Халқимиз саводсиз бўлганми? | ||||
Мустабид совет тузуми давридаги дарсликлар ва тарихга оид асарларда Туркистон халқининг асосий қисми саводсиз бўлган, аҳолининг бор-йўғи икки фоизигина ўқиш-ёзишни билган, деган нохолис ва ғайриилмий иддаоларга кўп дуч келинади. Масалан, рус тилшунос олими В. Наливкин “Сирдарё вилоятидаги маҳаллий мадрасалар аҳволи ҳақидаги маълумотлар”ида бундай ёзади: “1887-1888 ўқув йилида сон-саноқсиз мактаблар (!) билан бирга сон-саноқсиз саводсиз кишиларни кўрдик” (“Сведения...”, Ташкент, 1916 г. стр. 44).
Дмитрий Граменитский эса “Мусулмонлар ҳаётида бошланғич мактаблар кўп бўлишига қарамай, саводли кишилар жуда кам”, деб уқтиради (“Туркестанские ведомоти”, № 30). Яна бир рус олими В. Вяткиннинг гаплари ҳам ҳамкасблариники билан бир хил: “Ибтидоий мактаблар барча қишлоқларда бор, аммо халқ қанчалик ўқимасин, барибир саводсизлигича қолаверган (?)” (“О долине Зеравшан”, газета “Самарканд”, 1904 г. № 113). “Қомус ул-аълом”да келтирилишича, ўн тўққизинчи милодий асрда биргина Тошкентнинг Эскишаҳар қисмида 13 минг хонадон, 18 та мадраса, 60 та бошланғич мактаб (куттоб) бўлган. Петербургда чиққан “Отечественние записки” журналининг 1821 йилги сонларидан бирида “150 минг аҳоли яшаган Самарқандда қирқта, 200 минг нуфусга эга Бухорода ўттизта мадраса бўлгани” ёзилган. 1974 йили рус тилида нашр этилган “Ўзбекистон халқлари тарихи” китобида 1894 йили Туркистонда жами 6445 та мактаб ва мадраса фаолият юритгани келтирилган. Туркистон халқларининг нечоғли саводхон бўлганини ҳатто рус олимларининг ўзлари тан олишга мажбур бўлишади: “Мусулмон мактаблари шу қадар кўпки, расман беш минг дейишади, аслида эса эҳтимол ўн мингдан ортиқдир” (ЎзССР Марказий Давлат архиви, фонд 47, “Записки Наливкина о мактабах Туркестана в 1894 г.”). 1878 йили Фарғона водийига келган академик А. Миддендорф уч ой мобайнида аҳолининг саводхонлик даражасини ўргангач, бу ердаги мусулмон аҳолининг ёппасига саводхонлиги ҳақида хулосага келади ва бу ҳолат Русиянинг халқ маорифи арбобларига катта маломат эканини ёзади (“Очерки Ферганской долини”, СПб, 1882, стр 362). Юқоридаги тадқиқотчиларнинг бир-бирларидан ўзиб руслар келишигача бўлган таълим тизимининг ёмонотлиқ қилишлари, мактаб ва мадрасаларни битириб чиққанлар ғирт саводсизу рус-тузем мактабларида ўқиганларгина саводхон, деган фикрлашларининг асл сабаблари худди шу жойда ойдинлашади. Улар мактаб-мадрасаларни “билимсизлик ўчоқлари”, “диний таассуб макони”, “руҳий қашшоқлик манбаи” деб аташгача боришдан уялишмайди. Ваҳоланки, холис олимлар ўша даврдаги мактаб-мадрасаларнинг халқни билимли, маърифатли ва саводхон қилишда улкан хизматлар қилганини кўп ёзишади. Мактабларнинг кейинги босқичида талабалар мураккаброқ асарларни ўрганишга ўтишган. Уларга Қуръон илми, ҳадис, дин асослари, Ислом тарихи каби фанлардан сабоқ берилган. Шу билан бирга, улар Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Фузулий, Сўфи Оллоҳёр кабиларнинг асарлари билан ҳам яқиндан танишишган. Бундан ташқари, хоҳловчилар хаттотлик, тарих билан ҳам шуғулланишган. Мактабни битирувчилар араб, форс тилларини тушуна оладиган даражада билимга эга бўлган (Кириак Бендриков, юқоридаги асар, 36-48-бетлар). Ўша пайтда мадрасалар хонликдаги давлат идоралари, бошқарув маҳкамалари, диний муассасалар учун турли ходимлар, мактаб-мадрасалар учун муаллим-мударрислар, ўз даврининг ижтимоий-сиёсий тузуми ва мафкурасига хизмат қилувчи мутахассислар тайёрлаб берган. Мадрасаларда таълим уч босқичда олиб борилган: аднода (қуйи босқич) дин асослари, шариат ҳақидаги бошланғич билим берилган, саводхонлик мактабга қараганда чуқурроқ ўргатилган. Авсатда (ўрта босқич) ва аълода (юқори босқич) талабаларга асосан тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари чуқур ўргатилган, араб тили грамматикаси (сарф ва наҳв), ақоид, мантиқ, балоғат, табиий фанлардан сабоқ берилган. Масалан, мадрасаларда ўқитилган “Мантиқ Таҳзиб” китобида қадим юнон фалсафасига Исломнинг муносабати баён этилган бўлса, “Шамсия” китобида мантиқ асослари очиб берилган. В. Наливкин ёзишича, риёзиёт (математика) ва ҳандаса (геометрия) мадрасаларда асосий фанлардан саналган. Бундан ташқари, уларда хоҳловчиларга жуғрофия, метафизика, космография, фалсафа каби фанлардан ҳам дарс ўтилган. Талабалар физика, тиббиёт, кимё, тарих каби фанларни мустақил ўрганишган. 1869-1870 йиллари Русия халқ маорифи нозири Д. Толстов раҳбарлигида рус бўлмаган халқлар учун бошланғич мактаблар тармоғини кенгайтириш режасида: “мамлакатимиз ҳудудида яшаётган барча ёт миллатларга таълим беришнинг пировард мақсади, шубҳасиз, уларни руслаштириш ва рус халқи билан қўшилиб кетишини таъминлашдир”, дейилган. Бундан илҳомланган Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман ҳарбий нозир Милютинга юборган лойиҳасида ана шу мақсадда диний таълимга асосланган мактаб-мадрасалар ўрнига рус-тузем мактаблари ташкил этиш, айниқса, Туркистондаги уч миллионли аҳолининг учдан икки қисмини ташкил этувчи кўчманчиларни Ислом таъсиридан “қутқариш” учун уларни шу мактабларга кенг жалб қилиш таклифини киритади. Иш шунга бориб етдики, бу мактаблардан рус болаларига илоҳиёт дарслари бемалол ўқитилгани ҳолда Ислом таълимотларини ўргатиш мутлақо тақиқланди (К. Бендриков, юқоридаги асар, 64-бет). Бу борадаги гапнинг лўндасини Туркистонда маориф ишларининг билимдони сифатида танилган Н. Остроумов айтиб қўяқолган: “Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори генерал-адъютант фон Кауфманнинг Туркистон ўлкасини қуриш кенг миқёсли режасига маҳаллий аҳолига ўрисча маълумот бериш ташвиши ҳам кирган эди...Ўзига ишончи катта бўлган рус маъмури Туркистон ўлкасида ҳам рус мактаблари асосида руслаштириш сиёсатини қўлдан бермасликка тиришарди” (Н. Остроумов. “Сборник Кауфмана”, Москва, 1910 г. стр. 68). Ана шундай олисни кўзлаб бошланган сиёсатнинг меваси ўлароқ “Туркистон халқи руслар келгунича ялпи саводсиз бўлган, ўша пайтдаги юзлаб мактаб ва мадрасалар аҳолига билим бериш уёқда турсин, аксинча, одамларни жаҳолат ботқоғига ботириб ташлаган” каби бемаъни ва ёлғон сафсаталар туғилди. Аҳмад ТУРСУН |