Саналар
21.12.2024
Баннер
Бунёдкор Бобур боғлари
PDF Босма E-mail

Мовароуннаҳр ва Хуросонда маданият, адабиёт, халқ хўжалиги соҳаларининг турли тармоқларида Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари олиб борган оламшумул ободончиликларни жуда кўп гапирамиз. Бобокалонимизнинг фармо­йишлари билан қурилган муҳташам биною мадрасалар, карвон йўлларию катта-катта кўприклар, маданий-маиший обидалар ҳамда кўплаб шаҳарларда ул зотдан ёдгорлик бўлиб қолган боғу роғлар ҳақида адибларимиз, салоҳиятли ёзувчию олимларимиз ўз асарларида ҳикоя қилганлар.

Соҳибқирон ҳазратларининг бунёдкорлик йўлида қилган ишлари унинг авлодларига анъана бўлиб қолди. Бу анъанадан буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам четда қолмаган. Бобур вафотидан кейин қарийб беш аср вақт ўтишига қарамай, Бобуршоҳ ҳазратлари ва унинг авлодларидан қолган тарихий ва маданий мерос ҳанузгача жаҳон халқларини ҳайратга солиб келмоқда.

Бобур ҳазратларининг қадамлари етган жойда, албатта, битта из қолган. Шулардан бири Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида бунёд этилган ажойиб, таровати бетакрор боғ - «Боғи Бобур»дир.

Бобур Кобулга қадам ранжида қилар экан, бу ернинг об-ҳавоси, иқлими, бепоён яйловлари, шифобахш сувлари ул зотни ҳайратда қолдиргани «Бобурнома» асарида такрор-такрор қайд қилинган. Мазкур боғдаги етти иқлимдан келтирилган анвойи гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар ҳанузгача пойтахт шаҳарнинг кўрки бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги кунда «Боғи Бобур» сайилгоҳ бўлиб, давлат, жамоатчилик томонидан ўтказиладиган оммавий анжуманлар марказига айланган. Бобуршоҳ ҳаётлик даврида «Боғи Истолиб», «Боғи Наврўзий», «Бўстонсарой», «Чорбоғ», «Боғи Беҳиштий», «Боғи Нур», «Боғи Хилват» каби ажойиб, бетакрор боғларни бунёд этган. Шуниси ажабланарлики, Кобулнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, бу боғларда анвойи гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар қисман такрорланган бўлса-да, аммо айрим жиҳатлари билан кескин фарқ қилган. Яъни, боғларнинг бири аксарият мевали дарахт­лардан ташкил топса, бошқаси анвойи гуллар билан безатилган. Шунингдек, бу боғларга Мовароуннаҳрдан Қуванинг туятиш анори, Бахмалнинг қирмизи олмаси, Конибодомнинг обиноввот ўриги, Олтиариқнинг ҳусайни узуми, Самарқанднинг анжири келтириб ўтқазилган. Бундай боғларнинг жумласига «Боғи Шаҳраро» (кейинчалик бу боғнинг номи бобурийзода Нуриддин Жаҳонгиршоҳ (1605-1625 й.) томонидан «Боғу илму Ганжа» - Ганж илми боғи деб ўзгартирилган), «Боғи Жиловхона», «Ўртабоғ», «Боғи Суръат», «Боғи Моҳтоб»ларни мисол келтиришимиз мумкин. Афсуски, бу боғларнинг аксарияти ҳозирги кунда ёзма манбалардагина қолган.

«Боғи Бобур»нинг тоғ ён бағрига туташган шарқ тарафида, ул зотнинг фармонига мувофиқ, 1508 йилда «Тахти Бобур» кўшки қурилган бўлиб, у ердаги тарошланган тошларга қуйидаги жумла ўйиб ёзилган: «Тахтгоҳи олампаноҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибни Умаршайх Кўрагон ҳалладуллойи мулки фис сана 887 ҳижрий» (Мазмуни: Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибни Умаршайх Кўрагон олампаноҳ тахти мулки санаси 887 ҳижрий йил).

Бундан ташқари, Кобулдаги «Балоисор» қасри ҳам Бобуршоҳ томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик унинг ўғли Мирзо Комрон томонидан таъмирланган, ҳозирги кунгача унинг харобалари етиб келган, холос. Валиаҳд шаҳзода Мирзо Ҳумоюн Насриддин 1508 йилда ана шу қасрда таваллуд топганлиги тарихий ҳужжатларда қайд этилган. Жалолобод шаҳри ҳам шахсан Бобуршоҳнинг ташаббуси билан «Боғи Сафо» билан безатилган. Бобуршоҳ 1508 йилда валиъаҳд фарзанд туғилиши шарафига Одинапур шаҳрида «Боғи Вафо» деб номланган боғни бунёд қилганлар. Бу боғдаги гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар, асосан, Моварауннаҳрдан келтирилган бўлиб, ул зот бу ҳақда «она юртимни эслатиб турсин деб ният қилдим» деган эканлар. Бобуршоҳ ҳар галги сафари олдидан ана шу боғда зиёфатлар, ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик юзасидан машваратлар ўтказган. Бобуршоҳ 1506 йилда Кандахор шаҳрида «Чорбоғи Кандаҳори», ундан сўнг шу манзилда «Боғи Чорбоғ» боғини бунёд қилганлар. Бу боғ Арганбоб дарёсининг қирғоғида жойлашган бўлиб, ҳанузгача гўзаллиги, таровати билан барчани ўзига маҳлиё қилиб келади.

Кандаҳор шаҳрида саксонта сангтарош тўққиз йил тошларга ишлов бериб, «Қирқ зина» ансамблини барпо этган. Бу тошларга Бобуршоҳ ва унинг зурриёдлари Мирзо Ҳумоюн, Мирзо Комрон, Мирзо Аскарий, Мирзо Ҳиндолларнинг исмлари ўйиб ёзилган. 1542 йили Акбаршоҳ таваллуд топиши билан, Мирзо Ҳумоюннинг амрига мувофиқ, унинг исми ҳам қўшиб ўйдирилган.

1598 йилда Акбаршоҳ бу тошларга қўшимча равишда ўз фарзандларининг исмларини ёздирган.

Бобур Кобулда умргузаронлик қилган давр шаҳарнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этган. Афғонистоннинг атоқли олими Устод Али Аҳмади Кўҳзод «Балоисори Кобул ва унинг тарихий оқимлари» номли тарихий асарида Бобур ва Кобул шаҳри тўғрисида қуйидаги жумлани келтиради: «Кобулда Бобурнинг эзгу-ниятлари амалга ошди ва Кобулга меҳр-муҳаббати тушди, шу нуқтаи-назардан бу масканни обод, кўркам бўлишига ҳеч қандай меҳнат ва маблағларни аямади. Шунинг учун пойтахтни ва ўз қўли билан яратган боғни ҳеч қайси бир фарзандига мерос сифатида қолдирмади, шаҳар ва боғ абадий унинг тасарруфида эканлигини такрор-такрор таъкидлаб кетди».

Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида Бобур вафотидан олдин фарзандларига ўз ҳокини Кобулда, ўзи яратган боғда дафн этишни васият қилди. Бу унинг Кобулга бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббатини исботловчи далилларидан биридир. Бобуршоҳнинг жасадини валиаҳд амирзода Мирзо Ҳумоюн филлар карвонида Кобулга келтириб, ўзи васият қилган боққа дафн қилди. Мовароуннаҳрлик меъморлар Бобур қабрига сағана, устига кўшк айвон бунёд этишди. Мирзо Ҳумоюн Кобул дарёсидан боққа сув келтириш иншоотларини қурдириб, олампаноҳ ҳоки дафн этилган тепаликка сув чиқарди ва боғдаги дарахт, гулларни ўз оқими билан суғорилишига имкон яратди.

Бобур боғи ўз номи билан шу кунгача жаҳонга машҳур. Бобурнинг қабри бир неча марта таъмирланган. Биринчи даъфа Шоҳ Жаҳон буюк боболари дафн этилган сағана ва масжидни, боғни қайтадан таъмирлаб, сайёҳлар зиёрат қиладиган масканга айлантирган.

Дунёнинг барча қитъаларидан бу табаррук қадамжога ташриф буюрган давлат раҳбарлари, олиму фузалолар, оддий саёҳлар ушбу даргоҳни зиёрат қилмасдан, донишманд олим, султон Заҳириддин Муҳаммад Бобурга таъзим бажо этмасдан кетмайдилар.

Бобурнинг бунёдкорлик фаолияти ҳам ҳудди Соҳибқирон Амир Темур каби фарзандларга меърос бўлиб қолди.

Асрлардан бери бутун жаҳон аҳлини лол қолдириб келаётган Лал Қалъадаги Тож Маҳал ёдгорлиги Шоҳ Жаҳон даврида қурилган бўлиб, бунга 28 йил Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг энг атоқли минглаб уста-меъморларининг хизматлари сингган. Ушбу бинода барча мақсадларга мўлжалланган қурилмалар бўлиб, унинг ичидаги ҳаммом алоҳида ўринни эгаллайди. ўаройиб томони шундаки, ҳаммом битта шам билан иситилган. Олимлар бу сирни очиш учун кўп йиллар мобайнида таҳлил ўтказиб, ҳаммом қозонхонасининг тепа қисми, атрофи, деворлари симметрик равишда бўлган ёруғликни ўзига қабул қилиб, уни иссиқлик энергиясига айлантириб берадиган кучли қувватга эга бўлган ойнаванд линза мосламаларидан ташкил топганлигини, линзаларнинг жойлаштирилишидаги мутаносиблик ҳатто бир миллиметрга ҳам фарқ қилмаслигини аниқлаганлар. Ўруғлик тўққиз карра бўйича синиб тушиб, геометрик прогрессия шаклида тўққиз марта тўққиз карра тўққизга кўпайтириш қувватига эга бўлган, битта шамнинг ёруғлиги натижасида 80-1000 С иссиқлик даражасини берган.

Инглизлар Ҳиндистонни истило қилган даврларда бу сирни очиш мақсадида ушбу ойналарни ва ғиштларни алоҳида-алоҳида ажратиб олганлар, натижада қайта жойига қўйилганда иситиш қуввати йўқолган ва ўз холига қайтмаган.

Бобурийлар замонида Лал Қалъада подшоҳлар оиласи таом ейдиган махсус ошхона бўлган. Таом тайёрлаш, дастурхонга тортиш ва истеъмол қилиш ўзига хос усулда амалга оширилганлиги ҳақида ҳам ажойиб маълуомтлар бор. Бобуршоҳ ҳазратлари ва ул зотнинг зурриёдлари ҳиндларнинг урф-одатларига эҳтиром билан қараган ҳолда, маҳаллий халқ учун муқаддас бўлган қорамол гўшти ва бошқа ибодатга киритилган ўсимликлардан таом тайёрлашни таъқиқлаганлар, бу эса бобурийзодаларга нисбатан ҳинд халқининг ҳурматини оширган.

Таомни форсийзабон ошпаз қизу аёллар пиширган, дас­турхонга тортиш вазифаси ҳинд қизларига топширилган. Подшоҳ оиласи дастурхонидаги ҳар бир таомларни олдин туркий қизлар татиб кўрган. Бу билан Бобуршоҳ ўз тасарруфидаги барча миллатларга ҳурмат-эҳтиромини билдирган. Бу ҳислат Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларидан авлодларига мерос сифатида ўтиб келганлигини сарой ёзувчилари бир неча бор ўз асарларида таъкидлаб ўтганлар.

Абдулло Олим,
“Маърифат” газетасидан олинди

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин