Саналар
05.10.2024
Баннер
Ҳақсизликнинг аччиқ қисмати
PDF Босма E-mail

Фуқаролар урушида эришган ғалабаларидан мағрурланиб, жаҳон инқилоби васвасасига тушган совет Русияси қонли тиғини Шарққа қаратди. Дастлаб, халқаро меъёрларга зид равишда, 1920 йил февралида Хива хонлиги тугатилди ва советлаштирилди. Шарққа элтадиган муҳим стратегик макондаги Бухоронинг мустақил яшаши ҳам совет Русиясига ёқмади. Натижада, Туркистон фронти қўшинларининг қўмондони Михаил Фрунзе Бухорога қарши ҳарбий ҳаракатларни тезлаштиришни сўраб, 1920 йил 31 июлда Ленинга қуйидаги мазмунда телеграмма жўнатди:

"...Бухоро амири бизга қарши зўр бериб урушга тайёрланмоқда. У Афғонистон билан ҳарбий иттифоқ тузди. Амирлик шу тариқа яшаб турса, бизнинг Шарқдаги сиёсатимиз қўл-оёқсиз қолади. Туркистон фронти Ҳарбий-революцион кенгаши, Турккомиссия ва ўлкадаги бошқа ҳукумат ташкилотлари амирлик масаласини яқин кунларда ҳал қилишга келишиб олди. Бу соҳада қуйидаги тайёргарлик ишлари амалга оширилди:

- 1200 кишилик Бухоро қизил армиясини ташкил этиш ишлари охирига етказилди;

- ҳукумат таркиби тузиб чиқилди. Барча органлар ва идораларга лойиқ кишилар танланди.

Амирликни тугатишда қизил қўшинлар асосий вазифаларни бажаришга тайёр. Бухоронинг халқаро вазияти ҳам яхши эмас. Жамол пошо билан суҳбатдан шу нарса аниқландики, Туркия томони амирликни тугатишга қарши эмас. Омонуллахон эса Афғонистондаги ички кураш билан банд бўлгани учун Бухорога ҳеч қандай ёрдам бера олмайди. Эрон масаласига келсак, у ердаги ишларни бизнинг дипломатларимиз ҳал қилади. Шуларни ҳисобга олиб, қулай фурсатдан фойдаланиш учун, марказ рухсат берса, 20 августларда ҳал қилувчи ҳаракатларни бошлаймиз" (П.А.Шевоцуков. "Страницй истории Гражданской войнй". М., 1992, стр. 180-181). Туркфронт қўмондони М.Фрунзе, аъзолари В.Куйбишев, Ю.Ибрагимов".

Шуни кутиб тургандек, РСФСР Қуролли кучлари Бош қўмондони С.Каменев ва Бош штаб бошлиғи томонидан "рухсат берилсин" деган жавоб келади. Бундан руҳланган Михаил Фрунзе 1920 йил 12 августда амирликка барҳам бериш мақсадида тўрт гуруҳдан иборат ҳарбий корпус тузишга буйруқ беради. Бу Чоржўй, Когон, Каттақўрғон ва Самарқанд гуруҳлари бўлиб, барчаси ягона Самарқанд-Бухоро фронтига бўйсундирилади. Мазкур фронтнинг шахсий таркиби қуйидагича эди: 7 минг пийода, 2,5 минг отлиқ аскар, 5 та оғир тўп, 35 та енгил тўп, 206 замбарак, 5 бронепоезд, 5 бронеавтомобил ва 11 аэроплан (Воэнно-исторический журнал, №10, 1940; стр. 72).

Амир армиясида 16 минг сарбоз бўлиб, сафарбарлик эълон қилинса, 27 минг сарбоз тўплаш мумкин эди. Бу қўшинда 55 та эскирган тўп ва 12 пулемёт бор эди (Х.Ш.Иноятов. Народи Средней Азии в борбе против интервентов и внутренней контрреволютсии. М., 1984, стр. 345). Кучлар нисбатига қараганда амир қўшини сон жиҳатдан кўпроқ бўлса-да, техник ва ҳарбий маҳорат бобида Қизил армия устунлиги аён эди. Чунки Бухоро сарбозларига мутлақо нотаниш зирҳланган автомашиналар, поездлар ва аэропланлар феодал амир армиясига қарши турар эди.

Шу тариқа мустақил Бухоро амирлиги тақдирини қуролли йўл билан ҳал қилишга киришилди. Бу орада - 16-18 августда Чоржўйда БКПнинг ИВ съэзди бўлиб ўтди. Унда 110 делегат иштирок этди ва мутлақ кўпчилик овоз билан съезд буржуа партиялари тарқатиб юборилгани ҳамда амирга қарши қўзғолон кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Болшевикларнинг усталик билан ўйлаб топган режалари амалга оша борди. Тарихда "ялпи қўзғолон" деб ном олган ҳаракат 23 август куни бошланди. Бешим Сардов бошчилигидаги ёлланган туркман отлиқлари ёрдамида эски Чоржўй ишғол қилинди. 100 дан ортиқ бек амалдорлари асир олинди. Беклик хазинаси қўлга киритилиб, бу бойликлар дарҳол Чоржўй ревкоми ва янги ҳокимияти қўлига ўтди. Бек эса қочиб кетди. Келишилганидек, шу куни Чоржўй ревкоми "бутун Бухоро халқи" номидан ёрдам сўраб Туркистон фронтига мурожаат қилди. Олдиндан тайёрланган режа бўйича Туркистон фронти қўмондони Фрунзега шундай "оқловчи" ҳужжат зарур эди.

Чоржўй ревкомининг мурожаатини олган қўмондон 1920 йил 25 августда 3667-рақамли мутлақо махфий буйруқни эълон қилди: "Бухоро халқига инқилобий ёрдам бериш мақсадида Самарқанд-Бухоро фронти 28 август кечгача ҳарбий ҳаракатларни бошласин. Асосий кучлар Эски Бухоро атрофига тўплансин...

Буюраман: Эски Бухоро эгаллансин. Душман кучлари шимоли-шарққа улоқтириб ташлансин. Сўнг Чоржўй, Когон, Каттақўрғон гуруҳлари ҳамкорлигида душманнинг Вобкент, Ғиждувон, Ванғозе ва Баҳоуддиндаги кучлари тор-мор этилсин. Туркфронт қўмондони М.В.Фрунзе".

Буйруққа асосан тузилган 4 гуруҳнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ҳарбий вазифа юклатилган эди.

1. Самарқанд гуруҳи - 29-30 августда таркибида З-Туркистон ўқчи полки, 1-Туркистон отлиқ дивизияси, алоҳида Туркистон отлиқ бригадаси, инженерлар ротаси ёрдамида Шаҳрисабз-Китоб йўналишида ҳаракат қилиб, Қашқадарё воҳасига чиқиши, Қарши ва Ғузорни эгаллаши керак.

2. Каттақўрғон гуруҳи - шу кунлари иккинчи интернационал кавалерия полки билан Хатирчи ва Зиёвуддин шаҳарларини ишғол этиши лозим.

3. Чоржўй гуруҳи - таркибида 4-ўқчи полк, 8-ўқчи полкнинг бир баталони, артдивизия, отлиқ дивизия ва туркманлар отряди ёрдамида 29 август куни эрталаб соат 4.00 да Чоржўйни эгаллагандан сўнг Бухоро-Термиз ва Амударё чизиғини кузатиб, Афғонистон чегарасини назорат қилиши зарур.

4. Асосий вазифа Когон гуруҳи зиммасига тушди. Унинг таркибида Янги Бухоро (Когон) ва Қарши гарнизони, 4-отлиқ полк, 1-шарқий мусулмон полки ва 7-ўқчи полк бўлиб, гуруҳга Эски Бухоро қалъасини эгаллаш вазифаси юкланган эди.

Операциянинг ўта махфийлигини таъминлаш мақсадида 27 августда Михаил Фрунзенинг 017-рақамли яна бир буйруғи эълон қилинди. Унинг мазмуни қуйидагича эди: "Каттақўрғондан Когонгача бўлган масофада юраётган эшелонларнинг барча ойналарига ғилоф тортилиб, фақат томдаги туйнуклар очилсин. Вагонларга РКП(б) вакилларидан бошқа ҳеч ким яқин келмаслиги ҳақида огоҳлантирилсин".

29 августда 23-бронепоезд Когондан 14 км жануби-ғарбдаги Манғит қишлоғига келиб тўхтади. Соат бешларда вагонлардаги аскарлар тушиб, юкларни мўлжалланган омборларга жойлаштира бошлади. Аскарларнинг аксарияти қаэрга келганини ҳам билмас эди. Шу кундан эътиборан Когонга кириш йўллари очиқ бўлса-да, у ердан ҳеч ким чиқарилмади", деб хотирлайди шу воқэалар бошида бўлган дивизия қўмондони В.Клементев (Вопросы истории, №7, 1993; стр. 4).

Эски Бухорони қўлга киритиш учун асосий зарбани Когон гуруҳининг чап қаноти Шайх Жалол ва Қоракўл дарвозалари орқали бериши керак эди. 29 август соат 9.50 да бронепоезддан туширилган десант Обшор қишлоғини эгаллаб, Шайх Жалол дарвозасига яқинлашди. 31 август куни 10-, 5- ва 12- Туркистон ўқчи полклари, 4-полк, 28-бронепоезд, 53-автобронеотряд ва оғир артиллерия батареяси Қарши дарвозасига келиб тўхтади.

Қарши дарвозаси яқинидаги темир йўлда турган 28-бронепоезд шаҳарни шафқатсизлик билан ўққа тутди. Шаҳар ўт ичида қолди. Фақат августнинг охири - сентябр бошларида Бухоро шаҳрига 12 минг снаряд ва бир неча миллион патрон сарфланди (Война в песках. Под.ред. М.Горкого, И.Минца и Ф.Колесова. М., 1935, стр. 292). Бу кучлар билангина белгиланган вақтда шаҳарни олиш мушкул бўлгани сабабли уни ҳаводан туриб бомбардимон қилиш қарорига келинди ва 31 август куни Чоржўйдан 25 авиаотряд ёрдамга чақирилди. Улар келгунча 43-авиаотряд бомбардимонни бошлаб юборди. Учувчи Фаусекнинг хотирлашича, "Когон яқинидаги аэродром Туркистон тарихида мисли кўрилмаган бир томошани эслатар эди. Бу ерда самолётларнинг "Фарман", "Фарсел", "Сопвич", "Нюпор", "Баузен" ва "Албатрос" каби турларини кўриш мумкин эди".

Қадимий Бухоро ана шу тариқа ҳам ердан, ҳам ҳаводан бомбардимон қилинди. Шаҳарнинг Қарши, Самарқанд дарвозалари остига порох (динамит) кўмиб, портлатиб юборилди. Қизил армия қўшинлари вайрон бўлган деворлар орқали шаҳарга кирди ва кўча жанглари бошланиб кетди. Шаҳар аҳолиси айниқса аэропланлар ҳужумидан ваҳимага тушди. Амир Олимхон Бухорони бутунлай вайрон бўлишдан сақлаб қолиш учун 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси Моҳи Хоса орқали Ғиждувон томонга чекинди. Бундан хабар топган аксар бухороликлар ҳам она шаҳрини ташлаб амир орқасидан кетишга мажбур бўлди.

1 сентябр куни қизил армия қисмлари шаҳарга кирди. Арк эгалланиб, ундаги бойликлар қўлга киритилди. Амирнинг қочишга улгурмаган онаси, синглиси, хотини, уч ўғли, қариндошлари ва амалдорлари асир олинди.

Аммо Бухоро фожиаси шу билан тугамади. Шаҳарни бомбардимон қилиш ва аҳолини талаш давом этди.

Шаҳар қамалининг бошида турган Н.Зиновев бундай хотирлайди: "Шаҳар асосан ёнғиндан ёмон зарар кўрди. Кўчаларда ўлик шунчалик кўп эдики, уларни йиғиштиришга улгуриб бўлмасди" (А.Ғафуров, У.Рашидов. Бухоро Халқ советлар жумҳурияти тарихидан лавҳалар /1920-1924/. Т, 1992, 10-бет).

"Бухоро халқ инқилоби" ниқобидаги бу босқинчилик натижасида шаҳар уч кун мобайнида 11 аэропландан бомбардимон қилинди. Унинг бешдан бир қисми вайрон этилди (Вопросй истории, №7, 1993; стр. 42). Қуролсиз кексалар, аёллар ва болалар устидан "8 маротаба учиб ўтиб бомбардимон қилган учувчи Ласкин Қизил Байроқ ордени билан мукофотланди" (История гражданской войны в Узбекистане, Том ИИ. Т., "Фан", 1970, стр. 153).

Совет аэропланлари 1-2 сентябр кунлари амирни қидириб топиш баҳонасида Бухоро атрофидаги қишлоқларни ва ажойиб обида - амирнинг ёзги саройи Ситораи Моҳи Хосани ҳам бомбардимон қилди. Бу жараённинг фаол иштирокчиси учувчи Фаусек аэродромга қўнгач, бундай деб мақтанган экан: "Биз Бухорони бомбардимон қилдик. Қадимий амирликни вайрон этдик. Хусусан, машур "Ажал минораси"га тушган бомба моҳиятан мутлақо бефойда бўлса-да, менга алоҳида завқ-шавқ бағишлади (Война в песках. Под ред. М.Горкого, И.Минца и Ф.Колесова. М., 1935, стр. 303). Иккинчи бир учувчи ўз ваҳшийлигини қуйидагича хотирлаган эди: "Қўлимда бомбани ушлаб пастга қарайман, ҳашаматли масжид... унинг гумбазини мўлжаллаб бомба ташлайман, гумбурлаб яксон бўлади... Кейинчалик менга "кум-пол" деб лақаб қўйдилар". Ана шу гувоҳлар эътирофиёқ Бухоро халқига "ёрдам"га келган армиянинг ҳақиқий башараси ва ниятини англаш учун кифоя қилади.

Яна бир мисол. Бухородаги қизил аскарлар зўравонлиги ва таловини озми-кўпми очиб беришга уринган Туркистон инқилобий-ҳарбий бюро "учлиги"нинг аъзоси А.Машицкий 1920 йил сентябрининг бошида Бухорода кўрганларини Владимир Ленинга бундай баён этади: "Шаҳар маркази яксон қилинган, Регистон ёндирилган... Бухоро олингандан сўнг шиддатли ёнғин, мисли кўрилмаган талов ва кафандўзлик бошланди. Регистон ертўлалари ва омборларидаги барча бойликлар таланган, ёнмайдиган каттакон сандиқлар бузилган... Таловда қизил армия иштирок этиб, мол-мулк ортилган икки эшелон Тошкентга жўнатилди". Бу муҳим ҳужжат Русия давлат архивларидан яқинда топилди.

Яна таажжубланарли бир ҳол: Бухорони ер билан яксон қилишга буйруқ бериб, бойликларини талашга ва тинч аҳоли устига бомбалар ёғдиришга бош-қош бўлган Туркфронт қўмондони Михаил Фрунзе ҳамда реввоенсовет аъзоси Ю.Ибрагимов "Бухоро инқилобида фаол иштирок этгани учун" олтин қилич билан мукофотланади.

Хуллас, ўзи танг аҳволда қолган, ёрдамга муҳтож совет Русияси ана шундай ёрдам кўрсатиш ниқобида "бор-буди"ни Бухорога ташлади. Аслида эса, "...уларга Бухоронинг пилласи, тилласи, кумуши, пахтаси, ипак ва қоракўл териси керак эди" (Ф.Қиличев. Мустақилликнинг фожиали йўли. "Шарқ юлдузи", 1992, 7-сон, 151-бет).

Болшевиклар Октябр тўнтаришидан сўнг чор Русиясидан мерос қолган 1 миллиард 64 миллион 300 минг олтин сўмга эга эди. Бу маблағдан Брест сулҳи бўйича Германияга 812,5 миллион олтин сўм тўланди. Хазинанинг 235,5 миллион сўми адмирал Колчак қўшинлари томонидан ўлжа олинди. Қолган 575,5 миллион сўм пул инқилобни қутқариб қолишга урвоқ ҳам бўлмас эди. Бухоро хазиналарига интилишнинг бош сабаби шу бўлса ажаб эмас. Осиё ва бутун жаҳондаги машур шаҳар - Бухорои шариф бундай шафқатсиз бомбардимон қилиниши, минора, мадраса ва мақбараларининг вайрон этилиши Москвадаги раҳбарлар томонидан ҳар тарафлама рағбатлантириб турилди. Туркфронт қўмондони Михаил Фрунзенинг 1920 йил 3 сентябрдаги буйруғи ҳам фикримизни тасдиқлайди: "Барча озиқ-овқат захиралари (нон, ғалла, гуруч, ем-хашак), амир армиясини таъминловчи бекларнинг ҳарбий ва озиқ-овқат омборлари тезда Туркистон фронти ҳисобига ўтказилсин. Эгалланган қурол-аслаҳа ва бинолар Туркфронт мулки деб эълон қилинсин... Қўлга киритилган Аркдаги барча бойликлар қаттиқ назорат этилсин. Бирорта темир сандиқ ва халталар (қоплар) очилмасин. Барча олтин ва қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олиниб, муҳрланган ҳолда тезда Самарқанд банкига топширилсин" (ЎзРМДА, 46-ф., 1-рўйхат, 81-иш, 1-бет).

Бухорода қарийб 15 сентябргача давом этган таловларни ўз кўзи билан кўрган Турккомиссия вакили Г.Сафаров эътирофича, "Бухорога келган рус қўшинлари ва қизил гвардиячилар энг аввало талончилик ва зўравонлик билан шуғулланди. Улар дуч келган ҳамма нарсани талади" (Г.Сафаров. Колониалная революция (Опйт Туркестана). М., 1921, стр. 80).

Бу воқэаларнинг бевосита гувоҳи бўлган Бухоро босқини раҳбарларидан Г. Зиновев қизил армиянинг очкўзлиги ҳақида Москвага қуйидагича ҳисобот юборган эди: "Уч кунлик таловдан сўнг Эски Бухоро катта зарар кўрди, амир қалъаси ўмарилди, кўп олтин ўғирланди" ("Навқирон Бухоро". 1992 йил, 14 август).

"Инқилоб"нинг дастлабки кунларидаги талон-тарож натижасида қўлга киритилган бойлик: олтин, кумуш, қимматбаҳо буюмлар ва қоракўлтери киплари 14 вагонга жойланиб, тўғри Москвага жўнатилди.

Бу бойликлар-ку саноқли шахсларга тегишли эди. Кексаларнинг ҳикоя қилишича, Бухоро шаҳри ва бекликлардаги минг-минглаб бадавлат кишиларнинг ота-мерос мулки ҳам шу тариқа ҳақсиз тортиб олинган. Бундан ташқари, Бухоро амири, беклари ва бойларининг мулки махсус фармон ҳамда буйруқлар асосида мусодара қилинган.

Гувоҳлар маълумотига кўра, "Амир хазинасини талаш жараёнида қизил аскар ва командирлар олтину кумушлар устида юриб, қадимги қимматбаҳо санъат буюмларини ўғирлаган" ("Вопросй истории", №7, 1993, стр. 51).

ВЧКнинг Туркистондаги вакили Ян Петерс 1920 йил сентябрда Владимир Ленинга қуйидагича ёзма ахборот юборган эди: "Бир неча кун олдин мен Бухоро группасининг собиқ қўмондонини қамоққа олдим. Чунки тинтув чоғида ундан бу ерда талаб олинган бир қоп олтин қуймаси, тилла буюмлар, пул ва кумуш топилди. Назаримда, Бухоро юриши юзасидан алоҳида текширув комиссияси ташкил этиб, бу тартибсизликларни аниқлаб чиқиш лозим".

"Бухоро инқилоби"дан бир неча кун ўтгач Москвага жўнаган Туркистон фронти қўмондони поездининг ВЧК ходимлари томонидан тинтув қилиниши ана шу ахборот самараси бўлган дейиш мумкин. Бу масала 1920 йил 25 сентябрида Туркистон Республикаси ҳукумати доираларида ҳам муҳокама қилинган. 1920 йил 7 сентябрда Бухоро Республикаси мулкини ҳисобга олиш ва қўриқлаш комиссияси тузилади. Комиссия сентябрнинг бошларида ўз вакилларини Чоржўй, Кармана, Зиёвуддин, Хатирчи, Шаҳрисабз, Китоб, Термиз, Ғузор ва Чироқчига юбориб, қочиб кетган бекларнинг мулкини мусодара қилади (ЎзРМДА, 46-ф., 1-рўйхат, 7-иш, 6-бет).

Шаҳрисабзни эгаллаган қизил аскарлар у ерда катта миқдордаги олтинни қўлга киритган (Боэвой пут Туркестанского воэнного округа. М., 1959, стр. 133). Бундан ташқари, пахта захиралари, жун, ипак, қоракўлтери, қуритилган мевалар ҳам мусодара қилинган. Бухоро чегаралари тўлиқ Русия қўшинлари билан қўриқланиши белгиланган. Ҳатто махсус буйруқда "Ҳозирги кунларда Бухоронинг ўз қўшинлари бўлмагани сабабли республика чегараларини Русия армияси қўриқлаб туради", дея таъкидланган (УзРМДА, 1-рўйхат, 2-иш, 32-бет). Бу, албатта, сиёсий найранг, бошқача айтганда, мустамлакачиликнинг янги кўринишидан бўлак нарса эмас эди.

Шу тариқа Бухоро жаҳондан ажралиб, болшевиклар исканжасига тушди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган бу "инқилоб" Бухоро халқига катта моддий зиён етказди. Бухоро маънавий жиҳатдан ҳам бениҳоя зарар кўрди. Айниқса, масжид-мадрасаларнинг вайрон этилиши, бузилмай қолганларининг эса қизил қўшин отхоналарига айлантирилиши, муқаддас китобларнинг оёқости қилиниши советлар сиёсати аввал-бошданоқ адолатсизлик асосига қурилганидан далолат беради. Бу тузумнинг бор-йўғи етмиш йилда чок-чокидан сўкилиб кетгани ҳам ҳақсизликнинг умри қисқа экани хусусидаги аччиқ, лекин ҳаққоний хулосага олиб келади.

Умар Рашидов,
«Тафаккур» журналининг 2007 йил, 4-сонидан олинди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин