Низомиддин Шомий (XIV аср — XV асрнинг боши) |
20.01.2014 10:14
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Марказий Осиёнинг ХIV-ХV аср, яъни Темур ва Темурийлар даврида яшаб ижод этган моҳир тарихнавис, ёзма ёдгорликларнинг энг дастлабкиларидан бири — Амир Темур топшириғи билан ёзилган. «Зафарнома» асарининг муаллифи Низомиддин Шомийдир.
Низомиддин Шомий ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз асарларидан баъзи бир кичик-кичик лавҳалардан ташқари Ўрта асрлар ёки ҳозирги замон манбаларида маълумотлар жуда кам. Туғилган йили номаълум. Унинг Шомий ёки Шанби Ғозоний нисбаси асосида, у аслида Табриз чеккасидаги Шанби Ғозон деб аталган мавзедан бўлган, деб тахмин қилинади. Мавлоно Низомиддин 1398 йилнинг август ойида Амир Темур аскарлари Бағдод шаҳрини забт этганликлари ҳақидаги воқеаларни қаламга олар экан, ўзи биринчи бўлиб шаҳардан чиққанлиги, ҳазрат Соҳибқирон билан учрашиб, суҳбатида бўлганлигини эслатиб ўтади («Зафарнома», Тауэр нашри, 1-жилд, Байрут, 1937 й., 139-бет.). Демак, у 1398 йили Боғдодда яшаган ва унинг Амир Темур билан биринчи учрашуви ана шу йили содир бўлган. Амир Темур билан иккинчи учрашуви эса «Зафарнома»нинг 1400 йил воқеалари баёнида учрайди. Ўша йили октябр ойида Амир Темур Шом (Сурия) чегарасида жойлашган Ҳалаб шаҳрини қамал қилган. Муаллифнинг ёзишича у ўша вақтда Ҳижоз сафарига кетаётган экан, шаҳар муҳофазачилари ундан шубҳаланиб тўхтатганлар ва қалъа рўбарўсидаги бир бинога қамаб қўйганлар. Бу ердан у қалъанинг забт этилишини ўз кўзи билан кўрган (Уша жой, 227-бет). Шу давр муаррихларидан бўлган Ҳофизи Абрунинг ёзишича, жангдан сўнг Жалол ус-Ислом номли бир амир Низомиддин Шомийни Амир Темур ҳузурига олиб келган, ҳазрат Соҳибқирон унга илтифотлар кўргазиб, яхши қабул қилган («Зафарнома», Тауэр нашри, 2-жилд, Прага, 1956 й. 160-бет).
Жумладан, Ҳофзи Абру яна 1412 йил воқеаларини баён этар экан, Низомиддин Шомийни марҳум сифатида тилга олади (Ўша жой, 14-бет). «Зафарнома»нинг ёзилиш тарихи ҳақида шуни таъкидлаш лозимки, Мавлоно Шомийнинг ўзи берган маълумотга кўра, ҳижрий 804 йили (1401 йил 11 августдан 1402 йил 1 август оралиғи) Амир Темур уни ҳузурига чорлаб, ўз юришлари битилган йирик бир асар яратишга ундаган. Соҳибқирон ўша даврга қадар мунший ва котиблари тарафидан тузилган битиклар уни қониқтирмаганлигини айтган. Ёзилажак асар бир томондан, авом халққа тушунарли, содда, равон тилда ва айни пайтда маърифатли кишилар эътиборига ҳам лойиқ тарзда ёзилишини уқгирган. Мавлоно Низомиддин бу масъулиятни ўз бўйнига олган («Зафарнома», 1-жилд, 10-11-бетлар).
Табиийки, бу учрашувдан сўнг Низомиддин Шомий сарой тарихчиси сифатида Амир Темурнинг кейинги барча юришларида унга ҳамроҳлик қилган. 806 йил муҳаррам ойида (1403, июл-август) Грузиядаги Биртис қальаси забт этилишини ёзар экан, Низомиддин Шомий бу воқеани ўзи кузатганлигини айтади. Шомий юришлардан бирида ийди рамазон муносабати билан йиғилган жамоага ваъз айтиб, сўнг ийд намозида пешнамозлик қилган. Бу воқеани машҳур тарихнафис Шарафиддин Али Яздий шундай тавсифлаган: «Шу йил рамазон ийдини (806/1404) ҳазрат Соҳибқирон Оби-Оғлиқ ёқасида кутди. Замонанинг балоғатли фузалоларидан бўлган ва ҳазрат Соҳибқироннинг эзгуликлари ва фахрли ишларидан бир қанчасини баён қалами билан ифодалаган Маволоно Низомиддин Шанбий йид хутбасининг қироатига ва намозига киришди» (Яздий, «Зафарнома», Тошкент, 1972, 449-6).
Тахминан, шу вақтда, ёхуд бир неча ҳафта кейин Мавлоно Низомиддин Соҳибқирон юришларини 1404 йил баҳоригача етказиб, асарни тамомлаган ва уни Озарбайжондан Самарқандга қайтиш тарадуддида бўлган Амир Темурга тақдим этган (Бундан кейинги — Темур вафотигача (феврал, 1405) кечган воқеалар, кейинроқ Ҳофизи Абру томонидан «Зайл» — (Илова) тарзида ёзилган.
Низомиддин Шомий «Зафарнома» асарини ёзиш учун қандай манбалардан фойдаланганлиги хусусида, афсуски, на ўзининг ва на замондошлари асарида учрайди. Лекин «Зафарнома» асарини тадқиқ этиш натижасида Шомий қуйидаги манбалардан фойдаланганлигини тахмин қилиш мумкин:
а) Амир Темурнинг котиблари назм, насрда форсий, туркий тилларида ёзган кундаликлар ва битиклар. Булар Низомиддин Шомий ва ундан кейинги муаллифлар даврида мавжуд бўлган бўлса ҳам, бизнинг даврларга етиб келмаган ёки ҳали топилганича йўқ; б) муаллифнинг ўзи кейинги 2—3 йил давомида Амир Темур юришлари шоҳиди бўлган ва ёзиб олган воқеалар; в) Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши билан боғлиқ воқеалар баён этилган Ғиёсиддин Алининг «Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриш кундалиги» асари. «Зафарнома» тарихий асар сифатида XIV-XV асрларда Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги давридаги Марказий Осиё, Олтин Ўрдахонлиги, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Миср, Туркия ва бошқа мамлакатлар тарихига оид воқеаларни ўз ичига олган Асар муқаддимасида Амир Темур тарих саҳнасига чиққан 1360 йилга қадар Марказий Осиёда ҳукмронлик қилган чингизий ҳукмдорлар ҳақида қисқача маълумот берилган. Сўнгра Амир Темурнинг XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрнинг бошида қилган юришларининг батафсил баёни келтирилган. Асар 1404 йил март ойида Амир Темурнинг Озарбайжонда Аррон Қаробоғида турганлигининг баёни билан якунланиб, унинг вафотигача, яъни, бир йилча вақт ичида содир бўлган воқеалар ёритилмай қолган.
Низомиддин Шомий асарида келтирилган воқеалар силсиласи кейинги тарихнавислар томонидан давом эттирилган. Жумладан, Темурийлар Шоҳрух Мирзонинг тарихнависи Ҳофизи Абру «Мажмуа» («Тўплам») асарини ёзар экан, Шомийнинг «Зафарнома»сидан ҳам фойдаланган ва воқеалар тизмасини Шоҳрух Мирзо ҳукмронлик қилиб турган 1420 йилгача давом эттирган. Кейинроқ, 1423 йили Шоҳрух Мирзонинг ўғли Бойсунғур Мирзо (вафоти — 1433) фармони билан Ҳофизи Абру тўрт жилддан иборат «Мажмуа ут-таворихи султония» («Султонга аталган тарихлар йиғиндиси») деб аталган асарни ёзишга киришган ва уни 1427 йил воқеаларининг баёни билан тугатган.
Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асари ўзида жамланган тарихий маълумотларнинг ишончлилиги билан XV-XVI асрларданоқ бошқа асарлар учун бош манбалардан бири бўлиб хизмат қилган. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи»), Фасиҳ Ҳавофийнинг «Мужмаи Фасиҳий», Муҳаммад Фазлуллоҳ Мусавийнинг «Тарихи ҳайрот», Хотифийнинг назмда битилган «Темурнома», Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» («Поклик боғи»), Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» («Яхши хислатлар») ва бошқа бир қатор асарлар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бирида илгариги асарлардаги воқеалар ҳар хил таҳрирларда қайтарилиши билан бирга бошқаларида учрамайдиган воқеалар тафсилоти ҳам мавжуд.
Шомий «Зафарнома»сининг фақат икки қўлёзма нусхасигина сақланиб қолган. Биринчиси, Амир Темурга тақдим этилган қўлёзмадан 1425 йилда кўчирилган нусхаси бўлиб, у Истамбулдаги «Нури Усмония» масжиди кутубхонасида, 3367-инвентар рақами остида мавжуд. Иккинчиси, муаллиф Амир Темурнинг набираси Мирзо Умар баҳодир ибн Мироншоҳ (вафоти — 1409)га тақдим этган қўлёзмадан 1434 йили кўчирилган нусха бўлиб, у Лондондаги Британия музейи кутубхонасида, 23980-инвентар рақами билан сақланади.
Таниқли матншунос олим Феликс Тауэр мазкур қўлёзмалар ноқис бўлганлиги сабабли, уларни Ҳофизи Абрунинг «Зубдат ут-таворих» асари билан солиштириб тадқиқ этиш асосида «Зафарнома»нинг икки жилддан иборат илмий-танқидий матнини нашр эттирган. Биринчи жиддига фақат «Зафарнома» илмий-танқидий матни киритилган. Иккинчи жилдида эса нашрнинг сўзбошиси, қўшимчалар, нусхалардаги фарқлар берилган.
Асар кейинги вақтларда Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан ўрганилиб, ундан қисқартирилган таржималар амалга оширилган. Жумладан, 1949 йили Анқарада Нежоти Луғол деган олим Ф. Тауэрнинг нашри асосида қисқартириб, турк тилида таржима қилган. Ундан ташқари, шарқшуносликка оид бир неча китобларда бу асардан терма таржималар эълон қилинди. Бу таржималар тўлиқ бўлмасада ноёб бўлиб қолган. Шуни назарга олган ҳолда кейинги йилларда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида «Зафарнома»нинг ўзбек тилига тўлиқ илмий-изоҳли таржимаси Ҳофизи Абру «Илова»си билан бирга нашрга тайёрланди. Унга институтнинг со-биқ клмий ходими, марҳум Юнусхон Ҳакимжоновнинг Ф. Тауэр нашри бўйича қилинган дастлабки қоралама таржимаси асос қилиб олинган.
А. Ўринбоев |
|
Султонга йўл бўлсин... |
20.03.2014 06:11
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Буюк ҳукмдорларидан Султон Маҳмуд Собуктакин Ғазнавийлар давлатининг илм ва салоҳиятда тенгсиз ҳукмдорларидан эди. У бутун ҳаёти мобайнида дини исломни ёйишда ўз шижоатини аямади. Унинг дин ва маърифат пешволарига бўлган муҳаббати чексиз эди. Шу сабабли уларнинг зиёратларига борар, уларнинг тавсия ва иршодларига кўра ўз тадоригини кўрар эди.
Бир сафар вазирлари ва амирлари билан биргаликда замонасининг кўзга кўринган авлиёларидан шайх Абул Ҳасан Ҳарақоний ҳазратларини зиёрат қилишга борди. Одамларидан бир нечтаси шайх олдига олдинроқ бориб унинг олдига Султон Маҳмуд келаётганини, бориб уни кутиб олиши кераклигини айтишади. Шайх уларнинг гапларига парвосига ҳам келтирмабди, ҳатто жойидан қимирлаб ҳам қўймабди. Султон ва одамлари шайх эшиги олдигача яқинлашдилар. Бош вазир ялингудай бўлиб «Эй дин пешвоси, ҳеч бўлмаса подшойи салтанатни эшигингиз олдида кутиб олинг», деди. Ҳарақоний бу гапга ҳам ижобат қилмади. Вазир энди баланд овозда «Эй муборак зот, сен Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 59-оятида «Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» деганини, унутдингми?», деди.
Шайх Ҳарақоний жавоб тарзида: «Биз сен айтганинг Аллоҳ амрининг «Аллоҳга итоат қилингиз» деган жойигача тўлиқ амал қилмаяпмизки, ҳали навбат Пайғамбарга ҳам етиб келмади, султонга йўл бўлсин....»
Султоннинг ушбу гапга заррача ҳам жаҳли чиқмади ва у ҳам индамайгина муридлар орасига суқулди. Зиёратдан сўнг атрофдагилари билан шайхга чуқур ҳурмат бажо қилиб саройга қайтиб кетди.
Ирода Тўрахонова тайёрлади
|
|
|
Абдурауф Фитрат. Мухторият (1917) |
13.03.2014 23:53
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Туркистон мухторияти... Темур хоқонининг чин болалари ёнинда, туркистоннинг тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли[1], мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман.
Туркистон туркининг қонини қайнатғучи, имонини юксалтгучи бир қувват бор эса, ёлғуз шу сўзда бордир: Туркистон мухторияти.
Элли(к) йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қияинди, ҳуқуқимизға тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик.
Кучга таянган ҳар буйруғга бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшрун турдик, эмгакларимизға ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!
Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтғанда, ёруқсиз турмаларда ётғанда, йиртғучи жандармнинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузилди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда, тушкун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб тура(р) эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!
Биз аниқ била(р) эдикким, золим Николай ҳукумати қанча яшарса яшасун, адолат ошиқи бўлған... рус демократияси, ҳақға таянган бир инқилоб, ҳар миллатнинг ўз ҳақларини қайтарур.
Инқилоб бўлди. Русиянинг «қўшма халқ жумҳурияти» усули билан[2] идора этилури жарланди. Шул эълон узра ясалган Украина, татар ва бошқа миллатлар мухториятлари тасдиқ этилди. Қўнуқ[3] Туркистонники эди. Туркистоннинг тарихий хонбалиқлариндан иккинчиси бўлған Хўқанд шаҳринда тўпланған Туркистон қурултойи 27 нўйабрнинг «миллий лайлатурқадримиз бўлған» ярим кечасинда Туркистон мухториятини эълон қилди.
Лекин шуниси борким, бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керақдир. Буларни миллат ҳозир қилсун.
(«Ҳуррият», 1917 йил, 5 декабр).
Мақола «Фан ва турмуш»нинг 1990 йил, 10-сонида (30—31-бетлар) қайта нашр қилинган нашрга тайёрловчи Ш. Турдиев).
[1] ўғурли — ҳайбатли, буюк.
[2] «қўшма халқ жумҳурияти» усули — Русиянинг федерация асосидаги бошқарилуви назарда тутилади. Дастлаб, бошқа республикалар иттифокдош жумҳуриятлар бўлиб эмас, балки Русия ҳудудидаги мухтор (автоном) жумҳуриятлар бўлиб бирлашганлар.
[3] қўнуқ — навбат, гал. |
|
Қрим хонлиги ва унинг хароб бўлиши |
16.04.2014 22:27
|
Муаллиф:
|
|
|
|
|
Пойтахти - Боғчасарой. Ҳудуди-400 минг км2 (1500). Давлат тили - татар тили.
Қрим хонлиги Днепр ва Дунай орасидаги ерларни, Азов бўйларини ва ҳозирги Краснодар ўлкасининг катта қисмини эгаллаган. Хонлик расман 1478 йилдан Усмонийлар давлатининг иттифоқчиси бўлган ва бу иттифоқ, 1774 йилги Кичик Қайнаржа битими тузилгунча, амалда бўлган. Қрим хонлиги Россия империяси томонидан 1783 йили аннексия қилинди.
Мўғулларнинг Қримга юриши 1223 ва 1239 йилларга тўғри келади. 1224 йили улар руслар ва половецларнинг бирлашган қўшинини енгиб Судоқни олишди. 1237 йили мўғуллар томонидан половецлар йўқ қилинди. Шундан сўнг бутун Қрим Олтин Ўрда номи билан машҳур Жўжи улуси таркибига кирди. 1363 йили Литва князи Ольгерд татар қўшинини енгиб Қримга тажовуз қилди, Херсонни талон-торож этди. 1397 йили Витовт Қримга юриши чоғида Каффагача келиб, Херсонни вайрон қилди. 1399 йили Тўхтамишга ёрдам берган Витовт Ворскла бўйларида Темур Қутлуғ бошлиқ татарлар томонидан тор-мор келтирилди.
Қримнинг мустақил бўлиши
1420 йили, Едигей вафотидан сўнг, Олтин Ўрда Қрим устидан назоратни йўқотди. Шундан кейин Қримда тахт учун кураш бошланиб кетди. Бу курашда гирейлар сулоласига мансуб Ҳожи Гирей ғолиб бўлди. 1427 йили у ўзини Қрим хони деб эълон қилди. 1441 йили Литва князлиги ва маҳаллий зодагонлар томонидан тахтга чиқарилди. XV аср ўрталарида Олтин Ўрда ичидаги нотинчликлар туфайли давлат Қрим, Қозон, Астрахан хонликпари ва Нўғай Ўрдага бўлиниб кетди.
Усмонийлар давлатига тобелик
1482 йили Москва князи Иван III Менгли Гирейни польяк ерларига юриш қилишга чақирди. Менгли Киевни эгаллаб талон-торож қилди. Хон қўлга тушган нарсалардан Иван III га София черковидаги қимматбаҳо буюмларни юборди. 1474 йили Иван III Менгли Гирей билан иттифоқ тузди, бу иттифоқ унинг ўлимигача сақланиб қолди. 1475 йили усмонийлар қўшини генуяликлар асос солган Қрим соҳилларидаги Феодоро князлигини эгаллади. Князликда 200 мингтача киши яшар, аҳолининг асосий қисми греклар, аланлар, готлар ва бошқалар эди. Қримнинг тоғли минтақаларини, Қора денгиз, Азов денгизи бўйларидаги ва Кубандаги қалъаларини эгаллаган мазкур ҳудудлар тўғридан-тўғри Истанбулга бўйсунарди. Турклар у ҳудудда қўшин, давлат аппаратини жорий қилиб, солиқ йиғиш билан шуғулланган. 1478 йилдан бошлаб Қрим хонлиги расман Усмонийлар давлатининг вассалига айланди, 1774 йилги Кичик Қайнаржа битими имзолангунча, вазият сақланиб қолди. Хонларни тайинлаш, тасдиқлаш ва ағдариш 1584 йилдан Истанбул хоҳишига қараб амалга ошириларди.
Моcква давлати ва Реч Посполитага қарши урушлар
XV аср охиридан Қрим хонлиги Москва давлати ва Польшага қарши мунтазам юриш қилиб турди. Бу юришлар, асосан, аҳолини талаш ва қул қилишдан иборат эди. Айниқса, асирларни қўлга олиш татарларни кўпроқ қизиқтирарди. Асирларни қул қилиб сотиш хонликнинг муҳим даромад манбаи эди. Каффада йирик қул бозори фаолият кўрсатган. Баъзи тадқиқотчилар фикрича, Қримнинг қул бозорларида икки аср мобайнида 3 миллиондан ортиқодам сотилган, уларнинг асосий қисми руслар, украинлар ва польяклар эди. Ҳар йили Москва давлати 65 минггача кишини кеч кузгача Ока дарёсини ҳимоя қилишга жўнатган. Қримнинг ўзида асирлар кўп қолдирилмасди. Қримнинг урф-одатига кўра, қуллар 5-6 йилдан сўнг озод қилинган. Ҳозиргача сақланиб қолган рус ва украин ҳужжатларида баъзи асирлар ўз юртига қайтиб боргани ёзилади. Озод қилинган кишиларнинг айримлари Қримнинг ўзида қолишни маъқул кўрган. Украин тарихчиси Дмитрий Яворницкий қуйидаги воқеани келтиради: «1675 йили Запорожье казаклари атамани Иван Сирко Қримга босқин қилиб катта мол-мулкни қўлга киритди, жумладан, етти мингта яқин христиан қулларни ҳам. Атаман уларга казаклар билан бирга ватанингиз қайтасизми ёки Қримда қоласизми деб мурожаат қилган. Асирларнинг уч минги Қримда қолишини билдирган. Сирко уларни қириб ташлашни буюрган». Қримда қулга айлантирилган кишилар исломни қабул қилса, дарҳол озод этилган. Рус тарихчиси Валерий Возгриннинг маълумотлари бўйича, Қримда XVI - XVIII асрлардаёқ қулчилик тугатилган. Асирга олинганларнинг кўпчилиги Усмонийлар давлатига сотиб юборилган. Хон Давлат I Гирей Иван IV Грознийга қарши тўхтовсиз уруш олиб борган. 1571 йили Қрим хони 40 минг суворий қўшин билан Москвага юриш қилиб ўт қўйди. Хон бу ғалабаси учун «Тахт алған» (Тахтни олган) унвонига эга бўлди. Кўплаб тарихчилар гувоҳлигига кўра, Москвада бир неча юз мингдан ортиқ киши ўлган ва 50 мингга яқин киши асир тушган. Иван IV Польша каби Қрим хонлигига ҳар йили ўлпон тўлаш мажбуриятини олди. Пекин 1572 йили Молодях жангида татарлар қақшатқич мағлубиятга учрашди. Натижада Қрим хонлиги аввалги қудратини йўқотиб, Волгабўйига даъвосидан воз кечди. Қримга ўлпон тўлаш XVII аср охиригача давом этган ва Пётр I даврига келгандагина тўхтаган.
XVII аср - XVIII асрнинг бошларида Қрим
Ислом III Гирей (1644 - 1654) украин гетмани Богдан Хмельницкийга Польшага қарши олиб борган курашида ёрдам берди. Сайёҳ Авлиё Чалабий 1660 йили Қрим бўйлаб саёҳат қилар экан, бир қанча қимматли маълумотлар қолдирган, масалан: «Татар фуқаролари 12 тилда сўзлашишади ва фақаттаржимони орқалигина бир-бирларини тушунишади», -деб ёзади. Салим I Гирей (1671 -1678,1684 -1691,1692-1699,1702 -1704) усмонийлар билан бирга Реч Посполитага қарши муваффақиятли, Москва давлатига қарши омадсиз уруш олиб борди. Москвага қарши юришдаги мағлубиятдан сўнг Родосга сургун қилинди. Мурод Гирей 1683 йили турклар билан бирга Венани қамал қилишда, немисларга қарши жангларда иштирок этган. Вена остоналарида мағлубиятга учраб турк султонига хиёнат қилишда айбланган ва хонликдан маҳрум этилган.
Карл XII ва Мазепа билан иттифоқ тузишга уриниш
1700 йилги Константинополь битими қрим татарларига Россия ва Украина ерларига босқин қилишни тақиқларди. Карл XII 1709 йил баҳорида Давлат II Гирейга бир неча бор ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузишни таклиф қилди. Усмонийлар давлати Россияга қарши уруш олиб боришни астойдил истамаётгани боис, Қрим хонлиги рус-швед уруши силсиласидаги Полтава жангида бетарафликни сақлади. Полтава жангидан сўнг Карл XII Истанбул ва Боғчасарой билан яхши алоқани йўлга қўйди. Аҳмад III урушда қатнашишга иккиланган бўлса, Давлат II Гирей ҳар қандай чақириққа рози эди. Уруш бошланишини кутмасдан 1710 йил май ойида Карл XII нинг ноиби Филипп орлик ва запорожьеликлар билан битим тузди.
Битим шартлари қуйидагича эди:
1. Хон запорожьеликлар билан иттифоқ тузиш мажбуриятини олди, бироқ бу ҳолатда уларни бўйсундирмаслиги лозим эди. 2. Давлат II Украинанинг Москвадан тўлиқ мустақил бўлишига ёрдам бериши, бу ҳолатда асир олмаслиги ва православ черковларини таламаслиги керак эди. 3. Хон Украинанинг шарқ томонини Москвадан ажратиб, ғарб томонига қўшиб ягона мустақил давлатга бирлаштиришда бор кучи билан ёрдам бериши талаб этиларди.
1711 йил 6-12 январь кунлари Қрим қўшини Перекопдан ўтди. Киевга Маҳмуд Гирей 40 минг кишилик қўшин билан юриш бошлади, унга 7-8 минг кишилик орликлар ва запорожьеликлар, 3-5 минг польяклар, 400 нафар яничар ва полковник Цюлих бошлиқ 700 кишилик шведпар ҳамроҳ эди. 1711 йил февраль ойи давомида Қрим қўшини Брацлав, Богуслав, Немировни эгаллади. 1711 йил ёзида Пётр I 80 минг кишилик қўшин билан Прут юришига жўнади. Қрим қўшини турклар билан биргаликда 70 минг киши чамаланарди. Улар Пётрни қуршовга олишди. Пётр I иложсиз қолиб турклар билан Прут тинчлик сулҳини имзолади. Сулҳга кўра, Россия Азов денгизига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди ва Азов-Қора денгиздаги флотидан айрилди.
1736-1738 йиллардаги рус-қрим уруши ва Қримнинг хароб бўлиши
Қоплон I Гирей (1707- 1708, 1713- 1715, 1730-1736). Қоплон усмонийларнинг Эронга қарши урушида қатнашишга маж-бур эди. Россия империяси норозилигига қарамай, хон қўшинини рус чўлларидан олиб ўтди. Бу эса Қрим ва Россия ўртасида янги уруш чиқишига сабаб бўлди. Россия 1735- 1738 йилларда Қримга Миних ва Ласси бошчилигида қўшин жўнатди. Бу юриш натижасида Қрим пойтахти Боғчасарой билан биргаликда хароб қилинди. 1736 йили Миних қўшини Кезлев ва Боғчасаройни бутунлай вайрон этди, шаҳарга ўт қўйилди, қочишга улгурмаган аҳоли қирғин қилинди. Шундан сўнг рус қўшини йўлидаги барча манзилгоҳларни талаб Қримнинг шарқий қисмига юриш қилди. Бироқ ўликпар ўз вақтида дафн этилмагани боис, вабо тарқалиб, кўплаб рус аскарлари қирилди. Миних қолган қўшинни олиб Перекоп ортига кетди. Шарқий Қрим 1737 йили Ласси бошлиқ қўшин томонидан хароб этилди. Рус қўшини Қорасувбозорга ўт қўйиб, шаҳар аҳолисини қириб ташлади. 1738 йили Қримга қарши янги юриш режалаштирилди, лекин Қримда ҳаммаёқ вайрона ҳолида бўлгани ва очарчилик давом этаётгани сабаб, юриш уюштирилмади. 1736 - 1738 йиллардаги уруш Қрим учун ҳалокатли бўлди. Барча муҳим шаҳарлар хароба ҳолида ётар, иқтисодга жуда катта зарар етказилган, мамлакатда очарчилик ва вабо ҳукм сурарди. Аҳолининг катта қисми ўлганди.
1768 - 1774 йиллардаги рус-турк уруши ва Кичик Қайнаржа битими
Қрим Гирей II бошқаруви даврида Усмонийлар давлатини Россияга қарши урушга тортди. Бу уруш хонликнинг қулашига сабаб бўлди. Уруш Россия учун катта фойда келтирди. Румянцевнинг Ларга ва Калугадаги, Орловнинг Чесмедаги ғалабалари Екатеринани бутун Европада машҳур қилди. Рус қўшини қўмондони Долгоруков Қримга кириб Салим II ни иккита жангда мағлуб этди, бир ой ичида Қримни эгаллади. Долгоруков қўшини Қримни талаб шаҳарларга ўт қўйди, тинч аҳоли ҳам аямай қириб ташланди. Салим II Истанбулга қочди. Қримликлар қуролларини ташлаб Россияга бўйсунишини билдирди. 1774 йил 10 июлда тузилган Кичик Қайнаржа битимига мувофиқ Қрим хонлиги сақланиб қолди, лекин Кинбурн, Керчь ва Ениқалъа Россияга ўтди, шунингдек, Қора денгизда рус флоти эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлди.
Сўнгги хонлар ва Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши
Рус қўшини Қримдан чиқарилгач, бутун мамлакатда исён бошланди. Алуштага турк бўлинмалари келиб ўрнашди, рус резиденти Веселицкий Шоҳин томонидан асирга олиниб турк қўмондонлигига топширилди. Алушта, Ялта ва бошқа жойларда рус бўлинмаларига ҳужум қилинди. Қримликлар Давлат IV ни хон қилиб сайлашди. Бу вақтда Истанбулдан Кичик Қайнаржа битимининг матни олинди. Бироқ қримликлар битимда кўрсатилган шаҳарларни Россияга беришни хоҳлашмасди. 1776 йили Россия жанубий чегаралар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Днепр бўйлаб Азовгача 7 та қалъа қурди. Хон Шоҳин Гирей ҳукмронлиги даврида бир қатор ислоҳотлар ўтказишга уринди. Лекин аҳоли ўртасида ҳар хил ихтилофлар чиқиб, рус бўлинмаларига ҳужум қилишди ва хон саройини талашди. Шоҳин бир қанча ваъдалар беришига қарамай, тахтдан ағдарилди. Улар Баҳодир II ни тахтга чиқаришди. Руслар тезда Қримдаги исённи бостирди. Шоҳин яна тахтга ўтириб рақибларини қатағон қилди. Русларнинг Азов бўйидаги қўшинига Суворов қўмондон этиб тайинланди. 1778 йили Қримдаги христианлар (тахминан 30 минг киши) Азов бўйларига, греклар Мариополга, арманлар Нахичеванга кўчирилди. Шоҳин бу воқеалардан сўнг усмонийлар ҳукуматига мурожаат этди. Усмонийлар Қримдан рус қўшинининг чиқарилишидан сўнггина уни хон деб тан олишларини билдирди. 1782 йили Қримда янги қўзғолон бошланди. Шоҳин аввал Ениқалъага, сўнг Кубанга қочди. Россия томонидан тан олинмаган Баҳодир II хон этиб сайланди. 1783 йили рус қўшини огоҳлантиришсиз Қримга бостириб кирди, Шоҳин Гирей тахтдан воз кечди. Унга яшаш учун Россиянинг бирорта шаҳрини танлаш имкони берилиб, харажати учун маблағ ажратилди. Дастлаб Воронежда, сўнг Калугада яшади. Бироз вақт ўтгач усмонийлар ҳукуматининг сўровига биноан Шоҳин туркларга топширилди ва Родос оролига жойлаштирилди. 1783 йил 8 апрелда Россия императори Екатерина II Қрим, Таман ва Кубаннинг Россияга ўтгани ҳақида манифест эълон қилди. 1791 йили Ясса тинчлик сулҳига кўра Усмонийлар давлати Қримни Россия ҳудуди деб эътироф этди.
Шодмон Воҳидов, Адишер Қодиров "Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан |
|
|