Алп Арслон | ||||
Салжуқийлар ҳукмдори Тўғрулбекнинг ўғли, атоқли Ислом ҳукмдори ва лашкарбошиси. Вақти келиб таназзулга юз тутган салжуқийлар империяси Тўғрулнинг шу ўғли туфайли ўз куч-қудратини қайта тиклади. Аббосийлар заифлашганини кўриб ҳаддан оша бошлаган византияликлар ўзларига чегарадош подшоҳликлар вужудга келиши билан мусулмонларга қарши сурункали уруш олиб боришга киришдилар. Алп Арслон Кичик Осиёга юриш қилиш билан ўз қўшинларини дин ҳимоясига отлантирди. Манзикерт яқинида Византия императорига қақшатқич зарба бериб, ўзини асир олди. Ўша ғалабадан кейин мусулмонлар Кичик Осиёнинг қоқ юрагига кириб бориб, у ерда маҳкам ўрнашиб олдилар. Шундан бери улар Онадўлини тарк этмадилар. Алп Арслон ўз амакиваччаларидан бири Сулаймон Қутлимишни Кичик Осиё марказининг ҳокими қилиб тайинлади. Бу ўлкани мусулмонлар Рум деб атай бошлашди. Рум салжуқийлари у ерда усмонли турклар пайдо бўлгунга қадар ҳукмрон бўлиб туришди. Улар дастлаб Никонни ўзларига пойтахт қилиб олдилар, лекин 1084 йилда салжуқийлар бу мамлакатнинг энг йирик кенти Икониум (Кўнё)ни забт этиб, у ерда мустаҳкам қўним топдилар. Византиянинг Кичик Осиёдаги энг бой ва гўзал шаҳарчаси бўлган Икониум Рум салжуқийлари даврида катта шаҳарга айланди. |