Саналар
20.12.2024
Баннер
Боғдоднинг қулаши - Боғдод қўлга олингандан сўнг (1-қисм)
PDF Босма E-mail

Боғдоднинг қулаши

Муаллиф: Муҳаммад Султанов

Боғдод қўлга олингандан сўнг

1-қисм

 

 

Мусулмонлар давлати заифлашган даврлар бўлган, аммо халифалик яна бошидан оёққа туриб, кучли ва қудратли давлатга айланиб, бутун мусулмон умматини бирлаштирар эди. Лекин мусулмон ўз халифасини ва бутун халифаликни йўқотганидан сўнг қандай йўл тутиши керак? Бундай ҳолатда мусулмонларнинг бирлашиши ниҳоятда қийин, ҳатто иложсиз. Ниҳоят шундай давр келди: Ислом олами пойтахти Боғдод фатҳ қилинди, шу билан биргаликда халифалик хам халифа ҳам қулади. Халифа ва у билан халифаликнинг йўқ бўлиши – бу мусулмонлар учун жуда катта фожиа эди. Боғдод фатҳ қилингандан сўнг мўғуллар шаҳардаги ва унинг атрофидаги мусулмонларнинг мулкларини талон-тарож қилишар, одамларни ўлдиришар, шаҳарларни вайронага айлантиришар ва Ислом маданиятини йўқотишар эди. Боғдоддаги жиноятчилик ва қийинчиликлар қирқ кечаю қирқ кундуз давом этиб, кўчалар одамларнинг ўликларига тўлиб, ерлар қондан қизилга бўялиб кетган эди. Шаҳар уйқуга кетган, фақат мўғулларнинг кулгуси, бор-будидан айрилган аёллар ва ёш болаларнинг йиғисидан бошқа нарса эштиламас эди. Қирқ кун давом этган бу ваҳшийликлардан сўнг Хулаго қўшинига вабо тарқалишидан қўрқиб, (шаҳар ичида бир миллиондан ортиқ жасадлар кўчаларда ётар эди) фармон чиқаради. Унга кўра:

1. Аскарлар орасида вабо тарқалишининг олдини олиш мақсадида бутун қўшин Боғдоддан чиқарилиб, Ироқ шимолидаги шаҳарларга юборилиши, мўғулларнинг кичик гуруҳи Боғдод атрофига жойлашитирилиб, ҳар қандай иғволарнинг олди олиниши керак;

2. Боғдодда аҳоли учун тўлиқ хавфсизликни таъминлаш ва мусулмонлардан бирортасини ўлдирилмаслик керак. Яширинган барча одамлар яширин жойларидан чиқиб ўликлари кўмиш учун имкон яратиб бериш. Лекин бир миллиондан ортиқ одамни кўмиш жуда ҳам оғир иш бўлиб, бунга жуда кўп вақт кетади. Ҳаво ўзгармагунча буни қилишмаса, бутун Ироқ ва Шомга касаллик тарқалиши эҳтимоли бор. Бордию эпидемия тарқалса, мусулмон ёки мўғулни ажратиб ўтирмас эди. Шунинг учун Хулаго ўликларнинг барчасидан Боғдод аҳолиси ёрдамида қутулмоқчи эди. Ранглари оқарган, озиб кетган, оғир аҳволдаги мусулмонлар яширин жойларидан чиқиб бир-бирларини танишмас эди. Ҳамма ўликлар орасидан ўзининг оға-инисини, отасини, онасини, боласини излашга тушди. Мусулмонлар зудлик билан ўликларни кўмишга киришдилар, аммо Хулаго тахмин қилганидек, шаҳарда жуда даҳшатли эпидемия бошланиб, каллакесарлардан омон қолган мусулмонларнинг жуда кўпи ҳалок бўлди. Бу ҳақида Ибн Касир қуйидагини ёзади: “Қирғиндан тирик қолганлар вабодан қочиб қутула олмади. Бу Боғдодни эгаллаган яна бир офат эди. Аллоҳдан ўзга ҳеч кимда на куч ва на қудрат бор”.

3. Мўғуллар томонидан Боғдодда тузилган янги бошқарув кенгашига шиа Муаййид ад-дин Ибн Ал-Алқомийни тайинлаш керак. Аммо Ал-Алқомий шунчаки кўргазма учун тайинланган бўлиб, тўлиқ бошқарув фақат мўғуллар қўлида эди. Шунингдек, мўғуллар Ал-Алқомийни ҳар қадамда пастга уришар эди. Бу нафақат Хулаго ёки унинг юқори мартабали қўмондонлари, балки оддий аскарлар томонидан ҳам юз берарди. Кунлардан бир куни бундай пастга уришларни бир аёл кўриб қолган. Ўшанда Ал-Алқомий отига минмоқчи бўлганда оддий аскарлар унинг отини хипчин билан уриб ҳуркитишар эди. Шунда аёл унга қараб: “Аббосийлар сенга шундай муносабатда бўлишганми?” – деб сўрабди (Ал-Бидоя ва ан-ниҳоя”). Бу аёл Аббосийларнинг собиқ бош вазири эътиборини халифа давридаги ҳолатига ва ҳозирги ҳолатига қаратмоқчи бўлган. Бунгача у халқ етакчиси бўлиб, бутун халқ ва ҳатто халифа ҳам унинг гапларига қулоқ солар эди. Энди эса аҳволига қаранг. Мўғулларнинг оддий аскари ҳам уни хоҳлаган жойида пастга уриши мумкин. Ўз юртини, халқини, динини, обрўсини сотган вазирнинг бундай аҳволга тушиши, ҳатто душмалари томонидан ҳам ҳурмат қилинмаслиги аниқ эди. Бундай инсонлардан фойда бўлгунича фойдаланишар, фойдаси тегмай қолганидан сўнг қадр-қиймати бир пул бўлар эди. Аёлнинг бу гаплари Ибн Ал-Алқомийга жуда оғир ботиб кетади. Қайғуга тушган ва шарманда бўлган Боғдод “ҳукмдори” ўз уйига кириб кетади. Унинг умидлари пучга чиққан эди, аслида мўғулларнинг босқинидан энг кўп талафот кўрган одам ўзи бўлди. Ҳа, ҳозирда у Боғдод ҳукмдори, аммо унда ҳеч қандай ҳокимият кучи йўқ, вайронага айланган, кули кўкка совурилган, ўликлар ва касаллар ҳукмдори эди. Ибн Ал-Алқомий бу шармандаликларни кўтара олмасдан, бир неча кундан сўнг, яъни ҳижрий 656 йили мўғуллар босқинидан бир неча ой ўтгач шармадаликда, хор-зор бўлиб, на ўзи ва на авлодлари учун ҳеч қандай фойда келтира олмасдан ёлғизликда вафот этади.

Санжар Қобил таржимаси

 


 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин