Саналар
22.12.2024
Баннер
Жаҳолат қурбонига айланган шоира
PDF Босма E-mail

1842 йили маърифатпарвар шоира Нодирабегим Бухоро амири Насруллохон томонидан икки фарзанди ва 14 ёшли набираси билан бирга қатл этилади. Айтиш керакки, Нодирабегим ва Насрулло қиёфасида жаҳолат ва маърифат тўқнаш келди. Ўз замонасининг илғор фикрли зиёлиси бўлган Нодирабегим миллат ҳаловати ва адолатни пеша қилган амирдан, табиийки, нафратланар эди. Шу боис амир Нодирабегимни Қўқон хонлигида энг хавфли душманларидан бири, деб билганди. Аммо Насруллохон шоирани тўғридан-тўғри қатл этолмасди. Шунинг учун, қатл воқеаси учун йўлдан адашган Муҳаммадалихоннинг хатоларини асос қилиб олишга уринди. Баъзи кимсалар эса бунинг учун унга ёрдам бердилар. Уйлаб топилган баҳоналар ўз навбатида амирнинг Хонпошшаойим учун келганига ҳам асос бўла олади.

 

1822 йили отаси Умархоннинг вафотидан кейин тахтга ўтирган Муҳаммадалихон ҳокимиятни онаси билан бирга бошқаришга киришади. Лекин у онасининг йўриғига кирмайди. Содиқ одамларидан осонликча воз кечиб, ёмонлар билан ошно бўлган тўнғич ўғил маишатпарастлик йўлини тутиб, онасига муттасил азоб беради. Кўп бузуқ ишларни қилган Муҳаммадалихон истеъдодли укаси Султонмаҳмудхоннинг ҳокимиятни тортиб олишидан қўрқиб, Шаҳрисабзга жўнатиб юборади. Нодирабегим бу воқеадан жуда қаттиқ изтироб чекади. Лекин Муҳаммадалихон онасининг бу изтиробларига парво ҳам қилмайди, аксинча, аянчли оқибатини ўйламай базмлар уюштиришда давом этаверади. Амир Умархоннинг вафотидан кейин кўпроқ Султонмаҳмудхонга суяниб қолган Нодирабегим учун ижод қилишдан бошқа бирон-бир чора ва суянчиқ топилмайди...
Нодирабегим, аввало, маърифатпарвар сифатида амир Насруллонинг қилмишларини ҳамиша кузатиб турган. Бироқ у амирнинг бунчалар шафқатсизлик қилишини кутмаган бўлса керак. Чунки Насруллохон Нодирабегимни қатл этишда бераҳм жаллодларга хос бир йўлни тутди. Қисқа вақт ичида етарлича ғаним орттиришга улгурган Муҳаммадалихоннинг душманлари у ҳакда "Иккита туғишган синглиси бўлгани ҳолда ўгай онасига уйланибди", деб иғво тарқатадилар. Натижада Муҳаммадалихонга қаттиқ айблов қўйишади. Аслида эса, Хонпошшаойим Муҳаммадалихоннинг ўгай онаси эмасди. Хонпошшаойим гарчи амир Умархоннинг саройидаги канизаклар қаторида юрган бўлсада, амир Умархон у вояга етмасданоқ оламдан ўтганди.
Хуллас, Бухоронинг Қўқондаги элчиси Муҳаммадалихон кофир деб эълон қилинган фатвони амир Насруллога келтириб беради. Бухоро амири ва Қўқон хони ўртасида жанг бўлиб ўтади. Жанг да Муҳаммадалихон енгилиб, амирга тобелигини тан олишга мажбур бўлади. Ғалаба қилган амир Ўратепа, Қорачуқум ва Қўқон шаҳарларини Нодирабегимнинг иккинчи ўғли Султонмаҳмудхон ихтиёрига ўтказади. Бироқ амир Бухорога қайтгач, Нодирабегим ўғиллари орасини ислоҳ қилади. Натижада Муҳаммадалихон Тошкентни ҳам укасига беради. Истилоҳ воқеасидан кўп ўтмай Муҳаммадалихоннинг навбатдаги хатолари туфайли Қўқонда яна қўзғолон кўтарилади.
Қўқондаги уламолар ўзларининг халоскори бўлган Бухоро амирини яна Қўқонга чақирадилар. Шундай қилиб, баъзилар амир Насруллога Нодирабегимни қатл этиш учун имконият яратиб берадилар. Ака-уканинг ўзаро келишувини эшитган амир яна Қўқонга қайтади. Унинг бостириб келаётганидан хабар топган Муҳаммадалихон суюкпи хотини Хонпошшаойим ва болалари билан бош олиб кетмоқчи бўлади, лекин қочишга улгурмайди.
Амир Насрулло Қўқонга бостириб кирган пайтда Муҳаммадалихон хон эмас, балки оддий фуқаро эди. У амирнинг биринчи босқинидан кейин, яъни 1841 йилнинг ноябр ойида тахтдан бутунлай воз кечиб, хонликни укаси Султонмаҳмудхоннинг ихтиёрига топширганди. Хўш, буни яхши билган амир Насрулло нима учун айнан Муҳаммадалихонни таъқиб остига олди? Айрим тарихчилар Муҳаммадалихон ҳокимият ишига аралашган бўлса керак, деб тахмин қилишади. Бироқ Муҳаммадалихоннинг Хонпошшаойимни олиб қочишга бунчалик ҳаракат қилиши асоссиз бўлмаса керак. У вақт тиғиз бўлишига қарамасдан, Марғилонда икки кун қолиб кетди. Бу бежиз эмас, албатта. Хотинини қаттиқ севган Муҳаммадалихон амирнинг ниятидан хабардор бўлган. У хотинини амирга топшириб қўйишни истамаган. Бундан кўринадики, Насруллонинг Муҳаммадалихонни таъқиб қилишига сабаб айнан Хонпошшаойим бўлган. Муҳаммадалихоннинг қатл этилишига эса унинг кофир деб эълон қилингани тўғрисидаги фатво баҳона бўлди. Ушбу фатво чиндан ҳам Муҳаммадалихонни қатл этиш ва унинг гўзал хотинига эга чиқиш ҳамда бошқа мақсадларига эришиш учун халойиқнинг кўз ўнгида етарлича асос яратарди. Шу ерда бир савол туғилади. Унинг мантиқий жавоби эса воқеани янада ойдинлаштиради. Муҳаммадалихон 1841 йил кофир деб эълон қилинган эди. Амир ўшандан кейин Қўқонга биринчи бор бостириб келди. Хўш, Муҳаммадалихон кофир бўлган экан, у нима учун ўша пайтда жазоланмасдан, айнан олти ойдан кейин қатл этилди? Ваҳоланки, у энг оғир гуноҳларни тахтдан воз кечгунига қадар содир этганди. Орадаги олти ой ҳақида ўйлар экансиз, амирнинг Хонпошшаойим учун келгани ҳақидаги маълумотни инкор қилолмайсиз. Агар амир Хонпошшаойимни Бухорога олиб келмаганида эди, бундай деб ўйлашимизга балки асос туғилмаган бўларди. Демак, Насруллохон Қўқонга бир эмас, бир неча мақсад билан келган. Унинг мақсадларига ғов бўладиган ягона душман Нодирабегим эди.
Эри билан қочишга рози бўлмаган Хонпошшаойимнинг қисмати ҳам аянчли кечган. Қизиғи шундаки, Қўқонни босиб олган Насруллохон анъанага кўра Хонпошшаойимни Бухорога олиб кетиши тайин эди. Муҳаммадалихоннинг аҳволини кўриб турган Хонпошшаойим буни яхши билган. Хўш, буни била туриб, нега эри билан қочишга рози бўлмади? Энди савол туғилади. Хонпошшаойим кўп аёллар билан маишат қилган Муҳаммадалихондан балки шу тариқа ўч олмоқчи бўлгандир? Балки, у кўз ўнгида бор-будидан айрилган Муҳаммадалихондан воз кечиб, амир Насруллонинг саройида малика бўлишни истагандир? Нима бўлганда ҳам, Хонпошшаойим уни аянчли қисматдан асраб қолиши мумкин бўлган эри билан қочишга рози бўлмайди.
Шундан кейин мудҳиш қатл бошланади. Марғилонда қўлга тушган Муҳаммадалихонни Қўқонга - ғолиб амирнинг олдига олиб келишади. Амир ва хон ўртасида қисқа савол-жавоб бўлиб ўтади. Амирнинг буйруғи билан Муҳамадалихон қатл этилади. Тўнғич ўғли қатл этилаётган пайтда Нодирабегимнинг қанчалар оғир мусибат остида қолганини тасаввур қилиш мумкин. Амир эса Нодирабегимни аввал руҳан азоблаб, заифаларча фарёд қилишини кутади. Бироқ Мутриб таъбирича, "мардлик ва олижаноблик бобида юз эрдин яхшироқ" бўлган Нодирабегим беҳад азоб чекаётганига қарамасдан фарёд солмайди. Буни кўрган амир шоиранинг иккинчи ўғлини ҳам ўлимга ҳукм қилади. Мутрибнинг "Шоҳномаи девона Мутриб" асарида келтирилишича, ёш ва умидли шаҳзода Султонмаҳмудхон жаллодлардан шафқат сўраб нола қилган пайтда ҳатто жаллодларнинг ҳам кўзларида ёш қалқийди. Аммо улар таассуф билан амирнинг амри вожиб эканлигини айтиб, шаҳзодани қатл қилишади.
Нодирабегим иккинчи фарзандининг қатлидан кейин телбавор бир ҳушсиз ҳолатга тушади. Насрулло эса онаизорнинг ҳушидан кетишини    фарёд қилишини
кутган эди. У кутгандек бўлмайди. Бундан ғазабланган амир Нодирабегимнинг 14 ёшли набираси Муҳаммадаминхонни ҳам қатлга буюради. Ниҳоят, шоира фарёд солади...
У амирнинг жамики ёвузликларини юзига айтиб, лаънатлайди. Туганмас дардларига малҳам ўрнига ўлимни ихтиёр этади. Нодирабегим аслида бу фарёди билан разолатга қарши исён кўтарган эди. Амир Насрулло эса жаҳолат ғалабасини тасдиқлаш учун Нодирабегимни ҳам жаллодлар қўлига топширади...
Шоира жаҳолатга қарши чиққани учун қатл этилди. Қотиллар бунинг учун шоиранинг ўғли Муҳаммадалихондан фойдаландилар. Унинг гўзал хотини Хонпошшаойим ҳам унга бир баҳона бўлди. Хуллас, Бухоро амири Насруллохон маърифатпарвар шоирадан жаҳолатнинг ўчини олди. Бироқ жаҳолат устидан маърифат тантана қилди. Нодирабегим қолдирган мерос ҳали ҳамон халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилмоқца.

 

Иззат АҲМЕДОВ тайёрлади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин