Саналар
05.10.2024
Баннер
Тўнғич тарихнавис
PDF Босма E-mail

Илм-адаб аҳли орасида кўпдан бери «Бухоро тарихи», «Наршахий тарихи», «Бухоро хабарлари», «Бухоро вилоятининг таҳқиқи» номи билан машҳур бўлган асарнинг муаллифи Абубакр Муҳаммад ибни Жаъфар Наршахийдир. Наршахий 943 йили Бухоро вилоятига қарашли Наршах мавзесида туғилган. Ёшлигидан қадимги тарих, жуғрофия, араб тилини пухта ўрганган, мадрасада таҳсил кўрган. Олимнинг вафот этган йили номаълум. Бизгача унинг «Бухоро тарихи» китоби етиб келган. Бу асар Ўрта Осиё тарихнавислигининг тўнғич асари бўлиб, Сомоний амирларидан Нуҳ ибни Наср Сомоний (942—954 йиллари ҳукмронлик қилган) топшириғи билан ёзилган. Асар араб тилида битилган бўлиб, асл нусхаси бизгача сақланиб қолмаган ёки ҳали топилмаган. Муаллиф китобни битишда бизгача етиб келмаган айрим арабий китоблар ҳамда ўзининг шахсий кузатишларидан фойдаланган. «Бухоро тарихи» 1192 Пили Абу Наср Аҳмад ибни Муҳаммад ибн Наср ал-Кубовий томонидан форсийга ихчамлаштирилиб, таржима қилинган; худди шу нусхани 1198 йили Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар қайта таҳрир қилиб, 1178—79 ииллар воқеаларини илова қилган. Кейинчалик ҳам бу китоб бир неча мартаба таҳрир қилиниб, унга мўғуллар истилосигача бўлган даврдаги Бухоро тарихи воқеаларини ҳамроҳ этган. «Бухоро тарихи»нинг ўзбекча таржимасига сўзбоши ёзган тарих фанлари докториЎринбоевнинг уқтиришича, таржимон Абу Наср Аҳмад Наршахийнинг араб тилидаги нусхасидан мавжуд бўлган баъзи мавзуларни ташлаб кетиш билан бир қаторда асарга катга тарихий қимматга эга бўлган кўпгина маълумотларни қўшган ва бунда у ўз давридан илгариги воқеаларни ёритиш учун бошқа тарихий манбалардан фойдаланган. Бу манбалардан бири Абу Наср Аҳмаднинг ўзи кўрсатиб ўтган Абулҳасан Абдураҳмон (ибн) Муҳаммад Нишопурийнинг «Хазойинул-улум» номли асаридир. Бу асарнинг бизнинг давримизгача етиб келган-келмаганлиги маълум эмас. Аммо ундан келтирилган «Бухоро тарихи»даги сатрларнинг ўзи ҳам Абулҳасан Абдураҳмоннинг китоби нақадар муҳим бир тарихий манба бўлганлигини кўрсатади. Бундан ташқари мутаржим ва таҳрирчилар асар воқеаларидан келиб чиқиб, фасл ҳамда сарлавҳалар қўйиб чиққанлар.

«Бухоро тарихи» бошқа шу хилдаги китоблар сингари алоҳида бобларга ажралмайди. Унда Наршахий Бухоро шаҳри, унга тобе бўлган ноҳиялар, қишлоқлар, маҳалла, бозор, амалдорлар, бинолар, киборларнинг манзилгоҳлари, Бухоро тангалари, бу ерда жорий этилган олиқ-солиқ турлари, шаҳарни Қутайба ибни Муслим томонидан забт этилиши, Мовароуннаҳрда ислом динининг жорий қилиниши, сомонийлар сулоласи ва ҳукмронлигини ғоятда изчиллик билан тадрижий такомилда баён этган. Бошқа тарих китобларидан бу асарнинг фарқи шундаки, олим ҳар бир манзил халқининг касбкори, одати, диний ва маданий удумлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳақида кенг маълумот беради.

Маълумки, форсий тил ва ундаги адабиётнинг асосчиси Абу Абдулло Рудакийнинг «Жўйи бўйи Мулиён ояд ҳаме» мисраси билан бошланадиган қасидаси орқали Бухорода Мулиён анҳори бўлганлигини билар эдик. Наршахий маълумотларидан бизнинг у ҳақдаги тасаввуримиз янада бойийди. Манзилгоҳларни таърифлаган Наршахий ёзади: «Жўйи Мулиён» ерлари қадим вақтларда Тоғшоданинг мулки бўлиб (Бухоронинг ҳокими— Ҳ. Ҳ.), у ўз фарзанди ва куёвларининг ҳар бирига тақсимлаб берган эди. Марҳум амир Исмоил Сомоний бу ерларни халифа ал-Мустаъин ибн ал-Мутасимнинг лашкарбошиси бўлган Ҳасан ибни Муҳаммад ибн Толутдан сотиб олди. Амир Исмоил Жўйи Мулиёнда саройлар ва боғлар барпо қилиб, унинг кўпроқ қисмини маловийларга (озод этилган қуллар. Улар амир гвардиясида хизмат қилган — Ҳ. Ҳ.) вақф қилди.

У ҳозиргача ҳам вақф. Амир Исмоил доим ўз маловийларига ғамхўрлик кўрсатиб келар эди.

Бир куни Амир Исмоил Бухоро ҳисори (қалъаси)дан Жўйи Мулиёнга қараб турганида унинг ёнида отасининг мавлоси Симоул-кабир — «Улуғ сиймо» турган эди. Амир Исмоил уни дўст тутар ва яхши кўрар эди, унга қараб: «Бир вақти келса Худой таоло бирор сабаб туғдириб, бу ерларни сизлар учун сотиб олсам ва менга умр берса, бу ерларни сизларники бўлганини кўрсам, чунки бу ерлар Бухоронинг барча ерларидан қимматлироқ, яхшироқ ва хушҳавороқдир», дейди. Худой таоло насиб эгиб, амир Исмоил ул ерларни сотиб олиб мавлавийларга берди ва у ерлар Жўйи Мавлиён, деб аталди. Кўпчилик халқ эса уни Жўйи Мулиён, деб атайдилар».

Биз тарих китоблари, бадиий асарларни ўқиганимизда кўпинча риёкор, золим, кишиларни ноҳақ жазога ҳукм этадиган, шоҳу феодалларнинг лаганбардори — қозилар ҳақидаги маълумотларга ёки тасвирга учрар эдик. Наршахий бўлса, Бухорода қозилик қилган одамлар ҳақида гапирганда уларнинг инсонпарвар, ҳалолу пок, адолатпешаликларини алоҳида ифтихор билан тасвирлаган: «Яна қозилардан бири Абу Зар Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бухорий бўлиб, у раҳматли Имом Шофийнинг суҳбатдошлари жумласидан ҳамда олим ва зоҳид эди. Уни барча Бухоро олимлари орасида юқори қўяр эдилар. У кишини яширин пора бериш ва ҳар хил йўллар билан синаб кўрдилар, аммо у бирон нарса билан ҳам ўзини булғатмади, балки кундан-кунга ундан адолат ва инсоф равшанроқ содир бўлди... Аҳмад ал-Марвазий ас-Суламий кўп йиллар давомида Бухорода қозилик қилди ва заррача ҳам ўзига айб юқтирмади. У барчага баробар адолат ва инсоф юзасидан иш кўрар ҳамда унинг даврида олимлик ҳамда зоҳидликда бутун дунёда унга тенг келадиган киши йўқ эди».

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Наршахий у ёки бу шаҳар, манзилгоҳнинг, иморатнинг бунёд этилиши ҳақида гапирганда ном ва атамаларнинг келиб чиқиши, маъносини ғоятда аниқлик билан изоҳлайди, у ҳақдаги нақл ва ривоятлардан фойдаланади, воқеалар тафсилотида холис фикр юритади. Муаллиф маълумотларига қараганда, араблар Бухоро атрофидаги энг обод, серҳосил ерларни халқцан тортиб олган экан. Машҳур Мулиён анҳори бўйидаги хушманзара ерларини ўз она юртининг бир парчасини халифа лашкарбошисидан амир Исмоилнинг сотиб олиши бунга яққол мисол бўла олади. Китобда келтирилган кўплаб далиллар, босқинчиларга қарши халқ қўзғолонлари, ерли халқнинг жасорати ва матонати тасвирлари ўқувчи қалбида ифтихор ҳиссини, ватанпарварлик туйғусини жўш урдиради.

Шунинг учун ҳам «Бухоро тарихи» китоби ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам Ғарбу Шарқ олимлари диққатини ўзига тортиб келмоқда. Уни 1892 йили Ч. Шеффер француз тилида, 1954 йили Мударрис Ризавий Теҳронда, 1897 йили Н. Ликошин Тошкентда французчаси, асли ва русча таржималарини нашр эттирган. 1954 йили уни Р. Фрай Кембриж шаҳрида инглиз тилига таржима қилиб, батафсил изоҳлари билан чоп қилдирди. «Тарихи Наршахий» машҳур шарқшунос А. Расулов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, 1966 ва 1991 йиллари босилиб чиқарилди. Асарни ўрганиш ва тарғиб этишда машҳур шарқшунослар Б. Ғафуров, Б. Ахмедов ва А. Ўринбоевларнинг хизматлари катта.

Ҳамиджон Ҳомидов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин