Саналар
21.12.2024
Баннер
Хоразм атамаси ҳақида
PDF Босма E-mail

Инсоният цивилизациясига ўзига хос хисса қўшган бу воҳа номи — Хоразм атамасининг келиб чиқиши борасида шу пайтгача турли талқинлар билдирилиб келинмоқда. Академик С.П.Толстов ёзганидек, «милоднинг X асрига келиб, бу сўзнинг маъносини хоразмликларнинг ўзлари ҳам унутиб юборганлар»...
Турли авлодга мансуб тадқиқотчилар гуруҳи Хоразм атамасини изоҳлашга уриниб кўрганлар. Масалан, Клиппертва Лерх «Хоразм» номини «пасттекислик ер» деб, Бюрнуф, Захау, Гейгер «унумдор ер» дея, Юсти ва Шпигель эса, аксинча «ёмон, унумсиз ер» деб талқин қилишган. Савельев бўлса «Қуёш ўлкаси» сифатидаги талқин билан баҳсу мунозарага қўшилди.
Маълумки, форсчада Хур, Хуршид қуёш бўлиб, славянларнинг қуёш худоси - Хорс номи ҳам шундан олингандир.
Бундан ташқари мазкур сўз турли манбаларда турлича талаффузда айтилганига ҳам эътибор қаратмоқ керак. Мисол учун, араб манбаларида Хваризм, янги эранинг VII асри бошларидаги Хоразм тангаларида Хвризм, қадимги форсчада эса Уваразмис, бобилчада Хумаризма, эламчада Маразмис, «Авесто»да Қайризао, юнончада Хораспия, лотинчада Хорасмия тарзида келтирилади.
Беҳистун ва Персеполдаги ёзувларда эса Уваразми, қадимий Хитой манбаси бўлмиш «Хан сулоласи тарихи» асарида Юегянь (Юецзянь), «Тан сулоласи тарихи» да «Хосюнь», «Холисими Боли» тарзида қайд этиб ўтилган.
Шунингдек, Хоразм тўғрисида араб сайёҳи Муқаддасий (985 йил) ўзининг «Ахзам ут тақсим фи маърифат ул-ақолим» асарида бир ривоятни келтириб ўтади. Унда шарқ подшоси қаҳру ғазабига дучор бўлган 400 кишини кимсасиз узоқ жойга олиб бориб ташлашни буюргани айтилади. Улар шу тариқа ҳозирги Кос шаҳрига (Кос-Кот-Шаббоз, ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний тумани) келтирилибди. Орадан вақт ўтиб, подшоҳ 103 фарсаҳликдаги Косга келиб қолганлар ҳолидан хабар олишни топширибди. Мулозимлар келиб қарашса, бадарға қилинганлар-ҳаммаси тирик бўлиб, ўзларига чайлалар қуриб, балиқ овлаб кун кечиришаётган экан. Уларда ўтин, чўп кўп экан. Воқеадан подшоҳни огоҳ қилишса, у мулозимларидан сўрабди:
- Улар гўштни нима дейишаркан?
-Хор.
-Ўтин-чўпничи?
-Разм.
Шунда подшо дебди: Мен ўша жойларни уларга бағишладим. Уларнинг юрти «Хоразм» деб аталсин.
Ҳукмдор бадарға этилганларга тўрт юз нафар турк қизини олиб бориб ташлашни ҳам буюрибди.
Муқаддасий келтирган бу ривоятни («хор» ва «разм» - «гўшт» Ва « ўтин»— Хоразм) академик С.П.Толстов, «афсонадан бошқа марса эмас», дея баҳолайди.
Хўш, С.П.Толстовнинг ўзи бу борада қандай фаразни илгари суради?
Унинг назарида, «бизни қизиктираётган термин асосида этник ном ётади, деб фараз қилсак, у ҳолда «Хоразм» («хварри ёки харри халқининг ери») сўзи (шуниси диққатга сазоворки, Ёқут XIII асрлардаёқ«Хоразм»сўзидаги «р» ташдид остида, яъни иккиланиб ўкилишини кўрсатиб, араб шоири Асадийнинг «Хоразм» сўзи иккита « р» билан ёзилган шеъридан парча келтирадибизни шарқий яфет қабилалари этнографияси оламига элтади ва Митанни давлатининг асосчилари бўлган қабила номи—«Хуррит» билан «Харри» ёки «Хурри» ўртасида ўхшашлик борлигини кўрсатади. Ҳозирча биз янги эрадан аввалги 3-2 минг йилликларга (Олд Осиёда тарих майдонида хурритлар пайдо бўлган давр) оид Хоразм маданияти тўғрисида жуда кам маълумотга эга бўлганимиз сабабли бу ҳақда бирор аниқ фикр айтиш қийин, лекин Хоразм билан Митанни ўртасида алоқалар бўлганлиги шубҳасиз. Шуни қайд қилиш лозимки, Шаушатар (1 ва 11) номли машҳур Митанни подшоҳларининг исми билан Хоразм подшоҳларининг Абу Райҳон Беруний келтирган, Хитой ахборотлари ва нумизматика материаллари тасдиқловчи рўйхатидаги ном (Шаушафар) ўртасида ҳайрон қоларли даражада ўхшашлик мавжуд.
Тилшунос олим Бахтиёр Ризо эса ушбу атаманинг келиб чиқиши бўйича янги, ўз шахсий фаразини илгари суради. Маълумки, «қўр» сўзи гулханнинг сўниб битмаган, янги гулхан ёқишда асқотадиган чўғ, оловнинг ҳилланиб турган қолдиғини билдиради. Ҳатто, ҳозирдаям «юрагида қўри бор», «қалби қўрини бахш этди» сингари иборалар ишлатилиб, унда қалбни, юракни оташ, ёниб турган гулханга тенглаштириш мазмуни акс этган. Тилшунос ана шу «қўр» сўзи айнан оловни муқаддас деб билган зар-душтийлар билан боғлиқ эканини таъкидлаб, қуйидагича фикр юритади: «Хоразм» сўзи ярим форсийлашган тарзда «Қўри азим», яъни Катта гулхан, Бош гулхан, Асосий оташгоҳ мазмунларидан келиб чиққан. Маълумки, «Қўр» сўзи туркийча бўлса, «азим» форсийчадир. Бунинг сабаби, Эрон Аҳамонийлари «Қўр» сўзини ўзларининг талаффузида ифодалашган ва унга «азим» сўзини қўшишган. Шундан кейин келган юнонлар эса бу сўзни форсийлардан ўзлаштиришган».
Албатта, Бахтиёр Ризонинг бу фикрлари -«Қўри Азим» ҳам бир илмий тахмин, холос.
Хуллас, Хоразм атамасининг қайси талқинини олмайлик, унда воҳа қуёшли, муқаддас, унумдор замин сифатида таърифланади. Дарҳақиқат, худди шундай. Ана шу боисдан ҳам Қизилқум ва Қорақум оралиғидаги қуёшли ўлкада инсоният маданиятининг ривожланиш босқичлари, тамаддуни пайдо бўлди ва тараққий топди.

Умид Бекмуҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин