Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо адабий, илмий-назарий асарлари қатори «Бобурнома»нинг ҳам ўрганилмаган тарафлари, қирралари шунчалар кўпки, уларни бугунги авлодга етказиш ўтмишдаги қадриятларимизни тиклаш, ундан баҳраманд бўлиш, ёшларда юксак ватанпарварлик руҳиятини тарбиялаш каби долзарб масалаларда алоҳида ўрин тутади. Бобурнинг муҳораба майдонидаги ғалабаларини таъминлаган омиллардан бири, балки энг муҳими, унинг разведка хизматидан фойдаланиш қобилиятидир. Айни шу маҳорат минглаб лашкарларни ўлим балосидан асрашда, урушни ўз фойдасига ҳал қилишда, қолаверса, атрофидаги кишилар руҳияти, шахсиятини янада яхшироқ англашида, душман нияти – сир-асроридан аввалроқ воқиф бўлишда Бобурга қўл келган. Таъкидлаш жоизки, разведка хизмати тарихи узоқ ўтмишларга бориб тақалади. Ундан оқилона, тактик жиҳатдан пишиқ фойдаланган шахсгина юксак натижаларга эришган. Шоҳ ва саркарда Бобурнинг юксак мантиқий таҳлили, уруш шароитини яхши англаши, яшиндек тез хулосага келиши, разведка хизматига ўз фурсатида мурожаат этиши ва қарийб адашмаганлиги кишини ҳайратга солади. «Бобурнома»дан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 1503-1504 йилги воқеалар. Бобур Мовароуннаҳрдан ноумид бўлиб, Кобулга юз тутган, Ҳисор вилоятининг Илоқ яйловларини кезиб, тақдир бундан кейин унга не кунларни раво кўришини ўй-хаёлларидан ўтказаётган мураккаб давр, бор-йўғи «ушбу юртта йигирма уч ёшнинг ибтидосида юзумга устара қўйдум» деб навқирон йигитлигига урғу берган пайти. Ёш Бобур бу юртларда ҳукмронлик қилаётган Ҳисор беги, кейинроқ ўзининг ашаддий душмани бўлган Хисравшоҳ ва унинг салтанати ҳақида маълумотга эга бўлиш учун Мулло Бобойи Пашоғарийни «элчиликка» юборади. Бобурнинг бундан мақсади элчи йўллашгина эмас, зарур маълумотга эга бўлиш эди. Лекин, Бобурнинг таъкидлашича, Пашоғарий «кўнгулга ёққудек сўз келтурмади». Аслида, Пашоғарий жудаям қуруқ қайтмаган. У одамлар орасида бўлиб, айрим зарур маълумотларни етказган: «вале эл ва улусдин сўзлар келтурди». Ўша вақтда Бобур ўз лашкарларининг кўп қисмидан айрилган, 200-300 аскар ва беклари билан қолиб, ҳимояга ўта муҳтож эди. Бу пайтда темурий шаҳзодалар ва уларнинг беклари орасида лашкарларининг бир бек ёки султондан иккинчисига гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтиши оддий ҳол бўлган. Бунда иқтисодий, маънавий, маиший жиҳатлар, албатта, омон қолиб лашкар сафида бўлиш масаласи асосий омиллардан бўлган. Шу боис Бобур учун Хисравшоҳ лашкарларининг кайфиятини билиш муҳим бўлган ва у бу вазифани разведка хизматига юклаган. Лекин натижадан унчалик кўнгли тўлмаган. Зарур маълумотга эга бўла олмаган Бобур ноилож Коҳмард ва Бомиён томонга равона бўлади. Яна бир мисол Хисравшоҳнинг иниси Боқи Чағониёнийнинг Бобурга етказган разведка хабари билан боғлиқ. Афғонистонда ўз ҳукмронлиги асосини солаётган Бобур бегона юртдаги шаҳар, қишлоқ, ўрмонзор, кўча ва пасткўча, дарё ва сойлар хусусиятини жуда синчковлик билан ўрганади. Айниқса, бу лашкар хавфсизлиги, салтанат тақдири билан боғлиқ бўлса, Бобурнинг синчковлик қобилияти янада ошган, эҳтиёт чораларини кўришга киришган. Ҳали Бобурнинг Кобул ҳокимияти мустаҳкам шаклланмаган бир пайтда, атрофидаги дўстлари ҳам душман рафторини қилганда уларнинг ҳар бир ҳаракатини ўрганиш, кейин хулоса чиқариш бениҳоя муҳим эди. Шу даврда Бобурга нисбатан ёвқарашда бўлган Боқи Чағониёний «арзға еткурдиким, сув кечмай ушбу ердин (яъни Кўракатутдан – қавс ичидаги баъзи изоҳлар муаллифники), қўнуб, Кўҳат отлуқ ерга борса бўлур эмиш...» Бироқ Бобур бу хабарга унчалик ишонмади. Чағониёний Бобурни ишонтириш мақсадида бир неча айғоқчи кобулийларни олиб келади. Тундан кейин бир қадар ишонган бўлса-да, ушбу маълумотга таяниб уюштирган ҳужумдан Бобурнинг кўнгли тўлмайди: «Боқи Чағониёний арзга еткургандек НИМА черик элига тушмади. Боқибек бу саъйдин шармандароқ бўлди». Бу разведка маълумотлари кундалик ҳарбий амалиётлардан бирига хизмат қилган бўлса-да, Бобур бу масалага жуда жиддий ёндашган. 1528 йил воқеалари. Заҳириддин Бобур Ҳиндистонда Иброҳим Лўдийнинг юз мингдан ортиқ лашкарини енгган. Бу узоқ ўлкаларда Амир Темур империясини тиклашдек орзуси амалга ошганлигидан шод бўлган даври. Бироқ бу пайтда унинг ҳукми Ҳиндистоннинг барча ўлкаларига тўлиқ ўтмас, қаршилик кўрсатаётган ҳинд рожалари, лашкар бошлиқлари ҳали анча ташвишлар орттирар эди. Бу вақтда Бобурнинг ҳарбий маҳорати етилган, у юрт олиш учун ҳар бир хабар, маълумотдан борган сари унумли фойдаланар, ҳинд ерида тезроқ мустаҳкам, ҳар қандай ихтилофлардан холи давлатни тузишга ошиқар эди. Ана шундай пайтда Бобур шерикларининг олдига, Кўҳ деган жойга кема билан етиб келади. Унинг кайфияти яхши, руҳи ғалабалар нашидасидан кўтаринки эди. Уруш оралиғида, исёнчи ҳиндулар, афғонларнинг тўсатдан қиладиган ҳужумлари вазиятида у курашчилар мусобақасини ўтказган, ҳатто бу спорт тадбири янада жонли ўтишини истаб, ўзи таъкидлаганидек, «хилофи қоида» «аввал зўрроқларни» майдонга чорлаган. Хуллас, бу пайт Бобур руҳиятида кам содир бўладиган хурсандлик дами бўлган. Бироқ бу кайфиятни Султон Муҳаммад бахши келтирган разведка маълумоти ўзгартиради. Ҳаёт нашидасидан сармаст Бобур ўша заҳотиёқ шоҳ Бобурга айланади. Шу жараёнда «Султон Искандарнинг ўғли Маҳмудхоннингким, Султон Маҳмуд дерлар эди, БУЗУЛҒОНИНИНГ хабарини келтурур». Демак, Бобурнинг разведкаси олдин унинг томонига ўтган Султон Маҳмудхоннинг «бузулғонини» етказган, яъни у ўз ваъдасидан қайтиб, Бобурга нисбатан душманлик кайфиятини ихтиёр этган. Бу хабар «намози дигар»да — кун қорайгунча етиб келган. Келаси куни «намози пешин» (куннинг ярми)да Бобур бу маълумотга ишонқирамай разведкага бошқа кишини юборади ва у ҳам айни хабарни келтиради. Бобур ёзади: «Икки намоз орасида Тожихон Сарангхонийнинг арзадошти ҳам жосус хабариға мувофиқ келур. Бу кайфиятларни Султон Муҳаммад келиб арзға еткурди». Ушбу маълумотномалардан сўнг «Бобурнома»да бу ердаги муҳорабанинг айрим деталлари баён қилинади, Банорасга ўтган афғонларнинг шикаст топганлиги ҳақида сўз боради. Аслида, бу ҳол курашларнинг бир кунлик лаҳзаси, холос. Аммо, шунга қарамай, Бобур ўз хабарчилари — разведкачилар келтирган маълумотларга катта эътибор билан қараган. 1507-1508 йилларни Бобур сиёсий қарашларининг энг масъулиятли даври, десак бўлади. Кобулда ўз сиёсий ҳукмронлигини мустаҳкамлаган Бобур Ҳиндистонга юзланади. Ўзининг айтишича, «Жумоидулаввал ойи Кобулдин Ҳиндустон азимати била кўчилди». Ана шу бир жумла доирасида Бобурнинг янги саргардонлик тақдири, ўзининг иқрорича «не бормоққа ери муқаррар, не турмоққа юрте муайян, юқори-қуйи яна бир ХАБАР ОЛҒУНЧА юрт тоза қилиб кўчилур эди». Бунда Бобур аниқ қилиб разведка хизмати, унинг ишончли хабарини олмагунча бошқа ерларни ўз тасарруфига киритишга шошилмаганлигини айтмоқда. Унинг бу тактикаси, ҳарбий истеъдоди кейинроқ Ҳиндистон муҳорабаларида жуда қўл келган. 1507-1509 йил воқеалари. Бобур Кобулдан ҳозирги Жалолобод вилояти — Нингнаҳордан Ҳиндистон томон борар экан, жуда кўп афғон тўдаларига дуч келади, улар билан муҳорабалар олиб боради. Бу жараёнда ҳам Бобур разведка хизматига мурожаат этади. «Бобурнома»дан маълумки, Бобур учун энг муҳими, лашкарни эмин тутиш билан бирга уни озиқ-овқат, турар жой, чорва, отларни емиш билан таъминлаш бўлган. Армиянинг, салтанатининг озиқ-овқати масаласи ҳамиша биринчи галдаги вазифаларидан саналган. Бобур Нингнаҳор туманидаги Одинапур қўрғонига яқинлашганида айнан егулик маҳсулот, айниқса, шоли танқислигига дуч келади. Кеч куз пайтида эса шоли деҳқонлар томонидан йиғиштириб олинган, далаларда айтарлик ҳосил қолмаган. Бобур ёзади: «Кеч куз эди. Шолини тузларда аксар кўтариб эдилар. Ер билур кишилар арзга еткурдиларким, Алишанг туманининг руди юқори мил канори шолини қалин экарлар. Черикка қишлиқ ошлиқ эҳтимоли борким, андин ҳосил бўлғай.» (Ҳақиқатда, Алишанг тоғликда жойлашган бўлиб, унинг тепароқ қисмида шоли экини кеч пишади. Ушбу сатрлар муаллифи Афғонистон Жалолободининг бу мавзеида бўлиб, у ерда жуда юқори навли шолилар етиштирилишига гувоҳ бўлган). Бу ҳолатда разведка хизмати кўзланган натижани берган: «Нингнаҳор жилғасидан отланиб, илдам келиб, Сойгилдин ўтиб, Пуройин дарасиғача борилди, қалин шоли черик эли олдилар.» Мана бу мисол ҳам Бобурнинг ҳарбий-стратегик режалари билан боғлиқ. Воқеа Афғонистон ерларида, феврал ойининг ўрталарида содир бўлган. 1509-1510 йилнинг бу қиши анча кеч келиб, Бобурга черикнинг озиқ-овқати ташвиши ором бермаётган пайт. У ёзади: «Сешанба куни ойнинг еттисида бекларни ва дилазак афғонлари улуғларини тилаб, кенгашиб, сўзни мунга қўйулдиким, йил охир бўлубтур, ҳутға бир-икки кун қолибтур, туздаги ошлиқни тамом кўтарибтурлар. Бу фурсатта Саводқа борсак, черик эли ошлиқ топмай танқислиқ бўлғусидур». Бобур ўзининг лашкарлари билан жуда машаққатли довон, адирларни кезиб охири Панкйалий деган жойга тушадилар. Маҳаллий шароитни билиш, кейингина бир қарорга келиш учун Бобур «Ўғонбердини бир неча киши била тил олғали илгаррак» юборади. Бироқ, Ўғонберди ҳам бу гал «кўнгул тилагудек таҳқиқ хабар келтурмади». Албатта, бу ҳол Бобурни қаноатлантирмаган. У яна разведка хизматига мурожаат этади: «Офтоб бир найза бўйи чиққанда Рустам туркманниким, қаравуллиққа йиборилиб эди, хабар келтурдиким, афғонлар хабардор бўлиб, қўзғолишибтурлар». Бобурнинг бу галги хабарчилари аниқ маълумот олиб келмаганларидан сўнг, у таваккал қилиб ҳужумга ўтади, ғанимларининг «бир пора асир ва ўй ва галаларини» қўлга киритади. Бобурнинг шу жойдаги бошқа разведка маълумотини олиши у билан кураш олиб бораётган афғон саркардаларининг умумий ҳолати ҳақида бўлиб, унинг энди, қайси йўлни танлаши учун муҳим эди. Аслини олганда, худди шу фурсатларда, афғон ерларини унча яхши тасаввур этмаган Бобур учун бундай хабарлар зарур ва разведка хизматининг асосий вазифаларидан бўлган. Бу маълумотлар юзаки қараганда жўнроқ кўринса-да, аслида Бобур ва унинг лашкарларини ўлимдан сақлаган, озиқ-овқатли мавзеларга етаклаган, кимга қарши курашишни олдиндан белгилаб берган. Бобур ўзи учун умр мазмунининг асоси бўлган қарор — Ҳиндистон юришига: айни шу маълумотларга эга бўлганидан кейингина азм қилган: «Бажаврдинким, ёнилди, Бҳира хаёли била ёнилиб эди, то Кобулға келиб эдук, ҳамиша Ҳиндустон юриши хаёлида эдук». Мана бу мисол эса Бобурга бевосита уруш майдонида, унинг ҳал этувчи палласида разведка нечоғли қўл келганини кўрсатади. Бемалол айтиш мумкинки, Ҳиндистонни эгаллашдаги бу якуний уруш муваффақияти, имкон қадар Бобур лашкарлари учун кам талафот билан якунланганлиги ана шу разведка маълумотларининг натижаси билан ҳам боғлиқ. Чунки биз «Бобурнома»нинг бирон саҳифасида Бобурнинг бунчалик кўп, устма-уст хабарчиларини маълумот йиғиш учун юборганини, разведка маълумоти муҳораба ютуғининг бош омили эканлигига бу қадар аниқ баҳо берилганини кўрмадик. Бобур ёзади: «Шанба куни жумодиул аввал ойининг ўн тўртида Агра навоҳисидин кўчуб, чоҳлар қозилғон юртқа келиб тушулди... Дарвеш Муҳаммад сорбон била Қисмтойким, Байанаға бориб келиб, ер-сувни билиб эди, илгари Секрий кўлининг ёқасида юрт кўра йиборилди. Келиб, юртта тушуб, Маҳдий Хожаға, Байанадағиларға киши чоптирулдиким, бетаваққуф келиб, қўшулғайлар». Демак, Бобур бу муҳорабага киргунга қадар уч марта разведка хизматига мурожаат этган. Унинг хабарчилари бу ернинг рельефи, сув заҳираси, ҳолатини «кўруб-билиб» келишлари зарур эди. Бунда маълумот тўлақонлилигини таъминлаш, шубҳага ўрин қолдирмаслик топширилган. Бинобарин, хатоликка йўл қўйиш урушда енгилиш билан баробар бўлган. Бобур маълумотни олиб, қаноат ҳосил қилгандан сўнг тез хулосага келади: « ...бетаваққуф келиб қўшилғайлар». Яъни заҳирадаги қўшинлар унга келиб қўшилишини амр қилган. Шундан кейин ҳам кўнгли тўлмаган Бобур яна разведкадан фойдаланади ва ана шу хабардин кейин ва бу ерда жанг олиб боришга оид тайёргарлик ишларини якунига етказади. Чунки хабарчиларнинг маълумотига биноан заҳира кучлари унга етиб келади, душманнинг қаерга, қайси масофада келиб тушганлигидан огоҳ бўлади ва шунга қараб керакли жойларда қоровулларни тайинлайди: «Ҳумоюннинг навкари Бек Мирак мўғулни бир неча йигит била кофирдин хабар олғали йиборилди. Кечасига бориб, хабар олиб, тонгласи хабар келтурдиларким, ғаним кишиси Бусовардин бир куруҳ илгаррак келиб тушган эмиш. Ҳам ушбу кун Маҳдий Хожа ва Муҳаммад Султон мирзо ва Байанадағи илғор келиб қўшулдилар. Беклар навбат била қаравуллиққа таъйин бўлдилар». Заҳириддин Бобур муҳорабада ҳар қандай хатолик ёмон оқибатларга олиб келишини алоҳида таъкидлаган. Юқоридаги матндан кўринадики, Бобур разведка маълумотлари асосида ҳар бир бекни ўз лашкари билан маълум вақт ва манзилда қоровулликка тайин этган. Аммо, бу маълумотларга эътибор бермаган Абдулазиз бек жуда катта хатоликка йўл қўяди, ўзини ва лашкарини хавф остида қолдириб, уларнинг айримларидан айрилади, сафдошларини ҳам чалғитиб, уларнинг бошига турли кулфатлар ёғилишига сабаб бўлади. Ана шу мисолнинг ўзи ҳам Бобурнинг разведка маълумотларига нақадар эътибор бергани, унга ўзи амал қилгани, қаламравида бу тартибни бузганларга муросасиз бўлгани далилидир. Зеро, Абдулазизнинг шу хатоси жуда катта муҳорабага ҳозирлик кўраётган Бобурнинг режаларини бузади, Муҳаммад Али жанг-жанг каби лашкарбошисини бу жангга киритишга мажбур бўлади. Мана бу мисол Бобурнинг Иброҳим Лўдий билан олиб борган курашининг дастлабки пайтига тааллуқли. У Иброҳим Лўдий аскарлари ҳолати, унга ким дўст, ким ғаним эканлигини билиш, «таҳқиқ қилиб» келишни разведка хизматига буюради ва маълумот ишонарли бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлайди: «Сиялкоттин Шоҳим Нурбекни ҳам Лаҳур бекларига чоптирулдиким, ёғий не ерда эканин таҳқиқ қилиб, қайда қотилурларини соҳибвуқуф кишидин билиб, айтиб йиборсунлар». Бобур ўз юрти ва бошқа ерли савдогарлар орқали ҳам разведка маълумотлари олишга интилган. Албатта, бу усул янгилик эмас. Савдогарлар ҳукмдорлар учун ҳамиша зарур маълумотлар етказиб туришган. Бироқ Бобурнинг бу галги мақсади аниқ нишонга теккан. У Иброҳим Лўдий ҳақида жуда муҳим маълумотга эга бўлади. Оламхоннинг Иброҳимга қарши туриши, Хуросонда эса кўчманчи ўзбаклар Балхни муҳосара қилганликлари ҳақида маълумот олади ва зудлик билан қатъий қарорга келади: «Оламхонға Ҳиндустон сари рухсат бериб, ўзумуз Балх устига отландук». Қуйидаги мисоллар юқоридагидек катта сиёсий аҳамиятга молик бўлмаса-да, муҳораба тақдирини белгилашда муҳим ўрин эгаллаган. 1525 йилги муҳорабалар Бобурни анчагина чарчатган бўлса ҳам, ёнида тўнғич ўғли Ҳумоюн мардонавор курашиб, кўпгина асирларни, қўлга киритилган филларни олиб келиб мулозамат қилганлиги унинг руҳиятини кўтарган эди. Лекин Бобур рақиби Иброҳим Лўдийнинг сир-асроридан, ҳарбий имкониятидан кенгроқ хабардор бўлишни мақсад қилар экан, қандай бўлмасин, душман орасидан «тил» олиб келишни буюради: «Ул юрттан кўчуб, Шоҳобод келдук. Тил тутар учун Султон Иброҳимнинг ўрдусиға киши йибориб, неча кун бу юртта таваққуф бўлди». Демак, Бобур ҳатто разведка хабарини кутиб, бу жойда бир неча кун қолиб кетган. Унинг бу сабри ўз натижасини берган. У лашкарлари ва сафдошлари билан хавфсиз йўлни танлаб ҳаракат қилган. Лекин бу жойга етиб келган заҳоти яна бир кишисини разведкага, яна «тил» тутиб келишга жўнатган: «Иброҳимнинг ўрдусидин ҳам мутавотир хабарлар кела бошладиким, бир куруҳ-икки куруҳ кўчуб ҳар юртта икки-уч кун мақом қила-қила келадур. Биз ҳам мутаважжиҳ бўлуб, Шоҳободдин ора икки қўнуб, Жуун дарёсининг ёқосиға Сарсава тўғриси келиб туштук. Хожа Калоннинг навкари Ҳайдарқулини тил тута йиборилди». Бобурнинг бу галги тиришқоқлиги, мақсад сари интилиши, юксак разведка қобилияти зарур натижани берган. Ҳайдарқули келтирган хабар Иброҳим Лўдий билан бўлган жанг муваффақиятини таъминлаган. Бу хабарда душманнинг ҳарбий имконияти, армия сафларининг жойланиши ва сони, лашкарлар орасидаги ўзаро муносабат, ҳатто уларнинг қайси ҳолатда ўтириб-туришларигача тафсилоти билан етказилган эди. Бобур ушбу маълумотни олар экан, ҳужумга ўтиб, ўзининг энг кўзга кўринган сарлашкарлари Чин Темур Султон, Муҳаммад Султон, Султоним Жунайд, Мир Ҳусайн ва бошқаларни бу муҳорабага сафарбар этади. Натижа унинг кўнглидагидан ҳам яхши бўлади. Бобур муҳорабаларда жуда катта ютуққа эришади, ўзи ташаббус кўрсатиб Уста Алиқули тўпчи билан яратган тўпларини ишга солиб, Иброҳим Лўдий устидан мутлақ ғалаба қозонади. Бу натижаларни қўлга киритишда, албатта, бевосита унинг разведкага оид қобилиятининг ҳам муҳим ҳиссаси бўлган. Аждодларимизнинг ҳарбий салоҳияти тарихини ўрганиш ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотишда алоҳида аҳмиятга эга. Бинобарин, миллатимизнинг ҳарбий тарихи деярли ўрганилган эмас. Биргина Бобур ҳарбий маҳорати кўплаб тадқиқотларга етарли материал бера олади. Бу масалаларни Бобурнинг моҳир адиб, шоир, олим, энциклопедик билим соҳиби сифатлари билан ҳамоҳанг ўрганиш, айниқса, янада катта самара беради.
Ҳасан Қудратуллаев, филология фанлари доктори
|