Саналар
23.12.2024
Баннер
Туркларнинг буюк ҳоқонлиги
05.11.2010 19:13    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

АРАФА (420-546)

Сариқдарё соҳилидага ўзгаришлар. Ҳолдан тойган Римни V асрда белини буккан Оврупо қавмлари силжишига ўхшаш ҳаракат Шарқий Осиёда 100 йил аввал бўлиб ўтган эди. Хитой тарихчилигида "беш ёввойи қавмлар даври" деб номланадиган (304-399) чоғда Шимолий Хитойни хунлар ва санбийлар босиб олган ҳамда готлар, бургундлар вандалларнинг ёввойи қироллигига ўхшаш қатор тезўтар давлатлар ташкил этган эдилар.

Батафсил ... Янгиланди ( 22.11.2010 06:06 )
 
Хазинанинг «ўғирланган қисми» ёки Жадид Мансуров ва унинг сафдошлари
21.08.2013 13:17    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

СССРнинг Ўрта Осиёдаги ГПУсида тўпланган «Товар» ва Правители» деб номланган махфий ҳужатлар мажмуидан китобхонимиз хабардор. «Правители»даги маълумотлар асосан амирлик хазинасининг Бухоро совет ҳукумати ва коммунистик партияси раҳбарлари томонидан «ўғирлангани» ва «ўзлаштирилгани»га оид. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ГПУнинг бу хуфячилар томонидан тайёрланган маълумотларида ҳеч шубҳа уйғотмайдиган асосли ҳақиқатлар билан бир қаторда тахмин ва гумонлар ҳам мавжуд. Бизнингча, уларнинг қайси бири ҳақиқат, қайси бири туҳмат эканлигини тўла аниқлашнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам биз уларни русчадан ўзбекчага ағдариб, қандай мазмунда бўлса шундайлигича, бироз қисқартириб ва умумлаштирган ҳолда айнан баён этишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Чунки китобхонимиз уларнинг мазмун ва моҳиятини ўзи англаб олади, деган умиддамиз.
ГПУ ҳужжатларида амирдан қолган хазинани топиб, уни ўзлаштириб олган деб кўрсатилганларидан энг кўзга кўринарлиси Мирзо Муҳиддин Мансуров ва унинг ўғиллари Мирза Исом, Мирза Мансур, Мирза Абдулқодир, Мирза Хайрулло Муҳиддиновлардир. Ҳужжатларда уларнинг хазина билан боғлиқ бир қатор хатти-ҳаракатлари баён этилган. Лекин уларнинг бирортасининг ҳам «кирдикори» фош этилиб жавобгарликка тортолмаган. Аммо гап шундаки, бу маълумотлар кишини бевосита ўзига тортади ва бефарқ қолдирмайди.
Ўшалардан бири «Бухоро амирига тегишли бойликлар ва унинг БХСР ташкил топиши олдидаги ҳлати ҳақида маълумотнома» деб номланган бўлиб, у Юдин деган ходим томонидан тайёрланган. 1920 йил 20 июнда эса маълумотнома Ўзбекистон ССР Давлат Сиёсий бошқармаси раиси ўринбосари Гофецкий томонидан махсус йўлланма хат билан СССРнинг Ўрта Осиёдаги Махсус Давлат Сиёсий бошқармасининг ваколатли вакили Бельскийга юборилган. Унда шундай дейилган: «Бухоро инқилоби пайтида Мирза Муҳиддин Мансуров амирдан қолган хазинани ҳисобга олуви Марказий комиссия раиси бўлган. У ўша пайтда амирнинг қамоққа олинган мирзаларига ҳукумат номидан агар амирнинг хазинаси қаерда сақланиб қолганлигини кўрсатсанглар озод қилиб юборамиз, деб ваъда бериш билан бирга, уларга тазйиқ ўтказади. Бунга ишонган маҳбуслар (Мирза Умар ва Мулла Мирза — С.Х.) эса, 17 сандиқ олтин ва бриллиантлар кўмилган жойни ошкор қиладилар. Бу 17 сандиқ бойликни, у Мирза Умар билан Мулла Мирзаларнинг ёрдамида топиб, ўзиники қилиб олади. Бироқ хазина топилган кечасиёқ Мансуровнинг буйруғи билан Мирза Умар отиб ташланади. Мулла Мирза эса Бухоро шаҳридан номаълум бир томонга олиб чиқиб кетилади. Мана шундай йўл билан Бухоро амирининг хазинаси ва унга жуда яқин бўлган қозикалоннинг тахминан 30 миллион сўмлик бойлиги Мансуровнинг мулки бўлиб қолади». Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, «Маълумотномада амирнинг қимматбаҳо тожи ҳам Мансуровнинг қўлида бўлган деган фикр бор.
Мирза Муҳиддин Мансуров Бухородаги жадидчилик ҳаракати асосчиларидан. У Бухоро тарихига оид ҳужжат ва китобларда қайд этилишича, дастлаб биринчилар қаторида ўз уйида жадид мактаби очган. 1910-1917 йилларда махфий фаолият юритган жадидларнинг «Тарбияи атфол» («Болалар тарбияси») номли маърифий ташкилоти ҳамда ошкора чоп этилган тожикча «Бухорои Шариф » (1912-1913) йиллар газетасига ҳомийлик қилган. Жадидчиликни моддий маблағ билан таъминлаб турган савдогар бойлар қаторида туриб, халқ манфаати, маориф ва маърифат йўлида каттагина ишларни амалга оширган.
У Ёш бухороликлар партияси ташкил топиши ва фаолият юритишида энг фаол ташкилотчилардан ҳисобланган. Шунинг билан бирга М.Мансуров бошқалар қатори амирнинг 1917 йил 7 апрелда ислоҳот ўтказиш ҳақидаги «Манифест»ни имзолашига ҳам катта ҳисса қўшади. Жадидларнинг 8 апрелдаги кўча намойиши фожиа билан якун топиб, 30 киши қамоққа олинганидан кейин Ёш бухороликлар партияси Марказий Қўмитаси раиси этиб сайланади. Шундан сўнг ўз фаолиятини Москвада давом эттиради. 1919 йил ноябрида Шарқ халқлари коммунистик ташкилотлари Марказий бюроси қошида Бухоро бўлими ташкил этилишида фаоллик кўрсатиб, Москвада «инқилобий тажриба» ортттиради, тарбияланади.
Файзулла Хўжаевнинг гувоҳлик беришича, М.Мансуров амирнинг 1917 йил апрелдаги ислоҳот ҳақидаги манифести билан боғлиқ ҳолда юз берган қатағонлик сабабли Когон шаҳрига қочиб ўтиб, Ёш бухороликлар сафига уч ўғли билан келиб қўшилган. Бундан олдин эса у амирнинг савдо соҳасидаги энг ишончли киишиси, машҳур карвонбоши Азизов билан шахсий рақобатда бўлиб, бу кейинчалик сиёсий мухолифатга айланиб кетиши сабабли амирдан чўчиган ҳолда Бухородан кетади.
Умуман олганда, М.Мансуров амирликда кўзга кўринган йирик савдогар бой, миллат маърифати ва тараққиёти фидойиси, амирга қарши бўлган жадидлардан бири. Шунинг учунг ҳам у Бухорода коммунистик босқинчилар ёрдамида Ёш бухороликлар давлат тўнтариши ясаб, амирни мамлакатдан бадарға этгач, Бухоро совет ҳукумати таркибига киради ва ўта муҳим лавозимларни эгаллайди.
1923 йилга келиб, М.Мансуров 63 ёшга тўлиши муносабати билан қарилик баҳонасида ҳукумат таркибидан чиқиб, қоракўл, жун ва бошқалар савдоси билан машғул бўлади.
«Товар»даги Мансуровга тегишли маълумотлардан яна бири 1928 йил 17 мартдан то 1 апрелгача Бухорога Москвадан махсус топшириқ билан келган, номи кўрсатилмаган вокалотли бир ходимнинг ҳисоботидир. Бу ҳисобот каттагина ҳажмда бўлиб, қуйидаги мавзуларга бўлинган: 1) «Муҳиддиннинг бойлиги»; 2) «Мирза Муҳиддиннинг бойлигини бошқа гувоҳлар қандай аниқлангани»; 3) «Қозикалоннинг хазинаси аниқ ва аста-секинлик билан Муҳиддиновнинг қўлига ўтгани»; 4) «Мирза Муҳиддиннинг қозикалоннинг бойлиги ҳақида айтганлари»; 5) «Муҳиддиновлар оиласи ҳақида баъзи бир мулоҳазалар»; 6) «Бухоро амирининг бойлиги ва у сақланадиган жойни тўла-тўкис биладиган шахслар».
Қуйида бу ҳисоботнинг ўзбекчага ағдарилган қисқача матнини келтирамиз: «Муҳиддиннинг бойлиги масаласи кейинги пайтларда бир неча бор кўтарилмоқда. Бу масала билан нафақат Бухоро, Тошкент, Самарқанд, шунингдек, Москва ҳам қизиқмоқда. Москваниннг сиёсий архивида Файзулла Хўжаевнинг ўрт. Рудзутакка, агар ҳукумат Мирза Муҳиддин Мансуров ва унинг қариндошларини қамоққа олишга розилик берса, СССР омборига ўттиз миллион сўмлик маҳсулот ва бойлик қайтарилиши ҳақида айтганлари сақланмоқда. Мирза Муҳиддин М ансуров эса, Ф.Хўжаевнинг бу баёнотини шунчаки ҳазил деб айтмоқда.
Мирза Муҳиддин кейинги йилларда ўз капитал маблағи ва бойлигини чет элга ўтказиб юбориш учун жиддий машғул бўлмоқда. Дастлаб у хорижга ҳаж сафари баҳонасида кетмоқчи бўлди. Лекин бунинг иложи бўлмади. 1923 йилда унинг ўғли Мирза Хайрулло қоракўл тери савдоси билан хорижга чиқади. Бундан фойдаланиб, Муҳиддин Мансуров савдодан тушган етти юз минг нақд пулни ва махфий равишда четга олиб ўтилган бриллиантлар ҳисобидаги икки ярим миллионлик олтин пулни Германияга ўтказишга муваффақ бўлади.
Мирза Хайрулло бу пулларни ўз номидан Германиядаги банклардан бирига қўяди. Бироқ, унинг бу ўзбошимча ҳаракатидан чол (отаси — С.Х.) норози бўлади. У капитални ўзининг номига қўйилишини хоҳлаган эди-да! Ҳозиргача ҳам Мирза Муҳиддин М ансуров буни эсидан чиқар олганича йўқ.
Мансуров бундан бошқа ўз бойлигини хорижга ўтказишнинг иложи бўлмаганлиги сабабли, шундан сўнг савдо агентлари орқали сармоясини Москва, Боку, Тошкент, Самарқанд, Душанбега ўтказади. У қоракўлчиликка катта маблағ сарфлайди. Бухоро атрофидан, Қўрғонтепадан ва бошқа жойлардан қоракўл қўйларни қўраси билан сотиб олади. Шунингдек, у пахтачиликка ҳам пул сарфлайди…
Мансуровнинг шу усулда ўз капиталини маълум жойларга сарфлашдан мақсади, СССРда қоладиган оила аъзоларини пул билан таъминлаш бўлган эди. Ўзи эса қандай қилиб бўлмасин хорижга ўтиб кетишнинг пайида бўлди. Мана шундай мақсади умидида амалга оширган хатти-ҳаракатларидан бири, у ўзининг таниши, синашли жўраси А.А.Гелликниннг хотини Зинаида Григорьевна Гелликка сохта никоҳ билан Москвада уйланиши бўлди. Бунинг эвазига ўз хотинини қўйиб, унинг Мансуровга турмушга чиқишига «рози» бўлганлиги учун А.А.Геллик ўз «дўсти»дан 100 минг сўм олган. Бунга Мансуровнинг ўғли ва неваралари гувоҳ.
3. Г.Геллик М.Мансуровга ўз мақсадини амалга ошириш, яъни чет элга қочишга ва бойликларини хорижга ўтказиши ҳам да бошқа муҳим ишларини амалга ошириши учун керак эди».
Маълумотномада ёзилишича, М.Мансуров З.Г.Гелликка уйланишдан ташқари ўз мақсади йўлида яна бошқа ҳийла-найрангларни ҳам сунъий равишда уюштиради. Масалан, у жамоатчиликни чалғитиш учун ўғли Мирза Абдуқодирнинг уйидаги бойликларни ўғрилар ўғирлашини ёлғондакам уюштиради. Шунингдек, у ҳамма ўғил-қизу келинларини йиғиб, жуда катта қарздор бўлиб қолганлигини айтиб, агар аёллар жами тилла тақинчоқларини бермаса, ўзини қўлида ушлаб турган стакандаги йодни ичиб ўлдиришини айтади., Аёллар эса бунга рози бўлиб, уни «ўлимдан» сақлаб қолади.
Маълум бўлишича, Мирза Муҳиддин Мансуров ўзини ночор қиилби кўрсатган ва уйидаги бойлигини эса фарзандлари талашиб-тортишиб олиб кетган маънода билдириш учун яна бир ақл бовар қилмайдиган тадбирни ўйлаб, буни ҳам росмана жамоатчиликка ошкор қилади. Бу гал энди, у ўз уйида келини Заҳроой (ўғли Хайруллонинг хотини) билан бир каравотда ётган бўлади. Буни кўрган Хайрулло эса кечаси соат ўн бирларда катта акаси Исом, унниг оила аъзолари ва онасини чақириб келиб, тўс-тўполон кўтаради. Кампир эса эри Муҳиддинни калиш билан уради, ҳақоратлайди.
Шундан сўнг унинг уйидаги рўзғор анжомлари «дили сиёҳ бўлган» фарзандлар томонидан бўли олинади. Шу баҳонада М.Мансуровнинг олдиндан огоҳ бўлиб шай турган одамлари ҳам келиб, амирдан қолган хазина бойликларини ҳам олиб кетиб, ишончли жойларга яширадилар. Қария эса шип-шийдон бўлган, вайрона кўринишдаги уйда бир ўзи қолади. «Уят»дан масжиду намозларга боролмай, кўча-кўйларга чиқолмай қолади. Аммо зимдан ўз одамлари орқали вазиятни ўзи бошқариб боради.
Қўлимиздаги ўша «Маълумотнома»нинг охирроғида яна қуйидагилар ёзилган: «Шу нарса маълумки, Муҳиддиновнинг оила аъзолари четга қочиб кетишга тайёр. Унинг ўғли Мирза Исом хориж паспортини олган. Мирза Хайрулло эса ҳозир баъзи бир кишилар орқали Афғонистон паспортини олишга ҳаракат қиляпти. Мирза Низом аллақачоноқ хориж паспортини қўлга киритган. Мирза Муҳиддин /Мансуров/ ҳам Зинаида Григорьевна орқали ўарбий Германияга чиқиб кетиш учун хориж паспортини олади.
Қолган бойликларни эса хорижга  Мирза Хайрулло олиб кетиши керак. Бу тўғрида у Афғон вакили билан Бухорода гаплашиб олган. Шунингндек, бу масала Тошкентдаги Афғон бош консули билан ҳам бир неча бор келишиб олингани маълум».
«Маълумотнома»нинг асосий мазмун ва хулосаси шуки: М.Мансуров жуда ақлли ва уддабурон, тадбиркор одам. У амирдан қолган хазинани ҳамда мамлакатда амирдан кейинги иккинчи катта бой — қози-калоннинг ҳам бойликларини ўзиники қилиб олган. Бунинг маълум қисмини хориж (Германия)га чиқариб улгурган. Қолганларини эса энди олиб чиқиб кетишга қаттиқ киришган ҳолда фаолият юритмоқда. Бу тахминан 1917-1927 йиллар оралиғидаги катта тарих ичидаги «кичик тарих» бўлиб, ҳужжжатларнинг мазмунидан кўриниб турибдики, қоқеа тугалланмаган. Аниқроқ қилиб айтсак, М.Мансуровнинг шундан кейинги фаолияти ва тақдири бизга номаълум. Буни аниқлаш бундан кейинги вазифа бўлиб турибди. Чунки, бу миллат учун зарур бўлган кўпгина тарихий воқеликларнинг рўёбга чиқишига ёрдам беради.
ГПУ ходимлари томонидан тўпланган махфий ҳужжат ва хуфяномалар мажмуи, яъни 243 — «Товар» номли махсус махфий давлат аҳамиятига молик кузатув «иш»и («дело»си) 1922-1928 йилларга оид бўлиб, шундан сўнг ҳаракатдан тўхтатилиб, архивга топширилган. Ундаги М.Мансуровнинг фаолиятига қаратилган масала охирига етказилмаган. Агар мана шунга суяниб фикр юритсак, «қилни қирқ ёрган» ГПУ бу гал «иш»ни охиригача етказа олмаган. Бу эса, Мансуров томонидан амир ва қозикалондан қолган олтин бойликлар ўзлаштирилганлиги исботланмаганлигидан далолатдир ёки исботини топа олмаган ҳақиқатдир. Лекин бир нарса маълумки, М.Мансуров катта бой, савдогар ва ишбилармон бўлган. Пул топиб бойлик орттиришни яхши билган. Шу маънода унинг ўз бойлигини асраш ва хорижга чиқиб кетиш учун қилган хатти-ҳаракатини ижобий баҳоламоқ керак. Унинг «қарздор бўлиб» аёлларнинг тилла тақинчоқларини йиғиб олиши, З.Г.Гелликка «уйланиши» каби сохта, хўжакўрсин учун қилинган ва бошқа ҳаракатларини ўша коммунистик ва адолатсизлик зулмининг қусури деб тушунмоқ керак.
Тарихдан маълум бўлишича, М.Мансуровнинг ўғиллари ҳам жадидчилик ҳаракати ва ундан кейинги тарихда фаолият кўрсатганлардан. Уларнинг хизмати тарихда ўз ўрни ва баҳосига эга. Айниқса, бу ўринда Мирза Абдулқодир Муҳиддиновнинг хизмати алоҳида таҳсинга сазовордир. У ҳам Бухородаги апрел фожиасидан кейн жабрланиб, муҳожирликда, Бухородан четда «инқилобий фаолият» билан банд бўлди. Бухоро коммунистик партияси ташкил топишига катта ҳисса қўшди. У 1920 йил 16 августда Чоржўйда чақирилган партиянинг IV қурултойида делегат сифатида қатнашди. Худди мана шу қурултойда советлар Россияси армиясининг Бухорога бостириб бориб амирликни тугатиши ҳақида қарор қабул қилинади.
Бухоро коммунистик босқинчи армия томонидан босиб олиниб, Ёш бухороликлар ҳокимиятни эгаллагач, М.А.Муҳиддинов партия ва ҳукумат лавозимларида ишлайди. 1920 йил 14 сентябрда эса, у Бутун Бухоро Инқилобий Қўмтаси раиси этиб тайинланади. Унда ҳам бошқа жадидлар қатори коммунистик мустамлакачиликка нисбатан норозилик кучаяди. Шу сабабдан ҳам Бухорода 1920 йил сентябридаёқ Аҳмад Заки Валидий бошчилигида иш бошлаган аксилкоммунистик махфий ташкилот — «Туркистон миллий бирлиги» Ўрта Осиёда яширин фаолият юритади.
Тарихий маълумотларга кўра, бу ташкилотга 1921 йил 30 июл куни Абдулқодир Муҳиддиновнинг уйидаги «гап»да, яъни махфий мажлисда А.З.Валидий Туркиядан Мустафо Камол пошонинг махсус топшириғи билан Бухорога келган Туркия Буюк Миллат Мажлиси аъзоси Ислом Сўфи таклифи билан раҳбар этиб сайланади.
«Товар» ва «Правители»да М.Мансуровдан ташқари Бухоро компартияси ва совет ҳукуматининг яна бир гуруҳ раҳбарлари амирдан қолган олтин хазинани ўзлаштириб хорижга қочиб кетганликда айбланади. Бу айбдорларнинг «айби»ни бугунги кунда сал бошқачароқ талқин қилиш ҳам мумкин. Гап шундаки, буларнинг ҳаммасини ҳам бир ихл маънода ўғри, қочоқ ҳамда муттаҳамликда айблаш унча тўғри эмас. Чунки уларнинг хатти-ҳаракати ва мақсадлари ҳамда танлаган йўли ўша даврдаги ўта мураккаб тарихий муҳит билан боғлиқ бўлган. Уларнинг аксарияти халқ ва ватан манфаати йўлида бел боғлаб амирни тахтдан ағдаришда Россияда бош кўтарган «большевик балоси»дан фойдаланиб, унинг маккорона тузоғига илинганлигини жуда тез англаб етдилар. Шу сабабдан ҳам Ватанда қолиб хизмат қила олмасликлари ва аста-секин ўзлари бадном бўлишларидан кўра, хорижга кетиб жон сақлашлари ёки кейинчалик қайтиб келиш умидида бўлганлар ҳам йўқ эмас.
Юқоридаги «Маълумотнома»да «хазина ўғриси» сифатида яна қуйидагилар кўрсатилади: БХСР молия нозири (вазири) Носир Ҳакимов, Молия вазирлиги Молия бошқармаси бошлиғи Сатторхон ўаффорхўжаев, БХСРнинг Германиядаги савдо ваколатхонаси бошлиғи Юсуфбек Мукимбоев, БХСРнинг Афғонистондаги элчиси Юсуфзода, Бухоро Инқилобий ҚЎмитаси қошидаги Фавқулодда комиссияси раиси Муҳитдин Хўжаев ва бошқалар.
Агар М.Мансуров амирдан қолган олтин хазинани ҳисобга олиш комиссиясининг раиси бўлган бўлса, Н.Ҳакимов омон қолган хазинани топиш, БХСРнинг молиявий асосини ташкил этишга раҳбарлик қилади. Топилган хазина дастлабки кунларданоқ тўла маънода унинг тасарруфида бўлган. «Мен Ҳакимовнинг олдига кирсам, — деб эслайди 1934 йилда Файзуллахўжа Тўқсоба Муҳаммадиев, — у ерда (Ҳакимовнинг кабинетида — С.Х.) Муҳиддин Мансуров (Абдулқодир Муҳиддиновнинг отаси), Усмон Хўжа (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) кутиб ўтирган экан. Суҳбат чоғида улар менга ўрислар ўзлари олдин топиб олиб кетган жойлардан бошқа олтин сақланаётган жойларни биладиган кишиларни топиб беришни сўраётганлигини айтди. Мен ўша жойларни кўрсатишга рози бўлдим. Мирза Муҳиддин Мансуров ва Усмон Хўжа билан бирга файтунда «Арк» томон йўл олдик. Йўлда… Усмон Хўжа менга қарата айтди: «Агар олтинлардан қолган бўлса, ўрусларга бу жойларни кўрсатиш бизлар учун фойдалик эмас, … уларни чалғитишингиз керак…»
Шундай қилиб, руслар чалғитилиб, амирнинг бошқа жойда — ертўланинг пастки қисмида сақланиб келинган катта миқдордаги иккинчи бир лтин хазинаси омон қолади ва кейин у топиб олинади. Бунда биргина Н.Ҳакимов эмас, балки У.Пўлатхўжаев ва албатта Ф.Хўжаевларнинг жасорати катта бўлди.
Н.Ҳакимов 1922 йил 2 январда Бутун Бухоро Марказий Ижроия Қўмитаси, Бухоро Халқ Нозирлари Совети ва БКП Марказий Қўмитасининг қўшма мажлисида Шарқий Бухородаги «босмачилик уруши»га қарши курашиш утузилган Фавқулодда комиссия раиси этиб тайинланади.
Бухоро совет ҳукумати раҳбарларининг хазина билан боғлиқ фаолиятини кузатувчи ҳуфячи «Зуҳра» деган ном остида иш юритган. У 1926 йил 13 июндаги «Бухоро Республикаси МИҚ ва Молия нозирлигидаги жиноятлар ҳақида ахборот»ида ёзади: «Бухоро Халқ Комиссарлари Кенгашининг пул фонди Файзулла Хўжаев, Бухоро МИҚнинг пул фонди эса Муҳиддинов ва Молия нозири Носир Ҳакимовларнинг қўлида бўлган.
Н.Ҳакимов ўша пайтда Бухоро Республикаси хазинасидаги қарийб ҳамма бриллиант бойликларини олиб Туркияга қочиб кетган. У ҳозир Туркияда яшайди, у ерда қимматбаҳо тошлар савдоси билан машғул».
Баъзи бир маълумотларнинг гувоҳлик беришича, Н.Ҳакимов топилган хазинани хоҳлаган пайтда келиб кўриш ва назорат қилиб туриш вколатига эга бўлган. Масалан, кунлардан бир кун у хазинага кириб, ундан тахминан ўн карат келадиган бриллиантни рўмолчасига ўраб олади-да, қайтиб чиқишда қоровулнинг олдида рўмолча билан бурун артган бўлиб, уни тушуриб юборади ва уни қоровулга олгин деб таклиф қилиб, уни синаб кўради. У олмайди. Шундан сўнг бриллиантни қайта ертўлага кириб қолдириб, қоровулга тўғрилиги учун раҳмат айтиб кетади.
Ушбу хуфянома мана бундай сўзлар билан якунланади: «Бир сўз била, айтганда, кўпгина мўътабар шахслар собиқ Бухоро Республикасини бошқариб ҳукмронлик қилиш эвазига бойиб кетганлар. Уларнинг бойлиги бутун умрларига етади ва ҳатто меросхўрларига ҳам қолади».
Бизнинг қўлимизда Сатторхўжа ўаффорхўжаевнинг Амир хазинасининг ҳисоботи комиссиясига 1922 йил 14 январда, 20 ва 31 декабрда ва яна битта санасиз ёзган хатларидан 4 тасининг кўчирмаси бор. Уларнинг мазмуни асосан мана бундай:
«Ҳисоб комиссиясига. Менга 20.000 сўмлик тилла юборинг. Расмий қоғоз кейин жўнатилади.
14/I
(Саттор Хўжа)»
Мана шу усулда Сатторхўжа ўаффорхўжаев ўз лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда жами қуйидагича қимматда хазинадан олтин олган: 80.000 сўмлик тилла, 20.000 Бухоро тангаси, 1000 та беш сўмлик рус тилла тангаси.
Булардан ташқари, унинг шахсан ўзи бир марта «31.225 сўмлик тилла», иккинчи марта «18.505 сўмлик тилла олдим» деган ёзув қолдирган. Яна, 1923 йил 15 январ санаси билан қайд этилган БХСР Халқ Нозирлари Кенгаши раисининг хизмат хати (служебная записка) билан 50.000 сўмлик олтин олган. Ушбу хатда «Аҳмаджон Махсум! Зудлик билан Саттор Хўжага 50.000 сўмлик олтин бериб юборинг. Аминов» деган сўзлар ёзилган.
«Товар»нинг 254-варағида конвертга солинган молиявий ҳужжатларнинг сони 20 та. Биз шулардан баъзи бирларини намуна сифатида келтирдик, холос.
Булардан маълум бўлиб турибдики, амир хазинасининг «Фрунзе босқини»дан омон қолган қисми каттагина миқдорни ташкил этган. Бундан эса юқоридагича усулда, яъни нимага сарфланиши ва ни ма учун олинганлиги аниқ кўрсатилмаган ҳолда жуда катта миқдордаги бойлк ҳақиқатан ҳам ўзлаштирилганлиги маълум бўлиб турибди. Балки, бу бойликлар Ватан ҳимояси мақсадида «босмачилик уруши» учун сарфланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин «Беайб Оллоҳ» деган ҳикмат ҳам бор. Бойлик, айниқса, олтин ҳамиша одамларни йўлдан ургани ҳам маълум.

 
Соҳибқироннинг оламшумул тафаккури
21.07.2014 07:08    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Буюк тарихий шахсларнинг таржимаи ҳолини ёзиш ва улар ҳақида изланиш олиб бориш учун манбалар ва адабиётлар етишмаслиги кўпинча муаммо бўлса, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида эса манбалар ва адабиётларнинг ниҳоятда кўплиги муаммо ҳисобланади.

Бу буюк инсон ва иқтидорли давлат арбоби ҳақида кўплаб асарлар ёзилганлигига қарамасдан, тоталитар совет тузуми даврида унинг ҳаёти қирралари, сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари халқимиздан сир сақлаб келинди.

Ҳукмрон мафкура унинг сиймосини мубҳам-қора пардага ўраб кўрсатишга интилди.

 

Биз бу ўринда бир мисол келтирмоқчимиз. Француз олими профессор Люсьен Керен умрининг асосий қисмини темуршуносликка бағишлаб, бу борада жуда кўп асарлар яратган инсон. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бу борадаги хизматлари учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Минг афсуслар бўлсинким, қизил империя даврида, Амир Темур тўғрисида бирор-бир ижобий сўз айтмоқ амри маҳол эди. Унинг фаолияти ва шахсияти фақат қора кўзойнак орқали ўрганилди, талқин қилинди. Мустақилликка эришилгандан сўнг, бу борада хайрли ишлар бошланди, бобокалонимиз номлари ҳақиқий равишда ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олина бошланди. ЮНЕСКО раҳнамолигида Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди.

Люсьен Керен ҳақли таъкидлаганидек, совет тузуми даврида Амир Темур шахсиятини ерга уриш, уни асосан босқинчи сифатида талқин этиш урф бўлди. Олим 1961 йили Ўзбекистонда бўлганида Темур қандай давлат арбоби бўлганлиги, унинг ижобий фазилатларига доир саволларига жавоб беришдан бош тортганлар. Аммо Темурийлар даври ёдгорликларини инкор этиб бўлмаслиги маълум эди, Темурийлар маданиятига, хусусан Улуғбекка ҳурмат сезилиб турарди.

Соҳибқироннинг нуроний қиёфасидан биринчи бўлиб бундай қалин ва қора пардани кўтариб ташлаган жасоратли олим, академик Иброҳим Мўминов бўлди. Ундан кейин олимнинг мумтоз шогирдларидан бири, Ўзбекистон тарихи билимдони, академик Бўрибой Аҳмедов Соҳибқирон ҳақида чуқур илмий асарлар ёзди, унинг «Тузук»ларини нашр қилдириб, ватан тарихининг порлоқ саҳифаларини ёритиб берди. Шунингдек, Темурийлар даврини ёритишда истеъдодли меҳнаткаш олим Турғун Файзиевнинг хизматлари ва ёзган асарлари ҳам катта аҳамиятга эга.

Биз араб, турк, форс ва ғарб тилларида нашр этилган адабиётлардан ташқари, айтиб ўтилган олимлар ёзган асарлардан ҳам фойдаланиб, буюк Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Темурийлар буюк давлатининг асосчиси Темурбек ибн Тарағай, ёшлигиданоқ зўравонлик ва зўравонларга қарши кураш олиб бориб, жамиятда адолат меъёрларига мувофиқ иш юритиш туйғулари билан бирга ўсди ва камолот даражасига кўтарилди.

Темур асос солган давлатда ўрнатилган ҳуқуқий тизим ҳар доим устун бўлиб, унинг талабларига риоя қилиш барча учун мажбурий бўлган, тартибни бузган ва ўз вазифасини бажармаган кишиларга қаттиққўллик билан муносабатда бўлинган. Айниқса, давлат хавфсизлигини бузганлар қаттиқ жазоланганлар.

Соҳибқирон Амир Темур ислом ҳуқуқшунослик илмини ҳар томонлама ўзлаштириб олган эди. Бу соҳада у зот юксак даражага кўтарилиб, фатво бериш салоҳиятига эга бўлган. Қуръони каримнинг барча оятларини ёдлаб, уларни аввалдан охирига ва охиридан аввалга қараб ёддан ўқиш малакасига эга бўлган Амир Темур, уларнинг туб мазмунини чуқур тушуниб, айримларини ўзининг иш дастурига айлантирган эди. Оятлар ва ҳадисларга унинг ишонч ва эътиқоди шу қадар кучли бўлганки, уларни ўша даврнинг буюк биноларида чиройли «ислимий» хатлар билан ёзиб қўйишга буйруқ берган.

Амир Темур давлатида ислом ҳуқуқининг асосий қоидаларидан бири бўлмиш ва ҳозирда ҳам халқаро миқёсида қабул қилинган қоида, яъни «жиноятнинг шахсийлиги»га жиддий риоя қилинган, яъни жиноятчининг гуноҳи учун унинг қавм-қариндоши, оға-инилари (жиноятда иштирок этмаган ҳолда) жавобгар бўлмаганлар, шунингдек, жиноятга қўл урган киши жазосиз қолдирилмаган ва гуноҳсиз кишини жазолашга йўл қўйилмаган. Амир Темур ушбу принципни давлат ҳуқуқий тизимининг асосий қоидаларидан бири деб билган. У «мен ҳар доим аскарларимни қонунга итоат қилиш руҳи билан тарбиялаб келдим, қонун бузувчиларни жазосиз қолдирмадим» деб таъкидлаган эди.

Афсуски, айрим тарихчилар, ғоявий, мазҳабий ёки этник таассубларга асосланган ҳолда, Амир Темурга нисбатан асоссиз фикрлар билдириб, унинг давлатида адолат меъёрлари амалга оширилганлигига шубҳа кўзи билан қараб келганлар. Ибн Арабшоҳ ёзган тўқима фикрларга қўшилиб, унга нисбатан салбий муносабатда бўлганлар.

Академик Бартолд ўзининг «Улуғбек ва унинг даври» номли асарида ва америкалик машҳур тарихчи Хорулд Лемб ўзининг «Темур» номли китобида ибн Арабшоҳни ғаразли киши деб билиб, у берган маълумотларни душманлик ва адоватдан сарчина олган ва у ёзган ибораларни ҳажв ва истеҳзо (масхара қилиш)дан бошқа нарса эмас, деб ёзганлар (Ибн Арабшоҳ китобининг форсча таржимаси муқаддимаси). Лекин Соҳибқироннинг шахсияти шу қадар юксак ва мақоми шу қадар баланд эдики, Ибн Арабшоҳ ҳар қанча қора ойна ортидан боқса ҳам, унинг даҳоси, лаёқати, инсоний қиёфаси ва адолатсеварлигини инкор қила олмаган ва уларни эътироф этишга мажбур бўлган. Биз унинг китобидан (форсча матнидан таржима қилиб) айрим сатрларни келтирамиз:

«Ишларни бажаришда Темур ўткир фикр ва узоқни кўра билиш қобилиятига эга эди... Унинг тафаккур денгизи чексиз эди... Ҳар доим қонунларни ўз мамлакатида амалга ошириб турарди... Ҳикмат ва жадал (мунозара)да Ибн Синони ортда қолдирар, мантиқда юнонликларни соқит қиларди».

«У беҳуда сўзлаш ва ҳазилкашликни ёқтирмасди, ҳеч қачон ҳаво ва ҳавасга кўнгил бермасди, тўғрилик ва ростликни ҳатто унинг зарарига бўлса ҳам яхши кўрарди... Унинг мажлисида носазо айтиш, қон тўкиш, асирликка олиш, ор-номусга тегиш ва ғорат қилишдан сўзлаш мумкин эмас эди... Темур етук ақл, ажойиб идрок, юксак бахту иқбол, келишган толе, изчил ирода ва қатъий фикр эгаси эди... Ниҳоят зийраклик билан ҳақни ботилдан ажрата олиб, ўз даҳоси билан ҳақиқий ўгит берувчини лаганбардордан фарқ этарди... Ўз ёрқин фикрлари билан порлоқ юлдузларга йўл кўрсатарди ва юлдузлар ўқи унинг раъйи (фикри) ва иродасига қараб, мақсадга бориб тегади деб ўйларди киши».

Амир Темур, Ибн Арабшоҳ эътироф этган олий хусусиятлар эгаси бўлишидан ташқари, шариат соқчиси ва адолат ҳомийси сифатида ҳукмронлик қилиб келган. Қуръони карим оятлари ва шариат таълимотининг руҳи унинг «Тузуклар»ига сингиб кетган. Илоҳий йўлланмаларни назарда тутган ҳолда Соҳибқирон адолатнинг кучига, унинг ғалабаси ва енгилмаслигига чуқур ишонган эди. Қонун даражасига кўтарилган ушбу ишонч ва ақидани унинг «Тузуклар»идаги ушбу қисқа сўзлардан англаш мумкин: «Адоват эмас, адолат енгади», «қонни қон билан эмас, сув билан ювишни ўрган», «мен салтанатимни ислом дини, тўра тузуклар асосида мустаҳкамладим».

Соҳибқирон ўз авлодларини ўч-интиқом олмасликка, ҳар доим тинчлик ва ярашиш йўлларини очиб қўйишга чақириб келган. Шунинг учун Амир Темурдан кейин ҳам ватанпарварлик, адолатсеварлик, қонунга бўйсуниш Темурийлар давлатининг унутиб бўлмас анъаналарига айланиб қолган. Чунончи, Ҳиндистондек катта ўлкада Бобурийлар империяси ҳудудида адолатни таъминлаш мақсадида Аврангзеб Оламгир назари остида «Фатвои Ҳиндия» деб аталган тўрт жилдлик ҳуқуқий кодекс яратилиб, Бобурийлар ҳокимияти тугагунга қадар бутун Ҳиндистон судларида расмий қонун сифатида ишлатилиб келинган.

Соҳибқирон Амир Темур асос солган буюк давлат ўзининг турли босқичларида, ҳам Турон, ҳам Хуросон, ҳам Эрон ва ҳам Ҳиндистон ярим оролида адолат меъёрларига асосланган тузум сифатида барча олам аҳлининг диққатини ўзига тортиб келиб, бугунга қадар ҳам ўз тарихий аҳамиятини йўқотмаган.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳурмат ва эътиборга молик меросларидан бири унинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари мажмуи бўлган «Темур тузуклари»дир. Дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ушбу асар, давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш қоидалари, урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий услублар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва ахлоқий ғоялар ва меъёрларни ўз ичига олган. «Тузуклар»нинг марказида инсон, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш туради.

Амир Темурнинг маслаҳатчиси ва Ғарб мамлакатларига юборган элчиси (Султония усқуфи) ҳозирда Париж илмий кутубхонасида сақланаётган хотираларида Амир Темур ҳақида: «Темурбек форс, араб ва турк тилларини билади. Қуръон илми ва ислом ҳуқуқшунослиги илмида шу қадар кучли олимки, ҳеч бир мусулмон олими у билан мунозара қилишга қодир эмас, у олим ва шоирларга катта ҳурмат билан қарайди. Бунинг сабаби шундаки, унинг ўзи олим ва донишманддир», деб таъкидлаган.

Темурийлар салтанати ва Марказий Осиёдаги Уйғониш даврининг иккинчи босқичига асос солган Соҳибқирон Амир Темур ўзининг барча сиёсий ва амалий фаолиятини шариат қоидаларига таяниб юритган. У «Мен ўз салтанатимни бошқаришда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тузук асосида бажардим. Шариат қонунларига итоат қилиш, урф-одатга эътибор бериш мен учун катта аҳамиятга эга эди. Ҳозирча ҳам шундай аҳамиятга эгадир. Менимча, модомики, бир ҳукмдор бутун умри давомида от устида ўтириб, ўзига тегишли бўлган катта иқлимнинг ҳар томонида ҳаракатда бўлиб, бир нуқтада туриб қолмас экан, ўзининг кенг қаламрави (мамлакати) ундан итоат қилишига амин бўлиши керак. Бундай ишончга фақат шариат қонунлари ва урф-одат қоидаларини амалга ошириш орқали муяссар бўла олади. Менинг мамлакатимда турли соҳаларда қонунларга қатъий амал қилинадиган бўлса, мен ўзимни ўша ерда ҳозир тургандай сезардим. Шариат ва урф қонунларини назарда тутган ҳолдагина, одамлар сенинг ишларингга ишонади ва уни жону дил билан бажаради», — деб таъкидлаган.

Қонунга асосланган тизимнинг аҳамиятини чуқур англаб олган Амир Темур ҳақли равишда, «Куч — адолатдадир» деган олий меъёрни шиор қилиб олган. Унинг бу сўзи бугун ҳам қудратли, ҳуқуқий демократик давлат қуриш учун асосий йўлланма ҳисобланади. Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва амалий фаолияти «ҳар доим адолат ва инсоф меъёрлари билан ҳамоҳанг бўлган. У адолатсиз ҳокимиятни тасаввур қила олмаган. Ўз давлатида тузук-тўра ва шариат қоидалари устуворлигини амалда таъминлаган. У давлатни бошқариш учун шундай бир қонуний тизим яратганки, ундан кейин ҳам кўп асрлар давомида барча Хуросон, Туркистон, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон ҳудудларида унинг «Тузуклар»ига асосланиб иш юритилган. «Адоват эмас, адолат енгади» деган мўъжаз ва қимматли сўзи ҳаётда ҳамон аҳамиятлидир.

Султония усқуфи таъкидлаганидек, Амир Темурнинг Тузукларига биноан, урушсиз таслим бўлган шаҳарларда бирон-бир навкар бирон бир кимсага, хусусан, аёл кишига тажовуз қилса ё бировнинг молини тортиб олса, бундай аскар ўлдирилган.

Султония усқуфи ўз хотиралари сўнгида: «Мен яқин вақтларда жаҳон миқёсида иқтидор, бойлик ва саховат соҳасида Темурга тенг келадиган подшоҳ келиши мумкин эмас деб ўйлайман», — деб ёзиб қолдирган.

Амир Темур ҳар доим илму фанга қизиққан, турли китоблар ва илмий асарларни ўқиган, уларнинг туб моҳиятини тушунган. Масалан, буюк ориф-шоир Маҳмуд Шабистарийнинг «Гулшани роз» асари уни бутунлай ўзига тортган. Китоб муаллифига ҳурмати сабабли, Озарбойжонни тасарруф қилгандан сўнг, шоирнинг Ватани бўлмиш Шабистар аҳолисини ардоқлаб, уларнинг ҳар бирига беш мисқол тилладан, ҳаммаси бўлиб, 18 минг беш юз беш мисқол тилла бағишлайди.

Амир Темурнинг ҳуқуқий тизимида жиноятга қўл урган барча кишилар, кимлигидан қатъи назар, қонун олдида ҳеч қандай имтиёзсиз жавобгарликка тортилган. Биз Амир Темур ҳаётини ўрганар эканмиз, у амалга оширган одилона ишларни халифа Умар Форуқ бажарган буюк ва адолатли ишларга ўхшатгимиз келади.

Тарихий маълумотларга кўра, Умар Форуқнинг ўғли ислом шариатида ман қилинган «шароб»ни ичганлиги учун Миср волийси Амр ибн Ос томонидан «Ҳад» жазоси, яъни дарра уриш билан жазоланади. Лекин жазолаш юзаки ўтказилганлиги учун, одамлар эътирозига дуч келади. Ушбу воқеадан хабар топган Ҳазрат Умар ўғли билан Миср ҳокимини ўз ҳузурига чорлаб, ўғил ўз гуноҳини эътироф этгандан кейин, шариат қоидасига мувофиқ жазолашни буюради. Ўғил дарра зарбидан ҳалок бўлади. Албатта, Ҳазрат Умар бу ишни, қонунни ҳамманинг устидан бир хил татбиқ этиш мақсадида амалга оширган эди.

Соҳибқирон ҳаётида ҳам шунга ўхшаш бир воқеа бўлиб ўтган. Султониянинг ҳукмдори бўлмиш унинг ўғли Мироншоҳ ўзига яқин давлат арбоблари ва амалдорлари билан биргаликда маишатга берилиб, давлат ишлари ва раият аҳволи назоратсиз қолиб, зулму ситам ҳаддан ошади, давлат хазинаси тугаб, аҳоли оғир аҳволга тушади. Бундан хабар топган Соҳибқирон Султонияга лашкар тортиб бориб, беклар, амирлар, саркардалар кенгашини тузиб, улардан давлат хазинасини барбод қилиб, туну кун маишатга берилиб, раиятни оғир аҳволда қолдирган ҳукмдор ва уни бу йўлга бошлаган амалдорларни жазолаш ҳақида маслаҳат олгандан кейин, ўз ўғли Мироншоҳ ва уни бу йўлга солган барча амалдорларга ўлим жазоси бериб, уларнинг барча молу мулки мусодара қилинсин деб буюради. Бундай қатъий ҳукмдан даҳшатга тушган унинг пиру муршиди Сайид Барака ўртага тушиб, ҳукмнинг ижросини тўхтатишни илтимос қилади. Амир Темур унинг илтимосини қабул қилмайди. Бир неча амалдорлар ўлдирилгандан кейин, Мироншоҳ ва бошқаларга навбат етганда, жаллодлар уни жазо тахтасига ётқизиб, бошини кесмоқчи бўлади. Сайид Барака Амир Темурга, мазкур ҳукм амалга оширилса, Темурийлар авлодида ўғлини ўлдириш анъана тусини олиш хавфи борлигини  уқтиради. Ўшандагина Амир Темур Мироншоҳ ва унинг бошқа ҳамкорлари устидан чиқарган ўлим ҳукмини бекор қилади. Лекин, барибир, ўғлини ҳукмдорлик ҳуқуқидан маҳрум қилади. Унинг ўрнига иккинчи ўғли Умар Мирзони Султония ҳукмдори этиб тайинлайди.

Бундай қаттиққўллик билан ҳукм юритиш ва ҳақни тиклашда қатъийлик кўрсатиш Соҳибқироннинг шариат қоидаларига ва ўз «Тузуклар»ига ишончидан келиб чиққан. У ҳақли равишда «Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим», — деган эди. Унинг «Адлу эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади» деган ҳикматли сўзларининг туб мазмунини ана шундай ҳодисалар мағзидан тушуниб олиш мумкин.

Акмал Саидов
Абдулҳаким Жузжоний

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тарихи ихтирои башар (1914)
13.03.2014 23:44    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ТАРИХИ ИХТИРОИ БАШАР

Бугун кўзимизға кўринмайтургон нимарсалар аввалги замонда йўқ эди. Худонинг одамларға берган ақл ва тадбири соясинда бирин-бирин чиқорилди. Ва ҳам муни бир тоифа ихтиро қилмади, балки ҳар замонда ҳар ким тарафидан чиқорилди. Тарихдан бехабар баъзи кишилар ва ёинки душманлар мусулмонларни аввалдан охирғача нодон, ваҳший кўрсатурлар. Мусулмонлар дунёға ҳеч нима ихтиро қилмади... дерларки, ул ғалатдур. Ва ҳар бир шараф ва ҳунармандликни, букунги фарангларға иснод бермоқ ҳам тўғри эмас. Чунки дунёдан ўтганлар ўз навбатларинда ишлаб, ҳунар кўрсатиб ўтди. Ва ушбу кунги ихтиролар учун асбоб ҳозирлаб қўйди. Ва ҳозир фаранглар навбатидур. Бир замон келурки, навбат бошқаларға тегар, бул дунёнинг одатидур.

«Ойна»нинг муҳтарам хонандалариға дунёни аввалидан букунғача бани одам тарафидан ихтиро қилингон машҳур нимарсаларни арз қилмоқ учун тарих китобларидан олиб ёзмоқчи бўлдук ва мундан сўнгра «Ойна»нинг ҳар рақаминда пайдар-пай «Тарихи ихторои башар» унвони ила ёзилур. Мунда ёзилатургон нимарсалар «Тарихи умумий», «Тарихи маданият», «Маданияти исломия», «Коинот», «Тарих ва жуғрофия луғати», «Тарихи тамаддун» китоблари ва бошқа китоб ва рисолалардан нақл қилинур. Ва мунда кўрсатилган тарих уч навъ бўлуб, биринчи(си) «тарихи хилқат» аталурки «Таврот»ни баёни бўйинча дунё бино бўлганидан ҳазрати Исо алайҳиссаломни туғулгониғача 5594 санадур.

2-«тарихи милодия» ҳазрати Исони таваллудларидан ҳижрати ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо алайҳиссаломғача 626 санадур.

3-«тарихи ҳижрия» ҳазрати пайғамбаримизни Маккадан Мадинаға ҳижрат этганларидан бу кунғача 1332 санадурки, тарихи хилқат «X», тарихи милодия «М», тарихи ҳижрия «Ҳ» ишоратлари ила кўрсатилур. Яна замоналар «азманҳаи қабл ат-тарихия», «азманҳаи тарихия», «Қаруни аввали», «Қаруни васати», «Қаруни жадида», «Аср» деган исмлар ила баён бўлинадур. Аз-манҳаи қабл ат-тарихия—тарихи яхши маълум бўлмаган замонларни дерлар. Азманҳаи тарихия — тарихи аниқ бўлган замонларни дерлар. Қаруни аввали — хилқати Одамдан Румо давлатининг йўқ бўлушиғачадур. «Қабл аз ҳижрат» — 146 сана Қаруни авсати — Румонинг йўқ бўлушидан мусулмонларнинг Истанбулни олгониғача (баъдаз ҳижрат — 731). Қаруни жадида — фатҳи Истанбулдан замонамизғачадур.

Тарих энг машҳур ва мўътабар ҳодисалардан бошг ланур. Ҳар юз санани «аср—қарн» дерлар. Чунончи, ал-он тарихи милодиянинг 20-ва ҳижриянинг 14-асридир.

Энди асл матлабни бошлаймиз.

Зироат санъати ҳазрат Одам алайҳиссалом тарафидан чиқорилгондур. Деҳқончилик учун баъзи асбоблар 2500 (Х)да Эрон ва Мисрда ўхшатилиб кейин машҳур финикиялилар тарафидан ислоҳ қилиниб, 1280 (Х)да Оврупода ҳам баъзи мошиналар чиқорилибдур. Ал-он Амриқода оташ ила ҳаракат қилатургон мошиналар ила ерни ҳайдаб зироат қиладурлар. 200 от қувватиға баробар деҳқонлик оташ мошиналари чиқоратургондурлар.

1262 (Х)да тошларни тарашлаб, тахтадек қилиб устиға хат ёзмоқ усули ҳазрати Идрис алайҳиссалом тарафидан чиқарилибдур.

2150 (Х)да камонча сози учун гиёҳларни терисидан бир навъ маҳкам иплар ихтиро қилинибдур.

«Лиз» деган соз, ҳарфлар ила хандаса шаклларн машҳур Ҳурмуз тарафидан чиқорилибдур. Охирида юнонийлар ҳам ушбу асбобни яхши ислоҳ қилибдурлар.

2241 (X). Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом тарафидан кема чиқарилибдурким, анинг узунлиги 300, бари 50 ва баландлиги 30 газ бўлуб, уч табақаға тақсим бўлган экан. Оташ кема эса 1078 (Ҳ)да италияли машҳур Данис Поин тарафидан, бир навъ нажжорий мошинаси ихтиро қилиниб ва кейин Жемс Вайг номлик бир тафаннун тарафидан ислоҳ қилиниб, 1114 (Ҳ)да яна Дўку деган бир фаранги тарафидан чархнинг нажжор қуввати ила ҳаракати тажриба қилинибдур.

1218 (Ҳ)да амриқоли Қўлтун номлик киши чарх ҳаракатини ислоҳ этиб, Порисда Сан нахрида тажриб қилинибдур. 1222 (Ҳ)дан бошлаб парахўдлар ишламоқға кириб, эмди ер юзинда неча юз минглар ила оташ кемалар, ўн минг киши сиғатургон катта кемалар ичида босмахона, театрхона ва корхона ва мактабликлари бўлуб, сув устинда кичик бир шаҳар ҳикматидур (бақияси бор).

«Ойна» журнали, 1914 йил, 28-сон, 531534-бетлар.

 
ПЕТР I ВА МОВАРОУННАҲР ОЛТИНИ
24.01.2014 07:33    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

1716    йил февралда одатдаги элчилик сафари билан Бухоро элчиси Хонқулибек Россия императорига Бухоро хони Абулфайзхоннинг ёрлиғини олиб келади. Ёрлиқда Абулфайзхон шимолдаги улкан мамлакатга тинчлик-хотиржамлик тилаб, ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш истагини изҳор этган эди. Бундан ташқари, элчи Пётр Биринчини ўз ҳукмдори номидан Шветсия устидан қозонилган ғалаба билан табриклаши лозим эди.
Бу вақтда Пётр чет элда бўлиб, унга Хонқулибекнинг Россияга ташрифи ҳақидаги хабарни элчиларни йўлда кутиб олган кеназ А. Бекович-Черкасский етказади (Бекович-Черкасскийнинг келиб чиқиши қабординлардан, чўқинишидан олдин исм-шарифи Давлат Гирей мирзо бўлган, - Абу Муслим). Пётр бу хабарни эшитиши билан дарҳол сенатга фармон йўллаб, Бухоро элчисини имкон қадар яхши кутиб олишни, унга Оврупо давлатларининг элчиларига кўрсатиладиган иззат-икром кўргазишни ҳамда то ўзи Россияга қайтмагунча уларни тўхтатиб туришни топширади. Пётр Хонқулибекни шахсан қабул қилмоқчи эди.
Элчи, унинг волидаси, хотин ва бола-чақалари, ходимлари (жаъми олтмиш икки киши) тушган бир юз йигирмата от-арава шошилмай-нетмай Астархон шаҳридан Саратовга, ундан Москва томон йўлда давом этиб ниҳоят 1717 йил июл ойида Петербургга етиб келади ва зўр тантана билан кутиб олинади. 20 сентябр куни Пётр I Хонқулибекни «хон ёрлиғн узра қўлини кўтариб», тантанавор маросимларни адо этиб қабул қилади. Элчи унга Абулфайзхон юборган туҳфалар — ипак, парча, зотли отлар, икки маймун ва икки барснинг терисини (булар йўлда нобуд бўлгач, териси шилиб олинган эди) топширади. Аммо Россия ҳукмдори учун энг яхши совға озод қилинган ўттиз олти нафар рус асири эди. Ўз навбатида элчи хоннинг Бухородаги ўз саройида жавоб ташрифи билан борадиган рус элчисини кўриш истагини баён этади. Мана бу гап Пётрга жуда ёқиб тушади. Чунки энди Мовароуннаҳрдаги вазиятни аниқлаштириш, Бухоро билан иттифоқ тузиш, Бухоро орқали бошқа шарқ мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва Россиянинг таъсир доирасини у ерларга ёйиш ишларини «расмий», дипломатик йўллар билан амалга ошириш учун қулай имконият вужудга келаётган эди. Ўрни келганда айтиб ўтайлик, бу каби ишларни қурол кучи билан бажариб бўлмади, сабаби куни кеча Пётрга кеназ А. Бекович-Черкаасскийнинг ҳалок этилгани тўғрисида қайғули хабарни етказишди Ҳа. Россчига Бухоро элчилари келаётганлигини хабар қилган ўша кеназ Хивада қўлга олиниб ўлдирилган эди. Бу воқеа эса куйидагича кечган эди...

Россия хонликлар ўртасидаги ўзаро курашлардан фойдаланиб-колмоқ ниятида талай тадбирларни кўра бошлагани тарихдан яхши маълум. У Бухоро ва Хива хонлари розилигини олиб, уларга ўз душманларига қарши курашда ёрдам тариқасида «хон гвардияси» ниқоби остида рус ҳарбий бўлинмаларини ўрнаштириш мақсадида жанубга турли экспедитсиялар йўллайди.

Шулардан бири номи юқорида зикр этилган кеназ Бекович-Черкасский бошлиқ экспедитсия эди. Унга 1714 йил май ойидаёқ Амударё мансабини қидириб топиб, дарёнинг Каспий денгизига олиб борадиган эски йўлини тўсиб қўйган ғов-тўғоннинг қаердалигини аниқлаш вазифаси топширилган эди. Шу мақсадда унга бир ярим минг кишилик ҳарбий қўшин берилади, турли харажатларга беш минг сўм пул ажратилади. Кеназ яна беш юз нафар Ейиқ казагини сафарбар этиб, 1715 йил апрел-октябр ойлари давомида Каспий денгизининг шарқий қирғоғини бошидан охиригача кезиб чиқади ва 4 август куни Пётр I га: «Мен илгари Амударё Каспий денгизига қуйиладиган Оқтам деган жойга келдим, Амударё Хивадан тўрт вёрст нарида «алоҳида тўғон орқали» Орол денгизига йўналтирилган; бу ерда маҳаллий олтиндан харид қилдим», деган мазмунда хабар юборади. Сўнг Каспий денгизи харитасини тузиб, Астархонга қайтиб келади.
Амударёнииг Каспий денгизига қадимда қуйиладиган жойи — мансаби бўлган экан—бу ғоят муҳим хабар эди! Амударёнинг Каспий денгизи томон эски оқимига тўсқинлик қилиб турган тўғон (у бегоналарнинг денгиз орқали Каспийдан тўппа-тўғри Хивага келишига йўл қўймаслик мақсадида қурилган эди) яксон қилинса, бас, Астархондан Хивага сув йўли билан бемалол бориш мумкин! Пётр 1716 йил февралида Бекович-Черкасскийни қабул қилади, шу ойнинг ўзидаёқ унга капитан унвонини бериб, Астархонга жўнатади. У фармонга биноан Хивага бориб, хонни Россия табаалигига ўтишга кўндириши, «хон бизнинг манфаатларимиз йўлида жонбозлик қилиши»-учун унинг ихтиёрига икки минг казакдан иборат рус гвардиясини бериш, Амударё ўзанини тўсиб турган тўғонни «вайрон қилиш», шу жойда қалъа қуриш каби ишларга бош бўлиши зарур эди. Мана шу мақсадда кеназга олти минг саллот ва казак қўшини берилади.

Шу ўринда А. С. Пушкиннинг «Пётр тарихи. Тайёргарлик матнлари»га мурожаат этамиз. (Маълумки, шоир йигирма етти ёшида Пётр I тарихини яратишга аҳд қилади ва орадан йиллар ўтиб, подшонинг ижозати билан Россия Ташқи ишлар коллегияси ҳужжатхонасида ўнлаб-юзлаб архив материаллари билан танишади; Пётр даврига оид барча адабиётларни ўқиб-ўрганиб, шуларнинг қисқача баёнини махсус дафтарларга қайд қилиб боради. Аммо умри қисқа экан, Пётр тарихини ёзиб улгура олмайди, тайёргарлик матн (конспект)ларини нашр этишга эса Николай I нинг ўзи «қўлёзма»ни ўқиб, «Буюк Пётр шаънига кўпгина беандиша гаплар битилганлиги сабабли босиб чиқарилиши мумкин эмас», деб рухсат бермайди. Ҳозирги даврга келиб, шоирнинг ўн жилдлнк тўла асарлар тўпламида мазкур қўлёзма деярли бутун бир тўққизинчи жилдни ташкил қиладики, қуйидаги иқтибос ана шу китобдан олинди). Пушкин Бекович-Черкасскийнинг Хивага юриши тўғрисида ёзади: «Пётр уни Амударёнинг илгари Каспий томон оқиб борганлиги, лекин бухоролнклар томонидан Оролга буриб юборилганлиги аниқ эканлигнга ишонч ҳосил қилиш учун йўллаган эди. Шунингдек, олтин қум ҳақидаги миш-мишлар хам ҳукмдорни қизиқтириб қолган эди. Бизнинг тижорат ишларимиз учун Ҳиндистонга олиб борадиган йўлни топиш фикри унинг даҳосига яна ҳам муносиб фикр эди. Бахтга қарши, Бекович ҳар нарсага ишонаверадиган, ўжар-кажбаҳс ва билимсиз одам эди ва буюк бир иш унинг ўзи билан бирга сувга уриб кетди...

Бекович Тўқ-Қараған қалъаси (Тўқ-Қараған бурнида) пойдеворини қурдириб, унда Пенза полкини қолдирди. Ўндан 120 вёрст нарида, кўрфаз бўйида бошқа бир — Александр-Бай қалъасини тиклаб, унда 3 та ротани колдирди. Сўнгра Амударёнинг аввалги ўзанн гўё қуриган жойида, Красноводск кўрфазида асосий қалъа заминини қурдириб, унда Крутояр ва Риддлер полкларини қолдирди (Александр-Байдан 300 вёрст нарида ва Астрахандан худди шунча масофада). Бекович ана шу ердан Амударёнинг ўзи хаёл қилган ўзани бўйлаб юрди, у келаси ёз фаслида тўғонни қидириб топиш умидида Орол денгизи ёқалаб боришни мўлжаллаб қўяди.

У Астархонга қайтиб, Красноводскда полковник фон дер Вейденни қолдирди. Хива хонига уч элчини йўллаб, ўзининг у ерга боражагини билдириб, ёрдам талаб қилди, аммо элчилар қайтиб келмади.

1717    йил июлида Бекович бир драгунлар эскадрони, икки рота саллот (тўп ва заҳиралари билан), 1500 нафар Ёйиқ казаги, 500 тотор, 500 Гребня казаги, 200 ўрис ва тотор савдогари билан юриш бошлади... Бекович Хивага етиб келади. Унинг атрофини Хива хонининг ўзи — Шерғози бошчилигидаги 24 минг қўшин қуршаб олади. Уларнинг муваффақиятсиз хуружлари уч кун давом этади. Бекович олға қараб юраверади. Аҳоли Хивадан ташқари чиқиб кета бошлаганди. Бекович айни шу пайтда хотини (қизлик вақтидаги фамилияси — княжна Голицина, Борис Алексеевичнинг қизи) ўзининг икки фарзанди билан Волгага чўкиб кетгани тўғрисидаги хабарни эшитади. Унинг руҳи буткул тушиб, ақлдан озаёзади. Шу аснода Шерғози ҳийла ишлатади. Гўё музокара олиб бориш мақсадида Бековични алдаб, ўз ҳузурига олиб келишга муваффақ бўлади... Барча россиялнклар қўлга олинади, Фраикенберг (майор) ҳам асир тушган Бековичнинг уч карра берган буйруғини бажариб, алданади. Барча россияликлар қўлга олиниб, ўлдирилади, Бекович билан Франкенберг ҳалок бўладилар. Хива хони Бухоро хонига шўрпешона Бековичнинг калласини юбориб, ўзини ва қўшнисини хавфли бир душмандан халос этгани билан мақтанади. Унинг айёрлигидаи фойдаланган Бухоро хони Шерғозини одамхўр деб атайди ва бу билан Пётрнинг кўнглини олади. Пётр Бухоро хони оркали ўз ишларини қайта бошлашни дилига тугиб қўяди ҳамда шу мақсадда Ташқи ишлар коллегиясининг котиби Флорио Беневенини Бухоро хони ҳузурига йўллайди».

Нақл қилишларича, Пётр ўлим тўшагида икки нарсага: Прутдаги омадсизлиги учун Туркиядан ва Бековичнинг ўлдирилганлиги учун Хивадан қасос ололмаганлигига афсусланган.

У Бухоро элчисини қабул қилиб, Хонқулибекнинг хон номидан Бухорога «оқил бир кишини» элчи қилиб юбориш борасидаги таклифига бажонидил кўнгани боиси ҳам шундан эди. Шундай қилиб, Хонқулибек Пётрнинг хон номига битган ёрлиғи ва бир кўп совға-саломларини олиб, йўлга тушади. Уч ой деганда бухороликлар Астархонга етиб келишади. Кўп ўтмай Астархои губернатори пойтахтдан Россиянинг Бухородаги элчиси бормагунига қадар Бухоро сафирини нима қилиб бўлса ҳам ушлаб турш борасида кўрсатма олади. Икки элчи Астархонда учрашиб, сўнг биргаликда Бухорога йўл олишлари керак эди. Аввалига Пётр-Бухорога «улуғ элчилик» юборишни мўлжаллаган эдики, у Бухоро хомлиги билан «яқин алоқа» ўрнатишга қанчалик зўр аҳамият берганлигини шундан ҳам билнш мумкин. Бироқ кейинчалик: бу фикридан воз кечади, негаки у вақтдан ютмоқчи эди: расмана элчилик юбориш учун узоқ вақт ҳозирлик кўриш лозим бўларди, элчининг ўзини жўнатиш анча тез ва енгил кўчарди. Ниҳоят, узоқ йиллар Пётрнинг энг ишончли одамлари — тажрибали дипломат-лар Шафиров ва Толстойлар қўлида ишлаган Флорио Беневенини 1718 йил 1 июл купи элчи қилиб Бухорога жўнатиш тўғрисидаги фармонга имзо чекилади, сентябр ойида эса унга Москвада хон номига ёзилган олий ёрлиқ ҳамда совға-саломлар — хон, унинг онаси, вазирлари, яқин кишиларига аталган олмахон, тулки, сувсар мўйналар, кўн-тернлар, мовут, чинни идишлар, занг урадиган, Англияда ишланган соатлар ва ҳоказо топширилади. Ва, албатта — махфий йўл-йўриқ, яъни, иш дастури... Ўша йили (13 ноябрда Астархонга етиб келиб, уни беш ойдан бери кутиб, ётган Хонқулибек билан учрашади. Бухорога эса, улар роппа-роса икки йилу беш ойу бир ҳафтадан сўнггина етиб келишди.

Аниқроғи, Беневени 1722 йил 6 апрел купи Бухорога етиб келади ва «Шарқ экспедитсияси котиби Флорио Беневеиига йўл-йўриқлар» деб аталмиш махфий кўрсатма асосида иш бошлайди. Россиянииг олимақом маъмурлари — канслер граф Головкин ва кичик канслер барон Шафиров 1718 йил 13 июлда имзо чеккан ушбу ҳужжатда жумладан «қайси катта-кичик дарёлар қаерда Каспий денгизига қўшилишини, уларда қандай кемалар борлигини, қандай шаҳарлар мавжудлигини, улар мустаҳкамланганми, қалъалари борми-йўқлигини аниқлаш, булар барини бухороликларга сездирмай, синчковлик билан кузатиш ҳамда усталик билан билиб олиш... хоннинг вилоятида қанча ва қандай қўрғонлар бор, қайси жойларда қанча суворий ва пиёда қўшини, тўплари ҳамда бошқа қуроллари борлигини, буларнинг қаий аҳволда эканлигини, ўша қалъалар қандай назорат қилиниши, қўшинлар, тўплар ва ҳоказолар қай тартибда сақланишини имкони борича қулай йўллар билан кузатиб бориш ва разведка қилиш, Бухоро хонининг форслар ва хиваликлар билан ҳамда бошқа қўшни ҳукмдорлар билан, шунингдек, турклар билан муомаласини, хон қайси бирлари ҳужум қилиб қолишидан қўрқишини, ўз фуқаролари устидан ҳукми зўрми ё йўқми, булар исёнга мойилми ёки йўқми эканлигини, хонликда идора усули қандай... унга келажакда подшо ҳазратларининг ёрдами зарур эмасмикан — шуларни яхшилаб аниқлаб билиш» вазифаси топширилган эди. Махфий йўл-йўриқнинг охирги, еттинчи моддасида қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «У, элчи, бухороликлардан ва Бухорода яшовчи хиваликлардан Хивага қарашли ерларда, дарё (яъни, Амударё) ва бошқа дарёларда... чиндан ҳам олтин бор-йўқлигини билиб олишга интилсин... Агар у ерда қалъа ва одамларга эга бўлсак, ўша олтиндан кўплаб қазиб олиш мумкинми? Агар чиндан ҳам ўша дарёларда олтин борлигини ҳамда уни кўплаб олиш мумкинлигини билиб олса, ўша ерга етиб бориш ва одамларни ўша жойга олиб бориш, уларни таъминлаш ва хиваликлардан муҳофаза этиш имкони бор-йўқлигини, бу иш бухороликларга зид иш бўлнб чиқмайдими-йўқми — шуни билишга ҳаракат қилсин. Бу тўғрида, ҳамма нарса тўғрисида хабардор бўлиб, атайин юборилган чопар орқали дарҳол подшоҳ ҳазратларига ёзиб юборсин, ўзи эса юборган маълумотларига оид буйруқ олмагунича, ўша ерда муқим турсин, шу аснода юқорида таърифланганидек, ҳамма нарсадан, яъни, улар давлатининг ҳол-аҳволидан чуқурроқ хабардор бўлиб турсин ва кундаликка ёзиб борсин, токи қайтиб келганидан сўнг жаъмики нарсалар ҳақида подшоҳ ҳазратларига батафсил ва ҳаққоний ахборот берсин. Мабодо Бухоро хони гвардиясига қўриқлаш учун бир неча юз ва ундан ҳам кўпроқ россиялик одам керак бўлиб қолса, бундан хабардор бўлиб, қулай пайт келганида хуфиёна таклиф этсинки, подшоҳ ҳазратлари бу ишдан хонни мамнун қилиши мумкин...»

Биз юқорида келтирган ҳамда илова тарзида ёритган расмий ҳужжатларнинг мазмунини зийрак ўқувчиларимизнинг ўзлари албатта чақиб, тегишли хулоса чиқаришларига аминмиз ва шу боис уларни бирма-бир изоҳлаб-тушунтириб ўтирмаймиз.

Бухородаги Россия элчисининг кейинги тақднири қандай кечди? У ўзига топширилган ғоят нозик ишларни бажариб бўлиб, Пётр пойтахтига, узоқ Россияга чопарлари — юнон Иван Дементйе бошқирд Мақсуд Юнусов, италян Николо Минер каби чўлу саҳро йўллари азобига бардош бериб, эсон-омон етиб бордими? Ҳа, етиб борди, аммо бунинг учун яна кўп кутишга тўғри келди. 1723 йил март ойида Беневени Ташқи ишлар коллегиясига мурожаат қилиб, Бухородан кетишга ижозат сўрайди, чунки у: «ўзимга юклатилган вазифамни адо этдим», деб ҳисобларди. Лекин яна, икки йил Бухорода қолиб кетишини асло хотирига хам келтирмасди. Хати етти ой деганда Петербург дипломатияси раҳбарлари қўлига тушиб: «Сенга Бухородан саройимизга дарҳол, ўзингга қулайроқ ва енгилроқ бўлган йўл билан жўнашингни буюрамиз. Маълумотинг учун хабар қиламизки, ҳозир Форс ўлкаларида бизнинг қўшинларимиз турибди, сен шунга имкон топсанг, бизнинг қўшинларимиз турган жойлар орқали ўтиб боргайсен», деган мазмунда жавоб мактубини олади.

Бухоро хони, унинг олимақом маъмурлари ҳам анойи эмасдилар, албатта. Улар кеназ Бекович-Черкасский элчи ниқоби остида Хивада қилган ишларидан тегишли хулоса чиқарган, шу сабабли ҳам Беневенига шубҳа билан қарар, унинг ҳар бир қадамини кузатар, сўзларига ишонмас эдилар. Бухоро хони билан хайрлашув маросимини бажо этганидан сўнг ҳам амалда элчининг жўнаш муддатини аниқ белгиламайдилар, уни кузатиб бориши лозим бўлган қўриқчиларни тайин қилмайдилар. Боиси— Бухоро аъёнлари Россия билан яқинлашувни истамас, хон ҳам уларнинг айтганини қилар ва рус элчисини қўйиб юборишни лозим кўрмасди. 1725 йил 16 феврал куни Беневени Бухородан чиқиб, Эрон томон йўлга отланади ҳам, аммо кетидан бир даста қўшин юборилгач, ортига қайтишга мажбур бўлади.

Бу вақтга келиб Шерғозихонга «Бекович-Черкасскийнинг ўлими учун Россия мендан қасос олиши мумкин» деган хаёл тинчлик бермас, айниқса, рус қўшинининг Эронда бўлиши кўнглини хижил қилар эди. Шу боис у Россиянинг Бухородаги элчиси мушкул аҳволда қолганлигидан бохабар бўлгач, унга нома йўллаб, Хива орқали Россияга ўтиб кетиши мумкинлигидан огоҳ этади. Мазкур таклиф элчини узоқ ўйлантириб қўяди. Бир томондан, у Хива йўлини танласа, худди Бекович каби асфалисофилинга жўнатилиши эҳтимолдан холи эмасди, бироқ Бухорода қолиш ҳам ўлим билан юзма-юз туриб яшаш, демак эди. Ниҳоят у таваккал қилади: 8 апрелда тун ярмидан оққанда Хивага қараб йўлга тушади. Бухоро аъёнлари, табиийки, элчидан буни сира кутмаган унинг йўлига бирон-бир ғов қўйишни ўйламаган ҳам эдилар.

Ўн кун деганда Хивага етиб борган Беневени Ёйиқ ва Гурйев шаҳарлари орқали ниҳоят Астархон тупроғнга қадам қўяди...

Петербургдан туриб, узоқ Бухоро ва Хива олтин-кумушига қўл чўзган Пётр эса ботқоқлик ўрнида ўн минглаб кишиларнинг бевақт қурбонлиги эвазига қурдирган иойтахт шаҳрида саккиз ойдирки, ҳашаматли тобут ичида ётар эди.

Илҳом Султонов

Янгиланди ( 24.01.2014 07:49 )
 


32 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин