Саналар
05.10.2024
Баннер
Бобуршоҳнинг жияни
PDF Босма E-mail

Бобурподшоҳнинг  опаси Хонзодабегим ва унинг ўғли, яъни Бобурнинг шайбонийзода жияни Хуррамшоҳ тақдири ҳақидаги маълумотлар талқини тарихий манбалар ҳамда ҳозирги замон бадиий адабиёти, илмий тадқиқотларда турли-туманлигини кўрамиз. Шу сабабли, гоҳо ўқувчиларимизни "Бобурнома" ёки Гулбаданбегимнинг "Ҳумоюннома" каби ўзбек тилида нашр қилинган асарлардан ташқари, ҳозирча чоп этилмаган бошқа ёзма манбаларда Бобурнинг бу қариндошлари тўғрисида яна қандай хабарлар борлиги қизиқтириши табиий ҳол. Бобурподшоҳ "мақбул ўғлон эди", дея таърифлаган Хуррамшоҳ ҳақида ўқувчи жуда кам маълумотга эга. Биз ушбу мақолада ана шу икки мавзуга тўхталиб, тарихий манбалар орқали воқеликка назар ташлаш ва ўқувчини  бор ҳақиқатдан хабардор қилишни лозим топдик.
Хонзодабегим ва унинг ўғли Хуррамшоҳ тўғрисидаги илк маълумот "Бобурнома"да акс этиб, Хондамир "Ҳабиб ус-сияр"(1524), Муҳаммад Ҳайдар "Тарихи Рашидий"(1545)да бу борадаги фикрларини асосан "Бобурнома"дан иқтибос қилганлар, ўзларидан эса, кам янгилик қўшганлар. Бироқ, қувонарлиси шуки, "Аҳсан ат-таворих", "Лаб ат-таворих", "Тарихи оламоройи Аббосий", "Тарихи Қипчоқхоний", "Мажмаъ ул-ғаройиб", "Мусаххир ил-билод", "Тазкирайи тарихи Муқимхоний" каби бошқа асарлар маълумотлари ҳам мазкур мавзудаги тасаввуримизни бойитишга хизмат қила олади.   
"Бобурнома"нинг бизгача етиб келган ноқис нусхаларида Хонзодабегимнинг Бобур Самарқандни сулҳ асосида ташлаб чиққан 1501 йил август ойида "Шайбонийхонга тушгани", яъни бу ғаними никоҳига киргани қайд этилиб, опасининг 1510 йил декабрида эса Марвда шоҳ Исмоил томонидан қатли омга дучор бўлмай, балки Бобурнинг опаси экани учун шоҳ ташаббуси билан укаси Бобур мирзо олдига юборилгани, опасининг Шайбонийхондан туққан "Хуррамшоҳ отлиқ мақбул ўғлон"ининг Балхда ҳоким бўлгани ва отаси ҳалокати  воқеасидан бир-икки йил ўтиб қазо қилгани қайд этилади, холос. "Тарихи Рашидий"да Хонзодабегимнинг тўрт-беш йилдан сўнг Шайбоний никоҳидан чиқарилиб, Ҳодихожа никоҳига киритилгани, яна бир манбада эса бунга хоннинг Хонзодабегимдан заҳар беришда гумонсираши сабаб бўлгани кўрсатилган. Султон Муҳаммад Балхий "Мажмаъ ул-ғаройиб"да ёзишича, унинг отаси Дарвиш Муҳаммад муфти Хуррамшоҳ саройида хизмат қилган. Муҳаммадёр ибн Араб Қатаған қаламига мансуб "Мусаххир ил-билод" китобида Ҳодихожанинг кимлиги ва Хуррамшоҳнинг ҳукмдорлик фаолияти хусусида махсус, кенгроқ маълумот берилган.
Кўрганимиздек, Бобур маълумотида Ҳодихожа номи тилга олинмайди ва Хуррамшоҳга Балх вилояти берилганидан бошқа факт қайд этилмайди. Бу қисқа маълумотда Бобурнинг бу жиянини кўрган-кўрмагани аниқ эмас. Дейлик, мабодо, Бобур Хуррамшоҳ ҳақидаги кўпроқ маълумотни "Бобурнома"нинг бизгача етиб келмаган 1510 йил воқеалари баёнида зикр этган бўлса, у ҳолда бу асарнинг тўлиқ қўлёзма нусхаларига эга Хондамир ва Муҳаммад Ҳайдар ўз асарида мазкур маълумотларни нимага иқтибос қилишмаган?

Ёзувчи Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" романида Хонзодабегимнинг иккинчи никоҳи эсланмасдан, Хуррамшоҳнинг ҳам онаси билан  бирга тоғаси Бобур олдига Қундузга келгани тасвирланади. Хонзодабегимнинг Бобур билан учрашуви воқеаси "Бобурнома" маълумотига асосланган бадиий талқиндир. Асар яратилиши чоғи форс тилидаги "Ҳабиб ус-сияр", "Тарихи Рашидий" каби яна ўнлаб ёзма манбалар қўл остида бўлган шарқшунос тарихчи олим ва ёзувчи Пиримқул Қодиров Хуррамшоҳнинг Бобур билан мулоқотини ана шу бадиий тўқима орқали акс эттиришни маъқул топган. Бадиий асарнинг йўриғи бошқалиги учун ёзувчининг бунга ҳаққи бор. Андижонлик адиба Омина Тожибоева "Қиёмат тақдир" ҳикоясида Хонзодабегимнинг Шайбонийхон никоҳидан чиқарилиб, унинг хизматидаги Зиё Ҳоди исмли бир кекса руҳоний билан турмуш қургани, бу руҳоний жисмонан заиф бўлгани ва Бобурни ҳурмат қилгани юзасидан Хонзодабегимни ўз синглиси каби асраб, фурсат топганида укаси Бобур олдига юборишни мўлжаллаб юриши, аммо Марв жангида Шайбонийхон билан бир сафда ўлдирилиб, унинг бу орзусини шоҳ Исмоил амалга оширганини ўз бадиий талқинида ҳавола этади. Бу адиба ҳам Хуррамшоҳнинг тоғаси олдига Қундузга келганини ҳикоя қилади. Гарчи, ўрта аср қоидалари ўзгачалиги ва шоҳлар ҳаёти ҳам бошқача тарзда кечганини билсак-да, адибанинг бундай бадиий тўқима ва фаразидан мақсадини яхши тушуниб турибмиз;  уни шундайлигича қабул қилиш ўқувчига ҳам малол келмайди.

Р.Шамсутдинов ва М.Абдуллаевнинг "Бобурнома"нинг йўқолган саҳифалари хусусида" номли мақоласида («Бобур ва бобурийларнинг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни», 2008) эса "Хонзодабегимнинг Шайбонийхон 1510 йили ўлдирилгач, Бобур олдига келгани ва шундан сўнг Саййид Ҳоди исмли киши билан никоҳдан ўтгани, аммо уларнинг турмуши узоқ давом этмагач, Хонзодабегимнинг Маҳдий Хожа билан турмуш қургани" тарихий факт сифатида ҳавола этилган.
Аслида тарихий воқелик қандай бўлган? Юқорида эслатилган ёзма манбалар бу тўғрида қуйидаги маълумотни беради: 1478 йили туғилган Хонзодабегим 1501 йилнинг августида Бобур ва Шайбонийхон ўртасида тузилган сулҳ битими шартига биноан(Т.Файзиев. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари. "Ёзувчи", 1996) Самар­қандда Шайбонийхон никоҳига киради. Бу никоҳдан 1502 йил май ойида Хуррамшоҳ дунёга келади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, хон Хонзодабегимни заҳар беришда гумонсираб, ўз никоҳидан чиқаради. Қоидага биноан бева қолган сарой аёли бундай воқеадан сўнг ё эрсиз ўтиши ёки ҳукмдорнинг энг яқин кишисига тегиши лозим эди. Хонзодабегимни ўзидан узоқлаштирган Шайбонийхон шу сабабли бевасининг ўз бўласи(холаваччаси) Саййид Ҳодихожа бин Муртазохожа никоҳига киришига розилик беради. Бу дашти- қипчоқлик саййидлар хонадони шажараси Саййид Ото (вафоти 1291 йил) орқали Ҳазрат Али бин Аби Толибга уланади. Саййид Ҳодихожа Шайбонийхоннинг ҳам бўласи, ҳам шижоатли амирларидан бири ҳисобланиб, ўша пайтда 50 ёшларда бўлган. Хонзодабегим эса, 28 ёшда эди. Шайбонийхон 1506 йилнинг 15 ноябрида Балхни эгаллаб, соғлом энагалар ва ҳарбий ишга моҳир амирлар, яхши илмли устозлар қўлида тарбия топган қобилиятли ўғли Хуррамшоҳни Балх ва унинг музофотларига ҳоким қилиб тайинлайди. "Мусаххир ил-билод" муаллифи бу ҳақда шундай ёзади: "Ёш бўлгани учун ул шоҳзоданинг отолиқи мансабига Қанбар мирзо кўкалтош тайинланди. Ул яхши хислатли амир ҳамиша ўз марҳамати қаноти ва адолати соясини мазкур вилоят аҳолиси боши узра ёйди... Шунинг шарофатидан бутун Балх мамлакати ободончилик ва фаровонлик топди. Олий мартабали шоҳзода Хуррамшоҳнинг ёрқин кўнгли ов ва шикор ҳавасига лим тўла, дили гулюзли ёшлар ва қуёшчеҳрали ботирлар билан суҳбат қурмоқ иштиёқи билан тўлиб-тошгани сабабли, кўп вақтини шикор нашидасини сурмоқ билан ўтказарди.  Доимо соядек отаси Шайбонийхон узангиси хизматида юрар, ҳеч қачон унинг буйруғи ва фармонини бажармасдан қолмас, ҳеч бир сўзини икки қилмас эди...". "Мажмаъ ул-ғаройиб"да айтилишича эса Хуррамшоҳ ўз атрофига ўқимишли ва фозил кишиларни тўплаган. Кўринадики, довюрак ва яхши ҳарбий таълим олган Хуррамшоҳ ёшлигига қарамай отаси Шайбонийхон билан бирга Балх, Ҳиротни олиш жангларида қатнашган ҳамда давлат бошқариш сирларини ўрганган.
1507 йил июн ойида Машҳад қўлга кириб, Шайбонийхон у ерга мазкур бўласи Саййид Ҳодихожани ҳоким қилиб тайинлайди ва Хонзодабегим ҳам Машҳадда яшай бошлайди. Бироқ орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 1510 йил октябрида шоҳ Исмоил Сафавий Хуросонга юриш қилади ва оз сонли қўшин билан Ҳиротда ўтирган Шайбонийхон урушга қулай жой сифатида Марвга чекинади. Сафавийлар қўшини Машҳадга яқинлашгач, Ҳиротда қолган шу шаҳар доруғаси Жон Вафобий дўрмон, Машҳад ҳокими Саййид Ҳодихожа, Нисо ҳокими амир Муҳаммад Солиҳ ва Дурун ҳокими Подшоҳхожа(Хожа) кабилар ҳам Марвга келадилар. Шайбонийхон Балх, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Туркистон қўшинларини ёрдамга чақирган бўлиб, Хуррамшоҳ дарҳол ўз қўшини билан отасига ёрдамга ошиқади. Бироқ Шайбонийхон ёрдам келишини кутмай, 1510 йилнинг 5 декабрида жангга киришиб, ҳалок бўлади. Бу жангда Саййид Ҳодихожа ҳам ўлдирилади. Исмоил Сафавий ғалаба қозонгач, Марв аҳолисини "қатли ом" қилдириб, бегуноҳ аҳоли бошларидан миноралар ясалади. Ана шундай бир пайтда Бухородан ёрдам учун келган Убайдуллахон амакиси Шайбонийхон ҳарамидаги Бобур тоғасининг қизи Мўғулча хоним (Ойша султонбегим) бента Маҳмудхон Кошғарийни қутқариб, Бухорога олиб қочишга улгуради. Саййид Ҳодихожа уғруқи (оиласи) эса асир тушиб, Хонзодабегимнинг Бобур синглиси экани маълум бўлгач, шоҳ уни Бобур ҳузурига юборади. Бу пайтда 32 ёшга кирган Хонзодабегим шундан сўнг ҳеч кимга турмушга чиқмай, Бобур ва Ҳумоюн давлатининг жонкуяр маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатганча 1544 йили Кобилҳақ мавзесида оламдан ўтиб, Кобулдаги Бобуршоҳ мақбарасига дафн қилинади.
"Мусаххир ил-билод" муаллифи Хуррамшоҳ ҳақида яна шундай ёзади: "Отаси Марв қамалида қолганда биринчи бўлиб шу Хуррамшоҳ Балх лашкари билан отаси ёрдамига ошиққан эди... Отаси дунёни шаҳидлик билан тарк этгач, Хуррамшоҳ ҳам охират сари шитоб билан кетди. Хуррамшоҳдан насл қолмади".
Томирларида уч томонлама чингизий ва темурийлар қони юриб турган Хуррамшоҳ шоҳ Исмоил Балх сари юрмасдан бурун Самарқандга қайтади. У тоғаси сафавийлар ёрдамида Самарқандни эгаллаган 1511 йил кузидан олдин, яъни ўша йил ёзида Самарқандда ҳаётдан кўз юмади.  Биламизки, бу шаҳарда Бобур яна олти ой тахтда ўтирган. Айни ҳодисалар пайтида Самарқандда истиқомат қилиб турган ва ўша давр воқеаларини "Сулук ул-мулук" асари муқаддимасида акс эттирган Рузбеҳон Исфаҳоний шайбонийларнинг Туркистонга қочиб кетгани, 1512 йил апрелида эса уларнинг яна қайтиб келиб, Бухорога яқин Кўли Малик ёнидаги жангда Бобурни енгиб, мамлакатни қайтадан қўлга киритгач, шаҳару туманларни ўзаро тақсимлашгани ҳамда Бобурнинг ўша давр ичидаги ҳукмдорлик фаолиятини батафсил ёзиб, шайбоний хонзода ва султонлари номини бир-бир ва қайта-қайта тилга оларкан, Хуррамшоҳ номини бирон марта ҳам зикр этмайди. Агар Хуррамшоҳ бу пайтда тирик бўлганда унга ҳам она бошқа акаси Темур султон ва унинг ўғиллари, она бошқа укаси Севинч Муҳаммад султон каби Самарқанддаги шериклик тахти ёки камида бирор вилоят ва туман ҳокимлиги берилгани қайд этилган бўларди. (Академик Бўривой Аҳмедов ҳам "История Балха" китобида таҳлил ва изоҳсиз бўлса-да, Хуррамшоҳнинг туғилиш ва вафоти санасини 1502-1511 йиллар шаклида кўрсатган.)
Бобур ва унинг қариндошлари ёки, умуман, тарихий сиймолар ҳақида фикр юритганда ёзма манбаларга мурожаат қилинса, ўтмиш ҳақидаги тасаввуримиз яна ҳам бойиган, аждодларимиз ҳурмати ҳам жойига қўйилган ва тарихий ҳақиқат ойдинлашган бўларди.

Исмоил Бекжон,
филология фанлари номзоди
«Маърифат» газетасидан олинди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин