Саналар
21.12.2024
Баннер
Уни Оврупа ҳам таниган…
PDF Босма E-mail

Милодий 1451 йилда  тожу тахт энг йирик турк султонларидан бирига – Муҳаммад алайҳиссалом динининг жонкуяри сифатида Фотиҳ номи билан шуҳрат қозонган Муҳаммад Иккинчига насиб этди. Тахтга ўтирганида энди йигирма бир ёшда бўлган Фотиҳ ўттиз йил подшоҳлик қилди. У амир Муовия давридан бери кўплаб қамалларга бардош бериб, Ислом кучларига таслим бўлмай келган Қустантания (Константинопол) ни босиб олишни ўзига мақсад қилиб қўйди. Қустантания императори туркларга қарам бўлиб, солиқ тўлаб турарди, шаҳар барча овруполиклар учун ва айниқса юз эллик йил мобайнида турклар билан жангу жадаллар олиб борган Шарқий Оврупо насронийлари учун очиқ эди. Илгариги султонлар Босфорнинг Осиё қисмида, Константинополга бевосита яқин бўлган Онадўли Ҳиссор деб номланган жойда қурдирган қасрини у Румели Ҳиссор, яъни Оврупо саройи деб атади. Қалъа қуриб битказилгач, Муҳаммад ўрта асрлар охирида ўз номи билан боғлиқ машҳур қамаллардан бирини амалга оширишга киришди.

Ўшанда Эскишаҳарда ўн минг аскар бор эди. Венетсияликлар ва юнонлар туркларнинг шу атрофдаги ҳарбий-денгиз кучлари устунлига қарамасдан, қуршовда қолганларга ёрдамга келишди. Шаҳар шарқ томондан ҳимоя қилинди. Чунки византияликлар йўғон чўян занжир тайёрлатиб, у билан Олтиншоҳ кўрфазини бирорта кема киролмайдиган даражада тўсиб қўйган эдилар. Муҳаммад Иккинчи шаҳарнинг қувватли деворларини ғарбий ва шимолий томондан ўққа туттирди, бироқ эпчил ҳарбий қисм унинг ўпирилган жойларини зудлик билан ямаб турарди.
Муҳаммад шаҳарнинг жанубидан ёки шарқидан кўринишга жазм этмади. «Занжирни узишга уриниб кўрсаммикин?» Бунга ҳам имконият йўқ, чунки шаҳар девори устига ўрнатилган тўплар тўппа-тўғри кўрфазни нишонга олиб турарди. Қани энди кемалари нариги томонда бўлса. Умуман уларни бошқа соҳилда барпо этса бўлармиди? Йўқ, бўлмас эди, сабаби у томонда бирорта кемасозлик майдони йўқ. Улар қирғоққа урилишлари ва   гирдобда соҳиллар орасида илиниб қолишлари мумкин эди. Таваккал қилиб кўрсинми? У денгизчи муҳандисларга маслаҳат солди. Улар бир синаб кўришга, ўз навбатида  Муҳаммад эса бунинг учун катта мукофот беришга ваъдалашишди.
Қуруқлик оша етмишта енгил кемани Қора денгизга судраб олиб келиб, тўлиқ жиҳозланган аскарлари ва замбараклари билан сузишга қўйиб юборишди. Унчалик катта бўлмаган бу денгиз кучлари шаҳарга орқа томондан ҳужум қилиб, қуршовни дарз кетдирди. Муҳаммад ғарб томондан зарба бериб, қалъа деворининг йиқитилган жойидан Эскишаҳарга бостириб киришга муваффақ бўлди. Қонли жангда сўнгги император Константин ўлдирилди. Венетсияликлар ва генуяликларнинг кемалари кўпгина насронийларни омон сақлаб қолди. Ниҳоят, қудратли Қустантания (Константинопол) шаҳри таслим бўлди.
Бу воқеа катта сиёсий аҳамият касб этмади, чунки турклар юз йиллар мобайнида Болқонда хўжайинлик қилиб туришарди. Лекин мазкур ғалабанинг бошқача бир аҳамияти бор эди. Қадимий маданият соҳиби ҳисобланган бу шаҳар насроний черкови маркази ва азалий императорлар маскани  бўлиб келган эди. Унда бутун Оврупо ардоғидаги Авлиё София кафедрал собори жойлашганди. Шу сабабдан ҳам шаҳарнинг қўлдан кетишидан бутун қитъа оғир қайғуга чўкди. Мағлублар шаҳарни тарк этишаркан, қадимий адабий хазинани ўзлари билан олиб кетиб, Оврупони бойитдилар. Бироқ қитъа аҳолиси бу йўқотишни ҳеч қачон унута билмади ва туркларни  авф эта ҳам олмади. Шу даврдан бошлаб Овруподаги ҳар бир қўл туркларга қарши чўзилаверадиган бўлди. Қитъадаги барча халқлар бирин-кетин улар билан курашиб чиқди, шу тариқа уруш  тўрт юз йил давом этди. Насронийлар 1492 йили Ғарнотадаги сўнгги мусулмон подшоҳлигини барбод қилмагунларича унга ҳужум қилавериб, аламларидан чиқишди.
Муҳаммад Фотиҳ унвонига у фақат Константинополни забт этгани учун эмас, балки кўп марталаб зафар қучгани туфайли сазовор бўлган. Хунёди ҳали турк ерларига юриш қилиб турарди. Муҳаммад ҳам ўз навбатида 1456 йилда Сербиянинг пойтахти Белград шаҳрини қамал қилди. Шундай бир пайтда Хунёди вафот этиб, Муҳаммад эса ғолибона юришини давом эттирди. У 1458 йилда Сербияни, 1458 ва 1461 йиллар оралиғида Босния билан Ҳерсеговинани эгаллади. Бу минтақаларда кўпчилик Ислом динини қабул қилди. Шу йиллари туркларнинг денгиз кучлари Эгей баҳридаги оролларни босиб олди.
Бироқ ҳар қадамда Венетсия ва Генуяга мададкор бўлиб келаётган машҳур Искандар бошчилигидаги Албания бир чеккада қолаётган эди. Искандарбек вафотидан кейин 1467 йили бу мамлакат ҳам босиб олинди. Ана шу ғалабалар Оврупони таҳликага солиб қўйди. Мусулмонларнинг бошқа бир шохобчаси қитъада шарқ томондан ҳам хуруж қилаётган эди. Венетсия айниқса ташвишга тушиб қолди. Усмонлилар Византияга қарам барча Эгей оролларини эгаллаб, Венетсия билан Русиянинг кўпгина тижорат бозорлари жойлашган Қора денгиз бандаргоҳларига  олиб борадиган савдо йўлини ёпиб қўйишди. Ҳаяжонга тушган Папа яна «Насронийлар хавф остида!» деган эски даъват билан навбатдаги салиб юришини уюштиришга чоғланди. У ҳатто маълум натижага эришди ҳам.
Можаристон билан Венетсия жангга ҳозирлик кўра бошлади, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмади. Бетайинликдан чарчаган турклар орқага қайтиб кетишди. 1469 йили Долматия ва Хорватия, 1470 йили Адриатика денгизидаги Негропарте бандаргоҳи эгалланди. Венетсияликлар Форс билан иттифоқ тузиб, шоҳни Шарқдаги туркларга қарам ўлкаларга ҳужум қилишга тезлашди. Форслар жангга отландилар, лекин турклар 1473 йилида Эрзинжонда уларга зарба берганларидан кейин Венетсия томонга бурилиб, шимолий Албаниядаги бир қанча шаҳарларни ҳам қўлга киритдилар.
Венетсия денгиз кучлари Скутарига ҳужум қилди, турк денгизчилари эса Адриатикага сузиб кирганларича Венетсиянинг ўзини нишонга олиб, уни муомалага ўргатиб қўйганликларидан ташқари кўп кулфатларга сабаб бўлган урушга чек қўйган сулҳ битими имзоланишига ҳам бошлаб келдилар. Турклар юқори Албанияни, Негропартени, Эгей оролларини ишғол қилишди. Қора денгизда савдо қилиш ижозати учун Венетсия ҳар йили султонга 10 минг дукат тўлаб туришга рози бўлди.
Муҳаммад фотиҳликда ҳам, маъмур сифатида ҳам буюк инсон эди. Қустантанияни эгаллагач, у насронийлар ва юнонларга шаҳарда қолишга рухсат берди, ҳатто юнонларнинг қабила бошлиғи Геннадиосни  турк ерларидаги барча насронийларнинг дин пешвоси сифатида қабул қилди, арман черковини ҳам эътироф этди. Янги сарой ҳамда подшоҳ қулларини ўқитиш учун мактаб қурдирди ва янгича ўқув тартибини жорий этди. Хорижий юртларнинг элчиларини султонга рўпара бўлишларига қадар қабул қилиб туриш учун бош вазирга ўз саройига эга бўлиш ихтиёри берилди. Бу сарой Боби Али (Катта дарвоза), Оврупода эса «Гранд гейт» ёки «Сублим порте» деб ном олган.
Куч-қувватга тўлган Муҳаммад улуғ ниятлар билан яшарди. У, шунингдек, шеърият ва санъатга ихлос қўйган маданиятли киши эди. Ислом тадқиқотларига зўр мухлис бўлган Муҳаммад айниқса форс шеъриятини жуда севарди, юнон маданиятига қойил қоларди.  Унга Рагуси шаҳридан юнон қўлёзмаларини ҳадя қилиб келтиришди. У ҳуқуқшуносликни йўлга қўйди, мактаб очдирди, масжидлар ва касалхоналар қурдирди. Ғоят илғор дунёқарашга эга бўлгани учун   билим ва маданият соҳасига ҳомийлик  қилиб турар, фозилу фузалолар билан мулоқотдан жуда роҳатланар эди. У бутун Оврупода ажойиб инсон сифатида танилди. Бежизга мағлуб венетсиялик рассом Беллини унинг тасвирини акс эттирмаган эди…

Инглизчадан Жамолиддин Ҳамдам ва Шариф Холмурод таржимаси

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин