Саналар
23.12.2024
Баннер
Юрт бўйнидаги қилич ёки истило
27.08.2013 16:21    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бу халққа (ўрта осиёликлар — туркистонликларга) иложи борича, мумкин қадар кўпроқ пахта эктириш, уларни тинимсиз ишлашга мажбур этиш керак, токи бу халқнинг бошқа нарсаларни ўйлашга, сиёсий воқеаларни англаб етишга бир зум ҳам вақти, хоҳиши қолмасин... Амир исёнкорларидан бирортаси ҳам асир олинмасин, қулга тушганларнинг ҳаммаси, ҳаттоки ярадорлар ҳам отиб ташлансин!... Биз хон билан эмас, балки халқ билан тўқнашдик. Уни бостириш осон бўлмади, Руслар Ўрта Осиёда бундай (Қўқондагидек) узоқ ва қаттиқ қаршиликка дуч келмаган эдилар...
Улуғ рус подшоҳи бизга қўшни давлатларда хон ва халқ ўртасида низо чиқишига йўл қўймаслигига инончимиз комил...
Фон Кауфман, Туркистон генерал-губернатори.

Ғафлатда ётган халқни уйғотиш учун унинг тарихини уйғотмоқ керак.
Августин, илоҳиётчи.

Ҳеч бир миллат бошқа миллатларни эзишда давом этиб, ўзи озод бўлолмайди.
К. Маркс, Ф. Энгелс.

Туркистон мустамлакачиликнинги энг ёрқин намунасидир...
Золим капиталистлар Россияда бошқа халқларга жаллодлик ролини ўйнаган эски, қонли ва ифлос ўтмишни битиришимиз лозим. Биз бу ўтмишни тилка-тилка қилиб ташлаймиз. ор монархияси миллатларнинг эркин ва тенг ҳуқуқли бўлишига йўл қўймайди ва бундан ташқари Европада ва шунингдек Осиёда ваҳшийлик, йиртқичлик ва реактсциянинг асосий таянчидир.
В. И. Ленин.

Чор Россияси ҳукуматини рус халқидан ажрата билмаган киши ёмон сиёсатдондир.
А. И. Герцин, ёзувчи.

Ўрта Осиё —рус тожидаги энг қимматбаҳо дур.
Вишнегородский, Россия империяси молия вазири.

Росиянинг келажаги Ўрта Осиёдан.
А. Горчаков, Россия ташқи ишлар вазири.

Тарих—ҳақиқат чироғи.
Сицрон.

Шарқ билан алоқада Қозоғистон тасарруфи калит ва дарвоза ҳисобланади. Шунинг учун миллионлаб пул сарфланса ҳам Қозоғистонни бўйсундириш ёки, ҳеч бўлмаса, у ерда Россия таъсирини ўтказиш зарур.
Петр II, Россия императори.

Руслар бу ерларга (Oрта Осиёга)  бир-икки кунга эмас, абадулабад келган. Энди орқага қайтиш йўқ!
В. Перовский, Оренбург генерал-губернатори.

Биз қаерни босиб олган бўлсак, ўша ерда орқамиздан буруқсиб қора тутун кўтарилар эди...
Дорга осилган одамлар типирчилаб турганларида расмларини чизганман. Бир муллаваччани минорадан улоқтириб юбордим.
В. Верешчагин, Туркистон босқинида қатнашган рус рассоми ва зобити.

Нақл этишларича, подшо Петр II ўлими олдидан икки нарсани амалга ошира олмаганлиги учун армон билан кетаётганини айтган: Прут яқинида 1711 йилдаги жангда Туркиядан енгилганлиги ва Бекович-Черкасскийнинг 1717 йилдаги Хивага ҳарбий юриши тор-мор этилганлиги учун қасос ололмаганлигига қаттиқ афсус чеккан.
А. С. Пушкин, шоир.

Европага биз қашшоқ қариндош ва қул бўлиб келдик. Европа йўлларида шапкамизни тутиб тургандан кўра, ўзимизни Шарққа урганимиз афзал...
Россия ўзи учун Осиёни очса, икки юз йиллик танбаллик ва маҳмаданагарчиликдан қутулади. Агар Европада бизни татар деб билган бўлсалар, Осиёда бизни европалик деб танишади. Осиёни маданийлаштиришга киришсак, охир-оқибатда бу бизнинг руҳимизни кўтаради ва биз ўзимизнинг ким эканлигимизни англаб оламиз…
Биз ўзимиз ўз еримизда илмлар соҳасида чаласаводмиз. Осиёга кириб борсак, биз у ерларда арбоблар саналамиз, бизда мустақил иш юритиш руҳи уйғонади, биз уддабурон халқ бўлиб қоламиз. Европада дум бўлгандан кўра, Осиёга бош бўлган афзал…
Ф. Достоевский, ёзувчи.

Эрталаб отам Туркистон урушидан қайтган бир юнкер билан гурунглашиб, унинг ароқ ичиш-ичмаслигини сўраб қолди. У «аҳён-аҳёнда ичиб тураман», деб жавоб берди. «Нима учун ичасан?»—деб сўради отам. «Мана, масалан, генерал Скобелев бутун аҳолини (Кўктепа қалъасида) қириб ташлаш керак бўлиб қолганда аскарлар бундай килишдан бош тортдилар, қирғинни амалга ошириш учун аскарларни ичкизиб, маст қилишлари зарур бўлди», — деб жавоб қилди юнкер.
Дадам бир неча кунгача буни унутолмай, ҳаммага ҳикоя қилиб юрди.
Татяна Сухотина — Толстая (Л. Н. Толстойнинг қизи, «Эсдаликлар»идан).

Ўлкани (1860-70-йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистонни) руслар эгаллагандан кейин аҳолининг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб ва оғирлашиб борди. Аҳолидан биз кўп нарсани талаб этмоқдамиз. Улардан солиқ йиғишда эса биз тобора юксакликка кўтарилмоқдамиз, лекин халққа нима қилдик? Тошкентда ва турли комиссияларда айтилган сўзлардан бошқа халқ хўжалиги учун биз ҳеч нарса қилмадик.
Ч. Раевский, чор Россияси амалдори.

Биз энг аввало Ёйиқ дарёси орқасидан кўчиб келган казаклар (қозоқлар)ни муқимлаштиришимиз ва қора-қирғизлар (қирғизлар)нинг турли элатларини ўзимиз томонга оғдириб, сўнгра уларда қўқонликларга қарши душманлик ҳислари уйғонишини қўллаб-қувватлаб туришимиз керак.
Г. Госфару, Сибир корпуси қумондони (1858 йил 12 октябрда император Александр II га йўллаган расмий таклифларидан).

Қўзғолончилар (Дукчи Эшон бошлиқ 1898 йилдаги қўзғолон) бизнинг уйқуда ётган 22 солдатимизни ўлдирганликлари учун бунинг хунига исёнчилардан 22000 кишига ўлим жазоси берилиб, 300 киши Сибир сургунига ҳукм этилди. Қўзғолончилар раҳбари Дукчи Эшон яшаган жой. — Мингтепа теп-текис қилиниб, у ерга 200 оилали рус қишлоғи қурилди...
Ислом ўз қиёфасида нуфузли бир кучдирки, у билан биз, руслар, узоқ даврларгача, муқаррар равишда ҳисоблашишга мажбурмиз..."
Буюк олампапоҳ, Сиз бошқараётган ҳозирги буғ ва электр асрида ҳамма миллий нифоқларни текислайдиган, ўзаро низолардан кучланган умумий тинчлик ғояси ва бунга қандай қилиб бўлса ҳам интилиш чуқур мулоҳазали иш бўлур эди.
С. М. Духовский, Туркистон генерал-губернатори (Император Николай II га юборган ахборотномасидан).

Россия империяси Хива хонлигини босиб олиш учун Туркистон ҳарбий округига 2873000 сўм. Оренбург ҳарбий округига 200000 сўм, бошқа харажатлар учун шахсан генерал-губернатор Фон Кауфман ихтиёрига 400000 сўм пул ажратган эди.
М. Трентев, рус ҳарбий тарихчиси.

Шомил барча руслар ҳукмронлигига қарши курашаётган паҳлавондир.
Александр Дюма, ёзувчи.

Кимки ўзгалар юртига қилич яланғочлаб келса, билингки, ўша қилич зарбидан унинг ўзи маҳв этилгай.
Александр Невский, рус саркардаси.

Бир минг сарт бир рус солдати этигининг пошнасига арзимайди.
Иванов, Фарғона генерал-губернатори.

Генерал-губернатор Густав Госфортга Чўқан Валихоновни қирғиз (аслида қозоқ) кийимида савдо карвони билан Қашғарга юборишга маслаҳат бердим...
Ғарбий Сибир губернатори қўмондони Густав Госфорт тажрибали ва жасур қўмондон сифатида Туркистон хонликлари билан ҳарбий тўқнашувдан сира ҳам қўрқмасди.
Аммо генерал Петербург ҳокимияти олдида ўз мансабидан ажралиб қолишидан жуда қўрқарди.
П. П. Семенов-Тянъшанский, сайёҳ ва олим.

Туркистон ўлкаси Россияга фойда келтириши мумкин бўлибгина қолмай, балки шундай қилишга мажбурдир. Бу фойдалар Россиянинг ўлкани истило қилиш давридаги ҳамда қурилиш ишларига кетган ҳаражатларни қоплаши керак.
Россия империяси ҳарбий вазирлигининг 1906 йил март ойида граф Вите жаноблари номига йўллаган мактубидан.

Бухоро, Хива, Қарши бозорларига назар ташлаб, рус савдоси кучли ривож топаётганига ишонч ҳосил қилиш мумкин ва шуни муболағасиз айтиш мумкинки, бутун Ўрта Осиёда муайян бир рус буюми учрамайдиган бирорта хонадон, бирорта дўкон йўқ.
Ҳ. Вамбери, машҳур сайёҳ ва тарихчи.

Осиёликлар Россияга олиб келаётган турли навли тўқима матоларни иккала хориждаги оддий ҳалойиқ жуда хуш кўриб ишлатарди, чунки улар кийишга юмшоқ ва чидамли, шунинг учун давлатдаги армия учун жуда кўп ҳолларда зарур бўлган каноп мато ўрнини босарди.
Қўқонда ва бутун Қўқон давлатида пахта экини ва ипак қурти боқиш учун тут дарахти тўлиб ётибди: ҳаммаёқда пахта экилган далалар кўзга ташланади, ундан қўқонликлар мато тайёрлаб, бухороликлар билан рустоварларига — темир, қундуз, сандал, тўтиё, канцеляр уруғи, денгиз мушуги, пўлат, мовут ва ҳоказоларга айирбошлайдилар.
Филиппин Назаров («Записки о некоторих народах и землях Средней части Азии» китобидан).

Рус қўшини 8000 кишидан иборат бўлиб, 70 дан ортиқ замбаракка эга эди. Йигирма кунлик қамалдан кейин 1881 йилнинг 12 (24) январида Кўктепа қалъаси ҳужум билан ишғол этилди. Сўнг талон-торож қилиш учун аскарлар ихтиёрига тўрт кун ташлаб қўйилди. Қалъани қамал қилиш ва забт этиш чоғида 600—800 киши ҳалок бўлди. Ўрта Осиёдаги бошқа жангларга қиёсласак, руслар катта қурбонлар эвазига ғалаба қозонганини кўрамиз, ўлган ва ярадорларни бирга ҳисоблаганда, улар 1000 дан ортиқ одамини йўқотди.
В. В. Бартолд, шарқшунос олим.

Кўктепа жангида жон бераётган бир мулланинг: «8000 бегуноҳ одамни ўлдирганинг учун виждон азобига қолмайсанми?» — деб берган саволига генерал Скобелев юзсизлик билан: «Йўқ! Талофат 80000 га етмаганига ачинаман!»—деб виждонсизларча жавоб берган.
Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятнни, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи адойи тамом бўлади...
Тўкилган ҳар томчи рус қони учун душман (ўрта осиёликлар) қонини дарёдек оқизаман..
Дунё славянларники, славянлар эса Россияники...
Очиғи мен урушни яхши кўраман. Ҳар бир миллат ўз худудини табиий чегараларгача кенгайтириш ҳуқуқига эга ва бу қонунийдир.
Биз, славянлар, албатта Босфор ва Дарданеллни эгаллашимиз зарур, акс ҳолда ҳар қандай тарихий аҳамиятимизни йўқотамиз. Агар қўлимиз бу бўғозларгача етмаса, ерларимиз қанчалик чексизлигига қарамай, биз ҳалок бўламиз.
Мен шуни кўриб, ҳис қилиб турибман ва башорат қилиб айтаманки, славянлар бир куни Германияни ейди. Немисларга асло тоқат қила олмайман...
М. Д. Скобелев, Фарғона генерал-губернатори.

Тарихий обидалар, осори-атиқалар қанчалик тез вайрон бўлса, Россия давлатчилиги учун шунча яхши.
А. В. Самсонов, Туркистон генерал-губернатори.

Умуман Бухоронинг давлат хўжалити талончилик билан иш юритмоқда ва бунинг оқибатлари ҳалокатдидир. Афсуски, бизнинг ҳукуматимиз бу ҳолатга кераклича эътибор бермаяпти. Охир-оқибатда (сўнг эътибор берилганда) кеч бўлади ва ҳозирги бой давлат ўрнига рус давлати гарданига оғир, янги юк бўлувчи қашшоқ давлатга эга бўламиз. Бухорога диққатни жалб этишнинг мавриди аллақачон келди.
Д. Н. Логофет, рус тарихчиси ва амалдори.

Россиядаги мусулмон халқларга бирорта ҳадо ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ берилмаслиги керак.
П. Илинский, Россия маорифи намояндаси

Мен сизга уч марта (1870 йил январда) хат ёзиб, бирортасига жавоб олмадим. Бунинг устнга менинг сўнгги элчимни ҳам ушлаб қолгансиз. Бундай ҳаракатларга ортиқча чидаб бўлмайди. Иккитадан биттаси — ё айтганларимга кўнасиз-у, дўст бўламиз ёки айтганларимга қў-шилмайсиз-у, душман бўлиб қоламиз...
Фон Кауфман (Хива хонига ёзган хатидан).

Жаноби император ҳазрати олийлари, Сизни янги шодиёна билан қутлаётганимдан бахтлиман: Ўрта Осиёнинг машҳур ва кўҳна шаҳри, мусулмончилик маркази, тарихий шуҳрати билан донг таратган Самарқандни бирорта ҳам ўқ отмай топширдилар. Сизнинг баҳодир ва содиқ қўшинларингизга дарвозаларни очиб, жаноби олийларининг оёғига йиқилдилар...
Фон Кауфман (1868 йил 2 майда император Александр II га йўллаган мактубидан).

Приставларнинг ҳокимлик суришлари шу даражага етдики, улар, ҳатто масжидларга қўнғироқ осиш ҳаракатида бўлдилар. Ўзларининг тўраликларини ва ҳукмдорликларини кўрсатмоқ учун намоз вақтида масжидга итлар билан кириб келдилар...
Туркистонда ишлатилмоқда бўлган ерларнинг 55 фоизи рус келгиндиларининг қўлига ўтди. Шундай қилиб, чор ҳукумати Туркистонда ерли халқларни эзишдан бошқа ҳеч бир иш кўрсатмади. Ўзининг кетинда (орқада) қолганлиги ва фойдалана олмаганлиги сабабли, чор ҳукуматининг энг бой бўлган тоғ маъданларини ишлатишга ҳеч кимга ихтиёр бўлмади...
Турор Рисқулов, давлат, жамоат арбоби.

Россияда қонун йўқ. Унда бир устун бор, холос. Устунга эса тож кийгизиб қўйилган.
А. С. Пушкин, шоир.

Босқинчилик қаҳрамонлик бўлолмайди.
Чингиз Айтматов, ёзувчи.

Тарихий ҳақиқат жоҳилни қанчалик таҳқирласа, тарихий ёлғон ҳам фозилни шунчалик таҳқирлайди.
Ўлжас Сулаймонов, шоир.

Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оёғимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурилди, қомусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёғлар остига олинди — тўзимли турдик, сабр этдик. Кўча таянган ҳар буйруққа бўйсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшинтирдик, иймонларимизга ўраб сақладик...
Золимлар сени кимсасизми кўрдилар. Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен бутун борлиғим билан сенга кўмак қилувчи ҳозир манамен, чин кўнгил билан сенинг йўлингдан ўлурга рози... устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса, оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам инсонлари сорилса, яна сен сари чопарман. Дунёнинг бутун балолари бошимга тўкилса, зулм чўпининг темир тиканлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман...
Россия давлати бизнинг ўлкаларимизни келиб босди. Ортиқ биз Туркистон турклари Оврупо маданиятини ташигувчи бўлган рус миллатига йўлиққан бўлдик. Маданий руслар билан қотишиб уларнинг далолати билан Оврупонинг маданий ва ижтимоий усулларидан таъсир олмоғимиз керак эди. Шуни ҳам айтиб ўтайликким, бундай бир таъсирни рус миллатининг авом табақасидан олмоғимиз мумкин эмас эди. Чунки бизнинг авомимиз улардан юз маротаба маданийроқ эди...
Бизнинг диний за миллий ҳиссиётларимизни ўлдирмоқ тилаги билан Остроумов каби мутаассиб пўпларнинг идорасинда газета чиқарилди, мактаб очилди, лекин ўз миллатимиз ва диёнатимизни англамоқ учун ўз тарафимиздан очилган мактаблар ва газеталар боғланди, шаръий маҳкамаларимизнинг ҳуқуқ ва салоҳиятларидан буюк бир қисми ғасб этилди. Маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорат ишларида, ҳатто вагон арабаларинда Туркистон мусофири бўлган рус ва арманидан тубанда тутилди...
Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир! Нечук кунларга қолдинг? Эй Чингизларнинг, Темурларнинг, Ўғузларнинг оилаларининг шонли болалари! Қани учиқдигинг юксак ўринларинг? Қуллик чуқурларига недан тушдинг!...
Абдурауф Фитрат, адиб, олим.

Кимки ерли халққа ва унинг тилига юқоридан назар қилса, кимки мустамлакачилик феълларини изҳор этса, ундай кишини ҳукумат маҳкамаларидан раҳмсизларча ҳайдаш керак.
Л. Троцкий, партия, давлат арбоби.

Туркистон мустамлака сифатида инглиз ва франтсуз-мустамлакаларига ўхшаш тузумда идора этилади.
«Туркестанский курер» газетаси, 1917 йил 15 апрел.

Россияда ҳеч қандай турк-татар халқи йўқ, унда-бунда тўп-тўп қабилалар учраб қолади, уларни ҳеч бир миллатга мансуб деб булмайди.
Н. Илминский, рус миссионери.

Султон Содиқ (чор Россияси босқинчиларига қарши курашган жасур Кенесариннинг ўғли), жасурликда Алимқул (Қўқон хонлигининг саркардаси)дан қолишмас экан. Султон Содиқ - даштнинг сўнгги арслони.
М. Черняев, генерал.

1868 йилнинг ёзида генерал К. П. Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри тўпга тутилди. Зобитлар қуршовида зафар ўриндиғига ястаниб олган олийжаноб Константин Петрович (Кауфман) тўхтовсиз папирос тутатар ва бутунлай шафқатсиз оҳангда:
«Отиб ташлансин! Отиб ташлансин! Отиб ташлансин!», деган гапини такрорларди, холос.
В. Верешчагин, рассом.

Туркистон ғалласи Россия ғалласига, пахтаси эса Америка пахтасига кушандаднр. Туркистон аҳолисининг аҳволи нима кечса кечсин-у, лекин Россия манфаатлари тўла сақлансин.
А. Кривошеин, чор Россияси деҳқончилик вазири.

Мамлакатда яшовчи барча халқлар подшо ҳазратларининг фарзандларидир. Аммо бу кўп сонли онлада руслар бошқаларга нисбатан катта оға бўлишлари лозим...
Кўктепа қалъаси ичига қараш даҳшатли эди. Беҳисоб ўликлар бир неча кундан бери уйилиб ётарди. Баъзи кулбалар мурдага тўлиб кетган эди...
Биз 50 йил мобайнида тубжой аҳолини тараққиётдан жиловлаб, мактаблар ва рус ҳаётидан четда тутиб келдик...
Россия қарамоғида собиқ Оърта Осиё хонликларидаги ерли халқлар қирқ-еллик йил мобайнида рус найзалари ҳимоясида тинч ҳаёт кечирдилар, ривожландилар ва бойидилар. Ватан учун оғир дамларда талаб этилаётган пайтда улар Россияга мардикорлар етказиб бердилар.
А. Н. Куропаткин, Туркистон ҳарбий генерал-губернатори.

М. Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар фақат тўн (чопон) кийганликлари учунгина қириб ташлашга лойиқдирлар.
З. А. Кастелская, рус ҳарбий тарихчиси.

Россияни мен бошқараётганим йўқ, 35000 амалдор бошқармоқда.
Николай II, Русия подшоси.

Биз Туркистонга маданият олиб келдик, деб ўйлаймиз. Бўйсундирилган осиёликларга тинчлик ва осойишталик бердик, деб ўзимизни овутамиз. Аммо буларда (туркистонликларда) ҳам бир олий туйғу борки, бу миллат ва унинг миллий ифтихоридир. Мусулмонлар аҳволини тушунишимиз керак. Сиёсий ўлим (миллий давлатчиликнинг йўқотилиши) оғир, миллий ўлим эса ундан ҳам оғирроқдир. Бизнинг ҳукмронлигимизда улар худди шундай аҳволга тушдилар. Бас, шундай экан, ҳукмронлигимизга қарши ғалаёнлар рўй берса, ажабланишга ўрин йўқ. Шундай миллий манфаатлар борки, улар халқ оч ёки тўқлигидан қатъи назар, бир кунмас бир кун ўзини намоён этажак.
Н. Н. Веселовский, тарихчи.

Генерал Черняев Тошкент тарафдан ҳужумга ўтиб, кўп қон тўкишлардан сўнг Бухоро қўрғонлари — Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғонни бирин-кетин эгаллай бошлади. Шундай қилиб, бутун Зарафшон водийсининг юқори қисми Россия томомидан босиб олиниб, эгалланди.
Д. А. Логофет, тарихчи ва амалдор.

1916 йили Самарқандда халқнинг зулмга қарши норозилик ҳаракати кўтарила борди, гоҳ у ер, гоҳ бу ерда ур-йиқитлар, ўлдиришлар содир бўлиб турарди, маҳаллий ҳукмдорларнинг тушунтиришлари ва огоҳлантиришлари халққа таъсир қилмади, маъмурларнинг сўзларига халқнинг мутлақо ишончи қолмади, ниҳоят, бу ҳақиқат Россия ҳукуматига қарши очиқдан-очиқ қўзғолон тусини олди.
Н. Ликошин, Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори.

1916 йилги Жиззах қўзғолонида қатнашган «жиноятчилар»ни қидириб топгандан кўра, уларнинг уйларига ёппасига ўт қўймоқ маъқул.
Н. М. Росс, уезд ҳокими.

Агар рус ҳукумати ўз даврида илм-фаннинг қанчадан-қанча яловбардорларини етказган шонли араб мадрасаларини мусулмон фуқаролари учун рус замонида қайта тиклаганларида эди, Ватан ва инсоният олдида буюк хизмат қилган бўларди...
Биз — туркий халқлар қадим-қадимдан Мармар денгизидан Хитой деворигача ёйилган йирик бир тарихий этнографик бирлик ўлароқ яшаб келдик, худди шундай яшамоғимиз керакдир...
Руслаштириш авжида, Идил-Волга бўйидаги татарлар орасидан бирор мансабдор у ёқда турсин, масжидга имом ҳам миссионер Н. Илминский рухсатисиз тайинланмайди. Туркистонда Остроумов тўра, Кавказнинг ҳам ўз тўралари (руслар)дан бошқасини миллат деб ҳисобламайдилар...
Исмоилбек Ғаспирали, буюк маърифатпарвар адиб.

Чор Россиясини йўқотиш жадидлар тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат, яширин эмасди.
Мунаввар Қори Абдурашидов.

Ҳарҳолда бу мустамлакачилар мустамлакачилик ҳаром мамлакатда тезроқ йўқ қилинишга тегиш!
Чулпон, шоир.

Россия шиддат билан ўсмоқда. Буюк Петр замонида унинг аҳолиси 15 миллион эди. Катерина тахтга чиққан йили 25 миллион бўлди. Александр II ўлган йили 58 миллионга чиқди. Ҳозир (1871 й.) эса 77 миллион бўлибди. Нуфуснинг бундай шиддат билан кўпайиши руслардаги кўп туғилиш қобилиятидан эмас, аксинча, ишғол этган ўлкаларидаги аҳолини тезкорликда руслаштира олишлари билан изоҳланади. Бундан ўттиз (1851) йил бурунги Бутлинг Катрин ва Регулининг илмий экспедитсиялари натижалари шуни кўрсатдики, Лена ҳавзасида ёқутлар, Ғарбий Уралда вогул (манси қабиласининг эски номи) ва вотяклар (ҳозирги удмуртлар) сон жиҳатидан ҳозиргидан беш мартаба кўп эдилар, қисқа бир вақт ичида руслаштирилдилар. Руслар ишғол қилган турк қавмларининг бошига ҳам ёқут ва вогулларнинг куни тушади.
Ҳерман Вамбери.

Скобелев Ионовни зуғумга олгач, у қўл остидаги солдатларни ҳужумга бошлаб, эмизикли болаларни ҳам чопиб ташлади.
В. Наливкин, рус зобити.

Тошкент шаҳар фуқаролари ва қариялари ибодату намоздан кўра (мудофаачиларига) қўлндан келганча ёрдам бериш афзалроқ ва савоб, деб аскарларга, ғозийларга сув, озиқ-овқат ташиб турдилар...
Қўқон хони лашкарбошнсн Алимқул Тошкент аҳли фуқароларининг кўрсатган ғайрат-шижоат ва қаҳрамонликларини ва хурсандчилигини изҳор қилиб, бир томчи қон қолгунча душманга қарши курашишга даъват этди.
Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, тарихчи.

Хонлик халқи урушни давом эттиришни талаб этаётган бир пайтда кофирларга товон—контрибутсия тўлашдан кўра бир томчи қон қолгунча курашиш афзалроқдир.
Усмонбек, Қўқон хони лашкарбошиси.

Дариғо, ушбу Чимкентни руслар хўп хароб қилди,
Ёмону яхшини қўймай қириб, сўйиб адо қилди.
Мусулмонлар кучи етмай, ўрусларга сўзи ўтмай,
Ўруслар ўнг-сўл қириб, охири замон қилди.
Ҳусайн Шайх Камина, шоир.

Колония (мустамлака) қоидаси бирла бизни идора этурларки, бунга ўз ихтилофимиз сабаб бўлур. Бошқа халқлар ҳар дақиқа тараққий этмоқдадур. Такрор арз қилурмизки, ёш ва катталар бир бўлиб ишламоқ керак. Вале бизга на ҳуррият қолур, на-да мухторият берилур...
Халқимизнинг ҳозирги ихтилофи мени дилхун этур, маъюс этур.
Маҳмудхужа Беҳбудий, адиб.

Россия томонидан Туркистоннинг забт этилганлиги бу аҳволга тузукроқ ўзгариш киритмади. Чор Россияси ҳозирги Туркистонни забт этиб, Бухоро ва Хива хонликларики ўзига мустамлака қилиб олди.
Файзулла Хўжаев, давлат ва жамоат арбоби.

Русларнинг Ўрта Осиёдаги ҳужумкор ҳаракати харитасига қарасангиз, бу мамлакатнинг қамал қилинмоқчи бўлган қалъага қарши унинг атрофига қўшни тўплашдан иборат ҳарбий оператсияга ўхшаганлигига ҳайратда қоласиз. Бундай қўшин тўплаш бундан йигирма йил муқаддам (1848 йилда) Каспий денгизидан Оренбург ва Сибир даштлари орқали Иртишга томон ташкил қилинган эди. Бу кузатиш линияси эди. Иккинчиси-намойиш линияси. Иккинчи намойиш линияси Каспий денгизидан бошланиб, Красноводск орқали Оксусга, Хиванинг жанубига ва Оксус оқими бўйлаб Помир ясси тоғларига қадар боради. Ниҳоят, учинчи линия Астеро шаҳридан бошланиб Эрон чегарасигача, ундан Ҳиротга ва бу ердан Оксусгача чўзилади. Эҳтимол, Қандаҳор орқали ўтиб Кобул (Афғонистон) томон боради.. Ана шунда Марвнинг ишғол қилиниши муқаррар бўлиб қолади. Бу оператсия туфайли Россия Ҳиндистон калитини қўлга олади.
Генри Роулисон, машҳур инглиз жуғрофи, сайёҳи (1968 йил июлда Англия ҳукуматига йўллаган мактубидан).

Туркистон халқларида рус ҳокимиятига қарши қўзғолон кўтариш бефойда ва ҳалокатли деган тушунча чуқур илдиз отган.
Гирс, чор ҳукуматининг махфий маслаҳатчиси (Туркистоннинг 1880—1884 йиллардаги ҳаёти тўғрисида берган маълумотномасидан).

Бу ваҳшиёна юриш (1873 йили генерал Веревкиннинг Хива хонлигидаги Қўнғирот, Хўжайли, Манғит, Гурлан ерларини вайрон қилиши) оқибатида на инсонлар ва на уй ҳайвонлари қолди...
Қозоқ (казак) отлиқлари кўзга кўринганни отиб, қариялар, боболарни, аёлу атволни қилич билан чопиб (генерал Фон Кауфман, Головачевларнинг 1873 йилда Хивани қирғин қилиши), сут эмадурғон ўғлонларни найза билан санчиб ўтга отар эдилар. Ондан ўтиб, яна бир ёвмут жамоаларини қатл этдилар. Йигирмадан ортиқ хотунлар ўғлонларини қучоқларига олиб қўлга кириб, сўз ичида, экинларнинг ораларида пинҳон бўлиб туриб эдилар. Русия аскарлари аларни кўриб милтиқ ўқи билан отуб қатл этдилар...
1881 йил 1-12 январда генерал М. Д. Скобелев Туркманларнинг Кўктепа қалъасида қирғин уруши олиб борди. 12 январ куни сўнгги мудофаатчилар тиғдан ўтказилди. Ярадорлар ҳам найзага тортилди. Қирғин охирида фақат 5 минг хотин-қиз омон қолдирилиб, улар ғолиб аскарлар ихтиёрига берилди. Номуси оёқ ости қилинган бу аёллар Эрон феодалларига сотиб юборилди. Кўктепадаги қирғинбарот урушини рус генераллари мақтаниб, «Иккинчи Бородино» жанги деб атайдилар.
Муҳаммад Юсуф Баёний, тарихчи, шоир.

Илгари Туркистонда, эски одатга кўра, аскарликка рағбат ва ҳавас бўлар эди. Ҳозир аскарликдан озод этилганликлари сабабли туркистонликларнинг шижоатлари аста-секин сўниб, бўшашиб кетди... Россия Осиёда ғоят узоқни кўзловчи сиёсат кетидан қувувчи ва бу кенг қамровли ҳаракатларда ҳеч қандай чек-чегараси бўлмаган, ҳирс ва иштаҳаси кун сайин ошиб борувчи империалистик давлатдир. Рус миллати ҳам буюк давлатчиликка ниҳоятда боғланган, хусусий мулкка қараб қолмай, ҳукумат кўрсатган ҳар қандай жойга, ҳар қандай ўлкага бориб жойлашишга жомадони тайёр, ҳаракатчан, ғайрат қилади. Рус миллати бу ҳаракатчанлик ва ғайратни алоҳида бир уддабуронлик деб билади.
Аҳмад Закий Валидий, йирик давлат арбоби, олим, Туркистонда миллий-озодлик ҳаракати раҳбарлари ва ташкилотчиларидан.

Кўп жиҳатдан айб (Тошкентда 1892 йилнинг баҳорида вабога қарши кўтарилган халқ қўзғолони учун) ўзимизда, албатта, уларнинг («сарт»ларнинг) феъл-атворини, қонун-қоидаларини ўрганганимиз йўқ ва ҳали ҳам ўрганмаяпмиз. Бунда айб фақат вабонинг ўзидагина эмас, бу сабр косаси тўлган халқнинг ғазабини тошириб юборган сўнгги томчидир. Халқ норозилиги аллақачондан бери кучайиб, йиғилиб келмоқда эди. Кейин эса бошқа норозиликлар қўшилиши билан бирданига қўзғолон бошланиб кетди.
Н. П. Остроумов, чор Россиясининг миссионер амалдори (1892 йил 29 июнда амалдор дўстларига юборган мактубидан).

Туркистон генерал-губернатори А. В. Сомсонов Россия императорига Туркистон мусулмонларининг онги ўсиб, ўлкада инқилобий тўнтариш ясашга бўлган ҳаракати ҳақида шуларни хабар қилади: мустамлака маъмурияти идоралари Фарғона вилоятида «идора тартибларига ва жамоат осойишталигига қарши кураш» сифатида 1911 йилда 833 та, 1913 йилда 220 та «жиноий иш» қайд этилган. Сирдарё вилоятида эса шундай «айблар» билан 1911 йилда 3487 киши, 1913 йилда 5394 киши жавобгарликка тортилган.
Ҳ. Бобобеков, тарих фанлари доктори.

«Туркистон— руслар учун» шиори остидаги ислоҳотни амалга оширишга ғайрат билан киришилди. Империяга қўшиб олинган бу ҳудуд империя билан чамбарчас боғланган мустамлака сифатида қаралиши лозим.
Бу жой (Марказий Осиё ўлкалари) Оврупо Россияси мануфактура саноати эҳтиёж сезаётган маҳсулотларни етиштиришга қодирдир.
Қисман кўчманчи чорвадор ва қисман ўтроқ, асосан деҳқон аҳоли яшайдиган бу мустамлакада мануфактура саноати жуда заиф ривожланган, шунинг учун ҳам у табиий равишда Оврупо Россияси мануфактура маҳсулотлари чаққон сотиладиган бозорга айланади.
М. Бродовский, Россия империясининг маҳаллий савдогар амалдори.

Туркистон ўлкаси учун қўйилган «миссионер», шовинист Остроумовнинг таклифига кўра, Туркистон мусулмонларига жума намозларида (хутбаларида) оқ пошшо номини қўшиб ўқишликка кўрсатма берилди. Мустамлака мусулмонлар таҳқирланиб, рус амалдорларига таъзим бажо келтиришга мажбур эдилар, масжидларда ит етаклаб юриш одатини мустамлакачилар тарк этмадилар.
Мустафо Чуқаев, Қўқон мухториятининг раиси.

Худонинг иродаси билан мана 12 йилдирки, ярамас руслар мусулмон шаҳарларини эгаллаб олди. Тошкент, Оъратепа, Самарқандда динимиз шуъласини ўчириб, эътиқодимизга путур етказдилар. Шу сабабли ҳам биз, барча мусулмон халқлари, ўз хонимиз (Худоёрхон)дан муқаддас уруш бошлашни сўраймиз, Лекин у (Худоёрхон) ҳақ йўл қолиб, ноҳақ йўлдан кетмоқда. Хон руслар билан тил бириктирган кўринади, Кўплаб совғалар жўнатган ва рус подшосидан «муқаддас хон» деган ёрлиқ ҳам олган. Шу сабабли бизнинг илтимос ва маслаҳатларимизга қулоқ солмаяпти. У ўз юзини мусулмонлардан тескари ўгирди ва биздан йироқлашди. Шундан сўнг биз барча руҳонийлар йиғилишиб. ноқонуний ишларининг барчасини бирлаштириб йўқ қилишга келишдик... Абдураҳмон офтобачи рус босқинчиларига қарши 1898 йил 17-18 май кунларида Андижонда бўлган халқ қўзғолонида бошчилик қилган мингтепалик (ҳозирги Марҳамат тумани) Эшон (Дукчи Эшон) Муҳаммадали Халиф истибдодга қарши халқ қўзғолонини шундай ифодалайди:
1). Руслар ўлкани (Оърта Осиё за Қозоғистонни) босиб олгач, уларнинг маҳаллий халқ мулкига кўз олайтириши кучайди.
2). Шариат кўрсатмаларидан йироқлашилди.
3). Рус ҳокимлари дастлаб халқ билан юмшоқ муомалада бўлган бўлсалар-да, ибодатни тақиқлаб қўйди.
4). Закот бекор қилинди.
5). Халқ вақф қонунларидан маҳрум этилди.
Муҳаммадали (Дукчи Эшон) халифа ёдномасидан.

Олмониянинг «Бишоф» фирмаси 1903 йилда Туркистондан пахта сотиб олиш учун Туркистон ўлкасидаги Давлат мулклари ва ер бошқармаси ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги солиқ ишлари амалдори — чиновник Понятовскийга мурожаат этди. Оърта Осиё пахтасига «хўжайин» ҳнсобланган рус агрономи Понятовский олмонларга шундай жавоб қайтарган: «Бизнинг толамизни Олмонияга сотиш мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг сабаблари: биринчидан, бизнинг толамиз ҳали ўз фабрикамизга ҳам етишмайди, иккинчидан, бизнинг пахтачилигимиз катта йўқотишлар эвазига қўлга киритилди. Энди у аввало рус саноатини бойитиши керак, хорижни эмас. Учинчидан, анни пайтда Россия ўз толасига хом ашё сифатида жуда катта эҳтиёж сезмоқда.
«Дело управления земледелия и государственних имушеств в Туркестанском крае» (1903 й.) тўпламидан.

Бўлғуси кўчманчи посёлкалар (Россиядан Оърта Осиёга кўчирилган рус посёлкалари) қашшоқ эмас, балки бой ва фаровон бўлмоғи керак.
Кривошеин, ер ишлари ва ер қурилиши бош бошқармаси бошлиғи.

1906 йилда ўлканинг (Оърта Осиёнинг) беш вилоятида мавжуд 136 посёлка 451 минг таноб ерга эга бўлди.
Ҳар бир хўжалик томорқаси 34,4 танобдан эди.
«Дело Кантселярии Туркестанского генерал-губернатора» (1907 й., 52-сон) тўпламидан.

Оъзи томонидан тобе қилинган сарт (ўзбек)нинг хўжалигида батрак бўлиб ишлаши рус кишиси шаънига ярашмайди. Бу айни пайтда ўлкадаги тубжой аҳолида русларга нисбатан бошқача муносабат шаклланишига олиб келади. Русларнинг сартлар қўлида ишлаши қоида даражасига кўтарнлишига давлат йўл қўймаслиги керак.
«Вопроси колонизации» журнали, 1913, 13-сон.

Сарт ўз ерида, ўз оиласи билан ишлаганида сўзсиз меҳнаткаш бўлади, виждонан ишлайди. Бу ҳолат сарт рус қўлида ишлаётганида бошқача намоён бўлади. Чунки у бу пайтда ўзининг виждонан ишлаши кераклигини ҳис қилмайди. Мен Н. Н. Андреев хутори (қишлоғи)да буни ўз кўзим билан кўрдим. Сарт бу ерда кузатувчи турганлигига қарамай, макр-ҳийла йўлига ўтиб олдй… У жуда секин қимирлар ва бунга эса жазирама иссиқни баҳона қилиб кўрсатарди. Ҳақиқатда европаликлар (руслар) бу қадар иссиққа дош беролмасдилар.
Н.Н.Александров,
Фарғонадаги Андреев хуторининг хўжайини.

Туркистоннинг ортиқча ҳар бир пуд ғалласи — бу рус ва Сибир ғалласининг рақибидир. Туркистоннинг ортиқча ҳар бир пуд пахтаси — бу Америка пахтасининг рақибидир. Шунинг учун гарчи қиммат бўлса-да, яхшиси, ўлкага ғалла келтириш керак. Ўзлаштирилган янги ерларга эса пахта экиш лозим.
«Вопроси колонизатсии» журнали, 1913, 12-сон.


Мажид Ҳасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило” (Тошкент. «Адолат». 1997) китобидан олинди.

 
Мунавварқори Абдурашидхонов. Маҳбусдан ариза (1930)
13.03.2014 23:36    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Восточний отдел уполномочени ўртоқ Агидулинга таржимаси: ўртоқ Карутскийга ҳам Московдан келган меҳмон ўртоққа

Маҳбус Мунаввар қори Абдурашидхоновдан

АРИЗА

Бугун ман маҳбусларнинг гуноҳкори ва энг ҳақсизи сифатинда ҳар ҳуқуқдан маҳрум ва ҳатто энг оғир гуноҳлилар ҳам фойдаланадурғон уборний ва ювинишға ҳам чиқорилмасдан, одиночкада яшайман. Бунга сабаб, эҳтимолким, показаниеларимға ишонилмағонлиғи, нотўғри деб гумон қилинмоғлиғи бўлса керак. Ҳолбуки, ман ҳар нима сўроқлар бўлса ҳам тўғри ва очиқ жавоб бера бошлағонимдан, бошқаларға ўхшаб, ойлаб айбимдан тониб сизни ва ўзимни (масалан, Салимхон) қийнаб турғоним йўқ. Бунинг учун сиздан олғон мукофотим бу кунги одиночний қийноғи бўлди. Ушбу аризам ила баробар сизга Наманган ва Тошканд ташкилотлари тўғрисинда энг сўнгғи маълумотимни топшураман. Эҳтимолки, бу запискамга ҳам инонмассиз, нотўғри гумон қиларсиз, арестантлик ҳуқуқимни бундан ҳам озайтирасиз, лекин, чорам йўқ, асирман сизнинг қошингизда. Бир пашша қадар қувватга эга эмасман. Бир бармоғингиз билан андак боссангиз, эзилиб ҳалок бўлишимға кўзим етадир. Шу ҳолимни била туриб, нима мақсадда сизга нотўғри маълумот бераман? Ўлумдан қўрққаним йўқ. Чунки ҳозирги ҳаётдан ўлимни минг мартаба яхши, деб биламан. Ҳар минутда ўзимға ўлим тилайман. Фақат ҳозир ўлум ҳам мандан ҳазар қиладур. Нотўғри маълумот билан сиёсий идорани алдаб, ўзимни оқлаб, қутулмоқчи бўламанми? Йўқ. Ёлғон билан сиёсий идорани алдолмаслиғимни ва ҳар бир ёлғоннинг мани айб ва гуноҳ ботқоғига ортиқроқ ботира боришлиғини жуда яхши англайман.

Бунда ўтурғон наманганлик ўртоқлар: «Бизнинг сиримизни бошлаб очқан шу бўлди», деб манга қарши тиш қайраб ўтурадурлар. Салимхон кўп сизга яхши кўринмоқ учун манга хат ёзиб, хизматчи бола орқали камеранинг тешигидан манга ташлағондир. Ва шу бола орқали икки кун қистаб, мандан жавоб ёздириб оладир. Ва ул жавобни тўғри сизга чиқариб берадир. У мани ҳозирғи положениега тушишимға, балки, сабаб бўладир. Маним сизга берган нотўғри маълумотимни қувватлайтурғон «дўст»ларим шуларми? Буларнинг ҳар бирлари мумкин бўлса, ўзлари учун мани қурбон қилишга ва ўз айбларин ҳам маним устимға оғдаришға тайёрдурлар. Шунинг учун маним олдимда биргина йўл қолғон, ул ҳам бўлса, бу бутун қолғон ва билғон ишларимни ҳеч бир қўрқмасдан ва яширмасдан, очиб ўртоға ташлаш ва бошимни сиёсий идоранинг остонасига қўйиб, ундан ушбу Тошканд ва Наманган кишиларини маним эски исмим ва шуҳратимга қарамасдан туриб текширишни ўтуниш ва ўзимни бутунлай шул идоранинг ҳимоясига таслим этиш. Манга бундан бошқа нажот йўли йўқ эконлиғиға иймон келтирғанман. Агарда умумий сиёсат талаб этар экан, сиёсий идоранинг кўрсатуви бўйича гарча ўз зараримга бўлса, баъзи фидокорликлар кўрсатмакка ҳам ҳозирман. Сиёсий идоранинг мақсади ҳам, албатта, манга ўхшаш бир неча ерлик зиёлиларни бор-йўқ айблар билан айблаб йўқотиш бўлмасдан, шул Тошканд ва Наманган ташкилотларининг ҳақиқий юзларин очиш бўлса керак, деб ўйлайман. Мана шу юқоридағи иймон ва ишончлар ила ёзган ушбу сўнгғи заявкамдаги ҳар бир жумланинг тўғри ва самимийлигига жавобгарман. Фақат бу заявкамга ул машҳур миллатчи Мунаввар қорининг «эски ашуласи», деб қаралмасдан, оддий бир гуноҳкорнинг очиқюрак билан қилғон иқрори, берган маълумоти, деб қаралмоғини ва шул асосда текширишға такрор илтимос қиламан. Чунки бу икки саҳнага ман сўнгдан-да, содда ва нодон ва алданувчи ролда чиққанлиғимни ҳозир сезиб ўтураман.

Бу «запискам» билан ман ўзимни ташкилотчилиқдан оқламоқчи эмасман. Балки, сўнгғи Наманган ва Тошканд ташкилотларидағи ролим ва иштироким сизнинг қошингизда иқрор ва амалан айтмакчиман, ҳақиқатда эса ўзим ҳам бир ташкилотда бўлғон эдим. Бутун идораларни ерли тилда юргизиш ва булардан ишловчи овруполиларни ҳам ерли тилда сўзлашга ва ёзишга мажбур этиш ва бунга тўсқинлик кўрсататурғон буюк рус миллатчилари ила курашмак учун бутун ерли зиёлиларни бир ташкилот байроғи остиға тўплаш каби хаёллар ила доим бош қотирардим, фақат 24—25-нчи йиллардан бошлаб маним фикримда ўзгариш пайдо бўлди. Ҳали ерли халқнинг маданий даражаси бутун идора ишларини ерли тилда юргиза олатурғон бир даражага етмаганлиғиға қаноат ҳосил қилдим. Ҳар қандай бир махфий ташкилот бўлмасин, сиёсий идорадан қутилолмаслиғига кўзим етди, ҳам ман ўйлағон ишларни ҳукуматнинг ўзи ишлаб, яхшироқ бажаришлиғига иймон келтирдим. Шунинг учун 24—25-нчи йилдан бошлаб ўзимни эски ташкилотдан тортиб олиш ила баробар, бошқаларни ҳам шундан қайтариш фикрига тушғон эдим. Лазиз ва Салимхонларға шул фикрлар ва шул йўлда муомала қила бошлағон бўлсам ҳам, Наманган масаласиға келганда «запискам»да ёзилғон бўш хаёллар мани йўлдан адаштирди. Қартайған ҳолимда бу кунги фалокатга мани дучор этди. Энди ихтиёрим сизнинг қўлингизда, ўлдирсангиз, мана бошим, агарда ўз ҳимоячангизға олиб ишлатаман, десангиз, қолғон умримни фирқанинг ва шўроларнинг сиёсат манфаатигагина сарф этиб, эски гуноҳларимни ўз қўлим билан тозаламоққа тайёрман.

Мани ҳаётимга келганда, энг камбағал бир оиладан бўлиб, бутун умримни халқ манфаати ва халқ фойдасиға сарф этган бир жамоат ходимиман, умримда пулга, молга, амалга қизиқмадим. Билиб туриб, бир хаёлот ва жиноят қилиб айбланган эмасман. Энг фақирона бир турмушқа қаноат қилдим. Бисотимда биргина ҳовлим бўлса, унинг ҳам оиламдан зиёдасини халқ фойдасиға, маорифға ҳадя қилдим. Унда ҳозир «Биринчи май» мактаби давом этадир. 20-йил ўрталариға қадар Туркистоннинг биринчи инқи-лобчиларидан саналардим. 20-нчи йидда «рисқуловшина»лар группасига кириб, аксилинқилобчилик ботқоғиға ботдим. Бунинг тафсилини кейинги «заявлениям»да ёзаман. Ул чоқларда ман билан бирга ишлаганларнинг баъзилари чиндан ва баъзилари пул ва амал тамаъида мунофиқлик сотиб, исмларини ул ботқоқдан тортиб олдилар. Ман бўлсам, ул вақтларда фирқанинг баъзи сиёсатига қўшила олмадим. Мунофиқлиқ қилишға виждоним қабул этмади. Шунинг учун аксилинқилобчилик ботқоғидан жисмимни тортиб олғон бўлсам, исмимни тортиб ололғоним йўқ. Агарда ёрдам қилар эканман, шўроларнинг дохилий ва хорижий сиёсатига хизмат қилиб, исмимни ҳам ул ботқоқдан тортиб оларман, умидидаман.

1930 йил, 13 май

 
Бизни кемиргувчи иллатлар
25.08.2013 12:44    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

...Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар...
Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман. Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда “Ла талаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи”, яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврўзи кофири учун сайр этармиз. Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент қасабасидаги наврўз сайриға мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ўндан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати малъунонсиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйиға йўқ, хўккузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндек парастиш этиб, ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрға кўпкари чопмоқ учун. Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди-кетди. Эски биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирмонлар чириб кетар.
Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элитиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Ўолбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишға кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар. Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан ташқарими (Таклиф-бу ерда, инсоний бурч, вазифа маъносида), Худо учун сўйлангиз. Биз нима?
Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларға: «Ўлукни молидан аввалан ўлукға керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқға сарф қилинсун, сўнгра қарзиии берилур. Сўнгра ортган молларни варасасиға мувофиқи шариат Тақсим қилиниб берилур», — дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзга бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8-10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими? Беш-олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга адрас, азойи ва ғаниларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, ҳам отадан, ҳам ватандан айрилди-кетди. Бир ўртаҳол, бир бечора фақир ўлар. Онинг ғани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обрўй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар. Эй, уйинг обод, обрўй қилғувчи! Ўлган ўлди, санга нима? Сан, ғани, ўз ўлукингға обрў қилгонинг бас эмасми?
Астағфуриллоҳ, субҳоноллоҳ. Бизни қилатургон ақлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ўар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини ўз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яҳудий ё бир армани ажнабийға сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Ўзи сотмаганда судға сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур.
Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ўар кун ўлгон илада қутулмас. Узидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ўай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20-30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларға ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасиға инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма-ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиёдаси ватансиз, ерсиз дарбадар бўлатургони маълум ва ошкордур. Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бириға никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурға, маҳкамаға, бонкаға кириб вазифа олса. Энди ноилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса, муздурлик ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни тўядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устиға тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорға ёниб кул бўлмоқдан бошқа илож йўқдур. Эллик сана муқаддам бир қариш ер бир пул экан, энди бир олтун ва келарға ер олтунға ҳам топилмайдур. Қирим ва Қафкоз мусулмонларида бизлардек ер қадрини билмаслар экан. Энди Қиримда бир таноб (600 сажин) ер ўн минг сўмдан ўттуз минг сўмғачадур.
Биз бир таноб еримизни 200 сўмға сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «ерни хўб пулға урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишидек муқаррардур.
Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи фақру заруратдан, тўғриси, ақл ноқислигидан ҳавлиларини пулға қизиқиб яҳудийларға сотган учун маҳаллаға оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжидида яқинда йўқолур. Мана, бизни ақлсизлигимизни охири ва исрофларимизни хотимаси динимизға футур келмоқиға сабаб бўлур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.

МАҲМУД ХЎЖА БЕҲБУДИЙ

 
Ажойиб келинлар
21.06.2014 03:29    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Умавийлар султони Ҳишом ибн Абдураҳмон тахтга чиққанида (ҳ.172/м.788 йил) ҳали ёш, уйланмаган эди. Турмуш қуриш истаги туғилиб, ўзига муносиб келинликка номзодларга Қуръони каримни ёд олганликни шарт қилиб қўйди. Шунда биргина Галин деган жойдан етти юз йигирма нафар Қуръон ҳофизи бўлган қиз чиқди. Кейин султон иккинчи шарт қўйишга мажбур бўлди: бўлажак завжаси Имом Моликнинг «Муватто» ҳадис китобини ҳам ёд билиши керак эди. Шунда ҳам келинликка номзодлар камаймади: Қуртубанинг ўзидан беш юз нафар қиз ҳам Қуръонни, ҳам «Муватто»ни ёд билиши аниқланди.

(«Мусулмонларнинг тақвим китоби», 2000 йил, 2-чорак)

 
Агар Анқара жанги бўлмаганида...
21.06.2014 03:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Ислом оламининг икки буюк саркардаси – Усмонли салтанат подшоҳи Боязид Йилдирим ва Самарқанд султони Амир Темур 1402 йил 20 июлда Анқарада тўқнашдилар. Бу жангда ҳар икки тарафдан икки юз мингдан ошиқ жангчи қатнашди. Муҳораба Усмонли салтанатининг тўртинчи султони Боязиднинг мағлубияти билан якун топди, унинг ўзи асир олинди. Натижада Усмонли давлатининг Ғарбга ташланажак қадами кесилди, Қустантания (Истанбул) фатҳи эллик йилга кечикди, Оврупа Ислом неъматидан бебаҳра қолди.

(«Туркия» тақвимидан, Истанбул, 1996 йил).

 


40 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин