Саналар
22.12.2024
Баннер
Хадича бегим
PDF Босма E-mail

Хадича бегим Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаронинг суюкли хотини эди.
Хадича бегим 1451 йилда Ҳиротда туғилиб, 1457 йилда Султон Абусайид Мирзо Ҳиротни олгач, унга ҳадя этилган хос канизаклардан бири эди. Султон Абусайид Мирзо Хадича бегимни 1465 йилда ўз никоҳига киритади. Султон Абусайид Мирзодан Оқбегим исмли бир қиз ҳам бўлган. 1469 йилда Султон Абусайид Мирзо Ироқда ҳалокатга учрагач, Ҳирот тахтига ўтирган Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаро марҳум Султон Абусайид Мирзо ҳарамида Хадича бегимни кўриб, уни севиб қолади ва шаръий иддаси (уч ой) тугагач, ўз никоҳига киритади.
Хадича бегим ёш, гўзал, димоғдор, енгил табиат аёл бўлиб, айни вақтда табиатан ичи қоралик ва макр-ҳийлага мойил эди. Заҳиридин Муҳаммад Бобур Мирзо (1483—1530) Хадича бегим ҳақида: «Ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй (кўп гапирувчи, эзма) хотун эди, рофизия (шиийлик мазҳабининг бир оқими) ҳам экандур»,— деб ёзади. Дарҳақиқат, Хадича бегим тез фурсатда ўзининг жозибали ҳусн-латофати-ю маккорона илтифотлари билан Султон Ҳусайн Бойқарони ўзига ром қилиб, ҳарамда улуғ бекалик ўрнини эгаллайди.
Султон Ҳусайн Бойқаронинг хотинлари ва хос канизакларидан 14 ўғил ва 11 қизи бор эди. Шоҳғариб Мирзо (1471 — 1489), Музаффар Ҳусайн Мирзолар (1473— 1509) Хадича бегимдан туғилган эдилар. Хадича бегим ўз фарзанди — тантиқ ва шуҳратпараст Музаффар Ҳусайн Мирзони Султоннинг барча ўғилларидан устун қўйишга жон-жаҳди ила ҳаракат қиларди. Бинобарин, турли макр-ҳийлалар ишлатиб, ота билан ўғиллар ўртасида низо чиқаришга муваффақ бўлади. Бу низолар кўпинча қонли жангу жадаллар билан тугарди. Султон Ҳусайн Бойқаро тобора Хадича бегимнинг макрига учиб, Музаффар Ҳусайн Мирзодан бўлак ўғилларига унчалик илтифот кўрсатмас ва хавф-хатарда юрарди. Хадича бегим ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзони ота тахтига валиаҳд қилиб тайинлатиш масаласида хуфиёна ҳаракатни бошлаб юборади. Аммо валиаҳдлик ҳаққи таомилга кўра, Султоннинг катта ўғли Бадиуз-Замон Мирзоники (1458—1511) эди. Гарчи Султон Ҳусайн Бойқаро Бадиуз-Замон Мирзони унчалик суймаса-да, ҳар ҳолда уни рози қилиши лозим эди. Айни вақтда, Алишер Навоий бошлиқ сарой аҳлининг кўпчилиги валиаҳдликка Бадиуз-Замон Мирзонинг 11 яшар ўғли — Мўмин Мирзони (1486—1497) муносиб ҳисоблар ва бу ҳақда мулоҳазаларини Султонга очиқ билдирган эдилар. Табиийки, аркони давлат орасида бўлаётган бундай мулоҳазалар Хадича бегимнинг ҳасад оловини алангалатмасдан қўймасди.
1497 йил баҳорида Султон Ҳисорга қарши юриш бошлайди. Султоннинг фармонига кўра, Астрободда ҳукмрон бўлиб турган Бадиуз-Замон ўз ўрнига ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзони қўйиб, ўзи отасининг қўшинига келиб қўшилади. Жанг тугагач, Султон Ҳусайн Бойқаро ўғли Бадиуз-Замон Мирзони Балх вилоятига, суюкли ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзони эса Астрободга ҳоким қилиб тайинлайди. Султоннинг бу фармони Бадиуз-Замон Мирзонинг ҳамиятига тегади. Чунки Астрободни ўғли Мўмин Мирзога инъом қилиш тараддудида эди. Бинобарин, Бадиуз-Замон ўз ўғлига Астрободни қўлдан бой бермаслик ҳақида хабар юборади. Бу можаро Султон билан Бадиуз-Замон Мирзо орасида қонли тўқнашувга сабаб бўлади. 1497 йил 2 майда Бадиуз-Замон қўшини тор-мор келтирилади. Айни вақтда Музаффар Ҳусайн Мирзонинг қўшини Астрободни забт этиб, Муҳаммад Мўмин Мирзони асирга олади ва Ҳиротга келтириб, Ихтиёриддин қалъасига қамайдилар. Кўпдан бери қулай вазиятни кутиб ётган Хадича бегим Мурғоб ҳарбий ўрдагоҳида вазир Низом ул-Мулк иштирокида Султоннинг мастлигидан фойдаланиб, Муҳаммад Мўмин Мирзони зудлик билан қатл этиш ҳақидаги фармонга муҳр бостириб олади ва ўша кечасиёқ ҳукм ижро этилади.
1506 йил апрелда Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Хадича бегимнинг калтабинлик ила салтанат ишларига аралашуви натижаси ўлароқ, тахтга икки шаҳзода — Бадиуз-Замон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо ўтирадилар. Шайбонийхон Хуросонга ҳужум бошлаганда, икки шаҳзода икки мавзеда — Бадиуз-Замон Қораработда, Музаффар Ҳусайн Мирзо Тарнобда турардилар. Биринчи зарбадаёқ икки шаҳзода икки тарафга — Бадиуз-Замон Қандаҳор орқали Туркияга, Музаффар Ҳусайн Мирзо Астрободга қочадилар. Ҳирот мудофаси эса Хадича бегим бошлиқ уч-тўртта истеъдодсиз аъёнлару хотин-қизларга қолган эди. Шайбонийхон Ҳиротни осонгина қўлга киритади. Хадича бегим Ҳиротдан ташқарига чиқмай, уй маҳбуслигида яшайди. 1509 йили ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзонинг Астрободда эканлигнни эшитгач, Шайбонийхон тарафидан Ҳирот доруғаси (ҳокими) қилиб тайинланган Жон Вафо Мирзодан рухсат олиб, ўғлини кўргани Астрободга боради. Хадича бегим Астрободга етиб борганда, ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзо тузалмайдиган касалга мубтало бўлиб, ўлим тўшагида ётарди. Қўп ўтмай — вафот этади. Хадича бегим ўғлининг таъзиясини ўтказгач, яна Хиротга қайтиб келади...

Турғун Файзиев

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин