Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳақни олиш истаги
PDF Босма E-mail

Ўтган асрнинг йирик шахсларидан Алихонтўра Соғуний қазратлари ўткир зеҳн соҳиби, тарих илмининг, айниқса, Ислом тарихи ва Туркистон тарихининг зукко билимдонларидан эди. Сермазмун ҳаётининг охирги 30 йили давомида Соғуний ёзиб қолдирган улкан илмий мерос ичида «Туркистон қайғуси» тарихий асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарда у зотнинг йигитлик ва камолотга етган даври хотиралари асосида ўз эътиқоди, дунёқараши, Ватанимиз тарихи сабоқлари, кейинги авлодлар улардан қандай хулосалар чиқармоғи лозимлиги тўғрисида ўй-фикрлар ифодасини топтан. Қуйида мазкур асардан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Ватаним мени суймас экан, мен уни севганлигимдан, улусим мени танимас экан, мен уни таниганлигимдан, Ватан устида бўлаётган тарихий ўзгаришларни ва ҳам бунинг келажакдаги яхши-ёмон натижаларини кўрсатиб, Ватан болаларига улгу (намуна) бўлғудек, бошқалар ундан ибрат олғудек тарихий бир асар ёзишга киришдим. Бироқ, мен ёлғизгина исломпараст эмас эдим, балки яралишимдаёқ инсонпараст эдим. Халққа қайси йўллиқ яхшилик қила олғайман деб, ёшлик-йигитлик даврларимни ғам-ғусса кунлари билан ўтказдим. Энди соч-соқолим оқариб, қарилигим етди. Ёшим саксонга эришиб, ички-ташқи кучларим орқага чекинди, қарилик юки остида букула туриб, олдимизда кўрина бошлаган ҳалокат чуқури яқинлашётганига чидаёлмай, келажак бўғин наслларимиз ғамхўрлиги учун, ҳар ёқлама қийинчиликлар бўлса ҳам, шу тарихни ёзишга бошладим. Қаламим тилидан дардлик сўзларим қонлик кўз ёшима қўшилиб, бу китоб варақлари юзига тўкилмиш эди. Шунинг учун бунинг отини « Туркистон қайғуси» қўйдим...

Агар маданият деб кўринишда ободон, ҳақиқатда хароб, шу динсизлар, одоб-ахлоқсизлар (яъни, Оврупо) маданиятини айтадиган бўлсак, улуғ хато қилган бўламиз. Чунки дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам етказиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқараётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса, шубҳасиз, шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас тармоғидир...

Агар қўлида шароит бўлатуриб, бир қонуний мамлакатда ўз қонуний ҳаққига эга бўлолмаганлар кишилик шарафидан ажраган, инсоният ҳаққини танимаган, одам суратлик ҳайвонлардир. Чунки шароити топилса ҳам, ўз ҳаққига етолмаслик эса ожизлик устига ишга ярамаслик демакдир. Бундай одамларни ўтган донишмандлар мисол келтириб, оғзидаги нонини итга олдирган қўл-оёғи соғ, қуроллик кишига ўхшатадилар.

Мана шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тубандаги уч нарсадан бек (қаттиқ) сақланишга буюрмишдир: ожизлик, қўрқоқлик, дангасалик. Шароити бўлатуриб, ўз ҳаққига эга бўла олмаган кишини арабчада «ожиз» дейилади. Киши нима нарсадан қўрқса, шу нарса қўрқувчи бошига бало бўлиб, анинг олдида мағлубиятга учрайди. Қўрқоқлар кўп яхшиликдан қуруқ қоладилар. «Тани соғ бўлса ҳам, бекорчи, дангаса одамлардан Худо безор», дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом. Яна Пайғамбаримиз айтишларича, ҳар бир ақли бор одамлар ўз ҳолатларини текшириб туришлари, ўз замонасига тўлиқ, яхши тушунишлари, албатта, лозимдир».

Муҳаммад Собир тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин