Саналар
05.10.2024
Баннер
13 сонидан қўрқувчилар
PDF Босма E-mail

Дунёнинг барча халқларида турли сабаблар билан ҳар хил иримлар шаклланган. Кишилар иримга кўра бирор нарсани, табиат ҳодисасини, тасодифий мослик ҳолатларини хосиятли ҳисоблайдилар. Ёки аксинча, баъзи вазиятларни, ёмон ном қозонган айрим шахсларни, баъзи ҳайвонларни ва ҳаттоки бегуноҳ рақамларни омадсизлик олиб келувчи, бехосият омил санайдилар.
Ғарбда қадимдан ўлмай келаётган (ва афсуски, бизда ҳам учраётган) ана шундай иримлардан бири - 13 сонини бахтсизлик келтирувчи сон деб ҳисоблашдир. Бу иримнинг сабаблари, тарихи ва моҳияти хусусида кўп гапириш мумкин. Келинг, тушунарлироқ бўлиши учун суҳбатимизни 12 сони билан боғлиқ маълумотлардан бошлаймиз.

 

«Чиройли» ва «муқаддас» сон

Бизда ҳозирда амал қиладиган ўнлик саноқ системаси ўзимизга жуда оддий, табиий ҳол бўлиб туюлади: иккита қўлимизда ўнта бармоқ бор-да. Яъни, нолдан тўққизгача - бир хонали сонлар, ўндан бошлаб тўқсон тўққизгача икки хонали, юздан 999 гача уч хонали ва ҳоказо, ҳаммаси ўнликка асосланган. Аммо ҳамиша ҳам шундай бўлган эмас. Қадимдан турли халқлар саноқда бешлик ва... ўн иккилик саноқ тизимига ҳам асосланишган. Унинг саналиши эса, битта қўлнинг тўртта бармоғидаги бўғинлар сонига асосланган. Бунда бош бармоқ ҳисобга олинмайди, чунки қолган бўғинларни унинг ёрдамида санаймиз. Европада амал қилган бу тизимда саналадиган нарсаларнинг ўн иккитаси битта дюжина деб ҳисобланган, ўн иккита дюжина эса битта гроссни, ўн иккита гросс бўлса массани ташкил этган. Бу ҳол ўлчов бирликларида ҳам акс этган: инглизлардаги узунлик ўлчови - фут 12 та дюймга бўлинади, троя фунти 12 унцияга тенг.
Умуман, ўнликдан кўра ўн иккилик саноқнинг афзал томонлариям бор: у биратўла тўртта сонга қолдиқсиз бўлинади: 2,3,4,6 сонларига. Ўнни эса фақат иккита: 2 ва 5 сонларига қолдиқсиз бўлиш мумкин. Кундалик ҳаётда ҳам ўн икки сони жуда кўп учрайди ва турмушнинг ҳар хил соҳаларида унинг аҳамияти катта. Улардан энг муҳимларига бир эътибор беринг-а:
Вақт ўлчовларида: йил ўн икки ойдан иборат, сутка иккита (кундузги ва тунги) ўн икки соатга ажралади. Милли соатларда 12 та рақам акс этади, унинг дақиқани кўрсатувчи мили соат милидан 12 марта тез айланади. Мучал цикли 12 йилга тенг, буржлар ҳам ўн иккита...
Тиббиёт ва биологияда: одамда ўн икки жуфт қовурға мавжуд, ўн икки бармоқли ичак бор, сутэмизувчиларда 12 жуфт бош мия нервлари мавжуд.
Техникада: компьютер клавиатурасида 12 та функционал тугмача бор, тугмачали телефонларда ҳам 12 та тугмача мавжуд. Энг кучли автомобиль двигателлари 12 цилиндрли бўлади. Телевизион эфирнинг метрик диапазони ўн икки каналга бўлинади. Паст кучланишли электр қуввати сақловчи батареялар 12 вольтгача кучланишли бўлади, зилзила кучи 12 балли шкалада ўлчанади ва ҳоказо.
Математикада ўн иккининг ҳайратга арзирли хислатлари кўп: фазода муайян шар атрофига худди шу ўлчамдаги шарлардан роппа-роса ўн иккитаси тегиб тура олади. Кубнинг ўн иккита қирраси мавжуд. Классик Миср учбурчагининг ўлчамлари 3:4:5 га тенг, яъни улар йиғиндиси 12 ни ташкил этади.
Тарихда ҳам 12 сонининг роли катта: Қадимги Римда асосий қонунлар «Ўн икки жадвал қонунлари»га жамланган. Британларда парламентнинг ўзига хос кўриниши - Думалоқ Стол атрофида 12 нафар рицар бўлган. Францияда ҳам ўн икки нафар (олти нафар дунёвий, олти нафар диний) пэр бўлган. 1949 йилда ўн икки давлат  бирлашиб НАТОни ташкил этишган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг собиқ Иттифоқда 12 та шаҳарга «Қаҳрамон шаҳар» унвони берилган.
Қадимдан турли элатлар мифологиясида ва диний эътиқодларда ҳам 12 энг кўп ишлатиладиган сонлардандир: антик мифологияда 12 нафар Олимп маъбудлари бор, деб ҳисобланган, гарчи улар таркиби йиллар давомида турлича тушунилса-да, сони ўн иккилигича қолган. Юнон мифологик қаҳрамони Геракл ўн иккита жасорат кўрсатган. Пайғамбар Исо масиҳнинг 12 нафар ҳаворийси (яқин шогирди) бўлган. Монийлар эътиқодининг 12 та асосий қонуни бўлган. Довуд юлдузи 12 бурчакка эга. Сулаймон ибодатхонасининг ўн икки қисми бўлган. Ёқуб пайғамбарнинг ўн икки нафар ўғлидан яҳудийларнинг 12 қавми тарқаган. Мусо пайғамбар Фиръавн тақибидан қочиб бораётиб, ҳассасини Қизил денгизга теккизганида, сув чекиниб, 12 та йўл очилган. Буддизмда тирик мавжудотларнинг қайта тирилишлар жараёни 12 босқичдан иборат доира шаклида тасаввур қилинган. Насронийлик анъанасида Рождестводан кейинги ўн иккинчи кеча Худонинг намоён бўлиши байрами нишонланади. Православ мазҳабида ўн иккита муҳим диний байрам бор. Яҳудийлик анъанасига кўра қиз боланинг 12 ёшида «Бат-Мицва» маросими ўтказилади.
Адабиётда ҳам ўн иккининг тилга олиниши кўп учрайди: Шекспирнинг «Ўн иккинчи тун ёки ўзингиз биласиз» номли комедияси мавжуд. Александр Блок «Ўн икки» номли поэма, С.Маршак эса «Ўн икки ой» номли драматик эртак ёзганлар. И.Ильф ва Е.Петровнинг машҳур «Ўн икки стул»и ҳам бу рўйхатни безаб туради. Хитой ёзувчиси Ли Юй қаламига мансуб қиссалар тўплами «Ўн икки минора» деб аталади. Гай Светоний Транквилл «Ўн икки Цезарь ҳаёти» номли биографиялар тўпламини яратган. Тожик ёзувчиси Жалол Икромий 1968 йилда «Бухоронинг ўн икки дарвозаси» номли тарихий асар ёзган. Умуман, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Дарвоқе, машҳур илмий фантаст ёзувчи Герберт Уэллснинг «Ухлаётган киши уйғонганида» номли романида кишилар ўн иккилик саноқ тизимидан фойдаланишади.
Кинода ҳам ўн иккининг роли катта, сўзимизни қисқароқ қилиш мақсадида айрим фильм номларинигина санаб ўтамиз: «Оушеннинг ўн икки дўсти», «Аламзада ўн икки эркак», «Ўн икки», «Ўн иккинчи куз», «Рождествонинг ўн икки куни», «Ўн икки маймун» ва ҳоказо. «Ўн икки стул» асари асосида эса учта фильм ишланган.
Мусиқада ҳам ўн икки сонини кўп учратамиз: октава ўн иккита полутонга бўлинади. Хор бўлиши учун камида ўн икки нафар иштирокчи бўлиши талаб этилади.
Ҳуқуқ ва қонунчилик соҳасида ҳам қадимдан ўн иккига эътибор қаратилган. Қадимги Римда «Ўн икки жадвалли қонун» мавжуд бўлган. Анъанавий судда ўн икки нафар ҳакам қатнашади.
Кўриб ўтганимиздек, ўн икки сонига қадимданоқ катта аҳамият берилган ва у шунга арзийди ҳам. Шу каби хусусиятларига кўра, ўрта асрлар Европасида математик олимлар уни энг чиройли дея таърифлашган, нумерология (сонларнинг ғайриоддий, илоҳий хусусияти ҳақидаги таълимот) тарафдорлари эса 12 ни энг мукаммал тартибли, ҳатто муқаддас рақам ҳисоблашган.

Тартибнинг бузилиши

Энди ўйлаб кўринг - шунчалик гўзал сондан кейин ҳеч бир ижобий хусусиятга эга бўлмаган: ҳеч бир сонга қолдиқсиз бўлинмайдиган, геометрияда бирор аҳамиятсиз сон туриши хунук кўринмайдими кишига? Балки бизга ундай туюлмас, аммо ўрта асрларда европаликлар тафаккурида ўн уч худди шундай, хосиятсиз кўрина бошлаган. У ўн иккилик саноқ тизимидан ташқаридалиги учун ҳам мувозанатнинг бузилиши, бахтли тўпламдан ошиқчаси, деган маънода кишиларда ёмон тасаввур уйғотган. Бу эса ирим тусига кириб, иримчилар 13 ни ҳатто «Иблис дюжинаси» деб атайдилар.
Америкалик журналист, ёзувчи ва психиатр Натаниэль Лакенмайернинг «Иблис дюжинаси. Бир ирим тарихи» китоби бу мавзуда кўплаб қизиқарли маълумотлар беради. У мазкур иримнинг келиб чиқиши, яшовчанлиги ва таъсирини махсус ўрганиб, қизиқ маълумотларни баён этган. Унга кўра, бу иримнинг сабаблари ҳам кўп: сеҳр-жоду маросимларида айнан 13 нафар жодугар иштирок этган, скандинавияликлар мифологиясида ўн учинчи маъбуд - маккор Локки ҳисобланади, 13 февраль эса қадимий римликларда ҳар қандай ишни бошлаш учун бахтсиз кун саналган, қарта билан фол очиш усули - тарода ўн учинчи қарта «ўлим» маъносини беради ва ҳоказо. Македониянинг шонли подшоси Филипп 12 нафар олий маъбудлар ҳайкаллари ёнига ўн учинчи қилиб ўз ҳайкалини ўрнатган ва тез орада ҳалок бўлган. Библиянинг «Апокалипсис» номли қисмининг 13-бўлимида эса Дажжол (Антихрист)нинг келиши билан бошланадиган катта фалокатлар тасвирланган. Яҳудийлик диний-мистик таълимоти - Каббалада эса ёвуз руҳлар сони ўн учта дейилади...

Хурофот туфайли «болалаган» ирим

Маълумотларга кўра, ўн учни ёқтирмаслик бирданига пайдо бўлмаган, ҳатто ўрта асрларда инглизлар уни «нонвой дюжинаси» деб ҳам атаганлар. Сабаби - у пайтлари харидорларнинг ҳақидан уриб қолган савдогарлар қаттиқ жазога тортилар, ҳатто қўли чопиларди. Шундан қўрққан ва харидорларни каттароқ миқдорда савдо қилишга рағбатлантириш мақсадида, нонвойлар бир дюжина маҳсулот олган мижозларига бир дона қўшиб, ўн учга етказиб беришарди.
XIX асргача 13 сони билан алоқадор қўрқув фақат битта соҳада бўлган: европаликлар дастурхон атрофида ўн уч киши ўтиришидан сақланганлар. Агар шундай бўлиб қолса, улардан бири кейинги бир йил давомида вафот этади, деб ҳисоблашган улар. Бу иримнинг юзага келишига эса Исо масиҳ ўз умрининг охирги оқшомида ўн икки нафар ҳаворийси билан бир дастурхон атрофида овқатланишгани, эртасига Исонинг хочга михланиши воқеаси сабабдир. Шунинг учун, агарда бирор ўтиришда тасодифан айнан 13 киши йиғилиб қоладиган бўлса, яна бир кишини чақиришган. Кўпчилик Ғарб мамлакатларида, масалан Францияда бунинг учун махсус агентлик ҳам ишлаган: муайян миқдордаги пул эвазига улар «ўн тўртинчи меҳмон»ни етказиб беришган. Ўн тўққизинчи асрга келиб эса кишилар, қайси соҳада бўлмасин, умуман ўн учдан қўрқа бошлашган.
Аслида насронийликнинг ўзи ўн учга ҳамиша бахтли сон дея қараган, чунки у Исо ва унинг ҳаворийларини рамзий акс эттирган, асло уларнинг сўнгги оқшомда бирга овқатланишларини эмас. Ҳозирда ҳам черков 13 сонидан қўрқишни гуноҳ дея таъкидлайди, лекин одамлар ҳақиқатдан кўра хурофотга кўпроқ мойил бўлишлари сабабли бу ирим «болалаб» кетган...

Фан нима дейди?

Фанда ўн учдан қўрқиш трискаидекафобия (ёки тердекафобия) деб юритилади. Унинг акси - 13ни хосиятли санаш эса трискаидекафилия дейилади (юнончада фобия - қўрқиш, филия - севиш маъносини беради). Кейинчалик бу иримга яна бир ирим - жума кунини хосиятсиз санаш ҳам қўшилган (кўпчилик Шарқ халқларида, мусулмон маданиятида жума муқаддас кун бўлса, Ғарбда бунинг акси). Натижада, агар бирор ойнинг ўн учинчи куни жумага тўғри келса, у ўта бехосият ҳисобланган ва ундан одамлар янада қаттиқроқ қўрқишган. Бу қўрқув фанда параскаведекатриафобия (ёки фриггатрискаидекафобия) деб аталади.
Лакенмайер ҳамма жойдан бу иримлар изларини қидирган, турмушнинг ўн уч аралашган ҳар бир соҳасини текширган, мижозларидан суриштирган, ижтимоий сўров маълумотларига ҳам мурожаат қилган. Дарвоқе, Лакенмайернинг «Иблис дюжинаси. Бир ирим тарихи» китоби ҳам ўн уч бобдан иборат. Аниқланишича, 2000 йилда «American Demographics» журнали кўп тарқалган ирим ва ишончларни тадқиқ этиб, қизиқ натижага эришган экан: жума кунига тўғри келган ўн учинчи сананинг бехосият бўлишига америкаликларнинг роппа-роса ўн уч фоизи ишонаркан!
Бу иримларнинг ёйилишига маълум даражада бадиий адабиёт ҳам ўз «ҳисса»сини қўшган: 1907 йилда Томас Лоусоннинг «Жума, ўн учинчи сана» романи чоп этилган. У ўта катта муваффақият қозонган ва тез орада экранлаштирилган. Айнан Томас Лоусон туфайли «жума, 13»дан қўрқиш ирими кенг ёйилган. Умуман, турли бадиий асарлар, кейинчалик бадиий фильмларда ўн уч сони, айниқса жумага тўғри келган ўн учинчи сана бехосият қилиб тасвирланган ва бу ҳол иримчиларнинг сафи кенгайишига «хизмат» қилган.
Бу иримлар туфайли, ХХ аср бошлариданоқ Манхэттенда кўп қаватли уйлар фақат 12 қаватгача бўлган. Шунингдек, асосан биржада иштирок этганлиги сабабли иримчи бўлиб қолган кишилар яшовчи Уолл-стрит кўчаси меъморлари ҳам биноларини бу қаватгача олиб боришмаган. Казинолар шаҳри бўлмиш Лас-Вегас корчалонлари орасида ҳам шундай ишонч мавжуд: ойнинг ўн учинчи куни жумага тўғри келса, шу куни ўйинчилар катта миқдорда ютиб олиб, казино эса ютқазиб қўярмиш.
1939 йилнинг 12 октябр - пайшанба куни Индиана штатидаги Френч-Лик шаҳри маъмурий кенгаши шаҳар полицияси бошлиғига шундай буйруқ берган: барча қора мушукларга қўнғироқчалар тақиб қўйилсин, токи аҳоли шундай машъум кунда қора мушукка дуч келишдан эҳтиёт бўлсин. Ўша куни «Indianopolis News» газетасида чиққан мақолада бу ҳол шундай изоҳланган: «Кенгашнинг фикрича, қора мушукларсиз ҳам бу машъум кун келтирадиган бахтсизликлар тўлиб ётибди».
1953 йилда эса «Тhe New York Times» газетаси шундай хабар берган: эмишки, жумага тўғри келган ҳар қандай ойнинг 13 санаси мамлакатга 250000000 доллар миқдорида зарар етказармиш. Аммо мақолада бу рақам айнан қандай ҳисоблаб чиқарилгани изоҳланмаган.

Хосиятсиз ўн уч

Австриялик бастакор Арнольд Шёнберг трискаидекафобиядан азият чеккан. У ўн учинчи санада туғилган ва қизиғи, шу санада оламдан ўтган. У ўн уч сонидан қўрққанлиги сабабли ўзининг сўнгги операсини «Моисей да Арон» дея нотўғри номлаган, чунки унинг тўғри ёзилишида - «Моисей да Аарон» сўзида 13 та ҳарф мавжуд. Бир сафар у 13 рақамли уйни ижарага олишдан қатъиян бош тортган. Композитор ўзининг 76 ёшга тўладиган кунидан қаттиқ қўрққан, чунки бу сондаги рақамлар йиғиндиси - 7+6=13 бўларди. Шёнберг 76 ёшидаги 13-сана жумага тўғри келишидан, яъни 1951 йилнинг 13 июлидан айниқса ваҳимага тушган. Миш-мишларга қараганда, ўшанда у кун бўйи ўлимини кутиб тўшакдан турмай ётган. Хотини уни бундай жинниликни бас этишга ундаб, ёнига борганида, Шёнберг «уйғунлик» деган ва... чинданам жон берган! Бу пайт соат кечки 11:47 эди, яъни бу сонлар рақамлари йиғиндиси ҳам 13га тенг эди, тағин, кун тугашига 13 дақиқа қолганди.
«Аполлон-13» фазо кемасининг ҳалокатини ҳам кўпчилик унинг тартиб рақамига алоқадор, деб билади. У 1970 йил 11 апрелда, шарқий ёзги вақтга кўра 14:13 да 39-сонли (уч карра 13) парвоз мажмуасидан учирилганди. Кема Ой орбитасига айнан 13 апрел куни чиқиши керак эди.
Испан мотопойгачиси Ангел Нието, ўзининг сўзларига кўра, 12+1 маротаба жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган. Унинг ҳаёти тўғрисидаги фильм ҳам айнан «12+1» деб номланган.
Қанчалар ғалати бўлмасин, Fарбда ҳозиргача шу иримга кўпчилик қаттиқ ишонади. Шу сабабли ҳам айрим кўп қаватли биноларда 13-қават йўқ: ё 12 дан кейин 14-қават келади, ёки 12А ва 12Б қаватлар бўлади, баъзиларида 13-қават шунчаки «+1» дея белгиланади. Бу ҳолат уй рақамларига, театрлардаги ўриндиқлар қаторларига, кема каюталарига, самолётдаги қаторларга ҳам тегишлидир. АҚШдаги учувчиларнинг кўпчилиги иримчи бўлганлиги сабабли, уларда кетма-кет рақамланувчи қирувчи самолётларда ҳам ҳеч қачон Ғ-13 рақамлиси бўлмаган: YF-12 дан кейинги модель F-14 дея номланган. «Формула-1» автопойгаларида ҳам 12-рақамли машинадан кейин 14-си келади.

Хосиятли ўн уч

Лакенмайернинг аниқлашича, 13дан қўрқувчилар қанча бўлса, уни ёқтирувчилар сони ҳам шунча экан.
13дан асосан Шарқда: Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Корея, Саудия Арабистонида, шунингдек, Италияда умуман қўрқишмайди. Каббалада бу сон хайрли ҳисобланади, яҳудийларда ўғил бола 13 ёшлигида «Бар-Мицва» маросими ўтказилади. Майя ҳиндуларида ҳам ўн уч муқаддас ва хосиятли сондир. Ацтекларда эса 13 - бу вақтнинг рақамидир, у замонда содир бўлувчи навбатдаги воқеа-ҳодисалар туркумини якунлаб беради (ацтеклар ҳафтаси ўн уч кундан иборат).
Хитойчада 13 сонининг айтилиши худди «улгуриш керак» бирикмасига ўхшаб кетади, Гонконгда 13 омад келтиришига ишониб, телефон рақамлари ва бошқа ҳолатларда шу сонни олишга интилишади. Ҳинд мифологиясида 13 нафар Будда бор, деб ишонишади.
1880-йилларда АҚШда бир гуруҳ фаоллар 13 дан қўрқиш иримига чек қўйишга киришди. Фуқаролар уруши фахрийси, капитан Уильям Фаулер «Ўн уч кишилик клуб» тузди, унинг аъзолари ҳар ойнинг 13-кунида йиғилишиб, ҳар стол атрофида ўн уч киши ўтириб тушлик қилишади. Уларнинг биринчи шундай ўтириши 1881 йил 13 январь - жума куни, соат 8:13 да, 13-рақамли хонада бўлган. 1880-йиллар ўрталарига келиб бутун Америка бўйлаб шундай клублар пайдо бўлди.
Муҳим маълумот: АҚШ дастлаб «Американинг ўн учта бирлашган штатлари» деб аталиб, унинг шиори ҳам 13та ҳарфдан иборат эди: «pluribus Unum» («Кўпчиликдан иборат яхлит»). XVIII аср охирларида 13 сони бу янги мамлакатнинг мустақиллиги ва яхлитлиги тимсоли эди. Ҳар йили 4 июлда 13та штат шарафига ўн учта замбаракдан ўқлар отилган ва 13та қадаҳ сўзи айтилган. 1791 йилда мамлакат таркибига 14-штат сифатида Вермонт қўшилгач, бу анъана қолиб кетган. Дастлаб АҚШ гербидаги бургутнинг ҳар бир қанотида ўн учтадан пат бўлган.
Композитор Арнольд Шенберг ўз ноталар қўлёзмаларида «13» ўрнига «12+» деб ёзган бўлса, опера хонандаси Лили Понс 13 сонини шунчалик севганки, бўлғуси куёвининг таклифини айнан 13 маротаба рад этган.
Машҳур шахматчи Гарри Каспаров 13 сонини ўзига бахт келтирувчи ҳисоблаган, ҳамиша 13-партияни ҳужумкор услубда ўйнаган. 1985 йилда жаҳон биринчилиги учун бўлган баҳсда у Анатолий Карповни 13:11 ҳисоби билан енгиб, шахмат бўйича дунёда ўн учинчи чемпион бўлган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида «С-13» сувости кемаси Болтиқ флотидаги энг омадли кема бўлган. Ўта хавфли жанговар операцияларни амалга оширган бу кема, унда хизмат қилганларнинг сўзларига кўра, бир неча бора «нақ нариги дунёдан қайтиб келган».
Москва метрополитени очилган пайти унда 13 та бекат бўлган.
Азиз муштарий, хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола: хўш, 13 сиз учун қандай сон?

Муаллиф: Ҳамидбек ЮСУПОВ

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин