Саналар
22.12.2024
Баннер
Европа папирусга ёзаётганда
21.07.2014 07:02    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Нафақат китобатчилик соҳаси, балки умумбашарий маданиятнинг шаклланиши ва ривожланишида қоғознинг кашф этилиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Қоғоз ихтиро этилгунга қадар қадимда қўлёзма китоб учун ашё сифатида папирус, тери, пергамент, газлама-мато, суяк, сопол, дарахт пўстлоғи ва тахта кабилардан фойдаланиларди. Ҳар бири муайян давр учун ўзига хос аҳамиятга эга бўлган ушбу ёзув воситалари баъзи бир камчилик ва нуқсонлардан ҳам холи эмасди.

Хусусан, папирус енгил бўлса-да, ўта нозик, сопол эса салга синаверган, газлама мато эса тез тўзиб, чиришга мо­йил бўлган. Бундан ташқари, ушбу ёзув ашёларининг кўпчилиги қурт-қумурсқаларга ем бўлган. Қадимги қўлёзмаларнинг аксарияти бизгача етиб келмаганлигинининг сабабларидан бири ҳам шунда. Аждодларимиз ўз ёзувларини зарур ҳолларда тош ва қояларга ҳам ёзишган. Сопол тахтачаларга ёзиш кўпроқ Шарққа хос эди. Ёзув ашёси сифатида папирусдан фойдаланиш кенг авж олган даврларда ҳам Шарқ халқлари сопол тахтачаларни истеъмолдан чиқариб ташламаган. Улар баъзи хабар ва ­қайдларни ёзишда ҳамда ҳисобларни юритишда барибир қўл келаверган. Ҳар икки томонига мум суртилган ёғоч тахтачалардан мактаблардаги дарс машғулотларида фойдаланилган. Уларда ўқувчилар машқларни бажаришган. Катталар уни почта қоғози сифатида ишлатишган. Аммо бу ашёлар (сопол, мумли ва тоштахталар)га йирик бадиий асарларни ёзиш қийинчилик туғдирарди. Натижада доимий изланишда бўлган аждодларимиз папирусни кашф этишди.

Қадимги ўзбек китобатчилигида ҳам ўрама қоғоз кенг қўлланиларди. Бундан таш­қари, қўлёзма китоблар дафтар ҳамда бизга яхши маълум бўлган Шарқ қўлёзмалари шаклида тайёрланган. Шарқшунос олим Қосимжон Содиқов олиб борган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, китоб тайёрлашнинг ўрама қоғоз шакли қадимги туркларда, айниқса, моний жа­моаларида шуҳрат топган бўлиб, йирик ­ҳажмли моний ёдгорликлари ана шу усулда китобат қилинган. Ўрама қоғоз усулини буддийлар ҳам, сўғдлар ҳам қўллаган. Бундан маълум бўладики, ушбу китобат тури ҳудудий ўзига хосликка эга бўлиб, Марказий Осиё халқларининг ўзаро маданий алоқалари таъсирида юзага келган.

Дунё маданий тараққиётида Шарқ китобатчилик санъатининг ўзига хос ҳамда бетакрор ўрни бор. Кўҳна Шарқда, хусусан, Ўрта Осиёда китобатчилик соҳасининг шакл­ланиши ва тараққий этиши Шарқ ­дунёсида илк бор айни шу ҳудуд бағрида қоғоз ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганлиги билан узвий боғлиқдир. Манбалардан маълумки, эрамизнинг ИИ асрида Хитойда қоғознинг кашф этилиши ва ишлаб чиқарила бошланиши дунё миқёсида китобатчиликнинг тез суръатлар билан ривожланишига туртки бўлди. Хитойликлар сердаромад соҳа ҳисобланган қоғоз ишлаб чиқаришни қанчалик сир тутмасинлар, ВИИИ асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан, Самарқандда ҳам Хитой қоғози сингари сифатга эга маҳсулот тайёрлана бошланди. Чунки Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш учун керакли бўлган хомаш­ёнинг барча турлари - ипак, пахта, каноп, қамиш, похол, тут новдаси пўсти кўп эди. Шу тариқа Самарқанд қоғозининг довруғи қисқа вақт ичида дунёга таралди.

Самарқанд қоғозининг яратилиши хусусида тарихий манбаларда турлича фикрларни учратиш мумкин. ВИИ асрда ҳали Европада папирус ва пергамент асосий ёзув ашёси сифатида фойдаланилаётган бир вақтда Шарқ мамлакатларида аллақачон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Бу эса Араб халифалигига қарашли барча юртларда, айниқса, ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудида қўлёзма китобларнинг ёйилишига кенг имконият яратди. Дамашқда энг сифатли қоғоз ишлаб чиқарилганлиги, бизгача етиб келган ва илк араб қоғоз китобининг Дамашқ (ўрама) китоби деб номланганлиги тарихий манбаларда далиллар билан асосланган. Баъзи олимларнинг фикрича, Ўрта Осиё ҳудудида, хусусан, Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш Араб халифалигига қадар ҳам мавжуд эди. 1931 йили Муғтепа тоғидан топилган Самарқанд ҳукмдорларига оид ҳужжатлар ҳамда Тупроққалъада қўлга киритилган Хоразм архив материаллари Сўғдиёна, Хоразм ва Бақтриядаги қоғозга ёзилган маҳаллий қўлёзмаларнинг араблар босқинидан авалги даврларга оидлигини асослайди. Баъзи тарихчиларнинг фикрича, самарқандликлар қоғоз ишлаб чиқариш сирларини 751 йили Таласда бўлиб ўтган жангда Зиёд ибн Солиҳ томонидан асирга олинган хитойлик қоғоз усталаридан ўрганишган. Туркиялик тарихчи олим, профессор Карабажек олиб борган тадқиқотларга кўра, қоғознинг эски увада ёки латта-путталардан тайёрланиши самар­қандликларнинг кашфиёти сифатида тал­қин қилинади. Чунки Самарқандда Х асрга қадар, аниқроғи 940 йилгача увададан қоғоз тайёрлаш иши йўлга қўйилган, деб эътироф этилади. Лекин баъзи манбаларда увададан қоғоз тайёрлаш технологияси Хитойда эрамизнинг иккинчи асридан эътиборан мавжуд бўлганлиги ҳақидаги фикрлар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, Х асрнинг охирларига келиб, Самарқанд қоғози ислом мамлакатларида папирус ҳамда пергамент ўрнини тамоман эгаллади.

Ўрта асрларда қоғоз ишлаб чиқариш сердаромад соҳага айланди ва бундан катта фойда олина бошланди. Самарқанд ўз қоғозини халифаликнинг бошқа вилоятларига ҳам сотишни йўлга қўйди. Бу қоғоз турининг Европа бозорига етказиб берилиши у ерда илгари ёзиш учун асосий ашё сифатида ишлатилиб келинган папирус, чарм, пергамент кабиларнинг ўрнини энди қоғоз эгаллашига ва бу эса нафақат Европа, балки бутун дунё маданий тараққиётининг юксалишига сезиларли туртки бўлди.

Самарқанд қоғозини тайёрлаш тахминан уч юз йил давомида сир тутиб келинди. Фақатгина ХИ асрга келиб бу қоғоздан андоза олган ҳолда, дастлаб, Ироқ ва Сурияда қоғоз тайёрлана бошланди. Кейинроқ тарихда «араб кўприги» деб ном олган Миср, Шимолий Африка ва Марокаш ор­қали Испанияга ҳам Самарқанд қоғозини тайёрлаш технологияси етиб келди. ХИИИ аср­га келиб маҳсулот тайёрлаш сирлари бутун Европага ёйилди. Испанияда ХИИ аср бошларида, Италияда 1276 йил, Франтсияда 1348 йил, Олмонияда 1390 йилларда илк қоғоз ишлаб чиқариш корхоналари қурилди. Рус давлатида ХИВ аср ўрталарида қоғоз ишлаб чиқарила бошланди.

Ўрта Осиёни Чор Россияси истило қилгач, бу ерда қоғоз ишлаб чиқариш тўхтатиб қўйилди. Ўрта Осиёда қоғоз Самар­қанддан ташқари Бухоро, Қўқон шаҳарларида ва уларнинг теварак-атрофида жойлашган қишлоқларда ҳам ишлаб чиқарилган. Венгер олими Ҳерман Вамбери Бухорода тайёрланган қоғоз ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Бухорода тайёрланган ёзув қоғозларининг шуҳрати нафақат Туркистонга, балки қўшни давлатларга ҳам таралгандир. Бу қоғозлар ипакдан тайёрланган бўлиб, силлиқлиги ҳамда нозиклиги билан араб ёзуви учун жуда қулай бўлган».

Қоғоз тайёрлаш учун керакли хомашё (эски кўрпа, тўн кабилардан ажратиб олинган увада ва латта)лар ранги бўйича саралаб олинган. Саралашдан мақсад рангли латталар алоҳида ажратилиб, улардан нарсаларни ўраш учун мўлжалланган дағал қоғозларни тайёрлашда фойдаланилган. Саралаб олинган латталар обжувозда икки соат давомида тортилган.

Қоғоз ишлаб чиқарувчи махсус тегирмонларга нисбатан форсча-тожикча сўз ясалишидаги жувози коғоз, оби жувоз, корхонаи коғозбардори терминлари қўлланган. Бундай устахоналарда тортилган латта уни сурпга солиниб, сувда яхшилаб чайилган. Кейин суви сиқиб ташланган. Сўнгра 5 пуд латта талқонига 1 пуд ишқор ва 1/2 пуд оҳактош қўшиб, яна обжувозда бир соат давомида тортилган. Ҳосил бўлган қоришма талқон 10 кун офтобга қўйилган. Бунда қоришма рангсизланган ва қуёш нури таъсирида ёғсизланган. Шундан сўнг қоришма яна обжувозда тортилган, сувда чайилган. Иккинчи бор юқорида кўрсатилган нисбатда ишқор ва оҳактош қўшилиб обжувозда тортилган. Сўнгра қоришма талқон яна 10 кун давомида офтобда сақланиб, яна обжувозга солиб, 15 кун мобайнида тортилган. Шу тариқа қоғоз хом ашёси - хамирсимон бўтқа тайёр бўлган. Тайёр қоғоз бўтқаси сиқилиб, махсус идишларга (қамишдан тўқилган қопга) солиб қўйилган. Айрим ҳолларда қоғозга сарғиш ранг бериш учун қоғоз бўтқасини охирги марта обжувозга солишдан олдин унга тухмак (қоғозга ранг беришда ишлатиладиган воҳаларда ўсадиган сариқ гулли ўсимлик гулидан тайёрланган сариқ ранг) ва ширач (сирач - пиёзгуллиларга мансуб, адир ва тоғларда ўсадиган кўп йиллик ўсимлик илдизи кукунидан тайёрланган ёпишқоқ бўтқа) қўшилган. Қоғозни қуйишда махсус тўрдан ва тут новдасидан тўқилган четандан фойдаланилган. Махсус тўрни тайёрлашда кўпроқ от қили ишлатилган. Қоғоз қуйилишидан олдин четан устига тўр тўшалган ва унинг устига қоғоз бўтқаси бир хил юпқаликда ёйиб чиқилган. Бунда қоғознинг қалинлигига алоҳида эътибор берилган, чунки унинг қанчалик қалин ёхуд юпқа бўлиши ана шу ерда белгилаб олинарди. Бу жараённинг осонроқ кечиши учун қоғоз бўтқаси ёйишдан аввал сувга қориштирилиб олинган. Зарур ҳолатларда қоғоз бўтқаси икки бор ёйилган. Четан устидаги қоғоз бўтқасидан сув тўла томиб бўлганидан кейин қуюқлашган қоғоз латта тўшалган тахтакачга кўчирилган. Тахтакач устига қоғоз ёймаси устма-уст қилиб тахланган. Бунда улар ўртасига латта қўйиш шарт эмасди, чунки анча силқиб қотиб қолган қоғоз ёймалари бир-бирига ёпишмаган. Шу тариқа бир кечада 240 саҳифадан иборат қоғоз бос­тирмаси юкнинг ортиб бориши ҳисобига сувдан тўла халос этилган. Ҳосил бўлган қоғоз варақларига юпқа қилиб буғдой унидан тайёрланган сирач елими сурилган ва қуритиш учун сувалган деворга ёпиштириб қўйилган. Маълум муддатдан кейин қуриган қоғоз варақалари девордан ажратиб олинган ва махсус пичоқ ёрдамида керакли ўлчам бўйича кесиб чиқилган. Сўнгра буғдой унидан тайёрланган оҳорли сирач олдин қоғознинг бир томонига, сўнгра иккинчи томонига суркаб чиқилган. Тайёр бўлган қоғозга ишлов бериш учун улар нок дарахтидан ишланган тахтакачга қўйилиб, тошўқлов ёрдамида пардозланган. Зарур бўлганда охирги жараён икки-уч бор такрорланган. Қоғоз тўлиқ қуриши учун дорга осиб қўйилган. Кўп ҳолларда, қоғознинг янада жилодор бўлиши учун уни етти мартагача пардозлашган.

Қоғозгарлик ХВ-ХВИ асрларда ҳу­нарманд­чиликнинг муайян бир тури сифатида тўлиқ шаклланди. Бу соҳа билан шуғулланувчи ҳунарманд-усталар авлоди вужудга келди. Хусусан, ХВИ асрда самарқанд­лик қоғозгар уста Мир Иброҳимнинг номи жуда машҳур эди. Ҳатто, уста Мир Иброҳим томонидан қоғоз тайёрлашнинг янги бир усули ишлаб чиқилди. Унга кўра тайёрланган қоғознинг ичида бир тангалик доира шаклидаги оппоқ «сув белгиси» бўлган. Ҳар қандай шароитда ҳам қоғозни мана шу белгисига қараб бошқаларидан осонгина ажратиб олиш мумкин эди. Буни ҳозирги тилда айтадиган бўлсак, маҳсулотнинг ўзига хос маркаси сифатида, унинг сохталаштирилишининг олдини олган бир чора деб ҳам қабул қилиш мумкин.

Иброҳимжон Йўлдошев,
Низомий номидаги ТДПУ профессори, филология фанлари доктори

 
Ирқлар ва қон гуруҳлари қандай пайдо бўлган?
15.09.2013 21:14    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

"Ҳамма бир отадан келиб чиққан бўлса ҳар хил ранг ва ирқлар қаердан пайдо бўлган? Аслида бундай саволларни кўпроқ биологиядан яхши хабардор бўлмаган беради. Чунки ҳар бир ота, она, бобо, бувидаги хусусиятлар маълум бир нисбатда фарзандларга ўтишини яхши билади. Бу нисбат "Мендел қонунлари" номи билан машҳур. Аллоҳ таоло қўйган қонунларга кўра, бир шахс тузилиши жиҳатидан эллик фоиз эҳтимол билан онасига, эллик фоиз эҳтимол билан отасига ўхшайди. Кишилардаги бошқа жиҳатларда ҳам шу ёки шунга яқин нисбатни кўриш мумкин. Лекин баъзи жиҳатлар борки, уларнинг бўлиши, ўзини кўрсатиши маълум шартларга боғлиқ. Худди юлдузларнинг кўриниши учун қоронғу тушиши керак бўлганидек. Қуёш уларнинг кўринишига тўсқинлик қилади. Худди шундай баъзи рецессивлик характерлар ҳам доминантлик характерлар остида бўлади. Рецессив характерлар таъсирлардан қутулгандагина ўзини кўрсатади. Бу балки бир неча наслдан кейин амалга ошиши ҳам мумкин.

Ҳозирда мавжуд ирқларнинг ҳаммаси бир отадан келади. Ягона соф ирқ йўқ. Масалан, оқ танли ирққа мансуб бир кишидан қора танли фарзанд туғилиши мумкин.

Баъзилар қора танли ирқнинг тропик минтақаларда зич ультрабинафша нурлар натижасида келиб чиққанини даъво қилишади. Аммо унда Шимолий ва Жанубий Америкада худди шундай нурлар остида ҳаёт кечирадиганлар нима учун қораймаган, деган саволга жавоб тополмайдилар. Сўнги тадқиқотлар тери рангидаги хилма-хиллик ирсий эканини маълум қилмокда.

Ташқи дунёдан узилган, атрофидаги бошқа қабилалар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ қабилани тасаввур қилинг. Бу ердаги генетик хусусият қабила аъзолари ирсий характерларининг йиғиндисига тенг. Маълум дойра ичида чегараланган бундай ерни "ген ҳовузи" деб номлаш мумкин. Бу "ген ҳовузи"даги "рецессивлик" характерлар вақт ўтиши билан чатишиб янги ёки бошқача характерларни ҳосил қилади.

Ўзгарган ген ва ирқ характерларига мана шу жиҳатдан қараш лозим. Илк инсон Ҳазрати Одамнинг (а.с.) генетик тузилишида ҳам жуда фарқли ранг ва ирқ хусусиятлари бўлган. Худди "ген ҳовузи" каби у ҳам ҳар хил характерларни ўзида мужассамлаштирган. Бу характерларнинг барчасини бир пайтда юзага чиқишининг апбатта, иложи йўқ эди. Даврлар ўтиб, баъзи генетик очилишлар натижасида ҳар хил характерлар пайдо бўлди.

Унда Ҳазрати Одам (а.с.) ва Ҳазрати Ҳаввонинг қон гуруҳи бир хил бўлгани ҳолда бугунги тўрт қон гуруҳи қандай келиб чикди, дейиш мумкин.

Бироқ Ҳазрати Одам ва Ҳазрати Ҳаввонинг бир хил қон гуруҳида бўлганлигини ким, қаердан билади? Уларнинг қон гуруҳи ўрганиб чиқилмаган-ку?

Ҳар бир инсонда характер бир жуфт ген, яъни, икки ген томонидан назорат қилинади. Бу генларнинг бири онадан, иккинчиси эса отадан ўтади.

Қон гуруҳини А, В ва О генлар ташкил этади. Ҳар бир кишида бу генлар АА, АО, ВВ, ВО ва 00 шаклида учраши мумкин. Бу генлардан О гени А ва В генларига нисбатан рецессив тузилишга эга. Шу сабабли АА генлари А қон гуруҳини берганидек, АО генлари ҳам А қон гуруҳини беради. Худци шу шаклда ВВ ва ВО генлари В, АВ генлари АВ ва 00 генлари О қон гуруҳини ташкил этади. Бошқачароқ тушунтирадиган бўлсак, А қон гуруҳига мансуб кишидаги қон гуруҳини АА ёки АО генлари белгилайди.

Ҳазрати Одамда АО ва Ҳазрати Ҳаввода ВО генлари бўлганида қуйидаги ҳолат ҳосил бўларди:

ОТА ва ОНА :    АО О х ВО О
ГАМЕТА3 лар :    АО    ВО
ГЕНЕТИК ТУЗИЛИШ : АВ АО ВО ОО ҚОН ГУРУҲЛАРИ : АВ А ВО

Вужудимизни қоплаб олган жонли ғилофнинг бармоқ учларидаги қисмларига шундай нақшлар ишланганки, натижада ҳеч қайси инсоннинг бармоқ изи бошқаларникига ўхшамайди. Буни ҳар нарсага қодир, яратувчи Зот дан бошқа ким қилиши мумкин?

Шунингдек, мукаммал вужудимиз мана шундай гўзал шаклда ранг ва териларга ўралибгина қолмасдан, ҳар биримизнинг юзимизга шахсиятимизнинг белгиси сифатида чиройли сурат ишланган. Барча инсонларда тана тузилишининг бир хил бўлиши, ҳамманинг бир Қудрат қўли томонидан яратилганини ва унинг тасарруфида эканини, яъни Аллоҳнинг Вахдониятини кўрсатгани каби, ҳар бир инсоннинг юзига алоҳида сурат, алоҳида ранг ва гўзаллик берилиши ўз навбатида Буюк Яратувчининг ҳар биримизга берган алоҳида ва хусусий бир эҳсонини ифодалайди ва Унинг Қудратига ишора қилади.

 
Бунёдкор Бобур боғлари
21.07.2014 07:02    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Мовароуннаҳр ва Хуросонда маданият, адабиёт, халқ хўжалиги соҳаларининг турли тармоқларида Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари олиб борган оламшумул ободончиликларни жуда кўп гапирамиз. Бобокалонимизнинг фармо­йишлари билан қурилган муҳташам биною мадрасалар, карвон йўлларию катта-катта кўприклар, маданий-маиший обидалар ҳамда кўплаб шаҳарларда ул зотдан ёдгорлик бўлиб қолган боғу роғлар ҳақида адибларимиз, салоҳиятли ёзувчию олимларимиз ўз асарларида ҳикоя қилганлар.

Соҳибқирон ҳазратларининг бунёдкорлик йўлида қилган ишлари унинг авлодларига анъана бўлиб қолди. Бу анъанадан буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам четда қолмаган. Бобур вафотидан кейин қарийб беш аср вақт ўтишига қарамай, Бобуршоҳ ҳазратлари ва унинг авлодларидан қолган тарихий ва маданий мерос ҳанузгача жаҳон халқларини ҳайратга солиб келмоқда.

Бобур ҳазратларининг қадамлари етган жойда, албатта, битта из қолган. Шулардан бири Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида бунёд этилган ажойиб, таровати бетакрор боғ - «Боғи Бобур»дир.

Бобур Кобулга қадам ранжида қилар экан, бу ернинг об-ҳавоси, иқлими, бепоён яйловлари, шифобахш сувлари ул зотни ҳайратда қолдиргани «Бобурнома» асарида такрор-такрор қайд қилинган. Мазкур боғдаги етти иқлимдан келтирилган анвойи гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар ҳанузгача пойтахт шаҳарнинг кўрки бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги кунда «Боғи Бобур» сайилгоҳ бўлиб, давлат, жамоатчилик томонидан ўтказиладиган оммавий анжуманлар марказига айланган. Бобуршоҳ ҳаётлик даврида «Боғи Истолиб», «Боғи Наврўзий», «Бўстонсарой», «Чорбоғ», «Боғи Беҳиштий», «Боғи Нур», «Боғи Хилват» каби ажойиб, бетакрор боғларни бунёд этган. Шуниси ажабланарлики, Кобулнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, бу боғларда анвойи гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар қисман такрорланган бўлса-да, аммо айрим жиҳатлари билан кескин фарқ қилган. Яъни, боғларнинг бири аксарият мевали дарахт­лардан ташкил топса, бошқаси анвойи гуллар билан безатилган. Шунингдек, бу боғларга Мовароуннаҳрдан Қуванинг туятиш анори, Бахмалнинг қирмизи олмаси, Конибодомнинг обиноввот ўриги, Олтиариқнинг ҳусайни узуми, Самарқанднинг анжири келтириб ўтқазилган. Бундай боғларнинг жумласига «Боғи Шаҳраро» (кейинчалик бу боғнинг номи бобурийзода Нуриддин Жаҳонгиршоҳ (1605-1625 й.) томонидан «Боғу илму Ганжа» - Ганж илми боғи деб ўзгартирилган), «Боғи Жиловхона», «Ўртабоғ», «Боғи Суръат», «Боғи Моҳтоб»ларни мисол келтиришимиз мумкин. Афсуски, бу боғларнинг аксарияти ҳозирги кунда ёзма манбалардагина қолган.

«Боғи Бобур»нинг тоғ ён бағрига туташган шарқ тарафида, ул зотнинг фармонига мувофиқ, 1508 йилда «Тахти Бобур» кўшки қурилган бўлиб, у ердаги тарошланган тошларга қуйидаги жумла ўйиб ёзилган: «Тахтгоҳи олампаноҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибни Умаршайх Кўрагон ҳалладуллойи мулки фис сана 887 ҳижрий» (Мазмуни: Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибни Умаршайх Кўрагон олампаноҳ тахти мулки санаси 887 ҳижрий йил).

Бундан ташқари, Кобулдаги «Балоисор» қасри ҳам Бобуршоҳ томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик унинг ўғли Мирзо Комрон томонидан таъмирланган, ҳозирги кунгача унинг харобалари етиб келган, холос. Валиаҳд шаҳзода Мирзо Ҳумоюн Насриддин 1508 йилда ана шу қасрда таваллуд топганлиги тарихий ҳужжатларда қайд этилган. Жалолобод шаҳри ҳам шахсан Бобуршоҳнинг ташаббуси билан «Боғи Сафо» билан безатилган. Бобуршоҳ 1508 йилда валиъаҳд фарзанд туғилиши шарафига Одинапур шаҳрида «Боғи Вафо» деб номланган боғни бунёд қилганлар. Бу боғдаги гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар, асосан, Моварауннаҳрдан келтирилган бўлиб, ул зот бу ҳақда «она юртимни эслатиб турсин деб ният қилдим» деган эканлар. Бобуршоҳ ҳар галги сафари олдидан ана шу боғда зиёфатлар, ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик юзасидан машваратлар ўтказган. Бобуршоҳ 1506 йилда Кандахор шаҳрида «Чорбоғи Кандаҳори», ундан сўнг шу манзилда «Боғи Чорбоғ» боғини бунёд қилганлар. Бу боғ Арганбоб дарёсининг қирғоғида жойлашган бўлиб, ҳанузгача гўзаллиги, таровати билан барчани ўзига маҳлиё қилиб келади.

Кандаҳор шаҳрида саксонта сангтарош тўққиз йил тошларга ишлов бериб, «Қирқ зина» ансамблини барпо этган. Бу тошларга Бобуршоҳ ва унинг зурриёдлари Мирзо Ҳумоюн, Мирзо Комрон, Мирзо Аскарий, Мирзо Ҳиндолларнинг исмлари ўйиб ёзилган. 1542 йили Акбаршоҳ таваллуд топиши билан, Мирзо Ҳумоюннинг амрига мувофиқ, унинг исми ҳам қўшиб ўйдирилган.

1598 йилда Акбаршоҳ бу тошларга қўшимча равишда ўз фарзандларининг исмларини ёздирган.

Бобур Кобулда умргузаронлик қилган давр шаҳарнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этган. Афғонистоннинг атоқли олими Устод Али Аҳмади Кўҳзод «Балоисори Кобул ва унинг тарихий оқимлари» номли тарихий асарида Бобур ва Кобул шаҳри тўғрисида қуйидаги жумлани келтиради: «Кобулда Бобурнинг эзгу-ниятлари амалга ошди ва Кобулга меҳр-муҳаббати тушди, шу нуқтаи-назардан бу масканни обод, кўркам бўлишига ҳеч қандай меҳнат ва маблағларни аямади. Шунинг учун пойтахтни ва ўз қўли билан яратган боғни ҳеч қайси бир фарзандига мерос сифатида қолдирмади, шаҳар ва боғ абадий унинг тасарруфида эканлигини такрор-такрор таъкидлаб кетди».

Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида Бобур вафотидан олдин фарзандларига ўз ҳокини Кобулда, ўзи яратган боғда дафн этишни васият қилди. Бу унинг Кобулга бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббатини исботловчи далилларидан биридир. Бобуршоҳнинг жасадини валиаҳд амирзода Мирзо Ҳумоюн филлар карвонида Кобулга келтириб, ўзи васият қилган боққа дафн қилди. Мовароуннаҳрлик меъморлар Бобур қабрига сағана, устига кўшк айвон бунёд этишди. Мирзо Ҳумоюн Кобул дарёсидан боққа сув келтириш иншоотларини қурдириб, олампаноҳ ҳоки дафн этилган тепаликка сув чиқарди ва боғдаги дарахт, гулларни ўз оқими билан суғорилишига имкон яратди.

Бобур боғи ўз номи билан шу кунгача жаҳонга машҳур. Бобурнинг қабри бир неча марта таъмирланган. Биринчи даъфа Шоҳ Жаҳон буюк боболари дафн этилган сағана ва масжидни, боғни қайтадан таъмирлаб, сайёҳлар зиёрат қиладиган масканга айлантирган.

Дунёнинг барча қитъаларидан бу табаррук қадамжога ташриф буюрган давлат раҳбарлари, олиму фузалолар, оддий саёҳлар ушбу даргоҳни зиёрат қилмасдан, донишманд олим, султон Заҳириддин Муҳаммад Бобурга таъзим бажо этмасдан кетмайдилар.

Бобурнинг бунёдкорлик фаолияти ҳам ҳудди Соҳибқирон Амир Темур каби фарзандларга меърос бўлиб қолди.

Асрлардан бери бутун жаҳон аҳлини лол қолдириб келаётган Лал Қалъадаги Тож Маҳал ёдгорлиги Шоҳ Жаҳон даврида қурилган бўлиб, бунга 28 йил Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг энг атоқли минглаб уста-меъморларининг хизматлари сингган. Ушбу бинода барча мақсадларга мўлжалланган қурилмалар бўлиб, унинг ичидаги ҳаммом алоҳида ўринни эгаллайди. ўаройиб томони шундаки, ҳаммом битта шам билан иситилган. Олимлар бу сирни очиш учун кўп йиллар мобайнида таҳлил ўтказиб, ҳаммом қозонхонасининг тепа қисми, атрофи, деворлари симметрик равишда бўлган ёруғликни ўзига қабул қилиб, уни иссиқлик энергиясига айлантириб берадиган кучли қувватга эга бўлган ойнаванд линза мосламаларидан ташкил топганлигини, линзаларнинг жойлаштирилишидаги мутаносиблик ҳатто бир миллиметрга ҳам фарқ қилмаслигини аниқлаганлар. Ўруғлик тўққиз карра бўйича синиб тушиб, геометрик прогрессия шаклида тўққиз марта тўққиз карра тўққизга кўпайтириш қувватига эга бўлган, битта шамнинг ёруғлиги натижасида 80-1000 С иссиқлик даражасини берган.

Инглизлар Ҳиндистонни истило қилган даврларда бу сирни очиш мақсадида ушбу ойналарни ва ғиштларни алоҳида-алоҳида ажратиб олганлар, натижада қайта жойига қўйилганда иситиш қуввати йўқолган ва ўз холига қайтмаган.

Бобурийлар замонида Лал Қалъада подшоҳлар оиласи таом ейдиган махсус ошхона бўлган. Таом тайёрлаш, дастурхонга тортиш ва истеъмол қилиш ўзига хос усулда амалга оширилганлиги ҳақида ҳам ажойиб маълуомтлар бор. Бобуршоҳ ҳазратлари ва ул зотнинг зурриёдлари ҳиндларнинг урф-одатларига эҳтиром билан қараган ҳолда, маҳаллий халқ учун муқаддас бўлган қорамол гўшти ва бошқа ибодатга киритилган ўсимликлардан таом тайёрлашни таъқиқлаганлар, бу эса бобурийзодаларга нисбатан ҳинд халқининг ҳурматини оширган.

Таомни форсийзабон ошпаз қизу аёллар пиширган, дас­турхонга тортиш вазифаси ҳинд қизларига топширилган. Подшоҳ оиласи дастурхонидаги ҳар бир таомларни олдин туркий қизлар татиб кўрган. Бу билан Бобуршоҳ ўз тасарруфидаги барча миллатларга ҳурмат-эҳтиромини билдирган. Бу ҳислат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларидан авлодларига мерос сифатида ўтиб келганлигини сарой ёзувчилари бир неча бор ўз асарларида таъкидлаб ўтганлар.

Абдулло Олим,
“Маърифат” газетасидан олинди

 
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Аъмолимиз ёинки муродимиз (1913)
13.03.2014 23:41    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

АЪМОЛИМИЗ ЁИНКИ МУРОДИМИЗ

Маълумдурки, дунёда ҳар ким умид ва аъмол ила яшайдур. Кеча-кундуз меҳнат ва машаққат тортмоқ оянда учундур. Ҳар ким ўз ояндасини яхшиликка ҳаракат этар ва келар замонда ўз орзуси ва ҳавасиға етмоқ учун ҳеч дам олмасдан ҳол қадаринча ҳаракатдадур. Тириклик кулфати ва меҳнати асносинда ҳар ким ўз ояндаси ва истиқболиға бир нав яхши умид ила қараб ва ўзиға бир муддао қарор бериб ва ўшал муддао ва ёинки муродин ҳосил қилмоқ учун қўшиш этиб, ҳар кун чекатурган кулфатини ўшал муддаосини ҳосил қилдирмоқ учун ўзига олмай яна зиёдароқ интиладур. Ва баъзан ўшал муроду муддаосини, гўё ҳосил бўлди, деб роҳатланиб ўзиға тасалли берадур. Ва ҳеч аҳади ушбу муддаоу муродни орқасидан югурмоқдан холи эмас. Ана шул муддао ва муродларни илми ислоҳ ила аъмол дерлар.

Энди аъмолимизға диққат қилмоқ керак. Аксар халқимизни аъмоли шулки, ишласа ва фойда қилса. Шоядки, ўғил ва қизини тўй қилса ва ҳам қандай! Ўз қаториндаги одамларни қилган тўйидан зиёдароқ!

Бечора косибни аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға  ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечорани аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Яна Аҳмад порина ҳавли ва хона гирад. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур. Бир косибни ақду никоҳиға, тўю обрўсиға минг сўм. Бир ўртаҳол учун 2000 ё 3000 сўм. Нимбой учун тўрт-беш минг сўм керак. Бу сўмларни юздан етмиш беши ейилиб-ичилиб... кетар.

Бу сўмлар аслинда кимники эди? Бонка, фирма, фойдахўрники. Табиий, буларға пулларини бермоқ лозим, на берилур? Боғу хона ва уйи ичиндаги асбобни сотиб бермоқ керак. Бечора келин ва куёвни кўрпа ва либосиғача сотилур, қарзхоҳға берилур. Нимбойлар синар. Тириклигинда бўлмаса, ўлганда синар. Аҳлу аёли дарбадар бўлур. Ой, бу нима? Тўғриси, бир нав девоналик эмасми? Субҳоноллоҳ, қарз олиб халқға ош бермоқ ақлсизлик эмасми? Ҳамда иллати бедавосидур.

Ҳар киши бир уйланса ва сўнгра оиласидан бир ўлук кўмса, оллоҳи акбар. У хона аҳли косиб бўлса, бу дунёға ўзиға келмасдан кетар. Ҳоло, баъзи бечора ўлса, ани бой қариндошлари, обрў қилурмиз, деб сағир молини халқға эллар ила йиртиш, палов қилиб берар. Бечора сағирлар нонини бой кишилар қўлтуғига олиб кетар. «Ло такулуъ амволил ятима. Кулуъ ва ишрабу ва ло тасрафу»[1], қанда қолди?..

Эй мусулмонлар, бу ояту масъалаи шаръиға ким амал қилур? Ва муни халойиқға ким билдурар? Ҳар кун бир мусулмонни нимарсалари бозорға дини учун... сотилур. Ва ҳар кун судда нақадар ҳовли, хона, боғ сотилур. Ҳар кун нақадар векселлар «протест», нақадар дўкон, корхона ҳажз (печать) бўлур. Бу ниманинг жазоси? Тўй, маърака, Тазия, кўпкари, базм. Бир маҳаллада аҳли савод йигирмадан бир йўқ. Имони исломни далиллари ила билатурғонларни нари қўйдук. Эрта қозилар барҳам бўлса, замонча қози бўлатурғон биргина киши бутун ўн милйўн Туркистонда йўқ... Йўқ, яна йўқ.

Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами соғ? Албатта... Биз тўй ва маърака хаёлидан лаззат олардук. Тўю маъракамиз ила фахр қилар эдук. Тўю маъракага сарф қилинатурғон оқчани жамламоқ иа ё қўлға киргузмоқ учун ҳаракат этардук. Агарда тўй ва маъракаға қадимгидек оқча тўкмасак, ул оқчани на қилмоқ керак? Мунга жавоб берилурки, тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила болаларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун. Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болаларни ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун.

Бизни Туркистонда муаллим оздурки, тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқча ила Кафказ, Қирим, Урунбург ва Қозонға усули таълим ўрганмоқ учун бола юбормоқ керакдур. Ҳукумат мактаблариға кирмоқ учун русча билмоқ ва имтиҳон бермоқ лозим. Ва бу имтиҳонни бермоқ учун ҳар болани икки сана русча ўқутуб, тарбият этмоқ керак. Ва бул икки сана учун ҳар бир болаға 600 сўм ақча керакдур. Ақчалик оталар, албатта, тўй ва маъракага қизғонмаганларидек, болани ўқутишға ҳам қизғонмасалар керакдур. Болалар учун тарбиятхона (пансиён) очмоқ керак. Ва бу тарбиятхоналар замонча ва ҳам миллий ва диний руҳда бўлиши керакдур. Бу тарбиятхоналарни очмоқ учун ва ҳукумат мактаблариға бола тайёр қилмоқ учун нашри маориф ёинки жамияти хайрия ва ёинки тарбияти атфол жамияти ва ё ўзга исм ила, хулоса, жамиятлар керакдур. Токи бул жамият(лар) халқдан оқча жамлаб миллат болаларини ўқутиш ва миллатни ояндаси учун керак бўлатурғон қози, яъни судья, закунчи, яъни ҳуқуқшунос, инжинер, яъни муҳандис, муаллим, яъни замона мактабдори, миллатни ҳомийси ва ходими, яъни Давлат Думасиға депутат, миллий саноатхоналаримизни ислоҳ ва иҳё этгувчи, яъни техник, тижоратхона ва бонкаларда бизға ёрдам бергувчи, яъни тижорат илмини ўқуғон коммирсант, шаҳар думахоналариға ва минбаъд Туркистонда очилатурғон земства идораларинда бизни тарафдан кириб ва сайланиб, биз учун, ватани Рус учун, дин, мубаййини ислом учун, зауфо учун, фуқаро учун ишлайдурғон одамларни етушдурмоқ керакдур.

Ҳозирги мўйсафидларимиз турсун, ўрта ёшлар яқинда ўлиб кетар, замона ҳар куни янгилашур. Янги илм ва янги фикрлик ва фунуни замонияни дарбар қилган одамларни талаб қилур. Букундан бошлаб, ҳар шаҳардан ҳар сана ўн-йигирмалаб ҳукумат мактабларинда бола берилса, ўнбеш сана сўнгра ҳар шаҳарда 4—5 замона одами тайёр бўлур ва ҳукумат мансаблариға, замона доиралариға, тижорат ва саноатхоналаринда кириб, бизларға манфаат еткурар. Келар замон бошқадур. Ҳатто, ҳозирда иккимиз урушсак, яҳудий ва ажнабий закунчилариға борурмиз. Бошимиз оғриса, ажнабий дўқтуриға борурмиз. Сабаб надурки, ўзимиз ўқуб замоний одам бўлмаймиз? Ана энди биз учун тўй ва маърака ва кўпкари ўрнинда шул юқоридаги айтулғон ишлар аъмол — идеал — мурод — тилак — муддао бўлсун. Вало, мун(и)сиз биз кундан кун йўқ ва забун бўлармиз.

«Ойина» журнали, 1913 йил, 6—7-сонлар, 130—132, 154—156-бетлар.



[1] Таржимаси: «Етимнинг молини еманглар. Енглар, ичинглар, исроф қилманглар».

 
Соҳибқирони акбар
15.09.2013 20:44    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail
«Темур Кўрагон... агарчи назм  айтмоққа илтифот
қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб
маҳал ва мавқеда ўқубдурларким, анингдек бир
байт ўқуғони минг байт айтқонча бор...”
Мир Алишер Навоий

Қуёш нури кирмаган хонадон, унинг нуридан баҳраманд бўлмаган инсон йўқтур бу ёруғ жаҳонда. Қуёш тун ҳукмидаги титроқ табиатни авайлаб уйғотади. Дардларига малҳам беради. Таъбир жоиз бўлса, оқиллик ва адолат билан юрт сўраган ҳукмдорларни қуёшга қиёслаш мумкин. Мамлакатда мавжуд барча соҳалар ҳукмдорнинг меҳр нури билан йўғрилсагина бу юрт доруломон бўлажак. Тарихда жаҳонгирлар кўп ўтган, ҳукмдорлар унданда кўп. Аммо уларнинг саноқлиси бундай фазилат эгаси бўлган. Не шодким, Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдар шундай мартабадаги улуғ ҳукмдор эдилар. Тарих шоҳиддур: ҳеч бир соҳа йўқки, Соҳибқирони акбарнинг меҳрларидан бебаҳра қолса. Туркий тил ва адабиёт шулар жумласидандир.
Тилимиз ва адабиётимизни янада юксак чўққиларга кўтара олган, темурий шаҳзодаларнинг замондоши ва сафдоши Мир Алишер Навоий ҳазратлари Темур Кўрагоннинг муборак номларини «Мажолисун нафоис»нинг еттинчи мажлисида бежиз тилга олмаганлар. Ҳақиқат шулки, муаззам иморат қурмоқ учун мустаҳкам пойдевор зарурдир. Туркий тил ва адабиётнинг муаззам биноси пойдеворининг мустаҳкам бўлишида Соҳибқирони акбарнинг хизматлари улуғдир. Гарчи Соҳибқиронга қадар ҳам аҳли илм ва аҳли шуаро томонидан туркий тил ва адабиёти равнақи учун кўп ҳаракатлар қилинган, чунончи, олимлар тил хусусинда илмий асарлар, шоирлар эса бу тилда гўзал шеърлар ёзган бўлсалар-да, бу ҳаракат айниқса чингизийлар босқинидан сўнг сустлашгани, «туркий тилда давлат юритмак ёки шеър айтмак дуруст эмасдур», деган хато тушунчанинг ҳукм сура бошлагани тарихдан маълумдир. Соҳибқирон Амир Темур замони бу бемаъни тушунчага барҳам берди. Бу хусусда Мир Алишер Навоий ҳазратлари «Муҳокаматул-луғатайн»да айтурларким: «Темур Кўрағон замонидин фарзанди халафи Шоҳруҳ султон замонининг охириғача турк тили била шуаро пайдо бўлдилар. Ва ул ҳазратнинг авлод ва аҳфодидин ҳам хуштабъ салотине зуҳурға келди: шуаро Саккокий ва Ҳайдар Хоразмий ва Атоий ва Муқимий ва Яқиний ва Амирий ва Гадоийдеклар. Ва форсий мазкур бўлғон шуаро муқобаласида мавлоно Лутфийдин ўзгаким, бир неча матлаълари борким, табъ аҳли қошида ўқиса бўлур. Ул жумладин бири будурким:
Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали
Кўзгудек қилди сени ўзини шайдо қилғали».
Ҳазрат Соҳибқирони акбарнинг тил ва адабиёт ривожига бефарқ қарамасликларида жон бордир. Яъниким,  болаликданоқ хуштаъб бўлган Амир Темур ҳазратларининг ҳарб санъати билан бир қаторда илмга, адабиётга рағбатлари юксак эди. Ҳофизалари ҳам ўткир эдиким, Қуръони Каримни уч йилда тўла ёд олганлар. Ҳам ўнг қўлда, ҳам чап қўлда бирдай хат ёза оладиган боланинг зеҳнидан ажабланган устози мулла Алийбек «Бу ўғлунгнинг хуш ҳофизаси, икки қўллаб хат ёзиши қизиқ. Ривоятларга кўра, икки қўллаб хат ёзғон киши дунёга кун чиқардан кун ботарга қадар ҳоким ва фармонраво бўлар, инша Аллоҳ!»- демиш эканлар.
Ҳазрат Соҳибқирон болаликларида бир неча устоздан сабоқ олганлар. Сабоқ бериш маълум нуқтага етгач, устозлар Темурнинг зеҳни олдида ожизликларини англаб, улуғроқ устозларга йўллаганлар. Устоз Абдуллоҳ Қутб номаси билан устоз Амир Кулолга учрашганларида ажиб бир суҳбат содир бўлганини ровийлар ҳикоя қиладилар. Устоз ҳузурларидаги мажлис аҳлиға сўзларини айтиб бўлганларидан сўнг номани ўқиб, Темурни яқинларига чорлабдилар:
«Кел, йигитча, ёнимға ўлтур,-дебдилар устоз,-Сени яқиндан яхшироқ кўрай. Мен отангнинг исмини эшитганман, аммо ўзини кўрганим йўқ. Абдуллоҳ Қутб ёзибдики, сен ҳофизи Қуръон эмишсан ва яна донғи чиқғон араб, ажам шуаросининг шеърларини ўқур эмишсан?»
«Воқеан шундай, устоз ҳазрат»,-дебдилар бўлажак жаҳонгир.
«Аҳсанта! У ҳолда сен Ашъининг шеърларини ҳам билурмисан?»-деб сўрабдилар устоз.
«Билурман, устоз ҳазрат, аммо шеърларини суюб ўқимасман.»
«Ажаб!? Нечун ўқимассан?»
«У зотнинг шеърлари аксари ғазал ва ташбиҳдир. Мен ташбиҳ шеърларидан нафрат қилурман.»
«Сен бир фозил йигит бўла туриб ташбиҳ ғазаллардан нафрат қилишинг қизиқ. Ташбиҳ шеър шуаро урфони асрорлариға бир василадир. Қош, кўз, хол, май, маъшуқ каби истилоҳатларни билмак урафоларға хос бўлуб, бу сулукдан ташқаридаги кишилар бундаги рамузотларға маҳрами роз бўлмаслар.»
Амир Кулол шундай дегач, Ашъи ғазалларидан бирини ўқибдилар. Темур эса ўшал заҳоти ўн байтни ёддан айтиб берибди. Шунда мажлис аҳлидан бир киши туриб: «Эҳтимол Ашъининг мазкур ғазалини бу йигитча аввалроқ ёд олгандир. Мен унга янги шеъримни ўқиб берайин, бир дафъа ўқиғонимда қайтиб ўқиб бера олса, воқеан хориқул одат ёд олиш қобилиятига эга бўлган бўлур»,-деб шеърини ўқибди. Етти байтлик шеърни Темур ёддан қайтариб айтгач, Амир Кулол қўлларини унинг бошига қўйганлари ҳолда дебдиларким:
«Мен бу йигитнинг пешонасида улуғворлик кўрамен. Бу йигит бир мақомға етгайки, мундан илгари ҳеч кишиға муяссар бўлмағон бўлғай. Мен каби яшаган одамга бу йигитнинг сутуват ва азаматини кўрушлик имкони бўлмаса ҳам, аҳли мажлисдан тирик қолғонларидин Темур номли йигитнинг оламгирлигини кўрган ва эшитганлари бўлғай, инша Аллоҳ!»
Шу сўзларни айтгач, Амир Кулол ходимига буюриб, бир табоқда етти кулча олдиртириб келиб, кулчаларни Темурга узатиб яна дебдиларким:
«Кешга борғонингда ушбу тўқочларни ҳар биридан бир тишламдан еб, қолғонини сақлаб қўйғил, келажакда дунёнинг етти иқлими сеники бўлғай, инша Аллоҳ!»
Амир Темур зиммасида улуғ бир вазифа мавжуд эди. Бир пайтлар гуллаб-яшнаган, илм ва маданиятда дунёнинг сарварларидан бўлган, чингизийларнинг босқинидан сўнг эса барча соҳаларда таназзулга юз тутган мамлакат қаддини расо айлашдай машаққатли аммо шарафли вазифани Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдар бажардилар. Ҳазрат Соҳибқирон мамлакат фақат қиличга эмас, балки илмга суянилган ҳолда бошқарилиши лозимлигини англаб иш юритганлар.
Ҳазрат Амир Темур Кўрагон йигитлик даврининг иқтизосига кўра от чопмоқ, ўқ отмоқ, қилич ва найза урмоқ ва кураш тушмоққа ҳарис бўлсалар-да, илм таҳсилидан ғофил турмаганлар. Ўшал онларда мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавий», шайх Маҳмуд Шабустарийнинг «Гулшани роз» асарларини мутолаа қилганлар. «Маснавий»ни ўқиғон онларида ёзғувчиси билан фикран баҳс юритар эдилар, сабабки, ундаги айрим баёнларни тўғри деб топмас эдилар. «Гулшани роз»ни ўқиш эса лаззат бағишлар эди. Ровийлар дерларким, бу китобни ўқиғонларидин сўнг орадан кўп йиллар ўтуб, Озарбайжонга мусаллат бўлғонларида Маҳмуд Шабустарий китоби қолдирган таъсирга эҳтироман Шабустар шаҳри аҳлиға риоят қилдилар. Ҳазрат Амир Темур лашкари Шабустарга кириб борганида аҳоли қочиб кетган эди. Ҳазрат Соҳибқирон «Шабустар аҳолисининг моли-жони омондур», деб жар солдирдилар. Шаҳар аҳли Темур Кўрагоннинг ёлғон сўзламаслигига эътиқоди бор учун жойларига қайтдилар. Ҳазрат Соҳибқирон амри билан ҳар бир эр-хотунга беш мисқолдан, жаъми ўн саккиз минг беш юзу беш мисқол олтин улашилди. Вақтики «Гулшани роз» асарини ўқиган чоқларида Ҳазрат Соҳибқиронга яширин ҳикматлар таслим бўлган, ана шу боис улуғ аллома дунёга келган шаҳар аҳли Амир Темур мурувватига етишган эди.
Муаррихлар ёзарларким, Ҳазрат Соҳибқирони акбар болалик чоқларидан то сўнгги нафасларигача донишманд уламо, шуаро, аҳли санъат, ҳунармандларга озор еткурмаганлар. Ҳар вақт бир мустаҳкам шаҳарни жанг билан тасарруф қилсалар-да, аҳли илм, аҳли ҳунарни ўлумдан сақламакка амр берар эдилар. Бирор ғалат билан бу одамларга азият етиб қолмаслиги учун шахсан ўзлари муроқабада бўлур эдилар. Бу одамлар ҳаттоки кофир бўлсалар-да, Ҳазрат Соҳибқироннинг мурувватларидан баҳра олар эдилар.
Ровийлар дерларким, Амир Темур Кўрагон Шерозга доҳил бўлганларида уламолар билан мажлис барпо қилмасларидан бурун Шамсуддин Муҳаммадни олиб келишни буюрдилар. Бир оз фурстадан сўнг қари, бели дол қарияни бошлаб келдилар.
-Шамсуддин Муҳаммад Шерозий сиз бўлурмисиз?- деб сўрадилар Соҳибқирон лутф ила.
-Бале, ўшал мендурман,-дедилар Ҳофиз.
-Мен сизни бир кўрмакни, шунинг баробаринда баҳс юритмакни иҳтиёр эттим,-дедилар Соҳибқирон ва давом  қилдилар:- Сиз ғазалларингизнинг бирида айтибсизки:
Худоро, мухтасиб, моро бо овози дафу най бахш,
Ки сози шаръ з-ин афсона беқонун наҳоҳад шуд.
-Бале, эй амири фотиҳ, мен бу шеърни айтган эрдим.
-Сиз бу шеърингизнинг динга иҳонат келтуришини билурмисиз? Мен бу байтда куфрни кўрмакдамен.
-Эй амири фотиҳ, менинг қасдим иҳонат эмас, бу байтдаги афсонадан муродим - даф ва найнинг овози эди. Даф ва най овози аҳамиятсиз нарсадурки, диннинг арконларига ҳеч қандай тазалзул келтиролмас, демакчиман, халос.
-Аҳли авом бу фикрингизни уқмас. Сиз унда динга иҳонат қилгансиз. Ўзга фикрга ўрун йўқтур. Сиз дебсизки:
Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро
Ба ҳоли ҳиндуяш баҳшам Самарқанду Бухороро.
-Бале, шундоқ,-дедилар Ҳофиз итоат ила.
-Мен бу кентларни обод қилмоққа саъй-ҳаракат қилғоним ҳолда, сизнинг осонгина, биргина хол учун ҳадя этуб юбормоғингиз ажаб ҳолдур.
-Эй амири фотиҳ, сиз - подшосиз. Мен эрсам шоирманки, қалбим  ғоят кенгдир.Кўнглум ром этилур экан, икки шаҳар эмас, дунёни инъом этгумки, шу боис ҳам кўруб турганингиз - фақирдурмен. Ҳотамтойлигим мени шу куйга солди.
-Дуруст. Сиз ўз ашъорингизда ёдлаган Самарқанду  Бухорони кўрушга майлингиз борми?
-Эй амири фотиҳ, йигитлик чоғимда Самарқанд ва Бухорони кўрушлик орзусида бўлур эдим. Эмди қаридим. Сафарга чиқсам, мақсадга етолмай ўлуб қолишим мумкин. Етиб борғоч ҳам юртим Шерозни кўролмай қолмоғим эҳтимоли бор.
-Эй Шамсуддин Муҳаммад, сиз Шероздан бошқа жойни кўрмаганингиз учун тасаввур қиласизки, Шероздан гўзалроқ жой дунёда йўқ деб. Сизнинг Шерозингиз менинг Самарқандимга қараганда кичик, аҳамиятсиздир. Самарқанд илгаридан тортиб дунёнинг гўзал шаҳарларидан эди. Сизнинг Шерозингизда биргина каттароқ жомеъ, олтитагина масжид воқе бўлса, Самарқандда икки юздан зиёдроқ жомеъ масжиди мавжуддир.
Шамсуддин Муҳаммад Самарқандга бормоққа ризолик бермадилар. Бу одам зикр этилмиш байт туфайли Амир Темур назарларида муртад кўринишида бўлса-да, унинг аҳволини фақирликдан чиқариб, фаровон ҳаёт кечурмаклари учун бир минг динор тилла бердилар.  
Амир Темур Кўрагоннинг улуғ фазилатларидан бири - Тангри раҳматига етган фозиллар хотирасини ҳамиша шарафлаганлар. Туркистон шаҳрида қад ростлаб турган Аҳмад Яссавий мақбаралари фикримиз далилидур. Бу мақбара ҳазрат Соҳибқирон амри билан қад ростлаган.
Муаррихлар дерларким: Амир Темурнинг Хуросонга келишида уч нуқта бор эди. Бири - Нишопур тасарруфи, иккинчиси - Сабзавор тасарруфи, учинчиси эса Бушравия шаҳрини кўрмак эди. Бушравия халқининг аҳли илмлардан эканликлари, донишмандлари ҳам пешона тери тўкуб маош ўткузиши каби таърифларни ҳазрат Соҳибқирон эшитиб эдилар. Темур Кўрагон Тус шаҳрида икки ҳафтани ўткуздилар. Шунда ёшликларидан тортиб шеърларини ўқуб юрган Фирдавсийнинг Тусда дафн этилганлари хотиралариға келди. Унинг вафотида рофъазийлик шуҳрати борлиги учун мусулмонларнинг қабристониға кўмдуришмаганмиш, деб эшитиб эдилар. Бу сўзларни таҳқиқ қилмоқ учун у зотнинг қабрларини кўрмоқни ихтиёр этдилар. Мусулмонлар тарафдан мувофақат бўлмоғи учун ўз боғиға дафн қилғон эмишлар, деган сўзларнинг рост-ёлғонини билмак учун Фирдавсийнинг боғига бордилар. У ерда боғдин асар кўрунмади. Фақат ўтлар ўсуб ётғон вайрона эрди. Ердан бир озгина кўтарилиб турган туфроқ тўдасини «Шу Фирдавсийнинг қабри»,-деб кўрсатдилар. Вайрон бўлуб ётғон қабрни Тус халқи бирор тош қўюб белгиламаганлиги, агар рофъазий бўлса ҳам, улуғ шоирнинг қабри бундай матрук ва маҳжур қолиши Ҳазрат Соҳибқиронни бир хийла хаёлотга олиб кетди. Дарҳол амр қилдиларки, қабрнинг устиға тош териб, қабр эканлиғини билдириб қўйғайлар.
Ўша йили бир сабаб билан Сабзавор ҳаракати тўхтатилди. Орадан фурсат ўтуб Сабзавор тасарруфи мақсадида йўлга чиққанларида яна Тус шаҳрида Фирдавсий мозорига қўйилган тошни мушоҳада қилмоқға бориб, бу тошга арабча қилиб шоир исм-насабларининг ёзилганини кўрдилар. Дедиларким: «Фирдавсий ўз шеърларини форсий тилда тараннум этқон эрди, ёзув ҳам форсийда бўлмоғи даркор...»
Бу лавҳалардан аён кўринарким, Ҳазрат Соҳибқирон уламоларнинг хотираларини шарафлаб, шуаро ва фан аҳлини мусулмон ё кофир демай, иноят қилур эдилар. Айниқса ўз мамлакатларидаги аҳли назм, аҳли илмга беадад мурувват кўрсатиб эдилар. Дер эдиларким: «Билингким, ҳар бир истеъдод Тангри таоло томонидан берилган атоёлардандир. Аммо сиз уни тарбия қилмоғингиз лозимдур.»
Муаррихлар гувоҳлик берарларки, Ҳазрат Соҳибқирони акбар тил ва адабиёт равнақига ҳам бевосита, ҳам билвосита таъсир этганлар. Шарофиддин Али Яздийнинг айтишларича, амир Темур бош девонида «Манзумаи турк» асари тузилган, асар ёзилаётганида унинг лавҳаларини Темур Кўрагони сафдар шахсан ўқуб, тузатган, таҳрир этган эканлар.
Аввал зикр этганимиз ҳазрат Алишер Навоий ёзганларидек, Соҳибқирони акбар даврларида туркий тил ва адабиёт мислсиз равнаққа етиша бордиким, буни ўнлаб туркигўй шоирларнинг ижоди исбот этади. Ҳукмдорнинг меҳр-муруввати қанотлари остида тил ва адабиётнинг гуркираб яшнаши табиий бир ҳолдир. Бу даврдан эътиборан туркий адабиёт мазмунан ва шаклан ортиқ ривожланди ва бадиий асарларнинг турлари кўпайди. Назмнинг фард, рубоий, туюқ, қитъа, ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, қасида, маснавий турлари, насрнинг муарро, муражжаз ва мусажжаъ турлари янада кўпроқ қўллана бошланди.
Соҳибқирон ва у зотдан кейинги темурийлар даврида туркий олий даражадаги тилга айланди ва кўплаб моҳир туркигўйлар вужудга келди. Фикрнинг далили учун Мавлоно Ҳожи Абулхасан, Наъимий, Тархоний, Нозукий, Лутфий, Яқиний, Отойи, Муқимий, Латифий, Саккокий, Мирзо Ҳожи Суғдий, Мавлоно Билол, Муҳаммад Алий, Мирзо Алийбек, Мавлоно Осафий...ларнинг номларини эсламакнинг ўзи кифоя. Улар битган сатрлар-чи? Дейлик, Мавлоно Осафийдан:
Юз балолар кўрдум ул ором-и жондин кўрмадум,
Икки кўзумдин йамонлиқ кўрдум, андин кўрмадум.
Ёҳуд Мавлоно Яқинийдан:
Оҳким, жонимға еттим йори нодон илгидин,
Доду фарйод ул жафочи офати жон илгидин.
Гарчи Амир Темурнинг шеър битганлари хусусинда маълумот йўқ эса-да, авлодлари - темурий шаҳзодалар, маликалар орасида шоир ва шоираларнинг кўплиги маълум ва машҳурдир. Абобакр Мирзо, Ҳалил Султон, Бойсунғур Мирзо, Саййид Аҳмад Мирзо, Фаридун Ҳусайн Мирзо, Султон Масъуд Мирзо, Султон Алий Мирзо, Абулғозий Султон Ҳусайн Баҳодурхон, Захириддин Бобур, Зебуннисо бегим, Гулбадан бегим... Шарафли ҳадисда таъкид этилганидек, яхши одатлар, хусусан, муҳаббат ва эзгулик ҳам қондан қонга, яъниким авлоддан авлодга ўтар экан. Шаҳзодалар ва маликалардаги адабиётга муҳаббат ҳам эҳтимол шундан бўлса ажаб эмас.
Темурий шаҳзодалар орасида назм чўққисига  етганлардан бири - шубҳасиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. У муборак зот ўзларининг узоқ йиллик машаққатли курашлари, сафарлари мобайнида ҳам шеърдан узоқлашмадилар.Муаррихлар дерларким, шох Бобур ҳатто фармонлари ҳошиясига ҳам баъзан байт битар эканлар.
Мирзо Бобурнинг «Бобурнома» асари фақатгина жўғрофий ёки тарихий нуқтаи назардан эмас, балки тил ва адабиёт тарихига оидлиги билан ҳам бебаҳо хазинадур. Аввало бу асарда Мирзо Бобур туркий тилнинг насрдаги беқиёс даражадаги имкониятларини намоён этганлар. Ундан ташқари тарихий шахслар хусусинда сўз кетганида унинг адабиётига бўлган муносабати албатта зикр этилганким, кўпгина шаҳзодаларнинг ва умароларнинг назмда қалам тебратганларини айнан шу асардан билса бўлур.
«Ҳусайн Бойқаро... табъи назми бор эрди. Девон ҳам тартиб қилиб эрди. Туркий айтур эрди. Тахаллуси «Ҳусайний» эрди. Баъзи байтлари йамон эмасдур, вале Мирзонинг девони бир вазндадур.»
«Бойсунғур Мирзо. Султон Маҳмуд Мирзонинг иккинчи ўғлидур. Настаълиқ хатини хейли хўб битур эрди. Шеърни ҳам тавра айтур эрди.
Самарқандда Бойсунғур Мирзонинг ғазаллари онча шоеъдурким, кам уй бўлғай эдиким, Мирзонинг ашъори ул уйда бўлмағай эрди.»
Темурий шаҳзодаларнинг аҳли таъби умаролари ҳам назм гулшанини бойитганлар. Бобур Мирзо темурий шаҳзодалар хусусинда сўз юритар эканлар, умароларнинг шакл-шамойили ҳам қаламга оладилар. Хусусан, Султон Аҳмад Мирзонинг умароларини шундай таъриф этадилар:
«...Яна бири Аҳмад Ҳожибек эрди. Хуштаъб ва мардона киши эрди. «Вафоий» тахаллус қилур эрди. Соҳиби девон эрди. Шеъри йамон эрмас  эрди.
Мир Алишер Навоий Ҳирийдин Самарқандға келган фурсатлар Аҳмад Ҳожибек била бўлур эрди.
Яна бири Дарвишбек эрди, Таъби назми бор эрди. Мусиқий илмидин бохабар эрди, соз ҳам чолур эрди.»
Соҳибқирони акбар авлодларига фақат мамлакатни эмас, қалам аҳлига бўлмиш меҳрни ҳам мерос қилиб қолдириб кетган эканлар. Айтурларким, Мир Алишер Навоий ҳазратлари «Хамса»ни ёзиб тугатиб, Ҳусайн Бойқарога тақдим этганларида подшо шоирни «пирим» деб атаб, оқ отга ўтқазганлар. Шоир оқ отда, подшо пиёда Ҳирот кўчаларидан ўтган эканлар. Ҳусайн Бойқаро шоирга бўлган меҳрларини шу  тарзда ифода этган эканлар. Бу воқеани рамзий маънога кўчирсак, темурийлар даврида адабиёт ана шундай эъзозда бўлган ва ана шу эъзоз туфайли ҳам ўзбек адабиёти жаҳон маданияти тарихининг шоҳсупасига кўтарила олган.
Дунё кўп ҳукмдорларни кўрди. Дунёни вайрон қилганлар ҳам кўп бўлди. Обод қилганлар эса саноқлидур. Ана шу саноқлилар сардори ҳазрат Соҳибқирони акбар эканликлари шубҳасиздир. Ажнабий муаррих Херман Вамбери дерки:
«Темур Осиёнинг ҳамма қисмидан ҳадсиз-ҳисобсиз хазина ва бойлик йиғди, лекин уларни хасис одам каби сақламади. Буни биринчидан, саройининг бой ва ҳашаматлилиги, иккинчидан эса ҳам ўз қароргоҳини, ҳам ўз шаҳрини безаб турувчи ғоят улкан ва муҳташам бинолар қурдиргани исботлайди. Шунинг учун ҳам Темурни Чингизхон билан бир қаторга қўйиб уни ёвуз, ўзбошимча, мустабид ҳоким деб атовчиларнинг фикрлари икки томонлама хатодир,»
Афсусларким, ўтмиш жамият халқ онгига ана шу икки томонлама хато фикрни сингдирмоқчи бўлди. Не шодким, ўтмиш жамият бу хато фикрларини ўзи билан бирга кўмилмиш қабрига олиб кетди.
Муаррихлар дерларким:
«Ясугай Баҳодурнинг ўғли туғулғонда қўлу мушти қонли эрди. Яна шуки, муштида бир кафт қотиб қолғон қон бор эрди. Бу шундан далилким, вақт ўтиши билан замон аҳлини қатл этур, кўплаб подшоларни аёқ ости қилур, Худодан бошқа ҳамма унинг қўл остида хор бўлур. Унга Темучин деб исм бердилар. Сўнгра уни Чингизхон атадилар.»
Муаррихлар дерларким:
«Амир Темур Соҳибқирони акбар туғилаётганларида ҳар тўрт мусалласа улуғ юлдузларидан ҳар бир мусалласада ўн икки бор қайтиб қирон қилғон эрди. Шу сабабдин ҳам ҳакимлар у зотни «Соҳибқирони акбар», яъниким, бахти кулғон, бахтли соатда туғилғон деб номладилар.»
Шукрларким, бахтли соатда туғилғон инсон улғайгач, бахти кулғон халққа подшоҳ бўлди.
Замон шамоллари неча довруқли номларни ғуборга кўмиб ташлади. Неча номлар тарих саҳифасига қора билан ёзилди. Замонлар неча табаррук номлар юзига қора чапламоқни ихтиёр этдилар. Аммо балчиқ чаплагани билан дуру гавҳар ўз қимматини йўқотмагани, олтин эса зангламагани каби бу номларни халқ қалбида ардоқлаб асради. Ҳазрат Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони сафдарнинг муборак номлари шулардан биридир. Валлоҳи аълам.
Муножот: Йа, роббимиз Аллоҳ! Фоний дунё саодатини инъом этган бу бандангга боқий дунё саодатини ҳам бергайсан. Омийн!
Тоҳир Малик
 


36 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин