифни рад этди. Шунда унинг устидан шикоят уюштиришди-да, ҳибсга олишди ва эндиликда ўзининг ваҳшиёна тутуми билан машҳур бўлиб кетган Владимир қамоқхонасига ташлашди. Бу воқеа 1953 йил 28 апрелида — Сталиннинг ўлимига икки ой тўлиб-тўлмай содир бўлди. Ўша ерда етти йил ўтиргач, 1962 йилнинг март ойида, Қозонда сургундалик чоғида вафот этди. Опаси уни ичкиликбозликдан ўлди, деб ўйлайди, бироқ, афсуски, дунёда бундан бошқа ҳам яна бир касаллик — сиёсат бор. Василийнинг шу касалликдан ўлгани ҳақиқатга яқинроқ...

Тағин расмий ҳужжатларга қайтайлик.
КПСС МҚ ва Вазирлар Кенгаши номидан 1953 йил 4 мартида эълон қилинган «Ҳукумат баёнотинда бундай дейилган: «2 мартга ўтар кечаси Масковдаги ўзининг квартирасида ўртоқ Сталиннинг миясига қон қуйилди ва мия фаолиятининг муҳим нуқталарини қамраб олди. Ўртоқ Сталин ҳушини йўқотди. Ўнг қўли ва оёғи шол бўлди. Тилдан қолди».
Сталиннинг оғир, ҳалокатли касали тўғрисида фақат тўртинчи кунгина эълон қилинмоқда эди, ҳолбуки бу касаллик амалда 1 март оқшомида хуруж қилган (аввалги саҳифаларда келтирганимиз Хрушчёвнинг ҳикоясига қаранг). Сталин касали тўғрисида-ги «Ҳукумат баёноти»ни фитначилар, афтидан, дўхтирлар билан маслаҳатлашмай тузишган кўринади, акс ҳолда, Сталин аввал ҳушидан кетиб, кейин тилдан қолмаган бўларди.
Сталинни даволаш учун саккиз нафар академик ва профессор дўхтирлардан ибо-рат ҳайъат тузилади. Комиссияни янги СССР Соғлиқни сақлаш вазири Третяков билан Кремл даволаш бошқармасининг янги бошлиғи Куперинлар бошқаришади. Баёнотда: «Ўртоқ Сталин КПСС Марказий Қўмитасининг ҳамда Совет Ҳукуматининг доимий кузатуви остида даволаняпти», дейилади.
Бу — «зараркунандалик» истисно қилинади дейилгани эди.
5 ва 6 март кунлари Сталин касалининг ҳолати тўғрисида бир неча хабар чиқади. Энди бу хабарларни ёзишда сўнгги ва энг яхши тиббий дарсликлардан фойдаланилганга ўхшарди. Тушунарсиз, тор тиббий атамаларга тўлалиги билан улар кишининг ақлини шоширади. Сталин касалининг кучаётганидан зоҳирий ташвиш ва уни даволаш учун кўрилган «кескин чоралар», бунинг натижасида баъзан ҳатто бемор аҳволининг қисман яхшиланишлари тўғрисидаги гап-сўзлардан Сталин ўлими аллақачон ҳал этиб қўйилгани сезиларди. Масалан, 5 март — Сталиннинг ўлими куни тузилган ва 6 март куни эълон қилинган хабарда: «Соат 11 дан 30 дақиқа ўтганда такроран юрак фаолиятининг кескин сусайиши рўй берди, лекин бу тегишли чора-тадбирларни кўриш оқибатида қийинчилик билан бартараф этилди», дейилади. Ва ҳатто «Кейинчалик юрак-томир бузилишлари анча-мунча камайди, шунга қарамай, умумий аҳвол ҳамон ғоят оғирдир», дейилади. Хуллас, иш жон чиқишгача боряпти-ю, кескин даво чораларигина Сталинни ўлимдан сақлаб турибди, дейишмоқчи бўлишади.

1953 йилнинг 5 мартида Сталин ўлади. Шундан кейин ворислар кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган иш қилишади: Сталин касалига қўйилган диагнознинг ҳамда МҚ раҳбарлигида кўрилган даво чораларининг тўғрилигини тасдиқлаш учун ўша-ўша, Третяков билан Куперин бошчилигида етти нафар академик ва профессордан иборат буткул янги комиссия тузишади. Комиссиянинг обрўли хулосаси мана бундай: «Жасад ёриб кўрилгандаги натижа И. В. Сталинни даволаган профессор-дўхтирлар қўйган диагнозининг тўғрилигини исботлади. Ёриб текшириш хулосалари мияга қон қуйилиши содир бўлган фурсатдан эътиборан И. В. Сталин касалининг тузалмас тус олганини аниқлади. Кўрилган кескин чора-тадбирлар шунинг учун ижобий натижа бера олмас ва ҳалокатни даф эта олмас эди» («Известия», 7.03.53).

Бу хулосани дўхтирлар бермаган, балки Берия билан унинг шериклари ўзларининг айбсизликларини исботлаш учун олдиндан ҳозирлаб қўйишган эди. Чунки улар билишардики, «Сталинни ўлдиришди» деб Василий Сталиннинг ўзигина эмас, бошқалар ҳам даъво қилиб қолишлари мумкин эди. Лекин шунақа хулоса керак бўлганининг ўзиёқ уларнинг сирини ошкор қилиб турарди.

1953 йилнинг 28 февралидан 1 мартига ўтар кечаси Сталинга қарши уюштирилган сарой тўнтариши кўп жиҳатдан Павел 1 га қарши уюштирилган сарой тўнтаришини ва унинг 1801 йил 11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси ўлдирилиши ҳодисасини эслатади. Унда золим подшога қарши дворянлар намояндалари исён қилган эди, бунда сталинчи намояндалар «ота ва устозиларига қарши исён қилдилар. Булар шундай қилмаса бўлмас эди, чунки Сталин «ўз болаларини ўлдиришга» қатъий бел боғлаган эди. Фарқ ҳам шу ерда: дворян фитначилар Ўрусияни мустабиддан озод этиш учун исён кўтарган бўлсалар, сталинчилар ўзларининг бошларини омон сақлаб қолиш учун исён қилган эдилар.

Павелга қарши фитна қилганларнинг кўпи, агар у тахтдан ўз хоҳиши билан воз кечиши тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекса, жонини омон қўйишга (Павелнинг ўғли Александр фақат шу шарт билан тўнтаришга розилик берган эди) мойил эдилар: Сталинга қарши фитна қилганларнинг ҳам кўпи, агар у ўзининг ҳамма лавозимларидан воз кечса, эҳтимол, унида омон қўйган бўлардилар. Лекин Бериянинг фикрича, юзага келган вазиятда тирик Сталиндан ўлик Сталин афзал эди. Фикрининг исботига у ўз салафи—Павелга қарши фитнанинг ташкилотчиси, Петербург ҳарбий валийси граф Паленнинг фитна амалга ошириладиган кечада ўз шерикларига айтган гапини келтириши ҳам мумкин. Ўшанда Пален: «Эсингизда бўлсин, жаноблар, тухумни синдирмай туриб қуймоқ пишириб бўлмайди», деганди.

Ҳатто Павелдан ва Сталиндан кейин янги давр бошлангани тўғрисидаги баёнотлар ҳам бир-бирига ўхшайди. Тож табиий равишда ворисга ўтганида, кўҳна Ўрусиянинг одатдаги анъанасига кўра, ўғил мамлакатни «унутилмас падари бузрукворимиз» бошлаб берган йўлда бошқариши айтиларди, бироқ 1801 йил мартининг 12-куни чиқарилган мурожаатномасида Александр I мамлакатни марҳума малика Екатерина II нинг «дил» ва қонуни бўйича бошқаришини таъкидлади. Бу дегани ҳурфикрлик қарор топади, мамлакатда муросаи мадора ўрнатилади дегани эди. Сталинга қарши фитначилар эса, унинг ўлимидан кейинги илк қарорларида Сталин номини тилга олмаслик билан ундан юз ўгирганликларини билдиришди ва мамлакатни ҳозиргина ўлган «ота, устоз ва доҳийининг «буюк кўрсатмалари» асосида эмас, балки «жонажон партиямиз ишлаб чиққан сиёсат»га таянган ҳолда бошқаришга ваъда беришди. Айни чоқда ворислар «парокандалик ва саросималарга йўл қўйилмасин деб огоҳлантиришди (кўнгилни тинч қилинглар, ҳеч қанақанги даҳшат бўлгани йўқ, дейишмоқчи бўлишди). КПСС МҚ пленуми, СССР Вазирлар, Кенгаши, СССР Олий Кенгаши Ҳайъатининг 1953 йил 7 март куни ўтказган қўшма мажлиси Қароридан тегишли парча келтирамиз:

«Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Марказий Қўмитаси, ССР Иттифоқи Вазирлар Кенгаши, СССР Олий Кенгашининг Ҳайъати партиямиз ва мамлакатимиз учун оғир бўлган ушбу дамларда узлуксиз ва тўғри раҳбарликни таъминлашни партия ва ҳукуматнинг экг муҳим вазифаси деб билади... бу эса ўз навбатида... ҳеч қанақанги парокандалик ва саросималикка йўл қўймасликни ва шу тариқа мамлакатимиз ички ишлари бўйича ҳам, халқаро ишлари бўйича ҳам партиямиз ва ҳукуматимиз ишлаб чиққан сиёсатни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишни шубҳасиз таъминлашни талаб этади».
Шундай қилиб, ҳокимият алмашиниши тўғрисидаги бу биринчи ва энг муҳими ҳуқуқий хужжатда Сталин ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ, аммо мамлакатни қачонлардир бизнинг партияхон «маликамиз» бошқарганларидек бошқаришга ваъда бор эди.
Икки ҳодисани бир-бирига қиёсладикми, охиригача қиёслайлик: граф Пален Ўрусияни ёш подшо биқинида туриб олиб ўзи бошқаришни кўзлаган эди, лекин Александр I уни истеъфога чиқариб юборди. Сталинни тахтдан қулатаркан, Берия тахтга Маленковни номигагина ўтирғизиб қўйиб, Ўрусияни Сталин Ўрусиясидан Берия Ўрусиясига айлантирмоқчи эди, лекин унга панд беришди ва уни ўзининг «душманнинг тиригидан ўлиги яхши» деган фалсафасига таянган ҳолда нариги дунёга жўнатишди.

ТЎНТАРИШ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛДИ?

Агар Сталинга қарши фитна ҳақиқатан бўлгани исбот талаб этилмайдиган ҳол деб ҳисобланса, тўнтаришнинг ўзи қандай амалга ошгани масаласи ҳалигача Кремлнинг энг пинҳон сирларидан бири бўлиб қолмоқда.
XX съезддан, партияга «МҚнинг ёпиқ хати»дан, 1956 йилнинг бошларида матбуотда эълон қилинган Сталинни фош этувчи бир қатор мақолалардан кейин совет ва чет эл коммунистлари КПСС МҚга хат ва талабномаларни ёғдириб ташлашди. «Модомики Сталин шунақа аблаҳ экан, сизлар нима қилган эдинглар, ахир Сталин сизларсиз ҳеч ким эмас-ку!» деб ёзишарди улар. «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатларини тугатиш тўғрисидаги» 1956 йил 30 июн қарори чиқарилди. Ўшанда МҚ раҳбарлари орасида Сталинга қарши гуруҳ (тўртлик) бўлганини ва улар қўл қовуштириб ўтиришмаганини биринчи ва охирги марта тан олди. Шу гуруҳ тимсолида Сталинга қарши кучлар ташкил этилган пайтда: «Партиянинг XX съезди ва МҚнинг Сталин ўлимидан кейин бутун сиёсати очиқ-равшан шаҳодат бериб турибдики, партия МҚси ичида раҳбарларнинг ленинчи бўлаги вужудга келган эди» («Правда», 2.07.56).

Модомики бу «вужудга келган раҳбарларнинг ленинчи бўлаги» орасида Сталин йўқми, демак, «ленинчи бўлак» Сталинга қарши вужудга келган эди. Шундай қилиб, бу «ленинчи бўлак» Сталинга қарши уюшган фитначиларнинг бошқача номи эди, холос. Фитна тан олиняпти, аммо уни амалга сшириш техникаси сир тутиляпти (Сталин ўлимидан ўн йил ўтгачгина Хрушчёв бу сир пардасини қия очди). Ҳозирча биз Ғарб матбуотида пайдо бўлган тахминларни кўриб чиқайлик.

Биринчи ривоят Иля Эренбургга тегишлидир. Маълумки, Эренбург Кремлнинг ўша давр раҳбарлигининг таянчи, қўғирчоғи бўлган. Эренбургга шу топшириқни берар экан, Кремл МҚнинг шахсга сиғиниш тўғрисидаги 1956 йил 30 июн қароридан қандай мақсадни кўзлаган бўлса, бунда ҳам шундай мақсадни кўзлаган, яъни, Сталин «қўпорувчи дўхтйрлар» ишини бошлаганида МҚ раҳбарлари қўл қовуштириб ўтиришмаган, деган фикрни ўтказиш эди. Ўзининг ривоятини Эренбург фаранг файласуфи ва ёзувчиси Жан Пол Сартрга сўзлаб беради, бу ривоят фаранг матбуотида юз кўрганидан кейин бутун дунё матбуотини ҳам айланиб чиқади.
Эренбург ривоятининг қисқача мазмуни бундай эди: 1953 йил 1 март куни КПСС МҚ Ҳайъатининг мажлиси бўлади, унда Каганович сўзлайди ва Сталиндан:
1) «дўхтирлар иши»ни холис тергов қилиш бўйича махсус комиссия тузишни;
2) барча жуҳудларни СССРнинг чекка қисмига кўчириш тўғрисида Сталин берган буйруқни бекор қилишни талаб этади. Кагановични эски Сиёсий бюронинг Бериядан бошқа (?!) ҳамма аъзолари қўллайди. Бу ғайриодатий ва мисли кўрилмаган якдилликдан Сталин олдиндан тайёрланган фитнанинг исини сезади. Ўзини тута олмай қолган Сталин нафақат шалақ сўзлар билан сўкина бошлайди, балки исёнчилардан шафқатсиз равишда ўч олишини айтиб, уларга дўқ уради. Сиёсий бюро номидан Каганович қўйган қатъий талабга шунақа муносабат бўлишини фитначилар олдиндан ҳисобга олиб қўйган эдилар. Улар яна шуни ҳам билишардики, агар Сталинга қўйиб берилса, биронталари Кремлдан эмин-эркин чиқмайдилар. Шунинг учун улар ҳалигиндай муносабатга мос огоҳлантирувчи чорани қўллайдилар ва Микоян қутурган Сталинга: «Агар ярим соатдан кейин биз бу бинодан соғ-омон чиқмасак, армия Кремлни ишғол қилади!» деб баёнот беради. Бундай баёнотдан кейин Берия ҳам Сталиндан ўзини олиб қочади. Айниқса, Бериянинг сотқинлиги Сталинни буткул адойи тамом қилади. Каганович бўлса, ўзининг КПСС МҚ Ҳайъати аъзолиги билетини йиртиб, майда-майда қилиб Сталиннинг юзига отади. Сталин Кремл соқчиларини чақирмоқчи бўлади, аммо улгурмайди: уни оғир дард тутади ва ҳушидан кетиб, йиқилади. 2 март куни эрталаб соат олтидагина унинг ёнига дўхтирни қўйишади (бу ривоят батафсил 1956 йил 1 сентябрда «Дие Велт» деган немис рўзномасида чоп этилган).
Эренбургнинг бу «ўқи» билан Сталиндан кейинги МҚ бир йўла уч қуённи уришни кўзлаган эди: биринчидан, Сталин совет жуҳудлари учун ўртоқликнинг янги турини вужудга келтирмоқчи бўлганида биз томошабин бўлиб ўтирмаганмиз; иккинчидан, Сталиннинг ўлимида бизнинг ҳам ҳиссамиз бор; учинчидан, Берия ҳар доимгидек Сталин билан бирга эди, армия биз тарафда турганини билганидан кейингина сафимизга қўшилди...
Эътибор қилинг, Хрушчёвнинг ҳали келажакда айтилажак ҳикоясидаги сингари Эренбург ривоятида ҳам дўхтирлар Сталиннинг қошига ҳалокатли зарба етганининг иккинчи кунигина киритилади.

Орадан бир йил ўтиб—1957 йили Кремлнинг уюштируви билан КПСС МҚ Ҳайъатининг собиқ аъзоси, КПСС МҚнинг собиқ котиби, кейинчалик эса СССРнинг Нидерландиядаги элчиси бўлмиш Пономаренко чет элда яна бир ривоятни тарқатади. Гарчи Пономаренко моҳиятан Эренбургнинг ҳикоятини тасдиқлаган бўлса-да, у расмий шахс ва МҚ аъзоси бўлгани учун унинг ривоятини дунё матбуоти буюк янгиликдай илиб кетади. Пономаренконинг ривояти бўйича: Сталин 1953 йил февралнинг охирларида МҚ Ҳайъатининг мажлисини чақириб, у ерда «зараркунандачи дўхтирлар» партиянинг кўзга кўринган арбобларини қандай ўлдирганлари ва бундан кейин ҳам шу ишни қандай давом эттирмоқчи бўлганлари тўғрисидаги кўргазмаларини кўрсатади. Айни чоқда, жуҳуд уруғи борки, ҳаммасини Ўрта Осиёга кўчириш тўғрисидаги ёрлиқ лойиҳасини МҚ Ҳайъатининг тасдиғига ҳавола этади. Шунда Каганович билан Молотов сўз олиб, бунақа кўчириш ташқи дунёга ҳалокатли таъсир этишини айтадилар. Сталин қаҳр-ғазабга тўлади ва лойиҳасига кўнмасликка журъат этган ҳаммани чапарастасига сўка бошлайди. Каганович яна бир марта сўзга чиқади, бу сафар кескин ва муросасиз тарзда гапиради, партбилетини (МҚ Ҳайъатининг аъзолик билетини — А. А.) намойишкорона йиртиб, Сталин олдида устолга ирғитади. Сўзини: «Сталин мамлакатни иснодга қолдиряпти!» деб тугатади. Каганович билан Молотовни бошқалар ҳам қўллайдилар, ғазаби тўлиб-тошган Сталин шунда бирдан ҳушсиз йиқилади—юрак фаолияти кескин сусаяди. Берия буни кўриб ғоят хурсанд бўлади ва: «Мустабид ўлди, энди биз эркинмиз!» деб бақира бошлайди. Лекин Сталин бирдан кўзини очганида, гўё тиз чўкиб, Сталиндан кечиримлар сўрашга тушади. (Берия билан боғлиқ бу сийқа саҳна кўп совет ёлғонномаларида қайта-қайта келтирилган.)
Пономаренконинг ривоятини ёзган муаллиф шундай савол қўяди: «Сталинга ўз ажали билан ўлишга рухсат берилган эдими ёки миш-мишларда тиришиб уқтирилаётганидек, унга қарши ворисларнинг фитнаси уюштирилганмиди?»

Эренбургнинг сўзига қараганда, Сиёсий бюро аъзолари уни ўлдириш мақсадида фитна уюштирганларига Сталиннинг ишончи комил бўлган. Фақат, Сталин тасаввурдаги фитначилар билан ҳақиқийларини айириб ололмагани жуда ғалати ва келгусида рўй беражак ҳодисалар назаридан қараганда тушунтириб бўлмайдиган бир ҳолдир. Эренбургники деб тақдим этиладиган ривоятда яна мана шундай дейилади: «XIX съезддан кейин аниқ бўлдики, Сталин восвос касалига мубтало бўлган... У энг катта қонли тозалаш ўтказишга тайёрланаётган, XIX съезд МҚсини буткул қириб юбор-моқчи бўлган эди. Ўзаро суҳбатлар чоғи у Ворошилов, Каганович, Микоянлар ўзини ўлдирмоқчи бўлаётганларини айтарди».

Сталиннинг бу гумонлари ва фикрлари унинг кундалик юриш-туриши ва ўз сафдошларига жуда мос келади. Юқорида айтганимиздек, Сталин уларнинг ҳаммасини очиқдан-очиқ хоинликда айблаган.
Сталин ўлими масаласи КПССнинг XXII съездидан кейин тағин қўзғалди. Ҳаммани «шунча жиноят содир қилган мустабид (съездда бу ҳақда нафақат Хрушчёв, балки МҚ Ҳайъатининг барча янги аъзолари ҳам гапиришди) наҳотки ўзининг ажали билан ўлган бўлса», деган савол қизиқтирарди. Сталиннинг ваҳшиёна жиноятлари маълум бўлгани сари, афтидан, партиянинг ҳамияти қўзғаган шекилли, ғазаби туғёнга келиб, нимага бу аблаҳни ўлдириб ташлашмаган-а, дейдиган даражага етган.

1963 йили Хрушчёв, Сталин нимага ўн йил илгари ўлмади деб одамлар ғазабланишаяпти, дея очиқчасига гап бошладида: «Улар ҳақ», деб қўйди.
Сталин ўлимидан ўн йил ўтиб, XXII съезддан буён икки йил давом этган сталинчиликка қарши қизғин ташвиқотдан кейин Хрушчёв биринчи бор Сталин ўлимининг айрим тафсилотларини очишга журъат этди. Бу ишни у Полша компартияси намояндалари ҳузурида қилди. Тингловчилар доираси кенгмиди ёки бу ҳам Хрушчёвнинг режаси бўйича уюштирилганми, ҳарҳолда, у айтган айрим янги далиллар Фарангистоннинг мажалласи саҳифаларига ҳам тушди, у ердан айрим изоҳлар билан бирга немис мажалласи кўчириб босди. «Шпигел» ўз таҳлилини: «Бир қатор далиллар шуни кўрсатиб турибдики, Сталин, бир вақтлар расмий хабарлар бизни ишонтирмоқчи бўлганидек, ўз ажали билан ўлмаган. Асло!» деган фикр ила бошлаган.

Хрушчёвнинг бу ривояти воқеаларни мана бундай тасвирлайди: Сталин ўзининг Кремлдаги квартирасида эмас, балки граф Орловнинг собиқ мулки (Кунсеводаги далаҳовли)да ўлади. Ташқи дунёдан буткул ажратилган Сталин бу ерда «ўз қўрқувининг асири» бўлиб қолган эди. 2 мартга ўтар кечаси Сталин соқчиларининг чақируви билан Хрушчёв, Маленков, Берия ва Молотовлар (биз биламизки, улар орасида Молотов бўлмаган, Булганин бўлган —А.А.) далаҳовлига етиб келишади. Соқчилар анчадан буён Сталиндан дарак йўқлигини айтишади. Сталин хоҳишига қараб учта хонадан бирида яшагани, уларнинг ички тузилмаси мураккаб бўлгани учун соқчилар ичкарида нима гаплигини билиша олмайди. Эшикни фақат Сталиннинг ўзи махсус симқувватли мослама ёрдамида очиши мумкин эди. Сталин айнан қайси хонада эканини соқчилар билмагани учун бирма-бир ҳамма эшикни бузишга тўғри келади. Сталинни иккинчи хонадан топишади. У генералисимус кийимида, тирикликдан нишона бермай, ерда ётган экан. Биринчи бўлиб Берия овоз чиқаради: «Золим ўлибди, ўлибди, ўлибди!» деб хурсанд бақира бошлайди. Шу вақт Сталин кўзларини катта-катта очиб қолади. Тирик экан ҳали. Маленков, Хрушчёв ва Молотов учалалари хонадан чиқишади. Ёнида доим заҳар олиб юрадиган Берия ўзининг мустабид ҳокими билан хонада ёлғиз қолади. Орадан беш соат ўтгачгина (гўё йўлларнинг қаттиқ музлаганлиги туфайли) дўхтир чақиришади...

Хрушчёвнинг, полшаликларнинг, фаранг мажалласининг ривояти мана шунақа. Бир нарсани алоҳида эътиборга олиш керакки, бирмунча илгари (1963 йилнинг 8 мартида) Хрушчёв совет зиёлилари вакилларини қабул қилиб, ўша ерда Бериянинг Сталин ўлимидан нафақат хурсандчилигини яширмоганини, балки унинг ажалидан бурун ўлишидан манфаатдор бўлганини тўппа-тўғричасига билдирди. Савол туғилади: агар Сталин ўлимидан битта Берия манфаатдор бўлган бўлса, уни ожиз, оғир бемор ёнида ёлғиз, бунинг устига, қўлида заҳари билан қолдиришдан булар қандай манфаат кўзлашган?..

Биз бу икки бобда Сталиннинг сўнгги кунларини баён қиладиган ,беш хил талқинни — Эренбургнинг (1956), Пономаренконинг (1957), Ҳарриманнинг (1959), мажалласининг (1963) ҳамда Хрушчёвнинг (1970) ривоятларини кўриб чиқдик. Булардан ташқари яна битта — олтинчи хил талқин ҳам мавжудки, уни оқланган эски болшовойлар айтиб юришади. Бу талқинни ғоят мураккаб вазиятларда олишга эришганим учун бу ҳақда ёзишга ҳали эрта...

Тириклигида оқланган эски болшовойларнинг кўплари Сталин жиноятларини текширувчи комиссиялар ишида анча фаол иштирок этишган (улардан айримларини камина Масков ва Қофқоздаги ҳаётим давомида шахсан танир эдим). Сталиннинг қандай шарт-шароитда ўлгани биринчи навбатда шу болшовойларни қизиқтирарди.
Албатта, эсқи болшовойларнинг талқинлари ҳам Хрушчёв талқини таъсирида юзага келган бўлиши мумкин, чунки Хрушчёв улар олдида ўзини маънавий жиҳатдан оқлаб олишни истаган, шунинг учун ҳам унинг ҳикояларида Сталинни даф қилиш ташаббускори сифатида Хрушчёвнинг ўзи намоён бўлади, Берияга эса «қора иш» топширилгани айтилади. Бироқ, Сталин ўлими тафсилотларини таҳлил қилиш чоғимда мен бу эски болшовойларнинг талқинидан фойдаланмадим, фақат «дўхтирлар ишига тегишли қисмидангана фойдаландим. Нимага? Бунинг иккита сабаби бор: биринчидан, унинг тўғри-нотўғрилигини чет элда туриб аниқлашнинг иложи йўқ; иккинчидан, эски болшовойларнинг ҳикояларининг айрим ўринларида хрушчёвча тарғиботнинг излари кўриниб турибди. Шунга қарамай, у ҳикояларда ҳам ҳақиқатга яқин саҳналар бор.

Бу талқин бўйича ҳам 28 феврал — 1 март воқеалари Хрушчёв ҳикоя қилганидек тарзда кечади: тўртлик аъзолари Сталиннинг ҳузурига келишади, биргаликда тинч ва шод-хуррамлик билан кечки овқатни ейишади, бироқ, бу учрашув аслр Сталиннинг ташаббуси билан эмас — балки Маленковнинг таклифи билан уюштирилган эди. Баҳона — Вазирлар Кенгашининг 2 март, душанба куни бўладиган мажлисида кўрилажак масалалар бўйича Сталиннинг кўрсатмалари керак. Бундан бир ҳафта олдин Сталин МҚ Ҳайъатининг Бюросини «зараркунандачи дўхтирлар» устидан суд мартнинг ўртала-рида бўлажаги тўғрисида хабардор этган ва уларга СССР Бош прокурори имзо чеккан «Айблов хулосалари»нинг нусхасини топширган эди. Бу ҳужжат, шунингдек, Бериянинг малайи бўлмиш бош прокурор Сафоновнинг Сталин билан суҳбат ҳақидаги шарҳлари доҳийнинг асл ниятларини узил-кесил фош қилиб қўяди. Ҳужжатга қараганда, амриқо-ликлар уруш пайтлари нафақат Кремлнинг Даволаш бошқармасида, ҳатто МҚ (Лозовский) ва Давлат Хавфсизлиги вазирлиги (Абакумов) ичида ҳам айғоқчилик тармоқларини очиб олган бўлиб чиқарди. Инглизлар худди шу ишни урушгачаёқ қилиб қўйишган, уруш чоғи эса МҚ аъзолари Кузнетсов, Попков, Родионовларни ҳам ёллаб, ўзларининг айғоқчилик тармоқларини янада кенгайтиришганмиш. Армия хусусида Василевский, Говоров, Штеменко, ва Коневларни заҳарлаш мўлжаллангани тўғрисидаги хабардан бўлак ҳеч гап йўқ эди. Лекин шу қисқа сатрлар остидан ҳам гўё Жуков, Воронов, Юмашев, Богданов сингари аламзадаларгина уларни заҳарлашдан манфаатдордир, деган тагмаъно чиқиб турарди. Жданов билан Шчербакбвни ўлдиришдан ким манфаатдср бўлган, деган масала очиқ қолган эди. Лекин ҳаммалари билишардики, Берия билан Маленковнинг улар билан муносабатлари ҳеч қачон яхши бўлмаган ва агар Сталин чиндан ҳам Ждановни ўлдирган бўлса, буни у худди Кировни Ягоданинг қўли билан ўлдирганидек, Бериянинг қўли билан амалга оширган.

Хуллас, иш дўхтирлар суди билан чекланмаслиги, балки худди 1937 йилдагидек, Сиёсий бюронинг кўп аъзоларининг ҳам боши кетиши маълум бўлади. Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганинлар бу ҳужжатни синчиклаб ўрганиб чиққанларидан кейин, Хрушчёвнинг таклифи билан, аҳволни жам бўлиб муҳокама қилиб олишга келишадилар. Учрашув Масков яқинидаги ўрмонда ов баҳонаси билан уюштирилади,
Сталиннинг саломатлиги ёмонлашгани туфайли партия ва ҳукуматнинг кундалик ишларида иштирок этолмаяпти, шунинг учун ҳамма лавозимларидан истеъфо бериши керак, дея талаб қўйишга қарор қилишади. Лекин, Сталин вақтдан ютиш учун ҳар қандай ҳужжатга имзо чекавериши, кейин эса уларни биттама-битта йўқ қилиб юбориши мумкин-ку. Нима қилмоқ керак? Шунда Хрушчёв Берияга гўё: «Лаврентий Павлович! Бунақа ишларга ўзинг устасан, биз ҳеч балони тушунмаймиз. Айтчи, нима қилсак Сталин яшайверади-ю, лекин партия ва давлат ишларига аралашмайдиган бўлади?» деган эмиш.

Берия ишорани тушунади ва гапни айлантириб ўтирмасдан: «Қафасдаги Сталин эркинликдагисидан баттар хавфлидир», деб жавоб қилади. Агар Сталиндан узил-кесил воз кечилмаса, ўлимидан кейин ҳам у яна анчагина ишларга аралашавериши мумкин эди-да. Аммо Берия бирор аниқ йўл таклиф этмайди.
Шунда Маленков Сталиннинг истеъфо тўғрисидаги аризасини радио ва телевидениеда ўқишга мажбур этиб, ундан кейин Соловетский оролига олиб бориб қўйиб, бутун дунёдан узиш керак, деб таклиф қилади.
Лекин Берия бу таклифни рад этади, у ва унинг чекистлари фақат марҳум Сталиннинг кафиллигини олишларини айтади. Хрушчёв ҳам Бериянинг оғзидан айнан шуни эшитишни истаган эди. Берия бу таклифни чин дилдан айтади, ахир ўзининг ҳам жони қил устида турган эди-да. Маленков Берия билан Хрушчёвга бир оз иккиланиб қўшилади.

Бир неча кундан кейин Берия ўзининг далаҳовлисига Маленков, Хрушчёв, Булганинни таклиф этиб, майда-чуйдаларигача ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган икки хил — «кичик» ва «мақбул» режаларни уларга баён қилади.
«Кичик режа» четдан куч аралаштирмасдан Сталиннинг истеъфога чиқишини назарда тутарди. Бу режа бўйича, Кунсеводаги далаҳовлида навбатдаги кечки зиёфатлардан бирида Сталинга шундай бир дард хуруж қилсинки, у ўша заҳоти ўлмасин-у, лекин соғайиб ҳам кетмасин ва гувоҳлар олдида, ўзининг фарзандлари ва дўхтирлар ҳузурида ўлсин.

«Мақбул режа»да Сталин ухлаб ётганида (демак, кундуз куни) унинг далаҳовлисини портлатиш назарда тутилган. Озиқ-овқат ниқоби остида портловчи модда олим кириб, нафақат Сталин яшайдиган иморатни, балки биратўла гувоҳларни ҳам йўқ қилиш! учун атрофдаги бошқа биноларнида портлатиш лозим эди.
«Кичик режа»нинг муваффақияти учун тўрттовлон жавоб бериши керак бўлади, «мақбул режа»нинг муваффақиятини таъминлашни Берия ўз зиммасига олади. Ҳар иккала режада эҳтиёт чоралари ҳам кўриб қўйилган эди: Сталиннинг ашаддий тарафдорларини, айниқса, алоқа ва ахборотни бошқарувчиларни (Алоқа вазирлиги, радио ва телевидение, ТАСС, «Правда» ва «Известия» рўзномалари таҳририятларини), шунингдек, Мудофаа, Давлат хавфсизлиги, Ички ишлар вазирликларидан ва Кремл комендатурасидан кўзга кўринган раҳбарларни қандай қилиб бўлса ҳам Масковдан кетказиш лозим. Айни чоқда, тўрттовлоннинг ишончли тарафдорларини (Жуков ва бошқаларни) Масковга чақириш керак. Сталин далаҳовлисининг, Кремлдаги квартирасининг ва хизмат хоналарининг барча алоқа воситалари белгиланган соатда умумий ва махсус ҳукумат симларидан узилади. Ҳамма машиналар, далаҳовлилар, соқчи ва хизматчилар белгиланган вақтдан эътиборан «мусодара» қилинади. Далаҳовлига элтувчи ва дала-ҳовлидан қайтувчи ҳамма йўллар тўрттовлондан бошқа ҳамма учун, шу жумладан, МҚ Ҳайъатининг барча аъзолари учун ҳам тақа-тақ ёпилади.

Тўртлик аъзоларининг вазифалари аниқ тақсимланган эди: Берия режанинг «амалий қисми»га, Маленков партия ва давлат аппаратини жалб этиш ишига, Хрушчёв пойтахтга ва алоқа воситаларига, Булганин ҳарбийлар устидан назоратга жавоб берарди. Белгиланган вақт кириши билан тўртлик Сталинни «оғир касал» деб эълон қилиши ва у «буткул соғайиб кетгунигача» ҳокимиятни ўз қўлига олиши лозим эди...
Бу ривоятдаги энг кўзга ташланадиган ҳол фитначиларнинг иккала режани ҳам бирданига тасдиқлаганларидир. Ишни «кичик режа»дан бошлашга қарор қилишди, аммо мабодо ҳаракат барбод бўладиган бўлиб қолса, ўша заҳоти иккинчи режани ишга солиш мўлжалланган эди. Фитна бўлгандан кейин, буткул муваффақиятга эришиш кафолати билан бўлсин-да. Ахир, ўртоқ Сталиннинг ўзи шунга ўргатган («душманга бехато зарба бериш керак»)!
Тўртликнинг Сталин билан 1953 йил 28 феврали оқшомида унинг Кунсеводаги далаҳовлисидаги учрашуви мана шунақа тайёргарликдан кейин бўлган эди. Иш тўғрисида гаплашиб ва тўйиб ичиб олишгач, Маленков, Хрушчёв ва Булганинлар ҳар қачонгидан эрта жўнаб кетишади, аммо уйга эмас, Кремлга йўл олишади. Илгарилари кўп бўлганидек, Берия ўзининг айрим тадбирларини Сталин билан келишиб олиш баҳонасида шу ерда қолади. Мана шу жойда янги одам: бир талқин бўйича, эр киши — Бериянинг мулозими (адютанти), бошқа талқин бўйича, аёл киши — унинг хизматчиси пайдо бўлади. Берия Сталинга Хрушчёвнинг «дўхтирлар иши»га алоқадорлигини исботлайдиган даҳшатли далилларни қўлга киритганини айтиб, ўзининг ходимасини ичкарига чорлайди. Аёлнинг қўлида ҳужжатлар тўла папка бўлади. Берия бу папкани Сталин олдига қўйр-қўймас ҳалиги аёл Сталиннинг юзига тез буғланиб кетувчи аллақандай суюқликни (эфир бўлиши ҳам мумкин) сепиб юборади. Сталин ўша заҳоти ҳушини йўқотади ва аёл унга бир неча бор укол қилиб, секин таъсир этадиган заҳар юборади. Кейин Сталинни «даволаш» чоғида худди шу аёл (яъни дўхтир сифатида) аввалгича миқдорда укол юбориб туради. Мақсад — Сталин тез ўлиб қолмасин, балки аста-секинлик билан ва гўё табиий ўлим билан ўлсин.
Эски болшовойларнинг ҳикояси мана шунақа. Буни эшитганда, бемор Сталин бошидаги куймаланиб юрган сирли аёл дўхтир тўғрисидаги Аллилуева ёзган гаплар ўз-ўзидан ёдга келади: «ёш дўхтирлар довдираб теваракка термулишади... Бирдан анави ёш аёл дўхтирни таниб қолдим. Қаерда кўрган эканман? Бир-биримизга бош қимирлатиб қўйдик, лекин гаплашмадик» («Дўстимга йигирма мактуб», 7-бет).
Менимча, Бериянинг ишларида бу аёлнинг хизмати нечоғли экани аниқланса, кўп нарса ойдинлашар эди. Ажаб, Сталин ўлимигача Аллилуева уни қаерда кўрган экан? Сталин ўлимидан кейин ҳам кўрганмикан?
Мазкур талқинлар муносабати билан Александр Солженитсиннинг бир фикрини ҳам келтирсак яхши бўлади: «Сталин ўлими арафасида Бериянинг таҳдидли важоҳатда бўлганига тахминлар бор, Сталин шу одамнинг қўли билан йўқотилган бўлиши ҳам мумкин», деб ёзади А. Солженитсин («Қамоқхоналар салтанати», 1 жилд, 166-бет).
Сталинчи МҚ Ҳайъатининг икки аъзоси ва бир совет ёзувчиси ҳикоя қилган барча талқинларда учта фикр ажабланарли тарзда бир хилдир:
1) Сталиннинг ўлимини Сиёсий бюродан фақат тўрт киши—Берия, Маленков, Хрушчёв ва Булганин қоровуллаб туришади:
2) Сталиннинг ёнига дўхтирлар иккинчи кунигина чақирилади.
3) Сталиннинг ўлимидан шахсан Берия манфаатдор. Булардан қуйидаги икки мантиқий хулоса чиқиб келади:

1 Сталин дардининг ниҳоятда оғир (ҳушини йўқотган) эканига қарамасдан, тўртлик атайлаб дўхтир чақирмай туради, ўлишига аниқ ишонч ҳосил қилгунча кутади.
2 Дўхтир чақириш ёлғиз Бериянинг ҳукмида экан (хизмат вазифаси тақозосига кўра ҳам шундай бўлиши лозим), у, афтидан, ўзининг хоҳиш-иродасини бажарадиганларни—Сталиннинг ўлишига ёрдам берувчиларни чақирган бўлса керак.

Вазиятдан маълум бўляптики, Кремл Даволаш бошқармасига бу дўхтирларнинг сира ҳам алоқалари йўқ. Ҳарҳолда Аллилуева улардан биронтасини танимайди, Хрушчёв бўлса, фақат профессор Лукомскийни таниганини айтади. Сталинни чақирилган дўхтирларнинг ҳаммаси ҳам текширгани йўқ. Улар қўшни хонада ўтиришган ва, Аллилуеванинг ёзишича, Сталинни қандай даволаш тўғрисида «мажлис қилишган». Дарднинг тадрижи ва унинг кўриниб турган белгилари тўғрисидаги маълумотларни ҳам Бериядан бўлак ҳеч ким танимайдиган дўхтир берган.
Сталин дардининг сабаблари тўғрисидаги тахмин ҳам икки хил бўлиши мумкин: Сталинга дард «зараркунандачи дўхтирлар» масаласида қатъий талаб қўйганларида ва ҳарбий кучларни ишга солиш билан пўписа қилганларида хуруж қилган, ёки Берия Сталинни секин таъсир этувчи заҳар билан заҳарлаган.
Демак, Сталиннинг ўлими—Сиёсий бюродан етган зарбаданми ё Берия берган заҳарданми, деган савол кўндаланг бўляпти.
Ўзига суиқасд бўлиши мумкинлигини Сталин ичдан ҳис этарди, лекин у айнан заҳарланишдан қўрқарди. Сталинга қолса, Сиёсий бюро аъзоларининг ҳаммаси заҳар бериши мумкин. Бу борада Хрушчёв жуда кулгили воқеаларни айтиб берган: Сталин сафдошлари билан зиёфатда ўтирса, дастурхондаги ноз-неъматлардан аввал ўзи емас экан, бирор баҳона топиб шерикларини нарсалардан бир-бир тотиб кўришга мажбур қиларкан-да, шундан кейингина ўзи еб-ича бошлар экан. Фақат Бериягина овқатни еб кўришдан қутулган эди, чунки у фақат кўкат ер, кўкатларни эса ёнида олиб юрарди, дерди Хрушчёв.

Хрушчёвнинг Берияни истисно қилиб кўрсатишига унча ишониб бўлмайди. Нега деганда, Хрушчёвнинг аввалги ҳикоясидан бизга маълумки, Бериянинг қўлидан ҳар қандай ифлослик келишини Сталин биларди. Хрушчёв, афтидан, Берия Сталиннинг ўзини ҳам қандай алдаб кетиши мумкинлигини кўрсатиш учун уни истисно этиб тасвирлаганга ўхшайди.

Сталин ҳаммадан ҳам заҳарланишдан қўрқишни у кўрган эҳтиёт чоралардан ҳам билса бўлади. Нафақат озиқ-овқат билан бирга, балки ҳаводан ҳам заҳар кириб қолмаслиги учун далаҳовли ниҳоятда пухталик билан қўриқланади. Қизи С. Аллилуеванинг ёзишича: «Унинг дастурхонига балиқ махсус хазиналардан, қирғовул ва қўзичоқлар махсус парваришхоналардан келтириларди, гуржи майи ҳам махсус тайёрланарди, мевалар жанубдан учоқлар (самолётларда) етказиб келинарди. Буларнинг ҳаммасини дастурхонга мунтазам тортиб туриш учун давлат ҳисобидан қанча маблағ кетишини, неча улов (транспорт) овора бўлишини у билмасди. Баъзи махсус дўхтирлар унинг дастурхонига қўйилажак барча емишни кимёвий текширувдан ўтказиб туриш учунгина мавжуд эди. Ҳар бир тўғрам нон, ҳар бир бўлак гўшт ёки ҳар дона мева жавобгар «заҳаршуноожинг имзосию муҳри ила мустаҳкамланган («Заҳарли модда топилмади») махсус «акт» билан қўшиб бериларди. Баъзида Дияков деган дўхтир бизнинг Масковдаги уйимизда ўзининг шиша идишларм билан пайдо бўлиб, «ҳаводан ҳам намуна оларди». («Фақат бир йил». 335-336-бетлар).

Албатта, агар Бериянинг ўзи Сталинни заҳарлашни истаб қолса, бунақа эҳтиёт чоралари ҳам бир пул бўлиб қоларди, чунки Поскребишевнинг «ички кабинети» тор-мор этилган, генерал Власик ҳам, Сталиннинг барча дўхтирлари ҳам йўқотилган эди. Ўшандан бу ёғига Сталин Бериянинг илтифоти туфайлигина яшаб келди.
«Сталин масаласи» Берия учун аллақачон ҳал бўлган, унга энди муҳими — молотовчиларнинг дўстона хайрихоҳлигини қозониш ҳамда тўртлик аъзоларининг фаол қўлловларига эришиш эди. Берия Сталиндан аламзада одамларни атрофига усталик билан йиға олишини Хрушчёв ҳам инкор этмайди: «Бериянинг Сталин билан муносабатлари сал оғирлашган одамларни осонгина ёллаб олиш одати бор эди,— деб ёзади Хрушчёв.— У ўшанда бунақа одамлардан ўзининг шахсий саргузаштларида фойдаланарди».

Сталинга қарши тўнтаришнинг тадрижи ва натижаси «аламзадаларни ёллаш» усулининг зўр ютуғини кўрсатиб турибди. Ҳал қилувчи дақиқаларда Сталиннинг олдида на содиқ ўғли Василий ва на шахсий дўхтири Виноградов — ҳеч ким бўлмай қолди. Сталиннинг ўлимини Берия ва унинг доимий учала шериги Маленков, Хрушчёв, Булганинлар қоровуллаб ва йўналтириб туришди. Кейинги бу учаласи Сталинга ҳам, Берияга ҳам хиёнат қилишган эди.

Янош Кадар бошчилигидаги можор (венгер) партия ва ҳукумат делегацияси шарафига 1964 йил июлининг 19-куни уюштирилган митингда Хрушчёв нутқ сўзлайди ва совет диктатори мажбурий ўлим топганини ярим дунё олдида тан олади. «Сталин ўзиникиларни қирарди. Инқилоб ветеранларини овларди. Мана шу зўравонлик учун биз уни қоралаймиз... Мамлакатимиз раҳбариятини ўзгартиришни ва Сталин йўл қўйган барча суиистеъмолликларни ҳимоя қилишни истаётганлар беҳуда чиранмоқдалар... Ҳеч ким уни оқлаёлмайди ҳам... Қора кўппакни ювган билан оқариб қолмайди (Чапаклар). Инсоният тарихида шафқатсиз золимлар кўп ўтган, лекин уларнинг бари ўз ҳокимиятларини болта билан тутиб турганлари боис, ўзлари ҳам болтадан ҳалок бўлганлар». Бутун СССР бўйлаб ва Интервидение орқали бутун Шарқий Оврупа бўйлаб кўрсатилган, Масков радиосидан эшиттирилган бу нутқни «Правда» ва «Известия» рўзномалари кўчириб босаётганида Хрушчёвнинг золимлар тўғрисидаги гапини ўчириб ташлашган, лекин уни СССРдаги ва Оврупадаги милёнлаб кишилар эшитганлар.

Сталин ўлимнинг сири унинг ўлдирилганлиги ё ўлдирилмаганлигида эмас, балки қандай ўлдирилганлигидадир. Сталин ўлсинми ёки Сиёсий бюронинг ҳамма аъзоси ўлсинми деган икки йўл аро қолган Сиёсий бюро аъзолари, охир-оқибат Сталин ўлимини маъқул топишди. Инсонийлик нуқтаи назаридан ҳеч ким бу қарор учун уларни айблай олмайди.
Бу ҳодиса Совет давлати тарихида ҳукумат аъзоларининг манфаати халқ манфаати билан бир келиб қолган ноёб ҳодисалардан бири эди.

БЕРИЯНИНГ ТУГАТИЛИШИ

Жиноятнинг изини йўқотиш ва ўзини бу жиноятга алоқасиздек қилиб кўрсатиш ҳар қандай қотилнинг табиий интилишидир. Аммо мутлақ ҳокимиятга эга бўлган қотилларгина ўзларини мутлақ оқ қилиб кўрсата оладилар. Изни йўқотиш учун улар кетма-кет янги қотилликларга қўл урадилар — гувоҳлар, бажарувчилар, ўлдирилган шахснинг яқин кишилари бирин-кетин йўқ бўлиб қолаверадилар.

Аммо шахсларга, гуруҳларга, синфларга ва ҳатто бутун-бутун халқларга нисбатан сиёсий қотилликларни ташкил этиш фақат Сталин ва унинг шогирдлари учун олдиндан ўзларини оппоқ қилиб кўрсатадиган жиноятчилик санъатининг махсус тармоғига айланиб қолди.
Сталин нафақат душманларини, балки, агар шахсий манфаати тақозо этса, ўзининг энг яхши дўстларини ҳам ўлдирарди — бунақа золим тарихда сира учрамаган. Менжинский, Куйбишев, Горкий, Оржоникидзе, Кировларни ўлдириб ҳам Сталин оппоқ бўлиб қолаверганининг боиси — ўлганлар унга жуда садоқатли эдилар. Куйбишевнинг акаси (гражданлар урушининг қаҳрамони) ва Оржоникидзенинг акаси (кекса гуржи инқилобчиси) отиб ташланди. Горкийнингда айрим ходимлари ва яқин кишилари, жумладан, унинг шахсий котиби отиб ташланди. С. М. Кировнинг ҳамма мулозимлари йўқ қилинди.
Сталин Кировга суиқасднинг гувоҳларини ҳам, қотилликни амалга оширганларни ҳам битта қўймай гум қилди. «Улар Кировга суиқасднинг чинакам ташкилотчилари изини яшириш учун отиб юборилган, деб тахмин қилсак бўлади», дейди Хрушчёв XX съезд минбаридан.

У пайтлар ўйлаб ўтирмасдан ҳаммани йўқ қилишган. Ёзилмаган шундай қонун бор эди: махфий ўлдирилган одам Сталинга қанчалик яқин юрса, шунчалик кўп асос билан унинг теварагидагилар ҳам йўқотилган. Бу «қонун» ҳатто Сталиннинг оиласига ҳам тааллуқли эди: у ўзининг қайнағаси кекса болшовой Сванидзени, божаси, кекса чекист қўмиссари Рединсни отиб ташлади: у урушдан кейин ўғли Яковнинг хотини қўлидан боласини олиб қўйиб сургун қилди; у ўз хотинининг сингиллари — Лениннинг дўсти Аллилуевнинг қизларини қамоққа ташлаттирди: Нимага? Бу воқеалардан ҳайрону лол қолган қизи отасидан, холамларнинг айби нима, деб сўраганида, Сталин ўзига хос бўлмаган самимият билан: «Керагидан ортиқча билишарди», деб жавоб қилган.

Берия Сталин ўлимидан кейин дарҳол мана шунақа «керагидан ортиқча биладиганлар» билан шуғулланишга тушди. Улар тоифасига, Бериянинг шерикларидан ташқари, Сталинни «даволаган» ва «тўғри» даволадилар деб гувоҳлик берган икки комиссия (дўхтирлар) ҳамда Сталиннинг соқчилари ва хизматкорлари кирар эди.
Бу икки комиссия аъзоларидан кўп дўхтирлар Сталин ўлимидан кейиноқ йўқ қилинди. Сталиннинг жасадини ёриб кўришда қатнашган дўхтирлардан бири — профессор Русаков «туйқусдан» ўлиб қолди. Сталин саломатлигига масъул бўлган Кремл Даволаш бошқармаси зудлик билан тугатилди, унинг бошлиғи И. И. Куперин эса қамоққа олинди. СССР Соғлиқни сақлаш вазири А. Ф. Третяковни (у, лавозимига кўра, иккала комиссиянинг ҳам бошлиғи бўлган эди) ишдан бўшатишади, Куперин ва комиссия аъзолари бўлган яна икки дўхтир билан бирга ҳибсга олишади, Воркутага сургун қилишади. Ўша ёқда Третяков қамоқ касалхонасининг бош дўхтири лавозимини эгаллайди. Улар орадан бир неча йиллар ўтибгина оқланишади. Берия ўлимидан кейиноқ оқланмаганликлари шуни кўрсатадики, из йўқотиш билан битта Берия эмас, тўртликнинг ҳамма аъзоси шуғулланган.
Сталиннинг Кунсеводаги соқчилари ва хизматчиларини Берия бошқалардан кам қирғин қилмади. Чунки улар Сталин теварагида нималар бўлаётганига шунчаки гувоҳ эмасдилар, балки Бериянинг «дўхтирлари» Сталинни қандай даволашгани тўғрисида ўғли Василийга айтган бўлишлари ҳам мумкин эди.

Агар Сталин, «Ҳукумат баёноти»да ёзилганидек, «КПСС МҚ ва Ҳукуматнинг доимий кузатуви остида» ўз ажали билан ўлган бўлганида, ундан кейин Кунсевода Сталиннинг қизи ёзган «антиқа воқеалар» содир бўлмасди:
«Отам вафот этганидан кейин Кунсеводаги хонадон бошидан антиқа воқеалар кечди. Хонадон эгаси вафотининг иккинчи куни, ҳали дафн маросими ўтмай туриб, Бериянинг топшириғига биноан, ҳамма хизматчию соқчиларни, далаҳовлига хизмат кўрсатадиган барчани тўплашди-да, нарсалар бу ердан (қаергалиги номаълум) зудлик билан олиб кетилади, ҳамма далаҳовлини тарк қилсин, деб эълон қилишди. Сабабини Бериядан сўрашга ҳеч ким ботинмасди. Ўзини мутлақо йўқотиб қўйган, нималар бўлаётганини тушунмай қолган одамлар нарсаларни, китобларни, идиш-товоқни, жиҳозларни йиғиштиришди, кўзда ёш билан юк машиналарга юклашди — ҳаммаси қаёққадир, қайсидир омборларга олиб кетилди... Бу ерда қўрққанидан эмас, виждонан ўн-ўн беш йиллар давомида ишлаб келган одамларни кўчага ҳайдаб солишди. Ҳаммани ҳар томонга тирқиратишди. Қўриқчи офицерлардан кўпини бошқа шаҳарларга жўнатишди. Иккитаси ўша кунлари ўзини отиб қўйди. Одамлар нима бўлаётганига ақли етмасди, айблари нимада эканини, нега уларга қарши қирғин бўлаётганини англашмасди» («Дўстимга йигирма мактуб», 21-22-бетлар).

Буларга Берия ҳам худди Сталиндай: «Керагидан ортиқча билишарди», деб жавоб қилиши мумкин эди. Шунинг учун уларни узоқ-узоқ шаҳарларга сургун қилишарди-ки, кейин уларни у ёқда судсиз, шовқин-суронсиз гумдон қилса бўларди.

Дарвоқе, Бериянинг жиноятчи шериклари — Маленков, Хрушчёв ва Булганиндан иборат яна бир гувоҳлар гуруҳи бор эди. Ўзлари жуда унақа буюк шахс бўлмасалар ҳам, энг муҳим соҳаларнинг бошида турардилар — Маленков давлат бюрократиясини, Хрушчёв партия аппаратини, Булганин армияни бошқарарди. Ўзининг қадрига етадиган ҳар қандай босқинчи сингари, Берия ҳам қўлга киритилган ўлжани — ҳокимиятни улар билан бўлишиб олишни ўйларди. Сталинни «даволаш» чоғи иккинчи даражали рол ўйнаган бу учаласи Сталиннинг ўлимидан кейин Бериядан партия ва давлат устидан раҳбарлик қилиш ҳуқуқини олишган эди. Фақат битта айтилмаган шарт билан, Берия давлатда биринчиларни бошқариб турадиган иккинчи шахс бўлишга розилик беради.

Берия политсайгина эмасди. Сиёсатдон сифатида ҳам у ўз ҳамтовоқларидан анча баланд турарди. Сталин билан бирга бутун бир давр ҳам тугаганини, бундан бу ёғига энди фақат Сталинга қарши бўлган одамгина улуғликка кўтарилиши ва давлатни муваффақиятли бошқариши мумкинлигини у англаб етди. Ҳақиқатан, найза билан ўз мамлакатини эгаллаш мумкин, аммо абадий шу найза устида ўтириб давлатни бошқариш ўнғайсизлиги аниқ бўлиб қолди. Ўнғайсиз ҳам гапми...

Албатта, совет расмий тарих асарларида бор барча маълумот Берияга қарши қаратилган, биз ҳам уни қарийб йигирма йил давомида мамлакатнинг бош ёвуз одами сифатида биламиз, шундай ҳолда унинг ўз шахсига тескари одамга эврилиб қолишини тасаввур этиш қийин. Аммо сиёсатда ҳар қанақа кескин ўзгаришлар ҳам рўй бериши мумкин. Ленин ўзидан кейингиларда турлича ўзгаришлар бўлажагини башорат қилиб кетган: «Эврилиб туришлар тарих учун оддий ҳолдир,—деган эди у РКП(б)нинг XI съездида. — Сиёсат эътиқодга, садоқатга ва бошқа зўр руҳий сифатларга таянмайди, буларни бачкана деб билади».
Охир-оқибат Лениннинг гапи тўғри бўлиб чиқди — Муссолинининг таъбири билан айтганда, «болшевизм қайта туғилиб, славян фашизмига айланди».

Ленин ўлимидан кейин партия: «Ленинсиз, аммо ленинча йўлдан бораверамиз», деган шиорни олға сурди ва нишонга тўғри урди. Ленин «ҳарбий коммунизм»ни бекор қилган, НЭПни берган, Советларни сақлаб қолган, Давлат Сиёсий Бошқармасини чеклаган, санъатда ижодий уюшмаларнинг сотсреализмсиз, лекин хусусий нашриётларга эга ҳолда яшашига рухсат берган, пролеткултчиларга қарши курашган, ҳамма эркинлик ва ҳуқуқларни тиклашга ваъда берган (партия Дастури)... шундан кейин ўлган эди. Мамлакат унинг йўлидан боришга рози эди. Ҳозир-чи? Ҳозир халққа: «Сталинсиз, аммо сталинча йўлдан бораверамиз», деб айтиб бўладими? Хуфяларидан тинимсиз оқиб келиб турган маълумотлардан Берия Сиёсий бюро аъзоларининг ичида биринчи бўлиб халқнинг бу саволига жавоби қандай бўлишини билди: халқ елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортмоқда, катта ўзгаришларга умидвор бўлмоқда эди.

Берия халқни яхши кўрганидан ё Сталинни ёмон кўрганидан, ва ёки содир этган жиноятлари учун тавба-тазарру қилганидан эмас, балки янгича шароит сиёсати нуқтаи назаридан, шахсий манфаати нуқтаи назаридан мамлакатда ислоҳот ўтказишга, бу ҳаракатни ўзи бошқаришга қарор қилди. Термидорчилар ҳам Робесперни ўлдираётганларида мақсадлари гилётина (қатл машинаси) офатидан қутулиш ва уни тарих музейига топшириш бўлмаган, аммо халқ бу қирғин ҳокимининг ўлимини нақадар шод-хуррамлик билан кутиб олганини кўриб, бу англашилмовчиликдан фойдаланиб қолишга, инсонпарварлик ҳаракатини ўзлари бошқаришга қарор қилган эдилар. Хрушчёв Сталинни уч йилдан кейин, XX съездида (1956) нима қилган бўлса, Берия ўша ишларни ҳозироқ бошламоқчи эди. 1953 йил 4 апрелида «зараркунандачи дўхтирларини озод этиб, сохта, уюштирилган далиллар асосида одамларни азоблашнинг сталинча-берияча усулини ўзи танқид қилиб, бу ишни бошлади ҳам.

Сталинчиликни тугатишнинг бошланишини ва ҳатто «шахсга сиғиниш» иборасининг пайдо бўлишини Хрушчёвга ва XX съездга нисбат беришади, аммо бу—хато. Чунки бу ибора биринчи бўлиб Сталин ўлимидан уч ой кейин, Берия амалда мамлакат ҳокими бўлиб турган маҳалда ишлатилган. «Правда» рўзномаси 1953 йил 10 июн сонида «Коммунистик партия—совет халқининг йўналтирувчи ва раҳбар кучидир» деган имзосиз, аммо, шубҳасиз, МҚ Ҳайъатининг қарори билан босилган мақолада бундай деб ёзган эди: «...омманинг, синфларнинг, партиянинг рўлига ғайри марксча зид қарашлар ва шахсга сиғинишнинг унсурлари каби партия аллақачон қоралаган сарқитлар тарғибот-ташвиқот ишларида энг сўнгги дамларгача учраб келди, зйрим китоблар, мажаллалар ва рўзномалар саҳифаларига ҳам кириб борди. «Мақола яна: «Партия ва давлат раҳбарлигимизнинг кучи унинг кўпчилик бўлиб бошқаришига асосланганидадир», деб қайд этади; «партиямиз сиёсатининг моҳияти» бўлса «Г. М. Маленков, Л. П. Берия, В. М. Молотов маърўзаларида ўз ифодасини топган», дейди.

Бериянинг сталинчиликка қарши бу яширин дастурини Маленков ҳам қўллаган, лекин Хрушчёв қарши бўлган эди, чунки бу дастур Берия билан Маленковнинг обрўларини ошириб юборарди, бу эса Хрушчёвга тўғри келмасди. Айни чоқда, Хрушчёвнинг ҳеч қанақанги ўз дастури йўқ эди, унга фақат Маленков, Берия, Молотовдан иборат янги учликнинг вужудга келиши ёқмасди.
Сталиннинг ҳамма шогирдлари сингари Хрушчёв ҳам, сталинчами ёки ғайристалинчами, бирор дастур эмас, балки ҳокимият муҳим, «партия билан давлат рулини» «у қўллардан» ўзининг қўлига олиши муҳим эди. Хрушчёв кейинчалик шу мақсадига эришганини биз ҳозир биламиз, аммо, ажабки, бу мақсадига у сафдошларидан ҳеч қайсиси бу иш унинг қўлидан келишини хаёлларига ҳам келтирмаганлари учун эришди.

Партиянинг тарихи гўё яна такрорлангандай бўлди. Бир вақтлар, ҳали Ленин тириклигидаёқ бош котиблик лавозимига бир овоздан Сталинни тавсия этишган. Сабаби, уни «ювош» ва истеъдодсиз деб ҳисоблаб, ўзларининг мақсадлари йўлида ундан фойдаланишни кўзлаганлар. Хрушчёвни МҚнинг биринчи котиблиги вазифасини бажариб турувчи қилиб кўрсатганда ҳам партия тахминан яна ўшандай: «Хрушчёв қишлоқи, эси паст, партиянинг мурвати, бундан ҳам ўзимизнинг мақсадларда фойдаланишимиз мумкин», деган хаёлга борди...
Ҳозирча Берия ва шахсга сиғиниш масаласига қайтиб турайлик. Сталинчиликни тугатиш йўлининг биринчи ташаббускори Берия бўлганининг энг зўр далилини биз партиянинг мафкуравий ҳаётидан топамиз. Март ойида, мотам тарақа-туруқлари босилган заҳоти Сталин номи рўзнома ва мажалла саҳифаларидан аста-секин тушиб қола бошлади. Асарларини босиш тўхтатилди. Босилиб чиққан энг охирги асари 13-жилд бўлди. Босишга рухсат этиб, тайёрлаб қўйилган 14 — 15 жилдларнинг нашри ушлаб қолинди, кейин босмаси тарқатиб юборилди. Агар апрел ва май ойларида «Правда» рўзномасининг бош мақолаларида Сталиннинг номи ҳамон кўриниб турган бўлса, майнинг охиридан то 29 июнгача бутун бир ой давомида Сталин фикрига бор-йўғи бир мартагина суянишган! Берия ҳибсга олинганидан кейин эса, Сталин номи фақат бир ҳафта ичида 12 марта — олий мақомдаги ҳамма сифатлари билан қўшиб тилга олинди.

Сталинчиликни тугатиш режасининг бир бўлаги сифатида Берия сохта «сталинча миллий сиёсат»ни ҳам қайта кўриб чиқишни бошлади.
Ташқи дунёнинг диққат-эътибори фақат «дўхтирлар иши»га қаратилган эди, шунинг учун иттифоқдош ва мухтор жумҳуриятларда уюштирилган ўнлаб «миллий иш»ларни биров сезмай ҳам қолди. Бу ишлар ҳам 30-йиллар ўлчовида ташкил қилинган эди: СССРнинг ҳамма миллий жумҳуриятларида «буржуа миллатчилари»нинг ёвуз гуруҳлари қуролланишмоқда, ўз жумҳуриятларини «қардош оиладан» ажратишга тайёрлашмоқда, деган қутқу уйғотилган эди. Ўрисларнинг ўзи 20-йиллар сиёсатининг қурбони бўлиб, тинимсиз хўрлаб келинди, энди уларни «улуғ оға» мартабасига чиқариб қўйиб, майда халқларга қарши қаратилган империячилик таёғини қўлига тутқазишди.

Берия бир томондан империячи жандарм бўлса, иккинчи томондан гуржи шовинисти (чеченлар, ингушлар, балқарлар ва қорачойлар ўз ватанларидан кўчириб юборилганидан кейин, Бериянинг буйруғи билан тоғли Чечения ҳамда Элбурс тоғларини Гуржистон ССР босиб олган) эди, шунинг учун у Совет Иттифоқининг заиф жойи афсонавий капиталистик қуршов эмас, балки ўзи босиб олган халқларнинг икки қаватлама қуршови эканини жуда яхши тушунарди. Биринчи қават қуршов Ўрусиянинг чекка ўлкалари бўлса, иккинчи қават қуршов Шарқий Оврупа эди. Берия миллий сиёсатни лоақал ленинча ўзанга қайтармоқчи бўлди. Яъни, партия ва давлат аппаратини маҳаллийлаштиришга, она тилда иш юритишни йўлга қўйишга киришди. 1953 йил 12 июнда Берия маърузаси бўйича қабул қилинган КПСС МҚ Ҳайъатининг қарори шу мақсадга хизмат қиларди. Унда бундай дейилган:
«КПСС МҚ Ҳайъати қарор қилди:
1) ҳамма партия ва давлат идораларига миллий жумҳуриятлардаги аҳволни тубдан яхшилаш, совет миллий сиёсатини бузишларга чек қўйиш ишлари юклатилсин;
2) маҳаллий миллат кишиларидан раҳбарлик ишларига тайёрлаш ва уларни бу лавозимларга кўплаб тавсия этиш ташкил қилинсин; маҳаллий миллатдан бўлмаган кадрларни кўтариш тажрибаси тўхтатилсин; бўшаб қолган ҳисобдаги ходимлар, агар улар маҳаллий тилни билмасалар, КПСС МҚ ихтиёрига чақириб олинсин;
3) миллий жумҳуриятларда ҳамма иш маҳаллий она тилида юргизилсин». Бу иш қарор билан чекланмади. Миллий жумҳуриятларда иккинчи котиблик усулини йўқ қилишга киришилди. Бу усулни Сталин ташкил қилган эди. Шу усул бўйича иттифоқдош жумҳуриятларда партия МҚнинг биринчи котиблари туб миллатдан тайинланарди-да, иккинчи котиб тўппа-тўғри Масковдан келган ўрис бўларди. У маҳаллий халқнинг тилини ҳам, тарихини ҳам, маданиятини ҳам билмас, билишининг кераги ҳам йўқ эди. У Масковнинг кўз-қулоғи эди, холос. Маҳаллий биринчи котиблардан айримларигина ўзларини сал-пал биринчи деб тасаввур қила олишарди (масалан, Туркманистонда Бобоев, Озарбайжонда Мустафоев, Доғистонда Дониёлов, Гуржистонда Мжаванадзеларгина ўзларини унча-мунча ҳоким деб ҳис этишарди, шунинг учун ҳам МҚ уларни ишдан олиб ташлаган). Аслида биринчи шахс иккинчи котиб бўларди, биринчи котиб эса бор-йўғи унинг қўлидаги миллий қўғирчоқ эди. Буни ҳамма билар ва ҳамма кўникиб кетган эди. Миллий жумҳуриятларда шундай лавозимлар борки, унда фақат ўрислар ёхуд ўрислашган маҳаллийлар ўтириши мумкин. Ҳарбий округлар қўмондонлари, гарнизонлар бошлиқлари, чегара отрядларининг бошлиқлари, жумҳуриятлар Давлат хавфсизлиги қўмиталарининг раислари, Ички ишлар вазирлари, темир йўллар ва ҳаво йўлларининг бошқарувчилари, жумҳуриятларнинг алоқа вазирлари, иттифоқ аҳамиятидаги заводларнинг директорлари, МҚларда асосий бўлимларнинг мудирлари шунақа лавозимлардандир. Иттифоқдош жумҳуриятлар Вазирлар кенгаши раисларининг биринчи ўринбосарлари ҳам, барча вазирларнинг ўринбосарлари (агар вазирнинг ўзи ўрис бўлмаса) албатта ўрис бўларди.

Бунақа тасқара улуғдавлатчилик тажрибасидан воз кечилса ва партия-давлат аппаратини маҳаллийлаштириш йўли танланса, бу, энг аввало, партиянинг манфаатига тўғри келишини Берия англаб етди ва эҳтимол, бошқаларни ҳам шунга ишонтирди. Ишни Украина ва Белоруссиядан бошлашди. У жумҳуриятларда ҳатто биринчи котиблар ҳам ўрис кишилардан эди. Украинада Л. Маленковни олиб, ўрнига украин Кириченкони, Белоруссияда Патоличев ўрнига белорус Зимянинни қўйишди. Латвияда иккинчи котиб В. Ершовни латиш В. Крумишин билан алмаштиришди.
Аммо бошқа жумҳуриятларга навбат етмай қолди: 26 июн куни Берияни қўлга олишди. Бошқа айблар қаторида уни сиёсатда «буржуача миллатчилиги» асослан-ганликда айблашди, мисол тариқасида Украина, Белоруссия ва Латвия келтирилди!

Шундай қилиб, чекка ўлкаларда сталинча миллий сиёсат аввалгидай қолаверди.
Умуман сиёсий ҳаётда ва хусусан миллий масалада сталинчиликни сиқиб чиқариш — мана шу икки улкан масала асосида Берия ўзининг янги дастурини ўрнатмоқчи бўлган эди.
Бироқ ҳали халқ ҳам, партия ҳам Бериянинг дастурини билмасдан туриб, Хрушчёв унга қарши фитна бошлаб юборди. Мана, ўзининг иқрори: «Ҳайъат Бериянинг Украина ҳукумат идораларидаги миллий таркиб тўғрисидаги баёнотини муҳокама қилишга киришди. Бериянинг ғояси бўйича, маҳаллий (ўрис бўлмаган) кадрлар ўз жумҳуриятларини бошқаришлари лозим эди... Кейин баёнотда Болтиқбўйи жумҳуриятлари ва Белоруссия масаласи ҳам кўтарилди. Иккала ҳолда ҳам жумҳуриятлар раҳбарлигига маҳаллий миллат вакилларидан кўтариш йўриғи таъкидланган эди. Биз ҳар бир жумҳуриятнинг биринчи котиблиги лавозимини ўрис эмас, маҳаллий миллат вакили эгаллаши лозим деган қарорга келдик. Бу масалада Бериянинг тутган йўли тўғри бўлгани учун ҳам шундай қарор қабул қилинди, лекин у аслида партияга зид мақсадларни кўзлаган эди. У ўрис бўлмаган жумҳуриятлар раҳбарлигида ўрислар салмоғининг ортиқлиги тажрибасини тугатишга чақирарди. Бу йўл партиянинг йўлига мувофиқ эканини ҳамма биларди, аммо одамлар аввалига Бериянинг бу ғояни ўрислар билан ўрис бўлмаганлар ўртасида ва Масковдаги марказий раҳбарлик билан жумҳуриятлардаги раҳбарлик ўртасида миллий кескинликни кучайтириш мақсадида илгари сураётганини англаб етмади. Шу муносабат билан мен Маленковни бир чеккага тортдим-да: «Менга қара, ўртоқ Маленков, бу қаёққа бошлаётганини кўрмаяпсанми? Биз фалокатга қараб боряпмиз. Берия пичоғини қайраяпти», дедим. — «Рост, лекин нима қилмоқ керак?» — «Қаршилик қилиш фурсати етди, — дедим мен. — Биз у қилаётган ишларга йўл қўймаслигимиз керак» (Хотираларидан).
Қолаверса, Хрушчёв Берияга қарши фитнани ҳали Сталин ўлим тўшагида ётгандаёқ бошлаганини эслайлик. Берияни Сталиннинг ўлимидан хурсанд бўлганликда айблаганини ҳам кўриб ўтдик, лекин Хрушчёвнинг ўзи ҳам хурсандлигини зўрға тутиб тургани аниқ. Рост, унинг қувончи тўлиқ эмасди, чунки у Сталиндан ёмон қўрқарди, лекин ҳозир Бериядан баттар қўрқарди.

Берияни қандай қилиб Сталиннинг орқасидан жўнатса бўларкин-а? (Шундай қилса, унинг биринчи ва охирги ҳамфикри бўлмиш Маленковни ҳам четга суриш мумкин бўларди.) Хрушчёв бундан бу ёғига ўзининг қайнаб турган бутун қувватини ва табиат ато этган фавқулодда айёрлик истеъдодини мана шу масалани ҳал қилишга бағишлади. Сталин ўлимидан кейин вужудга келган аҳволни у ғоят қайғули оҳангда тасвирлайди:

«Сталин ўлган чоғда у бизга нотинчлик ва қўрқувни мерос қолдирди. Бу қўрқув ва нотинчлик орамизда доимий яшаб қолишини ҳаммадан кўра Берия истарди. Мен анчадан бери Берияга ишонмасдим. Берияни мен ташқи сиёсатда найрангбоз сифатида баҳолашимни Маленков билан Булганинга кўп марта айтганман. У ўзининг аҳволини мустаҳкамлаш билан банд эканини ва энг муҳим лавозимларга ўзининг одамларини қўяётганини билардим» (Хотиралардан).

Хрушчёвнинг сўзларига ишонмасликка бизда ҳеч қанақа асос йўқ. Чунки ҳақиқатан у, айнан шу Хрушчёв-—Сталинга қарши фитнада Бериянинг шериги—- ўша заҳоти, яъни ўлаётган Сталиннинг боши устидаёқ Берияга қарши фитнага олов ёққан эди. Шуниси диққатга сазоворки, Берияга қарши аввал тўртлик аъзолари билан тил бириктирди, кейин Сиёсий бюронинг бошқа аъзоларини ҳам осонгина ёллай бошлади.
Совет фуқаролари 1953 йилнинг 10 июлида «Правда» рўзномасида қуйидаги хабарни ўқиб, ҳайратга тушишди:
«Яқинда Совет Иттифоқи Қоммунистик партияси Марказий Қўмитасининг Пленуми бўлиб ўтди. КПСС МҚ Пленуми МҚ Ҳайъатининг Л. П. Бериянинг чет эл капитали манфаати йўлида Совет давлатини кучсизлантириш ва СССР Ички ишлар вазирлигини Ҳукуматдан ва Совет Иттифоқи Коммунистик партиясидан устун қўйиш йўлида хиёнаткорона уринишга қаратилган партияга ва давлатга қарши жиноий ҳаракатлари тўғрисида ўртоқ Маленков ўқиб берган маърузасини муҳокама қилиб, Л. П. Берияни КПСС МҚ таркибидан чиқариш ва уни Коммунистик партиянинг ва совет халқининг душмани сифатида Совет Иттифоқи Коммунистик партияси сафларидан ўчиришга қарор қилди».

Берия МҚнинг бу Пленумида иштирок этмаган, шунингдек, декабр ойида ўзининг устидан ўтказилган судда ҳам қатнашмаган. Суд одатдаги томоша тарзида ўтади, бунақа судларни Берия бошқалар устидан кўп маротаба ўтказган. Битта фарқи — энди буниси тирик одам устидан эмас, жасад устидан уюштирилган эди, холос,
Хрушчёв чет эллик суҳбатдошларига Берия қандай қўлга олинганию қандай қатл этилгани тўғрисида кўп гапириб берган. Берияни бевосита жисман ўлдирган қотиллар сифатида унинг турли ҳикояларида турли шахслар кўрсатилади, лекин ҳикояларнинг мағзи доим бир хил.

Битта ҳикоясига қараганда, Бериянинг тугатилиши бундай бўлган. Хрушчёв олдин Маленков билан Булганинни, кейин МҚ Ҳайъатнинг ҳамма аъзосини йўқ қилиб юборишига ишонтиради. Эҳтимол, ҳамма ҳам шундай ўйлаб юргандир-у, бир-бирларига айтишдан чўчиб келишгандир. Хрушчёв қўрқмади. Гап осон, уни амалга ошириш қийин эди. Энг рисоладаги йўл МҚ Ҳайъатида ёки унинг пленумида Берияга қарши қўйилган айбларни муҳокама қилиш, лекин бу сиёсатга мутлақо тўғри келмасди. Шунинг учун ҳам тўғри келмасдики, Берия ўзига қарши қўйилаётган айблардан хабар топган заҳоти зудлик билан давлат тўнтариши қилиб, барча рақибларини отиб ташлаши мумкин эди. Яна ўша — барча ифлосларнинг энг синалган қуроли — алдов, пистирма ва тузоққина қўлланадиган бўлди. Бу борада Бериянинг ўзи бениҳоя уста эмасми, демак, устомонларча алдовни айёрона тузоқ билан уйғунлаштириб юбориш лозим эди. Шунинг учун Берияга қарши оператсия муддатини Совет Армиясининг ёзги ўқув тайёргарлиги ўтадиган вақтга тўғрилашади. Масков ҳарбий округининг ўқув-тайёргарлик ҳаракатларида (агар Масков дивизияларида Бериянинг тарафдорлари бор чиқиб қолса, ҳар эҳтимолга қарши) бир неча Сибир дивизиялари ҳам иштирок этиши лозим эди. Вазирлар кенгаши мажлисига мудофаа вазири, унинг ўринбосарлари ва Бош штаб бошлиғи ўқув ҳаракатларининг бориши тўғрисида ахборот беришлари керак бўлгани учун кўп ҳарбийлар таклиф этилади. Бу мажлиснинг кун тартиби ҳар хил қарорлар лойиҳалари ва таклиф этилган маърузачилару экспертларнинг номлари битилган қоғозлар билан бирга, одатдагидек, Вазирлар кенгаши аъзоларига олдиндан юборилади. Хуллас, ҳаммаси эскичадай. Ҳамма келади. Ҳукумат аъзолари Вазирлар кенгашининг мажлислар хонасига йиғилишади, таклиф этилганлар, шу жумладан харбийлар ҳам, яна ўша эскича одатдагидек, кутув хонасига жойлашишади (таклиф қилинганлар, ўзларига боғлиқ масала кўрилаётгандагина ичкарига чорланади). Муҳокамага Совет Армиясининг ўқув машғулотларининг бориши биринчи масала қилиб қўйилади. Мажлислар хонасига маршал Жуков билан Масков ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони генерал Москаленко бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбийлар киришади. Маленков МҚ Ҳайъати билан Вазирлар кенгашининг қўшма мажлисини очиқ деб эълон қилади ва ўша заҳоти Жуковга қараб:
— Ўртоқ Совет Иттифоқининг Маршали, Совет ҳукумати номидан сизга халқ душмани Лаврентий Павлович Берияни қамоққа олишни таклиф қиламан, -—дейди.

Ҳарбийлар Берияни қўлга олишади ва қўшни хонага олиб чиқиб кетишади. МҚ Ҳайъати унинг келгуси тақдири тўғрисидаги масалани муҳокама қила бошлайди.
Шундан кейин биз бир-биридан мураккаб, бир-биридан ёқимсиз икки йўл аро туриб қолдик, деб ҳикоя қилади Хрушчёв. Берияни қамоқда ушлаб туриб рисоладаги тергов ўтказайликми ёки шу заҳоти отиб юбориб, кейин ўлим ҳукмини ҳужжатлаштириб қўяйликми, деб бошимиз қотди. Биринчи тўхтамга келиш хавфли эди, чунки Бериянинг орқасида бутун бошли чекистлар аппарати ва ички қўшинлар турарди ва улар Берияни осонгина қутқариб олишлари мумкин эди. Иккинчи тўхтамга келишга ва Берияни зудлик билан отиб ташлашга бизнинг ҳуқуқий асосимиз йўқ. Иккала йўлнинг ҳам яхши ва ёмон томонларини узоқ ва ҳар тарафлама муҳокама қилганимиздан кейин шундай қарорга келдик: Берияни зудлик билан отиб ташлаш керак, чунки ўлик Берияни деб биров исён кўтариб ётмайди. Бу ҳукмни ижро этувчи шахс Хрушчёвнинг ҳикояларида бир гал генерал Москаленко, бошқа гал Микоян, учинчи гал эса ҳатто Хрушчёвнинг ўзи бўлгани айтилади. Берия ишини тергов қилганимизда, биз уни отиб ташлаганимиз тўғри бўлгани аниқланди, деб доим таъкидлаб қўярди Хрушчёв ҳикоясининг охирида. Т. Витлин ўзининг Берия ҳақидаги рисоласида бундай ёзган:
«Москаленко ёки Хрушчёв томонидан отиб ташланганми, томоғидан ғиппа ушлаган уч генерал ёрдамида Микоян ёки Молотов томонидан бўғиб ўлдирилганми (бунақа нақллар ҳам бор) — аниқ бир нарса дейиш қийин. Яна, 27 июн куни ундан бошқа Ҳайъат аъзоларининг бари Катта театрда «Декабристлар» операсини томоша қилаётган чоғи, у шу театрга келаётганда йўлда ҳибсга олинганми ёки Полша элчихонасидаги қабул маросимидан кейинми ёхуд МҚ Ҳайъатининг мажлисидами — бу ҳақда ҳам бир нарса айтиш қийин... Хрушчёв Бериянинг ўлими тўғрисида бир неча талқин тарқатгани учун ва ҳар бир кейингиси олдингисидан фарқли бўлавергани учун улардан биронтасига ҳам ишониш қийин.

Берия 27 июн куни қўлга олинган, деб ҳисоблашади. Исботига унинг юқорида биз айтган опера томошасида иштирок этмагани далил қилиб келтирилади. Лекин театрда Бериясиз ўтирган ҳукумат аъзоларининг рўйхати чиққан «Известия» рўзномасининг ўша сонида «Партия ва халқнинг ажралмас бирлиги» деган катта сиёсий мақола босилган ва у ерда Берия номи партия ва давлат раҳбарларидан бири сифатида тилга олинган. Бироқ мақола аслида сталинчиликни тугатиш сиёсатига ва Бериянинг миллий дастурига қарши қаратилган. «Коммунизм ҳақидаги ленинча-сталинча фан» тўғрисидаги, «миллатчилик ва ҳавойичилик (космополитизм) сингари буржуача мафкурага қарши» курашнинг зарурлиги тўғрисидаги ва «партия совет кишиларини бепар-волик ва боқибеғамлик касалидан ҳамиша огоҳлантириб келмоқда, коммунистларни ва барча меҳнаткашларни юксак сиёсий ҳушёрлик руҳида, ички ва ташқи душманларга қарши курашда муросасизлик ва қатъийлик руҳида тарбияламоқда», дегандек таниш иборалару баландпарвоз ифодалар тағин такрорланган. Тил услуби жиҳатидан бу мақола Сталиннинг Берияга қарши ёзган («Правда», 13,01.53) мақоласи билан бир хилдир!

Берияни раҳбарлардан бири сифатида нега тилга олишгани номаълум. «Известия» таҳририяти Бериянинг аслида бу мақола чиқмасидан бир кун бурун, яъни, СССР Прокуратураси хабар қилганидек («Правда, 17.12.53), 1953 йил июнининг 26-куни қамоққа олинганини билмаслиги мумкин эмас.
Берия билан унинг олти нафар ёрдамчиси устидан суд «томошаси» 1953 йил декабрининг 18-23-кунлари ўтказилади. Ҳукмда Бериянинг 1919 йилдан то қамалгунча чет эл айғоқчиси (Озарбайжонда мусовотчи, Гуржистонда меншевик, СССРда инглиз хуфяси) бўлгани айтилади. Бундан ташқари яна Берия ҳокимиятни қўлга олиб, СССР ички ишлар вазирлигини кейинчалик «капитализмни тиклаш ва буржуазия ҳукмронлигини ўрнатиш» учун партия ва ҳукуматдан юқори қўймоқчи бўлгани; «совет халқи фаровонлигининг ошувига» қаршилиги ва «мамлакатимизда озиқ-овқат қийинчилигини вужудга келтириш мақсадида Партиянинг муҳим тадбирларни амалга оширишига халақит бергани ва йўлни тўсгани» саналган. «Судланувчи Л. П. Берия ва унинг ҳамтовоқлари иттифоқдош жумҳуриятларда буржуача миллатчи унсурларнинг қолдиқларини фаоллаштириш мақсадида қатор жиноий тадбирлар ўтказишга интилдилар», «Суд жараёнида маълум бўлдики, судланувчилар Л. П. Берия, В. Н. Меркулов, В. Г. Деканозов, Б. 3. Кобулов, С. А. Гоглидзе, П. Я. Мешик ҳамда Л. Е. Влодзимирскийлар ўзларининг Ички ишлар Халқ Қўмиссарлигидаги, Давлат хавфсизлик вазирлигидаги—Ички ишлар вазирлиги идораларидаги хизмат мавқеларидан фойдаланиб, Коммунистик партия ишига ва Совет ҳокимиятига содиқ ва ҳалол кадрларни қириб юбориш ниятида қатор оғир жиноятлар содир этдилар». Санаб ўтилган бу ҳамма жиноятларда судланувчилар ўзларини айбдор деб тан олдилар. 23 декабр куни суд уларни ўлимга ҳукм қилди. Ўша куниёқ улар отиб ташланди.

Холис кузатувчи бу айблов ҳукмида чин ҳақиқат қип-қизил ёлғон билан аралаш-қуралаш бўлиб кетганини осонгина сезиб олади. Берия билан унинг ҳамтовоқлари (салафлари ҳам, ворислари ҳам) халқ душмани эканликлари ҳақиқат, аммо улар ўзларининг сиёсий политсайларини партия ва давлат устидан ҳукмрон қилмоқчи бўлганлари ёлғондир. Бундай қилишларига ҳожат йўқ эди, чунки шундоғам у партия ва ҳукумат устидан йигирма йилдан бери ҳоким эди. Мазкур суд иши декабр ойида бўлиб ўтгани тўғри, лекин унда Бериянинг ҳам иштирок этгани ёлғон. Ҳамма нарсадан хабардор ва Берия қирғинидан шахсан жабр кўрган С. Аллилуева, масалан, Берия устидан бўлган суд ҳақида бир оғиз ҳам ёзмаган. Аксинча, унинг ёзувларидан Берия ҳибсга олинган заҳоти ўлдирилгани билинади: «Берия 1953 йил июнида қўлга олиниб, зудлик билан отиб ташлангач, бироз муддат ўтиб, ҳукумат унинг «жиноятлари» ҳақида узундан-узоқ махфий ҳужжат тарқатди. Партия йиғилишларида уни ўқишнинг ўзига уч соатдан кўп вақт кетди. Берия «империапизм фойдасига халқаро айғоқчилик» билан шуғулланганликда айбланганидан ташқари, МҚнинг махфий хатининг ярмидан кўпи унинг «ахлоқсиз қиёфаси»ни фош этишга бағишланган эди. Партия терговчилари энди ўзларига хавф сола олмайдиган рақибларининг чиркин кўрпасини оғизда сўлак билан титкилаб чиқди-лар ва ҳалигача ҳеч бир партия йиғилиши бу қадар қизиқарли бўлмаган эди: тахтдан ағдарилган «доҳий»нинг ишрат саргузаштлари бутун тафсилотлари билан ҳикоя қилинарди. Фақат, МҚ коммунистлар оммасига бу билан нима демоқчи бўлгани номаълум, чунки сиёсатга у гапларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Партия ичидаги ўзаро курашларга ҳам алоқасиз. Ҳужжат одамларга ҳеч нарсани англатмайди, ҳеч нарсага ишонтирмайди ҳам — фақат, МҚдаги риёкорлар ўзларининг ифлос табиатларини кўрсатганлар, холос. 1953 йилдан кейин Бериянинг хотини билан ўғлини Масковдан Ўролга сургун этдилар» («Фақат бир йил», 357-358-бетлар).

Суд вақтида Берия тирик бўлмаганига анчагина ишончли бўлган манба — «Полша Катта аралаш қомуси» ҳам далилдир. Унда ёзилишича, Берия 1953 йилнинг июнида отиб ташланган.
Сталин суҳбатлардан бирида: «Бепарволик бизнинг одамларга теккан аҳмоқона касалпикдир», деган эди. Бериянинг ифлослигини назарга илмай, ўзи ҳам мана шу касаллик қурбони бўлиб кетди. Бериянинг ўзи-да худди шу касалликдан ҳалок бўлди. Фақат, энди у ўзининг ифлослигига ортиқча баҳо бериб юборган эди.
Мартин Лютернинг: «Мен шу ерда тураман, бошқачаси қўлимдан келмайди, Мени худо қўлласин», деган машҳур сўзлари бор. Сталин шу сўзларни озгина ўзгартириб, ўзининг туриш-турмушига шиор қилиб олди. Лютер лўндагина «Худо» деган бўлса, Сталин уни «тарих худоси» деб ўзгартирди, холос. Болшовойлар: «Мен Сталин эмасман, лекин Сталинда мен ҳам борман», деб юришарди. Ўз шахсини бутун партиянинг бунақа тимсолига айлантириб олгани кўп жиҳатдан Сталиннинг қўл-оёғини боғлаб қўйган эди. Энг даҳшатлиси, ўзини худо деб билган Сталин хато қилиш ҳуқуқидан маҳрум эди. Биринчи хатоси охирги хато бўлишини у биларди, чунки ўша хато туфайли бу «худо»ни тахтдан қулатишади. Худди шундай бўлиб чиқди...

Русчадан таржима («Новый мир» мажалласининг 1991 йил 5-сонидан олинди)

 
Абдулҳамид Чўлпон. Устоднинг хислатлари (1937)
13.03.2014 23:12    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Менга М. Горькийнинг энг яхши асарларидан «Она»ни таржима қилиш шарафи тушган. Мен уни анча узоқ муддат ичида таржима қилдим. Чунки севардим, севганим учун бутун кўнглимни шунга қўяр ва шунга қўярдим. Асар ўзи одамни жуда қизиқтиради, шунингдайки, таржима қилатуриб ўзим асарнинг мафҳумига берилиб кетаман-да, таржимани унутиб, асарни ўқиб кетаман. Шундай ҳоллар менда кўп бўлди ва бир неча марта ўқуғон жойларимда бўлди. Мен равшан сезаманки, улуғ устод Горький ўзининг классик ижоди билан менга ўша ижоднинг мафтун таржимонига ўзим сезмаганим ҳолда таъсирини ўтказиб қўйғон. Бу таъсир менинг рўманларимда ўзимга кўруниб туради.

Горький — одам дўсти. Бизнинг инқилоб раҳбарлари Ленин ва Сталин, одам болаларининг ҳақиқий душманларига қарши омонсиз бўлган бу зотлар, асл инсонларни қандай олижаноб бир севги билан севадилар. Бунинг далили мингларча. Фақат бир Лениннинг, ўша очлик ва қаҳатчилик йилларида, ўз номига келган (унинг ўзига атаб, олис вилоят ишчилари томонидан атайлаб юборилган) ғаллани ўша бўйича гўдак уйлари ва мактабларга бериб юборганини эсласак кифоя. Улуғ Сталин тоғлик қизи Мамлакат билан кўришаркан бу ғамхўр отанинг юзидаги чин севинч оловининг алангаларини эслайлик! Шу биргина мисолнинг ўзи кифоя. Бутун мазлум башариятнинг неча юз, минг йиллик севгисини ўзида акс этдирган у юз ифодасига дўст қувониб, душман куяди. Ўша севинч олови, одам боласига бўлган ҳақиқий муҳаббатнинг у жилваси Горькийнинг асарларида тўлиб ётади. «Она»да Онанинг образи, София, касал (мум заводидаги сил касал) ва бошқа-бошқалар одам боласини севишда ёзувчининг кўнгли поёнсиз бир денгиз эканини кўрсатади. Горький одам боласига мунча меҳр ва муҳаббат кўрсатган бўлса, бу унинг ўз кўнглидаги одам севиш хислатидангина келиб чиққан субъектив бир нарса эмас. Бу — ёзувчи мансуб бўлган Улуғ синфнинг умумий хислати. Буни «Она»да Горький жуда ширин қилиб айтади. Ишчилар бировга бир оз озор берганлар. Шу ҳақда улар орасида гап боради:

— Биз билан улар ўртасидаги фарқни кўрдингми: бировни сал уриб қўйибди-ю (бизникилар—Ч) энди кўнгли кир бўлиб, уялиб, озор чекиб юрибди. Ҳаммадан ҳам кўнгил кирлигини айт! («Она», 1-бўлим, 27-боб).

Горький — шоир. Унинг асарларида фақат бир насрчи (романчи) кўринмайди, ҳар ер-ҳар ердан нозик кўнгулли, гўзаллик севгучи ва табиат мафтуни бир шоир келиб чиқади. Мен ўзим ҳар қандай насрли асарда (роман, ҳикоя) гўзал ташбеҳлар ва табиат тасвирларини яхши кўраман. Горькийда бу нарсалар кўп эмас, оз; унинг ширинлиги ҳам шундан. Улар жуда кўп бўлиб кетса, рассомнинг санъат асари қолмайди-да, бўёқчи (сирчи)нинг андозасиз ва санъатдан маҳрум чизма чизиғи қолади.

Горький ҳар қандай табиат манзарасини жонлантириб, унга жон киритиб, уни кўз олдимизга шундоққина келиб тўхтайдиғон қилиб оладир. Унинг жонли романлари у ёқ бу ёқда юборадилар: у тасвирлаган оловнинг алангаси ёниб турган қуруқ ҳаво эмас, у ўйнайди, ўйнаб, қимирлаб сиз-бизга ўхшаган яшаб туради: «У ўт яна туташди, лекин бу дафъа илгаригидан кучлироқ, ёруғроқ; кўлагалар яна ўзларини ўрмонга урдилар. Яна ўт тегарасига ёпирилиб келдилар ва гулхан атрофида, унсиз, ёвлар ўйинини бошлаб, қалтирашға тушадилар. Ҳўл шохлар ўтда жавраб дод-вой қиладилар. Илиқ ҳавонинг тўлқинлари билан безовта қилинған япроқлар бир-бирлари билан қучоқлашиб, дам сариқ ва дам қизил рангларга кириб ўйнашар — учқунларини соча-соча, юқориларға кўтарилишар, куйган барглар учушар, кўкдаги юлдузлар эса учқунлани имлашиб, уларға табассум қилишарди».

Горький ишчилар синфи етиштирган энг буюк санъаткор, санъат устоди.


________________
Устоднинг хислатлари. — М. Горький вафотининг бир йиллиги муносабати билан ёзилган мазкур мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1937 йил 18 июнь сонида босилган. Мақолада муаллифга 30-йиллар идеологиясининг сезиларли таъсири бордай, Чўлпон ҳам маддоҳлар сафига қўшилгандай кўринади. Бироқ, шуни эсда тутиш лозимки, бу мақола Чўлпоннинг матбуотдаги сўнгги чиқишидир, уни ёзаётган пайт шоир ҳаёти қил устида эди.

 
Искандар... Зулқарнайнми ёки Мақдуний?
04.02.2014 19:57    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бу масала ҳанузгача олимлар орасида тортишувлидир. Қуръони каримда келган Зулқарнайн ҳақиқатан ҳам македониялик Искандарми ёки бошқами?

Жумбоқни қўлимизда мавжуд манбалар асосида таҳлил қилиб кўрамиз. Қуръони карим Каҳф сурасининг 83-98-оятларида Зулқарнайн ҳақида баён этилган. «Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик, молу дунё, аскарлар ва бошқа катта имкониятларни берган. Турли хил илмларни ўргатган». (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол, 3-жузъ, 514-бет.)
Қурьонда яна Зулқарнайннинг сафарлари ҳақида ҳам хабар келади: ғарбга боради, йўлида учраган қавмларнинг Аллоҳ йўлидан узоқ бўлиб кетганларини жазолайди, мўминларини мукофотлайди. Машриққа сафари ҳам шундай кечади. Борган жойларининг ҳукмронлиги унинг қўлига ўтаверади. Бир қавмнинг илтимосига кўра Зулқарнайн уларни Яъжуж ва Маъжуж бузғунчиликларилан асраб темир ва мис эритмаси қоришимасидан бир мустаҳкам девор қуриб беради. Зулқарнайн барча яхшиликларини Аллоҳнинг раҳматидан деб билган. Бундай хулқ фақат ҳақиқий мўминларга хос хулқдир.
Ибн Касир ўз тафсирида бу масалага бошқа битта олим қараши асосида тўхталади ва шундай дейди: «Искандар Зулқарнайнни румлик деювчиларнинг далиллари кучсиздир. Румлик иккинчи Искандар Филис (Филипп) ўғли Мақдуний (македониялик)дир». Қуръонда келган Зулқарнайн тўғрисида Азроқий бундай дейдилар: «Байтуллоҳни Иброҳим (а.с.) билан бирга тавоф қилишган, вазирлари Ҳизр (а.с.) бўлган..Искандар Мақдунийнинг вазири эса Арасту бўлган ва милоддан тахминан 300 йил олдин ҳукмронлик қилган. Қуръондаги Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган».(Ибни Касир. Тафсирул Қурьанил Азим, Каҳф сурасининг тафсири. Дарул маърифа, Байрут. 3 жузь, 1989 й. 106-бет.) Демак, Қуръонда келган Зулқарнайн билан Мақдуний Искандар яшаган даврлар ораси тахминан 2700 йилга фарқ қиляпти. Жалолиддин Суютийнинг «Тафсири Жалолайн» асарида келишича: «Зулқарнайн солиҳ киши, одил подшоҳ бўлган, пайғамбар бўлмаган. Баъзилар Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган ва Иброҳим (а.с.) қўлларида Исломга кирган дейишади. У Искандария шаҳрини қурган Искандар Мақдуний эмас. Чунки у мушрик бўлган ва Зулқарнайндан анча кейин яшаган. Ораларида минг йилдан ошиқ муддат ётибди. Иккаласини битта деганлар ҳам бор. Масалан. Иби Асир «ал-Комил» ва Ибн Хишом «Сийрат» ларида шундай келган, Зулқарнайннинг исми ҳақида аниқ далил йўқ. Бу ҳақда айтилган гаплар далилсиздир. Аллоҳ таоло айтганидек, «Зулқарнайн» дейиш бизга кифоя қилади».(Тафсири Жалолайн. Қаҳф сураси тафсири. Дорус саъада, Истанбул. 392-бет.)
Турк тилидаги «Қуръони карим ва маънолари таржимаси»да қуйидагича изоҳ келади: «Зулқарнайннинг ким бўлгани тўғрисидаги яҳудийларнинг саволига аниқ бир жавоб йўқ. Байзовий тафсирида унинг Буюк Искандар экани, пайғамбарлиги аниқ бўлмаса-да, лекин солиҳ бир банда бўлгани, баъзи олимларнинг фикри бирлиги зикр этилади. Ҳалбуки Зулқарнайн, Аллоҳнинг китобида ойдинлашишига кўра, қирол Искандардан анча олдин келган, пайғамбарлиги эҳтимоли барибир кучли кўринади».(«Қуръони карим ва маънолар таржимаси», муаллифлар жамоаси, Каҳф сураси тафсири, Анкара, 1993й.. 301бет.)
Ғарб шарқшуносларининг аксарияти Александр Македонскийни Қуръондаги Зулқарнайн деб ҳисоблайдилар. Масалан, Ольга Бибикованинг «Кругосвет.net»да эълон қилган мақоласида Қуръонда келган қиссалар тўғрисида фикр билдирилади, шунда Зулқарнайнни Александр Македонский бўлган деб тушунтиради. Бошқа Ғарб олимлари ҳам Зулқарнайн ҳақида ёзсалар, қавс ичида Александр Македонский деб қўшиб қўядилар.
Искандар Мақдуний 356-323 йилларда яшаган юнон-македон давлати раҳбари, жуда кўп давлатларни босиб олган подшоҳ. Ҳатго бизнинг диёримизгача ҳам келган. У тузмоқчи бўлган салтанатига марказ қилиб Бобилни танлайди. Эрта вафоти туфайли мақсадига эриша олмайди. У Бобилда вафот этади.(А Кабиров. Жаҳон тарихи. 6-синф учун. Тошкент. Ўқитувчи. 2001. 240-248 бетлар.)

Қиёсий таҳлил

Искандар Мақдуний асосий тарбияни устози Арастудан олган. Эътиқоди қандай бўлганини Арастудан қиёс қилиб билишимиз мумкин. Шунда бу Макдуний Қуръондаги Зулкарнайн эмаслиги ўз-ўзидан ойдинлашади.
Қуръонда фақат «Зулқарнайн» тарзида келган, исм айтилмаган. Шунинг учун «Тафсири Жалолайн» китобида: «Зулқарнайн бўлиб келдими, фақат шундай аташимиз кифоя қилади» (Тафсири Жалолайн. Каҳф сураси тафсири. Дорус саъада, Истанбул. 392-бет.), дейилади.
Зулқарнайн яшаган давр ҳам тортишувли масала. Ибн Касирда келган Азроқийнинг фикрича, Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшагани тўғрисидаги хабарни ўқидик. Буни тўғри дейдиган бўлсак, Абу Лайс Самарқандий тафсирларида бунга тўғри келмайдиган маълумот берилган: «Дунёнинг деярли барча жойларини босиб олган тўртта йирик подшоҳ ўтган, шулардан иккитаси мусулмон, иккитаси мушрик - кофир. Мусулмонлари Сулаймон (а.с.) билан Зулқарнайн, кофирлари Намруд ва Навахуданаср бўлган».(Абу Лайс Самаркандий. Баҳрул улум. Каҳф сураси тафсири.)
Намруд Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган машҳур подшоҳ. Зулқарнайн билан Намруднинг замондош бўлишгани ишончсизроқдир.
Зулқарнайнни пайғамбар дейдиганлар ҳам бор. Ҳазрати Алидан (р.а.) пайғамбар бўлганми деб сўралганида: «Одамларни тўғри йўлга бошлаган Аллоҳнинг солиҳ бандаси бўлган»,(Ибни Касир. Тафсирул Қуръанил Азим, Каҳф сурасининг тафсири. Дарул маърифа, Бай-рут, 3 жузъ, 1989 й. 106-бет.) деб жавоб берганлар. Қуръони каримда номи зикр этилган учта шахснинг пайғамбарлиги баҳслидир. Улар Луқмони Ҳаким, Ҳазрати Ҳизр ва Зулқарнайнлар. Турк олими Мустафо Осим Кўксол ўзининг «Пайғамбарлар тарихи» китобида Зулқарнайнни ҳам киритган. Лекин, Зулқарнайннинг пайғамбарлигини инкор этувчилар ҳам бор, дея изоҳ беради. (М.О.Кўксол Пайғамбарлар тарихи, 2 жилд Анқара, 1993. 286-бет.) Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг «Қуръон мавзуларининг маънавий-тарихий аҳамияти» номли китобида келган: «Икки шохли Искандар»атамаси Македония хукмдорининг кейинчалик Амон худоси - буқа сифатида тасвирлаганидан келиб чиққан (Раҳматуллоҳ Обидов. Курьон мавзуларининг маънавий тарихий аҳамияти. 306-бет. 2006.). деган таъриф Қуръондаги Зулқарнайн билан македониялик Искандар бир шахслигига ишора қилади. Искандар Мақдуний ва ундан кейинги тарих анча яхши ўрганилган. Макдуний ҳам «Зулқарнайн» деб ном олган бўлиши мумкин.

Мумтоз адабиёт нима дейди?

ХΙΙΙ-ХΙV асрларда, айниқса, Мовароуннаҳр ва Хуросон адабиёт аҳллари орасида «Хамса» ёзиш удум бўлган. Маълумки, Хамса бешлик дегани. Яъни. бешта мустақил достондан иборат битта йирик асар. Шу бештадан биттаси албатта Искандарга бағишланган достон бўлган. Низомий Ганжавийнинг «Искандарнома», Хусрав Деҳлавийнинг «Ойнаи Искандарий», Абдураҳмон Жомийнинг «Хирадномаи Искандарий» достонлари шулар жумласидандир. Алишер Навоий ҳам худди шу йўлда «Хамса» битган ва ичида «Садди Искандарий» достони бор. Унда шоир македониядик Искандарни қаҳрамон қилиб олади. Унинг ҳарбий юришлари, устози Арасту билан савол-жавоблари, суҳбатлари, умуман олганда, қилган ишлари ҳақида сўз юритади.
Достонда «Зулқарнайн» сўзи учрамайди, Искандар бўлиб келади ва асосан Искандар Мақдуний яшаган давр тасвирланган. Савол туғилади: нега достон «Садди Искандарий» деб номланган? «Сад» девор дегани ва уни, Қуръонга кўра, Зулқарнайн қурган. Тўғри, Алишер Навоий достонни «Садди Искандарий» деб номлайди, лекин бевосита девор ҳақидаги тасвирларни бор-йўғи икки бетга жойлаган. Унда келишича, Искандар девор қурдиради, девор хом-ашёси асосан тош бўлади ва темир билан мустаҳкамланади. (Алишер Навоий. «Садди Искандарий». 11 том, 465-466 бетлар.)
Ваҳоланки, Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн деворни Яъжуж ва Маъжужлардан сақланиш учун темир ва мис эритмаси қоришмасидан қуради. Алишер Навоий «Искандар Мақдуний кўчманчи қабилалар ҳужумларига қарши Ўрта Осиё ва Қовқозда қурган девор»10ни назарда тутган бўлиши мумкин. Алишер Навоий замонида ҳам бу икки шахс ҳақида тортишувлар бўлган. Тўғри, «Садди Искандарий» достони тарихий асар эмас ва ундаги воқеаларга биз тарихий ҳужжат сифатида қарай олмаймиз. Шоир «Хамса»нинг қолган достонларида - «Фарҳод ва Ширин»да жавонмард йигит, «Лайли ва Мажнун»да афсонавий ошиқ, «Сабъаи сайёр»да адолатсиз подшоҳ тимсолларини тасвирлагани сингари, «Садди Искандарий» да ҳам бадиий ижод маҳсули ўлароқ буюк ва фазилатли подшоҳ тимсолини яратди. Яъни, улуғ шоир инсонпарварлик ва адолат ҳақидаги ғояларни етказишга аниқ шахс - шоҳ Искандар номидан фойдаланган. Бадиий ижодкор бундай усул қўллашга тўла ҳақлидир.
Келтирилган манбалардаги маълумотларни кўриб битта ва узил-кесил хулоса чиқаришга етарли далил-ҳужжатлар учрамади. Фикрларни умумлаштирадиган бўлсак, аксинча, илм аҳли орасида уч хил қараш бор экани маълум бўлади. Бир тоифа олимлар Зулқарнайн ва Искандар Мақдунийни бир одам дейишади. Яна баъзилари бошқа-бошқа бўлган дейишади. Учинчи тоифа олимлар, ҳали бир тўхтамга келишмаган. Бу уч хил фикрнинг мавжудлиги Зулқарнайн билан Мақдуний масаласининг аниқ ечимга эга эмаслигини билдиради. Лекин ўтмишда Зулқарнайн лақабли бир нечта подшоҳлар ўтган. «Зулқарнайн» дейилиши уларни буюклик даражасини кўрсатган, балки шунинг учун ҳам одамлар бу икки шахсни бир деб адашаётгандирлар. Кейинчалик тарихий изланишлар натижасида бу мавзу яна ҳам ойдинлашади, деб ўйлаймиз.

Файзуллох Нуруллоҳ ўғли

 


54 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин