Саналар
21.12.2024
Баннер
«Танга» ни «рубл»га алмаштирамиз!»...
PDF Босма E-mail

Баққоллик дўкони ёнида туриб, пул алмаштиришни таклиф этаётганларнинг овози бозор шовқин-суронига аралашиб кетарди. Қўлларида рус қоғоз пулларини ушлаган ёки хонликнинг «танга»сини халтачасига солиб юрган савдогарлар Оренбургга кетишда ёки Русиядан келганларида саррофларга мурожаат қилишарди. Зеро, улар пул алмаштиришни касб қилиб олган уддабурон кишилар эдилар..
1873 йилдан чоризм Хива хонлигини босиб олиб, қарам қилганидан сўнг воҳанинг савдо-сотиқ борасидаги ривожи Россияга боғлиқ бўлиб қолди. Натижада Оренбург орқали Россиядаги шаҳарларга бориб савдо қилувчилар ёки хонликка келган рус савдогарлари учун бозорлар ичида пул алмаштириладиган жойлар пайдо бўлди. Халқ баққоллик дўкони ёки сартарошхоналар ёнида пул алмаштирувчи кишиларни саррофлар деб атаган.
Маълумки, Хива хонлигида азалдан уч хил пул — олтиндан «пухта тилло» (ўн сўмлик), «тилло» (5 сўмлик) ҳамда кумуш ва мис тангалар зарб қилиниб, муомалада юрарди. Хонлик чоризмга қарам бўлгач, воҳа бозорларига Россиянинг қоғоз пуллариям кириб кела бошлади. Аммо халқ тилло ва тангани қадрли билиб, рус савдогарларининг қоғоз пулларига молини сотмасди. Хонлик савдогарлари Россияга бормоқчи бўлишса, у ерда қоғоз пул муомалада юргани учун йўлда тилло ва танга олиб юришни хавфли деб билишарди. Шу боис аксарият ҳолларда тиллони эмас, кумуш ва мисдан зарб қилинган тангаларни Россия қоғоз пулларига алмаштириб кетишга эҳтиёж пайдо бўларди. Олдинлари Россияга қатнаб юрган баъзи уддабуронлар бундай йўл машаққатларини чекиб юргандан кўра, қоғоз пулларни тангага алмаштириб, бевосита хонлик бозорларида юрганича ризқини тўплашга қарор қилишди. Шу тахлит хонлик бозорларида табиий эҳтиёж туфайли пул алмаштирувчилар—саррофлар пайдо бўлди.
Бу пайтга келиб, дарёнинг нариги соҳилида олдинги хонлик ерларида Петро Александровск (Тўрткўл) шаҳри пайдо бўлган ва у ерда Рус-Осиё банки иш бошлаганди. 1898 йили Петербургдаги молия вазирлиги ва давлат банки қарорига кўра, ана шу банкда хонликнинг ҳар бир тангаси 14 тийиндан баҳоланди. Яъни, пул курси бир танга — ўн тўрт тийин қилиб белгиланганди.
Аслида кумушдан зарб этиладиган танга учун ишлатилган кумушнинг пробаси (олтин, кумуш кабиларнинг софлик даражасини кўрсатувчи рақам) юқори бўлган. Петербург молия вазирлиги корчалонлари Хива тангасининг оғирлигини 61, 44 доли, пробасини 959, 5, ўртача қийматини эса 14, 56 тийин қилиб Пойтахт Хива ва йигирмата бекликнинг гавжум бозорларида фаолият юритган саррофлар курсни юқоридагича, яъни бир танга—ўн тўрт тийин қилиб белгилаб, савдо қилишарди. Кўп миқдорда рус қоғоз пули керак бўлиб қолган Хоразм савдогарига Петро Александровск банкидан олиб келган пулни курс бўйича алмаштирардилар. Яъни, саррофлар банкдагилар билан «тил топишишганди».
Улар пул муомаласидаги қийинчиликдан фойдаланиб, Хива ва Россия савдогарларига таъсир кўрсатар, бойиб, ўз улушини банкдагиларга ва молия ишлари билан шуғулланувчи хон меҳтарига бериб туришарди. Шу туфайли пошшоб, яъни хон миршаблари ҳам уларга тегмас, фақат жанжал чиққанидагина ишга аралашишарди. Саррофлар бозордаги бирор жойда ўтириб савдо қилгани, пул алмаштиргани учун « патак пули» тўлашган.
Россиялик савдогарларнинг воҳага кўплаб келиши ва хоразмлик ҳамкасблари у ерга борганида олиб келган рус қоғоз пулларни бу ерда алмаштиргани сабабли XX асрнинг биринчи ўн йиллигида танга пулга нисбатан қоғоз пул икки баробар кўпайиб кетди. 1910 йилда муомалада 2 млн. сўмлик хонлик пуллари ва 4 млн. сўмлик Россия пуллари ишлатилган. Аниқроғи, вақт ўтиши билан воҳаликлар қоғоз пулларга ўрганиб, улар воситасида ҳам савдо қилишга ўтганди.
Қолаверса, 1910 йили Ферузхон вафот этгач, зарбхонада тилла тангалар босиш ҳам тўхтаб қолди. Дунё бозорида кумуш қазиб олиш кўпайиб кетгани боис унинг қиймати тушган, Нижний Новгороддан кумушнинг ҳар бир қадоғини (1 қадоқ-409,5 г) харид қилиш қийин кечарди. Россия молия вазирлигининг таъсири туфайли кумуш «танга» пул миқдорининг курси 1910 йилда бир танга — 10 тийин қилиб белгиланган эди. Шу сабаблар туфайли 1911 йиддан кейин тиллолар оғир кунга деб, сандиққа босилгани ҳолда тангалар аста-секин муомаладан чиқиб кета бошлади.Унинг ўрнини Россиянинг қоғоз ва металл пуллари эгаллаб, халқ бу пулларни ўрис пули, рубль, Николайнинг пули, деб атарди.
Зарурат йўқлиги туфайли эса саррофлар ўз фаолиятини тўхтатиб, молия бозори «саҳна»сидан тушиб кета бошлашди. Нима бўлганида ҳам улар қисқа фурсат, яъни 1875-1910 йиллар оралиғида ғоят бойиб, сарроф номини тарих саҳифаларига муҳрлашди.

Умид Бекмуҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин