Саналар
21.12.2024
Баннер
Калланинг нархи қанча?
PDF Босма E-mail

Қассоблар томонидан сўйилган мол калласининг сотилиши ва унинг баҳоси ҳар вақт турлича бўлиши ҳаммага маълум. Аммо инсон бошининг нархи қанча бўлади, деган банда борки, бир сесканиб тушади. Ваҳоланки, ўтмишда, хонликлар даврида ин-сон калласига маълум бир нарх қўйилиши одатий ҳол бўлган.

Ўша даврларда Ўрта Осиёдаги уччала хонлик ўртасида бўлиб турган ички низолар, қўшни давлатларнинг босқинчилик юришлари боис хонликларда мунтазам ҳарбий қўшин мавжуд эди. Гарчи уларда саноқли тўп, милтиқлар бўлса-да, доимий равишда қилич ва ёйлар билан машқлар олиб борилган. Хива хонлигидаги қўшин сафида хизмат қилаётган навкарларга давлат томонидан йигирма таноб ер берилган бўлиб, бундан келадиган даромад навкарники эди. У ўзи хизмат билан банд бўлганлиги учун ерини чорикорга бериб ишлатарди.
Навкарлар солиқлардан ва қазув каби турли мажбуриятлардан озод қилиб қўйилгани учун, қолаверса, босқинчилар Ватанини эгалласа, ўзига бериладиган ердан ҳам бенасиб қолишини ўйлаб, урушларда фаол қатнашарди.
Бундан ташқари ҳукмдорлар урушда навкарларни рағбатлантиришнинг бошқа бир усули — калла пулини ҳам ўйлаб топишган эди. Унга кўра, хонлик навкари ўзи ўлдирган ҳар бир душман учун мукофотланарди. Бунинг учун навкар душманнинг калласи, қулоғини кесиб келиши керак эди.
Агар Хива хонлари архивининг 1866 йил ражаб ойидаги маълумотларига таянадиган бўлсак, шанба куни «Илонлидан Аннамурод деган бир калла олиб келганида ўн тилло берилди», дейилган. Ёхуд 1867 йил шаъбон ойинингчоршанбасида ёвмудлардан» яна икки калла кесганга икки латта сарупой берилди, олти тилло, калла пулига йигирма тилло берилди», деган маълумот бор.
Табиийки, урушда ёхуд душман тарафга қўққисдан ҳужум қилиб, калласини кесиш ва унга мукофот пули олиш, унга тўланган юқоридагича миқдор 10 ва 20 тилло ўз даври учун катта пул эди. Бу пулга навкар бир ой бемалол каттагина оиласини озиқ-овқат билан таъминлаши, ҳўкиз ёки сигир сотиб олиши мумкин бўлган.
Бироқ ҳаётини хатарга қўйиб, ўлим билан юзма-юз туриб, урушда қатнашгудек бўлса, навкар ўз калласидан ҳам ажралиб қолиши мумкин эди. Шундай бўлган тақдирда, ўлдирилган навкарнинг бева хотинига Хива хонлари бир йўла нафақа, баъзан бу бевага пул ўрнига бир қул инъом қилишарди. Шунингдек, отлари ярадор бўлган навкарларга ҳам пул билан ёрдам берардилар. Шу каби навкарларга урушда кўрсатган жасорати учун чопонлар кийгазиш ҳам кенг тус олган бўлиб, айрим ҳолларда пичоқ тақдим этилган. Хонлар сулоласининг вакиллари, машҳур амалдорлар эса фахрий мукофот тарзида олтин ва қимматбаҳо тошлар қадалган камар олар эдилар. Ушбу навкарларнинг Хива хонлигида бошқа давлатларнинг ҳарбий қўшинлариники сингари махсус ҳарбий кийимлари, давлат мукофоти нишонлари ва медаллари йўқ эди. Фақат инъом тарзида берилган калла пули, чопон кийгазиш, олтин ёхуд қимматбаҳо тош қадалган камар бериш давлат мукофоти тусини олганди.
Урушлар давомида ярадор бўлган жангчилардаволаниш учун ўзлари табибга мурожаат қилар, даволаниш учун кетадиган пул хонлик хазинасидан сарфланарди. Яъни, навкар Ватан ҳимояси учун бўлган урушларда ярадор бўлди, деган қараш бор эди.
Агарда хонлик ичкарисида ўз фуқаролари томонидан исён, қўзғолон, фитна юз берган тақдирда навкарлар хон томонидан бекаму кўст ҳамма эҳтиёжлар билан таъминланар, ҳатто, ўша норозилик ҳаракатини неча кунда бостиришганига қараб пул тўлашарди.
Қўшни давлатлар—Эрон ёки Бухорога ҳужум қилинган тақдирда хон навкарларига маош тўламаган. Урушда ўлжа киритган навкар қўлга киритган нарсасининг бешдан бирини хон ҳазратларига инъом қилиши шарт эди.
XIX аср ўрталаридаги маълумотга кўра, Ҳазорасп, Бешариқ ва Питнак мавзеларида 2396 навкар, қолган ҳудудларда эса 6445 навкар бўлиб, уруш ҳаракатлари бўлиб қолган тақдирда қўшин юзбоши, мингбоши, ясовулбоши ва амирулумаро бошчилигида бирлашиб, ягона буйруққа бўйсунувчи армия ҳолатига келарди. Тинч даврларда хонлик чегарасини қўриқлайдиган навкарлар қўшини эса яримчилар орқали ердан келадиган даромад эвазига кун кўрар, чегара хизматининг бошлиғи — қоровулбеги эса хазинадан 50 тилла маош оларди.
Хуллас, хонлик қўшини гарчи оз сонли тўп ва милтиқлардан иборат бўлса-да, қилич ва ёйлар билан мудом жангга шай турарди.

Умид Бекмуҳаммад

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин