Саналар
20.12.2024
Баннер
Оссурия кабутари
PDF Босма E-mail

Бағдоддан 90 км. узоқликда кўҳна Вавилоннинг қолдиқлари мангу қўним топган. Шаҳар деган мақомни аллақачон йўқотган бўлса-да, мазкур ёдгорлик ҳали ҳам унинг шонли тарихидан мужда бериб турибди. Унинг асосчиси - мозий маликаларидан бири Семирамида ҳисобланади. Семирамида - тарихий шахс, аммо унинг ҳаёти афсоналар билан уйғунлашиб кетган. Бу ҳақда юнон муаллифлари - Ктесий, Диодор ва бошқаларнинг ижод маҳсулларида ҳам қадим-қадимда ўзини буюк, деб ҳисоблаган ҳукмдорлар, тафаккур бобида тенгсиз дарғалар хусусида кўп нарсаларни билиб олиш мумкин.

Аммо ХХ асргача ўтган замонларнинг тарихий қиёфаларидан бири - Семирамиданинг ҳаёти ва яшаш тарзи сир эди. Машҳур олим Карл Леманн-Хауптнинг 1910 йилда олиб борган изланишлари бу борадаги баъзи қоронғуликларга ойдинлик киритиб, қайсидир фазилатлари билан бизнинг Тўмарисга ўхшашиб кетадиган Семирамида шахси ҳақида айрим қирраларни очишга муваффақ бўлди.

Мўйсафид вақт эса мазкур ҳайратланарли воқеаларга, бой тарихга гувоҳдир.

Қадимги Оссурия

Ўтган замонларда, афсона ва мифлар ҳақиқат билан қоришиб кетган пайтларда Тигр дарёсининг юқори оқимида Оссурия деган давлат қад ростлаганди. Милоддан аввалги ИХ асрда уни шоҳ Нин бошқарган ва ўзини шарафлаб қурдирган пойтахтга Ниневия номини берган эди. У уста саркарда ва жангчи бўлгани учун Осиёнинг Ҳиндистондан таш­қари катта қисмини давлати таркибига қўшиб олишга эришиб, қўл остидаги ҳудудларда қатъий ҳарбий тартиб ўрнатганди. Ниннинг энг яқин вазири ва қўмондони ҳамда оқил маслаҳатчиларидан бирининг исми Онн эди.

Навбатдаги урушда Онн бетакрор гўзаллик эгаси, соҳибжамол етим қизни учратгач, ўзи билан олиб кетиб, унга уйланди. Ниневияда бўлган тўй дабдабали ўтди. Келин оммага Семирамида дея таништирилди. Юнон тарихчиларининг фикрича, уни кабутарлар тарбиялаб, катта қилишган экан. Бундай тахминлар Семирамида исмининг этимологияси билан кўпроқ боғлиқ, десак хато бўлмайди. Чунки мазкур ном шумерчадан таржима қилинганда, "кабутарнинг дунёга келиши" маъносини беради. Хуллас, келгинди келиннинг Онн билан турмуши бахтли бошланди. Ҳам ҳуснда тенгсиз, ҳам ақлда ўткир Семирамида Оннга ўз маслаҳатлари билан катта ёрдам беришдан ташқари, Хияпт ва Хидасп исмли эгизакларни дунёга келтирди.

Шоҳ билан учрашув

Мана шундай қувончли дамларда Нин қўшни мамлакат - Бақтрияга қарши юриш бошлайди. Катта армияга эга бўлган оссур ҳукмдори пойтахт Бақтра шаҳри (ўраб олинган қалъа)да, айниқса, қаттиқ қаршиликка дуч келди. Шунда у барча вазиру вузаролари, шу жумладан, Оннни ҳам ҳарбий кенгашга чақирди. Семирамидани ҳарбий сафарга ўзи билан бирга олиб чиққан вазир турмуш ўртоғининг маслаҳатлари асқотиб қолар, дея уни ҳам йиғинга олиб келди. Ҳақиқатан ҳам кейинчалик ёш келиннинг пистирмалар қўйиш бўйича билдирган ғоялари, бунинг устига ўз ташаббуси билан бир гуруҳ тажрибали аскарлар кўмагида рақиб минораларидан бирини ишғол қилиши Нинни қойил­ қолдирди, ўзига нисбатан шоҳда севги уйғотди. Унга чин дилдан ошиқ бўлган ҳукмдор эса, Оннга Семирамиданинг эвазига ўз қизи Сузанни таклиф этди. Ёрдамчиси эса бу таклифни рад этса-да, Нинга қарши чиққани учун кўзини ўйиб олиш жазоси билан қўрқитилгачгина турмуш ўртоғини қўйиб юборишга рози бўлди. Барибир, орадан бир неча кун ўтиб, Онн қатл эттирилди.

Семирамида эса шоҳнинг амри вожиб бўлгани учун унга турмушга чиқишга ноилож, рози бўлди. Уларнинг турмушидан Ниний исмли ўғил дунёга келади. Нин анча қариб қолган бўлса ҳам рашк ўтида ёнар, Семирамидани бегона кўзлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қиларди. Ҳатто малика ташқарида юзини ниқоб билан беркитиб юришга мажбур қилинар, уни очишга фақат ҳарамда ишлайдиганлар олдидагина рухсат бериларди. "Оссурияда ҳамма аёл чиройли, - деган эди у. - Лекин, уларнинг энг сулуви ҳам Вавилон маликаси гўзаллиги олдида жавоҳир қаршисидаги дурчага ўхшаб қолади. Демак, унинг жамолини кўриш унга қул бўлишдир".

Агар бирор киши Семирамиданинг ниқобсиз чеҳрасини кўрса, у сўзсиз ўлимга маҳкум этиларди. Бу ҳол маликага ёқмас, бундан ташқари, у собиқ эри Онни ҳали унутмаган, у совға қилган кабутар шаклидаги тақинчоқни ҳам ечмаган эди.

Аёл макри

Баркамоллиги ва дилбарлиги туфайли зимдан кўплаб тарафдорлар йиғишга эришган Семирамида ўзининг айёрона режасини амалга оширишга киришди. Нинни ўзининг бошқарувчилик бобидаги маҳоратини синовдан ўтказиш баҳонаси билан алдаб, тахт ва ҳокимиятни бор-йўғи беш кунга сўраб олган малика биринчи куниёқ вазир ва ҳарбий қўмондонларни ўзига оғдириб олди. Тож ва имтиёзлардан фойдаланиб, ислоҳот ҳамда бир қатор ваъдалар билан халқнинг ишончига кирди. Нинни эса, зиндонга ташлаттирди.

Янги йил яқинлашгани сайин Оссурияда ўйин-кулгулар байрамга уланиб кетарди. Одатга кўра, шу йил бошида қурбонликка аталган қўчқор оломон ичига ташланар, одамлар эса уни бурда-бурда қилиб ташларди. Унинг ўрнига келтирилган қўзичоқ эса кейинги байрам учун боқишга тантанали тарзда топшириларди. Бу - эски йилни кузатиб, янгисини кутиб олишга ўзига хос рамзий ишора эди. Навбатдаги байрамда Семирамида ана шу ҳайвоннинг сўнгги вазифасини бу сафар шоҳ Нин бажаришини эътироф этди. "Қўзичоқ" сифатида унинг ўғли Ниний таништирилди. Собиқ шоҳ мана шундай тарзда шаф­қатсиз ўлим топди.

Семирамиданинг эгизак ўғиллари тақдири ҳақида эса ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ.

Буюк ишлар...

Ҳокимиятни алдов ва макр йўли билан қўлга олган Семирамида юритаётган сиёсатдан норози бўлган мухолиф куч пайдо бўлиб, мансабдор ва оддий одамларни унга қарши қайрашга киришди. "Ҳеч бир аёлнинг Оссурия ўғлонларини бошқаришга ҳаққи йўқ", - деди улар. Шундай қилиб, маликанинг душманлари ҳам кўпая бошлади. Бу эса маликани нозик вазиятни бироз бўлса-да, юмшатишга хизмат қилувчи ғояларидан бирини амалга оширишга ундади. У баҳайбат, мустаҳкам қалъа, кўплаб минора ва шинаклар билан ҳимояланган Вавилон шаҳрини барпо этишга киришди.

Юнон солномачиси Диодот қолдирган маълумотларга қараганда, янги лойи­ҳани қурдириш учун бутун империядан 2 млн. уста ва ишчилар жалб қилинган.

Маълум вақтда бунёд этилган янги шаҳар деворларининг периметри 66 км.ни ташкил этар, унинг устида олтита отлиқ бемалол юра оларди. Вавилон 250 та минора билан ўралиб, Евфрат дарёси унинг ўртасидан оқиб ўтар, сув устига 900 та кўприк қурилганди. Кўприкларнинг ҳар икки томони сўнгида махсус қалъалар қад ростлаган бўлиб, улар ер ости йўллари орқали малика саройи билан туташиб кетган эди. Қолаверса, 30 км.лик қирғоқбўйида ажойиб яшаш жойи вужудга келди.

Эпик чекиниш

Айтганча, Вавилон миноралари қолдиқлари остидан бир қатор қазилмалар, хусусан, афсонавий осма боғларнинг ҳам излари топилган. Узоқ вақтгача юксак намунадаги мазкур боғбончиликнинг муаллифларидан бири Семирамида деб ҳисобланарди. Афсуски, ундай эмас. Мўъжизавий боғлар Оссурия маликаси шарафига эмас, балки бир неча йил кейин яшаб ўтган бошқа бир аёл учун барпо этилган. Осма дарахтзорларни Мидия шоҳи Навуходоносор севимли хотини Амитис учун бағишлаган. Ўзи босиб олган шаҳар ва давлатларнинг кулини кўкка совуриб, уни таг-туги билан йўқ қилиб юборишга одатланган Навуходоносор Вавилоннинг гўзаллигига тан бериб, юқоридаги даҳшатли одатидан воз кечишга мажбур бўлади.

Буюк саркарда

Семирамиданинг ҳисобида бир қатор улуғвор бинолар, жумладан, Ниннинг хотираси учун қурдирган хонақоҳ (мавзолей) ҳам бор. У ҳукмронлик қилган йилларида бир қатор жангларда ўзи бевосита иштирок этди. Мидия, Арманистон, Миср ва Эфиопиянинг катта қисмини босиб олишда ўзи йўл-йўриқ кўрсатди. Мисрда бўлган пайти Амон (Қуёш худоси) коҳинидан ўз келажаги ҳақида сўраганида, у ўғли қўлидан ўлим топишини башорат қилади. Урушлардан чарчаган Семирамида Бақтрада бироз дам олиб, Ҳиндистонга янги юриш учун тайёргарлик кўради.

... ва буюк инқироз

Навбатдаги ҳарбий тайёргарлик учун узоқ йиллар сарфланди. Жуда катта сонли армияни тўплашга эришганига қарамай Семирамида бу сафар муваффақият қозона олмади. Отларга боғланган аравалар ҳиндларнинг баҳайбат филларига дош беролмади. Шалпангқулоқлар ёрдамида мезбонлар «меҳмон»ларни аяб ўтирмай, янчиб ташлашди. Семирамиданинг ўзи эса ҳаёт билан видолашишига оз қолди. Камон ўқининг қўли ва белига етказган жароҳати билан бир амаллаб Ҳинд дарёсини кечиб ўтиб, душман чангалидан базўр қутулди.

Маликанинг соғайиши уни хурсанд қилмади. Ўз қароргоҳида ҳарамдагилар билан тил бириктирган ўғли Ниний онасига қарши бош кўтарди. Малика фарзанди учун ҳеч нарсани аямай эвазига бирор нарса талаб қилмаганини бир неча бор таъкидласа-да, Ниний ўз қароридан воз кечмади. Бир вақтлар отасининг азобли ўлимига сабабчи бўлгани ҳақида ҳомийларидан эшитган Ниний волидасининг кўксига тиғ санчди. Ўшанда Семирамиданинг ёши 62да эди.

42 йил давомида ҳукмдорлик қилган Вавилон асосчисининг ўлимига кўпчиликнинг ишонгиси келмасди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам унинг барҳаётлиги ҳақидаги афсоналар ҳали ҳам бордир. Улардан бирида айтилишича, Семирамида ўлмаган, балки кабутарга айланиб, осмону фалакка парвоз этган.

Саиджон Махсумов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин