Саналар
04.10.2024
Баннер
Соҳибқироннинг оламшумул тафаккури
PDF Босма E-mail

Буюк тарихий шахсларнинг таржимаи ҳолини ёзиш ва улар ҳақида изланиш олиб бориш учун манбалар ва адабиётлар етишмаслиги кўпинча муаммо бўлса, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида эса манбалар ва адабиётларнинг ниҳоятда кўплиги муаммо ҳисобланади.

Бу буюк инсон ва иқтидорли давлат арбоби ҳақида кўплаб асарлар ёзилганлигига қарамасдан, тоталитар совет тузуми даврида унинг ҳаёти қирралари, сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари халқимиздан сир сақлаб келинди.

Ҳукмрон мафкура унинг сиймосини мубҳам-қора пардага ўраб кўрсатишга интилди.

 

Биз бу ўринда бир мисол келтирмоқчимиз. Француз олими профессор Люсьен Керен умрининг асосий қисмини темуршуносликка бағишлаб, бу борада жуда кўп асарлар яратган инсон. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бу борадаги хизматлари учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Минг афсуслар бўлсинким, қизил империя даврида, Амир Темур тўғрисида бирор-бир ижобий сўз айтмоқ амри маҳол эди. Унинг фаолияти ва шахсияти фақат қора кўзойнак орқали ўрганилди, талқин қилинди. Мустақилликка эришилгандан сўнг, бу борада хайрли ишлар бошланди, бобокалонимиз номлари ҳақиқий равишда ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олина бошланди. ЮНЕСКО раҳнамолигида Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди.

Люсьен Керен ҳақли таъкидлаганидек, совет тузуми даврида Амир Темур шахсиятини ерга уриш, уни асосан босқинчи сифатида талқин этиш урф бўлди. Олим 1961 йили Ўзбекистонда бўлганида Темур қандай давлат арбоби бўлганлиги, унинг ижобий фазилатларига доир саволларига жавоб беришдан бош тортганлар. Аммо Темурийлар даври ёдгорликларини инкор этиб бўлмаслиги маълум эди, Темурийлар маданиятига, хусусан Улуғбекка ҳурмат сезилиб турарди.

Соҳибқироннинг нуроний қиёфасидан биринчи бўлиб бундай қалин ва қора пардани кўтариб ташлаган жасоратли олим, академик Иброҳим Мўминов бўлди. Ундан кейин олимнинг мумтоз шогирдларидан бири, Ўзбекистон тарихи билимдони, академик Бўрибой Аҳмедов Соҳибқирон ҳақида чуқур илмий асарлар ёзди, унинг «Тузук»ларини нашр қилдириб, ватан тарихининг порлоқ саҳифаларини ёритиб берди. Шунингдек, Темурийлар даврини ёритишда истеъдодли меҳнаткаш олим Турғун Файзиевнинг хизматлари ва ёзган асарлари ҳам катта аҳамиятга эга.

Биз араб, турк, форс ва ғарб тилларида нашр этилган адабиётлардан ташқари, айтиб ўтилган олимлар ёзган асарлардан ҳам фойдаланиб, буюк Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Темурийлар буюк давлатининг асосчиси Темурбек ибн Тарағай, ёшлигиданоқ зўравонлик ва зўравонларга қарши кураш олиб бориб, жамиятда адолат меъёрларига мувофиқ иш юритиш туйғулари билан бирга ўсди ва камолот даражасига кўтарилди.

Темур асос солган давлатда ўрнатилган ҳуқуқий тизим ҳар доим устун бўлиб, унинг талабларига риоя қилиш барча учун мажбурий бўлган, тартибни бузган ва ўз вазифасини бажармаган кишиларга қаттиққўллик билан муносабатда бўлинган. Айниқса, давлат хавфсизлигини бузганлар қаттиқ жазоланганлар.

Соҳибқирон Амир Темур ислом ҳуқуқшунослик илмини ҳар томонлама ўзлаштириб олган эди. Бу соҳада у зот юксак даражага кўтарилиб, фатво бериш салоҳиятига эга бўлган. Қуръони каримнинг барча оятларини ёдлаб, уларни аввалдан охирига ва охиридан аввалга қараб ёддан ўқиш малакасига эга бўлган Амир Темур, уларнинг туб мазмунини чуқур тушуниб, айримларини ўзининг иш дастурига айлантирган эди. Оятлар ва ҳадисларга унинг ишонч ва эътиқоди шу қадар кучли бўлганки, уларни ўша даврнинг буюк биноларида чиройли «ислимий» хатлар билан ёзиб қўйишга буйруқ берган.

Амир Темур давлатида ислом ҳуқуқининг асосий қоидаларидан бири бўлмиш ва ҳозирда ҳам халқаро миқёсида қабул қилинган қоида, яъни «жиноятнинг шахсийлиги»га жиддий риоя қилинган, яъни жиноятчининг гуноҳи учун унинг қавм-қариндоши, оға-инилари (жиноятда иштирок этмаган ҳолда) жавобгар бўлмаганлар, шунингдек, жиноятга қўл урган киши жазосиз қолдирилмаган ва гуноҳсиз кишини жазолашга йўл қўйилмаган. Амир Темур ушбу принципни давлат ҳуқуқий тизимининг асосий қоидаларидан бири деб билган. У «мен ҳар доим аскарларимни қонунга итоат қилиш руҳи билан тарбиялаб келдим, қонун бузувчиларни жазосиз қолдирмадим» деб таъкидлаган эди.

Афсуски, айрим тарихчилар, ғоявий, мазҳабий ёки этник таассубларга асосланган ҳолда, Амир Темурга нисбатан асоссиз фикрлар билдириб, унинг давлатида адолат меъёрлари амалга оширилганлигига шубҳа кўзи билан қараб келганлар. Ибн Арабшоҳ ёзган тўқима фикрларга қўшилиб, унга нисбатан салбий муносабатда бўлганлар.

Академик Бартолд ўзининг «Улуғбек ва унинг даври» номли асарида ва америкалик машҳур тарихчи Хорулд Лемб ўзининг «Темур» номли китобида ибн Арабшоҳни ғаразли киши деб билиб, у берган маълумотларни душманлик ва адоватдан сарчина олган ва у ёзган ибораларни ҳажв ва истеҳзо (масхара қилиш)дан бошқа нарса эмас, деб ёзганлар (Ибн Арабшоҳ китобининг форсча таржимаси муқаддимаси). Лекин Соҳибқироннинг шахсияти шу қадар юксак ва мақоми шу қадар баланд эдики, Ибн Арабшоҳ ҳар қанча қора ойна ортидан боқса ҳам, унинг даҳоси, лаёқати, инсоний қиёфаси ва адолатсеварлигини инкор қила олмаган ва уларни эътироф этишга мажбур бўлган. Биз унинг китобидан (форсча матнидан таржима қилиб) айрим сатрларни келтирамиз:

«Ишларни бажаришда Темур ўткир фикр ва узоқни кўра билиш қобилиятига эга эди... Унинг тафаккур денгизи чексиз эди... Ҳар доим қонунларни ўз мамлакатида амалга ошириб турарди... Ҳикмат ва жадал (мунозара)да Ибн Синони ортда қолдирар, мантиқда юнонликларни соқит қиларди».

«У беҳуда сўзлаш ва ҳазилкашликни ёқтирмасди, ҳеч қачон ҳаво ва ҳавасга кўнгил бермасди, тўғрилик ва ростликни ҳатто унинг зарарига бўлса ҳам яхши кўрарди... Унинг мажлисида носазо айтиш, қон тўкиш, асирликка олиш, ор-номусга тегиш ва ғорат қилишдан сўзлаш мумкин эмас эди... Темур етук ақл, ажойиб идрок, юксак бахту иқбол, келишган толе, изчил ирода ва қатъий фикр эгаси эди... Ниҳоят зийраклик билан ҳақни ботилдан ажрата олиб, ўз даҳоси билан ҳақиқий ўгит берувчини лаганбардордан фарқ этарди... Ўз ёрқин фикрлари билан порлоқ юлдузларга йўл кўрсатарди ва юлдузлар ўқи унинг раъйи (фикри) ва иродасига қараб, мақсадга бориб тегади деб ўйларди киши».

Амир Темур, Ибн Арабшоҳ эътироф этган олий хусусиятлар эгаси бўлишидан ташқари, шариат соқчиси ва адолат ҳомийси сифатида ҳукмронлик қилиб келган. Қуръони карим оятлари ва шариат таълимотининг руҳи унинг «Тузуклар»ига сингиб кетган. Илоҳий йўлланмаларни назарда тутган ҳолда Соҳибқирон адолатнинг кучига, унинг ғалабаси ва енгилмаслигига чуқур ишонган эди. Қонун даражасига кўтарилган ушбу ишонч ва ақидани унинг «Тузуклар»идаги ушбу қисқа сўзлардан англаш мумкин: «Адоват эмас, адолат енгади», «қонни қон билан эмас, сув билан ювишни ўрган», «мен салтанатимни ислом дини, тўра тузуклар асосида мустаҳкамладим».

Соҳибқирон ўз авлодларини ўч-интиқом олмасликка, ҳар доим тинчлик ва ярашиш йўлларини очиб қўйишга чақириб келган. Шунинг учун Амир Темурдан кейин ҳам ватанпарварлик, адолатсеварлик, қонунга бўйсуниш Темурийлар давлатининг унутиб бўлмас анъаналарига айланиб қолган. Чунончи, Ҳиндистондек катта ўлкада Бобурийлар империяси ҳудудида адолатни таъминлаш мақсадида Аврангзеб Оламгир назари остида «Фатвои Ҳиндия» деб аталган тўрт жилдлик ҳуқуқий кодекс яратилиб, Бобурийлар ҳокимияти тугагунга қадар бутун Ҳиндистон судларида расмий қонун сифатида ишлатилиб келинган.

Соҳибқирон Амир Темур асос солган буюк давлат ўзининг турли босқичларида, ҳам Турон, ҳам Хуросон, ҳам Эрон ва ҳам Ҳиндистон ярим оролида адолат меъёрларига асосланган тузум сифатида барча олам аҳлининг диққатини ўзига тортиб келиб, бугунга қадар ҳам ўз тарихий аҳамиятини йўқотмаган.

Маълумки, Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳурмат ва эътиборга молик меросларидан бири унинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари мажмуи бўлган «Темур тузуклари»дир. Дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ушбу асар, давлатни идора қилиш усуллари, қўшинни ташкил этиш қоидалари, урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий услублар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва ахлоқий ғоялар ва меъёрларни ўз ичига олган. «Тузуклар»нинг марказида инсон, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш туради.

Амир Темурнинг маслаҳатчиси ва Ғарб мамлакатларига юборган элчиси (Султония усқуфи) ҳозирда Париж илмий кутубхонасида сақланаётган хотираларида Амир Темур ҳақида: «Темурбек форс, араб ва турк тилларини билади. Қуръон илми ва ислом ҳуқуқшунослиги илмида шу қадар кучли олимки, ҳеч бир мусулмон олими у билан мунозара қилишга қодир эмас, у олим ва шоирларга катта ҳурмат билан қарайди. Бунинг сабаби шундаки, унинг ўзи олим ва донишманддир», деб таъкидлаган.

Темурийлар салтанати ва Марказий Осиёдаги Уйғониш даврининг иккинчи босқичига асос солган Соҳибқирон Амир Темур ўзининг барча сиёсий ва амалий фаолиятини шариат қоидаларига таяниб юритган. У «Мен ўз салтанатимни бошқаришда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тузук асосида бажардим. Шариат қонунларига итоат қилиш, урф-одатга эътибор бериш мен учун катта аҳамиятга эга эди. Ҳозирча ҳам шундай аҳамиятга эгадир. Менимча, модомики, бир ҳукмдор бутун умри давомида от устида ўтириб, ўзига тегишли бўлган катта иқлимнинг ҳар томонида ҳаракатда бўлиб, бир нуқтада туриб қолмас экан, ўзининг кенг қаламрави (мамлакати) ундан итоат қилишига амин бўлиши керак. Бундай ишончга фақат шариат қонунлари ва урф-одат қоидаларини амалга ошириш орқали муяссар бўла олади. Менинг мамлакатимда турли соҳаларда қонунларга қатъий амал қилинадиган бўлса, мен ўзимни ўша ерда ҳозир тургандай сезардим. Шариат ва урф қонунларини назарда тутган ҳолдагина, одамлар сенинг ишларингга ишонади ва уни жону дил билан бажаради», — деб таъкидлаган.

Қонунга асосланган тизимнинг аҳамиятини чуқур англаб олган Амир Темур ҳақли равишда, «Куч — адолатдадир» деган олий меъёрни шиор қилиб олган. Унинг бу сўзи бугун ҳам қудратли, ҳуқуқий демократик давлат қуриш учун асосий йўлланма ҳисобланади. Амир Темурнинг ҳуқуқий қарашлари ва амалий фаолияти «ҳар доим адолат ва инсоф меъёрлари билан ҳамоҳанг бўлган. У адолатсиз ҳокимиятни тасаввур қила олмаган. Ўз давлатида тузук-тўра ва шариат қоидалари устуворлигини амалда таъминлаган. У давлатни бошқариш учун шундай бир қонуний тизим яратганки, ундан кейин ҳам кўп асрлар давомида барча Хуросон, Туркистон, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон ҳудудларида унинг «Тузуклар»ига асосланиб иш юритилган. «Адоват эмас, адолат енгади» деган мўъжаз ва қимматли сўзи ҳаётда ҳамон аҳамиятлидир.

Султония усқуфи таъкидлаганидек, Амир Темурнинг Тузукларига биноан, урушсиз таслим бўлган шаҳарларда бирон-бир навкар бирон бир кимсага, хусусан, аёл кишига тажовуз қилса ё бировнинг молини тортиб олса, бундай аскар ўлдирилган.

Султония усқуфи ўз хотиралари сўнгида: «Мен яқин вақтларда жаҳон миқёсида иқтидор, бойлик ва саховат соҳасида Темурга тенг келадиган подшоҳ келиши мумкин эмас деб ўйлайман», — деб ёзиб қолдирган.

Амир Темур ҳар доим илму фанга қизиққан, турли китоблар ва илмий асарларни ўқиган, уларнинг туб моҳиятини тушунган. Масалан, буюк ориф-шоир Маҳмуд Шабистарийнинг «Гулшани роз» асари уни бутунлай ўзига тортган. Китоб муаллифига ҳурмати сабабли, Озарбойжонни тасарруф қилгандан сўнг, шоирнинг Ватани бўлмиш Шабистар аҳолисини ардоқлаб, уларнинг ҳар бирига беш мисқол тилладан, ҳаммаси бўлиб, 18 минг беш юз беш мисқол тилла бағишлайди.

Амир Темурнинг ҳуқуқий тизимида жиноятга қўл урган барча кишилар, кимлигидан қатъи назар, қонун олдида ҳеч қандай имтиёзсиз жавобгарликка тортилган. Биз Амир Темур ҳаётини ўрганар эканмиз, у амалга оширган одилона ишларни халифа Умар Форуқ бажарган буюк ва адолатли ишларга ўхшатгимиз келади.

Тарихий маълумотларга кўра, Умар Форуқнинг ўғли ислом шариатида ман қилинган «шароб»ни ичганлиги учун Миср волийси Амр ибн Ос томонидан «Ҳад» жазоси, яъни дарра уриш билан жазоланади. Лекин жазолаш юзаки ўтказилганлиги учун, одамлар эътирозига дуч келади. Ушбу воқеадан хабар топган Ҳазрат Умар ўғли билан Миср ҳокимини ўз ҳузурига чорлаб, ўғил ўз гуноҳини эътироф этгандан кейин, шариат қоидасига мувофиқ жазолашни буюради. Ўғил дарра зарбидан ҳалок бўлади. Албатта, Ҳазрат Умар бу ишни, қонунни ҳамманинг устидан бир хил татбиқ этиш мақсадида амалга оширган эди.

Соҳибқирон ҳаётида ҳам шунга ўхшаш бир воқеа бўлиб ўтган. Султониянинг ҳукмдори бўлмиш унинг ўғли Мироншоҳ ўзига яқин давлат арбоблари ва амалдорлари билан биргаликда маишатга берилиб, давлат ишлари ва раият аҳволи назоратсиз қолиб, зулму ситам ҳаддан ошади, давлат хазинаси тугаб, аҳоли оғир аҳволга тушади. Бундан хабар топган Соҳибқирон Султонияга лашкар тортиб бориб, беклар, амирлар, саркардалар кенгашини тузиб, улардан давлат хазинасини барбод қилиб, туну кун маишатга берилиб, раиятни оғир аҳволда қолдирган ҳукмдор ва уни бу йўлга бошлаган амалдорларни жазолаш ҳақида маслаҳат олгандан кейин, ўз ўғли Мироншоҳ ва уни бу йўлга солган барча амалдорларга ўлим жазоси бериб, уларнинг барча молу мулки мусодара қилинсин деб буюради. Бундай қатъий ҳукмдан даҳшатга тушган унинг пиру муршиди Сайид Барака ўртага тушиб, ҳукмнинг ижросини тўхтатишни илтимос қилади. Амир Темур унинг илтимосини қабул қилмайди. Бир неча амалдорлар ўлдирилгандан кейин, Мироншоҳ ва бошқаларга навбат етганда, жаллодлар уни жазо тахтасига ётқизиб, бошини кесмоқчи бўлади. Сайид Барака Амир Темурга, мазкур ҳукм амалга оширилса, Темурийлар авлодида ўғлини ўлдириш анъана тусини олиш хавфи борлигини  уқтиради. Ўшандагина Амир Темур Мироншоҳ ва унинг бошқа ҳамкорлари устидан чиқарган ўлим ҳукмини бекор қилади. Лекин, барибир, ўғлини ҳукмдорлик ҳуқуқидан маҳрум қилади. Унинг ўрнига иккинчи ўғли Умар Мирзони Султония ҳукмдори этиб тайинлайди.

Бундай қаттиққўллик билан ҳукм юритиш ва ҳақни тиклашда қатъийлик кўрсатиш Соҳибқироннинг шариат қоидаларига ва ўз «Тузуклар»ига ишончидан келиб чиққан. У ҳақли равишда «Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим», — деган эди. Унинг «Адлу эҳсон билан жаҳон гулшани обод бўлади» деган ҳикматли сўзларининг туб мазмунини ана шундай ҳодисалар мағзидан тушуниб олиш мумкин.

Акмал Саидов
Абдулҳаким Жузжоний

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин