Саналар
21.12.2024
Баннер
Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳокимият тепасига келиши
PDF Босма E-mail

Жавоҳирлаъл Неру(1889-1964)-Ҳиндистон давлат, сиёсий ва жамоат арбоби миллий озодлик ҳаракати курашида М.К.Гандининг сафдоши сифатида фаолият кўрсата бошлади. Жавоҳирлаъл Неру тарихда "Янги Ҳиндистон бунёдкори" номи билан машҳур бўлди.  Жавоҳирлаъл Неру 1947 йил 15 августда Деҳлида машхур Лал Қалъада Ҳиндистон Миллий мустақилликни қўлга киритганлигини эълон қилди. 1947 йилдан бошлаб Ҳиндистон Республикаси бош вазири ва ташқи ишлар вазири сифатида фаолият олиб борди. Жавоҳирлаъл Неру раҳбарлиги даврида Ҳиндистон жуда катта муваффақиятга эришди. Жумладан, халқ хўжалиги, фан ва маданиятнинг ривожида ўз ҳиссасини қўша олди. Жавоҳирлаъл Неру ташқи сиёсат асосларини яратди, халқаро чигал масалаларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатган эди.Унинг мустамлакачилик, ирқчиликка қарши изчил кураши, ёппасига қуролланишга чек қўйиш, халқлар ўртасида тенглик, ҳамкорлик сиёсати халқаро майдонда Ҳиндистон нуфузини оширди. Жавоҳирлаъл Неру қўшилмаслик сиёсатини яратди. Қўшилмаслик сиёсати ва фалсафасини яратувчиларидан бири Жавоҳирлаъл Неру халқларнинг моддий фаровонлигини фақат тинчлик шароитида бунёдга келтириш мумкин, деб оир неча бор уқтирган эди. Тинчлик-бу фақат урушдан холи бўлиш эмас, балки давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамдир. Ҳиндистон ва шу каби давлатлар халқаро миқёсда муҳим роль ўйнаш учун ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги керак, деган эди у. Жавоҳирлаъл Нерунинг олиб борган сиёсат унинг ажойиб шахе эканлигини билдирди. Жавоҳирлаъл Неру отаси билимларини пухта эгаллади ва аста-секин сиёсат оламига кириб кела бошлади. Гарб маълумотини олган ва бу унинг дунёқарашйга катта таъсир кўрсатса-да, у Ҳиндистон маданиятига жуда қизиқар эди. Брахманлар кастасига тегишли бўлса-да, у ўзини индус деб ҳисобламас, унинг кўпгина
урф-одатларига танқидий қарар эди. Конгресснинг бошқа номоёндаларидан фарқли   у   ижтимоий   ўзгаришлар   ва   адолатга   қаттиқ   ишонарди. Кастачиликнинг душмани бўлган Жавоҳирлаъл Неру ҳинд жамиятидаги тенгсизликни сабабларини сиқиб чиқариш, эркак ва аёлларнинг ҳуқуқи тенг бўлган давлат ташкил қилишни орзу қилган. Жавоҳирлаъл Неру ҳинд халқининг ҳаётини ғарб билан тенглаштиришни истарди. Тажрибага эга бўлган социалист буларни амалга ошириш учун замонавий технология асосида саноат ишлаб чиқаришни амалга ошириш керак деб ўйлайди. Бироқ, собиқ Совет Иттифоқига қанчалик ҳавас қилмасин, Жавоҳирлаъл Неру демократия тарафдори бўлиб қолди. У "иқтисодий ажойибот"ни демократик йўл билан қурмоқчи бўлди. Мамлакатдаги улкан иқтисодий ва ижтимоий муаммоларга қарамасдан ҳинд демократик кучларини бирлаштира олди. Хитой ва собиқ СССРга ўхшаган йирик мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши анча юқори бўлган мамлакатлардан фарклироқ Жавоҳирлаъл Неру ҳар бир инсон озодлигига босим ўтказмасдан ва зарар келтирмаган ҳолда ривожлантиришни ваъда қилди. Жавоҳирлаъл Неру Ҳиндистон бош вазирлигининг биринчи икки ярим йили давомида қудратли ички ишлар министри Валмебхан Патель билан ишлади. Валмебхан Патель партия ташкилотини назорат қиларди ва у ҳукуматдаги иккинчи муҳим шахс эди. Патель консерватив характерга эга бўлиб, индуслар манфаатини қўллаб қувватларди.  У Жавоҳирлаъл  Нерунинг кўпгина таклифларига  қарши чиқарди. Бу икки сиёсатчи ўртасидаги келишмовчиликлар тез орада ўсиб, партия  ишларини  назорат қилиш  бўйича масалаларда кураш  бошлаб юбордилар. Ғалабани Патель қўлга киритди. 1950 йилда унинг таклифи билан П.Д.Тандон Конгресс партиясининг президанти бўлиб сайланди. Тез орада Патель вафот этди. Жавоҳирлаъл Неру эса партияни қўлга киритиш учун фаол ҳаракат бошлаб юборди. П.Д.Тандон истеъфога чиқишга мажбур бўлди, Жавоҳирлаъл Неру эса президентликни ўз қўлига олди. 1952 йилги сайловларда Жавоҳирлаъл Неру ғалаба қозонди ва умрининг охиригача партия ва ҳукуматнинг бошлиғи бўлиб, умрининг охиригача фаолият кўрсатди.
1950 йил 26 январда Ҳиндистон ўзини республика деб эълон қилди. Британ парламенти модели бўйича ўзининг янги конституциясини қабул қилди. Бу моделга кўра давлат бошлиғи қоғозда президент бўлди, лекин республиканинг асосий етакчиси бўлиб, бош вазир, парламентда кўпчилик партиясининг бошлиғи Лок Сабха бўлиб қолди. Лок Сабха ("Халқ палата"си) умумий овоз билан 5 йилда бир марта сайланадиган 500 кишидан иборат эди. Республика шаклига кўра давлатчилик тизими федерал бўлиб, Янги Деҳлидаги марказий ва ҳар бир штатдаги маҳаллий ҳокимиятдан иборат бўлган икки ҳукуматнинг ўзаро алоқасидан иборат эди. Ҳар бир щтатнинг ўз бош вазири бўлиб, у маҳаллий партияни ва штатнинг қонунчилик ҳокимиятини бошқарар эди. Марказий ҳокимиятни бошқариш кучайтириш мақсадида Янги Деҳли штатлар бўйича баъзи қарорларни бажариш ҳуқуқини қўлга олди. Алоҳида вазиятларда президент штат маъмуриятини бошқариш мумкин бўлди. Ҳукумат олдидаги вазифалар марказ ва штатлар ўртасида бўлинди. Марказий ҳокимият мудофаа, ташқи сиёсат, алоқа, темир йўл транспорта ва молия ишларини бошқарарди. Штатлар эса соғлиқни сақлаш, маориф, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий ҳокимият органларининг иши, полиция ва суд ишларига жавоб берар эди. Жавоҳирлаъл Нерунинг ғояларига асосланган ҳолда янги республика тўлалигича мустақил давлат деб эълон килинди. Индуизм динига сиғинадиган аҳоли кўп бўлишига қарамасдан мамлакатнинг асосий дини йўқ эди. Черковлар давлатдан ажратилди, мактаблар эса черковдан ажратилиб, уларни давлат қўлламасди. Жавоҳирлаъл Неру ва унинг издошлари фикрига кўра, бу йўл билан аҳолини янги Ҳиндистон маданиятига ўтказиш осон кечарди.
Мустақилликдан   сўнг   Ҳиндистон   таркибига   кирган   мустақил князликлар асосий муаммо бўлиб қолди. Маунбеттен режасига кўра 550 дан ортиқ князликлар Ҳиндистон таркибига ёки Покистон таркибига киришни танлашлари лозим эди. Порахўрлик, алдов ва куч билан Патель уларни Ҳиндистон таркибига киритишга муваффақ бўлди. Бироқ мўғуллар давридан ҳукм суриб келаётган улуғ Хайдаробод князлиги Ҳиндистонга қўшилишдан бош тортди. Патель мамлакатнинг қоқ ўртасида бўлган ярим мустақил ва душманчилик ниятидаги бу давлатга 1948 йил 13 сентябрда қўшин жўнатди. Ундан ҳам қийин муаммони Ҳиндистон билан Ғарбий Покистон чегараси ўртасидаги Кашмир келтириб чиқарди. Мамлакатнинг тўртдан уч қисмини
мусулмонлар ташкил қилсада, унинг ҳукмдори Махараджа Хари Сингх эди. У ё хохламаслиги, ёки Ҳиндистон ва Покистондан бирига ўтишни танлашни орқага сурар эди. Покистон чегара бўйлаб мусулмонлар дан ташкил топган ихтиёрий қисмларини шай қилиб қўйди. 1947 йил октябрда улар Кашмирга кирдилар. Босиб олиш мақсадида унинг пойтахти Сринагаруга йўл олдилар. Ҳокимиятни қўлдан бой беришдан қўрққан Хари Сингх Ҳиндистонни танлади ва Янги Деҳлидан ёрдам сўради. Сринагаруга самолётларда ҳинд аскарлари ташланди. Шиддатли жанглардан сўнг Покистон қўшинлари чекиндилар.   Сринагар   ва   Кашмир   водийси   Ҳиндистонга   қўшилди. Кашмирнинг ғарбий қисми Покистонликлар қўлида қолди. Штат раҳбарлари аста-секин ҳинд жамиятига қўшилиб кетдилар. Махаражлик ҳуқуқлари ўрнига Ҳиндистон конституциясида уларга бир қанча ҳуқуқлар берилди.
Уларга мерос ерлари, унвонлари ва ҳар йили бериладиган пул микдори белгиланди.    Уларнинг    баъзилари    сиёсатчи,    элчи,    бизнесмен    ва Ҳиндистоннинг энг бой кишиларига айланиб қолдилар.
1951-1952 йиллардаги умумий сайловлар Ҳиндистонни дунёдаги йирик демократик мамлакат эканлигини тасдиклади.  Марказий  ва  маҳаллий ҳокимиятдаги 4 минг ўринга рақобатлашган 17 минг депутат учун ҳинд кишилари ўзларининг овозларини бердилар. Бу Жавоҳирлаъл Нерунинг диндан алоҳида бўлган ўта маданиятли Ҳиндистон йўлини текшириш омили бўлди. Натижада миллионлаб ҳинд халкининг ишончига сазовор бўлган Жавоҳирлаъл Неру ва унинг Ҳиндистон Миллий Конгресс партияси Лок Сабхада 499 та ўриндан 364 тасига эга бўлди. Маҳаллий сайловларда бу партия 26 та штатдан 22 тасини эгаллади. Бу эса Жавоҳирлаъл Нерунинг мавқеини мустаҳкамлаб берди. Уларнинг душманлари коммунистлар бўлиб, атиги 3 та -Анухра, Прадеш, ғарбий Бенгалия ва Керал штатлари уларни қўлладилар. 1957 йилги сайлоаларда конгресс партияси янада кўпроқ овозга эга бўлди. Унинг тарафдорлари 183 миллионни ташкил қилди. Лок Сабхадаги 500 ўриндан 365 та овозга эга бўлдилар. Фақат Кералда ҳокимият тепасида коммунистлар қолдилар. Коммунистлар дан ташқари мухолифатнинг бир қисмини ўнглар партияси Бхаратия раҳбари Жан Санх ("Ҳинд халқлари партияси") ва Сватантра ("Озодлик партияси") ташкил этар эдилар, лекин улар коммунистларча ҳам оммабопликни қўлга киритмадилар.
Жамиятни кўпроқ ўйлантирадиган асосий масалалардан бири, бу мамлакат ичкарисидаги сиёсат эди. Бош вазир Жавоҳирлаъл Неру бу масалага жиддий эътибор қаратарди. Ҳиндистонга ўхшаган кўп миллатли ва кўп маданиятли мамлакатни бирлаштириш кийинчилигини билган Жавоҳирлаъл Неру мамлакатни "тил" жиҳатидан бўлишга бўлган харакат эди. 1950-1956 йиллар давомида Ҳиндистон харитасини тил принципи бўйича тўхтатиб қўйиш учун кураш бошланиб кетди. Турли тилларда: маратха, панжобча, гужаратча, тамилча, телуча гапирадиган ўзларининг махсус штатларини ташкил топишини талаб қилардилар. Ҳинду тилида гапирадиганлар уни инглиз тили ўрнига давлат тили деб тан олишини исташарди. Жавоҳирлаъл Неру бундай бўлиниш мамлакат бирлигини йўқолишига олиб келишини яхши биларди, шунинг учун бунга иложи борича тўсқинлик қилди. Шимолий Ҳиндистонда ҳинду тили кенг ёйилишига қарамасдан, мамлакатнинг турли бурчакларида ҳамма тушунадиган қадимги тиллар: инглиз, санскрит ва эронча тил ҳам мавжуд эди. Жавоҳирлаъл Неру инглиз тилига кўпроқ ён босарди, чунки у бир томондан мамлакатга керакли янгиликларни олиб келар, иккинчи томондан мамлакатни бирлаштирувчи буюк куч деб қарарди. 1952 йилда у биринчи алоҳида "тил штати", "Андхра Прадеш"ни одамлар телуча тилида гаплашадиган штатга розилик беришга мажбур бўлди. У ўз фикрида қолиб: "Ҳали кўрасиз, арини уйини бузиб, кўпларни қаттиқ чақишига дучор қиламиз," -деган гаплар ҳозирги кунда ўз ифодасини топди. Шундан сўнг алоҳида тилда гапирадиган янги штатлар пайдо бўлди.
Жавоҳирлаъл Неру ва Ҳиндистон Миллий Конгресс партияси мамлакатнинг асосий масаласи-камбағалчилик эканлигини яхши биларди. Уларнинг олдида қийин вазифа: тез ўсиб бораётган мамлакатни турмуш тарзини ҳамда ҳаёт даражасини кўтариш турарди. 1941 йилда Ҳиндистонда 389 миллион аҳоли бўлса, 1961 йилга келиб 434 миллионга етди. Бу вазифани ҳал қилиш учун Жавоҳирлаъл Неру режали иқтисодий ривожланиш сиёсатини илгари сурди. У собиқ СССР ва Ғарб мамлакатларини энг яхши ютуқларини ўзига олган ҳолда Ҳиндистонга тўғри келадиган учинчи йўлни топиш керак эди. У Ғарб фан ва техникаси асосида социалистик принцип бўйича оғир саноат ривожлантиришни ният қилган эди. Бу эса ривожланган капитализмни социалистик "тенглаштирув" билан мослаштиришга ёрдам берарди. Социализмни ёқтиришига қарамасдан Конгресс партиясини доимо йирик саноатчилар қўллашардилар. Ҳинд саноатининг гигантлари Г.Д.Бирла ва Дж.Р.Д.Тата ўзларининг асосий кучларини миллий оқимларни қўллаб қўвватлаш учун сарф қилардилар, чунки шу оқимлар иқтисодий манфаатларни заминини ташкил қилади деб ҳисоблардилар. Иқтисодни режалаштириш ва координациялаштириш зарурлиги, инвеститциянинг кўлами, ривожланишига туртки бўла олиши хусусий сектор имкониятларидан узоққа чиқишида Г.Д.Бирла ва Дж.Р.Д.Тата Жавоҳирлаъл Неру билан ҳамфикр эди. Давлат капиталининг согломлаштирувчи оқимигина Ҳиндистон иқтисодини оёққа турғизишига ишонардилар. Иқтисод жамоат ва хусусий секторга бўлинган эди. Саноатни ривожини хусусий қўлларда қолдирилди, аммо ирригацион қурилмалари, электростанцияларни қуришни давлат бошқарарди. Саноатни ривожланиши бўйича назорат қилиш учун янги қонунлар қабул қилинди ва улар хусусий компаниялар фаолиятинибошқарар эди. Улардан энг муҳимлари 1951 йилдаги "Саноат ҳақидаги қонун" ва 1956 йилдаги "Компаниялар ҳақидаги қонун" эди.  Биринчиси, давлатга хусусий фирмалар устидан ҳукмронлигини берарди. Ўзини эски саноатини янгиламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлса давлатдан лицензия олиши керак эди. Иккинчиси эса, монополияларни жиловларди. Текширув ва чекланишлар ривожланишни сиқиб қўйган эди Монополиялар эса назоратсиз қолганидан ташқари яна ривожланди. 1961 йилда 86% компанияларда хусусий капиталнинг 14,6% ига тўғри келса, кичкина компанияларда 53% тўғри келарди. Лицензия олиш учун катта микдорда пора бериш керак эди. Коррупция ўзининг энг юқори чўққисига чикди.
Ҳиндистон иқтисодий ривожланланишини режалаштириш ва координациялаш учун Жавоҳирлаъл Неру 1950 йилда Миллий комиссияни ташкил эттирди. Яшаш даражасини кўтаришнинг асосий сабаби қилиб саноатни ривожлантириш керак деб топилди. Ҳиндистонга кучли ва қаттиқ иқтисод керак эди. Буларни амалга ошириш учун учта беш йиллик режа ишлаб чиқилди. Биринчиси, 1951 йилдан бошланиб, асосий эътибор қишлоқ хўжалигига қаратилган эди. Инглизлар Ҳиндистонда йирик сугориш иншоотлар системасини курган эдилар, лекин катта ерлар, ўзлаштирилмасдан қолиб кетган эди. Андхра Прадеш ва Майсур штатларининг чегарасидаги Тунгабхара тўгони 1,03 миллион акр ерни сугорар эди. Бу ва бунга ўхшаш тўғонлар Ҳиндистон энергетикасига катта ҳисса қўшардилар. Биринчи беш йиллик режа ҳисоб-китобларга қараганда катта ютуқлар олиб келди. Озик-овқат маҳсулотлари 25%га миллий даромад эса 18% га ошди. Бу Жавоҳирлаъл Неру олиб бораётган сиёсатиниг самараси эди.
Иккинчи беш йиллик режа (1956-1961 йиллар) саноатни ривожлантиришга қаратилган эди. У миллий даромадни 25% кўтариши керак эди. Иккинчи беш йилликка уч баравар кўп маҳсулот сарфланди, лекин натижа кутилгандан ёмон бўлди. Шунга қарамасдан, электрокувват ишлаб чиқариш икки баравар ўсди. Кумир қазиб чикариш, пўлат ишлаб чиқариш ўсди. Ҳиндистон саноат соҳасида анча ютуққа эришди. Янги Ҳиндистонда Жавоҳирлаъл Нерунинг беш йиллик режалари мамлакатни замонавий саноатлашган ривожланишига асос солди. Улардан сўнг мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ ўзини-ўзи таъминлай бошлади. Кутилган натижани беш йиллик режалар бермасада, уларнинг ёрдамида 1951-1961 йилларда миллий даромад 42% ўсди. Жавоҳирлаъл Нерунинг бош вазирлиги даврида демографик кўрсатувлар ўсди. Мамлакатда ўлим суратлари икки баравар камайди. Бу ғалабаларга қарама-қарши бўлган асосий муаммо аҳолини ўсиши бўлиб, бир йилда 5-6 миллионга купая бошлади. Жавоҳирлаъл Неру буни билсада, лекин уни ҳал қила олмади. 1959 йилдагина ҳинд ҳукумати Жавоҳирлаъл Неру бошчилигида "оилани режалаштириш бўйича лойиҳалар"ни ишлаб чиқди.  Бу лойиҳалар ҳеч қандай натижа бермади. Демографик портлаш саводсизлик билан боғланган эди. Кўпайиб бораётган университетлар, институтлар, коллежлар саводсизликка қарши курашишга ёрдам бера олмади. 1947 йилда 86% аҳоли саводсиз эди, 30 йилдан сўнг, 1979 йил 70% аҳоли аввалгидек ўқиш ва ёзишни билмасдилар. Ҳозирги кунга қадар Ҳиндистоннинг асосий муаммоси аҳолини тез суръатлар билан ўсиши ва саводсизлик бўлиб қолмади. Жавоҳирлаъл Нерунинг зиммасига юкланган жамоатчилик ишончи бу муаммоларни биринчи навбатда ҳал қилиши лозим эди. Унинг ҳаракатлари мамлакат жамият қурилишини тубдан ўзгартирди. Бунинг учун асосни Махатма Ганди тайёрлаб кетган эди, лекин бунга қарамасдан жамият қонунлари ўтмишга бориб тақаларди.    Жавоҳирлаъл Неру Ҳиндистондаги мавжуд бўлган муаммоларни иложи борича тинч ва осойишталик билан амалга ошириш учун тинимсизҳаракат қилар эди. У ҳақиқий ва том маънодаги ватанпарвар шахе сифатида халқ кўз ўнгида гавдаланарди.

Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳаракати билан "аёллар ҳуқуқи тўғрисида" қонунлар қабул қилинди . Бу олти йиллик кураш маҳсули бўлиб, аёллар ҳаётини янгилаш борасида инқилоб ҳисобланарди. Мустақилликдан сўнг аёллар ҳуқуқи қоғоздагина эркаклар ҳуқуқи билан тенглашди. Амалда эса эскича хотин-қизларга муносабат қолаверди. 1955 ва 1956 йилларда Жавоҳирлаъл Неру муҳим қонунларни қабул қилишга муваффақ бўлди. Улардан биринчи ҳинд никоҳи тўгрисида бўлиб, ҳинд аёлига никоҳни бекор қилишга рухсат берилди. Бундан ташқари, у эркакларда 18, қизларда 15 ёш деб белгилашга муваффақ бўлди. Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳаракатлари орқалигина ҳинд аёллари эркаклар билан баравар юридик ҳуқуқларга эга бўлдилар. Шу билан бирга Жавоҳирлаъл Неру бошқаруви даврида Ҳиндистон дунё саҳнасида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Қўшилмаслик сиёсатининг асоси мазмунини биринчи марта Жавоҳирлаъл Неру 1947 йил 4 декабрда Ҳиндистон таъсис мажлисида таърифлаган эди. "Бизнинг давримизда, деганди у,- ташқи сиёсатнинг моҳияти битта умумий саволга бориб тақалади: "Ким қайси гуруҳга мансуб?" Бу албатта масалани ниҳоятда соддалаштириб кўрсатишдир...Биз эса ташқи сиёсатда ўзимизни бирорта томон билан боғлаб қўймасликка интилдик ва шунинг учун ҳеч қандай блокка қўшилмадик. Биз ҳар бир халқаро масалани моҳиятига кўра ўз шахсий фикримиз билан ҳал этишга киришамиз" .

Жавоҳирлаъл Неру халқаро алоқалар бобида катта эркинлик билан ҳаракат қилди. Ҳинд халқи ва уларнинг мустақил мамлакатлари дунё саҳнасида тўла ҳуқуқли бўлиши ва бошқа мамлакат унга ҳурмат билан қарашини хохлардилар. Халқ Жавоҳирлаъл Неруга ташқи сиёсатни амалга ошириш режасини ишлаб чиқишига рози эди. Сезиларли ҳолда Жавоҳирлаъл Неру бу халқ хохишини амалда бажара олди. Қолоқлиги ва камбағаллигига қарамасдан Жавоҳирлаъл Неру бошчилигидаги Ҳиндистон халқаро майдонда муҳим роль ўйновчи мамлакатга айлана олди. АКШ, собиқ СССР ва Буюк Британия ҳарбий альянси тарқалди. Дунё икки қарама-қарши лагерга бўлинди. Улар ўртасидаги қарама-қаршиликни юмшатиш учун Жавоҳирлаъл Неру "Қўшилмаслик сиёсатини" тутди. У АҚШ ва собиқ СССР ўртасидаги муносабатларга аралашмасликка чақирди. Қанча мамлакат кўшилса улар ўртасидаги муаммо катталашишини тушунтирди. Жавоҳирлаъл Нерунинг ҳаракатлари янги факторни "Қўшилмаслик ҳаракати"ни келтириб чиқарди. Унинг ўзи ва қизи Индира Гандининг фаолиятлари ва ҳаракатлари натижасида халқаро муносабатларда Ҳиндистоннинг обрўси кўтарилди. 1947 йилдаёқ Ҳиндистон ҳукуматининг раҳбари "Мен яқин орада, айтайлик 2-3 йилдан сўнг дунё қўшилмаслик позициясини маъқул кўришига ишонаман... ва ҳозирда кучсиз бўлган талайгина кичик мамлакатлар бу масалада эҳтимол Ҳиндистондан ўрнак олсалар керак", деганди.  1947 йилда ҳарбий блокларга қўшилмаган мамлакат биргина Ҳиндистон ҳисобланган бўлса, ҳозирда қўшилмаслик ҳаракатида 120 дан ортиқ Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатлари иштирок этмокда.

Жавоҳирлаъл Неру бутун дунёда тинч-тотув яшаш ғоялари асосида тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш халқаро ҳамкорлик муҳимлигини бир неча бор таъкидларди, ҳал этилмаган халқаро муаммолар тинч воситалар билан бартараф этилиши мумкин ва лозим эканлигини уқтирарди.                Ҳиндистоннинг қўшнилари бўлмиш Хитой ва Покистон ўртасидаги алоқаларни яхшилаш борасида Жавоҳирлаъл Нерунинг омади келмади. 1948 йилги воқеалардан сўнг Покистон билан Ҳиндистон алоқаси ёмонлигича қолди. Кашмир масаласи Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги муаммоли ҳудуд бўлиб қолмокда. Бу икки мамлакат ўртасидаги келишмовчилик ҳозирги кунгача давом этиб келяпти.    Жавоҳирлаъл Нерунинг Ҳиндистон билан Хитой ўртасидаги алоқаларини ўрнатишига қилган ҳаракатлари яхши натижа бермади.Шимоли-шарқий тоғли чегараларда бўлиб ўтган 1962 йилги воқеалар Хитой билан урушни келтириб чиқарди. 15 минг фунт тепаликларда бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатларда ёмон қуролланган, кучсиз тайёрланган ҳинд қўшинлари урушга тайёр эмасликларини намоён қилдилар. Хитойликлар ҳинд қўшинларини катта қисмини асирга олдилар. Уларнинг турган ерларидан суриб чиқардилар. Ҳатто шимоли-шаркда жойлашган Ассам штати хитойликлар томонидан босиб олиниши мумкинлигидан штатдаги аҳоли ўртасида қўрқув пайдо бўлган эди. Ҳиндистон бахтига хитойликлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, қўшинларини олиб чиқиб кетдилар. Бу воқеа Ҳиндистон обрўсига катта путур етказди. Хитой билан алоқаларни яхшилашга уринаётган Жавоҳирлаъл Нерунинг сиёсий ҳаётида, бош вазирлик давридаги катта сиёсий инқирозни келтириб чиқарди.

1964 йил 27 майда Жавоҳирлаъл Неру вафот этди. Унинг вафоти Ҳиндистон учун катта талофат эди. 17,5 йил давомида Ҳиндистон давлати ишлари учун жавобгар шахе, уч марта қайта сайланган шахс эди. Демократик мамлакатлар учун бу рекорд натижа эди. Шуни тан олиш керакки, XXI асрда Жанубий Осиёда бундай обрўга эга бўлган бошқа шахс ҳали йўқ.Унинг бошчилигида Ҳиндистон халқаро саҳнада ўз ўрнини топди. У ҳақиқий ватанпарвар инсон эди. Жавоҳирлаъл Неру ҳокимият тепасига келиши билан ўз олдига энг биринчи мақсад қилиб қўлга киритилган мустақилликни мустаҳкамлаш, Маҳатма Ганди асос солган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни давом эттириш масаласини қўйди. Хуллас, Жавоҳирлаъл Неру жонажон ватанини мустақил тараққиёт йўлида забардаст бўлиб туриши, уни қудратли, мустаҳкам ва халқларини қаттиқ жипслашган ҳолда кўришни юрак қўри билан чин дилдан истарди. Ҳинд халқи ва жаҳондаги тинчликсевар кучлар Жавоҳирлаъл Нерунинг олиб борган ишларини ҳеч қачон унутмайди.

Тўхтаева Раъно Нортўхтаевна

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин