Саналар
22.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Теётр надур? (1914)
13.03.2014 23:45    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ТЕЁТР НАДУР?

Теётр нимадур? Жавобиға теётр ибратнамодур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбиҳ эггувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аёнан кўрсатгувчидур. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдургувчидир. «Қул-ал-ҳаққа ва лав кона (ва) мароан» мазҳаридур. Айни замонда яна тамошогоҳ ва ёинки кўнгул очгувчи миллий ва адабий жамъиятларни боисидур.

Тараққий қилган миллатлар теётрхоналарни улуғлар учун мактаби адаб ва ибрат атайдурлар. Тараққий қилмоқни энг биринчи сабаб ва боисларидан бири теётрлардур деюрлар. Теётрларнинг яхши ва ямон одатларни сарроф ва мунаққиди дерлар. Умумий одатларни нафъи ва зараридан пайдо бўлатургон натижаларни теётрхонада айнан кўрсатурларки, ҳар ким мундан таъсирланиб, ямон одатларни тарк этиб, яхшиликни зиёда ишламоқға сабаб бўлур.

Ҳар замонни бир усули эҳтисоби бордур. Бу замонда теётрхоналар ҳам ямон ва зарарлик одатларни эҳтисоб ва танқид қилиб ямонлигини, қабиҳини халойиқға кўрсатиб ваъз ва насиҳат этгувчи бир жойдур. Тёётрхона саҳналаринда қўюлатургон асарлар фожеа, яъни қайғулик, мазҳака, яъни кулгу, драма, яъни ҳангомалик бир воқеа ва ҳодисани тасвир этиб, халойиқға кўрсатилур. Ул воқеадаги ямонлик ва яхшиликни пайдо бўлгани ва сабабини ҳар ким кўруб, англаб, ибрат олур ва ямонликдан қочиб, яхшиликға ҳаракат қилмоқға, теётрда кўрсатилгон воқеалар сабаб бўлур.

Ҳикоят ва ёинки насиҳат китобларинда баъзи бир ҳодисани баён қилингандурки, ўқуб, асарланиб, лаззат олинадур. Аммо теётрға махсус бир ҳодиса ва ё воқеа ва ҳикоятни феълан қилиб кўрсатиладурки, мунинг таъсири эшиткандан зиёдадур. (Шунидан кай буд монанди дийдан — эшитмоқ қачон кўрмоқ кабидур.) Яна теётрда саводсиз одам кўзи ила кўруб, кўзсиз одам эшитиб, кар мушоҳада этиб, ибрат ва лаззат олар. Хулоса: теётр бир навъ мактаб ҳукминдадур.

Тараққий қилган халқлар ўртасинда теётр у қадар тараққий эткандурки, ҳар кун бир янги асар тасниф бўлуб; саҳнада қўюлур. Асарни ёзган муҳаррирға минг сўм ва ўн минг сўмлаб ҳадя бериб, асарини мушаххислар сотиб олиб, саҳнада қўюб фойда қиладурлар. Баъзи бир теётр асарлари эски бўлмай ва халойиқни кўнглиға урмай, бир шаҳарда йигирма-ўттиз, ҳатто, юзинчи дафъа қўюлганлари бордур. Театрға қўюлгон асарни ортуқча ва ё оз ерларини ва етишмаганларини маишати миллиядан хориж нуқталарини муҳаррирлар, жаридалар ила танқид этадурлар. Халойиқға маъқул бўлуб ва ё бўлмағани ила теётр муҳарририни хурсанд ва ё ғамлик бўлур, Муҳаррирни асари яхши чиқса, ҳар ким они табрик этар ва шуҳрати зиёда бўлур. Ва бул бошқа муҳаррирларни ҳаракатға келишиб, яхши асарлар ёзмоқлариға боис бўлур. Теётр учун муҳаррирни не қадар чуқур ўйлагувчи зариф ва назокатлиги лозим бўлса, мушаххис (ҳодисани кўрсатгучи)ларни ҳам тавоно ва муқаллид ва ҳар нимарсани ўзидек қилиб кўрсатгучи, нуктадон бўлиши лозим бўлиб, бул алоҳида бир санъатдурки, овруполилар мунга ҳам алоҳида мактаб ижод қилгандурлар.

Сўзни қисқаси, теётр хоналари масхарабозхона бўлмай, балки ибратхонадур. Ва анда мушаххис бўлатургонлар «ўюнчи ва масхарабоз» бўлмай, балки мушаххис ва муаллими ахлоқдурлар. Тараққий қилган халойиқ орасинда мушаххислар ҳам кибор ва муҳтарам синфлар қаториндадур. Хусусан, ўз қиссаси нафъиға мушаххислик қилмай, балки мактаб ва ўз миллати нафъиға мушаххислик қилганларни қадри ду боло зиёдадур.

Бизни Туркистон ва Бухорода миллий теётрдан асар йўқ эди. Муҳаррири ожиз «Падаркуш»ни ёздики, ўтган феврал ойинда Самарқанд, Хўқанд, Бухоро ва Тошканд ва Қаттақўрғон шаҳарларинда миллат нафъи учун кўнгуллилар саҳнада қўюб, тўрт-беш минг сўмни тўрт-беш кечада жамлаб, мактаблар фойдасиға бердилар. Мана-энди муҳтарам Самарқандий кўнгулли мушаххислар ғайрат қилиб, яна «Падаркуш»ни Самарқандда еттинчи мойда саҳнаға қўюб, ҳосилини мактабларға сарф учун бердилар.

Муҳтарам ҳамшаҳарларимиздан рижо этармизки, келиб кўргонлари гунаҳ бўлгон жойини кўрсатсалар. Инчунун, асарни танқид этиб, бузуқ ерини матбуот ила баён этсалар, токи боиси ислоҳ бўлинса. Аммо бу кунғача муҳтарам аҳли қалам «Падаркуш»ни бузуқ ерини кўрсатмай, балки «кулдургучи ва ҳам йиғлатгучи носиҳ ва нофеъ асардур» ҳолинда табрик ва тақризлар ила ёздиларки, биз аларға ташаккур айтармиз. Асаримизни қабиҳини ёзгон кишиға зиёдароқ ташаккур этмоқға мадюнмиз, чунки боис ислоҳдур. «Мутакаллимро тоайб нагиранд— суханаш ислоҳ напазирад» («Сўз сўйлагувчини айб этмагунча, сўзи тузалмайдур»). Баъзи бир аҳли ватаннинг теётр асари ёзмоқға машғулликлари эшитилурки, асарлариға чаҳор-чашм ила мунтазирмиз. Ёзилган асарларни кўнгулли дасталари сотиб олиб бостурсалар, фойда ҳам қиладурлар. Чунки бир кишиға ҳам асар ёзиб, ҳам бостуруб ва ҳамда саҳнада қўйдурмоқ мушкулдур. Дасталар сотиб ола берсалар, асарда кўпаюр. Туркистонда ойинда бир асар таҳрир бўлинса-да, кўблик қилмайдур.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 29-сон, 550—553 бетлар.

 
Соҳибқироннинг қиличи
21.07.2014 07:10    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Темурийлар тарихи давлат музейининг бурчагида ойна остида бир сурат бор. Дамашқий қиличнинг сурати. Унинг тагида қисқагина изоҳ ёзилган: “Амир Темурнинг қиличи”.
Суратда дамашқий қиличнинг сопи ва бир қаричча қисми акс этган. Уни кўрган кишида дафъатан шундай фикр туғилади: бу қилич фототасвирга олинганига қараганда ҳозир ҳам бор экан-да! Соҳибқирон бобомизнинг қиличи қаерда сақланмоқда? Cоҳибқирон “Тузуклар”ида шундай ёзган:
“Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва шу тариқа дунёда ном чиқардим”.
Нақл этилишича, Соҳибқироннинг падари бузруквори Амир Тарағайга тушида нуроний бир зот қилич ҳадя қилган экан. Амир қилични қўлига олиб ҳавода ўйнатганида қилич юзидан таралган нурдан олам ёришиб кетибди. Амир Тарағай тушини пири Амир Кулолга айтганида у бир ўғил туғилажаги ва қилич билан дунёни фатҳ этиб, ислому имон учун катта ишларни амалга оширажагини башорат қилибди.
Амир Темур “Таржимаи ҳол”ида айтишича, ҳаёти мобайнида беш нарсага қатъий эътиқод қўйиб, уларга доимо амал қилган: Оллоҳ, тафаккур, қилич, имон ва китоб (битик)дир.
Соҳибқирон ёшлигидан қилич кучи устувор бўлган муҳитда ўсиб-улғайган. Аммо исломий таълимотни чуқур ўзлаштирган Амир Темур Амир Кулол ва Абубакр Тойободий каби пири комилларнинг насиҳатларига амал қилиб ҳарбий қудратни адолатга хизмат қилдирди.
“Қайси ишни чораю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмадим”, — дейди Соҳибқирон.
Амир Тарағай ўғлининг катта ҳаёт йўлига қўлда қилич билан чиқаётгани ва умуман, унда баҳодирона жанговарлик хусусиятлари устунлигидан ниҳоятда севинади...
Амир Темур қилич ўйнатиш маҳорати туфайли ҳаётидаги жуда қалтис вазиятлардан соғ-омон чиқишга муваффақ бўлган.
1362 йили Амир Темур рафиқаси Улжой Туркон билан бирга Моҳон ҳокими Алибек Жониқурбоний навкарлари томонидан тутқунликка маҳкум этилади. Ўшанда бўлажак жаҳонгир 26 ёшда эди.
“Бургаси кўп қоронғи уй”даги олтмиш икки кунлик тутқунлик!
Ўша аламли чоғларда Амир Темур, агар бу зулматдан халос бўлсам, ҳеч бир кимсани, аввал айбини аниқлаб олмасдан қамамайман, дея Оллоҳ таоло номи билан қасамёд қилади.
“Тузуклар”да кейинги воқеалар ўзига хос вазминлик билан шундай ҳикоя қилинади:
“Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва Тангрининг инояти етиб, баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди.
Қилич кўтарганимча, тўғри Алибекнинг устига бостириб кирдим. Мени кўргач, ҳуши бошидан учди. Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради. Отларимни, яроқ-жабдуқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от ва бир қари туя тортиқ қилган бўлди. Оғаси Муҳаммадбек менга атаб юборган бир қанча совға-саломларини эса очкўзлик қилиб ўзига олиб қолди. Сўнг кетишимга рухсат берди”.
Олтмиш икки кун ноҳақ азобланган баҳодир қўлида қилич, кўзлари ёниб шердай важоҳат билан ғанимнинг қаршисида тўсатдан пайдо бўлишини тасаввур қилинг! Интиқом ўтида ёнган йигит бир зарб билан золим ҳокимни нариги дунёга жўнатиши мумкин эди. Аммо у қасос олишга шошилмайди. “Таржимаи ҳол”да ёзилишича, худди шу дамда Алибек Жониқурбоний оғаси Муҳаммадбекдан нома олган бўлиб, унда Амир Темурга ёрдам кўрсатиш сўралган эди...
“Қиличим ўткир бўлса-да, ўйлаб қинидан чиқардим, ширин сўз айтиб, ғанимнинг имон топмоғига йўл очдим”, — дейди у.
Соҳибқирон ҳаётида унинг ўзи бевосита душманга юзма-юз келиб, баҳодирона жанг қилган дамлар ҳам кўп бўлган. Ўз ҳукмдорининг жангдаги шахсий жасорати лашкарларга нечоғлиқ қудратли руҳ бағишлашини тасаввур этиш мумкин! Ана шундай жангларда Соҳибқирон ўз қиличини нақадар шараф ва номус билан тутганлиги ҳақида жуда кўп мисоллар бор:
1379 йили учинчи марта Хоразмга юриш чоғида Хоразм ҳокими Юсуф Сўфининг бошига қизиқ фикр келади. У икки тараф кишиларининг қони тўкилмаслиги учун ўзи Амир Темур билан яккама-якка олишмоқни истайди. Соҳибқирон бу таклифга рози бўлади. Амир Сайфиддин барлос унга ўзининг қимматли ҳаётини таҳликага солмасликни тавсия қилса-да, Амир Темур унинг гапига кирмай, жанг майдонига бир ўзи етиб келиб, “жуда қаттиқ товуш билан душманини чақирди” (Ҳерман Вамбери). Беҳад таҳликага тушган рақиб эса ўз даъватидан тониб, жанг майдонига чиқмайди. Тарихчининг ёзишича, жанг арафасида ўзини йўқотиб қўйган Юсуф Сўфи рақибининг ҳақоратларини унсиз тинглаб ўтиришдан бошқа илож тополмайди.
Солномада ушбу жанг билан боғлиқ яна бир эътиборли воқеа дарж этилган: кўп ўтмай, Амир Темур қароргоҳига Термиздан қовун келтиришади. Соҳибқирон олтин патнисда рақибига қовун юборади. У қовунни сувга улоқтириб, патнисни мулозимларидан бирига совға қилади. Амир Темур Юсуф Сўфига Термиздан келтирилган қовунни юбориб, унга номардлик қилиб жанг майдонига чиқмаганлиги, унинг номақбул хатти-ҳаракатига рамзий ишора қилади. Маълумки, азалдан Термизга “Мардлар шаҳри” деган таъриф берилган. Бу ишорада мардлар шаҳридан келган қовунни еб, сенга ҳам озгина мардлик юқсин, маъносидаги шама бор эди.
1393 йил майида Шероз яқинидаги жанг айниқса қалтис кечган. Бу ҳақда француз тарихчиси Люсйен Кэрэн шундай ёзади:
“Тўс-тўполон орасида асосий қўшиндан ажралиб қолган Темур ва унинг хос мулозимларини кўрган Шоҳ Мансур ўзига содиқ аскарлари билан улар устига отилди.
Шоҳ Мансур кўз очиб-юмгунча Амир Темур қаршисида пайдо бўлди. Уни кўрган Темур қўриқчисидан найзасини олмоқчи бўлиб ўгирилди, бироқ ёнида ҳеч ким йўқ эди. Фурсатдан фойдаланиб, Шоҳ Мансур шамшири билан унинг бошига икки зарба туширди.
Дубулғанинг мустаҳкамлиги ва, айниқса, иккала сафар ҳам дубулғасининг силлиқ томонини тутиб берган Темурнинг совуққонлиги туфайли шамшир сирғалиб кетди.
Бироқ Шоҳ Мансурнинг ажали етган эди... ”
Воқеанинг давоми ҳақида “Темур тузуклари”да қуйидагиларни ўқиймиз:
“Агар ғаним бостириб келиб чоповул, шиқовул, баронғор ва жавонғор фавжларини маҳв этиб, ўзини лашкарнинг қўл фавжига етказса, у чоғда султон шижоат оёғини сабр узангисига маҳкам тираб, душманни даф қилиб йўқотиш учун олдинга ташлансин. Чунончи, мен Шоҳ Мансур билан жангда шундай қилдим. У ўзини менга етказди ва у билан юзма-юз тўқнашдим, токи уни ҳалокат туфроғига қормагунимча урушдим”.
Доғистон, 1395 йил. Терек соҳили. Улуғ Амир кўрнамак Тўхтамишга қарши учинчи бор лашкар тортишга мажбур бўлади. Шу йилнинг 15 апрелида Терек дарёси соҳилида қудратли Олтин Ўрда давлати тақдирини ҳал этган улкан муҳораба бошланган. Кўпсонли, яхши қуролланган, тажрибали ва маккор ёв устидан зафар қучишда саркарданинг буюк маҳорати ва жангдаги шахсий ибрати асосий омил бўлди. Жанг асносида душманнинг сараланган гуруҳи Шоҳ Мансурнинг қўлидан келмаган ишни амалга оширишга, яъни Мовароуннаҳр лашкарларини талвасага солиш учун Амир Темурни ўлдирмоқчи бўладилар. Шу мақсадда улар Соҳибқиронни қўриқчиларидан анча узоққа чалғитиб, тезда бир неча аскари билан қуршаб оладилар. Cолномачининг ёзишича, “камонининг ўқлари тугаган, найзаси синган” Амир Темур “шамширини тинмай ишлатиб” оддий навкар каби мардона жанг қилган.
Юқоридаги каби не-не тарихий дамларга гувоҳ бу шамшир! Амир Темур қиличининг кейинги тақдири қандай кечган?
...1405 йил, 18 феврал. Ўтрор ҳокими Бердибекнинг саройида буюк лашкарбоши, давлат арбоби Амир Темур ибн Тарағай уч марта “Ло илоҳо илло Оллоҳ”, дея такрорлаб жон берди. Шундай қилиб, Хитой устига юриш режаси унинг вафоти туфайли бекор қилинди ва Амир Темур жасадини Самарқандга олиб бориш Хўжа Юсуфга топширилди.
Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, дастлабки вақтларда Амир Темурнинг қабри устига унинг қимматбаҳо либослари ёпилган. Хонанинг деворларига эса унинг жанговар яроқ-аслаҳалари осиб қўйилган. Бу жиҳозларнинг барчаси қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, энг арзонининг баҳоси бир вилоят солиғининг баҳосига тенг келарди. Гумбазнинг шифтида эса осмондаги ёрқин юлдузлар мисоли олтин ва кумуш қандиллар осилиб турарди. Мақбаранинг ичига ипак ва бахмал гиламлар тўшаб қўйилган.
Мақбара ичини бундай ошиқча нарсалар билан безаш шариатга тўғри келмас эди. Шунинг учун 1409 йилнинг май ойида Самарқанд тахтини эгаллаган Шоҳрух Мирзонинг буйруғи билан бу ердаги ошиқча ашёлар йиғиштирилиб, қимматбаҳолари хазинага топширилди. Балки, уларнинг ичида Соҳибқирон шамшири ҳам бўлгандир? Ҳар ҳолда, мақбара ичидаги қимматбаҳо буюмлар 1409 йилгача турган бўлса, демак, исрофгар шаҳзода Халил Султоннинг ҳукмдорлик давридан “талофатсиз” чиққан, дейиш мумкин. Соҳибқироннинг “энг арзони бир вилоят солиғининг баҳосига тенг келадиган” жанговар аслаҳалари ва яроқлари хазинада қанча вақт сақланган экан? Тарихий манбаларда Амир Темур қиличи ва яроғ-аслаҳалари тўғрисидаги маълумотлар унинг вафотидан сўнг орадан 300 йилдан зиёд вақт ўтгач, яна тилга олинади. Аммо бу гал... Келинг, миллатимизнинг энг тушкун ва аламли кунлари тарихига бир назар солайлик.
Самарқанд, 1740 йил...
Аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон ҳукмронлигининг сўнгги кунлари. Маҳаллий тўралар ва уруғлар ўртасидаги тинимсиз қонли низолар оқибатида Бухоро хонлиги номигагина давлат сифатида яшаётган эди. Юртга ёв келганда, давлатни пароканда қилган бу амалдорлар юртнинг бор-буд бойликларини ёвга пешкаш қилишдан ўзга чора топмадилар...
1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қўшини Самарқандни босиб олганида қўлга киритилган ўлжалар қаторида Амир Темурнинг қиличи, совути, Амир Темур жомеъ масжидидаги етти хил маъдан қотишмасидан ясалган дарвозани ва ҳатто қабрига ўрнатилган яшм тошини ҳам тўп канорасига ортилиб, Машҳадга олиб кетилган. Бу ҳақда Нодиршоҳнинг сарой муаррихи ёзиб қолдирган экан. Кўп ўтмай яшм тоши ўз жойига қайтарилган, аммо дарвоза, совут ва қиличнинг дараги номаълум.
...Қилич ҳақидаги кейинги маълумот ўтган асрнинг бошларига тегишли. Инглиз олими Жексон 1903 йилда Амир Темур қиличини Теҳрондаги сарой музейида кўрганлигини ёзиб қолдирган.
“Салтанат тўнини кийгач, тинчлигу соғлигим кетди, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим”, - деб ёзган Соҳибқирон бобомиз ўз “Тузуклар”ида. Афсуски, ҳукмронлик тахтига ўтирган кейинги сулолалар ғафлат уйқусига берилганлар. Ваҳоланки, Амир Темур ўгитлари барча авлодлар учун бирдек дастурамал бўлиши лозим эди.
Мабодо Теҳронга йўлингиз тушса, жаҳонгир бобокалонимизнинг қиличи сақланаётган музейни бориб кўринг.
Тақдирни қарангки, Турон султонига тегишли бу қилич жаҳонгирнинг ватанидан йироқда турибди. Уни кейинги авлодлар сақлай олмадилар, Соҳибқирон васият қилганидек, “номус ва шараф билан” тута олмадилар. Бу бебаҳо меросга муносиб эгалик қила олмадилар!
Соҳибқирон қиличи! У осойишталик, омонлик ва адолат шамшири. У қайси юртда бўлса, ўша ерда қудрат, осойишталик, тўкинлик ва адолат устувор бўлади!
Орзуга айб йўқ. Бу қилич истиқлолга эришган авлодларга қайтарилса, нақадар улуғ иш бўлар эди. Бу қилич қаршисида мустақил юртимиз аскар ўғлонларининг “Ҳарбий қасамёд” маросимлари ўтказилса, нақадар ярашарди!
Буюк Соҳибқирон бобомизнинг васиятини доимо ёдда тутайлик:
...Мен киби узун салтанат сурмак истасангиз, қиличингизни яхши ўйлаб чекингиз. Бир даъфа чеккандан сўнгра-да уни усталик-ла қўллангиз. Орангизга нифоқ тухумлари экилмаслиги учун кўп диққат бўлинг...

Бахтиёр Ҳайдаров
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 49-сонидан олинди

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танқид – сараламоқдур (1914)
13.03.2014 23:44    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ТАНҚИД – САРАЛАМОҚДУР

Мажалла ва жаридаларнинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китобларни маънан тафтиш этиб, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддур. Таарруз ва душманлик эмас. Агарда шахсиятға тўқунмаса. Аммо бир муаллим ё мударрис ва муҳаррирни ишидан, шахсиятидан халойиқға зарар келса, андан ҳам баҳс ва танқид ёзмоқ шахсий бўлмайдур.

Танқид янги ёзилган китоб, жарида ва мажаллаларға-да жорий ва нофеъдур. Масалан, бир муҳаррир ва ё муаллимни саҳвини ва ўз хизматиға бепарволигини ва лозим қоида ва тартибларға амал қилмай, оммаға зарар келтургонини танқид этмоқ боиси ислоҳ бўлур. Бизни Туркистонда янги мактаблар хейле бордур. Янги рисола хейле босилиб турубдур. Жаридаларға мақола ва шиорлар ўқулуб турубдур, Аммо ҳануз танқид давриға етушганимиз йўқ. Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларға қаттиғ тегар. Ёзганларимизни бузуқлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикриға норозилик баён этармизки, бул бизни янгидан ишға бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур.

Биз эскиларни айблаймизки, аларға ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар. Аммо ўзимизнинг мақтаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз, Мунаққид бизни тўғримизға минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзиға урармиз. Ва ёинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзиға эътироз этармиз. Агарда ул десаки, ман сизға бир минг калима насиҳат ё танқид сўйладим, дуруст, ўн калимаси сизға бежо эканки, қайтиб олдим, 990 калимасиға на дерсиз?

На жавоб берармиз! Танқидни кўтаролмаганимизға тўғриси, ҳануз танқидға лойиқ бўлмаганимизни мисоли. Кафказли сайёҳ Муҳаммад Саййид афанди Туркистон мактаблари тўғрисинда «Оила ва мўътабаран иқбол» жаридасиға танқид ёзиб эдики, анинг жавоби ялғуз қуруқ бир эътироз (прўтест) бўлди. Аммо онинг ёзғаниға жавоб тушмас. Иккинчи, «Адаб ва тарбият» унвони ила яна сайёҳ мазкур «Ойна»нинг 27—28—29—30 рақамларинда мактаб тўғрисинда воқеъи далиллари ила баъзи нимарсалар ёздики, мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимиз 11-ададинда Муҳаммад Саййид афанди мақолаларини хилофи адаб ва тарбия деб они ёзилғониға соҳиби мақола ва идораға изҳори норизолик айтиб, мазкур мақолаларни «аҳамиятсиз» дер. Ҳамда «муаллимларнинг хотирин қолдирув» бўлармиш. «Ойна» камоли эҳтиром ила «Садойи Туркистон» рафиқимизға арз этарки, мазкур мақолалар бошдан охирғача аҳамиятсизми? Агарда аҳамиятлиги бўлса, илтифотға олмаганлариға таассуф этармиз. Ва мақола ичидан икки-уч хати мизожға номувофиқ тушган учун афуларини тилаймиз. Такроран, айтармиз: биз ҳануз танқидға лаёқат пайдо этганимиз йўқ. Яна қадима касалларимиздан - «норизо», «хотири қолмасуну...» иллатлари ҳануз кетган йўқ.

Муҳаммад Саййид афанди таъбиринча, мундай кетаберса, «қиёматдан минг йил сўнгра-да, Туркистонға тараққий йўқ». Агарда, «хотир қолмасун» қоидаси маслак тутулса, матбуотдан қалам тортмоқ керак. Чунки ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотириға қарамас. «Хотир қолмасун» касали биз мусулмонларни барбод этди.

Умумий ҳоллардан баҳс қилиндими? Мутлақ ҳар бир масалаға бир неча кишини хотири қолур. Ислоҳи мадорис ва дорулқазо десангиз, уламони хотири қолур. Ислоҳи расм базм десангиз, авомни хотири қолур. Ислоҳи савомеъ десангиз сўфи, шайху эшонларни хотири қолур. Ислоҳи фойдахўрлик ва тижорат десангиз, бойларни хотири қолур. Энди ислоҳи макотиби жадида дейилганда, муаллимларни хотири қолса, бас муҳаррирлар учун сукутдан бошқа иш қолмайдур.

Шуни-да айтмоқки, Муҳаммад Саййид афандидан ёинки идорадан биргина «баъзи» калимаси маат-таассуф қолибдурки, бу баъзи важҳдан баъзи муаллим афандилардан идора афу истар.

Боқи: Муҳтарам «Садойи Туркистон»ға салом.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 32-сон, 621623-бетлар.

 
Кулликдан хазар килган...
26.08.2013 18:55    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб Чор Россияси Туркистонни забт этиб, маҳаллий аҳолини зулм остида ушлаб келарди. Туркистонликлар кўтарган бир неча қўзғолонлар аёвсизларча бостирилган, жуда кўп қон тўкилган эди.

I Жаҳон уруши ва ўша даврдаги сиёсий воқеалар Чор Россияси ҳукмронлиги дарз кетаётганини кўрсатиб қўйди. 1917 йил февралида ўлкага Николай тахтдан воз кечганмиш, янги ҳукумат урушни тўхтатармиш деган хабарлар кела бошлади.

Қаҳрамонимиз нима бўлдию, Бешболалик Ота-бой ғиштчининг мулла Сулаймон деган маҳрами билан гап талашиб қолди ва унга бир-икки шапати қўйиб юборди. Отабой ғиштчи бу шапатини ўзининг бетига тушгандай ғазабланиб қаҳрамонимиз устидан туҳмат ва бўхтонлар ташкиллаб Сибирнинг Нерчинск деган жойига 14 йилга қаматтириб юборади. Мадаминбек Сибирда оқ-қорани таниди. Рус сиёсий маҳбусларидан империядаги сиёсий вазият, урушда Россия кўраётган катта талофатлар, инқилобчилар мақсад ва ниятларини сўраб ўрганди. У русча ўқиш, гапиришни, ҳатто француз тилини тушунадиган бўлди. У сургундалигида ҳам беш вақт намозини, Рамазон ойида рўзасини ҳеч канда қилмади.
1917 йил баҳорида Николай II тахтдан туширилгач, янги тузилган Муваққат ҳукумат сургундагиларни авф этди. Мадаминбек Марғилонга қайтиб келади.
Алғов-далғов замонлар бошланиб кетган, вақтли ҳукумат деганлари жамиятда тартиб-интизомни сақлашга ожизлик қилиб қолган эди. Илгари шунчаки ёпиқ турадиган дўконлар ва хонадон эшикларига катта-катта қулфлар тушган, шунга қарамай ўғрилик, босқинчилик авж олган эди.
Мадаминбек бу воқеаларга лоқайд қараб тура олмади. У ўзига ўхшаш имонли, инсоф-диёнатли йигитларни йиғиб, маҳалла хонадонларини жиноятчилардан ҳимоя қилишга киришди.
1918 йил бошларида бир тўда босқинчилар Марғилонда анчагина кўзга кўринган Абдураззоқ закончини сўйиб кетишди. Мадаминбек ўз йигитлари билан бу ўта хавфли жиноятчилар тўдасини қўлга олиб, жазолади. Кейинчалик у Абдураззоқ закончининг қизига совчи жўнатади. Бой-бадавлат хонадонлардан устма-уст келаётган совчиларга рози бўлмаётган Саодатхоннинг волидаси кутилмаганда бек совчиларига оқ ўратиб юборади.
Мадаминбекўз назоратига олган ҳудудда тартиб-интизом ўрнатилиб, аҳоли тинч ҳаёт тарзига қайтади. Кеч кузда Марғилонга янги бир хабар етиб келди: оқ подшо ўрнига келган ҳукуматни большевойлар ағдарибди, улар барча ерларда ўз ҳукуматларини тузиб, ҳукмларини ўтказаётган эмиш. Вақтли ҳукуматни ағдариб ҳокимиятни ўз қўлига олган Ленин бошлиқ большевойлар оддий ҳалқни ўз томонига огдириб олиш учун дарҳол урушни тўхтатиш, сулҳ тузиш, ерни камбағалларга тақсимлаб, очарчиликни тугатиш масалалари ҳақида қарорлар эълон қилди. Энг асосийси ҳамма миллатларнинг тенг ҳуқуқлилигини (бу қарор қоғозда қолиб кетган) эълон қилиниши жуда кўпчиликни чалғиттан. Лениннинг ҳар бир халқ ва элат ўз истаганидек давлат тузишга, ўз урф-одат ва анъаналарига биноан яшашига тўла хаққи борлигини эълон қилиши ҳам эркпарвар туркистонликлар қалбида умид учқунларини ёқди.
Мадаминбек кўплар қатори янги ҳокимият миллат манфаатлари учун ҳизмат қилади деб ишониб, унинг таркибида ишлашга рози бўлади. У1917 йил охиридан Марғилон милицияси бошлиғи сифатида ишлай бошлади. Айни чоғда «Шўрои Исломия» жамияти фаоллари қаторида бўлган.
Вазиятга бошқа кўз билан қарайдиган бўлсак, чор ҳокимияти даврида ҳокимият 100 фоиз руслар қўлида бўлган. Негадир халқпарвар большевойлар ҳам ҳокимиятга келганда Туркистон ҳукуматида битта ҳам мусулмон вакилига «жой топилмади». 1917 йил 15 ноябркуни большевиклар ташаббуси билан Тошкентда янги давлат ташкил этилиб (Туркистон Автоном Совет Республикаси-ТАСР), унинг 15 та раҳбари «сайланди». Янги давлат раҳбарларининг барчаси русийзабон аҳоли вакиллари бўлиб чиқди.
Бундай адолатсизликка рози бўлмаган миллатпарвар кучлар, 1917 йилнинг 26-28 ноябр кунлари Қўқонда йиғилиш ўтказиб Туркистон Мухториятини тузганликларини (Ленин томонидан эълон қилинган қарорларга мувофиқ!) эълон қиладилар. Барча янги тузилган мухториятни қутлаб, табрик телеграммаларини жўната бошлаганда, тили бошқаю дили бошқа Ленин ўлкадаги ўз вакилларигаТуркистон Мухториятини керак бўлса, қурол кучи билан йўқ қилиш ҳақида телеграмма жўнатади. 1918 йил 14 февралида ТАСР ҳукумати Фарғона вилоятини қамал ҳолатида деб эълон қилади. Совет ҳокимияти Фарғона водийсига бутун кучларини тўплай бошлайди. Бундай шароитда Туркистон Мухторияти раҳбарияти асосий эътиборини очарчиликни тугатиш, саноат ва қишлоқ хўжалигини тиклашга қаратган. Қўқон Мухторияти ўртадаги тушунмовчиликни (ахир, бир неча ой олдин Лениннинг ўзи халқларга ўз тақдирларини ўзлари белгилашга тўла ҳаққи бор, деб қарор эълон қилган эди) тинч йўл билан бартараф этишга уринган. Аммо 72 кун яшаган мухторият қизил армия кучи билан тугатилди. Унинг омон қолган ҳарбий қисмлари миллий-озодлик қўшинларига қўшилиб кетди.
Бу вақтда Мадаминбек Марғилонда эди. Рафиқаси Абдураҳмон закончининг қизи ўзбек хотин-қизларига хос энг яхши феъл-атвор эгаси эди. Мадаминбек бундай оқила умри йўлдош бергани учун Яратганга тинмай дуо қилар, инсонларга қилган барча яхшиликлари эвазига уни ўзига берилган бир туфҳа деб биларди.
Мадаминбек кичикроқ бир савдо дўкончаси очиб, тинч ҳаёт кечиришни режа-лаштирар, ўзининг 40 нафар қуролдош йигитларини яқин кунларда уйларига қайтаришни ўйлаётган эди. Аммо охирги кунларда большевиклар олиб бораётган сиёсат барча режаларни бузиб ташлади. У ўз йигитлари билан милиция марказидаги қуролларнинг барчасини олиб истиқлолчилик ҳаракатига қўшилиб, ҳақиқий босмачилар - қизилларга қарши курашни бошлаб юборди. Бир куни у ўз йигитлари билан Марғилонга бостириб кириб, тинч аҳолини отиб, қиличдан ўтказаётган арман дашноқлари устига қўққисдан ҳужум қилиб барчасини қириб ташлайди. Мадаминбек ғалабасини эшитиб водийнинг турли бурчакларидан унга ёрдам истаб чопарлар кела бошлайди. Табиийки, қаҳрамонимиз уларга ёрдамга ошиқади.
Чор Россияси даврида Туркистонга кўчириб келтирилган рус мужиклари ҳам большевик ҳокимиятидан норози эдилар. Советлар уларнинг ерлари ва мол-мулкларини давлат ихтиёрига тортиб олаётган, қаршилик кўрсатганларни эса отиб ташлаётган эди. Мадаминбек «Рус деҳқон армияси»қўмондони генерал Монстров билан яширин алоқа ўрнатиб, биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида келишиб олади.
Моҳир саркарда эканини қисқа вақтда исботлаган Мадаминбек ҳузурига Англия ҳукумати ёрдам таклиф қилиб элчи жўнатади. Урал ва Сибирда қизил армияга қарши курашаётган Колчак эса 2 та рус ва 2 та инглиз генералларини унинг ҳузурига ёрдамга юборади. Бундан ташқари Туркия ва Германиядан ҳам ёрдам таклифлари кела бошлади.
Афсус ва надоматлар бўлсинки, четэлликлар Мадаминбек шахсиятида кўра олган етакчилик ва саркардалик салоҳиятини Қўқон атрофида Катта Эргаш бошчилигида ҳаракат қилаётган қўрбошилар кўра ол-мадилар. Улар Мадаминбекнинг бутун кучларни бирлаштириш таклифига рози бўлмадилар.
Мадаминбек маҳаллий бойлар воситачилигида Англия, Германия ваТуркиядан қурол-яроқлар сотиб олиб, қўл остидагиларни яхшироқ қуроллантира бошлади.
Мадаминбекнинг Туркистонда ҳаракат қилаётган озодлик кучлари раҳбарларидан устивор томони шу эдики, унинг ҳарбий штабида ўқимишли, сиёсатни тушунадиган рус ва инглиз офицерлари бор эди. Улар Россия ва унинг атрофидаги воқеаларни синчиклаб кузатиб, ўрганиб борар ва бу ҳақда Мадаминбекка зарур маълумотларни беришарди. Ишончли ва зарур маълумотларга эга бўлган Мадаминбек уларни ўзича таҳлил этар ва аниқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда тегишли бир тўхтамга келарди.
Архив маълумотларида кўрсатилишича, у Скобелев (ҳозирги Фарғона шаҳри), Наманган, Андижон, Ўш қўрбошиларини бирлаштириб 25 минг кишилик армияга қўмондонлик қилган.
Совет қўмондонлиги Мадаминбек билан водийда қандай жанг қилишни режалаштираётганда, у ўз йигитлари билан русларнинг асосий истеҳкоми, Скобелев шаҳрига, 1919 йил бошида тўсатдан бостириб киради. Кўча жангларида русларни мағлуб этгач, шаҳар турмасига ҳужум қилиб, 200 дан зиёд сафдошларини ва рус офицерларини озод этадилар.
Истиқлолчилик ҳаракати қўшинлари қисқа вақт ичида Ўш, Андижон, Марғилон, Қува, Жалолобод ва бошқа йирик шаҳарларни ўз назоратига олади. Ўш озод этилгач, Мадаминбек халқ олдида генерал Монстров ва Алексеевларнинг елкаларига қўлини қўйиб жуда чиройли қалблар тубидан ўрин оладиган, самимий бир нутқ сўзлайди. Уни Ўш аҳли қуйидагичатаърифлаган: «У ўрта бўйли, тўладан келган, қизил юзли, чарақлаб турган қора кўзли, жуда хотиржам гапирадиган киши эди. Унинг унча ўсмаган сочлари устига кийган Марғилон дўпписи ҳам, қилич ва наганини елкасидан белига қараб тортилган тасмаси ҳам, қолаверса, шойи бел-боғи ҳам ўзига жуда ярашиқли эди».
1919 йил сентябр ойи ўрталарида Марғилонда Ислом қўшинлари ва «Рус деҳқон армияси» раҳбарларининг бирлашган қурултойи бўлди. Қурултой Мадаминбекнинг салоҳиятли амир ал-муслимин эканини яна бир бор эътироф этиб, унинг Фарғона водийсида чинакам адолатли, меҳнаткашпарвар мусулмон ҳукумати тузиш тўғрисидаги дастурини маъқуллади. Қурултойда ўлкада Таъсис Мажлиси (парламент) чақириб, тенг ва эркин сайловлар асосида қоннуний ҳукумат тузиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳукуматдаги жойларнинг 2/3 қисми ерли аҳоли вакилларига, қолган бир қисми русийзабон халқ вакилларига ажратилиши назарда тутилган эди.
Жангу-жадаллар билан банд бўлган Мадаминбек севикли ёри Саодатхон билан кам кўришарди. Мадаминбек билан бу аёл анчагина машаққатлар чеккан. Саодатхон опа назарида ўзининг беги (у Мадаминбекка «бегим» деб мурожаат этарди) улуғ ишлар билан бандлиги, миллат севгиси унинг бошқа ҳис-туйғуларидан устивор турганидан сира ҳам ҳафа бўлмас, аксинча, бу билан ғурурланиб юрар, ўзи ҳам янги бир олам кишиси бўлиб бораётганидан мамнунлигини яшира олмас эди.
Туркистон чоризмнинг муҳим хом-ашё базаси эди. Ленин ва унинг сафдошларининг қаттиқ эътиқодича, Туркистонда Совет ҳокимиятини ўрнатиш Хитой ва Ҳиндистон каби йирик давлатларга «инқилобни» экспорт қилиш имкониятини туғдирарди. Шунинг учун ҳам большевиклар Туркистонни қўлдан чиқаришни истамас эдилар.
Иккиюзламачи Ленин 1918 йил бошида Туркистон аҳлига ўзлари истаганларидек давлат тузиш ҳуқуқи берилишини эълон қилиб, ўша йилнинг сентябр ойида Турккомиссия номи остида фавқулодда ваколатларга эга коммунистлар гуруҳини Тошкентга йўллаган. Уларга Туркистонда большевик тузумни қандай қилиб бўлмасин сақлаб қолиш ва кучайтириш вазифасини юклаган эди. Айнан шу комиссия қарори билан Туркистон Мухторияти тугатилган, мусулмонларга қарши «қизил террор» сиёсати ишга солинган эди. Бу сиёсат қурбони бир неча юз минг киши бўлди.
Россиянинг марказий вилоятларида фуқаролар уруши большевикларга Урта Осиёда ҳокимиятни қўлга олишга имкон бермаган. 1920 йилга келиб «оқ армия» қўшинлари мағлуб этилиб, асосий кучлар Туркистонга йўналтирилди. Қирғизистонда туғилиб ўсган Фрунзе бу қўшин қўмондонлигини қайтадан ўз қўлига олади. Янги ва урушларда чиниққан кучлар етиб келиши билан истиқлолчилик ҳаракати аъзоларига қарши кураш анча кесқин тус олади.
Кечагина Осиё халқларига ўз давлатини тузишга рухсат берган Ленин иккиюзламачилик қилиб биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ Туркистонда ҳокимиятни қўлга олиш ишини бошлади. Қизил армия нафақат Фарғона мухтор давлатини, балки Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини ҳам тугатган.
Мадаминбек тузган давлат ўша даврдаги кўплаб Осиё мамлакатлари каби диний давлат бўлмай, диний ва миллий анъаналаримиз қадрланадиган дунёвий давлат эди. Фарғона водийсига Хитой, Англия, Эрон, Туркия ва АҚШдан элчи ва вакиллар келиб ўз давлатларининг ёрдамларини таклиф этган эди.
Мустақилликка эришгач, ноҳақ қораланган ота-боболаримизни халқимизга танитиш имконияти пайдо бўлди. Советлар бу йўлдаги фаолиятларини 80 йиллар охиригача давмм эттирдилар. Ҳатто, «Узбекфильм» киностудияси «босмачилар» тўғрисида шунчалик хўп фильм суратга олганки, собиқ Иттифоқда «Басмач-фильм» деган ном билан танилиб қолган.
Англиядан чиққан Робин Гуд номли бир қароқчи ҳақида бир қанча фильм суратга олинган. Корея киночиларига тан берасан киши, «Денгиз ҳукмдори», «Сўнгги қиролича» ва «Жумонг» сериаллари орқали ўз тарихларини дунёга танитмоқда. Бизлар ҳақиқий юрт ўғлонлари ҳақида бадиий фильм олиб, чиройли тарзда ўз халқимйзга танитсак, кўчада ўйнаётган болаларимиз пешонасига латта боғлаб кореялик қаҳрамонларга эмас, белига белбоғ боғлаб Амир Темур, Мадаминбек, Намоз Пирумқуловларга тақлид қилган бўларди.

Жамшид КОМИЛОВ

 
Соҳибқирон ишончини қозонган саркардалар
21.07.2014 07:09    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳоншумул обрў-эътибор ва шон-шуҳрат қозонишида бош омил ҳисобланган жиҳат, яъни саркардалик даҳоси, ҳарбий истеъдоди ва маҳорати, жаҳон ҳарб санъатига қўшган улкан улуши борасида кўпдан-кўп фикр-мулоҳазалар, илмий ҳамда бадиий асарлар мавжудлигига қарамасдан, бу борадаги изланишларни узлуксиз давом эттириш Соҳибқироннинг ҳарбий иш соҳасидаги янгидан-янги хусусиятларини кашф этишга хизмат қилади, деган фикрдаман.
Ҳазрат Амир Темурнинг бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солган ҳарбий зафарларига, албатта, фақат унинг Оллоҳ томонидан инъом этилган лашкарбошилик салоҳияти маҳсули дебгина қарамасдан, балки унинг фавқулодда замонавий қурол-яроғлар билан таъминланган, ўша даврнинг илғор жанг олиб бориш амалиётларини мукаммал эгаллаган ўта интизомли армияни тузиши натижаси тарзида баҳоламоқ ҳам мақсадга мувофиқдир.
Асосий карвон йўллари устидан қатъий назорат ўрнатиш, салтанат қудратини юқори поғонага олиб чиқиш, халқ турмуш тарзини кўтариш каби олий мақсадлар йўлида Амир Темур XIV — XV асрларда ҳам стратегик, ҳам тактик жиҳатдан тенги йўқ тезкор ҳарбий кучлари билан сонсиз жангу жадалларда иштирок этди, оламшумул ғалабаларга эришди. Амир Темур ўзининг 45 йил давомида олиб борган тўхтовсиз ҳарбий ҳаракатларида қўшиннинг турли бўлинма ва қисмларини бошқарувчи истеъдодли қўмондонларни танлашга, уларни тарбиялаб, вояга етказишга алоҳида куч сарфлади.
Ҳарбий ишнинг мураккаб сир-асроридан тўла воқиф бўлган, ғаним кучлари сафларини синдириш усулларини пухта эгаллаган, мураккаб вазиятларда ҳам эсанкирамай дадил ҳаракат қиладиган, ҳар қандай тўсиқ ҳамда ғовларни усталик билан босиб ўтадиган, мақсадларнинг рўёбга чиқиши йўлида ўз жонини ҳам бахшида этадиган фидокор ва содиқ шахсларни Соҳибқирон, биринчи навбатда, қўшинда мавжуд бўлган турли лашкарбошилик вазифаларига лойиқ топар, аскарлар тақдирини уларга топширар эди.
Тарихий манбаларнинг шаҳодат беришларича, Амир Темур барпо этган қудратли армиянинг турли-туман қисм ва бўлинмаларига уч юз ўн уч бек сардорлик қилган. Уларнинг дастлабки юзтаси ўнбегилик, иккинчи юзтаси юзбегилик, учинчи юзтаси мингбегилик мансабларига эгалик қилган. Туман, яъни ўн минг жангчидан иборат дивизияларга Соҳибқироннинг ўғиллари, набиралари, сафдошлари ва уларнинг фарзандлари бошчилик қилган. Амир Темур армиясида хизматда бўлган саркардаларни шартли уч гуруҳга бўлиш мумкин.
Биринчи гуруҳга Соҳибқироннинг марказлашган салтанат барпо этиш иддаоси билан сиёсат саҳнасига чиққан вақтдан умрининг сўнгги онларигача унга садоқат ва вафо билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлган амир Сулаймон барлос, амир Жаку барлос, амир Ҳожи Сайфуддин нукуз, амир Аббос баҳодир қипчоқ, амир Довуд дуғлат, амир Муайяд арлот, амир Оқбўға баҳодир найман, амир Шайх Али баҳодир, амир Элчибўға баҳодир, амир Эйгу Темур баҳодир сингари уруғ ва қавм сардорларини киритиш жоиз.
Иккинчи гуруҳдан Соҳибқироннинг дўстлари, тенгқурлари, содиқ сафдошлари, фарзандлари ўрин олади. Булар ичида 1383-1384 йили вафот этган амир Жаку барлоснинг ўғли амир Жаҳоншоҳ, 1391 йили Тўхтамишхон билан бўлган тенгсиз жангда ҳалок бўлган Эйгу Темурнинг қондоши амир Шоҳмалик, амир Сарибўға жалойирнинг фарзанди амир Шайх Нуруддин, амир Аббос баҳодирнинг ўғиллари — амир Усмон, амир Умар, амир Шамсуддин, амир Ҳожи Сайфуддиннинг укаси амир Аллоҳдод, амир Тоғайбўғанинг ўғли амир Рустам сингари кўпдан-кўп саркардалар алоҳида жой эгаллайди.
Учинчи гуруҳни Соҳибқироннинг хос фарзандлари, набиралари, яқин туғишганлари ташкил этади. Булар жумласидан Жаҳонгир мирзо, Умаршайх мирзо, Амираншоҳ мирзо, Шоҳрух мирзо ва уларнинг пушти камаридан бўлган фарзандлари Муҳаммад Султон мирзо ва Пир Муҳаммад мирзо ибн Жаҳонгир мирзо, Пир Муҳаммад мирзо, Рустам мирзо ва Искандар мирзо ибн Умаршайх мирзо, Абубакр мирзо, Умар мирзо ва Халил Султон мирзо ибн Амираншоҳ мирзо киради. Шоҳрух мирзонинг ўғиллари ҳали ўта кичик ёшда бўлганлари боис улар Амир Темурнинг ҳаётлик пайтида унинг аскарий қисмларига, табиий, саркардалик қилолмас эдилар.
Мазкур гуруҳга Соҳибқирон қизи Оғабегининг ўғли Султон Ҳусайн мирзо ҳамда опаси Қутлуғ Туркан оғанинг амир Довуд дуғлатдан туғилган фарзанди амир Сулаймоншоҳ баҳодир мирзо ҳам ҳақли равишда тааллуқлидир.
Амир Темур қўмондонлар таркибининг ҳарбий ишда талаб даражасида маҳорат ва малакага эга бўлган истеъдод соҳибларидан шаклланишига катта эътибор қаратган. Ҳарбий қобилияти бор муайян бир шахс, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, лашкарбошилик рутбасини қўлга киритган.
Соҳибқироннинг хос навкарларидан бўлмиш Мубашширнинг Амир Темурнинг шахсий раҳнамолигида амирлик даражасига ўсиб бориши зикр этилган мулоҳазани тасдиқлашда яққол мисолдир. Соҳибқирон шахсан ўзи олий бош қўмондонлик қилган барча йирик муҳорабаларда бевосита қатнашган амир Мубашшир, масалан, Туркия султони Боязид Йилдирим билан 1402 йили Анқара бўсағасидаги жангда Амираншоҳ мирзо, Муҳаммад Султон мирзо, Пир Муҳаммад мирзо, улуғ амирлар — Шайх Нуруддин, Али Султон, Али Қавчин ҳамда Тахуртан қатори қўшиннинг бурангаридан жой олган.
Бўлажак саркардалар жуда ёшликдан ҳарбий санъатнинг нозик жиҳатлари билан яқиндан танишган, тажрибали мураббийлар, яъни отабеклардан аскарий иш борасида сабоқ олган, ҳарбий ҳаракатларда фаол иштирок этганлар.
Манбаларга мурожаат қиламиз. Жаҳонгир мирзо ва Умаршайх мирзо ўспиринлик чоғидан сиёсий ҳамда ҳарбий ҳаётда фаоллик кўрсатганлар. Амираншоҳ ўн тўрт ёшида Хуросон мулки ҳукмдори этиб тайинланган ва шу ўлканинг қўшинларини бошқарган. 1377 йили таваллуд топган Шоҳрух мирзо 1390 — 1391 йиллари амалга оширилган юришларда қатнашган.
1398 йилнинг 17 декабрида Деҳли ҳукмдори Султон Маҳмудхон билан тўқнашув вақтида Амир Темурнинг эътиборли бекларидан Худойдод қўлида таълим олган, эндигина ўн беш баҳорни қаршилаган Халил Султон мирзо ҳаммадан бурун душманга ҳамла қилади ва бир жанговар филни ўлжа олиб, Соҳибқирон ҳузурига келади. Натижада бобоси томонидан турли-туман мақтову навозишлар билан тақдирланади.
Амир Темурнинг ҳарбий сафарлари синчиклаб таҳлил этилса, уларда навқирон саркардаларнинг ўзларига ишониб топширилган қисм, бўлинмаларга тажрибали, ададсиз жангу жадалларнинг иштирокчиси бўлган эътиборли бекларнинг ўзига хос назорати остида қўмондонлик қилганлигини пайқаш мумкин. Масалан, Соҳибқироннинг Шерозда турганлигидан фойдаланган Тўхтамишхон 1388 йили Самарқанд ҳудудига бостириб киради. Бобоси йўқлигида Мовароуннаҳр чегараларини асраш масъулияти зиммасига топширилган йигирма ёшли Умаршайх мирзо зудлик билан черикка бош бўлиб ёвга қарши сафарга отланган. Унга Амир Темурнинг яқин сафдоши, ҳисобсиз савашларда суяги қотган амир Аббос баҳодир ва бошқа нуфузли беклар ҳамкорлик қилади.
1383 йили сеистонликлар билан бўлган тўқнашувда ўн етти ёшли Амираншоҳ мирзо ўнг қўлнинг манглай (авангард)идан жой эгаллаган, улуғ амирлардан бир гуруҳи, жумладан, амир Ҳожи Сайфуддин, амир Оқбўға унинг хизматида бўлганлар.
Маълумки, Соҳибқироннинг саркардалик салоҳияти унинг бир неча қатла оз ададли аскар билан кўпсонли ғаним лашкарига қарши жанг олиб борган вазиятларда ҳам рўй-рост намоён бўлган. Қуръони Каримдаги “Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Оллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган”лиги ҳақидаги оятни яхши билан Амир Темур аксар ҳолларда миқдор жиҳатидан бир неча бор зиёд бўлган ёвга рўбару келиб, ўзига хос лашкарбошилик зеҳни кўмагида зафарлар қучган. Соҳибқироннинг мана шу жиҳатини унинг лашкарбошилари фаолиятида ҳам қайта-қайта кузатиш мумкин.
Ҳиндистон юриши вақтида, Жаун дарёси бўйида Севинчак баҳодир, Саййидхожа ва амир Мубашширнинг уч юз кишилик отлиқ аскарлари билан Маллухоннинг тўрт минг суворий, беш минг пиёда, йигирма етти жанговар филга қарши мардонавор жангга кириб, ҳиндларни Деҳли томон чекинишга мажбур этганлигини ёки Умаршайх мирзонинг 1389 йили олтмиш навкари билан саккиз юз кишилик ғаним лашкарларини тор-мор қилганини шулар жумласидан, деб ҳисобласа бўлади.
Соҳибқирон лашкарбошилари матонати, жасурлиги, душмандан асло чўчимаслиги, ўта оғир вазиятларда ҳам аскарларни ўз кетидан эргаштириш, улар қалбида ғалабага бўлган ишончни авж олдириш салоҳиятига эга эди. 1372 йили Хоразмга қилинган дастлабки сафарида Кат шаҳрини ишғол этиш чоғида амир Шайх Али баҳодирнинг биринчи бўлиб қалъа фаслига чиқиши ёхуд Муҳаммад Султон мирзонинг 1393 йили Шуштар қалъасини эгаллаш пайтида ҳаммадан аввал ҳисор устига чиқиб, туғ ҳамда байроқларни ўрнатиши сингари ҳисобсиз ҳаракатларни мисол тариқасида келтириш мумкин.
Саркардаларнинг жасорати, қаҳрамонлиги, довюраклиги, ҳарбий тактик амалиётларни моҳирона қўллаши Амир Темур эътиборидан четда қолмас, аксинча, инояту марҳаматлар кўрсатилар, муносиб даражаю унвонлар билан шарафланар, турфа тортиғу суюрғоллар билан сийланарди.
1388 йили Кўча Малик Мўғулистон ҳукмдорларидан Инкотўра ортидан қувлаб бориб, ўн уч навкари билан Хўжанд яқинидаги Жийжол мавзеида ёвнинг уч юз жангчисига шабихун қилиб, Хўжанд ва унинг теварак-атрофидан олинган асирларни душман тутқунидан қутқарган, уларга йўл озиғи бериб, юртларига жўнатгани боис Соҳибқирон унга суюрғол тайин этади ва тархонлик мансабини бериш ҳақида фармон чиқаради. 1391 йили Дашти Қипчоқ қўшини билан бўлган даҳшатли муҳорабада кимда-ким мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатган бўлса, Амир Темур ўша шахсга тархонлик нишонини беради ҳамда уларни ўз ҳузурига киришдан ҳеч ким ман қилмасин, уларни ва фарзандларини тўққиз марта гуноҳ содир этмагунча сўроқ қилинмасин, отларидан улов учун олинмасин, барча фавқулодда йиғинлардан озод этилсин, деб ҳукм чиқаради. Амир Шоҳмаликнинг мартабасини улуғлаб, унга парвоначи мансабининг хос муҳрини топширади. Унинг яқинлари ва қариндошларини ҳам ўз иноят ва марҳаматига мушарраф этиб, содиқ саркардасига вазирлик тўнини кийгизади.
Амир Темур армиясида лашкарбошиларнинг жанг чоғида бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишлари, қийин, хавфли ҳолатларда зудликда кўмакка келишлари аъло даражада йўлга қўйилганини кузатамиз. 1398 йилнинг 2 ноябрида Батнайр қалъаси аҳоласидан солиқ молини ундириш мақсадида жўнатилган амир Шайх Нуруддин ва амир Аллоҳдан бошлиқ жангчилар гуруҳи габрлар қуршовига тушиб қолади. Жангда анчагина киши ярадор бўлади. Амир Шайх Нуруддинни душман ўртага олиб, асирга туширишига оз фурсат қолганда Феруз Сеистоний ва унинг навкарлари габрлар устига шиба ўқи ёғдириб, амир Шайх Нуруддинни ҳалокатдан қутқариб қоладилар. Соҳибқирон Феруз Сеистонийни ушбу жасорати учун муносиб тақдирлайди.
Амир Темур ўз саркардаларини ўта қадрлаган ва эъзозлаган, ҳурматини жойига қўйган. Уларнинг ҳаёти хавф-хатар остида қолганда бор куч-қувватини, қобилиятини, тажрибасини уларни бартараф этиш учун сарфлаган. Мисрликлар қўлида банди бўлган амир Отламишни қутқариш йўлида Соҳибқирон томонидан олиб борилган ҳам дипломатик, ҳам ҳарбий саъй-ҳаракатлар фикримизни далиллашда яққол мисол бўлади.
Амир Темурнинг шахсий раҳнамолиги остида вояга етган, ўрта асрнинг энг қудратли ва интизомли армияларидан бирини барпо қилишда, жаҳоншумул нусратларни қўлга киритишда унга сафдош бўлган саркардаларнинг ҳаёт йўлини асл манбалар асосида чуқур ўрганиш, темурий саркардалар галереясини яратиш Истиқлол мафкураси қўяётган талабларга муайян даражада жавоб беради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 14-сонидан олинди.

 


31 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин