Аҳволимиз баёнида | ||||
Ҳаётнинг (яккама-якка) кураш майдонида ва жаҳон халқлари орасида ислом оламининг фарсах-фарсах орқада қолганлигини баён қилишга эҳтиёж йўқдир. Биз туркистонлилар эса бошқа исломий жамиятларга нисбатан дунёи жаҳон паришонликка тушиб, йўлимиздан адашганмиз. Ажабо, бу паришонликнинг сабаби недир? Туркистонлиларнинг аксарияти бу саволга жавоб беришда икки тоифага бўлинадилар! Миллат ва ватанлари учун қайғурган бир тоифа бу паришонликни илмсизлик ва танбаллик оқибати деб билади. Ҳақиқатан ҳам, тушкунлик ва хароблигимизнинг сабабларидан бири илмсизлик ва ҳаракатсизликдир. Лекин буларнинг ҳам асл сабаби, ана ўша тушкунлигимизнинг асосий сабабидир. Ажабо, бу сабаб нима экан?
Бу масала хусусида иккинчи тоифа туркистонлиларнинг нуқтаи назарини баҳс мавзуига киритсак, уларнинг нима дейишлари маълум бўлади. Орқада қолганлигимиз хусусида бу томоннинг асосий қисми қуйидаги фикрларни келтирадилар: 1. Паришонлигимиз ва тушкунлигимизга сабаб йўқ, бу илоҳий хоҳишдир. 2. Худо бу дунёни кофирлар учун жаннат, мўъминлар учун дўзах қилиб яратгандир. 3. Қиёмат яқиндир, мусулмонлар бу дунёда аста-секин камайиб бормоқдалар. 4. Ҳазрат Пайғамбаримиз «кулли явмин бадтар»6 деб айтганларидек, мусулмонларнинг куни кундан баттар бўлиб бормоқда. Маълумки, бу мулоҳазалар билкул пуч ва ботилдир. Унга жавоб бериш у ёқда турсин, балки уларни эшитмоқлик ўзи тўғри эмас. Банда ҳам маълум муддат халқ ва миллатнинг хароблиги сабабларини излаб топиш учун ҳар тарафга югуриб, кўп кишини сўроққа тутдим, аммо ҳеч кимдан қониқарли жавоб ола билмадим. Оқибат, биз туркистонлиларнинг мусулмонлигимиз ва муқаддас Китобга эга эканлигимиз ва шу Китобни ягона раҳнамойимиз деб тасдиқлашимиз хотирамга келди. Энди шу муаззам ва мукаррам дастуруламал бўлмиш Китобга таважжуҳ қилишдан бошқа чора қолмади. Бу хусусда У (Куръони карим) бизга раҳнамолик қиладими-йўқми деб, камоли қалб ва вужуди бебизоат ила Куръони азим мутолаасига машғул бўлдим ва матлабимга эришдим. Қуръони карим аввал менинг саволимга шу тариқа жавоб берди: «Албатта, неъмат берилган қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас». Инсоф юзасидан ислом оламига диққат билан қарасак: оз сонли араб қабилалари Расули айлайҳиссалом ҳидояти билан шараф топгувчи ислом динига кириб, 23 йил мобайнида, яъни Ҳазрати набий замонларидан то ҳазрати Умар вафотларигача бўлган муддатда дунёнинг икки йирик давлати бўлган Эрону Румни мағлуб қилдилар. Шундан бани Умайя халифалиги асригача ислом салтанати-нинг худудлари Чин (Хитой)дан Ҳиндгача, Мисрдан Андалусиягача чўзилди. Уммавий ва аббосий халифалари Бағдоду Андалусияда ажойиб мадрасаю файзлик мактаблар очдилар. Ўз замонасининг олим ва фан арбобларини дину мазҳабига қарамай бир жойда жамладилар. Қисқа вақт орасида бу икки улуғ ислом пойтахтлари дунёдаги илм ва маърифат марказига айланди. Нафақат туркистонли мусулмонлар, балки фарангистонли насронийлар ҳам илм таҳсили ва билим олиб яшаш учун Бағдоду Андалусияга кела бошладилар. Ажабо, шунча буюклик (не ҳолда?). Шунча азимат ва улуғлик қаерга йўқолди? Нечун аҳли исломнинг дунёи жаҳон дониши илмларининг шарофати шу қадар бахтсизлик ва жаҳолатга дучор бўлди?! Ҳозир умумий ислом оламининг аҳволидан ўтиб, ўзимизнинг (шу кунги) ҳолимизни тадқиқ қилсак. Бир вақтлар мамлакатимиз маданият қуёшининг мабдаи, маърифат дарёсининг манбаи сифатида танилган эди. Форобийлар, Бухорийлар, Абу Али ибн Синолар, Улуғбеклар мамлакатимизни жаҳон саҳнасига чиқарган эдилар. Бизнинг мамлакатимиз минглаб машҳур олимларни чор-атрофга стказиб бериб, қўшниларининг ҳам шарафини овоза қилиб, дунёга таратган эди. Саноатимиз шу даражада эди-ки, халифалар шунча азимат ва шавкатли бўлишларига қарамай, либос, кийим-кечакларини бизнинг мамлакатимиздан олиб кетардилар. Ажабо, бу меросу саодатнинг баланд чўққисидан қандай қилиб тушиб қолдик? Бу хусусда ўзимизнинг уламоларимиздан сўрасак, «кулли явмин бадтар», «бу хоҳиши илоҳий» ва «қиёмат яқиндир» деган гаплардан бошқасини айтмайдилар. Лекин Қуръони каримга мурожаат қилсак, тўғри, яхши жавобга юзма-юз қилиб, бизга уни кўрсатиб қўяди. Агар шунга ҳам қаноат қилмасак, унда мана жавоби: сабаб шуки, ўтган қавмларнинг бошларига азоб юборилди. (Негаки) ҳар қавм солиҳ амалларини ёмон одатларга алиштирар экан, Аллоҳ ўз неъматларини улардан тортиб олиб, ўрнига азоб юборар. Хўш, ҳозир қайси далилни қабул қиламиз? Уламоларимизнинг сўзларини қабул қилиб, бошимизга келган ва келаётган ҳар балони илоҳий ризо деб кетаверамизми, ё Қуръони карим фармойишларини жон қулоғимиз билан эшитиб, шу бахтсизликларимизга сабаб ёмон амалларимиздан деб ҳисоблаймизми?! Бу саволга ҳам Қуръони карим камоли қатьият ва маҳобат билан жавоб беради: «Аллоҳ одамларга зулм қилмайди, балки улар ўзлари ўзларига зулм қилувчилардандир...» «Сизларга етган ҳар бир мусибат ўзларингизнинг носоз феълу амалларингиздандир, гуноҳларингизнинг кўпларини Аллоҳ афв этади. Агар гуноҳларингиз эвазига мусибатлар юборилса, ҳолингизга войдир! Сизларнинг амалингиз туфайли бу дунё мусибатлардан халос бўлмас эди. Сизларга Аллохдан ўзга ҳимоячи мададкор, балоларни даф этувчи йўқдир». Чунончи, тарих китобларида мана бу воқеа муфассал келтирилган: «Уҳуд жангининг бошланишидан олдин ис-лом лашкари тоққа чиқиб кофирларга қарши юзма-юз туриб саф турдилар, ислом аскарининг чап тарафида бир ингичка дара (йўл) бор эди. Ҳазрати Расули алайҳиссалом жанг қизиган пайтда кофирлар шу дарадан ҳужумча даврадан тушган эмас эдилар. Ҳинд мусулмонлари ислом ҳақойиқларини хурофот ва бани Исроилнинг афсоналари эвазига фидо қилмаса, мажусийлардан ҳам баттар ҳолга тушмас эдилар... Ахир инсоф ва тааммул қилиб айтиш керакки, биз ўзимизни мусулмон деб биламиз-у, лекин ислоҳот амрларини кўриб, билиб туриб кўпларига амал қилмаймиз, илоҳий ҳукмлардан камоли бебошлик билан чиқиб кетамиз, иттифоқимиз йўқ, тақво қилмаймиз; ўртамизда ўзаро ёрдам йўқ, ҳақ талабини бажариш йўлида бирга қадам босмай-миз; рибохўрлик қиламиз, шароб ичамиз, ғийбат ва ҳасад қиламиз. Шариат манъ этган барча ишларни қиламиз ва (шунинг учун ҳам) ахлоқий разилликларга гирифтормиз. Вужудимиздаги шунча нуқсон билан ўзимизни комил мусулмон деб биламиз, биров бизни бу инсофсизликлардан манъ қилса, уни кофир деймиз. Ҳар нафасда 70 марта мусулмонман, деб лоф урамиз-у, хаёлимизга эса, «бир комил мусулмончалик амал қилайлик» деган ўй келмайди. Бир мулоҳаза қилинг: мусулмон киши Аллоҳ таоло-нинг ягоналигига, анбиёларнинг нубувватига, самовий китобларга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, яъни буларнинг барчасига ишонса, биз ҳаммамиз буларнинг барига иймон келтирганмиз, дейди. Ҳа, биламиз, сиз бу-ларнинг барчасига иймон келтиргансиз ва арабча «оман-ту биллоҳи ва малоикатиҳи» (яъни Аллоҳ ва унинг малои-каларига иймон келтирдим)ни яхши уқиб тушунасиз. Ле-кин афсуслар бўлсинки, мен сизнинг иймонингиз сама-расини кўрмаяпман, яъни иймонингизга мувофиқ амал қилмайсиз. Ваҳоланки, ҳазрати Пайғамбаримиз буюрган-лар: «Иймону амал бир-бири билан яқиндир (вобастадир), бири иккинчисиз тўғри бўлмайди» («Ал-жомеъ ас-сағир»-дан). Шу масала юзасидан яна бир мисол келтирайлик. Сиз Бухорода миршаб борлигига ва унинг амрига хилоф борган ҳар бир кишини ҳибсга олишига шубҳасиз ишонасиз. Энди қаранг, шу миршаб «кечки вақт уйдан чиқманглар», - деб буйруқ берса, сиз мазкур ҳукмга қарши кеч-қурун уйдан чиқасизми ёки йўқ? Албатта, чиқмайсиз. Зеро, миршаб ва ҳибсхонани ҳақ деб биласиз. Ҳар ким унинг ҳукмига қарши борса, қамоқ жазосига мубтало бўлишига ишонасиз. Мусулмонлик лофини уриб юрасиз-у, назарингизда, ёмон кўринган одамни кофирликда айблайсиз. Агар Ҳақ таолога, қиёматнинг ҳақлигига шу миршабга ва ҳибсхонага иймон келтиргандек иймон келтирсангиз, агар илоҳий ҳукмларга шу миршаб ва ҳибсхонага эътибор берганчалик эътибор қилсангиз, нега илоҳий амрларга хилоф иш қиласиз?! Тарсам караси ба Каъба эй аъроби, К-ин раҳ ки ту мерави ба Туркистон аст. [Эй аъробий, қўрқаманки, бу йўл билан Каъбага етмассан, Бу сени элтаётган йўл Туркистон йўлидир!]. Банданинг бадбахтлигимиз сабабларига бағишлаб айтган шунча маърузасидан кейин муҳтарам ўқувчилардан бирон фикр чиқишига шубҳа қиламан. Лекин бу хасталикларимизга қарши қандай чора кўриш керак? Бу харобот ва жаҳлу ғафлат гирдобидан халос бўлиб, тараққиёт, саодат ва тинчликка эришмоқ учун нима қилмоқ керак? Бу хусусда ҳам катта-катта уламоларимиздан баъзилари «аҳли ислом бу ҳолатдан халос топмайди, зеро бизнинг замон — ислом заифлашган охир замондир» деб айтадилар. Улардан гапларига далил келтиришларини сўрасак, дарҳол «кулли явмин бадтар» иборасини пеш қиладилар. Лекин биз уларнинг гапларига қулоқ солмай, масала ечи-мини Қуръони каримдан излайлик. «Ушбу Қуръон икки дунё саодатидан баён қилгувчи-дир. Бу очиқ-ойдин Китобнинг далолат ва маъвизаларидан баҳра олганлар, ана ўшалар Аллоҳдан қўрқувчилардир. Сизга ҳар бир мусибат етса, ўзингизни ҳақир сананг (ҳисобланг, яъни ўзингизга ишончсизлик қилманг, беэътибор бўлманг) ва маҳзун бўлманг (хафа бўлманг), агар Аллоҳга иймонингиз комил бўлса (Қуръон амрларига му-вофиқ амал қилсангиз) икки карра саодати аълога эришасиз». «Эй иймон келтирганлар, (менинг томонимдан) Пайғамбар келтирган ҳар бир амрни қабул қилинг ва сизларга манъ қилинган нарсаларга яқин борманг, амри илоҳийга хилоф иш қилишдан қўрқингки, зеро, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». Бу ояти карималардан маълум бўладики, агарда биз Қуръон ҳукмларига амал қилсак, паришонлик ва тарқоқликдан Аллоҳ ризолиги билан халос бўламиз. Гапни мухтасар қилсак, бугун бошимизга келган фалокат ва бадбахтликларнинг ягона сабаби шуки, ҳикматли ҳукмлардан ва Куръон натижаларидан узоқлашиб кетдик. Агар биз дунё ва охират саодати талабида бўлсак, барча ғаразли ва фасод ишларимизни бир тарафга қўииб, самимий қалб билан унга мутеъ бўлиб, Куръон ҳукмларига бўйсуниб, ижтимоий ҳаётимизни шунга мувофиқ тарзда тартиблайлик. Бандаи ожизнинг кучсизлиги ва бу (хабарларни) билмаганлигидан юқоридаги мақсад учун Куръон ҳукмлари ва ҳадисларни жамъ қилиб, шу варақлардан бир рисола тартиб бердим. Агарчи бу рисола (менинг ожиз қаламимга мансубдир) эътиборсиз бўлса ҳам, бироқ Куръон оятлари ва ҳадислардан иборатлигидан арбоби диёнат назарига тушади, деб умид қилурман. Мен танийдиганлардан баъзилари шу жойга етганда кулиб: «Сен хоҳлаганингни ёзиб, қудратинг етгунча дод-фарёд қилсанг ҳам Туркистонимизда сенинг сўзларингга эътибор берадиган одам топилмайди», — дейдилар. Бу биродарларимга берадиган жавобим ҳам Қуръони каримдандир: «Кофир ва гуноҳкорлар Куръони карим оятларини ўқиб, уни тушуниб, шундан кейин ҳам такаббурлик қилиб, (айтилганларга) писанд қилмай қулоқларини кар қилиб олсалар ва шу гуноҳларида (қаттиқ) туриб олсалар, хабар бергинки, эй Муҳаммад, уларга шиддатли азоб бордир». Шу билан банда (Аллоҳ, барчамизга тавфиқ берсин) ўз вазифамни адо этишга киришаман. Абдурауф Фитрат. "Нажот йўли" китобидан
|