Саналар
11.12.2024
Баннер
Сарой Мулк хоним
PDF Босма E-mail

Сарой Мулк хоним чиғатой улусига мансуб мўғул хонларидан Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341 йилда туғилган. Қозонхон тахтдан азл этилиб, қатл қилинган чоғда Сарой Мулк хоним ҳали беш ёшда эди. Сарой Мулк хоним балоғатга етгач, 1355 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори амир Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн уни никоҳига киритди.

1370 йилда соҳибқирон Амир Темур жангда амир Ҳусайнни енгиб, уни қатл қилдиргач, Мовароуннаҳр ҳукмронлигини ўз қўлига олади. Табиийки, амир Ҳусайннинг бир неча хотинлари бўлиб, ҳарамнинг улуғ бекаси — Тармаширинхоннинг қизи Суюнч Қутлуғ Оғо эди. Соҳибқирон Амир Темур мақтулнинг ҳарамидаги маликалар орасидан Қозонхоннинг қизи— Сарой Мулк хонимни, Баён Сулдузнинг қизи — Улус Оғони, Хизр Ясурийнинг қизи—Ислом Оғони ҳамда Тағой Туркон Хотунни танлаб олиб, идда муддати уч ой ўтгач, ўз никоҳига киритади.
Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимни ўз никоҳига киритгач, «кўрагон» унвонига мушарраф бўлди. Кўрагон ибораси мўғулча сўз бўлиб, «куёв» деган маънони ифодалайди. Зеро, Сарой Мулк хоним мўғул хонларидан бирининг қизи бўлгани туфайли соҳибқирон Амир Темур мўғул хонининг куёви, яъни «Амир Темур Кўрагон» номини олган эди.
Соҳибқирон Амир Темур малика Сарой Мулк хонимни ўз никоҳига киритгунга қадар, ҳарамида бошқа хотинлари ҳам бор эди. Лекин хон авлодига мансуб Сарой Мулк хоним ҳарамдаги барча маликалардан улуғроғи ҳисобланиб, «катта хоним» ёхуд «Бибихоним» деган унвонга ноил бўлади. Албатта, бундай эъзозга мушарраф бўлиш учун ақл-заковат, дид-фаросат, фикрлаш доирасининг улканлиги бош омил бўлган. Зотан, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Сарой Мулк хоним замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор ва ақл-заковат соҳибаси, ҳусн-латофат бобида ҳам беназири эди. Сарой Мулк хоним инсонпарвар, ватанни севгувчи, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида доно маслаҳатлари билан қатнашиб турган аёл эди. Айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор ила қарар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида Сарой Мулк хоним кўпинча бирга юрган. Тарихий манбаларнинг якдиллик билан берган маълумотларига кўра, ўта зийрак, тадбиркор Сарой Мулкхоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ўзининг оқилона маслаҳатлари билан фаол қатнашган. Амир Темур Сарой Мулк хонимга ошкора бўйсунмаса-да, бироқ унинг оқилона маслаҳатларига ўзида қандайдир эҳтиёж сезиб турган. Нақл қилишларича, Амир Темур Эронга қарши юриш бошлаганда, Исфахоннинг қамали кўпга чўзилиб, қўшинни озуқа билан таъминлашга маблағ етишмай қолади. Ниҳоят, Амир Темур Самарқандга чопар йўллаб, Сарой Мулк хонимга мактуб жўнатади. Мактуб қисқа 6ўлиб, «Қўшиннинг заҳираси тугади, хазинадан зар юборинг», дейилганди. Сарой Мулк хоним мактуб мазмунидан огоҳ бўлгач, мактубнинг орқа томонига «Улуғ амир, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?»—деб ёзади ва уни чопарга тутқазади.
Амир Темур мактубни олгач, Сарой Мулк хонимнинг кинояли замзамасини ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят бир қарорга келади: лашкаргоҳда сўйиб ейилган қўй, қорамол, от ва туя суякларини ўша куниёқ йиғдириб, турли ҳажмларда қирқтириб, катта ҳажмдагисига катта қиймат, кичигига кичик қиймат белгилаб, унга пўлат муҳрни қиздириб тамға бостиради ҳамда муваққат пул ўрнида муомалага киритишга фармон беради. Натижада, қўшни шаҳар ва қишлоқларда суяк пулга қўшин учун озиқ-овқат сотиб олинади. Тез кунда Исфахон шаҳари таслим бўлгач, суяк пуллар зар билан алмаштирилади.
Амир Темур саройида жорий қилинган тартибга кўра, чет эллик элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида хотиилари ҳам иштирок этишган. Испания қироли Генрих III нинг Самарқанд ҳукмдори Амир Темур ҳузурига юборган элчиси Рюи Гонзалес де Қлавихонинг ёзишича, 1404 йил 8-сентябр душанба куни Амир Темур Самарқанд четидаги «Дилкушо» боғида элчиларни қабул қилади. Қабул маросими катта зиёфат ва тантана билан бошланган. Клавихонинг ҳикоя қилишича, қабул маросимида ҳукмдор Темурнинг ёнида Сарой Мулк хоким бошлиқ бошқа хотинлари ҳам юзларига парда ташлаб ўтирганлар. Испан қироли юборган ҳадялар орасида ҳукмдорга кўпроқ қизил мовут маъқул бўлган. Бу ҳақда у ўз хотинлари, аввало Сарой Мулк хоним билан фикрлашади. 1404 йил 17-октябр жума куни Сарой Мулк хоним ҳам катта зиёфат беради. Зиёфатда бошқа элчилар қаторида испан элчиси Рюи Гонзалес де Қлавихо ҳам қатнашади. Клавихо Темур боғларида берилган зиёфатларнинг тўкин-сочинлиги, боғлардаги ранг-баранг ипак чодирлар, ундаги олтин-кумуш жиҳозлару боғларнинг ўта дид ва фаросат билан жиҳозлангани ҳақида мароқ ила ҳикоя қилади.
Нақл қилишларича, Сарой Мулк хоним кунлардан бир кун ўз жамғармаси ҳисобига, савоблик учун худо йўлида бир мадраса бино қилдиришга эри Амир Темурдан ижозат сўрайди. Ҳукмдордан рухсат бўлгач, отаси Қозонхон томонидап совға қилинган бир жуфт олмос балдоғини сотувга қўйиб, бу маблағни мадраса қурилишига сарфлайди. Сарой Мулк хоним мадраса қурилиши жараённда қурилиш майдонига тез-тез келиб иш бошқарувчиларга фикрини айтади. Мадраса қурилиши ниҳоясига етаётганда ҳам Сарой Мулк хоним одати бўйича ўз канизлари билан қурилиш майдонига келиб, устабошига бинонинг кам-кўстлари ҳақида кўрсатмалар беради. Устабоши Сарой Мулк хонимнинг юзини кўрмаган бўлса-да, унинг жозибали сўз оҳангларидан оқила ва ўткир зеҳнли аёл эканлигига имони комил бўлади. Малика кетгач, устабоши хоним билан бўлган бир нафаслик мулоқотдан олган таассуротини ичига сиғдиролмай, ҳиссиёти ғалаба қилиб, атрофидаги усталарга:
— Ёпирай, аёл зоти ҳам шунчалик доно ва оқила бўладиму?.. Хоним ҳақида шу кунгача эшитган барча таъриф-тавсифларнинг ҳаммаси тўғри экан. Қани энди ҳамма аёллар ҳам шундай нафосатга эга бўлсайди, — деб чуқур уф тортади.
Устабошининг беғубор сўзлари тез орада қурилишдаги барча корфармон, уста ва мардикорлар орасида тарқалади. Бир-икки кун ўтгач, миш-мишлар зўрайиб, «нима дейсан, устабоши хонимга ғойибона ошиқ бўлиб қолган эмиш», деган сўзлар тарқаб кетади. Табийки, бу миш-мишлар Сарой Мулк хоним қулоғига етиб боради. Устабоши ўзининг бемулоҳазалигидан ўкиниб, суяксиз тилнинг жароҳатидан нолиб турган бир вақтда, Сарой Мулк хонимнинг хос канизларидан бири қўлидаги рўмолга ўралган лаганчани устабошига узатаркан:
— Хоним ушбу тухумларни сизга юбормишлар. Токи мазкур етти хил рангга бўялган етти дона тухумни тановул айлаб, аларнинг мазаси бир хилму ёхуд ҳар бирининг мазаси алоҳидаму, ушбуни фарқлаб бергайсиз. Жавобини эртага қиём пайтида эшитурмиз,— деб қайтиб кетади.
Устабоши рўмолни очиб, етти хил рангдаги тухумни ўз кўзи билан кўргач, хоним нимага шама қилаётганини тушуниб, чуқур изтиробга тушади.
Шу кунларда соҳибқирон Амир Темур навбатдаги юришдан қайтиб келяётгани, бугун-эрта Самарқандга етиб келиши ҳақида овозалар тарқалади. Устабошининг кўз-ўнги қоронғулашиб, қўли ишга бормайди.
«Миш-мишлар бошимга бало бўлди, ҳадемай соҳибқирон етиб келса, мени соғ қўймайди, жазога мустаҳиқ қилмоғи муқаррардур. Начора, тақдири азалда битилғон эрканда. Аммо чиқмаган жондин умид, деганлар машойихлар, бу ердин қочмоқ чорасини изламоқ даркор. Дарвоқе, қочиб ҳам қаерга бораман. Пастга ҳам тушиб бўлмайдур, дарҳол тутуб зиндонга солурлар. Не қилмоқ керак?» деб оғир ўйга толади.
Устабоши ўйлаб-ўйлаб охири бир қарорга келгач, шогирдини ёнига чақириб, уни ўз режасидан воқиф қилади. У ўзига иккита қанот боғлаб, гумбаз устидан сакрайди. Қанот ёрдамида шаҳар четидаги бир яйловга шўнғийди. Аммо қўнишга улгурмаёқ боши ерга қадалиб, оламдан ўтади. Бу манзарани кузатиб турган шогирд «Эҳ, аттанг, устоз андак хатога йўл қўйибдурлар. Қанот билан бирга, дум ҳам боғламоқ лозим эрди»,— деб ўзига қанот ва дум боғлайди-да, гумбаздан ялангликка парвоз қилади. Воқеан шогирд дум ёрдамида сиҳат-саломат ялангликка қўниб, кўздан ғойиб бўлган. Шундан буён халқ орасида «устасидан шогирди ўзган» деган мақол қолган дейишади.
Сарой Мулк хоним қурдирган мадраса XIV аср охири ва XV аср бошларида Самарқанддаги мадрасалар орасида улкан ва маҳобатлилиги жиҳатидан ажралиб турган. Мадрасага замонасининг етук мударрислари тайинланнб, улар толиби илмларга диний ва дунёвий илмлардан дарс берганлар. Сарой Мулк хоним мадраса толиби илмларининг аҳволидан тез-тез хабар олиб, уларга ҳомийлик қилиб туради. Ривоятларга кўра, Сарой Мулк хоним ўз одатича, қош қорайгач, ўзининг яқин канизлари билан кийимларинн ўзгартириб, мадраса томон йўл олади. Негаки, Сарой Мулк хоним мадраса толиби илмларининг аҳволи руҳияси, ким қандай тирикчилик ўтказаётганию тунда қандай иш билан машғул эканликларини зимдан текшириб турар эди. Бир кеча хоним мадрасага етиб келганда ҳужраларнинг деярлик барчасида чироқ ўчган, толиби илмлар тун оғушида уйқуга чўмган эдилар. Фақат биргина ҳужрада шам ёниб, ичкаридан товуш эшитиларди. Сарой Мулк хоним канизларини мадраса ҳовлисида қолдириб, ўзи оҳиста юриб, ҳужра эшиги ёнида ичкарига қулоқ солади. Толиби илмлардан бири иккинчисига дейди:
— Қани, айтингчи биродари азиз, ҳозир кўнглингиз нима истаябди?
— Э, биродар нима бўларди, қўй гўшти, қўй ёғида дамланган бир лаган серёғ палов бўлса, билакка пахта боғлаб, бир тўйиб ер эдик-да,— дея жавоб бергач, шеригидан сўради:—Хўш жўражон, ўзингизни кўнглингиз нима истаябди?
— Э, биродар, кўнглимда тамоман бошқача орзу. Ушбу мадраса соҳибаси Сарой Мулк хоним дунёда тенгги йўқ гўзал, деб эшитганмен. Қанийди иложи бўлса, шу хоним билан бир кеча суҳбатлашсам,— жавоб берди биринчи толиби илм.
Шеригидан бундай қалтис сўзни эшитган жўраси: — Э, овозингизни ўчиринг, биродар, нима деяётганингизни биласизми, тағин бир фалокатни бошламанг,— деб унга дашном берди.
Сўз шу ерга етганда Сарой Мулк хоним ҳужра эшигидан узоқлашиб, канизлари билан саройга қайтади.
Эртаси кун пешиндан оғгач, надимлардан уч-тўрттасига мадрасага бориб, барча толиби илмларни саройга олиб келишларини буюрди. Толиби илмлар бу ногаҳоний таклифдан ҳаяжонда, надимлар қуршовида саройга келадилар. Фақат икки толиби илм бу таклифдан шубҳаланар ва тундаги қалтис орзунинг қурбони бўлиш даҳшатидан қалтирарди. Барча толиби илмларни катта меҳмонхонага киритиб, зиёфат берадилар. Зиёфат охирида қўй гўшти, қўй ёғида тайёрланган серёғ палов тортилади. Шундан сўнг, меҳмонхонага канизлар қуршовида, юзига парда тортган ҳолда Сарой Мулк хоним кириб келади ва махсус ўриндиққа ўтиргач, толиби илмлар орасидан тунги суҳбатдошларни таниб ўз ҳузурига чорлайди:
— Хўш, мулла йигитлар, билакка пахта боғлаб ейдиган палов бўлибдими?— дейди. Ҳалигача қўрқувдан қалтираб турган икки толиби илм дарҳол тиз чўкиб:
— Қуллуқ хонойим, таърифдин зиёда палов бўлибдур, мадҳига тил ожизлик қиладур,— дея таъзим қилибдилар.
Сарой Мулк хоним биринчи толиби илмга юзланаркан:
— Энди сизнинг орзуингизга келсак. Қўриб турганингиздек, мен соҳибқироннинг никоҳларидамен, бинобарин сиз бирлан суҳбат қурмоғим мумкин эмас. Биноан алайҳи ўзимнинг гўзал канизларимдан бирини сизга никоҳлаб берурмен? Розимудурсиз?—дейди.
Ҳалигача тили калимага келмай, эс-ҳушини йўқотаёзган толиби илм, дарҳол ўзини хоним оёғига ташлаб:
— Узр, афв этсунлар хонойим, бу беадаб қулларининг гуноҳидан ўтсунлар,— деб илтижо қилади.
Шу аснода Сарой Мулк хонимнинг ишораси билан меҳмонхонага қози ва имом кириб келади ва барча толиби илмлар гувоҳлигида канизларидан бирини толиби илмга никоҳлаб қўядилар...
Афсуски, Сарой Мулк хоним мадрасаси узоқ турмади. Ривоятларга кўра XVI аср охирида Бухоро амири Абдуллахоннинг темурийларга хусумати туфайли, махсус фармон билан мадрасани буздириб ташлади. Фақат мадраса ёнига қурилган мақбарагина сақланиб қолган. Мақбаранинг олд томони ранг-баранг кошинлар билан безатилди. Мақбаранинг ички қисмидаги безакларга яшил, қизил ва қора бўёқлар билан жило берилди. Изораларга юлдуз шаклида кўк нақшлар ишланиб, кошинли ҳошиялар билан ўралди. Мақбара даҳмасига ташқаридан махсус эшик орқали кирилади. Даҳма деворлари хилма-хил кошинлар билан безатилган бўлиб, даҳма ичига тош тобут қўйилган.
Самарқандда машҳур Бибихоним масжиди жомеъси ҳам бор. Бу масжидни амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтиб келгач, 1399—1404 йиллар мобайнида ўзининг улуғ бекаси Сарой Мулк хонимга атаб қурдирган. Бинобарин, бу «Бибихоним» масжиди жомеъйи номи билан машҳур бўлган. Масжиди жомеъ Ўрта Осиёдаги обидаларнинг энг йириги саналади. Унинг ҳовлисининг саҳни 63,8X76,0 метр бўлиб, атрофи равоқ ва пештоқлар билан ўралган. Масжиднинг умумий саҳни эса 167x109 метрдир.
Давр ўтиши мобайнпда Бибихоним масжиди зилзилалар таъсирида анча футурдан кетиб, вайронага айланди. Ҳозирги кунда Бибихоним масжиди бир-бири билан боғланмаган олти бўлакдан иборат бўлиб, ҳовлининг юқори қисмида меҳробли баланд пештоқли бино, пойгакда масжиднинг иккига ажралган пештоқи ҳамда шимоли-ғарб қисмида якка ҳолда сақланиб қолган минора. Ўз даврида мазкур бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли пешайвонлар билан бир-бирига бирлаштирилиб, уларнинг устида 400 та гумбазчалар бўлган. Устунларнинг жами 480 та бўлиб, оралиғи — 3,5 метр, остки қисми махсус тагкурсили, ўрта қисми ўйма нақшкор, юқори қисми рангли кошинлар билан қубба шаклида ишланган. Ҳовли ўртасига мармар тошдан улкан лавҳ — Қуръон қўйиб ўқиладиган махсус курси қўйилган. У авваллари асосий бино ичида бўлиб, 1875 йилда гумбазнинг қулаш хавфи туғилганда ҳовли ўртасига чиқариб қўйилди. Мазкур лавҳ Улуғбек Мирзо кўрагоннинг фармони билан ясалган. Лавҳга «Султони аъзам, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ҳанафия мазҳабининг посбони, аслзода султон ибн Султон амир ал-мўминин Улуғбек кўрагон» деб ёзилган.
Бибихоним масжидига кираверишдаги катта пештоқнинг устки қисми 1897 йилги зилзилада қулаб тушган. Пештоқнинг ички қисмида кичикроқ иккинчи равоқ ва унинг ўйма мармар ҳошияли дарвозаси ҳам бўлган. Дарвоза устига ўрнатилган лавҳада масжиднинг қурилган йили ва амир Темурнинг шажараси битилган. Масжиднинг «ҳафт жўш»—етти хил металл қотишмасидан ясалган қўш табақали дарвозаси бўлган. Бу дарвоза кейинчалик йўқолиб кетган.
Бибихоним масжиди айни даврда вайрона ҳолда бўлса-да, серҳашам безакларнинг ўта нафислиги киши диққатини ўзига жалб этади. Ранг-баранг шакл ва нақшлар ўша давр усталарининг нозик дид ва юксак маҳоратидан далолат бериб туради.
1405 йил 18 февралда соҳибқирон амир Темур Ўтрорда вафот қилгач, Самарқанд тахтига унинг набираси Халил Султон Мирзо (1384—1411) ўтирди. Ибн Арабшоҳнинг берган маълумотига кўра, Халил Султон Мирзонинг хотини Шод Мулк бегим 1408 йилда Сарой Мулк хонимни заҳарлаб ўлдирган. Сарой Мулк хонимнинг жасадини ўзи қурдирган мадрасаси ёнидаги мақбарага «тош тобут»га солиб, мўмиёланиб дафн қилинган. 1941 йил июн ойида Гўри Амир мақбарасида абадий уйқуга кетган амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо ва Улуғбек Мирзоларнинг қабрлари очиб текширилади. Сарой Мулк хоним қабри ҳам очилиб, жасадни текшириш мақсадида Тошкентга олиб келишган. Кейинчалик яна Самарқандга олиб бориб қўйилган.
Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимдан фарзанд кўрмаган. Аммо соҳибқирон ўз ўғли Шоҳруҳ Мирзони, суюкли иабиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо,
Шу аснода Сарой Мулк хонимнинг ишораси билан меҳмонхонага қози ва имом кириб келади ва барча толиби илмлар гувоҳлигида канизларидан бирини толиби илмга никоҳлаб қўядилар...
Афсуски, Сарой Мулк хоним мадрасаси узоқ турмади. Ривоятларга кўра XVI аср охирида Бухоро амири Абдуллахоннинг темурийларга хусумати туфайли, махсус фармон билан мадрасани буздириб ташлади. Фақат мадраса ёнига қурилган мақбарагина сақланиб қолган. Мақбаранинг олд томони ранг-баранг кошинлар билан безатилди. Мақбаранинг ички қисмидаги безакларга яшил, қизил ва қора бўёқлар билан жило берилди. Изораларга юлдуз шаклида кўк нақшлар ишланиб, кошинли ҳошиялар билан ўралди. Мақбара даҳмасига ташқаридан махсус эшик орқали кирилади. Даҳма деворлари хилма-хил кошинлар билан безатилган бўлиб, даҳма ичига тош тобут қўйилган.
Самарқандда машҳур Бибихоним масжиди жомеъси ҳам бор. Бу масжидни амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтиб келгач, 1399—1404 йиллар мобайнида ўзининг улуғ бекаси Сарой Мулк хонимга атаб қурдирган. Бинобарин, бу «Бибихоним» масжиди жомеъйи номи билан машҳур бўлган. Масжиди жомеъ Ўрта Осиёдаги обидаларнинг энг йириги саналади. Унинг ҳовлисининг саҳни 63,8X76,0 метр бўлиб, атрофи равоқ ва пештоқлар билан ўралган. Масжиднинг умумий саҳни эса 167x109 метрдир.
Давр ўтиши мобайнпда Бибихоним масжиди зилзилалар таъсирида анча футурдан кетиб, вайронага айланди. Ҳозирги кунда Бибихоним масжиди бир-бири билан боғланмаган олти бўлакдан иборат бўлиб, ҳовлининг юқори қисмида меҳробли баланд пештоқли бино, пойгакда масжиднинг иккига ажралган пештоқи ҳамда шимоли-ғарб қисмида якка ҳолда сақланиб қолган минора. Ўз даврида мазкур бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли пешайвонлар билан бир-бирига бирлаштирилиб, уларнинг устида 400 та гумбазчалар бўлган. Устунларнинг жами 480 та бўлиб, оралиғи — 3,5 метр, остки қисми махсус тагкурсили, ўрта қисми ўйма нақшкор, юқори қисми рангли кошинлар билан қубба шаклида ишланган. Ҳовли ўртасига мармар тошдан улкан лавҳ — Қуръон қўйиб ўқиладиган махсус курси қўйилган. У авваллари асосий бино ичида бўлиб, 1875 йилда гумбазнинг қулаш хавфи туғилганда ҳовли ўртасига чиқариб қўйилди. Мазкур лавҳ Улуғбек Мирзо кўрагоннинг фармони билан ясалган. Лавҳга «Султони аъзам, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ҳанафия мазҳабининг посбони, аслзода султон ибн Султон амир ал-мўминин Улуғбек кўрагон» деб ёзилган.
Бибихоним масжидига кираверишдаги катта пештоқнинг устки қисми 1897 йилги зилзилада қулаб тушган. Пештоқнинг ички қисмида кичикроқ иккинчи равоқ ва унинг ўйма мармар ҳошияли дарвозаси ҳам бўлган. Дарвоза устига ўрнатилган лавҳада масжиднинг қурилган йили ва амир Темурнинг шажараси битилган. Масжиднинг «ҳафт жўш»—етти хил металл қотишмасидан ясалган қўш табақали дарвозаси бўлган. Бу дарвоза кейинчалик йўқолиб кетган.
Бибихоним масжиди айни даврда вайрона ҳолда бўлса-да, серҳашам безакларнинг ўта нафислиги киши диққатини ўзига жалб этади. Ранг-баранг шакл ва нақшлар ўша давр усталарининг нозик дид ва юксак маҳоратидан далолат бериб туради.
1405 йил !8 февралда соҳибқирон амир Темур Ўтрорда вафот қилгач, Самарқанд тахтига унинг набираси Халил Султон Мирзо (1384—1411) ўтирди. Ибн Арабшоҳнинг берган маълумотига кўра, Халил Султон Мирзонинг хотини Шод Мулк бегим 1408 йилда Сарой Мулк хонимни заҳарлаб ўлдирган. Сарой Мулк хонимнинг жасадини ўзи қурдирган мадрасаси ёнидаги мақбарага «тош тобут»га солиб, мўмиёланиб дафн қилинган. 1941 йил июн ойида Гўри Амир мақбарасида абадий уйқуга кетган амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо ва Улуғбек Мирзоларнинг қабрлари очиб текширилади. Сарой Мулк хоним қабри ҳам очилиб, жасадни текшириш мақсадида Тошкентга олиб келишган. Кейинчалик яна Самарқандга олиб бориб қўйилган.
Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимдан фарзанд кўрмаган. Аммо соҳибқирон ўз ўғли Шоҳруҳ Мирзони, суюкли набиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзо ва бошқа мирзоларии бевосита зукко Сарой Мулк хоним тарбиясига топширган эди.

Турғун Файзиев

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин