Маҳмудхўжа Беҳбудий. Ғалла, аскарлик, ер ва тазминоти ҳарбия (1918) |
13.03.2014 23:50
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
ҒАЛЛА, АСКАРЛИК, ЕР ВА ТАЗМИНОТИ ҲАРБИЯ
Тошкандда бўлатурғон маориф қурултойиға қўшулмоқ учун Самарқанд анжумани маориф жамияти тарафидан бормоқчи эдим. 15 инчи июлда Самарқанд мусулмон шўросиға бориб, Тошкандға бормоғимни билдуриб, агарда ғалла тўғрисинда менга бирор иш тобшурилса, бир жой(и) кегуришимни ифода этдим. Мусулмон шўроси ҳам ғаллаларнинг забти ва қўлға олинишиға муқобил экан. Шунинг учун аввало маним фикримни эшитиб, фойдали билиб, сўнгра ман билан Тошканддаки Ниёзуф отиға мандат (ваколатнома) бердилар.
16нчи июлда Тошкандга кирдим. Йўлда вагўнда одам кўблиги учун ўтуриб бордик. Онда бориб Ниёзуф билан бирга ҳозирги Туркистон "ҳукуматининг раиси Тобулин афанди ҳузуриға кирдик. Ва ушбу тубандаги масъалалар тўғрисинда сўйлашдук: 1) ғалла; 2) аскар олиш; 3) тазминоти ҳарбия; 4) ер ва сув масъаласи.
Ҳозирги ҳукумат ва ҳам Туркистон мусулмонларининг нафъи нуқтаи назаридан юқоридаги масъалалар хусусинда эътидол ва осон йўлларни кўрсатиб, таклиф этдим ва ўзимни йигирма йиллик муҳаррирлик ва журналистлик, 25 йил халқ ишига аралашиб ва бир неча дафъа саёҳат этиб, дунё ва мусулмон, хусусан, Туркистон мусулмонларининг тирикчилигиға ҳосил этган тажрибам юзасиндан хулоса ва салоҳияти ватан ва Туркистоннинг тинчлиғи номиға бир хейли таклифотда бўлдум. Туркистоннинг ҳозирги дохилий ва хорижий душманлари аҳволини ва халойиқнинг аҳволи руҳия ва эътиқодия ва маишиясиға бир оз бўлса ҳам аҳамият бермак ва риоя қилмоқ кераклигини билдирдим.
Тобулин афанди бу сўзларға аҳамият бергандек кўрунди. Ниёзуф билан Жўрабойуф афандилар ҳам ҳозир эдилар ва маним сўзларимни таҳийя этдилар. Юқоридаги масъалалар тўғрисинда таклифларимнннг хулосаси шу эди:
Биринчи, ғаллани тамоман ва ўзиға заруридан бошқасини ҳукумат бутун ўз қўлиға олиб, ғалла олиш ва сотишни, ғалла бозорини, ҳатто, хусусий нонвойхоналарни манъ қилмоқ ва бу ҳақда лойиҳа тузмак учун мамлакат озуқа комитетлари тарафиндин сиезд чақирилғон экан. Бул тўғринда маним таклифим шу бўлдики. Бозор очиқ бўлсун, аммо вилоят ва уезддан ғалла чиқорилмасун ва омбордорларнинг ғалла олиши манъ қилинсун. Такса (қатъий баҳо) асло бўлмасун. Фақат ғалла эккан деҳқонлар бир ботмон экилган ердан тўрт пуд ғалла такса юзасиндан берсунларким, бу ҳам, аввало, дафтар бўлуб, сўнгра берилсун.
Иккинчи, аскар масъаласидирки, бу ҳар нарсадин муҳим ва мунинг умумий бўлуши лозим. Аммо мусулмонлар ҳануз шунга ўрганмаган ва ҳам дохили фитначилар қора халқнинг фикридан фойдаланиб, эҳтимолки, баъзи бир фитналарға сабаб бўлсалар. Ва ҳам номаълум ва сиёсатан фикри билкулли нотўғри кишилар қўлиға яроқ ўтуб, эҳтимолки, кутулмаган ёмон ҳодисалар пайдо бўлса. Шунинг учун таклиф қиламанки, то халқ ўрганиб, бироз аҳвол ўзгаргунча умумий аскар олинмай, кўнгилли тариқинда тарғиб ва ташвиқ билан ҳам халқнинг аҳволиға қараб олинса эди. Чунки...
Учинчи, тазминоти ҳарбия масъаласидирки, бу Туркистоннинг ҳар ериндин зиёда Самарқандда ҳукм сурди ва Самарқанднинг бойлари бошқа жойлардан оз бўлса ҳам рус, яҳудий, мусулмонлар ёлғиз Самарқандда саккиз миллийун қадар тазминот ва уч-миллийун қадар очлиқ солиғи бердилар ва бу қаторда баъзи камбағал ва паст ҳолли кишилар ҳам жабр кўрдилар. Мунинг тақсими устинда баъзи бир одилсиз ва инсофсиз кишилар туруб ришватхўрликлар ҳам бўлиб ўтди. Хулоса: ҳар ҳолда Самарқанддин янгидин тазминоти олинмаса эди. Чунки ҳозирда маъишат ва сиёсат осойишталикни талаб этадур. Халқ ҳам очлиқ ва қимматчилиқ ва шунга ўхшаш оғирлиқлардан ҳориган ва асабийлашгандур. Оқча керак бўлса, бошқа йўллар билан солиғ тариқинда тўпланмоғи мумкиндур.
Тўртинчи, ернинг тақсими масъаласидурки, баъзи бир агарчи кичик деҳқонларники бўлса-да, тақсим қилинмоқчи ва балки тақсим бошланибдур. Баъзи бир кичик деҳқонларнинг ғалласини ҳам тамоман забт қилмоқға қарор қилғон жойлар ҳам бор экан. Ҳолбуки бул бобда ҳануз Марказий Туркистон ҳукуматидан бир амр йўқ экан. Шунинг учун бу ишларни Марказий ҳукуматнинг чиқарғон қонунидан сўнгра қилинса эди. Мана ушбу ишлар ҳам ҳозирги ҳукуматнинг сиёсатиға зарарликдур. То таъқиқланиб Туркистоннинг умум халқи ва ери истатистиқ ҳисоби-ла рўйхат бўлиб, қонуний бир қарор чиқарилғунча, кичик деҳқонларнинг ва кичик тегирмон ва кичик корхона ва устахоналарнинг «нотсиёлизатсия» си (ёинки тақсими) мавқуф (тўхтатиб) қолдурилса эди. Ҳолбуки, Туркистонда, бохусус бизнинг Самарқандда ери кўб киши ниҳоятда оз бўлуб, ерлар аксарияти ила деҳқон ва майда мулкдорлар қўлиндадур.
Ҳозирги ҳукуматнинг раиси Тобулин афанди билан музокарамиз икки дафъа бўлуб, бир соатдин зиёда чўзилди. Тобулин афанди юқоридаги масъалаларнинг муҳимларини ёзиб олиб, яхши ваъдалар берди. Ғалла иши сиездида бўлур, деди. Самарқандда аскарнинг кўнгилли равишда олинишиға ва янгидин тазминот олинмаслигига ва ҳам ер тақсимини мавқуф қолишиға фикри бирлигини сўйлади. Ва бу тўғрида тадбирлар кўрарға ваъда этди. Ва ҳозирғи тақсимнинг нотўғрилигини сўйлади. Самарқанддаги доираларға бул тарзида қоғоз юбормакни ҳам ваъда этди. Хулоса: сўзимни яхши тинглади ва яхши қаради. Ман шундай билдимки, маъқул сўзни болшавик ҳукумати эшитар экан, айб ўзимиздаки қўшулмаймиз ва узулуқ йўриймиз.
Ғалла тўғрисиндаки ишни тамом этмак учун Ниёзуф билан «Туркистон ўртоқ қурултойи»ға бордик. Кўб музокара ва сўзлардин маълум бўлдики, бир қисм аъзоларининг фикри шулки: Туркистон бутун ғаллаларни эгасининг ва деҳқонларнинг ўзига кифоя қилатурғон овқатиндан бошқасини бир ерда жамлаб, сўнгра ҳар кимга муқарраридек бир қадоқдин якун ва оз бермакчи ва бутун ғалла бозорини, ҳатто, хусусий нонвойхоналарни беркитмакчи эканларки, бу ишларни аввалдан «пализатсия» номини эшитгандин маълум бўлуб эди. Мунинг Туркистон аҳлининг маъишатига тўғри келмаслиги ва ғаллаларнинг ер остиға кириб кетиши, Бухоро ва бошқа тарафдин келмаслиги, хулоса: нарх ниҳоятда кўтарилиб, камбағалларға ва балки бутун халойиқға зарар ва машаққат бўлурға мунй бир неча дафъа такса тайинланганда натижаси кўрулди. Агарда ғалла олинмоқчи бўлунса, уйлар ва ҳовлилар ахтарилиб маъмурлар билан халқ орасинда баъзи кутилмаган ҳодисалар чиқиб қолса ажаб эмасдур.
Хулоса: кўб сўйланганум сўнгра бизнинг таклифимиз бироз ўзгартирилиб икки кунги мажлисдан сўнгра шул равишда қабул қилинди. Чунончи, бир дисатин (яъни- тўрт таноб) ғача экин эккан киши ҳеч нима бермайдур. Бир дисатиндин ўн дисатинғача ҳар дисатинасидан тўрт пуддин берадур. Ўн дисатиндин 50 дисатинғача экканлар ҳар дисатинасидан саккиз пуддин, юз дисатиндин ортуқ экканлар ҳар бир дисатиндан 10 пуддин берарлар. Ва бу олинғон ғаллалар муфт—тегин олинмайдур, балки такса тайинланиб пул тўлаб олинур. Ушбу таклифим унга мақбул 37 кишининг товуш ва икки кишининг бетарафлиги ила қарор берилур. Нархига келгунча ихтилоф бўлди. Бошқалар 30 сўмдин 15 сўмғача таклиф этибдурлар ва эҳтимолки ҳар вилоятнинг таксаси бошқа бўлса ва маҳаллий шўроларға такса иши ҳавола қилинса. Мана биродарлар, Тошкандға бориб қилғон ишимиз шудир. Бу майда-чуйда ғаллаларни розилик билан берсак керак. Ўшандоқ онбордорларнинг ғалла олмоқидин ўзларини сақламоқлари керакдур. Чунки онбордорларнинг ғалласини, эҳтимолки, тамоман забт қилинса.
Маним юқоридаги таклифим бутун Туркистон учун қабул қилинди ва ўз фикримча, Туркистонли ватандошларимнинг буни жон ва дилдин қабул этиб, тезлик билан беришлари лозимдур. Агарда умумдан ғаллани олмоқға қарор бўлинса эди, ман халқнинг устиға бўлатурғон кулфат ва оғирлиқдин ниҳоятда қўрқар эдим. Ҳар кимнинг уйи охтарилур эди ва балки ёмон ҳодисаларға сабаб бўлуб, моли ва жони кўб зарар бўлишини ўйлардим. Лекин, алҳамдулиллоҳ бу таклиф қабул қилинди ва Туркистон учун миллиардларча зарар ва балки бизнинг андоза фикриямиз ҳам ташқари зарар ва кулфатларнинг йўлини бу таклиф ва қарор боғлади. Агарда умум тарафиндан бу таклиф ва қарор яхшилиқ билан қабул этилиб, кам ва зиёдасиз ижро қилинса, ўзимни хушбахт санар эдим. Муҳтарам уламо, ҳазрати ва аҳли фикр бу таклифни аҳли халқға тушунтуруб тездан ўрунға келтирмакликнинг нафъини халойиқға онглатсалар эди. Шуни ҳам билмак керакким, бир десатин, яъни тўрт танобғача экилган ғалладан ҳеч бир нарса олинмайдур. Мева ва бедазор, ер олмаси (картошка), сабзи ва бошқа шуларға ўхшаш нарсадин олинмай, фақат ғалла, яъни дони экилган ерлардин олинадур. Туркистоннинг баъзи ерларинда бир десатин 4 таноб ва баъзи ерларда 6 таноб ҳисобланадур. Аммо ҳозирғи қоидаға десатин ҳисоби ила яъни бир танобни 300 соржин ҳисоблаб олинур. Бир таноб 400 соржинлик жойлар бир ярим танобға бир пуд ғалла термарлар. Бир десатин 3400 мураббаъ (квадрат) соржундур.
Фикримча, лозимки ҳар даҳа ва қишлоқ учун махсус комиссия сайлануб, ҳар кимнинг неча таноб ерда нима эккани, аввало, рўйхати ва ўлпон солиқ дафтаридек рўйхат бўлуб, уезд комиссориянинг ва бу тўғридаки алоҳида бош комиссиянинг мустаҳкам этишидан сўнгра, ғаллани йиғиштуруб, ҳар бир деҳқонға махсус дафтарда босма санад (ҳужжат) берилса эди. Токи, хиёнат бўлмасун. Албатта, бу иш тўғрисинда ҳар уезд ва вилоят учун алоҳида бош комиссия тайинланса лозим. Ҳар вўлустнинг ғалласи ўзинда тўпланиб керакинча бошқа жойларға олинур.
Биз ҳозир бўлғон Тошканддаги Туркистон ўлкаси ўртоқ қурултойиға ҳар уезд шўроларидин уч нафардин киши чақирилғон экан. Сирдарё ва Фарғонадин бир неча нафар мусулмон бор эди. Аммо бизнинг Каттақўрғон, Хўжанд, Жиззах ва Самарқанд уездиндин биргина нафар ҳам мусулмон йўқ эди. Демакки, ҳануз халқимиз уйқуда бўлуб, ўз нафъи ва зарури учун қайғурмай, болта келгунча кундадек ётадур. Устиға бир йуқни қўйғондан кейин дод дейурга ул вақтда иш ўтган бўлур. Бу ёмон одатни ташламоқ керак. Замон бошқа замондур.
Тошканднинг барча расмий комиссорияти ва ҳукумат доиралари ҳозирда қайнайдур. Ҳар биринда Туркистон учун зокун (қонун) лойиҳалари тузилмоқдадур. Бир неча мажлисға каминани таклиф этдилар. Баъзисиға боролдим. Мусулмон тилини русий ҳукумат тили этмак мажлисиға ва ҳам Туркистон учун миллий комиссориятлар қонунининг музокараси мажлисиға бир неча дафъа бордим ва лойиҳалари боб-боб ўқулуб, бизнинг таклиф ва тасҳиҳларимиздин баъзнси қабул қилинди. Агарда одам бўлса, миллат нафъиға ишланатурғон ишлар кўб экан.
Туркистон мактаб ва мадрасалари, вақф ва қозихоналар учун лойиҳалари тузилмакдадурки, бизнинг аҳли фикр ва донишларимизнинг иштирок этмаклари лозимдур. Мусулмон шўроларимизға вожибдурки, шундай ишлар учун одам — делегат талаб қилинғонда салоҳиятлик ва муносиб кишиларни сайлаб юборсалар. Ҳозирги ҳукуматга одам керакдурки, муни иш устундагилар ҳам сезибдурлар. Чунончи, ҳукумат аъзоларининг бир мажлисинда Эрон ва Афғонистон давлатлариға кўнсул юбормак масъаласи қўзғолиб, баъзи рус ва мусулмонлар бу хизмат учун мани муносиб кўруб юбормакчи бўлғонлар эканки, ман буни эшитиб, нохушлигим учун сафар машаққатини кўтара олмаслигимни баён этдим. Зотан мен мактаб ва мадрасалар учун бўлатурғон қурултойға борган эдим. Йўлларнинг боғланғони учун қурултой мавқуф қолди. Бовужуд шул бултурғидаги комиссияга бордим. Мадрасалар прўғроммасини кўруб бир оз зичлаштирмоқға таклиф этдим. Чунки мутасарруф прўғромдаки дарсларни мадрасаларға киргузмак билан ундай дарсларни айтатурғон мударрислар йўқдур... Фаннинг ибтидоий таълимини кўрмаган кишига киргузуб таълим бермакдин фойда чиқмайдур. Охиринда шуни моъал-таассуф иқрор этаманки: сиёсий, илмий, маиший ва аскарий йўлларда замон биздин кўб ишлар талаб этадур ва бу ишлар чун замонимиз мусоиддур. Аммо бизда ишлайтурғон одам ниҳоятда оз ва бори ҳам ишламайдур ва ёинки эгри кетадур. Бу фурсатлар ўтганларидек ўтуб кетар. Сўнгра пушаймонликдин бошқа қўлда бир нарса қолмас, масалан, ҳозирда аскарий ва илмий ишлардан қочамизким, бу, бир боланинг мактабдин қочғонининг ўзгинасидур.
«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 2 август. |
|
Қосими Анвар (1355-1433) |
06.06.2013 22:17
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Темурийлар давридаги адабиёт ва тасаввуфнинг йирик вакилларидан бири Қосими Анвардир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шоирнинг дунёқараши ўз даври ва ўзидан кейинги илм-фан ва тасаввуфнинг йирик намояндалари Баҳовуддин Нақшбанд, Садриддин Йаминий, Улуғбек, Неъматулла Вали, Нуритдин Кирманий, Абдураҳмон Жомий ва Навоийларнинг таълимотлари билан ғоявий жиҳатдан яқин туради. Айниқса, Алишер Навоий ўзининг "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида шоир ижоди ҳақида кенг тўхталиб, шеърларидан намуналар келтиради.
Уни замонасининг иқтидорли шоирлари қаторига қўшади: "Равишлари пок эрди ва нафаслари оташноқ - деб хабар беради Алишер Навоий Қосими Анвар ҳақида - Эл бағоят алар назмларига мойил ва шеърларин ўқумоқ ва битмакка роғиб бўлдилар".
Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" ва бошқа манбаларда келтирилишича, Қосими Анвар ёшлигидан Садриддин Ардабилийга мурид бўлиб, сўфийлик тариқатини мукаммал эгаллайди. 1426 йили Хиротнинг масжидида Шоҳрухга қарши фитна уюштирилади. хуруфийлар оқимига мансуб бўлган Аҳмад Лур деган шахс Шоҳрухга пичоқ уриб, уни ярадор қилади. Шу ернинг ўзидаёқ Аҳмад Лур ўлдирилади. Юқоридаги воқеа туфайли Қосими Анвар хуру¬фийлар билан яқин алоқада бўлганликда ва фитнада қўли борлигида айбланиб Хиротдан Самарқандга сургун қилинади. Самарқандни бошқариб турган Улуғбек уни яхши кутиб олади.
Ўша даврда Озарбайжон, Туркия, Ироқ, Сурия ва Шарқнинг бошқа мамлакатларида хуруфийлик оқими кенг тарқалган бўлиб, бу ОҚИМ Марказий Осиё ва Хуросанда, айниқса, Самарқанд ва Хиротда оз бўлсада мавжуд эди. Хуруфийлик оқими ҳарфларни илоҳийлаштириб, кишиларни объектив дунё, ҳарфлар ва худони идрок қилишга чақирадилар. Бу эса бошқаларнинг фикрича, динни обрўсини туширар эди. Хуруфийлар шаҳар камбағаллари ва ҳунармандларининг манфаатини ҳимоя қилиб, зўравонлик, жабр-зулм, зодагонларнинг ўзбошимчалигига қарши кураш олиб бордилар.
Марказий Осиё ва Хуросонда бу оқим тарафдорлари, гарчи улар кўпчиликни ташкил этсада, ҳокимият учун зимдан кураш олиб бор¬дилар, ҳар хил фитна ва ғалаёнлар уюштириб турганликлари боис Темурийлар, айниқса, Шоҳрух ва бошқа ҳокимлар хуруфийлик ОҚИМИ тарафдорларини таъқиб остига олганлар. Қосими Анвар ижоди ва дунёқарашини тадқиқ этган олимларнинг аксарияти, шу жумладан, Е. Браун, 3. А. Қулизода ва бошқалар хуруфийлик оқими шоир ижодига таъсир кўрсатган бўлса-да, уни тасаввуф оқимининг йирик вакили, деб ҳисоблайдилар. Дарҳақиқат, Қосими Анварнинг қолдирган адабий ва илмий мероси ана шундан далолат беради.
Қосими Анвар асарларининг анчагина қисми бизгача етиб келган. Унинг "Девон"и қўлёзмалари Санкт-Петербургда, Гуржистонда. шунингдек, Самарқандда ва бошқа йирик илм марказларида сақланмоқда. 1958 йили Теҳронда унинг "Куллиёти" Саид Нафисий томонидан чоп этилган.
Мутафаккирнинг "Анис ул-ошиқин" ("Ошиқлар дўсти") маснавийси ("Анис ул-орифин" ҳам деб юритилади), "Сад мақом дар истилоҳи суфия" ("Тасаввуф атамаларида юз мақом"), "Рисолайи адади мақомот" ("Мақомларнинг сони ҳақида рисола"), "Рисола дар баёни илм" ("Билим ҳақида рисола"), "Савол ва жавоб" рисоласи ва бошқа асарлари мавжуд.
Унинг таълимотида Аллоҳ ҳамма нарсанинг ибтидоси ва биринчи сабаби, деб талқин этилади. Аллоҳ дунёдаги ҳамма нарсаларда намоён бўлади, улар бир-бирига қўшилиб кетади. Қосими Анвар инсонни мавжудотларнинг аълоси, унга бу дунё ва охиратнинг султони бўлишни Аллоҳнинг ўзи ато этган, деб айтади. "Туйи султони жовидон, туйи мақсад, туйи ақсо" ("Сен мангу султонсан, сен мақсадсан, сен узоқдаги уфқсан"), - дейди у инсон ҳақида.
Маълумки, тасаввуф оқимида ахлоқий масалаларига кенг ўрин берилади. Қосими Анвар ҳам ўзининг тасаввуфий қарашларида, инсон, борлиқ ва Аллоҳнинг бирлигини асослащда ижтимоий муаммолар, ахлоқ ва хулқ-одобга катта эътибор беради. Инсоннинг Аллоҳга яқинлашуви покланишсиз, ахлоқий камолотга эришмасдан ошиши мумкин эмас. Инсон ўзини қанчалик ўрганса, идрок қилса, шунчалик ахлоқан покланиб боради. Аллоҳга яқинлашиш йўлида олға қадам босади. Шу муносабат билан у жоҳилликни қаттиқ қоралайди, зероки у ахлоқий покланиш ва ўз-ўзини билишга халақит беради. Инсон яхши ва хайрли ишлар қиладими, ёвузлик ва адолатсизлик билан шуғулланадими, биринчи ўринда, ўзи сабабчи бўлади. "Ник ва бад гар микўни, бохуд кўни" (Яхшилик ва ёмонлик қилсанг, ўзингга қиласан), - деб ҳисоблайди шоир.
Қосими Анварнинг ижодида ижтимоий масалалар ҳам у ёки бу даражада инъикосини топган. Замонасидан зорланиш, мавжуд жамиятдан норозилик, ҳукмрон синф вакилларининг адолатсизлиги, жабр-зулм ва ноҳаксизликларини қоралаш мутафаккир ижтимоий қарашларида маълум ўрин эгаллайди. У ёлгончилик, фирибгарлик, иккиюзламачиликни қоралайди, зоҳидларнинг ярамас одатларини танқид қилади. Жамиятдаги салбий иллатларнинг йўқотиш йўлларини топа олмаган шоир, бир кун вақти келиб бу дунёда адолат ва ҳақиқат ўрнатилишига умид боғлайди.
Хуллас, Қосими Анварнинг ижодий меросини ўрганиш шундан далолат берадики, у Темурийлар даврининг йирик мутафаккири, шоири бўлган ва ўша давр маънавий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. |
|
|
Ҳамоҳанг фикрлар |
11.09.2014 13:33
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Туркистоннинг биринчи генерал губернатори фон Кауфман: «Мусулмон дини мавжудлигига тоқат қилинади, аммо унинг ривожи рағбатлантирилмайди. Ислом яшаб кетиши учун зарур шарт-шароитидан маҳрум бўлиб қоладиган вақт ҳам келади». («Турон тарихи» журнали, 1993 йил, 2-сон). Яна шу золимнинг мана бундай дегани ҳам тарихда қолган: «Бу халққа (туркистонликларга) иложи борича, мумкин қадар кўпроқ пахта эктириш, уларни тинимсиз ишлашга мажбур этиш керак, токи бу халқнинг бошқа нарсаларни ўйлашга, сиёсий воқеаларни англаб етишга бир зум ҳам вақти ва хоҳиши қолмасин» (Мажид Ҳасаний, «Юрт бўйнидаги қилич», Тошкент, 1997 йил). Русия маориф намояндаси ва миссионери П. Илъинский: «Русиядаги мусулмон халқларга бирорта ҳам ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ бермаслик керак», деган. (Мажид Ҳасанийнинг юқоридаги китоби). Англия умумпалатасининг аъзоси Грехэм: «Мен ҳукуматга қуйидагиларни айтаман: ҳозир улуғ иттифоқчимиз Россияга Полшани Ўрта Осиёдаги арзимас қабилалар бўлган ўзбек ва тожикларга ўхшаб эмас, балки Европадаги маданиятли, христиан миллат сифатида таниб, Полшанинг шунга муносиб суратда тутган ўрнига қараб, у билан муомала қилиши кераклигини айтиш пайти келди» (Англия умумпалатасининг 1945 йил августидаги мажлисида сўзлаган нутқидан). Афтидан барча мустамлакачилар ҳамма вақт бир хил фикрлашади, шекилли! |
|
Фарғона водийсидаги этнолингивистик жараёнларда уйғурлар |
20.01.2014 10:49
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Фарғона водийсининг ўзига хос қулай минтақа эканлиги барчага маълум. Минтақага тарихнинг турли даврларида кўплаб этник гуруҳлар, этнослар вакиллари келиб ўрнашган. Шубҳасиз ўзаро иқтисодий- сиёсий, маданий алоқалар фаол этногенез алоқаларни юзага келтирди. Натижада тиллараро яқинлашишга эҳтиёж пайдо бўлди. Умуман олганда Фарғона водийсидаги этнослараро тил муносабатлари қадим даврдан бошланиб, асосан бу жараён икки йўналишда ривожланиб борди. Биринчи, тиллараро метизация(қоришув) ва иккинчиси, тилларнинг гибридлашуви ҳолатидир. Фаол кечган этнолингивистик жараёнларда тараққиёти уйғурлар билан боғланувчи туркий хунн ва усун қабилалари таъсири яққол кўринади. Академик К.Шониёзов қайд этганидек, Фарғона водийсида туркийлашиш жараёни милоддан аввалги I асрда бошланган бўлса керак1. Фарғона водийси аҳолиси тилининг шаклланиб боришида қарлуқ-чигил лаҳжаси устуворлик қиган. Тарихдан маълумки, VIIIаср ўрталарида Уйғур ҳоқонлиги ташкил топгач, уйғурлар сиёсий етакчига айланади. Ушбу даврдан бошлаб туркий тилли элатлар орасида уйғурларнинг нуфузи анчагина юксалганлигига гувоҳ бўламиз. Уйғурларнинг асл ватани бўлган Шарқий Туркистон худуди Фарғона водийси билан яқин жойлашган. Бу икки географик худудда яшовчи халқлар қадим даврлардаёқ ўзаро сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларда бўлганлар. Айниқса, ушбу худуд халқларининг урф-одат ва анъаналарининг, дини, тили, турмуш тарзининг ўхшашлиги ўзаро яқинлашувга ҳам сабаб бўлган. Иқтисодий ва сиёсий омиллар сабабли уйғурлар(қашқарликлар) Фарғона водийси минтақасига кўчиб ўтадилар. Шарқий Туркистон уйғурлари ва Фарғона водийси аҳолиси туркий тилнинг чиғатой гуруҳига мансуб ҳисобланади. Чиғатой гуруҳи тилларига ўз навбатида уйғур тилининг салмоқли таъсири бўлганлиги сир эмас. Уйғур тили қадимдан ривожланган тил сифатида V-IX асрларда бадиий адабиёт, ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда кўплаб туркий қабилаларнинг мулоқот тили бўлиб ҳизмат қилган.
XIX асрнинг ўрталаридан то XX аср ўрталарига қадар давом этган уйғурларнинг Фарғона водийсига миграцияси натижасида кўплаб уйғур қишлоқлари пайдо бўлди. Ушбу жараён водийда ўзбек-уйғур этнослараро муносабатларини қизғин кечишини таъминлади. Айрим тадқиқотчилар ўзбек ва уйғур тиллараро яқинлигига ишора қилиб, ўзбек тилининг шаклланишига уйғур тили асос бўлган деб айтадилар. Шундай бўлсада, этнограф олим У.Абдуллаев, Фарғона водийсида яшовчи этнослари ўртасидаги лингвистик жараёнларни ўрганиб, ўзбек элати тилининг шаклланишида уйғур тили хусусиятларига ҳаддан ташқари катта ўрин ажратиш ҳам тарихий ҳақиқатга тўғри келмас, деб таъкидлайди. Кўчиб ўтиш жараёнида уйғур аҳоли компакт жойлашган қишлоқларда уйғур тили(миллий тил) хусусиятлари устунлик қилди. Шунингдек, водийнинг баъзи худудлари тилларида уйғурлашиш ёки “умлаут” ҳодисаси юз берди. Чунончи, тилшунос олим А.К.Боровков ўзбек тилининг Наманган шевасини “уйғурлашган” деб ҳисоблайди. Наманган, Уйчи, Чортоқ шеваларида уйғур тили элементлари, айрим фонетик ва морфологик хусусиятлари яққол сезилиб туради. Шарқий Туркистон уйғурлари билан Фарғона водийсида яшаб турган уйғур этник гуруҳининг тилларини бир хил дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Ўтган йиллар мобайнида водийдаги уйғурлар тили(шеваси)да трансформацион жараёнлар тезлашган бўлсада, айрим худуддаги аҳоли ўз она тилларини тўлиқ сақлаб қолаолди. Маҳаллий ўзбек аҳоли ҳамда ўзбек тилининг кучли таъсирида бўлган уйғурлар иккала тилни паралел билганлар. Бундай аҳоли тилшунослар томонидан “икки тилли” ёки “аралаш тиллилар” деб аталади. Мазкур аҳоли микромуҳитда ўз она(уйғур)тилларида, ташқи яъни, ўзга этнослар билан мулоқотда эса асосан ўзбек тилида сўзлашадилар. Уйғур тилининг сақланганлик даражасига қараб водийдаги уйғурлар зич яшовчи қишлоқ ва маҳаллаларни ўзбеклашган, аралашган, уйғур тилини яхши сақлаган гуруҳларга тавсифлаш мумкин. Масалан, Фарғона водийсининг Ўш, Жалолобод, Марғилон, Қўқон шаҳарларида яшовчи уйғур аҳоли ўзбеклашган ҳамда аралашган гуруҳга, Андижон шаҳри ва туманларидаги уйғурлар эса уйғурчани яхши сақлаганлиги билан аҳамиятлидир. Дала тадқиқотларида респондентларнинг шевадаги сўзларига эътибор қаратилганда “ўо”, “нғ”, “эе” товушлари талаффузи локал хусусиятларни, “вэт”, “қан”, “ут”, “ли” кабилар умлаут қўшимчаларини акс эттириши маълум бўлди. Фарғона водийси уйғурлари тили Шарқий Туркистон шеваларидан фарқланувчи ҳамда маҳаллий тиллар уйғунлиги остида ўзига хос тарзда шаклланиб борди. Натижада, мустақил диалектик бирлик сифатида уйғур тилининг “Фарғона шеваси” шаклланди. Мазкур шева кўчувчи тил белгиларига кўра бир типли бўлмаган, она-тилидаги шевалар билан эса специфик жиҳатдан ўхшаш, шу билан бирга ўзбек тилига ҳам яқиндир. Шу боис ҳам уйғур тили хусусида тадқиқотлар олиб борган олим Г.С.Садвакасов, уйғур тилининг “Фарғона шеваси”ни ўзбек ва уйғур тиллари оралиғидаги шева деб ҳисоблайди. Ўтган асрнинг 30-йилларида Фарғона водийсидаги уйғурлар истиқомат қилувчи қишлоқларда бир нечта уйғур тилига ихтисослашган мактаблар очилади. Уйғур ёзуви араб графикасига асосланган бўлиб кейинроқ, лотин ва кирил алифбосига ўтилган. 1980 йилларга келиб уйғур аҳоли фарзандлари ўзбек тилига ихтисослашган мактабларга қатнай бошлаганлар. Уйғур аҳоли йилдан-йилга кўпайиб борсада, бу ҳудудларда ўзбеклашиш ёҳуд трансформация жараёни жадаллашди. Бироқ, бу ҳолат уйғурларнинг этник идентиклик даражасини йўқолишига олиб келмасада, уйғур қишлоқларида тил изоляцияси(чекланган худудда фойдаланиш) кечмоқда. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳозирга келиб бутун дунё миқёсида глобаллашув жараёни кучаймоқда. Шундай пайтда мамлакат ҳудудида яшаётган кам сонли миллат бўладими уларнинг анъаналарини, маънавий маданиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб этнология, этнолингивистика, этнопсихология ва этносоциологиянинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Зеро ҳар бир этник бирлик сон жиҳатидан қанчалик кўп ёки кам бўлмасин ўз этник қиёфасига эгадир.
Г.Валихонова Андижон қишлоқ хўжалик институти катта ўқитувчиси |
|
|