Саналар
06.11.2024
Баннер
Ибн Синони... ўлдиришган!
PDF Босма E-mail

...Ҳамадон томон юриш бошланиб, жанг қизғин паллага кирганда ибн Синонинг дарди яна қайталаб, мадори қочди. Улуғ ҳаким энди кучдан қолганини ва касалликни даф қилолмаслигини англаб, ўзини-ўзи даволашни тўхтатди...
Тиб илмининг энг юқори чўққисига чиққан ибн Сино ўз фаолияти давомида минглаб беморларни даволаган, жуда кўп беморларни ўлим исканжасидан олиб қолган бўлса-да, ўзига келганда ожизлик қилди... Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Али ибн Сино гарчи Бухоронинг кичиккина Афшона қишлоғида туғилган бўлса-да, вақт ўтиб унинг довруғи оламни тутди. Асли Хоразмлик бўлган ва Бухорода яшаб ижод қилаётган ан-Нотилийга шогирд тушиши унинг ибн Сино бўлиб довруқ таратишига сабаб бўлди.  У ҳатто устозидан ҳам ўзиб кетди. Бу ҳақида ҳакимнинг ўзи: «Нотилий қайси масалаларни мендан сўрамасин, мен у масалани ундан кўра дурустроқ тасаввур қилардим. Ниҳоят ундан мантиқнинг юзаки масалаларини ўқидим, лекин мантиқнинг нозик томонлари унга номаълум эди», дея ёзганди.
Ибн Сино гарчи Бухоро амири Нуҳ ибн Мансурни даволаб, катта эъзозу эҳтиромга сазовор бўлган бўлса-да, Сомонийлар давлати қулаб, Бухорои шарифни Қорахонийлар эгаллагач, 1005 йилда Хоразмга келади. Шу тариқа у давр талотўплари ва сиёсий ўзгаришлар боис  илму ижод учун тинч ва барқарор ҳаётни истаб, 1012-1014 йилларда Журжонда, 1014 йили Райда, 1015-1023 йилларда Ҳамадон ва сўнгра Исфаҳонда муҳожирликда яшади. Ибн Сино кўп йиллар мусофирликда ҳаёт кечирган бўлса-да, оддий халқ вакиллари-ю ҳукмдорларни бирдек даволагани учун юксак эътибор топиб, эъзоз ва ҳурматга сазовор бўлди.
Давр талотўплари ва сиёсий фитналар боис муттасил кўчиб юргани, турли хил касалликларни даволаш, тажрибалар ўтказиш, таҳлиллар асосида асарлар ёзиш учун кўп тунларни уйқусиз ўтказгани сабабли, мутафаккир ҳакимга роҳату фароғат ёт эди. Ҳатто Ҳамадонда яшаётганида фитна туфайли амир аскарлари ибн Синонинг уйига бостириб кириб, молу мулкини талон-тарож қиладилар ва амир Шамсуддавладан буюк ҳакимни ўлдиришни талаб этадилар. Натижада, вазият ўнглангунича ибн Сино ибн Даҳнуҳ деган кишининг уйида қирқ кун яшириниб ётишга мажбур бўлади. Бошқа бир сафар эса (яна сарой ўйинлари боис) ибн Сино Фараджон қалъасида маълум муддат қамалиб ҳам ётади. Буларнинг бари улуғ ҳакимнинг соғлигига салбий таъсир ўтказмай қолмаган...
1035 йилда Исфахон амири Алоуддавла билан Тошфаррош ўртасида уруш бўлиб турган паллада ибн Синони қаттиқ санчиқ тутиб қолади. Буюк ҳаким тезда ўзини даволашга киришиб, кунига саккиз марталаб ўзига ўзи ҳуқна (клизма) қила бошлайди. Жанг бўлиб турган шаҳарда осойишталик бўлармиди! Даволаниш учун қулай бўлмаган жойларда қилинган ҳуқна натижасида ибн Синонинг ичаклари яллиғланиб кетади.
Ўз соғлигини ўйлаб ибн Синони ҳамиша ёнида олиб юрадиган амир Алоуддавла ҳакимнинг касаллигига бепарво қарайди, ибн Синони бетоб ҳолида ҳам икки йил давомида ўз сафарларида бирга юришга мажбур қилади. Бу вақт ичида ҳакимнинг  дарди кучайиб кетган, ичаклардаги ўткир яллиғланиш натижасида санчиқ ва оғриқлар зўрайиб, аҳволи анча ёмонлашган эди. Ибн Сино зўр бериб ўзини даволашга уринади, аммо...
Ал-Жузжоний шундай ёзиб қолдирган: «...Ҳатто бир гал ҳуқна қилинадиган нарса ичига икки дона карафс уруғи аралаштиришни буюрди. Бу билан у санчиқ пайтида пайдо бўладиган қорин дам бўлишини йўқ қилмоқчи бўлганди. Уни даволаётган табиблардан бири ҳуқнага ишлатиладиган аралашмага карафс уруғининг беш дирҳам вазндагисини солиб юборибди. Бу табиб даво асносида атайлаб шундай қилдими ё янглишиб қолиб дорини кўп солиб юбордими - буни мен билолмадим, чунки бу иш бажарилаётган пайтда иш устида бўлмаган эдим...»
Бу «янглишиш» буюк ҳакимнинг дардини зўрайтириб юборди, унинг аҳволи янада оғирлашди. Шунда ҳам соғайишдан умиди сўнмаган ибн Сино ўзини даволашга зўр бериб интилар, аммо табобат қоидаларига ҳар қанча риоя қилиб яшаган бўлмасин, қочқинлик ва қамоқда кечган йиллар, тинимсиз меҳнат, ижод туфайли тунни тонгга улашлар натижасидаги уйқусизлик, ҳасадгўйларнинг кирдикорлари туфайли тортилган азоб ва толиқишлар унга салбий таъсир ўтказиб бўлганди.
Ал-Жузжонийнинг ёзишича, ибн Сино касал бўлиб ётган ўша кезларда унинг хизматкорларидан  бири  ичиладиган дорига кўп миқдорда афюн қўшиб беради. Буни ибн Сино сезмай ҳам қолади. Бу ҳолатнинг сабабини Абу Убайд ал-Жузжоний шундай изоҳлайди: «...Бундай хиёнатнинг сабаби - ўша хизматкорнинг ибн Синога тегишли анчагина маблағни ўмарганида эди. Агар у тузалиб кетгудай бўлса, хизматкор ўз қилмишининг ошкор бўлишини ва оқибатда жазоланишини билиб, буюк ҳакимнинг ўлишини истаган эди».
Афюндан сўнг аҳволи беҳад оғирлашган ибн Синони Ҳамадонга олиб келадилар. Қуланж ва тутқаноқ тутиши натижасида аҳволи баттар оғирлашиб бораётган ҳаким барибир яшашдан умидини узмаган, ўзини ўзи даволашга уринар, бу муолажалар таъсир қилиб гоҳида анча тетиклашиб қолар, баъзида эса ҳатто ўрнидан туришга ҳам мажоли келмасди. Ниҳоят, у бутунлай кучдан қолганини ва касалликни даф қилолмаслигини англаб, ўзини-ўзи даволашни тўхтатди.
Жузжонийнинг ёзишига кўра, ибн Сино: «...Энди бундан буён муолажа фойда бермайди», деган...
Тиб илмининг султони, буюк мутафаккир аллома ибн Сино ҳазратлари 1037 йил рамазон ойининг биринчи жумасида - 24 июн куни Ҳамадон шаҳрида вафот этди. Ўшанда у бор-йўғи 56 ёшда эди.

Муаллиф: Умид БЕКМУҲАММАД

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин