Саналар
22.12.2024
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Бизни ҳоллар ва ишлар (1914)
13.03.2014 23:42    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

БИЗНИ ҲОЛЛАР ВА ИШЛАР

12-адад «Ойна»да Самарқанднинг Мирзо Улуғбек ҳазратлари жомеъинда муаззин тарафидан усули жадид мактабинда ва ҳам русча ўқумоқни ямонлиги ҳақинда жумаъдаги мусулмонларға нутқ қилингони ва ҳар ким усули жадида мактабиға бала берса, ўзи кофир, хотуни талоқ дегани ва бир неча самарқандийни от тутуб, «алар кофир ва ўрус» дегани ёзилиб эди.

Ушбу нутқ ҳукуматға маълум бўлуб, ҳукумат тарафидан Мадрасаи Тиллакори ва Мадрасаи Мирзо Улуғбек мударрислари жаноб Мулло Имомназар ва жаноб Мулло Салим ва ҳам нутқ қилгон муаззиндан сўралибдур. Жаноб мударрислар ушбу нутқдан хабаримиз йўқ дебдурлар. Муаззин айтибдурки, «Ман усули жадид ва ё русча ўқумоқ ва ё усули жадидчилар ҳақинда ҳеч бир нимарса айтганим йўқ. Фақат "Анжумани арвоҳ" исмлидаги янги чиқғон рисолаға эътиқод қилманглар, дедим» деб бошқа айтганлариға мункир бўлубдур.

Ҳукумат тарафидан билдурулубдурки, баъзинда мундай ямон ҳаракатлар воқеъ бўлса, сабабчини беш йиллик бадарға қилинур. Китоб тўғрисинда закун бўйинча ҳаракат лозим. Бечора муаззин масжиди жомеъда ва бир неча минг киши ҳузуринда айтғон сўзиға мункир бўлгани, ани қайси даражадаги одамлигини кўрсатур. “Ойна” муҳаррири имониға ҳам ўшал муаззин чанг солибдур деган сўзлар ҳам эшитиладур. Бул сўз собит бўлганда, «Ойна» муҳаррири, албатта, анга даъво (қазаф) қилур. Аълон муаззин сўзиға умумий тарафдан қараб бир оз муҳокама қилармиз. Усули жадид ва русча ўқумоқ раддиға сўйлагани собитдур. Биз, аввалан, шуни ёзармизки, на усули жадида мактабиға ўқуғон сабабли ва на русча ўқуғон важҳидан киши кофир бўлмайдур. Муаззин мунга ҳеч далили шаръий ва ақлий кўрсатолмайдур.

Мундан қатъи назар муаззинни устози муҳтарам Ҳожи Мулло Тўрахўжа мударрис жаноблари усули жадид мактабининг бонийси ҳисобланурлар. Усули жадидчиларни ва русча ўқугонларни «маълум мажлис»да куфр қудуғи бўйиғача судраган самарқандий муҳтарам Мулло Саидаҳмад Васлий шоир жаноблари ва Ҳожиаҳмад мударрис жанобларининг устодлари муҳтарам Ҳожи Мулло Тўрахўжа жанобларига: «Истанбул шайхулисломи Туркистон ва Бухорода усули жадид мактабларини ривож бермоқға ва Русия мактаблариға бола бермоқға уламонинг саъйи ва ҳаракати лозимдур», — деб айтганларини мазкур муҳтарам Ҳожи Мулло Аҳмад мударрис жаноблари нақл қилиб эдилар ҳамда Ҳожи Мулло Аҳмад афанди айтиб эдиларки: «Истанбул шайхулисломини устодим Эшон Тўра илан зиёрат қилдим. Шайхул-ислом жаноблари дедиларки, биз эшитармизки, Бухоро ва Туркистон уламоси усули жадидни ямон дер эмишлар, ажабо! Далиллари надур? деб мавоҳаза қилмоқчи бўлганда, ман, Мулло Ҳожиаҳмад, дедимки, — афандим, бизни шайхимиз (Эшон Тўрахўжа домлани мурод этар) усули жадидни мудофеъи ва ҳомийсидурлар»,—деб қутулдик. Ажабо, Ҳожи Мулло Аҳмад мударрис жаноблари Истанбулдан шул қадар сўзлаб, яна қандай номи киромийлари илан бир-икки жадидчини «маълум мажлис»да алар ғойибонасиға жаноб устоди муҳтарам Ҳожи Мулло Абдужалил махдум мударрис ва Ҳожи Мулло Тўрахўжа мударрис ҳузурларинда куфрға нисбат бериб, бадном этарлар. Ҳолбуки куфрға нисбат берган одамлариданки, бири руси ўқугон, расмий омури ҳукумат, дигари русча билмайдургон оддий бир кишидур. Алар ҳақинда ҳурмат ва риоят, балки ионатдан бошқа бир нимарса содир бўлгон йўқдур.

Ўтайлук. Ҳануз олти ой бўлган йўқ усули жадид мактабинда волийи вилоят ҳузуринда Самарқанд қозиси ва Самарқандни акбари уламо ва содотидан жаноб Қози Мулло Муҳаммад Исохўжа мударрис ва қози Абдулҳайхўжа ва қози Мулло Абулқосим ва қози Мулло Бақохўжа жаноблари усули жадид мактабини айни шариат ва усули қадимдан кўра нофеълигини баён қилиб эдиларки, «Самарқанд» жаридаси ёзиб эди. Ажабо, олти ой ўтмасдан, қандай бўлдики, усули жадид мактаби ва усули жадидчилар мажлисларда, ҳатто, жомеъи шарифда такфир қилинадур? «Анжумани арвоҳ» рисоласи ҳақинда ҳам жаноб Қози Мулло Муҳаммад Исохўжани «сўзлари ҳамма(си) тўғри ва дуруст» дегонлари ривоят қилинур. Ҳаммадан ажойиби булки, муаззин минглар ила киши ҳузуринда айтгон сўзиға ҳукумат ҳузуринда ҳамда ўзини устоди ҳузуринда мункир бўлур. Биз бу сўзни ёзмас эдук ва аммо бутун халқ орасинда шуҳрат тобгани ва жомеъи шарифда сўйлангани учун ва Туркистондаги юз минг оталарга болалари усули жадид мактабиға ўқуйдур. Аларға дафъи иштибоҳ қилмоқ учун ва халойиқни ҳар нимарсадан азиз имониға чанг урулгон учун ёзиб фурсатимизни фавт қилармиз. Валлоҳ айтиб туруб, мункир бўлгучи киши сўзини бир пуллик эътибори йўқдур. Оҳ! Биз қандай кейин қолганмиз. Халқи олам усули жадид ва илми замоний ила осмонларға учар, биз ҳануз бир-биримизни такфир ва талъин ила вақт ўткарармиз.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 13-сон, 200202-бетлар.

 
Жалолиддин Мангуберди: Турон қоплони
21.07.2014 07:03    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Дунёни, инсониятни ларзага солган Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи, энг ҳаяжонли дамлари... Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган Фалокатнинг якуни яқин. Якун нурли бўлиши учун яна неча миллионлаб инсоннинг қўллари дуода... Бундай вазиятда Ватан ҳимоячилари — аскарлар иродасига таъсир этувчи ҳар қандай куч катта аҳамиятга эга. Шундай ўта муҳим пайтда ёзувчимиз Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси дунёга келди.
Ўтмишда Чингизхондай қудратли кучга қарши тура олган, мардонавор курашган Ватан тиргаги — Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонликларини жонлантира олган драма Иккинчи жаҳон уруши йилларининг жанговар вазифаларига катта хизмат кўрсатди.
Мазкур асар театрда саҳналаштирилди. Манбаларда кўрсатилишича, Мангубердининг кишида ҳаяжонли фахр туйғусини жунбушга келтира оладиган қаҳрамонликлари акс этган мазкур драма урушга кетаётган аскарларга махсус намойиш этилиб, фронтга жўнатилган экан. Бу эса аскарларда жанговар руҳ ва шижоат уйғотиб, душманга нафратни кучайтирган...
Ана шундай ватанпарварлик туйғусининг кучаювига сабаб бўлгувчи буюк аждодларимиз, хусусан, Жалолиддин Мангубердининг жасоратлари асрлар ўтса ҳамки, ўз қадр-қимматини, аҳамиятини йўқотмайди. У кишида Ватанпарварликдек Олий Туйғуга хизмат қилиш импулсини жўш урдириб туради...
Жалолиддин Мангубердининг яқин аъёнларидан бири бўлган, машҳур тарихчи Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий буюк бобомизни шундай тасвирлаган: «...У буғдойранг, ўрта бўйли, туркий қиёфали ва туркийда гапирадиган одам эди, шу билан бирга, форсийда ҳам сўзлаша оларди. Унинг мардлиги, жасурлигига келсак, жанглардаги қаҳрамонликларини эслаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр шер эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботир эди. У... жаҳлдор эмасди, ҳақоратомуз сўзларни айтмасди. У ниҳоятда жиддий эди, кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди...»
Машҳур тарихчи Бартолд Мангубердига баҳо берар экан, буни шундай ифода этади: «...Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад кейинчалик Жалолиддин кўрсатган ва мумкин бўлган қаршилик ҳаракатининг учқунини ҳам кўрсата олмади». Дарвоқе, шу ўринда Мангубердининг отаси — Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ҳақида турк тарихчи олими Ойдин Тонарий ёзган баъзи бир маълумотларни келтириб ўтсак.
Тарихда буюк из қолдирган хоразмшоҳлар сулоласининг машҳур сиймоларидан бири бўлган Алоуддин Муҳаммад (ҳукмронлик даври 1200 — 1220 й.) даставвал Ғур султонлари Шиҳобиддин ва Ғиёсиддин билан жанг қилди. Ғурийлар Марв, Тус ва Хуросонни қўлга киритиш ниятида эдилар. Алоуддин Муҳаммад Нишопур, Марв, Сарахсни забт этди. Ундан сўнг Хоразмшоҳ кўп жанглар ўтказди, ғурийларни кучсизлантириб, уларнинг кўп ерларини тортиб олди. Бора-бора, бир вақтлар қудратли ҳисобланган ғурийлар давлати Алоуддин Муҳаммаднинг тазйиқи сабаб, парчаланиб кетди...
Алоуддин Хоразмшоҳ бундай натижаларга кўп жиҳатдан қорахитойлар орқали эришди. Бироқ у кейинчалик, қудрат касб этиб бораётганини ҳис қилди, ўзи вассал бўлган қорахитойларга қарши юришлар қилиб, уларни енгди. Ундан кейин Хоразмшоҳ Табаристонда бовандийлар ҳукмронлигини йўқ қилди, Самарқанд султони Усмонни ўлдириб, қорахонийларни тарих саҳнасидан бутунлай чиқариб юборди. Дашти Қипчоқдаги кўчманчи қипчоқларнинг устидан ҳам ғалаба қозонган Алоуддин Муҳаммад 1215 йилда Сиғноқни ўз давлатига қўшиб олди.
Айни пайтда Эрон ва Афғонистонда ҳам обрўси ошиб бораётган Хоразмшоҳ Ғазна ва унинг атрофини босиб олди. Бу ерларни у ўғли Жалолиддин Мангубердига берди. Алоуддин 1217 йилда Форс отабеги Саъд ибн Занги ва Озарбойжон отабеги Ўзбекни енгиб, ўз итоати остига олди.
Шундай қилиб, Хоразмшоҳлар империяси янада кенгайиб, Сирдарёдан Ироқи Арабга чўзилган улкан ҳудудга эга бўлди ва ўша давр Ислом оламининг энг қудратли давлатига айланди.
Бироқ шундай қудратга эга бўлган султон Алоуддин Муҳаммад ўз давлат механизмига тамомила ҳукмрон бўла олмади. Мўғуллар истилоси арафасида хоразмшоҳлар давлатида ўзига хос диархия — иккиҳокимлик тузуми вужудга келган: мутлақ ҳукмдор деб султон Муҳаммад ҳисобланарди, иккинчи тарафдан у ўз онаси Туркон хотуннинг итоатида эди. Туркон хотун эса давлатнинг ички ва ташқи ишларида иккинчи ҳукмдор, айрим масалаларда ҳатто султонга мухолиф ҳам эди. Хоразмшоҳнинг буйруқ ва фармонлари кўпинча қудратли Туркон хотун томонидан бекор қилинар ва ҳеч қандай кучга эга бўлмай қоларди.
Шиҳобиддин ан-Насавий шундай ёзган: «...Хоразмшоҳ онасига қарши чиқолмас эди... кичик ишларда ҳам, жиддийларида ҳам, аҳамиятсизларида ҳам. Бу икки сабабга кўра эди: биринчиси — фарзандлик бурчи бўлса, иккинчи ва энг асосийси, мамлакатнинг барча амирлари онасининг уруғидан эканлиги».
«Жаҳон ҳокими» деган лақабга эга бўлган Туркон хотун фақат султонга ҳукмини ўтказибгина қолмай, балки молия ишларини ҳам бошқарарди ва амирлар, амалдорларга ҳам фармон берарди. Бу ҳолат мўғуллар истилоси арафасида хоразмшоҳлар давлатидаги аҳволнинг барқарорлигини бирмунча йўқотди.
...1218 йилда Мовароуннаҳрга келган Чингизхон элчилари Алоуддин томонидан қабул қилинди. Икки ўртада савдо шартномаси тузилди. Бироқ Чингизхоннинг савдогарлар карвони Ўтрорга келганда шу ернинг ноиби Инолхон уларни қатл этиб, мол-дунёларини тортиб олади. Аслини олганда, қатл этилганлар савдогарлар ниқобидаги жосуслар экани аён бўлса ҳам, аниқ исботлар йўқлиги сабаб, бу ўта жиддий сиёсий хатога айланди. Бу мудҳиш воқеа оқибатда неча-неча минглаб мусулмонларнинг ҳалок бўлишига олиб келди...
Ғазабланган Чингизхон Инолхонни беришни талаб қилиб, Муҳаммад ҳузурига ибн Кафраж Буғра исмли машҳур киши бошчилигидаги элчиларини юборади.
Бироқ Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ўғли Жалолиддин Мангубердининг сўзига кирмай, Инолхонни Чингизхонга бермайди. Бу ҳам етмаганидай, ибн Кафраж Буғра ва унинг йўлдошларини қатл қилиб юборади.
Буғранинг ўлдирилишидан ниҳоятда тушкунликка тушган Чингизхон уч кечаю уч кундуз танҳо ўзи ибодат қилиб, Худога қарата илтижо қилган экан: “Эй Парвардигор, эй тозик ва туркларнинг яратгувчиси, бу жанжални бошлаган мен эмасман, қасос олишга қувват бер!”
Мўғуллар босқини арафасида Хоразмшоҳ ҳарбий кенгаш чақиради. Унда атоқли давлат арбоби Шаҳобиддин Абу Саъд ибн Имрон ал-Хивақий Алоуддинга барча лашкарлар билан (600 минглик!) Чингизхонга қарши чиқиш керак, деган таклифни ўртага ташлайди. (Чингизхоннинг қўшинлари сони Хоразмшоҳникидан 3-4 баробар кам эди!) Мангуберди ҳам фойдали маслаҳат беради. Унинг фикри бўйича, душманни Мовароуннаҳрга киритиб, сўнг маҳаллий ерни душманга нисбатан яхши билганликдан фойдаланиб, уни яксон этиш кўзда тутиларди. Бироқ Алоуддин Муҳаммад бу таклифларни рад этиб, барча қўшинини шаҳар ва қалъаларга бўлиб, парчалади. (Баъзи тарихчилар бу охири яхши ўйланмай қилинган ишга Алоуддин Муҳаммаднинг Чингизхонни менсимагани сабаб бўлган,
дейишса, бошқа тарихчилар бу пайтда Хоразмшоҳнинг ўз атрофидаги аъёнларига ишончи сусайгани важ бўлди, деб ёзишади.) Оқибатда, Чингизхонда рақиб кучларини биттама-битта, осонгина қириб ташлаш имкони туғилди ва у буни уддалади ҳам.
...Биринчи зарбани Чингизхон 1219 йилда Ўтрорга берди. Бунинг муҳим сабаби бор эди: Чингизхонннинг ўз ҳисоб-китоби бўлган Инолхон бу шаҳарнинг ноиби эди. Ўтрор беш ой қамал қилиниб, Инолхоннинг одами Ҳожиб Қорача хоинлиги сабаб, ишғол қилинади. Инолхонни Чингизхон ҳузурига олиб келишади. Сўнг эса, Инолхоннинг кўзлари ва қулоқларига кумуш эриттириб, қуйишади...
Ҳожиб Қорачани эса Чингизхоннинг ўғиллари олдига олиб келишганда, улар: «Сен ўз ҳожангга нисбатан хоинлик қилдинг. Ваҳоланки, у сенга кўп яхшиликлар қилган ва сендан миннатдорлик кутишга ҳақли эди. Шунинг учун биз сенинг содиқлигингга ишонмаймиз», деб қатл этадилар...
Вазиятнинг қулайлигидан ва саросимага тушган, ён-атрофидаги аъёнларига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган Алоуддин Муҳаммаднинг абгор аҳволидан фойдаланган Чингизхон Мовароуннаҳрнинг дастлаб энг йирик шаҳарларини босиб ола бошлади, шундан сўнг, кучсизроқ вилоятларини осонлик билан забт этади. Тарихда мисли кўрилмаган қатлиомлар рўй беради, мусулмонлар қони дарё бўлиб оқади. Тарихчилар айтганидек, “бунда таслим бўлганлар ҳам, қаршилик кўрсатганлар ҳам омон қолмадилар”. Вазият шу даражага етиб келдики, Балхдан Тусга аранг қочган Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ Давлатобод яқинида бўлиб ўтган жангда зўрға жонини қутқариб қолди. Изма-из қувиб келаётган даҳшатли таъқибдан жонсарак бўлиб қолган Муҳаммад Султон Ҳазар(ҳозирги Каспий) денгизининг жануби-шарқ қисмидаги Абискин оролларидан бирига яширинди. У ерда хасталаниб, қашшоқлик ва хор-зорликда 1220 йили вафот этди. Энг фожеалиси, бир вақтлар оламни ларзага келтирган, қудратли империянинг ҳукмдори, беҳисоб бойликлар эгаси Алоуддин Муҳаммадга ҳатто арзирли бир жой ва ҳатто кафанлик ҳам топилмади. Унинг мулозимларидан бири ўз кўйлагини йиртиб, кафанлик қилиб ўрайди...
Султон Алоуддин Муҳаммад ўлимидан бир неча кун олдин ўғиллари Жалолиддин, Оқшоҳ ва Ўзлоқшоҳни ҳузурига чорлаб, “Мангубердидан бошқа ўчимни оладиган, бу ҳаракатни тўхтатадиган ўғлим йўқ. Уни ворис этиб тайинлайман. Унга итоат этингиз” дейди ва қиличини ўз қўли билан катта ўғлининг белига боғлайди. Шу билан айтиш мумкинки, Туркон хотун томонидан тайинлаган султон — Ўзлоқшоҳ ворислиги бекор қилинди. Хуллас, Жалолиддин Мангуберди энг мушкул, таҳликали вазиятда ўзи йўғ-у номигина бор давлатнинг султонига айланди.
Тоғ бағрида гуржилар худди зулмат сингари ёйилиб, Хоразмшоҳни кутиб турардилар. Уларнинг Султонни кўрган заҳоти қилган биринчи қилиқлари — осмонни тешиб юборгудай қичқиришлари бўлди.
Икки томон орасида шиддатли жанг бўлиб ўтди. Оқибат шу бўлдики, гуржилар мағлуб бўлиб, Хоразм қўшинидан аранг қочиб қутулдилар.
Тарихчиларнинг ёзишича, уруш арафасида Шалва (гуржиларнинг энг қудратли лашкарбошиси) рақиб тараф элчисини кутиб олганида йиққан қўшинини пеш қилиб, шундай деган экан: “Мен айни шу пайтда, давримда амир ал-мўъминин Али (ибн Абу Толиб ҳазрат Али, тўртинчи халифа) тирик бўлишини истардим. Шунда мен унга куч қандай бўлишини кўрсатиб қўярдим, у Бадр ва Хайбар жангларини эсдан чиқарарди”. Шалванинг бу мақтанчоқлиги асосида Бадр жанги — 624 йилнинг мартида Муҳаммад (с.а.в.) тарафдорлари томонидан Ислом дини учун кураш жанги назарда тутилган. Бу кураш Арабистон ярим оролида исломнинг кенг тарқалишига йўл очиб берган. Хайбар — Мадина ва Дамашқ оралиғида жойлашган воҳа. 628 йилда Муҳаммад (с.а.в.) томонидан забт этилди. Ривоят қилишларича, ҳазрат Али иккала жангда ҳам ноёб жасорат кўрсатган.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, Шалва жуда бақувват, улкан гавдали киши бўлган. У асир олингач, Жалолиддин ҳузурига олиб келинади. Шунда Султон унга шундай дейди: “Қани, сенинг Зулфиқор қиличинг?! (Ҳазрат Алининг шундай машҳур қиличи бўлган.) Қани, бу қиличингнинг ҳаммани ҳайратга солувчи зарблари?” Шу гапдан сўнг, изза бўлган Шалва ислом динини қабул қилган экан...
Хуллас, Жалолиддин Мангуберди Озарбайжондаги отабеклар давлатини тарих саҳнасидан чиқариб юборгач, Ширвон, қудратли Гуржистон империясини қулатди.
Мавқеидан мўғуллар ҳам ҳайиқиб қолган Мангуберди 1227 йилнинг центябрида асосий душман билан тўқнашди. Жанг аёвсиз кечади. Унда, айниқса, мўғуллар кўп талафот кўрадилар. Бироқ жангнинг энг қизғин палласида Жалолиддиннинг укаси Ғиёсиддин Пиршоҳ унга хоинлик қилиб, қўшинлари билан қочиб кетади. Лекин шунда ҳам Жалолиддин зафар қозонади, мўғуллар талафот кўриб, қочишга тушадилар.
Мўғул лашкарбошиларидан бири Тайнал нўён Жалолиддиннинг бу жангдаги жасоратини кўриб, шундай деган экан: “Ҳақиқатан ҳам у ўз даврининг баҳодири ва тенгқурларининг доҳийсидир!”
Жалолиддин Мангубердининг Ватани, миллати ва динининг ғурурини барча нарсадан устун қўйишини тарихчиларнинг ушбу қайдларидан ҳам билса бўлади.
...Ҳилотни қамал қилиш пайтида Жалолиддин синглиси Хонсултондан хат олади, у тақдир тақозоси билан Чингизхоннинг ўғли Жўчининг хотини бўлган эди. Мактубда шундай дейилганди: “Сенинг қудратинг, кучинг ва мулкларингнинг улканлиги ҳақидаги хабар Хоқонга етди. Шунинг учун у сен билан қариндош бўлишга қарор қилиб, мулкларингиз чегарасини Жайҳун дарёси бўйича ўтказиш ҳақида келишиб олмоқчи. Сенга — дарёгача бўлган, унга — дарёдан наридаги ерлар. Шунинг учун агар сен уларга қарши туришга куч йиғолсанг, қасос ол, агар енгсанг, хоҳлаганингча иш тутасан. Агар енгишга кўзинг етмаса, фурсатдан фойдаланиб, уларнинг истаги бўйича сулҳ туз!”
Бироқ Хоразмшоҳ хатга жавоб ҳам ёзмади, уни худди кераксиз матохдай назарга олмади, ниятларидан чалғитувчи ундов деб билди.
Хоразмшоҳнинг атрофидаги давлатлар ҳукмдорлари — Қўниё султони Қайқубод И, Дамашқ ҳокими Ал-Малик ал-Ашраф ва яна бошқа ҳукмдорлар билан муносабатини ижобий деб бўлмасди. Бундан билса бўладики, Жалолиддин дипломатия соҳасида бирмунча қизиққонликка йўл қўйган. Айнан шу омил Мангубердининг асосий душман — мўғуллар олдида яккаланиб қолишига замин яратди.
Хоразмшоҳнинг олдиндан билиб бўлмас, тажовузкор ҳаракатлари олдидаги қўрқув Кўниё султони Алоуддин Қайқубодни унга қарши иттифоқ тузишга олиб келди: бу иттифоққа Дамашқ ҳокими Ал-Малик ал-Ашраф, Ҳилот ҳокими Иброҳим Ширкуҳ, Хартабарт ҳокими Артуҳхон, Ҳалаб ҳокими Савоб, Маёфириқин султони Ал-Азиз Усмонлар кирди. Ал-Ашрафга юборган мактубида Қайқубод И бундай ёзади: “Жалолиддинни қиличсиз тўхтатиб бўлмайди; унга ҳушомадгўйлик қилиб ҳам бир иш чиқазолмаяпмиз. Энди сўзларимиз ва ишларимизни келишувга олиб келсак ва мамлакатларимизни ҳимоя қилсак бас”.
1230 йил 7 августда Арзинжон яқинидаги Ясси Чаман текислигида Алоуддин Қайқубод И ва Хоразмшоҳ ўртасида илк тўқнашув бўлиб ўтди. 700 отлиқ билан душманнинг 3000 кишилик сараланган суворийларига қарши борган Жалолиддин ғолиб бўлди, рақибини яксон қилди. Бироқ Хоразмшоҳ ғалабадан тўлиқ фойдалана олмади: мағлубларни таъқиб этиб ўтирмади ва унинг бу ҳаракати душманни тор-мор бўлишдан халос этди.
Вазиятдан фойдаланиб, ўзини ўнглаб олган иттифоқдошлар 1230 йил 10 августда жанг бошладилар. Оқибатда Мангубердининг лашкари мағлуб бўлади ва тарқатиб юборилади. Жалолиддин аскарларидан ажраб, Ҳилот томонга от солади.
Хоразмшоҳ лашкарининг енгилганига қарамай, иттифоқдошлар ҳаракатларини унинг ерларигача давом эттиролмадилар, чунки улар Султоннинг чекинишини бир ҳийла, деб тушундилар. Уларнинг қалбларини Мангубердидан қўрқув ва эҳтиром шунчалик қамраб олган эдики, уни таъқиб этишга журъат эта олмадилар ва ортга қайтдилар.
Жалолиддиннинг Ясси Чаман яқинида тор-мор этилганини эшитган исмоилийлар мўғулларга Мангубердининг заифлашганини айтишади ва уларни ҳужумга ундайдилар.
Мўғуллар бу хабарни эшитиб, 1230-31 йилларда Озарбайжонга бостириб кирдилар ва султони ҳолдан тойган мамлакатни тезда истило қиладилар. Мағрур, қайсар Жалолиддин Мангуберди ночор аҳволда қолганидан турли мамлакатлар ҳукмдорларидан, ҳаттоки, аввал рақиб бўлган давлат ҳукмронларидан ҳам нажот истаб, ёрдамга чақиришга мажбур бўлади. Аммо ҳеч ким Ислом дунёсининг ягона ҳимоячисига ёрдам қўлини чўзмайди. Бу ҳам етмаганидек, мўғуллар Жалолиддиннинг қишловларга юборилган лашкарлари тўпланмасидан бурун Мангубердига ҳужум қиладилар. Хоразмшоҳ бу аёвсиз ва оғир жангдан базўр қутулиб қолади.…
1231 йил август ойида тушкунликка тушган Султон айш-ишрат ва сархушликка берилади. Шундай кунлардан биридан сўнг Жалолиддин қаттиқ маст бўлиб қолади ва қаттиқ уйқуга кетади. У ҳаттоки, ўрдасини мўғуллар ўраб олганини сезмай қолади. Унинг содиқ амирларидан бири Ўрхон аскарлари билан Мангубердини қийинчилик билан қутқариб қолади, уни мастлигича отга ўтқазиб, чоптириб кетади. Йўлда Султон ўзига келади ва Ўрхонга душман чалғийди, деган ўйда бошқа тарафга кетишни амр қилади-да, ўзи бошқа йўлдан от солади.
...Атрофда юракни маҳзунлаштирадиган, файзсиз жимлик. Фақат Мангуберди ва орқада таъқиб этиб келаётган мўғуллар отлари туёқларининг шиддатли дупури. Бу одимлар Ватанпарварнинг ҳаётини ҳал қиладиган даражада таҳликали... Мана, Султонга иккита душман одами етиб олди. Қилич сермади, йўқ, тегмади. Найза отилди — Султон чап берди. Мангуберди жон ҳолатда бор кучини тўплади ва... орқада келаётган душманлар икки мўғулнинг отдан қулаганини ва Хоразмшоҳнинг ўзларига қарата қиличини ҳавода сермаб, олға кетаётганини кўрдилар...…
...Жалолиддин Мангуберди от чоптириб кетди... Узоқларга...
...Унинг ўлимидан сўнг, мўғуллар бунга кўп йиллар ишонмай, юрак ҳовучлаб юрдилар.
Халқ Жалолиддин бу дунёдан кетганига ишонмади. Хизрни кўрган Мангуберди дарвешлар орасида бир сўфий кийимида Ислом мамлакатларида, халқ ичида кезиб юрибди, деган ишонч билан унинг яна куч тўплаб бизни ҳимоя қилади, деб кутдилар. Улар ҳолдан тойган Ватанпарварнинг бир курд томонидан номардларча ҳалок этилиб қўйилишига ишонгилари келмади.
Бунга ҳатто ҳукмдорлар ҳам ишонгилари келмади. Ироқи Ажам ноиби Шарафуддин Али Мангубердини излатиб ҳам кўрди. Жалолиддин улар учун енгилмас, жисман ҳам ўлмас қаҳрамон эди...…
Уни энди қадди эгик амирлари ҳам соғинч билан ёдга олардилар. Ўлганига ишонгилари келмасди. Бир воқеани унутиб бўлмасди. ...Исфаҳон яқинида беҳисоб мўғуллар лашкари яшириниб келаётганидан ваҳимага тушган хонлар Унинг оёғига бош уришди. Жалолиддин аввалига уларни бир оз куттириб қўйиб, сўнг бамайлихотир ҳузурларига чиқади. Султон хотиржамлик билан амирларига мўғуллар тўғрисида эмас, бошқа масалалардан сўз очади. Мангуберди бу билан душманни назар-писанд қилмаслигини билдирмоқчи ва амирларни тинчлантирмоқчи эди. Ниҳоят, узун суҳбатдан сўнг, Султон ҳозир бўлганларни ўтиришга таклиф этди ва мўғул масаласини муҳокама қилишга киришди...
Мангубердини сеҳр-жоду соҳиби деб, бунга ишонадиганлар ҳам унинг тирик эмаслигига шубҳаланиб қарадилар. Улар салтанатнинг сўнгги даврларида халқнинг иссиқдан ва сувсизликдан қийналаётганини кўриб, яда тоши воситасида ёмғир ёғдиришдек мўъжиза яратган Султоннинг ўлганига ишонмадилар...…
...Ҳаттоки, ҳозир ҳам Мангубердининг тириклигига ишонувчилар топилади. Зеро, Жалолиддиннинг ўзи шундай деган (М.Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” драмасидаги бобомиз образининг сўзлари):

...Мангуликдан жой олган — яшар абадий,
Мен-ку, Мангубердиман, олам билади.
Кўкларданми, сувданми, ё ер тагидан,
Балки саҳро бағридан, тоғ этагидан,
Бир кун пайдо бўламан шу юрт, шу ерда,
Юрт шайдоси кўмилмас ғурбатда – гўрда.
Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал,
Ким юртдан ёв қувса –мендурман ўшал...

Жалолиддин Саъдинов

 
Сенека. Мактублар
28.10.2013 21:09    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Нома 1

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Шундай қила қол, азизим Луцилий! Ўзингни ўзинг учун сақла, шу пайтгача сендан тортиб олинаётган ёки ўғирланаётган, бехуда кетаётган вақтингни бундан буён асра ва жамлаб ол. Менинг ёзаётганим ҳақ эканига ўзинг ишонч ҳосил қил: бизнинг вақтимизнинг бир қисмини куч билан тортиб олишади, бир қисмини ўмаришади, бир қисми дангасалигимиздан бекорга оқиб кетади. Ўзимизнинг эҳтиётсизлигимиз туфайли йўқотишларимиз ҳаммадан ҳам кўра шармандалидир. Диққат қилиб назар сол: ахир ҳаётимизнинг каттагина қисмини ахмоқона ишларга сарфлаймиз, бекорчиликда ўтадиган вақтимиз ҳам - оз эмас, қолаверса, обдон қарасак, ҳаётимизнинг ҳаммасини қилишимиз керак бўлган ишларга эмас, бошқа нарсаларга сарфлаганмиз. (2) Менга вақтни қадрлайдиган, бир куннинг ҳам қанчалар қимматли эканини биладиган, ҳар бир соат сайин ўлаётганимизни тушунадиган бирор-бир одамни топиб кўрсат-чи?! Бизнинг фожиамиз шундаки, биз ўлимни олдинда кўрамиз; ҳолбуки унинг аксарият қисми аллақачон ортимизда, - ахир умримиздан қанча йиллар ўтди, ўтиб кетган йилларимиз энди ўлимга тегишлидир. Азизим Луцилий, худди менга ёзганингдай қил: бирор соатингни ҳам қўлдан берма. Бугунги кунингни қўлингда тутиб туролсанг – эртанги кунингга камроқ асир бўласан. Агар шундай қилмасанг, қиладиган ишингни эртага қолдираверсанг, бутун ҳаётинг шу йўсинда ўтади-кетади. (3) Луцилий, бизнинг ҳамма нарсамиз аслида бизники эмас, бизга бегона, фақатгина вақтимиз бизга тегишлидир. Табиат бизга фақат мана шу қўлимиздан сирғалиб чиқиб кетаётган ва шувиллаб оқиб бораётган вақтнигина берган, аммо уни ҳам биздан ким истаса тортиб олади. Бандалар гумроҳдирлар: қандайдир бўлмағур, арзон ва ўрни осон тўлиб кетадиган нарсани олган-берганлари учун ҳисоб-китоб қиладилар; аммо вақтингни олганликлари учун ўзларини қарздор деб билмайдилар, ҳолбуки энг миннатдор банда ҳам вақтни бизга қайтариб беролмайди. (4) Балким сен мендан: «Насиҳат қилишни-ку биласан, аммо ўзинг нима қиляпсан?» - деб сўрарсан? Чин кўнгилдан тан олишим керак: мен ҳисоб-китобни яхши биладиган чиқимдор сифатида қанча вақтни бехуда йўқотганимнинг ҳисобини биламан, холос. Ҳеч қанча вақтни бехуда йўқотмайман деб айтолмайман, аммо қанча вақт йўқотганимни, нимага йўқотганимни ва қандай қилиб йўқотганимни айтиб бера оламан ҳамда қашшоқлигимнинг сабабларини ҳам тилга олишим мумкин. Мен ҳам ўз иллати туфайли қашшоқлашмаган бошқа аксарият одамлар сингари аҳволдаман; ҳамма менга гўё раҳм қилади, бироқ ҳеч ким менга ёрдам бермайди. (5) Хўш, начора?  Менингча, энг озгина қолган нарсага ҳам қаноат қила оладиган инсон қашшоқ эмас. Сен ўз бойлигингни ҳозирдан асраганинг дуруст: ҳозир бошлашнинг айни пайти! Аждодларимиз айтганларидай, қозоннинг таги кўриниб қолгандан кейин тежамкор бўлишдан фойда йўқ. Қолаверса, вақтимиз нафақат оз қолган, жуда оз қолган. Саломат бўл, биродар.

Нома II

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Сен менга ёзган нарсалар ва мен сендан эшитганлар сендан умидвор бўлишим мумкинлигини билдиради. Сен сайру саёҳат қилмайсан, тез-тез турар жойингни ўзгартиравермайсан. Ахир кўчишлар, сарсон-саргардонликлар – бемор қалбнинг белгиларидир. Мен ўйлайманки, руҳ хотиржамлигининг биринчи далили – муқим яшаш ва ўзлигини сақлаб қола олишдир. (2) Аммо бошқа нарсага ҳам диққат қил: турли-туман ёзувчиларни ва ҳар хил китобларни ўқишвериш ҳам саёқликка, кўчманчиликка ўхшамайдими? Агар қалбимда бирор-бир нарса ўрнашиб қолсин десанг, буюк аҳли донишларнинг униси ёки буниси билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш, уларнинг қувваи ҳофизаси билан қалбни суғориш лозим бўлади. Ҳамма жойда ҳозир инсон – аслида ҳеч бир жойда йўқ инсондир. Ҳаётини саёқликда ўтказган одамнинг мезбони кўп бўлади, аммо чинакам дўстлари бўлмайди. Буюк донишмандларнинг ҳеч бири билан яқинлаша олмаган, ҳаммасини шошилиб, юзаки ўтказиб юборган кимса ҳам шундай бўлади. (3) Ютиб улгурмасданоқ қусиб ташланган овқат фойда келтирмайди ва вужудга ҳеч нарса беролмайди. Дори-дармонни тез-тез алмаштириб турадиган бемор асло тузалмайди, соғлиғига зарар келтиради. Турли-туман дорилар суркаладиган яра сира битмайди. Ҳадеб у ёқ-бу ёққа кўчирилиб ўтказилаверадиган ниҳол кўкармайди. Энг фойдали нарса ҳам юзаки ҳолда фойда келтирмайди. Китоблар ҳам кўпликда бизни сочиб юборади. Шунинг учун, агар эгалигингдаги китобларнинг ҳаммасини ўқий олмасанг, ўқий оладиганингча китобга эга бўл - етади. (4) «Аммо, - дейсан сен, - гоҳида у китобни ўқигим келади, гоҳида – бошқасини». Турли-туман таомларга қўл уриш – тўқчиликнинг белгиси, овқатларнинг турли-туманлиги ошқозонни тўйдирмайди, бузади. Шунинг учун ҳамиша тан олинган ёзувчиларни мутолаа қил, агар гоҳида бошқа нарсага чалғигинг келса, аввал ташлаб қўйган нарсангни ўқи. Ҳар куни қашшоқликка, ўлимга, бошқа бирор офатга қарши билим жамла ва, бошқа кўп нарсаларни кўздан кечириб, бугун сен ҳазм қила оладиган бирортасини танла. (5) Менинг ўзим ҳам шундай қиламан: кўплаб ўқиган нарсаларимдан бирор-бир нарсанигина эслаб қоламан. Бугун мен Эпикурни мутолаа қилаётиб (мен шундай тез-тез бегоналарнинг боғига тушиб тураман, қочқин сифатида эмас, меҳмон сифатида тушаман), қуйидаги ҳикматга дуч келдим: (6)  «Шодумон қашшоқлик, - дейли у, - хусусий нарса». Агар шодумонлик бўлса, бу қанақа қашшоқлик бўлди экан? Оз нарсага эга бўлган инсон қашшоқ эмас, кўп нарсага эга бўлишни истайдиган, борига қаноат қилмайдиган инсон қашшоқдир. Хазинасида ва хирмонида қанча нарсаси борлигга, қанча сурувлари борлиги ва яна қанчаси қўшилаётганига қарамаса, кўзлари бошқаникига қадалган бўлса, топганини эмас, ҳали яна топиши кераклигини ўйласа? Бойликнинг чегараси борми, деб сўрарсан? Қуйи чегараси – зарур нарсаларгагина эга бўлиш, юқори чегараси – етарлича нарсага эга бўлишдир. Саломат бўл, биродар.

Нома III

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Сен мен учун ёзган хатингни менга бериб қўйиши учун дўстингга берганингни ёзибсан ва кейин огоҳлантирибсан: мен сенга тааллуқли ҳамма нарсани ҳам унга айтавермаслигим керак экан, чунки сенинг ўзинг ҳам одатда бунақа қилмайсан. Аён бўладики, битта хатнинг ўзида сен уни ҳам дўст деб эьтироф қиласан ва ҳам унинг дўстлигини тан олмайсан. Агар сен «дўст» сўзини шунчаки тил учида тилга олган бўлсанг ҳам майли эди, ахир биз ҳам сайловларда номзод бўлганларнинг барчасини шунчаки «жасур жўмардлар» деб атаймиз ёки қаршимиздан чиқиб қолган, биз исмини эслай олмаётган ҳар бир кишига «жаноб» деб мурожаат қиламиз. (2) Аммо, агар сен кимнидир дўст ҳисобласанг ва айни пайтда унга ўзингга ишонгандай ишонмасанг, демак, сен хато қиляпсан ҳамда ҳақиқий дўстлик қандай бўлишидан бехабарсан. Ҳамма нарсани дўстинг билан бирга ҳал этишга ҳаракат қил, аммо аввало дўстингнинг ўзини таниб ол. Дўст бўлсанг, унга ишон, аммо дўст бўлишдан аввал уни билиб ол. Кимки Феофрастнинг насиҳатига риоя қилмаса, аввал фикрлаб, кейин севиш ўрнига, аввал яхши кўриб қолиб, кейин мулоҳаза қилса, демак, у нима аввалу нима охирлигини адаштириб қўйгандир. У ёки бу кимса билан дўст бўлишдан олдин узоқ ўйла, аммо дўстликкка қарор қилганингдан сўнг дўстингни бутун қалбинг билан қабул эт ҳамда у билан худди ўзинг билан сўзлашгандан дадил сўзлашавер. (3) Шундай яшагинки, ҳатто душмангга айтиб бўлмайдиган бирор нарсани ўзинг ҳам тан олишингга тўғри келмасин, аммо сир сақлаш лозим бўлган нарсалар барибир ҳам мавжуд бўлса, барча ташвишларингни, фикрларингни дўстинг билан бўлишгин. Агар унга ишонсанг – уни ишончли дўстга айлантирасан. Кўпинча алданишдан қўрқиш орқали алдовга ўргатишади ва шубҳаланишлари натижасида шубҳаланган кимсаларига ёвузлик қилиш ҳуқуқини бериб қўйишади. Нега мен у ёки бу сўзни дўстим олдида айтолмаслигим керак? Нега мен дўстим ҳузурида турганда ўзимни худди ўзим билан яккама-якка тургандай сезмаслигим лозим? (4) Бировлар фақат дўстгагина айтиш мумкин бўлган нарсани дуч келган ҳар қандай одамга айтаверишади, фақат у жимгина эшитса бўлди, кўнгилларидаги ҳамма нарсани тўкиб солишади. Бошқалар ўзлари ҳақида энг яқин одамлари ҳам ниманидир билишини истамайдилар; улар, агар қўлларидан келганда, ҳаттто ўзларига ҳам ишонмаган бўлардилар, шунинг учун улар ҳамма нарсани ичларига ютишади. Унисини ҳам бунисини ҳам қилмаслик керак: ахир иккиси ҳам – ҳаммага ишониш ҳам, ҳеч кимга ишонмаслик ҳам – иллатдир, фақат шуни айтишим мумкинки, биринчи иллат – хайрлироқ, иккинчиси – хавфсизроқ. (5) Худди шундай доим хавотирда яшайдиганлар ҳам ва доим хотиржам яшайдиганлар ҳам ғазабга лойиқдирлар. Зеро ҳар нарсадан талвасага тушиш фаолликдан эмас, доимий ҳаяжонда бўлган кўнгил безовталигидандир ҳамда, худди шунингдек, ҳар бир ҳаракатни оғир, оғриниб қабул қилиш – хотиржамликнинг белгиси эмас, дангасалик ва инжиқликнинг нишонасидир. (6) Шунинг учун мен Помпонийдан ўқиган қуйидаги сўзларни кўнглингда сақла: «Айримлар шу қадар зулматга ботганларки, ёруғликдаги ҳамма нарсани ноаниқ кўрадилар». Ҳаммаси мутаносиб бўлиши керак: ҳузур-ҳаловат асири ҳаракат ҳам қилишни бошлаши керак ва тиним-тинчимас киши – бироз тин олишни, фикрлашни ўрганмоғи лозим. Табиатдан маслаҳат сўра: у сенга кун ва тунни яратганини айтади. Саломат бўл, биродар.

Нома IV

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!  
(1) Азизим, бошлаган ишингни изчил давом эттир ва қалбингнинг камолоти ва халоватидан роҳатланиш учун имкон қадар шошилгин. Руҳни комиллаштиришда ва кўнгил хотиржамлигига интилишда ҳам ҳузур-ҳаловат бор; аммо иллатлардан холи ва нуқсонсиз руҳга разм солсанг, буткул ўзгача роҳат оғушига чўмасан. (2) Аниқ ёдингда бўлса керак, одми лаш-лушингни ечиб, эракаклик кийимларини киганингда ва форум даврасига чиққанингда қанчалар қувонган эдинг? Болаларча хулқ-атворингдан қутилиб, фалсафа сени эрлар қаторига қўшганда бундан-да каттароқ қувончни ҳис этасан. Ахир бу пайтгача бизда болаликнинг ёши қолмаса-да, энг ёмони, болаларча гўллик қолган бўлади. Бу шуниси билан ёмонки, бизни доно кексалар сифатида ҳурмат қилишади, аммо бизда болаларнинг, нафақат болаларнинг, ҳатто гўдакларнинг иллатлари сақланиб қолган бўлади; ахир гўдаклар арзимас нарсалардан қўрқишади, болалар – ўткинчи нарсалардан ҳайиқишади, биз эса – унисидан ҳам, бунисидан ҳам хавотирдамиз. (3) Олдинга қадам ташла – ва сен тушунасанки, кўп нарса айнан ҳаммадан кўп қўрқитиши туфайлигина қўрқинчли эмас. Охиргиси бўлган ҳеч бир ёвузлик улкан бўлолмайди. Ўлимга дуч келмоқдамисан? Агар ўлим сен билан қолганда эди, у қўрқинчли бўларди, ўлим эса ё сенга ҳали келмайди ёки, келса, тезда ўтади, орқада қолиб кетади, бошқача бўлиши мумкин эмас. - (4) «Руҳ ҳаётдан нафратланишига эришиш,  - дейсан сен, - осон иш эмас». – Бироқ сен одамлар қандайдир арзимас сабаблар туфайли ҳаётдан юз ўгираётганини кўрмаяпсанми? Биттаси севганининг дарвозасига ўзини осиб қўйибди, бошқаси уй эгаси қичқирганини эшитмаслик учун ўзини томдан ташлаган, бошқа қочиб кетган бир кимса қайтариб келмасликлари учун ўз қорнига пичоқ тиқиб қўйибди. Наҳотки хаддан ошган қўрқув қилган ишни фазилатимиз қила олмайди? Ҳаётни узайтириш хақида кўп ўйлайдиган одамнинг ҳаётида ҳаловат йўқ, кўп консулликларни бошдан кечиришни  буюк эзгулик ҳисоблайдиган одам хотиржам бўлолмайди. (5) Ҳар куни, ҳар лаҳза шу ҳақда ўйлагин, токим ҳаётдан кетишни фожиа билма, ўлимга хотиржам қара, кўпчилик кишилар уммон оқими тортиб кетаётган киши тиканак буталарга ва қиррадор тошларга тармашгани сингари ҳаётга тармашишади ва ёпишиб олишади. Кўпчилик шундай – ўлим қўрқуви ва ҳаёт азоб-уқубатлари ўртасида аросатда яшайди; уларга раҳминг келади, яшашни истамайдилар, ўлиш ҳам қўлларидан келмайди. (6) Яшаш учун, ҳаёт учун қайғуришни тўхтатсанггина ҳаётингда ҳаловат бўлади. Агар инсон бирор-бир эзгуликни охир-оқибат муқаррар йўқотишига ҳамиша ич-ичидан тайёр турмаса, ундан роҳатлана олмайди ҳамда, айтиш керакки, йўқотганда ачинилмайдиган нарсани йўқотиш оғриқсиз бўлади. Шунинг учун ўлим қаршисида руҳингни жасорат билан мустаҳкамла ва чиниқтир, билгинки, ўлимдан бу дунёнинг энг қудратли шахслари ҳам қутилиб қололган эмас. (7) Помпейга ўлим ҳукмини бир болакай ва скопчи чиқарганлар, Крассга – бир шафқатсиз ва шарттаки парфиялик. Гай Цезарь Лепидага бўйнини нотиқ Декстрнинг қиличига тутишни буюрган – ўзининг боши эса Хереянинг зарбасига дучор бўлди. Ҳеч кимни омад юқорига кўтарганидан кўра камроқ хавфга қўймаган. Сокинликка ишонма: денгиз бир лаҳзада қўзғалиши ва ҳозиргина бир маромда кезиб юрган кемаларни ютиб юбориши мумкин. (8) Шуни ўйлагинки, сенинг томоғингга қароқчи ҳам, ғаним ҳам қилич тираши мумкин. Майли сен юқори ҳокимиятда эмасдирсан – барибир ҳар қандай қул сенинг ҳаётингга ҳам, ўлимингга ҳам тажовуз қилиши мумкин. Мен сенга шу гапни айтаман: ўз ҳаётидан тўйган ҳар қандай одам сенинг ҳаётингга хўжайин бўла олади. Уй-рўзғор фитналаридан ҳалок бўлганларни эсла, - улар ё куч билан, ё маккорлик билан махв этилганлар, - шунда тушунасанки, қулларнинг ғазабидан ҳалок бўлганларнинг сони шоҳларнинг ғазабидан қурбон бўлганларнинг сонидан кам эмас. Сен қурқаётган қудратли ҳокимиятнинг кучи  нима бўпти, ахир сен қўрқаётган ўлимни бошингга бошқа ҳар ким ҳам сола олади? (9) Мана, дейлик, сен ғаним қўлига тушдинг ва у сени ўлим кундасига олиб боришни амр этди. Ахир сен ўзи шундайига ҳам ўлим томон бораётибсан! Туғилган ҳар бир инсон ўлимга томон бораётир. Нега ўз-ўзингни алдайсан, гўё доимо юз бериб турган нарсага энди тушунгандайсан? Сенга айтай: туғилган соатингдан бошлабоқ ўлимга томон бораётирсан. Агар биз бутун умримизнинг ҳамма соатлари мобайнида қўрқиб яшаётган охирги соатни хотиржам қарши олишни истасак, бу ҳақда ҳамиша ўйлашимиз ва ҳамма вақт буни ёдда тутишимиз керак. (10) Мактубимни тугатишим учун бугун менинг кўзим тушиб қолган (менга бегона бир боғдан узган) бу ҳикматни билиб ол: «Табиат қонуниятига монанд қашшоқлик – катта бойликдир». Сен мазкур табиат қонуни бизга қандай чегаралар қўйишини биласанми? На ташналикдан, на очликдан, на совуқдан уқубат тортишимиз шарт эмас. Очлик ва ташналикни даф қилиш учун димоғдорларнинг остонасига бош уриш, худбинларнинг қош-қовоғига қарашимиз ёки ҳақоратомуз муомалага чидашимиз шарт эмас, бахтимизни излаб денгизга талпинишимиз ёхуд қўшин кетидан боришимиз ҳам керакмас. Табиат талаб қиладиган нарсага имконимиз етарли, бунга эришса бўлади, биз фақат керагидан ортиғига эришиш учун қон ва терга ботамиз. 11) Ортиқча ҳавас учун биз нечталаб кўйлак йиртамиз, жанг-жадал ўтовларида умиримизни ўтказамиз, қариймиз, бегона юртларга, бегона қирғоқларга юзланамиз. Бизга етарлиси эса ёнимизда, шундоқ қўлимизнинг остида зоҳирдир. Қашшоқлигида ҳам сабр-тоқат қилган, кўзи тўқ инсон аслида бойдир, бой бўла туриб, яна бойлик излаб изғиётган, ҳеч нарсадан тап тортмаётган кўзи оч бой аслида жуда қашшоқдир, очдир. Саломат бўл, биродар.

Нома V

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Сенинг тиришқоқлигиндан ва машғулотлардаги ҳаракатчанлигингдан қувонаман, сен ҳамма нарсани йиғиштириб, ўзингни кун сайин изчил комил этиш истагида ҳаракат қиляпсан ва мен сени бу учун шарафлайман. Бундан кейин ҳам шундай тиришқоқ бўлгин, мен бунда сени нафақат қўллаб-қувватлайман, балким ўтинаман ҳам. Сени фақат бир нарсадан огоҳлантиришни истайман: комилликка эришишни эмас, одамларнинг кўз ўнгида бўлишни истайдиганлардан ўрнак олма ҳамда на кийим-кечагингда ва на ҳаёт тарзингда ҳеч нарса ярқ этиб кўзга ташланмасин. (2) Афтода ҳолда, текисланмаган соч ва ўсиқ соқол билан кўчага чиқма, ясама дарвишона кўринишга уринма, олтин-кумушга нафратингни, керак бўлса қуруқ ерга тўшак ташлаб ётаверишингни – бир сўз билан айтганда, худбинликни қондириш учун қилинадиган ҳар қандай ҳаракатни намойишкорона кўрсатма. Ахир ўзимизни камтарона тутишимизга қарамасдан, файласуф, сўфий номининг ўзиёқ бу гумроҳ оломонда етарлича нафрат уйғотаётган бир пайтда, биз ўзимизни одамларнинг урф-одатларига зид тутсак, оқибати нима бўлади? Майли қалбимизда биз ўзгача бўлайлик – ташқи томондан биз одамлардан ажралиб турмаслигимиз керак. (3) Майли, кийим-кечагимиз ярқироқ бўлмасин – аммо кир-чир ҳам бўлмасин; майли қуйма олтиндан безалган кумуш идиш-товоқлар бизники эмасдир – аммо олтину кумушнинг бизда йўқлигининг ўзи ҳали кўзи тўқликнинг белгиси эмас. Оломондан яхшироқ яшаш учун балким ҳамма нарсани қилармиз, аммо буни оломонга ўчма-ўч қилмаслигимиз керак, акс ҳолда биз ўзимиз комил қилмоқчи бўлганларни қўрқитиб қўямиз ва ўзимиздан йироқлаштирамиз. Бизга монанд бўлишга тўғри келишидан қўрқишлари оқибатида улар ҳеч нарсада бизга ўхшашни истамай қоладилар – биз фақат шунга эришамиз. (4) Фалсафа ҳавола этишни ваьда қиладиган биринчи нарса – одамлар орасида яшаш қобилияти, хушмуомалалик ва мулоқотга мойиллик; аммо бизнинг ҳашамдорлигимиз, одамлардан ажралиб туришимиз бу ваьдани бажаришимизга халақит беради. Шу ҳақда ташвишланишимиз лозимки, токим биз одамларда ҳайрат уйғотишни истаган нарса уларда кулгу ва нафрат уйғотмасин. Ахир бизнинг табиат билан уйғунликда яшашдан ўзга мақсадимиз йўқ. Аммо табиат ўз вужудини қақшатмайди, осон эришиладиган батартибликдан юз ўгирмайди, бокираликни севади, нафақат арзон  емакдан, балким қўпол ва бадхўр таомдан ҳам юз ўгиради. (5) Фақатгина ҳашамдорликка муккасидан кетганлар камёб нарсаларга қизиқадилар – фақат ақлидан мосуво кимсалар арзон ва ҳаммабоп нарсалардан ўзларини тортадилар. Фалсафа кўзи тўқликни тақозо этади, аммо бу – азоб-уқубат чекиш дегани эмас; камсуқумлик албатта кўримсизликни билдирмайди. Мана, менинг кўнглимга мақбул мезон: бизнинг ҳаётимизда эзгу фазилатлар, хулқ-атворлар кўпчиликнинг хулқ-атвори билан қоришиқ бўлиши лозим, одамлар бизнинг фазилатларимиздан ҳайратланишсин, шу билан бирга уни тан ҳам олишсин. - (6) «Қандай? Наҳотки биз ҳам бошқалардай бўлсак ва биз ҳамда уларнинг орамизда наҳотки фарқ бўлмаса?»  - Фарқ бўлади ва бу фарқ жуда катта бўлади. Майли, бизга яқиндан разм солган кимса биз оломондан қанчалик фарқ қилишимизни билсин. Майли, бизнинг уйимизга кирган кимса биздан ҳайратлансин, аммо уйимиздаги идиш-товоқдан ҳайратланмасин. Лойдан бўлган сопол идишдан худди кумуш идишдан фойдалангандай фойдаланувчи инсон буюкдир, аммо кумуш идишдан худди лойдан бўлган идишдан фойдалангандай фойдаланувчи инсон ҳам буюкликда ундан кам эмас. Бойликка кучи етмаган, бойликдан ўзини йўқотиб қўйган, бойликни кўтаролмаган кимса руҳан заиф кимсадир. (7) Бугун ҳам сен билан ўзимнинг кичкинагина даромадимни бўлишмоқчиман: мен ўзимизнинг Гекатондан барча истакларимиздан воз кечсак, қўрқувдан ҳам холос бўлишимиз ҳақидаги ҳикматни топдим. «Агар умид қилишдан тўхтасанг, - дейди у, - қўрқишдан, титраб-қақшашдан ҳам тўхтайсан». Бу турли-туман икки нарсани қандай қиёслаш мумкин, деб сўрарсан?! Аммо ўзи шунақа, азизим Луцилий: гарча улар ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқдай туюлса-да, аслида улар бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Битта занжир қоровул ва у қўриқлайдиган асирни боғлаб тургани сингари, бир-бирига умуман ўхшамайдиган қўрқув ва умид биргаликда келишади: умиднинг ортидан қўрқув пайдо бўлади. (8) Мен бунга ҳайрон бўлмайман: ахир уларнинг иккиси ҳам ишончи мустаҳкам бўлмаган, истиқболни хавотир билан кутаётган қалбга дохилдир. Умид ҳамда қўрқувнинг бош сабаби – бизнинг бугунги кунга мослашолмаслигимиз  ва ўз ният-истакларимизни ҳамиша олис келажакка томон йўллашимиз, бугунни яхшилаш ўрнига эртага албатта яхши бўлар, деб яшашимиздир. Шундай қилиб, инсонга берилган энг буюк эзгуликлардан бўлмиш башорат қилиш ҳаётда ёмонликка эврилади. (9) Ҳайвонлар, жониворлар хавфни кўргач, қочадилар, хавфдан қочиб қутилгач, бошқа қўрқмайдилар. Бизни, инсонларни эса ҳам ўтмиш эзади, ҳам келажак азоблайди. Бизга берилган эзгу фазилатларнинг кўпи ўзимиз туфайли бизга зарар келтиради: хотира бизни қўрқувдан титраган кунларимизни яна бошдан кечиришга мажбур қилади, башорат қилиш ҳислатамиз келажакда чекадиган азоб-уқубатларимиздан дарак беради. Ва ҳеч ким фақат бугунги сабабларнинг ўзи туфайлигина бахтсиз эмас. Саломат бўл, биродар.

Нома VI

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Тушунман, Луцилий, мен нафақат яхши томонга ўзгаряпман, балким бошқа одамга айланиб бормоқдаман. Менда ўзгартирадиган ҳеч нарса қолмади деб айтолмайман, бунга умид ҳам қилмайман. Тузатилмайдиган, камайтириш ёки кўтариш лозим бўлмайдиган нарсанинг ўзи бормикин? Ахир қалб аввал билмаган камчиликларини кўра олса, демак у янада яхшиланишга томон юз тутаётган бўлади. Айрим беморларни касал эканликларини сезганликлари учун ҳам табрикласа бўлади.  (2) Мен ўзимда шиддатли тарзда юз бераётган бу ўзгаришлар сенга ҳам ўтишини истайман: шунда мен бизнинг дўстлигимизга – на умид, на қўрқув, на таьма парчалай олмайдиган, то ўлим кунигача сақланиб қоладиган, унинг учун ўлимга ҳам тик бориладиган ҳаққоний дўстликка янада мустаҳкам ишонч ҳосил қилардим. (3) Мен сенга дўстлари бору, аммо дўстликнинг ўзидан мосуво кўп одамларни санаб бера оламан. Қалбини умумий ирода ва ҳақиқат истаги чамбарчас боғлаган дўстлар бундай бўлмайдилар. Бошқача бўлиши мумкинми? Ахир ҳақиқий дўстлар ҳамма нарсалари, айниқса ташвишлари муштараклигини биладилар. Ҳар бир кун, менинг сезишимча, мени қанчалик олдинга ҳаракат қилдираётганлигини сен тасаввур ҳам қила олмайсан. - (4) «Агар сен бирор нарсани топган бўлсанг ва унинг фойдали эканини тажрибада кўрган бўлсанг, мен билан баҳам кўр», - деб айтасан сен. – Мен ҳам ҳамма билганимни сенинг шуурингга қуйишни истайман ва бирор нарсани ўрганар эканман, уни сенга ҳам ўргата олишимдан қувонаман. Ва ҳар қандай билим, қанчалик юксак ва фараҳбахш бўлмасин, агар бир менинг ўзим учун бўлса, менга ҳаловат бермайди.  Агар менга бирор ҳикматни берсалар ва шарт қўйсалар: уни мен ўзимда сақлашим ва ҳеч кимга айтмаслигим лозим бўлса, - мен бу ҳикматдан воз кечар эдим. Агар бир ўзимиз учун бўлса, ҳеч бир эзгулик бизни қувонтирмайди. (5) Мен сенга китобларни жўнатаман ва сен ундаги фойдали ўринларни излашга вақт сарфламаслигинг учун белгилар қўйиб қўяман, токим сен бу белгилар орқали мен тавсия қиладиган ва ўзим ҳайратланган нарсаларни осон топа оласан. Бироқ доноларнинг тирик овози ва улар билан бирга яшаш уларнинг сўзларини ўқишдан кўра кўпроқ фойда келтирган бўларди. Келиб, ҳаммасини ўз жойида кўрган афзал, чунки, биринчидан, одамлар қулоқлари эшитгандан кўра кўзлари кўрганига кўпроқ ишонадилар, иккинчидан, насиҳатнинг йўли - узун, намуна кўрсатишнинг йўли қисқа ва ишонарлидир. (6) Агар фақат тинглаганида эди, Клеанф  Зеноннинг аниқ нусхасига айланмаган бўларди. Ахир у Зенон билан бирга ҳаёт кечирди, яширин нарсаларни ҳам кўрди, Зенон ўзи чиқарган қоидаларга монанд яшаётган-яшамаётганлигини кузатди. Афлотун ҳам, Арасту ҳам ва кейин турли томонга тарқалиб кетган бошқа аҳли донишлар ҳам Суқротнинг сўзларидан кўра, кўпроқ унинг хулқ-атворидан ўргандилар. Метродора, Гермарха ва Полненани Эпикурнинг дарслари эмас, у билан ҳамнафасликда кечирилган ҳаёт буюк инсонларга айлантирди. Дарвоқе, мен сени оладиган фойданг учунгина мен томонга даьват қилмаяпман, балким сен ҳам менга берадиган фойдани ўйлаяпман; биз биргаликда бир-биримизга кўп нарса бера оламиз. (7) Айтгандай, мен ҳар куни ниманидир туҳфа қилишим керак. Мана, мен бугун Гекатондан ўқиб олган ҳикмат: «Нимага эришдинг, деб сўрарсан? Ўзимга ўзим дўст бўлдим». У эришган нарса оз эмас, чунки ўзини топган, ўзини ўз дўстига айлантирган одам энди ҳеч қачон ёлғиз қолмайди. Ва шуни билгин: ўзини ўзига дўст тутолган одам бошқаларга ҳам дўст бўла олади. Саломат бўл, биродар.

Нома VII

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Сен кимдан ўзимни четга тортишим керак, деб сўрабсан? Оломондан-ми? Ахир оломонга бехавотир яқинлашишнинг иложи йўқ! Мен сенга ўзимнинг заиф томонимни айтишим керак: ҳеч қачон кўчага қандай чиққан бўлсам, шундай қайтмаганман. Нени хотиржам қилган бўлсам, у яна ҳаяжонга тушган, нимани ўзимдан йироқлаштирган бўлсам - у яна қайтган. Худди узоқ ётган бемор ўзини хавф остига қўймасдан кўчага чиқолмаганидай, биздай узоқ чекилган изтиробдан дили беморлар ҳам одамлар олдига чиқишдан безиллаймиз. (2) Ўзингни қаьрига уриб бораётган оломондан ёмонроқ ғаним йўқдир. Ҳар бири муқаррар ўз иллатини сенга жилвадор қилиб кўрсатади ёки юқтиради ёхуд билдирмай сингдиради. Бу тўдада одам қанчалар кўп бўлса, у шунчалар хавфлироқдир. Яхши хулқлар учун томошодан кўра дахшатлироқ нарса йўқдир: зеро бизга иллатлар ҳузур-ҳаловатлар орқали осон юқади. (3) Сенингча, мен нима деяпман? Одамлар орасида бўлганимдан сўнг мен уйга  янада хасисироқ, иззатталаброқ, бойликка хавасмандроқ ва, албатта, шафқатсизроқ ва ноинсонийроқ бўлиб қайтаман. Мен тасодифан кундузги томошога дуч келиб қолдим, истагим инсоннинг қонига кўзи тушган одамни тинчлантирадиган ўйинлар кўриб ва ҳазил-мутойибалар тинглаб ҳордиқ чиқариш эди. Ажабо! Авваллари кўрганларимизнинг ҳаммаси жанг эмас, бағрикенглик бўлган экан, бугун – ҳазилдан асар ҳам йўқ – ҳақиқий қонхўрлик авжида! Ёпинчлар йўқ, бутун вужуд зарбага очиб қўйилган, ҳеч кимнинг қўли бехудага кўтарилмайди. (4) Кўпчилик айнан шуни хуш кўради, аввалги одатий жуфтликлар ва севимли жангчилардан афзал билишади! Нега шундай бўлмасин? На бошда ниқоб бор, на қилични қайтарадиган қалқон бор! Лаш-лушлар нега керак? Усуллар нимага зарур? Уларнинг барчаси ўлим лаҳзасини узайтиради. Эрталаб одамлар қашқирлар ва айиқларга едирилади, тушликдан сўнг – томошабинларнинг ғажишларига дучор қилинади. Томошабинлар ўлдирганларни уларни ҳам ўлдирадиганлар зарбасига бош тутишга буюрадилар, ғолибларни эртанги янги жанг учун қолдириш мақсадидагина аяйдилар. Жангчилар учун ўлимдан бошқа чора йўқ. Олов ва темир ишга тушади, саҳна бўшаб қолгунча шу аҳвол.  - (5) «Ахир у қароқчи эди, қотил эди». – Одам ўлдирган киши ўлимга лойиқ. Аммо сен, шўрлик томошабин, қайси айбинг учун буни кўришга мажбурсан? – «Кес, ур, ёндир! Нега у бу қадар қимтиниб тиғга боради? Ана униси нима учун қўрқа-писа ўлдиради? Буниси нега истар-истамас ўлади?» - Ҳакамлар ғанимларни қилич тиғига ҳайдашади, яланғоч кўкраклари билан тиғга боришларини исташади. Танаффус пайтида-чи? Бу вақтда одам ўлдиришади, уларга нимадир юз бериб турса бўлди. Нега тушунишни истамайсиз, ёмон намуналар уларни намойиш қилаётганларнинг ўзларига қайтади? Ўлмас худоларга шукр қилингким, сиз ўрганишга ноқобилларга шафқатсизликни ўргатяпсиз. (6) Ҳали дийдаси қотмаганлар, қалби шафиқлар, эзгуликда барқарор бўлиб улгурмаганлар ўзини халқдан узоқроқ тутсин: бундайларнинг кўпчилик томонига ўтиб кетиши осон. Ҳатто Суқрот, Катон ва Лелий ҳам ўзларига ўхшамаган оломон орасида эзгу хулқларидан чекинган бўлардилар, биз бандаи ожизлар эса, ўз табиатимизни қанчалар такомилаштирмайлик, ҳар тарафдан хамла қилиб келаётган иллатлар босимига чидаш беролмаймиз. (7) Исрофгарчилик ва хасисликнинг битта намунаси ҳам кўплаб ёвузликларни олиб келади; эркатой ошнамиз бизни ҳам заиф ва танбал қилиб қўяди, бой-бадавлат қўшнимиз феьлимиздаги очкўзликни гиж-гижлаб юборади, маккор ўртоқ энг бокира ва содда биродарининг дилини ҳам занглатишга қодирдир. Хўш, агар бизнинг хулқ-атворимизга бутун-бир оломон ҳамла қилса, нима бўлади? Ё сен уларга тақлид қиласан ёки ҳаммани ёмон кўриб қоласан. (8) Айни пайтда унисидан ҳам, буничидан ҳам йироқ бўлиш лозим: ёмонлар кўп бўлгани учунгина уларга қўшилиш, тақлид қилиш керак эмас ёки уларга ўхшамаганинг учун кўпчиликни ёмон кўриш ҳам керакмас. Узлатга чекин, имкон қадар ўз ичингга беркин; вақтингни фақат сени комиллаштирадиганлар билан ўтказ, ёнингга фақат ўзинг яхшилашинг мумкин бўлганларни яқинлаштир. Униси ҳам, буниси ҳам ўзароликда амалга ошади, зеро одамлар бировни ўқитар экан, ўзи ҳам ўсади, ўрганади. (9) Демак, сен иззатталаблигинг истаги туфайлигина ўзингни оммага намойиш қилишинг, оломон ўртасига чиқиб, ниманидир овоз чиқариб ўқишинг ёки фикрлашинг шарт эмас; менинг назаримда. Агар сенинг бераётган маҳсулинг оломоннинг қалбига яқин бўлсагина уларнинг олдига чиқиш мумкин, акс ҳолда оқил одамни улар тушунмайди. Эҳтимол, бир-иккита тушунадиган одам сенга учраб қолар, аммо сени чуқур ва тўғри тушунишлари учун уларни ҳам ўқитиш ва йўллаш лозим бўлади. «Аммо мен нима учун илм олдим, ўқидим?» - Меҳнатим зое кетди деб ачинма, хавотирланма: сен ўзинг учун илм олдинг. (10) Бироқ мен бугун фақат ўзим учунгина ўқимадим ва шунинг учун сенга буюклар бисотидан бугун кўзим тушган учта ҳикматни етказаман – уларнинг ҳаммаси айнан битта нарса ҳақидадир. Биринчиси шу номамнинг қарзини узсин, қолган иккитаси кейинги хатларимнинг ҳақи бўла қолсин. Демокрит ёзади: «Мен учун битта инсон –ҳалқдир, халқ – битта инсондир». (11) Ва яна бир донишманд шуғулланаётган саньати фақат бир неча одамгагина етиб борадиганлигини, нега бу натижасиз иш билан бу қадар тиришиб шуғулланишини  сўраганларида, айтган: «Менга бир неча одам ҳам етади, менга битта одам ҳам етади, ҳеч ким тушунмаса ҳам етади», - бу донишманд ким бўлмасин (бу ҳақда турли фикрлар мавжуд), яхши айтган-да, биродар.  Учинчи ҳикмат ҳам жуда гўзал – Эпикур ўқув машғулотларидаги ўртоқларидан бирига ёзган: «Буни мен оломонга эмас, сенга айтяпман: ахир бизнинг ҳар биримиз бошқа биримиз учун бир театр тўла одам баробаридамиз». (12) Мана, азизим Луцилий, кўпчиликнинг мақтовларидан келадиган сархушликдан сақланиш учун ана шу ҳикматларни қалбда асраш керак. Сени кўпчилик қўллаб-қувватлаши мумкин. Кўпчиликка тушунарли бўлсанг, демак, ўзингдан рози бўлишингга сабаб бормикин? Сенинг фазилатларинг қалбингга қаратилган бўлиши керак! Саломат бўл, биродар.


Нома VIII

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) «Сен менга оломондан йироқ бўлишни, узлатга чекинишни ва ўз виждонинг билан қаноатланишни буюрасан, - деб ёзасан. -  То ўлгунча меҳнат қилиш ҳақидаги насиҳатларинг-чи?»  - Сенга буюрган нарсамни – одамларга фойда келтириш учун улардан яшириниш ва эшикни тамбалаб олишни - ўзим ҳам қилганман. Бир кунни ҳам бекорчиликда ўтказмайман, ҳатто туннинг ҳам бир қисмини машғулотларга бағишлаганман. Озод бўлганимдан кейин ҳам ухлашга ётмайман: йўқ, уйқу мени ўз домига тортади, мен эса тиришганимдан чарчаган, юмилиб бораётган, ториққан кўзларимни ишимга тикканча, ўтираверман. (2) Мен нафақат одамлардан узоқлашдим, балким ишлардан, энг аввало – ўз ишларимдан ҳам узоқлашдим ва авлодларнинг ишлари билан шуғулландим. Мен келажак авлодлар учун уларга ёрдам бериши мумкин бўлган нарсаларни ёзиб бораман. Худди табиблар дори-дармонларни қандай тайёрлашни ёзиб борганларидай, мен ҳам ўз қалб яраларимни даволашда фойдаланиб, ишонч ҳосил қилган холоскор насиҳатларни қоғозга тушираман: яраларим битмаган бўлса-да, газак олиб кетмади. (3) Мен бошқаларга ўзим узоқ адашишлардан кейин, кечикиб бўлса-да топган ягона тўғри йўлни кўрсатаман. Қичқираман: «Оломон севадиган, тасодиф ҳадя қилган нарсалардан йироқ бўлинглар! Тасодифан келган ҳар қандай бойлик, ҳаловат қошида шубҳа ва қўрқув билан тўхтанг! Ахир балиқлар ҳам, жониворлар ҳам ширин умид илинжида қармоққа, қопқонга тушадилар! Сиз бу нарсалар тақдир иноятлари, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу тақдир тузоқларидир. Ҳаётини имкон қадар хавфсизроқ яшаб ўтаман деганлар бу қуш елими суртилган ҳаёт бойликларидан, бу дунёнинг биз шўрликларни алдаш учун жилваланган нафсидан, бу ўлжага эга бўлдим, деб сархуш бўлганимизда ўзимизни ўлжага айлантирадиган неьматларидан қочсин. Бу неьматлар кетидан қувиш бизни чоҳга тортиб боради. (4) Юксакка ҳаволанган ҳаётнинг охири аниқ – қулашдир. Бунинг устига, бахт-саодат бизни ўнгу сўлга тортган пайтда қаршилик қилиш мумкинмас. Ё тўғри сузиш керак ёхуд бирдан тубсизликка қулайсан! Аммо толе йўлдан қайтмайди – у ағдар-тўнкар қилади ва қояларга уради. (5) Шунинг учун вужуд майлларига унинг мустаҳкамлигини қувватлайдиган даражадагина хоҳиш билдиринг ва шундай ҳаёт тарзини ягона соғлом ва шифобахш тириклик, деб билинг.  Вужудни итоатда сақланг, токи у қалбга бўйсунишдан чекинмасин: овқат фақат очликни қондирадиган даражада кифоядир, сув – чанқоқни босса бўлди, кийим баданни совуқдан асрасин, уй-жой – вужудга бўладиган хавф-хатарлардан ҳимоя қиладиган бўлса, бас. Уйи лойдан бўлганми ёки хориждан келтирилган қимматли тошданми, бунинг фарқи йўқ: билингки, қамиш том остида инсон олтиндан ёпилган том остидагидан ёмон яшамайди. Кераксиз заҳмат ортидан келадиган, зеб бериш ёки кўз-кўз қилиш учун яратилган нарсалардан тортининг. Ёдингизда тутинг: руҳдан бошқа ҳеч нарса фахрланишга арзимайди, буюк қалб учун ҳамма нарса ундан кичикдир». (6) Мен ўзимга билан шундай суҳбат қурар эканман, айни пайтда буни авлодларга айтаётган бўламан, наҳотки, сенингча, мен бу билан судга қўллаб-қувватловчи бўлиб боргандан ёки узук муҳри билан мерос қоғозларини зарблаётгандан ёхуд сенатда қайсидир мансабдорга қўл кўтариб, овоз бергандан камроқ фойда келтираётирман? Шунга ишонгинки, сенга бекорчи бўлиб кўринаётган одам аслида муҳим юмушлар билан - ҳам илоҳий, ҳам инсоний ишлар билан машғулдир. (7) Дарвоқе, мактубни хотималашнинг айни пайтидир ва мен, қоида тариқасида, бу номамда ҳам нима биландир сени рози қилишим керак. Мен сенга ўз заҳираларимдан тўламайман; ҳали-ҳануз Эпикурни мутолаа қилаяпман ва бугун ундан шундай сўзларни ўқидим: «Ҳаққоний эркка эришиш учун фалсафага қул бўлгин». Аган сен бу ҳикматга ўзингни бахш этсанг, эркинлигинг кундан-кун ортга сурилавермайди: дарҳол эркка ноил бўласан. Чунки, фалсафага қуллик – бу дунёдан эркинликдир. (8) Эҳтимол, сен нега бу гўзал сўзларни ўз замондошларимиздан эмас, Эпикурдан келтиришимнинг сабабини сўрарсан. Нега бу сўзлар ҳамма инсонларга эмас, фақат Эпикурга тегишли, деб ўйлайсан? Ахир, бугунги шоирларинг айтаётган кўпгина фикрлар аллақачон файласуфлар томонидан айтилган ёхуд айтилган бўлиши керак! Мен на трагедияларни, на бизнинг трагедия ва комедия ўртасида турган, жиддийликдан холи бўлмаган тогаталаримизни айтаётганим йўқ; ҳатто мимларда ҳам қанчалар муаззам сатрлар бор! Публилийнинг кўплаб шеьрларини ҳам кишанини судраб юрганларгина эмас, минбарларда нутқ сўзлаётганлар шавқ ила ўқиса арзийди. (9) Мен унинг фалсафага, хусусан фалсафанинг ҳозиргина мен айтган ва мен шуғулланган қисмига тегишли бўлган битта сатрини келтираман; унда шоир тасодифан қўлга тушган нарсани ўзиники ҳисоблаш мумкин эмаслигини ёзади:
Бегонадир ул, агар истагимизга кўра бирдан
Ёприлиб келса биз томон.
(10) Ёдимда, сен менга меҳнатсиз келган бойлик ҳақидаги бундан ҳам қисқа ва лўнда бир сатрни келтирган эдинг:
Омад берган нарса бизники эмас.
Сенинг мана бу ҳикматинг (мен уни ҳам тилга олмай қўймайман) ундан ҳам ёмбидир:
Бизга осон берилган нарса осон қайтиб олиниши ҳам мумкин.
Мен бу ҳикматни қарзимни узиш учун бермаяпман: мен сенга ўзингникини қайтаряпман. Саломат бўл, биродар.

Нома IX

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Сен билишни истайсанки, Эпикурнинг бир мактубида донишманд инсонга ўзидан бошқа ҳеч ким керакмас, донишманд ҳеч кимнинг дўстлигига муҳтожмас, деб таькидлайдиганларни қоралаши адолатданмикин?! Эпикур бу таьнани Стилпонга ва бошқа қалбни ҳар қандай таьсирга чидашдан асрамоқ - олий неьматдир, деб биладиганларга йўллаган. (2) Дарвоқе, агар биз қисқаликка эришмоқ учун awa&eia сўзини «чидамоқ» деб таржима қилсак, Эпикурни турлича талқинлашга йўл қўйган бўламиз. Ахир, бунда биз ўзимиз назарда тутганимиздан бошқача, буткул тескари маьноларни ўйлашимиз мумкин. Биз: «ҳар қандай оғриққа бепарво қалб» дейишни истаймиз, аммо: «ҳар қандай оғриққа чидамайдиган қалб» деб ҳам тушуниш мумкин. Ўзинг диққат қил, «дахлсиз қалб» ёки «ҳар қандай азоб-уқубатлар забт этолмайдиган қалб» дейиш яхшироқ эмасми? (3) Биз ва улар ўртасидаги фарқ ҳам шунда: бизнинг донишмандимиз ҳамма ноқулайликларни сезади ва енгади, аммо уларнинг аҳли донишлари ҳатто сезмайди ҳам. Биз ва улар ўртасидаги умумийлик эса мана бунда: донишимандга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким керак эмас. Донишмандга унинг ўзи етарли бўлса-да, барибир у ҳам дўсти, қўни-қўшниси ва биродари бўлишини истайди. (4) Ўзинг мулоҳаза қилиб кўр, ўзининг бир қисми билан ҳам фараҳлана оладиган одам қанчалик ҳаловатланиши мумкин. Агар касаллик ёки ғаним уни қўлидан айирса, агар тақдир уни кўзларни кўр қилиб қўйса, донишмандга қолган қисми ҳам етарли бўлади, у мажруҳ вужуди билан ҳам жароҳатдан олдингидай тафаккур қилади, қувонади. Гарчанд у йўқотилганларини соғинмаса-да, йўқотишларсиз яшашни афзал билган бўларди. (5) Худди шундай, донишмандга дўстларсиз яшашни исташи туфайли эмас, дўстларсиз ҳам яшай олиши мумкинлиги туфайли ўзидан бошқа ҳеч ким зарур эмас. «Мумкин» дер эканман, мен шуни назарда тутаман: йўқотишни хотиржам қабул қила олишга қодир инсонгина донишманддир.  Ахир, донишманд ҳеч қачон дўстсиз қолмайди ва бошқа бир дўстни қанчалик тезроқ топиш унинг амридадир. Агар Фидий ўзи ясаган ҳайкални йўқотиб қўйса, дарҳол бошқасини яратиб олган бўларди. Худди шундай, донишманд – дўстлик ришталарини боғлашга уста инсон – йўқотилган дўстнинг ўрнини янгиси билан тўлдиришга қодирдир. (6) Сен кинингдир дўстлигига қандай қилиб тезроқ эришиш мумкинлигини сўрайсан; агар мен қарзимни ҳозир қайтаришимга келишсак, мен жавоб бераман ва биз бу мактуб учун ҳисоблашган бўламиз. Гекатон айтади: «Мен дори-дармонларсиз, гиёҳларсиз, жодугарнинг дуойи-бадларисиз ҳам бошқаларни мойил этадиган воситани кўрсатаман. Агар сени севишларини истасанг – ўзинг ҳам сев». Нафақат кўҳна, синалган дўстлик бизга олий ҳузур-ҳаловат беради, балким янги, энди топилган дўстликнинг бошланиши ҳам бундан кам эмас. (7) Дўстга эга киши билан энди унга эришаётган киши ўртасидаги фарқ ўроқчи билан дон сепувчи ўртасидаги фарққа ўхшайди. Файласуф Аттал мусаввир учун расм чизиб ўтириш уни чизиб бўлгандан кейинги дамдагидан кўра ҳузурбахшлиги сингари, дўстликка эришишга ҳаракакат қилиш унга эришиб бўлишдан кўра роҳатли эканини кўп марта айтганди. Ўз асарини руҳий хотиржамлик билан ишлаётган одам ўз машғулотидан олий ҳузур-ҳаловат олади. Тугал асарни қўлдан чиқарар экан, энди у аввалгидай роҳатланмайди: энди у бор-йўғи саньатининг маҳсулидан қувонади, асар устида ишлаётганда у буюк яратувчилик саньатининг ўзидан шодланар эди. Болаларимизнинг ўсмирлиги сермаҳсулдир, аммо бизга уларнинг гўдаклик пайтлари лаззатлироқдир. (8) Дарвоқе, суҳбатимизнинг мавзуига қайтсак. Майли, гарчанд донишманд одамга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким керак бўлмасин, у барибир, дўстлик сингари олий фазилатдан мосуво яшамаслик учун, буюк дўстлик ҳурмати учун дўсти бўлишини истайди ва буни, Эпикур ўша мактубида айтганидай,  «касал бўлганида қараб турадиган одам бўлиши, муҳтожликда ёки асирликда ёрдам олиш учун» истамайди, аксинча, дўсти бемор бўлганда, унга қараш учун, душманга асир тушган биродарини қутқариб олиш учун хоҳлайди. Фақат ўзини ўйлаб дўст тутинганларнинг фикри ожиздир; қандай бошлаган бўлса, шундай тугатади. Занжирбанликдан холос бўлиш учун дўст тутинган одам, занжирлар узилган заҳоти ғойиб бўлади. (9) Халқ вақтинчалик деб атайдиган дўстлик иттифоқлари шундайдир. Фойда илинжида топган дўстларимизнинг дўстлиги фойдамиз тегиб турганича давом этади, холос. Шунинг учун иши ўнгидан келиб турганларнинг атрофида дўстлари тўда-тўда юради, иши чаппа кетганлар, ҳалокатга дучор бўлганларнинг атрофи – саҳродай ҳувиллаб қолади. Дўстлик синаладиган пайтда дўстларнинг аксарияти қочиб кетади. Мана, худди шунинг учун биз бировлар қўрқувдан дўстини ташлаб кетаётганига, бошқалар қўрқувдан дўстларини сотаётганига кўплаб шармандали мисолларни кўриб турибмиз. Ибтидо қандай бўлса, интиҳо ҳам шундай бўлади, бошқача бўлиши мумкин эмас. Ўз фойдаси учун дўст бўлган одам бу дўстликка хиёнат қилиш учун қимматроқ тўлайдиган кимсани топса, дўстликни сотади, зеро унинг учун дўстликдан қимматлироқ нарса бордир. (10) Мен нима учун дўст орттираман? Мен дўстимни деб ўлиш учун, дўстимни деб сургун-саргардонликка кетиш учун, унинг ҳаётини сақламоқ йўлида курашиш ва ҳаётимни тикиш учун дўст орттираман. Сен ёзаётганингдай, манфаат учун, бирор фойда олиш учун тузилган дўстлик – дўстлик эмас, бу тужжорлар тузадиган савдо шартномасидир. (11) Шубҳасиз, севишганларнинг эҳтироси ва дўстлик ўртасида боғлиқлик бор, муҳаббатни ақлидан мосуволарнинг дўстлиги, деб ҳам аташ мумкин. Ахир севган одам фойдаси учун севадими? Ёки иззатталаблик ва шон-шуҳрат учун севадими? Ишқ қолган ҳамма нарсадан юз ўгириб, гўзалликка талпиниш ҳиссини қалбда оловлантиради, жавобан бўладиган меҳру муҳаббатдан умидворлик унда яшириндир. Нега бўндай? Наҳотки жуда ҳалол бир сабаб уятли эҳтиросни тўғдирса? - (12) Сен мени инкор қиласан: «Ҳозир гап бу ҳақда эмас, наҳотки дўстликнинг ўзи учун ёки бошқа бирор мақсад билан дўст орттирилади». Аксинча, шуни исботлаш лозим. Ахир, дўстликни дўстликнинг ўзи учун излаш керак бўлса, демак, ўзидан бошқага эҳтиёж сезмаган инсон ҳам дўстликни излаши мумкин. – «Хўш, у дўстликни қандай излайди?» -  Фойдани кўзламай, омаднинг хиёнаткорлигидан чўчимай, энг гўзал нарсани ахтараётгандай излайди. Фойдаси тегиб қолар, дея дўст орттирадиган одам дўстликнинг юксак қимматини йўқотади. (13) Донишманд инсонга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким керак эмас. Луцилий, кўпчилик одамлар бу фикрни тескари талқин қилишади: донишманд, ақлли одамни ҳамма жойдан ҳайдашади ва ўз қобиғига ўралиб яшашига мажбур қилишади. Айни пайтда мазкур ҳикмат кўп нарсани ваьда қиладими ва у нимани ваьда қилади – буни ойдинлаштириб олиш лозим. Донишманд одамлардай яшаши учун эмас, фозилона ҳаёти учун ўзи етарлидир. Тириклик учун унга кўп нарса керак, фозилона, фараҳбахш ҳаёт учун омадга термилиб турмаган, юксак ва соғлом руҳ кифоядир. (14) Мен Хрисиппга, унинг бўлиниш ҳақидаги фикрига мурожаат қилмоқчиман. У айтадики, донишмандга кўп нарса керак бўлса ҳам, у ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайди, ахмоққа эса ҳеч нарса керак эмас, чунки у ҳеч нарсадан фойдалана олмайди, аммо унинг ҳамма нарсага эҳтиёжи бўлади. Донишмандга қўл ҳам, кўзлар ҳам, кундалик ҳаёт учун зарур бўладиган бошқа кўпгина нарсалар ҳам керак, аммо у ҳеч нарсага эҳтиёжманд эмас. Ахир, эҳитиёж – бу заруриятдир, донишманд учун эса зарурият йўқдир. (15)  Демак, гарчанд донишманд учун унинг ўзи етарли бўлса-да, аммо унинг дўстларга талабгорлиги бор ва кўпроқ дўстлар орттиришни истайди, аммо бу дўстлар унга фараҳбахш яшаш учун керак эмас, у дўстсиз ҳам фараҳбахш ҳаёт кечира олади. Юксак эзгулик ташқаридан қурол-аслаҳа изламайди: эзгулик уйда яратилади ва ўзи-ўзидан келиб чиқади. Агар унинг бирор-бир қисми ташқаридан олинса, демак, унинг тақдири омадга боғлиқ бўлиб қолади. - (16) «Агар асирга тушса, бегона юртларга бориб қолса, узоқ сафарларда қолиб кетса, кимсасиз қирғоқларда қолса-ю, атрофида дўсти бўлмаса, донишманд қандай яшайди?» - Дунё жунбушга келиб, худолар яхлитлашганда, табиат қилт этмай, қотиб қолганда, Юпитер тинчланади ва хаёлларга берилади. Донишманд ҳам шундай қилади: ўз ичига сафар қилади, ўзлигига қайтади. (17) Токим ўз ишларини ўз билганича қила олар экан, у, гарчанд ўзидан бошқа ҳеч кимга муҳтожлик сезмаса-да, хотин олади, ҳеч кимга эҳтиёжи бўлмаса-да, фарзандлар туғдиради, бошқаларсиз яшай олса-да, агар бирор одамни кўрмасдан яшаш керак бўлса, яшамай қўя қолади. Дўстликка уни етаклаган нарса ўз манфаати эмас, бу табиий иштиёқдир. Ахир кўп нарсаларга, жумладан дўстликка иштиёқ бизнинг жону қонимиздадир. Ёлғизликк ҳаммани нафратини уйғотгани сингари, ҳамнафасликда яшаш инсонни инсон билан бирлаштиргани сингари бизни дўстликка интилишга мажбур қиладиган бир иштиёқ мавжуддир. (18) Аммо, гарчанд донишманд дўстини бошқалардан зиёда севса-да, дўстини ўзига тенг ва гоҳида ўзидан-да юқори қўйса-да, - ҳар ҳолда у шунга ишонадики, эзгулик унинг ўзида мужассамдир, шунинг учун у ўзича Стилпоннинг, ҳа, ўша Эпикур ўз мактубида ҳамла қилган Стилпоннинг сўзларини такрорлаб юради. Стилпоннинг жонажон шаҳри ғаним қўлига ўтганида, хотини, болаларидан айрилганида ва ҳамма нарсани ямлаб ютган олов ичидан бир ўзи тирик, аввалгидай хуррам чиққанида, кўплаб шаҳарларни вайрон этгани учун Полиоркет дея ном олган Деметрий Стилпондан бирор нарса йўқотган-йўқотмаганлигини сўрайди, файласуф жавоб беради: «Ҳаммаси ўзимда!» (19) Мана, жасур ва қатьиятли одам! У жангда ғолиб бўлган ғанимнинг ҳам устидан ғалаба қилар эди. У: «Мен ҳеч нарса йўқотмадим», - деб айтди ва ғаним ўз ғалабасига шубҳа қила бошлади. «Ҳаммаси ўзимда» - адолатим, фасоҳатим, оқиллигим, хотиним ва болаларим ёди, тафаккурим, тортиб олса бўладиган нарсаларни неьмат деб билмасликка бўлган қатьиятим ўзимда... Биз олов ичидан ўтиб, танаси куймай қолган жониворлардан ҳайратланамиз; қуролли қўшин сафидан, олов ва вайроналар ичидан ўтиб ҳам ўзини йўқотмаган бу инсон қанчалар ҳайратлидир! Кўряпсанми, бутун бошли халқни енгиш осондир, аммо бир инсонни енгиш қанчалар мушкул? Унинг нутқи ўз эзгулигини ёнаётган шаҳарлар аро бутун олиб ўтган жўмарднинг нутқидир. Ахир унинг ўзидан бошқа ҳеч кимга муҳтожлиги йўқ – унинг учун бахтнинг чегараси шудир. (20) Сен фақат бизнинг ўзимиз бу баландпарвоз сўзларни айтмаётганимизга ишонч ҳосил қилишинг учун айтаман – шуни билгинки, Стилпонга эьтироз билдирган Эпикурнинг ўзи ҳам шунга ўхшаш ҳикматни айтган, гарчанд бугунги қарзимни аллақачон узган бўлсам-да, бу ҳикматни ҳам қабул қилгин. «Бор нарсага қаноат қилмаган, борини тўкинлик деб билмаган киши, гарчанд дунёнинг ҳаммасига эга бўлса-да, қашшоқлигича қолади». Агар сен буниси яхши жаранглайди, деб ўйласанг, бошқача айтишим ҳам мумкин (ахир, биз сўзларга эмас, фикрга садоқатли бўлишимиз керак): «Дунёнинг эгаси бўлганда ҳам, ўзини ҳаммадан бахтли деб ҳис қилмаган одам, ҳаммадан бахтсиз бўлиб қолаверади». (21) Билгинки, бу фикрлар ҳаммага тегишлидир ва, демак, табиат томонидан донишмандларнинг қулоғига шивирлангандир, шунинг учун уларни сен ҳатто ҳажвчи шоирнинг ижодида ҳам учратишинг мумкин:
Бахтсиздир ўзини бахтли деб билмаган одам.
Ёмон яшаяпман, деб ҳисобласанг, қандай яшаётганингнинг аҳамияти борми?
(22) «И-я, - дейсан сен, - ҳаром пул топиб бойиган, минглаб қулларга эга бўлган ва минглаб бошлиқларига қул бўлган қаллоб ҳам ўзини бахтли деб эьлон қилса, ўз ҳукмига биноан бахтли бўлиб қоладими?» - Йўқ, унинг нима деб айтаётгани муҳим эмас, нимани ҳис қилаётгани муҳимдир, фақат бугун ҳис қилаётгани эмас, ҳамиша ҳис қилиши муҳимдир. Шунинг учун сен ўзини фараҳбахш, бахтиёр ҳисоблаш бунга муносиб бўлмаганларга ҳам дохил бўлишидан хавотирланмасанг ҳам бўлади. Фақат донишмандларгина борига қаноат қила олади, қалби билан уйғунликда яшай олади, ахмоқлар эса борига қаноат қилмаганликларидан доимо эзиладилар, изчил азоб чекадилар. Бу хавотир, бу тинкақуритар азоб уларнинг қаноатсизлигига жазодир. Уларнинг жазолари ўзларидадир. Саломат бўл, биродар..

Нома Х

Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
(1) Айнан шундай, мен ўз фикримни ўзгартирмайман: оломондан узоқроқ бўл, айримлардан нари юр, бирорта одамга яқинлашма. Мен сенинг ёнингда ҳеч кимни ёнма-ён кўришни истамайман. Менга ишонгинки, мен сен ҳақингда юксак фикрдаман, шунинг учун ўзингни ўзингга ишониб топширишга жазм қиламан. Айтишларича, ўша аввалги мактубимда мен тилга олган Стилпоннинг тингловчиси бўлган Кратет бир куни ёлғиз сайр этиб юрган ўсмирни кўриб қолади ва ундан бу жойда битта ўзи нима қилиб юрганини сўрайди. – «Ўзим билан ўзим сўзлашяпман», - деб жавоб беради йигитча. Бу жавобга нисбатан Кратет шундай  дейди: «Эҳтиёт бўл, йигитча, илтимос, яхшилаб разм сол: сенинг суҳбатдошинг – ёмон одам!» (2) Одатда биз фожиага дучор бўлган ёки қўрқув остида қолган одамлардан фалокат аригунча хабардор бўлиб турамиз, ёлғиз қолганда бирор бирор ёмон иш қилиб қўйишидан чўчиймиз. Умуман олганда, ақли такомилга етмаган ҳеч бир одамни ўз-ўзича қўйиб қўйиш мумкин эмас: ёлғизликда бундай одамларни ёмон фикрлар чулғаб олади, улар ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам хавф-хатарга қўядилар, бундай пайтда уларга шармандали истаклар тўда-тўда ҳамла қилади. Шунда шу пайтгача уят ва қўрқув яшириб туришга мажбур қилган нарсалар кўнгил тубидан юзага қалқиб чиқади, шарттакилик авжига чиқади, ярамас майллар қутқуланади, ғазаб қўзиб кетади. Ёлғизликнинг битта афзаллиги бор: ҳеч кимга ҳеч нарсани ошкор қилмаслик ва фош бўлиб қолишдан қўрқмаслик имконияти; аммо бу неьмат аҳмоқ одамни адо қилади, чунки у ўзини ўзи фош қилади. Кўряпсанми, менинг сендан умидим қанчалар улкан, тўғрироғи, мен сенга кафилман (зеро «умид» деб биз ё амалга ошадиган, ё амалга ошмайдиган неьматни атаймиз): мен сен учун ўзингдан яхшироқ дўстни тополмайман. (3) Мен хотирамда сен юксак бир фасоҳат билан талаффуз қилган сўзларга қайтаман. Ўшанда мен сени табриклаб, шундай деган эдим: «Бу сўзлар шунчаки тилдан осонгина учиб чиққан сўзлар эмас, бу сўзларнинг мустаҳкам замини бор. Бу инсон – кўплардан бири эмас, у эркинликка интилади». (4) Шундай сўзла, шундай яша. Фақат диққат қилгинки, сени ҳеч нарса асир қилолмасин. Ўзингнинг аввалги тилакларинг ижобатини худоларнинг иродасига қолдир, энди ўзинг улардан янгидан илтижо қилиб сўра: ақлинг равшан бўлсин, хотиринг жам бўлсин, дилхаста бўлма, кейин – вужуд саломатлиги ҳақида сўрашинг мумкин. Нима учун бу ҳақда тез-тез илтижо қилишинг мумкин эмас? Худодан дадил сўрагин: сен ундан бировнинг нарсасини сўраётганинг йўқ. (5) Дарвоқе, одат қилганимиздай, бу нома билан ҳам сенга мўьжазгина туҳфа юборишни истайман. Афинодорнинг бисотидан шундай ҳаққоний сўзларни топдим: «Билгинки, агар сен худолардан ҳаммага эшиттириб сўраш, илтижо қилиш даражасига етсанг, яшириб сўрайдиган нарсанг бўлмаса, сен барча ҳавою ҳирслардан, нафсу истаклардан озод, ҳур бўлган бўласан». Ахир, одамлар қанчалар ақли ноқисдир! Одамлар худодан шивир-шивир қилиб, майда-чуйда, пасткаш нарсаларни сўрайдилар, биров қулоқ тутса - жимиб қоладилар, одамлардан яширадиган нарсаларни худога айтадилар. Диққат қил, токим бу насиҳат сенга ҳам тааллуқли бўлиб қолмасин: одамлар билан гўё сени худо кўриб тургандай яшагин ва худога гўё ҳамма одамлар эшитиб тургандай илтижо қилгин. Саломат бўл, биродар.

Карим БАҲРИЕВ таржималари

 
Миллий озодлик ҳаракатининг бошланиши ва унинг босқичлари
12.08.2012 15:53    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ўлкада XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб чор Россиясининг мустамлакачилик, улуғ давлатчилик, шовинистик сиёсати маҳаллий аҳолининг миллий озодлик ҳара-катлари бошланишига асосий сабаб бўлди.
Тарихий манбаларда, архив ҳужжатларида чор Россияси қўшинларининг Ўрта Осиё ҳудудига кириб келиши билан, унга қарши халқ озодлик ҳаракатлари бошланганлиги ва бу чор ҳукуматининг ағдарилишига, қолаверса мустақилликка эришганимизга қадар давом этганлиги ҳақидаги маълумотлар берилади. Бу маълумотлар асосида Ўрта Осиё халқларининг чоризмга қарши олиб борган қуйидаги энг йирик ва оммавий тус олган курашларини қайд қилишимиз мумкин: 1837-1846 йилларда Султон Кенесарин раҳбар-лигидаги, кейинчалик Бухоро амирлигининг, Шаҳрисабз беклигидаги ҳаракатлар, 1871 йилда Эшон Эшмуҳаммад бошчилигида Сирдарё вилоятидаги чиқишлар; 1871 йилдаги Фарғонада Етимхон қўзғолони; 1872 йилда Чирчиқдаги исёнлар, 1873-76 йиллар Қўқондаги Пўлатхон қўзғолони; 1892 йилдаги Тошкент қўзғолони; 1898 йилдаги Анди-жонда Дукчи Эшон қўзғолони; 1899 йилдаги Сирдарё вилоятидаги ҳаракатлар, 1916 йилдаги Жиззах қўзғолони ва бошқалар.
ХIX аср 70-йиллар бошларидаги Фарғонадаги халқ ҳаракатларини алоҳида қайд этиш лозим. 1868 йилда Кауфман билан сулҳ шартномаси тузиб, Қўқон хонлигининг катта ҳудудларини Россия ихтиёрига берган ва Россия ҳукмронлигини тан олган Ху-доёрхон сиёсатидан нафақат оддий халқ, балки йирик ер эгалари ҳам норози эдилар. Қўқон хонлигида элчи ва жосус вазифасини бажарган полковник Шауфус маълумот-ларига қараганда норози беклар тепасида Абдураҳмон офтобачи турган. 1872 йилда хон сиёсатига қарши халқ ҳаракати айниқса кучайди. Бундан фойдаланган Аб-дураҳмон офтобачи ўз таниши мулла Исҳоқ Ҳасан ўғлини қирғизлар орасида Пўлат-хон номи билан қўзғолон кўтаришга ундайди ва ўзи ҳам бу ҳаракатга қўшилади. 1873 йилда бошланган бу қўзғолонда оддий халқ, деҳқонлар, ҳунармандлар фаол иштирок этдилар ва бу ҳаракат бутун Фарғона водийси бўйлаб ёйилди. Худоёрхоннинг ўғли Насриддинбек бошчилигидаги хон қўшинлари ҳам қўзғолончиларни қўллаб-қувватладилар. Бу воқеадан қўрқиб кетган Худоёрхон рус ҳокимиятидан бошпана сўраб, Тошкентга қочди. Қўқон тахтига унинг ўғли Насриддинбек (1875-76) хон қилиб кўтарилди.
Қўзғолончилар келишувига биноан эса Пўлатхон хон этиб сайланиши керак эди. Насриддинбекнинг хонликка кўтарилиши ва унинг ҳам руслар билан келишув сиёса-тини олиб бориши, қўзғонлочилар ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Натижада Марғилон, Наманган, Андижон ҳудудларида Пўлатхон тарафдорлари ерларни кам-бағалларга бўлиб бериб, хон сиёсатига қарши чиқдилар. Қўқон хонлигининг русларга қарашли бўлган ерларида ҳам норозилик чиқишлари авж ола бошлади. Бу рус ҳуку-матини хавотирга солиб қўйди ва Кауфман Қўқон хонлигини тугатиш тўғрисида под-шонинг розилигини сўраб, илтимоснома жўнатди. Қўқон хонлиги ҳудудига эса Скобе-лев бошчилигида ҳарбий жазо отряди киритилди. Бу вақтда Насриддинхон ҳокимият-дан четлаштирилиб, водийда Пўлатхоннинг мавқеи ошиб кетган эди.
Ҳарбий жиҳатдан устун бўлган рус қўшинлари қўзғолончи-ларни тезда мағлубият-га учратди. Пўлатхон қўшинлари ҳаракатининг иккинчи босқичи 1875 йили Оҳанга-рон, Телов, Пскент ва Тошкентда бўлиб ўтган ҳаракатларни ўз ичига олади. Бу ҳара-катларда қаттиқ зарбага учраган қўзғолончилар 1876 йили Андижонда, Олой водий-сида курашни давом эттирдилар. Аммо ҳарбий жиҳатдан кучлар тенг эмас эди. 1876 йил 1 мартда Пўлатхон тутиб олиниб Марғилонда осиб ўлдирилди. Бошқа қўзғолон-чилар ҳам қаттиқ жазоланди. Подшонинг буйруғи билан Қўқон хонлиги тугатилиб, Фарғона вилояти ташкил этилди.
Фарғона водийсида бўлиб ўтган 70-80-йиллардаги халқ ҳаракатларида Қурбонжон додхоҳ, Етимхон, Дарвишхон тўра, Ёқуббек бошчилигидаги қўзғолонларни алоҳида қайд қилишимиз зарур. Қурбонжон додхоҳ рус қўшинларига қарши курашда шарқ аёлларининг қаҳрамонлигини, жасоратини намоён этди. Манбаларнинг маълумот бе-ришича, генерал Скобелев сулҳ тузиш учун майор Ионовни Қурбонжон додхоҳ ҳузу-рига жўнатади. Аммо Қурбонжон додхоҳ майорни қабул қилмай фақат ўз мавқеи би-лан тенг бўлган саркарда билангина музокаралар олиб бориши мумкинлигини билди-ради. Чорасиз қолган рус генерали Скобелев у билан сулҳ тузишга ва уни «Олой ма-ликаси», деб тан олишга мажбур бўлди. Қурбонжон додхоҳнинг набиралари 1898 йилги миллий озодлик қўзғолонида ҳам фаол қатнашганлар Рус амалдорлари доимо Олой маликасидан ҳайиқишган. Шунинг учун губернаторлар унинг олдига тез-тез ке-либ туришган. 1901 йилда Россия империяси Қурбонжонга императрицанинг совғаси-ни шахсан топширган. Қурбонжон додхоҳ 1907 йилда Ўшда 96 ёшида вафот этган.
Ўрта Осиё халқларининг мустамлакачиларга қарши курашида Ёқуббек ва у бошқарган Еттишаҳар давлати (1865-1877) ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Чунки улар Қўқон, Бухоро, Хива ватанпарварларининг рус босқинчиларига қарши курашларида ёрдам бериб туришган. Шу сабабли Туркистондаги сўнгги мустақил давлатни тугатиш Россия учун кечиктирилмас вазифа бўлиб қолди. 1877 йил 22 июнда рус қўшинининг ўулжага бостириб кириши шу мақсадни амалга оширишга қаратилган эди. Амир Ёқуббекнинг тўсатдан вафот этиши Еттишаҳар давлати қўшинининг мағлубиятга уч-рашига сабаб бўлди. Оқмачит, Чимкент, Тошкент мудофааларини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатган Ёқуббек Туркистон озодлиги учун кураш йўлида жон бахшида этган қаҳрамонларимиздан биридир.
1878 йили Мингтепада чоризмнинг сиёсий- иқтисодий зулмига қарши Етимхон бош-чилигидаги ғалаён кўтарилди. Бундай ғалаён 1879 йилда Фарғона вилоятида ҳам содир бўлди. Бу қўзғолонлар куч билан бостирилса ҳам аҳолининг қаҳр-ғазабидан хавфсира-ган Фарғона вилояти губернатори ғайри-қонуний солиқ йиғувчиларни ишдан олиб ташлашга мажбур бўлди.
1889-1890 йилларда Фарғона водийси ва Тошкент ҳудудларида кўплаб халқ ҳара-катлари, қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Шулардан бири Дарвешхон қўзғолонидир. Андижон уездининг Қўрғонтепа волостида юқори табақага мансуб бўлган ватанпар-вар Дарвешхон қўшин тўплашга киришди. У мустамлакачилик тузумига қарши очиқдан-очиқ қуролли қўзғолонга тайёргарлик кўрди, аммо Фарғона вилояти ҳарбий маъмурлари катта куч юбориб Дарвешхон кучларини тор-мор этди, унинг ёрдамчиси Мўминбой ушлаб олиниб, дорга осилди.
1892 йилги қўзғолон кўплаб тарихий адабиётларда рус ҳукуматини ўлканинг бир қанча шаҳарларида вабо касали тарқалишининг олдини олиш учун Тошкент шаҳрида кўрилган чора-тадбирларига қарши кўтарилган қўзғолон деб таърифланган бўлса-да, аслида бу қўзғолон чор Россиясининг ўлкада кўп йиллар давомида олиб борган мус-тамлакачилик сиёсатига қарши қаратилган эди.
Рус ҳукуматининг вабони олдини олиш учун кўрган чора-тадбирлари давомида маҳаллий аҳолининг диний эътиқодлари, урф-одатлари ҳисобга олинмаганлиги на-тижасида сабр косаси тўлган халқ оммасининг норозилиги кучайди. Натижада бу қўзғолонда Тошкент шаҳри аҳолисининг барча қатламлари иштирок этди. Маҳаллий аҳолининг миллий-маданий анъаналарига хос диний байрам «Қурбон ҳайит» куни бошланган бу қўзғолон, тезда чор аскарлари томонидан бостирилиб, қўзғолончилар-дан 8 киши дорга осиб ўлдирилишга, 15 кишини 2 йил муддат билан маҳбуслар рота-сига юборилишига, 2 кишини олти ойдан қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилишди. Ле-кин чор Россияси дунё матбуотчилари олдида бу жазолар шов-шувга сабаб бўлиши-дан чўчиб, ўлим жазони умрбод сургун билан алмаштирди. Бу қўзғолон Тошкент шаҳрининг ўзида юз берган бўлса-да, унинг акс садоси бутун Туркистон ўлкаси бўй-лаб тарқалди.
XIX аср охирларида Россиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши ўлка халқлари-нинг миллий озодлик ҳаракатининг яна бир ёрқин намунаси 1898 йил май ойида Ан-дижонда бўлиб ўтган Дукчи Эшон қўзғолони орқали намоён бўлди. Бу қўзғолон раҳбари Муҳаммадали Эшон ўз даврининг обрўли, диний ва дунёвий илмлардан бо-хабар, давр сиёсатини тўғри тушунган шахс эди. У ўз муридлари ва ҳамфикрлари би-лан босқинчиларнинг халққа қарши олиб бораётган зулмкор сиёсатини қоралар ва бунга қарши ҳар қандай ҳаракатни маъқуллар эди.
Дукчи Эшон Мингтепа қишлоғидан туриб Фарғона шаҳарлари ва қирғиз ерларида-ги мустамлакачилардан норози аҳолини бирлаштириш ва бу зулмни ағдариб ташлаш учун ҳаракат бошлади. Қўзғолон олиб бориш усулларидан бехабарлик, бирликнинг йўқлиги, уюшмаганлик, қурол-аслаҳа ва моддий базанинг етишмаслиги қўзғолоннинг тезда мағлубиятга учрашига сабаб бўлди, айниқса қўзғолоннинг келишилган муддат-дан олдин бошланиши, ҳаракат мағлубиятининг асосий сабабларидан бири бўлди. Қўзғолон бостирилиб, унинг раҳбарлари қаттиқ жазоланди. Қўзғолон натижасида Фарғона вилоятида ва бутун Туркистон генерал-губернаторлигида ҳарбий полиция режими кучайтирилди.
XX аср бошларига келиб Россиядаги ижтимоий, сиёсий вазият Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ўлка ҳудудида демократик-инқилобий ҳаракатлар авж ола бош-лади. Бу ҳаракатларни биз нафақат рус аҳолиси орасида, балки маҳаллий меҳнаткашлар орасида ҳам кузатамиз.
Туркистон ўлкаси ҳудудида темир йўлларнинг қурилиши, завод ва фабрикаларнинг ишга туширилиши Россия марказига кўплаб ўлка бойликларини чиқиб кетишини осонлаштирди. Бу жараён маҳаллий аҳоли аҳволини янада оғирлашувига сабаб бўл-ди. Туркистон ўлкаси ҳудудида деҳқонлар ғалаёнлари, норозилик чиқишлари ортиб борди.
Россиянинг 1914 йилда бошлаган биринчи жаҳон урушига тортилиши натижасида маҳаллий халқдан олинадиган солиқлар миқдори ошиб борди. Туркистон ўлкаси ҳуду-дида ерсиз деҳқонларнинг сони кўпайди. Чор ҳукуматининг 1916 йил 25 июнда «Уруш бораётган жойларда мудофаа ва ҳарбий иншоотларни қуриш, шунингдек, давлат му-дофааси учун зарур бўлган жамики бошқа ишларни бажариш учун рус бўлмаган аҳолининг эркак қисмини жалб этиш тўғрисидаги» фармони эълон қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларидан 19-43 ёшгача бўлган 250 мин-гдан зиёд эркак аҳоли фронт ортидаги ишларга (мардикорликка) чақириладиган бўлди.
Мардикорликка кетадиганлар уч ойда қайтиб келишлари ва бунгача уларнинг ои-лалари ҳукумат томонидан таъминланиши ваъда қилинди. Рўйхатга олиш давомида амалдорлар бойлик орттириш пайида бўлишиб, бойларнинг болаларини пул эвазига рўйхатга киритишмади. Бу халқ норозилигининг ортиб боришига сабаб бўлди. 1916 йил июл ойидан маҳаллий аҳолининг қўзғолони бошланди. 4 июл куни Хўжандда, 5 июл Самарқанд вилоятида, 9 июл куни Қўқон уездида, 10 июл куни Марғилонда, 11 июлда Самарқанд ва Тошкентда мардикорликка олишга қарши қўзғолонлар бошлан-ди. 1916 йил 18 июлда бутун Туркистон ҳарбий ҳолатда деб эълон қилинди.
1916 йилдаги ҳаракатларнинг энг кучайган нуқтаси 13 июл куни бошланган Жиз-зах қўзғолони бўлди. Жиззахдаги қўзғолонга Назирхўжа Абдусалом ўғли, Абдураҳмон Жевачи каби халқ йўлбошчилари бошчилик қилиб, аҳолини мустақил беклик тузишга чақирдилар. Қўзғолон давомида темир йўл бекатлари, кўприклар вайрон қилинган.
Жиззахнинг янги шаҳарига етиб келган полковник Афанасьевнинг жазо отряди қўзғолончилардан енгилди. Шундан кейин Туркистон генерал-губернатори юборган полковник Иванов бошчилигидаги катта ҳарбий кучларга эга бўлган жазо отряди қўзғолонни шафқатсизлик билан бостиради. Чор қўшинлари билан сўнгги тўқнашув 1916 йил 21 июлда Қилич қишлоғида бўлиб ўтди. Мингга яқин киши ҳибсга олиниб, жазоланди. 1916 йилги қўзғолон ҳукмрон синфларнинг зулмига қарши қаратилган халқ қўзғолони эди. Қўзғолонни ҳаракатга келтирган асосий куч деҳқонлар ва ҳунар-манд камбағаллар бўлди.
Қўзғолончиларни маҳаллий зиёлилар, руҳонийларнинг бир қисми қўллаб-қувватлади. Қўзғолон бостирилгач, унинг йўлбошчилари жазога тортилиб, ўлимга маҳкум этилди. Жами 51 киши қатл этилди, 168 киши сургун қилинди, 128 киши қамалди, 228 киши турли жазо хизматларига сафарбар этилди. 1916 йилги қўзғолон бутун мустамлакачилик давомида Туркистондаги энг қудратли ва уюшган қўзғолон бўлди.

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Фавқулодда такфир (1914)
13.03.2014 23:41    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

ФАВҚУЛОДДА ТАКФИР

3 январ баъдаз жумъа Самарқанднинг мунажжим Мирзо Улуғбек мадрасаси ичиндаги жомеъда беш-олти минг мусулмон ҳузуринда муаззин тарафидан усули жадидачиларни ва русча ўқутмоқға ташвиқ қилатурғонларни кофирлиги ва ҳар ким боласини усули жадида мактабиға берса, «ўзи кофир, хотуни талоқ» бўлушини форсий тил ила узун ва ҳаяжонлик бир нутқ ила халойиқға билдуруб, ҳамда ..........[1] ларни «кофир ва ўрус» ҳамда «кофир ва ўрус қилғучи» деб эълон қилинди.

Халқ ҳеч бир нима демасдан тарқалди. Бир неча ҳафтадан бери жаноб қози ва мударрислардан баъзилари маълум ерларға мажлислар қилиб эканларки, бу фавқулодда ва умумий такфир шунинг натижасидур. Чунончи, муаззин дерки, «Бу сўзларни ўзумдан айтмайман, уламо қавли ва буйруғи ила берман. Мақзуф ва макдуҳлар ушбу тўғридан шариат ва қонун маҳкамалариға ва ер юзиндаги мусулмонларни виждониға ружуъ этарлар. Шуни-да фавран ёзайинки, кофир деган одамлари азалий ва абадий мусулмондур. Унлар куфрни абадан қабул этмайдурлар. Туркистонда юз минг оталар борки, балалари усули жадид мактабиға ўқуйдур.

(Келар адад ояндада батафсил ёзармиз.)

«Ойна» журнали, 1914 йил, 12-сон, 295-бет.



[1] Жой қолдирилган. Чамаси, муҳаррир масала ойдинлашмагунча эл эътиборидаги кишиларнинг номлари бадном бўлишини истамаган.

 


35 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин