Саналар
12.12.2024
Баннер
Қудратли Ҳун тангриқутлари
PDF Босма E-mail

Ҳунлар ҳақида сўз

Ҳунлар милоддан 1500 йил аввал пайдо бўлиб, ўша милоднинг V асрларигача икки минг йиллик ниҳоятда катта бир даврда Осиё ва Оврупо тарихи саҳнасига чиққан ва инсоният авлодлари ёдидан мангу ўчмайдиган, теран таъсирлик вақтларни бошдан кечирган бир халқдир. Улар тарихда 500 йил ҳукм сурган: Улуғ Ҳун империяси (милоддан аввалги 207 йилдан то милоднинг 216 йилигача); 170 йил ҳукм сурган ғарбий Ҳун империяси (милоддан аввалги 46—216 йиллар); 95 йил ҳукм сурган Оврупо Ҳун империяси (375—469) каби улуғ уч империяни қуриб,Осиё ва Оврупо халқлари тарихида ижобий ва салбий жиҳатдан ажойиб хотиралар қолдиргандирлар.
Ҳунлар (хитойларнннг) Жунггу тарихида ўтган энг қадимгга давлатлардан Ин сулоласи (милоддан бурунги 1600—1200 йиллар); Жу сулоласи (милоддан аввалги 1200—300 йиллар); Чин сулоласи (милоддан аввалги 246—207 йиллар); Хан сулоласи:(милоддан илгариги 207—146 ниллар) сингари қатор давлатлар» билан турли муносабатларда бўлиб келганлар. Бу жараёнда ҳунлар чўл ҳаётига нисбатан ҳийла кучли бало-қазоларни келтирган бўлсалар-да, бошқа тарафдан Жунггунинг қадимги чоғдаги иқтисоди ва маданиятининг гуллашига ўзларининг ҳиссаларини қўшганлар. Ҳунлар ва уларнинг фаолияти Жунггу тарихида муҳим ўрин тутади.
Ҳунлар Жунггунинг энг қадимги ривоятлари ва тарихий йилномаларида ҳар хил номлар билан тилга олинадилар. Дунёда ҳуншуносликка асос солган улуғ тарихчи Сима Чиан (милоддан 145 йил аввал туғилган бўлиши тахмин этилади) ўзининг ўлмас асари «Тарихий хотиралар»нинг «Беш подшоҳнинг таржимаи ҳоли» деган бобида Хуангди Ҳунларии шимолга   қувгани ҳақидги маълумотлар берган. Хуангди бўлса, Жунггунинг бошланғич уруғдошлик жамиятида ўтган афсонавий хон бўлиб, унинг бундан 5000 йил аввал яшаганлиги ривоят қилинади. Шунга қараганда, ҳунларнинг жуда қадимги даврлардан тортиб Жунггуга хавф солиб келганлиги маълум бўлади.
Турк халқларининг аждодларидан бири бўлган ҳунлар энг қадимги даврдан бошлаб Урхун дарёси бўйларида Чуғой тоғлари (ички Мўғулистондаги Янгшан тоғлари)нинг шимоли ва жанубида, Олтой ва Тангритоғнинг шимолида ва жанубида яшаганлар.
Ҳозирги замон тилшуносларининг исботлашича, «ҳун» сўзи «кун» сўзидан келиб чиққан.
Қадимги замонларда ҳунлар ҳам уйғур ва бошқа халқларга ўхшаш қоман (шаман) динига эътиқод қилганлар. Қоман дини кўпхудолик динларининг бири бўлиб, «Кун тангри»га эътиқод қилиш муҳим ўрин тутган. Шу учун қадимги замонларда ҳунлар -ўзларини «кунлар» деб аташган. «Кун» сўзи кейинги пайтларга келиб «ҳун» сўзига айланиб кетган.
Профессор А. Закий Валидий Тўғон ҳам «ҳун» атамасини «кун» деб-ёзади. Яна бошқа тарихий манбаларда эса, «ҳун» сўзининг Урҳун дарёсининг номидан келиб чиққанлиги айтилади. Қадимги замонларда Урҳун дарёсининг бўйида яшаган аждодларимиз ўзини шу дарёнинг номи билан «ҳун» деб аташган экан. Ҳозиргача бу икки хил қарашнинг қай бири тўғрилиги ҳақида муқим бир хулоса чиқарилганича йўқ.
Қадимги чоғларда ҳунларнинг Олтой тоғлари ва Тангритоғнинг шимолида ва жанубида яшаганлиги ҳақида юқорида айтилди. Археологик қазишлар натижасида Олтой тоғларидан милоддан аввалги даврларга оид қадимги ҳун қабрлари топилди. Бу қабрлардан чиққан ҳунларпинг жасадларига (қабрлари совуқ қор чўққиларида бўлгани учун жасадлари бузилмаган) қараганда, улар ниҳоятда баланд бўйли, қотма, устихонли, қаншарлик, юзлари оқ, чўзиқ бўлиб, қадимги уйғурларнииг қиёфалари билан ирқий жиҳатдан ўхшаш. Ҳунларнинг баланд бўйи, қотмалиги, ҳусни каби хусусиятларини қадимги Жунггу маълумотлари ҳам исботлайди.
«Хан йилномаси»нинг «Жингмиди ҳақида қисса» бобида ҳун шаҳзодаси Жингмидининг бўйи саккиз чи, икки сунг, чиройи сулув дейилган. Буни ҳозирги узунлик ўлчовидаги метрга мослаганда (Хан замонасидаги бир чи ҳозирги 27 сантиметр, 65 миллиметрга тўғри келади) Ҳун шаҳзодасининг бўйи тахминан икки метр 30 сантиметр келади. Бу ҳолат Олтой тоғларидаги ҳун қабрларидан топилган ҳун жасадларининг жудаям баланд бўйли, узун одамлар эканликларини кўрсатади.
Шаҳзода Жингмиди, милоддан 121 йил аввал ҳозирги Гансу шаҳрида Хан қўшинлари тарафидан мағлуб бўлиб, ҳун хони Қуншархон тарафидан ўлдирилган. У ҳун хони Шигут Сугахоннинг ўғли эди. Жингмиди Хан сулоласининг подшоҳи Хан Вуди ҳузурига келтирилгандан кейин, Хан сулоласининг ҳарбий отларини ўстириб, кўпайтириш ишлари бўйича мансабдор бўлган. Жингмиди унинг ҳунча исми эмас. «Жингмиди» деган исмни унга Хан Вуди берган.
Жунггу фанлар академияси археология тадқиқоти институти тарафидан 1955 ва 1957 йиллари Шанси ўлкасининг ҳозирги Шиан шаҳри атрофидаги Хан сулоласи даврига оид «Шанглинг ған» деган жойдан алоҳида бир қабр топилган. Бу қабрга дафв қилинган жасад билан бирга кўмилган охиратлик нарсалар ичида икки парча тут чоса мис тахтаси чиққан. Мис тахтага икки нафар одам, икки отнинг суратлари нақш қилиб туширилган. Икки одам бир-бирининг бели ҳам кокиллари туташган қиёфада туришибди. Улар қаншарли патила сочли бўлиб, коқиллари ўрилган,иштон кийишган. Археология олимлари бу қабрдан чиққан жасадларни ҳунларнинг Хан сулоласига юборган элчиси ёки элчиларнинг ҳамроҳлари деб ҳукм қилишди. Бу қабрдан топтлган нарсалардан ҳунларнинг соч қўйиш шакли, кийииишлари, чиройи, урф-одатлари билан қиёфаларини билса бўлади.
Қадимги замонда ҳунлар билан уйғурлар, туркларнинг тили, урф-одатлари, чиройли-шакли деярлик ўхшаш эди. Жунггукинг «Вий йилномаси», «Жу йилномаси», «Суй йилномаси» сингари қадимги ва ўрта асрлардаги тариҳий материалларда уйғурлар ва турклар ҳунларнинг авлоди дейилган. Демак, уйғур тарихини билишда ҳунлар тарихини билиш жудаям муҳим аҳамиятга эга.
Ҳунлар уйғурларнинг энг қадимги аждоди бўлиб қолмасдан, балки ҳозирги пайтдаги турк халқларининг ҳам бобокалонларидандирлар.

БОТУР ТАНГРИҚУТ ЁХУД ЎҒИЗХОН

1. Ботурнинг тангриқут бўлуви
Қўҳна тарих ҳунлар деб аталмиш бир тоифа халқ (милоддан уч аср аввал) мисли кўрилмаган даражада кучайганидан шоҳидлик беради. Улар милоддан бурунги 209 йилдзн милоднинг 216 йилигича 500 йил ҳукм сурган қудратди ҳун тангриқутдиги (империяси)ни вужудга келтирдилар.
Бу тангриқутликнинг ҳудуди кунчиқарда улуғ океан қирғоқларигача бориб туташган, шимолда Лена дарёси, Бойкўл (Байкал кўли), Янси дарёсининг ўрта иқлимларигача, жанубда Хитой деворигача, ғарби-жанубда Ҳиндистон (Синд)нинг шимолигача, ғарбда Қаспий денгизининг соҳилларигача чўзилган эди.
Мана шу улуғ Ҳун тангриқутлигини ҳарбий салоҳиятда ўз замонасида тенги йўқ саркарда, сиёсий дипломатия ва давлат тузумини мукаммаллаштиришда мислсиз истеъдод эгаси бўлган жанговар ва олижаноб бир инсон, иззат-ҳурматда тангрининг мағрур ўғли деб аталмиш бир зот вужудга келтирди.
Уни Ботур тангриқут деб атар эдилар.
Ботур тангриқут Туман тангриқутнинг катта ўғли бўлнб, аввалига у тахт вориси қилиб белгиланган эди. Аммо кейинчалик отаси ўз қароридан воз кечиб, олчиси (кичик хотини)дан туғилган кенжа ўғлини тахтига ворис белгилаб, Ботурни ворисликдан маҳрум этди.
Қадимги даврлардаги икки давлат ўртасидаги муносабатлар қойдасига мувофиқ икки давлат ўртасида тузилган аҳдноманинг бузилмаслигига қатъий кафолат тарзида бир тараф иккинчи тарафга ўғилларидан бирини гаровга юбориб қўядиган одат бор зди. Туман тангриқут ўз ниятига етишиш учун тахминан милоддан 216 йиллар бурун Ботурни Улуғ ёвчилар хонлигига гаровга юборади. Бу ишга Ботур қаттиқ норози бўлади.
Энг қадимги чоғдан тортиб, яқин давргача бўлган узоқ тарихий далилларга суяниб ҳукм қилинганда, гаровга юборилган хонзодалар ҳаёти фожиали тугаган. Низо вақтида икки давлат орасида тузилган аҳдномалар бузилган. Шунда гаровга юборилган шаҳзодалар ўлдирилган. Ботур Ҳунлар билан Улуғ ёвчилар муносабатини доим зийраклик билан кузатиб турган ва аҳднома бузилиб, ҳунлар билан Улуғ ёвчилар орасида уруш чиқадиган вазият пайдо бўлиши биланоқ Улуғ ёвчилар хонлигидан қочиб кетишни мўлжаллаб юрган.
Улуғ тарихчи Сима Чианнинг маълумотига қараганда, худди Ботур кутганидек, Ҳунлар-билан Улуғ ёвчилар ўртасида тузилган аҳднома бузилиб, Туман тангриқут Улуғ ёвчиларни тор-мор келтириш учуи қўшин юборади. Ботур ҳун қўшинлари босиб келмасидан олдиноқ Улуғ ёвчилар хонининг хос оти — тулпорини миниб, қочиб қолади. Улуғ ёвчилар буни вақтида сезиб, унинг кетидан қувлаган бўлсалар-да, Ботурга етмак у ёқда турсин, унинг қорасини ҳам кўра олмайдилар.
Ботур Улуғ ёвчиларнинг пойтахти Сандобилдан (ҳозирги Гансудага Чонгий атрофида) қочиб, даҳшатли денгиз тўлқинидек қўзғолиб турадиган, хатарли Тангри қумликларини (ҳозирги Нингшё) ва яна уфққа туташиб кетган ям-яшил ўт-чўплик яйловлардан ўтиб, Ҳунлар пойтахти Туманбалиққа (ҳозирги Кўлхут шаҳри атрофи) етиб келади. Ўғлининг бу мардлигини кўрган.
Туман тангриқут Ботурга қойил қолади. Уни ҳун отлиқ қўшинларини ташкил этиб, машқ қилдириб жангга тайёрлашга қўяди. Бундай яхши имкониятга эга бўлган Ботур дарҳол овозлик ўқ-ёй кашф қилади. У ўзи машқ қилдириб, уруш қоидаларини ўргатаётган ҳун отлиқ жангчиларига мундоқ, дейди: «Тангри номи билан айтай мен мана шу овозли ўқ-ёйимни нимага қаратиб отсам сизлар ҳам қилча иккиланмасдан, шу нарсани нишонлаб, ўқ узасиз, бунга хилоф иш қиладиган бўлсангиз, ҳаммаларингизнинг бошларингни оламан».
Бир куни Ботур овозли ўқ-ёйини ўзи миниб юрган тулпор отга: қаратиб отади. Лекин жангчилар у яхши кўрадиган тулпорни нишонга олишга кўзлари қиймай туриб қоладилар. Шунда Ботур қилча раҳм қилмасдан буйруқни бажармаган жангчиларнинг бошини олади. У яна юқоридаги буйруқни такрорлаб, бундан кейин қаршилик қиладиганларнинг тақдири ўлим билан тугашини эслатади ва отлиқ жангчиларнинг ваъдасини олади.
Орадан кўп ўтмай Ботур ўзи яхши кўрган гўзал олчасини (хотинини) нишонлаб, овозли ўқ-ёйини отади. Буни кўрган жангчилар берган ваъдаларини бажаришга иккиланиб қоладилар. Лекин Ботур сўзидан қайтмайди. Бу жангчилар ҳам бошларидан айриладилар. Икки фожиадан сабоқ олган бошқа жангчилар Ботурнинг буйруғига сўзсиз бўйсунадиган бўладилар.
Туман тангриқут кунларнинг бирида ҳун хонларини ва кичик олчиси (хотини), ўғилларини олиб овга чиқади. Ботур шу фурсатни ғанимат билиб бояги жангчилари билан отаси — Туман тангриқутни, ўгай онаси ва ўгай укаларини битта қўймай қириб ташлайди. Бу сафар Ботур овозли ўқ-ёйи билан нимани нишонга олса, унга садоқатли отлиқ жангчилари ўқларини ўшанга қаратиб отадилар. Ботур мақсадига эришади. Эҳтимол, Ботурга қаршилар билан тарафдорлар орасида ниҳоятда қаттиқ қонли урушлар бўлгандир!.. Ботур мана шундай усул билан Ҳун тангриқути тахтини эгаллайди. Бу воқеа милоддан 210 йил аввал юз берган.
Юқорида Ботурнинг ҳокимият тепасига чиқиш учун ниҳоятда эпчил усул қўллаганини кўрдик. У бунда жудаям шафқатсизлик қилган бўлса-да, унинг ўзи ниҳоятда ҳушёр, ақлли, вазиятни тўғри баҳолай оладиган, овозли ўқ-ёйни ижод қилган саркарда эди.

2. Ҳунларнинг қўшнилари
Милоддан уч аср бурун (милоддан 209 йил бурун) «Ўғизнома» достонида Уғизхон номи билан аталган Ботур ҳунларга тангриқутлик қилган чоғда қадимги Осиёдаги халқларнинг этник таркиби хийла мураккаб эди.
Жунггунинг шарқи-шимолидаги уч ўлка (Хилу жиёнг, Ливонг, Жилин) эгаллаган ҳудудда тунгуслар (Монжу ва мўнгғулларнинг аждодлари) хонлиги бор эди. Булар ҳунларнинг шарқидаги энг кучли қўшнилари эди. Ҳозирги Байкалнинг атрофида, Селенга дарёсининг бўйларида эса шарқий уйғурларнинг хонлиги мавжуд эди. Улар милоддан бир неча аср бурунданоқ деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, ўтроқлашган ҳаёт кечиришарди. Жунггунинг қадимги тарихида мана шу шарқий уйғурлар «Динглинг» («Туролар») деб аталган.
Бойкўлнинг ғарбида (Енисей — Энасой дарёсининг Юқори оқимида) қирғиз хонлиги ҳукм сурар, Симо Чиан билан Бангу (милодий 32—92 йиллар) қадимги чоғдаги қирғизлар ҳақида батаф«сил маълумот бермаган бўлса-да, қирғиз хонлиги ҳар ҳолда ҳийла кучли эди.
Ҳунларнинг шимолида юқорида тилга олинган шарқий уйғур хонлиги билан қирғиз хонлигидан бошқа яна «Чипор отлар» деб аталадиган халқ яшаган. Улар Олтой тоғларининг шимолий этакларида ўтроқлашган бўлиб, чорвачилик билан шуғулланишган. «Чипор отлар» игна япроқлик ўрмонлар қоплаган тоғлар ичида от уюрларини боқишган. Улар асрайдиган отларнинг ранги кўпинча суст нашаранг бўлиб, ёли қора эди. «Чипор отлар» деган ном ҳам улар асрайдиган отларнинг рангига муносабатдан олинган бўлса керак. Ҳунларнинг ғарбдаги энг кучли қўшниси — Улуғ ёвчилар эди.
Милоддан беш аср бурундан бошлаб Жунггунинг қадимги тарихий хотираларида Урдуснинг ғарбидаги яйловларда яшайдиган Улуғ ёвчилар ҳақида маълумот берила бошланган.
Улуғ ёвчиларнинг шарқидаги Арсан водийсида (ҳозирги Нингшённинг ғарби-шимолида) уйсунлар яшаган. Улуғ ёвчилар хонлигининг пойтахти Сандабил бўлиб, аҳолиси бир миллион киши атрофида эди.
Улуғ ёвчиларнинг ғарби-жанубида эса (ҳозирги Кўкнур, Тибет атрофида) Чонглар (тибет -халқининг аждодлари) яшади.
Милоддан икки аср бурун Жонг Чаннинг берган маълумотига қараганда, уйсунлар яшаган ҳудуд Дунгх вонг билан Тилов тоғи (Чилан шан тоғи) орасидаги бир жой эди. Улуғ ёвчилар ҳам қадимги чоғларда шу атрофда яшаганлар. Мана шу жойларда бир вақтда ўз давлати бўлган уйсунлар билан ёвчилар аралаш яшагани ҳақида бир нарса дейиш қийин. «Тарихий хотиралар»даги маълумотга қараганда, мана шу ҳудудни уйсунлар бурун эгаллаб турган бўлсалар, Улуғ ёвчилар кейин босиб олганга ўхшайдилар.
Милоддан 180 йиллар бурун Улуғ ёвчилар тарафидан мағлуб бўлган уйсунлар асли яшаб турган жойларидан ғарброққа кўчиб, Или водийсига бориб макон топганлар. Уйсунларни Гансудан қувлаган Улуғ ёвчилар уларнинг жойларини эгаллаб олганлар.
Бундан ташқари, ҳозирги Чўчак, Зойсан атрофларида ўғизлар, Тангритоғнинг шарқи-шимолида ва Олтойнинг жанубида турклар, Жимсар атрофида Орқа қум беклиги яшаган.
Торим водийси ва унинг атрофида бўлса уйғурларнинг аждодлари қурган Олди қуш беклиги. (Турпон), Лулан хонлиги (Лупнурда), Қорашаҳар хонлиги, Қўкар хонлиги, Оқсу хонлиги, Қашқар хонлиги, Ёркант хонлиги, Хўтан хонлиги қаторлиқ давлатлар ва бир қанча донгдор бекликлар яшарди. Уларнинг ғарбида Фарғона, Қангли, Олон сингари давлатлар бор эди.

3. Ўғизхон (Ботур тангриқутнинг) юришлари

Милоддан аввалги 210 йили ҳунлар тарихида давр бўлгудек бир йил бўлди. Шу йили ҳунларнинг тахтида ўлтирган улуғ император — Ботур тангриқут кейинчалик 500 йил ҳукм сурган улуғ,қудратли ҳун тангриқутлигини қурди. Ҳунларнинг жанубидаги кучли қўшниси Чинг сулоласининг подшоҳи Чинг Сихуонг ўлади. Ортидан Чинг сулоласи даҳшатли тус ояган деҳқонлар қўзғолонининг шиддатли зарбаси остида ағдарилади.
Бу қўзғолондан фойдаланган Лийубанг Жунггу зса тарихда беш аср (милоддан бурунги 206 йилдан милодий 220 йилгача)ҳукм сурган Хан сулоласини қурди.
Чинг сулоласи ағдарилиб, унинг ўрнига қурилган Хан сулоласининг ҳали мустаҳкамланиб улгурмаганлиги янги қурилган Ҳун тангриқутлиги учун ҳам хийли ўнгушлик шароит яратади.
Ботур тангриқут ички жиҳатдан Ҳун давлатининг такомилини мустаҳкамлаб, янада мукаммаллаштириб олганлиги, жанговарлиги ниҳоятда юқори бўлган 400 минг кишилик отлиқ аскар тайёрлаб олганлиги ва ташқи жиҳатни (жанубдаги қўшниси Хан сулоласининг ожизлигини) ҳисобга олиб, яъни ўнг келган шароитдан фойдаланиб, атрофидаги қўшниларга ҳужум бошлади ва уларни бўйсундиришга киришди.
Милоддан беш аср бурун Ҳунлар билан Тунгуслар орасида расмий чегара бошланган эди. Бу чегаранинг чизиғи 1000 йўлдан узунроқ эди. Мана шу жой «ўрта» деб аталган бетараф ер бўлиб, шу жойда ҳар икки тараф чорва молларини боқарди. Ҳунлар билан тунгуслар орасидаги «ўрта» деб аталган чегара узунлиги (Шимолдан жанубга қараб чўзилган) бир неча минг йўл бўлганидан ташқари, ғарбдан шарққа қараб чўзилган чегара чизиғининг узунлиги 1000 йўлдан узун бўлиши уларнинг ирқий жиҳатдан (қон системаси, тил, урф-одатлари) бошқа-бошқа халқлар эканлигини кўрсатади. Чунки ҳунлар турк ирқига, тунгуслар монжу, мўнгғул ирқига мансуб эди.
«Тарихий хотиралар. Ҳунлар ҳақида қисса» бобидаги маълумотларга асосланганда, тунгуслар ҳунлар билан ўзи орасидаги бетараф жойни босиб олишни ният қилган. Тунгуслар хони Ботур тангриқутга элчи юбориб, шу жойни беришни талаб қилган. Бундоқ юзсизликдан ниҳоятда қаттиқ ғазабланган Ботур тангриқут Ўғизхон милоддан 205 йил бурун тунгуслар устига туйқусдан бостириб бориб, уларни осонгина тор-мор қилган. Ҳунлар тунгус хонларининг қабристонини ер билан яксон қилиб ташлаганлар. Шундан бошлаб, тунгус хонлиги Ҳун тангриқутлиғига қўшиб олинган.
Ботур тангриқут милоддан 205 йил бурун бошлаган ғолибона ҳарбий жанглардан кейин Улуғ ёвчилар устига юрди. Жанговар Улуғ ёвчилар ниҳоятда қаттиқ қаршилик кўрсатсалар-да, охир оқибат бош эгишга мажбур бўлдилар. Ботур тангриқут ғалабадан кейин уйсунларни ўз юртига (Хиший оралиғига) кўчириб келиб ўрнаштирди. Шу воқеадан хийла олдинроқ Улуғ ёвчилардан мағлуб бўлган уйсунлар шарққа кўчиб, Ботур тангриқутдан паноҳ тилаган эдилар.
Ботур тангриқут Улуғ ёвчилар билан уйсунларни ўз тангриқутлиги таркибига киритиб олгач, жанубдаги қўшниси — Хан сулоласига тенглаша бошлади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, милоддан 215 йил аввал Чинг Сихуанг Урдус яйловини босиб олган эди. Ботур тангриқут жанубга қараб юриш қилиб, Хан сулоласидан ўша Урдус яйловини тортиб олди.

4. Байдинг муҳосараси
Ҳун тангриқутлигининг кучайиши Хан сулоласига ниҳоятда оғир хавф бўлиб тушди. Бу вақтда Ботур тангриқут Хан сулоласи ҳудудига босиб кирди. Аввал ҳозирги Саниш ўлкасидаги Шовсан ноҳиясини муҳосара қилди. Шу жойни мудофаа қилиб турган ҳарбий волий Хан Вонг Шинг тезда уларга таслим бўлди.
Ҳунлар яна илгарилаб, Санишдаги Тайиван, Чингенг сингари шаҳарларга ҳужум қилдилар. Мана шу пайтда Хан сулоласининг тунжит подшоҳиси Лийубонг (милоддан аввалги 205.—195 йиллар) ҳунларга қарши юришни режалаштирди. Унинг   вазири   Лужинг ҳунларга қарши юриш қилиш хатарли эканлигини назарда тутиб, Лийубонгни огоҳлантирди. Чунки шу мазгилда қурилган Хан сулоласининг иқтисоди ҳароб, кучлар етарли эмас, марказий ҳокимият ҳам мустаҳкамланиб улгурмаган эди. Лекин Лийубонг вазирининг огоҳлантиришини назар-писанд қилмай ўзи 125 минг кишилик қўшинга бош бўлиб, ҳунларга қарши юриш бошлади.
Бундан хабар топган Ботур тангриқут сараланган 400 минг кишилик отлиқ қўшйнларини Фингчинг (ҳозирги Дотунг) шаҳарининг шарқидаги Байдинг тоғининг   адирларига   ўрнаштириб Хан сулоласи подшоси Лийубонгнинг келишини кутиб, пистирмада турди. Ботур тангриқутнинг ҳарбий тактика жиҳатдан қўйган яширин тузоғидан қилча хабари бўлмаган Лийубонг олдинги қўшинларини бошлаб келиб, Байдинг тоғида бутунлай қуршовга тушиб қолди. Симо Чианнинг хотираларига қараганда, Хан сулоласи қўшинларининг шимолий тарафини қора отлиқ, шарқий тарафини кўк отлиқ, жанубий тарафини қизил тўриқ отлиқ, ғарбий тарафини оқ бўз отлиқ ҳунлар қуршаб олган экан. Ташқи дунёдан алоқаси узилган Хан қўшинлари етти кеча-кундуз қуршовда қолиб, очликдан ўлиб тугашга юз тутадилар.
Вазирининг гапига кирмай ҳунларга қарши юриш қилиб, қуршовга тушиб қолган Лийубонг нима қилишини билмай, боши қотиб турганда, унинг Чинг Пинг исмли вазири қуршовдан қутулишнинг йўлини топади. Чинг Пинг Ботур тангриқутнинг олчиси (хотини) олдига ўғирликча бориб, унга   нурғун   олтин   беради. Олчидан қуршовнинг маълум жойидан озроқ йўл очиб қўйиш имкониятини яратиб беришни ялиниб-ёлворади. Олчи эса Ботур тангриқутга дарҳол қайтиб кетишни, ундоқ бўлмаганда Кўк тангрининг ғазабига йўлиқишини айтиб, шаман тангриси билан уни қўрқитади. Ботур тангриқут хотинининг   сўзидан   таъсирланиб,муҳосаранинг маълум жойини бўшатади. Лийубонг шу жойдан чиқиб қочади.
Машҳур Байдинг қуршовининг охири ана шундай натижа билан якун топган. Бундай қуршов қадимги даврда шарқ тарихида кўрилган эмас. Шу туфайли Байдинг қуршови ҳақида мана бундай кўшиқ тўқилган:
Фижингда юз берган ажойиб воқеа, Келтурди даҳшатлик жафо-машаққат. Етти кун оч қолиб, кетдик мадордан, Ўқ-ёйни отишга етмади қувват.
Байдинг қуршови милоддан 200 йил бурун бўлган.

5. Ҳун тангриқутлиги билан Хан сулоласи ўртасида тузилган аҳднома

Лийубонг Байдинг қуршовидан қутулиб, Чанъанга келгандан кейин, Лужингни банддан бўшатган. Унинг ҳунларга қандай муомалада бўлиш ҳақида берган таклифларига кўнган. Лийубонг милоддан 198 йил бурун Лужинг бошчилигидагп   Хан сулоласи
элчиларини Ҳун тангриқути олдига юборади. Ҳун сулоласи элчилари ҳун тангриқути Ботур тарафидан қўйилган оғир шартларга кўниб, тубандаги шартларни ўз ичига олган аҳдномага қўл қўйган.
Тузилган аҳднома бўйича, Хан сулоласи ҳунларга ҳар йили белгилаигаи миқдорда кимхоб, товар-дурдун, шароб, ошлиқ, емак-ичмаклар юбориб туриш, хан подшоҳларининг малика қизларини ҳун тангриқутларига ётлиқ (канизак) қилиб қудалашиши, қудуқ,сувларидан фойдаланиш келишилган.
Хан сулоласи аҳдномага биноан милоддан 192 йил бурун Ботур тангриқутга (милоддан аввалги 210—174-йилларда тангриқут бўлган), милоддан 174 йил бурун Кийук тангриқутга (милоддан бурунги 174—161 йилларда тангриқут бўлган), милоддан: 156 йил илгари Кунчин тангриқутга (милоддан аввалги 161—126 йилларда тангриқут бўлган) хан маликаларини ётлиқ қилган.
Ботур тангриқут (Ўғизхон)га Лийубонг ўз қизини хотин қилиб берганда, ҳунларга юборган совға-саломлар қаторида минг саролтин ҳам қўшиб юборган.
Бир-бирига ўхшамайдиган миллатларнинг ҳукмронлари орасидаги қудачилик қадимги чоғдаги дипломатия қоидасига кўра бир турлик усул эди. Икки тарафнинг ўзаро душманлиги воқелик бўлса-да, тинч яшаш учун бир томон иккинчисининг ҳукмронига ўз қизларини ётлиқ қилишган. Шу даврда Хан сулоласининг қудачилик сиёсатини йўлга қўйиши иложсизликдаи бўлиб, вақтинчалик эса-да, ўз давлатининг ҳунлар тажовузига учрамаслигинга ўйлаб қилинган. Хан сулоласининг ҳунларга ҳар йили белгиланган миқдорда юбориб турадиган кимхоб, товар-дурдун, шаробдон, озиқлар совға-салом бўлмасдан, амалиётда шакли ўзгарган ўлпон тўлашнинг ўзгинаси эди. Бундай аҳвод 70 йил (милоддан бурунги 200—130 йиллар) давом қилган.
Аҳдномага Хан сулоласи тараф имкон борича амал қилган бўлса-да, ҳунларнинг тангриқутлари ўзларининг «қайин она» ва «қайин отаси»ни юз-хотир қилмай (Ўғизхон қайнонаси Лийухуга ёзган мактубида уни ҳақоратлаган, баъзида аҳдномани бузиб,Хан сулоласига ҳужум қилиб, парокандалик туғдириб турган.

6. Ўғизхон тангриқутнинг Хан сулоласи подшоҳларига ёзган мактублари
Ўғизхон тангриқутнинг Лийухуга ёзган мактуби
Ўғизхон тангриқут милоддан 200 йил бурун Хан сулоласини Байдингда мағлуб қилиб, милоддан 192 йил бурун тузилган аҳднома орқали Хан сулоласини ўлпон тўлашга мажбур қилгандан кейин, ниҳоятда мағрурланиб кетди.
Хан сулоласининг тунжи подшоҳи Лийубонг   милоддан 1941 йил илгари ўлди. Унинг ўрнига энди етти ёшга кирган ўғли Хуйди подшоҳ бўлса-да, амалда унинг онаси Лийуху подшоҳлик қиларди. Гўдак подшоҳ Хуйди милоддан 188 йил аввал 13 ёшида ўлди.
Подшоҳлик тахтига ворислик қиладиган бошқа бир шаҳзода Лийухуга ўгай эди, шунинг учун у милоддан 187 йил аввал ўлдирилди. Шундан бошлаб Лийухунинг ўзи Хан сулоласига подшоҳ бўлиб, милоддан бурунги 187 йилдан 180 йилгача тахтда ўтирди. Амалда эса Лийуху милоддан 194 йил аввал Лийубонг ўлгандан бошлаб Хан сулоласининг ҳукмдори бўлиб қолган эди.
Ботур тангриқут милоддан 192 йил бурун тубандаги мактубни ёзган:
«Мен ёлғиз қолдим. Мен дарёлар ва кўллар орасида туғилдим. Кўллар ва отлар орасида, кенг далаларда катта бўлдим. Бир неча қайтим Жунггунинг чегараларига келдим. Ҳозир Жунггуга келиб, сайил қилишни хоҳлайман. Олиялари ёлғиз қолиб, тул ўтирганлар, менда якка-ягона қолдим. Биз икки подшоҳ учун бахт қолмади. Иккимиз учун тасалли бўлгудек, бизга завқ берадиган нарса-да йўқ. Бор-йўғимизни ўзаро алмаштиришни хоҳлайман».
Ўғизхон (Ботур) тангриқут бу мактубида Лийухуни камситиб, уни «Менга ётлиқ бўл» деб ҳақоратлаган. Ҳун элчиси орқали мактубни олгач ва мазмунидан хабар тошач, Лийуху қаттиқ хафа бўлиб, вазирларини, машҳур сонғунларини йиғиб, қандай жавоб қилиш ҳақида улардан маслаҳат сўрайди. Пан Хуй исмли сонғун 100 минг кишилик хан қўшинларини бошлаб ҳунларга ҳужум қилишни ўртага қўяди. Жибу отли сонғун Пан Хуйнинг сўзига қарши чиқиб: «Пан Ҳуйнинг эл-юртни қалқитиб, ҳунлар давлатига босиб кираман, дегани хом хаёл, қуруқ ваҳмдан бошқа нарса эмас. Ҳунлар гўё йиртқич ҳайвонга ўхшайди. Уларнинг айтган яхши сўзидан яхшилиқ келмайди. Уларнинг ёмон сўзидан хафа бўлишнинг ҳожати йўқ», дейди.
Лийуху Жибунинг маслаҳатини маъқул кўриб, Ботур тангриқутга тубандаги мактубни ёзади:
«...Ҳун тангриқути давлатимни ёдларидан чиқармай, илтифот қилиб мактуб йўллабдилар. Ҳозир давлатим ваҳима-даҳшат ичида қолди. Кейинги кунларда ҳолсизланиб қолдим. Ҳозир чарчаб мадордан кетдим. Сочларим тўкилиб, тишларим қийшайиб, тўкилиб кетди. Роп-рости энгашаёлмайдиган бўлиб қолдим. Сизлар Ҳун тангриқути олийлари менинг ҳақимда бошқача бир тушунчада бўлиб қолмагайлар. Шу муносабат билан мендан ранжиб қолмагайлар. Бу хусусда менинг   давлатимда   ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Сизга узрхоҳлик айтишии лойиқ кўраман. Олийларининг лойиқи бўлмасам-да, икки жуфт от қўшилган бир шоҳона: арава юбордим. Лозим кўришларини ўтинаман».
Ботур тангриқут Лийухунинг жавоб мактубига миннатдорлик: билдириб, ёзган мактубида бундай дейди: «Жунггунинг шу қадар адаб-қоидалик, диёнатли давлат эканлигини англамаган эканман. Олияларининг раҳмдил эканликларига офарин ўқийман».

Ботур тангриқутнинг Хан Вендига ёзган мактуби.
Лийуху милоддан 180 йил аввал ўлди. Унинг ўрнига Хан Венди подшоҳ бўлди. У подшоҳ бўлиб турган вақтда (милоддан бурунги 179—157 йиллар) Ботур тангриқут милоддан аввалги 176 йилда унга тубандаги мактубни ёзган:
«Кўк тангри» тарафидан тахтга чиқарилган Ҳун тангриқути: Хан подшоҳининг саломатлигини эҳтиром ила сўрайди. Илгари подшоҳ олийлари қудачилик ҳақида сўз очиб ёзган мактубларида изҳор қилган эканлар, агар шундоқ бўлса, мен хушҳол бўлардим.
Аммо, хан подшосининг чегара мудофаасида турувчи амалдорлари бекларимдан бири бўлган ўнг қўл Билгахонга ҳужум қилибди. Унг қўл Билгахон аҳволни менга маълум қилиб, ижозатимни олмай Ғуйру, Конжа сингари кишиларнинг гапига кириб, хан подшосининг амалдори билан ўчакишибди. Оқибатда, икки давлат ҳукмдорлари орасида тузилган аҳднома бузилиб, қариндошлик муносабатимизга араз тушган. Шу важдан қайғуриб ёзган мактублари менга икки қайта йўлланди. Мен ҳам элчи орқали жавоб мактуби йўлладим. Лекин мен юборган элчи қайтмади, У ёқдан бирон элчи ҳам келмади. Хан подшоҳи бизга дўстона мунссабатда бўлиб, қўшничиликни бажо келтирмади. Энди мен кичик бекларнинг аҳдномани бузганлиги учун ўнг қўл Билгахонни жазоладим. Ўнг қўл Билгахонга одам юбориб, унга ғарб тарафдаги Улуғ ёвчиларга ҳужум қилишни буюрдим. Тангрининг менга бахт-саодат қилиши билан қўмондон, жангчиларнинг ғайрат-шижоати, отларимнинг кучлилигидан Улуғ ёвчиларни енгдим. Баъзиларнинг калласини олдим. Баъзиларни тиз чўктирдим.
Лулан (Пичан) хонлиги, Уйсун хонлиги, Ўғизларни (булар шу чоғда Чўчак ва Зойсан атрофларида яшарди—муаллиф), уларнинг атрофидаги 26 хонликни ҳукмронлигим остига олдим. Шуларнинг ҳаммаси ҳунлар давлати таркибига кирди. Ўқ-ёй кўтарган халқларнинг ҳаммаси бир оила бўлиб бирлашди. Шимолдаги ўлкалар қўл остимга ўтди.
Мен шуни орзу қиламанки, қўшинларии уруш қилишдан тўхтатиб, ором олишга чиқариб, уруш отларини яйловга қўйвориб, гуноҳ-адоватларни эсдан чиқариб, аввалги аҳдномани аслига келтурсак, у чоғда чегара атрофида яшаган аҳоли тинч, хотиржам, омон кун кўрса, гўдаклар хавотирсиз ўйнаб-кулиб катта бўлса, қариганлар ғам-андишасиз яшаса, авлоддан авлодгача тинч, фаровон ўтсак яхши бўларди
...Навкарим орқали мактуб йўлладим. Ўзларига атаб бир туға, тўрттадан от қўшилган шоҳона аравадан бир жуфт юбордим. Агар хан подшоси бундан кейин Ҳунларнинг чегараларига келмаслигини орзу қиладиган бўлса, бекларимга, фуқароларимга четарадан узоқ туришлари ҳақида фармон туширгайман».
Ботир тангриқут милоддан 177. йил бурун ғарбга ҳарбий юришларида Каспий денгизининг бўйларигача, Еттисув, Ўрта Осиё, Ғарбий Осиёдаги давлатларни бўйсундирган. Мана шу чоғда Улуғ Ҳун тангриқутлиги ниҳоятда қудратли бор босқичга етиб,унинг ҳудудини шарқи — Улуғ океан қирғоқларига, ғарби — Қаспий денгизининг бўйларигача борган.
Ботур тангриқут— Ўғизхон ғарбга қилган ғолибона ҳарбий торишидан қайтиб келиб, бир йил ўтгандан кейин (милоддан 175 йил аввал) Хан Вендига юқорида баён қилинган мактубни ёзган.
Ботур тангриқутнинг Хан Вендига ёзган мактубидан нималарни тушуниш мумкин?
Мазкур мактубдан ажойиб тарихий воқеаларии тушуниб олиш унча қийин эмас. Мактубнинг мазмунига қараганда:
1. Милоддан 177 йил бурун Ботур тангриқут ғарбга ҳарбий юриш қилиб, сафарга кетганда, ҳунлар билан Хан сулоласи орасида уруш юз берган. Ҳунларнинг ўнг қўл Билгахони Шанси ўлкасидаги йўлнинг атрофларига ҳужум қилиб, аҳдномага вафосизлик қилган.
2. Милоддан 176 йил аввал Кангсуда (ҳозирги Гансу) яшайдиган Улуғ ёвчиларга ҳунларжазо юриши қилган. Чунки ёвчилар исён кўтарганлар. Жанг Чаннинг маълумотига қараганда, шу қайтим ҳунлар тарафидан ниҳоятда оғир мағлубиятга учраган Улуғ ёвчилар милоддан 175 йил аввал Капгсудан ғарбга қараб кўчиб, Или водийсига бориб маконлашганлар.
3. Ботур тангриқут ёзган мактубида «Лулон, Уйсун, Ўғизларни, уларнинг атрофидаги 26 хонликни ҳукмронлигим остига олдим», дейилган. Мана шунга қараганда, Ботур тангриқут милоддан 177 йил бурун ғарбга қилган ҳарбин юришида Еттисувдаги (ҳозирги Козоғистон.) уйсунларии, қанглиларни (Балхаш кўли билан Орол кўллари атрофи), олонларни (Каспий бўйларида), Урта Осиё (Торим водийси ҳам унинг ичида) тўлиқ бўйсундирган.  
4. Ботур тангриқут Хан Вендига ёзган мактубида: «Ўқ-ёй кўтарган халқларнинг ҳаммаси бир оила бўлиб бирлашди», деб Ханг сулоласига тахдид солган.
5. Ботур тангриқут Хан Вендига ёзган мактубида тўлиқ мағрур қиёфада туриб, Хан сулоласига таҳдид солган бўлса-да, яна бир тарафдан «авлоддан авлодгача тинч, фаровон ўтсак яхши бўларди», деган хитоби билан ўзининг тинчликни севадиган, олижаноб хислатини намоён қилади.
Хан Венди Ботур тангрйқутнинг мактубидан воқиф бўлгандан кейин, ўрда амалдорларининг маслаҳат беришини сўраганда, уларнинг ҳаммаси бирдек ҳунлар билан душманлашишдан фойда чиқмаслигини, қудачиликдан яхшироқ тадбир йўқлигини айтганлар. Бу маслаҳатни маъқул кўрган Хан Венди Ботур тангриқутга тубандаги жавоб мактубини йўллайди:
«Хан подшоҳи улуғ ҳун тангриқутнинг саломатлигини эҳтиром ила сўрайди. Олийлари элчи Шихужон (ҳун   элчисининг   номи)орқали фақирга юборган мактубларида: «Қўшинларни уруш қилишдан тўхтатиб, ором олишга чиқариб, уруш отларини яйловга қўйиб юбориб, гуноҳ-адоватларни эсдан чиқариб, бурунги аҳдномани аслига келтурсак, у чоғда чегара атрофларида яшаган аҳоли -тинч, хотиржам, омон кун кўрса, авлоддан авлодгача тинч-фаровон ўтсак яхши бўларди», деган экансиз: Мен бундан анчагина хушҳол бўлдим. Бундоқ қилиш қадимги чоғларда ўтган донишманд подшоҳларнинг ҳам умиди эди. Хан подшоҳлиги билан Ҳун тангрикутлиги орасида илгари тузилган қариндошлик аҳдномаси бор. Шунинг учун мен тангриқут олийларини иззат-ҳурмат қилиб келдим. Аҳдномадан юз буриб, қардошлик муносабатини бузганлар доим ҳунлар тарафидан чиқди. Шундоқ бўлса-да, ўнг кўл Билгахон аҳдномани бузганлигидан анча бурун афв этилган. Ўни қайтадаи сўроқ қилмагайлар. Тангриқут олийларига мактубимда изҳор қилган орзуйим маъқул  кўрилса, борлиқ ҳун бекларига бундан -кейин аҳдномага вафосизлик қилмаслик тўғрисида аниқ қилиб, фармон бергайлар. Худди ўзларининг мактубларида айтилгандек, фармонларига ҳурмат қилиниб, инобат сақланса экан. Элчилар орқали менга маълум   бўлишича,   Ҳунлар давлатинн қудратли, бирлашган ҳолга келтиришда туҳфа яратиб,урушнинг жафо, машаққатларини ниҳоятда кўп тортдилар...»
Хан Венди ушбу мактуби билан бирга Ботур тангриқутга асл тўн-чопонлар, олтин тўқа (камарнинг тўқаси — муаллиф), кимхоб, турли рангдаги шоҳи-атласлардан иборат ниҳоятда нурғунг совға юборган.
Хан Вендининг ёзган хатига қараганда, милоддан 175 йил бурун ҳунлар билан Хан сулоласи ўртасидаги муносабат яхшилашишга қараб юз тутган.
Милоддан 174 йил аввал кечмишда Ботур тангриқут (Ўғизхон) оламдан ўтди. Ҳунлар Ботур тангриқутни ўз одатларича ниҳоятда дабдабали тарзда дафн қилганлар. Улар Ботурнинг ўғли Кийукни тангриқут қилиб тахтга ўлтирғизадилар. Хан сулоласининг подшоси Хан Венди Кийук тангриқутга элчи юбориб, уни табриклайди...

Аттиланинг император бўлуви

Милодиинг 415 йили Қоратўн оламдан ўтди. Унинг ўлимидан кейин милоднинг 415 йилидан 434 йилигача бўлган 20 йил ичида Оврупо Ҳун империясига Қоратўннинг Бунчук (415—422), Рўё отлиқ ўғиллари император бўлдилар. Бунчукнинг Билида ва Аттила отли икки ўғли бор эди. Билида милоднинг 395 йиди туғилтан, Аттила милоднинг 400 йили туғилган эди.
Бунчук 422 йили оламдан ўтганда ҳунларга унинг укаси Рўё император бўлди. Рўёнинг вақтида (422—434) Билида Ҳун империясннинг ғарбий қисмига, Аттила шарқий қисмига илигхонлар номи билан ҳукмронлик қилишди. Аттила Ҳун империясининг шарқий қисмига илигхон бўлса-да, у амакиси Рўёнинг қошида турарди. Рўё Аттиланинг ҳарбий истеъдодига ҳайратланиб, унинг улуғ бир қўмондон бўлишига кўзи етган эди.
Милоднинг 434 йили Рўё оламдан ўхади. Қоида бўйича, Билида Ҳун империясига император бўлиши лозим эди. Чунки у ворислик ҳуқуқиға эга эди. Шундай бўлса-да, ҳар жиҳатдан акаси Билидадан устун истеъдодга эга бўлган Аттила императорликка кўтарилди. Кейин Билида 445 йили 50 -ёшида ўлдирилди.
Оврупо Ҳун империясига Атилла император бўлгач, ҳунлар мисли кўрилмаган даҳшатли кучга айландилар. Аттила милоднинг 447 йилй Шарқий Румо империясига ҳужум бошлаб, унинг пойтахтн Константинопол (ҳозирги Истамбул)ни босиб олди. Румоликлар Истамбулни сақлаш учун ҳар йили Аттилага 2100 лира юлтин ясоқ (солиқ) тўлашга мажбур бўлдилар. Бернштамнинг айтишича, ҳунларга Ғарбий Румо империяси ҳам ҳар йили 700 фунт олтин ясоқ тўлаб турган. Ҳар йили тўлайдиган бундоқ ясоқлардан Эрон сосонийлар сулоласи ҳам (630—224) четда қолмаганлар.

КАТАЛОН УРУШИ

Аттила 450 йилгача Шарқий Румо империясига ҳужум қилиб, Болқондаги Румо шаҳарларидан 70 тасини босиб олди. Аттила ғарбий ва шарқий Румо империялариникг бирлашиб ҳужум қилишларидан сақланиб, аввал Ғарбий Румо империясини йиқитиб,буткул Оврупони бўйсундиришга бел боғлади. Аттила шу ниятини амалга ошириш учун, милоднинг 451 йили 500 мингдан ортиқ ниҳоятда катта қўшинни бошлаб, Рейн дарёсидан ўтиб, Франсага бостириб кирди. Аттила шу юришга аҳд қилган чоғда жудаям тантанали-ёлқинли нутқ сўзлаб, мундоқ деган:  ,
«Биз урушни ёт мамлакатларга олиб кетяпмиз, миллатимизнинг ҳайбатли номи уларни қўрқитиб, титратади... Эҳтимол биз ўлиб кетишимиз мумкин, лекин ер-осмонни зилзилага келтирган ишимиз мангу яшайди. Бизнинг авлодимиз унга ворислик қилади».
Аттила милоднинг 541 йили Ғарбий Оврупага қилган юришида Франсадаги Матзи, Ремси сингари шаҳарларни ишғол этди. Аттила Парижнинг жанубидаги Орлеан шаҳрини ишғол қилгач, Испаниянинг шарқий қисмига бостириб кириб борди. Бу чоғда Ғарбий Румо императори Валентин (423—455 йиллар император бўлган) ғарбий готлар, франсийлар билан иттифоқ тузиб, ниҳоятда нурғун қўшин тўплади Тарихчилар айтгандек: «Энг охирги, улуғ румолик» номини олган Айгиз (Атийус)) бошчилигидаги Ғарбни Румо қўшинлари (иттифоқчилар ҳам бунинг ичида) Аттилага қарши юриш қилдилар. Аттила Испаниянинг шарқидан чекиниб, Франсадаги Сена дарёсининг икки ирмоғи ўртасидаги Каталон даласида тўхтади. Айгиз бошчилигидаги 600 мингдан ортиқ Ғарбий Румо қўшинлари Аттиланинг ортидан қувлаб, Каталон даласига етиб келдилар. Қадимги чоғда юз берган миллий урушлар ичида энг даҳшатли урушлар қаторидан ўрин олган бу «Каталон уруши» милоднинг 451 йили 24 апрелда бошланди. Қадимги тарихчиларнинг ёзишича, уруш шундоқ қаттиқ, даҳшатли бўлганки, Сена дарёсининг суви қип-қизил бўлиб оққан. Каталон даласига одам, от ўликлари уюлиб, ишдан чиққан қалқонлар, синган найзалар, қиличлар, ўқ-ёйлар, бошқалар қалашиб кетиб, тирик жон қимирлашига сира имкон қолмаган. Ўз мустақиллигини баҳосиз, азиз, чинданам афзал кўрган овруполиклар ҳеч нимага қарамай жон тикиб урушган бўлсалар-да, ўзининг мағрурлиги, жанговарлиги, ботирлиги билан дунёни титратиб, кўп пайтларда ўз душмани устидан ғолиб келиб, шон-шуҳрат қозонган ва Оврупони ваҳимага солган ҳунлар ҳам ҳаддан ташқари қаҳрамонлик билан урушганлар.
Каталон урушида бир неча юз минг киши ярадор бўлган, 165 минг киши ўлган. Ғарбий готларнинг подшоси Теодорик ҳунлар қўлида ўлган. Бунга чидамаган ғарбий готлар шаҳзодаси отаси
Теодорикнинг қасосини олиш учун, кеч пайт ҳунларга шиддатли равишда ҳужум қилган. Аттила ҳун араваларини қатор тизиб, мудофаа тўсиқларини барпо қилиб, ғарбий готларнинг ҳужумини қайтарган.
Ўз умрида бундай қонли урушни кўрмаган Аттила ҳун қўшинларини Каталон даласидан чекинтириб, Рейн дарёсининг шарқий қирғоғига олиб ўтиб кетган. Айгиз бошчилигидаги Ғарбий Румо қўшинлари ниҳоятда оғир талафотга учраб, ҳолсизланиб қолганидан, ҳунларни қувлаб бориб зарба беришга ҳам мадори етмаган.
Ғарбий Румонинг қарам ҳолга туширилгани
Аттила Каталон уруши майдонидан қайтиб, Шимолий Италияга босиб кириб, нурғун шаҳарларни вайрон қилган. У Ғарбий Румонинг пойтахти Рим шаҳрини босиб олиб, Ғарбий Румо империясини йўқотишга киришади. Андиша ичида қолган Ғарбий Румо императори Валёнтин IV Папалетс I ни Аттила олдига юбориб, сулҳ тузишни илтимос қилади ва қандоқ талаблари бўлса, барчасига розилигини билдиради. Ҳунлар билан Ғарбий Румо орасида шу тариқа сулҳ тузилади. Сулҳга биноан Валентиннинг Ҳунуран отлиқ қизи Аттилага ётлиқ (канизак) қилинадиган ва ҳар йили ҳунларга тўланадиган олтиннииг миқдори маълум ўлчовда бурунгидан кўпайтирилиб, 2100 лира олтинга етказилган. Шу сулҳдан кейин Ғарбий Румо ҳунларга бутунлай қарам бўлиб қолган.

АТТИЛАНИНГ ЎЛИМИ

Ҳунлар ваҳимасидан япроқдек титраган подшоҳлар Аттилага иложсизликдан хушомад қилишиб, унга нурғун қимматли нарсалар билан совға-салом йўллаганлар. Баъзи нодшоҳлар Аттилага ўз қизларини ётлиқ-хотинликка беришгача боришган. Аттила милоднинг 453 йили бир подшоҳнинг Эддигу исмли қизига уйланган. Элдигу тўй кечаси Аттилага олтин қадаҳда заҳар солинган шаробни ичказган. Тонг отишига оз қолганда Аттиланинг оғиз ва бурнидан ўқдек қон отилиб чиқа бошлаган. Элдигу қўрқиб эс-ҳушини йўқотган. Аттила шу йўсинда қонга бўялиб ўлган.
Ҳунлар аввал тайёрлаб қўйилган олтин сандиқнинг ичига Аттилани ётқизиб, ундан кейин олтин сандиқни кумуш сандиққа, кумуш сандиқни пўлат сандиққа жойлаб, сандиқларнинг оғзини маҳкам беркитганлар. Улар бу ишни ўринлатгандан кейин Дунай дарёсининг сувини тўсиб, бошқа тарафга оқизиб, дарёнинг ўза нидан чуқур кавлаб, Аттиланинг жасади солинган уч қават сандиқни шу ерга кўмиб, дарё сувини яна асли оқимига оқизиб юборганлар. Демак, Аттила Дунай дарёсининг остига дафн қилинган. У ҳозиргача уч хил металлдан ясалган уч қават сандиқ ичида ётган бўлса керак.
Аттила буваси Ўғизхонга ўхшаш улуғ истилочи бўлиб, у дунёга жаҳонгир бўлишни ўз олдига - мақсад қилиб қўйган эди.

Уйғур ёзувчиси ТУРҒУН ОЛМОСНИНГ «Ҳунларнинг қисқача тарихи» китобидан қисқартириб СИРОЖИДДИН АҲМАД ўгирди

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин