Яссавий башорати |
08.03.2014 18:13
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Амирлашкар Тошқандга келди. Шодмонхўжани ўлдирди. Нормуҳаммад додхоҳни волийи Тошқанд қилди. Давлат тожук деган кишини Туркистонға ҳокум қилиб юборди. Ўзи Ҳўқандга қайтди. Мазкур Давлат тожук Туркистонға келиши илан атрофдаги элатияни ғорат қилиб, талон-тарож этиб чопди. Бу бадфеъл шумлиғидин жамъи Қозоқия Русияга тобеъ бўлди, келмакни хоҳлади ва оз муддатда Русия Туркистонға кирди. Бу тўғрида ҳазрати Султонул-орифийн Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонға айтган башоратлари тўғри келди. Мундин саккиз юз йиллар илгари айтғон эканлар: «Минг икки юз саксон бирда ўрис келғай, Туркистонни атрофини қамсаб олғай». Мунга мувофиқ, 1281 ҳижрийда Туркистон ва Авлиёота Русия тасарруфиға ўтти.
(Ибрат, «Фарғона тарихи», Тошкент, 1991 йил). |
|
Искандарни ўлдирган чивин |
17.09.2014 10:44
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Аниқроғи, бу чивин ўзи билан ўта юқумли ва оғир касаллик — Ғарбий Нил безгаги вирусини олиб келган ва бу хасталик енгилмас саркардани ҳаётдан олиб кетган экан. Америкалик тадқиқотчилар — Виржиния штати соғлиқни сақлаш департаменти эпидемиологи Джон Марр ва Колорадо штати университетининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Чарльз Кэлишер шунга қаттиқ ишонишмоқда. Улар бу фаразларини юқумли касалликларга бағишланган «Emerging Infectious Disaeses» ахборотномаси саҳифаларида илмий жиҳатдан асослаб беришган. Майли, бу масалага ҳали қайтамиз, ҳозирча эса империянинг таназзулига сабаб бўлган ўша ўлим тафcилотларига тўхталсак.
Ўшандан бери ўтган деярли икки ярим минг йиллик муддат ичида буюк саркарда тўғрисида юзлаб, ҳатто минглаб китоблар ёзилган. Бу масалага бағишланган барча жиддий тадқиқотлар антик давр тарихчиларининг ёзиб қолдирган асарларига суяниб олиб борилган. Ўша қадимий тарихчилар эса Александр саройи кундаликларидан ва унинг лашкарбошилари китобларидан фойдаланиш ҳуқуқи ва имкониятига эга эдилар. Аммо бу кўҳна кундалик ва солномалар илк манбалар бизгача етиб келмаган. Мазкур тарихнавислар — биринчи навбатда қуйидагилар эди: Квинт Энний Флавий Арриан (тахминан эрамизнинг 95-175 йилларида яшаган), Плутарх (тахминан 45-127 йиллар) ва Диодор Сицилийский (тахминан эрамиздан аввалги 90-21 йиллар). Уларнинг учаласи ҳам Афина ҳокими Гегесий томонидан уюштирилган 114-олимпиада ўйинлари даврида — Десий ойида бўлиб ўтган воқеаларни деярли бир хил тарзда тасвирлашган. Бу кўрсатилган вақтҳозирги ҳисоб бўйича эрамиздан аввалги 323 йил май ойининг охирлари, июннинг бош-ларига тўғри келиб, ўшанда касаллик мағлубият нималигини билмас Александрнинг ҳаётини икки ҳафтадаёқ поёнига етказиб қўйганди.
Безгак умуман кутилмаганда бошланди: бу пайтда Бобилда шоҳона зиёфат авжида бўлиб, бир неча кундан сўнг Искандарнинг қўшини Арабистон орқали Ғарбга юриш бошлаши режалаштирилганди. Шу мақсадда Ўрта Ер денгизи соҳилларидаги провинцияларда сон-саноқсиз кемалар Италия, Сицилия, Иберия ва Африкани забт этиш учун жанговар сафарга тайёрлаб қўйилганди. Бобилда жойлашган флот эса Африкани жанубдан айланиб ўтиб, Геркулес устунлари орқали Ўрта Ер денгизига кириб келиб, Карфагенга ғарбдан ҳужум қилиши керак эди. Кўҳна тарих бунчалик катта ҳарбий амалиётга гувоҳ бўлмаган; замонамизнинг йирик тарихчиларидан сэр Арнольд Тойнби ўзининг «Ўшанда Александр ўлмаганида эди...» деб номланувчи ҳикоясида шунга ишонч ҳосил қиладики, Ўрта Ер денгизи ҳавзаларини забт этиб бўлгач, у Ҳиндистон фатҳини ҳам тугатиб, ўз империясига Хитойни ҳам қўшиб олган бўларди. Ахир, ўшанда у ҳали 32 ёшда эдида.
Хулласи калом, ҳолдан тойдирувчи безгакнинг биринчи хуружидан кейин навбатдагилари бостириб кела бошлади. «Касаллик зўрайди; табибларни чақиришди, лекин Ҳеч ким ҳеч бир восита билан ёрдам бера олма-ди», дея ёзади Диодор. Ҳарбий сафар буйруғи бекор қилинди. «У саркардаларини танирди, аммо уларга ҳеч нарса деёлмасди; аллақачон унинг овози чиқмай қолганди», дея таъкидпайди Арриан. «Дастлаб, унинг заҳарланганига ҳеч ким шубҳа қилмаганди», дея гувоҳлик беради Плутарх.
Александрии текширган табибларнинг барчаси ўша пайтда унга фақат безгак ташхисини қўя олишган. Ярим олам ҳукмдори бўлмиш бу жаҳонгирнинг ичадиган шаробига зиёфатда заҳар қўшиб берилганлиги, бу ишга гўёки унинг устози Аристотель (Арасту)ҳам аралашганлиги ҳақидаги гап-сўзлар эса орадан олти йил ўтгачгина пайдо бўлган. Бу «миш-миш»лар туфайли кўпчиликни қатл этишган (файласуф Арасту шогирди ўлимидан бир йил ўтиб вафот этганди). Заҳарланиш тўғрисида ёзаркан, Арриан шундай дейди: «Мен буларни билганим учунгина ёзяпман, бу хабарга ишонганим учун эмас». Плутарх ҳам бунга ишора қилган: «Заҳарлаш воқеасини кўпчилик уйдирма деб ҳисоблайди». Заҳарларнинг айрим турларигина тана ҳароратининг ошишига сабаб бўлади, узоқ муддатли безгак келтирувчи заҳарлар эса ўша пайтларда маълум бўлмаган, дея изоҳ беришади Марр ва Кэлишер юқумли касаликлар ахборотномасида:
Ўша пайтдаги манбаларда Александрнинг ўзи ҳақида ёзиб қолдирилган маълумотларга таянган кейинги айрим мутахассислар унинг тиф (ичтерлама)га чалинганлигини тахмин қилишади, бирок, тадқиқотчиларнинг кўрсатишларича, бу касаллик ўта юқумли; унинг Бобилда кенг тарқалганлиги ҳақида сарой йилномачилари ҳеч нима ёзиб қолдирмаганлар. Марр ва Кэлишер шунга асосланиб, грипп, малярия, шистосоматоз, туляремия, энцефалит, эндокардит каби бир қатор касалликлар тўғрисида ran ҳам бўлиши мумкин эмаслигини келтиришади.
Шу пайтгача аввалги тадқиқотчиларнинг эътиборидан четда қолиб ке-лаётган Плутархнинг қуйидаги қайдлари янги версия муаллифларининг диққатини ўзига жалб этди: «Шаҳарнинг (Бобилнинг) дарвозаси олдига келиб, у қарғалар тўдасини кўрди; улар ҳар томонга учишар ва бир-бирларини чўқишарди. Бир нечта қуш унинг ёнига тушди». Айнан мана шу икки жумла туфайли тадқиқотчилар Гарбий Нил безгаги ҳақида ўйлаб қолишди. Чунки бу юқумли касаллик нафақат инсонларга, балки қушлар, айниқса, қарғалар тўдасига ҳам ҳужум қилади.
Тиббиётчилар ўз тахминларини ГИДЕОН (GIDEON — умумжаҳон юқумли касалликлар ва диагностика тармоғи) номли электрон ташхис дастурида текшириб кўриш-ди. «Биз Александрдаги барча симптомларни киритиб, қушлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам қўшганимизда жавоб юз фоиз Гарбий Нил безгаги касаллигини тасдиқлади», — дейди Кэлишер «Nature» журналига берган интервьюсида. Бунгача Александр ўлимини текширган олимларнинг бу касалликни аниқлай олмаганларининг сабаби оддий: Гарбий Нил безгаги касаллиги 1999 йилда, тасодифан АҚШ ҳудудларига келиб қолгандан кейингина жаҳонга маълум бўлган. Ўтган йилнинг ўзида бу касаллик вируси 240 нафар америкаликни ҳаётдан олиб кетди, бу безгакка чалинганлар сони эса, мамлакат Соғлиқни сақлаш министрлиги берган маълумотга кўра, 9000 нафарга яқинлашади.
Мазкур касаллик Осиё ва Африканинг кўплаб мамлакатларида аввалдан тарқалиб турган, бироқ 1937 йилга келибгина Угандада унинг тавсифи ишлаб чиқилган. Ироқдаги чивинларнинг уч тури ушбу вирус ташувчилари ҳисобланади. Бу касаллик уч кундан то уч ҳафтагача давом этиши мумкин, унинг инкубацион даври ҳам худди шундай. Дарвоқе, Арриан берган маълумотга кўра, Мидиядан Бобилга қайтган Александр кўлларда «кемани ўзи бошқарган ҳолда» суз-ган. Мазкур кўллар атрофидаги ботқоқликлар эса вирус ташувчи чивинларнинг кўпайиш жойи ҳисобланади. Безгак одатда фақат организми нимжонланиб қолган кишиларнигина ўлимга олиб келиши мумкин. Аммо илгари ҳам ичишни канда қилмай келаётган ёш подшо ўз умрининг кейинги ойларида шароб ичишда меъёрдан умуман чиқиб кетганди; мунтазам шаробхўрлик эса нафақат жангу жадалларда чарчаган, балки одатий юмушлар билан банд бўлган кишининг ҳам баданини толиқтириб қўяди.
Албатта, бошқаларнинг сўзига ишонган ҳолда аниқ ташхис қўйиш унчалик тўғри эмас. «Аммо Марр ва Кэлишернинг тахминлари жуда мантиқли ва ишонарли кўринади», дейди Род-Айленд университети эпидемиологи Томас Мейтер «Nature» мухбирига.
Шоҳнинг ўлимидан сўнг унинг саккиз нафар қўмондони (диадохлари) империяни ўзаро тақсимлаб олишди. Александр ўзини Мисрнинг Сива воҳасидаги илоҳ Амон Ра эҳромига дафн этишларини хоҳлаганди. Аммо Мисрга эга чиққан Птолемей ўз пойтахти Александрияда унга мавзолей қурдирди. Мақбара мазкур шаҳарга асос солган, маъбудлар билан тенг тутилган ҳукмдорга муносиб тарзда қойилмақом қилиб қурилган. Кейинчалик зиёрат қилган Юлий Цезарь бу мақбарага қимматбаҳо туҳфалар бахш этган. Император Август Александрнинг бошига тилла гулчамбар қўйдирган. Император Калигула бўлса, аксинча, подшонинг кўкрак безагини ўзлаштириб олиб, тантанали маросимларда уни тақиб юрган. Бу мақбарага Рим императорларидан сўнгги бора эрамизнинг 215 йилида Каракалла ташриф буюриб, ўзининг шоҳона тўни ва қимматбаҳо безакларини ҳадя этган.
Шундан кейин бу мақбара тўғрисида ишонарли маълумот учрамайди. 392 йилда Византия империясида христианлик давлат дини даражасига кўтарилгач, Апександрияда ҳам эски динларга мансуб ибодатхона ва меъморий ёдгорликлар йўқ қилина бошлади. Кўпчилик тарихчиларнинг фикрига кўра, 397 йилда Александрнинг мақбараси ҳам бузиб ташланган, бироқ бу факни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Афсоналардан бирида айтилишича, Македонскийнинг мумиёланган жасади солинган тобут Александриядан махфий олиб кетилиб, яшириб қўйилган. Уни қидириш ишлари эса асрлардан бери давом этмоқда. Ўтган асрнинг ўзида унинг қабрини топиш учун расмий тарзда 150 га яқин илмий экспедиция ташкил этилган. 1805 йилдан бери етти бора, жумладан, 1990-йилларда ҳам икки марта унинг топилганлиги эълон қилинди. Аммо Александрнинг тобути ҳозиргача топилган эмас.
Ҳамид ОҒА таржимаси "Парвона" газетасидан |
|
|
Маҳмудхўжа Беҳбудий. «Мунозара» ҳақида (1911) |
13.03.2014 23:51
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
«МУНОЗАРА» ҲАҚИДА
«Усули жадида» мактабларни нафлиги ва фунуни замония таҳсилининг бухорийлар учун лузуми тўғрисида фарангий афанди ила мударрис Бухорий жанобларини ораларида бўлган баҳс ва суҳбат — «Мунозара» исмида бир рисола шаклинда форсий тилға табъ ва нашр бўлубдур. Бизда кўздин кечурдукки, ҳақиқатан бухорийлар учун нофеъдур.
Фарангий ва мударрис тилидан бу муҳим баҳслик рисолани таҳрир этувчи ваҳми зоин[1]ға арзи ташаккур қиларман. Иншоолло, бу рисола бухорийларни уйғонмоқиға боис бўлуб, «Мунозара» муҳарририни раҳмат ила ёд этарлар.
Ва ал-он бу рисола турки тилинда жаноб муаллим ҳамшаҳримиз Ҳожи Муин афанди тарафидан таржима ва ушбу газит ила нашр бўлуб турубдур.
Ва аммо бизни фикримизча, Бухоро учун энг муҳим бир баҳсни фарангий афанди фаромуш этибдурлар. Ва ул энг муҳим баҳс бухорийларни русча ўқумоқ ва рус маданиятидин нафбардор бўлмоқға тарғиб этмоқдин иборат эди.
Хайр, балки фарангий афанди фаромуш этмай, эҳтимолки, бухорийларни таажжублари қўзғолмасун ва «Мунозара» рисоласидин умид этилгон манфаати маънавийа фавт бўлмасун[2] тавҳими-ла[3] русча ўқумоқ баҳсидин кўз юмгандур, деб зан қилармиз. Ва-ло фарангий афандини натижаи маълумотиға назаран ўрисча ўқумоқға тарафдордур, деб истидлол қилинадур ва ҳар бир кўзи очуқ киши-да бухорийларни русча ўқумсқларини, албатта лозим билур.
Бухорий қариндошларимизни русча ўқумоқлари тўғрисида мухтасаран бироз ёзмоқни биз мунда керак билдук ва умид қиламизки, «Мунозара» ношири иккинчи табъина русча ўқумоқ лузумини ҳам рисолаға олмоқ этдирса.
Русия давлати — 100 милйун халқлик ва ер юзини қавий давлатларидин бири. Бухоро ҳукумати ани ҳимоясиға ва анинг учун бухорийларни русча ўқумоқлари ўзлари учун лозим ва фоэъ[4]дир.
Бухорийларни савдо ишлари Русия иладурки, тижорат ишларини тараққий қилдирмоқ учун, албатта, русчаға эҳтиёжи том[5]алари бордур.
Бухорода тилгироф, пўчта, темур йўли ва бонк ва мол, анжоманинг ҳамли[6] ва нақли[7] ва оптек, дўқтур ва ҳифзил сиҳата тейишли ишлар ва лавозимоти мадания ва замония ва хорижаға мутааллиқ[8] барча мавод[9] кофа[10] руслар воситаси-ла жорий бўлурки, бул тўғрилардан русчаға бухорийларни эҳтиёжлари шадид[11]дур.
Русия ила тижорати бор ҳар бир бухорий ва Бухорони ҳар бир ҳукумат доираларини русчага бор эҳтиёжини ҳар кимдан аввал бухорийларни ўзлари иқрор эдарлар.
Киши йўқлигидин ал-он Бухоро ҳукуматини хидматидаги таржимонлар кафказий ва туркистонийлардин иборатдур.
Бухорийларни русча ўқумоқлари учун далил лозим бўлса, фақат Русияни... жиҳатидин Бухороға ҳамсоялиги энг олий далилдур. Ҳолбуки, Бухоро давлатимизни ҳимоясида, яъни ҳовучиндадур.
Насора ва мажус давлатларини айтмай қўйдук. Бул вақт Усмонли ислом давлати катта мактаблариға русча ўқутадур ва Русияға талаба юборадур. Турк қариндошларимизни ҳар бири Русия мусулмонларини русча ўқумоқға ташвиқ этарлар. Ҳатто, Истанбул шайхулисломи ҳазратлари Русия мусулмонларини русча ўқумоқға буюрадурлар.
Чунончи, ўтган сана Самарқанд ҳожиларидан икки нафар мударрис шайхулислом жанобларини хизматларига мушарраф бўлуб эканларки, усули жадид ва русчани лузумидин баён этиб, Туркистонийларға русча ўқумоқға ташвиқ этмоқға буюрубдурлар.
Мисрдин, Шом ва Арабистондин, Истанбулдин ва Эрондин Русия мактаблариға талаба келганда, Бухородин на учун талаба келмайдур? Буни сабаби бухорийларни ғафлати ва замондин хабарсизлиги деюрлар.
Бул жойға бухорийлар у қадар каҳолат этдиларки, ҳатто, расмий доираларида бирорта таржимонлари йўқдур.
Хўб, Бухорода усули жадидани қўймаганларидек, русчани-да уламо қўймадилар дедук. Эй, шогирдларни Самарқандда, Туркистонда ва ё дохилий Русияға на учун юборилмайдур?
Самарқандда Бухородин гадо, ўғри, қимори, жувон-бачча келар. Ҳатто, деюрларки, фоҳишалар ҳам келур, буларға уламо бир шай демас ва хабардор бўлмас.
Талабаға тамоман монеъ бўлурлар. Йўқ, бул жойға уламоға ёпишмоқ керак эмас, балки бошқаларға лозумдур.
Бухоронииг муҳтарам ҳукмронларина, Бухоронинг тужжори киромига биз мин ғайри ҳад[12] арз қилармизки, русча ўқутмақни муборак фикрлариға келтирсалар, Русия давлати Бухоронинг фақат бир ҳамсояси эмас, балки ҳомийси, васий[13] ва мураббийи давлатидур. Анинг учун русча билмоқ ва рус олий ва катта мактаблариға кирмоқ бухорийларни ҳаёти ва саодати учун алрамдур[14].
Икки милйўн бухорийлардин нисфи аср зарфида[15] бир нафар таржимон чиқмаганлиги бухорийларни лоқайдликлариға далил бўлур. Бу нимадан келур? Албатта, Бухоро ила Русия орасидаги муносабатни билмасликдин келур. Бинобарин, Русия ила Бухоро бейин[16]даги муносабати сиёсияни ҳар замон аҳолиға билдирмоқ керакдур. Биз сиёсий киши эмас ва илло бул тўғридаги фикримизни очиқ суратда ёзардук. Шу қадар биларманки, расман Бухоро ҳукмати Русия давлатини ҳимоятиғадур. Бухоронинг бош ҳукмрони маънан баолий амир ҳазратларини аморатлари Русия давлати тарафидин тасдиқ қилинадур. Бухорони хорижия ишлари Русия давлати тарафидин ижро қилинадур.
Хорижия давлатлари, масалан, Эрон, Афғон ва ё Усмонли давлатлари-ла Бухоро ҳукуматини хат ва хабар қилмоғи лозим келса, Русия давлати воситаси-ла муомала қиладур. Бухоро аҳли хорижияға чиқмоқчи бўлса, Русия раҳол[17] ҳукуматини рухсати лозимдур. Бу-хоро учун бож ва пўшлина Русия давлатини ихтиёри ила бўлур.
Билмоқ керакки, ўрусча ўқумоқ ила киши кофир бўлмайдур ва ё ўруслар бизға динларини таълим қил-майдур. Масалан, букун Самарқанд мухталиф мактаблариға юздин зиёд мусулмон боласи бор ва аларни ҳеч бириға насоро динини таълим қилинмайдур. Самар-қанд эъдодий гимнозиё мактабини букун ундин зиёда мусулмон боласи бор. У жум.ладин бири маним ўғлим-дур. Ва на вақтки, болаларға насоро динини таълим берарлар, ғайри русларни, хоҳ мусулмон ва ё яҳуд ва ҳатто, армани бўлсун, мактабдин чиқорадурлар. Ҳатто, насоро ақидасини таълими вақтида ёширин мактабда қолган ғайрирус шогирдға жазо бериладур.
Ғайрируслар русча ўқугандан илми дунёвий ва ҳаёг-қа мутааллиқ фунун ўқуйдурлар ва ҳар бир мусулмон-да румча ва ё фарангча шуни ўқивдур.
Бухорони ўрта миллати учун авомча сўйлайинки, турклар, ибронийлар, туркистонийлар, қозоний, ўрун-бурғий ва кафкозийлар ҳамчунонки, русча ўқусалар ҳам кофир бўлмайдилар. Бухорийлар ҳам русча ўқуган ила кофир бўлмайдурлар.
Афғон ҳукумати ила инглис давлати орасида муносабати сиёсия мавжуд ва ҳам ҳамсоядур. Они учун афғонлар Ҳиндистон инглисиға ва нуфуси Англияда ўз нафии учун талаба юборадур. Ҳолбуки, ҳеч бир афғон инглис бўлган йўқ. Инчунун, бухорийлар-да Туркистон устиға ва ё Русияға ўз нафлари учун талаба юборсалар, хотиржам бўлсунларки, ўрус бўлмайдурлар. Шуни-да ёзайин, бухорий қариндошларимиз билсунларки, бу сўзларни биз мусулмонлигимиз учун ва Бухорони тараққийсини хоҳлаганимиз учун ёзармиз. Гумон қилинмасунки, ўруслар бизға ёздирадур.
Фарангий жанобларини фикриға биз ҳам тобеъ ва биз ҳам деймизки, Истанбул, Миср, ҳатто, Кафкоз ва Қозонға Бухородин талаба борсун ва аммо бу қаторда русча ўқимоқ учун Туркистон ва Петербурғға ҳам.
Самарқанд дорулқазо муфтийларидан Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа[18].
«Туркистон вилоятининг газети», 1911 йил, 29 сентябр, 73-сон.
[1] Гўзал тахайюл эгаси.
[2] Нобуд бўлмасин.
[3] Ваҳимаси билан.
[4] Нафлик.
[5] Тўла.
[6] Юки.
[7] Ташиш.
[8] Алоқадор.
[9] Моддалар.
[10] Барчаси.
[11] Катта, шиддатли.
[12] Ҳаддан ташқари.
[13] Тарбиячи.
[14] Айб маъносида.
[15] Ҳозирги шароитда.
[16] Орасидаги.
[17] Йўл ишлари.
[18] Беҳбудийнинг мазкур мақоласи Фитратнинг «Мунозара» асари» Ҳожи Муин томонидан ўзбекчага таржима қилиниб, «Туркистон вилоятининг газети»да чоп этилиши муносабати билан ёзилган. |
|
Давлатшоҳ Самарқандий (тахминан 1435-1495) |
06.06.2013 22:20
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
XV асрнинг кўзга кўринган адабиётшунос олимларидан бири Давлатшоҳ ибн Алоуддавла Бахтишоҳ ал-Розий ас-Самарқандийдир. Унинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар жуда кам бўлиб, "Тазкирот ун-шуаро" ("Шоирлар тазкираси") асарида келтирилган баъзи бир маълумотларга қараганда, у йирик ҳарбий хизматчи ва давлат арбоби оиласида туғилган.
Отаси Бахтишоҳ Шоҳрух Мирзонинг амирларидан бўлиб, кўпгина ҳарбий юришларида қатнашган ва тожу-тахт соҳибига садоқат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган. Унинг "ал-Розий" аталиши ҳам шундандир.
Давлатшоҳнинг туғилган вақти маълум бўлмасада, ўзининг "Тазкират уш-шуаро" асарини 50 ёшга кирганида ёза бошлаганини маъ¬лум қилади. Бизга эса асар 1486 йили ёзиб тугатилгани маълум. Агар бу катта ва муҳим асарни ёзиш учун камида 2-3 йил вақт сарфлаган деб тахмин қилинганда, Давлатшоҳ тахминан 1435-1436 йилларда туғилган бўлиб чиқади.
Давлатшоҳ Самарқандий ёшлигидан илмга қизиқиб, ўз даврининг кўзга кўринган олими, фақиҳ ва шоир Хожа Жалолуддин Фазлуллоҳ Абу-л-Лайсийдан таълим олган. Лекин 1480 йилларга қадар илмий ёки адабий фаолият билан шуғулланмаган, балки сарой хизмати ва ҳарбий ишларга жалб қилинган, Шоҳрух ва Султон Ҳусайн Бойқаронинг кўпгина ҳарбий юришларида иштирок этган. У сўнгга марта Султон Бойқаро билан Султон Маҳмуд (Ҳисори шодмон ва Бадахшон ҳокими) ўртасида Чакмансарой (Афғонистоннинг Андхой вилоятида жойлашган манзил) да бўлган жангда қатнашган. Бу жанг, Хондамирнинг маълумотларига қараганда, 875/1471 йилда содир бўлган. Давлатшоҳ Самарқандий 60 йилга яқин умр кўриб, 1495 йили вафот этган.
Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкират уш-шуаро" асарини ёзишда жуда кўп манбалардан: ўзидан олдин ёзилган тазкиралардан, хусусан Абу Тоҳир Хотунийнинг "Маноқиб уш-шуаро", Авфийнинг "Лубоб ул-албоб" китобларидан, тарихий ва географик асарлардан, хусусан, Истахрийнинг "Китоб масолик ул-мамолик", Гардизийнинг "Зайн ул-ахбор", Абулфазл Байҳақийнинг "Тарихи оли Сабуктакин" ва бошқалардан, шунингдек, тазкирада қайд этилган шоир ва адибларнинг асарларидан кенг фойдаланган.
Тазкирада VII-XV асрларда яшаб ижод этган 155 шоир ҳақида қисқача, лекин ниҳоятда қимматли маълумотлар келтирилган. Тўғри, ҳар қандай илмий асарда бўлгани каби, Давлатшоҳ Самарқандий тазкираси ҳам айрим жузъий камчиликлардан холи эмас. Масалан, айрим ҳолларда саналар, у ёки бу шоирнинг туғилган жойи нотўғри берилган, айрим ҳолларда келтирилган маълумотлар чалкашиб кетган. Шунга қарамай асарнинг ижобий томонлари кўп. Бу асар жуда катта давр - қарийб саккиз юз йил мобайнида Эрон ва Марказий Осиёда яшаб ижод этган шоир ва адиблар фаолиятини тадқиқ қабзасига олган.
"Тазкират уш-шуаро" ёки "Тазкираи Давлатшохий" муқаддима, хотима ва етти қисм (табақа) дан иборат.
Муқаддимада асарнинг ёзилиш сабаблари, VII-X асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган араб шоирлардан Лабид (VII аср), Абу Нувос (вафоти таҳ 814), Абу Таййиб ал Мутанаббий (вафоти-963), Абу Аьло ал-Мааррий (973-1058) ва бошқалар ҳақида маълумот келтирилган.
Биринчи ва иккинчи қисм X-XI асрларда Эрон ва Марказий Осиёда яшаб ўтган 21 йирик шоирнинг қисқача таржимаи холи ва ижодига бағишланган.
Учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларда Хоразмшоҳлар - Ануштегинийлар (1077-1231), Элхонийлар (1258-1349) ва Музаффарийлар (1315-1393) замонида ижод этган 54 шоир ҳақида маълумот бор.
Сўнгги икки табақа Темур ва Темурийлар замонида Марказий Осиё, Эрон ва Ироқда яшаган 41 шоир ижодига бағишланган.
Хотимада эса мазкур тазкира муаллифи билан замондош машҳур алломалар Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожа Афзалиддин Муҳаммад, Амир Аҳмад Сухайлий, Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳ Марварид ҳамда Хожа Осафий ҳақида маълумотлар келти¬рилган.
Давлатшоҳ Самарқандий тазкирасида жамланган шоирларнинг асарлари шарқ мумтоз адабиётининг умумий йўналиши, унинг тараққиёт йўллари, Шарқ шеъриятида кенг қўлланилган рубоий, қасида, разал, ҳажв жанрларининг пайдо бўлиши ва такомиллашуви, тарсиъ, тажнис, таржиъбанд, мураббаъ сингари шеърий шаклларни ўрганиш ҳамда тадқиқ этишда муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, улар орасида Жавҳарий Заргар, Хожа Қирмоний, Жалол Табиб, Хожа Исматулло Бухорий, Аминиддин Нузулободий сингари достончилик жанрининг етук намояндалари, назм ва насрга оид "Таржимон ал-балора" ("Нотиқликни тушунтириб берувчи китоб") асари би¬лан машҳур Фаррухий (вафоти-таҳ 1037-1038), "Чаҳор мақола" китоби билан шуҳрат топган Низомий Арузий Самарқандий (XII аср), форс тилининг шарҳли луғатини тузган Қатрон ибн Мансур Термизий (XII аср), "Ҳадоиқ ас-сеҳр" ("Сеҳр боғлари") асари би¬лан ном таратган хоразмлик Рашидиддин Ватвот (1088-1182), "Нигористон" асари муаллифи Муиниддин Жувайний, "Шабистони хаёл" китоби муаллифи Яҳё Себак Нишопурий, "Жавоҳир ул-асрор" ("Сирлар жавоҳири") асарини бутун Шарққа манзур эта олган Шайх Озарий (1382-1462), мусиқа илмининг машҳур намояндаларидан Соҳиб Балхий, хат ва хаттотлик илмининг пири Симий Нишопурий ҳам борки, булар ижоди мумтоз адабиёт ҳамда Ўрта аср Шарқ фани тараққиёти тарихида муҳим ўрин эгаллайди.
Китобда таърифи келтирилган шоирлардан аксарияти даврининг малик уш-шуароси бўлган. Уларнинг қарийб ҳаммаси охир-окибатда таъмагир ва ҳасадчи, иғвогарлар маскани - шоҳлар саройини тарк этганлар. Авҳадиддин Анварий (XII аср), Рашидиддин Ватвот, Бухорода муламмаҳ (бир шеърни икки тилда ёзиш) анъанасини бошлаб берган, ҳажв жанри ривожига улкан ҳисса қўшган Хожа Исматулло Бухорий (1365-1426) ана шундай шоирлар жумласидандир.
Тазкирада жаҳонга машҳур файласуф шоир ва олим Носир Хусрав (1004-1088), Шарқ мумтоз шеърияти даҳоларидан ва мусиқашунос Хусрав Деҳлавий (1253-1325), шоир ва йирик тарихчи олим Фаҳриддин Банокатий (вафоти - 1329), Камол Хўжандий (1318-1401), Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий билан бирга меҳнаткаш халқ орасидан чиққан нозимлар ҳам қайд этилади. Асли деҳқон табақасидан, Низомий Ганжавийнинг "Маҳзан ул-асрор"ига минг байтдан иборат жавоб ёзган Жамолиддин ибн Жаъфар Фарраҳоний; бир умр қўш қўшиб, деҳқончилик каштан, шеърни кетмон дастасига битиб юрган кўҳистонлик Муҳаммад Ҳисомиддин; авом ун-нос (оддий халқ)дан чиқиб, шоирлик, хаттотлик ва наққошликда номи чиқарган Симий Нишопурий; бўйра тўқиб кун кечирган самарқандлик Бисотий ҳақидаги маълумотлар шулар жумласига киради.
Шунингдек, тазкирада ўз шеърлари билан шоҳлар ва ҳокимлар, ноиблар ва қозилар кирдикорларини фош этган Яминиддин Фарюмадий ва унинг ўғли Амир Маҳмуд (ибн Ямин), Убайд Законий, Бурундуқ Бухорий ҳамда Бобо Савдойи Абивардий каби шоирлар зикри ҳам келтирилганки , бу ҳол асар қимматини янада оширади.
Давлатшоҳ Самарқандий асарининг яна бир фазилати унда айрим муҳим тарихий воқеалар баёнининг ҳам келтирилганидир. Чунончи, Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон халқларининг султон Жалолиддин Мангуберди (Мангибурни) бошчилигида 1221-1232 йиллари муғул босқинчиларига қарши олиб борган кураши тарихидан айрим лавҳалар; 1337 йили Хуросонда бўлган сарбадорлар қўзғолони ҳамда шу қўзғолон натижаси ўлароқ Хуросоннинг каттагина қисмида бунёд топган сарбадорлар давлатининг (1337-1381) қисқача тарихи ҳам асарда акс эттирилган. Шунингдек, китобда келтирилган Хуросон ва Марка¬зий Осиё жанубий қисмининг XV аср 40-йилларидаги сиёсий ҳаёти билан боғлиқ тафсилотлар, йирик тарихий шахслар - вазир ва олим Низомулмулк, улуғ шоир ва олим Умар Ҳайём, исмоилийлар тариқати асосичиси Ҳасан Саббоҳ буюк мунажжим Мирзо Улуғбек ҳаётига оид воқеалар ҳам алоҳида қимматга эга.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг мазкур тазкираси жамоатчилик эътиборини кўпдан бери тортиб келмоқда. 1819 йилдан буён асарнинг айрим парчалари Россияда (В. А Жуковский ва Ф. Эрдман), Францияда (Сильвестр де Саси), Англияда (Э. Броун ва А Фалько-нер), Туркияда (Фахим Сулаймон афанди), Германияда (Хаммер) ҳамда Голландияда чоп этилган. Унинг тўла матни 1887 йили Бомбейда Мирза Муҳаммад, 1901 йили Лондонда Э. Броун ва 1958 йили Теҳронда Хожи Муҳаммад Рамазоний томонидан нашр этилган.
1900 йили биринчи бор Хивада Муҳаммад Рафе томонидан эски ўзбек тилига (Хоразм шевасида) ағдарилди. 1967 йили Б. Аҳмедов "Тазкират уш-шуаро" тазкирасидан Марказий Осиё ва хуросонлик 32 ва 1981 йили 50 дан ортиқ шоир ҳаёти ҳамда ижодига оид айрим парчаларни ўзбек тилига таржима қилиб, "Давлатшоҳ Самарқандий" номли китобига илова қилган. Холбуки, бу катта асарни атрофлича илмий тадқиқ қилиб, ўзбек тилига ўгириб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этиш бугунги олимларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир. |
|
|