Саналар
01.09.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Жаҳолат дардларидан (1914)
13.03.2014 23:43    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЖАҲОЛАТ ДАРДЛАРИДАН

Исмимизни билмаймиз! Нима учун? Бизға ўргатмабдурлар. Масалан, исмимиз Абдулсамад экан, «Абсамат», ҳатто, қишлоқларда «Апсат» дерлар. (Афу буюрулсун, адабдан хориж бўлса-да, адабға даъват этар.) Оти Ёдгор экан — «Жодигор», Лутфулло экан — «Нутфулло» аталадур. (Астағфурулло!) Ғалат атамоқ сабаби ила авом котиблар тарафидан қозихона, валаснойхона ҳужжатларинда ва ҳукумат маҳкамаларинда ҳам шул тариқа ғалат ва масхаралик ҳолатинда ёзилур. Ҳатто, шаҳарларда, дўкон ва корхоналарни тепасинда русча ва мусулмоний хат илан «Обдукодир», «Патхулла», «Санатулло» («Санъатулло»), «Обдурахмон» ва мундан ҳам ғалатроқ ёзилиб осилган лавҳалар бордур. Бу ғалатлар бонка ва хазина ва нотариўс-мақоволот муҳаррирлиги доиралариғача борар. Бир замон бу ғалат исмларни тўғри ёзиб маҳкамаға берилса, маҳкамадан тўғрини ғалат деб қайтарарларки, аларни қайтариши тўғридур. Бу ғалатларни тузатмоғи ва ё дурустларни ғалат қилмоғи учун иш эгасиға, яъни исмни соҳибиға ҳафталар ва ойлар ила югурмоқ лозим келур. Муни-да қўйдук.

Шундай ғалат кета берса, йигирма-ўттуз сана сўнгра халқ янадан авомроқ бўлуб, мусулмон исмлари яна зиёдароқ бузилур. Дўкон ва корхоналар тепасиндаги унвонлар мундан зиёдароқ ғалат исмларни шомил бўлур. Энди мунга илож, исм қўйганда, исмни маъносини баён қилинмоқ ва кайфияти талаффузни ота-онаға билдурмоқ керак. Ва алар болани ўзиға ҳам билдурсунлар ва исмларни ёзганда ва чақирганда дуруст атамоқ керак. Ва ҳам «Жўрақул», «Норқул», «Тошмурод», «Болтақул»дек маъносиз исмлар ила болани аталмасун. Балки арабий, туркий, форсий маънолик исмлар ила аталсун... Ажаби шулки, идорада ғалат ёзилиб келган исмларни тўғри ёзиб юборилса, эгалари рози бўлмайдур. Исмлари арабий экан, араб қоидаси бўйинча «алиф» — «лом» ила ёзсанг, шикоят этарлар. Оре, ул бечораларға айб йўқ. Айб жаҳолатға ва мактабсизликға ва руҳонийларни(нг) мусоҳалаларинда, диний ва миллий ишларға диққат этмаганлариндадур. Исм тўғрисинда тотор биродарларимизни ҳам баъзи ҳоллари ажойибдур. Масалан, «Айнулло», «Набиюлло», «Руҳулло» деган исмларға учраладурки, бу ҳам бир навъ диққатсизликдур.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 18-сон, 318319-бетлар.

 
Оссурия кабутари
21.07.2014 07:05    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бағдоддан 90 км. узоқликда кўҳна Вавилоннинг қолдиқлари мангу қўним топган. Шаҳар деган мақомни аллақачон йўқотган бўлса-да, мазкур ёдгорлик ҳали ҳам унинг шонли тарихидан мужда бериб турибди. Унинг асосчиси - мозий маликаларидан бири Семирамида ҳисобланади. Семирамида - тарихий шахс, аммо унинг ҳаёти афсоналар билан уйғунлашиб кетган. Бу ҳақда юнон муаллифлари - Ктесий, Диодор ва бошқаларнинг ижод маҳсулларида ҳам қадим-қадимда ўзини буюк, деб ҳисоблаган ҳукмдорлар, тафаккур бобида тенгсиз дарғалар хусусида кўп нарсаларни билиб олиш мумкин.

Аммо ХХ асргача ўтган замонларнинг тарихий қиёфаларидан бири - Семирамиданинг ҳаёти ва яшаш тарзи сир эди. Машҳур олим Карл Леманн-Хауптнинг 1910 йилда олиб борган изланишлари бу борадаги баъзи қоронғуликларга ойдинлик киритиб, қайсидир фазилатлари билан бизнинг Тўмарисга ўхшашиб кетадиган Семирамида шахси ҳақида айрим қирраларни очишга муваффақ бўлди.

Мўйсафид вақт эса мазкур ҳайратланарли воқеаларга, бой тарихга гувоҳдир.

Қадимги Оссурия

Ўтган замонларда, афсона ва мифлар ҳақиқат билан қоришиб кетган пайтларда Тигр дарёсининг юқори оқимида Оссурия деган давлат қад ростлаганди. Милоддан аввалги ИХ асрда уни шоҳ Нин бошқарган ва ўзини шарафлаб қурдирган пойтахтга Ниневия номини берган эди. У уста саркарда ва жангчи бўлгани учун Осиёнинг Ҳиндистондан таш­қари катта қисмини давлати таркибига қўшиб олишга эришиб, қўл остидаги ҳудудларда қатъий ҳарбий тартиб ўрнатганди. Ниннинг энг яқин вазири ва қўмондони ҳамда оқил маслаҳатчиларидан бирининг исми Онн эди.

Навбатдаги урушда Онн бетакрор гўзаллик эгаси, соҳибжамол етим қизни учратгач, ўзи билан олиб кетиб, унга уйланди. Ниневияда бўлган тўй дабдабали ўтди. Келин оммага Семирамида дея таништирилди. Юнон тарихчиларининг фикрича, уни кабутарлар тарбиялаб, катта қилишган экан. Бундай тахминлар Семирамида исмининг этимологияси билан кўпроқ боғлиқ, десак хато бўлмайди. Чунки мазкур ном шумерчадан таржима қилинганда, "кабутарнинг дунёга келиши" маъносини беради. Хуллас, келгинди келиннинг Онн билан турмуши бахтли бошланди. Ҳам ҳуснда тенгсиз, ҳам ақлда ўткир Семирамида Оннга ўз маслаҳатлари билан катта ёрдам беришдан ташқари, Хияпт ва Хидасп исмли эгизакларни дунёга келтирди.

Шоҳ билан учрашув

Мана шундай қувончли дамларда Нин қўшни мамлакат - Бақтрияга қарши юриш бошлайди. Катта армияга эга бўлган оссур ҳукмдори пойтахт Бақтра шаҳри (ўраб олинган қалъа)да, айниқса, қаттиқ қаршиликка дуч келди. Шунда у барча вазиру вузаролари, шу жумладан, Оннни ҳам ҳарбий кенгашга чақирди. Семирамидани ҳарбий сафарга ўзи билан бирга олиб чиққан вазир турмуш ўртоғининг маслаҳатлари асқотиб қолар, дея уни ҳам йиғинга олиб келди. Ҳақиқатан ҳам кейинчалик ёш келиннинг пистирмалар қўйиш бўйича билдирган ғоялари, бунинг устига ўз ташаббуси билан бир гуруҳ тажрибали аскарлар кўмагида рақиб минораларидан бирини ишғол қилиши Нинни қойил­ қолдирди, ўзига нисбатан шоҳда севги уйғотди. Унга чин дилдан ошиқ бўлган ҳукмдор эса, Оннга Семирамиданинг эвазига ўз қизи Сузанни таклиф этди. Ёрдамчиси эса бу таклифни рад этса-да, Нинга қарши чиққани учун кўзини ўйиб олиш жазоси билан қўрқитилгачгина турмуш ўртоғини қўйиб юборишга рози бўлди. Барибир, орадан бир неча кун ўтиб, Онн қатл эттирилди.

Семирамида эса шоҳнинг амри вожиб бўлгани учун унга турмушга чиқишга ноилож, рози бўлди. Уларнинг турмушидан Ниний исмли ўғил дунёга келади. Нин анча қариб қолган бўлса ҳам рашк ўтида ёнар, Семирамидани бегона кўзлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қиларди. Ҳатто малика ташқарида юзини ниқоб билан беркитиб юришга мажбур қилинар, уни очишга фақат ҳарамда ишлайдиганлар олдидагина рухсат бериларди. "Оссурияда ҳамма аёл чиройли, - деган эди у. - Лекин, уларнинг энг сулуви ҳам Вавилон маликаси гўзаллиги олдида жавоҳир қаршисидаги дурчага ўхшаб қолади. Демак, унинг жамолини кўриш унга қул бўлишдир".

Агар бирор киши Семирамиданинг ниқобсиз чеҳрасини кўрса, у сўзсиз ўлимга маҳкум этиларди. Бу ҳол маликага ёқмас, бундан ташқари, у собиқ эри Онни ҳали унутмаган, у совға қилган кабутар шаклидаги тақинчоқни ҳам ечмаган эди.

Аёл макри

Баркамоллиги ва дилбарлиги туфайли зимдан кўплаб тарафдорлар йиғишга эришган Семирамида ўзининг айёрона режасини амалга оширишга киришди. Нинни ўзининг бошқарувчилик бобидаги маҳоратини синовдан ўтказиш баҳонаси билан алдаб, тахт ва ҳокимиятни бор-йўғи беш кунга сўраб олган малика биринчи куниёқ вазир ва ҳарбий қўмондонларни ўзига оғдириб олди. Тож ва имтиёзлардан фойдаланиб, ислоҳот ҳамда бир қатор ваъдалар билан халқнинг ишончига кирди. Нинни эса, зиндонга ташлаттирди.

Янги йил яқинлашгани сайин Оссурияда ўйин-кулгулар байрамга уланиб кетарди. Одатга кўра, шу йил бошида қурбонликка аталган қўчқор оломон ичига ташланар, одамлар эса уни бурда-бурда қилиб ташларди. Унинг ўрнига келтирилган қўзичоқ эса кейинги байрам учун боқишга тантанали тарзда топшириларди. Бу - эски йилни кузатиб, янгисини кутиб олишга ўзига хос рамзий ишора эди. Навбатдаги байрамда Семирамида ана шу ҳайвоннинг сўнгги вазифасини бу сафар шоҳ Нин бажаришини эътироф этди. "Қўзичоқ" сифатида унинг ўғли Ниний таништирилди. Собиқ шоҳ мана шундай тарзда шаф­қатсиз ўлим топди.

Семирамиданинг эгизак ўғиллари тақдири ҳақида эса ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ.

Буюк ишлар...

Ҳокимиятни алдов ва макр йўли билан қўлга олган Семирамида юритаётган сиёсатдан норози бўлган мухолиф куч пайдо бўлиб, мансабдор ва оддий одамларни унга қарши қайрашга киришди. "Ҳеч бир аёлнинг Оссурия ўғлонларини бошқаришга ҳаққи йўқ", - деди улар. Шундай қилиб, маликанинг душманлари ҳам кўпая бошлади. Бу эса маликани нозик вазиятни бироз бўлса-да, юмшатишга хизмат қилувчи ғояларидан бирини амалга оширишга ундади. У баҳайбат, мустаҳкам қалъа, кўплаб минора ва шинаклар билан ҳимояланган Вавилон шаҳрини барпо этишга киришди.

Юнон солномачиси Диодот қолдирган маълумотларга қараганда, янги лойи­ҳани қурдириш учун бутун империядан 2 млн. уста ва ишчилар жалб қилинган.

Маълум вақтда бунёд этилган янги шаҳар деворларининг периметри 66 км.ни ташкил этар, унинг устида олтита отлиқ бемалол юра оларди. Вавилон 250 та минора билан ўралиб, Евфрат дарёси унинг ўртасидан оқиб ўтар, сув устига 900 та кўприк қурилганди. Кўприкларнинг ҳар икки томони сўнгида махсус қалъалар қад ростлаган бўлиб, улар ер ости йўллари орқали малика саройи билан туташиб кетган эди. Қолаверса, 30 км.лик қирғоқбўйида ажойиб яшаш жойи вужудга келди.

Эпик чекиниш

Айтганча, Вавилон миноралари қолдиқлари остидан бир қатор қазилмалар, хусусан, афсонавий осма боғларнинг ҳам излари топилган. Узоқ вақтгача юксак намунадаги мазкур боғбончиликнинг муаллифларидан бири Семирамида деб ҳисобланарди. Афсуски, ундай эмас. Мўъжизавий боғлар Оссурия маликаси шарафига эмас, балки бир неча йил кейин яшаб ўтган бошқа бир аёл учун барпо этилган. Осма дарахтзорларни Мидия шоҳи Навуходоносор севимли хотини Амитис учун бағишлаган. Ўзи босиб олган шаҳар ва давлатларнинг кулини кўкка совуриб, уни таг-туги билан йўқ қилиб юборишга одатланган Навуходоносор Вавилоннинг гўзаллигига тан бериб, юқоридаги даҳшатли одатидан воз кечишга мажбур бўлади.

Буюк саркарда

Семирамиданинг ҳисобида бир қатор улуғвор бинолар, жумладан, Ниннинг хотираси учун қурдирган хонақоҳ (мавзолей) ҳам бор. У ҳукмронлик қилган йилларида бир қатор жангларда ўзи бевосита иштирок этди. Мидия, Арманистон, Миср ва Эфиопиянинг катта қисмини босиб олишда ўзи йўл-йўриқ кўрсатди. Мисрда бўлган пайти Амон (Қуёш худоси) коҳинидан ўз келажаги ҳақида сўраганида, у ўғли қўлидан ўлим топишини башорат қилади. Урушлардан чарчаган Семирамида Бақтрада бироз дам олиб, Ҳиндистонга янги юриш учун тайёргарлик кўради.

... ва буюк инқироз

Навбатдаги ҳарбий тайёргарлик учун узоқ йиллар сарфланди. Жуда катта сонли армияни тўплашга эришганига қарамай Семирамида бу сафар муваффақият қозона олмади. Отларга боғланган аравалар ҳиндларнинг баҳайбат филларига дош беролмади. Шалпангқулоқлар ёрдамида мезбонлар «меҳмон»ларни аяб ўтирмай, янчиб ташлашди. Семирамиданинг ўзи эса ҳаёт билан видолашишига оз қолди. Камон ўқининг қўли ва белига етказган жароҳати билан бир амаллаб Ҳинд дарёсини кечиб ўтиб, душман чангалидан базўр қутулди.

Маликанинг соғайиши уни хурсанд қилмади. Ўз қароргоҳида ҳарамдагилар билан тил бириктирган ўғли Ниний онасига қарши бош кўтарди. Малика фарзанди учун ҳеч нарсани аямай эвазига бирор нарса талаб қилмаганини бир неча бор таъкидласа-да, Ниний ўз қароридан воз кечмади. Бир вақтлар отасининг азобли ўлимига сабабчи бўлгани ҳақида ҳомийларидан эшитган Ниний волидасининг кўксига тиғ санчди. Ўшанда Семирамиданинг ёши 62да эди.

42 йил давомида ҳукмдорлик қилган Вавилон асосчисининг ўлимига кўпчиликнинг ишонгиси келмасди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам унинг барҳаётлиги ҳақидаги афсоналар ҳали ҳам бордир. Улардан бирида айтилишича, Семирамида ўлмаган, балки кабутарга айланиб, осмону фалакка парвоз этган.

Саиджон Махсумов

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Зўраки бой (1914)
13.03.2014 23:42    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ЗЎРАКИ БОЙ

Охирги вақтларда биз — туркистонлилар тижорат, ҳатто, зироат ва дўкондорлик ишларинда на учун синармиз, яъни ифлос этармиз. Мунинг энг биринчи сабаби илмсизлик, тўғриси ақлсизлигимиздур. Оре, билиб туруб ўз зарарини қилмоқ ақлсизликдур.

Чунончи, «Зўраки бой» жанобларини ўн минг сўмлик мероси, боғ ва хонаси бор эди. Бу одам агарда боғини яхши ишлатса, мувофиқи шариат ва инсоф тириклик қилса, исрофгарлик этмаса, тўй ва азо деб ўзини барбод этмаса, албатта ортдурарди. Бу одам ўзидек ва ҳатто, ўзидан оз нимарсалик кишиларни кўрарга ўғул тўйиға икки-уч минг сўм сарф этар. Ўғлиға хотун олиб берса яна бир, икки, уч минг сўм сарф этар. Бир ўлук кўмса, беш-олти юз сўм харж этар. Ҳатто, олти ойлик баласини сочини олганда ва ё олти кунлик баласини бешикға боғлаганда бир-икки юз сўм сарф этар. Фотиҳа, чанлади[1], дубора-талабон, калутапўшон[2], мўйлабгирон... ва бошқаларини нари қўйдук, хулоса, бечора ўн минг сўмлик мулкдор қарайдурки, иш бўлмайдур. Ўғул ва қизлар катта бўлуб турубдур. Тўй лозим, хатна, никоҳ, унинг орқасидан кети узулмас бир сурук маърака ва қоидалар лозим. Кўбдан чиқиб бўлмайдур. Бечора одам ўйлавға тушар. Тўй қилмоқ учун бир-икки таноб боғдан ва ердан сотса, кўзи қиймайдур. Тўй қилмаса, бўлмайдур.

Бас, ноилож ўйлаб-ўйлаб, дўкондорлик, яъни баззозлик ва чойфурушлик ва ё бошқасини қилмоқчи бўлуб дўкон очар. Бонкалардан кредит (эътабар) очар. Ўн минг сўмлик меросий мулки бор экан, беш бонкадан уч минг сўмдан 15 минг сўм қарз олур. Чой, қизил мол, газвор, чиннивор, канап-чарчинвор, хуллас, ҳар навъ кантур ва фермалардан ҳам бир-икки йилға етмасдан бир ўн беш минг сўм урар. Бир вақт кўрарсан 30 минг сўм ишлатгучи қиб-қизил бир катта бой. Ўзини муфт деҳқонлиги ила рўзгор қилур экан, бир минг сўмни бутун умриға синамаган 30 минг сўмлик мол ичинда кўмганини кўруб, бизни деҳқонбойни аввалги торгина ақли ҳам учди-кетди. Қавму қариндошдан вексел олиб бонкаға қўяр. Сасиб ётган ва аларни сўзинча, эгасиз фабрикант молини тўғри келган кишиға нася берар. Бир тарафдан яхши от ва аробаларға ҳаваси кетар. Экипаж файтунлар ва маскав отлари олинур. Дигар тарафдан, ҳовлиға замона одами ўлтуратургон иморатлар қилинур. Усти темур, ости тахта, девори рангоранг шишакори шаҳнишинлар, бир неча меҳмонхоналар ва онда замона асбоблари олинур. Бу иморатларни ва дастгоҳни одамларға кўрсатмоқ учун зиёфатлар, базмлар керак. Ферма ва бонкаларни мудир ва аъзоларини-да алафранг шам-панскилик зиёфатлар қилмоқ керак.

«Зўраки бой» жанобларини(нг) хотун ва ўғли ҳам мундан ранг олиб, исрофға юз қўяр. Чунки Худо берган давлат қаердан келиб, қаерға кетар? Зўраки бойни ўзи ҳам билмас. Бир вақт тўй навбати етти. Энди терламоқни замони келди. Машваратлар, прўграмлар тузалур. Ҳўқанд, Андижон, Туркистон ва Тошканддан бошлаб, Марв, Бухоро, Карки ва Афғонистон ҳудудинча шуҳратлик бойлар ва кўрмаган ошнолар рўйхат бўлур. Ол-а... Мунча одамға хат ёзмоқ мушкул. Босмахонада зарҳаллик хатлар сипориш берилур. Ёддан чиқгони тилгиром ила таклиф қилинур. Хивадан, Фарғона ва Бухородан машҳур жувон ва, мутриб ва хонандалар чақирилур. Базмда фирмаларнинг мудир ва бонкаларнинг мубошири, ҳатто, ражоли ҳукумат таклиф қилинур. У қадар исроф, у қадар беҳуда масориф бўлурки, ҳисоби сингандан сўнгра маълум бўлур. Бу тўйни базми, жувони, кўбкариси, фашанги, инъоми у қадар кўб, у қадар қизиқ бўлдики, мунга ўхшаган бошқа бир зўраки бой ҳам ўзини анга ўхшатмоқ, балки ўткармоқ учун ўзини жардан ташламоқға ҳозирланур. Яъни мундан зиёда этмоқчидур. Биз аввалги зўраки бойнинг тўйи сўзини тамом қилган йўқ эдук, бойға яна бир никоҳ тўйи воқеъ бўлди, яъни жаноблари ёш хотун олдилар. Табиий, эллик-олтмиш яшарға 15 яшарни икки-уч минг сўм масорифсиз берилмайдур.

Сўзни қисқа қилайлук. Бир вақт эшитилур, зўраки бой; бонкаға пул еткуролмайдурлар. Имонсиз сарроф ҳам тақа-тақ шилдирни билиб, пул бермайдур. Иш «праваучўт»ға қолди. Бир неча вақт сўнгра яна эшитилурки, векселлар «пратест» бўлди. Ўн минг сўмлик мулк ила дўкондаги беш-олти минг сўмлик мол ҳажз (арест)ға олинди. Ҳисоб қилиб кўрулса, билинурки, 30 минг сўм қарз майдонда. Отадан қолган мулк ила тўрт-беш минг сўмлик ароба ғалтак оту тек дўкон мол энди нима бўлур дерсиз? Олти ой бир йилғача аввалги мулклар судға сотилиб, бечора зўраки бой аҳлу аёли ила дарбадар қолур. Чунки ақалли мартаба синган яҳудийдан ибрат олиб, биргина ҳавлисини ҳам хотуни отиға ўткармаган эди. Инолло ло юҳиббул мусрифин. Яъни Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни дўст тутмайдур. Зероки, бой жанобларйни таржимаи ҳолидан «Ойна»да кўб кўрунгон эди, аммо қисқартиб ёзилди. Балки бақияси бўлур.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 16-сон, 270—273-бетлар.

 
Тарихда яшаб ўтган энг нуфузли 100 та киши
14.01.2014 18:12    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Тарихда яшаб ўтган энг нуфузли 100 кишининг энг афзали сифатида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни танлашим баъзиларни ҳайратга солиши, бошқаларда эса турли саволлар уйғотиши мумкин. Аммо у зот тарихда ҳам дин, ҳам дунё ишларида ниҳоятда мувофаққиятли фаолият кўрсатган ягона кишидирлар. Худо Исломни ғариб ҳолатдан у зот орқали юксалтирди ва у зот  ниҳоятда буюк  сиёсий етакчи бўлдилар. Ушбу китобда қайд этилган кўпчилик инсонлар ўз даврининг ривожланган, юқори даражада маданиятлашган ва ўз даврининг сиёсий марказлари бўлган ҳудудларда дунёга келганлар. Аммо Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) 570-йилда  Арабистоннинг жанубида, Макка шаҳрида, ўша даврнинг ривожланмаган, санъат, маданият ва илмдан узоқ бўлган ҳудудида дунёга келдилар. Олти ёшларида етим бўлиб қолдилар ва ҳашаматдан йироқ ҳолларида тарбияландилар. Ислом манбалари бизга у зотнинг таълим кўрмаганликларини айтади. У зотнинг молиявий жиҳатлари Ҳадижа (розияллоҳу анҳо)га уйланганларида яхшиланди. Қачонки у зот қирқ ёшга етганларида у зотнинг  пайғамбар эканликлари ҳақида белги берилди. Бу даврда кўпчилик араблар кўплаб худоларга сиғинувчи бутпараст эдилар. Шунингдек ўша даврда Макка шаҳрида кам сонли яҳудий ҳамда насронийлар яшар эдилар. У зот  қирқ ёшга етганларида ягона Аллоҳ у зотга ваҳий юбораётганлиги ва у зот ҳақ динни ёйиш учун танланганликлари инсонларга маълум бўла бошлади.

Батафсил ...
 
Қалам, довот, сиёҳ: тарихдан бир шингил
21.07.2014 07:04    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Биз телевидениэ ёки матбуотда классик шеърият, асар ҳақида баҳс юритганимизда ҳам патқаламнинг довотга солинган суратини беришга одатландик. Ёки янги чоп этилаётган китобларимизнинг муқовасига ҳам патқалам расмини тушириб қўядиган бўлдик. Мен 30 йилга яқин давр давомида таълим тизимида меҳнат қилиб келаман. Шу боис, аксарият ҳолларда Алишер Навоий ёки Бобур таваллудлари муносабати билан чиқарилган деворий газеталарда ҳам патқалам тасвирини кўп учратаман.

Талабаларга бу ҳақда тушунтиришга ҳаракат қиламан. Қисқача айтганда, патқа­лам бизнинг ўтмишимизда, айниқса, Ислом дини кириб келгандан кейинги даврларда деярли ёзув ишида қўлланилмаган. Асосий ёзув қуроли қамиш қалам бўлган. Буни классикларимиз асарларидан тўлиқ англашимиз мумкин. Энди савол туғилади: пат­қалам тасвири ўзбек адабиётига тимсол сифатида рус классиклари орқали кириб қолмаганмикан? Ахир, Пушкин, Гогол сингари рус классиклари патқаламда ёзишган. Шу боис, рус адабиёти тарихида патқалам тасвирининг рамз сифатида берилиши тўғри. Яқин ўтмишда ўзбек адабиётининг рус адабиётидан таъсирланганлиги ҳаммамизга маълум. Бунинг натижасида, рус адабиётидаги патқалам тасвири ўзбек адабиётига ҳам кириб қолган бўлиши мумкин.

Патқаламнинг Шарқ дунёсида, нафақат Шарқда, балки Европа ёзув маданиятида қўлланилганлиги ҳақида турли фикрлар мавжуд. Маълумки, дунё тараққиётининг турли босқичларида турли ўлкаларда турли хилдаги ёзув қуролларидан фойдаланилган. Улар хусусида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган. Хусусан, рус тадқиқотчиси А.Каждан ўзининг «Книга и писател в Византии» номли китобида бу борада жуда қимматли маълумотларни келтиради. Унинг ёзишича, Миср котиблари эрамиздан олдинги учинчи асрда ҳам қамиш қаламдан фойдаланишган, унинг уч қисми қийшиқ ҳолда кесилган бўлиб, ёзувни янада нафис ёзиш имконини берган. Қадимда котиблар қамиш қалам билан бирга суяк ёки металлдан ишланган қалам турларидан ҳам фойдаланишган. Ғарб дунёсида бу қалам турлари ўрнини аста-секинлик билан паррандалар патидан тайёрланган патқаламлар эгаллай бошлаган. А.Кажданнинг фикрича, антик давр котиблари, эҳтимол, патқаламдан фойдаланишмагандир; ҳар ҳолда, у даврларга оид юнон ёки рим ёдгорликларининг биронтасида ҳам патқаламдан фойдаланилганлиги қайд этилмаган, аксинча, барча матнларда қамиш қалам ёдга олинган, рассом суратларида ҳам, асосан қамиш қалам тасвирланган. Ғарб­да ХИ асрга қадар яратилган диний миниатюраларда евангелист (инжилчи)лар сурати қўлларида қамиш қалам билан тасвирланган. ХИИ асрдан эътиборан яратилган диний миниатюраларда қамиш қалам тасвири акс этмаган. Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ғарбда қамиш қалам ўрнини патқалам эгаллаши ХИ аср­да ўз ниҳоясига етган. Бундай хулосага келишимизга ХИИ асрда яратилган Ғарб қўлёзма асарларида фақат ғоз, оққуш ёки товус патларидан тайёрланган қаламлар ҳақида баҳс этилганлиги асос бўла олади. Лекин Византияда патқалам турларининг ишлатилганлиги ҳануз номаълум, аммо қамиш қаламнинг узоқ вақтларгача асосий ёзув қуроли сифатида ишлатилиб келинганлиги маълум. Масалан, ХИИИ асрда яратилган ва бугунги кунда Париж кутубхоналаридан бирида сақланаётган «Инжил»да стол устида ётган бир неч­та қамиш қалам тасвири берилган. Ёки ундан анча кейин, аниқроғи, ХИВ аср ўрталарида яратилган ва ҳозир Москва тарихий музейида сақланаётган қўлёзмаларда тасвирланган 407 евангелист (инжилчи)нинг сурати қўлларида қамиш қалам билан тасвирланган. Поляк олими Л.Винничук ўзининг «Люди, нравы и обычаи Древней Гертсии и Рима» номли китобида А.П.Кажданнинг юқоридаги фикр­ларини тасдиқловчи далилларни келтиради. Унинг фикрича, юнонлар қадимда папирус ва пергаментга, асосан, қамиш қалам билан ёзганлар.

Мисрликлар қамишнинг фақат шўр ботқоқликда ўсганларинигина танлашган. Қамиш поясидан керакли узунликдаги қисми кесиб олинган ва унинг бир учи қиясига кесилган. Сўнгра қамишнинг бу қисмига ишлов берилган. Қадимги мисрликлар қаламнинг ҳар икки томонидан ҳам фойдаланишган. Тарашланиб ишлов берилган қисми билан ингичка ёзувларни, текис кесилган томони билан эса қалин ёзувларни қоралашган. Милоддан аввалги икки мингинчи йилнинг биринчи ярмига қадар, яъни Ўрта подшоҳлик даврида Миср котиблари чўпининг узунлиги 40 см.гача, учининг эни 2.5мм.гача бўлган қамиш қаламларда ёзишарди. Қадимги Сурияда асосий ёзув қуроли қамиш қалам бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Қамиш қаламдан фойдаланиш Ўрта Ер денгизи атрофидаги халқларда эрамиздан олдинги даврларда ҳам маълум эди. Тахминан учинчи асрдан эътиборан қамиш қаламнинг учи тарашланган ҳолда ишлатила бошланди. Қадимда ёзув қуроли сифатида суяк ҳамда металлдан ишланган қаламлардан ҳам фойдаланилган, аммо қамиш қалам ишлатилиш жиҳатидан уларга нисбатан қулай бўлган. Чунки қамишнинг ғовак қисми сиёҳни тутиб туриш ҳамда унинг ҳадеб томиб кетмаслик имкониятларини сақлаган. Сурия қаламларининг яна бир афзаллиги шунда эдики, уларнинг учи тарашланиш билан бирга икки қисм­га ёриб қўйилганлиги натижасида ҳар доим ҳам бир хил ҳажмдаги ингичка ҳарфларни равон ёза олиш имконини берар эди. Қаламнинг ушбу тури дунё бўйлаб кенг тарқалган эди. Ундан яҳудий, юнон, копт, араб халқлари ёзув ишида фойдаланишар эди.

Рус китобатчилигида, қамиш қалам деярли қўлланмаган. Ушбу фикрни рус китобшунос олими И.Баренбаум ҳам тасдиқлайди. И.Баренбаум қадимги рус котиблари ёзув ишларида, асосан патқалам ишлатганлигини, унинг ғоз, оққуш, ҳатто, товус патларидан тайёрланганлигини ёзади. Тўғри, қадимги Русда яратилган инжилларга ишланган миниатюраларда евангелист (инжилчи)лар қўлларида қамиш қалам тутган ҳолда тасвирланган. А. Кажданнинг фикрича, бу қадимги анъаналарга уйғун шаклда ишланган, холос. Бу анъана Русга Византиядан ўтган бўлиши мумкин. Рус тадқиқотчиси В. Янин қадимги Русда папируснинг ишлатилмагани, унинг ўрнида эса, қайин пўстлоғи (берес­та) қўлланилганини ҳамда ёзув қуроли сифатида суяк, металл, тахта каби ашёлардан тайёрланган қаламлар ишлатилганини далиллар асосида ёритиб беради. Унинг ёзишича, қадимги Русда бундай ёзув қуроллари «писала» термини билан ифодаланган. Писалалар теридан ишланган махсус ғилофда сақланган. Рус археологлари писалаларни Новгород, Псков, Смоленск, Рязан, Саратов каби шаҳарларда олиб борилган қазилма ишларида топишган. Дас­тлабки вақтларда уларни «тўғноғич», «терига ишлов беришда қўлланиладиган асбоб», «билагузук қолдиғи» деб ҳам тахмин қилишган.

Араб қўлёзма китобатчилигида ёзув қуроллари сифатида қамиш қалам биринчи ўринда турган. Араблар ушбу ёзув қуролини қалам, мизбар, яра каби терминлар билан аташган. Бу номга ҳамда предметга тарихда жуда катта ҳурмат-эътибор билан қарашган ва унга ҳар доим ҳамду санолар айтилган. Ислом дунёсида қаламнинг илк таърифи муқаддас Қуръони каримда айтилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган сураларидан бирининг номи ҳам «Қалам» сураси бўлган.

Арабшунос олим А. Халидовнинг фикрича, қалам, асосан, қамишдан тайёрланган, унинг уч қисми қиялатиб кесилган ва тарашланиб, ўртасидан ёриб қўйилган. Араб адабиётида қаламга ижод ва гўзаллик илҳомчиси сифатида нисбат берилиб, мадҳ этилган. Сифатли қалам бебаҳо бойлик ҳисобланган, унинг сифати қамишнинг қаэрда ўсганлиги, сақланиши, қалинлиги, ранги, хуллас, танлаб олинишига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган. Қамиш қалам ёзиладиган ёзув турига ҳамда хаттот дидига уйғун бўлиши керак эди. Албатта, араб китобатчилиги билан ўзбек китобатчилиги ўртасида тарихий муштараклик мавжуд. Ўрта Осиё­га муқаддас Ислом дини билан бирга араб тили ва у орқали кўплаб арабча сўзлар кириб келди. Арабча ўзлашма қатламнинг миқдори соҳаларга кўра турлича бўлган. Хусусан, ўзбек китобатчилигида унинг миқдори анча салмоқлидир. Тарихимизда асосий ёзув қуроли қамиш қалам бўлганлиги ва уни ифодалашда араб тилидан ўзлашган қалам термини қўлланилгани маълум. Қалам сўзи асли юнонча (қаламос) бўлиб, «қамиш» сўзини ифодалаган. Бу лексема ўзбек тилига араб тили орқали ўзлашган. Араб тилида қалам сўзининг маъно англатиш кўлами анча кенг бўлган. Унинг асосий маъноларидан бири ёзув қуроли эканлиги ҳаммамизга яхши маълум. Араб тилида қалам сўзининг луғавий маъноси «кесилган, тарашланган, кесик»дир. Шу маънода қалам ёзма адабиётда кўплаб учрайди. Қалам сўзининг ушбу маъно ифодасидан Алишер Навоий ўз асарларидаги бадиийликда усталик билан фойдаланади: «Раиятқа қилса қаламзан ситам, Қаламзаннинг илгини қилсун қалам. Яъни: «Халққа ситам қилган котибнинг қўлини кессин (ёки кесилсин). Ёки: «Муфтиким, ишига музд олиб қилса рақам, Музд ортуқ эса, майл керак қилғай кам, Фатвода чу бўлди музд учун «ло» ву «наам», Қилмоқ керак ул қаламзан илгини қалам.» Яъни: Муфти агар иши учун ҳақ олиб қалам сурса, Ҳақ ортиқ бўлса, камайтирмоғи керак. Йўл кўрсатишда пул учун «ҳа» ё «йўқ» деган ҳукмни берса, У қалам тебратувчи қўлини қаламдек кесмоқ керак.

Қалам ҳақида ёзиш ва уни таърифлаш Ўрта аср ижодкорлари орасида анъанага айланган эди. Шу боисдан, ҳар бир муаллиф асарида бу ҳақдаги фикрларни топиш мумкин бўлади. Албатта, буюк сўз устаси Алишер Навоий бобомиз асарлари бундан мустасно эмас. У қаламнинг фақат эзгу ишларга хизмат қилишини, ҳар кимнинг қаламидан доимо шакар томиб туришини орзу қилади. Бу ҳақда «Фарҳод ва Ширин»да шундай дейди:
«Қалам баҳри кафида турфа ишдур,
Магар дарё аро бутган қамишдур.
Ажаб эрмас қамиш бўлмоғ шакаррез,
Ва лекин бу қамиш бўлмиш гуҳаррез.
Учидин ҳам гуҳар оламға сочиб,
Ичиндин ҳам шакар дўкони очиб.
Саросар гўйиё ул най гуҳардур,
Ғалат қилдим, лаболаб найшакардур».

Қаламнинг ўз даври учун ниҳоятда муҳим ёзув қуролларидан бири эканлиги юқорида келтирилган фикрлардан ҳам кўриниб турибди. Шу сабабли, ёзув ишидаги асосий қурол саналган қаламга ҳамда уни тайёрлаш жараёнига катта эътибор берилган. Ўрта асрларда қалам тайёрлаш иши муҳимлиги жиҳатидан қоғозгарлик каби ҳунармандчиликнинг бир соҳасига айланган эди. Айрим ҳолларда хаттотларнинг ўзлари ҳам бевосита бу иш билан шуғулланганлар. Таъкидлаш лозимки, ўта сифатли қалам тайёрлаш иши кўп ҳолларда махфий сақланган. Чунки бу соҳада ҳам рақобат мавжуд бўлиб, кимнинг моли сифатли бўлса, унинг харидори ҳам кўп бўлган. Қалам усталари ўзларининг доимий мижозларига эга бўлганлар.

Қалам ясаш учун ажратиб олинган қамиш бўлаги сувда тўқ жигарранг олгунга қадар бостирилган ҳолда сақланган. Сўнгра унга бироз ишлов берилгач, бўғин пастидан махсус пичоқ ёрдамида қамишнинг учи тарашланган. Қаламни қаламтарош билан тарашлаш жараёни ўта муҳим ҳисобланиб, кўп ҳолларда бу жараённи хаттотнинг шахсан ўзи бажарган. Чунки хаттотнинг дастхати ва ёзувининг сифати бевосита ана шу жараёнга боғлиқ бўлган. Шу сабабли, баъзи хаттотлар қаламтарош билан ишлаш жараёнини ўта сир тутганлар.

Дастлабки вақтларда довот термини фақат «сиёҳдон» маъносинигина ифодалаб қолмасдан, унинг маъно англатиш кўлами кенгайиб, сиёҳ билан қалам сақланадиган қопқоқли, бежиримгина ишланган қутичани ҳам англатган. Хаттотлик ишининг янада такомиллашиб бориши билан ёзув қуролларининг турлари ҳам кўпайиб борди. Шу туфайли, кейин­чалик довот термини фақатгина «сиёҳдон» маъносини ифодалашга хизмат қилган бўлса, «ёзув қуроллари сақланадиган қутича» учун арабча қалам сўзига «ясаш асосидан англашилган нарсаларни сақлашга хосланган, шу каби нарсалар солинадиган нарсани англатувчи отларни ясовчи» форс­ча-тожикча - дон қўшимчасини қўшиш орқали ясалган қаламдон термини муомалага кирди. Алишер Навоий ўз асарларида ушбу терминдан ҳам ўз ўрнида фойдаланади: «Ямон котиб манзили қаламдонидек чоҳ аро бўлсун, Қаламидек боши яро ва юзи қаро бўлсун».

Қаламдон кўпинча қоғоз бўтқасининг гипсли аралашмасидан ёки мисдан ясалган бўлиб, унинг уст қисми турли бадиий зийнатлар, хусусан, кумушдан ишланган қадама нақшлар билан безатилган. Қаламдонда довот ва қаламдан ташқари яна бир қанча ёзув ашёлари сақланган ва уларнинг ҳар бири ўз номига эга бўлган.

Қаламдонда сиёҳни қуритишда ишлатиладиган қум (рих) ва уни сақлашга мўлжалланган «рихдон», елим учун идиш, бигиз, қисқич, қалам учини артиш учун латта, довотга сув қуйиш мосламаси, чизғич, қайроқтош, таглик кабилар сақланган. Бундай ёзув ашёларини тайёрлашга алоҳида эътибор билан қаралган. Улар тропик юртларда ўсадиган обнус ёки сандал дарахтидан, бронза, жез, пўлат, олтин, кумуш кабилардан тайёрланган. Бу ашёлар шундай ноёб нарсалардан тайёрланса-да, улар оддий ва кўзга ташланмайдиган қилиб ишланган.

Тарихда хаттотлик ва матбаа­чиликда ишлатиладиган сиёҳ ёки бўёқнинг сифатига эътибор кучли бўлган. Чунки хаттотликда ҳуснихатни таъминлашда қоғоз билан бирга сиёҳнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эди. У даврларда сиёҳнинг икки тури кенг тарқалган. Улардан бири суюқроқ бўлса, иккинчиси ҳозирда биз «туш» деб атайдиган сиёҳ турига ўхшаш қуюқроқ ва ялтироқ бўлган. Сиёҳ тайёрлашда хом ашё сифатида аччиқтош, қора куя, ёнғоқ, олча елими кабилар ишлатилган. Сиёҳ рангининг қай кўринишда бўлишига қараб унга хина, ўсма суви, дарё кўпиги, тухум, асал, қанд, туз, нил бўёғи, сирка кабилар илова қилинган. Шунингдек, сиёҳнинг ёки у орқали ёзилган китобнинг доимо хушбўй ҳид таратиб туриши учун атиргул сувидан тортиб анбаргача қўшилган. Ўрта Осиёда энг сифатли сиёҳ тури Бухорода тайёрланган. Бухоро сиёҳи қорамтирлиги, ялтироқлиги, ўчмаслиги, айниқса, хушбўйлиги билан бошқа сиёҳ турларидан ажралиб турган. Бу сиёҳ таратаётган хушбўй ҳид қоғоз ранги билан уйғунлашган тарзда кишига янада яхши кайфият, тетик руҳ бахш этган.

Иброҳимжон Йўлдошев,
Низомий номидаги ТДПУ профессори

 


34 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин