Саналар
07.10.2024
Баннер
Факт ва ҳужжатнинг ўзигина тарих эмас
PDF Босма E-mail

Баъзи тадқиқотчилар онгида шўро даврига хос фикрлаш оқавалари ҳали ҳам мавжудлигини илгарироқ айтган эдик. Ўтмишдаги муҳим воқеалар ҳамда тарихий шахслар фаолиятига оид факт ва ҳужжатларга юзаки ёндошиш на-тижаси бўлмиш нуқсонлар бошқа ўринларда ҳам кўринади. Факт ва ҳужжатлар мағзини чақмай, юзаки, хато хулосалар чиқариш мустамлака истибдоди авж олган даврда фаолият кўрсатишга мажбур бўлган бошқа кўпгина тарихий шахсларга муносабатда ҳам ўз ифодасини топмоқда. XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошларида Сатторхон, Сайдрасул домла, Шарифхўжа, Муҳиддинхўжа, генерал Жўрабек сингари бир неча оқил зиёлилар Зокиржон Фурқат билан биргаликда янгича маърифатпарварлик йўналишига асос солганлар ва Туркистон халқини шу йўл билан мустақилликка эриштириш учун бутун умрларини бағишлаганлар. Аммо бу зиёлиларнинг аксар қисми юқори табақага мансуб бўлганлиги сабабли шўролар мафкураси ҳукмронлиги даврида тирноқ орасидан кир қидириб, улар кўп марталаб ёмонотлиқ қилинган, уларга «чоризмнинг содиқ малайлари», «хоинлар» деган бутунлай асоссиз тавқи лаънат илинган эди. Масалан, Шарифхўжа қози 1892 йилги вабо қўзғолонининг ташкилотчиларидан бири сифатида 80 ёшда эканига қарамай, суд уни 3 йил муддатга Астрахан губерниясига сургунга жўнатиш ҳақида ҳукм чиқарганлиги маълум. Шундан сўнг маҳкум қози ўзига белгиланган жазони енгиллатишни сўраб, ўша вақтдаги Туркистон генерал-губернатори Вревскийга ариза ёзади ва ўзини гўё 24 июн воқеаларига алоқаси бўлмагандек қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Аризада, жумладан: «24 июн куни нима воқеа рўй беришини илгаридан билган бўлсам, дарҳол бу хусусда хабар қилган бўлардим», деган сўзлар ҳам битилган. Бу ўринда Шарифхўжа ёлғон ёзишга мажбур бўлган. Шуниси ҳам борки, халқ озодлик ҳаракатига бошчилик қилганлардан бири сифатида мустамлака маъмурияти суди томонидан сургунга ҳукм қилинган бу доно, тадбиркор, айни вақтда соғлиғи путурдан кетган қария рост гапни айтиб, ўзининг ҳақиқат учун курашчи эканини исботлашга ҳаракат қилгудек бўлса, этап қилиниб, сургун жойига етиб олгунча йўлнинг ўзидаёқ нобуд бўлиб кетиши турган гап эди. Бу эса, айни ҳолатда, нодон, бефаҳм одамнинг иши бўлардики, Шарифхўжа қози ундайлардан эмасди, албатта. Шарифхўжа қози бу қўзғолонда бош-қош бўлганлардан бири эканлиги суд жараёнида бир неча гувоҳларнинг далиллари билан исботланган. Ундан ташқари, ўша вақтдаги Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори Гродеков генерал-губернатор Вревскийга берган маълумотномасида бу ҳақда рад этиб бўлмайдиган янги далилларни келтиради. Лекин шунча ишончли ҳужжатлар давлат ҳужжатгоҳларида мавжудлигини билмаган ёки ўзларини билмасликка солган баъзи тадқиқотчилар Шарифхўжа қози аризасида ёзилиши мантиқан мажбурий бўлган юқоридаги сўзларни чиппа-чин ҳақиқат дея даъво қилиб, унга мағзава ағдараверадилар.
Муҳиддинхўжа қози билан генерал Жўрабекнинг ўғли Оллоқулибек томонидан ҳам ғоят танг вазиятда битилган икки ариза мавжуд. Муҳиддинхўжа қозининг Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчига аризаси 1899 йил 22 июлда битилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат ҳужжатгоҳида сақланмоқда. Бу ариза битилгунга қадар Муҳиддинхўжа қози ҳам кўпдан-кўп тазйиқ ва таъқибларга, турли бўҳтонларга дучор қилинган эди. Чунончи, 1877 йилда «Туркистон вилоятининг газети»да унинг гўё порахўрлиги учун қозихонаси ва ҳовли-жойи муҳрлаб қўйилганлиги айтилиб, бутун ўлка аҳолиси ўртасида бадном қилинган, бу ишлар тафтиши тугаб, қозида ҳеч қандай айб йўқдиги исботлангач, газета қозихонадан ҳам, ҳовли-жойдан ҳам муҳр олиб ташланганини ўз ўқувчиларига маълум қилишга мажбур бўлса-да, Муҳиддинхўжа қозини оқлайдиган бирор оғиз сўз ёзмаган эди.
Республика Марказий ҳужжатгоҳида ўтган асрнинг 80— 90-йилларида бу покдомон зотнинг Тошкент шаҳар ҳокимлари Киселев, Лодиженский, Путинцев ва бошқалар томонидан кўп марта тазйиқ остига олингани хусусида ҳужжатлар сақланиб қолган. 1892 йилги вабо қўзғолони туфайли мустамлака маъмурияти томонидан жабрланганлар орасида Муҳиддинхўжа қози ҳам бор эди. Ўша вақтда Тошкентнинг эски шаҳар қисми ҳокими лавозимида бўлган Н. Ликошин орадан йигирма тўрт йил кейин Петроградда чоп этилган «Туркистонда ўтган ярим умр» номли китобида, бир томондан, Муҳиддинхўжанинг 1892 йил вабо қўзғолонига муносабати «жинояткорона» характерга эга бўлганини таъкидлагани ҳолда, иккинчи томондан, «қози қатьий эътиқоди ва ўзини сайлаган халққа мустаҳкам садоқати туфайли жабр кўрган»лиги хусусида ҳам сўзлашга мажбур бўлади.
Қўзғолон кунининг эртасигаёқ Сирдарё вилояти губернатори буйруғи билан лавозимидан қувилган Муҳиддинхўжа мустамлака маъмурларидан безиб, ўз бобокалони Исанхонхўжа қозикалон бино қилган мадрасада тинчгина мударрислик қилиб юрган чоғида Себзор даҳасининг баобрў одамлари уни яна қозилик лавозимига тиклашга бел боғлайдилар. Улар генерал-губернаторлик амалдорлари ўрнатган кўплаб тўсиқларни бартараф этиб, ниҳоят Муҳиддинхўжа номзодини муқобил рўйхатга киритишга муваффақ бўладилар. Чор тўралари ўзлари қаттиқ обрўсизлантирган деб ҳисоблаган бу шахснинг сайловдан асло ўта олмаслигига қатъий ишонган эдилар. Аммо қози сайловда овоз берганларнинг аксар кўпчилиги Муҳиддинхўжа номзодини ёқлашади ва у 74 овоздан 62 овоз олиб, қозиликка сайланади. Сайлов натижаларидан дарғазаб бўлган генерал-губернаторлик амалдорлари ҳар қандай шарм-ҳаёни йиғиштириб қўйиб, Себзор даҳасида ўтказилган қози сайлови натижаларини, бирор қонунга хилоф иш йўқлигига қарамай, бекор қиладилар ва ўзлари учун ўта хавфли бўлган Муҳиддинхўжа номзодини киритмаган ҳолда янгидан сайлов ўтказиш хусусида буйруқ чиқарадилар. Шундан сўнг собиқ қозининг бошига яна кўплаб балолар ёғилади, ҳатто уни жисмоний маҳв этиш хавфи пайдо бўлади.

Муҳиддинхўжа қозининг биз фикр юритаётган аризаси ана шундай бир ўта хавфли вазиятда ёзилган. Аризанинг ёзилишига сабаб бўлган ўта хавфли вазият ҳақида аризачи жумладан бундай дейди: «Устимизда турган шаҳар ҳокимимиз бизни шаҳарға келганидин,бери манга назарлари чап бўлуб, ёмон кўруб турадур... Ўттуз тўрт йилдан бери қилиб турғон хизматимнинг гўё мукофотига бу шаҳар ҳокимидин ҳар бир жамъиятда беҳурматлик кўруб, ҳақоратга оид бўладурғон сўзлар эшитганим важҳидин қўрқинч остида... ушбу аҳволотларимни жанобингизда ариза қилмоқни лозим билдим».

Шундан кейин, табиийки, аризачи Туркистон бош ҳокими олдида ўзини оқлаш учун турли далиллар келтиришга мажбур бўлади. Чунончи, 1865 йил ёзида Тошкент қамал қилиниб турган вақтида отаси Ҳакимхўжа қозикалон ва бошқа шаҳар аъёнлари топшириғига кўра Черняев қароргоҳига боргани, икки томонлама сулҳ тузилишига ҳисса қўшгани, кўп йиллар чор маъмуриятига хизмат қил-гани, бу хизматлари қандай мукофотлар билан тақдирлангани ҳақида, табиийки, ошириб-тошириб, қўшиб-чатиб ёзади. Зотан, айни ҳолатда Муҳиддинхўжанинг шундан бўлак иложи йўқ эди, у шундай қилишга мажбур эди.

Муҳиддинхўжа ҳақида ёзган баъзи тадқиқотчилар унинг ушбу аризасини ҳам чиппа-чин ҳақиқат сифатида қабул қилдирмоқчи бўладилар ва унда битилган баъзи гапларни дастак қилиб, қозини «халқни эзувчи куч»лар қаторига қўшмоқчи бўладилар. Аслида эса ўша давр расмий матбуотида Муҳиддинхўжа вафоти муносабати билан берилган бир мақолада бундай дейилган эди: «У ўзининг жўжабирдек оиласини моддий таъминланмаган, рўзғорини эса вайрон ҳолда ташлаб кетди. Айтишларича, у ер банкидан қарздор бўлиб, ягона бойлиги бўлмиш ери шу банк томонидан гаровга олинган экан, ёш ўғиллари эса ҳали мустақил рўзғор тебратишга қодир эмаслар».

Оллоқулибекнинг аризасига келсак, у Туркистон генерал-губернатори адъютанти бўлиб ишлаган даврга тўғри келади. Генерал-губернаторининг уйида Оллоқулибекни кўрган ашаддий миссионер Н. Остроумов уни отаси марҳум генерал Жўрабек сингари мустамлака маъмурияти учун ўта хавфли одам деб ҳисоблайди шекилли, ўз уйига қайтиб келибоқ кундалигига қуйидаги қайдни битади: «Бу бегона юрт кишисининг (Оллоқулибек демоқчи — Ш. Ю.) шахси ишонч ва хотиржамлик туғдирмайди. Генералларимиз уни нега яқин тутишларига ҳайрон бўламан: бошқарув ишида ундан фойда тегиши мумкин эмас, зарар теги-ши эса жуда ҳам мумкин, чунки генерал-губернатор уйида қандай ишлар содир бўлаётганидан у ерлиларни воқиф қилиши мумкин». Бинобарин, Н. Остроумов ўзи садоқат билан хизмат қилган мустамлака маъмурияти маҳаллий халқнинг ғазаб-нафратига сабаб бўладиган ишлар қилаётганини яхши билган ва бу ғирромликлар, ҳийла-найранглар генерал-губернатор адъютанти бўлмиш софдил, жасур ходим орқали унинг юртдошларига маълум бўлишидан ўлгудай қўрққан. Чамаси у ўз валийнеъматини тез орада бу хавф-хатардан воқиф этган ва ҳали ҳеч нарсадан хабари йўқ Оллоқулибекнинг бошида қора булутлар пайдо бўлган: генерал-губернатор шошилинч равишда ўз адъютантини вазифасидан четлаштириш тадбирларини кўрган. Табиий-ки, мустамлака маъмурияти раҳнамоси Оллоқулибекни лавозимидан четлатса, ундан кейин адъютантнинг бошига янгидан-янги балолар ёғилиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмасди. Ана шундай ўта қалтис бир вазиятда, чамаси, Оллоқули-бекнинг хизматдан бекор қилиниши ҳақида гап қўзғалиб, унга бўлар-бўлмас важ-корсонлар кўрсатила бошлаган вазиятда адъютант ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ге нерал-губернаторга махсус ариза билан мурожаат этади. Аризада у ўзигина эмас, балки отаси генерал Жўрабек Қаландарқори ўғли ҳам, амакиси полковник Бобобек Ҳакимбек ўғли ҳам гўё чор маъмуриятига ҳалоллик билан хизмат қилиб, бир неча мукофотларга лойиқ кўрилганини қўшиб-чатиб ёзиб, улардан яқинлашиб келаётган балою офатлар дафъи учун қалқон сифатида фойдаланмоқчи бўлади.
Ҳужжатгоҳда сақланаётган бу аризага дуч келган баъзи тадқиқотчиларимиз унинг ёзилишига нималар сабаб бўлганмиги хусусида бош қотиришни эп кўрмай, фоже бир ҳолатда ноилож битилган аризадаги сўзларнинг юзада қалқиб турган, лекин асл моҳиятни очиб бермайдиган айрим «далил»ларни дастак қилиб, Жўрабек ва Бобобекни ҳам, Оллоқулибекни ҳам мустамлака маъмурияти ноғорасига жон-жон деб ўйнаган, ўз балойи нафси йўлида халқи манфаатларини оёқости қилишдан ҳузур топган хоинлар сифатида баҳолайдилар.

Шариф Юсупов. "Тарих ва адаб бўстони" китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин