Вақт келмадими? |
29.08.2013 12:55
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Табақайи мунавварайи миллияси (яъни интеллигенцияси) бўлмаган бирор-бир миллат йўқдир.
Немис, франдуз, инглиз каби буюк миллатлардан ибрат олган поляк, чех каби мутамаддун қавмларни ҳам қиёсга олмас эсак, Русиянинг шимолидаги бир ҳовуч финланда ва жанубидаги ярим хрвуч арманиларда ҳам «табақайи мунавварайи миллия» кўрмоқдамиз... Кўрмоқдамиз-да, суқланиб ва ҳасратда қолиб, ўз миллатимизнинг бундан маҳрум эканлигига қонли ёшлар тўкмоқдамиз. Бир милйўн армани орасида бир неча юз зиёли миллатчилар борлиги ва муҳаббати миллиялари, жиддият ва фаолият ва ихлослари ила Усмонли ва Русия каби икки буюк ҳукуматнинг тасарруфида бўлган бир неча вилоятларни бир-бирига қарама-қарши қилишга муваффақ бўлганлари ҳолда йигирма милйўн Русия мусулмонлари ёки ўн саккиз милйўнлиқ Русия турклари орасида етти-саккиз жиддий миллиятчи бўлмаганига таассуф оздир, оташларга кириб, ёнишимиз керак. Бундан йигирма, ўттиз, қирқ йил аввал миллатимизнинг бошида турган, русларнинг таъбиринча, «образованнне мусульмане» (табақайи мунавварамиз) тилга олинар эди. Булар икки генерал, уч пўлкўвник, беш қапитан, етти ясавул пўдпўручик, ўн икки ғубернски секретар, йигирма қолижаский регистратур ила буларга йўлдош бўлган қирқ-эллик соҳиби медал ва хилъат афандилардан бўлар эди. Ушбу табақа учун миллат надир ва миллат учун булар надир? Бу — ҳар бирингизга маълум. Ичкари Русияда, Қримда ва Кавказда бу табақадан миллатга ёдгор қолган бир нарса йўқдир. На иш, на ёзув, на илм ва на яхши от. Нима бўлганда ҳам, жаноби Ҳақ бу табақанинг тақсиротини афу этиб, қайта пайдо бўлишларини ўзи насиб айласин. Фалон бекнинг мадрасаси, фалончи етиштирган одамлар, фалон князнинг асари адабияси ё таржимайи фаннияси ёки ҳиммати илмияси ўлароқ «бир нарса» кўрилмади. Миллат фоидасига қилинган фалон «бир иш» эшитилмайди. Бу марҳумларнинг тўғридан-тўғри ўғил ва авлоди бўлмаса-да, ворислари, деб ном олган ёшларимиз ва ёш табақайи мунавварамиздан буюк ишлар, нафъли амаллар, миллатни тараққий ва юксалишига олиб борувчи тадбирлар кутилмоқда. Ажабо, булар мансуб бўлган миллатларига қандай хизмат қилишлари мумкин? Бунга жавоб берадиган даражада бирор-бир асар ва адабиёт йўқдир. Матбуъ суратда маслаки миллия музокара қилинмади. Бу ҳолда таҳсили олия кўрган жавонларимиз ва бошқа бир суратда касби маълумот этмиш одамларимиз бир мажлис, бир ижтимоъ қилиб, жиддий бир маслак ва тарзи ҳаракат таъйин этсалар яхши бўлмасмиди? Ҳар вилоятда бир неча зиёли ёки маълумотли мусулмон бор. Аммо булар бир-бирини билишни истамай, пароканда умр ва фикр юритмоқдалар... Биз, зиёли мусулмонлар, жуда озмиз. Лекин жумламиз уч-беш кун бир маҳаллада ижтимоъ ва мажлис қилсак, «бир қанча» эканлигимизни кўриб, кўнглимизни очар, фикримизни этардик. Миллатимизга букун нима керак? Миллатимизга эрта ва индин нима керак бўлади? Бугун нима қилиши керак, нима қилмаслиги керак? Миллат нима истайди ва нимани истамайди каби бир қанча масалалар музокара қилинарди ва шубҳасиз, фоидаси ҳам кўринар эди. Оддий ва содда аҳоли, яъни тужжору уламо ва оддий косиблар икки-уч маротаба «умумий мажлис»лар ўтказиб, Мақарияда, Петербургда «шўройи уммат»ларга юзлаб келдилар. Бир турли мушоваралар қилиб, қарорлар қабул қилдилар... Биз, зиёлиларга буларнинг ҳиммати намунайи им тисол бўладиган ҳоллардандир. Миллат уйғонади, иш бошлайди. Бизлар... қўрқаман, ҳозир нима лозим. Ё мавзудан четда ёки янглиш йўлларда юрмокдамиз.
«Таржимон» г., 1907 й., 12-сон
|
|
Амир Темур - Буюк давлат арбоби ва саркарда |
21.07.2014 06:59
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳақида Италиянинг Марко Поло институти томонидан нашр этиладиган “Марко Поло” журналининг 2006 йил 2-сонида махсус мақола босиб чиқарилган. Қуйида ушбу мақола чоп этилмоқда.
2006 йил 9 апрел куни Ўзбекистонда буюк давлат арбоби ва саркарда, Европада “Тамерлан” деган ном билан машҳур бўлган Амир Темурнинг туғилганига 670 йил тўлиши кенг нишонланди.
1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг илк кунларданоқ, кўп асрлар давомида аждодлар томонидан яратилган улуғ, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Машҳур давлат арбоби, Ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи, илм-фан ва маданият раҳнамоси Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим мислсиз даражада юксалди.
Сиёсий майдонга қадам қўйганида Амир Темур эндигина 24 ёшга кирганди. Мамлакат пароканда, маҳаллий сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олганди. Устига устак, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди.
Тахминан бир аср давом этган бу даврда Мовароуннаҳрнинг истибдод аламини тортган оддий фуқароларидан то йирик сиёсий арбобларию дин пешволаригача жуда ҳам оғир кун кечирдилар. Жамиятга озодликка ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор, доҳий зарур эди. Тақдир тақозоси билан Амир Темур ана шундай халоскор ва йўлбошчи сифатида тарих саҳнасида пайдо бўлди.
1370 йилда Амир Темур Балхда бўлиб ўтган қурултойда Мовароуннаҳрнинг улуғ амири деб эълон қилинди. Тарқоқликни бартараф этиб, айрим ўлкаларни ягона давлатга бирлаштириш Амир Темурнинг асосий мақсади эди. У давлатнинг пойтахти қилиб Сўғдиёнанинг қадимий пойтахти бўлган Афросиёб харобалари ёнидаги Самарқандни белгилади ва янги шаҳарга асос солди.
Амударё билан Сирдарё оралиғи, шунингдек, Фарғона ва Шош вилоятларини бирлаштириб ўзига бўйсундиргандан кейин Амир Темур бошқа мамлакатларга ҳарбий юришларга киришди.
Амир Темур салтанати Ўрта Осиёда 35 йил (1370-1405) ҳукм сурди. У Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Сирдарё ва Зарафшонгача, Тян-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.
Амир Темур ҳарбий юришларининг билвосита оқибатлари улкан аҳамиятга эга: у Хитойда Мин сулоласи давлат бошига келганда мўғулларнинг Хитойга солаётган хавфининг олдини олди; Олтин Ўрдани енгиб Москва Руси учун ҳам худди шундай ёрдам кўрсатди. 1402 йилда усмонлилар султони Боязид устидан Европа учун катта аҳамиятга эга бўлган ғалабани қозониб, усмонлиларнинг Константинополни истило этишларини ярим асрга суриб юборди. Француз тарихчиси Р.Груссе 20-аср бошларида “Амир Темурнинг Боязид устидан ғалабаси христиан оламини асраб қолди”, деб ёзган эди.
Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро 1, Юлий Сезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди. Амир Темур мингта жанг ўтказиб биронтасида ҳам енгилмаган машҳури замон саркарда сифатида, давлат тузилиши ишларига, илм-фан, маърифат, маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган сиёсий арбоб сифатида тарихга кирди.
Амир Темур тарафидан тарқоқ вилоятлар ягона давлатга бирлаштирилиб, марказий ҳокимият тузилиб барқарорлашгандан кейин, мамлакат иқтисодиёти мустаҳкамланди, савдо ва ҳунармандчилик ишлаб чиқариши ривожлана бошлади, қўшни ва узоқдаги мамлакатлар билан савдо-хўжалик алоқалари кенгайди.
Амир Темур ҳаётлик пайтида давлат бошқаруви ҳақида “Темур тузуклари” деган номда машҳур бўлган махсус китоб ёзилган эди. Унда бу машҳур давлат арбоби ва саркарданинг ҳарбий санъатга, давлат тузилиши ва мамлакатни бошқаришга оид қарашлари акс этди.
“Куч адолатда” шиори бутун Амир Темур давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди.
14-асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр Яқин ва Ўрта Шарқнинг тижорат, иқтисод ва маданият марказига айланиб борди. Чингизхон қўшинлари томонидан таг-тубигача вайрон қилинган Самарқанд, Кеш, Бухоро, Термиз, Тошкент, Марв, Ҳирот каби ва бошқа қадимий шаҳарлар обод бўла бошлади. Масжиду мадрасалар, мақбаралар, карвонсаройлар ва ҳаммомлар қурилди.
Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд, Амир Темурнинг ниятига кўра, куррайи заминдаги энг чиройли шаҳарга айланиши керак эди. Самарқанд Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёнинг энг яхши меъморлари тўпланган шаҳарга айланди. Меъмор ва бунёдкор усталарнинг баҳамжиҳат саъй-ҳаракатлари туфайли жаҳон меъморчилигида янги йўналиш пайдо бўлди ва у ижоднинг гўзал намуналарини инъом этди
Амир Темур ҳаётлик пайтида бунёд этилган ўнлаб меъморий ёдгорликлар инсон тафаккури, ақли ва салоҳиятининг беназир тажассуми эди.
Амир Темур 12-асрда яшаган ислом илоҳиётчиси, шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий даҳосига эҳтиром кўрсатиб, унинг шарафига Туркистон шаҳридаги кичик дахма устида улуғвор мақбара бунёд эттирди. Мақбара бугунги кунда ҳам ўзининг салобати, кўрки ва ажойиб сопол безаклари билан кишини ҳайратлантиради.
Хожа Аҳмад Яссавий адолатни, инсоннинг ахлоқий покланиш ва комилликка эришиш ғояларини тарғиб этгувчи сўфийликнинг “яссавия” тариқати асосчиси эди. Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавийни ўзининг пири деб билар, динга кишиларни маънавий ва ахлоқий камолотга етакловчи, мамлакат куч-қудрати ва улуғворлигини мустаҳкамловчи куч сифатида ёндашарди.
15-аср тарихчиси Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур “ободончиликка арзийдиган бир қарич ҳам ер бўш қолмасин”, деб қайғурарди.
Улкан ва қудратли салтанат барпо этган Амир Темур янгича тарихий вазиятда мамлакатда маънавиятнинг гуллаб-яшнаши, юксалиши ва ўтмиш даврларнинг олий анъаналари тикланиши учун шарт-шароит яратди. Амир Темур ва Темурийлар сулоласи вакилларининг гуманитар соҳаларга алоҳида эътибори туфайли Х1В-ХВ1 асрларда юксак илмий ва ижодий ютуқларга эришилди.
Амир Темур ва Темурийларнинг аёлларга бўлган меҳрибонларча муносабатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Амир Темур ўзининг суюкли рафиқаси Бибихоним шарафига Самарқандда улуғвор жоме масжид қурдирди. Бибихоним номи билан аталувчи бу масжид Амир Темур даврининг энг маҳобатли биноларидан бири саналади. Масжид 1399-1404 йилларда қурилган ва ҳозирга қадар яхши сақланган. Буюк бобокалонидан ўрнак олган бобурий Шоҳжаҳон суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим учун 1652 йилда мақбара - дунё мўъжизаларидан бирига айланган нодир меъморий ёдгорлик қурдирди.
Амир Темур ва Темурийлар даврида адабиёт, амалий ва тасвирий санъат ривожланди. Айниқса, исломга қадар мавжуд бўлган деворий монументал расм ва китоб миниатюраси санъати юксалди.
Амир Темур тарихда моҳир дипломат ва давлатлар ўртасида яхши муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларини йўлга қўйиш тарафдори сифатида чуқур из қолдирди. У Европа ва Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишларни амалга оширди. Соҳибқирон дунёнинг турли мамлакатлари билан алоқалар ўрнатди: бир тарафдан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи тарафдан – Франция, Англия, шунингдек, Усмонлилар империяси, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатлар.
Амир Темур савдо-иқтисодий муносабатлар орқали халқлар ва мамлакатлар орасида ягона макон яратишда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. У Испания қироли Генрих III Франция қироли Карл IV, Англия қироли Генрих саройларига элчилар йўллади; айни пайтда ўз саройида испан, француз, инглиз, хитой ва бошқа хорижий мамлакатларнинг элчиларини қабул қилди.
Амир Темур умрининг кўп қисмини юришларда ўтказди. Шарққа қилган юриши пайтида Амир Темур 1405 йил 18 феврал куни Ўтрор шаҳрида вафот этди. Унинг жасади Самарқандга олиб келиниб, 23 феврал куни Гўри Амирда, набираси Муҳаммад Султон дахмасида дафн қилинди.
Европалик олимлар Амир Темур ва унинг фаолияти ҳақида бундан тўрт юз йил илгари гапира бошлаган эди. 1553 йилда Флорентсия (Италия)да италян олими Перондино қаламига мансуб “Скифлик буюк Тамерлан” китоби босилиб чиқди. Бу Европада Амир Темур ҳақидаги илк илмий тадқиқот ҳисобланади.
Европа тилларида (испан, инглиз, француз) эълон қилинган ёзма манбалар ичида биринчи ўринда испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)” туради. Буюк Рембрандт Бобурийлар замонидаги ҳинд миниатюраларидан илҳомланиб, Амир Темурни унинг ворислари Умаршайх, Заҳириддин Бобур, Ҳумоюн ва Акбар даврасида тасвирлайди.
ХУ1 асрда яшаган машҳур инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг “Буюк Темур” номли трагедиясида ёш Темурбек ўзининг тенгсиз ақли, салоҳияти ва шижоати билан жаҳон тарихидаги қудратли подшолардан бирига айлангани намойиш этилган. Трагедия ХУП асргача саҳнадан тушмай, Англияда театр мавсумини бошлаб берган.
Бир неча европалик бастакорлар операларда Амир Темур образини яратганлар. ХУП аср бошида италян бастакори Гаспирни “Тамерлан” операсини яратди. Мазкур опера Вена театрида саҳна юзини кўрди. Бастакор Лео уни Неапол театрида саҳналаштирди. Антонио Вивалди, Сколари, Гендел ва бошқа бастакорлар ҳам бу мавзуда мусиқа асарлари яратганлар.
Бугун жаҳоннинг элликдан ортиқ мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Темур ва Темурийлар даврига бағишланган кўплаб китоблар чоп этилмоқда. Ўтган олти юз йил мобайнида Европа тилларида Амир Темурга бағишлаб ёзилган салмоқли асарларнинг сони 500 га етди, Шарқ тилларида эса 900 дан ошди.
Русчадан М.Аҳмедов таржимаси ЎзА |
|
|
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Баёни ҳол (1913) |
13.03.2014 23:39
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
БАЁНИ ҲОЛ
«Самарқанд» газити сармоясиз, фақат ваъда ва умнд илан чиқарилиб эди. Умидлар тасаввурдан феълға келмади. Зарар ва оқчасизлик сабабли чору ночор беш он давом этиб, 1913 йил 13 сентябр 44 адади-ла вақтинча ётиб эди. Сўнгра Хўқанддан 500 сўм иона таклиф қилинди. Аммо бу 500 сўм ила «Самарқанд» жаридасининг адад-давоми маълумлиги учун ионани қабул қилолмай, ширкат таъсис этилиб, жаридани давом этдирмоқ учун идора тарафидан миллатға 17 сентябр ойи 45-адад «Самарқанд» ила мурожаат қилиниб, бир ой муҳлат қўюлуб эди. Аммо маатаассуф, бу бир ой муддатда (17 ўктабрғача) «Самарқанд»ни чиқаратурғон ширкат пайдо бўлмади.
Дигар тарафдан, «Самарқанд» муштарийларининг баъзилари ва бошқа туркистонли ҳамватанларимиз ташвиқномалар ила «Самарқанд»ни чиқармоқни таклиф қилдилар. Инчунин, Русиядаги матбуоти исломия «Самарқанд» таътилини(нг) таассуфлар ила маррат баъд охири ёзиб, яна чиқишини таманнода бўлинди. Алалхусус, Русия мусулмонлари жароидининг аноси ва пири муҳтарами ўлан «Таржимон» ва «Вақт» ва бошқалари янадан чиқишиға дуочи бўлуб ва «Самарқанд» жаридасининг маслакиға, мундарижотиға ҳусни занларини изҳор этдиларки, «Самарқанд» муҳаррири масъули барча ҳамватанларига ва Кафкоз, Қрим ҳам Тотористон матбуоти исломиясиға бул бобда ташаккуроти қалбиясини ожизона тақдим ва миннатдорлигини изҳор ва ояндаға маънан ва моддатан иона ва ҳидоят этмоқларини таманно этар. Бир важҳи боло таклиф ва ташвиқлар, ваъда ва дуолар бизга яна қувват ва умид бериб, ишға савқ этди. Аввалан, «Самарқанд»ни чиқармоқға қасд этилди. Аммо охири яна аввали каби сармоясиз эди. Ва зарарини таҳаммулиға қувватимиз етмаслиги зоҳир бўлди. Дигар тарафдан, асаб(ий), яъни сингир хасталиги ва ҳам кўз касалиға гирифторлигимиз учун ҳафтада икки ё уч дафъа газитни таҳрир ҳам идораси бизға мумкин эмас эди. Таҳрири учун вазифа ила ражо ва талаб қилинган дароятли муҳтарам муҳаррир жанобларида баёни муаззот этдилар.
Хулоса: ақча қаҳати, рижол қаҳати бизни мушкул ҳолда қўйди, Ва охири, ҳафталик «Ойна» мажалласини чиқариб турмоқни таржиҳ қилинди. Газитни идорасиға кофий муштарий мавжуд бўлгунча ва ё оқча топулгунча «Ойна» давом этар. «Ойна» зарар этса-да, зарари нафсимизға оид ва муштарийларға асло зарар юкланмайдур.
Мажалла баҳосини-да арзон қилинди.
«Ойна»ға муқтадир муҳаррир ва ҳар тарафдан мухбирлар даъват қилинди. Тили аввалгидек туркий ва форсий назм ва наср бўлуб, мундарижоти илмий, адабий, сиёсий, фаний ва тарихий мақолалардан, вуқуот ва ахбори ҳафтадан, киноя ва мудоҳакадан иборат ва тасвирлик бўлур, Тадрижи мукаммалият, нафосат ва интизомиға диққат қилинур. Баъзан русча мақолаларида дарж қилинур. Арбоби қалам ва хабардан рижо этармизким, бизға қалам ва донишлари ила танбеҳотда, ионатда бўлинсалар, мажалла бизники эмас, миллатникидур. Сўйланатурган сўзлар шахсий эмас, умумийдур, ғурурий эмас, динийдур.
Қориларға салом ва эҳтиром.
«Ойна» журнали, 1913 йил, 2-сон, 2—4-бетлар. |
|
Мусулмон мактабларида дин дарслари |
29.08.2013 12:54
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Ўткан 1918 йил 4 ноябрда Маориф комиссариати тарафиндан чиқарилғон 38 рақамли буйруқнинг 6-моддасинда мусулмон мактабларида дин дарслари ўқитмоқ тўғрисинда тубандағи сўзлар ёзилғон эди: «Мусулмон халқи ўртасиндағи тараққиётнинг озлиғин ва унлар орасиндағи таассуб ва қоралиқларни эътиборға олиб, дин дарслари тўғрисинда мусулмон мактаблариға истисно қилинур, ҳам мусулмон мактабларидан шогирдлариға (имомлар тарафиндан ўқитилмоқ шарти ила) таҳорат ва шунга ўхшаш муҳимроқ ҳавойижи динияларин ўргатмакка муаллимларға ихтиёр берилди».
Бутун Туркистон жумҳуриятиндағи ерлик мактабларда дин дарсларини ўқитув ва мактабда ибодатлар қилдирув манъ қилинғон ҳолда, ёлғуз мусулмонлар учун истисно тариқида дин дарсларини бермоқға рухсат этилуб, чиқорилғон мазкур буйруқ ё халқ орасига тамом тарқалмаган ва ёхуд тарқалған бўлса ҳам, мухтасар бўлғонлиғи учун мазмуни яхши англашилмағон. Биноаналайҳ, халқ орасинда ерлик мактабларға муҳаббат ва рағбат ўрниға нафрат пайдо бўлиб, гўё ерлик мактабларда дин дарслари ўқитилмайдир, шубҳасила кўп кишилар болаларини олиб, эски мактабларға берғонликлари ва баъзи ўринларда ерлик мактабларни очмоққа халқнинг мамониъат кўрсатганлиги ва болаларин мактабларға бермағонликлари эшитиладур. Ҳолбуки, юқорида ёзилғон буйруқ мусулмон мактабларинда дин дарслари ўқутмоққа комил ихтиёр берадур. Мисола, буйрукда «Таҳорат ва шунга ўхшаш муҳимроқ ҳавойижи динияларин» дейилганки, муҳимроқ ҳавойижи диния орасина намоз, рўза, ҳаж, закот, эътиқодот, ахлоқ ва одоб мамошират ва мукаммал суратда Қуръони карим ва шунларға ўхшаш заруриёти диниянинг ҳар бири керакдур. Буйруқда манъ қилинган бир нарса бор бўлса, ул ҳам имомлар томонидан ўқитилмоғидур. Ҳолбуки, Русия мактабларида дин дарсларин ҳар вақт пўплар юриб ўқитганлар. Мусулмон мактабларида эса дин дарсларин шул вақтгача имомлар юриб ўқитмасдан, фақат мактаб муаллимларининг ўзлари ўқитғонлар, шул сабабли ул шарт мусулмон мактабларида дин дарсларини мукаммал суратда ўқитмоққа ҳеч бир халал келтирмайдир. Ибодат масаласиға келғонда, мусулмонлар учун ҳар ерда муъбад ва масжиддир. Мусулмон болаларин ибодатдин ҳеч ким манъ қилғони йўқ, улар тилаған ўринларида муаллимлари бошлиқ тилағанларича ибодат қила билурлар. Мусулмон мактабларида дин дарслари ўқитмоқ тўғрисидағи буйруқни бу тариқа тафсил бермак ила буни ҳам илова қилинурки, ерлик мактабларида дин дарслари ўқитмоқ учун муаллимларға комил ихтиёр берилган. Бу ихтиёрдин фойдаланиб, ҳар бир муаллим ўзининг дарс жадвалиға лоақал ҳафтада уч-тўрт соат дин дарслари киритуб (бошқа фанларнинг соатига зарар еткурмаслик шарти ила), ул соатларни ибодат, эътиқодиёт, Қуръон ва ахлоқ каби қисмларга бўлиб ўқитмоққа виждонан мажбур ўлса керак. Ҳозирғача баъзи мактабларда дин дарслари берилмас экан, иш ҳукумат нуқсонидан эмас, балки муаллимларнинг нуқсонлари ва буйруқдан хабарсизликларидан. Бу хусусда қўл остиларидағи муаллимларға тегишли буйруқ ва маълумотни бермоқ ва дин дарслари учун муфассал проғрамлар тузиб эълон этмак маҳаллий маориф шўъбалари ҳузуридағи турк шўъбаларининг вазифаларидир. Эски мактабларға келсак, уларда на илм-билим бор ва на дин бор. Балки ёш болаларнинг руҳоний ва ҳам жисмоний жиҳатдан хароб этилиб ётган танбалхоналардир. Биноаналайҳ, ундай зарарли мактаблари етарлик ёки мактаблар очилғон ҳар бир ўринда ёпар. Даромадларнинг текисроқларини ижтимоий таъминотға ёзиб, маишатларин ундан таъмин этдирмоқ, ёшроқларин таълим ва тарбия курсларида бир оз ўқитиб, янги мактабларға муаллим ўлароқ ўрнаштирмоқ лозимдур. Аммо ёлғиз Қуръони каримни ҳифз этдирмоқ мақсади ила давом этуб турғон қорихоналар (бошларида муқтадир қорилар турмоқ шартила) ёйилмасдан, аввалги ҳолларида давом этмаклари мумкиндур.
Ўлка Маориф комиссари: Муҳаммадамин Афандизода Турк шўъбаси мудири: Мунаввар қори «Иштирокиюн» газетаси, 1919 йил, 28 апрел
|
|
|